Вашингтон Сквернинг ғарбидаги кичик бир даҳада кўчалар чалкашиб кетган ва “тор кўчалар” номини олган йўлакчаларга бўлиниб кетган эди. Бу “тор кўчалар” ажабтовур бурчаклар ва эгри чизиқлар ҳосил қилганди. Ҳаттоки, бир кўча ўзини-ўзи бир ёки бир неча марта кесиб ўтарди. Бир пайтлар бир мусаввир бу кўчанинг ноёб хусусиятини кашф қилган экан. Дўкондан келган пул йиғувчи киши бўёқ, қоғоз ва бўз учун тўлов қоғозларини қўлида тутганча шу кўчаларни айланиб ўтаётиб ҳисоб бўйича бир тсент ҳам ундиролмай қайтиб кетаётганини кўриб қолишини бир тасаввур қилиб кўринг!
Шундай қилиб, ажиб маскан бўлмиш Гринвич Виллиж даҳасига шимолга қараган деразалар, ХVIII аср нақшли пештоқлари, голландча қия шифтли болохоналар ва арзон ижара ҳақлари илинжида санъат намояндалари ҳар тарафдан кўчиб кела бошладилар. Сўнгра улар олтинчи авенюдан бир неча қалай кружка ва бир ёки икки дона овқат пиширадиган чўғдонларини олиб келиб, бу ерда “санъаткорлар гурунги”ни ташкил қилишди.
Баланд бўлмаган уч қаватли ғиштин бинонинг юқори қаватида Сю ва Жонсиларнинг устахонлари жойлашганди. Дўстлари Жоаннани эркалаб Жонси деб чақиришарди. Бири Майн штатидан; бошқаси эса Колифорниядан келган эди. Улар Саккизинчи кўчадаги “Делмонико” ошхонасининг таблдоти* атрофида танишиб қолишган ва уларнинг санъат, сачратқи салати ва урф бўлган кенг енгли кўйлаклар борасидаги қарашлари шунчалик мос келган эдики, натижада улар биргаликда устахона очишга қарор қилишганди.
Бу май ойида содир бўлган эди. Ноябрда эса шифокорлар Зотилжам деб атайдиган кутилмаган совуқ ва бераҳм бир меҳмон ташриф буюрди. У шу турар жойлар атрофида кезиб юрар ва йўлида учраган кимсага раҳм-шафқат қилмай ажал исканжасига тортарди. Шарқий ҳудуд бўйлаб бу ўлим хабарчиси ҳеч нарсадан тап тортмай ортидан ўнлаб қурбонларни қолдириб шахдам қадамлар билан одимлаб борди, аммо бақатўн босиб кетган ўша хароб ва чалкаш “тор кўчалар”га келганда қадами секинлашди.
Зотилжам деган жанобни сиз зинҳор олижаноб мўйсафид киши деб атамаган бўлардингиз. Акс ҳолда муштлари қизарган, ҳансироқ бу қари галварс Жонсидек азобга умуман бардошсиз, нимжонгина бир аёлни рақиблик учун танламаган бўларди. Афсуски, у айни шу қизни маъқул кўрди. Жонси эса ҳолсиз-мадорсиз аҳволда бўялган темир ётоққа михланиб ётиб қолди. У кичкина голланд дераза ойнасидан ташқарига, қўшни ғиштли бинонинг бўм-бўш деворига ногоҳини тикканча жимгина ётарди.
Бир куни эрталаб безовта бўлган шифокор Сюни оқариб кетган пахмоқ кошлари билан имлаб даҳлизга чақирди.
– Унинг тузалиб кетишини мен, айтайлик, ўндан бир эҳтимол деган бўлардим, – деди у термометридаги симобни силкитаркан. – Шунда ҳам бу имконият унинг яшашга бўлган интилиши билан боғлиқ. Агар бемор гўрковга иши тушишини шунчалик хоҳлаётган бўлса, доришунослик китобларимиздаги кўрсатмалардан ҳеч қандай фойда йўқ. Хонимчангизнинг ҳаётига бўлган қизиқиши сўниб бўлган. Унинг фикру хаёлини нима банд этган?
