Нодар Думбадзе. Кўппак (ҳикоя)

Бу воқеа қирқ биринчи йилнинг августида бошланиб, икки йил ўтгач якунига етганди.
…Урушнинг суронли дамлари эди. Отам урушда, бобом Спиридон ота билан амал-тақал кун кечирардик. Бобом кексайиб қолгани учунми, рўзғор ташвишлари асосан менинг зиммамда эди.
Ўша куни у қўлимга тутқазган ўн литрлик шиша идишдаги ароқни пуллаб, бир пуд жўхори олиб қайтиш мақсадида бозорга йўл олдим. Овим бароридан келди. Узоқ харидор кутмадим. Харидор молимни бир пуд жўхорига алмашгани етмагандек, камига чўнтагимга битта қизил ўттизталик пулни ҳам солиб қўйди.
Бозордан қайтишда ошхонага кириб, уч порция котлет ва лимонадга буюртма бердим. Буфетчи аввал пулим борлигига ишонч ҳосил қилгач, буюртмани стол устига келтириб қўйди.
Шу пайт ошхонага узун жунлари лойга беланган, қоп-қора, озғин кўппак кириб келди. У аввал хонани бир айланиб чиқди, кейин менга қараб, думини ликиллата бошлади. Мен идишдаги котлетлардан бирини унинг олдига ташладим. Куппак котлетни бир ямлаб ютди ва ҳеч нарса бўлмагандек яна менга термилди.
Шу пайт буфетчи келиб, кўппакни ҳайдай бошлади:
– Бор йўқол, итдан тарқаган!
Кўппак шу заҳоти ташқарига интилди. Бу пайтда мен ҳам овқатимни еб битиргандим. Ташқарига чиққанимда бояги кўппак ҳамон остонада мўлтираб турарди. Йўлимда давом этарканман, ортимда бояги кўппакнинг жон ҳолатда ангиллагани эшитилди. Бир пайт қарасам, кўппак ўқдек олдинга учиб борди-да, ўзини кўприк остига сувга урди.
Дарров ортимга ўгирилиб қарадим. Буфетчи қўлида буғ бурқсиётган бўш қозонни чангаллаб турарди.
– Бу нима қилганингиз? – дедим бўғилиб.
– Ҳечқиси йўқ, бечора совқотиб турган экан, қизиб олсин дедим.
– Эшшак, – деб бақирдим овозим борича.
Буфетчи аввалига қотиб қолди. Кейин мен тарафга ҳаллослаб чопишга тушди. Шу заҳоти ерда ётган каттакон тошни қўлимга олдим. Авзойимни кўриб, буфетчининг ҳам шашти сўндими, индамай ортига бурилди.
Кўппак кўприк тагида дир-дир титраганча инграб ётарди. Унинг тумшуғи, олд оёқлари қайноқ сувда куйиб қолганди. Кўзларидан эса дувиллаб ёш оқар, чамаси, нима сабабдан уни бу тахлит аёвсиз жазолашганини тушунолмай ҳайрон эди. Унинг аҳволини кўриб мен ҳам кўз-ёшларимни тутиб тура олмади. Кўйлагимни ечиб, ўртасидан иккига бўлдим-да, кўппакнинг бир кўзини, бир оёғини авайлаб боғладим. Кейин уни ўзим билан уйга олиб келдим.
– Бу нима? – сўради бобом саватдаги жониворни кўраб.
– Кўппак, – жавоб қайтардим.
– Шуям кўппак бўптими? – бурун жийирди бобом. – Қаёқдан топдинг?
– Буфетчи устидан қайноқ сув тўкворди.
– Ўғрининг жазоси шу-да.
– Унинг қорни оч, – дедим кўппакнинг бошини силаб.
– Анавиларини ечиб ташла.
Дарҳол боғичларни ечдим.
– Боплапти-ку, – деди бобом итнинг куйган жойларини кўздан кечираркан. – Бу иссиқда яралар қийин битади. Бориб мой опке, яраларига сурамиз. Оёғини-ку, ўзи тузатади. Бироқ кўзи…
Эртаси кунидан бизнинг уйимизда ҳам ит ҳура бошлади. Биз уни Жек, Йўлбарс, Бўйноқ, Мурка сингари номлар билан чақириб кўрдик. Бирортасига парво ҳам қилмади. Шунда уни оддийгина қилиб Кўппак деб атай қолдик.
