Олланазар Абдиев. Бургут чўққиси (ҳикоя)

Тоғ бошидаги баланд чўққида бир жуфт бургут кўп йиллар мобайнида тинч-тотув, бахтли ва тўқ яшади. Она бургут неча марта тухум босиб, полапон очди, Ота бургут полапонга парвона бўлиб, тарбиялаб мустақил ҳаётга учирма қилди. Улар ошён қуришган тоғ табиати жуда чиройли, файзли ва осойишта эди. Одамларнинг қадами етмайдиган бу жойларга овчилар ҳам яқинлаша олмасди. Ноёб доривор гиёҳларга, ёввойи мевали дарахтлару буталарга бой бўлгани учун бу ерни турли паррандаю даррандалар макон айлаган: тулки, қуён, шақал, қирғовул, беданадан тортиб, марол, буғу, тоғ эчкиларигача изғиб юришади.
Елдиримдай йиллар ўтди. Икки бургут ҳам қариди. Айниқса, Она бургут ҳолдан тойди. Энди чўққидан пастга тушиб, майда ҳайвон ва қуш овлашга мажоли етмай қолди. Ота бургутнинг бир ўзи пастга ўқдек шўнғиб, бирор жониворни ушлаб чўққидаги уясига олиб бориб қартайган жуфти билан баҳам кўриб юрди.
Вақт-соати етиб, Она бургут қазо қилди. Узоқ йиллар бирга яшаган жуфтидан айрилиб қолган Ота бургутга бу дунё тор кўринди. Дод-фарёд солиб оҳу нола чекди. Учи қармоқдек қайрилиб турган ўткир минқорини, бақувват чангалини, ханжардек тирноқларини тошларга урди, қайради, тирнади, чўқиди. Оташин қуёшга, қаҳратон аёзга, метиндек қотириб қўювчи музга, бўралаб ёққан қалин қорга, изғирин довулга неча асрлаб бардош берган тошлар Ота бургутнинг зарбаларидан ушалиб синди, ўт чақнади, ¬ёрилди, тешилди. Бироқ унинг ёри тирилмади.
Барча қушлар, паррандаю даррандалар таъзим қилиб, эҳтиром кўрсатишини сезиб турган бўлса-да, оламдаги барча жонзотлар осмон ҳукмдори Ота бургутнинг кўзига қадрсиз кўринди: унинг учун ўз суюклиси — Она бургут бир дунё, бир ён, тарозининг иккинчи палласига бутун дунёни қўйсанг ҳам асло боса олмас эди.
Ота бургут ўзининг ниҳоятда яккаланган, ёлғизланган ҳис этди. Гўёки бу дунёда оиласиз яшашдан маъно қолмагандек эди. Айрилиқ дардидан юрак-бағри эзилган, тилка-пора бўлган Ота бургут ноилож Яратганнинг амрига — пешонасига ёзилган тақдирга кўника бошлади. Бироқ бешафқат вақт Ота бургутнинг ҳам куч-қувватини, танасидаги тинка-мадорини сўриб олаётган эди…
Бир умр баланд чўққида яшаб ўрганган, ҳамиша осмонда парвоз айлаган, ҳамма нарсага тепадан қараган, тубанлик қони-жонига ёт бўлган мард Ота бургут кучдан қола бошлади. Энди у тоғ чўққисидаги уясидан пастга тушса, қайтиб юқорига кўтарилиши қийинлашди. Кенг қанотлари, йирик гавдаси ўзига оғирлик қилди: осмонга зўрға кўтарилар эди. Темирдек оғир парли қанотларини силкитиб қоқиш, қўзғалиш мушкуллашди. Ҳайвонлару қушлар бургут чўққисига чиқа олмас, пастда яшар эдилар. Баъзида кўрсичқонми, қўнғизу қуртларми учраб қолар, бироқ бургут овлаб келган ҳайвоннинг сарқитидан умидвор бўлиб уясининг теварагида ўрмалаб юрган бундай ҳашаротларни ейишга табиати тортмас, тўғриси ор қилар эди: бундай майда-чуйда, сасиб-айниб ётган жирканч махлуқларни тановул қилишни ҳукмдор хаёлига ҳам келтиролмас, уларни кўргандаёқ кўнгли айниб ўқчир эди. Йўқ, бундан кўра ўлгани яхши. Қорнидан кўра қадри устун келиб, қайсарлиги ва ори қўзғалиб улар билан озиқланмади.
Аммо… лекин… бироқ… бора-бора “томоқ — орсиз” дегандек, очлик силласини қуритиб борар, бир иложини топиши керак… У очликка чидай олмай пастга тушди. Пастга тушгани билан аввалгидек эпчил бўлмаганидан кейин биронта ҳайвон ё қушни овлаш осон эмас. Ота бургут кўп ҳалак бўлди: учиб бориб, пастга шўнғиб, панжа ураман дегунча ўлжаси ҳуркиб қочиб кетар эди. Овораи сарсон бўлиб уча-уча бир тоғ қўчқорининг ўлигини кўрди. Бадбўй анқиганиданоқ бу ўлаксанинг анчадан буён ҳидланиб ётганини, гўшти айниб-сасиганини сезди. Шунинг учун қайрилмади. Ота бургут келаётганини кўрган қарға-қузғунлар жон сақлаб қолиш ташвишига тушиб, тум-тарақай қочган эди, осмон ҳукмдори тўхтамай ўтиб кетгач, ўлаксага қайта ёприлишди.
Ота бургут қирғовул қувди, бироқ чангалзор орасига кириб ғойиб бўлди: аввалги ҳоли бўлганида қирғовул бутазорга етиб улгурмасди.
Қуён қувди, инига кириб қутилди.
Қанотини кенг ёзиб, эмин-эркин учиб келаётган Ота бургутнинг нурсизланиб, хиралашган кўзи олисдаги бир алқорни кўрди. Қанотидан товуш чиқармай, парларини шамолда пириллатмай учишга ҳаракат қилиб, яқинлашиб бораверди.
Алқорлар табиатан ниҳоятда ҳуркак, сезгир бўлади. Ота бургут шунда ҳам анча яқинлишишга улгурган эди, тўда қия қоялар оралаб югурди. Ота бургут қулай пайтни бой бермаслик зарурлигини англади: бор кучи билан учди. Кексайган бўлса ҳам табиат бургут зотига ато этган чайир вужудида, қонида сақланиб қолган куч-қувват қушлар ¬ҳукмдорини нишаб қоялар, чакалагу буталар сабабли ўқдек уча олмаётган алқорларнинг тос тепасига етказди. Бургут чангалига тушмаслик учун қочаётган алқорларнинг жони халқумига келди. Ота бургут овдан завқланиб ёшлик хотиралари уйғонди. Ҳис-туйғулари қўзғалиб юрагини шашту шиддат сурури чулғади. У энди истаган алқорга чангал сола олар эди. Авваллари Она бургут билан бирга кўп бора бундай лаззатли овларнинг гувоҳи бўлган. Завқланган. Қўрқиб титраётган ҳайвонлардан бирининг устига зарб билан урилганидан, бояқиш бели, умуртқаси синиб йиқилар, бошини буриб, ўз ажалига аянчли боқар, меҳр-шафқат сўраган каби кўзларини илтижоли тикарди. Бу фақатгина бир ўйини эди овчи бургутнинг: ҳали ўткир панжаларини ботиргани йўқ. Бели мертилган жониворга қарамай, қайта учишда давом этади, бошқа ўлжага ҳамла қилади: ўша пайтлари томоғи ҳам, назари ҳам ҳамиша тўқ учарди, фақат бургутгина ўз ўлжалари устида қўниб-учиб ўйнайди. Ўз қудратини намойиш этади.
Бироқ ҳозир унинг аҳволи ҳам, шароит ҳам бошқача — илгаригидек шод ва бахтиёр эмас, кўнглида ғам, ўз кучини кўрсатиб мақтанай деса, жуфти ҳам йўқ. Энг асосийси, томоқ оч, бу ҳам етмагандек куч-мадори соб бўлмоқда эди. Ота бургут бу ўзининг сўнгги ови эканини ич-ичидан сезди. Шунинг учун алқорларнинг энг йириги, энг қорувлисига панжа ургиси келди.
