Никколо Макиавелли. Ҳукмдор

ОЛИЙ ҲАЗРАТЛАРИ ЛОРЕНЦО ДЕИ МЕДИЧИГА — НИККОЛО МАКИАВЕЛЛИДАН

Одатда, ҳукмдорни хурсанд этиш ва оқибатда меҳрини қозониш ниятида, одамлар бисотидаги энг ардоқли нарсаларидан отми, қурол-яроғми, ажойиб матоларними ёки қимматбаҳо тош, зебу зийнатларми, хуллас, ҳукмдорларнинг шаъну шавкатига мос келадиган буюмларни совға қиладилар. Мен эса, Сизга бўлган садоқатимга гувоҳлик бера оладиган ашёни излаб-излаб, тасарруфимдаги мол-мулк ичидан, ўтмиш воқеаларини ва шу кундаги жараёнларни, кўп йиллик ўрганишим туфайли тўплаган — буюк инсонларнинг буюк ишлари ҳақидаги билимимдан бошқа қимматлироқ нарса тополмадим. Тўплаган билимларимни мушоҳада қилишга ҳам кўп вақт сарфлаб, фикрларимни мўъжазгина бир битикчага жамладимки, уни Сизга юборишга жазм этдим. Ушбу иншоимни Сизга юзма-юз туришга нолойиқ деб ҳисобласам-да, Сизнинг ўта кечиримли феълингизга ҳамда кўп йиллик хавф-хатарлар, хавотир ва ташвишлар эвазига топилган билимларимни жуда қисқа вақт ичида кўриб чиқиш имконини берувчи ушбу асаримдан ортиқроқ нарсани туҳфа қилолмаслигимни сезишингизга ишониб, уни қабул қиларсиз деган умиддаман. Ушбуни ёзаётганимда асарим ўзининг ўзгачалигию мавзусининг ўта муҳимлиги билангина тан олинишини истаганим, акс ҳолда, ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишига розилигим учун, баъзиларга ўхшаб тилини ҳашамдор, услубини гажакдор қилишни, жарангдор сўзларни ишлатишни асло ўйламадим. Кўнглимдан кечган яна бир туйғу шуки, паст табақадан чиққан, ҳақиру фақир бир кимса давлат ишларига аралашиб, ҳукмдорларнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама этиш, йўл-йўриқ кўрсатишдек сурбетликка борибди деган фикр пайдо бўлмаслигини истардим. Зероки, манзара чизаётган рассом, тоғ ва тепаликларни тасвирлайман деса водийга тушиши ва, аксинча водийни тасвирлайман деса тоққа чиқиши зарур бўлганидек, элни билиш учун ҳукмдор бўлиш керак, ҳукмдорларни билиш учун эл қаторида юриш шарт.
Ўтинчим борки, ушбу камтарин совғани Олий ҳазратлари менинг юрагимни эгаллаган туйғуларга ҳамоҳанг туйғу билан қабул қиладилар; агар сиз ушбу асарни қунт билан ўқиб мушоҳада этишга қарор берсангиз Сиз Олий ҳазратларининг юксак фазилатларингизга лойиқ келувчи буюкликни тақдирдан тилашим нечоғлик чексизлигини сезиб оласиз. Ва агарда, Сиз Олий ҳазратлари насибангизга яраша кўтарилган юксаклигингиздан — мен судралиб юрган тубанликка кунлардан бир кун назар ташлаб қолсангиз, тақдирнинг энг қаттиқ таънаю дашномлари менинг чекимга ноҳақ равишда тушаётганлигини кўрган бўлардингиз.

I б о б

МАМЛАКАТЛАРНИНГ НЕЧА ТУРДАЛИГИ ВА УЛАРНИНГ ЭГАЛЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ

Авом устидан ҳокимияти мавжуд барча мамлакат, барча давлатлар ўтмишда-да, ҳозирда-да моҳиятан тузуми ёки республика бўлади, ёки якка ҳоким томонидан бошқарилади. Якка ҳокимчилик — агар ҳокимнинг сулоласи узоқ давр тахт сурган бўлса, меросий бўлади ёки янги эгалланган бўлади. Янги ҳокимият тўлиқ бир давлат устидан ёки бошқа давлатнинг бир бўлаги устидан ўрнатилади. Биринчи тоифага Франческо Сфорца қўлига ўтган Миланни; иккинчи тоифага Испания истило этган Неаполитан қироллигини мисол қилиб келтириш мумкин. Янги вилоят ва давлатлар — ўз қурол кучи билан ёки бировнинг қурол кучи билан олинади. Шунингдек, тақдир туҳфаси сифатида ҳам тегиши ёки шахсий жасорат туфайли қўлга киритилиши мумкин. Уларнинг ҳокимларга бўйсунишга одатланган ёки, аксинча, қадимдан эркинликда яшашга ўрганган бўлишини албатта, ҳисобга олмоқ кераклигини таъкидлаш жоиз.

II б о б

МЕРОСИЙ ЯНГИ ҲОКИМЛИК

Республика масаласига тегмайман, чунки у хусусда бошқа асаримда батафсил гапирилади. Бу ерда эса, юқорида белгиланган тартибга кўра якка ҳокимликнинг давлатни бошқариши ва сақлаб қолиш усуллари хусусида мулоҳаза юритаман.
Авваламбор, ворисий салтанат хусусида гапирилса, фуқароларига таниш ва ўрганиш бўлиб қолган сулола тахтига ворислик бўйича чиққан подшоҳни иши — янги, бегона тахт эгасидан кўра анча енгил кўчади. Сабаби, ота-боболарининг одатларидан четга чиқмасликнинг ўзи салтанатни сақлашга кифоя қилади. Кейинчалик янги шароит ва воқеаларга аста-секин мослаша олса бас. Агар шу йўлдан борилса иқтидори ўртамиёна бўлган подшоҳ ҳам ҳокимиятни қўлдан чиқармаслиги мумкин. Албатта, четдан келган қудратли босқин бундан мустасно. Мамлакатини олиб қўйишган тақдирда ҳам босқинчи биринчи муваффақиятсизликка учраган заҳоти у ўз салтанатини қайтариб олишига имконият топилади.
Бизнинг Италиямизда бунга мисол тариқасида, 1484 йилда венецияликлар ва 1510 йилда папа Юлий томонидан мағлубиятга учратилишига қарамай ўз ҳокимиятини сақлаб қолган ферраралик герцогни кўрсатиш мумкин. Ота-боболарининг узоқ давр Феррара тахтида ўтиргани омад қайта кулиб боққанлигининг асосий сабаби бўлди. Зероки, ворисда ўз фуқаросига нисбатан зуғум ўтказишга сабаб ҳам, зарурат ҳам бошқаларга нисбатан оз бўлади ва шу туфайли фуқаро ҳам унга меҳру оқибат кўрсатади. Агар раъиятнинг нафрату ғазабини қўзғатадиган хатти-ҳаракатларни ҳаддан ошириб юбормаса халқининг муҳаббати сақланиб туриши табиий қонуниятдир. Чунки, сулоланинг қадимийлиги бурун замонларда шу сулолани тахтга олиб келган тўнтариш ва босқинларни ҳамда уларни келтириб чиқарган сабабларни унутишларига рағбат беради. Ҳар қандай янги ўзгариш ва тўнтариш эса янада янги ўзгаришлар учун йўл очади.

III б о б

ҚЎШИЛГАН ЁКИ ЯНГИ ҲОКИМИЯТЛАР ТЎҒРИСИДА

Ворисликдан бошқача йўл билан ҳокимиятга етишган янги ҳукмдорга ҳокимиятни ушлаб қолиш қийин кечади. Худди шунингдек, ўз мамлакатида ворисий ҳукмдор қўшни улусни босиб олса ҳам аҳволи енгил бўлмайди. Сабаби, энди унинг ҳокимияти ворисийликдан чиқиб аралаш ҳокимият тоифасига ўтади. Қўшиб олинган улус билан тўнтариш оқибатида янги ҳукмдорга тушган улуснинг аҳволи айнан бўлганидек, иккала ҳукмдорнинг аҳволи ҳам табиий равишда бир хилда қийин бўлади. Чунки, янги ҳукмдорнинг яхши бўлиши орзусида эскисига қарши осонликча кўтарилган одамлар тез орада алданганларини кўрадилар. Сабаби, янги ҳоким табиий қонуният бўйича эскисидан муқаррар равишда ёмон бўлади. Муқаррарлиги шундаки, истилочилар истилонинг табиий қонуниятлари бўйича янги фуқаролари устига янги солиқ ва мажбуриятлар қўяди; қўшинни боқиш вазифаларини юклайди. Оқибатда бу юклардан эзилганлар ичида ғаним орттиради. Бу бир томони. Иккинчи томони, бостириб киришда унга ёрдам берганларни улар кутганчалик мукофотлай олмагани учун уларнинг ҳам дўстона ришталарини узади. Ўз тарафдорларига айланган бу одамларга қарши қаттиқ чора кўра олмайдики, улардан қарздор. Агар шулар бўлмаганда қўшини нечоғли кучли бўлмасин, у мамлакатга бостириб киролмасди-да! Франция қироли Людовик XII нинг Миланни осону тез босиб олиб, осону тез ундан маҳрум бўлганлигининг сабаби — герцог Лодовиконинг Миланни ўз кучи билан яна қайтариб олганлигига ҳам асос шу сабаблар бўлган. Қиролга дарвозаларни очиб берган халқ унинг янги ҳукмдор сифатида ўтказган зуғумларига чидашни хоҳламади.
Бироқ, агар исёнчи мамлакат қайтадан ишғол этилса, подшоҳнинг ўз ҳукмини ўтказиши осонроқ кечади. Чунки, айбдорларни жазолаш, шубҳалиларни фош этиш, энг нозик жойларни ҳимоялаш ишларида исённи бостириш деган даъво яхши баҳона бўлади. Юқоридаги Милан мисолини олсак, биринчи мартасида Лодовиконинг чегара яқинида шовқин-сурон кўтариши биланоқ Миланни ташлаб кетган Фарангистон, иккинчи марта босиб олганида то барча Италия подшоҳлари бирлашиб, қўшин тортиб келиб, фаранг аскарларини енгиб, чегарадан чиқариб ташлагунча ушлаб турди. Демак, Франция икки марта Миланни қўлдан берди. Биринчи мартасидаги сабабларни юқорида тавсифлаб бердим. Энди иккинчи мартасида, Людовикнинг ёки унинг ўрнида туриши мумкин бўлган бошқа кимсанинг қандай имкониятлари бўлганини ва у буларни амалга оширмаганлигини таҳлил этиб кўрамиз.
Истило этилган ёки мерос қолган мамлакат бир давлатга қарам бўлган бўлиши, таги яхлит, тили бир бўлиши, ёки турли мамлакатлар қўшилмасидан, тили бошқа-бошқа халқлардан иборат бўлиши мумкин. Биринчи ҳолда, айниқса, фуқаролари бурундан эркинлик нелигини кўрмаган ва тушунмаган элдан иборат бўлса, қўлда ушлаб туриш қийин эмас. Бунинг учун аввалги подшоҳнинг зотини батамом қириб ташлаб, эски одат ва тартибларни сақлаб қолиш керак. Боз устига, истилочи билан урф-одатлари бир хил бўлса безовталикка сабаб умуман қолмайди. Фарангистонга қўшиб олинган Бретан, Бургундия, Нормандия, Гасконияда биз кўрган аҳвол буни тасдиқлайди. Тўғри, бу юртларда тилда бир оз фарқ бор, бироқ урф-одатларнинг бир хиллигидан у элатлар тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Демак, мисолдан аёнки, истилочи икки ишни албатта бажариши керак. Биринчиси, подшо зотидан биронтасини ҳам қолдирмай ўлдириши ва аввалги урф-одатлар, қонуну солиқларни ўзича сақлаш. Шунда босиб олинган ўлка тез фурсатда истилочининг мамлакатига қўшилиб кетиб, яхлитлик ҳосил қилади.
Бироқ, истило этилган ўлка истилочининг меросий мамлакатидан тартиблари, урф-одатлари, тили билан фарқланса, ҳокимиятни сақлаш кўп қийин кечади ва бунинг учун подшоҳга катта омад, ўзидан эса катта маҳорат талаб этилади. Аслида ўлкани батамом ўзиники қилиб олишнинг энг тўғри йўли ўша ўлкага яшаш учун кўчиб ўтишдир. Бу кўчув салтанатни мустаҳкамлайди, истило натижасининг бегоналашувини сақлайди. Турк султони шундай амал тутди ва агар у шундай қилмаганда, ўз пойтахтини кўчирмаганда ҳар қанча уринмасин Грецияни1 қўлида сақлаб қололмасди. Фақат ўша мамлакатда яшаб турибгина ғалаёнларни туғилаётганидаёқ илғаш ва кесиши мумкин, акс ҳолда ғалаёнлар алангаланиб, чора кўриш кеч бўлгани сезилади. Боз устига, кўчиб ўтилгандагина юрт амалдорларнинг қароқчилигидан халос этилади, фуқаро додини бевосита ҳукмдорга айта олади; натижада мўминлар муҳаббати қозонилади. Ғаддорлар эса қарши амал кўришдан қўрқадилар. Атрофда бу юртга кўз олайтирганларнинг ҳам мушкули қийинлашади, чунки кўчиб ўтган мамлакатини истилочи қўлдан бериши жуда қийинлиги аёндир.
Яна яхши усулнинг иккинчиси, босиб олинган ерга ўз юрти аҳолисидан кўчириб келиб, бир-икки ерда колония тузишдир. Колониялар ҳукмдор учун истило юрт билан ворисий юртини боғловчи занжир мисолида хизмат қилади. Юқоридаги икки усулдан бўлак яна битта хатосиз усул бор, бу — истило этилган юртда отлиқ ва пиёдалардан катта қўшин сақлашдир. Бироқ, колониялар ташкил этиш истилочи подшоҳдан деярлик сарф-харажат талаб қилмаслиги билан яхшидир. У фақат янги аҳолини ўрнаштириш учун тортиб олинган ер ва уй-жойларидан ҳайдалган маҳаллийларни хонавайрон қилади холос. Бу камсонли одамлар камбағаллашиб ҳарёққа дарбадар тарқалиб кетишади ва подшоҳга ҳеч қандай қаршилик кўрсатиш қўлларидан келмайди. Ён атрофдаги маҳаллийлар эса зарар кўрмагани учун тез орада тинчланиб, боз устига қаршилик кўрсатсалар ўзлари-да дарбадар қўшнилари қаторига тушишларидан қўрқиб индамайдилар. Хуллас, колониялар ташкил этиш арзонга тушади, улар подшоҳга садоқат билан хизмат қилишади, маҳаллийлардан жуда оз қисмигина хонавайрон бўлади, улар эса қашшоқлашиб тарқалиб кетгани учун қаршилик кўрсатишолмайди. Шу ўринда, одамларни ё алқаш, ё қириш кераклигини айтиб ўтиш лозим, чунки кўрсатилган озгина жабр учун одам қасос олиши мумкин, катта зулмга эса қаршилик кўрсатолмайди. Демак, одамга жабрни ҳам келажакдаги қасосдан қўрқмайдиган даражада ҳисобга олиб қилиш кераклиги хусусида-да фикр чиқади. Энди, борди-ю, колониялар ўрнига қўшин ташланса, уни боқиш анча қимматга тушади. Ҳатто, янги юрт эгалигидан тушган ғаниматнинг барини ейиш оқибатида, фойда ўрнига зарар кўриш мумкин. Яна эса, қўшинни боқишда маҳаллийлардан ҳам кўп киши зада бўлиб, норозилигини туғдириб, душманга айлантиради. Душман эса шоҳга зарба бериши мумкин, зероки бу душман енгилган бўлса-да, ўз уйидадир. Шундай қилиб, қайси тарафдан ёндошмайлик: қўшин сақлаш зарар, колония тузиш фойдалидир.
Урф-одати ва тили бегона юртда истилочи кучсизроқ элатларнинг ҳимоячисига, раҳнамосига айланиши, ҳамда куч-қудратда ўзига тенг келадиган бошқа шоҳнинг юртга суқилиб киришига йўл қўймаслиги керак. Юртдаги норозилар шоҳнинг бундай рақибларини бостириб киришга ундашлари мумкин. Бир пайтлари римликларни Грецияга этолияликлар чақирган. Умуман, ҳар ерда ҳам римликларни маҳаллий аҳоли чақирган. Қонуният шундан иборатки, бирон-бир ўлкага қудратли истилочи бостириб кирганда у ердаги кучсиз элатлар, майда шоҳлар ён-вериларидаги кучлиларга ҳасад қилганларидан босқинчига қўшилиб кетадилар. Бунинг учун уларга мулозамат ёки оғдириш учун ҳаракат қилиш шарт эмас. Улар ўзлари ихтиёрий қўшиладилар. Бу майда шоҳларнинг мулкларини кенгайишига, қудратларининг ортишига йўл қўйилмаса бас, истилочи юртдаги йирикроқ шоҳ ва халқларни шу майда шоҳларнинг, ҳамда ўзининг кучи билан тизгинда бемалол ушлаб тура олади. Агар юқорида айтилганларга риоя этилмаса, истилочи у мамлакатни тез орада қўлдан чиқаради ва бу жараёнда жуда кўп қийинчилик ва балоларни бошидан кечиради.
Римликлар бирон ўлкани босиб олганларида шу айтилганларга беистисно риоя этганлар. Яъни: колониялар ташкил қилганлар, қудратлари ошмаслигини назорат қилган ҳолда кучсизларни оталиққа олганлар, кучлиларни тизгинлаганлар, қудратли рақибларининг таъсири сингишига йўл қўймаганлар. Греция мисолини келтириб, шу билан кифояланаман: Римликлар этолия ва ахеяликларни ўзларига оғдирганлар, Македония подшоҳлигини камситганлар, Антиох таъсирини йўқотганлар. Аммо нечоғлиқ хизмат қилганларига қарамай ахея ва этолияликларга чегараларини кенгайтиришга йўл қўймаганлар; Филиппнинг хушомадига қарамай, то унинг қудратини синдирмагунча иттифоқ тузмаганлар; Грецияда мулк сўраб қаттиқ қистовга олган Антиохга ён босмаганлар. Сирасини айтганда, римликлар энг доно шоҳлардек яъни, фақат бугунни эмас, эртани ҳам ўйлаб, туғилиши мумкин бўлган балою можароларни олдини олишга бутун кучларини берганлар. Зероки, чораси аввалдан кўрилса балони йўқотиш осон, бироқ бостириб келишини кутса ҳар қандай амал-да ёрдам бермаслиги мумкин, чунки касал ўтиб кетса иложи топилмайди.
Буни сил касалига ўхшатса бўлади. Табиблар бу хасталикни бошланишида аниқлаш қийин-у, даволаш осон; бироқ авж олиб кетгач, аниқлаш осон-у, даволаш қийин дейишади. Давлат ишлари ҳам шу кабидир: можарони энди туғилаётганини сезиб олинса, бу фақат доно шоҳга насиб этади, уни тинчитиш осон; аммо ўтказиб юборилса, ҳеч қандай муоложа ҳам фойда бермайди.
Римликлар балои можарони туғилаётгандаёқ сезиб олгач, бирон чора кўрсак уруш чиқади-ку, деб хавфсираб жим туравермасдан дарров чорасини кўрардилар. Чунки урушдан қутулиш мумкин эмаслигини, уни орқага суриш фақат душман учун фойда эканлигини тушунардилар ва дарров ҳаракатларини қилардилар. Шунинг учун ҳам, Филипп ва Антиох билан кейинчалик Италия ерларида уруш олиб боргандан кўра ҳозироқ Греция ерида урушиш афзаллигини англаб, кечиктирмай уруш очдилар. Иккала подшоҳ билан ҳам урушни орқага суриш имконидан фойдаланишни истамадилар. Вақтнинг валинеъматлигига ташлаб қўяверинг, ҳаммаси вақтнинг измида, деб ақл ўргатувчи ҳозирги донишмандларнинг оғзидан тушмайдиган ҳикмат римликларга ёқмас эди. Валинеъматлик ўзларининг ақл-идрокларида, ўзларининг узоқни кўрабилишларида, ўзларининг жасоратларида деб билардилар. Вақтга ташлаб қўйиш ҳар балони келтириб чиқариши мумкин. Зероки, вақт яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам олиб келиши мумкин.
Яна Фарангистон мисолига қайтиб, юқорида мен айтган шартларнинг биронтаси бажарилганми йўқлигини кўрамиз. Бунда мен Карл ҳақида эмас, Италияни узоқроқ ушлаб турганидан хатти-ҳаракатлари батафсилроқ таҳлилга имкон бергани учун Людовик ҳақида гапираман. Сиз урф-одати, тили ўзгача мамлакат истило қилинганда ҳокимиятни ушлаб туриш учун кўрилиши керак бўлган чораларга қарама-қарши йўл тутилганига ўзингиз амин бўласиз.
Қирол Людовик Италияга венецияликлар туфайли кирди. Чегараларини кенгайтириш ниятидаги венецияликлар ёрдамлари эвазига Ломбардиянинг ярмини сўрагандилар. Бу келишув учун мен қирол Людовикни айбламайман. Карлнинг қилмишидан кейин Франция учун ҳамма эшиклари тақа-тақ ёпилган бир шароитда, Италияга ҳеч бўлмаса бир оёғи билан кириб олиш мақсадида, иттифоқдош танлашга имкони йўқлигидан Людовик венецияликлар билан шу битимни тузишга мажбур эди. Ва бу йўлда агар кейинчалик хатолар қилмаганида муваффақият қозониши учун ҳамма имкониятлари бор эди. Ломбардияни забт этиб, у Франциянинг Карл даврида йўқотилган обрўсини тиклади. Генуя бўйсунди; флоренцияликлар иттифоқ сулҳи таклиф этишди; Мантуя маркизи, Феррар герцоги, Бентиволи уйи, Форли графхоними; Фаэнца, Пезаро, Римини, Камерино, Пьомбино ҳокимлари; Лукка, Пиза, Сиена — барча-барчаси дўстлик изҳор қилиб Людовик томон ошиқдилар. Венецияликлар эса, Ломбардиянинг атиги икки шаҳри эвазига Италиянинг учдан икки қисмини қиролга топшириб қўйганликларини, аттанг деганича кейин тушундилар.
Агарда юқорида айтилган тадбирларни қўллаганда Людовикнинг муваффақиятини мустаҳкамлашига қанчалик қулай шароит туғилганлигини кўриб турибсиз. Бири Черков, бири венецияликлар босқинидан қўрқиб, ўзидан паноҳ излаган ожиз иттифоқчиларнинг хавфсизлигини таъминлаб, уларнинг кучи билан эса ҳали қудратли рақибларидан ўзини иҳоталаш ўрнига у тескари иш қилди. Яъни Миланга кирган заҳотиёқ папа Александрга Романьяни босиб олишга кўмаклашди. Шу ҳаракати билан — ғоявий ҳукмронлиги жуда кучли бўлган черковнинг моддий қудратини оширганини, иттифоқчиларини совутиб нари итарганини, ўзининг қудратини кесганини сезмай қолди. Оқибатда, шуҳратпарастлик иштаҳаси ошиб кетиб, Тосканияни босиб олишга уринган папа Александрни тўхтатиш учун Италияга ўзи келишга мажбур бўлди. Черков ҳокимиятини кучайтиргани, иттифоқчиларни нари итаргани камлик қилгандек, танлаган хато йўлидан юришга мажбур бўлиб, Неаполитания қироллигини Испания билан бўлиб олишга келишди, яъни, якка ўзи ҳукмрон бўлган Италияга кейинчалик норози кучлар ва шуҳратпарастлар учун, яна бир паноҳкорни — ўзи билан қудрати тенг рақибни киритди. Ўзига ўлпон тўлашга тайёр неаполитан қиролини ҳайдаб, ўзини ҳайдаб чиқариши мумкин бўлган испан қиролини Италияга чақирди.
Тўғрисини айтганда, босиб олиш истаги табиий ҳол. Бу йўлда имкониятларини ҳисоблаб иш тутган одамни ҳамма тан олади ёки ҳеч ким таъна қилмайди. Бироқ, ўз имкониятларини ҳисобга олмай истило йўлида кўнглига келган услубларни қўллаган киши ҳар қандай айбловга лойиқдир. Франциянинг Неаполни ўз кучи билан босиб олишга уриниши ақлга тўғри келар эди. Лекин уни ўзига тенг рақиб билан бўлиб олиши нотўғри бўлди. Италияга кириш имкон берди деб, Ломбардияни Венеция билан биргаликда бўлашиб олганлигини оқлаш мумкин. Бироқ, Неаполитанияга Испанияни шерик қилиши фақат ёмонлашга лойиқдир, чунки оқлайдиган биронта сабаб йўқ.
Шундай қилиб, Людовик: майда ҳукмдорларни четлатиб, кучлироқ ҳукмдорларни янада кучайтириб, ўзига тенг бўлган ҳарифни бошқа давлатдан чорлаб, Италияга кўчиб ўтмай, колониялар тузмай — бешта хатога йўл қўйди.
Агар у Венеция ерларига кўз олайтириб, олтинчи хатони қилмаганида бу беш хато тириклиги даврида панд бермаслиги ҳам мумкин эди. Венецияни йўнишни Черковни кучайтирмасдан, Испанияни чорламасдан аввалроқ қилиши керак эди. Бу икки хатодан сўнг эса Венециянинг барбод бўлишига йўл қўйиш мумкин эмасди. Кучли Венеция ўзининг ҳам Ломбардияни забт этиш ниятлари борлигидан четдан истилочи келишига йўл қўймас эди. Ломбардиянинг Венецияга ўтишига қарши туриб Францияга биров уруш очолмаганидек, Франция билан Венеция иттифоқига қарши боришга эса инчунин ҳеч кимнинг юраги дов бермас эди. Бу фикрга қарши, Людовик Романьяни Александрга, Неапольни Испан қиролига — уруш очилишининг олдини олиши мақсадида берди, деган даъвога эса мен юқорида айтганларимни далил қиламан. Яъни: урушдан қочиб тала-тортга йўл қўйиш нотўғридир; урушнинг олдини олиб бўлмайди, уни фақат кечиктириш мумкин, бироқ, ўтган вақтда сен устунлигингни йўқотишинг мумкин, деб жавоб бераман. Агар, папа қиролнинг илтимосига кўра никоҳини бекор қилди, ҳамда Руан архиепископига кардиналлик қалпоғини кийгизди, шуларнинг эвазига Романьяни папага ваъда қилганди, деган даъвони қилишса, бунга: шоҳларнинг ваъдаси ва уларни қандай бажариш лозимлиги ҳақидаги бобда кейинроқ жавоб бераман.
Шундай қилиб Людовик, босиб олинган мамлакатни ушлаб қолишда ҳамма шоҳлар риоя қиладиган қоидаларга хилоф иш тутгани учун Ломбардиядан ажралди. Бундай бўлишида бирон-бир ғаройиблик, ажойиблик йўқ, бари — қонуният бўйича юз берди. Бу ҳақда мен Руан кардинали билан ўша вақтда Нантда бўлган суҳбатимиздаёқ айтган эдим. Бу пайтда, оддий халқда Валентино деб аталувчи папа Александрнинг ўғли Чезаре Борджа — Романьяни забт этиш билан банд эди. Кардинал, италияликлар ҳарбга нўноқлар, деган гап қилди. Мен, французлар эса сиёсатда нўноқлар, акс ҳолда Черковни бундай кучайиб кетишига йўл қўймасдилар, деб жавоб бердим. Мана, замона кўрсатдики, Черков билан Испания Франция туфайли ўзларининг Италиядаги мулкларини кенгайтирдилар, Франция эса Черков билан Испания туфайли Италияда ҳамма нарсадан қуруқ қолди. Бу воқеадан шундай хулоса чиқариш мумкин: бировнинг мулк ва қудратини оширишга хизмат қилган доғда қолади, зероки мулк ва қудратга маҳорат ва куч воситасида эришилади; маҳорат ва куч ишлатиш қобилияти эса мулк ва қудрат эгаси томонидан назар-писанд этилмайди.

