Бир савдогар ўғлини энг катта донишманднинг ҳузурига бахтнинг калити — сирини билиб келиш учун жўнатипти. Йигит саҳрода қирқ кун йўл юрипти ва ниҳоят, улкан тоғнинг тепасида ҳаддан зиёд муҳташам бир қасрни кўрипти. У қидирган Донишманд шу қасрда яшар экан.
Кутганига зид ўлароқ қаср авлиё одамнинг хилват гўшасига ўхшамасди. Унинг ичи одамга тўла эди: савдогарлар молларини мақтаб ҳар томон югуришар, бурчак-бурчакларда одамлар тўп-тўп бўлиб гурунглашар, созандаларнинг кичик бир дастаси қандайдир нафис куйни ижро этар, залнинг ўртасида эса каттакон стол, унинг устига дастурхон тузалган, дастурхон эса бу юртнинг энг ноёб ва тансиқ таомлари, бағоят хуштаъм ноз-неъматларига тўла эди.
Донишманд шошмасдан меҳмонлар билан бирма-бир кўришиб чиқди. Йигит навбати келишини икки соатча кутиб қолди.
Ниҳоят, Донишманд йигитнинг нима мақсадда келганини билди, лекин ҳозир унга бахтнинг калити — сири нимада эканини тушунтириб беришга вақти йўқ эканини айтди. Донишманд йигитга чиқиб қасрни томоша қилишни ва икки соатлардан кейин бу ерга — залга қайтиб келишни буюрди.
«Сендан яна бир илтимосим бор, — деди у йигитга ичига икки томчи ёғ солинган чой қошиғини узатиб. — Бу қошиқни ўзинг билан олиб юр, фақат эҳтиёт бўл, ичидаги ёғи тўкилиб кетмасин».
Йигит қошиқдан кўзини узмаган ҳолда қасрни айланди, унинг зиналаридан тепага кўтарилди, пастга тушди ва, ниҳоят, икки соат ўтгач, Донишманднинг рўпарасида яна намоён бўлди.
«Хўш, қалай, — деб сўз қотди Донишманд. — Кошонадаги форс гиламфари сенга манзур бўлдими? Бениҳоя миришкор боғбонлар ўн йиидан бери кўзининг оқ-у қорасидек авайлаб парвариш қилаётган боғдаги гуллар ва дарахтлар ёқди-ми? Кутубхонадаги қадимий китоблар ва нодир қўлёзмалар-чи?»
Хижолатдан қизариб кетган йигит буларнинг ҳеч қайсисини кўрмаганини тан олди, негаки, унинг бутун диққат-эътибори Донишманд унга ишониб топширган икки томчи ёғда бўлган экан.
«Бор, орқангга қайт, менинг уйимдаги ҳамма мўжизаларни кўриб кел, — депти Донишманд. — Одам қаер-да ва қандай яшашини билмай туриб, унга ишониб бўлмайди».
Қўлида қошиқча билан йигит яна заллар ва йўлаклар бўйлаб айлана бошлапти. Бу гал у ўзини анча эркин ҳис қилиб-ди ва хоналарни безаб турган ҳамма ноёб ва ғаройиб нарсаларни кўрипти. У боғлами ва қаср теварагидаги тоғларни томоша қилибди, гуллар жозибасидан ва моҳирлик билан жойлаштирилган ҳайкаллар-у расмлардан баҳра олипти. Дониш-манднинг ҳузурига қайтиб келиб, кўрган нарсаларининг ҳам-масини бирма-бир санаб берибди.
«Мен сенга қошиқчада олиб бориб, тўкмай қайтариб олиб кел, деб берган ёғ қани?» — деб сўрабди Донишманд.
Шу чоқ йигит қараса-ки, ёғ тўкилиб кетган экан.
«Сенга беришим мумкин бўлган бирдан-бир маслаҳатим ҳам шу, — депти донолар доноси. — Бахтнинг калити — сири ана шунда: бу дунёни безаб турган, унга жозиба, ажиблик ато этиб турган нимаики бўлса, ҳаммасини кўра билмоқ керак ва айни чоқда ўша чой қошиқдаги икки томчи ёғни ҳам зинҳор-базинҳор унутмаслик зарур».
Озод Шарафиддинов таржимаси