Патрисиа Бернард. Ювати (ҳикоя)

Ювати ота-онаси ўтирган одамларга лиқ тўла қайиқ Карнапхули[1] дарёсининг унча катта бўлмаган ирмоғидан қайрилиб, улкан ва тезоқар дарё бағрида кўздан ғойиб бўлгунига қадар (ота-онасига) қўл силкитиб турди.

Адвика ва Лалит ҳам унга жавобан қўл силкишарди. Ювати уларга қараб базўр илжайди. Адвика эрининг шимини кийиб олган, ўлчами анча катта бўлганидан шим қурғур унинг эгнида қопдай осилиб турар, устига устак калта кўйлаги ва узун сочларини яшириб турган похол шляпасида у жуда кулгили кўринарди. Эшкак эшиб қайиқни ҳаракатга келтириш эркаклар иши бўлгани учун, у эркакча кийиниб олган, модомики, жут[2] ҳосилини дарёнинг сўл қирғоғида жойлашган тегирмонга элтишда эрига ёрдам бермоқчи экан, бу жуда муҳим эди.

Бундан бир йилча бурун ҳосилни қайиққа ортиб, нариги соҳилга элтишда отасига Юватининг ўн етти ёшли акаси Саббир кўмаклашарди. Дарёнинг нариги соҳилида жутдан тола олинар, олинган тола эшилиб, ўримлаш орқали ундан арқон ёки ип тайёрланар, баъзан ҳатто улардан дағалроқ бўлса-да, мато ҳам тўқиларди. Кейинроқ Саббир Читтагонг[3]га кетиб қолди. У ерда нисбатан яхшироқ ҳақ тўланадиган иш топди. Йигит шаҳарда кунига ўн соатлаб велосипед қўшилган рикша[4] ҳайдаб, киракашлик қилар, камига яна кечқурунлари қовурилган ерёнғоқ сотарди. Шаҳарга кетганидан бери у бор-йўғи икки марта уйга келди холос. Ҳар сафар келганида топган-тутганини оиласига қолдирар ва ҳар гал у жўнаб кетгач, Адвика ҳафталаб кўз ёш тўкарди. Ювати ҳам акасини жуда соғинар, бироқ, буни сездирмасликка тиришарди, негаки, уйдан кетиб қолгани учун ундан қаттиқ хафа эди.

Айни дамда жут кўчатларини экишда ота-онасига кўмаклашиш ҳам Юватига қолган, унинг ниҳоллари кун сайин кўкка бўй чўзар, онасининг ниҳолларига нисбатан анча баравж эди. Ота-онаси сабзавотлар экиш билан машғул бўлган пайтларда Ювати жут ҳосилини йиғиб, пояларни қоқ белидан боғлаб дасталар, уларни дарё қирғоғидаги лангарга маҳкамларди-да, то уларнинг поясидаги шилимшиқ, ёпишқоқ суюқлик ювилиб битмагунча сувга бўктириб қўярди.

Орадан яна бир ойча ўтиб, шундай бўлдики, Юватининг онаси олти ёшли Ражат ва уч ёшли Набин билан овора бўлиб қолди, бунинг устига овқат тайёрлаш, майда-чуйда рўзғор юмушларидан ортмади. Шундай пайтларда кўпинча Ювати белига арқон боғлаган кўйи лойқа ва олағовур дарё соҳилида жут боғламларини ушлаб турар, агар белига арқон боғламаса, дарё суви уни оқизиб кетиши мумкин эди. Сўнгра у жут пояларининг нам тортиб, ивиб кетган  пўстлоғини шилиб, толасини ажратиб оларди.

Ювати жут пояларининг пўстлоғини сидириб, толасини ажратишни жуда ёмон кўрарди. Боиси табиатан анчагина пишиқ-пухта бўлган жут толалари унинг бармоқларини кесиб юборар, кейин бу яралар чидаб бўлмас даражада оғриқ берардики, бунинг касрига  Ювати кечалари на тайинли ухлай олар,  ва на ҳуснихат машқларини бажара оларди. Бироқ, у жуда ёмон кўрган мана шу юмушни бажариш – уларнинг одамга ўхшаб яшашлари, кийинишлари учун жуда зарур эди. Қолаверса, бу машаққатли иш – ота-онаси тирикчилик важидан оқимга қарши сузиб юришган бир пайтда, Ювати ва кичик укаларининг бу оролда жон сақлаб қолишлари учун ҳам жуда муҳим эди.

“Сен чайламизга ва оролга кўз-қулоқ бўлиб туришинг керак, – дея юз марталаб такрорларди унга отаси. – Яна… сен ўзингни йигитлардек мардонавор тутишинг, уларга ўхшаб кўринишинг лозим, йўқса, қайиқларда сузиб юрган, манзилу макони йўқ, ул-бул экиб деҳқончилик қилай деса, ери йўқ одамлар, худди биз қачонлардир эгаси йўқ экан, дея бу оролга жойлашганимиз каби, оролимизни эгаллаб олишлари мумкин”.

Набин қўлларини икки ёнига кериб эркакча юриш қилади-да, “Мен йигитмааан!”, – дея пичирлайди Юватини мазах қилгандай. Сўнгра болакайнинг бу беўхшов қилиғидан ҳаммалари хандон отиб кулиб юборишади.

Бироқ, ҳозир Ювати куладиган аҳволда эмасди. Эгнига акаси Саббирнинг эски шимини илиб олган (шимнинг бўксаси хийла  катталигидан қиз уни дамба-дам тортиб қўярди), похол шляпаси остига сочларини яширган Ювати айни пайтда сабзавотларни ўташ билан машғул эди.