– У бир кун келиб Неаполитан кўрфазини ҳар хил бўёқларда тасвирлашни дилига тугиб қўйганди, – деди Сю.
– Нима? Тасвирлаш? Қўйсангиз-чи! Мен ҳақиқатдан ҳам ўй суришга арзийдиган нарса ҳақида гапиряпман! Масалан, бирор йигит ҳақида ўйламайдими?
– Йигит? – деди Сю, овози худди чанқовуз каби жарангдор янграб. – Наҳотки йигитлар бунга арзиса… Йўғ-эй, доктор, ҳеч ҳам ундай эмас.
– У ҳолда, бу шунчаки дармонсизлик оқибати бўлса керак, – деди шифокор. – Мен фан вакили сифатида бор маҳоратим ва илмимни ишга солиб кўраман. Аммо бемор ўзининг жаноза маросими ҳақида ўйлашни бас қилмас экан, дорилар шифобахш кучининг ярми йўққа чиқаверади. Агар сиз уни қишда қанақа енгли либослар урф бўлиши ҳақида савол сўрашга қизиқтира олсангиз, унинг тузалиб кетиш имкониятини мен ўндан бир эмас, бешдан бир эҳтимол деб бемалол айтган бўлардим.
Шифокор кетгандан кейин Сю хонасига кириб кетди. У ерда йиғлайверганидан японча дастрўмолини ҳам ҳўл қилиб юборди. Сўнгра у қаддини тутиб, қўлида молберт билан регтайм чалганча Жонсининг хонасига кириб келди.
Жонси кўрпанинг тагида билинар-билинмас ётар, кўзлари эса дераза томон қадалганди. Сю Жонсини ухлаб қолган деб ўйлаб ҳуштак чалишни бас қилди.
У тезда молбертни ҳозирлади ва ойномадаги бир ҳикоя учун сиёҳда расм чизишни бошлади. Ёш рассомлар катта санеатга илк қадамларини ойномаларда босиладиган ҳикоялар учун суратлар чизиш билан қўйишади, ўз навбатида бундай ҳикоялар орқали ёш ёзувчилар адабиёт оламига кириб келишади.
Сю монокл таққан башанг кийимдаги айдаҳолик чавандоз йигит суратини чизаётган вақтда қулоғига шивирлаган бир овоз эшитилди, сўнгра бу овоз бир неча бор такрорланди. У дарҳол Жонсининг ётоғи томон шошди.
Жонсининг кўзлари катта очиқ эди. У нигоҳини деразадан ташқарига қадаган кўйи санарди – тескари тартибда санарди.
– Ўн икки, – деди у ва сал ўтмай: – ўн бир, сўнгра – ўн, тўққиз, ундан сўнг эса: – саккиз, етти, – деб санарди у деярли бир маромда.
У хавотир олганча деразага қаради. У ерда санайдиган нима бор? Маҳзун кўринишдаги бўм-бўш ҳовли ва йигирма қадамча наридаги ғиштли бинонинг теп-текис деворидан бошқа ҳеч нарса кўзга ташланмасди. Изларидан чирий бошлаган, эгри-бугри қари печакгул ғишт деворнинг ярмигача чирмашиб кетганди. Кузнинг совуқ нафаси унинг баргларини аёвсиз тўкиб юборган, деярли ялонғоя бўлиб қолган новдалари эса уқаланиб кетаётган ғишт деворга жон ҳолатда тирмашиб турарди.
– Нима ҳақида гапиряпсан, дугонажон? – сўради Сю.
– Олти, – деди Жонси пичирлаб. – Улар энди тезроқ тўкила бошлади. Уч кун аввал улар юзтача эди. Санайвериб бошим оғриб кетарди. Энди эса осонроқ бўлиб қолди. Ана, яна биттаси тўкилди. Ҳозир атиги бештагина қолди.
