Николай Гоголь. Тентакнинг ёзмалари (қисса)

3 октябрь

 Бугун эрталаб ғаройиб воқеа рўй берди. Анча кеч уйғондим, Мавра артиб-тозалаган этикларимни олиб келганда соат неча бўлганини сўрадим. Аллақачон ўн марта бонг урганини эшитиб, тезда кийинишга тушдим. Очиғини айтсам, бўлим бошлиғининг энсаси қотган кўйи башарасини бужмайтиришини олдиндан билганим учун департаментга мутлақо бормаган бўлардим. У кўпдан бери менга: “Оғайни, нега доим калланг ғовлаб ётади? Баъзан оёғи куйган товуқдай типирчилаб қоласан, баъзида ишни шунақанги чалкаштириб юборасанки, манаман деган одам ҳам эпақага келтиролмайди, титул варағига кичик ҳарфлар билан ёзасан, на санасини кўрсатасан, на рақамини”, дейди. Лаънати ҳўкиз! Директорнинг хонасида ўтиришимни ва жаноби олийлари учун патқаламларнинг учини чиқариб беришимни кўролмайди. Хуллас, ғазначини топиб, у зиқна яҳудийдан маошимнинг зора бир қисмини сўраб олиш умиди бўлмаганда департаментга бормасдим. Бу ярамас тасқарани кўринг! Агар мабодо маошни бир ой олдин берса – Худо кўрсатмасин, нақд қиёмат қойим бўлса керак. Илтимос қил, ялиниб-ёлбор, бор, ана – ёрилиб кет, очликдан силланг қуриб ерга қапишиб қол, – бермайди, оқсоч ажина! Ваҳоланки, ўзи уйида ошпаз аёлдан тарсаки еб юради. Буни бутун дунё билади. Мен тушунолмайман, департаментда хизмат қилишнинг нима фойдаси бор. Ҳеч қанақа рағбат йўқ. Губерния бошқармаси, давлат ва фуқаро палаталарида бутунлай бошқа гап: у ерда йўғон чўзилиб, ингичка узилиш даражасига етса, ҳарқалай, томизиб туришади. У кийиб юрган яғири чиққан фракни айтмайсизми, турқи шунақаям совуқки, башарасига тупуриб юборгинг келади, у эгаллаб турган дала ҳовли ҳақида гапирмаса ҳам бўлади! Тилла ҳалли идишларни назари илмайди: “Бу докторларга бериладиган совға”, эмиш. Унга бир жуфт йўртоқи от ёки извош, ё бўлмаса қундуз терисидан тикилган уч юз сўмлик пўстин бериш керак экан. Кўринишидан мулойим, жуда назокат билан гапиради: “Патқаламим учини чиқариб олиш учун пичоқчангизни бериб туролмайсизми?” – мижозларни эса шир-яланғоч бўлгунича шилиб олишга уста. Тўғри, булардан қатъи назар бизда хизматнинг олижаноблиги, салобати бор, ҳаммаёқ шунақаям тоза, чиннию чироқки, бунақаси губерния бошқарувидагиларнинг тушига ҳам кирмаган: столлар қизил дарахтдан ишланган, бошлиқларнинг ҳаммаси бир-бирлари билан сизлашиб гаплашади. Ҳа, тан оламан, хизматнинг бу қадар салобати бўлмаганда аллақачон департаментдан кетган бўлардим.

Эски шинелимни кийиб, жала қуйиб тургани учун соябонни олдим. Кўчада ҳеч ким йўқ эди: фақат кўйлакларининг этагини ёпинчиқ ўрнида ташлаб олган аёллар, унда-бунда шамсия тутган савдогару елиб-югуриб юрган югурдаклар кўзга ташланарди. Олижаноб кишилардан фақат бир амалдор ошнамизни кўрдим, холос. Мен уни чорраҳада учратдим. Кўрган ҳамоно ўзимга-ўзим: “Эҳ-е! Йўқ, азизим, сен департаментга кетаётганинг йўқ, ҳув анави олдинда чопиб кетаётган аёлнинг орқасидан илакишгансан, унинг оёқларидан кўзингни узмаяпсан”, дедим. Амалдор оғайниларимиз бу қадар юлдузни бенарвон урадиган бўлмаса-я! Худо ҳаққи, ҳеч бир офицердан қолишмайди: бирорта шляпали хонимни кўрса, дарҳол илинтиради. Ана шуларни ўйлаб борарканман, мен ёнидан ўтиб кетаётган дўкон олдига извош келиб тўхтади. Дарҳол танидим: бу директоримизнинг извоши эди. “Унга дўконнинг нима кераги бор, – деб ўйладим, – ҳойнаҳой, бу унинг қизи бўлса керак”. Деворга қапишиб олдим. Малай эшикни очди ва у гўёки қушдек пириллаб учиб чиқди. Ўнгга ва чапга кўз қирини ташлаб, қош-кўзларини пирпиратиб, чимрилиб қўйди… Эй, Худойим-эй! Тамом бўлдим, буткул адои тамом бўлдим! Бунақанги ёмғир қуйиб турган пайтда кўчага чиқишнинг нима кераги бор. Шундан кейин ҳам аёл зотининг ҳар хил латта-путтага муккасидан кетганига ишонмай бўладими? У мени танимади, ўзим ҳам атай иложи борича буткул ўраниб олишга ҳаракат қилдим, негаки, эгнимдаги шинелим жуда ифлос, бунинг устига эски бичимда эди. Ҳозир узун ёқали плашч кийишади, менинг плашчим эса устма-уст қилиб тикилган калта қўшёқали бичимда: буниси етмагандай, мовути ҳам сифатсиз. Унинг кучукчаси дўконга киришга улгуролмай кўчада қолди. Мен бу кучукчани биламан. Унинг исми Меджи. Бу ерда турганимга бир дақиқа бўлмасданоқ, “Салом, Меджи!” деган майин овоз қулоғимга чалинди. Ана холос! Бу кимнинг овози экан? Атрофга аланглаб, соябон остида кетаётган икки хонимга кўзим тушди. Улардан бири кампир, иккинчиси эса ёш қиз эди: улар ўтиб кетишди, менинг ёнимда эса яна: “Гуноҳга қолдинг, Меджи!” деган овоз эшитилди. Худо урди-кетди! Мен Меджининг хонимлар ортидан эргашган кучукча билан бир-бирларини искашаётганини кўрдим. “Эҳ-е, – дедим ўзимга ўзим, – нима бало, маст эмасманми? Бунақа нарса менда камдан-кам учрарди, шекилли”. ”Йўқ, Фидель, бекор шундай хаёлга бораяпсан, – Меджи шундай деганини ўзим эшитдим, – мен, вов, вов! Мен касал эдим, вов, вов! Қаттиқ касал эдим”. Эҳ, ахир сен кучукчасан-ку! Мен унинг одамга хос тилда гапираётганидан ҳайратга тушганимни тан оламан. Бироқ буларни яхшилаб мулоҳаза қилиб кўрганимдан кейин ҳайрат деган нарсадан атовул ҳам қолмади. Чинданам дунёда шунга ўхшаш воқеалар жуда кўп содир бўлди. Айтишларига қараганда, Англияда бир балиқ сузиб чиқиб, ғалати бир тилда иккита сўз айтган, олимлар уч йилдан буён бунинг маъноси нима эканини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда, бироқ ҳали-ҳануз ҳеч қанақа кашфиёт қилишолмади. Менам дўконга келиб, ўзлари учун бир қадоқ чой сўраган икки сигир ҳақида газетада ўқигандим. Меджининг: “Сенга хат ёзгандим, Фидель, ҳойнаҳой, Полкан хатимни сенга етказмаган!” – деганини эшитгач, рост гап, ҳаддан зиёд ҳайратга тушдим. Ё, тавба, илоҳим, маошимдан маҳрум бўлай! Ҳаётимда кучуклар ёза олиши ҳақида эшитмаганман. Фақат зодагонгина тўғри ёза олиши мумкин. Бундан ташқари, савдогару идора ходимлари, ҳаттоки оми деҳқон халқи ҳам баъзида ёзиб-чизиб туради, бироқ уларнинг ёзувларини кўпроқ механик ёзув дейиш мумкин: на вергули, на нуқтаси ва на бўғини бор.

Бу мени ҳайрон қолдирди. Шуни айтишим керакки, яқиндан бери мен ҳеч ким кўрмайдиган нарсаларни кўра оладиган ва ҳеч ким эшитмайдиган нарсаларни эшитадиган бўла бошладим. “Шу кучукчанинг ортидан бораман-да, – дедим ўзимга-ўзим, – қанақа кучуклигини ва у нималарни ўйлашини билиб оламан”.

