Николай Эрдман. Ўзимни ўлдираман (драма)
ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР: П о д с е к а л ь н и к о в С е м ё н С е м ё н о в и ч. М а р и я Л у к ь я давоми…
Николай Робертович Эрдман – таниқли рус драматурги ва атоқли киносценарийчи. У “Мандат” ва “Ўзимни ўлдираман” номли комедияларнинг, “Шўх йигитлар”, “Волга-Волга”, “Довюрак кишилар” ҳамда яна бир қатор машҳур фильмлар сценарийларининг муаллифи.
Н.Эрдманнинг ижодий тақдири кўп жиҳатдан машҳур рус ёзувчиси “Уста ва Маргарита” романининг муаллифи М.А.Булгаковнинг тақдирига ўхшаб кетади.
Унинг 1930 йилда Мейерхольд театрида саҳнага қўйиш учун тайёрланган “Ўзимни ўлдираман” комедиясини Л.М.Каганович бошчилигида келиб кўрган давлат комиссияси пьеса премьерасини тақиқлайди. Бундан олдин мазкур пьеса учун кескин курашлар бўлган эди. Станиславский бу ҳақда Сталинга мактуб ҳам ёзган эди. Аммо “халқлар отаси” ўзининг севикли “мушук-сичқон” ўйинини қилиб, пьесанинг қўйилишига тил учида розилик беради-ю, лекин ўз жавоби охирида пьесанинг мухлиси эмаслигини қистириб ўтади.
Оқибат, пьеса Мейерхольд театрида ҳам, МХАТда ҳам охирги бош репетициядан кейин саҳнадан олиб ташланади.
Шу-шу бўлди-ю, Н.Эрдман пьеса ёзмай қўйди. Лекин у кенг жамоатчилик назаридан четда қолмади. У ўз ижодини бошқа соҳада давом эттира бошлади. У интермедиялар, жуда кўп кинофильмлар, мультфильмлар учун сценарийлар ёзди.
У 1933 йили ҳибсга олинади ва НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) қошидаги Махсус кенгаш қарори билан, олдин Енисейскка, сўнг Томскка сургун қилинади. Н.Эрдманнинг сургун муддати 1936 йилда тугайди. Аммо унга СССРнинг энг йирик тўққизта шаҳаридан бошқа жойлардагина истиқомат қилишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, унинг номи “Шўх йигитлар”, “Волга-Волга” фильмларининг титрларидан олиб ташланади.
Гарчи Эрдман пьесаларини саҳналаштириш тақиқланган бўлса ҳам, у “Мандат” ва “Ўзимни ўлдираман” комедияларининг муаллифи сифатида театр осмонида мудом порлоқ юлдуз бўлиб чақнаб турди.
Н.Эрдман ХХ съезддан кейин Хрушчёв даврида “илиқлик” бошланганда, “Ўзимни ўлдираман” комедиясининг саҳнага қайтишини интизорлик билан кутган эди. Бу пайтда пьесани чоп этишга, саҳнага қўйишга уринишлар кўп бўлди.
Лекин афсус: Сталин тақиқи мансабдор шахсларга ҳануз ўзининг сирли таъсир кучини ўтказиб келарди.
Н.Эрдман 1970 йилда дунёдан кўз юмди. Агар ўша 1930 йилда “Ўзимни ўлдираман” пьесасининг премьерасига ижозат берилганда эди, муқаррар, театрлар унинг яна кўп ажойиб пьесалари билан ўз репертуарларини бойитган бўлардилар.
Афсус, у бошқа биронта ҳам пьеса устида қалам сурмади.
1985 йилдан кейин “Мандат” ва “Ўзимни ўлдираман” комедиялари Европа ва Американинг, шунингдек, Русиянинг ва ҳамдўстлик мамлакатларининг бир қатор театрларида намойиш қилина бошланди. Бизнинг республикамиз Ўзбекистонда ҳам “Ўзимни ўлдираман” комедияси Аброр Ҳидоятов номли театрда Баҳодир Йўлдошев бошчилигида “Алвидо, ҳаёт!” номи билан 1988 йилда саҳналаштирилди.
Бугунги кунда Николай Эрдман пьесаларининг жуда кўп театрларда саҳналаштирилиши, китоб сифатида чоп этилиши ижод аҳлининг узоқни кўрмайдиган, ношуд ва муваққат мансабдорлар устидан охир-оқибат ғалаба қозонажагидан далолатдир.
ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР: П о д с е к а л ь н и к о в С е м ё н С е м ё н о в и ч. М а р и я Л у к ь я давоми…