Педро Антонио де Аларкон. Учбурчакли шляпа (қисса)

Романсларда мадҳ этилган ва қуйида қандай юз берган бўлса шундай баён қилинган воқеа ҳақида ҳаққоний қисса

МУАЛЛИФДАН

Мен бу латифани биринчи марта умр бўйи ўзи туғилиб ўсган овлоқ қишлоқдан нарига чиқмаган бир эчкибоқар чўпондан эшитганман. Бу табиатан қув ва масхарабоз, аммо ўқимаган оми қишлоқилардан бири эди. Ҳар доим қишлоқда никоҳ тўйи ёки бола чўқинтириш маросими бўлаётганда ё тўралар келиши нишонланаётганда чўпон албатта қизиқарли ўйинлар, кўнгил-очар томошалар ўйлаб топиши, одамларни кулдириши, романслар куйлаши ва турфа хил эртаклар айтиб бериши керак эди. Алқисса, шундай намойишлардан бирида, — бунга ҳам мана, ўттиз беш йилдан кўпроқ вақт ўтибди, — эчкибоқар “Коррехидор1 ва тегирмончининг хотини” ёки бошқача қилиб айтганда, “Тегирмончи ва коррехидорнинг хотини” ҳақида назмий ҳикоя сўзлаб, бизни анча уялтириб қўйдики (ваҳоланки, бу уялиш нисбий маънода эди), бугун биз бу ҳикояни китобхонга, замон талабига кўра, бирмунча улуғвор ва фалсафий ном билан яъни “Учбурчакли шляпа” номида тавсия қиламиз.
Эсимда, чўпон бу қизиқарли ҳикоясини сўзлаётганида уни эшитиб турган қизлар (ҳаммаларининг бўйи етган эди) уялганларидан лоладек қизариб кетган эдилар. Бу ҳолни кўрган қизларнинг ойижонлари, бу ҳикоянинг беадаб томонлари борга ўхшайди, деган хулосага келиб, бечора чўпонни роса койиб беришганди. Лекин Репела (чўпоннинг исми шундай эди) ҳам бўш келмади ва:
— Бекорга хуноб бўляпсизлар, сеньоралар, — деди. — Ахир мен айтаётган воқеадаги нарсаларни ҳатто роҳиблар-у гўдак болалар ҳам билишади… Мана, ўзингиз ўйлаб кўринг, — деди у гапида давом этиб, — коррехидор билан тегирмончининг хотини ҳақидаги ҳикоя нимага даъват этади? Эр билан хотин бирга ётиши керак, биронта ҳам эр ўз хотинининг бошқа эркак билан ётишини асло ёқтирмайди! Менимча, бунинг ҳеч қанақа беадаб томони…
— Гапида жон бор, — дейишди ойижонлар қизларининг кулгисини эшитиб.
— Репела амакинглар ҳақ гапиряпти, — деб гапга аралашди куёвнинг отаси, — мана сизларга бунинг исботи… Тўйга ташриф буюрган барча кексаю ёш меҳмонларимизга аёнки, бугун оқшомда рақслар тугагач, Хуанете билан Манолилья ўз ётоқларини янгилайдилар, ҳозиргина Габриела холангиз у ердаги ўрин-кўрпаю ёстиқларни, улардаги безакларни қизларимизга кўз-кўз қилди…
— Қолаверса, — деди келинболанинг бобоси, — бу жамики ҳаётий лавҳалар ҳақида болаларимиз Муқаддас Инжилдан ва ҳаттоки муқаддас Аннанинг узоқ йиллар бепушт бўлгани, Юсуф алайҳиссаломнинг покдомонлиги, маъсума Юдифнинг ҳийласи ва ўзга қатор мўъжизалар ҳақида сўзланган ваъзлардан билиб олурлар. Бинобарин, сеньоралар…
— Йўқ, йўқ, Репела амаки! — деб чуғуллашди қизлар. — Яна бир марта айтиб беринг! Жуда қизиқ экан ҳикоянгиз!
— Ҳам қизиқ, ҳам одоб-ахлоқ доирасида! — деб гапини давом эттирди бобо. — Бу ҳикояда ҳеч қандай ножўя, хунук гап йўқ; у кишини ёмон йўлга бошламайди, билъакс, қинғир иш қилган одам муқаррар жазо тортажагини билдиради.
— Ҳа, майли, гапирақол! — дея илтифот кўрсатишди муҳтарама оналар.
Шунда Репела амаки яна ҳикоясини давом эттирди. Энди, бояги одми танқидлардан кейин, ҳеч ким унга заррача ҳам эътироз билдирмади. Бу демак, баёнчининг цензура розилигини олгани эди.

Кейинчалик мен тегирмончи ва коррехидорнинг хотини ҳақида марҳум Репела амакига ўхшаган қишлоқи шўх йигитлар томонидан ҳикоя қилинган турли хил нақлларни эшитдим… Лекин улардаги воқеалар ривожи ва айрим услубий жиҳатлар бизнинг чўпонимиз баён қилган ҳикоядан катта фарқ қиларди, бу тафовут шу қадар катта эдики, агар чўпонимиз ушбу нақллардан биронтасини ўз қишлоғида сўзлаб бергудек бўлса, боодоб сипо қизлар албатта қулоқларини беркитиб олган, уларнинг оналари эса, баёнчини юмма талаган бўлар эдилар. Сабабки ўзга музофотлардаги тўнг баёнчилар Репеланинг мумтоз баёнида ғоятда ажиб, камтарона ва латофатли тасвирланган бу ривоятни шу даража бузиб талқин қилган эдилар!
Мен кўпдан бери бу оғиздан-оғизга кўчиб юрган сайёр ривоятнинг дастлабки (қиёфасини, — ҳеч шак-шубҳа йўқки одоб ва камтаринлик доирасидан чиқмаган ҳақиқий қиёфасини тиклаш ниятида эдим. Зотан, бу янглиғ қиссалар дағал ва иркит қўлларга тушгудек бўлса, асло яхшиланмайди, латифланмайди, аксинча, қабоҳатлар, хашаки иллатлар таъсирида бузилади, ифлосланади.
Ушбу китобнинг вужудга келиши сабаблари шундай…
Энди мақсадга ўтайлик… Азиз ўқувчи, сенинг адолатли ҳукмингга умид боғлаб, ҳозир мен коррехидор билан тегирмончининг хотини ҳақидаги қиссамни бошлайман ва шоядки сен уни ёруғ жаҳон юзини кўришга сазовор китоб деб эътироф этсанг.
1874 й. июл.

I б о б

ВОҚЕА СОДИР БЎЛГАН ЗАМОН ҲАҚИДА

Ҳозирги пайтда тугаб бораётган воқеа-ҳодисаларга бой аср бошланаётган эди. Қайси йил эканлиги аниқ эмас. Фақат шуниси маълумки, бу воқеа 1804 йилдан кейин ва 1808 йилдан олдин бўлган эди.
У пайтда ҳали Испанияга Карл IV Бурбон ҳукмронлик қиларди. Оврупадаги Людовик XIV нинг авлодлари бўлган бошқа ҳукмдорлар дунёнинг эскириб путурдан кетган қитъасида 1789 йилдан бошлаб шиддатли қутура бошлаган бўронда ўз тожларидан (уларнинг энг каттаси эса калласидан1 ) жудо бўлган эди.
Ватанимизнинг ўша даврдаги аҳволида яна бошқа бир ўзига хос хусусият ҳам бор эди. Корсикали номи чиқмаган оддий бир адвокатнинг ўғли, Риволи, Эҳромлар, Маренго яқинидаги жангларда ва бошқа юзлаб жангларда ғалаба қозонган инқилоб солдати2 эндигина Буюк Карлнинг тожини бошига кийган ва бутун Оврупани сўкиб, қайтадан бичган эди: у бутун-бутун давлатларни яратди ва бекор қилди, чегараларни йўқ қилди, янги-янги сулолалар кашф этди, ўзининг жанговар отида, мисоли қуюндек ёки шимолдаги давлатларнинг таъбири билан айтганда, “дажжол”дек бостириб борган ҳамма ерда мамлакатларнинг номларини, халқларнинг турмуш тарзи, турар-жойи, расм-таомили ва ҳаттоки кийим-кечакларини ҳам ўзгартирди.
Бироқ бизнинг оталаримиз, худо раҳматига олган бўлсин уларни, ундан нафратланмадилар ҳам, қўрқмадилар ҳам, — улар унинг кўз кўриб қулоқ эшитмаган қилмишлари ҳақида, гўё гап рицарлик романи қаҳрамони ҳақида ёки ўзга бир сайёрадаги воқеалар ҳақида бораётгандек, зўр мамнуният билан мақтов сўзлар айтардилар, зеро, унинг бир кунмас бир кун ўз юртларига ҳам бостириб кириб, худди Францияда, Италияда, Германияда ва бошқа мамлакатларда қилган ваҳшийлигини такрорлашини тушларида ҳам кўрмаган эдилар. Пиреней яриморолининг энг йирик қишлоқларига Мадриддан ҳафтада бир (нари борса, икки) марта почта биронта “Газета”нинг қандайдир сонини келтирарди; нуфузли шахслар уни ўқиб, ўзлари истиқомат қилиб турган ярим-оролдан ташқарида қандай давлат пайдо бўлгани ё йўқ қилингани, олти ёки саккизта қирол ва императорларнинг лашкарлари қатнашган яна қандай жанг мағлубиятга учрагани, Наполеоннинг айни дамда қаерда: Миландами, Брюсселдами ё Варшавадами эканлигини билишар эди. Оталаримиз бошқа ҳеч нима ҳақида бош қотирмай, бамайлихотир, қадимги таомилларга амал қилган ҳолда, оч қорним-тинч қулоғим, қабилида эскичасига кун кечирар эдилар: ҳануз ўша-ўша инквизация, ўша-ўша монахлар, ўша-ўша ғайриқонуний тенгсизлик, ўша-ўша имтиёзлар, махсус ҳуқуқлар, ўша-ўша фуқаровий ё сиёсий эркинликнинг йўқлиги; ҳали ҳам уларга ҳазрат епископлар-у қудратли коррехидорлар (булар ҳукмронлигининг чеки-чегараси йўқ эди, зеро улар самовий амалларга ҳам, заминий ишларга ҳам тумшуқ тиқаверардилар) бир пайтда хўжайинлик қилардилар; ўша-ўша тури элликдан ортиқ ҳар хил солиқлар, ўлпонлар, божлар…
Биз ўша даврда дунёда қандай воқеалар содир бўлаётгани ҳақида айтиб ўтдик; бундан кўзланган ягона мақсад, бизни қизиқтирган йилда (буни 1805 йил деб тахмин қила қолайлик) Испаниядаги хусусий ва жамоа ҳаётининг барча соҳаларида ҳамон эски тузум ҳукм сураётганини ўқувчига эслатиб қўйишдан иборат эди: Пиреней тоғлари гўё хитой деворига айлангану Испанияни дунёдаги барча янгилик ва ўзгаришлардан ихота қилиб турган эди.

II б о б

У ЗАМОНДА ОДАМЛАР ҚАНДАЙ ЯШАГАН ЭДИ

Чунончи, Андалузияда (дарвоқе, сиз эшитадиган воқеа Андалузиядаги шаҳарлардан бирида юз берган) обрў-эътиборли одамлар тонг отар-отмас туриб (ҳатто бегим кунлари ҳам), жомега тонгги ибодатга боришар, соат тўққизда қуймоқ, қовурилган бурда нон ва бир финжон шоколад билан нонушта қилишарди; тушликлари соат бир билан икки ўртасида бўларди; агар илвасин гўшти бўлса, тушликка қуюқ ва суюқ таом тортиларди; агар илвасин гўшти бўлмаса, фақат суюқ овқат билан чекланардилар; тушликдан сўнг дам олардилар, кейин сайр қилгани чиқардилар; қош қорая бошлаган пайтда ўз қавмлари черковига кечки ибодатга борардилар; ибодатдан қайтгач, иккинчи шоколадни (энди печенье билан) ичардилар; иззатталаб, мулозаматли кишилар коррехидорникида, черков кенгаши оқсоқолиникида ёки шу шаҳарда истиқомат қилувчи биронта мансабдор шахсникида бўладиган ўтиришларга борардилар; тунги ибодатга жом чалинганда уйларига қайтардилар; кўча қоровулларининг “чироқлар ўчирилсин!” деган ҳайқириғи эшитилмасдан кўча эшикларини танбалаб олардилар-да, кечлик қилгани ўтирардилар, кечликда салат билан қовурма ердилар, кейин хобхонага кириб, хотинлари билан (агар бўлса) олдиндан грелка билан иситиб қўйилган тўшакка ётардилар…
Мамлакатимиз дунёда бўлаётган маразликлар, ёвузликлар, иллатлар, ифлосликларни пайқамай, тинч ва осуда яшаган даврлар қандай саодатли эди! Инсонлар бир-бирларидан тоифалари, эҳтирос-у урф-одатлари билан фарқ қилган замонлар қандай саодатли эди!.. У замонлар, айниқса, шоирлар учун пурсаодат эди, зеро, улар ҳар қадамда ўзларининг ашъорлари, интермедия-ю, комедия-ю драмалари ёки эпопеялари учун олам-олам мавзуларга дуч келардилар! Ҳа, юз карра саодатли эди у замонлар!..
Лекин биз ўтлаб кетдик, шекилли. Етар шунча чекинишлар, келинг, энди “Учбурчакли шляпа” воқеасига ўтайлик.

III б о б

DO UT DES

Алқисса, ўша замонларда *** шаҳарчасидан сал нарироқда бир тегирмон бўларди — ҳозир у йўқ; у қишлоқдан чорак миля нарида олча ва гилос дарахтлари ўсган хушманзара тепалик билан шўх ва асов дарёнинг қирғоғидаги серунум полиз майдони орасида жойлашган эди.
Бу тегирмон анчадан бери бир қатор турли-туман сабабларга кўра, номи зикр этилган шаҳарчада истиқомат қилувчи энг обрў-эътиборли кишилар учун севимли сайргоҳ ва ҳордиқ маскани бўлиб қолган эди… Бунга биринчи сабаб — у катта йўл ёқасига жойлашган эди. Иккинчи сабаб — тегирмон олдига саҳнига силлиқ тошлар тўшалган, тепаси ток сўриси билан ёпилган кенггина шийпонча бўлиб, токнинг сербарг новдалари ёзнинг иссиқ кунларида дам олувчиларга ҳузурбахш соя солар, қишда эса, ток барглари тўкилиб, қуёшнинг ёқимли илиқ тафтидан баҳраманд қилар эди. Учинчи сабаб — тегирмончининг ўзи ниҳоятда хуштакаллуф, жуда фаросатли, заковатли, хуллас, одамларни ўзига ийдирадиган киши эди, зеро, у кечки пайтлари тегирмонига тез-тез ташриф буюриб турувчи иззат-эътиборли зотларнинг кўнглини овлашни биларди, уларни мавсумга қараб гоҳ ловия, гоҳ гилос ва олча, гоҳ қовун билан, гоҳ жўхори кабоби билан, гоҳида меҳмонлар соясида ўтирган токнинг узуми билан меҳмон қиларди, гоҳо эса, кунлар совиган пайтларда (энди шийпончадамас, уйда иссиқ ўчоқбошида) мусаллас қуйиб бериб, меҳмонлар дилини хушнуд қиларди; пасха байрами кунлари дастурхонга у яна қатлама, ширинликлар, ўрама нонлар ҳам қўярди.
— Нима, тегирмончи шунақа боймиди ёки унинг меҳмонлари шунақа беандиша одамлармиди? — деб сўрарсиз балки.
Йўқ, униси ҳаммас, буниси ҳаммас. Тегирмончининг даромади фақат ўзига етарли эди, холос; унинг меҳмонлари эса, ниҳоятда камсуқум, нозиктаъб кишилар эди. Лекин элликдан ортиқ турли хил черков ва давлат солиқларини тўлашга тўғри келган ўша даврда бизнинг тегирмончига ўхшаган идрокли деҳқон, агар рехидорлар, руҳонийлар, монахлар, муншийлар ва ўзга аслзодаларнинг рағбатидан фойдаланолган бўлса, ҳеч қийналмасди. Мана шунинг учун ҳам одамлар, Лукас амаки (тегирмончининг исми шундай эди) уйига келган мансабдорларнинг кўнглини овлаб, ҳар йили анча-мунча маблағ орттириб оляпти, деб гап қилишарди.
“Тақсирим, бузиб ташлаган уйингизнинг эски эшигини менга беролмайсизми?” — дерди у меҳмонларнинг бирига. “Жаноби олийлари, — деб юзланарди у иккинчи меҳмонга, — айтиб қўйсангиз, мендан жон солиғини сал камайтириб олишса”. “Ҳазратим, монастир боғидаги тутнинг новдаларини ипак қуртларим учун кесиб олсам майлими?” “Ҳазрати бузрук, ўрмонингиздан озгина ўтин кесиб олишимга рухсат беролмайсизми?”. “Ҳазрати муқаддаслари, икки энликкина хат ёзиб беролмайсизми? Иморатимга озгина ёғоч етишмай турувди”, “Менга бепул битта ариза ёзиб берсангиз, мунший жаноблари”, “Бу йил мен ижара ҳақини тўлолмайдиганга ўхшайман”, “Шоядки, суд ишни менинг фойдамга ҳал қилса”, “Бугун мен, судья жаноблари, бир одамнинг юзига тарсаки тортиб юбордим, лекин қамоққа мен эмас, у тушса керак, албатта, негаки, ўзи менинг аччиғимни чиқарди-да”, “Жанобимнинг мана бу нарсалари ўзларига ортиқча эмасми?”, “Сиздан бир нарсани сўрасам бўладими?”, “Хачирингизни менга бир кунга бериб туролмайсизми?”, “Эртага эрталаб аравангиз бўш бўладими?”, “Эшагингизни олиб турсак майлими?”
Бу кети узилмайдиган илтимосларнинг барига меҳмонлар доим мурувватли ва беғараз: “Бемалол, бажонидил” деб жавоб қилардилар.
Лукас амакининг нима учун ҳеч қачон сафолатга учрамаслиги сабабини энди тушунган бўлсангиз керак.

IV б о б

ХОТИН

Шаҳарлик зодагонларнинг кечқурунлари Лукас амакининг тегирмонига келиб туришларига яна битта ва, айтиш мумкинки, энг муҳим сабаб бор эди. Гап шундаки, сеньор епископдан ва сеньор коррехидордан тортиб ҳамма дин пешволарию оқсуяк аъёнлар бу тегирмонда холиқ эгам яратган дунёда энг латофатли, энг назокатли ва энг мафтункор бир хилқатни кўнгилларига сиққанча томоша қилиб баҳра олишлари мумкин эди.
Бу хилқатнинг исми… сенья Фраскита эди.
Китобхонларга, биринчи навбатда, шуни айтиб қўйишим лозимки, Лукас амакининг қонуний хотини бўлмиш сенья Фраскита иззат-эҳтиромга лойиқ аёл эди, шу фазилати учун ҳам уни тегирмонга ташриф буюриб турувчи нуфузли меҳмонлар ҳурмат қилишарди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ташриф буюрганларнинг биронтаси ҳам сенья Фраскитага ошуфта нигоҳ билан ёки қандайдир нопок ният билан қарашга журъат этолмасдилар. Роҳиблар ҳам, кабальеро (жаноб)лар ҳам, дин пешволарию мансабдор шахслар ҳам ундан завқланишар ва кези келганда, бу хонимга илтифот кўрсатишар (эрининг кўз олдида, албатта), лекин булар парвардигор яратган ёки энг маъюс табиат одамни ҳам хушнуд этиб, дилини васвасага солувчи иблис кашф этган мўъжизаваш гўзалликка бўлган илтифотлар эди, холос. “Қандай латифа хилқат-а!” — дерди одатда саховатли олий ҳазрат. “Эллин даврига хос чинакам ҳайкал”, — дерди Тарих академиясининг муҳтарама аъзоси, илмий адвокат. “Ҳа, бу Мома Ҳавонинг асл тасвири!” — дея луқма ташларди монастир бошлиғи. “Қулинг ўргилсин дўндиқча!” — деб мақтарди муҳориб полковник. “Илон, мафтункор пари, иблис”, — деб илова қиларди коррехидор. “Лекин, — дейишарди ҳаммалари, тўйиб узум ва ёнғоқ тановул қилишгач, ўзларининг меъдаларига теккан уй шароитларига қайтарканлар, — бу аёл ниҳоятда софдил, фаришта, гўдакдек маъсума”.
Ҳолбуки, ўша маъсума гўдакнинг, яъни сенья Фраскитанинг ёши ўттизга яқинлашиб қолган эди. У сарвқомат, миқти жуссали эди; айтиш мумкинки, унинг тиқмачоқдек гавдаси виқорли андомига сал доғ тушириб турарди. Бу Ҳеркулесваш аёл кўпроқ Ниобеяни (лекин бефарзанд Ниобеяни), қадимги Рим матроналарини эслатарди. Лекин забардаст қоматининг ҳаракатчанлиги, эпчиллиги, тийраклиги, нафис ва латифлиги ҳаммадан ҳам кўпроқ кишини ҳайратга соларди. Унинг, ҳурматли академик айтганидек, антик давр ҳайкалига ўхшаши учун маҳобатли савлат етишмасди. У мисоли қамиш поясидек эгилар, шамол тегирмони паррагидек гир-гир айланар, рақс тушганида оёқлари ерга тегмасди. Лекин чеҳраси ўта ҳаракатчан бўлганлиги боис, у ҳайкалга камроқ ўхшарди. Унинг юзидаги бешта (иккитаси бир яноғида, биттаси яна бир яноғида, биттаси жилва қилиб турган лабининг чап бурчагида ва, ниҳоят, охирги энг каттаси бежирим иягининг қоқ ўртасида бўлган) жозибали кулгичи бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб, кишини оҳанрабодек ўзига ром қиларди. Бу фазилатларга яна маккора табассум, қувлик билан кўз қисишларни ва нутқини жонлантирувчи турфа хил бош ирғашларни илова қилсангиз, бу хилқатнинг тароват ва назокат билан йўғрилган соғлом ва хушчақчақ чеҳраси ҳақида ҳаққоний тасаввурга эга бўласиз.
Сенья Фраскита ҳам, Лукас амаки ҳам андалузиялик эмас эдилар: сенья Фраскита наварралик, эри мурсиялик эди. Лукас *** шаҳрига келиб, ўн беш ёшида ҳозирги епископнинг салафи бўлмиш епископга яқин паж, ярим хизматкор сифатида ёлланади. Лукаснинг соҳиби уни диний лавозимга тайёрлай бошлайди ва, эҳтимол, шу сабабли бўлса керак, мансаб олиши учун ҳамда даромадсиз қолдирмаслик учун унга тегирмон васият қилади. Лекин ҳазрати бузург қазо қилган чоғда, ҳали фақат роҳиб шогирди бўлган Лукас амаки ўша кун, ўша соатдаёқ эгнидаги роҳиблик жомасини қозиққа иладию солдатликка ёлланади, сабабки, уни черков хизматидан ё хирмонда буғдой янчишдан кўра дунё кезиш, саргузаштли ҳаёт оғушига ғарқ бўлиш кўпроқ қизиқтирарди. 1793 йилда Ғарбий Пиренейдаги жангда шавкатли генерал дон Вентура Каронинг махсус мулозими сифатида жанг қилади. Кейин узоқ вақт шимолий вилоятларда хизмат қилади ва, ниҳоят, истеъфога чиқади.
Эстельяда у сенья Фраскита билан танишади. У пайтда уни оддийгина — Фраскита деб атардилар. Лукас уни севиб қолади, унга уйланади ва Андалузиядаги ўз тегирмонига, яъни уларнинг тинч ва саодатли ҳаётлари ўтган ана шу ҳам кулги, ҳам йиғи маскани бўлган байтулаҳзонга олиб келади.
Ўз туғилиб ўсган Наваррасини ташлаб, бу овлоқ гўшага келган сенья Фраскита андалузияликларнинг биронта ҳам расм-таомилига кўникишни хоҳламайди, шу боис у ҳар жабҳада маҳаллий аёллардан мутлақо фарқ қилар эди. Унинг кийим-кечаклари ерли аёлларникига нисбатан одмироқ, кенгроқ ва бежиримроқ эди; у тез-тез ювиниб турар ва яланғоч қўллари ҳамда очиқ бўйнини қуёшнинг ҳароратли бўсасига, сарин шаббоданинг сийпалаб эркалашига қўйиб берарди. У деярли шаҳарли аёлларга ўхшаб, деярли Гойянинг1 суратларидаги аёллар сингари, деярли қиролича Мария-Луиза сингари кийинарди, лекин юбкаси уларникига ўхшаш ярим қадамлимас бир қадамли ва шу билан бирга, чиройли оёқчалари очиқ кўриниб турадиган даражада калта бўларди; кўйлагининг ёқаси доирали ва очиқ бўларди — Мадрид модасига кўра, зеро, у Наваррадан Андалузияга кўчиб келаётганида эри Лукас билан бирга Мадридда икки ой яшаб турган эди; сочи бошига баланд қилиб турмакланганидан очиқ бўйни ва боши янада жозибалироқ бўлиб кўринарди; жажжигина қулоқчаларига бежирим шокилали сирғалар ҳусн бағишларди, меҳнат билан дағаллашган, аммо покиза қўлларининг нозик бармоқларида узуклар ярқирарди. Қолаверса, Фраскитанинг овози сержило, хушоҳанг чолғунинг барча пардаларида янграр, унинг қувноқ, янгроқ кулгиси эса, пасха байрами кечаси ибодатга чорловчи қўнғироқ садоси янглиғ жарангларди.
Энди Лукас амакининг тасвирини чизиб кўрамиз.