Соябонни очдим-да, ана шу икки хонимнинг кетидан йўлга тушдим. Гороховая кўчасидан ўтдик, Мешчанскаяга бурилдик, у ердан Столярная кўчасига йўл олдик ва ниҳоят, Кокушкино кўпригига етиб келдик-да, каттакон уй олдида тўхтадик. “Бу уйни мен биламан, – дедим ўзимга-ўзим. – Зверковнинг уйи”. Ў-ҳў, уй эмас, нақ ҳайбатли машина! Бу уйда кимлар яшамайди дейсиз: ошпазлар, сон-саноғи йўқ келгиндилар! Мансабдор ошналаримиз-чи, эҳ-ҳе, ғиж-биж, худди итдек тиқилиб яшашади. Бу ерда менинг ҳам труба чалишни яхши биладиган бир танишим бор. Хонимлар бешинчи қаватга чиқиб кетишди. “Яхши, шу ерда тўхтаганим маъқул, – ўйладим мен, – жойини белгилаб қўяман, биринчи имкониятдаёқ вақтни бой бермай ишга киришаман”.

4 октябрь

Бугун чоршанба, шунинг учун ҳам бошлиғимиз хонасида бўлдим. Мен атайин вақтли келдим ва ўтириб, ҳамма патқаламларнинг учини очиб чиқдим. Директоримиз жуда ақлли бўлса керак. Хонасининг ҳаммаёғи китоб тахланган жавонлар билан тўлиб кетган. Мен баъзиларининг номини ўқиб чиқдим: турган-битгани илм, шунақанги илмки, бизнинг амалдор оғайниларимиз унга яқин ҳам йўлай олмайди: ҳаммаси ё француз ёки немис тилида. Унинг башарасига бир назар ташланг: қуриб кетгурнинг кибру ҳавоси оламни бузади-я! Мен ҳали бирон марта унинг ортиқча сўз айтганини эшитмадим. Фақат қоғозларни узатганимда бор-йўғи: “Ҳовлида об-ҳаво қалай?” деб сўрайди. “Намгарчилик, жаноби олийлари!” Ҳа, оғайниларимиз унга тенг келолмайди! У давлат одами. Бироқ сезиб юрибман, у мени бир бошқача яхши кўради. Агар қизи ҳам… нур устига нур бўларди… эҳ, шайтони тушмагур! Ҳечқиси йўқ! Ҳечқиси йўқ, сабр таги – сариқ олтин! “Пчёлка”[1]ни ўқигандим. Эҳ, француз халқи – шунақаям аҳмоқ халқ бўладими! Ўзи нима хоҳлайди улар? Худо ҳақи, ҳаммасини ҳиқилдоғидан олсангу боплаб хипчин билан саваласанг! Ўша ерда бир Курсклик заминдорнинг бир базмни жуда ёқимли таърифлаб берганини ўқидим. Курск заминдорлари жуда яхши ёзишади. Кейин соат аллақачон ўн икки яримга бонг урганини сезиб қолдим, хўжайин эса ҳануз ётоғидан чиқмасди. Бироқ соат бир ярим бўлганда шунақанги ҳодиса рўй бердики, уни таърифлашга ҳар қандай қалам ожизлик қилади. Эшик очилди, директоримиз чиқди деб ўйлаб қўлимдаги қоғозларим билан ирғиб ўрнимдан турдим: бироқ бу ўша, унинг ўзгинаси эди! Эй авлиёлар, либослари кўзни қамаштиради-я! Оппоқ кўйлаги худди оққушдек товланади: вой-вой-ей, кўйлагининг ҳарирлигини қаранг! Унинг қарашларини айтмайсизми: қуёш, Худо ҳақи, қуёш балқиди, деяверинг! У таъзим қилди-да: “Дадам бу ерда кўринмадиларми?” деди. Вой-вой-вой, жонидан! Овозининг жарангига беш кетсангиз арзийди! Булбул-а, ҳа-ҳа, нақ булбулнинг ўзи! “Жаноби олиялари, дорга осишни буюрмайсизми, – дегим келди, – мабодо дорга осмоқчи бўлсангиз ҳам ўз генераллик қўлчаларингиз билан осинг”. Ҳаҳ, жин урсин, негадир тилим калимага келмай фақат: “Йўқ, кўринмадилар”, дедим, холос. У менга ва китобларга назар ташлади, дастрўмолчасини тушириб юборди. Мен жоним борича югурдим, лаънати паркетга қоқилиб, бурним ёрилишига оз қолди, бироқ ўзимни тутдим-да, дастрўмолни қўлимга олдим. Эй, авлиёлар! Бу қанақа дастрўмол ўзи?! Юпқа, нафис, батистдан қилинган; мушки анбар, муаттар бўйнинг тамомила мукаммаллиги! Ундан генераллик ифори таралиб турибди. Қиз миннатдорлик билдириб, мийиғида кулиб қўйди, шу боис шакар лаблари деярли қимирламади ҳам, шундан сўнг у чиқиб кетди. Мен яна бир соат ўтирдим, бирдан хизматкор келиб: “Аксентий Иванович, уйингизга кетаверишингиз мумкин, тўрам аллақачон уйдан чиқиб кетди”, деди. Хизматкорлар тоифасини кўргани кўзим йўқ: доимо даҳлизда ялпайиб ўтиради-да, ҳеч қурса бош силкиб ишора беришга ҳам ярамайди. Буниси ҳам майли-я, бир марта ана шу муттаҳамлардан бири ўрнидан турмай мени тамаки билан сийлашга ҳадди сиғди-я. Мияси йўқ, қарол, биласанми, мен амалдорман, аслзодалар насабиданман. Бироқ шляпамни олиб, шинелимни кийдим-да чиқиб кетдим, чунки бу жаноблар хизмат кўрсатишга ҳечам бўйинлари ёр бермайди. Уйда кўп вақтимни каравотда ётиш билан ўтказдим. Кейин жуда яхши бир шеър­ни кўчириб олдим: “Азизамни бир соат кўрмаган эдим, гўёки бу бир йил бўлиб туюлди; Наҳот яшаб бўлса шу тахлит, Усиз яшаш – ўлим, англадим шуни”. Ҳойнаҳой, Пушкин ёзган бўлса керак[2]. Кечқурун шинелимга ўраниб жаноби олияларининг остонасига бордим ва извошга ўтириш ниятида зора чиқиб қолсалар, яна бир марта кўриш шарафига муяссар бўлсам, деган хаёл билан узоқ кутдим, йўқ, чиқмадилар. 

6 ноябрь

Бўлим бошлиғимиз қутуриб кетди. Департаментга келганимда у мени ҳузурига чақиртириб, гапни шундай бошлади: “Қани, марҳамат қилиб айт-чи, нималар қиляпсан?” “Бу нима деганингиз? Ҳеч нарса қилаётганим йўқ”, – жавоб бердим мен. “Бундоқ яхшилаб ўйлаб кўр! Ахир ёшинг аллақачон қирқдан ошди – эсингни йиғиб олсанг яхши бўларди. Ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Мени ҳеч бир қилмишларингни билмайди деб ўйлайсанми? Директорнинг қизига илиқиб юрибсан-ку ахир! Бундоқ ўзингга қара, кимлигинг ҳақида ўйлаб кўр! Ҳеч ким эмассан!!! Чўнтагингда ҳемиринг йўқ. Ҳеч бўлмаса ойнага қараб башарангга разм сол, у ҳақда ўйлашни ким қўйибди сенга!” Жин урсин, унинг юзи дорихоналарда бўладиган шиша идишчага ўхшайди, бошидаги бир тутам сочи эса жингалак кокилча қилиб, тепага ғўддайиб туриши учун қандайдир нарса суртилган, фақат менга ҳамма нарса мумкину бошқаларга эса йўқ, деган фикрни миясига жойлаб олган. Тушунаман, мендан нега жаҳли чиқишини жуда яхши тушунаман. У ҳасад қилади; балки у менга бўлган илиқ муносабатни, мени кўнгилга яқин олишларини кўргандир. Ҳаҳ, мен унга тупураман! Олий мансабдор бўлсанг ўзингга! Соатига тилла занжир осиб олган, ўттиз сўмлик этик буюртиради – жин урсин уни! Наҳотки мен қандайдир зотипаст донишманд ёки тикувчи ва ёхуд унтер-офицернинг боласи бўлсам? Мен зодагонман. Менам юксак мансабу мартабаларга эришишим мумкин. Эндигина қирқ иккига кирдим – рост гап, ҳаётимнинг чинакам хизмат даври энди бошланди. Ҳали қараб тур, оғайни! Биз ҳам полковник бўламиз, балки, Худо хоҳласа, ундан каттароқ мартабага эришармиз. Сеникидан ҳам улуғроқ обрў-эътибор орттирамиз. Нима учун сен “мендан бошқа ҳалол, виждонли одам мутлақо йўқ”, деган фикрни миянгга қуйиб олдинг? Менам мода бўйича тикилган ручевск[3] фракини кийиб, худди сеникига ўхшаш бўйинбоғ тақиб олсам, ана унда сен ҳаром тукимга арзимай қоласан. Даромад етарли эмас – ҳамма бало шунда.