IV б о б

ИСКАНДАР ЗАБТ ЭТГАН ДОРО САЛТАНАТИНИНГ ИСКАНДАР ВАФОТИДАН СЎНГ УНИНГ МЕРОСХЎРЛАРИГА ҚАРШИ НЕГА БОШ КЎТАРИБ ЧИҚМАГАНЛИГИ ҲАҚИДА

Босиб олинган ўлкаларда ҳокимиятни сақлаб қолиш нечоғлик қийинлигини кўриб, бир неча йилнинг ичида Осиёни забт этган Буюк Искандар империясининг унинг вафотидан сўнг парчаланиб кетмаганига, шоҳнинг сафдошлари қўлига тинчгина ўтганига, сафдошлари эса ўзларининг шуҳратпарастликларидан келиб чиққан балолардан ташқари ҳеч қандай қийинчилик кўрмай у юртларни бошқарганликларига ҳайрон қолмай илож йўқ. Бу масалани тушунтиришдан бурун айтиш керакки, инсоният хотирасида сақланган барча якка ҳокимликларда мамлакатлар: ўз мулозим ва хизматкорлари ёрдамида шоҳ бошқараётган ҳамда баронлар қуршовида қирол бошқараётган давлатларга бўлинишини айтиш лозим. Биринчи тоифадаги давлатда мулозим ва хизматкорлар мансабга шоҳнинг марҳамати ва майли билан қўйилади. Иккинчисида эса, қиролнинг атрофидаги баронларда меросий мулклари, яъни кичик давлатлари, унда ўзларининг мулозимлари бўладики, бу мулозимлар баронларни ҳукмдор деб биладилар ва табиий равишда кўнгилларида боғлиқлик сезадилар. Хизматкорлар билан бошқарилаётган давлатда шоҳнинг ҳокимияти кучлироқ бўлади, чунки бутун мамлакатнинг одамлари битта ҳукмдорни танийдилар; унинг хизматкорларига фақат мансабдор ва ишбошқарувчи сифатида бўйинсунадилар ва кўнгилларида уларга ҳеч қандай алоҳида боғлиқлик сезмайдилар.
Бизнинг давримизда турли тоифадаги давлатларга мисол қилиб, турк султони билан Франция қиролини келтириш мумкин. Турк монархияси битта ҳукмдорга бўйсунади, давлатдаги барча аҳоли унинг хизматкоридир. Мамлакат санжак деб аталувчи вилоятларга бўлинган бўлиб, санжакларга волийларни қўйиш ва алмаштиришни султон ҳушига қандай келса шундай қилади. Франция қироли эса ҳар биттаси ўз мулкига эга олийзотлар билан ўралган. Бу олийзот баронларни мулкларидаги фуқаро ҳукмдор деб билади ва севади. Бундан ташқари баронлар қатор имтиёзларга эгадирларки, қирол бу имтиёзларга ўзига зарар етказмаган ҳолда, яъни хоҳлаганича тегинолмайди.
Агар бу давлатларни қиёсласак, султоннинг монархиясини забт этиш қийинлигини, бироқ забт этгандан сўнг ушлаб қолиш осонлигини; Францияни эса, маълум маънода, забт этиш осон-у, забт этгач ҳокимиятни ушлаб қолиш қийинлигини тушунамиз. Турк султонининг салтанатини босиб олиш қийинлигига сабаб шуки, салтанат ичидан истилочига ёрдам берадиган, ғалаён кўтарадиган, уни чорлайдиган инсон чиқиши қийин. Юқорида айтилганидек, салтанатдаги барча фуқарою мулозим султоннинг марҳамати орқали кун кўрувчи қулидир, уларни сотиб олиш қийинроқ, сотилгани ҳам орқасидан элни эргаштиролмайди. Демак тажовузчи, ола чиқишига ишонмай, ҳамжиҳат қаршилик кўришини ўйлаб, фақат ўз кучига таяниб иш кўриши лозим бўлади. Аммо, жангда султонни енгиб, армиясини тор-мор этса, султоннинг қон-қариндошларидан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаса бўлади. Агар истилочи уларни ҳам қириб ташласа — бас, қаршилик кўрсатишга қодир куч султон салтанатида қолмайди. Ғалабагача элдан ола чиқишига умид қилмагандек, ғалабадан кейин, худди шу нуқтага таяниб, элдан хавфсирамаса бўлади.
Франция каби давлатларда эса вазият бошқача. Шуҳратпарастлик бобида, ёки ўзгариш ясашга эҳтиёж бобида баронлардан биронтаси билан тил бириктириш мумкин. Улар мамлакатга киришга, ғалабага ёрдам бериши мумкин. Лекин бу юртни ушлаб қолиш қийин. Чунки, ёрдам берган тарафдан ҳам, куч билан синдирилган тарафдан ҳам хавф-хатар ҳамиша тайин туради. Бу ерда қиролнинг уруғ-аймоғини қириш кифоя қилмайди. Бу ерда янги маш-машани бошлайдиган ҳамиша тайёр баронлардан ҳеч бўлмаса биронтаси топилади. Чунки истилочи уларнинг хоҳишу талабларини ҳеч қачон қондиролмайди, шунингдек уларнинг барчасини бирдан, қириб ташлаёлмайди.Улар биринчи имконият туғилиши биланоқ истилочини ҳокимиятдан ағдаришади.
Энди Доронинг шаҳаншоҳлигига мурожаат қиладиган бўлсак, унинг турк султонлигига ўхшашлигини кўрамиз. Шунинг учун Искандар Дорони очиқ жангда енгиб, қўшинини чилпарчин қилиши шарт эди. Бундай ғалабадан ва Доронинг уруғ-аймоғини қириб ташлагандан кейин эса Искандар ўз ҳукмдорлигидан хавфсирамаса ҳам бўларди. Агар унинг издошлари тотув яшаганларида аҳоли томонидан ҳеч қандай қаршилик бўлмас эди.
Франция сингари тузумли давлатларда истилочи у каби беғам бўлолмайди. Испания, Франция, Грецияда майда ҳукмдорлар кўп бўлгани учун римликларга қарши қўзғолонлар сурункали кўтарилиб турган. Эски тузум одамлар хотирасида сақлангунга қадар Рим ҳокимияти ҳамиша лиқиллаб турган. Бироқ, хотиранинг аста-секин ўчиши, римликларнинг бениҳоя қудратлилиги ва ҳукмронликларининг узоқ давом этганлиги оқибатидагина мустаҳкам ўрнаша бошлаганлар. Кейин, римликлар ўзаро можарога киришганларида ҳар бир лашкарбоши рақиб ўзига яқин провинцияларни жангга тортадиган бўлди. Ўз подшоҳлари қирилиб кетган маҳаллий халқ римликлардан бошқа ҳукмдорни тан олмай қўйганди. Шуларни эътиборга олсак, Искандар осиёча салтанатни нега осонликча ушлаб қолган-у, Пирр ва бошқа истилочилар ўз босқинларини сақлашда нега қийналганликларини тушунамиз. Асл сабаби — босқинчи ғолиб жанг маҳоратининг ортиқ ё камлигида эмас, балки забт этилган юртларнинг давлат тизимининг фарқидадир.

V б о б

БОСИБ ОЛИНГУНЧА ЎЗ ҚОНУН-ҚОИДАЛАРИ БЎЙИЧА ЯШАГАН МАМЛАКАТЛАР ВА ШАҲАРЛАРНИ БОШҚАРИШ ҲАҚИДА

Аввалроқ айтилганидек, агар босиб олинган юрт, шаҳар қадим-қадимдан эркинликда ўз урф ва қонунлари билан яшаб келган бўлса, уни сақлаб қолишнинг учта йўли бор. Биринчиси — батамом бузиб ташлаш; иккинчиси — у ерга кўчиб ўтиш; учинчиси — шаҳарнинг дўст сифатида қолишини сақлаб, белгиланган ўлпонни тўлашини кафолатловчи бир тўда одамга топшириб, ўз урф-одатлари бўйича яшашга имкон бериш. Кафолат олган тўда ўзининг шоҳ томонидан қўйилганини, шоҳнинг марҳамати ва қудрати билангина мансабда ўтирганини билиб, шоҳнинг йўлидан ҳеч қачон тоймайди. Шаҳарни бузмасдан ўз хоҳиши бўйича яшашга рухсат берган экансан, уни тобеликда сақлашнинг энг осон йўли — айтилган раҳбар тўдани шу шаҳарнинг одамларидан сайлашдир.
Спарта билан Рим мисолини олиб кўрайлик. Спарталиклар Афина билан Фивани ўзлари тузган зодагон тўда ёрдамида тобеликда ушлаган бўлсалар-да, охир-оқибатда иккала шаҳардан ҳам ажралганлар. Римликлар Капуя, Карфаген, Нуманцияни тамом бузиб ташлаб, у ерларни қўлларида сақлаб қолганлар. Грецияда эса спарта усулига ўхшаш усулда, яъни зодагонлар тўдасини тузиб, аҳолини озод, қонунларини бузмай яшатиб ушлаб туришга уринганлар. Бироқ бу усул ўзини оқламагач, Грециянинг кўп шаҳарларини бузиб ташлашга мажбур бўлганлар.
Аслида ҳам шаҳарни батамом бузибгина ҳокимликни сақлашдан бошқа ишончли усул йўқ. Қадимдан эркин яшаган шаҳарни эгаллаб, уни аяйдиган одамни шаҳар аямайди. Озодлик учун, эски тартиб-қоидалар учун кўтарилишга сабаб ҳамиша топилади. Замона ўтиши-да, истилочининг яхшиликлари-да уларни ҳеч қачон унуттиролмайди. Флоренцияликлар истибдодида юз йил яшаб ҳам барибир ўзини тиклаган Пизадек улар озодликка интилаверадилар. Минг яхшилик, минг ҳаракат қилганинг билан шаҳар аҳли озодликни, эски тартибларни қўмсайверади, интилаверади. Уларни парчалаб ҳар ёққа тарқатиб ташламагунча мақсадга эришолмайсан.
Бироқ, шаҳар ёки ўлка яккаҳокимлик остида яшаган бўлса ва истилодан сўнг ҳокимнинг зоти қириб ташланса, шаҳар аҳолиси қурол олиб қўзғололмайди. Чунки бир томондан у қулликка кўниккан, иккинчи томондан эса ҳоким йўқотилгани учун янгисини топишга имконлари бўлмайди ва улар янги қулликка тез кўникадилар. Уларни ўзига кўниктириш ва хавфсизлигини таъминлаш учун истилочида имкон анча кўпдир. Республика шароитида эса ҳаёт қайноқ бўлганлигидан нафрат ва қасос олиш ҳисларида кўп бўлади; у ерда бурунги озодлик хотираси ҳеч қачон ўлмайди ва ўлиши ҳам мумкин эмас. Шунинг учун бундай ўлка ёки шаҳар устидан ҳокимиятни сақлаб қолишнинг аниқ йўли — уларни вайрон қилиш ёки у ерга кўчиб ўтишдир.

VI б о б

ЎЗ ҚУРОЛ КУЧИ ЁКИ ЖАСОРАТИ БИЛАН ҚЎЛГА КИРИТИЛАДИГАН ЯНГИ ЎЛКАЛАР ТЎҒРИСИДА

Ҳокимиятни эгаллаш, шоҳ ва давлат ҳақида сўз юргизарканман, буюк шахслар мисолига мурожаат қилишимга ажабланмаслик керак. Одатда одам биров очган йўллардан юриб, катта ишлар қилганларга тақлидан иш қилади. Бироқ ҳадеб бир йўлдан кетавериш, ўзингга ўрнак қилиб олган шахсга тенг иш қилиш мумкин эмас. Ақлли киши буюк инсонларнинг йўлини танлаб, буюк инсонларга ўхшашликни истаркан, уларга тенглашишни, баслашишни эмас, улкан руҳларидан мадад олишни, руҳланишни мақсад қилиши керак. Нишоннинг жуда узоқдалигини кўрган уста мерган мўлжални сал юқорироқдан олади. Маълумки, бунда у ўқни тепадан ўтиб кетишини эмас, ёйнинг кучини ҳисоблаган ҳолда ўқни мўлжалга тепароқдан келиб тегишини ўйлайди.
Шундай қилиб, янги ишғол қилинган ўлкаларда мустаҳкамланиб олишнинг оғир ёки енгил кечиши фотиҳ жасоратининг кўламига боғлиқ бўлади. Оддий бир одамнинг ҳокимият тепасига келишида тақдирнинг марҳамати ёки шахсий жасорати сабабчи бўлганидек, кейинчалик, ҳокимиятни сақлашдаги синовларда ҳам ўша сабаблар унга ёрдам беради, деб ўйлаш мумкин. Аммо, ҳаёт — омадга камроқ ишонган киши ҳокимиятда узоқ муддат турганини кўрсатади. Агар истилочининг бошқа қўнадиган ери бўлмай, босган ерига ўрнашса иш янада енгил кўчган.
Бироқ, ҳокимиятни тақдирнинг марҳамати ила эмас, шахсий жасорати туфайлигина қўлга олганларга ўтарканман, энг намуналилари сифатида Мусо, Кир, Тезей ва шу кабиларни кўрсатган бўлардим. Гарчи, Тангрининг иродасини бажарган Мусони мисол келтириш ортиқча бўлса-да, яратувчи билан сўзлашиш имконини берган худонинг марҳаматига ҳурмат кўрсатишимиз зарурдир. Энди Кир ва бошқа шу сингари фотиҳларга, сулола асосчиларига ўтамиз. Зероки бу тоифа кишиларнинг ҳам қилган ишлари тепадан Мусога жўнатилган кўрсатмалардан қолишмайди. Уларнинг ҳаёт йўлларини, мардликларини мушоҳада қиларканмиз, тақдир уларга фақат истаган шаклга солиш мумкин бўлган ҳолатни яратганини, бир ашё берганини; агар шу ҳолат ва ашё бўлмаганида уларнинг жасорати бекорга сўнган бўлишини, ёки аксинча, жасоратлари бўлмаганда ҳолат ила ашё беҳуда кетган бўлиши мумкинлигини кўрамиз.
Агар Мусо ўз халқини мисрликлар қўлида қул бўлиб эзилиб ётгани устидан чиқмаганида Исроил элини ўз ортидан кетишга кўндиролмасди. Агар Ромул туғилганиданоқ ўз ҳолича тақдирга ташлаб кетилмаганида ва яна Альба унга торлик қилмаганида у ҳеч қачон Римга асос солмасди, Рим давлатига подшо бўлмасди. Форсларнинг мидияликлар остида яшаш жонларига тегмаганида ва шу пайтга келиб кўп йиллик фароғатдан кейин мидияликлар ипак-ойим, нозиктаъб халққа айланмаганларида Кир ҳеч қачон бундай чўққига кўтарилолмасди. Агар афиналикларнинг бир-биридан бегонасираб, алоҳида-алоҳида яшаётгани устидан чиқмаганида Тезей ҳам ўз жасоратини намоён қилолмаган бўларди. Хуллас, бу кишиларнинг ҳар бирига бахтли ҳолат юз тутган-ку, фақат уларнинг жасоратигина бу ҳолатларнинг маъносини чаққан, натижада уларнинг ватанлари саодатга эришиб, довруғи оламга таралган.
Бу каби жасорат йўлидан борган кишига ҳокимиятни қўлга киритмоқ қийин кечса-да, сақлаб қолмоқ осон бўлади. Қийинлиги шундаки, улар кўп янги қонун ва тартибларни жорий қилишга мажбурлар. Янги тартиб ва қоидаларсиз эса давлат ташкил этиш, уни сақлаб туриш, ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш мумкин эмас.
Эскиликни янгиликка алмаштиришдек қийин, бу жараённи назорат қилишдек хавфли, амалга ошиш ё ошмаслиги номаълум нарсани одамларга сингдиришдек азоб иш дунёда бошқа топилмайди. Шу каби ишга бел боғлаган одамга бир тарафдан эскиликдан фойда кўрувчиларнинг душманлиги қарши турса, янгиликдан фойда кўрувчиларнинг лоқайдлиги иккинчи тарафда туради. Янгиликдан фойда кўрувчиларнинг лоқайдлиги — қонунлар ҳимоясидаги эскичилардан қўрққанидан, қисман эса ҳали амалга ошмаган ва тажрибада синаб кўрилмаган янгиликка ишончсизликдан бўлади. Эскилик тарафдорлари эса озгина имкон туғилди дегунча жон-жаҳдлари билан ҳужумга ўтадилар. Янгилар эса ланжлик билан ҳимояланадилар, буларга суянган одам эса катта хавф остида туради.
Янгилик киритишни таг-туби билан аниқлаб олиш учун жараён ўз-ўзини таъминлайдими ё йўқлигини билиш керак. Яъни четдан ёрдамга тамом тобеми, бошқаларга ялиниб-ёлвориш зарурми ёки куч ишлатаверса бўладими. Агар биринчи шароит устун чиқса, барбод бўлиши тайин, агар иккинчи шароит устун чиқса — муваффақиятсизлик эҳтимоли жуда оз. Ана шунинг учун ҳам қуролланган пайғамбарлар ғолиб чиққанлар, қуролсизлари ҳалок бўлганлар. Чунки, юқоридагиларга қўшимча тариқасида, одамзотнинг майли ниҳоятда ўзгарувчанлигини айтиб ўтиш лозим. Уларни ўз эътиқодингга ўтказиш осон бўлиши мумкин-у, ушлаб туриш жуда қийин. Шунинг учун одамларда ишонч тугаган пайтда куч билан қайта ишонтиришга ҳамиша тайёр туриш керак. Мусо, Кир, Ромул, Тезейлар қуролсиз ҳолда ўзлари киритган қонунларга одамларни узоқ муддат ишонтириб туролмасдилар. Бизнинг замонамиздаги Жироламо Саванарола бунга яққол мисолдир: одамларда эътиқоду ишонч кучи тугагач, ҳали ишончи борларга мадад бериш, қайтганларни қайта ишонтириш учун у имкон тополмади.
Юқорида санаб ўтганларимга ўхшаш шахслар йўлида кўп қийинчилик, кўп хавф-хатарлар туради. Уларни енгиш учун буюк матонату жасорат талаб этилади. Лекин мақсадга эришилгач, раъиятнинг эътирофи қозонилгач, ғайирлар йўқ қилингач, шоҳ узоқ йилларга етадиган қудрат, осойишталик, шон-шуҳрат ва бахтга муяссар бўлади.
Буюк одамлар мисолига анча кичик кўламдаги бир шахсни қўшмоқчи эдим. Гарчи айтганимдек анча кичик кўламда бўлса-да, ишларининг тизими буюкларникига айнан ўхшашдир. Мен Гиерон Сиракузалини назарда тутаяпман. Тақдир унга қулай шароит яратди холос: зулм остида яшаётган сиракузаликлар уни лашкарбоши қилиб сайлашди. У эса фақат ўзининг хизматлари эвазига оддий одамдан Сиракузанинг шоҳлиги даражасига етди. Тўғри, у чўққига эришгунга қадар ҳам шундай мард эдики, қадимги тарихчи айтганидек, “nihle illi deerat ad regnandum praeter regnum”. У эски қўшинни тарқатиб, янгисини тўплади. Эски иттифоқчиларни рад этиб, янгилари билан шартномалар тузди. Ўз қўшини, ўзининг янги иттифоқчиларидан иборат ана шундай пойдевор устида у истаган иморатини қуриш имкониятига эга бўлди. Яъни ҳокимиятни олиш учун жуда кўп заҳмат чекиб, уни осонликча сақлаб турди.

