Ҳар куни айни шом бошланиши арафасида ўша сокин ва кичкинагина хиёбоннинг ўша жимжит муюлишига кулранг либосдаги бир қиз ҳар доимгидай яна кириб келади. У таниш ўриндиғига яхшилаб жойлашиб олади-да, бошқа ҳеч қандай иши йўқдай берилиб китоб ўқий бошлайди.
Яна такроран айтаман: қизнинг либоси кул рангда бўлиб, унинг қомати ва кийиниш услубидаги ҳар қандай нуқсонни яшира олиш даражада бежирим қилиб тикилганди. Катта тўрли рўмоли қизнинг дум-думалоқ шляпаси устидан эпчиллик билан танғиб олинган, шляпаси остидан эса қизнинг чиройли юзи беназир ҳусн ва латофат тафтидан ял-ял ёниб турарди. У бу ерга ўтган куни ҳам худди шу соатда келган, ундан олдинги куни ҳам ушбу ҳолат такрорланган ва қизнинг мазкур одатини шу ердаги сирли бир одам ҳар кеч кузатиб юрарди.
Ўша сирли одам келишган, ёшгина йигит бўлиб, неча кундан бери ўз омадини кутиб доим сал нарида қизни пойлаб турарди. Шу кун йигитчага тақдир кулиб боққандек бўлди, қиз ўқиб ўтирган китоб тўсатдан қўлидан тушиб кетди-да, бир-икки қадам нарига учиб тушди. Ўша заҳоти уддабуррон йигит китобга чанг солди-да, уни соҳибжамол қизга чексиз умид ва олижаноблик ҳамда ҳурмат ила тутқазди. Китобни қизнинг қўлига бераётган дамда фурсатдан фойдаланиб, кечки ҳаво ҳақида мулойим овозда бир-икки оғиз гап қистириб қўйди. Одатда, об-ҳаво мавзуси қисматлар йўлини туташтирувчи, ёки бахтсизлик ва ё бир дунё толеъ тақдим этгувчи илк танишув дебочаси ҳисобланади.
Шу пайтда қиз ҳам унга зийраклик билан зеҳн солиб чиқди, йигитнинг одмигина, лекин топ-тоза ғубори йўқ кўйлагидан унинг софдил йигит бўлса керак, деб хаёл қилди.
“Агар истасангиз, ўтиришингиз мумкин”, — деди қиз бағрикенглик қилиб, “бемалол тортинмай ўтираверинг. Бу ер китоб ўқиш учун анча қоронғулик қиляпти. Яхшиси, суҳбатлашганим маъқулроқ чамаси”.
Бирдан келиб қолган омадни бой беришни истамаган бахт изловчиси қизнинг ёнига мамнуният билан ўтирди.
“Ишонасизми”, — дея гап бошлади йигит бироз расмий оҳангда, “сиз мен дунёда учратган энг-энг жозибали қиз бўласиз! Мана бу чиройли, пориллаб турган кўзларингиз билан бир одамни анчадан бери хаёлини олиб қўйганингизни ўзингиз ҳам биласизми, асалим?”
“Нималар деяпсиз сиз? Кимсиз ўзи?”- бирдан қизнинг жаҳли чиқиб кетди. “Эсингизда турсин: Мен олийнасаб ёш хоним бўламан. Оғзингизга келган гапни айтаверасизми? Майли, ҳозиргина қилган илтифотли ишингиз учун бу гапингизни кечирдим ҳам дейлик, аммо фақат китобни олиб берганингиз учунгина кечираман, билиб қўйинг. Сизга ўтира қолинг, деганим бу сизга мени “асалим, шакарим” деб кетаверишингизга ижозат берганим эмас. Гарчи сиз шундай деб қабул қилган бўлсангиз, у ҳолда айтган сўзимни қайтиб олдим”.
