Мактабда илк ўзлаштирган нарсам баъзиларининг аҳмоқлиги, иккинчи ўзлаштирган нарсам эса баъзиларининг янада аҳмоқроқлиги бўлди. Худди дин, ирқ, жинс, синф, бойлик (ва шу қаторда энг охирида қўшимча қилинган) маданият фарқлари каби, ҳаётдаги бу асосий ва аниқ кўрсатувчи фарқни фарқламагандай ишлашни комиллик, назокат ва яхши тарбия кўрганлик аломати эканлигини у ёшда ақлан қамрай олмаганим учун ўқитувчининг синфга ҳар гал савол ташлашида, тўғри жавобни билишимни кўрсатиш учун сабрсизлик билан бармоғимни кўтарардим.
Яна кейинги ойларда, йилларда бу бир одат бўлди. Яхши, ақлли ўқувчи эканлигимни синф ҳам, ўқитувчи ҳам бир оз англаганди, аммо мен яна ҳар бир саволга жавобим борлигини исботламоқ учун бармоғимни кўтараверардим. Ўқитувчи менга жуда сийрак сўз берар, кўпинча кўтарилган бошқа бармоқларни, улар ҳам гапирсин, дея ишорат қиларди. Бир мунча кейин жавобни билсам-билмасам, ҳар саволга бармоғим ўз-ўзидан кўтариладиган бўлди. Бунда, ҳамма қатори оддий кийим кийса ҳам, қимматбаҳо бир совға ёки бўйинбоғ (галстук) тақиб бойлигини билдирмоқчи бўлган кимсанинг жонсараклигига ўхшаш бир ўзини кўрсатиш истаги билан ўқитувчига нисбатан ҳис қилинган бир турли қойил қолиш ва ҳамкорлик қилиш истаги ҳам бор эди. Чунки мактабда фахрланиб ўзлаштирганим яна бир нарса “обрўли шахс” сифатидаги ўқитувчимнинг иқтидори эди. Памуқ Апартманидаги (Памуқлар хонадонидаги) оилавий кўпчилик тарқоқ ва бўлинган ҳолда эди: ҳамма бир дастурхонда ўтириб овқатланаркан, ҳар калладан бир овоз чиқарди. Оила бир-бирига меҳр ва елкадошлик, йиғилиш ва суҳбат эҳтиёжи, ейиш-ичиш ва радио соатлари каби бирон кимса тортишмайдиган одат ва қоидаларга гўё ўз-ўзидан боғланиб қолгандай эди. Уйда отам обрў ва иқтидор маркази эмасди ҳеч, у орамизда жуда кам кўринар, гоҳо талай вақтгача йўқ бўлиб кетарди. Аммо, энг муҳими, акам билан мени ҳеч қачон озорламас, унга ёқмайдиган бир иш қилсак, ҳатто қошларини ҳам чимирмасди. Кейинги йилларда бизни дўстларига таништираркан, “булар ҳам менинг икки кичик укам” деб қўйишни канда қилмас ва чиндан бу сўзининг устидан чиқарди. Бу жиҳатдан уйда “обрўли шахс” сифатида фақат онамни танигандим.
Аммо унинг менга ўтадиган кучи мендан ташқаридаги, бегона бир “иқтидор маркази” бўлганликдан эмас, менинг севилиш, силаниш ва эркаланиш истагимдан манба оларди. Шу жиҳатдан ўқитувчининг йигирма беш кишилик синфни сўзига кирдира олиши мени қойил қолдирарди.
Балки у билан онамни тенглаштирганимда, ичимда ўқитувчимга муносиб бўлиш учун битмас-туганмас истак борлиги юз кўрсатар. Фақат ҳар саволига жавоб бергим келмас, вазифаларини яхши бажармас, ўқитувчи томонидан севилишни, фарқли ва ақлли кўринишни истар эдим. “Қўлларингизни мана бундай қовуштириб, гаплашмасдан ўтиринг” дерди ўқитувчи ва қўлларимни кўксим узра қовуштирар, бутун дарс сабр-ла ўтирардим. Аммо аста-аста ҳар саволга жавоб беришнинг, бир арифметик масалани ҳаммадан олдин ечишнинг ёки энг яхши сабоқларни олишнинг завқлари сўлиб, дарсларда вақт ҳеч адо бўлмайдиганга ўхшаб, дақиқалар баъзан ўта секинлик билан оқаётгандай кўрина бошлади.