VII б о б

БИРОВНИНГ ҚУРОЛИ ЁКИ ТАҚДИР МАРҲАМАТИ БИЛАН ҚЎЛГА КИРУВЧИ ЯНГИ ДАВЛАТ ҲАҚИДА

Ваҳоланки, ҳукмдорликка ўз жасорати биланмас, тақдир марҳамати ила эришган одамларнинг салтанатни ушлаб қолиши жуда қийиндир. Гўёки мақсадга учиб келиб эришади-ю,кейин бирданига кўп қийинчиликларга дуч келади. Мен бу ерда ҳукмдорликка пул, ёки бирон шахснинг марҳамати орқали эришган кишиларни назарда тутаяпман. Бундай ҳодисалар — Доро ўзининг шон-шуҳрати ва хавфсизлигини ўйлаб ҳукмдорлар тайинлаган Грециянинг Иония ва Геллеспонт вилоятларидаги шаҳарларда ёки зоти тахт кўрмаган одамлар, қўшин бошилар солдатларни пул билан сотиб олиб ўзларини император қилиб сайлатганларида Римда анча-мунча бўлган.
Ҳукмдорликка шу йўл билан чиққанларнинг келажаги тақдир ўйинига ва уни кўтарганларнинг ихтиёрига тўлиғича боғлиқлигидан, айтиш жоизки, бу икки куч дунёдаги энг ўзгарувчан, энг инжиқ нарсалар бўлгани учун, бундай ҳукмдорлар узоқ туролмайдилар, ўзлари ҳам ҳокимиятни сақлашни билмайдилар. Узоқ туролмасликларига сабаб: умр бўйи кичик мансабда юрган, иқтидорию жасорати ўртача, ҳукмфармоликни ўрганадиган жойи ҳам йўқлигидандир. Сақлашни уддалай олмасликларига эса ишончли суянчиқ ва иттифоқчилари йўқлигидандир. Ғойибдан келиб қолган бу ҳукмдор табиатдаги жуда тез ўсадиган ҳар бир нарсадек на бир тузукроқ илдиз, на бутоқ отишга улгурадилар, оқибатда об-ҳавонинг биринчи бузилишидаёқ нобуд бўладилар. Фақат росмана жасорат эгасигина тўсатдан чўққига кўтарилса тақдир қўшқўллаб топширган нарсани, яъни тожу тахтни сақлаб қола олади. Бошқалар тахтни эгаллагунча йиллаб тайёрлаган шартларни тезликда тайёрлай олади.
Жасорати ва тақдир марҳамати ила юксакликка эришувни ҳали эсимизда бор икки инсоннинг ҳаёти мисолида кўрсатиб ўтмоқчиман. Булар — Франческо Сфорца ва Чезаре Боржалардир. Франческо Милан герцоглигига керагича катта жасоратлар кўрсатиб эришди-да, уни қўлида сақлади. Авом тилида герцог Валентино номи билан машҳур Чезаре Боржа эса ҳукмдорликка тақдир марҳамати ила юксакликка чиққан отасининг ёрдамида эришди ва ақлли, жасоратли инсон эканлигидан, бировнинг ёрдамида эришган давлатида илдиз отишга жуда кўп уринди, катта заҳмат чекди, шунга қарамай, отасининг ўлимидан сўнг баридан айрилди. Илгари бисёр айтганимдек, бурундан ташланмаган пойдеворни, кейинчалик, катта жасорат-ла бутун иморатни хавф остига қўйиб ҳам яратиш мумкин.
Герцог Боржанинг ҳаракатларини кузатиб, келажакдаги давлатига пишиқ пойдевор яратганига амин бўлиш қийин эмас. Мен худди ана шу воқеаларни таҳлил этишни истардим. Чунки бўлажак давлат бошлиғига, бундан ортиқ ўгитли мисолни хаёлимга келтиролмаётирман. Ақлу идрок, жасорати ҳам инқироздан сақлаб қололмаганига эса герцог эмас — тақдир ўйинининг маккорлиги айбдордир.
Папа Александр VI ўғли бўлмиш герцог Боржани юксак чўққиларга кўтаришни хоҳларди. Бироқ бунга ҳозирги кунида ва келажакда анча-мунча тўсиқлар бўлишини биларди. Черковга тегишли мулклардан бошқа мулки йўқлигини тан олганча, улардан биронтаси ўғлига беролмаслигини, бунга Милан герцоги ва Фаэнца билан Риминини ўз оталиғига олиб улгурган венецияликлар йўл қўймасликларини биларди. Бундан ташқари, Италияда ёллаш мумкин бўлган қўшинлар папанинг кучайишидан хавфсирайдиган ҳукмдорларда ва уларнинг ҳамтовоқларида, яъни Орсини билан Колоннада эди. Шундай қилиб, бир-икки давлатни қийинчиликсиз эгаллаш учун Италиядаги ҳозирги тузумни бузиш, давлатлар ўртасида низолар чиқариш зарур эди. Венецияликларнинг ўз манфаатларини кўзлаб Францияни Италияга киришга чорлаганлари бунга анча қўл келди. Папа бунга ҳалақит қилиш ўрнига қирол Людовикнинг аввалги никоҳини бекор қилиб, қайтага ёрдам берди.
Шундай қилиб, венецияликларнинг ёрдами ҳамда Александрнинг розилиги билан фаранг қироли Италияга кирди. Миланга етиб келиши биланоқ папага ёрдамчи қўшин жўнатди, бу қўшин ёрдамида папа Романьяни босиб олди. Папанинг бу ишига ҳеч ким индамаганига сабаб фақат битта — орқасида қирол турганлиги эди. Хуллас, шу йўл билан Романья герцог Боржа қўлига ўтди. Колонна партиясига зарба берилди. Бироқ герцог ундан нарига истаса-да ўтолмас, чунки икки масала бунга йўл қўймасди: биринчиси, ўз аскарларига ишончи йўқолганида, иккинчиси, Франциянинг ниятларида эди. Бошқача айтганда, герцог ёллаган Орсинининг аскарлари панд беришидан хавфсиради, яъни улар кетиб қолишади ёки забтнинг маҳсулини тортиб олишади деб ўйлади. Франция ҳам худди шундай қилиши мумкин эди. Орсинининг солдатларидан, Фаэнцани эгаллаб бўлиб, Болоньяга ҳужум бошлаганида уларнинг атай ланжлик қилаётганини сезганида хавфсирашга тушди. Қирол масаласида эса сабаб қуйидагича эди: Боржа — Урбинони эгаллаб Тосканага аскар сурганда қирол уни қайтишга мажбурлади. Шундан кейин герцог бировнинг қуролига ва бировнинг раҳнамолигига суянмасликка қарор берди.
Энг аввал у Орсини ва Колонна партияларининг кучини кесди. Бунинг учун шу икки партия тарафида турувчи Римдаги нобилларни қўшинда ҳамда бошқарувда лавозимларга ўтказиб, катта маошлар тайинлаб ўзига оғдириб олди. Нобиллар ўз партияларидан кечиб герцог тарафдорларига айланди. Кейин Колонна партияси раҳбарларини қириб, Орсини раҳбарларини гумдон қилиш учун имкон пойлаб юрди. Шунда жуда яхши имкон туғилди ва у имконнинг яхшилигидан-да ортиқ усталик билан фойдаланди. Орсинилар Черковнинг кучайиши ўзларини ҳалокатга йўлиқтиришини сезиб қолиб, Перужа яқинидаги Мажонда тўпландилар. Бу тўпланиш кейинчалик герцог учун даҳшатли воқеаларни туғдирди. Урбинодаги ғалаён, Романьядаги норозиликлар шулар жумласидандир. Бироқ герцог бу силкинишларни фаранглар ёрдамида тинчитди.
Бурунги мавқеини тиклагач, эндиликда ўзини хатарга қўймаслик учун Францияга ҳам ёки бошқа четдаги кучга суянмасликка қарор қилиб, алдаш йўлига ўтди. У Орсиниларнинг кўзини шунчалик шамғалат қилдики улар синьор Паолони яраш элчиси сифатида жўнатдилар. Герцог синьор Паолони мулозаматни чўққига чиқариб қўйиб қабул айлади, унга кийимлар, отлар ва пул совға қилди. Шунга лаққа учган орсинилар Синигалияга бориб унинг қўлига тушдилар. Партиялар бошлиқларини шу тариқа йўқотиб, тарафдорларини эса оғдириб олгач, ўзига мустаҳкам пойдевор яратди. Унинг қўлида бутун Романья ва Урбино герцоглиги мужассамлашганди. Муҳими эса, ҳукмдорлигидан фароғат топган халқнинг меҳри қозонилганлигида эди.
Герцогнинг халқ меҳри хусусидаги ишлари ўрнак ва эътиборга лойиқлигидан унга алоҳида тўхталишни истардим. Романья герцоггача пасткаш ҳукмдорлар қўлида эди. Улар элнинг фароғатини эмас, уни шилишни, мамлакатда тотувликни эмас, низоларни авж олдиришни ўйлардилар, мамлакат каззоблар таловидан, низолардан, қонунбузар бедодликдар азоб чекарди. Герцог Романьяни эгаллагач бебошликларни тинчитиш, барчанинг олий ҳокимиятга бўйсунишини таъминлаш мақсадида мессер Рамиро де Оркони бутун ҳуқуқларни берган ҳолда мухтор вакил этиб тайинлади. Қаттиққўл, чўрткесар феълли мессер Рамиро қисқа вақтда Романьяда низоларни тугатиб, тартиб ўрнатди, бебош бузуқилар дағ-дағ титрайдиган бўлди. Шунда, ҳокимиятнинг бир қўлда жамланиши раъиятни дарғазаб қилиши мумкинлигини ўйлаб, бу аҳволга барҳам берди. Ўрнига ардоқли бир шахс раислигида фуқаро судини ташкил этди. Бу судда ҳар бир шаҳарнинг ўз ҳимоячиси бор эди. Бундан ташқари мессер Рамиронинг қаттиққўллиги элда маълум норозилик туғдирганини билганидан ўзини оқлаб олмоқчи бўлди. Яъниким, мабодо шафқатсизлик юз берган эса-да, бунда мен эмас, чўрткесар ноибим айбдор, деган маънода. Хуллас, бир куни эрталаб Чезенанинг ўрталиқ майдонида герцогнинг буйруғига биноан қонга бўялган кунда ва қилич билан ёнма-ён мессер Рамиро де Орконинг иккига бўлинган жасадини қўйиб қўйишди. Бу манзаранинг даҳшати оломонни қониқтириш қаторида анча эсанкиратди ҳам.
Энди четлашиб кетган мавзуимизга қайтамиз. Шундай қилиб герцог ўз қўшинига эга бўлди, хавф туғдираётган қўшни қўшинларнинг каттагина қисмини тор-мор келтирди, бу билан эса қудратга кириб хавфсизлигини таъминлади. Унинг йўлида фақат Франция қироли қолганди. Чунки кечикиб бўлса-да, кўзи очилган қирол герцогнинг янги истилоларига йўл қўймасди. Шунинг учун герцог атрофдан янги иттифоқчилар излай бошлади ва Францияга муносабатини бурунги қатъий дўстликдан эгилувчанликка ўзгартирди. Худди шу пайтда французлар Гаетани қуршовга олган испанларга қарши қўшин тортиб, Неаполга юриш бошлаганди. Герцогнинг нияти Франция билан муносабатларни узиб, орани очиқ қилиб олмоқчи эди. Ва агарда папа Александр салгина узоқроқ яшаганда бунга эришарди ҳам.
Бу айтилганлар Герцогнинг бугунни ўйлаб қилган ишлари бўлса, келажак хусусида ташвиши — отаси Александр ўрнига кимнинг папа бўлиб сайланиши билан боғлиқ эди. Чунки, бўлажак папа нафақат унга қаршилик қилиши, балки отаси берган нарсаларни тортиб олиши ҳам мумкин эди. Бунга чек қўйиш учун у тўртта эҳтиёт чорасини мўлжаллади. Биринчиси, янги папа дастак сифатида кўтармаслиги учун ўзи хонавайрон қилган эски ҳукмдорларни уруғ-аймоғи билан қириб ташлаш. Иккинчиси, Александрнинг бўлажак ворисини жиловлаб туриш учун Рим нобилларини ўзига оғдириш. Учинчиси, Кардиналлар ҳайъатида ўз кишиларини кўпайтириш. Тўртинчиси, Александрнинг ўлимидан сўнг четдан келадиган биринчи зарбага дош бера оладиган даражада давлатини кенгайтириш эди. Папа ўлган пайтда герцогнинг уч режаси амалга ошган, тўртинчиси ҳам деярлик ниҳояланиб қолганди. Ўзи хонавайрон қилган эски ҳукмдорларнинг қўли етган барчасини қирган, фақат бир-иккитасигина қочиб қутулганди; Рим нобилларини ўзига оғдирганди; кардиналлар ҳайъатида тарафдорлари кўпчилик эди. Давлатини кенгайтириш борасида эса Тосканияни ишғол қилишга бел боғларкан — Перужа билан Пьомбинони забт этган, Пизани эса оталиғига олиб улгурганди. Неаполитаниядан испанлар томонидан сиқиб чиқарилган Франция энди хавфли эмасди. Энди Франция билан Испания герцогнинг рағбатини олиш учун унга мукофотлар таклиф этишаётганди. Хуллас, Пизани эгаллаш учун ҳам бир қадам қолган эди: Пизадан кейин Сиена билан Лукка, бир томондан қўрққанлари сабабли, иккинчи томондан флоренцияликларга аччиқ қилиб, ўзлари таслим бўлишарди. Натижада флоренцияликлар ҳам танг аҳволда қолишарди. Бу ишларнинг бари папа ўлган йилнинг охиридаёқ амалга ошиши ва амалга ошгудек бўлса герцог на бировнинг қуролига, на бировнинг омади-ю, қош-қовоғига боғлиқлиги бўлмаган, фақат ўзининг жасоратию қудрати билан яшовчи қудратли ва обрўли ҳукмдорга айланарди. Афсуски, у отасининг ўлимигача фақат беш йил қолгандагина биринчи марта қилич яланғочлагани сабабли фақат битта — Романья давлатини тўлиқ забт этди. Иккинчи давлатни ярим-ёрти эгаллаганча оро йўлда, икки тарафдан кучли нодўст қўшин ичида қолди. Боз устига, тузалмас дардга чалинди.
Герцогдаги қаҳрли жасорат, одамларнинг керагини ром қилиб эргаштириш нокерагини четлаштириш санъати, қисқа вақт ичида давлатига яратган асос шунчалик кучли эдики, икки томонидан икки душман қўшини қисиб турганига қарамай ҳам қийинчиликларни енгиб чиқарди — агар касал бўлиб қолмаганда. Давлатининг пойдевори нечоғлик мустаҳкамлигига биз қуйидагиларни кўриб амин бўлганмиз: Романья уни бир ойдан ошиқроқ вақт кутиб турган; ўлар ҳолатда Римда ётганда ҳам четдан таҳдидсиз бехавотир яшаган; Бальони, Орсини ва Вителлилар Римга келиб ҳеч кимни ўзлари билан эргаштириб кетолмаганлар; папанинг сайловида гарчи айнан унинг айтган кишиси ўтмаган бўлса-да, лекин у истамаган киши сайланмади. Папа Александрнинг худди вафоти кунларида ўзи ҳам бедаво дардга чалинмаганида у албатта ҳамма ниятига эришарди, ҳамма тўсиқни енгарди. Папа Юлий II сайланаётган кунлари у менга шундай деганди: Отамнинг ўлишига тайёргарлик кўриб, ҳар қандай вазиятдан чиқиш йўлини ўйлаб қўйиб, бир нарсани унутган эканман — ўзимнинг ўлимим яқинлигини.
Герцогнинг ишларини назардан ўтказарканман, хатоси бор экан деб таъна қиладиган бирон белги кўрмадим. Аксинча, тақдир марҳмати ёки бировнинг кучи билан тахтга эришадиган одамга барча соҳада ўрнак бўлиши мумкин деб ўйладим. Юксак мақсадни, қамрови кенг ишга фақат шу усулни тутиб эришиш мумкин, бошқачаси бўлмайди. Унинг мақсадига етишишига фақат Александрнинг ўлими ва ўзининг дарди бедавога чалинганигина халал берди. Хулоса шуки, янги тузилган давлатда душманлардан сақланишда, дўст орттиришда, куч ва ҳийла ишлатиб ғолиб келишда, халқни даҳшатга солиш ва меҳрини қозонишда, аскарларни интизомли ва ҳурмат кўрсатадиган қилиб тарбиялашда, ишончли ва садоқатли қўшин тузишда, зарар келтириши аниқ ёки мумкин бўлган кишиларни йўқ қилишда; эски тартибларни янгилашда, комил ишонч туғдирмайдиган қўшиндан қутулиб, ўз қўшинини тузишда, қаттиққўллик ва меҳр, бағрикенглик ва саховат кўргазишда; ҳукмдорлар ва қиролларни мулозамат билан ёрдам кўрсатадиган, душманлик қилишдан эса тийилиб турадиган даражадаги дўстона муносабатлар ўрнатишда — янги давлат тепасига келган одамлар учун герцогнинг хатти-ҳаракатларидан кўра яхшироқ ўрнак топилмаса керак.
Уни фақат бир нарсада — Юлийнинг Черков раҳбарлигига сайланишидагина хато қилди деб айблаш мумкин. Чунки у ўзи истаган одам номзодини ўтказолмаган тақдирда ҳам, истамаган одамини яқинлаштирмасликка қудрати етарди. Шундай экан ўзи бир замонлар хафа қилган, ҳамда сайланиб қолсалар ундан хавфсирайдиган кардиналларни папа сайловига яқинлаштирмаслиги лозим эди. Чунки одам зоти ёки қўрққани учун ёки ёмон кўргани учун қасос олади. Сан-Пьетро ин Винкула, Колонна, Сан-Жорджо, Асканиолар герцог томонидан хафачилик кўргандилар, қолганлар ҳам сайлангач ундан қўрқишга асослари бор эди. Испанлар билан Руан кардиналигина бундан мустасно эдилар. Испанлар қариндошлик томонлари борлигидан, руанлик эса — орқасидаги фаранг қиролининг қудратига ишониб герцогдан хавфсирамаган бўларди. Шунинг учун биринчи навбатда папаликка испанлардан биронтасини, иложи топилмас экан Руан кардиналини сайлаш лозим эди. Сан-Пьетро ин Винкула эса мутлақо тўғри келмасди. Бу дунёдаги мартабаси улуғ кимсалар, кейин кўрган яхшиликлари эвазига аввалги задаликни унутишиб юборадилар деб ўйлаган одам хато қилади. Хуллас герцог шундай хатога йўл қўйди ва бу нарса ўзини ҳалокатга олиб келди.

VIII б о б

ЁВУЗЛИК ЙЎЛИ БИЛАН ҲОКИМИЯТНИ ҚЎЛГА ОЛУВЧИЛАР ҲАҚИДА

Бироқ шоҳ бўлишнинг на тақдир марҳаматига, на жасоратга алоқаси бўлмаган яна икки усули борки, уларни гапирмай ўтиш нотўғри деб ўйлайман. Аслида улардан биттаси республика тўғрисида сўз юритилганда эсланса яхши бўлади. Мен оддий одамнинг жиноят йўлидан бориб, ёки фуқаронинг муруввати орқали олий ҳукмдорликка эришувларини назарда тутаяпман. Ёвузлик хусусида гапирарканман битта қадимдан, битта шу кунлардан мисол келтирмоқчиман. Зероки шу иккови яққол манзара беради.
Сицилиялик Агафокл нафақат оддий, балки ҳамма паст назар билан қарайдиган, ҳазар қиладиган табақадан чиқиб, Сиракузанинг подшоси бўлди. У кулол оиласида туғилиб, ёшлигиданоқ виждонни бир чеккага суриб қўядиган палапартиш ҳаёт кечирди. Бироқ, руҳию бадани метин бўлганлигидан аскарликка ёлланди ва аста силжиб-силжиб Сицилия претори этиб сайланди. Бу мансабда яхшилаб ўрнашиб олгач, Сиракуза подшолигини кўзлади, яъни одамлар кўнгилли равишда унга берган бошлиқликни батамом ўзиники қилиб олмоқчи бўлди. Бу ниятига ўша пайтда Сицилияда юрган карфагенлик Гамилкарни ошно этди-да, бир кун эрталаб республика ҳаётига оид масалалар бор, деган баҳонада халқни ва Сиракуза сенатини тўплади. Барча йиғилгандан кейин солдатларга келишилган ишорани берди ва улар ҳамма сенаторларни ва элнинг бойларини қириб ташлашди. Бу ёвузликдан сўнг Агафокл ўз юртдошларидан зиғирчалик ҳам қаршилик кўрмай шоҳлик қила бошлади. Гарчи у карфагенликлар томонидан икки марта тор-мор этилган ва қуршовда қолган бўлса-да, шаҳарни топширмади. Қўшиннинг бир қисмини шаҳар ҳимоясига қолдириб, бир қисми билан Африкага бостириб кирди ва карфагенликларни Сиракуза қуршовидан воз кечишларига мажбурлади. Кейин янада уларни танг аҳволга солиб, ниҳоят сулҳ тузишга кўндирди. Карфагенликлар Африка билан чегараланиб Сицилияни Агафоклга қолдиришди.
Агафоклнинг ҳаёти ва ишларини диққат бериб ўрганиб чиқсак, унинг эришганларида тақдир марҳамати ҳечам ёки деярли ҳеч йўқ. Ҳукмдорликка у бировнинг оталиқ ёрдамида эмас, жуда кўп хавф-хатарлар, иссиқ-совуқ ва етишмовчиликларга тўла қўшин ҳаёти билан эришди, ҳокимиятни ҳам жасур ҳаракатлари, қаттиққўллиги билан сақлаб қолди. Аммо ўз юртдошларининг қирғинини, хиёнат, сотқинлигини, шафқатсизлигини, муртадлигини мардона жасорат деб атаёлмаймиз. Буларнинг бари билан ҳукмдорликка эришиш мумкин, лекин шон-шуҳратга эришиш мумкин эмас. Агарда унинг хавф-хатарга қарши жасорат-ла боргани, метин иродаси ила қийинчиликларни енгганини машҳур саркардаларга бемалол қиёслаб, тенг келади дейиш мумкин бўлса; инсонгарчиликдан ташқари шафқатсизлиги, бошқа қилган жиноятларини буюк шахсларга қиёслай олмаймиз. Демак, тақдир марҳамати ва ҳақиқий жасорат деб, Агофокл ишларини айтиш мумкин эмас.
Бизнинг замондошимиз, папа Александр даврида бошқа бир воқеа рўй берди. Фермолик Оливеротто ёшлигида етим қолиб, тоғаси Жованни Фольянининг уйида ўсиб улғайди. Ўсмирлигидаёқ Паоло Вителли қўлига аскар бўлиб ёлланди. Мақсади — ҳарбий санъатни ўрганиб, шу йўлда яхши лавозимларни эгаллаш эди. Паоло ўлгач эса, унинг укаси Вителлоццо қўлига ўтди ва табиатан зийрак, кучли, жасур бўлганидан тез орада қўшинда биринчи шахсга айланди. Аммо бировнинг айтганини қилиб юраверишни ор билиб, она юрти Фермони эгаллашни орзу қилди. Бунинг учун Вителлидан оқ фотиҳа олди ва ватандошларининг озодлигидан кўра қуллигини афзал кўрувчи бир неча фермоликни ўзига шерик қилди. Шундан сўнг тоғаси Жованни Фольянига хат ёзиб, кўп йиллик жудоликдан кейин тоғасини ва туғилган жойларини кўриш орзусида эканлигини ва йўл-йўлакай меросдаги улуши ҳақидаги масалани гаплашиб олмоқчилигини қистирди. Хатида у яна, мақсади — фақат яхши ном қозониш эканлигини, умрини бекорга ўтказмаганини юртдошларига кўз-кўз қилмоқчилигини, шунинг учун дўстлари ва хизматкорларидан иборат юз кишилик жўралари билан тантанали вазиятда кирмоқчилигини айтиб ижозат сўради. Бу нарса фақат ўзига эмас, отаси ўрнида турган тоғасига ҳам иззат-обрў келтиришини қистирди. Ва яна, Фермо аҳли ҳам кўпчилик бўлиб, тантанали кутиб олишса, буни тоғаси уюштирса, деб илтимос қилди. Жованни Фольяни жиянининг илтимосини айтгандек бажарди. Фермо аҳолиси Оливероттони дабдаба билан кутиб олди. Оливеротто ўз уйига қўниб, машъум режасининг тайёргарлиги пишгунча бир неча кун кутди. Кейин тоғаси Жованни Фольяни бошлиқ Фермо шаҳарчасини барча атоқли одамларини уйига базмга чақирди. Базмдаги одатий еб-ичиш, ўйин-кулги тугагач, Оливеротто қасдма-қасдликка Папа Александр ва унинг ўғли Чезаре Боржанинг ишларини улуғлаб, кўкларга кўтара бошлади. Жованни ва бошқа меҳмонлар унга жавоб қайтара бошлаганларида эса Оливеротто ўрнидан турди-да, бундай мавзуни холироқ ўтириб гаплашган маъқул деб, ичкари хоналарга етаклади. Тоғаси ва шаҳарнинг атоқли одамлари унинг кетидан ичкарига ўтишди. Лекин кириб ҳали ўтириб улгуришмасданоқ, пистирмадаги солдатлар бостириб кириб, барини ўлдиришди. Чавақлашни тугатишгач, Оливеротто отланди-да, шаҳар бўйлаб отини учириб ўтиб олий магистратни қуршаб олди. Даҳшатга тушган магистрат унга бўйсунди, янги бошқарма тузилди ва Оливеротто шаҳар ҳукмдори этиб сайланди.
Норозилиги туфайли зарар етказиши мумкин деб ўйлаган одамларни яна қириб ташлаб, бошқатдан ҳарбий-фуқаролик қонунларини жорий қилиб ҳокимиятни мустаҳкамлаб олди. Шундан кейин Фермо ичида бутунлай бехавотир, боз устига яқин атрофдагиларга даҳшат солиб яшай бошлади. Худди Агафоклга ўхшаб шаҳардан уриб чиқариш жуда қийин бўлганидан уни алдашни фақат Чезаре Боржагина уддалади. Аввал ҳикоя қилинганидек, Орсини ва Вителли оилалари найранг билан Синигалияга таклиф этилганида Оливеротто у ерга ўзини жасурлик ва ёвузликдаги устози Вителлоцци билан келди ва ўша ерда бўғиб ўлдирилди. Бу воқеа Оливероттонинг падаркушлигидан бир йил ўтгач содир бўлди.
Эҳтимол баъзиларни, нега энди мақсадларига ёвузлик ва сотқинлик билан эришган Агафокл ва у кабилар юртларида узоқ ва хотиржам яшашлари мумкин ва яшаганлар, бемалол ташқи ҳужумдан ҳимояланганлар, юртдошларининг фитнаю суиқасдларига учрамаганлар, ваҳоланки, бошқалар ғала-ғовур уруш шароити у ёқда турсин, тинчлик пайтида ҳам шафқатсизлик қилсаларда ҳукмдорликни сақлаб қололмаганлар, деган масала қийнаши мумкин. Менинг фикримча, шафқатсизликни шафқатсизликдан фарқи бор. Агар, ёмон нарсани яхши деб таъбирлашга рухсат этилса, шафқатсизлик ўз хавфсизлигини таъминлаш учун бирданига амалга оширилса, у доимий мақсадга айлантирилмаса ҳамда кейинги фаолият эл фаровонлигига йўналтирилса яхши. Бироқ, у оз-моздан бошланиб, сўнг кўпаяверса ва ҳеч қачон тўхтамаса, эл фаровонлиги ўйланмаса — у ёмон. Агафоклдек биринчи усули қўлланилса, худо ва бандаларининг ёрдамида ҳокимиятни сақлаш мумкин, иккинчи йўлдан борилса мумкин эмас.
Хулоса шуки, ҳокимиятни қўлга олаётган шахс бундан жабрланадиганларнинг барини ҳисобга олиб, аста-секин эмас, барини бирдан йўқотиши керак. Шунда одамлар оз-оздан тинчланадилар, ҳукмдор ҳам яхшилик қила бориб, уларнинг меҳрини қозониши мумкин. Кимда-ким пайсалланиб, ёки ёмонлик ниятида туравериб, яхшиликка ўтмас экан, у ҳеч қачон қонли қиличини қинига солмайди. Кундан-кунга янгидан-янги хўрлик ва ҳақоратларга солаётган фуқаросига ҳеч қачон суянолмайди. Демак, озор беришни бирдан тўхтатиш лозим, озор қанча оз бўлса, ундан қайтадиган зарар ҳам шунча оздир. Элга яхшилик қилишни эса оз-оздан узоқ муддатга чўзиш керак-ки, унинг таъми яхшироқ сингади. Ҳукмдор учун яхши ва ёмон кунларда ҳам раъиятга муомала муносабатини ўзгартирмаслиги энг муҳим нарсадир. Чунки, оғир замонада ёмонлик қилиш — кеч, яхшиликни эса, мажбурлигидан қилаяпти деб ўйлашганидан миннатдор бўлишмайди.

IX б о б

САЙЛАНУВЧИ ЯККАҲОКИМЛИК

Энди бир шахснинг ёвузлик ва ғайриқонуний йўллар билан эмас, фуқароларнинг илтифоти сабабли ҳукмдор бўладиган вазиятларга ўтаман. Бу ўринда шахсий жасорат ёки омад эмас, кўпроқ омадли айёрлик керак бўлади. Бу каби яккаҳокимликни фуқаролик яккаҳокимлиги деб аташ мумкин бўлиб, у зодагонлар ёки халқ талаби билан жорий этилади. Зероки, дунёда шу икки ибтидога бўлинмаган шаҳарнинг ўзи йўқ. Зодагонлар ибтидоси халқ ибтидосини ҳамиша қайириб олишга ва эзиб сувини ичишга интилади, халқ эса ҳамиша зодагонларнинг хўрлик ва эзишидан қутулишга ҳаракат қилади. Ибтидоларнинг бу кураши доимо уч якунга — ё яккаҳокимликка, ё бошбошдоқликка, ё озодликка олиб боради.
Яккаҳокимлик, қулай шароит қай бирига биринчи тўғри келиб қолишига қараб ё зодагонлар, ё халқ томонидан жорий этилади. Зодагонлар халққа бас келолмаётганини кўриб, ораларидан биронта кишини ҳукмдор қилиб кўтарадилар-да, унинг орқасида халқни эзаверадилар. Халқ ҳам зодагонларнинг кирдикорларига бас келолмаётганини сезиб, бизни ҳимоя қилади, деган маънода бир кишини кўтаради. Зодагонлар кўтарган одамнинг халқ кўтарган одамга нисбатан ҳокимиятни ушлаб туриши қийинроқ кечади. Чунки у, ҳар бири ўзини ҳукмдор билан тенг кўрувчи зодагонлар қуршовида туради. Натижада, буйруқ ҳам беролмайди, мустақил фикрга ҳам эга бўлолмайди. Бундан ташқари, зодагонларнинг иштаҳасини қондириш йўлида ҳалол, бировнинг ҳақига хиёнат қилмай бошқариши мумкин эмас. Халқ кўтарган кишининг атрофида эса бўйсунишни истамаган одамлар бутунлай бўлади ёки деярли бутунлай бўлмайди. У ҳалол ишлаши мумкин. Чунки халқ талабининг ўзи ҳалол. Халқ хўрликдан, ғирромликдан ҳимоя қилишни талаб қилади холос. Зодагонлар эса халқни талашни, хўрлашни талаб этишади. Бунинг устига, душманга айланган халққа бас келиб бўлмайди, чунки у кўпчиликдир. Душманга айланган зодагонларга эса улар озчилик бўлгани учун бас келиш мумкин. Масаланинг бошқа томони бор: халқ жуда нари борса ҳукмдордан юз ўгиради холос. Зодагонлар эса юз ўгиришдан ташқари қарши ҳаракат қилади. Чунки зодагонлар маккор, узоқни кўриб иш қиладиган, соғ қолиш йўлларини олдиндан қидирадиган, кучлининг олдида ялтоқланадиган бўлади. Яна бир нарсани илова қиламан: ҳукмдор — халқни танлаш имконидан маҳрум, зодагонларни эса танлай олади. Чунки жазолаш, марҳамат кўрсатиш, ўзига яқинлаштириш ёки четга суриб ташлаш унинг ҳукмидадир.
Кейинги жумлани батафсилроқ тушунтираман. Зодагонлар билан уларнинг сенга муносабатига қараб, айнан шундай муомала қилмоқ керак. Улар муносабати икки хил бўлади. Бири ҳукмдорнинг чекига неки тушса, шуни бирга тортишга тайёрлигини кўрсатади. Иккинчиси эса бунинг акси. Биринчи тоифани, агар улар манфаат нуқтаи назариданмас, чин дилдан дўст бўлсалар алқаш керак. Иккинчи тоифадагиларга эса иккига ажратиб қараш керак. Чунки уларнинг ичида табиий қўрқоқ ёки жасорати етишмасликдан бир тану бир жонликка ўтмаётганлари бўлади. Булардан, айниқса, ичида бирон соҳанинг мутахассислари бўлса фойдаланиш мумкин. Иккинчи тоифаси эса — шуҳратпарастлар бўлади, ҳукмдордан кўра ўзини кўпроқ ўйлайди. Булардан эҳтиёт бўлиш керак ва очиқ душманлардан қўрққандек қўрқиш керак. Чунки қалтис вазиятда улар ҳукмдорни ҳалок қилишга ҳамиша ёрдам берадилар.
Шундай қилиб, агар ҳукмдор халқ ёрдамида ҳокимиятга келган бўлса халқнинг дўстлигини сақлашга доим уриниши керак, зероки бу қийин ишмас, чунки халқ фақат ўзини алдов ва ҳийладан ҳимоя қилишни сўрайди. Агар ҳукмдор халқнинг истагига зид ўлароқ, зодагонлар ёрдамида ҳокимиятга келган бўлса ҳам, барибир халқ раъини ўзига қаратмоғи унинг биринчи вазифаси бўлмоғи лозим. Бу жуда осон, фақат уни ҳимояга олмоқ керак. Инсон феъли шундайки, ёмонлик кутган кишиси яхшилик қила бошласа, уни ҳокимиятга ўзи олиб келган вазиятдагидан ҳам кўпроқ яхши кўриб қолади. Халқнинг меҳру садоқатини турли йўллар билан қозониш мумкин. Бироқ улар вазиятга қараб ўзгариб тургани ва маълум қонун-қоидага келтириш мумкинмаслигидан уларни таҳлил этмайман.
Хулоса сифатида шуни айтишим керакки, ҳукмдор халқ меҳрини қозониши керак, акс ҳолда қийин кунларда албатта ҳокимиятдан ағдарилади. Спартанинг ҳукмдори Набид бутун Грециянинг ва енгилмас Рим аскарларининг бирлашган кучларига қарши қуршовда туриб тахтини ва ватанини сақлаб қолди. Душман яқинлашганда у бир ҳовучгина одамни йўқ қилди ва шу билан ҳокимиятни мустаҳкамлади. Мабодо у халқ билан душман бўлганида жузъий тадбир унга кор қилмас эди. Менга бу ерда, халққа ишониш — қум устида иморат қуриш, деган ҳамма биладиган мақолни келтириб эътироз билдирмай қўя қолишсин. Ушбу мақол, халқ ичидан чиқиб машҳур бўлган, ҳали ҳокимиятга эришмаган оддий одамга нисбатан ишлатилса тўғри. Бу одам душман ёки ҳокимият қўлига тушсам халқ мени қутқариб олади, деб ўйлайди ва ҳақиқатан ҳам хато қилади. Худди Римдаги ака-ука Гракхлар, Флоренциядаги мессер Жоржо Скалилар алдангандек, шубҳасиз алданади. Лекин бу ерда ҳукмдор устида гап кетяпти. Халқдан илтимос қиладиган эмас, халққа буюрадиган, қўрқмас, танг вазиятда руҳи чўкмас, мудофаа учун керакли чораларни кўрадиган, чоралари ва жасорати билан атрофдагиларга ишонч сингдираоладиган ҳукмдор ҳақида гап кетяпти. Бундай ҳукмдор халқнинг мустаҳкам таянчидан умид қилса ҳамиша нияти рўёбга чиқади.
Одатда ҳукмдорнинг мавқеи фуқаролик бошқарувидан якка ҳокимликка ўтиш жараёнида бўшашади. Ҳукмдор шаҳарни ёки магистрат орқали ёки шахсан ўзи бошқаради. Магистрат орқали бошқарганда унинг аҳволи анча бўшроқ ва нозикроқдир. Чунки у магистрат аъзоларига батамом тобе бўлиб, улар истаган пайтда, айниқса шароит оғирлашган пайтда уни ағдаришлари, яъни очиқ қарши чиқишлари ёки оддийгина қулоқ солмай қўйишлари мумкин. Хатар бош кўтариб, юзма-юз турган ана шундай пайтда мутлоқ ҳоким бўлишга интилиш жуда хавфли. Сабаби магистрат айтганларига бўйсунишга ўрганган халқ қийин вазиятда бирданига яккаҳокимнинг айтганларига бўйсунмайди — ва ҳукмдорга ишончли суянчиқ одамлар топилмай қолади. Шунинг учун тинч замонларда, давлатдан фойдаланиш мумкин бўлган вазиятларда садоқат билдириб, керак бўлса жонимни бераман сизга, деювчилар жуда кўп бўлади, уларга ишонмаслик керак. Давлат қийин вазиятга тушиб, суянчиқ одамларга зарурат сезилганда “жонфидо қилувчилар” кескин камайиб кетади. Бундай қасам ичувчиларни қийин вазиятга тушганда синовдан ўтказаман дейиш эса жуда хавфлидир. Чунки бу синов фақат бир марта берилиши ва охиргиси бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ақлли ҳукмдор фуқаросининг давлатга, ўзига эҳтиёжи ва эътиқодини ҳар қандай шароитда ҳам ўзгармаслигини олдиндан ойдинлаштириб қўйиши керак. Ана шундагина у мустаҳкам суянчиқ, ишончли одамларни топа олади.