“Минг бор узр, жуда ҳижолатдаман, кечиринг мени”, — деди йигит астойдил ялиниб. Унинг мамнуният тўла кўзлари пушаймонлик ва камтарлик ифодаси билан алмашди. “Олдингизда катта гуноҳ қилдим, маъзур тутинг. Мен ўйлабманки, хиёбонга келиб турадиган қизлар, албатта, сиз биласизми, билмайсизми, эҳтимол…”
“Мавзуни ўзгартирсак, илтимос сиздан”, — деди қиз гапни чўрт кесиб. “Албатта мен биламан. Аммо мен тўғримда бўлмағур ўйларга асло бора кўрманг. Яхшиси, сиз менга ҳамма ёқда ғуж бўлиб, йўлакчаларда у ёқдан-бу ёққа шошилиб ўтиб турган одамлар ҳақида гапириб беринг. Бу одамлар ўзи қаерга кетишяпти? Нега бунчалик шошилиб юришади? Улар бахтли одамларми ўзи?”
Сал олдин мулзам бўлиб қолган йигит энди таннозлик қиёфасини ташлаб, бироз мулоҳазакор одамга айланиб қолганди. У ҳадеб бўлса-бўлмаса гап суқавермасдан, фақат гапириш навбати етиб келгунича миқ этмай, кутиб ўтирганди.
“Уларни томоша қилиш мароқли ҳол”, — деб жавоб берди у, қизнинг кайфиятини ўзича баҳолаб. “Ҳаётнинг ғаройиб томошаси бу. Бу одамларнинг баъзилари кечки овқатга, баъзилари бўлса…яна бошқа-бошқа жойларга кетяпти. Ким билсин, уларнинг ҳар биттасининг тақдири қандай экан?”
“Тўғри айтасиз, буни ҳеч ким билмайди”, — деди қиз, “мен терговчи эмасман, бемаъни саволлар берган бўлсам, тўғри тушунинг. Мен бу ерга шунчаки тоза ҳавода ўтириб, енгил нафас олиб кетиш учунгина келаман, зотан фақат шу сокин хиёбондагина инсоннинг юрак зарбларини хотиржам ва теран ҳис қила олиш мумкин. Бироқ бахтга қарши менинг жамиятда тутган ўрнимда ана шу ҳиссиётни, қалб оламини ҳеч қачон тинглай олмайсиз. Сиз менинг нима деяётганимни тушуняпсизми, жаноб…?”
“Жаноб Паркенстепер”, — дея қизнинг гапини тўлдирди ёш йигит. Шундай деб у яна умид ва чанқоқлик тўла кўзларини қизга тикди.
“Йўқ”, — деди қиз ингичка бармоғини ўйнаганча, бироз кулимсираб, “сиз мендаги ҳолатни дарров тушуна олмайсиз. Ахир кимнидир кўнглини англай қолиш бу лаҳзалик иш эмас-ку. Ҳатто одамнинг кўринишидан ҳам унинг ички дунёсини белгилаб олиш мушкул иш. Оқсочим танғиб қўйган мана бу рўмол билан шляпа гўё бошимдаги бутун ўй-хаёлларимни-да беркитиб қўйгандай. Ҳатто ҳар доим сизни машинада олиб юрадиган ҳайдовчингиз ҳам ҳар куни кўзларингизда милтираб турган мунгни пайқай олмайди. Очиғини айтганда, кимларгадир юқори табақага мансуб кишилар тоифасидан бўлиш улкан бахтдай бўлиб туюлади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бахтли эмас…Мен сизга гапиряпман, жаноб Стекенпот?”
“Паркенстекер”, — деб қизнинг хатосини тўғрилаб қўйди йигит камтарлик билан.
“Кечирасиз, жаноб Паркенстекер”, — қиз узр сўраб, яна гапида давом этди. “Биласизми, мен ҳар доим чинакам инсон – омонат мол-дунё жимжимасига учиб, ўзлигини бузмаган, ҳақиқий одамийлик қиёфасини унутиб, манфур ва юлғич кимсага айланиб қолмаган, қайсидир маънода ҳаётдаги энг улуғ тоифага муносиб асл инсон билан дардлашиб ўтиргим келади. Оҳ! Сиз менинг бу яроғсиз бойлик оҳанжамасидан қанчалар чарчаганимни билмайсиз! Ўзингиз ҳам кўринг, бу ҳаётда ҳамма нарса пул, пул, фақат пул! Ҳатто оқшомги базмларда ҳам бир-биридан қолишмаслик учун атайлаб ҳар-хил соч турмаги билан келишади. Бу ҳам жонимга тегади! Ўша зебу зийнат, ўша сайру саёҳат, ўша тиллоларга чулғанган жамиятнинг кибор тоифаси – ҳамма-ҳаммаси бўғзимга келди! Мен ниҳоятда безиб кетдим!”