– Бешта нима, азизим? Дўстинг Сюдига айтсанг-чи!
– Барглар. Печакгул япроқлари. Уларнинг сўнггиси тўкилганда, мен ҳам ҳаёт билан видолашаман. Мен буни уч кундан бери сезиб келяпман. Шифокор сенга ҳеч нарса демадими?
– Бундай бўлмағур гапни биринчи бор эшитишим! – деб жавоб қайтарди Сю шикоятомуз оҳангда, ўзини дугонасининг гапларини эътиборга олмаган қилиб кўрсатиб. – Қари печакгул япроқларининг тузалиб кетишингга нима алоқаси бор? Ахир сен у печакгулни жуда ёқдирасан-ку, қулоқсиз қизалоқ! Бўлди, тентакликни бас қил! Ахир бугун эрталаб доктор сенинг тез кунда тузалиб кетишингни …ўндан …ҳозир, эслаб кўрай …ҳа, ўндан тўққиз эҳтимол деб айтганди. Бу эса ҳар биримиз Ню Ёркда трамвайда кетаётиб ёки янги қурилаётган уйнинг ёнидан ўтаётиб дучор бўлишимиз мумкин бўлган хавф-хатар билан баравар дегани-ку! Шўрвадан озгина ичиб олгин, ўртоқжонинг Сюдига эса рухсат бер, у чизаётган суратини тугатсин ва уни муҳаррирга пуллаб касал қизалоғига портвейн шароби, ўзига эса юмшоққина чўчқа котлетидан олиб келсин.
– Энди шароб олишингга ҳожат йўқ, – деди Жонси кўзларини деразадан узмасдан. – Ана, яна биттаси тушяпти. Бўлди, бошқа шўрва ичгим келмаяпти. Ҳозир улар тўрттагина қолди. Қоронғи тушмасидан охиргисининг тушишини кўрмоқчиман. Сўнгра мен ҳам бу ёруғ оламни тарк этаман.
– Жонси, жонгинам, – деди Сю унинг тепасида эгиларкан, – менга кўзларингни юмиб деразага қарамай туришга сўз берасанми? Мен унгача ишимни тугатиб олардим. Суратларимни эртага топширишим керак. Менга ёруғлик зарур, бўлмаса пардани тушириб қўярдим.
– Бошқа хонада чизсанг бўлмайдими? – сўради Жонси совуқ оҳангда.
– Олдингда қолсам дегандим. Ундан ташқари, шу ахмоқона печакгул баргларига қарашингни хоҳламайман.
– Тугатишинг билан менга айт, – деди Жонси кўзларини юмаётиб. У мум ҳайкал каби ранги синиқ ва ҳаракатсиз ётарди. – Чунки сўнгги япроқнинг тушишини кўрмоқчиман. Мен кутишдан чарчадим. Ўйлайвериб ҳам чарчадим. Мени бу дунёга боғлаб турган барча ришталардан халос бўлиб, ўша ҳаётдан тўйган бечора япроқлар мисоли ҳавода учганча ғойиб бўлишни хоҳлайман.
– Ухлашга ҳаракат қил, – деди Сю. – Берманни чақириб чиқишим керак. Унга қараб умрини ёлғизликда ўтказувчи кончи суратини чизмоқчиман. Бир дақиқа ўтмай қайтаман. Келгунумча жойингда қимирламай ётгин.