Ёмғирнинг илк томчилари тушгунга қадар у турли хил сабзавотлар экилган пайкалнинг учтасини бегона ўтлардан тозалашга улгурди. Кейин  у шаррос ёғаётган ёмғирдан қочиб, укаларининг қўлидан тутиб, қамиш пояларидан наридан бери тикланган чайлаларига яширинди. Ёмғир шу ёғишида нақ тўрт кунгача тинмади. Чайланинг босилавериганидан заранг бўлиб кетган тупроқ саҳни, қамишдан ёпилган томи ивиб, захлаб кетганди. Энг ёмони, улар яшайдиган оролча  тобора  кичрайиб борарди.

Агар дарё пайкалларни ювиб кетгудек бўлса, ёмғир тез орада тинмаса, тўпланган катта миқдордаги сув Ганг дарёсига қуйилиб кетмаса, уларнинг оиласига қашшоқлик, ночорлик хавф солишини Ювати жуда яхши тушунарди.

Бешинчи кунига келиб, сабзавотлар экилган томорқа ҳамда ташқи ҳовли саҳнидаги, одатда, оила бекаси овқат тайёрлайдиган ўчоқбоши ҳам аллақачон сув остида қолганди. Буни кўрган Ювати ўрин-кўрпаларни тахлаб, отасининг меҳнат анжомлари турадиган жавоннинг энг юқори токчасига жойлаштирди. Сўнгра тиззасигача лой кечиб, ўзининг кичикроқ қайиғи турган тарафга қараб чопиб кетди. Бу қайиқни бир пайтлар акаси Саббир дарёнинг нариги соҳилига ўтиб, ўтин териши ҳамда ўтинларни ортиб уйга келтириши учун ясаб берганди. Айни дамда қайиқни оролча билан боғлаб турган восита  – оролдаги ягона дарахт эди. (Ювати қайиғини мана шу дарахтга боғлаб қўйганди.) Бу дарахт онасиники эди. Негаки, ҳар доим шу дарахтни кесиб ўтин қилиб юбориш хавфи пайдо бўлганида, фақат онаси бунга қарши чиқар, сабаби, унинг баланд ва бақувват  шохлари сув тошқини пайтида жон сақласа бўладиган энг хавфсиз ва  хатарсиз бир жой эди.

Ювати қайиққа танғиб ташланган  арқоннинг бир учини дарахтнинг энг юқори шохига боғлади-да, яна лой кечиб ортига – чайласи томонга шошилди.

“Энди қаерда ухлаймиз?” – норози оҳангда опасини саволга тутади Ражат.

“Сен ва Набин ҳув анави баланд токчага чиқиб оласизлар. Мен эса ота-онамизнинг келишини пойлаб, кутиб ўтираман”.

Эртаси куни тонг эндигина оқара бошлаганда Ювати укаларини уйғотди.

“Дарё соҳилни вайронага айлантириб ювиб кетибди. Ҳамма жойни сув босган. Энди дарахтга чиқиб олмасак бўлмайди!”.

Кичкинтой Набин ваҳимага тушиб :“Ойимга боргим келяпти. Отамни кўришни истайман!”- дея йиғлай бошлади.

“Улар тез орада келиб қолишади”, – дейди  Ювати болани юпатиш учун. Аммо бу гапига унинг ўзи ҳам ишонмаётганлиги, қизнинг юз-кўзидан шундоққина билиниб туради.

Илло, Ювати  айни шу чоғда қутурган, тўлиб-тошган улкан дарё бағрида алмисоқдан қолган эски қайиқда ҳаракатланаётган ота-онаси ҳар лаҳзада  йўлдан адашишлари, кучли ва бешафқат тўлқинлар домига тушиб, номаълум томонга сузиб кетишлари ҳам мумкинлигини ички бир туйғу билан идрок этади.  Лекин,  қизалоқ  тезда  бу каби мудҳиш хаёлларни ўзидан нари қилишга уриниб, бутунлай бошқа нарсаларга фикрини қаратади…

Чиндан ҳам дарё оқимининг қуйи қисмида қўшимча дамбалар  тиклангунга қадар ҳайбатли тўлқинлар оролни ўз домига тортиб улгуриши, ота-онасининг жут поясидан тўқилган митти қайиғини писта пўчоқдек оқизиб, уларга қадрдон бўлиб қолган ирмоқ соҳилидан бир неча мил[5]я  олисга – Бенгал қўлтиғи томонга осонгина улоқтириб юбориши ҳам ҳеч гап эмасди.

Ювати Ражат билан Набинни елкасига опичиб онасининг дарахти томон борарди. Сув унинг белигача кўтарилган, болаларни маҳкам опичлаб ўтиб бораркан, қиз сувнинг кучли босимига имкони борича дош беришга уринарди. Ражат билан Набин оналари авайлаб-ардоқлаган, алоҳида меҳр билан парваришлаган дарахтнинг сувга эгилиб турган ингичка бир новдасига осилиб дарахтнинг йўғон ва бақувват танасига ўтиб олишди. Кейин Ювати Ражатга арқон узатди.

“Мен кўрпа-тўшакларимизни, баъзи бир анжомларни, яна овқат пиширадиган қозонимизни ҳам олиб келаман. Уларнинг барини дарахтга боғлаб қўямиз”, – деди Ювати изига қайтар экан.

“Жўжаларим-чи! Уларга нима бўлади?”, – безовталаниб сўради Ражат. Ражатнинг иккита жўжаси бор эди. Ражат уларни  чайланинг  шифтига осиб қўйилган бамбукдан тўқилган қафас ичида боқарди.