“Менда эса аксинча”, — йигит анча иккиланиб ўзича таваккал қилди, “яъни, менда ҳамиша шундай фикр бўлган: Пул бу жуда яхши, ниҳоятда ажойиб нарса бўлиши керак”.
“Ҳақиқий яхши ва ажойиб, чин юракдан орзу қилинадиган нарса бу – истеъдод! Миллион-миллион пулингиз бўлса-ю, озгинагина иқтидорингиз бўлмаса, бойлигингизнинг ҳеч қанча аҳамияти бўлмайди!” Қиз умидсиз ва тушкун оҳангда гапларига хулоса ясади. Орадаги бироз жимликдан кейин, тағин сўзлай бошлади: “Ҳамма нарсада бир хиллик, зиғирча ўзгариш йўқ. Машиналар, кечки зиёфатлар, театр, томоша ва ўтиришлар. Ҳаммаси керагидан ортиқ, бизнинг эҳтиёжимиздан кўра ортиқча даражада мўл-кўл. Баъзида ҳаттоки, шампан қуйилган стаканимдаги музнинг тиринглаши ҳам асабимга тегиб, жинни қилиб қўяй дейди мени…”
Жаноб Паркенстекер қизнинг барча гапларини катта қизиқиш ва закийлик билан тинглаб ўтирарди.
“Барибир менга бадавлат одамлар ва уларнинг мол-дунё орттириш йўллари тўғрисида эшитишни жон-дилимдан яхши кўраман. Менимча, озгина худбинроқ бўлсам керак. Лекин сиз билан суҳбатлашиб ўтириб, фикрларимга ойдинлик киритб оляпман. Назаримда, менга қуйилган шампан виноси аллақачон совиб қолган ва менинг қадаҳимда ҳеч қандай муз қолмаган ҳам”.
Шу вақт қиз чин дилдан, хушчақчақлик билан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
“Биласизми”, — деди у кўнгилчанлик билан, “бизлар ҳеч кимга кераги бўлмаган, ўзимиз истагандек роҳат-фароғатни тополмайдиган тоифаларданмиз. Ўша шампан қуйилган қадаҳ ва муз солиш шунчаки бемаъни бир ҳою ҳавас, шунчаки олифтагарчилик, холос. Сизга битта воқеани айтиб бераман ҳозир. Бир куни Уолдерф деган жойда ўтказилаётган базмга Тортари шаҳзодаси қадам ранжида қилибди. Базмдагилар дарров расмиятчиликни, дабдагарчиликни жойига қўйишибди. Ҳаттоки улар кечки таом дастурхонида ҳар битта кибор меҳмоннинг ликопчаси ёнига бир донадан ёш болаларнинг қўлқопини қўйиб чиқишибди. Қўлқоп нима учунлигини фаҳмлаяпсизми? У меҳмонлар зайтун еяётган пайтларида оғизни артиш учун қўйилган эди”.
“Сизни тушуняпман”, — деб ён босди йигит камтарлик билан. “Ундай олиймақом давраларнинг ўшандай овунчоқлари оддий халқ учун ғайриоддий ҳолат бўлиб келган доим”.
“Гоҳида”, — дея гапини давом эттирди қиз, айни чоғда у йигитнинг эътирофига миннатдорчилик билан бошини эгиб қўйди, “шундай ўйлайманки, башарти қисмат менга ҳам муҳаббат бахтини инъом этиб, кимнидир севиб қолгудек бўлсам, менинг кўнгил мулкимга қуйи табақадаги оддий одам подшоҳ бўлиб сайланишини тилаган бўлардим. У оддийгина ишчи бўлса ҳам майли, лекин текинтовоқ бўлмасин. Аммо тан олиш керакки, кўнгил истагидан кўра бойлик қутқуси кучлироқ ҳаракат қиларкан. Мен ҳам икки нафар бадавлат кишилар томонидан банд этилганман. Улардан бири немис миллатига мансуб, қаердадир директор бўлиб ишловчи Грэнд Дюк исмли зодагон одам. Мен уни қайдадир аллақачон хотини бор, ё бўлмасам қачонлардир бўлган, деб ўйлайман. Унинг жоҳиллиги ва енгилтаклиги учун ўлдириб қўяй дейман. Иккинчи киши миллати инглиз бўлган бир маркиз, ниҳоятда пулга ўч ва совуққонки, мен ҳатто ундан кўра баъзан бериги немисни ҳам афзалроқ кўриб кетаман. Эҳ, шунақа савдолар бор менинг бошимда! Қизиқ, буларни сизга сўзлаб беришга мени нима мажбур қилаяпти экан, ҳайронман, жаноб Паркенстекер?”