Кўзларимни доскага бир нималар ёзишга уринаётган ярим ақлли бақалоқ бир ўқувчидан, ўқитувчи ё бошқа ўқувчидан, фаррошдан, бутун дунёга доим ёруғ ишонч ва яхши ният билан, жилмайиб ва соғлом назар билан қарайдиган қиздан узар, деразадан ташқарига, баланд-баланд иморатлар орасида юксалиб кўриниб турган акас дарахтининг уст шохларига қадар эдим. Шохга бир қарға қўнарди. Диққат-ла кузатардим. Танасини пастдан кўрганим – қарға билан шохнинг орқасида бир тутам булут ҳам, манзара ҳам нуқул жойларини алмаштирарди. Деразадан кўрганим булутни бир тулкининг бурнига, калласига, сўнгра бир итга ўхшатардим. Энди ит кўринишини ўзгартирмаслигини, булут ит ҳолида йўлини давом эттиришини истардим, аммо бир оздан сўнг бувимнинг пардоз жавонининг ҳеч очилмайдиган витринасидаги оёқли кумуш қанддонлардан бирига айланарди. Шунда мен уйга кетиб қолгим келарди. Уйнинг ним қоронғи жимжитлиги, бехатарлиги хаёлимдан ўтаркан, бирдан ўша қоронғилик ичидан, худди тушда кўрингандай, отам кўринар, бозор куни ҳаммамиз бирга машинага ўтириб Босфор бўғозини кезишга кетардик. Шу асно, қаршидаги бинонинг деразаси очилар, бир хизматчи қўлидаги хокандоздан хас-тўзларни пастга қарата силкитар, сўнгра у ҳам мен ўтирган жойдан кўринмаётган кўчани паришонлик билан кузатарди. Ажабо, кўчада нима бор экан? Пастдан тош йўлда кетиб бораётган от араванинг овози келар, бўғиқ овоз билан бақираётган “эскичииии”ни эшитардим. Кўчага қараб ўтирган хизматчи, эскичини кузатиб бўлгандан кейин орқасига қайтар, у беркитган деразанинг ёнида бояги булутга ўхшаган, аммо терс томонга кетаётган бошқа булутни кўрардим. Ён деразадаги булут йўлида давом этаркан, ажаб, бу, бояги тулки-ит-қанддон булут бўлмасин-да ишқилиб, дердим ўзимга ўзим. Худди шу орада синфда бир ҳаракат бўлар, мен кўтарилган бармоқларни кўрганимда ўқитувчининг саволини эшитмаган бўлсам-да, шошиб улар билан бирга бармоғимни кўтарар ва тўғри жавобни билганимдан сўнг ўзимга ишонган тарзда кутиб турардим. Бошқа ўқувчиларнинг жавобларидан ўқитувчининг саволи нима бўлганлигини ҳали ҳам аниқ билмаганим ўша илк онларда ҳам хаёллар чўмган ақлимда жавобни жуда яхши билишимга оид қуруқ бир ишонч кўриниб турарди.
Йиллар бўйи қаторларида иккита-иккита бўлиб ўтирган синфларимизни эрмак ерига айлантирганимиз дарсларда ўрганганларим билан, ўқитувчидан олганим маъқуллашлардан ҳам кўра, синфдош дўстларимни бир-бир таниш завқи, уларнинг мендан қанчалик ўзгарганларини бироз ҳайрат, бироз ҳайронлик, бироз ачиниш билан кўрганим бўлди. Турк тили дарсида бир нималарни ўқиркан, сатр битганда, бир қатор пастдаги сатрдан эмас, икки қатор пастдаги сатрдан ўқишда давом этган ва бутун диққатига қарамай синфни кулдирган янглишини бир турли тузатолмаган бир ғамгин бола бор эди масалан. Бошланғич синфда бир ора ёнимда ўтирган, узун қизил сочлари от думига ўхшаган бир қиз бор эди. Портфелининг ичи тишланган олмалар, бурда нонлар, нондан тўкилган кунжутлар, қаламлар, соч тасмалари билан аралаш-қуралаш бўларди, ўзи эса пала-партиш кийинарди, аммо ундан ва портфелидан келаётган хушбўй атир ҳиди мени унга боғлар, ҳар нарсани ўз оти билан айтиб, жасорат билан баён эта олишига ҳайрон қолар, ҳафта охирида уни кўрмасам, соғинардим. Бир боланинг калласи бувим айтган тоифадан, яъни тамоман хумкалла эди, яна бир бошқа кичкина бошли жажжи қизнинг заифлиги ва нозиклиги мени сеҳрлар, учинчисининг уйида бўлиб ўтган воқеаларни оқизмай-томизмай айтиб беришларига ҳайратланар, ўз-ўзимга қандай қилиб бундай бўларкин, деб савол берардим. Нечук бу қиз “Отатурк ” шеърини ўқиркан, ҳақиқатан ҳам йиғлайди? Бошқалар англаяжагини билатуриб ёлғон сўйлай олади, манави учинчининг портфели, дафтари, фартуги, сочлари, сўзлари – ҳамма нарсаси шу қадар тартибга келтирилган?
Худди кўчалардаги турли-туман машиналарнинг чироқлари, амартизатор, олд капоти ва ойналаридан ташкил топган бурнини ақлим ўз-ўзидан бир нарсага ўхшатгани каби, синфдаги бир қатор болаларни ҳам бир нарсага ўхшатардим. Масалан, манов қирра бурунлини тулкига, бесўнақайларни ҳамма одамлар айтганидай айиққа, сочлари типпа-тик болани типратиконга… Мари исмли бир яҳудий қизнинг узундан-узоқ хамирсиз байрамидан қилган ҳикояларини, баъзи кунларда бувиси уйдаги электр тугмаларига ҳам тегмаслигини айтиб беришларини элас-элас эслайман. Бир қиз оқшом хонасида ўтирганида шартта орқасига бурилиб қараса, фариштанинг соясини кўрганини айтган, бу ақлимда қўрқув билан ўрнашиб қолган эди. Уп-узун оёқларига уп-узун пайпоқлар кийган ва ҳар доим ҳозир йиғлаб юборадиганга ўхшаб кўринувчи бир қизнинг вазир бўлган отаси, Бош вазир Аднан Мендереснинг учоқ ҳалокатида ўлганда, қизнинг отаси ўлмасдан ҳам бўлажак фалокатни аввалдан билиб йиғлаганини тахмин қилдим. Кўп болаларнинг, мен каби тиш оғриғи бор эди. Баъзилари тиш қолипи тақарди. Литсей ётоқхоналари ва спорт заллари жойлашган ён томондаги бинонинг уст қаватларида бир ерда, тиб лабораторияси ёнида бир тиш дўхтири борлигини айтишарди. Ўқитувчимиз бирон воқеадан аччиқланганда ярамаслик қилган болани ўшанинг олдига юбораман, деб таҳдид қиларди. Ундан кичикроқ жазо доска осилган девор билан эшик орасидаги бурчакда, синфга орқасини ўгириб оёқда турғазиш эди. Бу баъзан “бир оёқ” жазосига айланар, аммо бутун синф дарсни эмас, жазоланган боланинг бир оёқда қанча тура олишини кузатишдан иборат бўлгани учун, дарсни ўтиб бўлмас эди. Бир оёқда бўлмаса ҳам, бурчакка турғазилган баъзи тўполончилар ахлат идишга тупурар, ўқитувчига сездирмасдан синфга кўз-қош имолари қилар ва уларнинг бу қилиқлари менда ҳайронлик эмас, кўпроқ қизғаниш ва нафрат уйғотарди.