V б о б

Э Р

Лукас амаки камдан-кам учрайдиган хунук одам эди. У ҳамиша шунақа бўлган, ҳозир, ёши қирққа яқинлашиб қолганда-ку, инчунун. Шунга қарамай, Лукас амакидай хуштакаллуф, истараси иссиқ одамлар дунёда жуда кам топилади. Лукаснинг питраклиги, идроки ва зукколигига қойил қолган марҳум епископ, ўғлингизни менга тарбияга беринг, деб йигитнинг ота-онасидан (улар қўй боқиб, чўпонлик қилардилар) сўраб олган эди. Ҳазрати бузрук жон таслим қилиб улгурмай, йигит диний семинарияни казармага алмаштирди. Генерал Каро Лукасни алоҳида тақдирлаб, уни ўз пинжига олди ва жанговар юришларда ўзининг ишончли хизматкори этиб тайинлади. Лукас амаки ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, илгари генералнинг ва епископнинг мурувватига қандай осонлик билан сазовор бўлган бўлса, Фраскитанинг қалбини ҳам шундай осон забт этди. Ўша пайтда ҳаётининг эндигина йигирманчи баҳорини қарши олган ва Эстельядаги барча йигитларни (уларнинг айримлари жуда бадавлат эдилар) ҳижрон ўтида ёндирган наварралик қиз бу ошиқи шайдо маймуннинг чақмоқ мисол зарофати, ажабтовур ҳазил-мутойибалари, шўх кўз қисишлари олдида, унинг ҳам қувлик, ҳам назокат билан йўғрилган истеҳзоли табассуми олдида, на фақат ўз маҳбубасини, шунингдек, унинг ота-онасини ҳам ўзига ром қила олган бу довюрак, гапга чечан, фаросатли, мард ва мафтункор мурсиялик йигит олдида ўзини тутиб туролмади.
Лукас Фраскитага ошиқ бўлган пайтларида ҳам, кейин биз ҳикоя қилаётган йилларда ҳам паст бўйли (ҳарҳолда, ўз маҳбубаси ёнида шундай бўлиб кўринарди), сал букурроқ, кўса, бурундор, шалпангқулоқ, афти қоп-қора ва чўтир эди. Лекин оғзи чиройли, тишлари беқусур эди. Бу одамнинг фақат ташқи қиёфаси дағал ва бесўнақай эди, дейиш мумкин, аммо унинг ички дунёсига хиёлгина назар ташлагудек бўлсангиз, баркамол фазилатлар соҳиби эканлигини кўрардингиз; унинг бу баркамоллиги тишларидан бошланарди. Кейин унинг жарангдор, маънодор ва ёқимли овози гоҳида кескин ва ҳокимона оҳангда, гоҳида эса, айниқса, бирон нима илтимос қилаётганида, оғзидан бол томиб ширинсуханлик билан янграрди. Нутқ сўзлаганида доим оқилона гапларни топиб, ишонарли қилиб гапирарди… Қолаверса, Лукас амаки жонбоз, диёнатли, садоқатли, ақли расо, ҳар нарсани билишга интилувчи одам бўлиб, кўп нарсани олдиндан ҳис қила олар, кўп нарсани ўз ҳаётий тажрибасидан билар эди. У нодон ва жоҳил одамларни, қай табақа вакили бўлишига қарамай, жинидан ортиқ ёмон кўрар, боз устига мутойиба, киноя қилишга ҳам устаси фаранг эди.
Лукас амакининг ички дунёси ва ташқи қиёфаси шунақа эди.

VI б о б

ЭР-ХОТИННИНГ ИСТЕЪДОДЛАРИ

Алқисса, сенья Фраскита Лукас амакини жонидан ортиқ севар ва эрининг унга бўлган иззат-эҳтиромидан ўзини дунёдаги энг бахтиёр аёл деб ҳисобларди.
Билишимизча, уларнинг ҳеч қачон фарзанди бўлмаган, шу боис улар бутун умрларини бир-бирларига меҳригиё билан ғамхўрлик қилишга бағишлаганлар, лекин уларнинг бир-бирларига меҳрибонлиги, назокати ҳеч қачон ғашга тегмасди, зеро бу назокатлар, бошқа бефарзанд эр-хотинларда бўлганидек, кўнгилга урадиган чучмал эмас эди. Билъакс, бу эр-хотиннинг муносабати соддадиллик, хушчақчақлик, шўхлик ва бир-бирларига ишонч замирида қурилган эди.
Назаримда, Лукас амакидек ювиб-таралган, ясантириб кийинтирилган, меҳр билан едириб-ичирилган, уйи саранжом-саришта тегирмончи дунёда топилмаса керак. Шу билан бирга, сенья Фраскитадек иззат-икром, меҳр-муҳаббат билан ардоқланган биронта ҳам тегирмончининг хотини, ҳаттоки биронта ҳам малика дунёда бўлмаса керак! Қолаверса, шунча хушбаҳра, ғаройиб, фойдали ва мутлақо бефойда бўлган нарсаларнинг биз ҳикоя қилаётган аксар воқеалар содир бўлаётган тегирмондан бошқа ҳеч бир ерда юз бериши ҳам мумкин эмас эди!
Бундай бўлишига асосий сабаб, соҳибжамол, серғайрат, билагида кучи бор, соғлом наварралик аёл сенья Фраскитанинг пазандаликда ҳам, бичиш-тикиш, дазмол босишда ҳам, супуриб-сидиришда ҳам, хамир қориш, пайпоқ тўқиш, мис идишларни қум билан ишқалаб офтобдек ярақлатишда ҳам, қўшиқ айтиш, рақсга тушиш, қарта ўйнаш ва ҳоказо рўзғор ишларида ҳам устаси фаранглиги эди.
Бунинг устига, Лукас амакининг ҳам ишчанликда, абжирликда хотинидан қолишмаслиги, уларнинг аҳил ва хуррам яшашларига сабаб бўлди: Лукас амаки далада ишлашни, ғалла ўриб, янчишни, ов қилишни, балиқ тутишни, дурадгорлик ҳунарини яхши кўрар ва уларни қиёмига келтириб бажарарди; у, кези келганда, темирчиликни ҳам, тоштарошликни ҳам эплаб кетаверарди, рўзғор ишида ҳамиша хотинига кўмаклашар, ўқиш-ёзиш, ҳисоблаш — ҳоказо ва ҳоказо ишларнинг кифтини келтирарди. Қолаверса, тақдир унга яна ўзга ғайриоддий истеъдодлар ҳам ато этган эди…
Масалан, Лукас амаки гулга астойдил меҳр қўйган эди (бу борада у хотинидан қолишмасди) ва шу қадар моҳир, заҳматкаш боғбон эдики, ҳар турли чатиштириш усулларини қўллаб, гулларнинг янги-янги навларини кашф этарди. У тегирмон учун сувни уч ҳисса кўпайтириб берадиган тўғон ва нов қуриб, ўзининг туғма қурувчи-муҳандис эканлигини исботлади. У кучугини рақс тушишга, тўти қушини ўзи ясаган қуёш соатига қараб, ҳар соатда қичқириб туришга ўргатди…
Булардан ташқари, тегирмон қошида ёсуман буталари билан ихота қилинган ҳар турли сабзавотлар экилган полиз ва чиройли боғ, ёзнинг жазирама кунларида Лукас амаки билан сенья Фраскита чўмиладиган ҳовуз, тропик ўсимликлар учун мўлжалланган иссиқхона, қудуқ, бир жуфт эшак (эр-хотин шу эшакларни миниб шаҳарга ё атроф қишлоқларга қатнардилар) товуқхона, каптархона, тирик балиқлар учун ҳовузча, ипак қурти учун экилган тут кўчатлари, асалари уялари, мусаллас сақланадиган ертўла, мўъжазгина нонвойхона, тўқув дастгоҳи, темирчилик ва дурадгорчилик устахоналари ва бошқалар бўлиб, буларнинг ҳаммаси саккиз хоналик уй ва тахминан бир гектар келадиган майдонга жойлашган эди.

VII б о б

БАХТНИНГ НЕГИЗИ

Дарҳақиқат, тегирмончи ва унинг хотини бир-бирларини телбаваш севардилар, ҳатто сенья Фраскита эрини эри уни севгандан ҳам ортиқроқ севарди, десак янглишмаймиз, ваҳоланки, сенья Фраскита қанчалик соҳибжамол бўлса, Лукас амаки шунчалик бадбашара эди. Бу гапни айтишимдан мақсад, сенья Фраскита Лукас амакини рашк қиларди, агар эри тегирмон учун дон келтиргани шаҳарга ё қўшни қишлоқларга кетиб, бир оз ҳаяллаб қолгудек бўлса, азза-базза унинг қаёқларда юрганини суриштира бошларди. Лекин Лукас амаки бошқача эди. У хотинини тегирмонга ташриф буюрган сеньорлар томонидан эъзоз-эҳтиром қилинишини кўриб ҳузур қиларди: тегирмончи хотинининг бошқаларга ҳам худди ўзига ёққандай ёқишидан фахрланар ва қувонарди. Ҳолбуки, у баъзи меҳмонларнинг унга ич-ичларидан ҳасад қилишларини, Фраскитага дунёвий ҳирс билан боқишларини ва унинг ўз эрига салгина бевафолик қилиши учун бутун бойликларини бахшида қилишга ҳам тайёр эканликларини жуда яхши тушунарди. Шундай бўлса ҳам, Лукас амаки иш билан банд бўлиб, хотинини кун бўйи ёлғиз қолдирган пайтларида ҳам ундан асло хавотир олмас, ҳеч қачон, мен йўғимда нима қилдинг, кимлар келди… — деб суриштирмас эди.

Тўғри, Лукас амакининг севгиси сенья Фраскитанинг муҳаббатичалик кучли эмас эди, деган гап эмас бу, албатта. Содда қилиб айтганда, тегирмончи хотинининг эзгу фазилатларига, сенья Фраскита унинг садоқатига ишонгандан кўра кўпроқ ишонарди. Лукас амаки жуда сезгир одам эди, хотинининг ўзга эркаклар олдида ўзини қандай тутишини ва ўз эрини қандай беназир меҳр билан севишини биларди. Энг муҳими шу эдики, Лукас амаки худди Шекспир қаҳрамонлари сингари барқарор ҳиссиётли, гумонсираш нималигини билмайдиган, ишонувчи ё жондан кечувчи, севувчи ё ўлдирувчи, энг олий саодатдан аста-секинлик билан залолат ботқоғига ғарқ бўлишни билмайдиган мард одам эди.
Қисқаси, бу оёғига арқондан тўқилган кафш, бошига мовут қалпоқ кийган Отелло эди, — охири фожиа билан тугаши мумкин бўлган пьесанинг биринчи пардасида у айнан шундай қиёфада намоён бўлади…
Лекин китобхон, қувноқ яйраб турган куйга бундай қайғули оҳангни олиб киришнинг, беғубор чароғон осмонда ваҳимали чақмоқ шуъласини ёқишнинг, ушбу бинойидек манзарага ҳаяжонли чизғилар беришнинг нима ҳожати бор, деб сўраши мумкин.
Бунинг сабабини ҳозир билиб оласиз.

VIII б о б

УЧБУРЧАКЛИ ШЛЯПА КИЙГАН ОДАМ

Октябр ойи эди. Кундузги соат иккилар пайти.
Жоме қўнғироғи одамларни ибодатга чорларди. Бу, демак, шаҳардаги барча казо-казолар тушлик қилиб бўлишган.
Бундай пайтда аҳли дин меҳроб қаршисига йўл олар, аҳли фуқаро, хусусан, эрталабдан хизматда бўлган (масалан, ҳокимият ходимлари)лар тушликдан сўнг бир оз мизғиб олиш учун ўз хобхоналари сари равона бўлишарди.
Мана шунинг учун ҳам жазирама иссиқ паллада олий насаб сеньор коррехидорнинг бир ўзи фақат альгвасил кузатувида сайр қилгани бемаврид йўлга чиққани ажабланарли ҳол эди. Бу одамнинг коррехидор эканлигига шубҳа йўқ эди, зеро бошига қозондай келадиган каттакон учбурчакли шляпа, эгнига тўқ-қизил рангли бежирим плаш кийганлиги боис уни на кундузи ёруғда, на кечаси қоронғида ҳеч бир кимсага ўхшатиб бўлмасди. Қолаверса, унинг ташқи қиёфасидаги яққол кўзга ташланувчи фақат ўзигагина хос хусусиятлар ҳам уни бошқалардан доим фарқ қилиб турарди…
Сеньор коррехидорнинг ғайриоддий ташқи қиёфаси масаласига тўхталадиган бўлсак, одамларнинг айтишича, унинг қомати сал букчайган экан… ҳарҳолда, Лукас амакиникига нисбатан кўпроқ букчайган, дейишади… уни деярли букри дейиш мумкин экан. Боз устига, паст бўйли, рамақижон, ранги заҳил, оёқлари тақа мисол қийшиқ, юрганида икки томонга чайқалиб юраркан (бу ўринда “у икки оёғига оқсайди” деган тутуруқсиз иборани қўллаш мумкин). Лекин нақл қилишларича, унинг йирик-йирик қора кўзларидан ғазаб ва нафрат, риёсатпарастлик ва шаҳватпарастлик учқунлари чақнаб турар, юз тузилиши бинойидек бўлса ҳам, лекин ҳам олдинги, ҳам жағ тишлари тўкилиб кетганлигидан афти буришган экан. Аммо юзининг нозик бичимлилиги унинг юксак эзгу фазилат соҳиби эканлигидан эмас, балки, аксинча, муғамбирлик ва ёвуз ният макони эканлигидан далолат бераркан, коррехидордаги оқсуяклик билан шаҳватпарастлик омухта бўлган виқор унинг узоқ ёшлик йилларида, оёқлари қийшиқ, қадди букур бўлишига қарамай, аёллар кўнглини кўп овлаганлигидан далолат бериб турарди.
Дон Эухенио де Суньига-и-Понсе де Леон (жаноб коррехидорнинг исми шундай эди) Мадридда зодагон оиласида туғилган эди. Ёши эллик бешларга бориб қолган бўлиб, бундан тўрт йилини биз тилга олган шаҳарда коррехидорлик лавозимида ўтказганди. У мазкур шаҳарга келган йилиёқ шу ерли машҳура бир сеньорага уйланиб олган эди — бу сеньора ҳақида биз мавриди келганда гапирамиз.
Дон Эухенионинг ҳалпиллаган тўқ-қизил плаши унинг оқ рангли пайпоғи билан тилла тўқали қора бошмоғидан бошқа ҳаммаёғини беркитиб турарди. Бироқ очиқ далада ҳавонинг тафти зўрайди-ю, у эгнидаги плашини ечишга мажбур бўлди. Энди биз унинг эгнига батисдан тикилган серҳашам бурма ҳошия ёқали кўйлак, яшил новда гулли ғуррак рангли камзул, қора шойидан тикилган калта иштон кийганини кўрамиз; у қўлига попукли дурбош асо ушлаб, белидаги камарига банди ўйма нақшли кумушдан бўлган калта найза қилич, похол рангли юмшоқ юпқа теридан тикилган бир жуфт қўлқоп қистирган эди — одатда, бу қўлқоп ҳеч маҳал кийилмас, фақат юксак мартаба рамзи сифатида хизмат қиларди.
Коррехидордан йигирма қадамча орқада уни кузатиб келаётган альгвасилнинг исми Гардунья1 бўлиб, исми жисмига монанд эди. Бу озғин, питрак, кўзлари бежо, жирканч башарали, бўйни узун, қўллари қамчин мисол одам айни пайтда ҳам жиноятчиларни искаб қидирувчи искович итга, ҳам шу жиноятчиларни боғловчи арқонга, ҳам улар осиладиган дорга ўхшаб кетарди.
Гардуньяга назари тушган энг аввалги коррехидор, бир қарашдаёқ: “сендан ҳақиқий альгвасил чиқади”, деб башорат қилган экан. Мана, шундан бери у ҳозир тўртинчи коррехидорнинг қўлида альгвасил бўлиб хизмат қиляпти.
Гардунья қирқ саккиз ёшда эди; у ҳам бошига учбурчакли шляпа (лекин хўжайининикига нисбатан анча чоғроқ), эгнига қора плаш, оёғига қора пайпоқ кийган — умуман, бошдан-оёқ қора либосда эди, қўлидаги мансаб таёқчасининг попуги йўқ эди, қилич-найза ўрнига у сихга ўхшаш бир нима тақиб олган эди.
Боғлардаги тасқарани эслатувчи бу бошдан-оёқ қора кийинган одам тўти мисол ола чипор кийинган хўжайинининг соясига ўхшаб кетарди.

IX б о б

ХИХ, ЖОНИВОР!

Коррехидор билан унинг малайи ўтган ерларда деҳқонлар дарҳол ишларини ташлаб, икки букилиб таъзим қилардилар, — лекин ҳурмат юзасидан эмас, қўрққанларидан шундай қилардилар, кейин, улар ўтиб кетишгач, ўзаро пичирлашардилар:
— Бугун сеньор коррехидор сенья Фраскита ҳузурига барвақтроқ йўл олибдими-а?
— Ҳа, барвақтроқ… яна ёлғиз ўзи! — деб қўшилишарди коррехидорнинг бундай зиёратга жамоа бўлиб чиқишини кўришга одатланган бошқа деҳқонлар.
— Менга қара, Мануэль: нега сеньор коррехидор бугун наварралик жувоннинг олдига ёлғиз ўзи кетяптийкин-а? — деди эрининг орқасига эшакка мингашиб олган деҳқон аёл эрига юзланиб.
Шундай деб туриб, у эрининг биқинига маънодор бармоқ ниқтаб қўйди.
— Бемаза гапни қўй, Хосефа! — деди оқкўнгил деҳқон. — Сенья Фраскита сен ўйлаган аёллардан эмас, у ҳеч маҳал…
— Менам ҳеч нарса деётганим йўқ… Лекин коррехидор наварралик хонимга ошиқу шайдо бўлиб қолганга ўхшайди… Айтишларича, тегирмонга зиёратга борувчи аслзодалар ичида фақат шу мадридлик хотинбознинг нияти бузуқмиш…
— Унинг хотинбоз эканлигини сен қаёқдан билдинг? — деб суриштирди эри.
— Ўзим-ку, билмайман… Илло кўнглинг тўқ бўлсин! Агар у менга бирон қочириқ гап айтгудек бўлса, коррехидор-поррехидорлигига қараб ўтирмай, боплаб танобини тортиб қўйган бўлардим.
Бу гапни айтган аёл худди маймундек тасқара эди.
— Қўй бу гапларни, жонгинам! — деди Мануэль. — Лукас амаки унақа одамлардан эмас, у ҳеч қачон йўл қўймайди… Сен унинг жаҳли чиққан пайтида кўрмабсан!
— Мабодо Лукас амакининг ўзи монеълик қилмаса-чи? — деб сўради Хосефа хола, муғамбирона кўз қисиб.
— Лукас амаки диёнатли одам, — деди эр, — диёнат кишиси ҳеч қачон бундай бемаънилик қилмайди.
— Ҳа, бўлса бордир… Ҳоваласи худога! Агар сенья Фраскитанинг ўрнида мен бўлганимда…
— Хих, жонивор! — деди эр эшагига, гапни бошқа мавзуга буриш мақсадида.
Эшак йўрға чиқариб пилдираб кетди-ю, биз эр-хотиннинг яна нима ҳақда гапиришганини эшитолмай қолдик.

Х б о б

ТОК СЎРИСИ УСТИДА

Деҳқонлар сеньор коррехидорга таъзим қилишиб, ўзаро пичирлашаётган пайтда сенья Фраскита бир қўлига челак, бир қўлига супурги олволиб, шийпончанинг саҳнини супурар ва бу ердаги беш-олтита стулни токнинг сояси тушиб турган ерга териб қўяр, Лукас амаки эса, сўрининг тепасига чиқиб олиб, ғарқ пишган узум бошларини узиб, саватга солар эди.
— Ҳа, ҳа, Фраскита! — дерди Лукас амаки тепадан туриб. — Сеньор Коррехидор сенга хуштор бўлиб қолган, унинг нияти бузуқ кўринади…
— Мен буни сенга қачондан бери айтаман, — деди шимолда ўсган хоним. — Қўй, парво қилма! Ҳой, Лукас, эҳтиёт бўл, тағин йиқилиб тушма!
— Қўрқма. Мен маҳкам жойлашиб олганман… Яна сен унга шунийчун ёқасанки…
— Бас қил! — деб эрининг сўзини бўлди сенья Фраскита. — Кимга ёқиш, кимга ёқмаслигимни ўзим яхши биламан! Ҳали худо хоҳласа, нима учун сенга ёқмаслигим сабабини ҳам билиб оламан!
— Ана холос! Шуниям билмасмидинг? Ахир, сен ғирт бадбашарасан-ку… — деди Лукас амаки.
— Ҳей, оғзингга қараб гапир! Агар жаҳлим чиқса, олдингга чиқиб, сени ерга улоқтиришга кучим етади…
— Агар чиқсанг, бу ердан тушолмайсан — сени шу ернинг ўзида еб қўяман.
— Топган гапингни қара-ю! Агар хушторларим келиб қолиб, иккаламизни тепада турганимизни кўришса, сўри бошида нима қилиб юрибди бу маймунлар дейишмайдими?
— Гапинг тўғри. Сен чинданам маймунсан, фақат энг дилбар маймунсан, мен ҳам ўз букрим билан маймунга ўхшаб кетаман.
— Букринг менга жудаям ёқади…
— Унда, коррехидорнинг букрини янаям кўпроқ ёқтирсанг керак, унинг букри меникидан каттароқ…
— Ҳа, бўпти, бўпти, сеньор дон Лукас! Рашк қилиш ҳам эви билан-да!
— Ким? Мен рашк қиларканманми? Ўша қари фирибгарга-я? Аксинча, унинг сенга хуштор бўлганидан хурсандман.
— Нимага энди?
— Нимагаки, унинг хушторлик қилиши ўзи гуноҳ. Мана шу гуноҳи — менинг қасосим. Ахир, сен уни ҳеч қачон севмайсан-ку! Ҳозирча сенинг ҳақиқий коррехидоринг менман!
— Ол-а! Ўргилдим сендақа шуҳратпарастдан! Сен уни севиб қолганимни бир тасаввур қилиб кўр… Дунёда нималар бўлмайди…
— Бундан мен унчалик куюнмайман…
— Нега?
— Негаки, унда сен меники бўлмайсан; ҳамонки менинг тасаввуримдаги аёл бўлмас экансан, унда жинлар сени қай кўйга солсалар ҳам менга бари бир!
— Хўп, майли, агар шундай бўлса, сен нима қилган бўлардинг?
— Менми? Қаёқдан билай?.. Ахир, мен ҳам ўшанда ҳозирги Лукас бўлмай, бутунлай бошқа одам бўлиб қолардим-да. Мен буни ҳатто тасаввур ҳам қилолмаяпман…
— Нимага энди бошқа одам бўлиб қоларкансан? — деб суриштиришда давом этди сенья Фраскита; у энди супургини ташлаб, икки қўлини белига қўйганча, бошини кўтариб, эрига қараб турарди.
Лукас амаки гўё биронта теран фикр ковлаб чиқармоқчи бўлгандай, энсасини қашлади ва охир-оқибат, мутлақо жиддий, доно гапларни гапира кетди:
— Шунинг учун бошқа одам бўлиб қоламанки… ҳозир мен сенга худди ўзимга ишонгандай ишонаман. Мен умрбод шу ишонч билан тирикман. Бинобарин, сенга ишонмай қўйиш — мен учун ўлим билан баробар. Унда мен мутлақо бошқача яшаган бўлардим. Назаримда, гўё бошқатдан дунёга келгандай, мутлақо бошқа қалб билан туғилгандай бўлардим! Билмайман, ўшанда сен билан қандай муносабатда бўлардим… Балки қаҳ-қаҳ уриб кулиб, орқамга ўгирилиб кетаверармидим… Эҳтимол, сени танимаганга олармидим ўзимни… Ё балки… Э, нима бўлди ўзи менга? Нима кераги бор шу диққинафас гапларни? Менга деса, дунёдаги жамики коррехидорлар ошиқ бўлмайдими сенга! Ахир, сен менинг Фраскитамсан-ку!
— Сеникиман, маймуним, сеники! — деди наварралик жувон қотиб-қотиб куларкан. — Мен — сенинг Фраскитангман, сен — менинг азиз Лукасимсан, менинг ҳақиқий тасқарамсан. Лекин сендан яхшироқ, сендан ақллироқ одам йўқ мен учун дунёда, сени мен шунақа севаманки… Қани, пастга тушиб кўргин, биласан қанақа севишимни! Биқинингга ниқтайвериб, ҳаммаёғингни чимчилайвериб, моматалоқ қилиб юборай! Вой! Секин! Кўряпсанми? Коррехидор келяпти уйимизга, яна ёлғиз ўзи… Ҳалитдан-а!.. У бир нимани кўзлаб келяпти… Бояги гапинг тўғрига ўхшайди!..
— Тўхта — бу ердалигимни унга айтма. У мени ухлаб ётибди, деб ўйлаб сенга севги изҳор эта бошлайди, мени гўсхўр қилмоқчи. Қани, эшитайлик-чи, нималар деркин сенга. Мен уни бир майна қилмоқчиман.
Лукас амаки шундай деб туриб, ўзи узган бир сават узумни хотинига узатди.
— Зўр томоша бўлади! — деди Фраскита ва яна хандон ташлаб кулди. — Вой яшшамагур мадридлиг-е! Наҳотки, у менга ҳам ҳукмини ўтказаман, деб ўйласа? Мана, ташриф буюрдилар жаноблари… Гардунья ҳам албатта соядек изма-из эргашиб келган бўлса керак, у биронта пасқам жойга биқиниб олган кўринади. Вой, суллоҳ-е! Ўзингни панага ол, роса мириқиб куладиган бўлдик, ҳали кетганидан кейин!..
Соҳибжамол наварралик хоним шундай деб, Андалузия аёлларининг шўх бир қўшиғини куйлай бошлади.