Қария Берман пастки қаватда яшайдиган бир рассом эди. У олтмишдан ошган, Микеланжело ясаган Мусо ҳайкалиники каби жингалак соқоли ихчамгина жуссасига ярашиб турарди. Берманнинг санъат соҳасида омади чопмади. У қирқ йил мўйқалам сурган, аммо ҳали-ҳануз унга илҳом парисининг этагидан тутиб қолиш насиб этмаганди. Ҳар сафар бу мусаввир шоҳ асар яратмоқ учун шайланади, лекин ҳозиргача бу ишни бошлай олмаган ҳам эди. Мана, бир неча йилдирки, баъзан эълонлар учун тирикчилик йўлидаги ўлда-жўлда ишланган расмларини айтмасак, арзирли бир иш қилмаган ҳам эди. У профессионалга қурби етмаган маҳаллий ёш рассомлар учун тирик манекенлик қилиб кун кўрарди. Ичкиликка муккасидан кетган, шунга қарамасдан ҳали ҳам яратажак шоҳ асари ҳақида гапиришдан тинмасди. Умуман олганда эса, кўнгили бўш одамларни жини суймайдиган, ўзини юқорида яшовчи икки рассом қизни ҳимоя қилувчи қўриқчи ит деб ҳисоблайдиган баджаҳл бир чол эди.
Сю Берманни пастки қаватдаги хира ёритилган ҳужрасидан топганида, ундан қора арча мевасининг ҳиди анқиб турарди. Хонанинг бир бурчагидаги молбертда эса йигирма беш йилдан буён шоҳ асарнинг илк чизгиларини интиқлик билан кутаётган бўм-бўш мато ётарди. Сю унга Жонсининг хаёлидагиларни, қизнинг ўзи ҳам япроқ мисоли енгил ва нимжон бўлиб қолганини, ҳаёт ришталари нозиклашиб қолиб, шамолдаги япроқ каби учиб кетишидан ҳавотирда эканини айтиб берди. Қизарган кўзлари ёшлана бошлаган Берман бундай хаёлпарастликдан ғаши келиб бақириб юборди.
– Нима? – деб ўшқирди у. – Ҳеч жаҳонда лаънати бир печакгул япроқлари тўкилгани учун ҳам одам ўладими? Бунақасини сира эшитмаган эканман. Йўқ, сенинг ўша ахмоқ кончи суратинг учун манекенлик қилишни хоҳламайман! Қандай қилиб бундай бўлмағур фикрларни унинг миясига келишига индамай қараб турипсан? Э-э-эҳ Жонси хоним.
– У бетоб бўлиб анча заифлашиб қолди, – деди Сю, – иситмаси баландлигидан алаҳсираб ҳар хил беъмани нарсалар ҳақида алжираяпти. Майли, жаноб Берман, агар менга манекенлик қилишни истамаётган бўлсангиз, сизни овора қилиб ўтирмайман. Аммо нима бўлганда ҳам сиз жирканч қари … қари эзма чол экансиз!
– Эҳ, барибир заифалигингга борасан-да! – қичқирди Берман. – Манекенлик қилмайман деб сенга ким айтди? Бўлақол тезроқ! Сен билан бораман. Ахир ярим соатдан бери сенга шуни уқтиряпман-ку! Худойим-эй! Бу ер Жонси хонимдек қиз учун касал бўлиб ётадиган жой эмас. Бир кун келиб мен албатта шоҳ асаримни чизаман, кейин биз бу ердан кўчиб кетамиз. Албатта, бўлмасам-чи!
Улар юқорига чиқишганда Жонси ухлаб қолган экан. Сю пардани дераза токчасига тушириб, Берманга бошқа хонага ўтишга ишора қилди. У ерда улар деразадан печакгулга хавотир билан қарашди. Сўнг бир лаҳза лом-мим демай бир-бирларига тикилиб қолишди. Ташқарида ёмғир аралаш қор тўхтовсиз ёғарди. Берман ўнгиб кетган кўйлагида ёлғиз яшовчи кончи ўлароқ қоятош ўрнини босувчи тўнтарилган қозон устига ўтирди.
Эртаси куни эрталаб Сю бир соатлик деразани ёпиб турган яшил пардага қараб турарди.
– Пардани кўтар, кўришни хоҳлайман, – деб шивирлади у буйруқ оҳангида.
Сю ҳорғин ҳолда унинг айтганини бажарди.