 8 ноябрь

Театрда бўлдим. Рус тентаги Филаткани ўйнашди. Роса кулдим. Яна ишбошилар ва айниқса, бир коллегия регистратори[4] ҳақида қизиқарли шеърлар билан жуда очиқчасига ёзилган қандайдир водевиль[5] ҳам кўрсатишди, мен ҳатто цензура буни қандай ўтказиб юборди экан, дея ҳайратга тушдим, савдогарларнинг халқни алдаётгани, уларнинг болалари жанжал, тўс-тўпалон уюштириб, зодагонликка даъво қилаётгани ҳақида очиқ-ойдин гап кетади. Журналистлар ҳақида ҳам жуда аломат банд келтиришибди: улар ҳамма нарсани уриб-койишни яхши кўришади, шунинг учун муаллиф улардан ҳимоя қилишни халқдан сўрайди. Ҳозир адибларимиз ажойиб пьесалар ёзишмоқда. Мен театрга боришни жуда ёқтираман. Киссамда ортиқча чақа пайдо бўлди дегунча театрга боришдан ўзимни тўхтатолмайман. Амалдор оғайниларимиз орасида шунақанги чўчқалари борки, ҳаттоки текинга билет берсанг ҳам театрнинг яқинига йўламайди, тўпори. Бир актриса жуда яхши ашула айтди. Менинг хаёлим… унга кетди… эҳ, шайтон!.. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ… Сабр.

 9 ноябрь

Соат саккизда департаментга йўл олдим. Бўлим бошлиғи келганимни сезмаганликка олди. Мен ҳам орамизда ҳеч нима бўлмагандек тутдим ўзимни. Қоғозларни қайта кўриб текширдим ва солиштириб чиқдим. Соат тўртда департаментдан чиқдим. Директоримиз уйи олдидан ўтдим, бироқ ҳеч ким кўринмади. Тушликдан сўнг вақтимни кўпроқ каравотда ётиб ўтказдим.

11 ноябрь

Бугун директоримиз хонасида ўтирдим, унга йигирма учта патқалам, ойимча учун, вой, вой-ей, жонидан!.. Жаноби олиялари учун тўртта патқалам тузатиб қўйдим. У стол устида кўпроқ патқалам туришини яхши кўради. Эҳ, одамда калла бўлиши керак! У доим жим юради, калласида эса, ҳамма нарсани мулоҳаза чиғириғидан ўтказса керак. У кўпроқ нималар ҳақида ўйлашини, калласида нималарни сир сақлашини билгим келади. Бу жанобларнинг ҳаётини яқиндан кўришни, ҳамма пичингу қочиримлар, бу ўзгача дунёдаги гап-сўзларни – қандай одамлар ўзи, ўз даврасида нималар билан шуғулланадилар – ана шуларни билишни хоҳлардим! Мен бир неча марта жаноби олийлари билан гаплашиб олишни ўйладиму бироқ, жин урсин, ҳеч тилим калимага келмади: фақат ташқарида совуқ ёки илиқлигини айтасану, бундан ортиқ ҳеч нарсани гапиролмайсан. Баъзан очиқ турган эшикдан фақат кўз қиринг тушиб қоладиган меҳмонхонага кириб-чиққинг келади, меҳмонхонадан кейинги яна бир хонага. Эҳ, қандай бой, қимматбаҳо жиҳозлар, аслаҳа-анжомлар! Қанақанги кўзгулар, чинни идишлар! Уйнинг нариги бўлмасига, жаноби олияларининг хонасига кўз ташласам, дегандим – ана шуларни тусайди кўнглим! Аёллар бўлмасига ҳам бир назар ташлашни орзу қиламан: у ердаги атир-упалар, пардоз анжомлари солинган ҳар хил шиша идишчаларни, сочилиб кетмасин деб, ҳидлашга ҳам ҳаддинг сиғмайдиган нафис гулларни кўриб бир баҳра олсам; ҳамма ёққа ёйилиб ётган кўйлакларидан кўзларим қувонса, ғоят нафис ва тиниқ биллурга ўхшаш бу либосларни кўриб ҳузурлансам. Ётоғига бирров назар солсам дегандим… ўйлайманки, у ер мўъжизалар макони бўлса керак, у ер осмону фалаклардан топиб бўлмас жаннатнинг ўзгинасидир балки. Тўшакдан тургач, оёқчаларини қўядиган курсини, ана шу оёқчаларига қордек оппоқ пайпоқчаларини кийишини бир кўрсам… Вой-вой-вой! Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ… сабр.

Бироқ бугун негадир кўнглим анча ёришгандек бўлди: Нева шоҳкўчасида эшитганим – иккита кучукчанинг ўша суҳбатини эсладим. “Яхши, – дея ўйладим ичимда, – энди ҳамма нарсани билиб оламан. Ана шу ярамас кучукчаларнинг ўзаро юритган ёзишмаларини қўлга киритиш керак. Шундан баъзи бир нарсаларни билиб олишим аниқ”. Очиғини айтишим керак, бир марта мен ҳатто Меджини ёнимга чақириб: “Қулоқ сол, Меджи, мана ҳозир иккимиз ёлғизмиз; агар хоҳласанг эшикни ёпиб қўяман, бизни ҳеч ким кўрмайди – ойимқиз ҳақида билганларингни гапириб бер – у қанақа қиз, ўзини қандай тутади? Гапларингни ҳеч кимга айтмасликка қасам ичаман”, – дедим. Бироқ айёр кучукча думини қисиб, икки букилиб ғужанак бўлди-да, гўё ҳеч нарса эшитмагандек, секин эшикдан чиқиб кетди. Мен кўпдан бери ит одамдан анча ақллироқ, деб ўйлардим; ҳаттоки гапира билишига ҳам ишончим комил эди, фақат унда қандайдир қайсарлик бор. У ҳаддан зиёд сиёсатчи: ҳамма нарсани, одамнинг ҳар бир қадамини сезиб туради. Йўқ, қандай қилиб бўлмасин, эртагаёқ Зверковнинг уйига бориб Фиделни сўроқ қиламан, иложи бўлса, Меджи унга йўллаган хатларнинг ҳаммасини қўлга киритаман.

12 ноябрь

Кун қиёмга келгандан сўнг соат иккида Фиделдан бор гапни суриштиришга отландим. Мешчанскаядаги майда расталардан келаётган карамнинг қўланса ҳидига тоқатим йўқ; бунинг устига ҳар бир уй дарвозаси остидан шунақанги ачқимтир ҳид анқийдики, чидай олмаганимдан бурнимни беркитиб, шитоб билан югуриб кетдим. Ярамас ҳунармандлар ҳам устахонасида қурумли тутунию бадбўй ҳидини шу қадар кўп бурқситадики, олийжаноб кишиларнинг бу ерда сайр қилиши мутлақо мумкин эмас. Мен олтинчи қаватга чиқиб, қўнғироқчани жиринглатганимда истараси иссиқ, юзига майда сепкил тошган қиз эшикни очди. Уни танидим. Бу ўшанда кампир билан бирга кетаётган қиз эди. У бироз қизариб кетди, мен дарҳол бунинг фаҳмига бордим: жонгинам, сенга куёв керакми? “Сизга нима керак?” – деди у. “Мен кучукчангиз билан гаплашиб олишим керак”. Қизчанинг эси паст экан! Унинг тўмтоқлигини ҳозир билдим. Шу пайт кучукча вовуллаб югуриб келди; уни тутиб олмоқчи эдим, бироқ бу жирканч ит бурнимни тишлаб олишига сал қолди. Шунда бирдан унинг бурчакдаги ётоғи – қўл саватга кўзим тушди. Оҳ-оҳ-оҳ, менга айнан шу нарса керак! Мен унга яқинлашиб, ёғоч қутидаги похолни кавлаб кўрдим ва ҳайратомуз мамнуният билан айтишим керакки, кичик-кичик қоғозчаларнинг унча катта бўлмаган бойламини тортиб олдим. Буни кўрган аблаҳ кучукча аввал болдиримни тишлаб олди, кейин эса қоғозларни олганимни пайқаб қолиб, акиллаб суйкала бошлади, аммо мен: “Йўқ, жонгинам, хайр!” – дедим-да, орқа-олдимга қарамай югурганча жўнаб қолдим. Назаримда, қизча мени ақлдан озган, деб ўйлаб, қаттиқ қўрқиб кетди. Уйга келган ҳамоно дарҳол ишни бошлашга ва бу хатларни саранжомлашга киришмоқчи бўлдим, негаки, шам нурида кўзим яхши кўрмайди. Бироқ Мавранинг кўнгли айни шу пайт пол ювишни тусаб қолибди. Бу ер юткур оқсочнинг нуқул бемаҳалда озодалиги тутиб қолади. Шу боис мен бироз сайр баҳонасида бўлиб ўтган воқеаларни яхшилаб мулоҳаза қилиш учун чиқиб кетдим. Мана энди бутун ишлару ўй-хаёлларни, бу қисди-босдиларнинг сабабларини, хуллас, бор гапни билиб оламан ва ниҳоят, ҳамма нарсанинг тагига етаман. Бу хатлар туфайли бариси кафтдагидек намоён бўлади. Итлар ақлли халқ, улар жамики сиёсий муносабатларни билади, шунинг учун ҳам бу хатларда ҳамма нарса бўлиши аниқ: портрет ва бу эркакнинг ишлари. Унда ҳалиги… тўғрисида ҳам бирон нималар… ҳечқиси йўқ, жим турайлик! Кечга яқин уйга келдим. Вақтимни асосан каравотда ётиб ўтказдим.