XI б о б

ИЗҲОРИ ИШҚ

— Сени само ўз паноҳида асрасин, Фраскита!.. — деди шийпончага оёқ учида кириб келган коррехидор оҳиста овоз билан.
— Сизни ҳам, сеньор коррехидор! — деб лоқайд кайфиятда жавоб қайтарди Фраскита унга қайта-қайта таъзим қилар экан. — Нечук бугун жуда барвақт келибсиз? Тағин яна шунақа жазирама иссиқда! Қани, ўтиринг, жаноби олийлари… Мана бу ёққа, бу ер салқин. Нима учун, жаноби олийлари, бошқа улфатларни кутмай келавердингиз? Мен, мана, ҳаммаларига жой тайёрлаб қўйган эдим… Бугун биз сеньор епископниям кутаётган эдик — у киши менинг Лукасимга, чиллаки узумингдан татиб кўрмоқчиман, деб сўз берган эканлар. Хўш, ўзингиз яхшимисиз, жаноби олийлари? Рафиқангиз соғ-саломатми?
Коррехидор довдираб қолди. У сенья Фраскита билан ёлғиз ўзи суҳбатлашаётган эди, бу унинг азалий орзуси эди! Бу учрашув ҳам, бу суҳбат ҳам унга гўё туш кўраётгандай бўлиб туюлди.
— Унча барвақт эмас… Ҳозир соат уч ярим бўлди чоғи… — Коррехидорнинг топган жавоби шу бўлди, холос.
Шу маҳал тўти қуш қулоқни қоматга келтиргудек чинқириб юборди.
— Ҳозир соат иккидан чорак ўтди, — деди наварралик жувон мадридлик коррехидорнинг юзига тик қараганча.
Коррехидор худди жиноят устида қўлга тушган одамдай лол бўлиб қолди.
— Нима, Лукас ухлаяптими? — деб сўради у ниҳоят.
— Вой, бўлмасам-чи! — деб жавоб қилди сенья Фраскита. — Ҳар куни бунақа пайтда у дуч келган ерда, ҳатто тубсиз жар ёқасидаям ғафлат босиб ухлаб қолаверади.
— Унда, яхши… сен уни уйғотма, ухлайверсин!.. — деди қари коррехидор ранги яна ҳам кўпроқ бўзариб. — Сен, азизам Фраскита, айтмоқчи бўлган гапимни эшит… яхшилаб эшит… қани, берироқ кел… Ўтир! Сенга айтадиган анча-мунча гапим бор.
— Мана, келдим, ўтирдим, — деди тегирмончининг хотини курси олиб, уни шундоққина коррехидорнинг рўпарасига қўйиб ўтираркан.
Фраскита ўтирган заҳоти оёқларини чалиштирди, гап тинглашга тайёр бўлгандай бўйнини бир оз олдинга чўзиб, юзини кафтига тиради; у лабларида табассум билан, навниҳол, дилбар ҳуснига ҳусн қўшиб турган бешта мафтункор кулгичига жон киритиб, бошини аста ликиллатганча, жаноби олийларининг дил изҳорини кута бошлади.
Бечора коррехидор бир нима демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади-ю, лекин қаршисидаги бу маҳобатли латофатга, бу малоҳат ва жозиба уммонига, бу оппоқ бадан, шукуҳли табассум, офатижон кўм-кўк кўзлар соҳибасига маҳлиё бўлганча оғзи очилиб қолди; қаршисида гўё буюк Рубенс чизган расмдаги аёл ўтиргандай эди.
— Фраскита!.. — ҳазин овозда ғўлдиради ниҳоят коррехидор, унинг ҳаяжондан қора терга ботган, сўлғин чеҳраси тамомила саросимага тушганди. — Фраскита!
— Ҳа, мен Фраскитаман! — деди Пиреней қизи. — Хўш, нима дейсиз?
— Хоҳлаган нарсангни айт — бажо келтираман… — деди чол ғоятда назокатли оҳангда.
— Нима хоҳлашимни, — деди тегирмончининг хотини. — Жанобим яхши биладилар. Мен Эстельяда яшовчи жиянимни шаҳар маҳкамасига котиб қилиб ишга тайинлашингизни хоҳлайман… Хилват қишлоқда яшаш бояқишга қийин бўляпти.
— Сенга айтувдим-ку, Фраскита, бу мумкин эмас, деб. Зеро, ҳозир ишлаб турган котиб…
— Ҳозир ишлаб турган котиб — қаллоб, майпараст, ғирт ҳайвоннинг ўзи!
— Биламан… Илло мансабдор рехидорлар ичида унинг суянчиқлари кўп. Янги котибни ишга тайинлаш учун эса, албатта шаҳар кенгашининг розилигини олишим керак. Шундай қилмасам, балога қоламан…
— Балога қоламан!.. Балога қоламан!.. Лекин мана бизлар сиз жаноби олийларини деб ҳар қандай балога рўбарў келишга ҳам тайёрмиз… Нафақат мен билан Лукас, бутун уй ичимиз, ҳаттоки мушугимизгача жон таслим қилишга тайёр.
— Шундай қилсам мени яхши кўриб қоласанми? — дея дудуқланиб ғўлдиради коррехидор.
— Мен шундоғам яхши кўраман жаноби олийларини.
— Ўтинаман, менга бундай сертакаллуф бўлма! Фақат “сиз” деб ё кўнглинг хоҳлаган бошқа одмироқ гап билан мурожаат қилавер. Демак, мени яхши кўрасан-а?
— Айтдим-ку, сизни яхши кўраман, деб.
— Лекин…
— Лекин-пекини йўқ. Ҳали ўзингиз кўрасиз, жияним бирам дилбар, бирам яхши йигитки!..
— Дилбарликда сендан ўтадигани йўқ, Фраскита!..
— Сизга ёқаманми?
— Ёққанда қандоқ!.. Сендай соҳибжамол дунёда йўқ!
— Рост, бунинг ажабланадиган ери йўқ, — деди сенья Фраскита енгини шимариб, қўлини тирсагигача очиб кўрсатаркан; унинг нилуфардек оппоқ қўли худди мумтоз ҳайкалдагидек мутлақо беқусур эди.
— Ёқаманми, деб секинроқ сўрайсанми… — деб гапида давом этди коррехидор. — Мен доим — кечаю кундуз, ҳамма ерда, ҳамиша фақат сен ҳақингда ўйлайман!..
— Ие… Бундан чиқди, рафиқангизни ёқтирмас экансиз-да? — деб сенья Фраскита шундай ясама аянч билан сўрадики, ҳатто ваҳима касалига мубтало бўлган одам ҳам эшитса, шарақлаб кулиб юборарди. — Эссиз! Менинг Лукасим хобхонангиздаги соатни тузатаётганида хотинингизни кўрган, ҳатто у билан суҳбатлашиш бахтига ҳам муяссар бўлган экан. Эрим уни жуда чиройли, саховатли ва хушфеъл аёл, деб айтди.
— Ол-а… — деб тўнғиллади коррехидор, мақтов гапни ёқтирмагани овозидан аниқ сезилиб турарди.
— Рост, — деб гапида давом этди тегирмончининг хотини, — бошқа одамларнинг айтишича, у жуда бадфеъл, ўлгудек рашкчи экан, ундан кейин, сиз хотинингиздан худди азроилдан қўрққандай қўрқармишсиз…
— Бе, қаёқда… — деб эътироз билдирди лавлагидек қизариб кетган дон Эухенио де Суньига-и-Понсе де Леон. — Жуда оширворишибди! Тўғри, унинг ҳам ўзига яраша инжиқлик, тантиқликлари бор… Лекин хотинимдан мен ҳеч қачон қўрққан эмасман! Ахир мен коррехидорман!..
— Лекин бари бир, айтинг менга, хотинингизни севасизми ё йўқми?
— Ҳозир айтаман… Мен уни жуда севаман… аниқроғи, севардим… то сени билмагунимча. Илло сени кўрганимдан бери, тинчим йўқолди, менга нима бўлаётганини айтолмайман, хотиним ҳам, сенга бир бало бўлганга ўхшайди, деб сезяпти. Сенга шуни айтишим кифояки, ҳозир… масалан, хотинимнинг юзини силасам, ўз юзимни силагандек бўламан… Хуллас, биласанми, мен энди севмайман хотинимни, унга нисбатан ҳеч қандай ҳиссиёт қолмади менда… Лекин сенинг шу нафис қўлчангга, шу тирсакчангга, шу яноқларинг, шу қадди-қоматингга қўл теккизишим учун бутун оламни бахшида қилган бўлардим сенга.
Коррехидор шундай деб туриб, сенья Фраскитанинг оппоққина билагидан ушлаб олишга жазм қилди; лекин аёл ўзини йўқотмади ва фил хартумининг кучи бўлган қўли билан коррехидорнинг кўкрагидан итариб юборди, жаноби олийлари стул билан бирга умбалоқ ошиб йиқилиб тушди.
— Ё муқаддас биби Марям! — деди наварралик аёл қотиб-қотиб куларкан. — Афтидан, оёғи синиқ стулга ўтирган экансиз-ов…
— Нима бўлди? — деб қичқириб юборди шунда Лукас амаки ўзининг бадбашара афтини ток барглари орасидан кўрсатиб.
Коррехидор ҳамон йиқилган ерида ётаркан, гўё булутлар орасидан мўралаётгандек туюлган одам башарасига бақрайиб қолган эди.
— Нима бўларди? — шоша-пиша жавоб қилди сенья Фраскита. — Сеньор коррехидор стулни сурмоқчи бўлдилар, шекилли, чайқалиб кетиб, йиқилиб тушдилар.
— Ё Исо масиҳ! — деб юборди тегирмончи. — Бирон ерингиз лат емадими, жаноби олийлари? Нима дейсиз, сизни сирка билан уқалаб қўйсаммикин-а?
— Йўқ, йўқ, ҳеч нима қилгани йўқ, — деди коррехидор инқиллаб-синқиллаб ўрнидан тураркан ва сенья Фраскита эшитадиган қилиб пичирлаб қўйди:
— Ҳали кўрасан мендан!
— Сиз, жаноби олийлари, мени бир ўлимдан асраб қолдингиз, — деди Лукас амаки сўри устида ётган еридан. — Буни қара-я, хотин, мен буёққа бачки новдаларни юлиб ташлагани чиқувдим, лекин, нима бўлди-ю, бирдан ғафлат босиб, пинакка кетиб қолибман. Яхшиям, сиз, жаноби олийлари йиқилиб тушиб, уйғотиб юбордингиз мени, бўлмаса, худо кўрсатмасин, уйқисираб, бу нозик новдалар орасидан йиқилиб тушармидим… бошим тошга урилиб ёрилармиди.
— Ҳа, шунақа дегин! — деди коррехидор. — Ундай бўлса, Лукас, мен хурсандман… хурсандман йиқилиб тушганимдан… Лекин сен кўрасан ҳали мендан! — дея такрорлади у тегирмончининг хотинига ўгирилиб.
Коррехидор бу сўзларни шундай босиқ ғазаб билан гапирдики, уни эшитган сенья Фраскитанинг кўнгли беҳузур бўлиб кетди.
Аввалига коррехидор, Лукас ҳамма гапимни эшитибди-да, деб қўрқиб кетганди, лекин кейин бундай бўлмаганлигини пайқагач (Лукаснинг ясама лоқайдлиги бу қари тулкидан айёрроқларни ҳам лақиллатиши мумкин эди), яна ғазаб отига миниб, сенья Фраскитадан ўч олиш режасини туза бошлади.
— Ҳа, бўпти! — деб қичқирди тегирмончининг хотини. — Тезроқ бу ёққа тушиб, жаноби олийларининг кийимини қоқиб тозалашга ёрдам бер менга. Қара, ҳаммаёқлари тупроқ бўлди.
То Лукас амаки сўридан тушиб бўлгунча, сенья Фраскита ўзининг пешбанди билан коррехидорнинг камзулидаги чангни қоқаркан, аста қулоғига шивирлади:
— У ҳеч нимани эшитмаган… Ўзи у бир ухласа тош қотиб ухлайди…
Сенья Фраскитанинг бу сўзлари, ундан ҳам кўра, уларнинг сирли оҳангда айтилгани аёлнинг коррехидор билан ҳаммаслак эканлигидан далолат берар эдики, бу ҳол жаноби олийларининг кўнглига таскин берди.
— Вой муғамбир-е! Вой касофат-е! — деб ғўлдиради дон Эухенио де Суньига, ийиб кетганидан оғзидан сўлаги оқиб, лекин ғижинган оҳангда.
— Жаноблари ҳалиям мендан хафамилар? — пичирлаб сўради наварралик жувон.
Жаҳолат яхши самара беришига ишонч ҳосил қилган коррехидор сенья Фраскитага ўқрайиб қаради, лекин кўзи унинг фусункор табассумига, ўтинч ва меҳр учқунлари чақнаб турган мафтункор чиройли кўзларига тушиши билан алҳол ғазабини шафқатга айлантирди. У тиши қолмаган оғзини ўрадек очиб, тамшанганча деди:
— Буёғи энди сенга боғлиқ, маҳбубам!
Шу пайт Лукас амаки ҳам сўридан тушиб келди.

XII б о б

УШР ВА ПРИМИЦИЯ ЎЛПОНИ

Коррехидор ўз ўрнига қайтиб ўтиргани ҳамоно тегирмончининг хотини эрига ялт этиб қаради. Лукас зоҳиран одатдагидек хотиржам кўринса ҳам, ботинан хандон ташлаб юборишдан ўзини зўрға тийиб турарди. Сенья Фраскита дон Эухенионинг паришонхотирлигидан фойдаланиб, Лукасга фазойи бўса йўллади, сўнг ҳатто Клеопатранинг ҳам ҳавасини келтирувчи ғоятда назокатли овоз билан деди:
— Энди, жаноби олийлари, менинг узумимдан татиб кўринг!
О, бу гапни айтаётган наварралик жувон ҳозир жудаям очилиб кетган эди… Эгнига тиқмачоқдек баданининг жамики жозибали жиҳатларини аниқ кўрсатиб турувчи тор кўйлак кийган бу тароватли, фусункор салобатли жувон сеҳрлангандай бақрайиб қолган коррехидорнинг қаршисида ғужумлари ферузаваш, тиниқ икки бош узумни яланғоч қўлларида боши узра кўтариб тураркан, илтижоли нигоҳ билан мафтункор табассум қиларди.
— Узумимиздан ҳали сеньор епископ татиб кўрмадилар… Бу чиллакли нав энди пишди…
Шу пайт саҳнига силлиқ тошлар тўшалган шийпончага шу ерли қавмларнинг муҳтарам епископи адвокат-академик, кексайиб қолган икки католик руҳоний, ўз котиби, яна икки хизматкори ва икки пажи кузатувида қадам ранжида қилди.
Ҳазрати бузург бу ўта кулгили ва ғоятда ажиб манзарани бир оз муҳлат кузатиб турди, сўнг ўша давр дин пешволарига хос вазмин овозда деди:
— Бешинчи хутбада… ушр ва примиция ўлпонларини, христиан дини бизга сабоқ берганидай, муқаддас черковга тўлаш ҳақида айтилган, вале сиз, сеньор коррехидор, ҳам хўрдани, ҳам бурдани урган бандадек, ушрнинг ўзига қониқмай, яна примицияни ҳам ютиб юбормоқчи бўляпсиз.
— О, сеньор епископ! — дейишди тегирмончи билан унинг хотини ва коррехидорни қолдириб, епископнинг дуои хайрини олдига пешвоз боришди.
— Бизнинг ғариб кулбамизга қадам ранжида қилганингиз учун сиз, ҳазрати бузургга тангрим раҳнамолик қилсин! — деди эҳтиром ила Лукас амаки ва биринчи бўлиб епископнинг қўлидан ўпди.
— Кўринишингиз жуда яхши! — деди сенья Фраскита дин пешвосининг илкини Лукасдан кейин ўпаркан. — Худо марҳаматини сиздан дариғ тутмасин ва сизни ўз паноҳида асрасин менинг бахтимга!
— Ҳамонки ўзинг мендан фотиҳа олиш ўрнига, мени дуо қилабошлаган экансан, билмадим, сени қандоқ дуо қилсам экан.
Шундан сўнг ҳазрати бузург икки бармоғини кўтариб, сенья Фраскитани, сўнг қолганларини ҳам дуо қилди.
— Марҳамат қилсинлар, ҳазратим, мана сизга примиция! — деди коррехидор сенья Фраскитанинг қўлидан бир бош узумни олиб, уни епископга илтифот ила узатаркан. — Мен ҳали уни татиб кўрганим йўқ…
Коррехидор бу сўзларни айтар экан, тегирмончининг эсни олар даражада гўзал хотинига густоҳона ўқрайиб қараб қўйди.
— Бу узумни, масалда айтилганидек, хом деб татимадингизми, дейман? — деб луқма ташлади академик.
Епископ эътироз билдирди:
— Масалдаги узум, аслида хом бўлмаган, сеньор лиценциат, унга тулкининг бўйи етмаган эди, холос.
Академик ҳам, епископ ҳам коррехидорни ранжитмоқчи эмас эдилар, лекин икковларининг қочириғи тўғри нишонга бориб теккан эди. Дон Эухенио де Суньиганинг ранги ғазабдан бўзариб кетди ва дин пешвосининг қўлини ўпаркан деди:
— Нима, сиз мени тулки деб ҳисоблаяпсизми, ҳазрати бузург?
— Tu dixisti, — деб жавоб қилди епископ авлиёларга хос жиддий мулойимлик билан. — Excusatio non petita, accusatio manifesta. Qualis vir, talis oratio. Илло: satis jam dictum, nullus ultra sit sermo. Маъниси бир. Бас, лотинчага барҳам берайлик-да, эътиборимизни ушбу ажойиб неъматга қаратайлик.
Шундай деб у… коррехидор узатган узум бошидан… бир донагина ғужумни узди.
— Узум ғоятда гўзал! — деди епископ уни ёруққа тутиб томоша қилгач, шу заҳоти ўз котибига узатаркан. — Афсуски, менга тўғри келмайди!
Котиб ҳам узум бошини қўлида айлантириб кўрди ва мақтанмоқчи бўлгандай тамшаниб қўйиб, уни хизматкорга узатди.
Хизматкор епископнинг ҳаракатига ва котибнинг тамшанишига тақлид қиларкан, берилиб кетиб, ҳатто узумни ҳидлаб ҳам кўрди, лекин кейин… уни аста авайлаб саватга солиб қўйди-да, худди узр сўраётгандек қўшиб қўйди:
— Ҳазрати бузург рўзалар.
Шундан кейин ҳамма ўтирди: кузнинг ёғин-сочинсиз қуруқ келгани ҳақида гапиришди, Австрия билан Наполеон ўртасида уруш бўлиши мумкин, деб мулоҳаза юритишди ва ҳаммалари, император қўшинлари ҳеч қачон Испанияга бостириб кирмайди, деган тўхтамга келишди; адвокат нотинч, оғир замонлар келганидан зорланиб, оталари ўтган дориломон даврга ҳавас қилди. Тўти қичқириб, соат беш бўлганидан дарак берди, шунча кичик ёшли паж епископнинг ишораси билан, унинг коляскаси томон югуриб кетди ва бир соатгина бурун печдан олинган ажойиб ёвғон пирогни кўтариб келди. Шийпончанинг ўртасига мўъжазгина стол олиб келиб қўйишди, пирогни бир хил бўлакларга бўлиб кесишди. Ҳамма биттадан бўлак олди. Лекин Лукас амаки билан сенья Фраскита истиҳолага бориб, анчагача тортинчоқлик қилиб туришди. Шундан сўнг деярли ярим соат мобайнида ботаётган қуёш нурини тўсиб турган токнинг соясида чинакам демократик тенглик ҳукм сурди…

XIII б о б

ҲАММАЛАРИ БИР ГЎР

Бир ярим соатдан кейин ҳамтовоқлар энди шаҳарга қайта бошладилар.
Сеньор епископ ўз муқарриблари билан шаҳарга ҳаммадан олдин етиб келди (зеро, у коляскада эди) ва келган заҳоти кечки ибодатга киришди. Биз уни шу ибодатгоҳда қолдирамиз.
Машҳур адвокат (чўпдай ориқ) билан икки руҳоний (бири-биридан бўрдоқироқ ва бақалоқроқ) коррехидорни ҳомикият маҳкамаси эшигигача кузатиб қўйдилар (жаноби олийлари, айтишларича, ҳали яна ишламоқчи эканлар), кейин ўзлари гўё бахрийлар сингари юлдузларга қараб ёки кўр одамлардай деворларни ушлаб-ушлаб (зеро, ҳаммаёқ зим-зиё, ҳали ой чиқмаган, кўча чироқлари эса, асримиз маорифи сингари зиёга зор эди) уйларига равона бўлдилар.
— Бизлар жуда ўйинқароқ бўлиб кетдик! — дейишарди адвокат билан иккала руҳоний. — Шу бемаҳалда кириб борсак, уйдагилар нима дейишади ҳали?
— Уни айтасиз… Шу зулмат тунда кўчада деворларни пайпаслаб юрганимизни кўрган кишилар нима деб ўйлашаркин?
— Йўқ, чек қўйиш керак бунга…
— Ҳа! Ҳа!.. Лекин лаънати тегирмон оҳанрабодек жалб қилиб тургандан кейин…
— Хотинимнинг жонига тегди бу тегирмон… — деди академик, ғалванинг конига кетаётганидан чўчиб тургани унинг овозидан сезилиб турарди.
— Менинг қиз жияним бўлса, — деди руҳонийлардан бири, — дин пешвосининг ғийбатчи аёлникига ўтиришга бориши гуноҳи азим, дейди.
— Лекин шунга қарамай, — деб гапга аралашди иккинчи руҳоний, — тегирмон мутлақо беқусур, ҳузурбахш жой…
— Секинроқ айтасизми, ахир, кимсан ҳазрати бузург ҳам у ерга қадам ранжида қилиб турадилар-ку!
— Вале, сеньорлар, бизнинг ёшимизга муносибмикан шу ташрифлар! — деди руҳоний ота. — Кеча мен етмиш беш ёшга тўлдим.
— Тушунарли! — деди ваъзгўй ҳазрат. — Келинглар, бошқа нарсалар ҳақида гаплашайлик. Бугун донья Фраскита жудаям очилиб кетибдими?..
— Ҳа… очилиб кетибди, чаккимас, — деди адвокат ўзини лоқайд ва бепарводай қилиб кўрсатишга уринаркан.
— Ҳурилиқо… — деди руҳоний ота плашига ўранар экан.
— Ким бунга шубҳа қилса, — деб илиб кетди ваъзгўй ҳазрат, — коррехидордан сўраб кўрсин…
— Шўрлик ошиқ бўлиб қолган у аёлга!
— Мен ҳам шу фикрдаман! — деди муҳтарам руҳоний ота.
— Бўлмасам-чи! — деб якун ясади суҳбатга академик. — Энди, сеньорлар, мен бу томонга буриламан, буёқдан уйимга анча яқин. Яхши туш кўриб ётинглар.
— Хайрли тун! — дейишди унга руҳоний оталар.
Улар анча ергача сукут сақлаб боришди.
— Тегирмончининг хотини бунинг ҳам жигар-бағридан урган, — деб ғўлдиради ваъзгўй ҳазрат руҳоний отанинг биқинига тирсаги билан туртиб қўяркан.
— Секинроқ айтасизми! — деб жавоб қилди руҳоний ота ўз уйи эшиги олдида тўхтаб. — Қаранг-а, бу бадбахтни! Хўп, азизим, хайр, эртага кўришгунча. Ишқилиб, еган узумингиз эм бўлсин.
— Худо халлоқ. Хайр эртагача… Яхши тушлар кўринг!
— Сизга ҳам оромбахш уйқу тилайман! — деди руҳоний ота ўз эшиги остонасида туриб.
У эшикни тақиллатди.
Кўчада ёлғиз ўзи қолган ваъзгўй ҳазрат (у бўйидан кўра энига кенгроқ бўлганидан юрганида худди соққадек думалаб кетаётганга ўхшарди) аста-секин ўз уйи томон юра бошлади. У уйига етиб бормай, бир девор тагида тўхтаб, пешоб қиларкан, ўзининг ҳаммеҳроб биродари ҳақида ўйлаб ўзича ғўлдиради: “Сен ҳам ёқтирасан сенья Фраскитани!.. Илло, — деб илова қилди бир лаҳзали сукутдан кейин, — филҳақиқат, жуда кетворган-да баччаталоқ!”