X б о б

ДАВЛАТЛАР ҚУДРАТИНИНГ МЕЗОНИ

Давлатларнинг хусусиятларини ўрганарканмиз, давлат бошлиғи талаб этилган пайтда ўзини ўз кучи билан ҳимоя эта оладими ёки унинг ҳимоясига четдан куч керак бўладими деган масалани кўздан қочирмаслик лозим. Ўз кучи етарли деганда мен, керагича одами ва пули бўлиб, зарур пайтда кераклича қўшин тўплаб, қандай душманлигидан қатъи назар, қарши жангга кириб ғалаба қила оладими, йўқми, деган маънони ўйлайман. Ёрдамга муҳтож маъносига эса, душманга қарши майдонга чиқолмай, шаҳар қўрғони ичида ҳимояланишга мажбур бўлганларни киритаман. Биринчи ҳолда қандай иш тутишлигини, аввалроқ бироз гапирган бўлсам-да, кейин яна батафсил тўхталаман. Иккинчи ҳолда эса шаҳар ташқарисидаги фуқаро ташвишидан воз кечиб, қўрғонни мустаҳкамлаш, ичкари учун керакли нарсаларни таъминлаш энг асосий масаладир. Агар ҳукмдор қўрғонни яхши мустаҳкамлаб, раъият билан бурунроқ айтилганидек ва кейинроқ яна айтиладигандек яхши муносабат ўрнатса, қўшнилар унга ҳужум қилишдан ҳайиқадилар. Чунки одам — узоқ қийинчилик талаб этиладиган ишни ёмон кўриб, осон битадиган ишни яхши кўради. Қўрғони мустаҳкам, халқида ҳукмдорга адовати бўлмаган шаҳарга ҳужум қилишни эса осон иш деб ҳеч ким ҳисобламаса керак.
Германия шаҳарлари дунёдаги энг озод шаҳарлар сирасига кирадилар. Атрофларидаги мўъжазгина маъмур туманлари билан биргаликда императорга ўзлари хоҳлаган пайтдагина бўйсунадилар. На императордан, на атрофларидаги бошқа кучлироқ қўшниларидан қўрқмайдилар. Шаҳарлари жуда мустаҳкам деворлар, сув тўла зовурлар билан ўралган, кераклича тўплари бор, жамоат омборларида бир йиллик озиқ-овқат, сув ва ёнилғи заҳира ҳамиша сақланади; бундан ташқари, хазинанинг силласини қуритмай халқни боқишни мўлжаллаб, шаҳарнинг асосий фаолияти соҳасида, ҳамда оддий фуқаронинг касб-кори хусусида бир йиллик ишни ҳам ғамлайдилар, ҳарбий уруш санъатларни ҳамиша рағбатлантирадилар. Бундай шаҳарга босқин уюштириш оғир машаққат эканини барча аниқ кўради ва ҳеч ким унга бел боғламайди.
Хуллас, қўрғони метиндек мустаҳкам, халқига адоват экмаган ҳукмдорга ҳеч ким ҳужум қилмайди. Ҳужум қилинган тақдирда ҳам душман шармандаларча чекинишга мажбур бўлади. Чунки бу дунёда барча нарса шунчалик тез ўзгарадики, шаҳар атрофида бекор ётган қўшин интизомини чиритмасдан бир йил ушлаб туришни ким ҳам уддаларди? Шаҳар ташқарисидаги уй-жой ва экинларнинг ёнаётганини кўрган халқ узоқ қуршовга дош беролмайди, ҳукмдорга садоқатдан кўра ўзининг ташвишларини устун қўяди, деб менга эътироз билдиришлари мумкин. Агар ҳукмдор кучли ва жасур бўлса, гоҳида раъиятга бу балоларнинг тез тугашини уқтириб, гоҳида душманнинг шафқатсизлигини тушунтириб, ҳаддан ошиқ норозиларни тинчитиб турса, барча қийинчиликларни енга олади деб айтаман. Бунинг устига, одатда душман биринчи кунлари ҳали одамлари шижоатга тўлиб, ҳимояланувчиларнинг қаттиқ турганидан ғазабланиб экин ва уй-жойларга ўт қўйиб топтайди. Сал ўтмай эса шижоатлар сўнади. Ҳимояланувчилар учун бўлар иш бўлиб, бўёғи синган, зарар етказилган бўлади. Қабоҳат юзага чиққанда зарар кўрганларнинг ҳукмдорларига садоқат кўрсатишдан бўлак иложи қолмайди. Уни ҳимоя қилиш йўлида ўзларини ўтга, мол-мулкларини талон-тарожга бериб қўйган эканлар, энди улар ҳукмдордан миннатдорчилик кутадилар. Инсоннинг феъли-хуйи шундайки, ўзига яхшилик қилган кимсага қанчалик боғланмасин, ўзи яхшилик қилган кимсага ундан кўпроқ боғланиб қолади. Шу тафсилотларни мушоҳада қиларканмиз, шаҳарни боқиш ва ҳимоялашга нарсаси етарлик бўлса ақлли ҳукмдор қамал пайтида фуқаросининг руҳини кўтариш йўлларини қийналмай топа олади деб, ишонч билан таъкидлайман.

XI б о б

ДИНИЙ ДАВЛАТЛАР

Биз энди диний давлатларни таҳлил этишимиз қолди. Бу каби давлатлар черков тарафидан муқаддаслаштирилган тартиб-қоидаларга суяниб яшайдилар. Жуда мустаҳкам бўлган бу тартиб-қоидалар, ҳаёт тарзи қандайлигидан қатъи назар, ҳукмдорни тахт устида сақлаб тураверадилар. Ҳукмдор ҳокимият эгаси, бироқ уни йўқотишдан қўрқиши шарт эмас. Фуқароларини, бевосита, шахсан бошқармагани учун фуқаро ўзининг аҳволидан ҳукмдорга нолимайди, ҳукмдордан қутулишни ўйламайди, ўйлаганда ҳам бунинг иложини қилолмайди. Бу давлатларда тахтни эгаллаш пайтидагина ҳукмдордан жасорат талаб этилади, тақдирнинг марҳамат қилиши ҳам шарт. Тахт эгаллангандан кейин уни сақлаш жуда осон, жасорат ҳам, таҳликали кураш ҳам талаб этилмайди. Фақат диний давлатлардагина ҳукмдор ҳамиша роҳат-фароғатда яшайди.
Диний давлатлардаги жараённинг тангри томонидан белгиланиб, инсон ақли-заковатидан юқорида тургани учун мен улар ҳақида гапирмайман. Тангри томонидан юксакликка кўтарилиб, ўз паноҳига олган тузум ҳақида фақат ўтакетган бетгачопар, иблисона қайсар одамгина фикр юритади. Бироқ, илгари дунёвий ишлардаги мавқеини Италиядаги йирик давлатлар у ёқда турсин, кичкинагина ҳукмдорча ва баронлар ҳам менсимаган черков, Франция қиролини Италиядан ҳайдаб юбораоладиган, венецияликларни тор-мор қиладиган қудратга қандай йўсинда етишди деб, савол беришлари мумкин. Шунинг учун, гарчи бу воқеалар барчага яхши таниш бўлса-да, мен яна бирма-бир эслатиб ўтаман.
Франция қироли бостириб киргунга қадар Италиядаги ҳукмронлик — папа, венецияликлар, Неаполитания қироллиги, Милан герцоглиги ва флоренцияликлар ўртасида тақсимланган эди. Бу ҳукмронларни асосан иккита масала қизиқтирарди: биринчиси, Италияга чеккадан бировнинг бостириб киришига йўл қўймаслик; иккинчиси, бир-бировининг чегарасини кенгайтиришга йўл қўймаслик. Бу масалада, айниқса венецияликлар билан папа қаттиқ назорат қилиниб, кучли шубҳа уйғотишарди. Венеция Феррарани ишғол этмоқчи бўлганда қолганлар бир ёқадан бош чиқариб иттифоқ тузишганди. Папага қарши эса Рим баронлари ишга солинарди. Колонна ва Орсини партияларига бўлиниб олган баронлар доимо тўполон чиқариб, черков бошлиғининг кўзи олдида қуролларини шарақ-шуруқ қилишар ва папа давлатини бўшаштириб, беқарорлигини кучайтиришарди. Гарчи, папаларнинг ичида Сикстга ўхшаган жасоратли одамлар ҳам ўтган, қулай шароитлар юзага келган ва уларнинг барчаси ҳам тажрибалик кишилар бўлган эсалар-да, биронтаси ҳам баронларнинг ғалваю машмашасидан қутулиш иложини тополмасди. Бунга сабаб эса папаларнинг ҳокимлик муддатларининг қисқалиги эди. Дарҳақиқат, сайлангандан ўлгунига қадар ҳар бир папа ўртача ўн йил ҳукм сурарди. Бу даврда эса бир папа бу партияларнинг фақат биттасинигина тор-мор қилишга улгурарди. Партияларнинг ўзаро душманлигини ҳисобга олсак, мисол учун бир папа Колоннани деярлик йўқ қилса, унинг ўрнига сайлангани Орсинининг душмани бўлиб чиқар ва Колоннани қайта тикларди-ю, Орсинини йўқ қилишга вақти етмасди. Папа давлатининг Италиядаги обрўсизлигига ана шу ишлар сабаб эди.
Бироқ папалик тахтига Александр VI ўтиргач, ўтмишдошларидан фарқли ўлароқ, пул ва қурол ёрдамида Черков бошлиғининг неларга қодирлигини яққол кўрсатди. У фарангларнинг кириб келишидан фойдаланиб, ўғли Валентино воситасида, мен юқорида герцогга бағишланган бобда айтган ишларни амалга оширди. Тўғри, унинг фаолияти Черковни эмас, герцогни кўтаришга йўналтирилганди. Лекин ўлимидан ва герцог орадан йўқотилганидан кейин, амаллари ўз-ўзидан Черковга мерос қолди. Черковнинг обрўю қудратини ошишига хизмат қилди. Кейинги папа Юлийга қудратли Диний давлат насиб этди. Черковга Романья давлати қўшилганди, партиялари тор-мор этилган Рим баронлари жиловланганди, папа Александр хазинани тўлдиришнинг янги манбаини очганди.
Папа Юлий бу жараённи давом эттириб, янада кенг кўламга кўтарди. Болоньяни қўшиб олишни, Венеция қудратини парчалашни, фарангларни ҳайдашни режалаштирди ва амалга оширди. Буларни у шахс манфаати эмас, бевосита черков манфаати йўлида қилгани учун шон-шуҳратининг қадри покроқ ва қимматлироқдир. Папа Юлий Орсини ва Колонна партияларининг ҳам кучайишига йўл қўймай, ўзи келган пайтдаги чегарада ушлаб тура олди. Партияларнинг баъзи раҳбарлари низолар чиқаришга уринган бўлсалар-да, Черков қудратининг ошиб кетганлиги ва сафларида кардиналлар қолмаганлиги туфайли бунга эришолмадилар. Аслида бу партиялар ўртасида тотувлик ўрнатилмаслигига сабаб сафларига ана шу кардиналлар борлиги эди. Улар Римда ўтириб олиб, ўзларининг шуҳратпарастлик можароларига баронларни тортаверардилар. Бир сўз билан айтганда, кардиналлар шуҳратпарастлиги — баронлар низосини яъни урушларни келтириб чиқарарди.
Шундай қилиб ҳозир тахтга ўтирган папа Лев ўта кучли Черков давлатига меросхўр бўлди. Агар унинг ўтмишдошлари папаликнинг қудратини қурол кучи ила оширган бўлсалар, авлиё папамиз унинг қудрати ва шуҳратини ўз меҳру мурувватлари, мардликлари ва серқирра қобилиятлари оқибатида ундан-да ошириб юборадилар, деган умид туғдиради бизларда.

XII б о б

ҚЎШИННИНГ ТУРЛАРИ ВА ЁЛЛАНМА АСКАРЛАР ҲАҚИДА

Биз давлатларнинг турларини батафсил кўриб чиқдик. Қисман бўлса-да, ҳукмдорларнинг хотиржам яшаши ёки инқирози сабабларини таҳлил этдик. Шунингдек, ҳокимиятни эгалламоқчи ҳамда уни қўлида мустаҳкам ушламоқчи бўлганларнинг амалларини аниқладик. Энди, илгари таҳлил этган давлатларимизнинг бировга ҳужум қилиши ёки ҳимояланишида фойдаланадиган воситаларини кўриб чиқсак. Ҳар бир шоҳнинг ҳокимлиги мустаҳкам пойдевор устига қурилиши лозимлигини айтгандик. Ҳокимиятлар меросийми, янги эгалланганми, ёки бир қисми меросий, бошқа қисми истило этилганми, бундан қатъи назар, пойдеворини яхши қонунлар ва яхши қўшин ташкил этади. Лекин, яхши қўшин йўқ ерда яхши қонун бўлмаганидек, ёки яхши қўшин бор ерда яхши қонун бўлгани учун қонунларни четлаб, гапни қўшиндан бошлайман.
Ҳукмдорнинг ўз салтанатини ҳимоя қилувчи қўшини ё ўзиники, ё иттифоқчиники, ё ёлланма, ё аралаш бўлади. Шулардан иттифоқчи ва ёлланма қўшинлар бутунлай фойдаси йўқ ва хавфли қўшинлардир. Ёлланма аскарлар шуҳратпараст, интизомсиз, такасалтанг, низопараст, дўстлари билан жанжалкаш, душманга қарши қўрқоқ, аҳдни бузувчи, хиёнатчи, ифлос ва ҳаромхўрлигидан бундай қўшинга суянган ҳокимият ҳеч қачон пишиқ ва умри узоқ бўлмайди. Ёлланма қўшиннинг мағлубияти фақат унга қарши жасур ҳужумнинг қачон бўлишига боғлиқ. Уруш пайтида душман қанчалик хонавайронлик келтирса, бу қўшин тинчлик пайтида сени шундай хонавайрон қилади. Сабаби шуки, бу аскарларни жанг майдонида биронта туйғу ёки ғоя эмас, сен бераётган озгина маошгина ушлаб туради. Бу маошинг эса уларнинг сен учун жон фидо қилишга етарлик эмас. Улар тинчлик пайтида сенга хизмат қилишга тайёрлар-у, уруш бошланиши биланоқ қочиб кетаётган орқаларини кўрасан.
Италиянинг инқирозга учраганининг сабаби, кўп йиллардан бери ёлланма аскарларга таянганидек равшан нарсани исботлашнинг кераги бўлмаса керак? Баъзи бировларга улар жузъий муваффақият келтиришди. Биз уларнинг бир-бирларига қарши кўрсатган жанговарлик ўйинларини кўрдик. Бироқ, чет эл истилочиси келиши биланоқ, аслида неччи чақа туришини ҳам кўрдик. Франция қироли Карл Италияни бир бўлак бўр1 билан босиб олгани ҳақидаги гап тўппа-тўғридир. Биз гуноҳларимиз жатига қолдик деган одам тўғри айтган. Лекин биз у айтган гуноҳлар эмас, мен айтган гуноҳлар жатига қолдик. Бу гуноҳлар ҳукмдорларники бўлгани учун ҳам жабрини ўзлари тортишди.
Мен ёлланма қўшиннинг зарарларини батафсилроқ тушунтириб беришни хоҳлардим. Кондотьерлар2 ичида касбининг усталари ва нўноқлари бўлади. Уста жангчига ишониб бўлмайдики, ўзи тахтталабга айланиши, режаларинг билан, унинг қўмондони эканлигинг билан ҳисоблашмай, сени ёки сен қўмондон этиб тайинлаган одамингни йўқотиши ёки ағдариши мумкин. Нўноқ жангчига ишониб бўлмайди-ки, урушни ютқазади. Хўш, нима бўпти? Қўлида қуроли бор ҳар бир инсондан шуни кутса бўлади-ку, деб эътироз билдиришлари мумкин. Бунга жавоб қуйидагичадир: қўшин ёки ҳукмдор, ёки республика измида бўлади. Биринчи ҳолда, қўмондонликни, қўшинбошиликни ҳукмдорнинг шахсан ўзи олиши керак. Иккинчи ҳолда, республика ўз фуқароларидан бирини қўшинбоши қилиб сайлаши, агар унинг салбий томонлари сезилса олиб ташлаши ёки ҳаддидан ошолмайдиган қилиб ҳуқуқларини қонунлар билан чегаралаб қўйиши керак. Тажрибадан биламизки, фақат қўшинбоши шоҳлар ва қуролланган республикаларгина урушларда муваффақият қозонишган. Ёлланма аскарлар эса фақат зиён келтиришган.
Рим билан Спарта қуроллангани учун кўп асрлар озод яшашди. Швейцарияликлар барчадан яхши қуролланганлари учун барчадан кўра кўпроқ озодлар. Қадимги Карфаген ёлланма қўшинга таяниб иш кўрган. Гарчи қўмондонларни ўз фуқароларидан тайинласа-да, Рим билан биринчи уруш тугаганда бу қўшин Карфагенни босиб олишига оз қолган. Фиваликлар Эпаминонд ўлимидан кейин қўшинларига раҳбарлик қилишга Филипп Мақидунлини чақиришган. У қўшин билан ғалаба қилган ва қайтиб келиб Фивага ҳукмдор бўлиб олган. Миланликлар герцог Филиппнинг ўлимидан сўнг Франческо Сфорцани хизматга чақиришган. Хўш, нима бўлди? Караважо яқинида венецияликларни тор-мор қилган Франческо, венецияликлар билан иттифоқ тузиб, ўз хўжаси миланликларга қарши чиққан. Унинг отаси Сфорца эса Неаполитан қироличаси Жованна қўлида хизмат қиларкан, нохосдан бутун қўшинни обкетиб қолиб, қироличани ёлғиз қолдирган. Қиролича давлатни сақлаб қолиш учун Арагон қироли қошига ҳимоя сўраб қочишга мажбур бўлган.
Венецияликлар ва флоренцияликлар бир неча карра ёлланувчилардан муваффақиятли фойдаланганлар-у, уларнинг кондотьерлари астойидил хизмат қилган, ҳукмдорга айланишмаган-ку, деб эътироз билдиришлари мумкин. Бунга жавоб қуйидагича: флоренцияликларнинг омади келган холос. Хавотирланиш мумкин бўлган жасур кондотьерлардан бири урушларда ғалаба қозонолмади, иккинчисининг кўз-қулоқ бўлиб турган рақиби бор эди, яна бир бошқаси эса ҳукмдорлик даъвосини бошқа ерга кўчирди. Мисол учун бирон марта ҳам ғолиб бўлмаган Жованни Аукутанинг садоқати ҳақида қандай қилиб хулоса чиқариш мумкин? Агар у ғалаба қозониб қайтганида флоренцияликлар батамом унинг измида қолган бўлишарди, деган фикрга ҳеч ким қаршилик қилмасов?! Сфорца билан Браччолар эса, рақиб сифатида бир-бирини кўз узмай кузатишарди. Шунинг учун Сфорца даъвогарликни Ломбардияга, Браччо эса папа вилояти билан Неаполитанияга кўчирди. Яқиндагина бўлиб ўтган флоренцияликларнинг Паоло Вителлини хизматга чақириши воқеасини олайлик. Ақлли ва ўзига пишиқ киши бўлган Вителли, кондотьерлик қилмасидан олдиноқ катта обрўга эга эди. Агар у Пизани эгаллаганда флоренцияликлар унинг чангалидан қутулолмаган бўлишлари аён-ку! Мабодо у душман тарафга ўтиб кетганда флоренцияликлар учун таслим бўлишдан, мабодо Флоренцияга қайтганда тобеликка ўтишдан бошқа иложлари қолмаслиги ҳам равшан-ку?!
Венецияликлар мисолига келадиган бўлсак, улар қуруқликда майдон истилосига ўтгунга қадар, яъни ўз кучлари билан денгизда урушган пайтларида ҳақиқий ва пишиқ ғалабаларга эришганлар. Венеция зодагонлари ва қуролланган фуқароси денгизда жуда кўп ҳарбий жасорат намуналарини кўрсатишган. Бироқ қуруқликда ер эгаллашни бошлашлари биланоқ бутун Италияга хос ҳарб услубига ўтганлар. Қуруқликдаги ерлари оз ва давлатлари мустаҳкам турган замонларда уларнинг кондотьерларидан қўрқишга сабаблари бўлмаган. Бироқ, Карманьолани хизматга чақирган пайтларида майдонлари кенгайиб кетгач, хатоларини сезиб қолдилар. Карманьолани венецияликлар жасур қўмондон сифатида билар, унинг раҳбарлигида Милан герцогини тор-мор этгандилар. Аммо кейинги пайтларда жанг қилишни пайсалга солиб вақтни чўзаётганини, ғалаба қилишни истамаётганлигини кўриб, демакки ўзларига энди ғолиблик насиб этмаслигини тушундилар. Шунингдек, кондотьернинг жавобини бериб юбориш ҳам қўлларидан келмаслигини, агар шундай қилсалар босиб олинган ерлардан ажралиб қолишларини ҳам билдилар. Хуллас, нима қилиб бўлса-да, ўз хавфсизликларини таъминлаш учун Карманьолани секингина ўлдиртириб юбордилар. Кейинроқ улар Бартоломео да Бергамо,Роберто да Сан-Северино, граф ди Питильяно кабиларни бирин-кетин ёлладилар. Бу одамларнинг бари жангни ютишлари эмас, ютқазишлари мумкинлиги билан хавотирли эди. Вайла яқинида худди шундай бўлди: венецияликлар саккиз аср мобайнида улкан заҳматлар эвазига эришган бари нарсаларидан бир кунда айрилдилар. Чунки ёлланма аскарлар ҳужумда имиллашлари ва ланжликлари билан, чекинишда эса ўта чаққонликлари билан донг чиқарганлар. Модомики, кўп замонлардан бери ёлланма аскарлар ҳукмига қолган Италия мисолига мурожаат қилган эканмиз, масаланинг тагигача етиш учун, ҳамда нега бундай бўлди, ёлланмалар қандай қилиб кучайиб кетишди деган саволларга тўлиқ жавоб топиш учун яна ўтмишга қайтишимизга тўғри келади.
Яқин ўтмишда, империя бўшашиб, папанинг мавқеи мустаҳкамлангач, Италия бир неча давлатларга парчаланиб кетди. Кўпгина йирик шаҳарлар императорга тобе ноибларнинг зуғумига қарши чиқдилар. Бошқа бир шаҳарларга дунёвий қудратининг ташвишидаги черков оталиқ қила бошлади. Яна бир тур шаҳарларда фуқаролар кўтарилиб, ҳукмдор даражасига етдилар. Италия — черковнинг ва бир неча республиканинг қўли остида қолди. Фуқародан чиққан янги ҳукмдорлар ва черковнинг қўйиндилари — прелатлар қурол-яроққа бегоналиклари оқибатидан бу ишга ёлланма аскарларни таклиф эта бошлашди. Романьялик Альбериго да Конио ёлланма қуролни биринчи бўлиб шон-шуҳратга буркади. Унинг шогирдлари ва издошлари Браччо ва Сфорцалор ўз даврларида бутун Италияни қўлларига қаратгандилар. Ҳозирги кунда куч бўлиб турган кейинги кондотьерлар уларнинг оқоваларидир. Бу ёлланма кучларнинг “кароматлари” туфайли Карл Италиянинг у бошидан кириб бу бошига чиқди, Людовик талади, Фердинанд топтади, швейцарлар хўрлади.
Ёлланмалар ишни ўзларини ҳар ерда мақтаб ва мақтатиб пиёда аскарларни пастга уришдан, сонини қисқартиришдан бошладилар. Чунки катта пиёда қўшини овқатга шерик бўларди, кичиги эса шуҳрат келтиролмасди. Отлиқларнинг ўзи билан чегараланиш эса уларга тўқ ҳаётни таъминларди. Иш шу даражага бориб етдики, йигирма мингли қўшинда икки мингга етмайдиган пиёда сақланадиган бўлди. Уддабуронликни давом эттириб, улар ўзларини ва солдатларини ҳарбий ишнинг қийинчиликлари ва хавф-хатарларидан озод қилиш учун ажойиб қонунлар чиқариб, низомларига киритиб олдилар. Буларга кўра: жанг пайтида бир-бирларини ўлдирмасдилар, асирга олардилар-у, товонсиз қўйиб юборардилар; шаҳарни қуршовга олсалар кечаси ҳужумга ўтмасдилар; шаҳар ичкарисида бўлсалар, ташқарига жанг қилгани чиқмасдилар; далада қўнсалар қароргоҳни ғов ва зов билан ўрамасдилар; қишда ҳарб ишларини олиб бормасдилар. Яна такрорлаймиз — ҳарбий низомларга киритилган бу нарсалар фақат жонларини азобдан сақлаш учун тўқилганди. Ана шу йўл билан Италияни шармандалик қулликка мубтало қилдилар.