Аммо не ажабки, тун бўйи шаррос қуйган ёмғир ва эсган кучли шамолга қарамай ғишт деворда ҳали ҳам битта япроқ кўриниб турарди! У печакгул япроқларининг сўнггиси эди. Пояга яқин жойлари ҳали-ҳамон тўқ яшил, аррасимон қирралари эса қуриб сарғая бошлаган бу япроқ йигирма футча баландликда матонат билан ўз новдасига осилиб олганди.
– Бу сўнггиси, – деди Жонси. – Уни кеча кечқурун албатта тўкилади деб ўйлагандим. Шамолни эшитдим. У бугун тўкилади, шунда мен ҳам ўламан.
– Нафасингни ел учирсин! – деди Сю, сўлғин юзини ёстиқ томон бураркан. – Ўзингга жонинг ачимаса, менга раҳминг келсин! Менинг ҳолим не кечади?
Аммо Жонси жавоб қайтармади. Инсон қалби сирли, олис саёҳатга ҳозирлик қилаётган бу оламдаги барча нарсага бефарқ бўлиб қоларкан. Жонсини дўстлик ва ҳаётга боғлаб турган ришталар бирма-бир узиларкан, у ўша хаёли таъсирига тобора берилиб кетаётгандай эди.
Яна бир кун ўтди, ғира-шира бўлишига қарамасдан ҳали-ҳамон новдасида осилиб турган ўша ёлғиз япроқ кўзига ташланиб турарди. Қоронғи тушиши биланоқ шимолдан эсаётган шамолнинг яна жилови бўшади, бу пайт ёмғир ҳам тинмай деразага урилиб, паст голланд тарновларидан чаккиллаб пастга оқарди.
Тонг отиши биланоқ бағритош Жонси яна пардани кўтаришни буюрди.
Печакгул барги ҳали ҳам ўз жойида эди.
Жонси унга узоқ вақт тикилиб ётди. Сўнгра газ плитасида товуқ шўрвасини аралаштираётган Сюни ёнига чорлади.
– Қанчалик заиф бўлган эканман-а, Сюди, – деди Жонси. – У сўнгги япроқ ҳам қанчалик заифлик қилаётганимни кўрсатиш учун тўкилмай туришга куч топа олди. Ўзига ўлим тилаш катта гуноҳ. Бундай ният қилганим учун ўзимдан ўзим уялиб кетяпман. Ҳозир менга озгина товуқ шўрвадан бергин, яна портвейнли сутдан ҳам олиб кел… Йўқ, шошма! Аввал ойнани келтир, ёнимга ёстиқ ҳам тўшаб қўй, ўтириб овқат пиширишингни кўрмоқчиман.
Бир соатдан кейин у деди:
– Умид қиламанки, бир кун келиб мен албатта Неаполитан кўрфазининг рангли суратини чизаман.
Тушликдан кейин шифокор келди, у кетаётганда эса Сю бир нарсани баҳона қилиб унинг орқасидан даҳлизга чиқди.
– Имкониятлар баробар, – деди шифокор Сюнинг нозик, титраётган қўлларини сиқиб қўяркан. – Яхши қаров билан касалликни албатта енгасизлар. Ҳозир эса мен пастки қаватдаги беморни кўришим керак. Унинг исми Берман экан. Менимча, рассом бўлса керак. У ҳам зотилжамга чалинибди. Кексайиб қувватдан қолган, касали эса жуда оғир. Ҳеч қандай умид қолмаган, бирибир касалхонага юборсак тинчроқ ётади.
Эртаси кун шифокор Сюдига деди:
– Унинг ҳаёти хавф остида эмас. Сизлар енгдинглар. Унга яхши овқат бериб ғамхўрлик кўрсатилса, тез кунда оёққа туриб кетади.
Ўша оқшом Сю мамнуният билан тўқиётган тўқ мовий ва умуман кераксиз жунли шарфини тутганча Жонсининг ётоғига келди, бир қўли билан қизни ёстиққа қўшиб бағрига босди.
