О’Генри. Чўчқача ахлоқ (ҳикоя)

Сан-Франсиско — Нью-Йорк экспрессининг чекиш вагонига кирганимда Жефферсон Питерсни кўриб қолдим. Уобаш дарёсининг кунботар тарафида яшовчи одамлар ичида Жефферсон зукколикда ягона эди. У миясининг иккала палласини, боз устига орқа миячасини ҳам баравар ишлата оларди.
Жеффнинг касб-кори товламачилик. Беваю етим-есирлар ундан қўрқмаса бўлади. Чунки у фақат ортиқча нарсаларни олади. Жефф ўзини тирдаги кичкина нишон-қушчага ўхшатишни жуда ёқтирарди. Бу нишонга одатда чўнтагининг бурчак-бурчагидаги икки-уч долларни бекорга совурувчилар билан лақма ширкатчилар отар эди. Жеффнинг нотиқлик қобилиятига тамаки ижобий таъсир кўрсатишини биламан. Шунинг учун икки дона тез ўт оладиган, йўғон «брэва» сигарасини қурбон қилдим-да, унинг сўнгги саргузаштига қулоқ тутдим.
— Бу ишнинг нозик жиҳати шундаки, товламачилик касбидагилар покиза, соф, ўта виждонли шерик топиши жуда қийин, — деб гап бошлади у. — Бировлар молини ўмариш, гум қилиш бобида пихини ёрган энг бамаъни ҳамкасбларим ҳам баъзан ғирромликка шўнғиб кетишганини кўп кўрганман. Шунинг учун бултур ёзда йўлдан оздирувчи шайтоннинг оёғи етмаган энг чекка жойларга чиқиб кетдим. Мақсадим — жиноят қилишга иқтидори бор-у, аммо ҳали бузилиб улгурмаган бирорта йигитчани топиш эди.
Ният холис экан, худди мўлжалимдаги шаҳарнинг устидан чиқдим. Шаҳарча аҳли ҳатто Одам Атонинг мулклари мусодара қилингани, яъни жаннатдан думи тугилгани ҳақида ҳам ҳеч нарса эшитмаганди. Улар молу паррандаларга от қўйиб, илонларни ўлдириб, мисоли жаннат боғидагидек ҳузур-ҳаловатда, хотиржам яшар эди. Номи Маунт-Набо бўлган бу шаҳарча тахминан Кентукки, Ғарбий Виржиния ва Шимолий Каролина штатлари туташган жойда эди. Бу вилоятлар бир-бирига чегарадош эмас дейсизми? У ёғини билмайман, ишқилиб, ўша тарафларда жойлашган эди-да.
Бу бедаво шаҳар кишиларини солиқ йиғувчи эмаслигимга ишонтириш учун бир ҳафта вақтим кетди. Кунлардан бир куни шаҳарнинг аслзодалари йиғиладиган дўкончага кирдим.
— Жаноблар, — дедим мен (тумшуғимизни тумшуғимизга тираб анча гаплашиб, бир бочка олмақоқининг устига энгашиб турган пайтимизда). — Жаноблар, назаримда сиз ер юзидаги энг пок қабилага ўхшайсиз. Алдамчилик ва бузуқликнинг яқинига йўламайсизлар. Аёлларингиз хушфеъл ва жасур, эркакларингиз виждонли, тиришқоқ. Шу сабабли турмушларингиз ҳавас қилгудек экан.
— Тўғри гапирдингиз, жаноб Питерс, — деди дўконча эгаси. — Ҳа, жуда тўғри гапирдингиз. Биз олижаноб, ҳар ёққа ўзимизни ташламайдиган, четга ҳам чиқмайдиган одамлармиз. Бу атрофда биздан яхшиси топилмайди. Аммо сиз Руф Татамни билмайсиз-да!
— Ҳа-ҳа, Руф Татамни танимайди-да, — қўшимча қилди шаҳар констебли*. — Қаердан ҳам танисин? Билиб қўйинг, Руф Татам дордан қочганларнинг энг ярамаси, энг худобезориси! Дарвоқе, энди эсимга тушибди-я, уни уч кун илгари қамоқдан бўшатишим керак эди. Яна Гудлони ўлдиргани учун бир ойга қамагандим, муддати тугабди. Ҳа, майли, уч-тўрт кун ортиқча ўтирса зарар қилмайди.