XIII б о б

ИТТИФОҚЧИ, АРАЛАШ ВА ШАХСИЙ ҚЎШИНЛАР ҲАҚИДА

Иттифоқчи қўшин — кераксиз қўшинларнинг яна бир туридир. Бу — ҳимоя ёки ҳужумда бошқа кучли ҳукмдордан ёрдамга олинган қўшинидир. Яқин замонда Феррарага қарши юришда папа Юлий шундай қўшиндан фойдаланганди. Ўзининг кондотьерлари неча пуллик эканини сезиб қолиб, Испания қироли Фердинанддан отлиқ ва пиёда аскарларни ёрдамга чақирганди. Бундай қўшин, аслида ўз подшоси учун жуда яхши хизмат қилиб, катта наф келтириши мумкин. Лекин ёрдамга чақирган ҳукмдор учун деярли доимо хатарлидир, чунки, мағлубиятга учралса ҳалок бўлади, ғалабага эришилса қарам ёки қарздор ҳолатга тушади.
Тарихий асарларда бу каби ҳолатлар жуда кўп ёзилганига қарамай, мен папа Юлий мисолини таҳлил этишда давом этаман. Феррарани босиб олиш учун чет ҳукмдорга мурожаат этиши папа Юлийнинг жуда калтабин чораси эди. Бу калтабинлиги учун Равеннадаги жангда унинг иттифоқчи қўшини мағлубиятга учраганда албатта жазоланиши керак эди. Лекин бахтига воқеаларни тақдир бошқача ўйнаворди: қаердандир швейцар аскарлари пайдо бўлиб, ғолибларни ҳайдаб юборишди. Натижада, папа ё ғолибга, ё иттифоқчи испанларга муқаррар тобе бўлишдан қутулиб қолди. Чунки ғолиблар қувиб юборилганди, мағлуб испанлар эса швейцарлар эришган ғалабага хўжайинлик қилолмасди. Флоренцияликлар қўшинлари йўқлиги учун Пизага қарши ўн минг фарангини солганларида ўз тарихларида кўрган балоларининг энг каттасига учрашларига ҳам бир баҳя қолганди. Константинопол императори қўшнилари билан урушаркан, Грецияга ўн минглик турк қўшинини чорлади. Турклар уруш тугагандан кейин қайтиб кетишни хоҳламадилар, натижада Грециянинг ғайридинлар томонидан босиб олиниши бошланди.
Хуллас, ёлланма аскарлардан ҳам анча хавфли бўлган иттифоқчи қўшинларини — ғалабани бутунлай қадрламайдиган одамгина ёрдамга чақираверсин. Иттифоқчининг қўшини чақираётган одамга ҳалокат келтириши тайин. Бу қўшин худди бир одамдек уюшиб ҳаракат қилади, ўз ҳукмдорига сўзсиз бўйсунади. Ёлланма қўшин ғалаба қозонгандан кейин сенга қарши уюшиши учун кўпроқ вақт керак. Сенга зарар етказиш учун қулай шароитларнинг жуда қулайи ва кўпроғи талаб этилади. Унда якдиллик камроқ бўлади, уни сен тўплагансан, улар сендан маблағ олади, сен томондан тайинланган қўшинбоши эса сенга рақиб даражасигача дарровгина кучая олмайди. Гапнинг лўндаси шуки, ёлланма қўшиндаги, асосий хавф — ундаги бепарволик, беғамлик бўлса, иттифоқчи қўшиндаги асосий хавф ундаги уюшган жасоратдир.
Шунинг учун ақлли ҳукмдорлар ўз қўшинлари билан иш кўришни маъқул кўрганлар. Ҳатто, бировнинг қўшини билан қозонилган ғалабани ҳақиқий эмас деб ҳисоблаганларидан, бундай ғалабадан кўра ўз қўшини билан мағлубиятга учрашни афзал билганлар. Яна ҳеч иккиланмасдан Чезаре Боржани мисол келтираман. Биринчи марта Романьяга кириб Имола ва Форлини олганда унда фақат фаранг отлиқлари бор эди. Сал кейин у иттифоқчи қўшинларининг ишончсиз эканлигини сезди-да, ёлланма аскарлар ундан кўра хавфсизроқлигини тушуниб, Орсини ва Вителлилар хизматидан фойдалана бошлади. Кейин уларнинг ҳам жангларида турғун эмаслигини, сотиб кетиши мумкинлигини кўрди-да, улардан ҳам қутулиб ўз қўшинини тузди. Бу қўшинлар орасидаги фарқни четдаги кишиларнинг герцогга бўлган муносабатининг ўзгариб борганидан ҳам билиш мумкин. Яъни, қўл остида фақат фаранглар, кейин Орсини ва Вителлиларнинг ёлланмалари, ундан кейин ўз қўшинига эга бўлиш жараёнида ҳурмати тобора ошиб борган ва фақат ўз қўшинини тузгандан кейингина у билан ростмана ҳисоблаша бошлаганлар.
Мен Италиядаги воқеалардан узоқлашмоқчи эмасдиму, бурунроқ тилга олганим учун Гиерон Сиракузалини яна бир эслатаман. Айтилгандек, ўз юртдошларининг азмуқарори билан қўшинбоши тайинлангач, ёлланма аскарлардан фойда кўп эмаслигини дарров тушунган. Чунки ўша пайтдаги кондотьерлар ҳозиргиларининг нусхасидан кўп фарқ қилмасди. Хуллас, ёлланма аскарларни ҳайдаб ҳам, қолдириб ҳам бўлмаслигига амин бўлгач, уларни чопиб ташлаб қутулди. Ва шундан сўнг бегонага эмас, фақат ўз аскарларига таянадиган бўлди. Беихтиёр, шу ерга жуда мос Инжилнинг бир ҳикояти хотирага келади. Довуд фаластинликлар қароргоҳидан Голиафни яккама-якка жангга чақирганда, Саул унинг руҳига мадад бўлар деган умидда ўз қурол анжомларини беради. Бироқ Довуд, бировнинг қурол анжомида ўзимни ноқулай сезаман, шунинг учун душманга ўзимнинг сопқон ва пичоғим билан чиқаман, дейди. Аслида доимо шундай: ўзганинг яроғи ё кенг, ё тор, ё оғирроқ бўлади.
Ўзининг жасорати ва тақдирнинг марҳамати билан Францияни инглизлардан озод этган Людовик XI нинг отаси Карл VII, ўз аскарларига эга бўлиш лозимлигини англаб, мунтазам отлиқ ва пиёда қўшинларини тузиш буйруғини берган. Кейинроқ, ўғли Людовик пиёдаларни тарқатиб, уларнинг ўрнига швейцарияликларни чақирган. Унинг ворислари бу хатони янада чуқурлаштирганлар. Оқибатда бу хато Францияга жуда қимматга тушмоқда. Швейцарияликларни афзал кўрган фаранг қироллиги ўз қўшинидаги жанговар руҳни сингдирган. Ёлланма пиёдаларга ёрдамчидек қилиб тиркалгани учун фаранг отлиқ армияси ўз кучи билан ғалаба қила олишига ишонмай қўйди. Вазият шундайки, Франция швейцарияликларга қарши урушолмайди ва яна, швейцарияликларсиз бошқаларга қарши чиқишга-да ботинолмайди. Бир қисми ўзиники, бир қисми ёлланма аскарлардан иборат Франциянинг ҳозирги қўшини шу ҳолда ҳам тўлиғича иттифоқчи, ёки тўлиғича ёлланмалардан иборат қўшинлардан бир неча поғона устун турса-да, тўлиғича миллий аскарлардан тузилган қўшиндан анча-мунча паст туради. Франция — Карл яратган армиянинг тузумини такомиллаштирганда, ёки ўзича сақлаб қолганда шу кунда енгилмас бир давлатга айланган бўларди. Лекин хом сут эмган одамзотга калтафаҳмлик ҳам хос, усти ялтироқ нарсанинг ичида яширин заҳари борлигини сезмайди. Юқоридаги сил касали ҳақидаги гап ҳам бу мавзуга мисол бўлаолади.
Куртак отаётган иллатни кўра олмаган ҳукмдорни чин маънода доно деб бўлмайди. Сирасини айтганда, иллатни куртакликда пайқаш қобилияти жуда кам одамга насиб этади. Рим империясининг инқироз илдизлари тўғрисида ўйласак, у — римликларнинг готларни ёллаган пайтидан бошланганини кўрамиз. Империя силласининг қуриши ҳам шу пайтдан бошланган, яна шундай бўлганки, римликларнинг силласи қуриган сари, готларнинг кучи ортаверган. Хулосада яна бир бор такрорлайман, ўз қўшинисиз давлат мустаҳкам бўлолмайди, унинг келажаги батамом тақдирнинг ўйинига боғлиқ бўлиб қолади, чунки, қийин кунларда мардлик деган нарса унинг ҳимоясига келмайди. Ақлли одамларнинг фикри ва таъбирича: “Quod nihil sit tam infirmum aut instabile, quam fata potentiae non sua vi nixa”. Ўз қўшини деганнинг мазмуни; ўз нўёнларингдан, ўз фуқароингдан, сенга содиқ одамлардан тузилади. Ҳар қандай бошқаси эса иттифоқчи ёки ёлланма қўшинга кирди. Ички тизимининг қандай бўлишини эса: мен номини келтирган тўрт шахснинг ишлари, Искандар Мақидунлининг отаси Филипп қўшинининг тизими ва қуроллантирилгани ўрганилса ва яна мен айтган ҳамда тажрибасига ишонганим республика ва ҳукмдорларнинг амаллари таҳлил этилса, андозани чиқариб олиш қийин бўлмайди.

XIV б о б

ҲУКМДОР ҲАРБ ИШЛАРИГА ҚАНДАЙ ЁНДОШМОҒИ КЕРАК?

Шундай қилиб, уруш масаласи ҳукмдорнинг энг асосий иши бўлмоғи керак. Урушдан, уруш қоидаларидан, уруш фанидан бошқа — ҳукмдорнинг ташвиши, фикри, иши бўлмаслиги керак. Уруш масаласи ҳукмдор учун бировнинг чекига ташлаб, бировга бериб, топшириб қўйиш мумкин бўлмаган ягона масаладир. Ҳарбий санъатда шундай қудрат борки, унинг ёрдамида нафақат салтанат эгаси ўз салтанатини сақлаб қолади, балки оддий фуқаро бўлиб туғилган одам ҳам салтанатни эгаллаши мумкин. Ва аксинча, ҳарбий ишдан кўра кайфу сафо, айшу ишратни кўпроқ ўйлайдиган салтанат эгалари ўз тахтларини йўқотишлари мумкин ва кўп марта йўқотганлар. Ҳарб санъатини назар-писанд этмаслик ҳукмдорликдан ажралишнинг бош сабаби бўлса, уни эгаллаш ҳукмдорликни эгаллашда ҳам асосий воситадир.
Франческо Сфорца урушишни билгани учун оддий одамдан Милан герцогига айланди. Уруш қийинчиликларига бўйни ёр бермаган фарзандлари герцоглардан оддий фуқарога айландилар. Ҳарбий касби бўлмаган ҳукмдор ўз бошига кўп балоларни, жумладан атрофидагиларнинг беписандлигини чақиради. Бундан эса доимо огоҳ бўлиб мутлақо йўл қўймаслик керакки, қуйироқда буни яна гапирамиз. Қуроллик билан қуролсизни ҳеч қанақасига қиёслаш мумкин эмас, қуроллик ҳеч қачон ўз ихтиёри билан қуролсизга бўйин эгмайди, қуролсиз эса ўзининг қуроллик хизматкорлари орасида ҳеч қачон хотиржам юролмайди. Бири иккинчисидан шубҳаланадиган, иккинчиси эса биринчини назар-писанд қилмайдиган икки инсон муросага келиши мумкин эмаслигидан, ҳарб ишидан бехабар ҳукмдор ўз аскарларининг ҳурматига сазовор бўлолмайди, демак уларга таянолмайди.
Шунинг учун ҳукмдор ҳарб машқларини ҳатто хаёлида ҳам чеккага сурмаслиги, тинчлик замонида ҳам уруш замонидан кўра кўпроқ ўйлаши, шуғулланиши лозим. Шуғулланиш, фақат қўшиндаги тартиб ёки машқларнинг боришини назорат қилиш дегани эмас. Шахсан ўзи ҳам овга чиқиб, бадан чиниқтириши, бундан ташқари, атроф муҳитни диққат билан ўрганиши керак. Яъни: пасту баландликларнинг қаердалиги ва қандайлигини, водийларнинг қаерга чиқишини, текисликларнинг сатҳи қанчалигини, дарё ва ботқоқларнинг хусусиятларини. Бу нарса икки томонлама фойдалидир. Биринчидан ўз юртингни янада яхшироқ билиб оласан ва уни ҳимоя қилиш йўлларини такомиллаштирасан, бундан ташқари, бир жойнинг тузилишини синчиклаб билиб олиш илк марта бориб қолган нотаниш жойнинг ҳолатини ўрганишга ёрдам беради. Мисол учун Тосканадаги воҳалар, қияликлар, текисликлар, ботқоқлар, дарёлар бошқа ердагилари билан бари бир ўхшаш томонлари бўлади, шу сабабдан бир жойнинг хусусиятларини билган одам бошқа жойникини ҳам тезроқ аниқлайди. Агар ҳукмдор шу маҳоратларга эга бўлмаса, демак у қўшинбошининг энг биринчи хусусиятидан маҳрум бўлади. Чунки, душман қароргоҳининг қандайлигини, ўз қароргоҳини қайга жойлаштиришини, ёвга яқинлашганда, жангга кирганда, қалъани қамал қилганида худди ана шу юқоридаги билимлар қарорларни қабул қилишда қўл келади.
Ахей иттифоқининг бошлиғи Филопеменни антиқа даврнинг муаллифлари кўп мақтаб, турли хислатлари ичида унинг тинчлик даврида ҳам нуқул урушни ўйлаб юришини айтишади. Филопемен дўстлари билан шаҳар ташқарисида айланиб юраркан, кўп тўхтар, турли саволлар берарди: агар душман ҳув анави тепаликда, биз эса манавинисида бўлсак, кимнинг жойлашувида афзаллик бор? Шу аҳволда жанговар сафларни сақлаб, ҳужумни қандай уюштириш керак? Бизни чекинтирсалар, қандай чекинишимиз керак? Агар душман қочса қай тартибда таъқиб қилишимиз керак? Шундай сайр қилишаркан, у урушда учрайдиган янги-янги вазиятларни келтирар ва барчанинг фикрини эшитиб бўлгач, ўзиникини айтар ва далиллар билан исботларди. Мана шундай доимий машғулотлар туфайли Филопемен шу даражага етгандики, жанг пайтида ҳеч қандай тасодиф уни довдиратолмасди.
Ақлий меҳнатга келсак, ҳукмдор тарихий солномаларни ўқиши, айниқса, машҳур саркардаларнинг ҳаётини билиши, уларнинг урушларини синчиклаб текшириши, ғалабаларининг ва мағлубиятларининг сабабларини пухта ўрганиши керакки, улар зафар қучиш ва мағлубиятга чап беришга хизмат қилади. Энг муҳими, кечмишнинг буюк кишиларига тақлид қилиш, битта энг буюги ва барча учун ҳурматлисини танлаб, ўзига ўрнак этиб сайлаш, унинг ишлари ва қаҳрамонликларини яхшилаб мияга жойлаштириб, ҳамиша эслаб юриш керак. Тарихчиларнинг айтишича, буюк Искандар — Ахиллга, Цезар — Искандарга, Сципион — Кирга тақлид қилишган. Ксенофонт ёзиб қолдирган Кирнинг ҳаёт йўли ҳақидаги асарни ўқиган одамлар, Кирга тақлид этиш Сципионга катта фойда берганлигига, Сципиондаги покизалик, ширин муомала, одамгарчилик, сахийликнинг айнан Кирникига ўхшашлигига амин бўлади. Хуллас, доно ҳукмдор юқорида айтилган қоидаларнинг барига риоя қилиши, тинчлик пайтида ҳеч қачон бекорчиликка берилмаслиги керак, зероки қийин кунларда унинг меҳнатлари албатта оқланади, замона ўйинлари уни суриб ташламоқчи бўлганда-да, у тик туриб енгиб ўта олади.

XV б о б

ОДАМЛАРНИ, АЙНИҚСА ҲУКМДОРЛАРНИ НЕГА МАҚТАЙДИЛАР-У, НЕГА ЁМОНЛАЙДИЛАР

Энди ҳукмдорнинг ўз мулозимлари ва иттифоқчиларига қандай муносабатда бўлишини кўриб чиқиш қолди. Бу ҳақда жуда кўп ёзилганини билганимдан, шу мавзуга бу ҳам қўл урибди-ю, бироқ фикрлари барчаникидан кескин фарқ қилади деб, мени димоғдорликда айблашларидан хавфсирайман. Бироқ, тушунадиган одамлар учун фойдали нарса ёзишга киришарканман, ҳаётда кўрилмаган, хаёлий республика ва давлатларни тасвирлаганларидан фарқли ўлароқ, ҳаётий ҳақиқатга эргашишни маъқул топдим. Одамлар қандай яшашлари керак деган тушунча билан аслида қандай яшаётганлари ўртасида фарқ шунчалик катта-ки, ҳақиқий ҳаётни инкор этиб, қандай бўлиши керак, деган хаёлий тушунчага таянаётганлар, фойда кўраман деб ўзларига зиён етказишлари аён. Яхшиликка ҳар бир соҳада эътиқод ва амал қиламан деган одам — яхшилик мутлақо ёт одамларга дуч келавериб албатта ҳалокатга учрайди. Бундан чиқадиган хулоса шуки, ҳокимиятни сақлаб қоламан деган ҳукмдор — яхшилик қилишдан ўзини обқочиш маҳоратини эгаллаши ва зарур бўлганда бу маҳоратини ишлатиши керак.
Агар инсоннинг, айниқса улардан юқорида турувчи ҳукмдорларнинг тўқиб чиқарилган, хаёлий эмас чин хислатлари ҳақида гапирилса, авваламбор яхшилаш ёки ёмонлаш мумкин бўлган хислатлар кўзга ташланади. Яъни: у сахий ёки у қурумсоқ дейишади. Тоскан шевасида суқ сўзи бировникига кўз олайтирувчи, қурумсоқ эса ўзида борига маҳкам ёпишувчи деган маънони бергани учун шу сўзни ишлатдик. Давом этамиз: у пулини совуради, бу очкўз; у бераҳм, бу раҳмдил, у ҳалол, бу ғирром; у нозик ва юмшоқ кўнгил, бу қаттиқ кўнгил ва жасоратли; у кўнгилчан ва муросасоз, бу манман ва такаббур; у бузуқ ва ишратпараст, бу покиза; у қув, бу тўппа-тўғри; у ўжар ва гож, бу гапга кўнадиган; у енгилтабиат, бу оғиркарвон; у художўй, бу бенамоз ва ҳоказо. Албатта, қани энди ҳукмдор барча яхши хислатларни ўзида жамлаган бўлса?! Бироқ инсон ўз табиатига кўра нуқул яхши хислатлар эгаси бўлиши, ҳамда нуқул уларга риоя этиши мумкин эмаслигидан, ақлли ҳукмдор аввало тахтни қўлдан чиқаришга хизмат этувчи хислатларга берилмаслиги лозим. Қолганларидан эса қурби етганча ўзини жиловласа бас. Ҳукмдор ўзи ҳақида ёмон овоза орттирса-да, тахтда ўтиришини мустаҳкамлайдиган хислатлардан қўрқмасин. Диққат бериб ўйласак, бир қарашда яхши ном келтирувчи хислат, аслида ҳукмдорни тахтдан ажратади. Ва аксинча, ёмон овоза олиб келувчи хислат — тахтни ва ҳукмдорнинг хавфсизлигини мустаҳкамлайди.

XVI б о б

САХИЙЛИК ВА ТЕЖАМКОРЛИК ҲАҚИДА

Сарлавҳадаги икки хислатнинг биринчисидан бошлаб, сахий ҳукмдор номини қозониш албатта яхши деб таъкидлайман. Бироқ, билиб қўйиш лозим-ки, шундай номни қозониш учун сахийлик қилиш зарардир. Чунки, ақл билан керакли ерда қилинган сахийликни ҳеч ким сезмагани учун сени зиқна деб атайверишади. Шу сабабдан сен ҳар турли дабдабаларнинг кетидан қувишга киришиб охирида хазинани совурасан. Сўнг эса, яна сахий отингдан ажралишни истамай элни меъёридан ортиқ солиқларга ботирасан ва пул топишнинг ножўя йўлларига ўтасан-да, аъёнларингнинг ғазабини қўзитасан. Қашшоқлашгач эса нафратга учрайсан. Сахийлигинг билан жуда оз кишининг кўнглини олиб, лекин кўпчиликни қашшоқлаштирганингдан кейин пайдо бўладиган биринчи қийинчилик сенга бало келтиради, биринчи хавфли вазият эса — ҳалокат. Мабодо буни вақтида сезиб, вазиятни тузатишга киришсанг, бари бир, зиқна деган ном оласан.
Шунинг учун, модомики ҳукмдор, ўзига зарар келтирмасдан сахийлик қилолмас экан, зиқна деган ном билан яшайвериш оқиллик бўлмасмикин? Орадан вақт ўтгач, ҳукмдорнинг тежамкорлик орқасида ўз шахсий даромади ҳисобига яшаётгани кўрингач, ҳарб ишларини ортиқча солиқларсиз, халқни эзмасдан олиб бораётгани сезилгач, сахий номи ростмана насиб этмасмикин? Дарҳақиқат шундай бўлади. Чунки у сахийлик қиламан деб кучаниб, жуда кўпчиликнинг мол-мулкини тортиб олмаган, жуда озчиликни эса бойитмаган бўлиб чиқади. Папа Юлий тахтга ўтиргунга қадар сахий номини қозониш учун роса уринди, тахтни эгаллаб, урушларга тайёргарлик кўра бошлагач эса, сахийликни мутлақо ўйламай ҳам қўйди. Франциянинг ҳозирги қироли фавқулодда солиқлар солмай кўп урушлар қилди. Чунки, қўшимча харажатларни аввалдан кўра билгани учун ўта тежамкорлик билан яшади. Испаниянинг ҳозирги қироли ҳам сахий номини қозониш кетидан қувганда кўп урушлар қилиб барида ғолиб чиққан бўлмасди.
Шундай қилиб, ўз раиятини шилмаслик, мудофаага маблағ сақлаш, камбағаллашмаслик, назари беписандга учрамаслик, ўз хоҳишидан ташқари очкўзга айланмаслик учун — ҳукмдор сахийлик шуҳратини қувишдан воз кечиши керак. Зиқна деган ном — ҳукмдор сифатида сақланиб қолишда асос берадиган иллатлардан биридир. Ахир Цезар ўта сахийлик билан ўзига йўл очган, бошқа яна қанча-қанча одам сахий деган шуҳрати бўлгани учун олий мансабларга етишган деб эътироз билдиришса, мен: сен ҳукмдорликка етишдингми, ёки ҳали йўлдамисан, деб сўрардим. Етишган бўлсанг — сахийлик зарар, йўлда бўлсанг — зарур. Цезар Рим устидан мутлоқ ҳокимиятга интилаётган эди, шунинг учун сахийлиги зарар келтиролмасди. Бироқ, ҳукмдор бўлганидан кейин мабодо узоқроқ яшаб, харажатини камайтирмаганда ҳокимлиги поёнига етарди. Яна, кўплар тахт эгаси бўла туриб, ўзлари қўшин тортиб буюк ишлар қилганлар ва шу баробарида, ўта сахий деган ном қолдирганлар деб эътироз билдирсалар, мен: сарф қилганлари ўзлариникимиди ёки бировникими, деб аниқлаштирардим. Агар бировники бўлса, яъни ғаниматники бўлса — сахийлик фойда, агар ўзлариники бўлса — сахийлик зарар, деб жавоб беравераман.
Агар сен ғанимат ўлжа, талон-торож, шилиш, тортиб олиш билан кун кўрадиган қўшинни бошқариб кетаётган бўлсанг, сахийликка мажбурсан, акс ҳолда солдат сенинг ортингдан бормайди. Сенга ёки боёнларингга тегишли бўлмаган мол-мулкни — Кир, Цезар, Искандарлардек қўлиочиқлик билан тарқатаверишинг мумкин, чунки ўзгаларнинг мол-мулкини тарқатиб ўзингга шуҳрат орттирасан, ўзингникини тарқатсанг — фақат зарар кўрасан. Сахийликдек силлангни қуритадиган хислат йўқ: сахийлик кўргазаркансан, авваламбор, уни кўргазиш имконини йўқотасан, сенга назари беписандликни туғдирувчи камбағалликка учрайсан, камбағалликдан қутуламан деб раият, боёнларингни талайсан, натижада, уларнинг ғазабини қўзғатасан. Ваҳоланки, ҳукмдор учун энг эҳтиётланиши керак бўлган нарса — ўз одамларининг беписандлиги ва ғазабини қўзғатишдир. Булар эса сахийлик оқибатида туғилади. Шунинг учун сахийлик шуҳратини қувиб, охирида қашшоқлашиб, раиятнинг ғазаб, нафрат, беписандлигига учраб, тахтдан ажрагандан кўра, ёлғиз — зиқна номини орттириш яхшироқдир.

XVII б о б

ШАФҚАТСИЗЛИК ВА ШАФҚАТЛИЛИК ҲАҚИДА РАИЯТ СЕНГА МЕҲР ТУЙИШИ КЕРАКМИ Ё ҚЎРҚҚАНИ ЯХШИМИ?

Бурунроқ айтилган ҳукмдорларнинг бошқа хислатларига ўтарканман, ҳар бир ҳукмдорнинг шафқатсиз эмас, шафқатли деган ном қозонгиси келишини тан оламану, бироқ ҳаммага шафқат кўрсатаверишдан огоҳлантираман. Ҳаммага шафқатсиз деб ном чиқарган Чезаре Боржа худди ана шу шафқатсизлиги билан Романьяни бирлаштириб, итоатга келтириб, у ерда жуда яхши тартиб ўрнатди. Агар ўйлаб кўрилса, шафқатсиз деган номдан қочиб, Пистояни бузиб ташлатишга олиб борган флоренцияликлардан кўра, Чезаре Боржа ўз шафқатсизлиги билан халққа кўпроқ яхшилик қилган бўлиб чиқади. Шунинг учун раиятни итоатгўйликда ушлаб турмоқчи бўлган ҳукмдор шафқатсизликда айбланишдан қўрқмаслиги лозим. Бир неча одамни баҳридан ўтиб, тартиб ўрнатган одам, раҳмдиллик оқибатида мамлакатни тартибсизликка мубтало қилгандан кўра кўп раҳмдиллик кўрсатган бўлади. Чунки, талончилик ва одамкушликларни келтириб чиқарувчи тартибсизликдан бутун аҳоли жафо чекади, ҳукмдор эса фақат бир гуруҳ одамларнигина жазолаб тартиб ўрнатади. Айниқса бошқаларга қараганда ҳам янги ҳукмдор шафқатсиз деган дашномдан қўрқмаслиги лозим, чунки янги ҳокимиятга тажовузлар бисёр бўлади. Вергилий — Дидона тилидан шундай дейди:

Res dura, et regni novitas me talia cogunt
Motiri, et late fines custode tueri.

Бироқ, янги ҳукмдор ишонувчан, бадгумон, зудликда жазо бервораверишдан огоҳ бўлиши керак. Мулоҳазакорлик билан иш юритиш, эҳтиётсизликка олиб бормайдиган даражада раҳмдил бўлиши, раиятни ғазаблантирадиган даражада гумондор бўлмаслиги лозим.
Шу хусусда, ҳукмдорни севишлари керакми ёки ундан қўрқиб турганлари яхшими, деган баҳс туғилиши мумкин. Бунга, ҳам севишса, ҳам қўрқишса яхши бўларди, деб жавоб беришади. Лекин севги ва қўрқув бир ерда яшолмайди. Шунинг учун, икковидан бирини танлаш лозим бўлса — раиятнинг сени севганидан кўра қўрқиб тургани ишончлироқдир деб айтиш жоиз. Чунки, яхлит баҳо берилса, одам зоти — беоқибат, бебурд ва айнимачидир, иккиюзламачи ва алдамчиликка мойилдир, озгина хавфдан ҳам қочадиган, бойлик орттиришга ўч бир мавжудотдир: токи яхшилик қиларкансан, улар бутун вужуди билан сеники; қоним-да, жоним-да, молим-да, боламнинг жони-да сизники деб қасам ичади; бироқ озгина қийинчилик туғилиб, уларнинг сенга кераги бўлган заҳоти тескари ўгирилишади. Буларнинг қасамига ишониб, қийин кунларнинг эҳтиётини қилмаган ҳукмдорнинг ҳолига вой! Чунки, юракнинг улуғворлиги, руҳнинг олижаноблиги билан эмас, пулга топилган дўстликни ҳар доим топиш мумкин-у, лекин қийин кунларда улардан фойдаланиш мумкин эмас. Бундан ташқари, одамзот ўзига меҳрибонларни хафа қилишдан тийинолмайди, сабаби — меҳрнинг илдизи оқибатдан сув ичади. Одамзот асли таги чиркин бўлгани учун ўз фойдаси олдида оқибат кўрсатмайди. Лекин ўзи қўрқадиган кишини хафа қилишга ботинолмайди, чунки қўрқувнинг илдизи жазодан сув ичади, демак, у жазодан қўрқади.
Бироқ, ҳукмдор одамларнинг юрагига қўрқув соларкан, унинг акс таъсирини ҳамиша эсда тутмоғи лозим. Қўрқитишдан меҳр қайтади деб умид қилмасдан-да, раиятнинг ғазабини қўзитмасликни ҳисобга олмоғи даркор. Зероки, ғазаб ва нафратни қўзитмайдиган даражада қўрқитиш мумкин. Бунга эришиш учун ҳукмдор раият ва боёнлар мол-мулки ва хотин-қизларига тажовуз қилишдан ўзини мутлақо тийиши керак. Жиноятчи шахсларнинг айби аниқ исботлангач, уларни жазолаб жонини олиш мумкин-у, аммо мол-мулкига кўз олайтириш мумкин эмас. Чунки одам зоти отасининг ўлимини кечириб юбораверади-ю, мол-мулкини олиб қўйганни ҳеч қачон кечирмайди. Боз устига, айниқса ҳукмдорнинг кўнглида босқинчиликка рағбат туғилса, мол-мулкни тортиб олиш учун баҳоналар жуда кўп топилади; лекин жон олишга сабаб жуда кам бўлади, баҳона топиш учун анча қийналиш керак. Ана шу важдан яъни баҳонаси кўп, тортиб олиш осон бўлганидан, ҳукмдор раият ва боёнларнинг мол-мулкига кўз олайтиришдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим.
Кўп минглик қўшин бошида ўзга юртларга кетаётган ҳукмдор шафқатсиз деган ном чиқаришдан айниқса қўрқмаслиги керак. Чунки, шафқатсиз деган номсиз қўшиндаги якдиллик ва жанговарликни сақлашнинг иложи йўқ. Ганнибалнинг зўр хислатлари ва ишлари ичида; жуда катта ва жуда кўп элатлардан тузилган қўшин билан бегона ва олис юртларга юриш қилиб, ғалаба кунларида-да, мағлубият кунларида-да, аскарларида метин интизомни сақлаб қолганини, ғалаёнларга йўл қўймаганини тарихчилар таъкидлашади. Бу ҳолни фақат унинг ўта ва ўта шафқатсизлиги ва қаттиққўллиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳа, унинг ўта шафқатсизлиги — албатта ўзининг довюраклиги ва жангчилик санъатининг зўрлиги ва бошқа маҳоратлари билан қўшилган ҳолда — аскарлари кўнглига топиниш даражасида ҳурмат ва даҳшат солган. Лекин буларнинг ичида шафқатсизлиги бўлмаганда бошқа хислатлари қўшиндаги интизомга кор қилмас эди. Таассуфли жойи шуки, тарихчилар Ганнибалнинг жасорати ва қаҳрамонлигини мақтаб, бунга асос бўлган шафқатсизлигини қоралайдилар.
Лашкарбошига довюраклик билан жангчилик маҳоратининг ўзи етарли эмаслигига, нафақат замондошлари орасида, балки кейинги даврларда ҳам ўзгачалиги билан донг таратган Сципион ҳам мисол бўла олади. Ўта юмшоқкўнгиллиги ва солдатларга ҳарбий интизомда кўрсатилгандан кўра ортиқроқ эрк берворгани учун Испанияда унинг қўмондонлигидаги қўшин ичида ғалаён кўтарилган. Бу воқеа Фабий Максим уни бутун бошли Сенат олдида, рим аскарларини маишатпарастга айлантирувчи деб айблашига сабаб бўлган. Ўша қаттиққўллик ва шафқатсизлик етишмаслигидан ҳам локрларни талаган легатларидан бирини ҳам жазоламаган ва локрларнинг ёнига тушмаган. Шунинг учун ҳам яна Сенатда, энди унинг ёнини олмоқчи бўлганлардан бири: бу одам ўзи хато қилмайди-ю, хато қилганларни жазолай олмайдиганлар тоифасига киради, деб баҳо берган. Эҳтимол, кейинроқ Сципионнинг шу хусусияти туфайли пок номи ва шуҳрати ҳам замон оша пароканда бўларди-ю, лекин яккаҳоким эмаслиги, Сенатга бўйсунган одамлиги ному шуҳратини тарихга сақлаб қолган. Сақлаб қолиш билан чегараланмай, унга абадий шон-шуҳрат келтирган.
Хуллас, ҳукмдорга меҳр қўйганлари яхшими ёки ундан қўрққанларими, деган баҳсга қайтиб шуни таъкидлайманки, ҳукмдорларни одамлар ўз хоҳишларича яхши кўрадилар; лекин қўрқиш масаласи — ҳукмдорнинг измида. Шу сабабдан ақлли ҳукмдор бировга эмас, ўзига боғлиқ бўлган тарафни ушлагани маъқулроқ. Энг асосийси, юқорида айтилганидек, раиятнинг ғазабини қўзитмаса бас.