Бир ой ўтиб, оёғи тузалди. Тумшуғининг куйган қисмидан ҳам янги туклар ўсиб чиқди. Шу тариқа у қувноқ, чиройли итга айланди. Қишлоқда бунақаси ҳеч кимда йўқ.
У аёллар ва болаларга тегмас, қишлоқдаги ҳамма паррандалар орасидан ўзимизнинг товуқни ажрата олар, ҳатто унга қўриқчилик ҳам қилар, эркакларни эса уйга яқинлаштирмасди. Баъзан қўшниларимиз “Энди сизларникига чиқолмайдиган бўлиб қолдик”, деб ёзғиришарди. Бобом эса бунга жавобан кулиб қўя қоларди.
У менинг энг яқин ҳамроҳим бўлиб қолди. Қаерга борсам, ортимдан эргашади.
Кўппак бобом билан ҳам яхши келишиб қолди. Баъзан бобом уни ёнига чақирганча, бошидан ўтганларни ҳикоя қила бошлайди. Кўппак ҳам бошини қуйи солиб, диққат билан бобомни эшитади. Худди ҳамма гапни тушунаётгандек ҳар замонда бош чайқаб қўяди.
Кўппак тунда ҳовлида ётади. Ҳамма итлар қатори кечаси билан ҳуриб чиқади. Хўроз қичқириғи, мушукнинг миёвлашига, шоқолнинг улишига жавобан акиллашни бурчи деб билади. Қишлоқда эридан, ўғлидан ёки ака-укасидан қорахат олиб уввос солаётган аёлларнинг фарёдига ҳам бефарқ қарамайди, тумшуғини кўтариб, шикоятомуз ув тортиб қўяди.
1943 йилнинг 22 августида, ярим тунда бутун қишлоқ итларининг бири олиб-бир қўйиб акиллашидан уйғониб кетдим. Айни ит зоти куюккан бунақа пайтда ким ҳам итларнинг ғавғосига қулоқ соларди. Ҳамма кўрпага бошини буркаб, яна уйқуга кетди.
Эрталаб Аслан Тавберидзе булоқ бошида аллақандай итнинг ғажиб ташланган лошини кўрибди. Итларнинг илиқиш мавсумида бунақа ҳолатлар тез-тез учрайди. Бу ҳолга унча эътибор қаратишмади. Уни дарҳол кўмиб ташладик.
Чошгоҳда қишлоққа бир нотаниш кимса итини излаб келиб қолди. Уни Асланнинг ёнига жўнатишди. Мен ҳам ортидан бордим.
– Кирилл Мамаладзе, Хевиданман, – деди нотаниш кимса. – Итим йўқолиб қолди. Бугун қанақадир итни кўмган экансиз.
– Ҳа, – деди Аслан. – Манави йигит билан бирга кўмдик. Нима эди?
– Менга ўша жойини кўрсата оласизми?
Уни ҳалиги ит кўмилган жойга олиб бордик. Кирилл итни бир кўришда таниди.
– Ҳа, у менинг итим, – деди у қазиб олинган лошга тикилиб. – Кеча у ўғлимни тишлаб қочган экан. Пастеров станциясига олиб борганимда, итнинг миясини текшириб кўриш учун калласини оп келинг деганди. Худо кўрсатмасин, агар ит қутурган бўлса, болага қирқта укол қилишаркан. Қирқта! Бечора боламнинг ҳоли нима кечади?
Мамаладзе хўрсинганча, қопидан болта чиқарди. Мен эса шарт бурилиб, уйга чопдим. Бобом гапларимни эшитиб, пешонасини тириштирди.
– Яхши иш бўлмабди, – деди оёқлари остида чўзилиб ётган Кўппакка қараб.
Кечқурун қўшнимиз Бадриа чиқиб бобомдан милтиғини сўради.
– Нима қиласан? – сўради бобом.
– Итимни отиб ташлайман.
– У сенга нима гуноҳ қилди?
– Эшитмадингизми? Кеча кимнингдир кўппаги бизнинг итларимиз билан ғажишибди. Ҳа, айтганча, бояги одамнинг гапини сен ҳам эшитдинг-ку? – у шундай дея менга юзланди. – Боласини қопиб олган экан.
– Лекин у итни қутурган демади-ку? – сўрадим ундан.
– Тентак, соғ ит ўз хўжайинининг боласини қопадими? – елка қисди Бадриа. Мен индамадим.
– Унақада сенга милтиғимни беролмайман, – бош чайқади бобом.
– Унда итни нима билан ўлдираман?
– Қозиқ билан.
– Нималар деяпсиз? Мен бунчалик ваҳшиймасман.
– Унда билганингни қил.
Бадриа кетгач, бобом менга Кўппакни ўтинхонага қамашни буюрди.
Зум ўтмай қишлоқ бўйлаб аввал ўқ овозлари, кейин итларнинг жон ҳалпидаги чайиллаши, эркакларнинг шовқини эшитилди. Қўшнимиз Бадрианинг уйида ҳам ўқ варанглади, кейин Алистрах, Макарианинг уйида ҳам шунақа қиёмат қўпти. Итларнинг фарёдидан қулоғим битаёзди. Бобом ҳам қулоқларини беркитганча бир нуқтага тикилиб ўтирарди.
Бу ақл бовар қилмас ит қирғини бир соатча давом этди. Бир соат қишлоқда шовқин-сурон тинмади. Бир соат ўтинхонага қамалган Кўппак ҳам эшикни тимдалаб, улиди. Кейин ҳаммаси жимиб қолди. Борлиққа ўлик сукунат чўкди.
Тонг отди. Хўрозлар қичқирди. Сигирлар мўради. Эчкилар маъради. Товуқлар қақоғлади. Концхоули узра қуёш чарақлади. Лекин қишлоқда нимадир етишмасди. У аллақандай қадрдон, одатий, кўз илғамас жиҳатидан маҳрум бўлганди. Қишлоқнинг тор сўқмоғи бўйлаб елкасига болтасини осилтириб келаётган Аслан Тавберидзе кўринди. Унинг изидан қолмайдиган шалпангқулоқ Тузик кўринмасди. Ҳа, қишлоқнинг қон-қонига сингиб кетган, эндиликда етишмаётган бу нарса ит эди. Оддий ит.
1943 йил 24 август тонгини қишлоғимиз итларсиз қарши олди.
…Бизнинг Кўппагимиз ҳам кун бўйи дарчадан ташқари чиқмади. Ҳеч нарса емади, ҳурмади. У бобомнинг оёқлари остида ҳорғин чўзилиб ётарди. Кўтарилиб тушиб турган қорнини айтмаса, уни ўлган деб ўйлаш ҳам мумкин эди.
Кечга яқин яна Бадриа пайдо бўлди.
– Салом, Спиридон ота! – сўрашган бўлди у. – Одамлар сиздан хафа. Кеча уйингизда ўқ отилмаганмиш.
– Нега уйимда ўқ отиларкан? – ўзини билмаганга олди бобом.
– Спиридон ота, битта итни деб одамларнинг кўнглини қолдирманг. Итингизни ўлдиринг. Бизнинг итларимиз ҳам сизникидан яхшироқ эди, воз кечдик-ку? Одамлардан ажралиб қолмоқчимисиз?
– Йўқ, Бадриа, ўлсам тобутимнинг устида ҳатто ит ҳам увилламайдиган аҳволда қолмай деяпман-да.
– Менга қаранг, – деди дафъатан Бадриа тутақиб. – Агар итингиз қутуриб, болаларимдан бировини тишлайдиган бўлса, уйингизни ер билан яксон қилиб кетаман.
Гарчи олақоронғи бўлса-да, бобомнинг ранги қанчалик оқариб кетганини илғадим.
– Менга қара, мишиқи, – деди у овози титраб. – Тилингни тий, бўлмаса, қуруқшаган суякларимни уйингнинг гулханида иситишга мажбур бўламан.
Бадрия индамай уйига кетди. У нима деб ўйлаганини билмадим-у, унинг ўрнидан мен бўлганимда, кечаси билан мижжа қоқмаган бўлардим. Чунки бобом шу пайтгача айтганини қилмасдан қолмаган.
…Ярим кечаси ҳовлимизнинг нариги бурчагидан иккита ўқ овози ва итнинг акиллаши эшитилди. Ўрнимдан сапчиб турдим-у, милтиқни олиб, ўқ отилган тарафга ошиқдим. Кимдир ўзини буталар панасига олди. Кейин қочиб бораётган одамнинг қадам товушлари қулоққа чалинди.
Кўппак четан девор тагида ётганча, заифгина ғингширди. Уни аста кўтариб уйга кирдим. Бобом мойчироқни ёққан, эчки пўстаги устида ўтирарди. У Кўппакнинг ярасини спирт билан артиб, тамаки қўйиб боғлади
– Унча қўрқинчли эмас, – деди бобом. – Ўқ суякка тегмабди. – Кейин итга ўгирилди. – Ким сени бу аҳволга солди, жонивор?