XIV б о б

ГАРДУНЬЯНИНГ МАСЛАҲАТЛАРИ

Бу аснода коррехидор Гардунья кузатувида маҳкама биносининг устки қаватига кўтарилди ва у билан мажлислар залида ўз рутбасига мос келмайдиган бир тартибда сирлашди.
— Мен ўз ишини пухта биладиган исковучман — ишонаверинг менинг ис билишимга, — деб уқтирарди мурдор альтвасил. — Сиз, жаноблари сенья Фраскитанинг жигаридан ургансиз. Мана энди, бор гапни айтиб берганингиздан кейин ҳаммаси кундай равшан бўлди.
— Лекин мен унча ишонмаяпман, Гардунья! — деб эътироз билдирди дон Эухенио оғир хўрсиниб қўяр экан.
— Тушунмадим, нима учун? Келинг, очиқ гаплашайлик. Жанобларининг… мени кечирсинлар-у, қадду-қоматда биттагина камчиликлари бор… Тўғрими?
— Ҳа, тўғри! — деди коррехидор. — Лекин Лукасда ҳам нуқсон бор-ку. Унинг букри меникидан каттароқ!
— О, секинроқ айтасизми! Анча катта! Ер билан осмонча фарқ бор! Аммо-лекин — мен нима демоқчиман — соҳибимнинг ажойиб ютуқ жиҳатлари бор, яъни айтмоқчиманки, сиз чиройлисиз… Лукас амаки бўлса… унақа бадбашара одам дунёда камдан-кам топилади.
Коррехидор мамнун жилмайиб қўйди.
— Қолаверса, — деб гапини давом эттирди альгвасил, — сенья Фраскита ўз жиянини ишга жойлаштириш учун жонини жабборга беришдан ҳам қайтмайди…
— Гапинг тўғри. Мен фақат шундан умидворман.
— Унда, сеньор, ишга киришайлик! Мен сизга ўз режамни сўзлаб бердим. Фақат уни амалга ошириш қолди… шу бугун тундаёқ…
— Неча марта айтдим сенга, маслаҳатингга зор эмасман деб! — дея ўдағайлаб берди дон Эухенио ўз хизматкоридан маслаҳат сўрагани бирдан эсига тушиб.
— Мен бўлсам, сизни мендан маслаҳат сўрамоқчисиз, деб ўйловдим… — деб ғўдранди Гардунья.
— Ўчир овозингни!
Гардунья итоаткорона таъзим қилди.
— Демак, айтмоқчисанки, — деб гапида давом этди сеньор Суньига бир оз шаштидан тушиб, — шу кечасиёқ буни эпласа бўлади-а? Биласанми, ошна, тузган режанг чакки эмасга ўхшайди. Рост-да, нима ҳожати бор пайсалга солишнинг? Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши!
Гардунья сукут сақлар эди.
Коррехидор ёзув столи олдига бориб, бланкли вараққа бир нечта сўз ёзди ва унга муҳр босди-да, сўнг чўнтагига солиб қўйди.
— Жиянини ишга тайинлаш ҳақидаги ҳужжат тайёр! — деркан, бир чимдим бурнаки тамакини бурнининг кавагига тиқди. — Эртага бу масалада рехидорлар билан гаплашаман… Қани, тасдиқламай кўришсин-чи… кўрсатиб қўяман уларга!.. Нима дейсан, тўғри қиляпманми?
— Бўлмасам-чи! Жудаям тўғри иш қиляпсиз! — деди суюниб кетган Гардунья дастпанжасини Коррехидорнинг тамакидонига тиқиб, тамаки оларкан. — Зўр бўлади! Зўр! Жанобимдан олдинги коррехидор ҳам бунақа арзимаган ишлар устида бош қотириб ўтирмай, бир зумда ҳал қилиб қўя қоларди. Бир куни у…
— Бас, кўп жаврама! — дея дўқ қилди коррехидор ва қўлидаги қўлқоп билан Гардуньянинг тамакидонга ўғринча узатган қўлига уриб қўйди. — Мендан олдинги коррехидор ғирт аҳмоқ бўлган; аҳмоқ бўлмаса сени альгвасил этиб тайинлармиди? Бўлди, кўп гап эшакка юк. Боя сен Лукас амакининг тегирмони бизнинг шаҳаргамас, қўшни қишлоққа қарайди, деб айтдинг… Шу гапинг аниқми?
— Жудаям аниқ! Бизнинг округ ери бугун мен сиз, жаноби олийларини кутиб турган жарлик билан чегараланади… Жин урсин! Агар мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда…
— Бас қил! — деб ўдағайлади дон Эухенио. — Ҳаддингдан ошяпсан!.. — У бир варақ қоғоз олиб, бир нималар ёзди, сўнг уни икки буклаб ёпиштирди-да, Гардуньяга топширди.
— Мана бу хатни ўша ўзинг айтган қишлоқ алькальдига1 олиб бориб берасан. Ўз оғзинг билан унга нима қилиш кераклигини тушунтир. Кўряпсанми, мен сенинг режангдан четга чиқмаяпман! Лекин эҳтиёт бўл, тағин менга панд бериб ўтирма!
— Хотиржам бўлинг! — деди Гардунья. — Сеньор Хуан Лопеснинг гуноҳ ишлари кўп. Имзо чеккан хатингизни кўрган заҳоти ҳамма айтганларимни сўзсиз бажо келтиради. У қирол хазинасидан ҳам, жамоат омборидан ҳам қарзга анча-мунча ғалла олган. Қарзга олган эмас, ўмарган десак ҳам бўлади. Нима, у бевамиди, ё қашшоқмидики, олган ғалласини қайтармаса, ё фоизини тўламаса? У майхўр, қиморбоз, хотинбоз — аёлларга кун йўқ унинг дастидан. Бутун қишлоқни бадном қилди ярамас… Шундай бадкирдор одамга амал бериб қўйишганига ҳайронман!..
— Ўчир, дедим мен сенга! — деб ўдағайлади коррехидор. — Мени гапимдан адаштириб юборяпсан!.. Мақсадга ўтайлик. — Энди у мулойимроқ оҳангда гапира бошлади. — Ҳозир соат еттидан чорак ўтди… Энг аввал сен менинг уйимга бориб, бекангга айтасан: менсиз ўзи кечлик қилиб, кейин ухлайверсин. Мени бу ерда ярим кечагача ишламоқчи бўлганимни, ундан кейин сен бирга шаҳарни махфий тарзда айланиб, бадният безориларни тутмоқчи бўлганимизни айтасан… Хуллас, нима десанг де, фақат беканг мендан шубҳа қилмаса бўлгани. Анави иккинчи альгвасилга айт, менга уйдан овқат олиб келсин… Ўзим хотинимнинг кўзига кўринишга журъат этолмайман — у менинг феълимни шу қадар пухта ўрганганки, ҳатто нима ҳақда ўйлаётганимни ҳам кўзимга қараб билиб олади! Яна, Хуанга айт, қовоқхонадан, ими-жимида, бир шиша оқ вино олиб келсин менга. Кейин сен қишлоққа йўл оласан. У ерга соат саккиз яримда етиб борсанг керак.
— Роппа-роса саккизда ўша ерда бўламан! — деди Гардунья.
— Гап қайтарма! — деди жаҳл билан Коррехидор, бирдан ўзининг олий рутбали зот эканлиги эсига тушиб.
Гардунья чурқ этмай таъзим қилди.
— Демак, келишдик, — бир оз юмшаб гапида давом этди коррехидор, — роса соат саккизда сен қишлоқда бўласан. Қишлоқдан тегирмонгача… тахминан ярим миля келса керак…
— Чорак миля.
— Ўчир!
Альгвасил яна бош эгиб таъзим қилди.
— Чорак миля… — деб гапида давом этди коррехидор. — Бундан чиқди, соат ўнда… Маъқулми, сенингча, соат ўн?
— Йўқ, сал олдинроқ! Соат тўққиз яримда ҳожам тегирмон эшигини бемалол тақиллатсалар бўлади.
— Падар қусур! Ҳали сен менга ақл ўргатадиган бўлдингми?.. Тахминимиз бўйича, сен…
— Мен ҳамма ерда ҳозиру нозирман… Лекин энг асосий маконим жар бўлади. Вой! Унутаёзибман!.. Жанобим тегирмонга пиёда ва фонуссиз борсинлар…
— Илоё, маслаҳатларинг билан қўшмозор бўл! Нима, мени биринчи марта чиқяпти, деб ўйлайсанми бунақа сафарга?
— Мени кечиринг, жаноби олийлари… Дарвоқе! Яна битта гап! Сиз шийпончага очиладиган катта эшикни эмас, тегирмон нови тепасидаги эшикчани тақиллатинг…
— Ие, ҳали у ердаям эшик борми? Мен билмаган эканман.
— Ҳа, сеньор. Нов тепасидаги эшикчадан тўғри тегирмончининг хобхонасига кирса бўлади… Лукас амаки бу эшикдан кирмайдиям, чиқмайдиям. Мабодо у кутилмаганда қайтиб келгудек бўлса, демоқчиман-да…
— Бўлди, тушунарли… Отанг темирчи ўтганми — мунча чўздинг?
— Ва ниҳоят: жанобим тонг отмасдан қайтиб келишга ҳаракат қилсинлар. Ҳозир соат олтида кун ёришяпти…
— Ақл ўргатмасанг туролмайсан-а? Соат бешда уйда бўламан… Мана, келишиб олдик, бас энди… Йўқол кўзимдан!
— Хулласи калом, сеньор… омад тилайман! — деди альгвасил ёндамасига туриб қўлини коррехидорга чўзаркан, кўзини шифтга тикиб.
Коррехидор унинг чўзган қўлига бир песета ташлади ва шу лаҳзанинг ўзидаёқ Гардунья, худди жин чалгандай, кўздан ғойиб бўлди.

XV б о б

ОДМИГИНА ХАЙРЛАШУВ

Кечки соат тўққиз эди. Лукас амаки билан сенья Фраскита уйдаги ва тегирмондаги ишларини тугатишди-да, димлаб пиширилган гўшт, кўкатлар, помидор ва бизга маълум бўлган ўша саватдаги узум ила кечлик қилишиб, бир неча қултумдан май ичишди, айни чоғда коррехидорни эслаб, қотиб-қотиб кулишди. Кейин бу эр-хотин ўз турмушидан мамнун бўлган одамлардай, бир-бирлари билан меҳрибонона кўз уриштириб, бир неча бор ҳомуза тортиб қўйиб (бу руҳлари оромда эканлигидан далолат эди), ўзаро шундай дейишди:
— Энди ётиб ухласак ҳам бўлади, эртага худо халлоқдир.
Шу пайт тегирмон дарвозаси икки марта қаттиқ-қаттиқ гурсиллади. Эр билан хотин чўчиб кетиб, бир-бирларига қарашди.
Уларнинг эшиги бундай бемаҳалда ҳеч қачон тақилламаган эди.
— Қани, бориб билай-чи… — деди наварралик довюрак жувон ва шийпонча томон йўналди.
— Тўхта! Бу менинг ишим! — бу гапни Лукас амаки шундай мардона виқор билан айтдики, сенья Фраскита беихтиёр унга йўл бўшатди. Сўнг Лукас орқасидан эргашган хотинига ўгирилиб, қатъий оҳангда қўшиб қўйди: — Чиқма, деб айтдим сенга!
Хотин истар-истамас буйруққа итоат этиб хонада қолди.
— Ким у? — деб сўради Лукас амаки шийпончанинг ўртасига борганида.
— Одил суд! — деган жавоб эшитилди дарвоза ортидан.
— Қанақа одил суд?
— Сеньор алькальд номи билан, очинг дарвозани!
Лукас амаки, дарвоза тирқишидан мўралаб, ой ёруғида — ташқарида турган қўшни қишлоқнинг ўлгудек қўрс альгвасилини кўрди.
— Ундан кўра, арақхўр альгвасилга дарвозани оч, демайсанми! — деб қичқирди Лукас амаки дарвозасининг зулфинини четга сураркан.
— Нима десанг ҳам менга барибир… — деган овоз эшитилди ташқаридан. — Мен сенга алькальд жанобларининг ўз қўллари билан ёзган фармонларини олиб келдим!.. Салом Лукас амаки!.. — деди у ҳовлига кираркан энди анча хушмуомалалик билан.
— Салом, Тоньюэло! — деди тегирмончи. — Қани, кўрайликчи, қанақа фармон экан… Сеньор Хуан Лопес бегуноҳ ҳалол одамларни қоронғи кечада безовта қилгандан кўра бошқа мақбулроқ вақт топса бўларди! Ҳамма айб сенда бўлса керак. Ҳали йўл-йўлакай барча экинзорларни кўз остингга олиб келгандирсан! Ҳа, бўпти. Бир стакан қуйиб берайми, ичасанми?
— Йўқ, сеньор тегирмончи, вақт тиғиз. Сиз ҳозирнинг ўзида мен билан кетишингиз керак! Фармонни ўқиб кўринг.
— Нега энди сен билан кетарканман? — деди Лукас амаки қўлида фармон билан хонага кираркан. — Ҳозир кўрамиз… Фраскита, чироқ тут!
Сенья Фраскита қўлида ушлаб турган қандайдир бир буюмни ташлаб, чироқни олди.
Лукас амаки хотини ташлаб юборган буюмга ялт этиб қаради. Бу — ҳар бир ўқи сал кам ярим қадоқ келадиган ўзининг каттакон мушкети эди.
Тегирмончи меҳр тўла нигоҳини мамнунлик билан хотинига қаратди ва унинг момиқ иягидан ушлаб туриб, деди:
— Жа зўрсан-да!
Сенья Фраскита худди мармар ҳайкалдек хотиржам эди. У чироқни баландроқ кўтараркан, қуруққина деди:
— Ўқи!
Фармонда шундай дейилган эди:
“Худонинг паноҳидаги ҳукмдоримиз қирол аъло ҳазратларининг номи билан шул ерлик тегирмончи Лукас Фернандесга буюраман, ушбу фармонни олган заҳоти, бир лаҳза ҳам вақтни пайсалга солмай, дарҳол ҳузуримизга етиб келсин; шу билан бирга, уни огоҳлантираманким, кўриладиган масала мутлақо махфий бўлганлиги сабабли, у ушбу ташрифини ҳаммадан сир тутсин, акс ҳолда, у, яъни тегирмончи қаттиқ жазога тортилгай.
Алькальд: Хуан Лопес”.
Имзо ўрнига хоч белгиси қўйилганди.
— Вей, менга қара, бу нима ўзи? — деб Лукас амаки альгвасилдан сўради. — Бу фармоннинг маъниси нима?
— Билмайман… — деб жавоб қилди мактаб кўрмаган жоҳил альгвасил. — Эҳтимол, биронта жодугарликни аниқлаш юзасидан терговдир ё бўлмаса, қалбаки пул ясовчилар ишидир… Лекин сизга бунинг дахли йўқ… Сизни, шунчаки, гувоҳ сифатида чақиришяпти. Очиғи, мен аниқ бир нарса деёлмайман… Ҳамма гапни сеньор Хуан Лопесдан сўраб билиб оласиз.
— Яхши! Майли, унда эрталаб етиб бораман! — деди тегирмончи.
— Э, йўқ, буниси кетмайди, сеньор… Сиз ҳозирнинг ўзида, бир дақиқага ҳам кечикмай мен билан жўнашингиз керак. Сеньор алькальднинг буйруғи шундай.
Ҳамма сукутга толди.
Сенья Фраскитанинг кўзларида ғазаб учқунлари чақнарди. Лукас амаки гўё бир нима қидираётгандай, оёғи остига тикилиб қолган эди.
— Ҳеч бўлмаса, оғилга кириб, эшагимни эгарлаб чиқишимга имкон бер… — деди ниҳоят, тегирмончи бошини кўтариб.
— Эшакка бало борми? — деб эътироз билдирди тартиб нозири. — Ярим миля йўлни пиёда босиб ўтса ҳам бўлади. Тун илиқ, ойдин…
— Гапинг тўғрику-я… Лекин менинг оёқларим шишиб кетган…
— Унда вақтни ўтказмайлик. Эшагингизни эгаллашга ўзим ёрдамлашвораман…
— Бе, қўйсангчи! Нима, қочиб кетади, деб қўрқяпсанми?
— Мен ҳеч нимадан қўрқмайман… — деб жавоб қилди Тоньюэло тошбағир одамларга хос совуққонлик билан. — Мен одил суд вакилиман.
Шундай деб у плаши ичига яширган милтиғининг қўндоғини “гурс” этиб ерга урди.
— Менга қара, Тоньюэло, — деб гапга аралашди тегирмончининг хотини, — ҳамонки сен ўз вазифангни бажариш мақсадида оғилхонага кетаётган экансан, илтимос, иккинчи эшакниям эгарла.
— У кимга керак? — деб сўради тегирмончи.
— Менга. Мен ҳам сизлар билан бораман.
— Мумкин эмас, сенья Фраскита! — деди альгвасил. — Менга фақат эрингизни олиб кетиш буюрилган. Орқамиздан эргашиб боришингизга рухсат беролмайман. Агар шундай қилсам, каллам кетади. Сеньор Хуан Лопес мени шундай деб огоҳлантирган… Қани, Лукас амаки, кетдик! — Альгвасил шундай деб эшик томон юрди.
— Оббо, қизиқ бўлди-ю! — деди тегирмончи эшитилар-эшитилмас овозда, аммо турган еридан жилмади.
— Мен ҳам ҳайронман! — деди сенья Фраскита.
— Назаримда… ҳамма гапга тушунаётгандайман… — деб ғўлдиради Лукас амаки Тоньюэлога эшиттирмасдан.
— Хўп десанг, мен шаҳарга бориб, ҳамма гапни коррехидорга айтиб берардим… — деб пичирлади наварралик жувон.
— Йўқ! — деди Лукас амаки қатъий оҳангда. — Йўқ!
— Бўлмаса, нима қилмоқчисан? — деди хотини тажанг бўлиб.
— Кўзимга қара… — деди собиқ солдат хотинига жавобан.
Эр-хотин сукут сақлаган ҳолда бир-бирларининг кўзларига тикилдилар ва икковлари ўзларини хотиржам, бир-бирларига садоқатли ва руҳан тетик кайфиятда кўрдилар-да, елка қисиб қўйиб кулиб юбордилар.
Кейин Лукас амаки иккинчи шамчироқни ёқиб, оғил томон бораркан, йўл-йўлакай Тоньюэлога пичинг қилди:
— Баски, шунақа сертакаллуф экансан, юр, ёрдамлашвор менга!..
Яна бир неча дақиқадан кейин Лукас амаки ўзининг хушбичим эшагини миниб, альгвасил кузатувида тегирмон ҳовлисидан чиқа бошлади.
Эр-хотиннинг хайрлашуви қисқа бўлди.
— Дарвозани яхшилаб беркитиб ол… — деди Лукас амаки.
— Яхшилаб ўраниб ол, кечаси ҳаво совуқ… — деди сенья Фраскита дарвозани қулфлаб, зулфини суриб, занжирларкан.
На видолашув нидолари, на қучоқлашиб, ўпишиб хайрлашиш, на бир-бирларининг жамолига суқланиб тикилишлар бўлди.
Бунга ҳожат ҳам йўқ эди!

XVI б о б

МАШЪУМ ҚУШ

Энди Лукасни кузатайлик.
Тегирмончи эшакка миниб олган, альгвасил эса ўзининг мансаб таёқчаси билан эшакни халалаб, орқасидан эргашиб борарди, лекин икковлари ҳам чурқ этиб оғиз очмасдилар. Улар чорак миля йўлни босиб ўтганларида бирдан Лукаснинг кўзи узоқдаги тепалик томондан ўзлари томон ўқдек учиб келаётган маҳобатли бир қушга тушди. Унинг даҳшатли қора шарпаси ой ёғдусига ғарқ бўлган осмон фонида шу қадар аниқ гавдаландики, тегирмончи беихтиёр:
— Тоньюэло, қара, анави учбурчакли шляпа кийган, чиллак оёқли одам Гардунья-ку! — деб юборди.
Лекин Тоньюэло бир нима деб жавоб қилишга улгурмай, бундай учрашувни зинҳор хоҳламаган қора шарпа йўлдан ўзини четга бурди-да, экинзор далани тик кесиб, мисоли чинакам сассиқкузандек ғизиллаб югуриб кетди ва кўз очиб-юмгунча кўздан ғойиб бўлди.
— Мен ҳеч нима кўрмаяпман… — деди бир оздан кейин Тоньюэло гўё ҳеч нарса содир бўлмагандай.
— Мен ҳам, — деди Лукас амаки.
Шу пайт боя тегирмондалигида кўнглига келган шубҳа Лукаснинг назарида анча аниқ ва сезиларли шаклда гавдалана бошлади.
“Бу саёҳатим, — деб мулоҳаза қиларди у ўзича, — ошиқи шайдо коррехидорнинг найранги бўлиши керак. Қари тулки бугун менинг шийпончамда хотинимга муҳаббат изҳор қилди. Сезишимча, бу мадридлик хотинбознинг сабри чидамай қолганга ўхшайди. Бугун тунда у яна тегирмонга қадам ранжида қилса керак, шунинг учун ҳам мени уйимдан олдириб кетяпти. Майли, кўрамиз! Фраскита юзини шувут қиладиган аёллардан эмас. Ҳатто уйга ўт қўйиб юборганларида ҳам у дарвозани очмайди. Боринг, ана, очдиям дейлик: агар коррехидор бирон найранг ишлатиб, ичкарига, менинг бебаҳо маҳбубам олдига киришга муваффақ бўлганидаям бари бир бу қари муттаҳам муродига етолмай қуруқ қайтиши аниқ. Фраскита ўзини хор қилиб қўядиганлардан эмас… Лекин шундай бўлса ҳам, — деб қўшиб қўйди у, — тезроқ уйга қайтиб борсам яхши бўларди!”
Худди шу маҳал Лукас билан альгвасил қишлоққа кириб келишди ва тўғри сеньор алькальднинг уйи томон йўл олишди.

XVII б о б

ҚИШЛОҚ ОҚСОҚОЛИ

Сеньор Хуан Лопес уйида ҳам, хизмат жойида ҳам ўзига тобе бўлган одамлар билан муомала қилишда, золим, қаҳҳор ва такаббур бўлиб кетарди, лекин шунга қарамай, хизмат бурчидан, рўзғор ишидан ва кун-уззукун ўз хотинини муштлаб жиғини эзиб туришдан бўшаган пайтларда қишлоқ муншийи ва черков пономари билан улфатчилик қилиб бир хумча винони майдалаб ишрат қиларди; ўша куни оқшомда мана шундай одатий таомилларидан бири тугай деб қолган пайтда оқсоқол (алькальд) ўз қаршисида тегирмончи турганини кўрди.
— О, Лукас амаки! — деди у гўё миясининг бурмаларидаги бўҳтон ва ёлғон торларини чертиб, ишга солмоқчи бўлгандай энсасини қашилаб. — Қалайсан? Қани, мушний, Лукас амакингга қадаҳ сун! Сенья Фраскита қалай? Ҳалиям аввалгидай соҳибжамолми? Уни кўрмаганимгаям анча бўлди. Ҳа… Бу йил ун тегирмонингда жуда яхши тортиляпти, шундайми, ошна? Жавдар нонни буғдой нонидан фарқ қилиб бўлмаяпти! Хўш, хўш… Қани, ўтир, дамингни ол. Шукрки, шошадиган еримиз йўқ.
— Менам шошқалоқликни ўлгудек ёмон кўраман! — деб гапга қўшилишди Лукас амаки. Шу пайтгача у чурқ этмай турган эди, лекин ваҳимали фармондан кейин бўлаётган бундай дўстона муносабатни кўриб, унинг дилидаги шубҳа яна орта бошлаган эди.
— Ҳамонки, биродарим Лукас, — деб гапиришда давом этди алькальд, — шошадиган ишинг йўқ экан, шу ерда ётиб қолақол, — эрталаб барвақт турганимизда кўриладиган ишимизни муҳокама қиламиз…
— Ҳай, начора… — деб Лукас амаки шундай киноя аралаш жавоб қилдики, унинг бу муғамбирлиги сеньор Хуан Лопеснинг устомонлигидан қолишмасди. — Шошилинч иш эмас экан… шу ерда ётиб қолсам ҳам бўлади.
— Ҳа, бу шошилинч иш эмас, ундан кейин, сен учун хавфли ҳам эмас, — деди алькальд, ўзи алдамоқчи бўлган одам томонидан алданаётганини сезмай. — Кўнглинг хотиржам бўлсин. Ҳей, Тоньюэло, анави яшикни берироқ суриб қўй, Лукас ўтирсин.
— Ундай бўлса… қиттай-қиттай қилармиз? — деди тегирмончи яшикка ўтираркан.
— Ушла, — деди алькальд унга лим-лим қадаҳни узатаркан.
— Бундай олижаноб одамнинг қўлидан май ичиш кони савоб… Жанобим ўзлари ҳалоллаб берсинлар!
— Яхши. Сенинг соғлиғинг учун! — деди сеньор Хуан Лопес, қадаҳнинг ярмини ичиб узатаркан.
— Сизнинг саломатлигингиз учун, сеньор алькальд! — деди Лукас амаки ва қадаҳни ичиб бўшатди.
— Эй, Мануэла! — деб хизматкорини чақирди алькальд. — Бекангга бориб, Лукас амаки бизникида ётиб қоларкан, деб айт. Унинг учун чордоққа ўрин солиб қўйсин.
— Э, йўқ! Ҳеч ҳожати йўқ! Мен пичанхонадаям худди қиролдек ҳузур қилиб ухлайвераман.
— Тортинма, бизда ўрин-кўрпа сероб.
— Ишонаман! Лекин бекамни безовта қилишдан на ҳожат? Менда плаш бор…
— Майли, ўзинг биласан… Мануэла, бекангга айт, ҳеч нима керак эмас экан, де…
— Агар ижозат берсангиз, — деди Лукас амаки оғзини катта очиб, пайдар-пай ҳомуза тортаркан, — ҳозироқ ётиб ухлардим. Кеча кечаси ишим кўпайиб кетиб, бир лаҳза ҳам мижжа қоқмаган эдим…
— Майли! — деб лутф кўрсатди алькальд. — Бемалол бориб ухлайвер.
— Биз ҳам энди уйга бора қолайлик, — деди пономарь яна қиттай ичиш илинжида кўзачадан кўз узмай. — Соат ҳам ўнга яқинлашиб қолгандир.
— Чорак кам ўн, — деди мунший хумчада қолган винони қадаҳларга қуяр экан.
— Бўпти, ухлаймиз, жаноблар! — деди меҳмоннавоз мезбон ўз қадаҳини ичиб бўшатаркан.
— Эртагача, сеньорлар, — деди тегирмончи ҳам ўз қадаҳини бўшатиб хайрлашар экан.
— Шошма, сенга чироқ тутишади… Таньюэло! Лукас амакингни пичанхонага кузатиб қўй.
— Юринг, Лукас амаки! — деди Таньюэло йўл бошлаб.
— Худо хоҳласа, эртагача, — деди паномарь ҳамма қадаҳлар тагида қолган винони бирма-бир жиғилдонига отиб.
Шундан кейин, “De profundis”1 оятини қўшиқ қилиб айтиб, гандираклаганча уйига йўл олди.
— Иш пишти, сеньор, — деди алькальд муншийга икковлари ёлғиз қолишгач, — Лукас ҳеч нимани сезмади. Энди бемалол ухласак ҳам бўлади. Коррехидорга омад тилаймиз…

XVIII б о б

БУЛ БОБДА КИТОБХОН ЛУКАС АМАКИНИНГ УЙҚУСИ ЗИЙРАК ЭКАНЛИГИДАН ХАБАР ТОПАДИ

Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, сеньор алькальднинг пичанхонаси дарчасидан қандайдир бир одам чиқа бошлади. Бу дарча оғилхонага очилар ва ердан тахминан тўрт газча баландда эди.
Оғилхонада, одатда ўнга яқин миниладиган жониворлар: отлар, хачирлар, эшаклар турарди.
Пичанхонадан сакраб тушган одам бу ерда эгарлоғлиқ турган эшакнинг арқонини ечиб, уни дарвоза олдига етаклаб борди: илгакни тушириб, зулфини сурди ва дарвозани товуш чиқармай аста-секин очди-да, яланг далага чиқди.
Кейин эшакка миниб, товонлари билан унинг икки биқинига ниқтаганча шаҳар томонга йўрғалатиб кетди. Лекин у биронта одамга дуч келишдан қўрқди шекилли, катта йўлдан юрмай, дала ва ўтлоқларни тик кесиб бора бошлади.
Бу одам Лукас амаки бўлиб, у ўз тегирмонига қайтаётган эди.