Алқорлар тўдасининг олдида кўкрак керган, соқоли тўшини тўлиқ ёпган, бақувват шохлари буралиб-буралиб ўсган қўчқор олға чопиб бораётир. Бироқ ҳаммадан олдин югургани уни ажалдан қутқара олмасди. Ота бургут ёшлигидан ўрганган овчилик маҳоратини сўнгги бора ишга солди. Бор кучи билан қўчқорнинг устига урилди, ўзининг ҳозирги кучига ишонмай, панд бериб қўяманми, дегандай, тусмоллаб темирдек қаттиқ ва ўткир панжаларини ўлжасига ботирди. Тошни ҳам ушатиб юборадиган минқорини қўчқорнинг елкасига ханжардек урди. Ота бургутнинг бундай аёвсиз зарбаларидан алқорнинг оёқлари букилиб, мункиб йиқилди, бўйин-умуртқаси синиб, дир-дир титради, кўзлари олайди, жон ҳолатда аччиқ ва мунгли маъраганда тоғу тошлар қайғули акс-садо берди.
Неча кунлаб оч юрган Ота бургутнинг тумшуғи иссиқ қонга беланди, мазали гўшт исидан боши айланди, оғзидан сўлаги оқди. Тирноқлари, тумшуқлари билан алқорнинг терисини шила бошлади. Буғи чиқиб турган юмшоққина юрак-бағир лахта-лахта бўлиб бургутнинг томоғидан ўтиб кетди. Ўткир тумшуқ билан чўқиб, лаҳм гўштларни юлиб олиб, маза қилиб ютаверди, чўқийверди, еяверди…
Бир маҳал ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймай очкўзлик қилиб кўп гўшт еб қўйганини сезди. У уёқ-бу ёққа қараб ўлжасининг устидан тушди, бир чеккага ўтиб тумшуғини тозалади, парларини тараб, ўзига оро берди.
Лапанглаб юриб атрофга назар солди, ўзи ошён қурган чўққига тикилиб боқди. Уясига учиб бориш учун қанотларини қоққан эди тошдек оғирлашиб қолган зил-замбил танасини кўтара олмади. Бир оз пастлаб учди-да, яна ерга қўнишга мажбур бўлди. Ота бургут ҳолсизланган эди. Бўкиб гўштга тўйганидан қорнидаги “юк” ерга тортарди. Оғир қўзғалиб яна учди. Бир тепаликнинг устига етганда силласи қуриб яна қўнди. Учолмаётганидан қаттиқ ўкинди. Аччиқланиб тумшуғини тепаликнинг тошига урган эди чўққининг қайроқ тошидек чақмоқ ялтирашнинг ўрнига (тош ҳам шундай бўладими, деган фикр кўнглидан “йилт” этиб ўтди) тупроқдек сачраб кетди. Гавдасини кўтара олмаган қанотига зарда қилиб, парларини чўқиди. Учишга ёрдам бера олмаган панжа, болдир, сонларини чўқиди. Ўз-ўзини ёмон кўриб депсинди, уринди, суринди.
Ота бургутнинг бу ҳаракатларига атрофдаги кийик, қулон, қашқир, тулки, шақал, қуён, қирғовул, италғу, туйғун, ҳакка, қарға, қузғун ва сичқонлар лолу ҳайрон бўлиб қарашар, бироқ “оббо” деб оғизларини очолмас, ҳукмдорнинг ҳолатидан ичдан қувонар, сиртдан унинг ҳали ҳам ҳайбатли турқи-тусидан, ўткир тирноқ, тумшуқларидан қўрқишар эди.
Бургут ўзидан пастлар билан тенг бўлганидан, улар олдида кулгу —масхарага қолганидан номус қилди. Бироқ унинг куч-қудрати адо бўлган, шарти кетиб, парти қолган. Шунинг учун у энди мана шу тепаликда ўз ўлимини кутиб яшашга маҳкум бўлганини англади. Ким бўлса ҳам, қариган қушнинг озуқаси сассиқ балчиқдаги чувалчанглар, сассиқ сичқонлар, қўнғиз, чигирткалар экани унга аён эди…
Ой сайин, ҳафта, кун сайин, соат сайин ўлими яқинлашаётганини сезди. Тинка-мадори қолмади, кўзлари қоронғилашди, оёқлари танасини кўтара олмай бағрини ерга босиб ётадиган бўлди. Танасининг устига ўрмалаб чиқа бошлаган қурт-қумурсқаларни қаноти билан қоқиб тушириш ҳам амри маҳол. Буларнинг бари жасур Ота бургутнинг ор-номусини қўзғаб, юрагини ёндирарди. Унинг дармони қуриб, эти суягига ёпишиб бораётганини сезган қушлар ҳам яқинлашиб чуғурлашар, чирқиллашар, қағиллашарди.
Бир гўнгқарға Ота бургутнинг анчадан буён қимирламай қолгани туфайли ёнига бориб кўзини чўқиб олди. Ўшанда Ота бургут ўзини қўриқлай олмаганидан, бургут номини оқлаёлмаганидан қаттиқ ранжиди. Аччиғи чиқди, ғаши келди, қони тошди. Авваллари ёнига яқинлашиш тугул осмондан ерга тушган соясидан қўрқиб, сичқоннинг ини минг танга бўлиб қоладиган гўнгқарғанинг бундай қилиғи — зулму озори суягидан ўтиб, қонини қайнатди, юрагининг ёлини силкитди. У бундай хору зор бўлиб ўлишдан ор қилди. Яна кўзини чўқиш учун ёнида куймаланаётган гўнгқарғанинг бошидан тишлаб олиб, бор кучини сарфлаб қўзғалди, оёқларини ерга тираб ўрнидан турди, қийналса ҳам ота қонидаги — зотидаги — наслидаги бургутларгагина хос энг сўнгги чорани қўллади, томирларидаги, жигаридаги қувватни йиғиб, қанотларини енгил қоқиб, аста осмонга кўтарилиб учди. Юксак чўққилар қадалиб турган осмонни кўзлади. Оч бўлса ҳам сассиқ гўнгқарғани емай, бошини тумшуғи билан чўқиб-чўқиб ўлдириб, тилка-пора қилиб ерга ташлаб юборди.
У қанотларини бор куч-ғайрати билан силкиб-силкиб булутлар оша кўтарилаверди. Барча қушлар, ҳайвонлар, паррандаю даррандалар, жониворлар ҳайратга тушди. Ота бургутдагидек жасорат, ғайрат, ор-номус, юрак ўзларида топилмаслигини тушуниб турар, шунинг учун уларнинг ҳар бири қушлар ҳукмдоридек бўлишга ҳавас билан бир нуқтадек бўлиб кўринмай кетгунча қараб қолишди. Қушлару ҳайвонларнинг ҳар бири Ота бургутнинг ўрнида ўзларини кўргиси келиб кўзи қийиб, ширин жонларидан воз кечишга тайёр эди. Лекин мардона ўлим бургутларгагина хос, уни ўзгартириб бўлмайди. Табиат қонуни шундай. Бундай юксакликка учиш, баланд чўққиларда яшаш ва жон чиққандан кейин ҳам жасад бузилмасдан, сасимасдан, иту қумурсқага ем бўлмасдан мангу музликлардан ором топиши — бундай ўлим фақат бургутларгагина хос эканини барча жониворлар ҳис этишар, уларнинг юрагини ҳасад ва қизғаниш олови ўртар эди.
Ота бургут денгиз сатҳидан жуда ҳам баланд ва олис чўққи бошидаги уясига, ўзининг азиз ва қадрдон гўшасига қулади. Энди бу ерга учиб келиб унинг кўзини чўқишга, жасадини хўрлаб, этини ейишга ҳеч бир қушнинг, ҳеч бир ҳайвоннинг юраги дов бермаслигини сезиб кўнгли тўқ бўлди. Иккинчидан изида ўзига ўхшаган ҳайбатли ва кенг ўмровли бургут қолмаганидан, бошқа бир довюрак қуш зоти ўрнини босолмаслиги хавотиридан кўнглида армон бўй кўрсатгандай бўлди. Бунинг оқибати дунёнинг чалкашиб кетишига олиб келмасмикин, деган ўйда Ота бургут ширин ва мангу уйқу қучоғига чўмиб борарди.

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 9-сонидан олинди.