13 ноябрь

Қани, кўрайлик-чи: хат етарли даражада бурро ёзилган. Аммо ёзувида итларга хос алланечук нимадир бор. Ўқиймиз:

Азизим Фидель, мен ҳанузгача мешчанларга хос исмингга кўниколмаяпман. Нима бало, наҳотки сенга тузукроқ исм топилмаган бўлса? Фидель, Роза – қандай дағал оҳанглар! Майли, бу гапларни қўйиб турайлик. Бир-биримизга хат ёзиш истаги туғилганидан беҳад хурсандман.

Хат жуда тўғри ёзилган. Тиниш белгиларию ҳатто, “Ь” ҳарфи ўз ўрнига қўйилган. Бизнинг бўлим бошлиғимиз, гарчи қайсидир университетда ўқиганини уқдирмоқчи бўлса-да, бунақанги хатни шунчаки ёзолмайди. Қани, бу ёғини кўрайлик-чи:

Менимча, фикр, ҳиссиёт ҳамда таассуротларни бошқа биров билан баҳам кўриш дунёда мавжуд илк эзгулик ҳисобланса керак.

Ҳа! Бу фикр немис тилидан таржима қилинган бир асардан олинган. Номини эслолмайман.

Гарчи уйимиз остонасини ҳатлаб, кўчаларда дайдилик қилиб юрмаган бўлсам-да, бу гапларни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Менинг ҳаётим ҳузур-ҳаловатда ўтмаяптими? Мени қўлидан қўймайдиган ойимқиз, дадаси уни Софи деб чақиради, мени шу қадар яхши кўрадики, жонини беришга ҳам тайёр.

Вой-вой-ей, жонидан!.. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ. Сабр, сабр!

Дадаси ҳам тез-тез эркалаб туради. Мен чой билан қаймоқ қўшилган қаҳва ичаман. Оҳ, ma chere[6], шуни айтишим керакки, ошхонада бизнинг Полканимиз ғажийдиган катта кемирилган суякдан ҳеч қанақа маза топмадим. Фақат товуқ суяги яхши, шунда ҳам агар унинг илигини биров сўриб олмаган бўлса. Бир нечта қайланинг аралаштирилгани яхши, бироқ зиравор ва кўкатлари бўлмаслиги керак. Лекин мен итларга нонни юмалоқлаб, зўлдир ясаб бериш одатидан ёмонроқ нарсани кўрмаганман. Стол атрофида ўтирган, қўлларида ҳар хил ифлос, ярамас нарсаларни ушлаган қандайдир жаноб, ўша қўллари билан нонни эзғилаб, сени чақиради-да тишларинг орасига шу зўлдирни тиқади. Унинг қўлини қайтариш беадаблик бўлади, ейишга мажбурсан; кўнглинг тортмай, ирганиб ейсан…

Жин урсин, бу нима ўзи?! Бориб турган беҳуда гаплар-ку бу? Гўё ёзишга арзигулик яхшироқ бирор нима йўқдек. Бошқа саҳифасини кўрайлик-чи. Ишга яроқли бирор гап чиқиб қолар.

Бизда бўладиган ҳамма воқеалар ҳақида сенга хабар бериб туришга жон-дилим билан тайёрман. Сенга Софи дада деб чақирадиган бош жаноб тўғрисида бир нималарни айтгандим. Бу жуда ғалати одам.

Ў-ҳў, мана, ниҳоят, омади гаплар юзага чиқаяпти! Ҳа, билардим: итлар ҳамма нарсага сиёсий томондан қарайдилар. Қани, кўрайлик-чи: дадаси…

…жуда ғалати одам. У доимо жим юради.Жуда кам гапиради; лекин бир ҳафта олдин ўзига-ўзи:“Оламанми ёки ололмайманми?” дея тинимсиз гапира бошлади. Бир қўлига қоғоз олиб яширади-да, иккинчи қўлини шундайлигича муштум қилиб: “Оламанми ёки ололмайманми?” дейди. Бир марта у менга ҳам: “Нима деб ўйлайсан, Меджи? Оламанми ё ололмайманми?” деб сўради. Мен мутлақо ҳеч нарсани тушунмадим, унинг этигини ҳидлаб кўриб, бир чеккага ўтиб кетдим. Кейин бир ҳафта ўтгач, ma chere, дадамиз жуда хурсанд қиёфада кириб келди. Эрталабдан мундир кийган жаноблар унинг ҳузурига келиб нима биландир табриклашди. Стол атрофида шунақаям қувноқ қиёфада ўтирар, латифалар айтиб берардики, уни ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаганман, тушликдан сўнг мени бўйнига кўтарди-да: “Қараб кўр-чи, Меджи, бу нима экан?” деди. Мен қандайдир тасмачани кўрдим. Уни ҳидладим, ёқимли бирорта ҳидни мутлақо сезмадим; ниҳоят, секингина ялаб кўрдим: бироз шўрроқ экан.

Ҳм! Бу кучукча, менимча, ҳаддидан ошиб… ишқилиб, калтак остида қолиб кетмасайди! Ҳа! У жуда иззатталаб экан! Буни эътиборга олиб қўйиш керак.

Хайр, ma chere, мен боришим керак ва ҳоказо… ва ҳоказо. Хатни эртага тугатаман. Вой-бў, салом! Мана, яна сен билан биргаман. Бугун менинг бекам, ойимқиз Софи…

Ҳа, қани кўрайлик-чи, Софи ҳақида нима демоқчи? Ўҳ, шайтонвачча!.. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ… давом эттирамиз.

…Ойимқиз Софи югур-югур, тўс-тўполондан бўшамади. У базмга боришга тайёргарлик кўра бошлади, мен суюниб кетдим, чунки у йўқлигида сенга хат ёзаман. Бекам кийинаётганда асабийлашиб, жаҳли чиқиб турса-да, барибир зиёфатга боришдан боши осмонга етади. Ma chere, унинг базмга боришдан ғоят мамнун бўлишини ҳеч тушунолмайман. Софи у ердан эрталабки соат олтида қайтади, мен унинг рангпар, ориқ кўринишидан у ерда бечорагинага овқат беришмаганини доимо билиб тураман. Гапнинг очиғи, мен ҳеч қачон бундай яшай олмаган бўлардим. Агар менга булдуруқли қайла ёки товуқ қанотидан тайёрланган қовурдоқ беришмаса… билмадим, ажалимдан беш кун бурун ўлсам керак. Бўтқали қайла ҳам ёмон эмас. Сабзи ёки шолғом, ё бўлмаса полиз экинларидан кўнглим кетади.

Ҳаддан зиёд нотекис бўғин. Одам боласи ёзмаганлиги шундоққина кўриниб турибди. Хатни бинойидай бошлайди-ю, итқараш қилиб тугаллайди. Қани, яна битта хатни кўриб чиқайлик-чи. Буниси жуда узундан узоқ экан. Ҳм! Санаси ҳам кўрсатилмабди.

Оҳ, жонгинам! Баҳор яқинлашаётгани анча сезилиб қолди. Юрагим бир нимани кутаётгандек шунақаям интиқлик билан уряптики, асти қўявер. Қулоғим остида бир нима шанғиллайди, кўпинча оёғимни кўтарганча, бир неча дақиқа эшикка қулоқ тутиб тураман. Сенга ёрилмоқчиман, хушторларим жуда кўп. Кўпинча деразага чиқиб, уларни кузатиб ўтираман. Эҳ, агар билсанг, уларнинг орасида шунақанги тасқаралари борки, кўрсанг кўнглинг озади. Беўхшов, аживаи-тараққос бир кўппак ҳаддан ташқари тўмтоқлиги, эси пастлиги пешонасига ёзиб қўйилганига қарамай, ўзини бир бало деб ўйлаб, кўчадан ўтиб бораркан, бутун оламда мендан машҳури бўлмаса керак, ҳамманинг икки кўзи менда, деб хаёл қилади. Бекорларни бештасини ебсан! Мен унга ҳатто эътибор ҳам бермадим, ўзимни кўрмаганликка олдим. Деразам олдига даҳшатли бир дог[7] келиб қаққайиб туришини айтмайсанми?! Агар у орқа оёқлари билан тик турса – бу қўпол, қўсқи шуни ҳам эплашига кўзим етмайди – бўйи анча баланд, тўладан келган Софининг дадасидан ҳам бир калла баланд келса керак. Бу безбет, тўнка бориб турган суллоҳга ўхшайди. Мен унга бир ириллаб бергандим, пинагини ҳам бузмаса-я! Ҳеч бўлмаса бурнини жийириб қўйса ҳам майли эди! Тилини осилтириб,қулоқларини лапанглатади-да, бақрайганча деразадан кўз узмайди – ана шунақа, жиннилиги миясига уриб кетган эркак бу! Ma chere, наҳотки сен менинг юрагим буларнинг ҳаммасига бирдек бефарқ, деб ўйласанг, – ў, йўқ… Қўшни ҳовлининг деворидан ошиб тушадиган Трезор отли хушторимни бир кўрсанг эди. Оҳ, ma chere, биргина тумшуқчасининг садағаси кетсанг арзийди!