XIX б о б

ДАШТДАГИ БЕҲУДА НИДОЛАР

“Вой, тавба, ҳали шу нотавон алькальд мени лақиллатмоқчи бўлдими, мени-я, кимсан, Арченада1 киндик қони тўкилган одамни-я? — деб ўзига-ўзи гапириб борарди тегирмончи. — Ҳали тонг отсин, сеньор епископнинг олдига бориб, ҳамма бўлган машмашани бир бошдан гапириб бераман. Буни қаранг-а, шундай бемаҳалда, шошилинч равишда, тағин ёлғиз ўзимни уйимдан обчиқиб кетишса, қаёқдаги бўлмағур қалбаки пул ясовчилар, жодугарлар ҳақида жавраб, қулоғимни қоқиб қўлимга беришса-ю… охир-оқибат, икки қадаҳ вино ичириб, ухлагани жўнатишса!.. Ҳаммаси тушунарли тўққиз пулдай! Гардунья оқсоқолга коррехидорнинг йўриғини олиб бориб берган… демак, айни шу чоқда коррехидор менинг хотинимга хушомад қилаётган бўлса ажабмас… Ким билсин, ҳозир етиб борганимда, у эшигимни тақиллатаётган бўлиб чиқар! Ким билсин, балки уни уйимнинг ичида учратарман!.. Ким билсин!.. Э, нима деб вайсаяпман ўзи? Ҳали ўзимнинг наварралик хотинимдан гумонсираяпманми?.. Ахир, худонинг қаҳрини келтиряпман-ку! У бундай қилолмайди… Менинг Фраскитам бундай қилолмайди! У йўл қўймайди!.. Ие, нималар деяпман ўзи? Бу дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин, мана, масалан, у мендай бадбашарага турмушга чиқмадими?”
Букри шундай хаёлларга бориб, бирдан йиғлаб юборди…
Кейин у эшагини “ишш” деб тўхтатди, бир оз кўнгли таскин топиб, кўзёшларини артди, чуқур бир хўрсиниб қўйди-да, чўнтагидан тамаки халтасини олиб, ундан цигарка ўради, чақмоқтошни чақиб, пиликни ўт олдирди-да, цигаркасини тутатди.
Худди шу пайт бу ердан уч юз қадамча наридан ўтган катта йўлдан туёқ товуши эшитилди.
“Вой, эҳтиёт бўлишим керак-ку! — деб ўйлади Лукас. — Ҳали мени одил суд малайлари қидираётган бўлса-я? Тентаклик қилиб, ўзимни сездириб қўймасам эди!”
У чўғни яширди, эшакдан тушиб, ўзини унинг панасига олди.
Лекин эшак унинг бу ҳаракатини бошқача тушунди ва ҳузур қилиб ҳанграб юборди.
— Вой, касофат-е! — деди Лукас амаки икки қўли билан эшагининг тумшуғидан бўғишга ҳаракат қиларкан.
Аксига юриб, катта йўлдан ҳам эшакнинг ҳанграгани эшитилди, — бу одоб юзасидан саломга алик олиш эди.
“Бўлди, қўлга тушдим! — деб ўйлади тегирмончи. — Иши эшакка тушганнинг ҳолига вой, деб бекорга айтишмаган экан”.
У шундай хаёлга бориб, эшагига сакраб минди-да, уни бегона эшак овози келган катта йўлдан тескари томонга чоптириб кетди.
Лекин қизиғи шундаки, тегирмончининг эшаги билан саломлашган эшакда кетаётган мавжудот ҳам Лукас амакидан бадтар қўрқиб кетган эди. Буни сизга айтишимдан мақсад, ўша эшак минган шахс, Лукасни гўё биронта альгвасил ёки дон Эухенио пулга ёллаган қандайдир бадкирдор одам, деб ўйлаган бўлса керак, эшагини йўлдан четга буриб, экинзор далани пайҳон қилганча ура қочиб қолди.
Бу аснода тегирмончи ҳасратидан чанг чиқариб борарди:
— Вой, мунча зим-зиё бўлмаса бу тун! Шу ўтган бир-икки соат ичида ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди-я! Альгвасиллар қўшмачилик қилишди, алькальдлар менинг номусимга доғ туширмоқчи бўлишди, эшаклар бемаврид ҳанграшди, менинг қалбим эса, дунёда энг покдомон аёл бўлган хотинимдан шубҳа қила бошлади-я! Э худо, ё тангрим! Тезроқ уйимга етиб олишимга ва Фраскитамнинг ойжамолини кўришимга мадад бер!
Лукас амаки экинзорлар, дарахтзорларни тик кесиб ўтиб, соат ўн бирга яқин эсон-омон уйига етиб олди…
Жин урсин! Тегирмон дарвозаси ланг очиқ эди!

ХХ б о б

ШУБҲАЛАР ВА ҲАҚИҚАТ

Ланг очиқ эди… Лекин боя жўнаб кетаётганида хотини дарвозани ичидан қулфлаб, зулфинини суриб, тамбалаганини ўз қулоғи билан эшитган эди-ку.
Демак, дарвозани фақат ўз хотини очган бўлиши мумкин.
Лекин қандай қилиб, қачон ва нега очади? Хотинини лақиллатиб киришдимикин ичкарига? Уни мажбур қилишмадимикин? Балки Фраскитанинг ўзи атайлаб коррехидор билан олдиндан келишиб қўйгандир?
Ҳозир у уйга кириб нимани кўраркин? Нимани биларкин? Қандай кўргиликка рўпара келаркин? Ё Фраскита қочиб кетдимикин? Балки уни ўғирлашгандир? Эҳтимол, у энди ўлгандир? Ё рақибининг қучоғида ётибдимикин?
“Коррехидор мени кечаси қайтиб келмайди, деб ўйлаган, — деди маъюс оҳангда Лукас амаки. — Алькальд мени зинҳор уйимга қўйиб юбормаслик ҳақида буйруқ олган бўлса ажаб эмас… Фраскита буни билармикин? У коррехидор билан тил бириктирганмикин? Ё у фириб ва зўравонлик қурбони бўлдимикин?”
Шўрлик эр шу машъум мулоҳазалар билан шийпончадан ўтиб уй остонасига етди.
Уйнинг эшиги ҳам очиқ эди. Эшикдан, ҳамма қишлоқ уйларида бўлганидек, даставвал ошхонага кириларди.
Ошхонада ҳеч ким йўқ эди. Лекин каминда ланғиллаб олов ёниб турарди. Ҳолбуки, боя тегирмончи жўнаб кетаётганида ўт ёқилмаган эди, аслида ўзи то декабрнинг ўрталаригача камин ёқилмасди!
Бу ҳам етмаганидек, бу ердаги битта қозиққа ёниб турган машъала илинганди…
Бунинг сабаби нимайкин? Демак, уйда кимдир бор… Нега бутун уй худди сув қуйгандек сукутга толган?..
Хотинига нима бўлдийкин?
Лукас амаки мана энди стулларнинг суянчиғига илинган кийимларни кўриб қолди; бу стуллар каминга яқин суриб қўйилган эди.
У бу осилган кийимларга разм солиб қаради-ю, бирдан жон ҳолатда шундай ҳайқириб юбордики, бу ҳайқириқ унинг томоғига тиқилиб қолиб, сассиз нолага айланди.
Тегирмончи нафаси қайтиб, ҳозир бўғилиб ўлиб қоладигандек ҳис қилди ўзини ва беихтиёр қўллари билан томоғини ушлаб олди. Ранги мурданикидек бўзариб кетди, худди жон таслим қилаётгандай ғайриихтиёрий тарзда сесканиб-сесканиб тушди, лекин косасидан отилиб чиқиб кетгудай бўлган кўзларини стулларга илинган бегона кийимлардан ҳеч узолмади; у даҳшат оғушида эди — гўё у қатл этилишга ҳукм қилинган жиноятчи эди-ю, унга ўлимга маҳкумнинг рўдапо чакмонини кўрсатишгандай эди.
Тегирмончи кўзини узолмай тикилиб қолган кийимлар: тўқ қизил рангли плаш, учбурчакли шляпа, бўзранг камзул, қора шойи иштон, оқ пайпоқлар, олтин тўқали бошмоқлар — хуллас, манфур коррехидорнинг мукаммал уст-боши, шунингдек, унинг амалдорлик таёқчаси, найза-қиличи ҳатто қўлқоплари эдики, булар тегирмончи иснодининг рўдапоси, номусининг кафани, бахтининг тобутига ёпиладиган қора мато эди!
Даҳшатли мушкет ҳамон бундан бир соат бурун хотини ташлаб қўйган ерда ётарди…
Лукас амаки худди шердек ташланиб, мушкетни қўлига олди. Унинг милига сумбани тиқиб, ўқланганлигига ишонч ҳосил қилди. Мушкетнинг чақмоқтоши ҳам жойида эди.
Кейин Лукас амаки зина тагига борди. Бу зина шунча йилдан бери сенья Фраскита билан иккови бирга ётиб юрган хобхонага олиб чиқарди.
— Улар тепада! — деб ғўлдиради у бўғиқ овоз билан.
Тегирмончи зинанинг биринчи пиллапоясига қадам қўяркан, биров мени кузатмаяптимикин, деб атрофига аланглаб қараб қўйди.
“Ҳеч зоғ йўқ, — деди ўзига-ўзи Лукас, — тангримдан бошқа… Наҳотки худо йўл қўйса бунга!”
Тегирмончи энди қатъий бир қарорга келиб, зинадан яна бир пиллапояга кўтарилишга чоғланган эди, бирдан олазарак бўлаётган кўзи столда ётган буклоғлиқ бир варақ қоғозга тушди. Лукас худди жўжага ташланган калхатдек стол томонга отилди ва ҳаяжондан чангак бўлиб қолган бармоқлари билан қоғозга чанг солди.
Бу сенья Фраскитанинг жиянини ишга тайинлаш ҳақидаги ҳужжат бўлиб, унга дон Эухенио де Суньига-и-Понсе де Леон имзо чеккан эди.
“Мана, битим ҳам тайёр! — деб ўйлади Лукас амаки, гўё ич-ичидан отилиб чиқаётган фарёдни бўғмоқчи ва айни пайтда ўз ғазабини қониқтирмоқчи бўлгандай, қоғозни оғзига тиқиб. — Унинг ўз жигарини мендан ортиқроқ яхши кўришини кўпдан бери сезиб юрардим!.. О, нега худо бизга фарзанд ато этмади-я! Ҳамма бало шунда!”
Бояқишнинг ўпкаси тўлиб, ҳўнграб йиғлаб юборишига бир баҳя қолди. Унинг телбаваш ғазабдан нафаси қайтиб кетди ва хирқироқ овозда пичирлади:
— Юқорига! Юқорига чиқиш керак!
Сўнг у бир қўли билан пиллапояларни пайпаслаб, иккинчи қўлидаги мушкетни судраб, коррехидор имзо чеккан қабиҳ қоғозни тишлаганча, зинадан юқорига кўтарила бошлади.
У хобхонанинг берк эшигига яқин келиб, унинг тирқиши ва калит тешигидан ичкарида чироқ ёниб турганини билди.
“Улар шу ерда!” — деб такрорлади у.
Лукас бир зумга тўхтаб қолди. Ғазабдан тутоқиб кетган эди.
Кейин у хобхона эшиги тагигача эмаклаб борди.
Ичкари сув қуйгандек жим-жит эди.
“Агар у ерда ҳеч ким бўлмаса-чи?” — деган ҳадикли умид пайдо бўлди хаёлида.
Лекин шу заҳоти бечоранинг қулоғига кимнингдир йўталгани эшитилди.
Бу кўксов коррехидорнинг йўтали эди.
Энди унда ҳеч қандай шубҳа қолмаган эди. У сувга ғарқ бўлаётган эди, аммо жон сақлаб қолиши учун халоскор чўп ҳам анқонинг уруғи эди унга.
Бу қоронғи қўйнидаги зина бошида тегирмончининг даҳшатли жилмайиши худди зулмат осмонда бирдан чақмоқ чақнагандек бўлди.
Лекин эркак кишининг қалбида баъзан аланга олган олов олдида дунёдаги жамики чарчоқлар нима экан?
Шунга қарамай, Лукас амаки — унинг қалби ўзи, юқорида айтиб ўтганимиздек, шунақа эди, — ўз ғанимининг йўталини эшитган заҳоти кўнгли тинчиди.
Уни ошкораликдан кўра шубҳа кўпроқ изтиробга соларди. Унинг ўзи Фраскитага, сен ҳаётимнинг якка-ю ягона қувончисан, аммо сенга бўлган ишончимни йўқотсам, ўша заҳоти мен мутлақо бошқа одамга айланаман, деб айтган эди-ку, бугун.
Юқорида биз Лукасни Венеция маврига қиёс қилган эдик; худди Отеллода бўлганидек, хотинидан ихлоси қайтган тегирмончида муҳаббат туйғусидан зумда асар ҳам қолмади, унинг бутун руҳий ҳолати чаппасидан кетди ва бутун дунё унинг кўзига зулматгоҳ бўлди. Фарқ фақат шунда эдики, Лукас амакининг табиати Дездемонанинг телба қотилиникидан сал ювошроқ, аммо анча худбин эди.
Шу пайтда бундай вазиятда жуда камдан-кам содир бўладиган ҳол юз берди: тегирмончининг юраги шубҳа ёхуд умиддан (энди унисининг ҳам, бунисининг ҳам фарқи йўқ эди) яна бир лаҳзагагина ҳаяжонга тушди.
“Балки мен янглишаётгандирман? — деб ўйлади у. — Эҳтимол, бу йўталган Фраскитадир?..”
Унинг руҳи шу қадар тушиб кетган эдики, ҳатто камин яқинида стулларга илиб қўйилган коррехидорнинг кийим-бошларини ҳам, келганида дарвозанинг ланг очиқ бўлганини ҳам, номусига тажовуз қилувчи ҳужжатни ўз кўзи билан ўқиганини ҳам унутиб қўйган эди…
У ғазаб ва ҳаяжондан қалт-қалт титраганча, энгашиб қулф тешигидан мўралади.
Бу тешикдан каравотнинг бош томонидаги тумордаккина учбурчак жой кўзга ташланди. Лекин ёстиқларнинг бир чеккаси ва у ерда ётган коррехидорнинг боши айнан шу учбурчак жойда эди!
Яна тегирмончининг афтини иблисона истеҳзо буриштириб юборди.
У гўё яна иқболга эришгандай эди.
— Мана, энди бор ҳақиқат менга аён бўлди! Нима қилишни яхшилаб ўйлаб кўрайлик! — деб пичирлади у ва бамайлихотир кайфиятда қаддини ростлади.
“Жуда нозик иш… Ҳаммасини пухта ўйлаб кўриш керак. Вақтим етарли”, — дея мулоҳаза қиларди ва зинадан тусмоллаб оёқ босиб, аста-аста тушаркан.
Лукас бошини чангаллаганча, ошхона ўртасидаги стулга ўтириб қолди.
У шу алфозда ўй суриб ўтираркан, нимадир унинг оёғига аста урилиб, хаёлини қочириб юборди.
Бу тиззасидан сирғалиб тушган мушкет эди. Бу тегирмончини жангга даъват этувчи туртки эди.
— Йўқ! Айтяпман-ку, сенга, йўқ! — деб пичирлади Лукас амаки мушкетига юзланиб. — Керак эмассан менга! Ҳамма уларга ачинади… Мени эса дорга осишади! Ахир бу кимсан, коррехидор-а… Испанияда коррехидорнинг қотилини кечирмайдилар. “Фақат рашк даъвати билан ўлдирган, кейин ечинтириб, каравотига ётқизиб қўйган”, дейишади. Яна одамлар, Лукас хотинини, зино ишда шубҳа қилгани учун ўлдирган, дейишади… Ва мени дорга осишади. Албатта, осишади!
Бу ҳам етмагандек, умримнинг охирида, одамлар мен ҳақимда, Лукаснинг иродаси заиф экан, енгилтаклик қилди, деб гапира бошлайдилар, ҳамма устимдан кула бошлайди! Бу кунга тушишига ўзи сабабчи, дейишади: негаки, мен букриман, Фраскита бўлса, дилбар аёл! Йўқ, асло бундай қилолмайман! Мен ўзим учун қасос олишим керак. Қасос олсам, марра меники — унда ҳаммадан нафратланаман, уларни мазах қилиб куламан! О, шундай мазах қилайки, кейин ҳеч ким мени букри деб масхара қилолмасин, — кўплар ҳозир букримга ҳавас қиладиган бўлишган! Лекин мени дорга оссалар, букрим жуда кулгили кўринса керак!
Лукас амаки шундай мулоҳаза қилар экан, нима деётганини ўзи ҳам билмасди. Ҳар қалай, шу мулоҳазалари таъсирида у мушкетни жойига қўйди ва қўлини орқасига боғлаб, бошини хам қилганча, у ёқдан-бу ёққа танда қўя бошлади. У ўз хотини ва коррехидорни таҳқирловчи жуда антиқа бир чора қидираётгандай, кўзини ердан узмасди. Лекин бунинг учун судга арз қилмоқчи ҳам, уларни кечирмоқчи ҳам, худога солмоқчи ҳам, коррехидор билан яккама-якка жанг қилмоқчи ҳам эмасди…
Шу пайт Лукаснинг кўзи бирдан коррехидорнинг кийимларига тушди-ю… турган ерида донг қотиб қолди…
Унинг чеҳрасида бирин-кетин мамнунлик, қувонч ва шодиёна аломатлари пайдо бўла бошлади… У худди телба одамдай кулиб юборди. Юқоридагилар эшитмасин учун, товуш чиқармай, худди тутқаноғи тутган одамга ўхшаб, қорнини чангаллаганча, қотиб-қотиб кулди. Бу Мефистофелга хос чинакам заҳарханда кулги эди.
Ниҳоят, у бир оз таскин топди ва шоша-пиша ечина бошлади. У ўз кийимларини коррехидорнинг уст-боши осилган стулларга илди ва унинг тилла тўқали бошмоғидан тортиб учбурчакли шляпасигача — ҳамма уст-бошини кийиб олди, найза-шамширини белига илиб, устидан тўқ-қизил плашини кийди, қўлига мансаб асосини олиб, катта йўлдан худди дон Эухенио де Суньигага ўхшаб, икки томонга чайқалиб шаҳар томон кетиб бораркан, дам-бадам миясига ўтириб қолган бир жумлани такрорларди:
— Лекин коррехидорнинг хотиниям нозандайгина!

XXI б о б

ЎЗИНГИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛИНГ

Биз Лукас амаки билан вақтинчалик хайрлашайлик-да, сенья Фраскитани ёлғиз ўзини тегирмонда қолдирганимиз пайтдан то унинг эри қайтиб келиб, уйида шунча ғайриоддий ўзгаришларни кўргунча юз берган ҳодисалар билан шуғулланайлик…
Лукас амаки Тоньюэло кузатувида уйидан жўнаб кетганига тахминан бир соатча вақт бўлди. То эри қайтиб келгунча ётмасликка аҳд қилиб, юқори қаватдаги хобхонада тўр тўқиб ўтирган ғамзада жувон бирдан ташқарида, тегирмон нови ўрнатилган жойда кимнингдир аянч билан чинқирганини эшитди.
— Вой, чўкиб кетаман, ёрдам беринглар! Фраскита!.. — деб фарёд қиларди тамоман ночор аҳволга тушган эркак овози.
“Вой ўлмасам, Лукас бўлса-я!” — деб кўнглидан ўтказди ваҳимага тушган наварралик жувон.
Гардунья айтганидек, хобхонадан тегирмон новига очиладиган яна битта мўъжазгина эшик бор эди. Сенья Фраскита ёрдам сўраб нола чеккан одамнинг овозини танимаганлигидан, тараддудланиб ўтирмай дарров ўша эшикни очди, очди-ю, коррехидорга рўпара келди — у шовуллаб оқаётган сувдан эндигина базўр эмаклаб чиққан, бошдан-оёқ шалаббо эди…
— Ё Ийсо алайҳиссалом! Ё Ийсо алайҳиссалом! — дея ғўлдирарди сассиқ чол. — Куним битди, ажалим етди, деб ўйловдим!
— Ие! Ҳали бу сизмисиз? Бу қанақаси? Қандай ҳаддингиз сиғди? Шу бемаҳалда нима бор сизга бу ерда?.. — деган саволлар билан тегирмончининг хотини коррехидорга ташланди, унинг овозида ҳадикдан кўра нафрат кўпроқ эди, аммо шунга қарамай, у беихтиёр орқасига тисарилди.
— Жим бўл! Жим! — дея ғўлдираганча коррехидор Фраскита кетидан хонага кириб олди. — Ҳозир сенга ҳамма гапни тушунтириб бераман… Биласанми, сал бўлмаса сувга чўкиб кетаёздим! Сув мени худди бир хасдек оқизиб кетди! Аҳволимга қара — шилтам чиқди!
— Даф бўлинг! Даф бўлинг уйимдан! — деб чинқирди баттар ғазаби ортган Фраскита. — Менга тушунтиришингизнинг ҳожати йўқ!.. Шундоқ ҳам ҳаммасига тушуниб турибман. Сувга оққанингиз билан неча пуллик ишим бор? Нима, мен сизни чақирувдимми? О! Қандай разолат! Ҳали шу ниятда эримга одам юборган экансиз-да?
— Олдин эшит, жонгинам…
— Ҳеч нима эшитмайман! Ҳозироқ қорангизни ўчиринг, сеньор коррехидор!.. Даф бўлинг, бўлмаса, сизни бир балога гирифтор қилиб қўйишим мумкин!
— Нима дединг?
— Эшитдингиз нима деганимни! Ҳозир эрим уйда йўқ, лекин ўзим ҳам сизни хонадонимизни ҳурмат қилишга мажбур эта оламан. Агар энди сизни яна ўзим сувга итариб юборишимни хоҳламасангиз, жўнаб қолинг уйингизга!
— Қизалоғим! Қичқирма, ахир мен кар эмасман!.. — деди қари хотинбоз. — Бу ерга бекорга келганим йўқ!.. Қишлоқ оқсоқоли янглишиб эрингни ҳибсга олибди, уни озод қилгани келдим… Лекин сен олдин кийимларимни қуритиб бер… Роса шилтаю шалаббо бўлдим!
— Кетинг, деб айтдим мен сизга!
— Жим бўл, тентак… ҳеч нимага тушунмаяпсан! Қара… Мана, жиянингни ишга тайинлаш ҳақида фармон… Каминга олов ёқ, кейин бемалол гаплашамиз… То кийимларим қуригунча, мен мана шу каравотда ётиб тураман…
— Ҳа-а, гап бу ёқда денг! Нима мақсадда келганингиз энди менга аён! Эрим Лукасни нега қўлга олганингиз сабабини мана энди тушундим! Нега бу ерга жиянимни ишга тайинлаш ҳақидаги фармон билан келганингизни ҳам энди тушундим! Ё авлиё-ю анбиёлар! Қаранг-а, ким деб ўйлаяпти ўзи мени бу тасқара?
— Фраскита! Унутма, мен коррехидорман-а!
— Менга деса қирол бўлмайсизми! Бир гўрсиз ҳаммангиз! Мен ўз эримнинг хотини, ўз уйимнинг бекасиман! Нима, ҳали мени коррехидордан қўрқади, деб ўйлаганмидингиз? Мен ҳали Мадридга, керак бўлса, ундан ҳам нарига бориб, коррехидор номига доғ тушираётган қари фосиқнинг танобини тортиб қўйишга қурбим етади! Ундан олдин, эртагаёқ мен хотинингизнинг олдига бораман…
— Йўқ, йўқ, асло бундай қилма! — деб чинқириб юборди коррехидор. — Сен, хотин, ҳаддингдан ошма! Агар гапларимга қулоқ солмасанг, отиб ташлайман!
— Отасиз? — бўғиқ овоз билан сўради сенья Фраскита.
— Ҳа, отаман… Бу қилмишим учун менга ҳеч нима бўлмайди. Зеро мен шаҳардан йўлга чиққанимда, жиноятчиларни тутгани кетяпман, деб айтганман… Ке, қўй, ўжарлик қилма… менга кўнгил қўй… ахир, мен сени жонимдан ортиқ севаман!
— Мени отмоқчимисиз ҳали? — деб такрорлади наварралик жувон икки қўлини орқасига қилиб, гўё ғанимига ҳамла қилмоқчи бўлгандай, бутун гавдасини олдинга ташларкан.
— Агар айтганимга кирмай терслик қилсанг, сени ўлдириб, дўқ-пўписаларингдан ҳам… бу ҳусни жамолингдан ҳам бира-тўла қутуламан, — деди юрак олдириб қўйган коррехидор ёнидан бир жуфт чўнтак пистолетини чиқараркан.
— Оҳ-ҳо, бир чўнтагингизда пистолет, иккинчисида — жиянимни ишга тайинловчи фармон, денг? — деди сенья Фраскита бошини сарак-сарак қилганча. — Ҳай, начора, сеньор, бошқа иложим йўқ. Бир дақиқа сабр қилиб туринг, ошхонага тушиб каминга ўт ёқиб чиқай.
Шундай деб у зина томон юрди ва ғизиллаганча пастга тушди.
Коррехидор Фраскитани қочиб кетади деб ўйлаб, қўлига шамчироқ олди-да, орқасидан эргашди. Лекин у жуда секин ҳаракат қилгани сабабли, энди пастга тушиб, ошхона остонасига етганида наварралик жувонга рўпара келди. У орқасига қайтаётган эди.
— Демак, жаноблари мени отмоқчилар-а? — деди шаддод аёл бир қадам орқага чекинаркан. — Ундай бўлса, қани, ўзингизни ҳимоя қилинг! Хизматингизга тайёрман.
Шундай деб у қиссамизда каттагина рол ўйнаётган ўша мушкетни коррехидорга ўқталди.
— Ташла мушкетни, касофат! Бу нима қилганинг?! — деб чинқириб юборди қўрққанидан мурдадек бўзариб кетган коррехидор. — Мен ҳазиллашгандим… Мана, кўр… Пистолетлар ўқланмаган. Лекин фармон — ҳақиқий… Мана у… Ма, ол… Уни сенга бераман… У сеники… Эвазига ҳеч нима сўрамайман…
Бутун вужуди қалт-қалт титраётган коррехидор қоғозни столга қўйди.
— Яхши бўлди! — деди аёл. — Эртага эрталаб эримга нонушта тайёрлаш учун ўчоққа олов ёққанимда бинойидек тутантириқ бўлади. Менга ҳеч нима керак эмас сиздан. Жияним Эстельядан бу ёққа келмайди, келганида ҳам, сизнинг мана шу мараз қоғозга имзо чеккан қўлингизни синдиргани келади! Ҳозироқ даф бўлинг уйимдан! Эшитяпсизми? Жўнанг! Жўнанг! Қорангизни ўчиринг! Аччиғимни чиқарманг, бўлмаса ёмон бўлади!
Коррехидор бунга жавобан ҳеч нима демади. Унинг ранги бирдан оқариб, деярли кўкариб кетди, кўзлари ола-кула бўлиб, аъзои бадани худди безгак хуруж қилгандек дағ-дағ қалтирай, тишлари такиллай бошлади, кейин бу руҳий ларзага дош беролмай гурс этиб ерга қулади.
Сувга йиқилиб тушиб, жиққа ҳўл кийимлари баданига елимдек ёпишганида ваҳимага тушган, хобхонадаги даҳанаки жанг, наварралик аёл ўқталган мушкет рўпарасида қўрққанидан жон ҳовучлаб тургани — буларнинг бари нимжон қарияни адойи тамом қилган эди.
— Ўляпман! — деб ғўлдиради у. — Гардуньяни чақир!.. Чақир Гардуньяни, у шу атрофда… жарда бўлиши керак… Менинг бу хонадонда ўлишим мумкин эмас!..
У бошқа ҳеч нима деёлмади. Кўзларининг оқи кўриниб, худди мурдадек оёқ-қўлини узатди.
“Вой, ростданам ўлиб қолса-я? — деган фикр лип этиб ўтди сенья Фраскитанинг хаёлидан. — Бундан бадтар кўргилик бўлиши мумкин эмас. Ўлиб қолса, уни нима қиламан? Агар ўлиб қолса, нима деган одам бўламан? Лукас нима деб ўйлайди?.. Қандай оқлайман ўзимни, эшикни унга ўзим очганимдан кейин?.. Йўқ! Йўқ! Мен бунинг ёнида қолмаслигим, эримни қидириб топишим керак. Мен номусимни пок сақлаш учун ҳеч нимадан қайтмайман!”
Аёл шу қарорга келиб, мушкетни ташлади, ғизиллаганча оғилга бориб, эшакни ечди ва уни бир амаллаб эгарлади-да, дарвозани очди, тўладан келган, барваста жувон бўлса ҳам, бир сакраб, эшакка минди ва уни жар томон чоптириб кетди.
— Гардунья! Ҳой, Гардунья! — деб у анча наридан чақира бошлади.
— Бу ёқдаман! — деб жавоб қилди ниҳоят альгвасил ғов орқасидан қорасини кўрсатиб. — Сизмисиз, сенья Фраскита!
— Ҳа, менман. Тегирмонга югур, хўжайинингга ёрдам қил. У ўляпти!..
— Ҳазил қиляпсизми? Ишонмайман!
— Ҳазилга бало борми шу топда, Гардунья?
— Ўзингиз-чи, тасаддуқ? Ўзингиз қаёққа кетяпсиз шу бемаҳалда?
— Менми?.. Нари тур, галварс! Мен… шаҳарга, табибга кетяпман! — деб жавоб қилди сенья Фраскита, эшагининг биқинига товони билан ниқтаб ва оёғининг учи билан Гардуньяни тепиб юбориб.
У жўнаб кетди… лекин Гардуньяга айтганидек, шаҳарга эмас, балки қўшни қишлоқ сари йўл олди…
Гардунья бу нарсага эътибор бермади — тегирмон томонга ўқдай югуриб бораркан, ўзича шундай мулоҳаза қиларди:
“У табибга кетди!.. Бошқа нимаям келарди қўлидан? Лекин бечора коррехидорга нима жин урди? Келиб-келиб шундай пайтда касал бўладими? Сузонғич сигирга худо шох ато этмайди, деб тўғри айтишар экан!”