Ювати укасига қараб қошларини чимирди. Укасининг бу инжиқлиги унга ёқмаган эди. “Агар дарахтга боғлаб қўйсак, улар ивиб, нобуд бўлади”, – деди у зардали оҳангда.

Юватининг жавобидан Ражатнинг юзи буришди. “Бироқ, кулбамизда қолдирсак ҳам сувга чўкиб ўлишади-ку!”. Ражат шу гапни айтиб, бехосдан  йиғлаб юборди.

“Майли, йиғлама! Жўжаларингни ҳам олиб келаман”.

Бироздан сўнг Ювати жўжаларнинг қафасини бошига қўндириб  келаётган эди, қайиқ кичкина эмасми, худди пўртанага дуч келгандай, сувда айлана бошлади ва қизнинг ёнбошига келиб урилди. Гарчи қайиқнинг асоси бамбукдан ясалган, устига елимшак ва бўз мато қопланган бўлса-да, унинг зарби қизалоққа яхшигина азоб берди. Қиз оғриқнинг зўридан йиғлаб юборди-ю, жон ҳолатда дарахтга ёпишди.

Қафасни Ражатга узатгач, қиз отасининг анжомларини, онасининг  чўян қозони, катта сирланган идиши ҳамда ўқловини олиб келиш учун яна уч марта чайлага бориб келди. Келтирган буюмларни қайиқ ичига қўйди-да, кейин ўзи ҳам дарахтга тирмашиб Набиннинг ёнига чиқди; укасини намиққан кўрпачага ўради-да, бир бўлак елимшак тахтача билан ёмғирдан пана қилди. Кейин ҳар эҳтимолга қарши, укаларининг икковини ҳам дарахтга боғлаб қўйди.

Шундан кейинги икки кун давомида ҳам ёмғир тинай демади. Набин ҳолсизликдан мудрай-мудрай охири ухлаб қолди. Ювати билан Ражат эса уйқусираганча  ота-онасининг йўлига кўз тикиб ўтиришарди.

Ҳамма нарса, ҳатто жўжалар ҳам ивиб, шалаббо бўлганидан дир-дир титраб, қунишиб туришарди. Ражат уларнинг ҳар бирини галма-галдан кафтига олиб иситиб турарди. Онаси кетиши олдидан уларга пишириб кетган чапатилар аллақачон совуб, тарашага айланган, озгинагина карам ва исмалоқдан бошқа егулик ҳам қолмаганди. Ражат ўзига тегишли  чапатининг ярмисини майдалаб жўжаларига берди.

Олтинчи куни жуда очиққан ва зериккан Ражат тобора чўзилиб бораётган азобли кутиш дилгирлигини қисқартириш учун Юватидан ота-оналарининг қандай танишганлиги, у туғилмасидан аввал оиласидагилар  қандай яшаганлиги ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилди. Уйқу зўр келганидан Юватининг кўзлари юмилиб кетарди, бироқ шунга қарамай, у Набинни қучоғига маҳкамроқ босди-да, оиланинг ҳаммаларига маълум ўша эски тарихини сўзлай бошлади.

“Онамиз Типпера[6] уруғига мансуб бир оилада туғилган бўлиб, уларнинг қабиласи Читтагонг тоғлари ёнбағрида яшайдиган ўн икки қабиланинг бири эди. Қабила ерлари Бирма[7] чегарасига яқин ҳудудларда жойлашган. Бу қавмга мансуб одамларнинг бўйлари пастроқ, жуссалари кичик, юзлари думалоқ, бурунлари миттигина, кўзларининг шакли онамиз ва Набиннинг кўзларига ўхшаш бодомқовоқ. Улар бенгал тилида сўзлашмайдилар. Қабила аёллари сари киймайдилар. Уларнинг кийимлари саронг[8] деб номланади, бўйниларига қават-қават маржонлар шодаси-ю қулоқларига кумушдан ясалган ҳалқасимон оғир зираклар тақишади”.

“Фақат онам тақинчоқларини бизларга егулик олиш учун сотиб юборган”, – дея опасининг гапини бўлади Ражат.

Ювати бош ирғаб укасининг гапини тасдиқлайди.

“Бенгалияликлар эса қорачадан келган, бўйлари узун, – ҳикоясини келган жойидан давом эттиради Ювати, – бурунлари дадамнинг, Ражат ва менинг бурним каби қиррали… Биласизларми, уларни нима деб аташади?” – сўрайди Ювати болалардан.

“Жуммарлар[9]”, – бирваракайига жавоб беришади улар.

“Онамиз ўзлари яшайдиган қишлоқ атрофидаги ўрмонларда ўсувчи турли гулу чечаклардан асал йиғар эдилар, ҳолбуки, бу юмуш, бундаги ўрмонлар шунчаки ўрмон эмас, балки, буткул  чакалакзор бўлганидан, жуда хавфли эди. У ерларда йиртқич йўлбарслар изғиб юрар, айтишларича, улар асал йиғиб юрган жуда кўп одамларга тўсатдан ҳужум қилиб, уларни тилка-пора қилиб ташлаган, умрига зомин бўлган экан”.

Ҳикоянинг шу ерига келганда, болалар қўрқувдан опаларининг пинжига тиқилишиб, бир-бирларига янаям яқинроқ ўтириб олишди.

“Отамиз, – сўзида давом этарди Ювати, – Читтагонг шаҳри бандаргоҳига келтирилган, эскириб яроқсиз ҳолга келган улкан юк ташувчи  ва йўловчи кемаларини қисмларга ажратарди”.