“Паркенстекер”, — деб тўғрилаб қўйди йигит яна мулойимлик билан. “Биласизми, сиз айни дамда сиздаги ишонч ва жасурликни мен нечоғлик қадрлаб ўтирганимни ҳатто ўзингиз ҳам ҳис қилолмасангиз керак”.
Қиз йигитга жавобан унга самимий, меҳрибон нигоҳини қадади.
“Ўзингиз нима иш қиласиз, жаноб Паркентекер?”- деб сўради у йигитдан.
“Бизники ўта оддий, камтарона бир иш, хоним”, — деди йигит. “Бироқ мен ҳам бу оламда юқорига кўтарилиб яшашга умид қиламан. Сиз боя қуйи табақадаги инсонни севиб қолиш хусусидаги орзуйингизни жиддий айтдингизми?”
“Албатта, жиддий айтдим”, — деб жавоб берди қиз. “Бироқ мен “эҳтимол”деб айтдим. Ахир пешонамда номзод бўлиб турган Дюк билан маркиз борлигидан хабарингиз бор-ку. Ҳа, аммо кўнглимдаги орзуйим ҳамон ўша-ўша, у даражада қуйи бўлмаган, оддийроқ бир инсонни орзу қилиб яшаяпман”.
“Мен”, — дея хитоб қилди шу вақт жаноб Паркентсекер қизнинг гапини бўлиб, “оддийгина ресторанда худди сиз орзу қилгандек оддийгина бир ишчи бўлиб ишлайман”.
Шунда қиз йигитдан бироз ўзини олиб қочди.
“Ишқилиб официант бўлиб эмасми?”
“Мен ҳисобчиман”, — деди йигит. “Шу хиёбоннинг рўпарасида электр чироғи ялтираб турган “РЕСТОРАН” деган ёзувни кўряпсизми? Мен худди ўша ресторанда ҳисобчи бўлиб ишлайман”.
Қиз йигитнинг гапларини эшитиш асносида чап билагидаги шоҳона билагузук ўртасига ўрнатилган қўл соатига тез қараб олди-да, шошиб ўрнидан турди. Тиззасидаги китобини бели тор қилиб тикилган кўйлагининг ён чўнтагига солиб қўйди. Лекин китоб чўнтакка аранг сиғиб, кўйлакнинг ёнбоши анча дўппайиб қолди.
“У ҳолда нега ишда эмассиз, жаноб Паркенстекер?”- деб сўради қиз.
“Менинг навбатим тунда, хоним”, — деди йигит. “Иш соатим бошланишига ҳали анча вақт бор. Дарвоқе, сизни яна кўришимга умид қилиб қолсам бўладими?”
“Билмадим”, — деб жавоб берди қиз ўйчан. “Эҳтимол яна кўришиб қолармиз. Менинг инжиқлигим тутиб қолмаса, албатта. Энди эса зудлик билан кетишим лозим. Бугун яна базм ва ўтиришимиз бор. Эҳ, яна ўша эски ҳаммом, эски тос! Сиз балки, бу ёққа келаётганингизда хиёбон муюлишида турган автомобилга кўзингиз тушгандир? Оқ рангдаги?”
“Қизил ғилдираклимиди?”- деди йигит пешонасини тириштирганча мулоҳазасини билдираркан.
“Ҳа, ўша. Мен ҳар гал ўша машинада келаман. Ҳайдовчим мени муюлишда кутиб туради. У мени дўкондан у-бу харид қилиб юргандир, деб ўйлайди. У юрагимда юз бераётган ҳолатни асло тушунмайди. Қаерда бўлмайлик, ҳаётнинг чинакам лаззати устун чиқаркан бор ўйларингиздан. Шунинг учун ҳатто ҳайдовчиларимизни ҳам алдашга мажбур бўламиз. Гапларим чўзилиб кетди, тезроқ кета қолай энди, жаноб Паркенстекер. Хайрли тун сизга”.
“Лекин шошманг”, — деди йигит қизни тўхтатиб. “Ҳозир жудаям қоронғу бўлиб қолди, бунинг устига хиёбон ҳам безорилар билан тўла бўлса. Мен сизни — ”
“Агарда менинг орзу-умидларимга нисбатан заррача ҳурматингиз бўлса”, — деди у шунда қатъий туриб, “мен кетганимдан кейин мана шу ўриндиқда ўн дақиқа тек ўтириб турасиз. Таклифингизга эътирозим йўқ-ку, аммо ҳайдовчим ўз соҳибасини бир ўзинимас, ёнида қандайдир бегона эркак билан кўриб қолса, бунинг оқибати яхши бўлмаслиги мумкин…Яхши қолинг, жаноб Паркенстекер!”
Қиз илдамлик билан тез-тез юриб кетди, унинг улуғвор қиёфаси бир зумда қоронғулик қаърига сингиди. Йигит эса турган жойида қизнинг хиёбон четидаги йўлак бўйлаб шошиб кетаётганини зимдан кузатиб тураркан, муюлишдаги машина ёнига етганида бирдан қизнинг шартта тўхтаганини пайқади. Шунда йигит қизнинг илтимосини бузиб, ҳеч нарсани ўйламай, унинг ортидан чаққон юриб кета бошлади. Жаноб Паркенстекер қизни кўздан қочирмаслик ва унга сездириб қўймаслик учун атайлаб бутазор ва йўғон дарахтларни пана қилиб олдинга юраверди.
Шунда йигит қизни муюлишдаги машинага чиқмасдан, унга чап бериб, кўчани қоқ ўртасидан кесиб ўтганини кўриб қолди. Ўзига қулайроқ ерга туриб олди-да, йигит яна унинг кейинги ҳатти-ҳаракатларини синчиклаб кузатаверди. Асосий йўлакни босиб ўтаркан, қиз тепасида ялтироқ белги нур сочиб турган ресторанга кириб кетди. Бу ресторан боя йигит айтиб ўтган жой бўлиб, бу ерда энг арзон ва оддий таомлар тайёрланар эди. Хонимлардек виқор билан кийиниб олган қиз эса ресторанга кирган заҳоти унинг орқа хонасига ўтди-да, бир зумда бошидаги шляпаси билан тўр рўмолини ечиб, қайтиб чиқди.
Ресторандаги ҳисобчилик жойи қониқарли ҳолатда эди. Унда ўтирган бир малласоч қиз ҳар доимгидай девордаги катта соатга тез назар ташлади-да, аста ўрнидан турди. Унинг жойини кулранг либосдаги бизнинг “хоним”имиз эгаллади.
Бу пайтда жаноб Паркенстекер кўчада иккала қўлини чўнтакларига солиб олганча йўлак бўйлаб секин босиб келарди. Муюлишга етиб келганида, унинг оёқларига йўл четидаги чимзор устида ётган кичкинагина, қоғозга ўралган нимадир урилиб кетди. Унинг ялтироқ ва безакли муқовасидан йигит бу боя қиз ўқиб ўтирган китоб эканлигини таниди. Уни лоқайдлик билан қўлига оларкан, жаноб Паркенстекер китобнинг сарлавҳасига аста кўз ташлади. Бу Стивенсон исмли муаллиф томонидан ёзилган “Янги минг бир кеча”номли китоб эди. Йигит ҳафсаласи пир бўлгандек уни яна ўт устига ташлади-да, ўзи ҳам бир-икки дақиқа чимзор устида чўзилиб ётди. Бироздан кейин жаноб Паркенстекер ўрнидан туриб, муюлишдаги оппоқ, ғилдираклари қизил машина ёнига келиб тўхтади. У машинанинг орқа ўриндиғига ўзини ташлади-да, момиқ, пар ёстиқчалар устига ястаниб олганча, ҳайдовчисига икки оғизгина сўз айтди:
“Уйга, Генри”.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси