Фанни бебаҳо физиологик назариялар билан бойитиб, ёшлигиданоқ ном қозонган доктор Бъяншен Оврупа медиклари томонидан маърифат маркази деб ҳисобланган Париж медецина факультетида терапевт бўлиб ишлашидан анча бурун жарроҳлик қилган эди. У талабалик йилларида фан осмонининг ёрқин юлдузларидан ҳисобланган буюк француз жарроҳи Деплен раҳбарлигида ишлаган эди. Ҳатто Депленнинг рақиблари ҳам у ўз тажрибасини, бирор кимсага ўргатиш хоҳиши йўқлиги боис, қабрига олиб кетади, деб тан олган эдилар.
Бошқа буюк даҳоларда бўлгани каби ҳам ўз соҳасида ворис қолдирмади. Ҳамма нарсани ўзи қандай олиб келган бўлса, шундай бирга олиб кетади. Жарроҳлик шуҳрати ҳам актёрлар шуҳратини эслатади: улар фақат ҳаёт бўлган вақтларидагина яшайдилар, вафотларидан кейин эса уларнинг истеъдодларини баҳолаш қийинлашиб қолди. Актёрлар ва жарроҳлар, шунингдек, юксак ижрочилик маҳорати билан музика куч-қудратини ёрқин намоён қила оладиган буюк хонанда ва созандаларнинг ҳаммаси бир давр қаҳрамонлари дейиш мумкин. Депленнинг шуҳрати ҳам барча даҳолар фаолияти билан кўп жиҳатдан муштаракдир. Яқиндагина шу даражада шуҳрат топган номи бугунга келиб тиббиёт оламидан бошқа ёқда деярли унтилди. Лекин шундай бўлганда ҳам фавқулодда вазиятлар тақазоси билан олимнинг номини фан соҳасидан инсониятнинг умумий тарихига ўтиши наҳотки талаб қилинмаса?! Деплен ўз даврининг ифодачиси ёки уни ўз шахсига кўчирган кўпқиррали инсонмиди? У ақл бовар қилмайдиган даражада сезгир бўлиб, шахсий кузатувлари орқали орттирган тажрибаси ёки савқи табиийси ёрдамида бемор руҳий аҳволини дарров пайқаб оларди, касалликнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаб ташхис қўярди. Шу билан бирга, бемор кайфияти ва шарт-шароитини ҳисобга олиб, уни қачон ва қайси ҳолатда операция қилиш бўйича хулоса чиқарар эди. Деплен табиат билан бақамти бўлиш учун ҳаво ва ердан баҳра олиб турувчи одамнинг хужайраларини мутассил ўрганиб чиқишдан эринмадимикан? У Кювье даҳосининг маҳсули ҳисобланган индукция ва анология усулларининг қудратли кучидан фойдаланмаганмикан? Нима бўлганда ҳам бу жарроҳ тиббиёт сиру асроридан тўлиқ хабардорлик даражасига эга бўлиб қолди, у бу соҳанинг бугунги тажрибаларига асосланувчи замонавий кишиси сифатида унинг ўтмиши ва келажагига ҳам айланди. У ўз шахсияти Гиппократ, Гелен, Аристотель каби ўзида барча фанларни мужассамлаштирган киши эдими? Ёки бу соҳада алоҳида мактаби орқали янги дунё йўлларини очдими? Йўқ. Лекин адолат юзасидан шуни ҳам тан олиш керакки, инсон танасидек мураккаб хилқатнинг ўткир кузатувчиси бўлиб қолган бу шахс сеҳргарлик ҳақидаги қадимий илмлар уммонига ғоввоз каби шўнғиди, вужуднинг ҳали шаклланиб улгурмаган дастлабки даврлариданоқ уни пайқаб оладиган даражада сезгир бўлиб, ҳаётнинг ҳали юзага келишидан олдинги манбалари ва улар қандай бўлишлигини ҳам кўра олади, бу борада олиб борган текширишлари орқали тирикликни таъминлайдиган шарт-шароитларни аниқлади.
Лекин, афсуски, булар ҳаммаси Депленнинг шахсий характери учун хос эди. Шу боис манфаатпарастлик хислати ёлғизланиб қолишига сабаб бўлди ва худди ўша одати вафотидан кейинги шуҳратини ҳам сўндиришга олиб келди. Охир-оқибат қабри устида даҳонинг фидокорона изланишлари натижасида аниқланган тиббий сиру асрорни келгуси авлодларга эслатиб турадиган ёдгорлик бюсти ҳам ўрнатилмади. Балки таланти эътиқодига мослиги туфайли у ўлимга маҳкум бўлгандир. Деплен эътиқодига кўра, ер атмосфераси ҳаёт яралиши учун замин яратган. Мана шунинг учун ҳам ер тухум ва унинг уст қобуғи шаклида бўлгани таъкидлайди. Лекин у дастлаб тухум бўлганми ёки товуқ қабилидаги саволга жавоб беришга қодир бўлмаганлиги боис уларни тан олмасди. У ибтидоий ҳайвонот дунёсининг яратилиши ва инсон қалбининг ўлмаслигига ҳам ишонмагани сабабли иккиланмай уларни рад қиларди. Даҳрийлар ва диндорлар орасида давом этиб келаётган азалий курашга Деплер ҳам бефарқ бўлмай, аллақачон иккиланишни йиғиштирган эди. Депленда бундан бошқа бир эътиқод бўлиши мумкин эмасди. У ёшлик давриданоқ бутун тирик мавжудотнинг гултожи ҳисобланган одамзоднинг умр кечириши ва вафотидан сўнгги ҳолати ҳақидаги ҳақиқатни билиб улғайди. Танада мия, асаб, қон айланиш ва нафас олиш марказлари борлиги аниқланган. Улардан дастлабки икки марказдан бирининг ўрнини иккинчиси ҳам бемалол бажариши мумкин. Деплен ҳаётининг сўнгги вақтларида ҳатто кўриш ва эшитиш учун қулоқ ва кўзлар мутлақо зарур бўлмаслиги ва булар вазифаси қуёш нурлари тўқимаси таъсирида ҳам бажарилиши мумкинлиги хусусидаги хулосага келган эди. Шундай қилиб, Деплен одам жисмида марказлар мавжудлигини таъкидлаб, жоннинг абадийлигига ҳеч қандай асос топилмаганлигини тасдиқлади. Бу далил орқали у худо ҳақидаги диндорлар қарашларини таҳқирламаса ҳам ўз даҳрийлик қарашларини маъқулланган эди. Айтишларига қараганда, бу машҳур жарроҳ бошқа марҳум даҳо инсонлар каби чалғимай дорилбақога рихлат қилган экан.
Деплен шуҳратига соя солиш мақсадида душманлари ҳаёт вақтида бу буюк инсонни анча майдакаш одам деб иғво қилганлар. Бахил ва аҳмоқлар ҳеч қачон буюк ақл эгалари фаолиятини ҳаракатга келтирувчи сабабларни тушунолмайдилар. Буюкларнинг майда-чуйда камчиликларини кўришлари биланоқ дарҳол шуларга қараб айбнома ёпиштира бошлайдилар.
Деплен шуҳрати ва билимини таҳқирлаш имконияти йўқлиги учун душманлари асосий диққатларини унинг характеридаги майда-чуйда нуқсонларга қаратадилар. Ҳар ҳолда Деплен инглизлар айтмоқчидек ғайритабийроқ эди. У гоҳ буюк фожиачи Кребильонга ўхшаб кийинар, гоҳ костюмларига ўта лоқайд қарар, гоҳ аравачада юрса, гоҳ қизғанчиқдай пиёда юрар, гоҳ олижаноб кишидай бўлиб кўринарди. Тантанали вазиятда ҳам, мушкул вазиятда ҳам қандай бўлса, шундай, яъни бежаб-безалмаган кўринишда бўлганлиги учун одамлардан шубҳаланарди. Буюк инсонларнинг фазилати ҳам бир-бирига ўхшаб кетади. Агар уларнинг бирортасида ақлларига нисбатан истеъдоди зиёда бўлса, ҳар ҳолда оддийгина қилиб, “бу ақлли одам” дегандан зиёдароқ ақлли ҳисобланиши мумкин.Даҳолик одамни ички томондан кўришни ҳам тақозо этади. Кўриш, эҳтимол, айрим мутахассисларнинг билим доиралари билан чекланган бўлар, лекин кимки гулни кўрса, қуёшни ҳам кўради. Кунлардан бир кун ўзи даволаган дипломатнинг: “Императорнинг соғлиғи қалай” деган саволига: “Сарой аъёни ўзига келди, одам ҳам ўзига келади”, деб жавоб қилди. Кимки, шундай мулоҳазаларни айтишга қодир экан, у нафақат жарроҳ ёки врач, балки катта ақл эгаси ҳамдир.
Биз Деплен ҳаётидан замондошлари томонидан кузатиб юрилган, хотирасини баъзи таъналардан қутқарувчи энг қизиқарли бир жумбоқни танладик (бу жумбоқ ҳикоямиз сўнггида ечилади).
Орас Бьяншен Депленнинг севимли шогирдларидан эди. Бу бўлғуси медик Деплен ишлаб турган Отель-Дье клиникасига амалиётчи-ассистент бўлиб келгунга қадар Лотин кварталининг “Вок уй” номли ғариб бир ётоқхонасида муҳтожлик билан кун кечирди. Лекин ҳақиқий истеъдод эгалари барибир худди олмос сингари мустаҳкам ва чидамли бўлиб, ёниб турган олов ичида ҳам оташга бардош беради, аслини сақлаб қола олади ва жўшқин эҳтирослари алангасида тобора тобланиб, эзгу орзу-умидлари йўлида ҳалол ва тинимсиз меҳнатга кўмилади, шу тариқа даҳолар қисматига хос курашга кўникиб боришади. Орас ору номусда оғиздагина эмас, амалда ҳам қатъиятли эди, вақти келганда, дўстлари учун биргина кийими бўлса ҳам аямайдиган, зарур келиб қолса улар учун вақтидан ҳам, уйқусидан ҳам воз кечишга тайёр турадиган пок инсон эди. Бировга бирор нарса бериб, ўрнига қанча қайтариб бераркан деган ўй хаёлидан ўтмасди. Шунинг учун кўпчилик дўстлари қўли очиқлигига тан беришар, айбини айтишга ботинолмасдилар. Бироқ, Орас ҳақиқий қадр-қимматини майдакашлар билан алмаштирмасди. Унда бирон бир сохта олифтагарчилик, қуруқ ваъзхонлик кўринмас, одамларга ёқимли сўзлар билан маслаҳат берар, баъзан улар билан жиндак шакаргуфторлик ҳам қилар эди.
У ҳаётда ҳеч кимдан ҳеч нарсани яширмас, турли расмиятчиликлардан мустасно аскарлар каби қувноқ ва дилкаш шишадош улфат, эҳтиромга сазовор ёш йигит каби бошини дадил кўтариб, жилмайиб юрарди. Гапнинг пўст калласини айтганда, у кўплаб Орестларнинг Пиладаси1 эди. Ахир бугунги кунимиздаги кредиторлар (фойда олувчи судхўрлар) қадимги дунёнинг ҳақиқий Фурийлари2 тимсоли-ку.
Балки Ораснинг ўз бошига тушган шунча шўру ғавғолари бардош билан енгиб ўтишининг ўзи ҳам мардлигидан нишонадир.Ўзида ҳеч нарса бўлмаса ҳам у бировдан ҳеч нарса кутмасди, ҳеч қачон қарз ҳам олмасди, туядай сабр-бардоши, оҳу сингари чаққонлиги, шу билан бирга, мустаҳкам эътиқоди ва жиддийлиги билан алоҳида ажралиб турарди.Машҳур жарроҳ доктор Орас Бьяншеннинг барча ютуқ ва фазилатлари, камчиликлари ошкор бўлгач, қадр-қиммати икки баробар ошиб, бахтли кунлар бошланади.Клиниканинг бош врачи ўз ҳомийлигига олдими, демак, ёш йигит мавқеи ҳам таъминланади ҳисоб. Деплен кўплаб давлатманд хонадонларга бориш чоғи одатда ўзи билан бирга ёрдамчи сифатида Бьяншенни ҳам олиб кетади. Мазкур ташрифотлар давомида бу қишлоқ йигити кўз ўнгида бетакрор Париж ҳаётининг сирлари очилар онда-сонда унга ҳам совғалар тушиб турар эди. Деплен касал мижозларни уйда қабул қилган вақтларида Бьяншенни кўмакка чорларди, баъзан қайсидир давлантманд касални маъдан сувларига олиб боришни топширардилар. Бир сўз билан айтганда, у Бьяншенни беморлар билан ишлашга тайёрлар эди. Бир оз вақт ўтиб, бу қаттиққўл жарроҳнинг ўз Саиди1 пайдо бўлди. Бу икки инсон, бири билим ва
иззат-икром чўққисига чиқиб, катта бойлик ва обрўга эга бўлса, иккинчиси бой ҳам, машҳур ҳам эмасди, Париж осмонида зўрға милтиллаб турарди. Буюк Деплен ўз ёрдамчисидан ҳеч нарсани яширмасди. Бьяншенга устози Деплен хонасида жойлашган столига аллақандай аёл ўтирганлиги ё ўтирмаганлиги ҳам маълум эди.Бьяншен ўзида арислон важоҳати ва буқа қудратини жамлаган бу буюк зот феълу атворини ҳам, юрагини ҳам ўлими сабабини ҳам яхши билар эди. (Деплен юрак кенгайиши оқибатида вафот қилган эди). Шогирд сифатида устози ҳаётининг бутун икир-чикирларини, қалбидаги ягона ҳиссиёт ва унинг оқибатида келиб чиқадиган умидсизлик сабабларини олдиндан кўра олади. Ҳар ҳолда Деплен кўкрагида уриб турган юраги бронзадай бақувват бўлса-да, юрак эди, ахир.