“Улардан ажратиб олинган пўлат фақат Бангладешда эритилиб, қайта тобланади”, – қўшимча қилди Ражат, ўзини катталардек билағон кўрсатиб.

“Минг машаққат билан йиғиб тўплаган асалларини Читтагонг бозорида сотиб бўлган онамиз бир куни уйга қайтаётиб, соҳилда бузилиб, ярим-ёрти бўлиб ётган улкан бир кемани кўриб қолади. Уни янада аниқроқ кўриш учун онамиз бандаргоҳга яқин боради.

“Ва у ерда, – яна гапни илиб кетади Ражат, – каттакон босқонни худди эртаклардаги девқомат паҳлавонлардек қўлида маҳкам  тутиб олган  отамиз, пўлат кемаларни бир зарб билан қулатар эди”.

“Худди шундай, – давом эттиради яна Ювати. – Эгнига саронг кийиб, бўйнига шода-шода маржонлар илиб олган, жуда мафтункор бир қўғирчоқни эслатувчи онамизни кўрган отамиз, ошиқу беқарор бўлиб қолади. “Мен фақат мана шу паривашга уйланаман!” дейди ўзига-ўзи. Онамиз ҳам жуда келишган, алпқомат бу йигитни бир кўради-ю, унинг пешонасига битилган бахт айнан шу йигит эканини дарҳол англаб етади. Ҳолбуки, уларнинг бахтига тўғаноқ бўлиб турган муаммолар жуда-жуда кўп эди”.

Ювати бу муаммоларни бармоқлари билан бирма-бир санай кетди: “Читтагонг тоғли ҳудуди аҳолисига мансуб йигит-қизлар фақат ўз қабилаларидан бўлганлар билан оила қуришарди. Бизнинг отамиз мусулмон, онамиз эса Буддага эътиқод қиларди. Онамиз бенгал тилини унча яхши билмас, отамиз ҳам онамизнинг тилида мутлақо сўзлаша олмасди”.

“Кейин онамизнинг ота-оналари дадамизга бу қишлоқни тарк этиш тўғрисида қатъий талаб қўйишади, шундан сўнг улар биргаликда қочиб, у ерлардан бош олиб кетишади. Отамиз онамиз учун ижарага қизил ва сариқ гулли чиройли тўй сариси олиб келади ҳамда онамизга уйланади”, – ҳикояга нуқта қўйгандек ўз гапини якунлайди Ражат.

“У яна онамиз учун бир жуфт ҳалқасимон биллур кўзли зираклар ҳам сотиб олган”, – қўшимча қилади Набин.

Ювати яна бошини ирғаб уларнинг гапини тасдиқлайди.

“Отамиз нимага шундай қилганини биласизларми? – сўрайди Ювати майин ва сокин овозда, – чунки бенгалларнинг анъанасига кўра, куёв тўйи бўлаётган куни ўз қайлиғига бирон бир тақинчоқ совға қилиши шарт”.

Шу пайт Юватининг чеҳраси ғамгин тус олди.

“Онамиз турмушга чиққандан кейин бор-йўғи тўрт мартагина ўз ота-онасини кўргани борган холос. Шунда ҳам ҳар сафар биз – фарзандлар туғилганимизда. Ахир улар тўртовимиз учун ҳам ота-оналаридан оқ фотиҳа олишлари, бунинг устига бизларни Будда ибодатхонасига олиб бориб чўқинтиришлари керак эди-да!”

Қизни кучли эсноқ тутди. “Бўлди энди, ухланглар. Мен чарчадим”.

Ювати уйқудан уйғонганда, сув уларнинг чайласини тамомила ювиб кетган, орол эса буткул кўздан ғойиб бўлганди. Дарё суви ваҳшатли наъра тортиб, шовуллаганча тобора кўтарилиб борар, улар ўтирган дарахт танасига келиб кучли зарб билан урилар, ҳатто дарахтнинг нисбатан баланд қисмидаги  йўғон шохига боғлаб қўйилган Ражатнинг тўшагига ҳам етиб қолганди. Болалар дарахтнинг янаям юқорироқ қисмига қараб тирмаша кетдилар. Улар юқорилаган сари дарахт шохлари ингичкалашиб, синиб кетиш хавфи ортиб борарди. Ейиш учун уларнинг ихтиёрида бор-йўғи намиқиб ивиган хом гуручу, бир неча тутам сўлиган исмалоқ баргларигина қолганди. Шўрлик болалар қанчалар очиққан бўлмасинлар, ноиложликдан гуруч чайнашарди. “Гуручни ютишдан олдин яхшилаб чайнанглар”, – дерди Ювати укаларига.

Бироздан сўнг кичкинтой Набин яна ота-онасини қумсаб йиғлай бошлади.

Ниҳоят, саккизинчи куни ёмғир тинди. Бироқ, атрофдаги манзара ҳеч бир жиҳати билан кўнгилни кўтарадиган эмасди. Теварак-атроф чексиз-чегарасиз уммон эди гўё. Бутун борлиқ, еру кўк фақат ва фақат сувдан иборатдек, уфқнинг у бошиидан то бу бошига қадар фақат денгиз… гоҳ сокин ва кўзни қамаштирувчи тарзда жилваланиб турган, гоҳида эса эртаклардаги афсонавий маҳлуқотлар каби пишқириб даҳшат солгувчи улкан уммондан иборатдек…

Олис-олисларда аллақандай елканли қайиқлар сузиб юрар, лекин улар ҳам тўлқинлар ҳайбатидан гоҳ кўриниб, гоҳ кўздан ғойиб бўларди. Гарчи узоқлардан элас-элас кўзга ташланаётган бу қайиқларни болалар бир ё икки марта кўришган бўлса-да, уларга ортиқча умид боғлашмас, чунки улар ҳар қанча бақириб-чақирсаларда, овоз етмас даражада олисда эди.

“Бизлар ҳам қайиқдагилар нима қилаётган бўлса, худди шундай йўл тутишимиз керак, – деди қатъият билан Ювати Ражатга юзланиб. – Аввал, биз ҳам уларнинг ортидан Сундарбан[10] томонга, кейин Бенгал қўлтиғига сузиб боришимиз керак. Ўша ердаги соҳилга чиқиб олсак, марра бизники, у ерда бизга ёрдам берадиган одамлар топилиб қолар, бизни бундай ночор аҳволда қолдиришмас…

“Бироқ, денгизда тимсоҳлар, илонлар ва йўлбарсларга дуч келишимиз мумкин”, – деди Ражат қўрқув тўла нигоҳлари билан опасига термулиб.

Ювати унга жавоб бермади.

“Онамиз бизга ҳар доим агар бирор кор-ҳол юз бергудек бўлса, бобомиз ва бувимизникига боришимиз мумкинлигини уқтирарди. Мен анави дарахт учига боғланган идишга “Биз Читтагонгга кетдик!” деб ёзиб қўяман”.

Тез орада улар ҳамма нарсаларини йиғиштириб, пастда – сувда қалқиб турган қайиққа тушира бошладилар. Набин қайиқ ичига йиғилган сувни  чиқариб ташлаш учун қайиқнинг ўртасига чўккалаб ўтирди. Ювати билан Ражат қайиқнинг икки ёнидан жой олишди.

“Сизлар бошқарувни қўлга олиб, қайиқни мувозанатга кетиришингиз билан, мен онамнинг сарисини қайиқнинг четларига боғлашга уриниб кўраман, саридан елкан ясаймиз”, – тушунтирди Ювати.

У худди айтганидай қилди. Қайиқ марказида тиззалаб ўтириб, онасининг сарисини бир учидан қайиқ ёнига боғлаб, сўнг уни шамол йўналишига мослаштиргунча қизнинг қўллари толиб кетди, аммо натижа кутганидан ҳам аъло чиқди: сари елкан вазифасини жуда яхши ўтади.

Бироздан сўнг Набин қайиқнинг бурун қисмига ўтириб олиб,  пинакка кетди. Ражат қайиқнинг елимшак қоқилган деворидан сизиб кираётган сувларни ташқарига пешма-пеш тўкиб турди. Ювати сув йўналиши бўйлаб оқиб келаётган дарахтлару шох-шаббаларни, вайрон бўлган чайлаларнинг қолдиқларини айланиб ўтиш учун эшкакни шиддат билан гоҳ орқага, гоҳ олдинга айлантирарди. Улар шу кўйи, минг машаққат билан сузиб боришар экан, дарахт тўнкасига урилиб ағдарилиб кетишларига бир бахя қолди. Яна бир сафар эса ясси лойтепаларни айланиб ўтиш чоғида ҳам шундай қалтис вазиятга дуч келишди. Йўл бўйи қайиқнинг ичи сувга тўлаверди, тўлаверди, болалар ҳам асов денгизнинг қаҳри олдида бўш келишмади; галма-галдан сувни ташқарига тўкиб бораверишди.

Ниҳоят, борлиққа яна бир оқшом чўкди. Бу оқшом ҳам улар намиққанидан шилимшиқ бўтқага айланай деб қолган хом гуруч чайнадилар. Тез орада мангра[11] дарахтлари билан қопланган, сершовқин макака маймунлари-ю марабу лайлакларининг чинқироқ овозига тўлиб-тошган ботқоқликлардан иборат кичик бир майдон кўзга ташланди.

“Одамлар кўринмагунча қирғоққа яқин йўламаймиз”, – деди Ювати. – Йўлбарслар сувда яхши сузади, агарда улар оч бўлишса, бизларга ҳужум қилиб қолишлари мумкин”.

Кейинги куни улар мангра дарахтлари орасида чайла қуриб олган бир оилани кўришди. Бироқ, соҳилга яқинлашиш учун аввал кучли тўлқинларни енгиб ўтишлари лозим эди, зеро, дарё оқими уларни айлантириб қарама-қарши йўналишда оқувчи канал муюлишига келтириб қўйганди. Ўша куни улар ясси лойтепада чўзилиб олиб қуёшда тобланаётган тўртта тимсоҳга ҳам дуч келишди: бечора болалар уларнинг ёнидан нафасларини ичларига ютганча  сузиб ўтишар экан, қўрқувнинг зўридан нақ ўтакалари ёрилай деди.

Тимсоҳлар ётган лойтепа ортда қолгач: “Нима деб ўйлайсизлар, улар бизнинг қайиғимиз фақат елимшак ва бўздан ясалганини билишармикин?” – дея пичирлаб гап ташлади Ражат.

“Нафасингни чиқарма, – унга жавобан шивирлади Ювати. Агар омадимиз чопса, биз шу кетишда Карнапхули дарёсигача етиб борамиз”.

Ражат  омадлари  кулиб боқишига ҳали у қадар ишонмаётганди, шу боис унга далда бериш мақсадида опаси яна қўшимча қилди: “Бенгал кўрфази соҳилидаги пляж дунёдаги энг узун пляж эканлигини биласанми?”

Ражат “биламан” дегандай бошини ирғади.