– Сенга бир гап айтишим керак, менинг жажжигина оппоқ қуёнчам. – деди у. – Бугун жаноб Берман касалхонада зотилжамдан вафот этибди. У атиги икки кун бетоб бўлиб ётибди. Қоровул уни биринчи куни эрталаб пастдаги хонасига оғриқдан ночор аҳволда кўрган экан. Оёқ кийими ва уст-бошлари жиққа хўл ва совуқдан музлаб кетган экан. Ўша машъум кечада қаэрда бўлганлигини тасаввурларига ҳам сиғдира олишмабди. Ундан кейин улар ҳали ҳам ўчмаган фонар, жойидан қўзғатилган нарвон, бир нечта сочилиб ётган мўйқалам билан бирга яшил ва сариқ бўёқларни топишибди – деразадан ташқарига қарагин, қадрдоним, девордаги сўнгги япроққа бир назар ташлагин. У нега шамолда тебранмаётганига ҳеч эътибор бердингми? Эҳ, жонгинам, бу Берман яратган шоҳ асар – уни у ўша сўнгги япроқ тўкилган кечада чизган экан!
Инглиз тилидан Маъруф Абдуллаев таржимаси
“Шарқ юлдузи” журналининг 2011-йил, 4-сонидан олинди.
______________
* Таблдот – баъзи бир мамлакатлардаги умумий овқатланиш столи (дам олиш масканларида, ошхоналарда, ресторанларда – тарж).
СЎНГГИ ЯПРОҚ
Суе ва Жонси — дугоналар. Улар Ню-Йоркда катта уйда яшашади. Суе Мэйн штатидан, Жонси Калифорния штатидан келишган. Суе Жонсига қараганда қорувли. Жонсининг жуссаси кичкина, қарашлари ўйчан, кўзлари катта, сочлари узун, қорачадан келган қиз. Улар санъат ва мусиқанинг, шеъриятнинг шайдоси, орзу қилишни, хаёл суришни ёқтиришади. Бири расм чизишга, бири эса машҳур артист бўлишга қарор қилишган. Пуллари кўп бўлмаса-да, лекин ўзлари ёш ва орзулари бисёр.
Куз кунларининг бирида Жонси касал бўлиб қолди. Уни гоҳ иситма заптига олар, гоҳ совуқдан “қалт-қалт” титрарди. У тез-орада чўпдай озиб кетди. Бир ҳафта ўрнидан турмади.
Бир куни доктор Суега: “Мен сен билан гаплашмоқчиман. Даҳлизга чиқиб тур”, деди. Суе даҳлизга чиққач, доктор унга деди: “Суе, дугонангнинг аҳволи ёмон. Бу дори-дармонлар ёрдам бермаяпти. У тушкунликка тушиб кетган. Сенинг ёрдаминг керак”. Шундай деб доктор кетди.
Суе хонага кирди. Жонси деразадан ташқарига, кулранг деворли уйга қараб ётарди. Уни ҳеч нарса қизиқтирмас, “чурқ” этиб оғиз очмас, кун сайин кўзларидаги умид сўниб бораётганди.
— Доктор кўпроқ шўрва, илиқ сут ичишинг, мевалардан ейишинг кераклигини айтди, — деди Суе.
Лекин Жонси уни эшитмади. У санарди: “Ўн икки”. Бироздан сўнг “Ўн бир”, деди. Кейин: “Ўн, тўққиз…”.
Суе Жонси ниманидир санаётганини англади. У деразадан ташқарига қаради, лекин ташқарида саналадиган ҳеч нарсани кўрмади. Ташқарида боғ ва тош девор бор, холос. Дарахтларда эса сариқ ва жигарранг барглар дийдираб турибди.
— Саккиз, — деди Жонси. — Уч кун илгари юзтача эди, мен уларни санай олмасдим. Аммо ҳозир мен уларни кўраяпман. Саккизта қолди.
— Саккизта нима, азизим? Айт менга!
— Барглар печак гулники. Қачон сўнгги барг узилса менинг жоним ҳам узилади.