Танбалларнинг, тўполончиларнинг, аҳмоқларнинг ва уятсизларнинг ўқитувчи томонидан озорланиши, жазоланиши, ёқасидан олиниши, калтакланиши кейинроқ самимий инонганим жамоат ва ҳамдамлик руҳига қарамай баъзан мени хурсанд қиларди. Ҳар ким билан ҳаддан ташқари “сен-мен”ли, киришимли бир қиз бор эди, масалан, мактабга шофёрли бир машинада келар, ўқитувчи ундан доскага чиқишни сўраганда, ғоят мамнун бўлиб чиқар, нозлана-нозлана “Жингле беллс, жингле беллс, жингле беллс алл тҳе беллс” дея инглизча бир қўшиқни айта бошларди. Ўқитувчи билан ораси шунчалик яқин бўлишига қарамай вазифаларини диққат билан бажармагани учун гап эшитишларига, туртиб ташланишларига гувоҳ бўлганимдан сиқилмасдим. Ҳар вазифа текширувида, бир қатор болалар вазифани бажаролмагани ҳолда, ўзини бажаргандай тутиши, энди дафтарнинг саҳифалари орасида қилган иши, ёзган ёзувларини тополмаётгандай кўрсатиши, ўқитувчи эса бунга ҳеч ишонмаса ҳам, қани у, деб мурожаат қилишлари сабабини ҳеч тушуна олмасдим. Бир онлик саросима ва қўрқишлар, “Энди тополмаяпман, устоз!” дейишлар жазони фақатгина бир неча сония орқага сурар, аммо тарсаки ё қулоқ чўзманинг шиддатини бир неча баробар орттирарди. Усмонийлар Салтанати мактабларида муаллим томонидан ўқувчига отилган таёқлар ёки домланинг ўтирган жойидан узун хипчин билан бола бошига туширишлари Аҳмад Расим (1865-1932) нинг “Фалақа”, “Кечаларим” номли асарлари орқали ҳикоя қилинарди. Болаликдаги ва мактаб чоғидаги жазолашлар, шунингдек, кейинги йилларнинг дарсликларида учрар ва буларнинг ҳаммаси Жумҳурият ва Отатуркдан кейин қолган ёмонликлар каби тақдим қилинарди бизга. Аммо бой Нишонтоши маҳалласидаги пуллик махсус Маърифат Литсейида модернлашиш деган янгиликларнинг бир қисми тазйиқ йўли билан камбағал ва ожизларни қўллашга қаратилган янгиланиш дегани эди; энди фалақа ёки таёқ ишлатилмас, бунинг ўрнига Усмонийлардан қолган қари ва баджаҳл ўқитувчилар, четларига ингичка ва қаттиқ бир мика (япроқсимон тиниқ оппоқ тош) парчаси ўтказилган бир франтсуз буюми жадваллар ўрнида қўлланар ва ўша билан болаларнинг бошига урардилар.
Ўжарлик билан вазифани бажармаган, ярамасликлари билан ўқитувчининг сабрини тугатган ўқувчи, ёмонлик намунаси этиб кўрсатилиши учун, ҳар каснинг олдига чиқариларди, одамнинг ичини ачитувчи уришлар ва камситилиш дақиқалари бошланганида юрагим эзилиб, каллам шишиб кетарди. Ёшимиз каттайганда гимнастика муаллими, дин муаллими, мусиқа ўқитувчиси каби ҳаётдан безган, сержаҳл, кекса эркак ўқитувчиларнинг қўлига тушганда кўпаядиган бу жазолаш маросимларини кўриб, аввалги зерикарли дарснинг ўртасида бир неча дақиқа давом этадиган томоша қилиб ўтиришларни, мулойим ва онадай муаллималарни мамнуният билан соғиниб ўтирардим. Бирон ўқувчи, худди сут тўкиб юборгандай, олдига қараб, айбини тан олиб, инонтирувчи бир қанча узрлар айтса жазоси сал ювош тортарди. Аммо айтган узри кўрсатган ҳунаридан катта бўлганлар, ёлғон бўлса ҳам айбини юмшатадиган бир баҳона тополмаганлар, тополмайдиганлар, ёлғон гап айтгунча калтакланишни афзал билганлар, ўқитувчининг обрўйини туширадиганлар, жазоланаётган чоғларида бир ора қош-кўз имоси қилиб синфни кулдирадиганлар, бир тарафдан ношудона ёлғонларни қалаштириб, бошқа тарафдан “бошқа ёлғон гапирмайман, устоз” дея самимий қасам ичувчилар, таёқ ва камситилишдан қон-терга ботган, янглишиб қопқонга тушган ҳайвондай, билмасдан яна хатоликка йўл қўйиб азиятларини янада орттирган бир бошқа синфдошлар менга инсонлик ва ҳаёт ҳақида барча Ҳаёт Билими китобларидан ва Синф Билими журналларидан ҳам теранроқ нарсаларни ўргатардилар.