Кунлардан бир кун Бьяншен Депленга Сен-Жак мавзесида истиқомат қилувчи овериянлик камбағал мешкобчи оғир меҳнат ва муҳтожликдан қаттиқ касал бўлиб қолганлигини айтади. Бу бечора 1821 йилнинг қишида фақат картошка еб кун ўтказган экан. Деплен дарҳол ҳамма беморларни қолдириб, Бьяншен билан отни қамчилади-ю, мешкобчи олдига югурди ва уни Дюбуа томонидан очилган касалхонага жойлаштиради, у тузалгач,от билан бўчка сотиб олиши учун пул ҳам берди. Кейинчалик бу овериянлик дўстларидан бири бетобланиб қолганда, уни дарҳол валинеъмат Дапленнинг олдига олиб келиб ёрдам сўради.Деплен қанчалик қаттиққўл бўлмасин, қўлини маҳкам қисиб:
– Яна оғаларингдан кимки оғриса, ҳузуримга келтир, – деди.
У беморни Отель-Дье клиникасида қабул қилиб, катта ғамхўрлик кўрсатади. Бьяншен унга нисбатан меҳрини кўриб, Отель-Дье клиникасида ишлашнинг ўзиёқ буюк бир ифтихор эканлигини туйди, устози ҳатти-ҳаракатида бирорта ғайритабийликни сезмайди.
Бир кун эрталаб Бьяншен соат тўққизларда Сульпиция майдонидан ўтаётиб, устозини шу майдонда жойлашган ибодатхонага кирганини кўриб қолади. Ҳар доим икки ғилдиракли аравачасида юрадиган Деплен бу сафар яёв бўлиб, хиёл шубҳали қиёфада будхонанинг Пти-Лион кўчаси томонидаги эшигидан секингина кириб кетади. Ёрдамчи устози эътиқодсизлигини, бунинг устига Кабанис2 бўлганлигини билганлиги боис, табиийки, бу ҳолатга қизиқиб қолди. У сездирмай кириб, будхонада бир талай ажойиб расмларни кўрди, ҳуру фаришталар устидан аёвсиз кулиб юрган буюк даҳрий Деплен тик турганча Биби Марям қошида ибодат қилар,муҳим бир вазифани бажараётгандек жиддий қиёфада бутхона ва камбағалларга хайр-эҳсон беради. Тағин бирор одам кириб қолса, Отель-Дье клиникаси бош жарроҳининг орқасидан кузатишмоқда, деган хаёлга бормаслиги учун Бьяншен бутхонадан аста чиқиб кетди.
Тасодифан ўша куни Деплен уни ресторанда бирга тушлик қилишга таклиф қилиб қолди. Бьяншен овқат пайтидаги суҳбатда гапни усталик билан ибодат масаласига буриб, бу ҳаракатини риёкорона бир майнавозчиликка ўхшатди.
Бу майнавозчилик оқибатида христиан оламида Наполеоннинг барча қўшинлари-ю, Брусснинг бутун аскарлари томонидан тўкилган қонларга қараганда ҳам кўпроқ қонлар оқизилди, –деди Деплен. Рим папасининг олтинчи аср бошларида ўйлаб топган бу кашфиёти замирида биргина “сиёсат теломос” деган сўз ётади. Папа худонинг мавжудлиги ҳақидаги ваъз-насиҳатларига ишонмаган даҳрийларга қарши олиб борган курашлар давомида ибодатхоналарда уч юз йиллаб хурофот, зулмат ҳукм сурди.Унинг бу кашфиётлари Тулис графи ва альбийцларнинг уришига сабаб бўлди (чунки, вольдентлар билан альбигойцлар папанинг уйдирмаларини тан олишни истамаган эдилар).
Деплен вольтерона даҳрийлик билимдонлигини тўкиб сола бошлади.
– Бу қандай мўъжиза бўлди экан? – деб ўйлади Бьяншен. – Мен эрталаб кўрган художўй одам қаёққа йўқолди?
У Депленга индамади, бироқ уни ҳақиқатдан ҳам Сульпиция ибодатхонасида кўрганлиги ростми? Даплен Бьяншенга ёлғон гапиролмасди, улар бир-бирларини яхши билишар ва бундан бошқа кўплаб муҳим масалалар бўйича ҳам ўзаро рўй-рост фикр алмашардилар.
Орадан уч ой вақт ўтди. Бьяншен унутмаган бўлса ҳам ўша воқеани қайта эсламади. Лекин бир кун Отель-Дье клиникаси врачларидан бири Бьяншен олдида Депленинг қўлини ушлаб, савол аломати билан:
– Муҳтарам устоз, муқаддас Сульпиция ибодатхонасига нега борган эдингиз? – деб қолди.
– Мен ибодатхона руҳонийсининг олдига борган эдим, унинг касалланган тизза қопқаси шамоллаб, йиринг босиб кетган экан.
Ангелогерцог хотини менга эҳтиром ила мурожаат қилиб, уни ўз клиникангизда даволасангиз, деб илтимос қилган эди, – дея жавоб берди Деплен.
Врач Деплендан олган изоҳларидан қаноат ҳосил қилди, аммо Бьяншен бунга ишонмади.
– Ана холос! У ибодатхонага тиззаси касал одамни даволаш учун борди. Яъни ибодатда бўлди! – деди ўз-ўзига шогирд.
Шундан кейин Бьяншен Депленнинг Сульпиция ибодатхонасига қайси кун ва қайси соатда борганлигини эслади. Бир йилдан сўнг худди шу фурсатда у ибодатхонага яна келадими йўқми – шуни аниқламоқни мўлжаллади. Агар Деплен ҳақиқатан ҳам вақти-вақти билан ибодатхонага келиб турса, бу ҳодиса илмий тадқиқот учун асос бўлади, негаки, бир одам хатти-ҳаракати билан фикрлари ўртасида қарама- қаршилик яшаши мумкин эмас. Кейинги йил худди шу кун ва шу соатда Бьяншен (у энди Депленинг ёрдамчиси эмасди) Пти-Лион ва Турно кўчалари бошида икки ғилдиракли соябон аравасидан секин тушиб, деворлар бўйлаб ибодатхонага кирган ва яна Худолар онаси бўлмиш Биби Марям олдида тик туриб ибодат қила бошлаган жарроҳни кўрди. Бу худди ўша бош врач, дилда даҳрий, баъзи ҳолларда художўй Депленнинг ўзи эди. Аҳвол жиддий тус олди. Машҳур олим қайсарлиги ҳамма ўйинни чалкаштириб ташлади. Деплен чиқиб кетгач, Бьяншен бутхона ичидаги ашқол-дашқоллар турадиган ризохона мудири олдига бориб, ҳозиргина бутхонадан чиқиб кетган жаноб бу ерга доим келиб турувчиларданми? – деб сўради.
– Мана, бу ерда ишлаётганимга йигирма йил бўлган бўлса, жаноб Деплен бу ерга ҳар йил тўрт маротаба келади, ибодатга буюртма қилади, ибодатхоначи буюртмаларини адо этади, – деди мудир.
Деплен буюртмасидаги ибодат. Бу ўзини даҳрий қилиб кўрсатиш учун ўйлаб топган ўзига хос бир махфий усули бўлса керак, – деб ўйлади Бьяншен кетатуриб.
Вақт ўтиб борарди. Гарчи доктор Бьяншен Деплен билан дўст бўлса ҳам у ўзига хос хислати ҳақида сўрашга қулай фурсат топа олмас эди. Одатда улар бир-бирлари билан врачлар хонасида ёки юқори давраларда учрашардилар, бундайвақтларда яқин дўстлар, ўриндиқларда энгашиб ўтириб, оёқларини каминга тираб, яккама – якка сирлашишлари учун имкон бўлмас эди. Охири, 1830 йил инқилоби даврида, республикачилар ташвиқоти билан кўчаларни эгаллаб олган даҳрийлар ва исёнчилар томонидан ибодатхоналар бошқармаси жойлашган қароргоҳ бузилиб, уйлар тепасида ялтираб кўринадиган кўз илғамас тилларанг бутлар йўқотиб юборилгандан кейин орадан етти йил ўтгач, Бьяншен Сульпиция ибодатхонасига яна кириб бораётган Депленни кўрди. Изма-из келиб, у билан ёнма-ён турди. Дўсти эса заррача парво қилмади, эътибор ҳам бермади. Деплен буюрган ибодат олдида биргалашиб тик қолдилар.
Ибодатхонадан чиқишгач, Бьяншен: – Мен сизни бу ерда уч маррта учратдим, дўстим. Тақводорлигингизни сабабини айтоласизми? – деб сўради. – Сиз эътиқодингиз билан хатти-ҳаракатларингиз ўртасидаги бу қарама-қаршиликлар сабабини очиқ тушунтириб берсангиз. Сиз даҳрий бўла туриб ибодатга борасиз. Ҳурматли устоз, илтимос бу ҳолатингизни изоҳлаб берсангиз.
– Аслида ташқи кўринишимиз туфайли ўта тақводор бўлиб кўринганимиз билан сиз ҳам, мен ҳам даҳрийларга ўхшаймиз, – Деплен шу ерда айрим таниқли сиёсий арбобларни масхаралаб, уларнинг баъзи хатти-ҳаракатларини Мольернинг Тартюфига ўхшатиб, ўткир пичинг билан тилга олиб ўтди.
– Мен сиздан буни сўраётганим йўқ, – деди Бьяншен. – Сизнинг ибодатхонага келишингиз сабабини ва нима учун ибодат буюрганингизни билмоқчиман.
– Хўп, азиз дўстим. Ҳозир менинг тўримдан гўрим яқин бўлиб турибди. Энди мен сизга ҳаётимни қандай бошлаганимни айтиб беришим мумкин, – деди Деплен.
Бьяншен бу буюк инсон билан бирга Парижнинг энг яроқсиз, чиркин “Тўрт шамолли” кўчасида турарди. Деплен Бьяншенга шу ердаги бир бинонинг еттинчи қаватида ёдгорликка ўхшаб қолган бир уйчани кўрсатди. Уйча яшилроқ рангда эди. Унга бориш учун бинонинг кўча эшигидан кириб, лента-пенталар билан ўраб-чирмаб ташланган зинапоялар орқали юқорига қараб кўтарила борилар ва охирида яна чўзилган йўлакдан юрилар эди. Бу йўлак кичкина деразалар дарчасидан тушиб турадиган хира ёруғда ўта диққинафас бўлиб, бу ердан ўтувчилар қоқилиб-суқилиб кетишарди. Бинонинг биринчи қаватида мебеллар билан савдо қилувчи киши яшарди, бошқа қаватларда эса эҳтиёж учун зарур бўлган ҳар хил ашқол-дашқоллар тиқилиб кетган эди. Деплен бирдан қўлини кўтариб:
– Мен шу бинонинг ана ўша ерида икки йил яшаганман, – деди уйчани кўрсатиб.
– Биламан, у ерда Артез ҳам яшаган эди. Ёшлигимда доимо бориб турардим, биз бу уйчани “Ўжар даҳолар яшайдиган катак” деб атардик. Кейин нима бўлди?