Тфу, миянгга куйдирги чиққур!.. Шунақаям бемазалик бўладими?!. Ахир қандай қилиб хатни бунақанги аҳмоқона гаплар билан тўлдириш мумкин, менга одам ҳақида гапиринг! Мен одамни кўрмоқчиман; менга шундай фикрлар берингки, у қалбимни озиқлантирсин, вужудимга ором бағишласин; бунинг ўрнига қаёқдаги бўлар-бўлмас гаплар… бир саҳифасини ўтказиб юборамиз, шундай қилсак яхшироқ бўлар:

…Софи курсичада ўтирганча ниманидир тикиш билан банд эди. Мен дераза олдида кўчага тикилиб ўтиргандим, ўткинчи-йўловчиларни кузатишни яхши кўраман. Бирдан хизматкор кириб: “Теплов!” – деб қолди. “Чақир,– дея қичқириб юборди Софи ва югуриб келиб мени қучоқлаб олди. – Оҳ, Меджи, Меджи! Агар сен унинг кимлигини билсанг эди: сочлари қора, камер-юнкер[8], кўзларини айтмайсанми?! Кўзлари қоп-қора ва оловдек нурли!” – шундай дея Софи хонасига югуриб кетди. Бир дақиқа ўтгач, қора бакенбардли ёш камер-юнкер кириб келди, кўзгуга яқин келиб, сочларини тўғрилади ва хонани кўздан кечирди. Мен ириллаб қўйдим ва жойимга бориб ўтирдим. Софи тез чиқиб келди ва унинг оёқларини бир-бирига шарақлатиб уриб берган ҳарбийча саломига жавобан қувонч билан таъзим қилди; мен бўлсам, ўзимча, гўё ҳеч нарсани кўрмагандек, деразага қараб ўтиравердим; бироқ бошимни хиёл ён томонга энгаштириб, улар нима ҳақида гаплашаётганини эшитишга ҳаракат қилдим. Оҳ, ma chere! Турган-битгани беҳуда гаплар! Улар бир хоним рақсда қандайдир бир ҳаракат ўрнига бошқача ҳаракат қилгани; яна қандайдир Бобовнинг кийган либослари уни лайлакка ўхшатиб қўйгани ҳамда у йиқилиб тушишига сал қолгани; аллақандай Лидина кўзлари яшил бўлса-да, ўзича уларни кўк, дея хаёл қилиши ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида гаплашишди. “Камер-юнкер билан Трезорни тенглаштириб бўладими, – деб ўйладим мен.” Вой, Худойим-ей!Булар ўртасидаги фарқнинг катталигини қаранг! Биринчидан, камер-юнкернинг юзлари кенг ва сип-силлиқ, атрофини эса худди қора рўмолча билан боғлаб қўйгандек бакенбардлари қоплаб ётибди; Трезорнинг тумшуқчаси эса ингичкагина бўлиб, пешонасининг ўртасида оқ холи бор. Трезорнинг белини камер-юнкерники билан тенглаштириб ҳам бўлмайди. Унинг кўзлари, ўзини тутиши, эпчиллиги мутлақо ўзгача! Ў, буларнинг ўртасида осмон билан ерча фарқ бор! Билмадим, ma chere, у ўзининг Тепловида нима топди экан. Ўшани деб бунчалар эс-ҳушини йўқотмаса…

Менинг ўзимга эса, бу ерда бир нима бордек туюляпти. Камер-юнкер уни бу қадар мафтун қилиши мумкин эмас. Бу ёғини кўрайлик-чи:

Менимча, агар камер-юнкер унга ёққан бўлса, унда, ҳадемай, дадамиз хонасида ўтирадиган амалдор ҳам ёқиб қолади. Оҳ, ma chere, унинг қанақанги тасқаралигини билсайдинг. Тошини ташлаб қочган тошбақага ўхшайди…

Бу қайси амалдор бўлди экан?

Фамилияси ҳам аломат. У доимо хонада ўтирганча патқаламларнинг учини чиқаради. Бошидаги сочлари худди хашакка ўхшайди. Дадамиз уни хизматкор ўрнида ҳар хил ишларга…

Менимча, бу қабиҳ кучукча мени мўлжалга олаётганга ўхшайди. Нега энди сочларим хашакка ўхшаркан?

Софи уни кўрганда ўзини сираям кулгидан тиёлмайди.

Ёлғон гапиряпсан, лаънати кучукча! Тилинг кесилсин! Бу ҳасадгўйларнинг иши эканини гўё мен билмайдигандек. Гўёки мен бу гапларнинг тагида кимнинг ғайирлиги ётганини сезмайдигандек. Буларнинг ҳаммаси бўлим бошлиғининг кирдикорлари. Ахир у нафрат билан онт ичган эмасми – мана энди зарар кетидан зарар етказмоқда, ҳар қадамда зиён-заҳмат келтиришни ўйлайди. Лекин, майли, яна битта хатни кўриб чиқамиз. Балки унда ҳамма ишлар ўз-ўзидан ошкор бўлар.

Ma chere, Фидель, кўпдан бери хат ёзмаганим учун кечир. Мен ҳузур оғушида эдим. Қайсидир ёзувчи,муҳаббат бу – иккинчи ҳаётдир, дея асл ҳақиқатни айтган экан. Бунинг устига уйимизда катта ўзгаришлар содир бўлди. Камер-юнкер энди ҳар куни уйимизда ҳозиру нозир. Софи уни ақлдан озиш даражасида севиб қолган. Дадамиз жудаям хурсанд. Ер супуриб,доимо ўзига-ўзи гапириб юрадиган Григорийдан эшитишимча, ҳатто яқинда тўй бўлар эмиш; негаки, дадамиз Софини, албатта, ё генералга ёки камер-юнкерга, ё бўлмаса ҳарбий полковникка узатмоқчи…

 

Жин урсин! Бўлди, бошқа ўқиёлмайман… Етар, ё камер-юнкер, ё генерал. Дунёда бор ҳамма яхши нарсалар камер-юнкерга ёки генералга буюраркан. Бир бечора биронта бойлик топиб, энди қўлга киритай деганида, камер-юнкер ё генерал тортиб оларкан. Ҳаммаси даф бўлсин! Қани энди мен ҳам генерал бўлсайдим: унинг қизига эришиш ёхуд бошқа бир мақсадда эмас, йўқ, мен фақат улар атрофимда гирдикапалак бўлишларини, мана шунақа ўзаро ҳар хил қилиқлари, шамаю қочиримларини бир кўриб, кейин ҳар иккингизга ҳам тупураман, дейиш учун генерал бўлишни хоҳлардим. Йўқолсин ҳаммаси! Одамга алам қиларкан! Аҳмоқ кучукчанинг хатларини йиртиб, парча-парча қилиб ташладим.