XХII б о б

ГАРДУНЬЯНИНГ ҒАЙРАТИ ЖЎШ УРМОҚДА

Гардунья тегирмонга етиб келганида, коррехидор энди ҳушига келиб, ўрнидан туришга уринаётган эди.
Унинг ёнида ерда шамчироқ ёниб турарди — коррехидор уни боя хобхонадан олиб чиққан эди.
— Кетдими? — деб сўради дон Эухенио биринчи навбатда.
— Ким?
— Анави иблис!.. Тегирмончининг хотинини айтяпман…
— Ҳа, сеньор… У кетди… Лекин кайфияти яхши эди, деёлмайман…
— Оҳ, Гардунья, мен ўламан…
— Нима бўлди ўзи сизга, жаноби олийлари? Азбаройи худо, мен…
— Сувга йиқилиб тушиб шалаббо бўлдим… Совуқ қотиб қалтираб кетяпман…
— Ҳа, тушундим! Демак, айб сувда!
— Гардунья!.. Гапингнинг маза-матраси йўқ!
— Мен ҳеч нима гапираётганим йўқ, сеньор…
— Ҳа, бўпти… мени қутқар бу фалокатдан…
— Жоним билан… Мана кўрасиз, сеньор, зумда кифтини келтираман ҳамма ишни!
Альгвасил шундай деб, кўз очиб-юмгунча бир қўлига шамчироқни ушлаб иккинчи қўли билан коррехидорни қўлтиқлаб, хобхонага етаклаб олиб чиқди, уни қип-яланғоч қилиб ечинтириб, тўшакка ётқизди, кейин омборхонага ғизиллаб бориб, бир қучоқ ўтин олиб келди-да, ошхонадаги каминга олов ёқиб, юқори қаватдан хўжайинининг кийим-бошларини олиб тушиб, уларни стулларнинг суянчиқларига илиб чиқди, фонусни ёқиб, уни қозиққа илди, шундан кейин хобхонага қайтиб чиқди.
— Хўш, қалай ҳис қиляпсиз ўзингизни? — деб сўради у дон Эухениодан ва унинг юзини яхшироқ кўриш учун шамчироқни баланд кўтарди.
— Жуда яхши! Ҳадемай терласам керак… Лекин эртага сени дорга осаман, Гардунья!
— Вой, нега энди, сеньор?
— Тағин сўрайди-я, нега деб! Нима, ўша сен тузган аҳмоқона режа бўйича, мен бу тўшакда ёлғиз ўзим ётишим керакмиди, ё мени болалигимда бир марта сувга солиб чўқинтирганлари каммиди?.. Эртагаёқ дорга осиласан!
— Тушунтириброқ айтсангиз-чи, ахир, зоти олийлари, нима бўлди ўзи?
— Сенья Фраскита мени ўлдирмоқчи бўлди. Сенинг маслаҳатингга кириб, кўрган “фойдам” шу бўлди. Гапимга ишонавер, сени албатта дорга осаман эртага эрталаб!
— Бирон ишкал чиқдими, сеньор коррехидор? — деди альгвасил.
— Нима, менинг бу ерда бемажол ётганимдан шундай хаёлга бордингми?
— Йўқ, сеньор. Бунга сабаб, сенья Фраскита табибни бошлаб келгани шаҳарга жўнаб кетаётганида кўзимга асло бадқаҳр бўлиб кўринмаган эди…
— Нима дединг? Ё тангрим! Сен унинг шаҳар томонга кетаётганини аниқ биласанми? — деб юборди юраги орқасига тортиб кетган дон Эухенио.
— Ҳарҳолда, унинг ўзи шундай деб айтди менга…
— Югур, Гардунья! Уч шаҳарга!.. Оҳ, мен адойи тамом бўлдим!.. Биласанми, нега шаҳарга кетган Фраскита? Ҳамма бўлган гапни хотинимга айтгани!.. Менинг бу ерда ётганимни унга хабар қилгани!.. Вой, худойим-е! Шўрим қурсин, нега илгарироқ кўнглимга келмабди-я? Мен бўлсам, у эрини топгани қишлоққа кетган, деб ўйловдим, лекин эри ишончли қўлда. — Бундан кўнглим тўқ! Агар бу аёл шаҳарга кетган бўлса, унда… Гардунья, оёғингни қўлингга олиб, шаҳарга уч… Ахир сен чаққоноёқсан-ку, қутқар мени шарманда бўлишдан! Ўша бадбахт аёлнинг уйимга киришига йўл қўйма!
— Агар шу амрларини бажарсам, жаноби олийлари мени дорга осмайдиларми?
— Осишни ўйламайман ҳам. Сенга яна этик ҳам совға қиламан: у оёғимга катта келди, лекин ҳали яп-янги. Мен сенга, нима хоҳласанг шуни бераман!
— Ундай бўлса, ўқ бўлиб учаман. Сиз хотиржам ухлайверинг, жаноби олийлари. Ўша наварралик хотинни ҳибсга оламан-да, яна ярим соатдан кейин ҳузурингизда бўламан. Лозим бўлганда, мен эшакдан ҳам тезроқ югура оламан.
Гардунья шундай деди-ю ғизиллаганча зинадан тушиб кетди. Китобхон тушуниб турган бўлса керак, айни Гардунья тегирмондан жўнаб кетган пайтда бу ерга тегирмончи келган ва қулф тешигидан мўралаб, ҳар хил мўъжизаларни кўрган эди.
Алқисса, майли, коррехидор бегона тўшакда ётиб терлайверсин, Гардунья эса шаҳар томон ўқдай учаверсин, салдан сўнг унинг кетидан Лукас амаки ҳам бошига учбурчакли шляпа, эгнига тўқ-қизил рангли плаш кийиб равона бўлаверсин, вале биз оёқни қўлга олиб, муҳтарама сенья Фраскитанинг кетидан қишлоқ сари йўл оламиз.

XXIII б о б

ЯНА САҲРОДА, ЛЕКИН ЭНДИ ТАНИШ ОВОЗЛАР

Наварралик жувон тегирмондан чиқиб, қишлоқ сари кетаётганида, кимнингдир дала ўртасида туриб олиб, чақмоқ чақаётганини кўриб сал чўчигандай бўлди.
“Вой, тағин бу коррехидорнинг айғоқчиси бўлса-я! Агар йўлимни тўсса нима қилдим?” — деб ўйлади у.
Шу пайт бирдан эшак ҳанграб юборди.
“Шу бийдай далада ярим кечада эшак нима қилиб юрибди?” — деб кўнглидан ўтказди сенья Фраскита. — Ахир, бу атрофда на экинзор дала, на бирон турар жой бор-ку… Чамамда, мени жинлар мазах қилмоқчи-ёв! Лекин у эримнинг эшаги эмаслиги аниқ… Менинг Лукасим бу ерда, катта йўлдан четда шу бемаҳалда нима қилади? Турган гап! Бу айғоқчи!”
Шу маҳал сенья Фраскита минган эшак ҳам, саломга алик олишни лозим топди шекилли, ҳанграб юборди.
— Ўчир овозингни, яшшамагур! — дея ўдағайлади аёл эшагини халачўп билан ҳайдар экан.
Наварралик аёл ҳам бегона одам билан учрашишдан қўрқиб, эшагини йўлдан четга буриб, даладан чоптириб кетди.

XXIV б о б

ЎША ЗАМОН ҚИРОЛИ

Сеньор алькалд кечқурунги тўкин майхўрликдан кейин, уйига кириб, муҳтарама рафиқасига орқа ўгириб ётди. Лекин орадан хиёл вақт ўтар-ўтмас Тоньюэло эр-хотин ётган уйнинг эшигини гурсиллатиб уриб, сеньор Хуан Лопесга, тегирмончининг хотини сенья Фраскита у билан гаплашмоқчи эканлигини айтди.
Биз эндигина кўзи илинган алькальднинг нималар деб тўнғиллагани, қандай сўкингани ҳақида тўхталиб ўтирмай, воқеани тўғридан-тўғри унинг мушакларини чиниқтириш учун машқ қилаётган гимнастикачига ўхшаб керишиб, сенья Фраскитанинг олдига чиққан ва ҳар ҳомуза тортганида тегирмончининг хотинидан ҳол-аҳвол сўраган пайтидан бошлай қоламиз:
— О, қалай, бебаҳо соғлиғингиз, сенья Фраскита? Қайси шамол учирди? Ахир, Тоньюэло сизга, тегирмондан ҳеч қаёққа кетманг, деб тайинлаган бўлса керак? Шуми ҳали ҳокимият амрига итоат этганингиз?
— Мен эрим Лукасни кўришим керак! — деди наварралик аёл қатъий оҳангда. — Мен уни ҳозирнинг ўзида кўришим керак! Унга, хотининг шу ерда, деб айтинг!
— Керак! Керак! Сеньора, сиз шахсан қиролнинг ўзи билан гаплашаётганингизни унутиб қўяяпсиз!
— Бу қирол-пирол деган майнавозчиликни йиғиштиринг, сеньор Хуан, ҳазил қилишга ҳолим йўқ менинг! Бошимдан нималар кечганини, нима учун эримни ҳибсга олганингизни ўзингиз жуда яхши биласиз.
— Мен ҳеч нима билмайман, сенья Фраскита… Энди эрингиз масаласига келсак, у асло ҳибсда эмас, бу ерда бамайлихотир ухлаб ётибди. Ҳой, Тоньюэло! Тоньюэло, деяпман, ғизиллаб пичанхонага бор-да, Лукас амакига айт, дарров етиб келсин бу ёққа… Ана, ҳозир келади… Хўш, ўзингизга нима бўлди?.. Ёлғиз ухлашга қўрқдингизми?
— Уялинг-е, сеньор Хуан! Яхши биласиз — мен бунақа ҳазилни ёқтирмайман! Ҳаммаси кундай равшан: Сиз билан сеньор коррехидор мени бадном қилмоқчи бўлгансизлар, лекин икковингиз ҳам қуруққа чопдингиз! Мен — бу ердаман ва шаънимга доғ туширадиган ҳеч нима бўлгани йўқ, аммо сеньор коррехидор ҳозир тегирмонда жони чиқай-чиқай деб чўзилиб ётибди…
— Коррехидор-а? — деб ҳайқириб юборди қишлоқ оқсоқоли. — Шу гапингиз ростми, сеньора?
— Мен ёлғон гапирмайман. У тегирмон новига йиқилиб тушиб, сувга чўкиб кетишига бир баҳя қолибди. Эҳтимол, у зотилжам бўлгандир, ё бошқа бирон дардга чалингандир… Буёғи энди унинг хотинига ҳавола. Мен бу ерга эримни олиб кетгани келдим. Биз эртага эрталабоқ Мадридга жўнаймиз ва ҳамма бўлган машмашани қиролга сўзлаб берамиз…
— Ана холос! Жин урсин! — деб ғўлдиради сеньор Хуан Лопес. — Менга қара, Мануэла! Сен, қизим, бориб менга хачирни эгарла… Сенья Фраскита, мен тегирмонга бораман, агар сеньор коррехидор бирон фалокатга учраган бўлса, шўрингиз қурийди!
— Сеньор, алькальд, сеньор алькальд! — деб қичқирди шу пайт хонага жонҳолатда ҳовлиқиб кириб келган Тоньюэло. — Лукас амаки пичанхонада йўқ, унинг эшаги ҳам йўқ, оғилхонанинг дарвозаси ланг очиқ… Бир сўз билан айтганда, қушча учиб кетибди!..
— Нима деб валдираяпсан? — дея дағдаға қилди сеньор Хуан Лопес.
— Ё муқаддас биби Марям! Ишқилиб, уйимизда бирон фалокат юз бермасайди! — деди сенья Фраскита. — Тезроқ борақолайлик, сеньор алькальд, дам ғанимат!.. Агар эрим шу пайтда коррехидорни тегирмонда учратса, уни ўлдириб қўйиши аниқ…
— Сиз Лукасни тегирмонга кетган деб ўйлайсизми?
— Бўлмаса, қаёққа борарди? Сизга яна бошқа гапни айтай… Боя мен бу ёққа келаётганимда, йўлда уни учратдим, лекин танимадим. Вой ўлмасам, далада турволиб чақмоқ тошдан пилта тутатаётган эрим эди-ку! Э худо! Буни қаранг-а, баъзида ҳайвонлар одамлардан ақллироқ бўлишаркан-а! Буни айтишимдан мақсад, сеньор Хуан, эшакларимиз бир-бирини таниб, ҳанграшишди-ю, лекин мен билан Лукас бир-биримизни танимадик… Аксинча, бир-биримизни айғоқчи деб ўйлаб, икки томонга тирақайлаб қочдик!..
— Ўргилдим ўша, Лукасингиздан! — деди алькальд. — Ҳа, яхши, кетдик, сизларга нима чора кўришни ўша ерда ҳал қиламиз. Мен билан ҳазиллашганнинг ҳолига вой! Чунки мен қиролман!.. Эй Мануэла, менга мансаб таёқчамни олиб кел, кейин бекангга айт, мен кетяпман! — Чўри қиз “хўп” дегандек бош эгди.
Бу аснода сеньор Хуан Лопеснинг хачири эгарланиб шай турганидан, сенья Фраскита билан алькальд Тоньюэло кузатувида тегирмон сари равона бўлишди.

XXV б о б

ГАРДУНЬЯНИНГ ОМАДИ

Биз ўзимизни ҳар қандай чопқирдан ҳам чопқирроқ деб тасаввур қилайлик-да, олдинроқ бўлган воқеага назар ташлайлик.
Гардунья шаҳарнинг ҳамма кўчаларини изғиб чиқиб, сенья Фраскитани топа олмади ва яна, ўзи айтган пайтда тегирмонга қайтиб келди.
Айёр альгвасил йўл-йўлакай коррехимьентога кириб ўтишни ҳам унутмади. Ҳаммаёқ тинч, осойишта эди. Ҳамма эшиклар, худди кундуз кунда бўлганидек, ланг очиқ эди. У ерда ўзи шунақа одат ўрнатилган эди: то ҳукумат мансабдорлари зиммаларига юкланган муқаддас бурчни адо этиб, маҳкамага қайтиб келмагунларича эшиклар ёпилмасди. Зина майдончасида ва қабулхонада альгвасиллар ва ўзга ходимлар коррехидорнинг қайтишини кутиб, тинчгина мудраб ўтиришарди. Лекин улардан икки-учтаси Гардуньянинг оёқ товушини эшитиб, кўзларини очишди ва ўзларининг бевосита раҳбарларидан:
— Сеньор келдими? — деб сўрашди.
— Йўқ ҳали! Тинчланинглар. Мен бирон янгилик бормикин, деб билгани келувдим…
— Янгилик йўқ.
— Сеньора қалай?
— У ўзида.
— Яқин орада бу ердан биронта аёл ўтмадими?
— Кечқурундан бери биронта ҳам одам келмади.
— Гап бундай: сизлар ҳеч кимни, у ким бўлмасин, нима деб гапирмасин, ичкарига қўйманглар. Шу билан бирга, сеньорни ё сеньорани сўраб келган ҳар қандай одамни, ҳатто у пайғамбар бўлса ҳам, дарҳол қўлга олиб, ҳибс этинглар.
— Чамаси, бугун каттагина ҳайвонга тузоқ қўйилган, шекилли?
— Энг йирик ҳайвонга, — деди Гардунья маънодор қилиб.— Баски, бу ишга шахсан коррехидор билан икковимиз киришган эканмиз, унинг қанчалик нозиклигига тушунгандирсиз!.. Хўп, хайр ҳозирча, ҳушёр бўлинглар!
— Худо ёр бўлсин, сеньор Бастьян! — дейишди ҳаммалари бараварига.
— Омад мени тарк этяпти! — деб ғўлдиради Гардунья маҳкамадан чиқиб кетаркан. — Ҳатто хотин зоти ҳам менга фириб бериб мот қилмоқда! Тегирмончининг хотини, шаҳарга кетяпман, деб ўзи қишлоққа, эрининг олдига жуфтакни ростлаб қолганга ўхшайди… Эҳ, овсар Гардунья, қаёқда қолди сенинг исковучлигинг?
У шундай ўй-хаёллар билан яна тегирмон сари йўл олди.
Альгвасилнинг аввалги ис билиши қолмаганлигидан зорланиши тўғри эди, у ҳатто жар ёқасидан ўтаётиб, бу ердаги толзорга яширинган тўқ-қизил плаш кийган одамни ҳам пайқамади.
Бу одам Лукас амаки эди: у бошдан-оёқ коррехидорнинг кийимини кийиб олиб, шаҳарга йўл оларкан, нуқул қуйидаги ўзи учун анъана бўлиб қолган гапни такрорларди:
— Лекин коррехидорнинг хотини ҳам нозандайгина!
Гардунья ҳеч нимани пайқамай, Лукаснинг ёнгинасидан ўтиб кетди, сохта коррехидор бўлса, ўзи бекинган жойдан чиқиб, шаҳар томон йўл олди…
Биз ушбу бобнинг бошида айтганимиздек, альгвасил салдан кейин яна тегирмонга кириб борди.

XXVI б о б

НОГАҲОНИЙ ҚАРОР

Коррехидор Лукас амакининг кўзига қулф тешигидан қандай кўринган бўлса, ҳануз шу алфозда, шу вазиятда тўшакда чўзилиб ётарди.
— Мен яхшигина терладим, Гардунья! Бу мени тумов бўлишдан сақлаб қолди! — деди у остонада пайдо бўлган альгвасилни кўргани ҳамоно. — Хўш, Фраскита нима бўлди? Уни топдингми? Бу ёққа бошлаб келдингми? Ишқилиб, хотиним билан учрашмабдими?
— Сеньор, — деб аянчли овозда гап бошлади Гардунья. — Тегирмончининг хотини мени аҳмоқ қилиб лақиллатиб кетибди: у шаҳарга эмас, қишлоққа, эрининг олдига жўнаворибди. Кечиринг мени лақмалигим учун…
— Қайтага, яхши бўпти! Жуда яхши бўпти! — деди мадридлик хотинбоз ва кўзлари ғазабдан ўтдек чақнаб кетди. — Демак, ҳамма иш жойида! Энди Лукас амаки билан сенья Фраскита икковлари ҳали тонг отмасданоқ битта кишан билан занжирбанд этилиб, инкивизация қамоқхонасига жўнайдилар. Мен икковини ўша ерда чиритиб юбораман, шу билан улар бугун тунда бўлган воқеалар ҳақида ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очолмайдилар. Гардунья, менга кийимларимни олиб чиқ, қуриб қолгандир энди… Тезроқ мени кийинтир! Мана, хуштор яна коррехидорга айланди!..
Гардунья кийимларни олиб чиққани ошхонага тушиб кетди…

XXVII б о б

ҚИРОЛ НОМИ БИЛАН

Бу аснода сенья Фраскита, сеньор Хуан Лопес ва Тоньюэлолар тегирмонга етай деб қолган эдилар, яна бир неча дақиқадан кейин улар тегирмон дарвозаси олдида тўхтадилар.
— Олдин мен кираман! — деди алькальд. — Зеро, мен ҳукуматман! Сен, Таньюэло, орқамдан юр, лекин сиз, сенья Фраскита, то чақирмагунимизча, шу ерда қолинг.
Сеньор Хуан Лопес ҳовлига кириб, шийпончага ўтди ва у ерда ой ёруғида букри одамни кўриб қолди, у одам эгнига дағал матодан тикилган камзул ва шим кийиб, устидан белини қора белбоғ билан боғлаган, оёғига яшил пайпоқ, бошига духоба қалпоқ кийиб елкасига қора плаш ташлаб олган эдики, бу кийимларнинг бари тегирмончининг кунда кийиб юрадиган одатий либоси эди.
— Бу ўша! — деб чинқириб юборди алькальд. — Қирол номи билан! Таслим бўлинг, Лукас!
Духоба қалпоқ кийган одам шартта ўзини ичкарига урмоқчи бўлди.
— Таслим бўл! — деб бақирди Тоньюэло ҳам унга ташланиб гирибонидан оларкан; сўнг тиззаси билан унинг қорнига тепиб ерга йиқитди.
Шу пайт қандайдир бир ваҳший ҳайвон Тоньюэлонинг устига ташланиб, унинг белбоғидан тортди-да, тош тўшалган саҳнга улоқтирди ва икки юзига беаёв тарсаки ура бошлади.
Бу сенья Фраскита эди.
— Аблаҳ! Тегма менинг Лукасимга! — деб қичқирарди у.
Шу чоқ саҳнага янги персонаж эшак етаклаб чиқиб келди, лекин бу ерда бўлаётган тўс-тўполонни кўриб, Тоньюэлони қутқариш учун у ҳам жангга киришди…
Бу Гардунья эди: у қишлоқ оқсоқолини дон Эухенио де Суньига деб ўйлаб, тегирмончининг хотинига бақирди:
— Сеньора, тегманг менинг хўжайинимга!
Шундай деб у аёлни оқсоқол устига ағдарди.
Икки ўт орасида қолган сенья Фраскита Гардуньянинг қорнига шундай зарб билан мушт туширдики, у чалқанча йиқилиб, узала тушиб ётиб қолди.
Энди саҳнада бир йўла тўрт киши бир-бирига маташганча у ёқдан-бу ёққа умбалоқ ошиб олишарди.
Сеньор Хуан Лопес сохта Лукаснинг ўрнидан туришига имкон бермай, оёғи билан унинг кўкрагини босиб турар эди.
— Гардунья! Ёрдам бер! Мен коррехидорман, ахир! — деб чийиллади ниҳоят дон Эухенио, алькальднинг буқа терисидан тикилган этиги пошнаси остида анжирдек эзилиб кетаётганини ҳис қилиб.
— Ие, ахир, бу чиндан ҳам коррехидор-ку! — деб юборди ваҳимага тушган сеньор Хуан Лопес.
— Коррехидор! — деб такрорлади ҳамма бараварига.
Муштлашаётганлар алҳол оёққа туришди.
— Ҳамма ҳибсга олинсин! — деб ўшқирди дон Эухенио де Суньига. — Ҳаммалари дорга осилсин!
— Сеньор… — дея ёлборди Хуан Лопес унинг қаршисида тиз чўкар экан. — Бизни афв этинг, зоти олийлари, танимай қолдик! Танимасни сийламас, дейдилар… Бунақа жайдари кийимда сизни қандай таниб бўларди, ахир?
— Каллаварам! — деб ўдағайлади унга коррехидор. — Ахир, эгнимга бирон нима кийишим керакмиди? Нима, хабаринг йўқми бутун уст-бошимни ўғирлаб кетишганидан? Нима, ҳали билмайсанми, Лукас бошчилик қилаётган қароқчилар…
— Ёлғон! — деб бақирди наварралик жувон.
— Менга қаранг, сенья Фраскита, — деди Гардунья уни бир четга таклиф қилар экан. — Сеньор коррехидор ва қолган ҳамманинг ижозати билан сизга шуни айтмоқчиманки… Агар бу можарони ўзингиз бир амаллаб бартараф қилмасангиз, жаноби олийлари ҳаммамизни Лукасга қўшиб дорга осади!..
— Тушунтириброқ айтинг, ўзи нима гап? — деб сўради сенья Фраскита.
— Гап шундаки, Лукас амаки ҳозир коррехидорнинг кийимида шаҳар кезиб юрибди… Худо кўрсатмасин, бу либос билан ҳали у коррехидорнинг рафиқаси — хоним-афандининг ҳузурига ҳам кириб бориши мумкин!
— Ё Ийсо алайҳиссалом! — деб юборди бирдан тегирмончининг хотини. — Демак, эрим менинг номусимга доғ тушган деб ўйлаган! Бундан чиқди, у шаҳарга қасос олгани кетган!.. Қани, кетдик, кетдик тезроқ шаҳарга, нима қилсангиз қилинг, лекин мени Лукас олдида оқланг!
— Кетдик шаҳарга! Мен бу одамнинг оғзига келган ҳар қандай бало-баттар гаплар билан хотинимнинг дилини ранжитишига йўл қўймайман, — деди коррехидор эгарлоғлиқ турган эшаклардан бири томон йўналаркан. — Миндириб қўйинг мени, алькальд.
— Ҳа, яхши, шаҳарга бўлса, шаҳарга… — деди Гардунья. — Лекин, сеньор коррехидор, сизнинг кийимингизни кийган Лукас амаки ишқилиб хотинингиз билан суҳбатлашишдан нарига ўтмасин-да!
— Нима деб валдираяпсан, аблаҳ? — дея дон Эухенио де Суньига ўшқириб берди. — Нима, сенингча, ўша муттаҳамнинг қўлидан…
— Ҳамма нарса келади! — деб гапни илиб кетди сенья Фраскита.