XVIII б о б

ҲУКМДОРНИНГ СЎЗИДА ТУРИШИ ҲАҚИДА

Ҳукмдорнинг ўз сўзида туриши, ростгўйлиги, доимий ҳалоллигининг нечоғли мақтовга сазоворлиги ҳақида гапириш ортиқча бўлса керак. Аммо бизнинг замонамизда, ўз сўзида туришни мақсад деб билмаган, керакли одамга фириб берган ҳукмдорларнинг — фаолиятини ростгўйликка тиккан ҳукмдорлардан кўра кўпроқ ютуқларга эришганининг гувоҳи бўлдик.
Душманга икки усулда: қарши қонунлар билан ҳамда куч билан курашиш мумкинлигини ёдда сақлаш керак. Қонунлар ёрдамида курашиш инсонга, куч билан курашиш ҳайвонга хосдир. Бироқ биринчиси кўпинча кор қилмаслиги учун иккинчи усулни ҳам қўллашга тўғри келади. Бундан, ҳукмдор инсон ва ҳайвон табиатидаги хусусиятларни ўзида мужассамлаштириши керак деган хулоса чиқади. Антик давр муаллифлари Ахилл ва бошқа қаҳрамонларни кентавр Хирон тарбиясига беришганини ёзиб, бизга шама қилмаганлармикин? Тарбия учун ярим одам, ярим ҳайвон бўлган Хиронга берилишини айтиш билан ҳукмдор ўзида бу икки махлуқнинг хусусиятларини мужассамлаштириши, бири иккинчисисиз етарлича кучга эгамаслигини айтмоқчи бўлмаганмикинлар?
Хуллас, ҳукмдор — ҳайвонлардан шер ва тулкига ўхшаши керак. Шер қопқондан, тулки эса бўридан қўрқади. Ҳукмдор қопқонларга чап бермоғи учун тулки, бўриларни қўрқитиш учун шер бўлиши керак. Ҳамиша шер бўлган — қопқонларни кўрмай қолади. Такбир шуки, доно ҳукмдор агар бир вақтлар берган сўзи ҳозирда ўзига зарар бўлса ёки ўша берган сўзини беришга мажбур қилган сабаблар ечилган бўлса — сўзига содиқлик қилиши шарт эмас. Агар одамларнинг бари ўз сўзида турганларида эди, бундай маслаҳатим албатта нотўғри ва ножўя ҳисобланарди. Лекин аксар одамлар чиркин, қасамхўр бўлгани учун сен ҳам уларга шу билан жавоб қайтаришинг зарур. Сўздан тониш баҳонаси эса доим топилади. Шоҳларнинг, ҳукмдорларнинг сўзидан қайтиши сабабли қанча-қанча тинчлик битимлари, шартномалари бузилиб, чок-чокидан сўкилиб кетган. Ва бунда ҳамиша тулкилик қилган томон фойдада бўлган. Аммо масаланинг яна бир муҳим томони шуки, бу — тулкиликни яшира билишдир. Ўта айёр, алдамчи ва ўта иккиюзламачи бўла олишга эришиш керак. Одамлар кундалик тирикчилик ташвишига кўмилиб кетганидан алдайман деган кимса, алданаман деб турган аҳмоқни ҳамиша топа олади.
Бизга яқин замондан бир мисол ҳақида гапирмасдан ўтолмайман. Александр VI умр бўйи алдамчилик билан шуғулланган, янги-янги йўлларини излаган ва доимо ишонишга тайёр одамлар унга топилиб турган. Бунингдек куюниб қасам ичадиган, бунингдек исботлар, далиллар келтириб сўзига кўндира оладиган, охирида эса сўзини бажармайдиган одам дунёга келмаган бўлса керак. Унинг алдамчиликлари худди ўзи ўйлагандек муваффақиятли амалга ошар, охири ҳам унинг режаси бўйича тугарди, чунки бу ишни у тугал ўрганган эди. Қиссадан ҳисса шуки, ҳукмдор яхши хислатларнинг эгаси бўлиши шарт эмас, бироқ шу хислатларнинг эгасидек овоза тарқатиши шарт. Яна бир қўшимча қилишга журъат этай: яхши хислатлар эгаси бўлиш ва ҳамиша уларга эътиқод қилиш — зарарли; лекин яхши хислатларга эгадек ном чиқариши ва унга амал қилмаслик — кони фойда. Бошқача қилиб айтганда, киши кўзига дардкаш, сўзида турадиган, меҳрибон, ҳалол, яхшилик қиладиган бўлиб кўриниш керак, ҳақиқатда ҳам шундай яшаш керак, лекин ичингда, лозим бўлиб қолган пайтда, шартта тескарисини қилишга доимо шай туриш керак. Ҳукмдор, айниқса янги ҳукмдор, яхши одам, деган тушунчага жавоб берадиган талабларнинг ўзи ҳеч қачон қондиролмаслигини англаб олмоғи зарур. Чунки тахтни, давлатни ўзида сақлаб қолиш учун у, берган ваъдасига вафо қилмасликка; раҳмдиллик, яхшилик, диёнатга қарши боришга мажбур бўлади. Шу сабабдан, агар воқеалар тескари тус олса, тақдир шамоли йўналишини ўзгартирса, у ҳам ўз фикрию ҳаракатларини ўзгартиришга қалбида тайёр туриши керак. Юқорида айтилгандек, яхшиликка яқин юрган ҳолда, заруратда ёмонликдан ҳазар қилмаслиги лозим.
Шундай қилиб, ҳукмдор юқорида айтилган беш эзгуликнинг бирорта бажарилмайдиган калимаси тилидан чиқиб кетмаслигига ҳам жуда сергак туриши лозим. Кўраётган ва эшитаётганларига у — раҳмдиллик, садоқат, ростгўйлик, одамохунлик, диёнат рамзи сифатида намоён бўлиши лозим. Чунки одамлар кўргани ва эшитганига қараб фикр юритадилар. Ушлаб кўриш эса барчага насиб қилмаганидан, сенинг ҳақиқий қиёфангни, аслида қандайлигингни жуда камчилик билади холос. Бу камчилик одамларнинг эса — орқасида давлат турган, кўриш билан қониқувчи кўпчиликка қарши боришга, унинг фикрини ўзгартиришга юраклари дов бермайди. Айниқса суд орқали сўроққа тортиб бўлмайдиган ҳукмдорларнинг қилган ишларига, одамлар охиридаги натижага қараб баҳо берадилар. Шу сабабдан ҳукмдорлар тахтни сақлаш ва ғалаба қозонишни асосий мақсад қилиб қўйишсин. Бу мақсадда улар неки усул қўлласалар-да, одамлар барини тўғри деб ҳисоблайди ва оқлайди. Чунки қора халқ кўзга кўринадиган нарсага ва оқибатдаги ғалабага ишонади. Орқасида давлат турган қора халқ олдида, ҳукмдорнинг асл қиёфасини биладиган камчилик — ҳеч нарса билан тенгдир. Ҳозирги кунда ҳукмдор бўлиб турганлардан бири, унинг номини очиқ айтишдан ўзимни тияман, доимо тинчлик ва садоқат ҳақида лоф уради-ю, аслида бу икки нарсанинг муросасиз душманидир. Агар у лофига мос иш тутганида ўзининг куч-қудратидан ёки салтанатидан аллақачон айрилган бўларди.

XIX б о б

ҲУКМДОРНИНГ ЎЗИГА НИСБАТАН НАФРАТ ВА ҲАЗАР МУНОСАБАТИДАН ИҲОТА ҚИЛИШ ЙЎЛЛАРИ ҲАҚИДА

Ҳукмдорнинг энг муҳим хислатларини кўриб чиқдик; бошқа хислатларга келсак, мен ҳукмдор учун энг муҳим битта қоида борлигини айтиб, мулоҳаза-ю мунозараларга чек қўйиб қўя қоламан. Бу юқорида айтилган: ҳукмдорлар ўз раияти ва боёнларининг ғазабига ҳамда уларнинг назари беписандига ёки ҳазар қилишларига сабаб бўладиган иш қилиб қўймаслиги керак, тамом-вассалом. Агар шу ишни уддаласа — у асосий ишни бажарган бўлади. Бошқа ҳар қандай камчиликлари унга ҳеч зарар етказолмайди. Аъёнлар ғазабини эса ҳукмдор уларнинг мулки ва хотинларига кўз олайтириш билан қўзғатиши мумкин. Чунки, одам зотининг аксарияти мол-мулки ва номусига тегилмаса ҳаётидан мамнун бўлиб яшайверади. Озгина нозиктаъб ва шуҳратпарастларгина норози бўлиши мумкин, бироқ уларни иложини топиш қийин эмас. Беписандликка, ҳазар назарига эса ҳукмдорнинг беқарорлиги, енгилтабиатлиги, нозикойимлиги, иродасизлиги, сусткашлиги, журъатсизлиги сабаб бўлиши мумкин. Бу хислатлардан ўтдан қўрққандек қочиш керак. Аксинча, ҳукмдор ҳар бир ҳаракатда кенг феъллик, қўрқмаслик, босиқлик, мустаҳкам ирода, қаттиққўлликни намойиш этиб туриш керак. Раият ва боёнларнинг шахсий ишларини ҳал этишда ҳукмдорнинг қарорлари қатъий ва қайтмас бўлиши лозим; ҳукмдорни алдаш, кўзини шамғалат қилиб ўзиникини ўтказиб олиш мумкинлиги ҳақидаги фикр бировнинг миясига келмаслиги керак. Шундай ҳолатни атрофидаги муҳитга сингдирган ҳукмдорга катта ҳурмат билан қарай бошлашади. Ҳурматга сазовор, боз устига катта эътиборга эга бўлган ҳукмдорга эса ташқи душман тажовуз қилишга ва ичкарида фитна уюштиришга юраги бетламайди. Эсда тутмоқ лозимки, ҳукмдорни икки хавф ҳамиша таъқиб қилади. Бири ичкарида — раият ва боёнлар, иккинчиси ташқарида — кучли қўшни давлатлар. Ташқи душманга яхши қўшин ва яхши иттифоқчи билан бас келинади, зероки яхши қўшин бўлса, яхши иттифоқчи доимо топилади. Ташқи душман даф қилинса, ичкарида ҳам тинчлик ўрнатилади. Бу тинчликни яширин фитнагина бузиши мумкин. Ташқаридан ҳужум бошланган пайтда ҳам ҳукмдор саросимага тушмаслиги, агар унинг хатти-ҳаракатлари илгари мен айтгандек бўлса, у спарталик Набиддек ҳар қандай душманга ҳам бас кела олади.
Ташқи душман таҳдид қилмаётган тинчлик замонда ҳукмдорга ягона хавф соладиган нарса фитнадир. Фитна туғдирмасликнинг асосий гарови, юқорида айтилгандек боёнларнинг нафрату ғазабини қўзитмаслик ва халқ меҳрини қозонишдир. Икковининг ичида муҳимроғи эса — халқ меҳрининг ҳукмдор тарафида бўлишидир. Зероки фитначилар ҳамиша ҳукмдорни ўлдириб, халққа яхшилик қиламан деган умидда бўлади. Агар фитначилар халқнинг ҳукмдор тарафида кўтарилишини сезишса, суиқасдга юраклари бетламайди. Чунки битта суиқасд учун дуч келинадиган хавф-хатарнинг сон-саноғи йўқдир. Тажриба шуни кўрсатадики, суиқасдлар кўп режалаштирилади-ю, камдан-ками муваффақиятли амалга ошади. Сабаби шуки, фитначи бир ўзи ишни уддалолмайди, ҳукмдордан норози деб ҳисоблаган одамдангина ўзига шерик топиши мумкин. Аммо норози одамни топиб сирингни очдинг дегунча, норози одамга — ҳамма нарсадан рози одамга айланишга имкон берасан. Чунки у сени сотиб, дарров бадавлат бўлиб олиши мумкин. Бир томондан нақд, иккинчи томонда гумон фойда турса, боз устига гумонга мингта хавф-хатар чувалашган бўлса, сенга бу одам сотқинлик қилмайди. Бундай одам ё сенинг садоқатли дўстинг, ёки ҳукмдорнинг ашаддий душмани бўлиши керак.
Қисқасини айтганда, фитначи тарафда қўрқув, ҳар нимарсадан гумонсираш, жазо олиш даҳшати турса; ҳукмдор тарафда ҳокимиятнинг улуғворлиги, қонунлар, дўстлар, давлатнинг бутун қудрати туради; яна буларга халқ меҳри ҳам қўшилса — фитна тузишга юраги дов берадиган одам топилмас-ов. Чунки фитначи ёвузликни амалга оширгунча ҳам қўрқади, мабодо халқ ҳам унга қарши бўлса, ёвузлигидан кейин ҳам қўрқиши турган гап, зероки, халқ ичига қочиб паноҳ тополмайди.
Бу хусусда кўплаб мисоллар келтириш мумкин бўлса-да, мен, оталаримизга таниш бўлган биттаси билангина чекланаман. Ҳозирги мессер Жовани Аннибаленинг бобоси мессер Аннибале Бентивольи — Болоньянинг ҳукмдори бўлатуриб, фитначи Каннескилар томонидан ўлдирилганда халқ ғазабдан ғалаён кўтариб, Каннескиларни битта қўймай қириб ташлаганди. Сабаби, ўша пайтда Бентивольилар оиласини халқ жуда яхши кўрарди. Боз устига бу оиладан ҳали йўргакда бўлган Жованнидан бўлак меросхўр қолмаганди. Халқ меҳри шунчалик кучли эканки, Бентивольи уруғининг бир бўлакчаси бир замонлар Флоренцияга кўчиб кетганини сўроқлаб билиб, ўша одамни топишади ва отаси темирчи бўлганлигига қарамай, келтириб ўзларига ҳукмдор қилиб сайлайдилар. Ўша одам то мессер Жованни ҳукмдор бўла оладиган ёшга етгунча Болоньяда юрт сўраб туради.
Гапимнинг хулосасида, халқнинг меҳрига сазовор ҳукмдор фитналардан хавотир олмаса бўлаверишини ва аксинча халқ уни ёмон кўрса, ҳаммадан, ҳар бир кишидан гумонсираш кераклигини яна қайтараман. Обод, тартибли мамлакатдаги оқил ҳукмдорлар боёнлари ва зодагонларни ўзига қарши қўймасликнинг, халқ меҳрини қозонишнинг барча усулларини кўриб қўядилар, чунки бу нарсалар ҳукмронлик қилаётган кимсаларнинг энг муҳим вазифасидир.
Бизнинг замонамизда обод, тартибли, бошқарилиши тўғри ташкил этилган мамлакатга Франция яхши мисол бўла олади. Францияда қиролнинг эрки ва хавфсизлигини таъминловчи кўпгина фойдали маҳкамалар тузиб қўйилган. Улардан энг муҳими эса парламентдир. Бу монархия тартибларини ўрнатган одам, зодагонларнинг шуҳратпараст, безбет ва суллоҳлигини яхши билган, уларни жиловда ушлаш лозим деб ҳисоблаган. Иккинчи томондан, қўрқув асосидаги халқнинг зодагонларга нисбатан туғиладиган ғазаби-ю, нафратини-да яхши англаган ва бу ғазабдан зодагонларни ҳам муҳофазалаш керак деб билган. Бироқ, халққа ён босади, деб зодагонлар, ёки зодагонлар билан бирга деб халқ — қиролни айбламаслигини олдини олиб, кучлини жиловлаши, кучсизни ҳимоялаш вазифасини парламент тузиб, унга юклаб қўйган. Қирол ва қиролликни мустаҳкам муҳофазаловчи, мамлакатда тартиб ва интизомни ушлаб турувчи бундан ҳам ақллироқ усулни топиш амримаҳол. Бу мисолдан, раиятнинг жиғига тегадиган соҳадаги ишларни бажаришни ҳукмдор бировларнинг зиммасига юклаб, раиятга ёқадиган соҳалардаги ишларни ўзи бажариши керак, деган фойдали бир маънони чиқариб олиш мумкин. Хулосада эса, ҳукмдор зодагонларнинг ҳурматини жойига қўйиши, лекин халқнинг нафрату ғазабини қўзитмаслиги кераклигини тағин такрор таъкидлайман.
Эҳтимол кўпчилик, баъзи бир Рим императорларининг умрлари ва ўлимлари билдирилган фикрларни инкор этади, деб айтишлари мумкин. Яхши, ибратли, жанговар руҳ намоён этган ҳолда яшашларига қарамай, ҳокимиятдан ажраб ёки фитна оқибатида ўлдирилган императорлар назарда тутиляпти албатта. Шундай демоқчи бўлганларга эътироз маъносида, мен қатор императорларнинг хислатларини тафтиш этган ҳолда, уларни худди юқорида айтилган сабаблар барбод қилганини исбот этмоқчиман. Бир йўла эса, императорларнинг ёзиб қолдирилган ҳаёт йўлларидан энг ибратли томонларини ажратиб кўрсатаман. Бунинг учун мен файласуф Маркдан Максимингача издош бўлиб келган императорларни, яъни: Марк, унинг ўғли Коммод, Пертинакс, Юлиан, Север, унинг ўғли Антонин Каракалла, Макрин, Гелиогабал, Александр ва Максиминларни мисол қилиб оламан.
Бошиданоқ, одатда ҳукмдорлар зодагонларнинг шуҳратпарастлигини ва халқнинг тийимсизлигини жиловлаб яшашлари керак бўлган бўлса, Рим императорлари бунинг устига қўшиннинг қаҳри ва очофатлигини жиловлашларига тўғри келганини айтиб қўймоқ керак. Зероки, уларнинг кўпларини худди мана шу охирги вазифа ҳалокатга олиб келган. Чунки халқ ва қўшиннинг талабларини бирваракайига қондириш жуда оғир масала. Халқ тинч ва осойишталикни тилаганидан доимо ҳукмдорларнинг тинчпарвар, мулойим бўлишини истаган. Аскарлар эса жангари, қутурган, шафқатсиз, олчоқ императорларни, боз устига бу хислатларнинг халққа қарши қаратилган, ўзларига эса кўп даромад келтирадиган шафқатсизликларини, олчоқликларини қондирадиган бўлишини истаганлар.
Бу қарама-қаршилик, халқ билан қўшинни итоатда ушлаб турадиган даражада ҳурмат сингдиришга иқтидори етмаган кўп императорларни ҳалокатга олиб келган. Императорларнинг аксарияти, хусусан, ҳокимиятга ворислик туфайли эмас, тақдир тақозоси билан келганлари, икки ўт ўртасида қолиб, халқни эмас, аскарлар эҳтиёжига хизмат этишни танлаганлар. Сирасини айтганда, уларнинг бошқа иложлари ҳам йўқ эди. Чунки ҳукмдор боёнларидан айримларининг ғазабидан қутулолмас экан, у албатта умумраият ғазабига дучор бўлмасликка уриниши керак. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, энг кучлилар ғазабига учрамаслик учун бутун имкониятини ишга солиши шарт. Ана шунинг учун ҳам суянчиққа, айниқса, муҳтож бўлувчи тахтга янги келганлар, халқдан кўра аскар тарафига ўтиб қўя қолганлар. Лекин шунда ҳам етарлича ҳурмат қозонолмай ҳалок бўлганлар.
Худди мана шу сабабли Марк, Пертинакс ва Александр сингари камтар, ҳақиқатпарвар, қаттиққўлликни ёқтирмайдиган, марҳаматли уч императордан иккитасининг ҳаёти забун бўлди. Улардан фақат Маркгина яхши яшаб, обрў-эътибор билан дафн этилди. Марк тахтга iure hereditario1 эга бўлганди ва муносиблигини на халққа, на қўшинга исбот этишининг ҳожати йўқ эди. Бунинг устига турли яхшиликлари билан раияти ва боёнларининг ҳурматини қозонди, халқ ва қўшинни керакли чегараларда ушлаб турди, уларнинг ғазаб ва нафратини уйғотмади. Пертинакс эса, ундан фарқли ўлароқ, аскарларнинг хоҳишига қарама-қарши равишда императорликка сайланди. Коммод даврида такасалтанг ҳаётга ўрганиб қолган, боз устига қарилиги учун унга беписанд бўлган аскарларни ҳалол ҳаётга ўргатмоқчилиги ёқмади. Натижада у ҳукмдорлигининг бошидаёқ улар томонидан ўлдирилди.
Пертинакс мисоли яхши бир ўгит беради бизга. Яъни: ҳукмдор ёмон ишлар каби, яхши ишларни амалга оширмоқчи бўлиб ҳам атрофидагиларнинг ғазабига учраши мумкин. Шу сабабли юқорида айтганимдек, ҳукмдор ҳокимиятни сақлаб қолиш мақсадида баъзан яхшиликдан чекиниши шарт. Чунки, раиятнинг ўзи суянмоқчи бўлган қисми — халқми, зодагонларми, аскарларми, қатъи назар — бузуқ бўлса, ҳукмдор уларнинг измига қараб қадам босишга мажбур, аксига олиб тартиб ўрнатишга киришса, ўзига зарар келтириши тайиндир. Солномачиларнинг мақтаб ёзишларича, император Александрнинг ювошлиги шу даражада эканки, ҳукмронлик қилган ўн тўрт йил давомида биронта одам судсиз қатл этилмаган экан. Худди шу ўта ювошлиги ва ҳар нарсада онасининг сўзидан чиқмаганлиги учун атрофдагиларнинг назари беписандлигига учраб, қўшин ичида туғилган фитна оқибатида ўлдирилган.
Юқорида айтилган уч императорга қарама-қарши ўлароқ, Коммод, Север, Антонин Каракалла ва Максиминлар ўта олчоқ ва ўта шафқатсизликлари билан ажралиб турадилар. Қўшин майлига қараб иш тутган бу тўрт император халқни ҳар томондан талаганлар. Севердан бошқа уччови ҳам фитна туфайли ўлганлар. Север эса жасорат ва шафқатсизликдан шу даражада донг таратганки, аскарларининг ҳурматини умрининг охиригача сақлаб қолган, халқни эзиши ва талашига қарамай, ўлгунича эмин-эркин ҳукмронлик қилган. Сабаби шуки, ҳарб жасорати халқ у ёқда турсин, аскарлар назарида ҳам ғайри одатий бўлган. Халқ қўрқиб карахт ҳолга тушган, аскарлар эса халқни талашдан фойда кўраётганлари учун уни эъзозлаганлар. Янги ҳукмдор сифатида амалга оширганлари зўр ва диққатга сазовор бўлганидан, майда-чуйда жузъийликларга тўхталмасдан, Севернинг юқорида айтганимдек, гоҳ шер, гоҳ тулки қиёфасига чеврилиб, ҳукмдорлар тақлид қилса арзийдиган ишларини гапириб ўтишни истардим.
Славонияда қўшин бошида турган Север янги император Юлианнинг ишёқмас, дангаса одам эканлигини эшитиб, преторианчилар2 томонидан ўлдирилган император Пертинакс учун қасос олишга аскарларини кўндиради-да, Римга юриш бошлайди. Ўзи император бўлмоқчилигини ҳеч кимга айтмай, юриш қилганининг овозасидан олдин ўзи Римга етиб келади. Қўрқиб кетган Сенат уни император кўтариб Юлианни ўлимга ҳукм қилади. Бироқ Севернинг тож сари йўлида ҳали икки тўғаноқ бор эди. Бири — ўзини император деб эълон қилган Осиё қўшинларининг қўмондони Песценний Нигер, иккинчиси — ғарбдаги қўшин қўмондони Альбин. Икковига бирданига қарши чиқиш хавфли эди. Шунинг учун Север — Нигерга очиқ уруш очишга, Альбинга эса айёрлик ишлатишга қарор қилади. Шу ниятда Альбинга мактуб йўллаб, Сенат унга императорликни раво кўрганини, у эса бу мансабда Альбин билан шерикчилик қилмоқчилигини айтиб, Альбинни Цезар унвонини олиш учун Римга келишини илтимос қилади. Альбин бунга чиппа-чин ишонади. Север Нигер қўшинларини тор-мор этиб, ўзини ўлдириб, Римга қайтади-да, Сенатга шикоят йўллайди. Шикоятида, Альбин унинг қилган яхшиликларини унутиб, ҳаётига суиқасд уюштирмоқчи бўлганини, шу сабабдан жазосини бериш учун Римдан чиқиб кетажагини айтади. Север Альбинни таъқиб этиб, Францияда тутади-да, цезарлигини бекор қилиб, ўлдиради.
Севернинг амалларини кўздан кечириб, унинг гоҳ қутурган шердек, гоҳ айёр тулкидек иш тутганига; ҳаммага даҳшат солиб, ўзига ҳурмат туғдирганига; қўшиннинг ғазабини қўзитмаганига амин бўламиз. Шунинг учун янги ҳукмдор бўла туриб — ҳокимиятининг нечоғлиқ мустаҳкамлаб олганига, атрофидагиларини хонавайрон қилса-да, ҳеч кимнинг ғазабига учрамаганига ҳайрон бўлмаймиз. Чунки унинг шон-шуҳрати — умрининг охиригача жонига қалқон бўлган. Севернинг ўғли Антонин Каракалла ҳам халқнинг эс-ҳушини лол қолдирган, аскарларга маъқул тушган шоён диққатга сазовор шахсдир. У ҳар қандай қийинчиликка бардошли, нозик овқатлардан ҳазар қилувчи ҳақиқий жангчилигидан — қўшини уни ниҳоятда яхши кўрган. Бироқ, кўз кўриб қулоқ эшитмаган шафқатсизликлар, ёвузликлар қилиб — жуда кўп одам ўлдириб, Искандария шаҳри аҳолисини ялписига, Рим аҳолисининг ярмини қириб — жами аъёнларига ёмон кўриниб қолган, ҳатто энг яқинлари ҳам жон ҳовучлаб юрганлар. Охирида уни ўз аскарларининг кўзи олдида бир центурион ўлдирган.
Кези келганда қистириб ўтиш даркор: жонидан кечган ҳар бир одам ҳукмдорга суиқасд қилиши мумкин, шунинг учун астойдил бел боғлаган одамнинг қасдидан қутулишнинг аниқ йўллари йўқ. Лекин доимо қўрқиб юришнинг ҳожати ҳам йўқ, чунки бундай суиқасдлар жуда кам юз беради. Энг муҳими, Антонин Каракаллага ўхшаб атрофидаги мансабдорларни, шунингдек, сенга хизмат қилиб юрувчи кишиларни ҳақоратламаслик керак. Антониннинг жонига қасд қилган центурионнинг инисини шармандали ўлимга маҳкум этиб, унинг ўзига эса, ҳар кун “сени ўлдираман” деб зуғум қиларди-ю, лекин шахсий соқчиликда сақлаб тураверарди. Бу ўта нодонлик бўлиб, Антонин ҳаёти бошқача тугаши мумкин эмасди ва кўрганимиздек, шундай бўлди ҳам.
Энди Коммодга мурожаат этамиз. У Маркнинг ўғли эканлигидан мерос бўйича теккан тахтни ушлаб қолиши жуда осон эди. Отасининг йўлидан кетганида халққа-да, қўшинга-да маъқул келган бўлади. Лекин табиатан дағал, пасткаш эканлигидан қўшинга тилёғламалик ва хушомадгўйлик қилиб, уни маънавий бузилишга рағбатлантириб ва шу орқали халқни талай бошлади. Бир томондан халқнинг ғазабига учрадими? Иккинчи томондан императорлик обрўсини тўкиб гладиаторлар билан жангларга тушди ва бошқа пасткашликлари туфайли солдатлар нафратига учради. Оқибатда ўз яқинларининг фитнасидан ҳалок бўлди.
Энди Максиминнинг хислатлари ҳақида гапириш қолди. У ниҳоятда жангари ва жасур киши эди. Александр ўзининг юмшоқ ва мулойимлиги билан аскарларнинг жиғига теккач, улар Максиминни император қилиб кўтаришди. Лекин унинг юрт сўраши узоққа чўзилмади. Бунга сабаб, ёшлик вақтларида Фракияда қўй боққанлиги ҳаммага маълум бўлиб қолиб, боёнлари уялиб аччиқлана бошладилар. Иккинчидан, Римга келиб императорлик рутбаларини олиш маросимини орқага сураверди. Учинчидан, ўзининг префектлари орқали Рим ва бошқа жойларда ёвузларча хунрезликлар ўтказди. Уччаласи қўшилди-да, умумий ғазаб ва нафратга айланди. Биринчи бўлиб унга қарши Африка қўзғалди, кейин Сенат, кейин Рим халқи қўшилди. Ниҳоят бу қўзғолонга Аквилеяни қамал қилиб турган шахсий аскарлари қўшилди. Ёвузлик ва қамалнинг қийинчиликларидан зада бўлган солдатлар императорнинг душмани кўпайиб кетганлигидан журъатланиб, уни ўлдиришди.
Мутлақо арзимас ҳукмдор бўлиб, ҳеч қандай овозаси чиқмасдан йўқ қилинган Гелиогабал, Макрин, Юлиан сингари ҳукмдорларни гапириб ўтирмай хулосага ўтиб қўя қоламан. Бизнинг замондаги ҳукмдорларга қўшин олдида юқоридагидек ялтоқланишнинг ҳожати қолмаган. Гарчи қўшиннинг таъминоти жиддий масала бўлса-да, у жуда осон ишдир. Муҳими ҳозирги кунда ҳукмдор аскарлар билан бевосита мулоқотга кирмайди. Қадимги Римда олий ҳукмдор ҳам, чеккалардаги кичикроқ ҳукмдорлар ҳам аскарлар ичида юришарди. Шунинг учун аскарларнинг раъйига қарашга мажбур эдилар. У пайтда аскарлар катта куч эди. Ҳозирги кунда, турк ва Миср султонларидан бўлак ҳукмдорлар учун халқ меҳрини қозониш муҳим, чунки бугун халқ — қўшинига нисбатан анча катта кучдир.
Турк султони, бошқа ҳукмдорлардан фарқлича, доимо ўн икки минг пиёда ва ўн беш минг отлиқ аскар қуршовида туради. Султон салтанатининг мустаҳкамлиги ҳам, ҳимояси ҳам шу аскарларга тамом боғлиқ. Миср султони ҳам шундай, юриш-туриши атрофидаги қўшинга боғлиқ бўлгани учун халқ манфаатининг зарарига бўлса-да, аскарларга ён босишга мажбур. Миср султонининг давлат тузилиши бошқача бўлиб, уни фақат христиан дунёсидаги папа давлати билан қиёслаш мумкин. Султонликни меросий давлат деб бўлмайди. Чунки султоннинг болалари тахтга ворис эмас. Янги султон мутасадди кишилар томонидан сайланади. Сайланган султонни таҳлил этганимиз маъносида янги деб ҳам бўлмайди, чунки, биз айтган янги ҳукмдор олдидаги қийинчиликларнинг биронтаси ҳам султон олдида турмайди. Султон тахтда янги-ю, тартиб-қоидалар эски, анъана давом этаверади.
Энди муҳокама қилаётган масаламизга қайтамиз. Биз айтган қоидаларга қарама-қарши иш тутган юқоридаги императорлар ҳаётини таҳлил этсак, нима учун фақат иккитаси охиригача умргузаронлик қилди-ю, қолганлари халқ, боён ёки қўшиннинг нафрату ғазаби оқибатида ҳалок бўлишди деган савол туғилади. Гап шундаки, тахтни янги эгаллаган Пертинакс билан Александр — Маркга тақлид қилиб хато қилдилар, чунки Марк тахтни ворислик йўлидан эгаллаганди. Коммод билан Максимин эса Северга ўхшайман деб балога учрадилар, чунки икковига-да Севернинг жасорати етишмади. Демак, янги давлатдаги янги ҳукмдор на Маркка тақлид қилмаслиги, на-да Северга ўхшайман демаслиги керак. Лекин Севердан янги давлат тузишда асос бўладиган, Маркдан эса мустаҳкам ва муқим давлатни сақлаш учун керак бўладиган хислатларни олмоғи керак.