3 декабрь

Бўлиши мумкин эмас. Буларнинг ҳаммаси уйдирма гаплар! Ҳеч қанақа тўй бўлмайди! Камер-юнкер бўлса нима бўпти! Ахир бу унвондан бўлак ҳеч нарса эмас-ку; у кўзга кўринадиган нарса эмаски, бундоқ қўл билан ушлаб кўрсанг. Ахир камер-юнкер бўлсанг, пешонангда учинчи кўз пайдо бўлмайди-ку. Ахир унинг бурни меники ва бошқаларники каби тилладан ясалган эмас-ку; шу бурни билан ҳидлайди, овқат емайди-ку, аксиради, йўталмайди-ку! Мен бир неча маротаба ана шу ҳар хиллик қаердан пайдо бўлишининг тагига етмоқчи бўлдим. Нега мен титуляр маслаҳатчиман[9] ва қандай қилиб титуляр маслаҳатчи бўлиб қолганман? Балки мен қандайдир граф ёки генералдирман-у, ўзимга титуляр маслаҳатчидек туюлаётгандир. Балки кимлигимни ўзим ҳам билмасман. Одам ўзи қандайдир оддий, оқсуяклик у ёқда турсин, анчайин бир майда савдогар ёки деҳқон бўла туриб, тагини суриштирсангиз бой-тўралар наслу насабидан, баъзида эса шоҳлар рутбасидан эканлиги маълум бўлади, ахир тарихда бунга мисоллар кўп-ку. Баъзида оддий оми деҳқондан шунақаси чиқиб турса, аслзодадан нима чиқиши мумкин? Масалан, мен бирдан генераллик мундирида кириб борсам: ўнг елкамда эполет, чап елкамда ҳам эполет, елкамдан зангори тасма ўтказилган бўлса нима қилади? У ҳолда менинг гўзалим қандай сайраб қоларкин? Дадаси, бизнинг директоримиз нима деган бўларди? Ў, у ўтакетган шуҳратпараст одам! У масон[10], албатта, масон, гоҳ ундай, гоҳида бундай кўриниб, ўзини гўлликка солиб юрса-да, аслида унинг масонлигини дарҳол пайқаганман: агар у бировга қўл узатса ҳам, фақат иккита бармоғини беради. Наҳотки, мени ҳозирнинг ўзидаёқ генерал-губернатор ёхуд интендант, ё бўлмаса, бор ана, бошқа биронтаси қабул қилмаса? Мен нима учун титуляр маслаҳатчи эканимни билишни хоҳлардим. Нега айнан титуляр маслаҳатчиман?

5 декабрь

Мен бугун эрталабдан газета ўқишга киришдим. Испанияда ғалати ишлар бўляпти. Мен ҳатто бу ишларни яхши англай олмадим. Тахт бекор қилингани ҳамда мансабдорлар меросхўр тайинлашда мушкул аҳволда қолганликлари ва шундан норозиликлар келиб чиқаётгани ҳақида ёзишибди. Бу менга фавқулодда ғалати бўлиб туюлди. Қандай қилиб тахт бекор қилиниши мумкин? Айтишларича, қандайдир аёл тахтга ўтириши керак экан. Аёл тахтга ўтиролмайди. Ҳеч қанақасига ўтиролмайди.Тахтда фақат қирол бўлиши мумкин. Ҳа, айтишларича, қирол йўқ эмиш – қирол йўқ бўлиши мумкин эмас. Давлат қиролсиз бўлмайди. Қирол бор, фақат унинг қаердалиги номаълум. У балки ўша ернинг ўзида бўлиши мумкин, бироқ қандайдир оилавий сабаблар ёки қўшни давлатлар: Франция ва бошқа ерлар хавф солиб тургани учун уни яширинишга мажбур қилишмоқда ёки яна қанақадир бошқа сабаблари бордир.

 8 декабрь

Мен департаментга бораман деб астойдил отлангандим, турли сабаб ва мулоҳазалар йўлимни тўсди. Испаниядаги воқеаларни ҳеч калламдан чиқаролмадим. Аёл киши қандай қилиб қиролича бўлиши мумкин? Бунга йўл қўйишмайди. Аввало, биринчидан, Англия йўл қўймайди. Бунинг устига бу иш бутун Европанинг сиёсий ҳаётига тааллуқли: Австрия императори, бизнинг шоҳимиз… Тан оламан, бу воқеалар менга шу қадар қаттиқ таъсир қилди ва ларзага солдики, бутун кун бўйи қўлим ҳеч ишга бормади. Овқатланаётганимда Мавра мени “жудаям паришонсиз, эс-ҳушингиз жойида эмас”, дея огоҳлантирди. Тўғри, назаримда, мен хаёлпаришонлик қилиб, иккита ликопчани полга ташладим, улар шу заҳотиёқ синиб, чил-чил бўлди. Тушликдан сўнг тоғ[11] тагига бордим. Ҳеч қанақа ибратли нарса кўрмадим. Кўпроқ каравотда ётиб, Испанияда бўлаётган воқеалар ҳақида мулоҳаза юритдим.

2000 йил сана 43 апрель

Бугунги кун – улуғвор тантана куни. Испанияда қирол бор. У топилди. Ўша қирол менман. Ўзим ҳам буни айнан шу бугун билдим. Гапнинг очиғи, бирдан кўнглим гўё яшиндек ёришиб кетди. Қандай қилиб мен ўзимни титуляр маслаҳатчи дея ўйлаганимни ва тасаввур қилиб юрганимни ҳеч тушунолмайман. Бу аҳмоқона фикр қандай қилиб миямга ўрнашиб қолди экан? Яхшики, ўша пайтларда мени жиннихонага тиқиб юбориш фикри ҳеч кимнинг хаёлига келмабди. Энди тўрт томоним қибла. Энди ҳамма нарсани худди кафтдагидек кўриб турибман. Аввал эса, тушунолмайман, авваллари қаршимдаги жамики нарсани қанақадир туман қоплагандек эди. Буларнинг ҳаммаси, ўйлашимча, одамлар мия бош қобиғида деб тасаввур қилишидан келиб чиқмоқда; йўқ, мутлақо ундай эмас: у Каспий денгизи томонидан шамол орқали етиб келади. Олдин мен Маврага ким эканимни айтдим. У қаршисида испан қироли турганини эшитгач, қўлларини силкиб-силкиб, чапак чала бошлади ва қўрқувдан жон таслим қилишига сал қолди. Бу аҳмоқ хотин ҳеч қачон испан қиролини кўрмаган-да. Бироқ мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим ва мулойим гаплар билан яхши ниятда эканлигимга ҳамда у баъзида этигимни яхшилаб тозаламагани учун ҳечам жаҳлим чиқмаётганлигига ишонтирмоқчи бўлдим. Ахир бу қора халқ-да. Буларга осмондаги гапларни гапириб бўладими? У Испаниянинг ҳамма қироллари Филипп II[12] га ўхшайди, деган ишонч билан юргани учун қўрқиб кетди. Лекин унга Филипп билан ўртамизда ҳеч қанақа ўхшашлик йўқлигини ҳамда ҳеч қандай капуцин[13] эмаслигимни тушунтирдим… Департаментга бормадим… Садқаи сар! Йўқ, оғайнилар, энди мени айёрлик билан чақириб ололмайсизлар: мен энди сариқ чақага қиммат қоғозларингизни қайта кўчириб ўтирмайман!

 86 мартобрь

 Кун билан тун ўртасида

Бугун ишга чиқмай қўйганимга уч ҳафтадан ошгани, департаментга боришим лозимлигини айтиш учун экзекуторимиз[14] келди. Мен шунчаки, ўйин қилиш учун департаментга бордим. Бўлим бошлиғи таъзим қилиб, узр сўрашга тушади, деб ўйлаган, аммо мен унга у қадар жаҳл қилмадим, ҳаддан ортиқ илтифот ҳам кўрсатмадим, ҳеч ким билан иши йўқ кишидек жойимга бориб ўтирдим. Идорадаги ҳамма таги пастларга тикилганча: “Агар ораларингда ким ўтирганини билсаларинг нима бўлади… Худо ҳақи! Қанақа шовқин-сурон кўтарган бўлардиларинг, бўлим бошлиғининг ўзи директорга қандай таъзим қилса, менинг олдимда ҳам боши ерга теккунча эгиларди”, – деб ўйладим. Олдимга кўриб чиқиб, хулоса қилишим учун қандайдир қоғозларни келтириб қўйишди. Бироқ мен уларга қўлимнинг учини ҳам теккизганим йўқ. Бир неча дақиқадан сўнг ҳамма саросимага тушиб қолди. Директор келаётганини айтишди. Амалдорларнинг кўпчилиги ўзини кўрсатиш учун танаффус қилишга югуриб қолди. Лекин мен қимир этмай жойимда ўтиравердим! У бизнинг бўлимимиздан ўтаётганда ҳамма фракларининг тугмасини тақишга тушди: мен эса жойимдан жилганим йўқ! Директор бўлса ўзига! Нега унинг қаршисида ўрнимдан туришим керак экан – ҳеч қачон! Шуям директор бўптими? У директорми, шиша идишнинг тиқинидан бўлак бошқа нарса эмас. Оддий тиқин, алмисоқдан қолган тиқин – бошқа нарсамас. Шиша идишни очганда чиқадиган тиқин. Менга қўл қўйиш учун қоғоз беришгани ҳаммасидан қизиқ бўлди. Улар қоғознинг бурчагига бўлим бошлиғи фалончи, деб ёзиб қўйишимни кутишган. Бекоргинани айтибсиз! Мен қоғознинг департамент директори имзо қўядиган энг муҳим жойига “Фердинанд VIII” деб ёзиб қўйдим. Қанақанги эъзозли, иззат-икромга тўла сукунат ҳукм сурганини бир кўрсангиз эди; лекин мен қўлимни силтаб: “Ҳеч қандай итоаткорона ҳаракатларнинг ҳожати йўқ!” – дедим-да, чиқиб кетдим. У ердан тўғри директорнинг уйига йўл олдим. У уйда йўқ эди. Малай мени киргани қўймади, бироқ унинг кифтига шунақанги гапларни қўндирдимки, нима қилишини билмай, довдираб қолди. Тўппа-тўғри пардоз-андоз хонасига кириб бордим. У кўзгу қаршисида ўтирган экан, сакраб ўрнидан турди-да, мендан четлана бошлади. Бироқ мен унга испан қироли эканимни айтмадим. Фақат уни тасаввурга сиғмайдиган бахт кутаётганини, душманлар макру ҳийлаларига қарамай биз бирга бўлишимизни айтдим. Бундан ортиқ гапиришни хоҳламадим ва чиқиб кетдим. Ў, аёл – нақадар макрли зот! Аёл нима эканининг тагига энди етдим. Шу чоққача у кимни севиб юрганини ҳеч ким билмайди: буни мен биринчи бўлиб кашф этдим. Аёл шайтонни севиб қолди. Ҳа, ҳазиллашаётганим йўқ. Физиклар у унақа-бунақа, деб аҳмоқона гапларни ёзишади – у фақат шайтонни севади. Ана, кўряпсизми, у биринчи яруснинг ложасидан лорнети билан ўлжа қидиряпти. У юлдузли семиз кишига қараяпти, деб ўйлайсизми? Мутлақо ундай эмас, у ўша кишининг ортида турган шайтонга қараяпти. Ана, шайтон ўша кишининг фракига яшириниб олди. Ана, у ўша ердан уни имлаб чақиряпти! У ўшанга турмушга чиқади. Ҳа, турмушга чиқади. Ҳаммаси – уларнинг амалдор оталари доимо хушомадгўйлик қилиб, саройга тиқилиб кириш йўлларини ахтаради ва ўзларини ватанпарварман, ундайман, бундайман дейишади! Пул, бойлик, мол-мулк орттириш йўлларини излайди, бу ватанпарварлар! Онасини, отасини, Худосини пулга сотади, шуҳратпарастлар, Худони сотувчи савдогарлар! Бошдан охир шуҳратпарастлик, тилнинг тагида кичкина пуфакча яширин, пуфакчада эса кичкина, катталиги тўғноғичнинг бошидек келадиган чувалчанг борлигидан келиб чиқаётган шуҳратпарастлик, буларнинг ҳаммасини Гороховая кўчасида яшайдиган сартарош қиляпти. Унинг исмини эслай олмайман; бироқ, шу нарса шубҳасиз маълумки, у бир доя кампир билан бутун дунёга ислом динини ёймоқчи, айтишларига қараганда, Франция халқининг кўпчилиги шунинг учун ҳам Муҳаммад пайғамбарни тан олади.

Қайсидир сана

Куннинг санаси йўқ эди

Нева шоҳкўчасини махфий қиёфада кезиб юрдим. Шоҳимиз император ўтиб борарди. Бутун шаҳарликлар ва улар қатори мен ҳам телпагимни ечдим; бироқ испан қироли эканимни билдирмадим. Кимлигимни шу ерда, ҳамманинг олдида билдириш одобдан эмас, аввало сарой аҳлига ўзимни танитишим лозим. Ҳанузгача қироллик либосларим йўқлиги йўлимга ғов бўлиб турибди. Ҳеч бўлмаса қандайдир ридо топсам эди. Тикувчиларга буюртма берай десам, булар бориб турган эшакнинг ўзгинаси, бунинг устига доим ишни пала-партиш, чалакам-чатти қилишади, алдам-қалдамга муккасидан кетган, кўча-кўйда тош теришдан бошқа нарсага ярамайди. Мен ридони бор-йўғи икки мартагина кийганим янги вицмундирим[15]дан  тикишга қарор қилдим. Бироқ бу аблаҳлар бузиб қўйиши мумкинлигини ҳисобга олиб, ҳеч ким кўрмаслиги учун эшикни яхшилаб ёпиб, ўзим тикишга аҳд қилдим. Мен уни қайчи билан бошдан-оёқ қирқиб чиқдим, ахир бичими бошқача бўлиши керак.

 

Санани эслолмайман. Ойи ҳам йўқ эди.

Жин урсин! Бу нима ўзи?

Ридо тикилди ва кийиш учун мутлақо тайёр ҳолга келтирилди. Уни кийганимда Мавра қичқириб юборди. Аммо ўзимни сарой аҳлига танитиш хусусида ҳали бир қарорга келганим йўқ. Испаниядан ҳали-ҳануз депутатлар келгани йўқ. Депутатларсиз бориш одобдан эмас. Қадр-қимматимнинг ҳеч қандай салмоғи бўлмайди. Уларнинг келишини соатма-соат кутяпман.

1-сана

Депутатларнинг ҳаддан ташқари сусткашлиги мени ҳайратга солмоқда. Қандай сабаблар уларнинг йўлида тўсиқ бўлиши мумкин? Наҳотки Франция бўлса? Ҳа, бу энг бўлмағур давлат. Испан депутатлари келишдимикан, дея суриштириш учун почтага бордим. Бироқ почта мудири ҳеч нарсани билмайдиган, ғирт мияси йўқ киши экан: йўқ, бу ерда ҳеч қанақа депутатлар йўқ, дейди; агар хат ёзмоқчи бўлсангиз, биз уни ўрнатилган тартибда қабул қилиб оламиз, эмиш! Жин урсин! Хат дегани нимаси? Хат – бу беҳуда, бўлмағур нарса. Хатни дорихонада ишлайдиганлар ёзади.

Мадрид.Ўттизинчи февруарий.

Шундай қилиб, мен Испаниядаман, бу воқеа шу қадар тез содир бўлдики, кўз очиб-юмишга ҳам улгурмадим. Бугун эрталаб, олдимга испан депутатлари келишди ва мен улар билан бирга извошга ўтирдим. Бунақанги ғайриоддий тезкорлик менга қизиқ туюлди. Биз шунақанги жадал юрдикки, ярим соат ичида испан чегарасига етиб келдик. Қолаверса, ҳозир бутун Европада йўллар чўяндан қилинган, пароходлар ҳам ниҳоятда тез юради. Испания ғаройиб давлат экан: биз биринчи хонага кирганимизда, мен кўплаб тақирбош одамларни кўрдим. Бироқ дарров фаҳмладим, булар ё грандлар[16] ёки аскарлар бўлиши керак, чунки улар бошларини қиртишламоқда эди. Қўлимдан ушлаб, етаклаб юрган давлат канцлерининг муомаласи менга жуда ғалати кўринди; у мени чоғроқ хонага итариб киргизди-да: “Шу ерда ўтир, агар ўзингни қирол Фердинанд деб атайдиган бўлсанг, бу хоҳишингни ўзим йўқ қилиб ташлайман”, деди. Аммо мен бу васвасага солиб йўлдан оздиришдан бошқа нарса эмаслигини билганим учун рад жавобини бердим – канцлер таёқ билан белимга икки марта шунақанги қаттиқ урдики, оғриқдан қичқириб юборишимга сал қолди, бироқ бу юқори лавозимга киришишдан олдин бўладиган рицарлар таомили эканини эслаб, ўзимни босдим, чунки Испанияда ҳозиргача рицарлик урф-одатларига амал қилинади. Бир ўзим қолгач, давлат ишлари билан шуғулланишга киришдим. Мен Хитой билан Испания битта давлат эканини кашф этдим, фақат нодонлик туфайли уларни бошқа-бошқа мамлакат дея ҳисоблашади. Мен ҳаммага қоғоз олиб, унга атайин Испания деб ёзишларини маслаҳат бераман, қарабсизки, Хитой ўз-ўзидан келиб чиқади. Аммо эртага бўладиган ҳодисалар ниҳоятда дилимни сиёҳ қилмоқда. Эртага соат еттида ғаройиб воқеа рўй беради: ер ойга ўтиради. Бу ҳақда машҳур инглиз кимёгари Веллингтон ҳам ёзмоқда. Ойнинг ниҳоятда нафислиги ва мўртлигини кўз олдимга келтириб, юрагимни таҳлика босганини тан оламан. Ахир ойни одатда Гамбургда ясашади: ясашганда ҳам жуда ёмон ясашади. Англия нега бунга эътибор бермайди, деб ҳайрон бўламан. Уни чўлоқ бочкасоз ясайди, бу аҳмоқнинг ой ҳақида ҳеч қандай тушунчаси йўқлиги кўриниб турибди. У ойни ёғоч мой билан қатронли йўғон чиркай арқондан ясабди; ана шундан бутун ер юзини қўланса ҳид босиб кетган, одамлар бурунларини беркитиб юришга мажбур. Шундан бизнинг оймомамиз – ажойиб нафис шар бўлишига қарамай, унда одамлар яшолмайди, энди у ерда фақат бурунлар яшайди. Айнан ана шу сабабларга кўра биз бурнимизни кўролмаймиз, негаки, улар ойни ўзларига макон қилиб олишган. Ер жуда оғир нарса эканини, агар у ойга ўтирса, бизнинг бурунларимизни янчиб, инжириғини чиқариб юбориши мумкинлигини англаб етганимдан кейин мени шунақаям ваҳима ва хавотир босдики, пайпоғим ҳамда бошмоқларимни кийиб, полицияга ернинг ойга ўтиришига йўл қўймаслик ҳақида буйруқ бериш учун давлат кенгаши залига югурдим. Бу ерда бир дунё бошлари қиртишланган грандларга рўпара келдим, улар жуда ҳам ақлли халқ экан: “Жаноблар, ойни қутқаришимиз керак, ер унга ўтирмоқчи” деганимда ҳаммалари менинг монархлик хоҳишимни бажариш учун югуриб кетишди, уларнинг кўпчилиги ойни олиш учун деворга тирмашиб чиқа бошлашди; бироқ айни шу дамда буюк канцлер кириб қолди. Уни кўриб ҳамма қочиб кетди. Мен, қирол сифатида, бир ўзим қолдим. Лекин мени ҳайрон қолдиргани шуки, канцлер мени таёқ билан уриб, хонамга ҳайдаб юборди. Испанияда ана шундай халқ урф-одатлари ҳукм суради!