Ит бошини қуйи солди.
– Билади, – деди бобом. – Лекин гапиролмайди, бечора.
Кейин у итни балконга олиб чиқишимни буюрди. Бизнинг уйимиз тепаликда жойлашганди. Бобом айни пайтда балкондан худди қишлоқни илк бор кўраётгандек сер соларди. У анча пайт жим тургач, менга ўгирилди.
– Болам, чиндан ҳам, битта итни деб қишлоқдошларни ранжитиш ярамайди. Милтиқни ол, Кўппакни ҳам қишлоқдан ташқарига олиб чиқ. Фақат ўқ овозини эшитмасам бўлди.
Титраб кетдим. Аммо шу пайтгача бобомнинг гапини икки қилмагандим. Милтиқни елкамга илдим. Кўппакнинг занжиридан етак­ладим. Кўппак нажот кутгандек бобомга қараб мўлтиради. Бобом эса йиғлаб юбормаслик учун юзини терс ўгирди.
Биз қишлоқни кесиб ўтиб, катта йўлдан дарё қирғоғига олиб тушувчи сўқмоққа қайрилдик. Кўппак итоаткорлик билан бошини эгганча ортимдан лўкиллаб келарди.
Дарё бўйига етганимизда, Кўппакнинг бўйнидаги арқонни ечиб, каттакон тош устига ўтирдим. Юзимдан совуқ тер қуйилар, юрагим гурс-гурс тепарди. Бироз тинчлангач, елкамдаги милтиқни қўлга олдим. Шу пайтда Кўппакнинг маъсум, муте нигоҳлари билан тўқнашдим. Беихтиёр кўзларимни олиб қочдим ва милтиқдан гильзаларни чиқариб, сувга улоқтирдим.
Елкамдан тоғ ағдарилди гўё. Шу пайт Кўппак югуриб олдимга келди ва қўлларимни ялади. Кейин эса ўзини сувга ташлаб, шаталоқ отганча, атрофга сув сачрата бошлади. Сўнгра қирғоққа чиқиб, қум устида ястанди. Унинг оёғидаги яраси қонталаш бўлиб турар, кўзлари ёшланган, бироқ… у куларди. Ҳа, ишонаверинг, Кўппак қувончдан хандон отаётганди.
– Менга қара, Кўппак, – дедим унга қараб. – Энди бор! Умуман овозингни ҳам чиқармасликка ҳаракат қил. Одамларни қувма, уларга ташланма, қопма, умуман улардан нари юр! Бўлмаса, улар сени ўлдиришади. Қишлоққа қайта кўрма. Биздан рози бўл, Кўппакжон!
У мени тушундими-йўқми, билмадим. Лекин мен ортимга бурилганимда, у ҳамон жойида турарди.
– Хўш? – сўради бобом. Мен индамай, милтиқни олиб бобомга узатдим. Бобом милтиқ магазинини очиб кўрди. Кейин менга қараб, маъюс кулимсиради:
– Ўғлим, бунақа феълинг билан ҳаётда кўп қийналасан!..
…Бир ҳафта ўтиб, шоқол Эквтимэ Сирадзенинг эчкисини бўғизлаб кетди. Кейин кимдир Аслан Тавберидзенинг омборидан ўн пуд донни ўмарибди. Яна бир куни Бердзенишвилининг сигири ҳовлимизга кириб, янги ўтқазилган кўчатларни синдириб кетди. Унинг кетидан Нина холанинг сигири билан Сипито амакининг новвоси изсиз йўқолди…
Одамлар саросимага тушиб қолди. Ҳамма бир-биридан норози. Ҳатто бир-бирини бўралаб сўкканлар ҳам бўлди.
15 октябрь куни роса кучли жала қуйди. Сел дарё қирғоғидаги тегирмонларни оқизиб кетди. Фақат Горабережоулидаги битта тегирмон омон қолди. Эртаси куни бобом мени ўша ёққа жўхори тортиб келгани жўнатди. Кечга яқин тегирмондан чиққан бир қоп жўхори унини орқалаб кетмоқчи бўлганимда, бўсағада Кирилл Мамаладзе пайдо бўлди. У тегирмончи билан саломлашди. Менга эса унча эътибор ҳам қилмади.
– Ўғлингиз тузалиб қолдими? – деб сўрадим Мамаладзедан.
– Ўғлимга нима қипти? – ажабланди у.
– Ит тишлаб олди дегандингиз-ку?
– Ҳ-а-а-а! Тузалиб кетди. Ит қутурмаган экан. Докторлар текшириб кўриб айтишди.
– Қутурмаган экан?! – турган еримда қотиб қолдим. – Сиз… Улар… Сиз одам эмас экансиз! – шундай дея унинг жавобини кутмай, ортимга қайрилдим.
Эртасига бу ҳақда бобомга айтсаммикин, деб кун бўйи ўйладим. Кейин бу фикримдан қайтдим. Нима фойдаси бор? Қопни ерга ташладим.
18 октябрда бобом ётоғидан чиқмади.
20 октябрда мендан уйда қолишни илтимос қилди.
25 октябрда бобомнинг қўл-оёқлари шишди.
27 октябрда у мени чақириб, қўлимга омборнинг калитини тутқазди.
28 октябрда мени олдига ўтқазиб, васият қилди.
– Болам, вақти-соатим етган кўринади. Сен қўрқма. Мен ҳамиша сенинг ёнингда бўламан. Фақат уйимизни ташлаб кетмасанг, чироғимизни ёқиб ўтирсанг, бўлгани. Ҳали уруш тугайди. Отанг қайтиб келади. Аниқ биламан – у тирик. Эртага омонатимни топшираман. Фақат сен қўрқма. Ҳамма ишни қўшнилар қилишади. Фақат уйимизда аёл киши йўқлиги чатоқ-да! Ортимда дод солиб йиғлайдиганим йўқ.
Тонгга яқин бобомнинг жони узилди. Менинг меҳрибон бобожоним! У мени ташлаб кетди. Оёқяланг кўчага югурдим. Совуқ этни жунжиктирарди. Тўғри қаршимиздаги ҳовлининг эшигини қоқдим.
– Маргалита!
Аввалига ҳеч ким жавоб бермади. Икки-уч чақирганимдан сўнг ичкаридан аёл кишининг уйқусираган овози келди. Бироз ўтиб, қўшнимизнинг катта қизи Маргалита кўзини уқалаб чиқди.
– Тинчликми? – сўради менга қараб.
– Ҳалиги… бобом ўлиб қолди. Уйимизда дод солиб йиғлайдиган аёл киши йўқ. Илтимос…
Маргарита индамай, ортимдан эргашди…
Бобомни 1943 йил 4 ноябрь куни дафн қилишди. Маросимда атроф-жавонибдан одамлар ёпирилиб келди. Ҳар бир қишлоқдан биттадан аёл гўянда келиб, роса чуввос кўтаришди. Қўшни хотинлар ҳам чапак чалиб, дод солиб йиғлашди:
– Вой, парихатгина набирангизни кимларга ташлаб кетдингиз, отагинам-м-м!
Балкон ҳам, ҳовли ҳам, ҳатто кўчамиз ҳам одамларга тўлиб-тош­ганди. Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди. Дафъатан тумонат одам иккига ажралиб, ўртада кичик йўлак ҳосил бўлди. Ундан жунлари лойга беланган Кўппак оғир қадамлар билан бобомнинг тобути турган хонага йўл олди… У олд оёқларини тобут устига қўйди-да, шу тахлит қотиб қолди. Тобутда юзида ним табассум билан ётган бобомнинг юзларига тикилиб, худди ёш боланинг йиғисига ўхшаш оҳангда ғингшиди.
Оломон орасидан кимдир “Худога шукур-ей” деб юборди. Мен ҳам ўзимни тутолмай йиғладим.
Шу пайт яна бир мўъжиза юз берди. Хонага Бадриа кириб келди. У итни кўриб ранги оқарди. Бироқ тезда ўзини қўлга олиб, мен тарафга юрди. Ҳамдардлик билдириш учун елкамга қўлини босган пайтда ит унга қараб ириллади. Кейин кўзлари ёниб, акиллашга тушди. Бадриа ўзини менинг орқамга олди.
– Анавинга қарсанг-чи? Мен… мен ҳол сўрагани чиқдим, холос.
Мен Кўппакни тинчлантирарканман, бобомнинг гапларини эсладим: “Билади. Фақат гапиролмайди бечора…”
– Кетинг, бу ердан, – дедим Бадриага қараб.
…Ўша оқшом Кўппакнинг таниш овози қишлоғимиз бўйлаб ёйилди.

Рустам Жабборов рус тилидан эркин таржима қилган.
«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 8-сон