Баъзан тартибли, ёқимтой ёки синиқ ҳолини кўриб, уни ичимда севиб юрганим бир қизнинг шундай камситилганига ва узр онларида юзи қип-қизил бўлиб кетганига, кўзида ёшлар ҳалқаланганига қараганимда унинг тезроқ қутулишини истардим. Танаффусларда менга ҳам азият қиладиган анов сариқ сочли, семиз боланинг довдирашини, довдираркан, калтак еганини кўрганимда воқеани қалбсизлик билан завқланиб томоша қилардим. Тузалишига умид қолдирмаган аҳмоқ ва бетаъсир эканлигига ишонч ҳосил қилганим ўта қуруқ, овози паст ва ғурурли бир боланинг ўқитувчини издан чиқариб гердайишининг сабабини билолмаганимда, боланинг кўзларидан ёшлар оқаркан, ўқитувчи билан ўқувчининг айни чоғда қай бири ҳақлигини билолмай чарчаблар кетардим. Баъзи ўқитувчилар ўзи доскага чиқарган ўқувчининг билимини синашдан ҳам кўра кўпроқ ўз жаҳолатларини намойиш қилиб, камситишларидан қанчалик маза қилсалар, баъзи ўқувчилар ҳам аҳволни ирода билан яхшилашдан ҳам кўра ўзларининг камситилишидан ўшандоқ маза қиладигандай тутардилар. Баъзи ўқитувчилар бир дафтарнинг янглиш рангли бир қоғоз билан ўралганини кўрганларида қутириб кетар, баъзилари бошқа пайтлар ҳеч эътибор бермайдиган оддий бир пичир-пичирга ҳам бир шапалоқ билан жазо берардилар, баъзи ўқувчилар жавобини биладиган оддий бир саволга, кўзлари машина чироғидан қўрқиб кетган қуёндай, қотиб қолар, баъзилари эса – энг кўп шунақаларни қўллардим – жавобни билмасалар ҳам, биладиган нарсаларини яхши ният билан сайрайверардилар.
Баъзи бир пайтларда, озор билан ёки дафтарларнинг, китобларнинг ирғитилиши билан бошланган қўрқитувчи онларда, бутун синфда тиқ этган овоз ҳам чиқмаётган бир паллада бошига шундай камситишлар келмаган толелилардан бўлганим учун шукр қилардим. Синфнинг учдан бири шундай бўлакча “имтиёз”-лилардан эди. Йўқсуллар билан бойлар бир синфда ўқийдиган баъзи давлат мактабларига қарама-қарши ўлароқ, бу махсус мактабда сурункали камситилишлар билан ҳеч хафа қилинмайдиган толелиларни ажратиб турувчи яширин чизиқнинг ўқувчининг бойлиги ё камбағаллиги билан алоқаси йўқ эди. Мактабга келиб болаларча бир оғайнилик билан танаффусларда қувлашмачоқ ўйнаб хурсандлик билан унутганим ва руҳим рад этган бу яширин чизиқ, ўқитувчи ўз курсисидаги жойига бир иқтидор тахтига ўтиргандай ўтириши билан бирдан юзага чиқаверарди ва мен ҳам бу таёқ ва камситишлар палласида оддий, аммо кучли бир қизиқиш билан баъзиларининг нима учун бундай тамбалроқ, виқорсиз, иродасиз, бетаъсир, ақлсиз ёинки мана “шундай” бўлишаркин деб ўзимдан сўрардим. Аммо ҳаётим зулматига ва синфдош ўртоқларимнинг руҳларига йўналган бу саволга на у даврда ўқий бошлаганим ва ҳамма ёмонларнинг оғизлари бурамли қилиб чизилган сувратли романлар, на-да болалик туйғуларим жавоб берар, мен ҳам саволни унутардим. Буларнинг барчаси, мактаб деган даргоҳ аслида энг муҳим ва асосий ҳисобланган саволларга жавоб бермаган, фақат уларни ҳаёт ҳақиқати сифатида тан олишимизга ёрдам берган жой деган хулосага келдим. Шу боисдан то литсейга киргунимча бармоғимни кўтариб ўзимни чизиқнинг тинчгина ва эрка тарафида тутишга интилдим.