Февралдан кейин келган

йилнинг январь ойи

Испания давлатининг қанақалигини ҳанузгача тушунолмаяпман. Халқ урф-одатлари ва сарой ахлоқ-одоб қоидалари мутлақо ғайриоддий. Тушунмайман, тушунмайман, мутлақо ҳеч нарсани тушунолмайман. Бугун монах бўлишни хоҳламаслигимни айтиб, қанчалар бақир-чақир қилганимга қарамай, сочимни қириб ташлашди. Лекин бошимга совуқ сув томизишни бошлагунларича менга нима бўлганини эслолмайман. Бунақа жаҳаннам азобини ҳеч ҳис қилмагандим. Қутуриб кетишим тайин эди, бироқ мени зўр-базўр ушлаб қолишди. Мен бу ғалати одатнинг нима аҳамияти борлигини сираям тушунмайман. Ғирт аҳмоқона, бемаъни одат! Бу одатни ҳанузгача йўқ қилиб юбормаётган қиролларнинг аҳмоқлигига ақлим бовар қилмайди. Барча эҳтимолларга кўра сезиб турибман: инквизиция қўлига тушиб қолмадиммикан, мен канцлер деб ўйлаганим буюк инквизиторнинг ўзгинаси эмасмикан? Фақат бир нарсанинг тагига етолмаяпман, қандай қилиб қирол инквизицияга дучор бўлиши мумкин. Тўғри, бу ишга Франция ва айниқса, Полинияк[17] бош қўшган. Ў, маккор Полинияк! Ўла-ўлгунча менга қасд қилишга онт ичган. Мана энди мени азоб устига азоб юбориб қийнамоқда; аммо биламан, ошнам, инглиз сени бурнингдан ип ўтказиб олган. Инглиз катта сиёсатчи. У ҳамма ерда ҳийла-найранг ишлатади. Англия тамаки ҳидласа, Франция аксиришини бутун дунё билади.

25-сана

Бугун буюк инквизитор хонамга келди, бироқ мен узоқдан унинг оёқ товушларини эшитиб, стул тагига яшириниб олдим. У йўқлигимни кўриб, мени чақира бошлади. Аввал “Попришин!” деб қичқирди, – мен чурқ этганим йўқ. Кейин “Аксентий Иванов! Титуляр маслаҳатчи! Зодагон!”, – деб чақирди. Мен жим туравердим. “Фердинанд VIII, испан қироли!” – деганда стул тагидан бошимни чиқармоқчи бўлдиму кейин ўйлаб қолдим: “Йўқ, оғайни, алдаёлмайсан! Сени биламиз: яна бошимдан совуқ сув қуясан”. Бироқ у мени кўриб қолди ва таёғи билан уриб, стул тагидан ҳайдаб чиқарди. Лаънати таёғи жуда қаттиқ тегади, оғриғига сира чидаб бўлмайди. Лекин шу азоблар эвазига ҳозирги кашфиётим яхши туҳфа бўлди: мен ҳар қандай хўрознинг Испанияси борлигини ва у хўрознинг патлари остида эканини билиб олдим. Аммо буюк инквизитор қандайдир жазо билан қўрқитмоқчи бўлиб, олдимдан дарғазаб ҳолда чиқиб кетди. Инглизнинг қуроли сифатида худди машинадек ишлаётганини билганим учун унинг бу заиф қаҳрини назар-писанд қилмадим.

Са 34 на Ой илй

349 февраль

Йўқ, чидашга ортиқ тоқатим қолмади. Эй, Худойим! Улар мени нима қилмоқчи?! Бошимдан совуқ сув қуйишади! Улар мени кўрмайди, тушунмайди, гапларимга қулоқ солмайди. Уларга нима ёмонлик қилдим? Нега мени қийнашади? Улар мен бечорадан нима истайди? Мен уларга нима бера оламан? Менинг ҳеч нарсам йўқ. Силлам қуриди, кучим йўқ, бу азоб-уқубатларни кўтаролмайман, бошим ловуллаб ёняпти, кўз олдимда ҳамма нарса ҳалқа-ҳалқа бўлиб айланяпти. Ёрдам беринг менга! Мени қутқаринг! Олиб кетинг мени бу ердан! Менга шамолдек учқур уч отли извош беринг! Аравакашим, ўтир, қўнғироқчам, жирингла, тулпорларим, шамолдек елинг ва мени бу дунёдан олиб кетинг! Узоққа, узоқ-узоқларга, ҳеч нарса, ҳеч нарса кўринмайдиган томонларга. Ана, осмонда паға-паға булутлар сузиб юрибди; ҳув олисда бир юлдузча чарақлаб турибди; қорамтир дарахтлари ва оймомо билан ўрмон ўтиб бормоқда; ер бағирлаб, оёқларим остини кўкимтир туман қопламоқда; туман қўйнида қандайдир соз оҳанглари қулоққа чалинади; бир томонда денгиз, иккинчи томонда Италия; ана, рус ёғоч уйлари кўзга ташланиб қолди. Ҳув, олисдаги кўкимтир уй меники эмасмикан? Дераза олдида ўтирган онамдир балки? Онажон, бечора ўғлингни қутқар! Бир томчи кўз ёшинг хаста бошига даво эмасми? Кўз ёшингни аяма! Қара, улар пажмурда жигаргўшангга қанчалар азоб беришмоқда! Бағри қон етимчангни иссиқ бағрингга ол, онажон! Унга бу ёруғ оламда жой йўқ! Улар мени қувғин қилишмоқчи!Онажоним! Хастадил, бемор ўғлингга раҳм қил!..Ҳа, айтгандек, Жазоир Бейининг[18] нақ бурни тагида ғурраси борлигини биласизми?

Рус тилидан Фарҳод Файзиев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 10-сон

_______________________

[1] “Северная пчела” – 1838–1866 йилларда Россияда нашр этилган газета.

[2] Бу шеър муаллифи – Н.П.Николаев.

[3] Петербурглик тикувчилар тиккан фрак (тарж.).

[4] Чор Россиясида фуқоролик хизматидаги энг қуйи мансаб (тарж.).

[5] Водевиль – бир-икки пардали кичик комедия (тарж.).

[6] Қадрдоним (франц.).

[7] Dog – ит, кўппак (инг.).

[8] Камер-юнкер – саройдаги қуйи унвон (тарж.).

[9] Титуляр маслаҳатчи – саройда тўққизинчи даражадаги маслаҳатчи (тарж.).

[10] XVIII асрда пайдо бўлган диний-фалсафий оқим; унинг тарафдорлари ахлоқни камолотга етказиш вазифасини қўйган; лекин сиёсатда инқилобий йўл тутган. Масон – ана шу оқим вакили.

[11] Яъни Адмиралтейство яқинидаги муз тепага чанғи, коньки учишларини томоша қилишга бориш.

[12] Испания қироли Филипп II даврида (1527–1598) 1556 йилдан бошлаб католик жаҳолатпарастлиги ортиб, инквизиция зўравонликлари ҳаддан ошиб кетганди.

[13] Капуцин – тарки дунё қилган католик монахлари орденининг аъзоси (тарж.).

[14] Экзекутор – чор Россиясида идора ва муассасаларнинг хўжалик ишларини бошқарувчи амалдор (тарж).

[15] Вицмундир – чор Россиясида амалдорларнинг расмий кийими (тарж.).

[16] Гранд – испан сарой амалдори.

[17] Жюль Полиньяк (1780–1847) француз инқилобчиси, 1829–1830 йилларда вазирлар кенгашига раҳбарлик қилган.

[18] Бей – Жазоирда 1711 –1830 йилларда амалда бўлган умрбод ҳукмдорлик қилиш унвони.