— Йўғ-э! Бўлиши мумкин эмас! — дедим мен. — Наҳотки Маунт-Нэболарингда шунақа ёмон одам бор-а? Қотил денг-а?!
— Беш баттар! — деди дўкончи. — У чўчқаларни ҳам ўғирлайди.
Мен мистер Татамни топишга қарор қилдим. Констебль уни қамоқдан бўшатганидан икки-уч кун ўтказиб танишиб олдим-да, шаҳар чеккасига таклиф этдим. Бир ходанинг устига ўтириб жиддий гапга ўтдик.
Мен провинцияда бир пардали иш саҳналаштириш ниятида эдим. Бунинг учун бир қишлоқинусха шерик зарур бўлиб, Руф Татам деганлари атайлаб шу роль учун туғилгандек эди.
Бўйи роса дароз, кўзлари Гарриет хола қизалоқлигида ўйнаб, ҳозир камин устида сақлайдиган биллур кўппакникидек кўм-кўк, муғамбир. Ватикандаги диск отаётган йигит ҳайкали сочларидай тўлқин-тўлқин сочларининг ранги-чи?! Худди Америка меҳмонхоналарида деворқоғоз йиртиқларини яшириш учун осиб қўйиладиган америка рассомининг «Буюк жарда Қуёш ботиши» суратининг рангини эслатарди. Хуллас, Руф Татам гўл қишлоқининг мукаммал нусхаси эди.
Унга мақсадимни айтгандим, башарасидан бу ишга тайёрлиги сезилди.
— Бўғизлашларингизни бир чеккага қўйиб турамиз, — дедим мен. — Майда ва паст иш. Товламачилик ва талон-торож бобида биронта мақтанарли ёки мундоқроқ ҳунарингизни айтиб бериб, ўзингизнинг менга лойиқ шерик эканлигингизни исбот қила оласизми?
— Ия, — деди у, жанубликларга хос оҳангда, ҳар бир сўзни чўзиб айтиб. — Мен ҳақимда сизга ҳеч ким ҳеч нарса гапирмадими? Чўчқа боласини менчалик ҳеч кимга билдирмай, дамини чиқармай ўғирлаб, бунинг устига қувди-қувдига чап бера оладиган одам бутун Кўктоғда топилмайди! Оқтанлилар ичида ҳам, қоратанлилар ичида ҳам! Чўчқахонадан дейсизми, шийпону тоғорадан дейсизми, ўрмондан дейсизми, кечасими, кундузими — бари бир! Ҳар қанақа жойдан, ҳар қанақа вазиятда гумдон қиламан. Чийилламаслигига ёки бошқа овоз чиқармаслигига кафилман. Қаеридан ушлаб, қанақа қилиб олиб кетишни билиш керак-да, ахир! Ишонаманки, — деб гапида давом этди чўчқахоналарни шип-шийдамловчи бу олижаноб инсон, — чўчқа ўғирлашда жаҳон чемпиони деб тан олинадиган кунларим яқин қолган!
— Шуҳратпарастлик — мақтагулик фазилат, —дедим мен. — Сизларникидек бунақа ичкари жойларда чўчқа ўмариш шарафли касб. Шак-шубҳасиз. Аммо, мистер Татам, у ёқларда — катта доираларда, яъни бу тор доиралардан чиқилганда, касбингиз қишлоқиларча чучмалликка айланади. Ҳа, майли, эришган муваффақиятларингиз иқтидорли эканлигингиздан далолат беряпти. Сизни шерикликка қабул қиламан! Менинг сармоям минг доллар. Умид қиламанки, сизнинг содда, қишлоқи қиёфангиздан фойдаланиб, пул бозорида «Мангу алвидо»нинг бир неча ютуқли акциясига эга бўлиб оламиз.
Шундай қилиб уни ёлладим. Биз Маунт-Нэбони тарк этдик. Тоғлардан водийларга тушдик. Йўл-йўлакай хаёлимдаги ноқонуний ишларни амалга ошириш учун нима қилиш лозимлигини Руфга тушунтириб, сабоқ бердим. Бундан олдинги икки ой вақтимни Флорида соҳилларида такасалтанглик қилиб ўтказгандим. Шу сабабли кайфим чоғ ва миям ҳар хил режаю лойиҳаларга тиқилиб кетганди.
