Жанубий Каролина штатидаги Чарлстон шаҳри аҳолиси гуручдан жуда кўп овқат тайёрлашади. Жефф Питерснинг пул топиш усуллари ҳам ана шундай кўп ва хилма-хил.
Мен айниқса унинг ёшлик даврида кўчаларда ярим оч ҳолда дайди, йўтални даволайдиган сурги мой, аллақандай кукун сотиб юрган, бутун олам билан ошна бўлиб, охирги чақасигача тикиб қимор ўйнаган, ҳаёти қил устида қолган кезлари ҳақидаги ҳикояларини ёқтирардим.
— Бир куни Арканзасдаги Балиқчи Тоғ деган кентга тушиб қолибман, — деб ҳикоя бошлади у. — Эгнимда кийик терисидан либос, оёғимда мокасин, сочларим узун, қўлимда ўттиз қирот жавоҳири бўлган битта узук. Узукни Тексарканда бир актёрдан олгандим. Билмадим, узук эвазига унга берган қаламтарошимни нима қилган экан!
Ўша кунларда ўзимга Воф-Ху исмини олган машҳур ҳинду табиби эдим. Қўлимда «касални тирилтирадиган» эзиб ичкидан бўлак ҳеч вақо йўқ. Эзиб ичкини чокто қабиласи бошлиғининг гўзал хотини Та-Ква-Ладан олгандим. Та-Ква-Ла анъанавий жўхори байрамида тортиладиган миллий овқат — кучук шўрвага солиш учун кўкат териб юрганда, тасодифан бу ўтнинг устидан чиқиб қолганди.
Бундан аввал бир гадойтопмас шаҳарчада яшагандим, у ерда ишларим унчалик юришмай, чўнтагимда бор-йўғи беш доллар қолган эди. Балиқчи Тоққа келиб дорихонага кирдим, у ерда менга саккиз унциялик, оғзида тиқини бор шиша идишдан олти дюжинасини беришди. Шишага ёпиштириладиган этикетка ва бошқа керакли анжомлар жомадонимда ғамлаб қўйилганди. Кранида суви бор меҳмонхонага жойлашиб, «касалларни тирилтирадиган эзиб ички»ни қаторлаштира бошлаганимдан кейин кўзимга ҳаёт яна гўзал кўриниб кетди.
Товламачилик дейсизми? Йўқ, сэр. Идишларда қуруқ сувгина эмас, унга мен икки долларлик хинин ва ўн центлик анилин бўёқ қўшган эдим. Орадан йиллар ўтиб, ўша жойлардан яна бир ўтганимда, одамлар эзиб ичкидан яна бир шишадан беришимни сўраб, роса ялинишганди.
Хуллас, ўша куниёқ битта арава ёллаб, Асосий кўчада савдони қизитиб юбордим. Балиқчи Тоғ дейилгани билан бу кент терламага сероб бир ботқоқлик жойда ўрнашганди. Аҳолининг юрак, ўпка касали бор, шу хасталиклар ва заъфарон тошмага доир эзиб ички етишмайди, дея ҳеч иккиланмасдан диагноз қўйдим. Парҳезда юрганлар гўштли бутербродга ёпишгандек эзиб ичкини сотиб ола бошлашди. Эллик центдан турадиган шиша идишларимнинг икки дюжинасини сотиб улгурганимда қайрилма енгимдан бировнинг секин тортқилаётганини сездим. Қарамай турибоқ унинг нима эканлигини билдим. Тезда аравадан тушдим-да, кўкрагига немисча кумуш юлдуз тақилган бу нусханинг қўлига беш доллар қистириш жараёнида шундай дедим:
— Констебль, қаранг, қандай ажойиб оқшом!
— Тилингиздан бол томиб, дори-дори деб пуллаётган бу бўтқангизни сотишга шаҳримизнинг рухсат қоғози борми қўлингизда? — деди у ўқрайиб.
— Йўқ, олганим йўқ. Чунки бу ернинг шаҳар эканлигини билмадим. Эртага уни тополсам, албатта, оламан.
— Хўп. Бўлмаса эртагача савдоингизни тақиқлашга мажбурман, — деди полисмен.
Мен дўконимни ёпдим-да, меҳмонхонага қайтиб, унинг хўжайинига бор гапни сўзлаб бердим.