XXVIII б о б

“Ё МУҚАДДАС БИБИ МАРЯМ! ҲОЗИР ЯРИМ ТУН!
СОАТ ЎН ИККИ ЯРИМ! ҲАВО ОЧИҚ”

Тунги қоровуллар шундай деб ҳайқириб кўчама-кўча кезиб юришган пайтда, эшак минган тегирмончининг хотини ва коррехидор, хачир минган сеньор Хуан Лопес ва уларни пиёда кузатган альгвасиллар коррехимьенто эшиги тагига етиб келишди.
Эшик тақа-тақ берк эди.
Демак, ҳукмдорларнинг ҳам, маҳкама ходимларининг ҳам бугунги иши тугаган деб ўйлаш мумкин эди.
“Иш чатоқ!” — деб ўйлади Гардунья ва эшикни унга осилган залвар тўқмоқ билан бир неча марта урди.
Улар узоқ кутишди, лекин ҳеч ким эшикни очмади ҳам, “ким” деб сўрамади ҳам.
Сенья Фраскитанинг рангида қон қолмаган эди.
Коррехидор бу орада иккала қўлидаги ҳамма тирноқларини кемириб бўлди.
Ҳамма сукутда.
Альгвасиллар ва сеньор Хуан Лопес навбатма-навбат маҳкама эшигини гурсиллатиб уришди… Лекин наф бўлмади! Ичкаридан садо чиқмади! Ҳеч ким эшикни очмади! Ҳатто “тиқ” этган товуш ҳам эшитилмади!
Фақат ҳовлидаги фавворадан отилаётган сувнинг бир оҳангда шилдираши эшитиларди.
Ўтган ҳар бир дақиқа гўё йилдек бўлиб туюлди кутаётганларга.
Ниҳоят, соат бирга яқин иккинчи қаватдаги бир дераза очилиб, қандайдир аёл овози сўради:
— Ким у?
— Бу энаганинг овози… — деб пичирлади Гардунья.
— Мен! — деб жавоб қилди дон Эухенио де Суньига. — Эшикни очинг!
Яна жимлик.
— Ким у “мен” деган? — ниҳоят сўради энага.
— Нима, мени танимаяпсанми? Мен хўжайинингман!.. Коррехидор…
Яна жимлик.
— Йўлингиздан қолманг, худо ёр бўлсин! — деди оқкўнгил аёл.— Менинг хўжайиним қайтиб келганига бир соат бўлди, ҳозир ухламоқдалар. Сиз ҳам уйингизга бориб ётинг. Ухлаб турсангиз кайфингиз тарқалиб, ҳушингизни йиғиб оласиз.
Кейин дераза “қарс” этиб ёпилди.
Сенья Фраскита икки қўли билан юзини беркитиб олди.
— Энага! — деб бор овози билан бақирди тутоқиб кетган коррехидор. — Нима, эшитмаяпсанми? Буюраман сенга, эшикни оч! Ахир, таниётгандирсан мени овозимдан? Нима, сениям дорга осдиришимни хоҳлайсанми?
Дераза яна очилди.
— Бу қанақа безорилик!.. — деб қичқирди энага. — Ким ўзи у кўчани бошига кўтариб тўполон қилаётган?
— Бу мен — коррехидорман!
— Бас қилинг майнавозчиликни! Ахир, айтдим-ку сизга, сеньор коррехидор уйга кириб келганида ҳали соат ўн иккиям бўлгани йўқ эди… У киши хоним-афандининг бўлмасига кириб эшикни ичидан беркитиб олдилар — буни ўз кўзим билан кўрдим!
— Нима, сиз ҳали мен билан ҳазиллашяпсизми?.. Бўпти, шошманг!.. Кўрсатиб қўяман мен билан ҳазиллашиш қанақа бўлишини!..
Шу маҳал эшик очилиб, ичкаридан таёқлар билан қуролланган бир гала хизматкорлар, ювиндихўрлар отилиб чиқишди ва эшик олдида турганларни дўппослай кетишди.
— Қани у! Қани ўша ўзини коррехидор, деган безори! — деб бақиришарди улар. — Қани ўша тўполончи? Қани ўша арақхўр?
Маҳкама эшиги тагида шунақанги тўс-тўполон бошландики, ҳеч ким ҳеч кимни танимасди, чунки кўча зим-зиё эди, лекин шунга қарамай, коррехидор, Гардунья, сеньор Хуан Лопес ва Тоньюэлолар насибаларига олам-жаҳон таёқ едилар.
Дон Эухенио де Суньиганинг шу бугунги тунда иккинчи марта таёқ билан сийланиши эди.
Бу ур-йиқитдан ўзини четга олиб турган сенья Фраскита умрида биринчи марта йиғлаб юборди…
— Лукас! Лукас! — дея лаблари пичирларди унинг. — Мендан гумонсирабсан-да! Бошқа аёлни оғушингга олишга журъат этибсан-да! Оҳ, шўргинам қурсин менинг! Э худо, ўзинг бу мусибатни бошимиздан соқит қил!

XXIX б о б

POST NUBILA … DIANA

— Нима тўполон? — деган вазмин ва ёқимли овоз шовқин кўтарган оломон боши узра тантанавор янгради.
Ҳамма бошини кўтариб, балконда бошдан-оёқ қора кийган аёлни кўрди.
— Хоним-афанди! — дейишди хизматкорлар ва дарҳол калтаклашни бас қилишди.
— Хотиним! — деди дон Эухенио.
— Уларни ўтказиб юборинг… Сеньор коррехидор рухсат берди… — деб қўшиб қўйди сеньора.
Хизматкорлар йўл очишди, сеньор Суньига билан унинг ҳамроҳлари йўлакка киришди, кейин зинадан юқорига кўтарила бошлашди. Дунёда ўлимга маҳкум этилган биронта ҳам жиноятчи жаллод кундаси олдига ўз уйининг зинасидан чиқаётган бу коррехидорчалик оёқлари қалтираб ва даҳшатдан афт-ангори гезариб кўтарилмаган бўлса керак. Бироқ шундай бўлса ҳам, унинг хаёлидаги ўз айби билан бошидан кечирган аламли ва кулгили ҳодисалар ўрнини аста-секин бадном, шармандайи-шармисор бўлганлиги ҳақидаги ўй эгаллай бошлади.
“Энг аввало, — деб фикр юритарди у, — мен Суньига-и-Понсе де Леонман… Буни унутган одамнинг шўри қурийди! Хотинимнинг ҳолига вой, агар менинг номимга доғ туширган бўлса!”

ХХХ б о б

МАШҲУРА СЕНЬОРА

Коррехидорнинг хотини ўз эри ва унинг қишлоқи мулозимларини маҳкаманинг катта залида қабул қилди.
У бир ўзи эшик томон кўз тикиб турарди.
Ҳали анча ёш бўлган бу улуғсифат хоним ўзининг сипо ва айни пайтда хушбичим ҳусн-латофати билан ўзгалардан ажралиб турарди. Унинг либоси ўша давр дидига монанд ҳам басавлат, ҳам одми эди. У эгнига нафис қора жун газламадан тикилган бурма кофта, калта ва тор юбка кийган, хушқомат елкасига тўр ҳошияли оқ-сариқ рангли шоҳи қийиқ рўмол ташлаган, мармардек оппоқ қўлларига тирсакларигача етувчи узун қора қўлқоп кийган эди. Унинг Филиппин оролларидан келтирилган каттакон елпиғичи билан елпиниб туришида виқор ва улуғворлик зоҳир бўлиб, бу — хоним-афандининг беқусур ахлоқ соҳибаси эканлигидан далолат берарди.
Бу соҳибжамол аёлнинг қай бир жиҳатлари қироличага ва кўп жиҳатлари католик монастирининг аббатисасига ўхшаб кетардики, унинг қиёфасида атрофидаги одамларга нисбатан ҳам эъзоз-эҳтиром, ҳам таҳдид акс этарди. Бунинг устига, унинг шундай бемаҳалда бу қадар шоҳона ясаниб кийингани, ўзини мағрурона тутиши, залнинг чароғон қилиб ёритилгани — булар ҳаммаси хоним-афанди томонидан уюштирилган ўз эрининг жирканч ва разил қилмишларига зид бўлган сохта тантанаворлик эди.
Ниҳоят, шуни ҳам айтиш жоизки, бу сеньоранинг исми донья Мерседес Каррильо де Альборнос-и-Эспиноза де лос Монтерес бўлиб, у бир пайтлар ушбу шаҳарни забт этган шавкатли муҳориблар наслидан эди. Унинг ота-онаси оқсуякларга хос ғурур даъвати билан қизини қари ва бадавлат коррехидорга турмушга чиқишга мажбур қилдилар ва у, гарчи монастирга кетиш, таркидунё қилиш иштиёқида юрган бўлса ҳам, ноиложликдан ўзининг бу хоҳиш-истакларини қурбон қилган эди.
Биз тасвирлаётган воқеалар пайтида унинг ўйноқи мадридликдан икки фарзанди бор эди; яна, айтишларича, учинчисига ҳомиладор эди…
Келинг, азизлар, ўз ҳикоямиз ўзанига ўтайлик.

XXXI б о б

ҚИЛМИШ — ҚИДИРМИШ

— Мерседес! — деб бақирди коррехидор кўзи рафиқасига тушар-тушмас. — Мен алҳол билишни истайман, сен…
— Ие, Лукас амаки! Сизмидингиз? — деб эрининг сўзини бўлди коррехидорнинг хотини. — Бирон кор-ҳол бўлдими тегирмонингизда?
— Сеньора! Менинг ҳазилга тоқатим йўқ! — деб жавоб қилди дарғазаб коррехидор. — Сизга ўз ҳақимда ҳисобот беришдан олдин билишим керак: менинг ор-номусимга нима бўлди?
— Мен буни қаёқдан билай! Нима, ор-номусингизни сақлаб қўйгани менга берганмидингиз?
— Ҳа, сеньора… Сизга! — деди дон Эухенио. — Эрларнинг ор-номусини ҳамиша хотинлари гард юқтирмай асрайди!
— Ундай бўлса, азизим Лукас, буни ўз хотинингиздан сўранг… Ана, ўзи ҳам шу ерда экан.
Остонада туриб қолган сенья Фраскитанинг кўксидан аянчли бир нола отилиб чиқди.
— Киринг, сеньора, ўтиринг… — деди коррехидорнинг рафиқаси тегирмончининг хотинига шоҳона салобат билан ва ўзи кенг диван томон йўналди.
Наварралик саховатли аёл бу таҳқирланган… эҳтимолки, икки карра таҳқирланган сеньоранинг самимий мурувватини дарҳол қадрлади, унинг ўзи ҳам ҳиммат-мурувват кўрсатишда бу ҳокима сеньорадан қолишмасди. Шу боис у вужудида жўш ураётган ғазаб алангасини сўндира олди ва эҳтиром юзасидан сукут сақлаб тураверди. Ўзининг бегуноҳлигига, ҳақ эканлигига қатъий ишонган сенья Фраскита бегуноҳ эканлигини айтишга шошилмасди. Ҳозир у ўзи айблашни хоҳларди… О, жуда хоҳларди, лекин коррехидорнинг хотинини эмас, албатта!.. У Лукас билан ҳисоблашиб қўймоқчи эди, лекин Лукас кўринмасди.
— Сенья Фраскита!.. — деб таклифини такрорлади машҳура хоним наварралик аёлнинг жойидан жилмаганини кўриб. — Айтдим-ку, сизга, — киринг, ўтиринг, деб.
Ушбу иккинчи таклиф биринчисига нисбатан самимийроқ ва хушмуомала оҳангда такрорланган эди… Чамаси, коррехидорнинг рафиқаси бу аёлнинг ўзини фаросат соҳибасидек мағрур тутишини, боз устига, унинг мафтункор гўзаллигини кўриб, ўзи ҳам қаршисида турган бу хилқатнинг худди ўзига ўхшаган бахтсиз бир шўрлик аёл эканлигини беихтиёр ҳис этган бўлса керак. Унинг ўзи-ку фақат тақдир уни коррехидор билан қовуштиргани учун бахтсиз эди.
Ўзларини иккиёқлама кундош ҳисоблаган бу иккала аёл бир-бирларига мамнунлик ва мурувват билан нигоҳ ташладилар, ташладилар-у бирдан худди энди бир-бирини кўриш бахтига мушарраф бўлган икки опа-сингилдай, қалблари бир-бирларига талпинаётганини сезиб, таажжуб қилдилар.
Беғубор қорли чўққилар худди шу тариқа бир-бирларини узоқдан туриб танийдилар ва саломлашадилар.
Мана шундай тотли ҳиссиётлар оғушида бўлган тегирмончининг хотини залга савлат тўкиб кириб келди ва стул чеккасига ўтирди.
Сенья Фраскита тегирмондан чиқаётганида, нуфузли одамлар билан учрашажагини ўйлаб, ўзига оро берган ва дурустроқ кийинган эди; қора фланелдан тикилган узун-узун шокилали мантильяси1 ўзига жуда ярашган, шу боис у ҳақиқий сеньораларга ўхшаб кетган эди.
Энди коррехидорга келсак, айтишларича, бу ердаги воқеа давомида у чурқ этиб оғиз очмаган. Сал олдинроқ сенья Фраскитанинг кўксидан отилиб чиққан нола, шунингдек унинг залга кириб келиши коррехидорнинг дилини ларзага келтирмаган деб бўлмайди. У ўз хотинидан ҳам кўра тегирмончининг хотинидан кўпроқ қўрқаётган эди.
— Мана, Лукас амаки… — деб гапида давом этди донья Мерседес ўз эрига юзланиб. — Сенья Фраскита рўпарангизда… Энди бояги саволингизни такрорлашингиз мумкин! Сўрайверинг ундан ор-номусингизни!
— Мерседес! — деб чинқириб юборди коррехидор. — Чормихга тортилган Ийсо ҳаққи қасамки, менинг нималарга қодир эканлигимни билмайсан ҳали! Худо ҳаққи, илтижо қиламан сендан, ҳазилни бас қил ва бу ерда мен йўғимда нималар бўлганини очиқ сўзлаб бер!.. Қани ўша одам?
— Ким? Эримми?.. Эрим ўрнидан туряпти, ҳозир бу ерга чиқиб келади.
— Ўрнидан туряпти! — дея чинқириб юборди дон Эухенио.
— Ҳайрон бўляпсизми? Сизнингча ҳар бир диёнатли одам бундай пайтда ўз уйида, худо қовуштирган рафиқасининг ёнида бўлмай қаерда бўлиши керак?
— Мерседита, нималар деяпсан! Биз бу ерда ёлғиз эмасмиз! Мен — коррехидорман, ахир!
— Менга бунақа қичқирманг, Лукас амаки, йўқса альгвасилларга буюраман — қамаб қўйишади сизни! — деди хоним-афанди ўрнидан турар экан.
— Мени-я? Мени қамашадими? Шаҳар коррехидорини-я?
— Одил суд вакили, қирол ноиби бўлмиш шаҳар коррехидори, — деб машҳура сеньора шундай ҳокимона овоз билан гапира бошладики, сохта тегирмончининг нола-ю афғонига энди ҳеч ким қулоқ солмай қўйди, — кундалик савоб ишларини бажаргач, ҳордиқ чиқаргани ўз вақтида уйига қайтиб келиб, эртага у яна раиятнинг номуси ва ҳаётини, ҳар бир хонадоннинг муқаддаслигини, аёлларнинг маъсумалигини ҳимоя қилишга киришади ва ҳеч кимнинг — ҳатто коррехидор либосини кийиб олган одамнинг ҳам — бировларнинг хотини ётган хобхонага киришига йўл қўймайди, токи ҳеч ким бундай аёлнинг эзгу фазилатини ғафлатда қолдириб, оромбахш уйқусини бузмасин, беқусур уйқусидан ўзининг жирканч мақсадлари йўлида фойдаланмасин…
— Мерседита, қаёқдан олдинг бу қуруқ сафсатани? — чайналиб гапирди оғзида тиши қолмаган коррехидор. — Агар шуларнинг ҳаммаси менинг уйимда юз бергани рост бўлса, унда мен сени фирибгар, бевафо, фоҳиша деб атайман!
— Ким билан гаплашяпти ўзи бу одам? — деди жирканиш билан коррехидорнинг рафиқаси, залдаги одамларга бир-бир кўз югуртириб чиқаркан. — Ким ўзи бу аҳмоқ одам? Ким ўзи бу бадмаст? Мен унинг ҳурматли тегирмончимиз Лукас амаки эканлигига ишонолмай қолдим, гарчи уст-боши ўшаники бўлса ҳам!.. Гапимни эшитинг, сеньор Хуан Лопес, — деб у каловланиб қолган алькальдга юзланди. — Менинг эрим, шаҳар коррехидори бундан икки соатча бурун уйга ўзининг учбурчакли шляпаси, тўқ-қизил плашида, ёнида қиличи, қўлида дурбош асоси билан кириб келди… У уйга кириб, зинадан кўтарилганда ва қабулхонадан ўтаётганида ҳозир бу ерда турган хизматчилар ва альгвасиллар у билан саломлашдилар-да, ҳамма эшикларни беркитишди. Шундан кейин менинг хобхонамга ҳеч ким кирмади, то сиз келгунингизча. Гапим тўғрими? Айтинглар…
— Тўппа-тўғри! Ҳаммаси худди сиз айтгандек бўлди, хоним-афанди! — деб бараварига чулдирашди хизматкорлар ҳам, альгвасиллар ҳам; зал эшиги олдида уймалашиб турган одамларнинг ҳаммаси бу ғайриоддий воқеани томоша қилиб турардилар.
— Даф бўлинглар! — деб ўкириб берди дон Эухенио худди қутурган итдай оғзидан тупук сочиб. — Гардунья! Гардунья! Мени таҳқирлаётган бу аблаҳларнинг ҳаммасини ҳибсга ол! Ҳаммасини қама! Ҳаммаси дорга осилсин!
Лекин Гардунья қаёққадир гум бўлган эди.
— Лекин, шунга қарамай, сеньор… — деб гапида давом этди донья Мерседес гап оҳангини ўзгартириб нигоҳини ниҳоят ўз эрининг юзига қадаб ҳамда қуюшқондан чиқиб кетишдан қўрқиб, энди унга ўз эрига юзланаётгандай мурожаат қилиб: — Фараз қилайлик, сиз чиндан-да менинг эримсиз… Фараз қилайлик, сиз аслида дон Эухенио де Суньига-и-Понсе де Леоннинг ўзисиз…
— Ўзиман!
— Яна фараз қилайликки, мен хобхонамга коррехидор либосида кириб келган одамни сиз деб ўйлаб, бир жиҳатдан хатога йўл қўйгандирман…
— Аблаҳлар! — деб бақирди қария ва қиличини суғурмоқчи бўлди, аммо унинг қўлига белидаги тегирмончининг белбоғи илинди, холос.
Наварралик жувон бутун вужудини рашк туйғуси қамраб олганини ошкор қилмаслик учун мантильясининг бир чети билан юзини беркитди.
— Кўнглингизга келган ҳамма нарсаларни бўлган деб фараз қилайлик… — деб гапида давом этди донья Мерседес ҳайратомуз хотиржамлик билан. — Лекин сиз, афандим, олдин менга фақат шуни айтинг-чи, мени айблашга қандай асосингиз бор? Менинг қораловчим бўлишга ўзи ҳаққингиз борми? Мени суд қилишга нима ҳаққингиз бор? Нима, сиз черковда ваъз тингладингизми? Ё тавба-тазарру қилгани борганмидингиз у ерга? Ё бўлмаса шу пайтгача кечки ибодатда турганмидингиз? Қаёқдан олдингиз ўзи эгнингиздаги либосни? Бу сеньора билан биргаликда ҳозир қаёқдан келдингиз? Туннинг ярмини қаёқларда ўтказдингиз?
— Менга рухсат этинг… — деди ўзини ортиқ босиб туролмаган сенья Фраскита коррехидор билан унинг хотини ўртасида отилиб чиқаркан.
Бироқ донья Мерседес уни огоҳлантириб деди:
— Сеньора, мен сиздан изоҳ талаб қилаётганим йўқ… Уни менга берманг! Ҳозир бу ерга сиздан изоҳ талаб қила олувчи одам келяпти… Нима гапингиз бўлса, ҳаммасини унга айтинг!
Шу пайт эшик очилиб, остонада бошдан-оёқ коррехидорнинг кийимини кийиб, белига қилич таққан, қўлқоп кийган қўлига дурбош асо ушлаган — хуллас, шаҳар кенгашининг мажлисида иштирок этишга шайлангандек қиёфада Лукас амаки пайдо бўлди.

XXXII б о б

ИШОНЧ ТОҒНИ ҲАМ ЖОЙИДАН ЖИЛДИРАДИ

— Хайрли оқшом, — деди Лукас амаки худди дон Эухенио де Суньига сингари тамшаниб ва учбурчакли шляпани бошидан олиб.
Кейин у икки томонга чайқалиб юриб, коррехидорнинг хотини олдига борди-да, унинг қўлини олиб ўпди.
Ҳамма ҳайратда эди. Лукас амаки билан ҳақиқий коррехидор ўртасидаги ўхшашлик мисоли икки томчи сувдек эди. Улар ақл бовар қилмайдиган даражада бир-бирларига ўхшардиларки, уй ходимлари ва ҳатто сеньор Хуан Лопеснинг ўзи ҳам кулгидан ўзларини тўхтата олмадилар.
Дон Эухенио энди бу таҳқирга чидай олмади ва Лукас амаки устига жон-жаҳди билан ташланди.
Лекин сенья Фраскита ўзининг бақувват қўли билан коррехидорни бир чеккага улоқтириб юбориб, уни эрига йўлатмади, қолаверса жаноби олийларининг ўзи ҳам яна пўстаги қоқилиб шарманда бўлишдан қўрқиб, аламини ичига ютишни лозим топди.
Лукас амаки хотинини кўрган заҳоти мурдадек оқариб кетди, лекин кейин ўзини қўлга олиб (гарчи юраги отилиб чиқиб кетмасин учун кўкрагини чангаллаб олган бўлса ҳам), яна коррехидорни жиғига тегиш учун деди:
— Худо сени ўз паноҳида асрасин, Фраскита! Жиянингга фармонимни юборгандирсан?
Шу пайт наварралик аёлни бир кўрсангиз эди! У мантильясини юзидан олиб ташлаб, бошини адл кўтарди ва сохта коррехидорга худди она шердек мағрур нигоҳ ташлади (унинг нигоҳи мисоли ханжарнинг тиғидек ўткир эди) ва деди:
— Мен сендан ҳазар қиламан, Лукас!
Бу гапни у худди эрининг юзига тупургандек нафрат билан айтди.
Тегирмончи ўз хотинининг илк сўзларини эшитган ҳамоно тамомила ўзгарди. Қалбини қаттиқ ҳаяжонга солувчи қандайдир руҳий кўтаринкилик ажиб бир зиё билан бутун вужудига шодмонлик бахш этди. У тегирмонда ўз кўзи билан кўрган ва ўйлаган нарсаларини дафъатан фаромуш қилиб, кўзларида шашқатор ёш билан сидқидилдан шундай деди:
— Демак, сен ҳалиям менинг Фраскитамсан-а?
— Йўқ! — деб жавоб қилди наварралик аёл ўз қаҳру ғазабини тушовлай олмай. — Энди мен сенинг Фраскитанг эмасман!.. Мен… Сен ўзингнинг тунги қилмишларингни бир кўз олдингга келтир, шунда сени севган қалбни қанчалик беаёв топтаб, хор қилганингни тушунасан!..
Шундай деб туриб у ҳўнграб юборди. Муз тоғи парчаланиб қуласа шу тарзда эрий бошлайди.
Коррехидорнинг хотини чидаб туролмади, — у сенья Фраскитанинг олдига келиб, уни чин меҳр ила бағрига босди.
Сенья Фраскита беихтиёр уни ўпаркан, худди она меҳрига зор бўлган қизалоқдек, пиқ-пиқ йиғлаганча дерди:
— Сеньора, сеньора! Мен жудаям бахтсизман!
— Йўқ, сен ўйлаганчалик эмас! — дерди коррехидорнинг хотини ҳам ҳиссиётга берилиб кетиб, юм-юм йиғларкан.
— Йўқ, ҳаммадан ҳам мен бахтсизроқман! — деб зорланарди Лукас амаки муштлари билан кўзёшларини қимтинибгина артаркан.
— Хўш, мен-чи? — ниҳоят, дон Эухениодан ҳам садо чиқди; у бошқаларнинг йиғисини кўриб, кўнгли юмшадими, ё сув йўли билан, яъни оддий қилиб айтадиган бўлсак, кўзёшлар ёрдамида ўзини оқлашга уриндими, бирдан ўзини-ўзи койишга тушди: Мен қаллобман! Жирканч махлуқман! Ахлоқсиз бузуқ одамман! Ажаб қилдинглар, хўб қилдинглар!
Сўнг у юзини сеньор Хуан Лопеснинг қорнига босиб ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
Энди алькальд ҳам, бошқа ҳамма хизматчилар ҳам ув тортиб, ҳўнграб йиғлашга тушдилар. Гарчи ҳамма гап яхшилик билан тугагандек туюлса ҳам, ҳали ҳеч нима ойдинлашмаган эди.

XXXIII б о б

ХЎШ, ЎЗИНГ-ЧИ?