– Сиз гувоҳ бўлган ўша ибодат ҳаётимда бўлиб ўтган баъзи бир воқеалар билан боғлиқдир. Ўша уйчада яшаган вақтимда ҳозир сиз айтган Артез ҳам яшарди. Ана қаранг, уйчада гул ўстирилган тувакча, унинг тепасида кийим-кечаклар ҳам осилиб турибди. Азизим Бьяншен! Мен Париждаги ҳаётимни худди шундай қийин бир шароитда бошлаган эдим. Бу жиҳатдан мени Парижда ҳаддан ташқари кўп азоб-уқубат ва қийинчиликларни бошдан кечирган киши дейиш мумкин. Ҳамма нарсани – очликни ҳам, яланғочликни ҳам, камбағалликни ҳам – хуллас, ҳамма-ҳаммасини кўрдим. Ўша “Қайсар даҳолар кулбаси” дея ном олган уйчада қаҳратон қиш кунлари совуқдан қотиб қолган бармоқларимни пуфлаб илитардим. Қишнинг қаҳратон кунларида оғзимдан чиққан ҳовур худди отларнинг бурнидан бурқсиб чиқадиган буғдай бошим узра кўтарилаётганини ҳам очиқ кўрардим. Бундай пайтларда, кимдан мадад олишингни ҳам билмайсан киши. Мен ёлғиз эдим. Ҳеч қандай ёрдам берадиган кишим бўлмаган. Китоб олишга ҳам, ўқувимга тўлаш учун ҳам пулим йўқ эди. Феъл-атворимдаги безовталик, асабийлик ва ҳадиксирашим туфайли бирорта дўст ҳам орттирмаганман. Бесаранжомлигим асосий сабаби йўқчилик ва ўқиш шароитим оғирлигидан эканлигини ҳеч ким тушунмасди. Ахир ҳаётнинг энг тубан ерида яшаб келардим, ундан чиқиб кетишни истардим. Айниқса, сизнинг олдингизда сиру асроримни яшириб юришга ҳожат бўлмаса керак. Гарчи узоқ йиллар қашшоқлик ботқоғида юрган бўлсам ҳам,турли қийинчиликка учраган бўлсам ҳам қалбимда доим барини енгиб, юксакликка интилиш ва инсоний орзу-истаклар туйғуси ҳукм сурарди. Мен оладиган арзимас ёрдам пулидан ташқари ота-онамдан ҳам, шаҳримдан ҳам бошқа бирор нарса кутишнинг иложи йўқ эди.Ўша вақтларда нонушта учун Пти-Лион кўчасидаги магазиндан қотган нон сотиб олиб (у янги нонлардан арзон турар эди), уни сутга бўктириб еб юрганлигимни айтишнинг ўзи сизни қаноатлантирса керак. Ресторанда икки кунда бир тушлик қилардим, у 16 суга (майда пул ҳисоби) тушарди.Шундай қилиб кундалик овқатимга 10 су сарфлардим. Шу аҳволда қандай қилиб кийим-бошимга эътибор беришим мумкин эди? Шунчалик оғир қийинчилик ва ранжу аламларни кечирганим устига яна баъзи бир ҳамкасаба дўстлар ботинкаларимнинг йиртиғи, қўлтиғи ости ажралиб кетган суюртикимга кўзлари тушганда риёкорона масхаралашлари-чи? Мен фақат сув ичардим ва Париж емакхоналарига ҳавас қилар эдим. Муколом Лотин мавзеидаги Цоппи емакхонаси мен учун гўё барча одамлар кира олиши мумкин бўлган ибодатхонага ўхшарди. Бир кун келиб, мен ҳам шу емакхонада бир пиёла қаймоқли қаҳва ичиб, бир жуфт домино ўйнаб кета олармикинман, деб ўйлардим. Мендаги муҳтожлик оқибатида келиб чиққан фидойилик шиддати ишлаган вақтларимда ҳам давом этди. Шунинг учун кейинчалик ҳам ўзим эгалламоқчи бўлган вазифага мууносиб бўлиш ва қадр-қиммат топиш учун иложи борича яхши, пухта билим олишга тиришдим. Пулни бир бурда нондан ҳам кўра кўпроқ чироқ ёғига ишлатардим. Тун бўйи ишлаганим учун кечаси билан ёритиб турадиган чироқ ёғлари харажатлари овқатларимга кетадиган чиқимлардан қимматга тушарди. Бу узоқ ва ҳаловатсиз, ўзинг билан яккама-якка шафқатсиз жанг қилиш эди. Бирор киши менга ачиниб қарамасди. Ахир, дўстларинг бўлиши учун пулдор бўлишинг, ёш тенгқурлар билан танишиб, улар билан улфатчилик қилишинг, улар қаерга борсалар сен ҳам ўша ерга боришинг керак бўларди. Менда эса буларнинг ҳеч бири йўқ эди. Парижда эса бундай йўқчиликка парво ҳам қилишмасди. Бировларга қандай муҳтожликда ўқиганларимни гапираётганимда беморлар касали ҳақида сўзлагандек, томоғимга бир нарса тиқилиб, асабий бир оғир аҳволга тушиб қолавераман. Кейинчалик ҳеч қачон ҳеч қандай муҳтожлик кўрмаган баъзи бир давлатмандлар билан учрашишга тўғри келган вақтларда ўша галварслар менга қараб: “Нега қарзга кирдингиз? Нега ўзингизни шунча мажбуриятли қарзга ботирдингиз?”– дея ахмоқона саволлар беришади. Шунда улар кўз олдимда гўё одамлар очдан ўлаётганини кўриб: “Нега улар юмшоқ нон сотиб олмаяптилар”, – деган маликага ўхшаб кетардилар.
Операция учун ҳаддан ташқари кўп пул олаётганимни гапираётган ўшандай давлатмандлардан бирортасини сўққабош, икки қўлидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, якка-ёлғиз, пулсиз, дўстсиз, Париж кўчаларида бурда нонга зор бўлиб юрганда бир кўрсам эди. Шундай вақтларда нима қила олган бўлардилар? Қаёқдан овқат излаб топардилар? Сиз Бьяншен, асабийлашиб, ишда қаттиққўлик қилган вақтларимни кўргансиз. Ёшлигимда юқори табақадагилар орасида ҳар қадамда худбинлик, беписандлик муносабатларини кўравериб, кўп азоб-уқубатлар чекканлигим учун аламзада бўлиб қолгандим. Шон-шарафга эришгунимча улар менга қанчалик кўп туҳмат, иғво ва ичиқораликлар қилишганини эслайман. Баъзи бировлар Парижда яқин орада мансабга минишингизни сезишлари биланоқ сизни ерга ағдариб ташлашга ҳаракат қиладилар, йиқилиб бошингизни ёриб олишингиз учун минган отингиз айилини бўшатиб қўядилар, учинчилари эса отингиз оёғидаги тақаларни синдириб, майдалаб ташлайди, тўртинчиси қамчинингизни ўғирлайди, энг ҳалол ҳисобланганлари эса қўлидаги тўппончаларини кўкрагингизга тираб, сизни отмоқчи бўладилар. Болаларим! Сизларда истеъдод бор. Сизлар яқин келажакда ўзларидан ўтиб кетаётган қобилиятли инсоларни кўрган ўртамиёна одамлар бир-бири билан қандай шафқатсиз ва тинимсиз кураш олиб боришларига гувоҳи бўласизлар. Агар кечқурун йигирма беш тийинлик қимор ўйнаган бўлсангиз, эртасигаёқ сизни қиморбоз деб айблай бошлайдилар ва энг яқин дўстларингиз сизни йигирма беш минг франк пул ютқазибди, деб гап тарқатади. Бошингиз оғриб қолса, ақлдан озаяпти дейишади. Оғзингиздан тасодифан бирор ножўя сўз чиқиб кетишини эшитишлари биланоқ, мана энди, сизни ҳеч бир киши билан чиқиша олмайдиган одамлар қаторига қўшиб қўядилар. Агар сиз бундай майдакаш одамлар тўдаси билан кураш олиб боришда қатъийлик ва жиддийлик кўрсатсангиз яқин дўстларингиз ҳам сизни ўзидан бошқа бировни ёқтирмайди, ўзгаларга хўжайинчилик қилиб, ҳукмрон бўлиб олмоқчи, деб иғво қилишади. Хуллас, улар фазилатларингизни нуқсонга, иллатга йўядиларки, энг яхши эзгу ниятларингиз ҳам жинояткорона бир иш бўлиб кўринади. Бирор одам касалини тузатсангиз, уни ўлдириб қўйди дейишади. Бемор анча яхшиланиб, тетик ҳолига келган бўлса, барбир ҳадемай ўлади, оқибати ёмон бўлиб, бунинг учун у жавоб беради дейишади. Агар қоқилсангиз, ағдарилиб тушди, деган маломатга қоласиз. Хуллас, азиз дўстим! Буларнинг ҳаммасини кўравериб, худодан кўра одамларга ишонмайдиган бўлиб қолдим. Сиз ахир ичимда одамлар ноўрин айблаётган Деплендан ташқари яна бунга томомила қарама-қарши бўлган бошқа бир Деплен ҳам мавжудлигини яхши биласиз-ку. Майли, биз бу ифлос ишларни ковлаб ўтирмай қўя қолайлик.
Шундай қилиб, шу уйда яшардим. Бир пулсиз аҳволда имтиҳонга тайёрланиб ўтирардим. Биласизми бундай вақтларда ниҳоятда қийналиб кетганимдан аскарликка кетганим яхши эмасми, деган қарорга ҳам келиб қолардим. Менда ахир биргина умид қолганди: у ҳам бўлса туғилган шаҳримдан, Париж ҳаётидан мутлақо бехабар жияним ўттиз франкка мазза қилиб парранда гўшти еб, ўқиб юрибди деган қишлоқи холам жўнатган кийим-кечаклар солинган чемоданни келишини кутаётган эдим. Университетдалик вақтимда чемоданни олиб келишгану ҳаққига қирқ франк тўланиши керак бўлгани учун бу пулни эшик қоровули, бино пастидаги зинапоялар бурчагидаги бир тор хоначада ишлаб ўтирадиган этикдўз немис тўлаб, чемоданни олиб қолган. Қандай қилиб, шу қирқ франкни топиб, чемоданни қайтариб олсам экан деб Фосье-Сен Жермен де При кўчаси ва медицина факультети биноси атрофида бошим қотиб айланиб юрдим. (Ахир, қарзни кийим-кечакларни сотиб бўлса ҳам тўлаш мумкин эди-ку). Шунда ишбилармонликда уқувсизлигимни, ёлғиз қисматим жарроҳликда эканини сездим. Дўстим, соф қалб эгалари бўлган истеъдодли инсонлар юқори доирадаги кишилар орасида ишлаганларида кундалик ҳаётда дуч келадиган баъзи бир майдакаш одамларга хос устомон, учар бўлиб яшай олмас эканлар. Бундай даҳолар учун энг муҳими яшаш учун қулай фурсатнинг келиши экан. Фурсат келганда улар қидирилиб ўтирмай, ўзлари тўсатдан пайдо бўлиб қолар экан!
Уйга кечқурун жуда кеч қайтдим. Сен-фруалик Буржуа исмли мешкобчи қўшним ҳам менга ўхшаб кеч қайтган экан. Биз ёнма-ён хоналарда яшаб, бир-биримизга жуда яқин бўлиб кетган эдик. У менга уйнинг хўжайини ижара ҳақини уч марта тўламаганим учун уйдан чиқариб юбормоқчи бўлаётганини айтди. Эртасига бу ердан кетиш ташвиши остида қолдим. Шу тунни ҳаётимдаги энг оғир азоб-уқубат билан ўтказдим. Худди ақлдан озган кишилар мияларига келган бир саволни ҳадеб такрорлайверганига ўхшаб, мен ҳам кўз ёшларимни оқизиб, шу арзимас ашқол-дашқолларни, китобларимни ташиб чиқариш учун ҳаммолни қаердан топаман, эшик қоровули ва ҳаммолга тўлайдиган пулни қаердан оламан, деган саволлардан қутулолмадим. Борар жойим йўқлигини ўйлаб, охири ухлаб қолибман. Муҳтожнинг ҳам шериги бўларкан шекилли, бир самовий ширин туш кўрибман. Унда эрталаб қотган нонни сутга бўктириб, нонушта қилаётганимда Буржуа ёнимга келди.
– Жаноб талаба, – деди у менга қараб соф аверянча талаффузда йўғон овоз билан – мен кўчада қолган бир етимча, ота-онамни ҳам билмайман. Сен-Флуруско етимхонасида ўсдим, топган-тутганларим билан уйланиб ҳам бўлмайди. Сизнинг ҳам қариндош-уруғларингиз камга ўхшайди. Мени сизга айтмоқчи бўлганим, бинонинг пастида соатига икки су бериб, ижарага олган қўл аравам ётибди. Бизнинг бор лаш-лушларимиз унга сиғиши мумкин. Мудомики, хўжайин бизни уйдан чиқариб юборар экан, хоҳласангиз биргалашиб ўзимизга бир бошпана изласак, ахир бу ер ҳам қишда жаннат эмас-ку!
– Тушунаман, дўстим Буржуа. Гап унда змас. Бу ерда муаммо шундаки, пастда менинг ўн люк пулим ва кийим-кечакларим солинган чамадоним ётибди. Ўша пулимни олсам, қоровул ҳақини ҳам, уй ҳақини ҳам тўлардим. Лекин ҳозир уларни олиш учун ёнимда беш франк ҳам йўқ, – дедим аҳволимни тушунтириб.
– Майли, хафа бўлманг, кийим-кечакларингиз ўзингизга қолаверсин. Менда тўлашга беш-тўрт танга топилиб қолар, – деди у менга эскирган чарм ҳамёнчасини кулимсираб кўрсатиб.
Буржуа уй ижараси ҳақини ҳам, эшик қоровулига қирқ франк қарзимни ҳам тўлади. Шундан кейин ашқол-дашқолларимиз ва кийим-кечакларим солинган чемоданни ортиб, қаерда ижарабоп уй бор экан, деб аравачани кўчама-кўча судраб юрдик, мен баъзи бўш уйларни текшириб чиқдим, лекин ҳақи биз учун тўғри келмади. Кун яримлаб қолган бўлса ҳам, Лотин квартали атрофида зўр бериб, ҳамон бошпана излаб, овора бўлиб юрардик. Буржуа менга вино дўкончаси олдида бир тамадди қилиб олсак, деди. Аравачани эшик олдида қолдириб, тамадди қилдик. Кечга яқин Роган кўчасининг Коммерческий проездида жойлашган бир бинонинг энг тепасида бир-бирларини зинапоялар ажратиб турадиган болахонаси бор икки хоналик уй топиб, жойлашдик. Энди мен ҳам, камтарона дўстим ҳам бошпанага эга бўлдик, лекин уй ижараси учун бир йилига олтмиш франк тўлаш ҳаққи биродаримнинг бўйнига тушди. Биргалашиб овқатланардик. Буржуа кунига эллик су пул ишларди. Унинг юзтача экюси бор эди. У шу пулга яқинда кўпдан ўзи орзу қилиб юрган ниятини амалга ошириб, от билан бўчка сотиб олмоқчи эди.Бироқ менинг қандай ҳаёт кечирганлигим ва ҳозирги аҳволимни фаҳм-фаросат ва зийраклик билан тушуниб олгач, ўша кундан буён орзу қилиб юрган от билан бўчка сотиб олиш ниятидан воз кечганлигини ўйласам кўнглим бузилиб, кўзимга ёш келади. Буржуа йигирма йил мешкобчилик қилиб, сув ташиди ва ўша юз экю пулини ҳам менинг келажагим учун сарфлади.
Шу ерга келганда Деплен Бьяншен қўлини қаттиқ қисиб қўйди.
– У менга ўша пулларни имтиҳонларга тайёрланишим учун зарурлигини билганлигидан кейин берган эди! Дўстим, бу инсон менинг ҳаётда оладиган ўрнимни, менинг ақлий эҳтиёжларим ўз эҳтиёжларига қараганда муҳимроқ эканлигини тушунган эди. У менга ғамхўрлик қилар ва мени ўғлим деб атарди. Китоб сотиб олишим учун пул берарди, баъзи вақтларда аста келиб қандай ишлаб ўтирганимни кузатарди. Бора-бора менга отамдай қарай бошлади, илож тополмаганимдан еб ўтирган ночор луқмаларимни кўриб, тўйимли ва сифатли овқатланишимга ҳам имконият ярата бошлади. Унинг юзи ўрта асрдаги шаҳар кишилари қиёфасига ўхшаб кетар, лаблари қалин эди, рассом бўлса, уни худди Ликурганинг расмига ўхшатиб чизса бўлар эди. Бечора гўё қалбида тўлиб-тошиб ётган меҳру шафқатларини кимга инъом этишни билмагандай юрарди. Ҳаётидаги биргина овунчоғи бўлиб қолган нарса кучукчаси эди. Буржуа ўзи ўлмасдан бурунроқ кучукчаси ўлиб қолса, ибодатхоналарда унинг руҳига тиловат қилишга рухсат беришармикин? – деб тинимсиз сўраб юрди. Айтишига қараганда, кучуги Буржуа билан ўн икки йил давомида ўзи билан доимо бирга бориб ибодатхонада ибодат қилган. Попнинг ваъзларини диққат билан тинглаган, сира овоз чиқармай, бир марта ҳам ҳурмагани учун ҳақиқий христиан бўлган экан. Бу инсон ёлғиз ғариблигимни ҳам, кечирган азоб-уқубатларимни ҳам кўриб юриб мени тушуна бошлади, бутун қалб қўрини менга бағишлади. Бора-бора меҳрибон бир ота, ягона ғамхўр валинеъматимга айлана борди.
Хуллас, у ёрдамга муҳтож бўлиб қолганлар учун ҳар доим мурувват кўрсатиш йўлини топа оладиган олийжаноб бир инсон эди.Мен билан учрашган вақтларида чинакам сахий кишилардай виқор билан боқар ва ғам-ташвишини сездирмай эркин юрарди. Соғлиғимни, яхши кийинишимни кўрганда фахрланар, хурсандчиликдан боши кўкка етарди. Буржуа кечалари мени айтган вақтимда уйғотар, чироғларимни артиб-суртар, зинапояларни тозалаб чиқарди, у менинг ҳам отахоним, ҳам хизматкорим эди, у тозалик борасида баъзан хизматчи оқсоч инглиз аёллари билан ҳам баҳсга киришарди. Уйда бутун хўжалик ва рўзғор ишларимиз бўйнида эди. Ўтинларни худди Филопендай1 ёрарди. Ҳамма юмушларни ўзига муносиб равишда
хотиржамлик билан фахрланиб қиларди. Отель-Дье клиникасига амалиётчи-ёрдамчи бўлиб ўтганимда клиника олдида яшашим зарур бўлиб, Буржуадан бошқа туришимга тўғри келди. Шунда у маъюс бўлиб қолди. Лекин кейинчалик диссертациям сарф-харажатлари учун пул йиғиб беришни ўйлаб, анча тинчлана бошлади ва бўш вақтларингда хабар олиб тургин, деб илтимос қилди. Буржуа мен билан фахрланарди. Ўзим учун ҳам, ўзи учун ҳам мени авайлаб-асрарди. Агар диссертациямни кўрсангиз Буржуага бағишланганига гувоҳ бўласиз. Касалхонада ассисент-амалиётчи бўлиб юрганимнинг охирги йилларида бу муҳтарам авериялик киши олдидаги ўз бурчимни адо этиш – унга от билан бўчка олиб бериш учун етарли маблағ ҳам йиғилиб қолган эди. Унга от ва бўчка олиб берганимни кўриб, бекор пул сарф қилибсиз-да, деб мендан жуда ранжиди. Лекин, шунга қарамасдан, барибир хурсанд бўлганлиги сезилди. Ахир бу кўнглидаги эзгу орзуси эди. Шунинг учун сўнгги марта от билан бўчкага қараб, ҳижолат қилдингиз-да, овора бўлиб юрмасангиз бўларди. Аммо қандай ажойиб бўчка! От ҳам зўр! Худди овериянликлар2 отига ўхшаб жуда бақувват экан, – деди кулимсираб оқаётган кўз ёшларини артиб. Унинг бошқа ерда ҳеч қачон бундай таъсирли аҳволда кўрмаган эдим. Буржуа қаршилигимга қарамай, ҳў ана хонамда сиз кўриб турган – кумуш ранглар билан зийнатланган жарроҳлик асбоблари солинган ўша ғилофни олиб берган, менинг учун эса бундан бошқа бебаҳо совға йўқ, у биринчи ютуқларимдан ниҳоятда қувонган эди, лекин, шунга қарамасдан ундан бирор марта ҳам уни мен одам қилдим қабилида сўз эшитмадим. Ахир, у бўлмаганда қашшоқликда адойи тамом бўлар эдим-ку! Ҳа, бечора, у мени деб ҳаётини қурбон қилди, кечалар
Машғулотим пайтларида зарур бўладиган қаҳва сотиб олиб берарди, кейин билсам ўзи фақат нонга саримсоқпиёз суртиб еб кун кўрар экан.
Кейин касал бўлиб ётиб қолди, шунда тунлари ёнида бўлдим, уни даволаб ҳаётини сақлаб қола олдим. Бироқ орадан икки йил ўтиб, касал яна қайталанди ва шу вақтларда тиббиётда мавжуд бўлган барча имконият ва воситаларни қўллаб даволаш чораларини кўришимга қарамай вафот қилди. Ҳатто бирорта қиролга ҳам Буржуага эътибор кўрсатадигандай қарамаган эдим.
Ҳа, Бьяншен! Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлимдан келган барча чораларни ишга солиб кўрдим. Ўзи қилган саховатли яхшиликлар самарасини ўз кўзи билан кўриб қолишни истардим, ҳамма истакларини бажо келтиришни хоҳлардим. Ҳаётимда такрорланмас из қолдирган яхшиликлари учун унга нисбатан ҳанузгача юрагимда ёниб ётган оловни бир оз бўлса ҳам совутмоқчи бўлган эдим, юрагимдаги миннатдорлик ҳис-туйғуларимни охиригача адо этмоқчи бўлган эдим. Отамдек қадрдоним Буржуа қўлимда жон берди, – деди бир оз ҳаяжонланган ҳолда тўхтаб Деплен. – Васиятномасига кўра барча мероси менда қолди, васиятномани расмийлаштирган идора Буржуа билан Роган кўчасидаги уйга кўчиб келган вақтимиздан эътиборан қайд қилибди. Буржуа ҳақиқий имон-эътиқодга эга бўлган инсон тимсоли эди.
У ибодатхонани худди ўз хонадонидай севар эди. Гарчи ўта тақводор католикчи бўлса ҳам бирор марта даҳрийлигимни юзимга солмади. Касали зўрая бошлагандан кейин мендан: “Сиз ибодатхона учун қўлингиздан келган ёрдамингизни аяманг”, – деб илтимос қилди. Сўнг ҳар куни ибодатхонага бориб унинг соғлиғини яхшилашни худодан илтижо қилиб сўраб юрдим. У ҳаётимда етарли тоат-ибодат қилолмадим, шунинг учун вафотимдан кейин охиратдаги қисматимдан қўрқаман, – дер эди. Бечора! Эртадан кечгача тинимсиз тер тўкарди. Агар жаннат борлиги рост бўлса, у ерга бориш учун ундан бошқа муносиб одам топилмаса керак.
Буржуа ибодатхонага охирги маротаба бегуноҳ бўлиб келди (ахир у ҳақиқатан ҳам гуноҳсиз эди). Вафоти ҳам ҳаётига муносиб тарзда якун топди, тобути ёнида биргина одам борди, у ҳам бўлса ўзим эдим. Ягона валинеъматим бўлган Буржуани кўмиб қайтгач, қандай қилиб, қайси йўллар орқали менга қилган барча яхшиликларини қайтарсам экан, деб ўйлай бошладим. Оиласи, дўстлари, бола-чақаси йўқ, лекин динга эътиқодли, тақводор бир инсон эди (буларни мен муҳокама қилишга ҳақлиманми ўзи?). Кунлардан бир кун секин (тағин қилган яхшиликларим учун устимга мажбурият юклаяпти, деб ўйламасин деган маънода) марҳумлар учун ибодатхонада қилинадиган амаллар ҳақида гапирган эди. Шунинг учун биринчи имконият бўлиши биланоқ Сульпиция ибодатхонасига бориб, ҳар йили тўрт маротаба руҳига тиловат туширишларини буюриб, ҳақларини бериб қайтаман. Хотираси олдида қиладиган ягона хизматим художўй Буржуа истакларини бажо келтириш эди. Ҳа, йилига тўрт маротаба: баҳорда, ёзда, кузда, қишда белгиланган вақтда ибодатхонага бориб, у ерда: “Эй худо, одамлар ўлгач сенинг масканингга борадиган тақводор одамлар орасида Буржуани ҳам мавжудлигини унутма, бечора дучор бўлган азобларидан қутилиши ва тезроқ жаннатга йўл олиши учун кўмагингни дариғ тутма, барча қийноқларингни менга бергин”, – деб илтижо қилардим.
Худо холис, У раҳмдил! Бордию худо менга Буржуа эътиқодидай бир эътиқод ато этгудай бўлса, бутун бойлигимни унинг йўлига сарфлаган бўлардим.
Бьяншен Депленнинг охирги касалини даволаб турар экан, энди машҳур жарроҳ даҳрий бўлган-бўлмаганини тасдиқлашни ўйламас эди. Ахир, пештоқига зийнатланган ҳарфлар билан “Ватан буюк одамларидан миннатдордир” каби шиор битилган буюк илм қасри дарвозаси очилмай турган бир пайтда уни очиб, унга йўл кўрсатиб берган овериялик саховатпеша тақводорлар руҳига ибодат қилишнинг ўзиёқ қанчалар катта қувонч ҳисобланар эди.
Париж 1836 йил, январь
Рус тилидан Шерали Турдиев таржимаси
* * * * * * * * * *
ДАҲРИЙНИНГ ИБОДАТИ
Фанни қимматли физиологик назари билан бойитган, ёшлигидаёқ маърифат маркази — Париж тиббиёт куллиётининг шуҳрати ҳисобланган, Европа тиббий ходимларининг эҳтиромига ноил бўлган доктор Бьяншон терапевт бўлмасдан аввал узоқ вақт жарроҳлик қилган эди. Талабалик йилларида у донғи кетган буюк француз жарроҳларидан бири, фанда истеъдодини чақиндек зуҳур этган Деплен раҳбарлигида ишларди. Ҳатто Депленнинг душманлари унинг бошқа бировга мерос қолдириш имконияти бўлмаган усулини ҳам ўзи билан гўрга олиб кетди, деб эътироф этишарди. Чунки Деплен табиатидаги ҳамма нарса шахсий хусусиятга асосланган эди: ундаги мағрурлик ҳаётлигидаёқ ёлғизланиб қолишига сабаб бўлганди, айнан шу мағрурлик унинг ўлимидан кейинги шуҳратини сўндирган эди. Унинг қабри узра келажак авлодга фидоий даҳонинг изланишлари натижасида кашф этилган сир-асрорлардан воқиф этувчи дабдабали ҳайкал йўқ. Балки, Депленнинг истеъдоди унинг эътиқодига мос келгандир, шунинг учун ҳам у фоний бўлгандир.
Депленнинг наздида заминий муҳит ўзида ҳаёт вужудга келтирадиган бўшлиқ бўлиб, ер эса пўстига бурканган тухумга ўхшаш нарса, шу боисдан у “аввал товуқ пайдо бўлганми ёки тухум?”, деган саволга жавоб бериш имкониятига эга бўлмаслиги учун товуқни ҳам, тухумни ҳам инкор этган. У ибтидоий тириклик оламининг яратилишига ҳам, инсон жонининг ўлмаслигига ҳам ишонмасди. Деплен шубҳаланмасди, инкор қиларди. Бу кўп олимларга хос бўлган ошкора, кундай равшан бўлган даҳрийлик эди: булар ажойиб кишилардир, лекин улар бутун вужуди билан даҳрий бўлиб, даҳрийликни диндор кайфиятдаги кишилар қандай эътиқод билан рад этсалар, улар ҳам шундай тарғиб этувчилардир. Депленда бошқача эътиқодларнинг таркиб топиши ҳам мумкин эмасди: ахир у ёшлигидан тириклик оламининг гултожи бўлмиш одамни дунёга келгунча ҳам, ҳаёт пайтида ҳам, ўлгандан сўнг ҳам, ўз тиғи билан ёрган, унинг бутун аъзои баданини миридан сиригача синчиклаб ўрганган эди, унинг бирор жойида ҳам диний таълимотлар учун жуда вожиб бўлган ўша “воҳид жон” деган нарсани учратмаганди. Киши узвияти (организми)даги мия, асаб, нафас олиш — қон юриши каби учта марказни, улардан мия ва асаб бир-бирининг ўрнини боса олиш қобилиятига моликлигини билиб олгач, Деплен ҳатто умрининг сўнггида кўрмоқ ва эшитмоқ учун кўз ва қулоқнинг бўлиши мутлақо зарур эмас, деган хулосага келди: уларнинг ўрнини сўзсиз қуёш ўрилмаси* босади. Шу тарзда инсон узвиятида иккита жон топгач, гарчи, бу далил билан Худо ҳақидаги масалага тегиб кетмаса-да, Деплен бунда ўзининг даҳриёна қарашларининг исботини кўрди. Айтишларича, машҳур жарроҳ йўл қўйган хатолари учун сира пушаймон қилмасдан ўлган экан, таассуфки, даҳоларнинг кўпчилиги шундай оламдан ўтишган.
Деплен шуҳратини хиралаштиришга уринган душманлари бу йирик олим кўп соҳада бачканалик қилади, дейишарди. Унинг ташқи тартиботидаги зиддиятларни бачканаликка йўярдилар. Ҳасадгўй ва калтафаҳмлар буюк ақл эгаларининг қандай мақсадлар билан ижод қилаётганини тушуниб етмайдилар; шунинг учун ҳам улар ана шундай юзаки зиддиятларни кўриб қолсалар, бас, дарҳол ўшаларга ёпишиб олишади-да, улар асосида айбнома тузадилар ва айбдорни қоралайверадилар. Шунча таънаю маломатларга сабаб бўлган комронлик уддабуронликни оқлайверсин, восита ва мақсад мувофиқлигини кашф этаверсин, лекин бўҳтонлар билан юз берган низоли тўқнашувлар асоратсиз қолмайди. Бизнинг давримизда Наполеонни ўз бургутини Англия узра парвоз қилдиргани учун қоралаган эдилар: 1822 йилгина бизга 1804 йилнинг ва Булон десантлар кемасининг моҳиятини равшанлаштирди.
Депленнинг шуҳрати ва билими ғоят устувор эди, бинобарин, душманлари унинг хулқидаги ғайритабиийликни нишонга олган эдилар. Дарвоқе, Депленда инглизлар шунчаки эксцентризм (ғаройиблик) деб атайдиган хусусият бор эди, холос. У гоҳ фожианавис Кребильондек башанг, гоҳ бепарволарча кийинар, бир қарасангиз извошда, бир қарасангиз пиёда юрарди. У гоҳида чўрткесар, баъзан очкўз, мўмин-қобил, айрим ҳолларда эса хасис ҳам эди, аммо айни замонда ўзига эҳтиром кўрсатиб, сал вақтда ёрдам қўлини чўзган қувғинди ҳокимларга ўз бисотини тақдим этишга тайёр бўлиб, ҳеч кимга хос бўлмаган, энг зиддиятли хулосаларга сабаб бўларди. Тўғриси, қандайдир қора орден тасмасини қўлга киритиш пайига тушиш унга — шифокорга муносиб эмас, бундан ташқари, саройда чўнтагидан дуолар китобини тушуриб юборишга ҳам журъат этган, лекин амин бўлингки, у ҳаётда ҳамма нарса устидан хуфиёна куларди. Деплен кишиларнинг юзаки ялтироқлигини ҳам ҳеч бир муболағасиз кузатиш имкониятига эга эди. У одамларни ҳаётда қандай бўлса, шундай, яъни энг тантанали ва энг одатдаги вазиятларда кўрарди. У жоҳил одамларни ўлгудай ёмон кўрарди. Улуғ кишининг маънавий хислатлари кўп ҳолларда бир-бирига мувофиқ тарзда намоён бўлади. Борди-ю, бу буюк намояндаларнинг бирортасида ақлдан кўра истеъдод устун бўлса, у барибир оддийгина “бу одам заковатли” дейилган кишига нисбатан ақллироқдир. Заковатлилик ботиний кўриш қобилиятига таянади. Бундай кўриш қобилияти муайян бир соҳани билиш билан чегараланган бўлиши ҳам мумкин: лекин гулни кўрган киши қуёшни ҳам кўради. Кунларнинг бирида ўзи томонидан халос этилган дипломатнинг оғзидан: “Императорнинг саломатлиги қалай?” деган саволига, Деплен: “Сарой аъёнига жон кирди, одамга ҳам жон кирди”, деб жавоб берганди. Шундай фикр билдирган киши фақат жарроҳ ёки фақат шифокоргина эмас, балки катта ақл эгаси ҳамдир. Ана шунинг учун инсонга хос нарсани сабр-тоқат билан синчиклаб қарашга одатланган кузатувчи унинг ўзини ҳаммадан юқори қўйишини кечиради ва буюк жарроҳдан унинг ўзи бунга ишонгандек, буюк министр чиқиши мумкинлигига ҳам ишонади.
Депленнинг ҳаётида замондошлари кузатиб юрган бир қатор жумбоқлардан энг қизиғини танладик: ҳикоямизнинг сўнггида унинг ечими берилади, худди шу ечим Деплен хотирасини унинг баъзи бир бемаъни гуноҳлардан соқит қилади.
Орас Бьяншон Депленнинг суюкли шогирдларидан бири эди. Отель-Дье шифохонасига киришдан аввал Орас Бьяншон тиббиёт талабаси сифатида Лотин маҳалласидаги “Воқе уйи” номи билан машҳур бўлган пансионда фақирона ҳаёт кечирарди. Шўрлик йигит у ерда оғир муҳтожликнинг азоб-уқубатларини бошидан ўтказарди, лекин қудратли истеъдод соҳиблари ҳаёт дошқозонидан мусаффо ва мустаҳкам олмос янглиғ ҳар қандай зарбага бардош берадиган бўлиб чиқиши лозим эди. Улар эҳтиросларининг шиддат ила ловуллаётган алангасида обдон чиниқиб, ўз ишларига виждонан бериладилар, ўзларининг алданган ҳирсларини муттасил меҳнат пардасига буркаб, даставвал даҳолар қисматини белгилайдиган ўша курашга кўникиб кетадилар. Орас ростгўй одам бўлиб, виждон, ор-номус бобидаги муросалардан ҳазар қилар, ваъдабозлик эмас, балки амалий ишни маъқул кўрарди, у дўсти учун сўнгги ёпинғичини ҳам аямайдиган, унинг учун вақти ва ширин уйқусидан кечадиган кишилардан эди. Мухтасар қилиб айтганда, у берганининг эвазига қанча оларкан деб ўйлайдиган дўстлардан эмасди, зеро уларни ўзлари берганига нисбатан кўпроқ олишга ишончи комил эди. Орас дўстларининг кўпчилиги унга нисбатан сохталикдан холи бўлган ботиний эҳтиромини бажо келтирарди, лекин уларнинг баъзи-бирлари уни айблашдан ҳайиқардилар. Аммо, Орас ўз вазифаларини озгина бўлса-да, бачканаликка йўл қўймасдан намоён этарди. Унинг пуританизм (сиполик) ёки ваъзгўйликка мутлақо ҳуши йўқ эди: маслаҳат бераркан, уни тумтароқ сўзлар билан музайян этар, кези келганда ичиш ва тамадди қилишни ҳам дўндирарди.
Қувноқ улфат, совут кийган аскардек, унча расмиятпараст ҳам эмас, ростгўйлик ва очиқликда денгизчига ўхшамайди, чунки ҳозир денгизчилар — айёр дипломатларнинг нақд ўзи, ўз ҳаётида одамлардан ҳеч нарсани сир тутмайдиган ёқимтой бу йигит эса кўзларидан кулгу, бошини баланд кўтарган ҳолда олға қараб бормоқда эди. Агар буни бир сўз билан ифодаламоқчи бўлсак: у кўплаб Ораслар учун Пилад* эди, ахир, бизнинг давримизда қадимги қасоскор илоҳаларни ўзларида чинакам мужассам этган кишилар насия берувчилардир. Орас ўз қашшоқлиги устидан жасоратнинг асосий белгиларидан бири бўлган кўтаринки руҳ билан ғолиб келарди, у ҳеч нарсаси йўқ кишилар сингари бошқалардан қарийб ҳеч қачон қарз олмасди. У туядай сабр-қаноатли, оҳудай чаққон бўлиб, ўзининг қатъий эътиқодлилиги ва жиддийлиги билан ўзгалардан ажралиб турарди. Машҳур жарроҳ доктор Орас Бьяншонни дўстлари учун янада қадрдон қилган ўша фазилатлари ва нуқсонларини билиб олганда Ораснинг ҳаётида бахтли давр бошланаётган эди. Клиниканинг бош шифокори ёш йигитни ўз ҳомийлигига оларкан, демак, ёш йигитнинг мансаби таъминланган деяверинг. Одатда Деплен шифокор сифатида бой хонадонларга ташриф буюрганида Бьяншонни ўзи билан бирга олиб борарди. Бу қишлоқи йигитнинг тобора Париж ҳаётининг сир-асроридан воқиф бўлиб боришидан ташқари, бундай ташриф пайтларида тушган маблағнинг муайян бир қисми ҳам одатда ассистентга тегарди. Деплен беморларни уйида қабул қилган вақтида ҳам ассистенти Бьяншоннинг ёрдамига таянарди, у баъзи бир беморни минерал сувга олиб боришни гоҳида унга топширарди, қисқаси, у Бьяншонга мижозлар тайёрларди.
Оқибатда сал муддат ўтгач, мустабид жарроҳ ёнида Зайд* пайдо бўлганди. Бири шаън ва билим чўққисини забт этган, катта бойлик ва шуҳратга эришган, бошқаси на бой ва на машҳур. Париж осмонида зўрға милтиллаган бу икки киши бир-бирига яқин бўлиб қолишди.
Буюк Деплен ўз ассистенти Бьяншондан ҳеч нарсани яширмасди. Устози ёнидаги ўриндиқда ёки Депленнинг хонасидаги машҳур диванда қандайдир аёлнинг ўтирган-ўтирмаганлиги ҳам Бьяншонга маълум эди: Бьяншон ўзида шерга хос ғайратлилик, ҳўкизга хос кучлиликни мужассамлаштирган бу мижоз соҳибининг, унинг ўлимига сабаб бўлган (Деплен юрак хуружидан ўлган), кўксини ҳаддан ташқари кенг очган буюк инсон мижозининг барча тилсимотидан огоҳ эди. Ассистент бу бағоят заҳматкаш зотнинг ҳулқ-атворидаги ғалати одатларни, арзимас бойлигини, бу илм соҳибида мужассам бўлган саёҳатчининг пинҳоний умидларини ўрганиб олди ва шу билан бирга Депленни асфаласофилинга жўнатадиган, фақат унинг юраги дош берадиган туйғуни олдиндан кўра билди, чунки ҳар ҳолда у чўяндан бўлмасдан, балки ташқи томондан чўянга ўхшарди, холос.