— Балиқчи Тоғда ишингиз ривожига имкон беришмаса керак, — деди у маслаҳат оҳангида. — Нега десангиз, Хоскино деган шаҳримиздаги ягона дўхтир мэрнинг куёви бўлади. Шунинг учун маҳкама қандайдир номаълум, сохта табибнинг Хоскино мижозларини ўзига ағдариб олишига йўл қўймайди.
— Ҳа, мен медик эмасман-ку! Муҳими: қўлимда штат бошқармаси берган чакана савдога рухсатнома бор. Шаҳар учун алоҳида рухсатнома талаб қилишаркан, майли, униям оламан-қўяман, вассалом! — дедим.
Эртасига эрталаб Мэрнинг идорасига боргандим, унинг ҳали келмаганини ва қачон келиши номаълумлигини айтишди. Доктор Воф-Хунинг меҳмонхонага қайтиб, креслога мунғайиб ялпайганча сигара чекиб, кутишдан бўлак иложи қолмади.
Бир оз туриб ёнимга кўк галстукли бир йигит келиб ўтирди-да, соат нечалигини сўради.
— Ўн ярим. Сиз Энди Таккерсиз, — дедим, — сизнинг баъзи бир ишларингиздан хабарим бор. Жанубий штатларда «Купидоннинг универсал хариди»ни ташкил этган сиз бўласиз-да, а? Ҳа, айтгандек, ичида нима бор эди?.. Хўш, Чили бриллианти ўрнатилган никоҳ узук, келин учун никоҳ чамбарак, картошка эзадиган машинка, асаб босди суюқлиги солинган шиша ва актриса Дороти Верноннинг расми. Ҳаммаси эллик цент турарди, шундайми?
Хотирамнинг ўткирлигидан у жуда мамнун бўлди. Ўзи Энди уста товламачи эди. Энг асосийси эса, касбига ҳурмат билан қарар, уч юз фоиз фойдага қаноат қиларди. Уни кўпчилик бангифурушликка ундаб, йўлдан урмоқчи бўлган. Лекин у ҳеч қачон тўғри йўлдан тоймаган.
Менга шерик керак эди. Иккаламиз бирга ишлашга қарор қилдик. Ҳозиргина эрталабки поездда бу ерга келиб тушгани учун уни Балиқчи Тоғдаги вазият билан таништирдим. Сиёсатнинг сургига аралашаётгани туфайли молия операцияларининг қийинлашиб қолганлигини тушунтирдим. Эндининг ишлари жуда аъло даражада эмас экан. Бу ерда эса — Эврика-Спрингс шаҳрида янги қурилаётган зирҳли ҳарбий кемага ёрдам маблағи тўплаши лозим бўлиб, бунинг учун акцияларга оммавий обуна ишини авж олдириш ниятида экан. Хуллас, иш кўп эди. Биз суҳбатлашгани ташқаридаги зинага чиқдик.
Эртасига эрталаб, соат ўн бирларда хонамда ёлғиз ўзим ўтирган эдим, қандайдир Том амаки келди-да, мени судья Бэнкснинг уйига таклиф этди. Аниқласам, шаҳар мэри ҳам шу судья бўлиб, у ҳозирги пайтда касал ётган экан.
— Мен доктор эмасман, — дедим Том амакига. — Нега доктор чақирмайсизлар?
— Оҳ, сэр, биласизми, доктор Хаскино қишлоққа… йигирма миль нарига кетдилар… касалнинг олдига чақиришипти… У кишидан бошқа доктор шаҳарда йўқ. Судья Бэнкснинг аҳволлари эса жуда оғир, мени юбордилар. Илтимос, юринг олдиларига. Жуда-жуда қаттиқ илтимос қилдилар.
— Бир одам бошқа одамнинг уйига боргандек боришим мумкин. Кўриб қўйишим ҳам мумкин, бир одам бошқа одамни кўргандек қилиб, — дедим ва бир флакон касалларни тирилтирадиган эзиб ичкидан чўнтагимга солдим-да, мэрнинг тоғдаги кўшкига равона бўлдим. Шаҳарнинг энг олди кўшки эди; болохонали, томиям ҳашамдор, рўпарасидаги ўтлоқда иккита чўян кучуги бор.
Мэр ўраниб ётган эди, кўрпадан фақат чекка соқолларию оёқларининг учи чиқиб турарди. У ердан шундай овозлар чиқардики, агар бу овозлар Сан-Франсискода бўлса, одамлар ер қимирлаяпти деб ўйлаб, боғларга қочиб қолишар эди. Каравот бошида бир ёш йигит кружкада сув ушлаб турарди.
— Доктор, — деди мэр, — жуда ҳолим хароб, ўлаяпман. Менга ёрдам беролмайсизми?
— Мистер мэр, мен ўзимни Эс-Ку Лаппнинг ҳақиқий шогирди деб айтолмайман, — дедим. — Университетда медицина илмларини ўрганмаганман, оддий бир одам сифатида қўлимдан иш келармикан, деган ўйда келдим.
— Жуда миннатдорман сиздан, — деди касал. — Доктор Воф-Ху, бу менинг жияним мистер Бидл бўлади. Оғриқларимни юмшатармикан, деб ёрдам бермоқчи эди, лекин ҳеч иш чиқаролмади. Вой худойим! Вой, вой, вой! — деб бирдан бақириб юборди.
Мен мистер Бидлга таъзим қилдим-да, касалнинг каравотига қўниб, томирини ушладим.
— Рухсат этинг, жигарингизни, яъни тилингизни бир кўрай, — дедим. Қовоқларини кўтариб, қорачиқларига узоқ қарадим. Кейин: — Қачондан бери касалсиз? — деб сўрадим.
— Кеча… вой, вой… кеча кечқурун бирдан тутиб қолди, — деди мэр. — Менга бир нарса беринг, азобим енгиллашсин. Мени қутқаринг.
— Мистер, Фидл, дарпардаларни жиндак кўтариб юборинг, — дедим.
— Фидлмас, Бидл, — дея дашном берди йигитча ва амакисига: — Жеймс амаки, тухум, гўшт солинган қовурдоқ бор, балки озгина тотинарсиз, а? — дея мурожаат қилди.
— Мистер мэр, — дедим унинг ўнг кўкрагига қулоғимни тутиб эшитарканман, — сиз клавикул клавикордиалингизга ўта жиддий шамоллаш ёпиштириб олибсиз.
— Ё тангрим! — деб ингради у. — Бирон нарса суртибми, киритибми ёки умуман бирон нима қилиб бўлмайдими?
Мен индамасдан шляпамни олдим-да, ташқарига йўналдим.
— Қаёққа қетяпсиз? — бақирди мэр йиғлаб юборгудек бўлиб. — Шу ўта жиддий клавикордлар дастидан ўлаверсин деб ташлаб кетаверасизми?
— Ҳеч бўлмаганда одамгарчилик юзасидан ҳам касални ўз ҳолига ташлаб кетмаслигингиз керак, доктор Хоа-Хо, — деди Бидл.
— Доктор Воф-Ху, — дея унга дашном бердим. Кейин касалнинг ёнига қайтдим-да, узун сочларимни орқага ташладим. Сўнг салмоқли овозда:
— Мистер мэр, — дедим мэрга, — сиз учун фақат битта йўл бор. Дорилар ёрдам бермайди. Гарчи дорилар ҳам арзон бўлмаса-да, уларнинг баридан ҳам устун турадиган бир куч бор.
— У қандай куч экан? — сўради мэр.
— Фаннинг пролегомонлари! Ақлнинг сарсапарилла устидан ғалабаси! Дард фақат ўзингизни хаста сезганингиздагина жисмингизда бўлишига ишонч. Уни енгилган деб тан олинг. Бўлинг! —дедим.
— Қанақа параферналиялар ҳақида гапиряпсиз? Мабодо социалист эмасмисиз? — сўради мэр.
— Мен шахсий магнитизм номи билан машҳур бўлган руҳий таъминот хусусида, менингит ва абсурдни маълум масофадан туриб сингдириб даволашнинг илғор усули ҳақида, ажойиб хонаки спорт ҳақида гапиряпман!
— Ҳозир шу нарсани қила оласизми, доктор? — сўради мэр.
— Мен Якка Сенедрионларнинг, Ички Эҳромли Ёрқин Мўғулларнинг бириман, — дедим. — Инс-жинс, кўчки қилишим билан чўлоқлар гапира бошлайди, кўрлар юра бошлайди. Мен — медиумман, колоратур гипнозчи ва инсон қалбининг спиртуоз бошқарувчисиман. Анн-Арбордаги сўнгги сеансларимда Аччиқ-Сирка жамиятининг марҳум раиси ўз синглиси Жейн билан суҳбатлашиш учун фақат менинг ёрдамимда бу дунёга қайта оларди. Ҳозир эса, хабарингиз бор, мен магнитизм билан шуғулланмайман, аравача ёнида туриб камбағалларга дори сотаман. Чунки ўз санъатимни майда мукофот учун хор қилишни истамайман. Камбағалларнинг берган пули нима бўларди!
— Гипнозингиз билан мени даволай оласизми? — сўради мэр.
— Менга қаранг, — дедим унга, — Қаерда бўлмайин, медицина жамоалари билан тўқнашувга учрайман. Медицина жамоалари менга қийинчилик туғдиришади. Шу кунларда касал боқмайман, лекин, майли, сизнинг ҳаётингизни сақлаш учун психик усулни қўлласам қўллай қолай. Агар сиз, мэр сифатида, дори сотишга рухсатим йўқлигига панжа орасидан қарамасликка рози бўлсангиз!
— Албатта-да, — деди у. — Фақат, илтимос, тезроқ бошланг, бўлмаса касалим яна хуруж қилиб, қаттиқ азоб беради.
— Хизмат ҳаққим икки юз эллик доллар, — дедим. — Икки сеансда тузалишингизга кафилман.
— Бўпти, — деди мэр, — тўлайман. Назаримда менинг ҳаётим шу пулга арзиса керак.
Мен каравотга ўтирарканман:
— Ҳозир, — дедим унга тикилиб қараб, — фикрингизни хасталигингиздан чалғитинг. Сиз соғсиз. Сизда юрак ҳам, бел ҳам, курак ҳам, мия ҳам — ҳеч вақо йўқ. Оғриқ сезмаяпсиз. Ўзингизни хаста ҳисоблаб, янглишганингизни тан олинг. Хўш, сезяпсиз-а? Сизда умуман бўлмаган оғриқлар йўқоляпти.
— Вой, лаънати! Доктор, ростдан ҳам анча енгил тортиб қолдим, — деди мэр. — Илтимос сиздан, соғлигим ҳақида, чап биқинимдаги шишнинг йўқлиги ҳақида гапириб, яна мени алданг. Кўзим етиб турибди, бир оздан сўнг ўрнимдан туриб, колбаса билан гречиха нонини ўз қўлим билан ея оламан.
Мен яна бир нечта кўчки қилдим.
— Хўш, — дедим унга қараб, — ҳозир шамоллаш ҳолати ўтди. Перегилийнинг ўнг парраги кичрайди. Сизни уйқу босяпти. Кўзларингиз юмилиб кетяпти. Касалликнинг ривожи вақтинча тугатилди. Сиз ухлаяпсиз.
Мэр кўзларини аста-секин ёпиб, чомшоқ хуррак торта бошлади.
— Кўринг, жаноб Тидл, замонавий илмнинг ажойиботларини!
— Бидлман, — деди йигит. — Амакижонимнинг тузалишлари учун иккинчи сеансни қачонга белгилайсиз, доктор Пу-Пу.
— Воф-Ху, — дея унга эътироз билдирдим. — Эртага ўн бирда келаман. Бемор уйғонганидан кейин скипидардан саккиз томчи, бифштексдан уч фунт беринг. Соғ бўлинг.
Эртасига эрталаб, айтилган вақтда шаҳар ҳокимининг кўшкига етиб бордим.
— Хўш, мистер Ридл? — сўрадим мэрнинг жиянидан, мени оромхонага олиб кирганидан сўнг. — Амакижонингизнинг аҳволи қалай?
— Менимча анча яхши бўлиб қолдилар, — деди йигитча.
Мэрнинг ранг-рўйи, томир уриши биппа-бинойидай эди, Иккинчи сеансни ўтказдим. Шунда мэр баданида ҳеч қандай оғриқ қолмаганлигини айтди.
— Энди, — дедим унга, — икки-уч кун ётсангиз, отдек бўлиб кетасиз. Бахтингизга мен сизларнинг бу Балиқчи Тоғингизда эканман, чунки корнукопеяда маълум бўлган расмий медицина ишлатадиган ҳеч бир нарса сизга ёрдам бермасди. Хўш, энди медицинанинг хатоси аниқланиб, сизнинг азобларингиз — ўз-ўзингизни алдаш эканлиги аён бўлгандан кейин, менинг хизмат ҳаққим — икки юз эллик доллар сингари ёқимли материялар хусусида гаплашсак қандоқ бўларкин? Фақат илтимос, ишни покдиллик билан битирсак. Чунки чекларнинг юзига қанчалик хушламай қўл қўядиган бўлсам, уларнинг орқасига ҳам худди шундай муносабатдаман.
— Хўп, хўп, нақд тўлайман, — деди мэр ва болишнинг остидан ҳамёнини суғуриб, бешта элликталикни чиқарди.
— Бидл — деди у, — тилхат олинг!
Мен тилхат ёздим, кейин мэр пулни берди. Мен пулларни олиб ички чўнтакларимга яхшилаб жойлаб қўйдим.
— Энди, сержант, — деди мэр бутунлай соппа-соғ одамдек истеҳзоли жилмайиб. — Ўз вазифангизни бажаришга киришинг!
Мистер Бидл қўлини елкамга қўйди.
— Сиз ҳибсга олиндингиз, доктор Воф-Ху ёки аниқроғи, Питерс! — деди у. — Штат ҳокимиятининг рухсатисиз медицина билан ноқонуний равишда шуғулланганлигингиз учун.
— Сиз кимсиз? — сўрадим ундан.
— Унинг кимлигини сизга мен айтаман, — деди мэр, худди ҳеч бало бўлмагандек ўрнидан турар экан. Бу одам — штатимизнинг медицина жамиятида хизмат қилувчи терговчи. Сизнинг изингиздан қува-қува беш штатни айланиб чиққан. Менинг олдимга уч кун бурун келган ва биз иккимиз сизни қўлга тушириш режасини тузиб чиққанмиз. Афтидан, бизнинг тарафлардаги фаолиятингиз бундан кейин бутунлай тугайди, жаноб товламачи. Ҳа-ҳа-ҳа! Қанақа дедингиз касалимни? Ҳа-ҳа-ҳа! Ҳарҳолда, мия суйилиши бўлмаса керак?
— Изқувар! — дедим мен.
— Худди шундай! — деди Бидл. — Сизни шерифга топширишимга тўғри келади.
— Ҳа, бу ҳали номаълум, — дедим-да, ўнинг бўғзидан олиб, деразадан отиб юборишимга сал қолди. Лекин у тўппончасини чиқариб, даҳанимнинг остига тираганидан кейин тинчиб қолдим. Кейин у қўлимни занжирбанд қилди, чўнтагимдан ҳозиргина олган пулларни чиқариб:
— Бу пуллар, судья Бэнкс, икковимиз белги қўйган пуллар эканлигига гувоҳлик қиламан, — деди. — Буларни полиция участкасида шерифга топшираман. У сизга тилхат бериб юборади. Жиноий иш очилганида ашёвий далил бўлиб хизмат қилади.
— Майли, мистер Бидл, — деди мэр. Сўнг менга мурожаат қилди: — Хўш, мистер Воф-Ху, нега сиз ҳозир ўзингизнинг магнитизмингиздан фойдаланиб, занжирларингизни итқитиб ташламаяпсиз?
— Юринг, сержант, — дедим мағрур туриб, обрўйимни тўкмаган ҳолда. — Тақдирга тан бермоқ лозим, илож қанча? — Кейин қария Бэнксга ўгирилиб, занжирларимни силкитарканман: — Мистер мэр, шахсий магнитизмининг буюк кучга, сизнинг ҳокимлигингиздан ҳам қудратлироқ эканлигига яқин фурсатларда амин бўласиз. Кўрасиз, у албатта енгади! — дедим.
Шахсий магнитизм ҳақиқатда ҳам енгди.
Дарвозага етганимизда изқуварга шундай дедим:
— Хўш, энди занжирингни ол. Йўловчилар олдида ноқулай бўлади…
Нима деяпсиз? Ҳа, бу албатта Энди Таккер эди. Режамиз бошдан-оёғигача унинг миясидан чиққанди. Кейинги бирга қиладиган бизнесларимиз учун шу тариқа дастмоя топгандик.
Русчадан Зоҳир Аълам таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 4-сон.