ХХ б о б

ҲУКМДОРЛАР УЧУН ҚАЛЪАЛАР ФОЙДАЛИМИ? ШУ ХУСУСДА ҚЎЛЛАНИЛГАН УСУЛ ВА ҲАРАКАТЛАР ҲАҚИДА

Ҳукмдорлар ўз салтанатларини мустаҳкамлаш учун турли усуллар қўллаганлар: ўз фуқароларини қуролсизлантирганлар; истило қилинган шаҳар фуқароларида айирмачиликни ривожлантирганлар; лозим бўлса ўзларига-ўзлари душман яратганлар; ўзлари гумонсираган кучларни дўст қилишга уринганлар; янги қалъалар қурганлар ёки бор қалъаларни талон-торож қилиб, таг-туги билан бузганлар. Ўша мамлакатлардаги шароитни, вақтни, қарорларнинг сабабларини билмасдан туриб, бу усулларнинг қай бири маъқуллигини айтиш қийин. Шунга қарамай, масала таҳлили имкон берганча майда тафсилотлардан узилиб, умумийроқ ҳолда фикримни билдиришга уриниб кўраман.
Алқисса, янги ҳукмдорнинг ўз раиятини қуролсизлантириши ҳеч қачон содир бўлмаган, аксинча, қуролсиз бўлсалар қуроллантиришган. Чунки, халқни қуроллантирсанг ўз қўшинингни тузаётган, қуролланган қисмини ўз тарафдорингга айлантирган, қолган бир қисмида эса сенга садоқат уруғини сочган, оқибатда раиятни ўз тарафдорингга айлантирган бўласан. Бутун халқни қуроллантириш иложи йўқ эса-да, сайлаб олган қисмини қуроллантиришинг — бошқа қисмига-да суянишингга умид беради. Қуроллантирган қисминг — танлаб олганинг учун сендан миннатдор бўлса, иккинчи бир қисми, олдингилар хавф-хатарга қарши борганлари учун, сайлаб олинганларини тушуниб, сени кечиради. Бироқ раиятни қуролсизлантирадиган бўлсанг, ишончсизлик билдирганингдан ҳақоратланадилар, ўзингни бадгумон ва қўрқоқ қилиб кўрсатасан. Ҳукмдордаги бу икки хусусиятни эса авом ҳеч қачон кечирмайди. Бунинг устига қўшинсиз яшай олмаганинг сабабли ёлланма аскар чақиришга мажбур бўласан. Ёлланма аскарнинг қандайлигини эса юқорида гапирдик. Мабодо ёлланганларинг жуда яхши аскар бўлиб чиқса-да, улар сени ҳам қудратли ташқи душмандан, ҳам ишончсиз раиятингдан ҳимоя қилишга қурби етмайди.
Хуллас, тарихий мисолларни кўп келтириб таъкидладикки, янги ҳукмдорлар ҳамиша ўз қўшинларини тузганлар. Бироқ, эски давлатингга янги ҳудудни қўшиб оладиган бўлсанг, унинг аҳолисини, сенга ёрдам берган қисмини мустасно қилиб, албатта қуролсизлантиришинг керак. Мустасно қилган қисмингни эса пахпахлаб, эркалаб, ойимтабиатли одамларга айлантиришинг керак. Мақсад — қуролланганлар ичида фақат ўзингнинг миллатинг, ўзингнинг яқинларинг қолишига эришишдир.
Аждодларимизнинг донишманд деб ҳисобланган қисми, Пистойя аҳлини бир-бирига гиж-гижлаб, Пиза аҳлини қалъа қуриб, ушлаб турасан дейишган ва айрим шаҳарлардаги ҳокимиятларини сақлаш учун аҳолиси ичидаги бўлинишга ҳамиша ўт пуркаб туришган. Италиядаги вазият нисбатан мўътадил бўлган у замонларда бундай сиёсат эҳтимол ўзини оқлагандир. Бугунги кунда бу ўгитнинг тўғрилигига шунингдек, халқни бўлиш ва гиж-гижлашнинг яхшилик билан тугашига-да, гумоним бор. Демоқчиманки, ташқи душман келганда мағлубиятга учраши шак-шубҳасиздир. Чунки, кучсизроқ партия албатта душман томонга ўтади. Кучли партиянинг бир ўзи эса шаҳарни сақлаб қололмайди.
Венецияликлар ўзларига тобе шаҳарларда, албатта ўша мен айтган ниятда бўлса керак, гвельф ва гибеллинларнинг душманлигини доим қиздириб турардилар. Ишни қон тўкилиш даражасигача олиб бормай, икки томонни бир-бирларига гиж-гижлашларидан мақсад — иккови бирлашиб, ўзларига қарши кураш бошламасинлар. Аммо биз кўрдикки, бу нарса фойда келтирмади. Вайла яқинидаги мағлубиятларидан сўнг, аввал шаҳарнинг бир қисми, кейин ибрат олган иккинчи қисми венецияликларни тарк этдилар. Тинчлик пайтида раиятни ушлаб туриш учун бу усул эҳтимол қўл келар, лекин уруш бошланиб қолгудек бўлса унинг чиркини сўзсиз юзага чиқади. Охир-оқибатда бу усул ҳукмдорнинг ожизлигини фош қилади, зероки, кучли ҳокимият раиятнинг бўлинишига ҳеч қачон йўл қўймайди.
Шак-шубҳа йўқки, ҳукмдор буюкликка фақат тўсқинларни енгиб, душманларни тор-мор қилиб эришади. Шу сабабли ҳам омад ўзи танлаган янги ҳукмдорга, у зинапоядек бир-бир босиб юксакликка кўтарилавериши учун унга янги-янги душманларни рўпара қилаверади. Чунки меросий ҳукмдордан кўра, янги бўлганига ғалабалар минг чандон зарур. Шароити кўтарган янги ҳукмдорлар шон-шуҳратини тағинда орттириш учун сунъий равишда, ўзига-ўзи душман яратишлари керак деб, баъзи бировлар маслаҳат ҳам берганлар.
Тахтга етишган янги ҳукмдорлар вақт ўтиши билан илгари ишончга кирмаган одамларнинг кейинчалик кўпроқ садоқат кўрсатиб, кўпроқ фойда берган ҳолларига кўп дуч келганлар. Сиенанинг ҳукмдори Пандольфа Петруччи давлатини илгари гумонсираган одамларга, бошқаларидан кўра кўпроқ суяниб идора қилган. Лекин бу хусусда умумлашма маслаҳат тўғри келмайди, чунки шароитга қараб ҳамма нарса ўзгариб туради. Фақат, илгари душман бўлганларни дўстга айлантириш ҳукмдорга қийин эмаслигини аниқ айтиш мумкин. Бунинг учун, улардаги бор шароитлари сақланиб қолиши ҳақида ҳукмдорнинг ваъдаси ва оталиғи керак холос. Шунда улар ҳукмдорнинг аввалги фикрининг нотўғрилигини исботлаш учун жон-жаҳдлари билан хизмат қиладилар. Ҳукмдорнинг меҳрига ишониб, нуқул ўз фойдаларини кўзлаб қолган эски дўстлардан кўра анча фойдали бир қатламни, шу усулда ҳамишаликка ўзиники қилиб олиш мумкин.
Тадқиқ қилаётган масаламиз талабига кўра, аҳолининг бир қисми ёрдамида ҳокимиятга келган ҳукмдорларга эслатмоқчиманки, аҳолининг ёрдам берган қисмининг қўллашига сабаб бўлган нарсани аниқлаб олишлари зарур. Агар сабаб шахсига садоқат эмас, бурунги ҳукмдордан норозиликда бўлса бу одамларнинг дўстлигини сақлаб қолиш жуда қийин, зероки уларнинг талабларини қондиришнинг иложи бўлмайди. Қадим тарих ёки замонамиздан мисоллар олиб бу масалани ўрганадиган бўлсак, илгариги ҳокимиятнинг тарафдори бўлгани учун янги ҳокимиятни душманларча кутиб олганлар ичидан дўст топиш, эски ҳокимиятдан норози бўлгани учун тўнтаришга ёрдам берганлар ичидан дўст топишга қараганда осонроқ эканлигига амин бўламиз.
Ҳукмдорлар салтанатларини мустаҳкамлаш дардида бурун замонлардан бери қалъалар қурадилар. Фитнаю ғалаён уюштириш ниятидагиларга сувлиқ ва жилов, шунингдек, тўсатдан қилинган душман ҳужумида ишончли бошпана бўлади деб ўйлайдилар. Қадимги бу удумга офариндан бошқа нарса айтолмайман. Лекин, мессер Никколо Вителлининг шаҳарни қўлида сақлаш учун Читта ди Кастеллодаги икки қалъани таги билан қўпоргани; Чезаре Боржа томонидан қувилган Гвидо Убальдо юртига яна қайтгач, сақлаш осонлашади деб ҳисоблаганидан барча қалъаларни буздиргани; Бентивольи оиласи ҳам Болоньяга қайтгач худди шундай қилгани ҳодисалари баримизнинг ёдимиздан ҳали кўтарилгани йўқ. Демак, шароитга қараб, қалъалар фойдали ёки зарарли бўлишлари мумкин деган маъно чиқади. Батафсилроқ тушунтирадиган бўлсам: ташқи душмандан кўра ўз халқидан кўпроқ қўрқадиган ҳукмдорларга қалъалар фойдалидир; халқидан кўра ташқи душмандан кўпроқ хавфсирайдиган ҳукмдорларга эса қалъанинг зарурати йўқ. Мисол учун Милан шаҳрида Франческо Сфорца бунёд этган қалъа Сфорцалар оиласига мамлакатларида рўй берган барча тартибсизликлардан кўра кўпроқ зарар келтирди. Хулоса шуки, энг яхши қалъа халқ нафратига учрамасликдир. Халқ ғазабидан сени ҳар қанақа мустаҳкам қалъа ҳам сақлаб қололмайди. Чунки халқ қуролланадиган бўлса, четдан ҳамиша унга ёрдам етиб келади. Бизнинг замонда графхоним Форлидан бошқа ҳеч кимга қалъадан фойда текканини эслолмаймиз. Эри Джироламо ўлганда қўзғолон кўтарган халқ ғазабидан қочиб, Миландан ёрдам етиб келгунча, графхоним қалъада жон сақлади ва ҳокимиятни қайта қўлга олди. Ўша пайтда халққа ёрдамга келадиган одам топилмади. Бироқ, кейинчалик графхонимга унинг касри-да ёрдам бермади. Чезаре Боржа қамалга олганда халқ чет душман тарафига ўтиб кетди. Шунинг учун, графхоним қасрлар қургунча, халқ ғазабини қўптирмасликка урингани фойдалироқ бўларди.
Таҳлилимиздан кейинги хулоса шуки, қалъа қурганни ҳам, қурмаганни ҳам мен оқлайман. Бироқ, қалъаларига ишониб, халқнинг ғазабини қўзитганидан кейин бепарво юрган ҳукмдорни ҳечам оқлолмайман.

XXI б о б

ИЗЗАТ-ҲУРМАТДА ЮРИШ УЧУН ҲУКМДОР НИМАЛАР ҚИЛИШИ КЕРАК?

Ҳарб ишлари ва ғайриоддий қилиқлардек ҳукмдорнинг обрўсини оширадиган иш йўқ. Ҳозирги ҳукмдорлардан Испания қироли Фердинанд Арагонли мисолига мурожаат қиламан. Бошида, имкониятларининг ожизлиги нуқтаи назаридан, уни тахтга янги эришган ҳукмдорга тенглаш мумкин бўлган. Лекин аста-секин шуҳратининг дабдабаси ва барқ урган чаққонлиги билан христиан дунёсидаги ҳукмдорларнинг сардорига айланди. Унинг ҳар бир амали буюклик нишонаси бўлиб, баъзилари эса ақлни шоширади. Тахтга ўтирганидан бир оз ўтиб, Гренада учун қилган уруши қудратининг дебочаси ва асоси бўлди. Энг аввало, у мамлакат ичкариси тинч, халақит берадиган сабаблар йўқ пайтини аниқ танлади ва ҳамиша ўзаро тўқнашиб турувчи Кастилия баронларини тортиб кета олди. Уруш жараёнида эса баронларга сездирмай ҳокимиятни жипслаштириб, уларни ўзига қарам қилиб қўйди. Сармояни у Черковдан ва халқдан олиб, яна ўша уруш жараёнида, кейинчалик ўзига шон-шуҳрат келтирган, кучли армия тузиб олди. Бундан кейин, янада буюклик ниятларни дилига тугиб, ҳамон дин ҳимоячиси номи остида тақводорона золимлик қилиб Марранлардан1 мамлакатни тозалади. Бундан ўтадиган золимликни, шу билан бирга ақлни лол қиладиган амални ўйлаб топиш амримаҳолдир. Ўша, дин ҳимояси шиори остида Африкада ерлар истило этилди. Кейин эса Италияга юришлар қилиб, ниҳоят Францияга уруш очди. Ўзининг бу буюк амал ва ниятларини рўёбга чиқараркан раиятни лол ва қойил қолдирганча ҳушини жойига келтирмас, амал ва ниятлари бир-биридан оқиб чиққандек тизилиб келаверар, қиролга қарши ғавғо кўтаришга заррача имкон туғилмасди.
Ҳукмдор обрўсига мамлакат ичкарисидаги ишларининг, фармонларининг, одамларнинг айтишига ишонсак, мессер Бернабо да Миланоники сингари ғайриоддий, ақлни шоширадиган бўлишининг ҳам ўрни каттадир. Яъни жамиятда бирон-бир киши яхшими ёки ёмонми бирор иш қилса унинг мукофоти ёки жазоси мумкин қадар эсда узоқроқ қоладиган бўлиши керак. Аммо энг муҳими — ҳукмдор барча хатти-ҳаракатларини ўзида катта ақл насиб этган буюк инсон деган номни қозонишга хизмат эттириши лозим.
Икки тарафдан бирини дўст, иккинчисини душман деб танлаш тақозоси келган пайтда чеккада туришни маъқул топиш ўрнига иккиланмай танлаш ҳам ҳукмдорнинг обрўсини жуда оширади. Икки кучли қўшни ҳукмдор урушга кирганда бўлажак ғолиб сенинг учун хавфли ёки хавфсиз бўлиши мумкин. Ҳар икки ҳолда ҳам очиқ урушга кирган маъқулроқ. Чунки, агар биринчи вазият туғилса, урушга қўшилмаганинг учун ғолибнинг ўлжасига айланасан ва бундан мағлуб томон ҳам хурсанд бўлади. Ғолиб керакли пайтда ташлаб кетган иттифоқчини инкор этади, мағлуб эса керак пайтда қурол олиб ёрдам бермаган иттифоқчини қабул қилмайди, натижада ҳеч кимдан мадад ололмайсан. Римликларни ҳайдаш ниятидаги этолияликлар томонидан Грецияга ёрдамга чақирилган Антиох, римликларнинг иттифоқчиси бўлган ахеяликларга воизлар юбориб, урушга аралашмасликка даъват этади. Римликлар эса аксинча, ахеяликларни урушда ёрдам беришга даъват этадилар. Шунда, масалани ҳал этиш учун ахеяликлар қурултой чақирадилар. Қурултойда Антиохнинг элчиси қурол олмасликка, аралашмасликка ундайди. Рим элчиси эса шундай деган: “Quod autem isti dicunt non interponendi vos bello, nihil magis alienum rebus vestris est; sine dratia, sine dignitate, praemiun Victoris eritis”.
Ғаразли душмангина четга чиқиб туришни таклиф этади. Дўст эса ёрдам беришга очиқ-ойдин чақиради. Беқарор ҳукмдорлар яқиндаги хавфдан қўрқиб, ҳамиша аралашмасликни танлайдилар-у, оқибатда инқирозга учрайдилар.
Бироқ, қўрқмасдан урушаётганларнинг бир тарафига ўтсанг, иттифоқчинг енгса, у қанчалик кучли бўлмасин, сен қанчалик унга қарам бўлмагин, у сенга бурчлидир. Одам зоти бунчалик беоқибатмаски, ўз иттифоқчисини яксон қилса. Бундан ташқари, ғолибга ҳеч нарса билан ҳисоблашмайдиган, айниқса, ҳақиқатни топташ имкониятини берадиган даражада ғалаба ҳеч қачон ҳеч кимга насиб этмаган. Борди-ю, тарафкашинг ютқазиб қўйса, у сени қабул қилади, қўлидан келганча ёрдам беради. Сен бахтиқаролиққа учраган одамни дардкаш биродарига айланасан, эҳтимолки, тарафкашингнинг бахти яна бир кун очилиб кетар.
Урушаётганларнинг униси ҳам, буниси ҳам сенга хавф-хатар сололмайдиган вазият тўғри келган тақдирда, у ёки бу томонга қўшилиш янада фойдалидир. Чунки бир томоннинг ёрдамида душманни енгганингдан кейин тарафкашингни тобе этишинг мумкин. У эса сенинг ёрдамингда душмани устидан албатта зафар қозонади. Унинг калласи ишласа, енгган душманини бутунлай йўқ қилишга эмас, сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак.
Шу жойда, агар юқорида келтирилгандек танлашга мажбур бўладиган вазиятга тушилмаса, ўзингдан кучли ҳукмдор билан иттифоққа киришишдан парҳез қилган тузукроқлигини айтиш керак. Чунки, ғалаба қилинган тақдирда унинг чангалида бўласан. Ақлли ҳукмдор эса бировнинг таъсирига тушишдан ҳамиша эҳтиёт бўлиши шарт. Мисол учун венецияликлар Милан герцогига қарши Франция билан иттифоққа кирмасликнинг иложи бўлса-да, иттифоққа кириб, охирида инқирозга учрадилар. Лекин папа ва Испания Ломбардияга қўшин тортган пайтидагидек, флоренцияликлар каби мажбурий вазиятга тушиб қолинса, аввал айтилганидек, албатта урушга қўшилиш керак. Бунда тўғри қарор қабул қиламан деб катта умид боғламасдан, ҳар қандай қароринг ҳам мавҳум эканлигини, бир балодан қутулсанг иккинчисига тутилишинг шартлигини бўйинга олиб қўйиш керак. Барча кўнгилсизликларни тош-тарозига солиб, кичигига учраганингга шукр қилиш — бундай вазиятда доноликни билдиради.
Иззат ҳурматда юраман деган ҳукмдор иқтидорли кишиларни қанотига олиб, меҳр кўргазиб, санъат, фан ва ҳунармандчиликда кўзга кўринганларнинг ҳурматини жойига қўйиб бориши лозим. Фуқароларнинг савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланишларини рағбатлантириб туриши керак. Одамлар ўз гўшаларини биров тортиб олишидан қўрқмай обод қилиш, солиқлар солиб бўғиб ташлашади деган ҳадикдан бегона ҳолда дўконлар очиш кайфиятида яшашлари керак. Шаҳар ва давлатни кўркамлаштиришга хизмат қилганлар учун ҳукмдорнинг алоҳида мукофотлари бўлмоғи зарур. Бундан ташқари йилнинг қулай фаслларида халқни байрам ва томошалар билан банд қилишга эътибор қаратмоғи керак. Устахоналар, шаҳарнинг маҳалла ва даҳаларини ҳам эъзозлаб, гоҳ-гоҳида қадамранжида қилиб, мажлисларида қатнашиб, мурувват ва ҳимматлиликда ўрнак бўлишга интилиш даркор. Лекин бу жараёнда ҳукмдорнинг ҳар бир хатти-ҳаракати ўзининг обрўси ва улуғворлигини сақлашга қаратилиши лозим.

XXII б о б

ҲУКМДОРНИНГ МАСЛАҲАТЧИЛАРИ ҲАҚИДА

Маслаҳатчиларни сайлаб олиш ҳукмдор учун муҳим масалалардан биридир. Уларнинг яхши ёки ёмонлиги эса тўлалигича ҳукмдорнинг донолигига боғлиқдир. Ҳукмдорнинг ақлига биринчи баҳо — қандай одамларни яқинлаштираётганига қараб берилади. Агар улар ишбилармон ва содиқ бўлишса, ҳукмдор ҳам доно бўлади. Чунки ақлли ва садоқатли одамларни топиб ёнида ушлаб қололгани бунга кафилдир. Маслаҳатчилари бунинг аксича нусхадаги одамлар чиқса, уларга берилган баҳо ҳукмдорга ҳам ўтади, ярамас маслаҳатчиларни танлаб биринчи хатога йўл қўйган бўлади. Сиенанинг ҳукмдори Пандольфо Петруччонанг ёрдамчиси мессер Антонио де Венарфони таниган кишилар Пандольфонинг ўзи ҳақида иккиланмай яхши фикр чиқаргандилар. Сабаби, Антонио де Венарфони маслаҳатчиликка танлаган одамнинг ўзи оқил бўлиш кераклиги аниқ эди.
Инсон ақли уч тоифага бўлинади. Биринчиси, барча нарсанинг моҳиятига ўзи етиб боради. Иккинчиси, биринчиси етиб борган нарсани англайди. Учинчиси, на ўзи бирон нарсани тагига етади, на бошқалар етиб борган нарсани англайди. Биринчи хил ақл — буюк истеъдоддир. Иккинчи хили — катта ақлдир. Учинчиси — нобопдир. Бу тоифалашимиздан келиб чиқадиган бўлсак — Пандольфо жуда биринчиси бўлмаса-да, иккинчи хил ақл эгаси бўлган. Чунки, атрофдаги одамларнинг иши ва сўзига қараб, яхши-ёмонни ажратиб оладиган, ўзи ўйлаб топарлар тоифасига кирмаса-да, маслаҳатчиларининг хатти-ҳаракатларидаги тўғрилик ва эгриликни фарқлайдиган, тўғриликни мукофотлаб эгриликни жазолайдиган киши бўлган. Бундан биз учун чиқадиган ибрат шуки, ҳукмдорнинг ақлли эканини сезган маслаҳатчи ва ёрдамчилари уни алдолмайди ва ҳалол ишлайди.
Ёрдамчи ва маслаҳатчининг қандайлигини аниқлашнинг битта мезони: у масалаларни ҳал этишда, ишларни бажаришда ҳукмдорнинг фойдасини ўйлайдими ёки ўзи ҳақида кўпроқ қайғурадими, шу билинса бас. Агар ҳар бир ишда аввал ўз улушини ўйлайдиган бўлса, у ҳеч қачон яхши хизматкор бўлмайди ва ҳукмдор ҳеч қачон унга ўзини ишониб топшириши мумкин эмас. Зероки, қўлига давлат ишлари топширилган вазир, ўзи ҳақида эмас, ҳукмдор ҳақида ўйлашга, ҳукмдорни ҳукмдорга тегишли ишдан бўлак нарса билан безовта қилмасликка мажбурдир. Ўз навбатида ҳукмдор ҳам вазирнинг меҳнатларини мукофотлаб, бойлигига бойлик қўшиб, ундаги миннатдорлик туйғулари орқали ўзига боғланишни кучайтириб, хизмат вазифаларини ва шуҳрат меваларини бўлишиб, унинг садоқатини сақлаб қолишга интилиши керак. Шунда вазир ҳукмдорга керакли эканлигини, ҳукмдор унингсиз танг ҳолга тушиши мумкинлигини сезади, бойлиги ва шон-шуҳрати етарли бўлганидан яна янгиларига суқланмайди, ҳар хил мансаблар эгаси бўлганидан фитнаю тўнтарувлардан қўрқади, ҳайиқади. Ҳукмдор ила вазир шундай муносабатни ушласалар, бир-бирларига қўрқмай таянишлари мумкин. Агар ораларида ўзгача муносабат ҳукмрон бўлса, оқибати — ё у томон, ё бу томон учун ёмондир.