“Бангладешда ҳар йили нақ олти ой тўхтовсиз ёмғир ёғишини ҳам биласанми?”, – яна сўради Ювати.

“Ҳа”, – жавоб берди Ражат, кейин мангра дарахтларининг, мабодо остида узунлиги тўрт ярим метр келадиган бўғма илон яшириниб ётган бўлса ҳам сезилмайдиган даражадаги йўғон, ям-яшил япроқлари ва лой ёпишган илдизларига ишора қилди, опасининг эътиборини ўша манзарага қаратмоқчи бўлди.

“Йўлбарслар шерларга қараганда катталигини, дунёдаги барча илонлар ичида питон бўғма илонлари энг кучлиси эканини ҳам биласанми?”

Ражат яна “ҳа” дегандай бош силкиди.

“Модомики, шундай экан, унда айт-чи: агар  кутилмаганда қайиғимизга шундай бир бўғма илон ҳамла қилса-ю, Набиннинг атрофида кулча бўлиб, уни танаси билан ўраб олса, сен нима қиласан?”

“Мен уни отамнинг чопқиси билан уриб ўлдираман”, – қатъий  жавоб қайтарди Ражат.

Ўша кеча яна шаррос ёмғир ёғди. Болалар ёмғир сувини ичиш учун уни қўлларидаги елим идишга йиға бошладилар.

Бу пайтга келиб улар бисотларидаги гуручнинг охирги ҳовучини ҳам, сўлиб қолган исмалоқнинг сўнгги боғламини ҳам еб тугатгандилар. Ҳаммалари жуда очиққан ва ўта ҳолдан тойганлари учун Ювати йўлбарслар таъқиб этиши ёки ўз ўлжасини пойлаб писиб ётган бўғма илонлар ҳужум қилиши мумкинлигини ҳам мутлақо унутган ҳолда, қайиқни мангра дарахтининг осилиб турган бир шохига боғлади. Улар қафасдаги жўжаларни ўртага қўйишди-да, ўзлари қафас атрофига жойлашиб, ширин уйқуга кетишди.

Эртаси куни атроф-жавонибдаги манзара бутунлай ўзгача тус олган эди. Кечагина илондек сирғалиб оққан ирмоқлар энди катта дарёга қўшилиб кетган, дарёлар эса, ўз навбатида, холдор буғулар билан лиқ тўла, баланд-баланд ўт-ўланлар билан қоплаган ясситекисликлар оралаб ўтарди. Бир дарёнинг ўзани иккинчисига уланган, иккинчиси эса яна бошқасига бирикиб кетганди гўё. Бироқ, нима бўлганда ҳам, энди дарёлар аввалгидан кўра сокинроқ ва секинроқ оқаётган эди.

Болалар чакалакзор ўрмонлар билан қопланган баланд тик қоялар орасидан сузиб ўтишгач, мевали дарахтларга лиқ тўла дара рўпарасидан чиқишди. Бу ердаги нон дарахтлари[12]нинг мевалари пишиб етилган, сап-сариқ бананлар ҳам кўзни қувонтириб, иштаҳани қитиқларди.

Юватининг  елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлиб, ўзини бироз енгил ҳис қилди.

“Назаримда, Карнапхули дарёсига етиб келганга ўхшаймиз”, – деди у хушнуд оҳангда, укаларига юзланиб.

Болалар кетма-кет сузиб бораётган бир нечта қайиқ ёнидан ўтишди. Қайиқларнинг баъзилари – балиқ овлашга мўлжалланган тўрлар билан жиҳозланган бўлиб, улар шубҳасиз балиқчиларники эди; бошқалари –одамлар ва турфа хил бозоргир маҳсулотлар билан лиқ тўла, жануб томон йўл олган савдо қайиқлари эди.

“Шу ерда тўхтаб мевалардан териб олсак бўлмайдими?” – сўради Ражат нон дарахти мевалари ортилган қайиқдан кўз узмай.

Ювати укасига жавоб бермади. Унинг нигоҳлари ҳадсиз-ҳудудсиз, кўз илғамас, олис-олисларга чўзилган соҳилда бир томонга хиёл энгашиб турган улкан кемада эди.

“Читтагонг! Мен Читтагонгни кўряпман! Бу Читтагонг шаҳри!” – қичқирди Ювати ҳаяжонини яширолмай.

Читтагонг шаҳри дарё соҳили бўйлаб бир неча километрга чўзилган. Соҳилдан шаҳар ичкарисига йўналган яна бир чақиримча масофадан сўнг кичик-кичик кулбалар, яна сал нарида эса икки ва уч қаватли уйлар кўзга ташланарди.

Ювати эшкакни шундай айлантирдики, натижада у бошқараётган қайиқ ўз йўналишини кескин ўзгартириб, ўша улкан кема турган бандаргоҳ томонга бурилди.

Бандаргоҳдагилардан сўраб-суриштириб, бобоси ва бувиси яшайдиган қишлоқни топиб олишига қизнинг ишончи комил эди.

Ва ниҳоят, улар баҳайбат кема ёнига етиб келишди. Ишчилар қўлларидаги улкан болғалари билан кемага ҳар тарафдан ҳужум қилишар, ҳаммалари ўз ишлари билан андармон эдилар. Бироқ, кичкинагина қайиққа кўзлари тушгач, негадир улар бирин-кетин қичқира бошлашди. Қизиғи, улар ҳеч кутилмаганда Юватининг исмини айтиб чақиришар ва бандаргоҳга ишора қилиб, бир нималар дейишарди.

“Ювати, улар сенинг исмингни қаердан билишади?”, – ҳайрон бўлиб сўради Набин.

“Билмасам”, – дегандай елка қисди Ювати. Шу алпоздаги хатти-ҳаракати, гап-сўзидан қиз бояқишнинг сўнгги кунлар ичида ўз бошларига тушган ташвишлардан, саргардонликдан ниҳоятда зада бўлиб кетгани, чарчагани шундоққина кўриниб турарди.

Шу пайт Набин бирданига қайиқнинг бурни томонга ўрмалай бошлади, унинг бу кескин ҳаракатидан қайиқ жуда қалтис ва хатарли бир тарзда чайқалиб кетди. “Она! Онажон! Отажон!”

Бандаргоҳда турган бир тўда одамлар кимнидир олқишлаётгандек шовқин кўтариб сакрашар, қўлларини силкитиб ўзларича турли имо-ишоралар қилишарди. Кейин одамлар тўдаси иккига ажралиб, улар орасидан Юватининг отаси Лалит ва акаси Саббирнинг қораси кўринди. Улар қайиққа арқон ташлаш учун бандаргоҳга маҳкамланган нарвондан кетма-кет пастга туша бошладилар.

Отаси қайиқни тортиб қирғоққа яқинлаштирди, Саббир эса Набинни даст кўтариб сирпанчиқ зинадан тушиб келаётган отасининг қўлига тутқазди. Юқорида болани онаси илиб олди-да, қучоғига маҳкам босди, болакай ҳам севинчдан қийқириб юборди.

Кейин Саббир Ражатнинг жўжалар солинган қафасини кўтаришиб нарвондан чиқишига ёрдамлашди.

Ниҳоят, у Юватини ҳам белидан ушлаб қайиқдан чиқариб олди-да, акаларча меҳр билан бағрига босди. “Сингилжоним, энди сени ҳеч қачон тирик кўрмайманми, деб қўрққандим”, – деди соғинч тўла нигоҳлари билан синглисига термулиб.

“Сиз бизни ташлаб кетмаслигингиз керак эди”, – Ювати шундай деб йиғлаб юборди. Кейин шу кунлар ичида ҳам руҳан, ҳам жисмонан толиққан шўрлик қиз мувозанатини йўқотиб, “шилқ” этиб йиқилиб тушди. Саббир бақувват қўллари билан уни тутиб қолди, кўтариб зинадан тепага – ота-онаси, бобо-бувилари кутиб турган жойга чиқди.

“Ювати жуда ҳолдан тойган, – деди Саббир яқинларига вазиятни тушунтириб. – Унга сув бериш керак”.

“Егулик ҳам, – қўшимча қилди Ражат. – Қорнимиз жуда оч”.

Ювати, Ражат ва Набин қатиқ, асал ва мевалар билан тамадди қилишаётган пайтда отаси уларга бор гапни бир бошдан айтиб, тушунтира бошлади. Унинг айтишича, сирланган идиш четига ёзиб қолдирилган ёзув  уларнинг жонига ора кирганмиш. Ўша ёзув туфайли Читтагонгга келиб, бу ердан Саббирни қидириб топишибди, уни синглиси ва укаларининг йўқолиб қолганидан  хабардор қилишибди.

“Бешовимиз сизларнинг келишингизни кутиб мана шу ерда – бандаргоҳда кун кечирдик”, – деди Адвика болаларига бирма-бир қараб. – Бувинг билан бобонг ҳам биз билан бирга эди. Улар ҳар куни ибодатхонага бориб тангридан сизларнинг соғ-омон топилишингизни сўраб, чироқ ёқиб, ибодат қилишди”.

Ювати бир пайтлар ота-онасининг турмуш қуришларига қаршилик қилган ва уларни қидирувга берган бобоси ҳамда бувисига ҳадиксираб секингина кўз ташлади.

“Энди ҳаммаси жойида. Ҳозир ҳаммангиз биз билан қишлоққа борасизлар, қани, юринглар!”

Адвика отасининг сўзларини болаларига таржима қилиб берди: – Бобонгиз ҳаммамизни уйларига таклиф қиляптилар. Отангиз тузукроқ иш қидириб топгунича уларникида яшаб турамиз. Ҳали бошқа бирор қўналға ҳам,  бошпана ҳам топганимиз йўқ. Ҳозирча Читтагонгда қолмоқчимиз. Учовингиз мактабга борасиз, – деди Адвика,  Ювати, Ражат ва Набинни бирма-бир қучоғига олиб, бағрига босаркан. – Энди Ражат футбол ўйнаши мумкин, қолаверса, Саббир ҳам биз билан…қандай яхши…бўлди ҳаммамиз энди жамулжаммиз… мен жуда бахтлиман!”

Ювати айни дамда онасидан-да бахтиёр эди. У энди ҳеч қачон жут толаларини поясидан ажратиб ўтирмайди, у энди ҳеч қачон эркакча кийинмайди, модомики, бувиси Юватига қатиқ едириб ўтирган экан, демак, энди у ўз неварасининг бағридан олис кетишига асло йўл қўймайди.

“Чакалакзор ўрмонларда ҳам сув тошқинлари бўладими?” – сўрайди Набин.

Онаси уни янада маҳкам қучоқлаб олди-да: “Қўрқма болажоним, ота-онамнинг уйлари чакалакзорда эмас, бунинг устига уларнинг уйи ёғоч қозиқлар устига қурилган, жуда мустаҳкам”, – деди.

Ювати “Қандай яхши!”, – деди ўзига-ўзи гапираётгандай паст овозда, сўнгра “хайрият, ҳаммаси ортда қолди”, дегандек, енгил  хўрсиниб қўйди.