Мактабда яна бир ўрганганим асл нарса – ҳаётнинг сўралмайдиган “ҳақиқатларини” қабул қилиш эмас, уларга мафтун бўлиш эканлигини сезардим. Биринчи йилларда бўлар-бўлмас баҳоналар билан, иккида бир ўқитувчи дарснинг ўртасида бизга бир ашула айттиришни бошларди. Инглизча, франтсузча сўзларини тушунолмаганим, яхши кўрмаганим бу қўшиқларни худди айтаётгандай ҳаракат қиларканман синфдошларимни кузатишдан завқланардим. (Туркчага “Соқчи ота, соқчи ота, байрам келди, сурнай чал!” каби ўгирилган ашулалар айтиларди.) Ярим соат олдин дафтарини яна уйида унутгани учун кўзёши тўккан паст бўйли семиз бола энди оғзини катта-катта очиб бахтиёрлик билан ашула айтаётган бўларди. Узун сочларини ҳадеб қулоқларининг орқасига отаётган қиз, қўшиқнинг ўртасида яна шу ҳаракатини такрорларди. Танаффусда коридорларда мени қувлаган семиз тўполончилардан бири ва унинг камгапроқ, закки ва жуда камтарлигига қарамай яширин чизгининг мен тарафимда қоладигандай эҳтиёткор оқил устози энди фариштасимон бир ифода билан мусиқанинг булутлари орасида йўқ бўлиб кетгандилар. Тартибли қиз ашуланинг ўртасида қаламдонларининг, дафтарларининг ўрнини яна бир бор тахларди, мактабнинг дарахтзор ҳовлисидан ўтиб синфга келаётганда, икков бирга бўлишимиз учун “Менга шерик бўласанми?”- дея сўраганимда индамай фақатгина қўлимни ушлаган тиришқоқ, закки қиз ашулани яхшироқ айтиш учун ўзини жуда жиддий тутарди, имтиҳонларда кимса қарамасин дея қоғозини эмизикли чақалоғини бекитаётган хотинлардай бутун гавдаси билан тўсиб олган қизғанчиқ ва бақалоқ бола ҳеч кимсага очмаган гавдасини очадигандай ҳаракатлар қиларди. Ҳар кун таёқ ейдиган, келажаги умидсиз эссизлардан бирининг эса ашулага зўр хоҳиш билан қўшилганини ва олдидаги қизнинг бир тола сочини ўғринча тортганини, диққат билан ашула айтаётган қизнинг иккида бир “вой-вой”лаши, бу онда у бола деразадан ташқарига қараб турганини кўрганимизда, биз ҳам қизил от думига ўхшаган сочли қиз иккимиз шу онда бир-биримизнинг кўзларимиз ичига тикилиб кулимсирар эдик. Ҳеч тушунмай айтаётган ашуламнинг лай ла лай ла, лай лай лай қисмига келганда мен ҳам нашъа билан ҳар кас юксалтирган овозга қўшилар, сўнгра деразадан ташқарига қараркан, бир оз сўнгра, бир оз сўнгра қўнғироқ чалинишини, бутун синф бир онда гувуллаб палтоларига, портфелларига ёпишишини ва бир қўлим портфелда, бир қўлим мен ила акамни уч дақиқалик наридаги уйга етаклаб кетадиган эшикбон амакининг қўлидайкан, синфдаги барча бу инсонлардан чарчаганимни, аммо ҳозир онамни кўраман, дея одимларимни тезлатажагимни хаёл қилардим.
“Истанбул. Хотиралар ва шаҳар” китобидан
Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси