Ўн олти киши сиғадиган юк машинасида биз йигирма беш киши тиқилишиб зўрға ўтирар эдик. Сон-саноқсиз қирлар, ўйдим-чуқур жойлар ва тик кесиб ўтган муюлишлардан қанчадан-қанчасини босиб ўтган эски машина зўрға юриб борарди. Винтлари ҳам, ғилдираклари ҳам, ҳаммаси бўғиқ товуш билан хириллар, занг босган жойлари ғичирлар, радиаторида эса биқир-биқир сув қайнарди.
Дўл аралаш қаттиқ ёғган ёмғирдан кейин жазирама қизил тупроқли Чукурува ерларини шу қадар қиздирар эдики, йўл ёқалаб ўсиб ётган пастак буталар, гиёҳлар, чап томонимиздан эринчоқлик билан оқиб ётган азим дарё, мовий осмонда парвоз қилиб учиб юрган узун қанотли қушлар ҳам — ҳаммаси, гўё толиққандек кўринарди.
Ўртадаги креслога ўтирган тепакал комиссионер билан мендан бошқа машинада ўтирганлардан ҳеч кимнинг бўйнида галстуги йўқ эди. Йўловчилардан бир қисми камбағал деҳқонлар, ва учдан бирга ё шерикликка ишловчи қишлоқ халқи бўлиб, кетмон даста ва бел сотиб олиб келиш учун вилоятга кетаётган эдилар.
Тепакал комиссионер тамаки ҳиди билан қўй пишлоғи анқиган оғир ҳавода бир лаҳза ҳам тинмай сайраб келарди. Комиссионер бақувват тишлари билан ёнғоқ чақиб келар ва нуқул тиржайиб кулар эди. Бир оздан кейин олдинги курсида ўтирган ёш деҳқон қизга тегиша бошлади:
— Менга қиз бўласанми, айт-чи? Агар менга қиз бўлсанг, янги кўйлаклар тикдириб бераман, чиройли тўғноғичлар сотиб олиб бераман, киноларга олиб тушаман…
Ўн-ўн бир яшар кичкина қиз қулоқларига қизил тош кўзли оддий исирға тақиб олган эди. У дастлаб ғунча каби кичик лабларида одоб билан кулиб қўйди, кейин бирдан жиддий тус олди.
— Айт-чи, менга қиз бўласанми? — деб сўради ҳамон тиниб-тинчимаган комиссионер. — Агар менга қиз бўлсанг, сени, уйимга олиб бораман. Менинг жуда катта уй-жойим бор, яна сен қатори қизим ҳам бор. Арғимчоқдан сакрайсизлар, беш тош ўйнайсизлар, ҳайинчак учасизлар…
Қиз билан ёнма-ён ўтирган қорачадан келган озғин бир йигит:
— Бекорга жағингизни оғритмасангиз ҳам бўлади, афандим, — деди. — Қишлоқ жой, ўзингизга маълум… Шаҳарнинг нонига буларнинг қорни тўймайди. Чучмал суви ҳам буларга тўғри келмайди. Улар шунга ўрганишиб кетган… Наҳотки билмасангиз!..
— Сен ўзинг қаердансан? — деб сўради унинг ёнидаги курсида ўтирган кекса деҳқон ҳалиги йигитдан. — Ёки шаҳардан чиққан қоролларданмисан?
— Йўқ, мен ҳам қишлоқданман…
— Агар ўзинг ҳам деҳқон бўлсанг, нега энди «улар шунга ўрганишиб кетган» дейсан? Ўзинг-чи, ёки ўзинг ўрганмаганмисан?
— Мен ҳам шунга ўрганганман… Шунчаки, гап келгани учун гапирдим-да…
— Яхши нарса нималигини бизлар ҳам биламиз, — деди жаҳли чиққан ҳалиги кекса деҳқон, яна сўзида давом этиб. — Улар бизнинг қўлимизга тушиб кўрсинчи! Шундай экан, яхши сув турганда, сассиқ сувни эшак ҳам ичмайди… Эҳ, ўғлим, ўғлим…
— Бу қизча сенинг синглингми? — деб сўради комиссионер.
— Йўқ, деб жавоб берди йигит, — синглим эмас, қўшнимизнинг қизи…
— Қаерга боряпсизлар?
— Шаҳарга, мана бу ёнимдаги аёл қизчанинг онаси бўлади..
Машинада қулоқларига қизил кўзли исирға таққан қизчадан бўлак биронта ҳам аёл йўқ эди. Мен ўгирилиб улар томонга қарадим. Ҳалиги йигитнинг ёнида ҳам ҳеч ким йўқ, фақатгина бир уюм эски-туски увада ётарди.
— Ахир қани у аёл? — деди комиссионер ҳайрон бўлиб. — Ёнингда ҳеч ким йўқ-ку…
Деҳқон йигит жавоб қайтармади. Ҳалиги эски-туски секин қимирлаб қўйди. Жанда ичидан териси суякка ёпишган кампирнинг оқарган сочлари, терлаган юзига ёпишган бош кўринди. Унинг боши курсида, танаси эса сирилиб пастга тушиб кетган эди. Киртайиб ичига чўкиб кетган кўзларининг теварагини кўкимтил бир доира қоплаган эди. Аёлнинг ранги-рўйи сап-сариқ, чакак суяклари тургиб чиққан, бурни узун юзларини ажин босган эди.
— Бу хотинга нима бўлди? — деб секингина сўради комиссионер.
— Сил, — деди деҳқон йигит. — Ўтган куни суратини олдириш учун олиб борган эдим. Мана бугун шаҳарга олиб боряпман. Ҳар нарса қилган бўлсам ҳам уринишим бефойда: ҳеч қандай умид йўқ. Дори ёзиб беришган эди, бироқ уни олиш учун пул керак, бекорга олиб бўладими? Силлар касалхонасига бор дедилар. Кейин шифохонага бордик, борсак, ҳали ариза ёзиб кел, ҳали справка кўрсат дейди… Хуллас, қуруқ оворагарчилик!.. Бор кел, бор кел…
У ҳалиги увадалар билан аёлнинг юзини ёпиб қўйди.
— Эри ўтган йили худди шу кезларда оламдан ўтган эди… Олло таолонинг ўзидан бошқа буларнинг ҳеч кими йўқ. Агар мен ҳам қарамасам…
— Онаси бечора тугабди, — деди комиссионер.
Сўнгра энгашиб йигитнинг қулоғига бир нима деб шивирлади. Йигит елкасини қисиб қўйди:
— Менга-ку, барибир, афандим… ўзи нима дер экан, онаси нима дер экан… Агар хўп дейишса…
Комиссионер қўлини қизчанинг кифтига қўйиб:
— Менга қара, қизим, сенинг отинг нима? — деб сўради.
— Селви…
— Қани айт-чи, Селви, менга қиз бўласанми? Онангнинг ҳолини кўриб турибсан, бугун бор бўлса, эртага йўқ… Сенинг бахтингга, худо ўз паноҳида асраб соғлик берсин… Мен сенга чиройли кўйлаклар тиктириб бераман, сочларингга тўғноғичлар сотиб олиб бераман… Ёлғиз қолиб хор-зор бўлганингдан кўра, шундай қилганинг яхши эмасми?
Қизча кичкинагина ғунча лаблари билан кулиб, ҳаммасига қулоқ солиб ўтирди, кейин бирдан яна жиддий тус олди.
— Сен унга айтиб кўр, — деди комиссионер деҳқон йигитга, — сен унга яхшилаб тушунтир, ўйлаб кўрсин… Онаси бугун бор бўлса, эртага йўқ… Қиз қўлдан-қўлга ўтиб, ёмон йўлга кириб кетади… Менинг бўлса… таниш-билишларим кўп, ҳаммаси ҳам катта, обрў-эътиборли кишилар… Бири судья, бири доктор, бири инженер… Мен уни бирон яхши ерга ишга киргизиб қўяман, егани олдида, емагани кетида — росмана хоним бўлади…
— Азбаройи худо, афандим, сиз ўзларига айтинг, ихтиёр ўзларида… Онаси бўлса бугун, бугун бўлмаса, эрта-индин ўлади… Қиз сиз билан кетса, ҳар қалай ишлаб пул топади… Сен нима дейсан, Селви? Ёки афанди билан бирга кетасанми?
Қизча жавоб қайтармади. Бошини қуйи эгиб, қошларини чимириб олди.
Комиссионер ишга жиддий киришди:
— Қизчанинг онасидан сўра, онасидан!..
Йигит эскиларни нари-бери титиб:
— Ҳой, Шарифа, афандининг нима деятганини эшитяпсанми? Агар Селвини менга берсанглар, кўп савоб иш қиламан, яхши ерга ишга киргизиб қўяман, деяпти. Шунга нима дейсиз? Чунки сиз бугун бор бўлсангиз, эртага йўқсиз…
Бир уюм эски тагида нимадир сесканиб тушди ва қимирлаб қўйди. Кейин эски уюм ичидан ҳалиги бош кўринди. Қиртайиб, косаси чиқиб кетган қора кўзлари узоқ вақт Селвига тикилиб турди ва бирдан эски супра каби буришиб-тиришиб қолган юзларига икки томчи ёш юмалаб тушди.
— Нима дейсиз? — деди яна йигит. — Сиз шунга розилик берасизми? — У энгашиб қулоғини Селвининг онасига тутди, кейин қаддини кўтарди.
— Нима деб жавоб берди, — деб сўради комиссионер.
— Нима ҳам дерди, бечора хотин? Бериб юбора қол, дейди-да…
У яна увадалар билан хотиннинг юзини ёпиб қўйди.
* * *
Мадори қуриган кишидек зўрға бораётган машина, шаҳар кўчаларидан айланиб ўтиб, киракаш машиналар турадиган жойга келиб тўхтади. Ҳаммамизни чанг босиб, жуда ҳориб-чарчаган эдик. Селвининг ёнида ўтирган ҳалиги йигит унинг онасини машинадан кичкинагина ёш болани кўтаргандек кўтариб олди. Селви ҳам уларнинг ёнида турарди. Онасининг қизига берган розилигидан мамнун бўлган комиссионер Селвининг олдига келиб, унинг билагидан тутди. Сўнг чўнтагидан ўн лира пул чиқариб ҳалиги йигитга узатди. Йигит пулни олмоқчи бўлиб энди қўл чўзувди, Селви комиссионернинг қўлидан юлқиб чиқиб, онасига томон югурди. Юмалоқ гавдали комиссионер унинг кетидан юрди. У қизчанинг олдига келиши билан, қизча айланиб онасининг бошқа томонига ўтиб олди. Йигит нима қилишини билмай қотди. У қўлидаги ўн лира пулни ғижимлаб, дам комиссионерга, дам қизчага боқар эди.
Комиссионер яна қизчанинг билагидан тутди ва жаҳл билан силтади:
— Онанг сени менга бергандан кейин, бу нима қилиғинг!.. Сени қара-я…
Қизча яна унинг қўлидан чиқиб қочди.
— Бормайман! — деб қичқирди қиз. — Бормайман, бормайман дедим, бормайман!
— Нимага бормайсан?
— Бормайман!
— Мен сенга янги кўйлаклар, сочларингга тўғноғичлар сотиб олиб бераман!..
Қизча чурқ этмади.
— Турмушинг яхши бўлади, ўзинг уй бекаси бўласан!
Қизча чурқ этмади.
Комиссионер йигитга ўгирилди:
— Сен сўра-чи, нимага боргиси келмаяпти экан?..
Йигит қизчага бир-икки оғиз гапирди. Қизча ҳам унга нималарнидир айтди.
— Манг, оғо, берган пулингизни олинг энди, — деди йигит. — Пул — ишласа топиладиган нарса… Ўзим ишлаб, ўзим пул топаман, деяпти. Шундай қилармиш…
— Хўш, нимага энди бормас экан? Онаси бўлса, барибир, бугун бўлмаса, эртага ўлади…
— Билмадим, қизча шундай деяпти…
— Нима учун энди бормайман дейди?
— Меҳри тошдан эмас-ку, ахир, афандим… Агар мен кетсам, онамга ким сув беради. Касалига ким қарайди. Онам бечора қуртлаб кетади, деяпти.
Комиссионер қизчага нафрат билан қаради. Кейин йигитнинг қўлидаги ўн лира пулини олиб, ҳамёнига солиб қўйди.
— Хаҳ, ифлос!.. Булар яхшиликни биладими!..
Ичи тўла портфелини қўлтиқлаган, уст-боши чанг бу бесўнақай одам нарироқ кетгандан кейин, бир деҳқон шундай деди:
— Албатта биламиз, нега билмас эканмиз сенинг қилган яхшилигингни… Ўн лира пул берасан-у, онадан болани жудо қиласан, кейин уни жанобларга олиб бориб тортиқ қиласан, сўнг улар хоҳлаганларини қиладилар… Балли, қизим Селви!
Селвининг исирғасидаги қизил тош чарақлаб чиқиб турган қуёш шуъласида табассум қилиб тургандай порлар эди…
Туркчадан С. Худойберганов таржимаси