Аслида мен Ўрта Ғарбнинг жами деҳқончилик районлари бўйлаб туққиз миль энликда эгат олиб ўтмоқчи эдим. Шунинг учун биз ўша томонга йўналгандик Лекин Лексингтонга етганимизда ака-ука Бинклиларнинг цирки устидан чиқиб қолдик. Цирк сабаб бўлиб бутун яқин-атрофдаги қишлоқилар Лексингтонга йиғилиб келган ва улар ўзларининг жайдари, қўпол этиклари билан йўлакларнинг белигача текис рахларини топтар эди.
Цирк масаласида одатим шундайки, то бировларнинг чунтакларига қармоқ ташлаб, майда-чуйда ишлаб олмагунимча ҳеч қачон уни инкор этмайман. Шунинг учун циркка яқин жойдан, миссис Пиви деган олижаноб бир беванинг уйидан овқат ҳам бериладиган икки хонани ижарага олдик. Кейин мен Руфни тайёр кийимлар магазинига олиб бооиб, бошдан-оёқ жентльмен қилиб кийинтирдим. Қария Месфицкий билан бирга Руфни янги сарпога ўраганимизда, кутганимдек бинойи одам бўлди-қолди. Яшил чизиқли, катакдор, оч ҳаворанг матодан тикилган шим, пишитилган ағдарма тери рангидаги нимча, қип-қизил галстук олиб бердим. Вей, этигини айтмайсизми? Шаҳардаги энг сариқ этик уники эди… Ҳа-а, баҳонада Руф жуда зўр сарпога эга бўлганди.
Ўзиям умри бино бўлиб биринчи марта костюм кийиши эди. Шу пайтгача у туғилган шаҳрида тўқилган матодан тикилган яктагу иштондан бошқа нарсани кўрмаганди. Шунинг учун ҳам худди ёввойи Игоррот бурнидаги янги булоқига суйингандек суйинарди.
Шу куни кечқурун циркка бордим-да, яқин жойда «ёнғоқ пўчоқ» ўйинини ташкил қилдим. Руф гўё нотаниш одамдек менга қарши ўйнаши керак. Шу мақсадда унга сохта тангадан бир сиқим бердим. У ютганда тўлаш учун эса бир сиқимини чўнтагимда олиб қолдим. Тағин буни унга ишонмаганимдан деб ўйламанг. Йўқ. Ростакамига пул тикилганда соққани ютқизиққа отолмайман, қўлим бормайди, бармоқларим иш ташлайди.
Бир столни ўрнатдим-да, нўхат донасининг икки пўчоқдан қайси бирининг тагидалигини топишнинг осон йўлини ўргата бошладим. Бир зумда анқовларнинг анча-мунчаси столимни ўраб олишди. Бир-бирига тирсак нуқиб, «сен ўйна, сен ўйна» қила бошлашди. Худди мана шу пайтда даврага бир-иккита майда чақани тикиб, бошқаларни қизиқтириш учун Руф тушиши керак эди. Қани у дейман. Йўқ. Бир-икки марта ҳув нарида, оғзига музқандни тўлдириб олиб, афишаларга анқайиб турган ҳолда кўзимга чалинди, холос.
Бари бир томошабинлардан икки-учтаси танга тикишди. Аммо-лекин, пучоқ ўйинда шериксиз ўйнаш — қармоққа гўшт қўймай балиқ овлашдек гап. Бор-йўғи қирқ икки доллар йиғиб ўйинни ёпдим. Аслида эса, атрофимдаги тўнкалардан икки юз доллар ундириш ниятида эдим. Соат ўн бирларда уйга қайтдим-да, ётдим. Руфни цирк мафтун қилган, музика ва бошқа томошалар шунчалик лол қолдирганки, бошқа ҳамма нарсани унутиб юборган, деган тахминга бордим. Касбимизнинг йўл-йўриғи ҳақида эрталаб яхшигина бир маъруза айтиб, қулоғига қўрғошиндай қуйишга қарор қилдим. Елкаларимни Морфей қаттиқ тўшакка теккизган замон — эндигина кўзим илинганида, қорнига ғўр олма тиқиштиравериб ичбуруққа йўлиққан боланинг чинқириғига ўхшаган нохуш овоз қулоғимга чалинди. Сакраб турдим, эшикни очиб, мўътабар бевани чақирдим. У бошини йўлакка чиқарган заҳоти шундай дедим:
— Миссис Пиви, илтимос, одамларнинг тинчгина ухлашини таъминлаш учун гўдагингизнинг овозини ўчиринг.
— Мистер, — деди у, — бақираётган менинг гўдагим эмас. Икки соатча олдин дўстингиз мистер Татам келтирган чўчқа чийиллаяпти. Агар унинг амакиси ёки тоғаси сифатида бориб, овозини ўзингиз ўчирсангиз, кўнглимни жуда хушнуд этган бўлардингиз.
Мен маданий жамоада кўриниш учун етарли миқдорда у-бу нарсани устимга ташладим-да, Руфнинг хонасига ўтдим. У ҳали ётмаган, чироғи ёниқ эди. У товага сут қуйиб, қўнғир тусли мегажинни эмизаётган экан.
— Бу нима деган гап, Руф? — дедим. — Қайси гўрда юрибсиз? Сиз вазифангизни унутиб, режаларимни чиппакка чиқардингиз. Чўчқани қаердан олдингиз? Нима қиласиз уни? Яна эски ҳунарингизни бошладингизми?
— Илтимос, Жефф, жаҳлингиз чиқмасин. Ўша айтган битта ишқибозлигим бор, шунга кечиримли бўлинг. Чўчқа ўғирлашни жонимдан ортиқ яхши кўришимни биласиз-ку. Аксига олиб, шу бугун жуда қулай вазиятга дуч келиб қолдим ва ҳеч ўзимни тўхтатиб тура олмадим.
— Ҳа, майли, бўлар иш бўпти, — дедим. — Балки ростдан ҳам чўчқа ўғирлашга бошқоронғидирсиз. Чўчқа боқиладиган бу мавзелардан чиқиб кетганимизда, зора дилингиз қонун бузишнинг бундан кўра фойдалироқ ва юксакроқ шаклларига майл билдириб қолса. Мана шунақа ифлос, иркит, эси паст, хунук ва чинқироқ ҳайвон билан руҳингизни булғашингизга ҳеч тушунолмайман!
— Ҳамма гап шундаки, Жефф, — деб жавоб берди у, — чўчқаларга нисбатан сизнинг меҳри таважжуҳингиз йўқ. Уларни тушунмайсиз. Мен эса тушунаман. Менимча, мана шу чўчқа бир ишда моҳиру санъаткор чиқиб қолди: ҳозиргина хонанинг у бошидан бу бошига орқа оёқларида юриб чиқди.
— Ҳа, майли, мен бориб ётай, — дедим. — Модомики, суюкли чўчқангиз шунчалик авлиё экан, илтимос, унга уқдириб қўйинг, тинчроқ ўтирсин.
— Қорни оч эди-да, — тушунтирди Руф. —Энди ухлайди, овозини эшитмайсиз.
Агар мен тўхтаган жойнинг ён-верида босмахона ё ақалли чопдастгоҳ бўлса, нонуштадан олдин доимо газета ўқиш одатим бор. Эртасига барвақт туриб, остонадан почтачи ҳозиргина келтириб ташлаб кетган “Лексингтон варағи”ни топиб олдим. Кўзим дабдурустдан икки устун қилиб терилган эълонга тушди:

БЕШ МИНГ ДОЛЛАР МУКОФОТ
Мана шу миқдордаги пул ҳеч қандай суриштиришсиз — кеча кечқурун ака-ука Бинклилар циркидан йўқолган ёки ўғирлаб кетилган Беппо исмпи машҳур ва донишманд чўчқани соғ-саломат ҳолда олиб келган одамга берилади.
Ж. Б. Тэпли, цирк бошқарувчиси.

Газетани текислаб, тахлаб, қўйин чўнтагимга солдим-да, Руфнинг олдига бордим. У деярли кийиниб бўлган, қолган сут ва олма пўчоқлари билан чўчқани овқатлантираётган эди.
— Салом, салом, яхши ухлаб турдингизми, э худога шукур-э, — дедим астойдил меҳрибончилик билан. — Ия, ия, турибмиз-ку, а? Мегажин-бекам ҳам нонушта қиляптилар-ку, а? Хўш, дўстим, буни нима қилмоқчисиз энди?
— Битта саватга яхшилаб жойлаб, Маунт-Нэбога жўнатаман, — жавоб берди Руф. — Токи мен қайтиб боргунимча онамларга эрмак бўлиб туради.
— Ёқимли чўчқача, — дедим махлуқнинг бўйнини суюб қитиқларканман.
— Кеча жуда ёмон сўзлар билан ҳақорат қилдингиз уни, — койинди Руф.
— Тўғри, — дедим, — лекин ҳозир, эрталабки ёруғда у анча чиройли кўринаркан. Биласизми, асли ўзим фермада катта бўлганман, чўчқаларни жуда севаман. Лекин доимо қуёш ботиши биланоқ ётиб ухлашга ўрганганим учун биронта ҳам чўчқани чироқ ёруғида кўрмаганман. Келинг, Руф, бундай қиламиз: мен шу чўчқангиз учун сизга ўн доллар бераман.
— Буни сотиш ниятим йўқ, — деди Руф. — Бошқаси бўлганда, эҳтимол кўнар ҳам эдим, аммо бу чўчқани сотмайман!
— Нега? — сўрадим ва оббо, бу ҳам хабар топибди-да, деб бирдан хавотирланиб қўйдим.
— Чунки, — деди Руф, — бу ҳаётимдаги энг катта жасорат эвазига келди. Мендан бошқа ҳеч ким бундай жасорат қилолмайди. Бир кун келиб, оилам, бола-чақам бўлар, ана ўшанда, камин ёнида ўтириб, оталарининг одам лиқ тўла циркдан қандай қилиб чўчқа ўғирлаганимни гапириб бераман. Балки набираларимга ҳам ҳикоя қиларман. Эшитиб роса фахрланишади-да. Диққат қилинг-а: циркда бир-бирига туташ иккита капа тикилганди. Бу чўчқа эса олдинга қурилган пештахта устида нозик занжирчага боғлоқлигича ётарди. Нариги кападаги полвон билан бутун баданини оқ, жингалак соч қоплаган хонимга кўзим тушди. Чўчқани олдим-у, тўшаманинг тагидан ўрмалаб кетдим. Жонивор мисоли сичқоннинг боласидек миқ этмади, ақалли чийилласа-чи! Уни қўйнимга солиб, то қоронғи кўчага чиққунимча мингларча одамларнинг орасидан ўтиб бордим-а! Шунинг учун чўчқани сотмасман-ов, Жефф. Онам буни асраб қўйсалар, катта ишимнинг бир далили бўлиб қолади.
— Чўчқа шунча яшай олмайди, — дедим мен, — то сиз камин олдида ўтириб мўйсафидларча валақлашни бошлаганингиздан анча илгариёқ оёқ қоқади. Набираларингизнинг эса фақат гапингизга ишонишдан бошқа иложи қолмайди. Юз доллар бераман.
Руф ҳайрон бақрайиб қолди.
— Чўчқа сиз учун бунчалик қимматга эга бўлиши мумкин эмас, — деди у бир оз шубҳаланиб. — Нима қилмоқчисиз буни ўзи?
— Э, билмайсиз-да, — дедим унга жилмайиб. — Ҳеч ким мени бир қарашда нафосатга ўч, завқи бор одам, деб ўйламайди. Лекин, аслида, ичимда бадиият илдизлари йўқ эмас. Мен коллекция тўплайман. Коллекция-ки, ҳар хил чўчқалар. Буюк ва ноёб чўчқаларни излаб бутун дунёни кезиб чиққанман. Уобаш дарёсининг водийсида менинг махсус чўчқачилик ранчом мавжуд. У ерда мариносдан тортиб, польша ва хитой чўчқаларигача, энг зотлиларини тўплаганман. Чамалашимча, Руф, бу чўчқангиз бағоят зотдор чўчқага ўхшайди. Нақ беркшир турининг худди ўзи. Шунинг учун уни олгим келиб қолди.
Руф шундай жавоб берди:
— Жоним билан сизнинг ҳожатингизни чиқарар эдим-ку, лекин бадиият илдизлари ўзимда ҳам бор-да! Модомики, бир одам ҳеч бир кимсанинг қўлидан келолмайдигандек қилиб чўчқа ўғирлай оларкан, демак, у ҳам иқтидорли! Чўчқалар илҳомимнинг сабабчисидирлар! Айниқса, мана бу чўчқа. Икки юз эллик доллар берсангиз ҳам сотмайман.
— Йўқ, сиз менга қаранг, — дедим пешонамга чиққан терни артиб, — Гап ахир пулдамас. Гап санъатда! Боринг-ки, санъатда ҳам эмас, инсонпарварликда. Завқи зўр чўчқашунос сифатида бу беркшир зотига эга бўлиш менинг бурчим. Ёр-биродарларим олдидаги бурчим. Буни бажармасам, виждон азобига қоламан. Чўчқангиз аслида шунча пулга арзимайди, аммо инсоннинг энг яхши хизматкори ва дўсти бўлган чўчқаларга одилликнинг энг юқори нуқтаи назаридан туриб қараганим учун сизга беш юз доллар таклиф қиламан.
— Жефф, — жавоб берди у чўчқапарвар нафосатчи, — мен учун пулнинг ҳеч аҳамияти йўқ, мен учун энг қимматлиси — нафис туйғу.
— Етти юз доллар, — дедим мен.
— Қўймадингиз-қўймадингиз-да, — деди у, — саккиз юз доллар беринг, майли, туйғумни суғуриб ташлайман!
Мен белбоғимдан пулимни олдим-да, йигирматаликдан қирқта санаб бердим.
— Мен уни хонамга олиб бориб қулфлаб қўяман. Нонушта қилиб олгунимизча ўша ерда тура турсин.
Шундай деб чўчқанинг орқа оёғидан кўтаргандим, у циркдаги буғкарнайга ўхшаб чинқириб берди.
— Менга беринг, — деди Руф. Кейин мегажинни қўлтиқлади, тумшуғидан ушлаб, худди ухлаб ётган гўдакдек овозини чиқармай хонамга келтирди.
Руфга, ҳалиги айтганимдек, зўр костюм олиб берганимдан бери жуда латта-путтага ишқи тушиб қолганди. Нонушта қилиб бўлишимиз биланоқ, Месфицкийдан настарин рангидаги пайпоқ оламан, деб чиқиб кетди. У жўнаши билан мен типирчилай бошладим. Худди бир қўлли киши деворқоғоз ёпиштираётган пайтда безгаги тутиб қолгандаги аҳволда эдим. Дарров битта қари негрни замбилғалтаги билан ёлладим. Икковлашиб чўчқани қопга тиқиб, ип билан оғзини боғлаб, циркка равона бўлдик.
Жорж Б. Тэплини кичкина капанинг дарчаси ортидан топдим. Семизгина, кўзлари ўткир, эгнига қизил гуппи, бошига қора дўппи кийган киши экан. Гупписининг кўкраги тўрт қирот жавоҳири бўлган тўғноғич билан қадаб олганди.
— Жорж Б. Тэпли сизмасиз? — сўрадим ундан.
— Қасам ичаман, менман, — жавоб берди у.
— Айтиш мумкинки, топиб олиб келдим.
— Фикрингизни очиқ ифодаланг, — деди у. — Нимани олиб келдингиз? Осиё бўғма илони учун денгиз чўчқалариними ёки муқаддас ҳўкизимиз учун бедами?
— Э, йўғ-э, — дедим мен, — донишманд Беппо чўчқангизни олиб келдим. У мана шу ерда, қопимда, замбилғалтакда. Эрталаб боғимнинг кўча эшиги олдидан топиб олдим. Гулзоримдаги гулларни узаётган экан. Ҳа, буниси сиз учун аҳамиятсиз бўлса, беш минг долларимни майда эмас, йирик қоғозларда олмоқчи эдим.
Жорж Б. Тэпли капанинг ичидан ўқдай отилиб чиқиб, кетидан қолмаслигимни илтимос қилди. Биз ён томондаги капаларнинг бирига кирдик, Бўйнига қип-қизил шойи тасма боғланган мумдек қоп-қора чўчқа пичан устида ётар, бир киши унинг оғзига тутаётган сабзини баҳузур чайнар эди.
— Ҳой, Мак! — бақирди Тэпли, — бугун эрталаб оламга машҳуримиз билан боғлиқ ҳеч қандай воқеа содир бўлмадими?
— Буними? Йўқ! — жавоб берди ҳалиги киши. — Хордаги хонанда қизнинг кечаси соат бирдаги иштаҳасидек иштаҳаси карнай.
— Бу васвасани қайдан топдингиз? — сўради Тэпли менга юзланиб. — Кеча ётар жафоси қилиб чўчқа дўлмадан андак кўпроқ тиқиштирганмидингиз?
Мен газетани чиқардим-да, эълонни кўрсатдим.
— Сохта, — деди у, — ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Тўрт оёқлиларнинг ноёб намояндаси бўлмиш ажойиб, оламга машҳуримизни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Эрталабки нонуштасини ўта зукколик билан тановул қилаётганига ҳам гувоҳ бўлдингиз. Ишонч ҳосил қилдингизки, у ўғирланмаган ҳам, адашмаган ҳам. Хайр. Саломат бўлинг.
Гап нимадалигини фаҳмлай бошладим. Замбилғалтакка ўзимни ташлаб, Нэу амакига энг яқин хиёбонга ҳайдашни буюрдим. Айтган жойимга келганимизда чўчқамни қопдан олдим-да, ҳафсала билан бир жойга қўнқайтирдим. Кейин узоқ вақт мўлжаллаб туриб, чунонам тепдимки, хиёбоннинг нариги чеккасидан — ўз чинқириғини йигирма фут орқада қолдириб — чиқиб кетди. Сўнг Нэу амакининг эллик центини тўладим-да, редакцияга йўл олдим. Воқеани ўз қулоғим билан аниқ, лўнда қилиб эшитмоқчи эдим. Эълон қабул қилувчи корчалонни дарчасига имладим.
— Мен бир масалада гаров ўйнагандим. Шунинг учун баъзи бир тафсилотлар зарур бўлиб қолди, — дедим. — Сизга чўчқа хусусида эълон берган кимса мўйлови узун, семизгина, чап оёғи акашак одам эмасмиди?
— Йўқ, — деб жавоб берди корчалон. — У жуда ҳам новча, қотма, сочлари жўхори рангидаги, олифта, нақ буғхонада ўсган гулга ўхшаган йигит эди.
Тушлик вақтида миссис Пивиникига қайтдим.
— Мистер Татамга шўрвадан озгина қолдирайми, — сўради хоним.
— Жуда узоқ кутишингизга тўғри келади, — деб жавоб бердим унга. — Шўрвани иссиқ сақлайман деб, жами кўмир конларини, иккала ярим шардаги ўрмонларни ҳам исроф қилиб юборасиз.
— Хуллас, ўзингиз кўрдингиз, — деб ҳикоясига хотима ясади Жефф Питерс. — Ишончли ва виждонли шерик топиш нақадар қийин.
— Аммо, — деб гап бошладим мен, Жефф билан анча эски танишлигимиз шундай савол ташлашимга имкон беради деб ҳисоблаганим учун, — сизнинг қоидангиз икки тиғли-ку. Газетада ваъда этилган мукофотнинг ярмини унга ол деб таклиф қилганингизда, эҳтимол, ҳеч нарса йўқот…
Жефф олижаноб гинага тўла қараши билан тўхтатди:
— Булар бутунлай бошқа нарса, уларни мутлақо аралаштириб бўлмайди, — деди у. — Мен қилмоқчи бўлган ишга ҳамма қонунлардан рухсат бор. Яъни ҳалол олибсотарлик. Уол-стрит* ҳам шуни устида турмай, ниманинг устида турибди? У ерда «буқа» билан «айиқлар»*, менинг ишимда эса чўчқа. Қандай фарқи бор? Чўчқа жуни — ҳайвон шохига ёки терисига асос бўлолмайдими?

Русчадан Зоҳир Аълам таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 4-сон.
_________________
* Констебль — сержант унвонидаги полициячи.
* Уол-стрит— Нью-йоркдаги энг катта банклар жойлашган кўча.
* «Буқа», «айиқ» — Америка биржасидаги атамалар.