— Лекин сен тезда тузалиб кетасан. Жонси, кел, илтимос, шу барглар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қил. Мен расмингни чизиб тугатдим. Агар сота олсам, сенга яхши мевалар олиб келаман.
— Йўқ мева сотиб олма, мен уларни ейишни хоҳламайман, — деди Жонси. — Ўйлашни ҳам, кутишни ҳам хоҳламайман, фақат ўлишни истайман.
— Жонси, илтимос, ундай дема.
— Ҳа, Суе, биламан. Мен қачон сўнгги барг узилса, жоним ҳам узилишини биламан.
Суе ҳеч нарса демади. У нима деб жавоб беришини билмасди.
У унсиз йиғларди. Кейин даҳлизга чиқди ва овозини чиқариб йиғлаб юборди. Унинг йиғлаганини қари Берман кўриб қолди.
Қиз Берманга Жонси ҳақида сўзлай кетди. Берман ҳам камбағал эди. У машҳур рассом бўлиш орзусида юрар, аммо қирқ йил ўтибдики, орзуси ушалмади. Ҳозир ёши олтмишда. Баъзида расмларини сотиб кун кўради, ҳеч бири икки бўлмаган. У Суе ва Жонсини яхши кўрарди. Уларга ёрдам бергиси келди.
“Мен унга шоҳ асаримни туҳфа этаман”, деди ичида Берман ва кичкина хонага, Жонсининг олдига кириб кетди…
— У бетоб, — деди Суе. — Ҳали ўзига келгани йўқ, аҳволи оғир. У тугаб бораётган печакгул баргларини санаяпти. Қачон сўнгги барг узилса, менинг ҳам жоним узилади, деб ўйлаяпти.
Суе ва Берман хонага кирганларида Жонси ухлаб ётарди. Берман печакгулга тикилиб қолди ва ҳеч нарса демай чиқиб кетди.
Тун бўйи ёмғир ёғди, кучли шамол турди. Суе ухлаётган Жонсига яқинроқ ўтирди, у тонгга қадар ухламади. Жонси уйғониб, ташқарига қаради. У ҳам деразадан ташқарига боқди. Биттагина печакгул барги қолганини кўрди.
— Бу энг сўнггиси, — деди Жонси. — Мен кечаси қаттиқ шамол бўлганини сездим, лекин нимага узилиб кетмаганига ҳайронман. Буни ҳозир тушундим, менинг умрим тугашига озроқ вақт бор ҳали.
— Оҳ, Жонси, — деди Суе. — Мен сенсиз нима қиламан?
Аммо Жонси ҳеч нарса демади.
Кун секин ўтарди. Ҳар дақиқа бир соатдек. Кун ботгач, яна шамол турди, совуқ куз ёмғири ёға бошлади. Тун бўйи ёмғир ёғди, эрталаб иккала қиз деразадан ташқарига қарашди. Барг бор эди!
Жонси узоқ тикилди.
— Мен туни билан шамол бўлганини сездим, аммо бу миттигина жасур барг шамол билан курашди. Суе, мени кечир. Бу сўнгги барг менинг ҳаётим учун курашганга ўхшайди, — деди Жонси.
Пешиндан сўнг доктор келди: “Жонси, агар қаттиқ курашсанг, албатта, дардни енгасан. Мен ҳозир бир рассомнинг олдидан келаяпман. Унинг исми Берман, у кексайиб қолган, лекин тетик экан“, деди доктор.
Бир неча кундан кейин Суе Жонсининг ётоғига кирди ва ёнига бориб ўтирди.
— Мен сенга ҳозир бир нарса айтаман, азизим, — деди у. — Жаноб Берман бугун касалхонада вафот этибди. Хонасида унинг сариқ ва яшил рангда чизган расмларини кўрдим. Ўша қоронғи тунда Берман деворнинг орқасига печак гул расмини чизган экан. Бу сўнгги барг — унинг шоҳ асари!
Инглиз тилидан Зуҳра Асқарова таржимаси.