Лукас биринчи бўлиб бу кўзёшлар океани қаъридан қалқиб чиқди.
У қулф тешиги орқали кўрганларини яна эслай бошлади.
— Сеньорлар, келинглар, аниқлайлик… — деб у гап бошлаган эди, коррехидорнинг хотини унинг сўзини бўлди:
— Бунинг аниқлайдиган ери йўқ, Лукас амаки, хотинингиз — фаришта!
— Яхши, лекин…
— “Лекин-пекин”и йўқ… Рухсат беринг, ҳамма гапни ўзи айтсин, аминманки, у ўзини оқлай олади. Зеро, мен бу сеньорани биринчи марта кўрганимдаёқ, сиз айтган бир олам гумонларга қарамай, унинг беқусур фаришта эканлигини қалбим билан ҳис қилдим.
— Яхши, майли, гапирсин! — деди Лукас амаки.
— Менинг айтадиган гапим йўқ, — деб эътироз билдирди тегирмончининг хотини. — Сен гапиришинг керак!.. Ахир, сен-ку… — Шундай деди-ю тутилиб қолди: коррехидорнинг хотинига бўлган теран эҳтиром туйғуси гапини давом эттиришга йўл қўймади.
— Хўш, ўзинг-чи? — деб сўради яна ишончини йўқота бошлаган Лукас амаки.
— Ҳозир гап сенья Фраскита ҳақида эмас!.. — деб чийиллади коррехидор; у ҳам рашк билан заҳарланган шубҳаларига қайта бошлаган эди. — Энди гап сиз билан мана бу сеньор ҳақида бориши керак!.. О, Мерседита! Ким ўйлабди сенинг бунақа…
— Хўш, ўзинг-чи? — деди Мерседес хоним эрига тикилиб қараркан.
Хуллас, бу эр-хотин анча вақтгача топиб олган фақат битта гаплари билан даҳанаки жанг қилиб турди.
— Сен-чи?
— Ўзинг-чи?
— Сен!
— Йўқ, сен.
— Тавба, қандай ҳаддинг сиғди?
Ҳоказо ва ҳоказо гаплар.
Бу “жанг” ҳали узоқ давом этиши мумкин эди-ю, лекин коррехидорнинг хотини яна ўз иззат-эътиборини тиклаб олиб, дон Эухениога деди:
— Биз ҳозир бу ҳақда гапирмаймиз? Бу икковимизнинг ишимиз — уни кейин муҳокама қиламиз. Ҳозир энг муҳими, Лукас амакининг кўнглини тинчитишимиз керак; менимча бу қийин иш эмас. Бу ерда Хуан Лопес бор, Тоньюэло ҳам шу ерда — улар сенья Фраскитанинг бегуноҳлигини икки оғиз сўз билан исботлашлари мумкин.
— Эркакларнинг менга гувоҳлик беришига зор эмасман, — деди сенья Фраскита. — Менинг иккита жуда ишончли гувоҳим бор. Уларни алдаб ҳам, пора билан оғдириб ҳам бўлмайди…
— Қаерда улар? — деб сўради тегирмончи.
— Пастда, эшик олдида туришипти…
— Айт уларга, сеньоранинг розилиги билан бу ёққа чиқишсин.
— У шўрликлар бу ёққа чиқа олмайди…
— Ҳа-а, демак, улар аёллар!.. Улар юз-хотирга боришмайди, дегин.
— Улар аёллар эмас. Лекин икковлари ҳам аёл жинсидан…
— Ана холос! Бундан чиқди, қиз болалар экан-де?.. Исмлари… исмлари нима?
— Бирининг исми Пиньона, иккинчисиники — Ливиана…
— Ия, ўзимизнинг эшаклар-ку!.. Нима, энди мени майна қилмоқчимисан, Фраскита?
— Йўқ, гапим жиддий. Сен сеньор коррехидорни хобхонамизда ётганини кўрганингда мен тегирмондан узоқда эдим — буни фақат шу эшакларимиз исботлаши мумкин.
— Худо ҳаққи, тушунтириброқ гапир.
— Яхши, эшит бўлмаса, Лукас… Ҳали мендан ноҳақ гумонсираганинг учун уялганингдан, қанийди ер ёрилса-ю ер тагига кириб кетсам, дейсан!.. Сен қоронғида қишлоқдан тегирмонга қайтиб келаётганингда мен қишлоққа кетаётган эдим. Шунда биз сен билан учрашдик. Лекин сен негадир катта йўлдан келмаётгандинг, аниқроғи, йўлдан четга бурилиб тўхтаб, чақмоқ тошни тошга уриб, пилта тутатаётган эдинг…
— Гапинг тўғри, мен тўхтовдим! Кейин-чи?
— Шу пайт эшагинг ҳанграб юборди…
— Буям тўғри!.. Оҳ, бахтимдан ўргилай!.. Гапир, гапиравер, ҳар бир айтган сўзинг менга бир йиллик ҳаётимни қайтариб беряпти.
— Эшагингнинг ҳанграшига йўл томондан бошқа эшак ҳанграб жўр бўлди.
— Ҳа, ҳа!.. Худога шукр-е! Ўша ҳанграган овозни ҳали ҳам эшитаётгандайман!
— Бу икки эшак Ливиана билан Пиньона эди, — улар бир-бирини таниб, худди қадрдон дугоналардек саломлашишди, аммо сен билан мен бир-биримизни танимадик ҳам, кўришмадик ҳам!
— Бўлди, бўлди, бошқа ҳеч нима гапирма! Ҳеч нима!..
— Биз бир-биримизни таниш у ёқда турсин, — деб гапида давом этди сенья Фраскита, — қўрқиб кетиб, икковимиз икки томонга қоча бошладик… Энди ишонгандирсан менинг тегирмонда бўлмаганлигимга?.. Энди агар сеньор коррехидорнинг нима учун бизнинг каравотимизда ётганини билмоқчи бўлсанг, эгнингдаги кийимни пайпаслаб кўр, — у ҳали ҳам унча қуримаган, нам бўлса керак… Мана шу кийим ҳамма гапни мендан кўра яхшироқ тушунтириб беради сенга… Жаноби олийлари ариққа йиқилиб, жиққа ҳўл бўлибдилар, шунинг учун Гардунья у кишини ечинтириб каравотга ётқизган! Энди жиянимни ишга тайинлаш ҳақидаги фармон ҳақида билмоқчи бўлсанг… Йўқ, ҳозир бу ҳақда ҳеч нима гапирмайман. Ўзимиз ёлғиз қолганимизда, ҳамма гапни сенга бирма-бир ҳикоя қилиб бераман… ҳозир сеньоранинг ҳузурларида бу ҳақда гапиришим ноқулай.
— Сенья Фраскита рост гапирдилар, айтганларининг ҳаммаси рост! — деди шоша-пиша сеньор Хуан Лопес; у мазкур маҳкамада ҳақиқий бошлиқ донья Мерседес эканлигини сезган ва унга тилёғламалик қилмоқчи эди.
— Ҳаммаси тўғри! Ҳаммаси тўғри! — деб тасдиқлади Тоньюэло ҳам ўзининг бевосита бошлиғи фикрини қувватлашга уринаркан.
— Бўлди… етар, — деб хулоса қилди сенья Фраскитанинг изоҳи бундан нарига ўтмаганидан суюниб кетган коррехидор.
— Демак, сенда айб йўқ! — деди Лукас амаки ҳақиқат олдида бош эгаркан. — Фраскита, менинг суюкли Фраскитам! Сени ноҳақ айблаганим учун кечир мени, кел, сени бир бағримга босай!
— Ҳо, анойинг йўқ! — деди сенья Фраскита ўзини ундан четга оларкан. — Мен олдин сенинг изоҳингни эшитмоқчиман.
— Сенья Фраскита учун ҳам, ўзим учун ҳам изоҳни мен бераман… — деб гапга аралашди донья Мерседес.
— Мен буни бир соатдан бери кутяпман! — деди коррехидор ўзини яна мансабдор қилиб кўрсатишга уринаркан.
— Лекин, мен, — деб гапида давом этди коррехидорнинг хотини эридан жирканиб, унга орқа ўгираркан, — то бу сеньорлар кийимларини алмаштириб олгунча кутиб тураман… Фақат ўшандагина, шундаям лозим топганим одамга изоҳ бераман.
— Юрақолинг… юринг, кийим алмаштирамиз… — деб юзланди тегирмончи дон Эухениога, уни ўлдириб қўймаганидан хурсанд бўлиб; лекин ҳамон унга мавр Отеллонинг дарғазаб кўзлари билан ўқрайиб қарарди. — Мен бўғилиб кетяпман бу кийимингизда! У мени бадбахт қилди!..
— Чунки сен муносиб эмассан бундай либосга! — деди коррехидор. — Лекин мен буни кийишни орзиқиб кутяпман, шунда мен сени ва сенга қўшиб дунёнинг ярми одамини дорга осаман, агар хотинимнинг изоҳи мени қониқтирмаса.
Эрининг бу гапларини эшитган донья Мерседес вазифаси одамларни ҳимоя қилиш бўлган ғамгузор фаришталаргагина хос бўлган майин табассум билан ҳамма турганларга таскин берди.

XXXIV б о б

КОРРЕХИДОРНИНГ ХОТИНИ ЧАККИ ЭМАС ЭКАН!

Коррехидор билан Лукас амаки залдан чиқиб кетишгач, донья Мерседес яна диванга ўтириб, ўз ёнига сенья Фраскитани таклиф қилди, сўнг эшик олдида турган хизматчилар-у, уй ходимларига мулойим овозда соддагина гап билан мурожаат қилди:
— Мана энди, азизларим, бу муҳтарама аёлга мен бу ерда қилган ҳамма ёмон ишларни оқизмай-томизмай ўзинглар бемалол гапириб беринглар.
“Тўртинчи табақа”1 намояндалари яқинроқ келишди ва бир-бирларининг сўзини бўлиб, баравар чуғурлаша бошлашди; лекин бу хонадонда энг кўп ҳурматга сазовор бўлган энага ҳаммани тинч бўлишга ундади ва ўзи шундай деб гап бошлади:
— Сизга маълум бўлсинким, сенья Фраскита, бугун тунда бекам билан биз болалар хонасида хўжайиннинг келишини кутиб ўтирган эдик; биз вақт тезроқ ўтсин учун учинчи марта дуо ўқий бошладик, сабабки, Гардуньянинг гапига қараганда, сеньор коррехидор бугун тунда қандайдир ёвуз ниятли одамларни тутиш билан банд экан. Шунинг учун икковимиз ҳам янгиликни билмай уйқуга ётишни хоҳламадик. Шу пайт бирдан соҳибларимиз ётадиган қўшни хонада бир нима тарақлаб кетди. Биз қўрққанимиздан шамдек қотиб қолдик, лекин илож қанча, нима гап экан деб билгани хобхонага кирдик. Кириб кўрсак… ё биби Марям!.. соҳибимнинг кийимини кийган қандайдир бир бегона одам (у сизнинг эрингиз эди) каравот тагига кириб яширинмоқчи. Биз жонҳолатда: “Ўғри, ўғри!” — деб бақирдик. Зумда альгвасиллар югуриб келишиб, сохта коррехидорни яширинган еридан тортиб чиқаришди. Шунда ҳаммамиз, Лукас амакини танидик. Бекам унинг эгнида сеньор коррехидорнинг уст-бошини кўрдилар-у, бу одам эримни ўлдирган, деб ўйлаб шундай аянч билан саннаб йиғлай бошладиларки, бундай мусибат қаттиқ тошнинг бошига тушса, у ҳам йиғлай бошлаган бўларди… Бизлар бўлсак, уйни бошга кўтарганча, “Қамаш керак! Қамаш керак бу ўғрини, бу қотилни!” деб бақирардик. Одамлар эрингиз ҳақида бундан ҳам бешбаттар гапларни айтишди. У ўзининг қамоққа ташланишини эшитиб, гап бошлади. “Мен, деди у, ҳозир сизларга бир гап айтишим керак, лекин иложи бўлганда уни, то ўла-ўлгунимча айтмаган бўлардим. Сеньора, мен ўғри ҳам, қотил ҳам эмасман: менинг номусимни ўғирлаб, уни оёғости қилган — қатл этган одам ҳозир менинг уйимда хотиним билан бир тўшакда ётибди”.
— Бечора Лукас! — деб хўрсиниб қўйди сенья Фраскита.
— Шўрим қурсин! — деди пичирлаб донья Мерседес.
— Бизлар ҳам шундай: “Бечора Лукас амаки, шўрлик сеньора!” — дедик. Негаки… очиғини айтсам, сеньора Фраскита, хўжайинимизнинг сизга хуштор бўлиб қолганидан хабаримиз бор эди… Гарчи ҳеч ким тасаввур қила олмаган бўлса ҳам унинг бундай…
— Энага! — деб койиб берди коррехидорнинг хотини. — Бас қил…
— Буёғини мен гапираман! — деди альгвасиллардан бири ўртага чўккан сукутдан фойдаланиб сўз оларкан. — Лукас амаки бизни роса гўл қилди: эгнидаги кийими ҳам, оёқ олиши ҳам худди сеньор коррехидорники эди. Бу ерга у яхши ният билан келмаган экан. Хайрият, бекам ҳали ётмаган эканлар, агар сеньора ухлаётган бўлганларида, худо кўрсатмасин, биласизми, яна нималар бўлиши мумкин эди?..
— Бе, қўйсанг-чи! Топган гапингни қара-ю! — деб ошпаз хотин гапга аралашди. — Сендан ўзи ҳеч қачон ақлли гап чиқмаган! Гап бундай бўлган эди, сенья Фраскита, Лукас амаки нима мақсадда бекамнинг хобхонасига кирганини айтишга мажбур бўлди. У ёмон ниятда келган экан бу ерга. Турган гап, бекам ўзларини тутиб туролмай, шунақанги шарақлатиб тарсаки тортиб юбордиларки, эрингиз тушунтирмоқчи бўлган гапнинг ярми бўғзида тиқилиб қолди! Мен ҳам уни астар-аврасини ағдариб роса қарғадим, ҳатто кўзларини ўйиб олмоқчи ҳам бўлдим. Ахир, ўзингиз тушунасиз-ку, сенья Фраскита, бировнинг уйига бундай шум ният билан келиш…
— Сайра-я, сайра! — деди эшикбон ошпаз хотиннинг олдига ўтиб. — Гап бундай бўлган эди, сенья Фраскита, эшитсангиз, ҳамма нарса ойдинлашади-қўяди. Сеньора тўғри қилдилар… Кейин сал ҳовурларидан тушгач, Лукас амакига раҳм қилдилар ва сеньор коррехидорнинг ўз мартабасига нолойиқ иш тутганлигини ўйлаб, эрингизга тахминан шундай сўзлар билан юзланадилар: “Гарчи сиз, Лукас амаки, уйимга шум ният билан келган бўлсангиз ҳам, гарчи мен буни ўла-ўлгунимча кечирмасам ҳам, келинг, ҳозир келишиб, бир йўл тутайлик: сизнинг хотинингиз билан менинг эрим ўзларини вақтинча ўзлари қўйган тузоққа илинган деб фараз қилсинлар ва сизни, кийим алмашилгани сабабли улардан қасд олган, деб ўйласинлар. Бу фириб бизнинг энг зўр қасосимиз бўлади. Кейин, лозим топилган пайтда сирни очамиз”. Шундан кейин бегойим билан Лукас амаки бизга жаноби олийлари келганида нима қилиш кераклигини ўргатишди. Мана шунинг учун ҳам мен Себастьян Гардуньяни у дунё-ю бу дунё эсидан чиқмайдиган қилиб пўстагини қоқдим!
Эшикбон ҳикоясини тугатди. Сеньора Мерседес билан тегирмончининг хотини эса, яна анчагача дам-бадам бир-бирларини қучоқлаб, ўпиб нималарнидир пичирлашиб, гоҳ-гоҳда қотиб-қотиб кулиб ўтиришди.
Афсус, биз уларнинг суҳбатини эшита олмадик… Лекин китобхон уларнинг нима ҳақда пичирлашганини ҳеч қийналмай тасаввур қилиши мумкин; китобхон аёллар-ку, инчунин.

XXXV б о б

БЕГОЙИМНИНГ БУЙРУҒИ

Шу пайт залга коррехидор билан Лукас амаки, ҳар бири ўз кийимида, қайтиб киришди.
— Энди бевосита менга тааллуқли бўлган гапларни аниқлаймиз! — деди шавкатли дон Эухенио де Суньига.
У қўлидаги дурбош асони полга икки марта гурсиллатиб уриб, ўз хотинига ғайритавсиф виқор ва такаббурлик билан мурожаат қилди:
— Мерседита, мен изоҳингни кутяпман…
Бу аснода тегирмончининг хотини ўрнидан турди ва Лукас амакининг олдига бориб, ярашиш аломати сифатида, уни шундай чимчиб олдики, эрининг кўз олди қоронғилашиб кетди.
Коррехидор бу сўзсиз саҳнани кузатаркан серрайиб қолди; бундай бесабаб ярашувни у тасаввур ҳам қила олмаганди. Сўнг тиржайганча яна хотинига юзланди:
— Сеньора! Фақат иккаламизга тааллуқли гаплар ҳам ойдинлашмади. Шуб-ҳаларимни бартараф қилинг… Мен буни эрингиз ва коррехидор сифатида талаб қиламан!
Шундай деб у яна дурбош асосини полга урди.
Донья Мерседес дон Эухенионинг гапига парво қилмай, сенья Фраскитага яқинлашди:
— Кетяпсизларми? Майли, борақолинглар, ҳеч нимадан хавотир олманглар: бу воқеанинг ҳеч қандай натижаси бўлмайди… Роза! Уларга чироқ тут… Борақолинг, Лукас амаки, худо ёр бўлсин!
— Э йўқ! — деб гапга аралашди коррехидор. — Лукас бу ердан кетмайди! То мен бутун ҳақиқатни билмагунимча Лукас қамоқда бўлади! Ҳей, альгвасиллар! Қирол номи билан!..
Лекин биронта ҳам ходим дон Эухенионинг даъватига парво қилмади. Ҳамма донья Мерседесдан кўз узмасди.
— Кўрамиз, қани тегиб кўр-чи уларга!.. Ҳозироқ қўйиб юбор уларни! — деди хоним-афанди эрига ҳужум қилмоқчи бўлгандай олға юраркан ва назокатли имо билан ҳаммани залдан чиқиб кетишга ундар экан.
— Ахир мен… Ахир сен… Лекин биз… Лекин улар… — деб тамшанарди қария хотинининг этагига ёпишганча.
Лекин ҳеч ким жаноб коррехидор томонга қайрилиб ҳам қарамади.
Ҳамма бегоналар чиқиб кетиб, залда ихтилофдаги эр-хотин қолгач, донья Мерседес, ниҳоят, эрининг саволига жавоб беришни лозим топди. Лекин у шундай оҳангда гапирдики, бутун Русия маликаси гуноҳ иш қилган министрни кўзларидан ўт чақнаб, Сибирга то ўлгунича сургун қилганида тахминан шу тарзда фармон берган бўлса керак.
— Сен минг йил умр кечирганингда ҳам, бугун тунда менинг ётоғимда нималар бўлганини билолмайсан… Агар ўзинг бу ерда бўлганингда, нима бўлганини суриштиришингга эҳтиёж қолмасди. Сен бўлсанг бошқа ёқларда юрибсан. Бугундан эътиборан, энди мени ҳеч нима ва ҳеч ким ҳеч қачон сенинг найрангларингга чидашга мажбур эта олмайди. Мен сендан жирканаман, агар болаларимнинг отаси бўлмаганингда, ҳозирнинг ўзида сени балкондан улоқтириб юборардим. Шуни қулоғингга қуйиб ол: бундан буён сен ҳеч қачон менинг ётоғимга кирмайсан!.. Хайрли тун, кабальеро!
Дон Эухенио хотинининг бу гапларини мутелик билан тинглади, зеро, у хотини билан ёлғиз қолганида доимо ундан чўчиб турарди.
Сеньора эрига айтадиган гапини гапириб бўлиб, кабинет томон йўл олди, кабинетдан ўтиб, ўзининг хобхонасига кирди-да, эшикни ичидан занжирлаб олди. Бечора коррехидор зал ўртасида қаққайиб туриб қолди сўнг милклари орасидан (чунки оғзида тиши қолмаган эди-да) ўта беҳаёлик билан ғўлдираб қўйди:
— О-о, мен бунчалик осон қутуламан, деб ўйламовдим!.. Майли, ҳали Гардунья бошқасини топиб беради.

XXXVI б о б

ХУЛОСА, ҚИССАДАН ҲИССА ВА ХОТИМА

Лукас амаки ва сенья Фраскита шаҳардан чиқиб, тегирмон томон кета бошлаганларида, қушлар қуёш чиқишини қутлаб чуғурлаша бошлаган эдилар.
Эр-хотин эгарлоғлиқ эшаклар орқасидан яёв юриб борарди.
— Якшанбада черковга бориб тавба-тазарру қиласан, — дерди аёл эрига, — сен бугун кечаси қилган аҳмоқликларинг, гуноҳларингдан покланишинг керак…
— Бу гапинг тўғри… — деди тегирмончи. — Лекин сен ҳам менинг бир илтимосимни бажарсанг: каравотимиздаги тўшак, кўрпа-ёстиқ, чойшабларни бечораҳол одамларга бериб юбориб, ҳаммасини янгила. Мен анави заҳарли илон ётган ўринга ўлсам ҳам ётмайман!
— Уни менга эслатма, Лукас! — деди сенья Фраскита. — Яхшиси, бошқа нарсалар ҳақида гаплашайлик. Менга бир яхшилик қилсанг…
— Жоним билан…
— Ёзда мени Солан де Кабрасга чўмилгани оборсанг.
— Сабаб?
— Шояд биз ҳам фарзанд кўрсак.
— Яхши фикр! Албатта олиб бораман, агар худо ўша кунларга етказса.
Мана, улар тегирмонга етиб келдилар. Бу пайт энди уфқдан бош кўтараётган қуёш тоғ чўққиларини мунаввар қила бошлаган эди.
……………………………………………………………………………………………………….
Ўша куниёқ кечқурун, юз берган можародан сўнг ҳеч қандай ташриф бўлишини кутмаган эр-хотинни ҳайратда қолдириб, тегирмонга анча-мунча нуфузли меҳмонлар келишди. Илгари ҳеч бунақа кўп меҳмон келмасди. Кейинроқ маълум бўлишича, уларни ҳазрати бузургнинг ўзи таклиф қилган экан; меҳмон бўлиб келган муҳтарам епископ, бир талай дин пешволари-ю, ҳуқуқ маслаҳатчилари ва яна бир нечта мансабдор шахс шийпончага зўрға сиғишди.
Фақат коррехидор етишмасди.
Ҳамма меҳмонлар жойлашиб ўтиришгандан кейин, сеньор епископ шундай калималар ила бу ерда ҳозир бўлганларга ваъз қилди:
— Маълумингиз бўлган ҳодисаларнинг айнан шу хонадонда содир бўлганлиги туфайли, эъзозли дин пешволари ва камина бу ҳурматли эр-хотинни жамоатчиликнинг ноҳақ таъна-маломатларидан ҳимоялаш мақсадида, бояги-боягидай ушбу тегирмонга ташриф буюришни канда қилмагаймиз, зеро, ўзининг манфур қилмишлари ила хушахлоқ, шундай табаррук жамоа шаънига доғ туширган кимсагина таъна ва таҳқирга лойиқдир.
Кейин епископ сенья Фраскитага юзланиб, мулоҳазали бўлишни, одмироқ кийинишни, қўллари ва бўйнини очиб юрмасликни худди ўз отасидек насиҳат қилди. Лукас амакига эса, кўпроқ беғараз, кўпроқ эҳтиёткор бўлиш ва олий рутбадаги одамларни кўпроқ иззат-эҳтиром қилиш ҳақида ўгит берди. Сеньор епископ нутқининг ниҳоясида ҳаммани дуо қилди ва бугун ҳали кечлик қилмаганини, шу боис бир мириқиб узумхўрлик қилмоқчи эканлигини айтди.
Епископнинг бу охирги калимаси ҳамма меҳмонларнинг дилидаги гап эди… Шу куни кечқурун шийпонча тепасидаги токнинг узуми беаёв узилди. Кейин тегирмончи ҳисобласа, меҳмонлар икки сават узумни пок-покиза туширишипти.
……………………………………………………………………………………………………….
Бундай хушбаҳра оқшомлар салкам уч йилгача давом этди, кейин кутилмаганда Испанияга Наполеон қўшини бостириб кирди ва мамлакатда мустақиллик учун уруш бошланди.
Сеньор епископ, хатиб ва руҳоний ота 1808 йилда, адвокат ва оқшомги учрашувнинг бошқа қатнашчилари 1809 йилдан то 1812 йилгача бўлган вақт ичида қазо қилдилар; улар бутун мамлакатни босиб кетган, ҳатто жомеда ибодат чоғида ҳам оғизларидан тамаки трубкаларини олмайдиган босқинчи французларнинг корибодларига чидолмай ўлиб кетдилар.
Тегирмонда бошқа бир марта ҳам қорасини кўрсатмаган коррехидор француз маршали томонидан ишдан олинди (у мамлакатнинг ажнабий давлат томонидан забт этилганига ҳеч чидай олмаган эди) ва қамоқда жон таслим қилди.
Донья Мерседес бошқа турмуш қурмади; у ўз ўғилларига жуда яхши тарбия берди, сўнг қариган чоғида монастирни ошён қилди ва ўша ерда буюк зоҳид сифатида довруқ қозониб, бу дунёдан кўз юмди.
Гардунья французларга сотилди.
Сеньор Хуан Лопес партизан отрядига қўмондонлик қилди ва жуда кўп французларнинг ёстиғини қуритиб, Баса яқинидаги жангда ўз альгвасили билан биргаликда ҳалок бўлди.
Ва, ниҳоят, Лукас амаки билан сенья Фраскита Солан де Кабрасга борган бўлишларига қарамай, қилган беҳисоб назр-ниёзларига қарамай, фарзанд кўрмадилар, аммо бир-бирларини аввалгидай севиб, узоқ умр кечирдилар ва мамлакатда юз берган бир қатор тарихий воқеаларнинг шоҳиди бўлиб, қариган чоғларида дорилбақога рихлат этдилар. Лекин у пайтларда урф бўлган доира шляпалар ҳам бу икки қариянинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган учбурчакли шляпани уларнинг хотирасидан, барибир, ўчириб ташлай олмадилар.

Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 10-сон