Бир куни Бьяншон Депленга Сен-Жак маҳалласида яшовчи бечора мешкобчининг толиқиш ва муҳтожликдан оғир касалликка чалинганини ҳикоя қилиб берди: маълум бўлишича, шўрлик оверналик 1821 йилнинг узоқ чўзилган қишини фақат картошка ейиш билан ўтказган. Деплен ўзининг барча беморларини ташлаб, Бьяншон билан бирга отини ҳолдан тойдиргудек чоптириб, Сен-Денида машҳур Дюбуа томонидан очилган шифохонагача етиб келди. Деплен оверналикни даволади, у тузалиб кетгач, Деплен унга от ва бочкалар сотиб олиш учун пул берди. Кейинчалик ўша оверналик ўзининг бир хусусияти билан ўзини кўрсатган эди. Унинг дўстларидан бири оғриб қолганида, оверналик уни дарҳол Депленнинг ҳузурига бошлаб келди ва ўз халоскорига деди:
— Унинг бошқа бировга мурожаат қилишига сира-сира тоқат қилолмаган бўлардим.
Деплен ўзининг қўрслигига қарамасдан, оверналикнинг қўлини сиқаркан, унга деди:
— Уларнинг ҳаммасини олдимга бошлаб келавер.
У канталликни* Отель-Дье килиникасига қабул қилди ва унга нисбатан катта ғамхўрлик кўрсатди. Бьяншон ўз устозининг оверналик мешкобчиларга бўлган хайрихоҳлигини бир неча бор кўрган эди. Лекин, Депленнинг Отель-Дье клиникасидаги иши ўзига хос ғурур манбаи бўлганлиги туфайли ассистенти унинг ҳулқидан ғайриодатий ҳеч нарса сезмасди.
Бир куни эрталаб соат тўққизларда Бьяншон авлиё Сульпиций майдонидан ўтиб бораркан, устозини кўриб қолди. Деплен ўша майдон номидаги черковга кириб кетаётган эди. Ҳамиша кабриолет (икки ғилдиракли енгил арава)дан фойдаланади Деплен бу гал негадир яёв келиб, черковга Пти-Лион кўчасидаги эшикдан, гўёки шубҳали бир уйга кираётгандек, ўғринча кириб кетди. Устозининг эътиқодини, унинг моддиюнлигини, сўзида қатъий туришини билган шогирднинг ажабланиши ўринли эди, у кўринмасликка ҳаракат қилиб, ўзини черковга урди ва ҳайратга сазовор манзаранинг гувоҳи бўлди: буюк Деплен — ушбу даҳрий, жарроҳ тиғини ўзларига яқин йўлатмайдиган фаришталарни бешафқат ҳақоратлайдиган бу бебок масхарабоз шикастанафс бир алпозда тиз чўкиб турарди… тағин қаерда денг? Биби Марям бутхонасида! У ўша ерда ибодат бажо келтирар, йўқсил-бечораларга хайру эҳсон улашарди, унинг бу амалида сохталикдан ном-нишон кўринмаётганди.
“Турган гапки, у черковга Биби Марямнинг кўзи ёришига доир масалани ойдинлаштириш учун кирган эмас, — ўйлади ажабланганча Бьяншон. — Башарти мен унинг Вужуд-ул-илоҳ ҳайитида серҳашам ўртукнинг бирор шокиласидан тутиб турганини кўрсайдим, бу кулгили бўлур эди, холос. Аммо шу топда черковда уни танҳо ўзини гувоҳларсиз кўриш чиндан ҳам ажаб-да!”
Уни биров Отель-Дье клиникаси бош жарроҳи ортидан пойлаб юрибди, деб ўйламасин дея Бьяншон изига қайтиб кетди. Тасодифан ўша куниёқ Деплен уни ресторанга тушликка таклиф этди. Тушлик охирида Бьяншон суҳбатни усталик билан ибодатга бураркан, уни риёкорлик деб атади.
— Ҳа, бу риёкорлик насронийлик дунёси учун Наполеоннинг барча зулуклари сўрган қонларидан ҳам қимматга тушади, — деди Деплен.
— Ибодат бу папанинг ихтироси бўлиб, олтинчи асрдан буён мавжуд; унинг замирида: “Ушбу менинг вужудим эрур” сўзлари ётади. Уч юз йил мобайнида черковга қарши фитна уюштириб келган бидъатчилар устидан қозонилган ғалабани нишонламоқчи бўлган папа тахти муқаддас инъомларни тўғри тақдим этиш борасида довлашиб, Вужуд-ул-илоҳ маросимини жорий этиш жараёнида озмунча қон тўкишга тўғри келдими. Папа жорий қилган янги тартиб Тулуза графи билан альбигойчилар ўртасида урушлар келиб чиқишига сабаб бўлди: вальденслилар ва альбигойчилар уни эътироф этишни хоҳламасдилар.
Шунда Деплен даҳрийларга хос пичинг қиларкан, унинг оғзидан вольтерона истеҳзолар ёмғирдай ёғиларди: очиғини айтганда, бу “Цитатор”га* бўлган бир хунук тақлид эди.
“Ё ажабо, нима бўляпти ўзи? — ўйларди Бьяншон. — Эрталаб кўрган художўй қани?”
У Депленга ҳеч нарса демади, уни чиндан ҳам авлиё Сульпиций черковида кўрдимми дея шубҳаланди. Деплен Бьяншонни алдамаса керак: улар бир-бирини жуда яхши билишади, улар қанча-қанча муҳим муаммолар ҳақида неча бор фикр алмашишган, “нарсалар табиати ҳақида” талқин этадига турфа тизимларни муҳокама қилишган. Уч ой ўтди. Бьяншоннинг хотирасига маҳкам ўрнашиб қолган бўлса-да, у бошқа бу мавзуга қайтмади. Ўша йилнинг ўзида бир кун Отель-Дье клиникасининг шифокорларидан бири Бьяншоннинг олдида савол бермоқчи бўлгандек Депленнинг қўлидан ушлади:
— Айтинг-чи, муҳтарам устоз, нечун авлиё Сульпиций черковига киргандингиз?
— Мен бемор руҳонийнинг ҳузурига киргандим, унинг тизза қопқоғида йирингли яллиғланиш пайдо бўлган, — жавоб қайтарди Деплен, — Герцогиня Ангулемская менга ҳурмат бажо келтириб, уни даволашни ўз зиммамга олишимни илтимос қилди.
Ҳужум қайтарилди. Берилган изоҳ шифокорни қаноатлантирган бўлса-да, аммо Бьяншон ишонқирамади.
“Ҳали шунақами! У черковга бемор тиззаларини даволаш учун борармиш!” — деди шогирд ўз-ўзига.
Бьяншон Депленнинг орқасидан кузатиб юришга қарор қилди; у Депленнинг авлиё Сульпиций черковига қайси кун ва соатда кирганини эслади ва бир йилдан сўнг худди шу пайтда унинг тағин черковга келиш-келмаслигини текшириб кўриш учун айнан шу вақтда келишга қарор қилди. Ҳақиқатдан ҳам, Деплен келиб турсайди, черковга бу тахлит мунтазам қатнаши муайян ҳолни илмий тадқиқ қилиш учун асос бўлур эди, зеро бундай кишининг тафаккури ва ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри зиддият бўлиши мумкин эмасди. Келгуси йили айнан шу кун ва шу шу соатда, Бьяншон ўшанда Депленнинг ассистенти эмасди, жарроҳнинг кабриолети Турнон ва Пти-Лион кўчаси муюлишида тўхтаганини ҳамда ўз кабриолетидан тушиб, иезуитларга хос эҳтиёткорлик билан черков томонга йўналганини, сўнгра Биби Марям меҳроби олдида яна ибодат бажо келтираётганини ўз кўзи билан кўрди. Бу Деплен эди, ҳа, шахсан ўзи! Бош жарроҳ, қалбан даҳрий, тасодифан художўй. Аҳвол жиддий тус олмоқда эди, машҳур олимнинг қайсарлиги ҳамма нарсани остин-устин қилиб юборди. Деплен кетгач, Бьяншон черков анжомларини йиғиштираётган ридохона бошлиғи олдига келиб, ундан хозиргина чиқиб кетган жаноб черковга мунтазам равишда келиб турадиганларданми, деб сўради.
— Мана, йигирма йилдирки, шу ерда ибодат қиламан, — дея жавоб берди ридохона бошлиғи, — ана шу ибодатга жаноб Деплен бир йилда тўрт бор келади, бу унинг буюртмаси билан бажо келтирилади.
“Деплен буюртма қилган ибодат! — ўйлади кетаётиб Бьяншон. — Бу (бир ҳисобда) муайян даражада эр кўрмаган аёлнинг ҳомиладор бўлишидай муҳим гап, ҳар қандай шифокорни шаккокка айлантириш учун шу сирни билиб олиш кифоя”.
Вақт ўтмоқда эди. Гарчи доктор Бьяншон Депленнинг дўсти бўлса-да, аммо унинг ҳаётининг ўзига хос хусусияти ҳақида гаплашишга сира қулай фурсат тополмас эди. Одатда, улар табобат ёки киборларга хос бўлган бир вазиятда учрашардилар; лекин, бундай вазиятда дўстлар юмшоқ ўриндиққа ястаниб, камин олдида оёқларини иситаётиб, бир-бирларига ўз сирларини ошкор этган самимий суҳбатларга имконият бўлмайди, албатта. Ниҳоят, орадан етти йил ўтгач, оломон архиепископ боргоҳини тор-мор этган, 1830 йил инқилобидан сўнг унинг республикачилар ташвиқоти таъсири остида кўз илғамас сон-саноқсиз уйлар узра ялтираган яшиндек зарҳалланган салибларини маҳв этганида, кўчаларда шаккоклик ва исён ҳукм сурганда Бьяншон Депленни тағин ўша авлиё Сульпиций черковига кираётганда тасодифан кўриб қолди. Унинг ортидан кириб, у билан ёнма-ён туриб олди. Дўсти зиғирча бўлса-да, ҳайратланмади, қиёфасида ҳатто ҳайрат аломати сезилмади. Деплен буюртма қилган ибодатни иккаласи бажо келтиришди.
— Тақводорона мунофиқлигингизнинг сабабини баён этолмайсизми, дўстим? — сўради Бьяншон Деплендан улар черковдан чиққанларида. — Мен сизни, ҳа, сизни бу ерда ибодат чоғида уч бор кўрганман! Сиз бу сирни менга ошкор этишингиз, сизнинг эътиқодингиз ва ахлоқингиз ўртасидаги ошкора зиддиятни изоҳлаб бермоғингиз лозим. Сиз худога ишонмайсиз, айни пайтда ибодатга келиб турасиз! Қадрдон устоз, лутфан жавоб берсангиз.
— Мен сиртдан ўта диндор одам бўлиб кўринганим билан, ҳақиқатда эса сизнинг ўзингизга ўхшаган даҳрийман.
Шунда Деплен Мольер “Тартюф”ининг янги ношири сингари сиёсий арбобларни ҳақоратлаб, роса пичинглар ёғдирди.
— Мен сиздан бу ҳақда сўраётганим йўқ, — деди Бьяншон. — Мен сизнинг нега бу ерга келганингизни ва нима сабабдан ибодат буюртма қилганингизни билмоқчиман.
— Хўп, азиз дўстим, — деди Деплен. — Менинг бир оёғим тўрда, бир оёғим гўрда, бинобарин, мен энди ҳаётимни қандай бошлаганимни сизга ҳикоя қилиб беришим мумкин.
Бьяншон ва ўша улуғ инсон шу дақиқада Гирдибод кўчаси ёхуд Парижнинг энг жирканч кўчаларидан бирида эди. Деплен Бьяншонга дарвозадан айлана зинагача узун йўлак орқали кириладиган ҳайкални эслатувчи ўша уйлардан бирининг еттинчи қаватини кўрсатди; одатда ўша пастак деразалар зинани зўрға ёритар, дарҳақиқат, қоқилиб-суқилиб яшовчиларнинг ҳақоратларига бепарво эди. Бу уй яшил тусли эди; биринчи қаватларда мебел сотувчи савдогар яшарди, қолган қаватларда турфа қашшоқлар кун кечирарди. Деплен қўлини кескин баланд кўтараркан, Бьяншонга деди:
— Мен ўша ерда, баландда икки йил яшаганман.
— Биламан д’Артез ҳам ўша ерда турарди. Мен илк ёшлигимда у ерда қарийб ҳар куни бўлардим. Бизлар бу болохонани “даҳолар қиёмига етадиган банка” деб атар эдик.
— Хўш кейин-чи?
— Ҳозир иккаламиз тинглаган ибодат ҳаётимдаги айрим ҳодисалар билан боғлиқ. Улар ўша, сиз айтгандек, д’Артез яшаган болохонада ўтказган вақтимга тўғри келади; ҳув анави, тепасида кўйлак осилган, гуллар солинган тувак турган жой. Қадрдон Бьяншон, Париж қийин шароитда яшашга бардош беришга мажбур этди. Мен очлик, юпунлик, ялангоёқлик, пулсизлик — қисқаси, шафқатсиз муҳтожликни бошдан кечирганман. Ана шу “даҳоларни қиёмига етказадиган банка”да чўпдай қотиб қолган бармоқларимни нафасим билан зўрға илитардим, ўша томонга сиз билан бирга ҳам бир назар ташлагим келиб кетди. Қиш шундай даҳшатли келдики, ишлаётганимда бошим узра кўтарилаёган буғни, совуқ пайтларда отлардан кўтарилаётган буғдек сезиларли даражада чиқиб турган нафасимни кўрардим. Шундай ҳаёт билан курашиш учун таянчни қайдан топишни ҳам билмайсан киши. Мен ёлғиз эдим, кўмаклашадиган ҳеч кимсам йўқ, китоб сотиб олиш ва тиббиётдан олаётган сабоғим учун тўлашга бисотимда бир су* ҳам йўқ эди. Қизиққонлик, шаккоклик ва тиниб-тинчимаслик хусусиятига молик бўлганлигим учун дўстларим ҳам йўқ эди. Менинг серзардалигим турмуш машаққатлари ва меъёридан ортиқ меҳнат қилганлигим билан изоҳланишини ҳеч ким тан олмасди: ахир, мен ижтимоий ҳаётнинг энг қуйи қатламида эдим, лекин унинг устки қатламига чиқишни хоҳлар эдим. Шунга қарамасдан, сиздан яширадиган сирим йўқ, сизнинг олдингизда риёкорлик қилишнинг ҳам асло ҳожати йўқ, мен муҳтожлик ботқоғига ботиб, узоқ вақт тентираб юрган бўлсам-да, ҳар қандай чўққига кўтарила оладиган иқтидорли кишиларга хос бўлган меҳрибонлик ва ўша эзгу ҳис-туйғуларни қалбим тўрида асраб келдим. Мен олаётган арзимас нафақамдан бошқа нарсани на қариндошларимдан, на жонажон шаҳримдан кутишим мумкин эди. Мен ўшанда нонушта учун қотиб қолган нонни (у янгисига кўра арзонга тушарди) Пти-Лон кўчасидаги новвойдан сотиб олар ва сутга солиб ивитар эдим: шундай қилиб эрталабки емагим икки суга тушар эди. Пансионда қиладиган тушлигим кун оша бўлиб, у 16 су турарди. Шу зайлда ҳар куни ўн су харажат қилардим. Энгил-бош ва пойабзалга қанчалик аҳамият берганлигим ўзингизга равшан. Билмадим, кейинчалик у ёки бу ҳамкасбимизнинг хиёнаткорона ҳаракатларини кўрганда бошдан кечирганимиз ранжу аламни титилиб кетаётган бошмоғимизнинг устимиздан маккорона илжайишини кўриб қолганимизда ёки сюртугумизнинг қўлтиқдан чок-чокидан кетиши қулоққа чалинганда бошдан кечирган ранжу алам билан қиёсласа бўлармикан?
Мен фақат сув ичардим, аммо айни замонда Париж қаҳвахоналарига бўлган ҳурматим ғоят баланд эди. Фақат Лотин маҳалласининг Лукулларигина кириши мумкин бўлган Цоппи қаҳвахонаси менга нимаси биландир жаннатмакон туюларди. “Наҳотки, бирор кун менга ҳам ўша ерда бир финжон қаймоқли қаҳва ичиш ва бир қур домино ўйнаш насиб этади?” — уйлардим мен. Муҳтожлик туғдирган ўзимдаги ғазабни мен меҳнатга алмаштирдим. Ўз қадримни ошириш ва жамиятда эгалламоқчи бўлган ўрнимга муносиб бўлиш мақсадида мен имкони борича чуқур билим олишга ҳаракат қилдим. Еган нонимдан кўра ёққан лампа ёғи кўпроқ бўлган: тунларни оқартириб меҳнат қилган пайтимда кўз ўнгимда ёнган чироқ менга ҳамма нарсадан кўра қимматга тушган. Бу давомли, бешаф¬¬қат олишув эди. Мен ҳеч кимда ўзимга нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотолмадим. Ахир, дўст орттириш учун ёшлар билан таниш бўлмоқ керак, улар билан талабалар борадиган жойга бориб, майхўрлик қилиш учун бисотингда бир неча су бўлмоғи лозим. Менинг эса ҳеч вақом йўқ эди! Аммо Парижда ҳеч ким бирор нарсани тасаввур қилолмайди. Қанақа муҳтожликда яшаётганимни бировларга ҳикоя қилиб беришга тўғри келганда мен кўпинча томоғимга алланарса тиқилиб қолгандек, ўзимни ноқулай сезардим. Кейинчалик менга бой оилада туғилиб, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган ҳамда бу масаланинг учлик қоидасидан бехабар кишиларни учратишга тўғри келди: ёш йигитча беш франкли чақа экюга қандай муносабатда бўлса, жиноятга ўшандай муносабатда бўларкан. Ана шу бойвачча овсарлар менга: “Нега қарзга ботиб кетдингиз? Нега зиммангизга мунча мушкулотни олдингиз?”, дейишарди.
Улар менга халқнинг очликдан ўлаётганини эшитиб, нега у ёғли нонлардан сотиб олмаскан, деб сўраган маликани эслатарди. Нон топиш учун бош ва қўллардан бошқа на дўстлари, на бир мири маблағи, на обрўйи бўлган, Парижда тамоман ёлғиз кун кечираётган, тағин жарроҳлик учун жуда қиммат олади деб шикоят қилган бойлардан бирортасини кўрсам дегандим! Унинг ҳоли не кечарди? Ўзига овқат излаб қаерга борарди? Менинг жаҳлим чиққан ва раҳм-шафқатсиз кунларим бўлганини сиз яхши биласиз, Бьяншон. Мен бу билан оқсуяклар жамиятига хос бўлган ёшликдаги бепарволик изтироблари ўша кибру ҳаво учун ўз-ўзимдан қасос олардим; менинг шуҳратга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимга нафрат, ҳасад ва бўҳтоннинг қанчалик ғов бўлганини эслардим. Парижда айрим кишилар сизнинг эндигина эгарга ўтиришга шайланаётганингизни кўрса, биров келиб барингиздан тортади, сизни йиқилиб, боши билан ерга урилсин деб ўшанинг ўзи айилни бўшатади; бошқа биров эса отингизнинг туёғидан тақасини суғуради. Тағин ўзгаси қамчинингизни ўғирлайди; энг ростгўйи — қўлидаги тўппончаси билан сизни қоқ манглайингиздан отмоқчи бўлади. Азизим, сизда истеъдод бор, аммо ҳадемай ўртамиёна зотлар ўзларига устунлик қилаётганларга нисбатан қандай даҳшатли кураш олиб бораётганини билиб оласиз.
Кечқурун сиз йигирма беш луидор ютқазсангиз борми, эртасига сизни қиморбозликда айблайдилар, энг яхши дўстларингиз эса йигирма беш минг франк ютқазди деб гап тарқатишади. Бошингиз оғриса борми, сизни ақлдан оза бошлади, дейдилар. Мабодо оғзингиздан бирор ножўя гап чиқиб кетса, нақ шўртумшуққа чиқарадилар. Борди-ю, сиз ана шу олчоқлар тўдаси билан курашга жаҳд қилсангиз, энг яхши дўстларингиз сизни ҳеч кимни ёқтирмайди, ўзим бўлсам дейди, деб дод солишади. Хулласи калом, сизнинг фазилатларингиз камчилик ва нуқсонга, эзгу ҳаракатларингиз жиноятга йўйилади. Башарти, сиз бировни қутқаришга муваффақ бўлсангиз, сизни қотилга чиқарадилар. Гарчи бемор росмана ҳаётга қайтган бўлса-да, сиз уни сунъий йўл билан тузатгансиз, у келажакда бунинг учун жазосини тортади, мабодо у ҳозир ўлмаган бўлса, кейинроқ ўлади, дейишади. Қоқилиб кетсангиз борми: “Йиқилди” дейишади. Борди-ю, бирор нарсани ихтиро қилиб, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз, ёшларнинг олға интилишига тўсқинлик қилади дейдилар, муғамбир деган ном чиқарасиз. Шундай қилиб, дўстим, модомики худога ишонмас эканман, демак, одамга ишониш тўғрисида гапирмаса бўлади. Менинг танимда қанчадан-қанча бемаъни гапларга сабаб бўлган, Депленга мутлақо ўхшамаган Депленнинг яшашини сиз яхши биласиз, ахир. Ўтган ишга салавот. Шундай қилиб, мен биринчи имтиҳонга тайёрланаётиб, сариқ чақага зор бўлиб, мана шу уйда яшардим ва ишлардим. Биласизми, мен сира иложини тополмай “Аскарликка борганим бўлсин” дея қарор қилган киши ҳолатига тушган эдим. Менда яккаю ягона илинж қолган эди: “мен ўша ўзим туғилган шаҳардан Париж ҳаёти ҳақида мутлақо тасаввурга эга бўлмаган, ойига ўттиз франк олаётган, жиянининг нуқул булдириқ гўшти билан кун кечираётганига қатъий ишонган, энди бўлса унинг уст-боши ҳақида ғамхўрлик қилаётган кекса қишлоқи холаларимнинг совғаси бир чамадон ички кийимни олишим лозим эди. Чамадон мен уйда бўлмаган пайтда келган экан, мен университетда эдим: маълум бўлишича, кира ҳақи қирқ франк тураркан. Зинапоя тагидаги ҳужрада турувчи дарвозабон этикдўз немис ўша қирқ франкни тўлаб, чамадонни олиб қолган экан. Қандай қилиб олдиндан кира ҳақини тўламай чамадонимни қўлга киритиш ҳақида бош қотириб, Фоссе-Сен-Жермен-де-Пре ва Тиббиёт факультети кўчаси бўйлаб узоқ вақт санқиб юрдим, ҳолбуки, мен ички кийимимни сотиб ҳам кира пулини тўлашим мумкин эди. Менинг бефаҳмлигим, бирдан-бир истеъдодим, жарроҳлик эканини яққол кўрсатди. Дўстим, нозик қалб эгалари, бирмунча юксак доирада фаолият кўрсатиш учун туғилган иқтидорли кишилар кўпинча бачкана одамларга хос ҳийла-найранг, топқирлик, чапдастлик каби хусусиятлардан маҳрум бўлишади: бу тахлит мўмин-қобил даҳолар ҳомийси — тасодиф, улар изламайди, улар топади.
Мен уйга кечроқ қайтдим; сен-флуралик Буржа исмли мешкобчи қўшним ҳам шу пайтда қайтган эди. Бизлар шунчаки девор-дормиён қўшнидай бир-бирининг ухлаётганини, йўталаётганини, кийинишларини эшитиб турадиган, пировардида бир-бирига ўрганиб қолган таниш эдик. Қўшним хўжайин мени ижара ҳақини уч марта орқага сурганим учун ҳайдамоқчи эканини айтди; мен эртасигаёқ жўнаб қолишим даркор эди. Маълум бўлишича, хўжайин кўшнимни ҳам касби маъқул бўлмаганидан кўчиб кетишга мажбур қилаётганмиш. Мен ҳаётимдаги энг машаққатли тунни ўтказдим. Арзимас уй анжомлари ва китобларимни олиб чиқиш учун ҳаммолни қайдан топаман? Ҳаммол ва дарвозабонга қаердан пул тўлайман? Қаерга бориб бош урсам экан? Унсиз йиғларканман, телбаларча ўз-ўзимга фақат шу саволларни берардим. Охири ухлаб қолдим. Муҳтожликда кишига турфа тушлар бахш этувчи уйқу ҳамдард бўлади. Эртасига эрталаб нонимни сувга ботириб тамадди қилаётганимда хонамга Буржа кириб келди.
— Жаноб талаба, — деди у менга баланд овоз билан, — мен бир бечора, ташландиқ бола эдим, Сен-Флурада паноҳ топиб ўсдим, на отам, на онамни биламан. Бунақа бисотим билан уйланишим мумкин эмас. Сизнинг ҳам жонкуярларингиз унча кўп эмас, молу давлатингиз ҳам йўқ ҳисоби. Гапимга қулоқ солинг: пастда менинг қўл аравачам турибди, уни ҳар соатига икки су кира ҳақи бериш шарти билан ижарага оламан; унга ҳамма анжомларимизни жойлаштирса бўлади. Модомики, бизни бу ердан ҳайдаб чиқаришган экан, хоҳласангиз турар жойни бирга қидирамиз. Бу ер ҳам айтгулик жаннатмакон жой эмас-ку, ахир.
— Биламан, қадрдоним Буржа, — дедим мен, — лекин бир нарса халал беряпти; пастда экю турадиган ички кийимларим бор, ўша пулдан уй ҳақини ҳам, дарвозабонга тўланадиган қарзни ҳам тўлашим мумкин эди. Бироқ чўнтагимда сариқ чақа ҳам йўқ.
— Яхши! Менинг бироз танга пулим бор, — жавоб берди Буржа менга ўзининг эскирган ва ёғ босган чарм ҳамёнини салмоқлаб кўрсатаркан. — Ички кийимингиз ўзингизга керак бўлади.
Буржа менинг хонам учун ҳам, ўз хонаси учун ҳам тўлади, дарвозабоннинг қирқ франкини ҳам бериб қўйди. Кейин у кўч-кўронимизни ва менинг кўйлакларим жойлашган чамадонни аравачага юклади-да, уни кўчалардан ғилдиратиб кетди, хоналар ижарага берилиши ҳақида эълон ёпиштирилган уйлар олдидагина тўхтарди, холос. Мен бўлсам ўша уйларнинг ҳар бирига кириб чиқар ва ижарага бериладиган хонани кўздан кечирардим. Туш бўлиб қолди, аммо бизлар ҳамон бошпана излаб Лотин маҳалласида беҳуда санқирдик. Қайга бормайлик, ижара ҳақи оёқдан оларди. Буржа мени вино дўконига таклиф этди. Аравани эшик олдида қолдирдик. Кечга яқин Роган кўчасининг тижорат муюлишида мен бир уйнинг энг сўнгги қаватида зинапоя майдончаси билан бир-биридан ажратилган иккита хона топдим. Ўшаларни ижарага олдик. Ҳар биримиз йилига олтмиш франкдан ижара ҳақи берадиган бўлдик. Энди менда ҳам, дўстимда ҳам бошпана бор эди. Бирга тушлик қилдик. Буржа бир кунда эллик сугача топар эди. Унинг юз экюга яқин пули бор эди. Буржа от ва бочка сотиб олишдек орзуни амалга ошириш арафасида эди. У муғамбирона ўсмоқчилаб, менинг барча сир-асроримдан воқиф бўлиб олди, қандай аҳволда эканлигимни билиб олгач, бир умрлик эзгу орзусидан вақтинча воз кечди, ана шуни эсласам, ҳанузгача бутун вужудимни ҳаяжон босади. Буржа йигирма икки йил сув ташиди, лекин у ўзининг юз экюсини менинг келажагим учун қурбон қилди.
Шунда Деплен Бьяншоннинг қўлини қаттиқ сиқиб қўйди.
— У ўша пулларни менга берди, улар менинг имтиҳонга тайёргарлик кўришим учун ғоят зарур эди! Дўстим, бу одам ҳаётдаги бурчимни, менинг ақлу заковатим, эҳтиёжимнинг унинг эҳтиёжларидан муҳим эканлигини фаҳмлади. У менга ғамхўрлик қилар, мени “ўғилчам” деб атар, китоб сотиб олишим учун пул қарз берар, баъзан эса қандай ишлаётганимни кўриш учун секингина хонамга кириб келар эди. Ниҳоят, у менга оналарча мушфиқлик кўрсатиб, мен маҳкум этилган ўша қашшоқлик ва маза-матрасиз емакни фойдали ва тўкин овқатга алмаштириш имконини берди. Буржанинг ёши қирқларда эди. Унинг афт-ангори ўрта асрлардаги шаҳарликни эслатарди, манглайи бўртиб чиққан, рассом унга қараб бемалол Ликургни* чизиши мумкин эди. Боёқиш юрагида йиғилиб қолган меҳрни кимга изҳор этишни билмасди. Ҳаётида унга меҳр қўйган ягона жонзот бундан сал илгари ўлган бароқ ити эди; Буржа менга ўз бароғи ҳақида тўхтовсиз гапирар, черков унга жаноза ўқиш учун ижозат бермасмикан, бу тўғрисида менинг фикрим қандайлигини билмоқчи бўларди. Унинг сўзларига кўра, бу бароқ ит ҳақиқий насроний бўлиб, ўн икки ой мобайнида Буржа билан черковга борган, у ерда ҳеч қачон ҳурмаган, жим туриб орган овозини тинглаган, худди хўжайини билан ибодат қилгандек у билан ёнма-ён ўтирган. Бу одам ёлғизлигимни, изтиробларимни тушуниб, бутун меҳру садоқатини менга қаратди, унинг қўлидан келадиган нарса шу эди, зотан. У мен учун энг меҳрибон она, ҳеч қачон бировга зиён-заҳмат етказмайдиган энг ардоқли ва фазилатли киши бўлиб қолди. Гапнинг лўндасини айтганда, у эзгулик тимсоли бўлиб қолди, ўзи бунёд этаётган яхшиликдан қониқиш ҳосил қилган одам эди. Мен Буржани ҳар гал кўчада учратганимда, у менга ақл бовар қилмайдиган олижаноблик билан фаросатли нигоҳ ташлар эди; у елкасида юки йўқ кишидай қоматини тик тутиб юришга интиларди; мени соғлом ва яхши кийинган ҳолда кўрганидан ўзини бахтли ҳис этаётганга ўхшарди. Бу бир жиҳатдан оддий кишининг фидойилиги бўлса, иккинчидан, бирмунча юқори муҳитга кўчирилган енгилтак қизнинг муҳаббати эди. Буржа менинг барча топшириқларимни бажарар, мени белгиланган соатда уйғотар, чироғимни тозалаб қўяр, зинапоямиз майдонини супуриб-сидирар эди; у покизалиги билан ҳар қандай инглиз оқсоч аёли билан баҳслашиши мумкин эди.
Бизнинг бутун хўжалигимиз унинг гарданида эди. Филопеменга* ўхшаб ёғоч ҳам арраларди. Меҳнат ўз олдига қўйган мақсадини такомиллаштирганини англагандай, у ҳамма нарсани жўнгина, аммо қойилмақом қилиб адо этарди. Отель-Дье клиникасига ассистент-амалиётчи бўлиб ишга кирганимда Буржа билан ажралишга тўғри келди, чунки мен клиника қошида яшашим даркор эди. У чуқур ғамга ботарди, лекин менинг диссертация устида ишлаётганимда талаб қилинадиган харажатлар учун пул йиғаётгани учун ўзини юпатар ва бўш вақтларимда уникига бориб туришимни илтимос қилар эди.
Буржа мен билан фахрланар ва жон-дилдан яхши кўрарди. Агар сиз менинг диссертациямни излаб топсангиз эди, унинг Буржага бағишланганини кўрган бўлардингиз. Шифохонада ишлаш муддатимнинг сўнгги йилида унга от билан бочка сотиб олиш ва бу мард оверналикнинг қарзини узишга етадиган даражада маблағга эга эдим. Мен унга пулларимни сарфлаганимни билгач, роса жиғибийрон бўлди, шунга қарамасдан хўп суюнди, унинг энг эзгу орзуси ушалган эди-да, ахир. У кулди ва мени койиб қўйди; у ўзининг бочкасига, ўз отига қарар ва кўз ёшларини артаркан, деди: “Яхши эмас! Қандай ажойиб бочка! Лекин сиз бундай қилмаслигингиз керак эди… Ўзи ҳам кетворган от экан, нақ оверна зотига ўхшайди”.
Киши кўнглини эритадиган воқеани сира кўрмаганман. Менинг қаршилик қилишимга қарамасдан, Буржа мен учун энг қимматбаҳо нарса, сиз хонамда кўрган — ғилофига кумушдан сайқал берилган жарроҳлик асбоблари тўпламини, албатта, сотиб олиш истагини билдирди. У мен дастлабки муваффақиятларимдан ўзида йўқ шод эди, лекин унинг “уни мен одам қилдим” деганини, ҳатто бунга ишора ҳам қилмаган. Гапнинг очиғини айтганда, у бўлмаганда муҳтожлик ҳаётимга зомин бўлган бўлар эди-ку, ахир. Бояқиш ҳаётини мен учун қурбон этди: маълум бўлишича, у тунги машғулотларимни деб мен учун қаҳва сотиб оларкан-да, ўзи нонга саримсоқ суртиб ер экан. У касал бўлиб қолди. Тунларни унинг бошида ўтказганимни айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Умримда биринчи бор уни сақлаб қолишга муяссар бўлдим. Лекин икки йил ўтгач, касаллик яна қайталади, қанчалик тиришиб парвариш қилмайлик, табобатдаги барча воситаларни ишга солмайлик, Буржа вафот этди. Бирорта қирол ҳам бунчалик парвариш қилинмаган бўлса керак. Ҳа, Бьяншон, бу ҳаётни ўлим чангалидан тортиб олиш учун мисли кўрилмаган даражада ҳаракат қилдим. Унинг ўзи амалга оширган ишларини кўриш имкониятига эга бўлишини истагандим; унинг барча истакларини ижро этсам дегандим, ҳаётимда шу пайтгача сира такрорланмаган, қалбимни батамом чулғаган, ташаккур туйғусини изҳор этишни ниҳоясига етказишни истагандим, ҳанузгача мени ёндириб келаётган ўтни ўчирмоқчи эдим!
— Менинг иккинчи отам Буржа ўз қўлимда жон берди, — дея давом этди Деплен озгина сукут сақлагач, унинг ҳаяжонлангани шундоққина билиниб турарди. — У қолдирган васиятномага биноан, барча молу-мулки менга ўтмоғи даркор эди; бу васиятномани унга ҳар хил хужжатлар тузиш идорасида ёзиб беришган экан, унда иккаламиз Роган кўчасига бирга кўчиб борган йил қайд қилинган эди. Унда софдил диндор кишининг тимсоли мужассамлашган эди. Биби Марямни шундай севар эдики, киши маъшуқасини шундай севиши мумкин, холос. Гарчи, у эҳтиросли диндор католик бўлса-да, менинг даҳрийлигим ҳақида лом-мим демаган эди. Касаллиги хатарли тус олганда у мендан ўзи учун черков ёрдамини уюштиришда ҳеч нарсани аямасликни илтимос қилган эди. Мен унинг учун кунига икки мартадан дуои фотиҳа ўқишни буюртма қилдим. У кечалари тез-тез ўзининг охиратдаги қисматидан қўрқаётганини ҳикоя қиларди: унга ҳаёти унча тақводорлик билан ўтмаганга ўхшаб кўринарди. Бояқиш! У эртадан-кечгача меҳнат қиларди. Агар борди-ю, беҳишт бор бўлса, унга бу кишидан бошқа ким ҳам муносиб бўлиши мумкин? У авлиё сифатида черковнинг сўнгги хайрбодини қабул қилган эди (у чиндан ҳам авлиё эди); унинг ўлими ҳаётига мос эди: Буржанинг тобути ортидан фақат бир киши борарди: бу мен эдим. Яккаю ягона валинеъматимни дафн этгач, менга қилган яхшиликлари эвазига нима қилсам экан, деб ўйлардим. Унинг на оиласи, на дўстлари, на хотини, на болалари бор эди. Лекин у диндор эди, унда диний эътиқод мавжуд эди, бунинг учун у билан баҳслашишга ҳаққим бормиди? У бир куни менга қўрқа-писа бўлажак дуои-ибодат ҳақида ёрилган эди; қилган ёрдамини пеш қилмаслик учун у менинг зиммамга бундай мажбуриятни юкламоқчи эмасди. Дастлабки имконият туғилганда мен авлиё Сульпций черковига керакли миқдорда пул тўплаб, бир йилда тўрт бор охират ибодатини буюртма қилдим. Буржа учун амалга ошириладиган ягона нарса — унинг тақводорлик истагини бажо келтириш. Шу боисдан бир йилда тўрт марта — кўклам, ёз, куз ва қишда черковга келаман ва шаккокка хос самимият билан дейман: “Ё худованди карим, тасарруфотингда ўлгандан сўнг тақводор кишилар йиғиладиган маскан бўлса, мўмин-қобил Буржани унутма, агар у азоб-уқубатни бошидан кечирмоғи керак бўлса, ўша мусибатларни менинг гарданимга юкла, токи у тезда жаннат аталмиш маъвога эришгай”. Мана, азизим, фикрлаш тарзи меникидек кишининг қарори шундай бўлади. Қасамёд этаманки, Буржанинг эътиқоди менинг миямда қарор топсайди, бор-бисотимни берган бўлур эдим.
Депленни сўнгги марта даволаган Бьяншон машҳур жарроҳни даҳрий сифатида вафот этган деб айтишга ботинолмайди. Наҳотки, бир вақтлар пештоқига “Буюк одамлар учун умидбахш диёр” деган сўзлар ёзилган ўша заминий маъбад қопқаларини очган кишига ройиш оверналик жаннат қопқаларини очмаган бўлса? Ҳа очган — айнан шундай деб ўйлаш диндорлар учун қувончли эмасми, ахир?!
Русчадан Пошали Усмон таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 10-сон
______________
* Қуёш ўрилмаси — анатомияда қоринда туташган вегетатив асаблар тизими. (Тарж).
* Қадимги грек адабиётида Орест ва Пиланднинг бир-бирига садоқатли бўлганларига ишора. (Тарж).
* Зайд — Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг қули бўлиб, кейинчалик Ислом динининг ашаддий тарғиботчисига айланган.
* Кантал — Франциядаги бир вилоят номи.
* «Цитатор» — француз адиби Пиго-Либрен асари бўлиб, унда католик черковининг иллатлари фош этилади.
* Су — XIX аср француз пул бирлиги.
* Ликург — ярим афсонавий қонун чиқарувчи давлат ва жамоат арбоби.
* Филопемен — қадимги юнон қўмондони, одил ва меҳнатсевар киши бўлган.