“Опа, нима бало, жинни бўлдингизми?” – пичирлади Ражат. Сўнгра бидир-бидир сўзлашга тушди. “Ахир у ерда йўлбарслар, ёввойи чўчқалар, бўғма илоон…”

“ ҳая , … яна у ерда улкан фил-лла-ар бор”, – укасига тақлид қилиб унинг ҳазилини давом эттириб кетди Ювати.

“Яна жўжалар ҳам бор, – қўшимча қилди Адвика. – Жуда-аям  кўп. Улар ҳали сенинг полапонларинг билан яқин дўст бўлиб олишади”.

Ражат эса шу топда яқинлари суҳбатлашаётган нарсалар ҳақида жимгина хаёл сурарди.

“Аминманки, бу ёғига ҳаммаси яхши бўлади, – саргардонликда анча қийналган, руҳан эзилган болаларининг кўнглини кўтаришга уринарди Адвика. – Энди бўғма илон жўжаларингни еб қўйишидан ҳам хавфсирамайсан… Чунки бувингнинг  уйида уларни бехавотир боқишинг учун ўта  мустаҳкам қилиб ясалган қафас бор”.

      Инглиз тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси

[1] Карнапхули – Бангладешнинг жануби-шарқий қисми ва Ҳиндистон ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё. Узунлиги 270 км, Бенгал қўлтиғига келиб қуйилади (таржимон изоҳи – Н.А.).

[2] Жут – жут ёки Ҳиндистон канопи. Тўқимачилик саноатида кенг қўлланиладиган табиий тола берувчи ўсимлик. Жут толаси қоп, арқон ва бошқа дағал матолар тайёрлаш учун ишлатилади. Бангладеш жут толаси ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рўйхатида биринчи ўринда туради. Бундан ташқари, жут ўсимлиги Ҳиндистон, Хитой, Мьянма каби бошқа давлатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам етиштирилади (таржимон изоҳи – Н.А.).

[3] Читтагонг – Бангладешнинг жануби-шарқида жойлашган йирик шаҳар ва порт. Карнапхули дарёсининг Бенгал қўлтиғига келиб қуйиладиган қисмида жойлашган. Читтагонг Тоғли вилоятининг маъмурий маркази (таржимон изоҳи – Н.А.).

[4] Рикша – Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатларида кенг тарқалган икки ғилдиракли, бир ёки икки йўловчига мўлжалланган, бевосита инсоннинг жисмоний кучи ёки велосипед воситасида ҳаракатга келтириладиган усти ёпиқ арава, транспорт воситаси (таржимон изоҳи – Н.А.).

[5] Денгиз миляси –узунлик ўлчови,1 миля- 1852 метр (таржимон изоҳи – Н.А.).

[6] Типпера – инглизча – Tippera, Tipperah, Трипури (Tripuri) ёки Типра(Tipra) деб ҳам юритилади. Бангладешнинг Читтагонг тоғли ҳудудига қарашли Бандарбан оролида яшайдиган қадимий қироллик оиласига мансуб қабила номи (таржимон изоҳи – Н.А.).

[7] Бирма – Жануби-Шарқий Осиёда, Ҳинди-Хитой яриморолининг ғарбий қисмида жойлашган давлатнинг эски номи. Ҳозирда бу мамлакат Мьянма деб юритилади (таржимон изоҳи – Н.А.).

[8] Саронг – ёки сарунг (sarung) – индонезия тилидан олинган. Жануби-Шарқий Осиё ва Океания халқларининг анъанавий кийими. Асосан, пахта толасидан тўқилган, инсон танасини оёқ тўпиқларигача ёпиб турадиган узун ва энли мато. Эркаклар уни белларидан, аёллар кўкракларидан айлантириб жуссаларига ўраб олишади (таржимон изоҳи – Н.А.).

[9] Жуммар – Читтагонг тоғли туманида яшовчи бенгал қабилалари. Бангладешнинг бошқа ҳудудидаги маҳаллий  аҳоли уларни шу ном билан атайди (таржимон изоҳи – Н.А.).

[10] Сундарба́н – Ер куррасидаги мангра ўрмонлари билан қопланган энг катта табиий ҳудуд. Ганг дарёси дельтасида, Ҳиндистон ва Бангладеш ҳудудида жойлашган. Мазкур ҳудудда сув кўтарилиши туфайли табиий равишда ҳосил бўладиган жуда кўп каналлар, мангра чакалакзорларидан иборат кичик-кичик ороллар мавжуд. Бу ҳудудда Сундарбан миллий табиат боғи ва биосфера қўриқхонаси ҳам ташкил этилган (таржимон изоҳи – Н.А.).

[11] Мангра – мангра ёки мангрова (инглизча- mangrove) – асосан, денгиз тўлқинларидан маржон қоялари ёки ороллар билан ҳимояланган тропик соҳиллар ва дарё этакларида кенг тарқалган, япроқлари ҳар доим яшил тусда бўладиган дарахт ёки бута (таржимон изоҳи – Н.А.).

[12] Нон дарахти – Жануби-Шарқий Осиёдаги мамлакатлар ва оролларда ўсувчи тропик ўсимлик, мевали дарахт. Уни жекфрут, канун ёки Ҳиндистон нон дарахти деб ҳам аташади. Жудаям серҳосил дарахт бўлиб, деярли йил давомида, ноябрдан августга қадар мунтазам равишда гуллаб мева тугади. Меваларидан хамир қориб, нон ёпиш, овқат пишириш мумкин. Шу боис ҳам маҳаллий аҳоли уни нон дарахти деб атайди (таржимон изоҳи – Н.А.).