XXIII б о б

ТИЛЁҒЛАМАЧИЛАРДАН САҚЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ

Ҳукмдорларнинг одамни фарқлай олмасликлари ва зукколиги етишмаслиги оқибатида ўзларини тиёлмай йўл қўядиган бир камчиликларини айтиб ўтмоқчиман. Зероки бу ҳам муҳим масалалардан биридир. Бу сохта мақтов ва тилёғламачилар масаласидир. Ҳар бир саройда тилёғламачилик ва тилёғламачилар жуда кўп ўралашади. Ҳукмдорлар ҳам хом сут эмган бандадирлар: ўта шуҳратпараст, ўзларига ортиқча баҳо берувчи эканликларидан бу ифлосликка чап беришлари жуда мушкул бўлади. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор: тилёғламаликни таг-туги билан йўқотишга киришган ҳукмдор атрофидагиларнинг назари беписандлигига учраши мумкин. Чунки, хушомад ва тилёғламаликни йўқотишнинг бирдан-бир йўли — сенга ҳақиқатни охиригача, тўғри гапирганида ҳам хафа бўлмаслигингни одамлар онгига сингдиришдир. Мабодо шунга эришсанг-у, одамлар бетингга барини тўғри гапираверсалар, сенга кўрсатишлари лозим бўлган иззат-ҳурматни кўрсатмай қўядилар. Шунинг учун доно ҳукмдор учинчи йўлни танламоғи керак, яъни: дилида нимаики гап бўлса барини очиқ гапириш ҳуқуқини ўзи танлаб олган бир неча ақлли одамгагина бериши лозим. Бироқ шунда ҳам фақат сўралган мавзуда. Бошқа мавзуни аралаштирмасин. Сен ҳамма мавзу ва соҳа хусусида савол беришинг, охиригача эшитишинг керагу, бироқ қарорни ўзинг чиқаришинг шарт. Мажлисларда ҳар бир маслаҳатчи билан ўзингни шундай тутишинг керакки, у қанчалик қўрқмасдан фикрини очиқ айтса шунчалик маъқул эканлигини сезсин, буни бошқалар ҳам кўриб турсин. Мажлисдан ташқарида эса ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан, ҳеч кимга қулоқ солмасдан мақсад томон шахдам юриш, қабул қилинган қарорни қатъий ушлаш керак. Бошқача йўл тутган ҳукмдор ё тилёғламачининг асири бўлади, ё қарама-қарши таклифларни эшитаверганидан фикрини ўзгартиравериб обрўсини тўкади.
Ҳозирги замондан бир мисол келтираман. Император Максимилианнинг ишончли кишиси — руҳоний ота Лука, олий ҳазратнинг феъл-атвори ҳақида: у киши ҳеч кимдан маслаҳат олмайдилар, лекин ўз билганларича иш ҳам тутмайдилар. Император биқиқ, нияту режаларини бировга айтмайдиган, бировга маслаҳат солмайдиган тоифаданлар. Бироқ режалари амалга ошабошлагач, атрофидагилар эътироз билдира бошлашади ва император феъллари бўшлигидан ниятларидан қайтадилар. Оқибатда бугунги қарор билан бошланган иш эртага бекор қилинади ва императорнинг истаклари қанақа, мақсадлари нима эканлигини ҳеч билиб бўлмаслигидан қарорларига ҳам ишониб бўлмайди, деб ҳикоя қилинади.
Бунинг бари биз юқорида айтган қоидаларга амал қилмаганликдандир.
Шундай қилиб, ҳукмдор ҳамиша бошқалар билан маслаҳатлашиши лозим. Фақат, бировлар истаганда эмас, ўзи истаган пайтда. Сўралмаган пайтда маслаҳатини бераётганларни эса, оғзига уриб танбеҳ бермоқ лозим. Бироқ ўз ташаббуси билан ҳукмдор ҳамиша кенг кўламда, ҳар соҳада маслаҳат солиши, сўраганларини эса тоқат билан эшитиши, кимдир ҳақиқатни очиқ айтишга хавотирланаётганини сезса, ўзи хавотирга тушиши керак. Кўпчилик, донолиги билан овозаси чиққан ҳукмдорлар бу машҳурликка ўз ақллари ҳисобига эмас, боёнларининг маслаҳатлари ҳисобига эришганлар деб ўйлашади. Бу фикр хатодир. Чунки, истисноси бўлмаган бир қоиданинг айтиши бўйича, ақлу доноликдан маҳрум ҳукмдорга ақлли ва доно маслаҳат бериш бефойдадир. Бундай ҳукмдор доно маслаҳатни тасодифан, шунда ҳам ўзи тамомила ишонадиган ақлли вазирининг айтганидан сўнг қабул қилиши мумкин. Ишни бир вазирга ташлаб қўйиш, ҳаётда эҳтимоли бор нарса. Лекин бўлганда ҳам бу нарса, тез орада вазирнинг ҳукмдор бўлиб олиши билан битади. Доноликдан маҳрум ҳукмдорнинг маслаҳатчилари кўп бўлган ҳолда ҳам у қарама-қарши фикрларни чоғиштиролмайди, боз устига ҳар бир маслаҳатчи ўз манфаатидан келиб чиқиб гапирганини ҳам тушунолмайди ва чора кўролмайди. Маслаҳатчининг бошқа тури эса ҳаётда бўлмайди. Зероки табиати ёмонлигидан, одам зоти фақат мажбур бўлгандагина яхшилик қилиши мумкин. Хулоса шуки, доно ва оқил режалар — маслаҳат ким томонидан берилишидан қатъи назар, фақат ҳукмдорларнинг доно ва оқиллигидан туғилади. Аксинча, яъни доно ва оқил маслаҳатлар туфайли доно ва оқил ҳукмдор ҳеч қачон пайдо бўлмайди.

XXIV б о б

НЕГА ИТАЛИЯ ҲУКМДОРЛАРИ ЎЗ ДАВЛАТЛАРИДАН АЙРИЛГАНИ ҲАҚИДА

Агар янги ҳукмдор айтилган қоидаларга ақл билан риоя этса, тахтга мерос йўли билан эришганлардан кўра ҳам ўзини мустаҳкам ва эркин ҳис қила бошлайди. Чунки, одамлар янги ҳукмдорга меросий ҳукмдордан кўра каттароқ қизиқиш билан қарайдилар. Ҳаракат ва ишларида жасорат шижоат сезилса меросий ҳукмдор шажарасининг қадимийлигидан кўра зиёдроқ мафтункорликка эга бўлади. Чунки одамлар ўтмишдан кўра бугунги кунлари билан кўпроқ бандлар. Бугун манфаат кўра бошласалар, хурсанд бўлиб бошқа нарсани ўйламай, янги ҳукмдорга керак бўлса кўксиларини қалқон қиладилар. Янги давлат тузган, уни яхши қонунлар билан муҳофазалаган, яхши иттифоқчилар топган, яхши қўшин тузган янги ҳукмдор ўзини икки карра шуҳратга чулғайди. Аксинча, ҳукмдор унвонида туғилиб, калтабинлиги туфайли меросий тахтидан ажралган ҳукмдор икки карра нафрат ва ҳазар назарига лойиқдир.
Агар биз давлатидан маҳрум бўлган Неаполитания қироли, Милан герцоги ва бошқа шу сингари италиялик ҳукмдорлар мисолига мурожаат қилсак, уларнинг энг бўш ери қўшин бўлган. Қўшиннинг ярамас хилларини эса юқорида батафсил гапирдик. Бундан ташқари уларнинг баъзилари ўз халқлари билан душманликда турганлар, баъзилари эса халқ билан яхши бўлиб, боёнлар тарафидан ҳимояланишни эплолмаганлар. Бу каби нуқсонлардан холи мамлакатнинг ҳукмдори, яна қўшин ҳам бажоласа ҳеч қачон тахтидан мосуво бўлмайди. Филипп Мақидунли, мен Буюк Искандарнинг отасини эмас, Тит Квинций томонидан мағлубиятга учратилган Филиппни назарда тутаяпман, ўзига ҳужум қилган Рим ва Грецияга нисбатан жуда кичкина мамлакат ҳукмдори эди. Бироқ ўзи зўр жангчи эканлигидан, боз устига халқ меҳрини қозонолгани ва зодагонлар кирдикорларидан ўзини ҳимоялашни уддалагани учун римликлар ва грекларга қарши кўп йиллик урушга чидаб туролди. Гарчи, охирида, бир неча шаҳарларидан ажраса-да, подшолигини сақлаб қолди.
Шунинг учун кўп йиллар тахт суриб, кейин салтанатидан айрилган бизнинг ҳукмдорларимиз тақдирдан нолимай айбни ўзларининг беғамликларидан қидирсинлар. Осойишта об-ҳавода бўронни хаёлига келтирмайдиган ҳамма оддий одамлардек, улар ҳам тинчлик замонида — эртага ёғилиши мумкин бўлган балоларнинг олдини олмадилар. Қийин замон келиши билан эса мудофаа уюштиришнинг ўрнига, ғолиб босқинчининг жафоларидан безган халқ уларни яна чақириб олади, деган умид билан қочиб қолишни афзал билдилар. Бошқа илож йўқлигида бундай умид қилиш ҳам яхши, бироқ фақат шу умидни деб бошқа чораларни инкор этиш — жуда ёмон. Бу иш, бари бир кимдир кўтариб олар, деб атайлаб ўзини ерга ташлаб ётиш билан баробар. Бордию, бало-қазодан кимдир қутқариб қолганда ҳам сен ниҳоятда хавфли, миннатли ва тубан аҳволда қоласан. Фақат ўзингга, ўз жасоратингга асосланган мудофаагина яхши, ишончли ва мустаҳкамдир.

XXV б о б

ТАҚДИРНИНГ ОДАМЗОТ ИШЛАРИ УСТИДАН ҲУКМРОНЛИГИ ВА УНГА ЧОРА ТОПИШ ЙЎЛЛАРИ

Одамнинг заковати ҳеч нарсани ҳал этолмайди, ҳеч нарсага қарши туролмайди, дунёдаги нимаики содир бўлса, бари тақдир ва Тангрига боғлиқ, деган фикрнинг илгари замонларда ҳам, ҳозир ҳам кўп гапирилишини мен жуда яхши биламан. Лекин буни гапирадиганлар учун жамиятнинг ташвишлари билан бошингни оғритма, тақдирингга тан бериб жимгина юравер, деб бундан чиқарадиган хулосалари улар учун муҳимдир. Кейинги пайтларда дунёдаги воқеаларнинг жуда тез ўзгараётганлигидан, инсон ақли томонидан қилинаётган ҳар қандай кароматларнинг чиппакка чиқаётганлигидан, бу хулосага ишонувчиларнинг сони жуда ошиб кетган. Баъзи пайтларда, дунёнинг ҳозирги аҳволига қараб туриб, ўзим ҳам кўпчиликнинг шу фикрига бўйсунгим келиб қолади.
Бироқ инсон иродасининг, истакларининг эрки ҳаққи: балки тақдири азал одамзот ишларининг ярмини бошқариб, бошқа ярмини ёки шунга яқин қисмини одамларнинг ўзларига топшириб қўйгандир, деган умид билдираман. Тақдирни мен айқирган дарёга ўхшатаман. У тошади, қирғоқларни ўйиб, дарахтларни қўпоради, уйларни йиқади, ерларни ювиб кетади, янги ерларни барпо қилади. Жиловлашни эплолмайдиган одамзот эса унинг жўшқин босқинидан ҳар ёққа тумтарақай қочади. Майли, шундай бўла қолсин, инсон қўрқиб қочади ҳам дейлик. Лекин дарё тошмаган пайтда эҳтиёт чоралари кўришни, дамбалар, тўғонлар қуришни инсонга ҳеч ким тақиқламайди-ку?! Дарё тошганда уни каналларга буриб юборадиган, дамбаларга бориб тўсилиб тўхтайдиган қилиб қўйиш мумкин-ку!?
Тақдир ҳам шундай. У ўзининг кучини ақлли жасорат, мардлик тик турмаган ерда кўрсатади, тошқинини тўсиқ бўлмаган ерларга буради. Италияга бир боқинг. Ўзи туғдирган ижтимоий воқеалар тошқини остида қолиб кетган. На тўғон, на дамба бўлмаган сидирға бир текисликка ўхшайди. Агар унда Олмонистон, Фарангистон, Испанияга ўхшаб жасорат тўсиқлари бўлганда эди, тошқин унча киролмаган, кирса ҳам бунчалик вайроналик келтирмаган бўларди. Тақдирга қарши туриш ҳақида менимча етарлича фикр билдирилди.
Энди ҳукмдорларимиз хусусида гапирсак. Кўзимиз билан кўриб турибмизки, кечагина тинчгина давру даврон суриб, бугун тахтларидан мосуво бўлиб юрибдилар. Уларнинг феъл-атворида, хислатларида ҳеч нарса ўзгармаган. Яшаяптилар. Бунинг ечими менинг фикримча, юқорида биз батафсил таҳлил этган сабабларда. Барча ишни бутунлай тақдирга ташлаб қўйган ҳукмдор вақти келганда унинг зарбаларига дош беролмайди. Яна менинг фикримча, ўз хатти-ҳаракатларини замона талабларига жавоб берадиган тарзда тузгани эсон-омон яшайверади, замона талабларига жавоб бермайдигани эса бахту тахтидан айрилаверади.
Ҳаётни кузатадиган бўлсак, ҳар бир одам олдига қўядиган — обрў ва бойлик орттириш мақсадига етишишда турли йўллар танлашини кўрамиз: бири эҳтиёткорлик, иккинчиси шиддат; бири сабр, иккинчиси тезкорлик, бири куч, иккинчиси — маҳорат. Уларнинг ҳар бирини мақсадига танлаган йўли етказиши мумкин. Бироқ баъзан шундай бўладики, икки одам бир хил, мисол учун эҳтиёткорлик йўлини танлайди-ю, мақсадга фақат биттаси эришади. Ёки иккови ўзгача, мисол учун бири эҳтиёткорликни, иккинчиси шиддатни танлайди-ю, иккови ҳам мақсадга бир хилда етишади. Бунинг сабаби, танланган йўлларнинг замонанинг хусусиятлари ва шарт-шароитларига мос келиш-келмаслигига боғлиқ. Шунинг учун иккови икки йўлдан борган мақсадга бир хилда етишишлари, иккови битта йўлдан боргандагина эса мақсадга фақат биттаси етишиши мумкин.
Инсоннинг ҳаётининг бахтли даври ҳам худди шу қонуниятга бўйсунади. Эҳтиёткорлик ва сабр билан иш олиб бораётган одамга замонанинг шароити мос келса, у гуллаб-яшнайверади. Бироқ замонада вазият ўзгарган заҳоти унинг фаровон кунлари битади, чунки у ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмайди. Умуман олганда, одам зоти қанчалик оқил бўлмасин, замона ўзгаришига мослашадигани топилмайди. Биринчидан табиий феъли, ўрганган кўнгли бунга йўл қўймайди, иккинчидан, инсон боласи шу пайтгача гуллаб-яшнаётган йўлидан бурилиб кетишга ўзини мажбур қилолмайди. Шу сабабдан эҳтиёткор ҳукмдор ҳам шиддат талаб этилган пайтда уддасидан чиқолмай ҳалок бўлади. Агар унинг феъли замонга мос равишда ўзгарганда эди, бахтли онлари давом этаверган бўларди.
Папа Юлий ҳамиша шиддат билан иш тутарди, шароит ҳам буни кўтарарди, шунинг учун у доим зафар қучарди. Унинг биринчи иши — ҳали мессер Жованни Бентивольи тириклигидаёқ Болоньяни босиб олишини мисол қилайлик. Папанинг бу ниятига венецияликлар қарши эдилар, Испан қироли қарши эди, Фарангистон билан шу хусусдаги музокаралар ҳали давом этаётганди. Папа эса феъл-хўйига мос, тўсиб бўлмас шиддат-ла қўшин тортди ва ҳеч кимнинг қаршилигига учрамади. Венецияликлар қўрқишди, Испан қироли шу талатўпда Неаполитания қироллигини қўшиб олишдан умидвор бўлди. Фарангистон қироли эса папанинг йўлга тушганини кўргач, венецияликларга қарши папа билан иттифоқни афзал билиб, ёрдам бермаса, папани ранжитиши аниқлигини сезиб, қўшин жўнатди.
Папа Юлий ўзининг тўсатдан бошлаган шиддатли бу юриши билан инсонга берилиши мумкин бўлган энг кучли оқиллик касб этган Черков бошлиқларининг бошқа ҳар қандайи ҳеч қачон бажаролмайдиган ишни қилди. Агар барча шароиту вазиятларнинг келтирилишини кутиб Римда қолса эди, фаранг қироли ёрдам юбормасликка мингта баҳона топган, бошқалари эса истилога қарши мингта далиллар айтган бўлардилар. Мен Папа Юлийнинг бошқа амаллари ҳақида гапириб ўтирмайман, чунки уларнинг бари шу таҳлидда қилинган ва бари муваффақиятли тугалланганди; унинг ҳукмдорлик муддати қисқа бўлганлиги сабабли, муваффақиятсизликка учраб улгурмади. Лекин узоқроқ яшаганда-ю, эҳтиёткорлик талаб этиладиган замона келганда эди, унинг омадли даври поёнига етарди. Чунки папа табиатидан туғилувчи шиддатли қарорларни амалга оширишдан бошқача йўл тутолмасди.
Хулоса тариқасида айтмоқчиманки, тақдирнинг тўлқинлари доимо бир хилда бўлавермайди. Инсон боласи эса тутган йўлини ўжарлик билан ушлаб туриш одати бор. Бу икки нарса орасида уйғунлик жо бўлса, одам сафоли даврон суради; уйғунлик бузилиб қолса одамнинг сафоли даври тугайди. Шунга қарамай, мен шиддатли ҳаракат тарафдориман, зероки бахт ва омад маъбудаси Фортуна — аёлдир. Аёлни эса уриб-тепиб бўлса-да бўйсундириш керак. У кўпинча эҳтиёткорларга эмас, шиддаткорларга насиб қилади. Аёллиги учун ҳам у ёшларга мойил, чунки ёшлар — катталардек эҳтиёткор эмас, бўйсундиришга зўр дадиллик билан киришадилар.

XXVI б о б

ИТАЛИЯНИ ЭГАЛЛАШГА ВА УНИ ВАРВАРЛАР ҚЎЛИДАН ХАЛОС ЭТИШГА ИЛТИЖО

Юқорида айтилганларни ўйлаш жараёнида мен Италия келажаги хусусида-да кўп мулоҳаза юритдим. Италияда янги ягона ҳукмдорни олқишлайдиган замон келмадимикин, оқил ва жасоратли бу инсон учун — ўзининг шон-шавкати ҳамда она юрт равнақи йўлида ишлатишга, керакли шаклга солишга яроқли ашё бормикин, деган саволлардан кейин, янги ҳукмдор пайдо бўлишига жуда кўп имконият бор, шу — бизнинг кунларимиздан кўра яхшироқ, қулайроқ бошқа пайт бўлиши амримаҳол экан, деган хулосага келдим. Бир замонлар, Мусо ўз жасоратини намоён этиши учун Исроил халқи мисрликлар қўлида қул бўлгани каби, Кир ўзининг улуғвор руҳини ошкор этиш учун форсларнинг мидияликлар зулми остида қолгани каби. Тезей ўз қаҳрамонлигини рўёбга чиқариш учун афиналиклар тарқоқ бўлганлари каби; Италия жасоратини талаб этадиган ҳозиргидек уятли ва шармандали аҳвол бўлиши мумкин эмас. Италия бир пайтлардагидек яҳудийлардан бадтар қул, форслардан бадтар хўрланган, афиналиклардан бадтар тарқоқ ҳолдадир. Унда бош йўқ, адоқ йўқ, тартиб йўқ; у тор-мор этилган, талон-тарожга учраган, тилкаланган, топталган, тупроққа қорилгандир.
Назаримизда, Италиянинг тангри айтган халоскори келди, деган йилт этган сониялар бўлди. Лекин тақдир рўйхуш бермай, у инсонларни мақсади бўсағасида оёғидан чалди. Италия эса, сўнгги кучларини йўқотаркан — жароҳатларининг табибини, Ломбардияни талатўпдан қутқарувчини, Неаполитан қироллиги ва Тосканани ваҳшиёна солиқлардан озод этувчини, йиринглаб ётган яраларига малҳам берувчини кутмоқда. Варварларнинг зўравонлик ва шафқатсизлигига чек қўювчи халоскор юборишни сўраб, Худога зор-зор нолалар қилади! У битта байроқ остига тўпланиб кўкрак керишга, тўлиққанча тайёр турипти! Байроқдор бўлса бас!
Италия бу ишда энг катта умидларини сизнинг шавкатли оилангиз билан боғлаган. Ҳа, жасорати барчага маълум, тақдир марҳамат этган, Худо ва бошлиғи Сизнинг оилангизга мансуб Черков паноҳида бўлган оилангиз Италия озодлиги заҳматини ўз зиммасига олишга қодир. Агар сиз, юқорида номлари зикр этилган буюк шахсларнинг ҳаёти ва буюк ишларини ўзингизга ўрнак қилсангиз, бу тадбир сизга оғир кўринмайди. У буюклар нечоғлик озчилик, нечоғлик ишлари улуғвор, ақлни шоширувчи бўлмасин — одам боласи эдилар. Уларнинг ҳар бирига тўғри келган вазият, бизнинг вазиятчалик қулай эмас эди. Уларнинг ишлари ҳақгўйликда, соддаликда, Тангрига маъқулликда ҳам ортиқ эмас эди. Бунда ростмана ҳақиқат ётипти, — “Lustdum enim est bellum quibus necessarium, et pia arma ibi nulla nisi in armis spes est.”1 Бу ерда вазият дарҳақиқат қулай, вазият қулайлигида эса, боз устига юқорида мен айтган буюк шахсларнинг ҳаракатларидан ўрнак олинса — қийинчиликлар чекинади. Бизга: денгиз чекинди, қоялар ичидан сув отилди, кўкдан ерга ёрма ёғилди, деган Тангрининг ақлни лол этувчи, мислсиз белгилари жўнатилган. Сизнинг оилангизга улуғворлик каромат қилинмоқда, ҳамма нарса уйғунликда ва тахт. Қолгани Сизга боғлиқ, Сиз бажаришингиз керак. Зероки Тангри, бизнинг ирода эркинлигимизни бўғмаслик учун, олқишнинг бизга тегишли қисмига дахл этмаслик учун бари ишни бажармай, улушимизни қолдирувчи меҳрибондир.
Иншоолло, сизнинг шавкатли оилангиз эришажак мақсадга, юқорида номлари зикр этилган италияликлардан биронтаси ҳам эришолмагани ажабланарли эмас, сонсиз тўнтариш ва урушлар бўлганлигига қарамай, Италияда ҳарбий жасорат ва санъат сўнгандек кўринади. Бунинг сабаби, эски тартиблар яроқсизлиги, янги яхши тартибларни эса ҳеч ким жорий этмаяпганлигидадир. Аслида эса янги қонун-қоидалардек, ҳукмдорга машҳурлик келтирадиган нарса йўқ. Янги қонун-қоидалар кучга кириб, улуғворлик касб этгач, эвазига иззат-обрў ва шон-шуҳрат қайтаришади одамлар. Италияда эса ҳар хил шаклга киришга тайёр ашё кўп. Италия ўғлонларининг ҳар бири жасоратга тўла, афсуски қўмондонларда бу нарса етишмайди. Якка-якка ёки кичкина жангларга бир назар солинг-а, италияликларнинг чаққон, топқир ва кучда ажралиб туришини кўрасиз. Лекин катта жангга тушишганда улар гўёки бу хусусиятларни йўқотиб қўйишади. Бунга қўмондонларнинг билимсизлиги айбли. Билағонлари чиқиб қолса ҳам уларга ҳеч ким қулоқ солмайди. Сирасини айтса, бари билағонман деб мақтанади-ю, бироқ шу пайтгача ичидан — жасорати ва омадлилиги билан ажралиб, бошқаларнинг ҳурматига ўз-ўзидан сазовор бўладигани чиққани йўқ. Шунинг учун кейинги йигирма йил давомида рўй берган жангларда италияликларнинг ўзидан тузилган қўшинлар нуқул мағлубиятга учрашган: Таро, Алессандрия, Капуя, Генуя, Вайла ва Местри жанглари бунга далил бўла олади.
Мабодо, сизнинг шавкатли оилангиз ўз юртларининг халоскори бўлганлар изидан боришга жазм этса, биринчи навбатда ўз аскарларингиздан иборат қўшин тузишингиз керакки, бу ишсиз ҳар қандай тадбир ҳам мустаҳкам пойдеворга эга бўлмайди. Сиз улардан ортиқ садоқатли жасорат кўрсатадиган, интизомга бўйсунадиган аскарларни бошқа ҳеч ердан тополмайсиз. Уларнинг ҳар бири қанчалик яхши бўлса, қўмондон ўрнида уларни эъзозлайдиган, тақдирлайдиган ўз подшоларини кўрганларида сифатлари минг чандон ортиб кетади. Чет элликларнинг босқинини қайтаришни шубҳасиз эплайдиган Италия жасорати учун бундай қўшин албатта керакдир. Тўғри, испан ва швейцар пиёдалари кучли деб ҳисобланадилар, лекин уларнинг ҳам камчиликлари йўқ эмас. Шунинг учун янгича бир тизимда тузилган қўшин уларга бас келиши, балки енгиши ҳам мумкин бўлар. Зероки испанлар отлиқларни кўришлари биланоқ чекинадилар, швейцарларни эса уларникидан қолишмайдиган, қайтмас ирода билан енгиш мумкин. Биз, испанларнинг фаранг отлиқларидан қочганларини, швейцарлар эса испан пиёдаларидан мағлубиятга учраганлигини бир неча бор кўрганмиз ва яна кўрармиз деб ўйлайман. Тўғри, швейцар ва испан пиёдаларининг бевосита тўқнашганларига гувоҳ эмасмиз-у, бироқ швейцар тизимини олган немис аскарларининг Равеннада испан пиёдаларидан енгилаётганини кўрганмиз. Абжир испанлар кичкина қалқончаларини эпчиллик билан ишлатиб, немисларнинг найзалари остидаги хавфсиз жойга ўтиб олиб, рақибни қира бошлаганларида немислар ҳеч нарса қилолмай қолгандилар. Агар ўша пайтда отлиқлар бостириб келмаганда испанлар немис пиёдаларини қириб битирардилар. Хуллас, ҳар бир қўшиннинг нозик жойини ўрганган ҳолда отлиқлар билан ҳам сўқишадиган, пиёдалардан ҳам ҳайиқмайдиган қўшин тузиш керак. Бу қўшин янгича қурол, янгича тизимга асосланади. Бу эса, янги ҳукмдорга — янги шуҳрат, янги улуғворлик келтирадиган янгиликдир.
Шундай қилиб, бу вазиятни қўлдан чиқармаслик керак; шунча йил орзиқиб кутган Италия, ниҳоят ўз ҳалоскорини кўрсин. Чет эл босқинларидан зада бўлган халқнинг нечоғлиқ меҳр, нечоғлиқ кучли қасос иштиёқи билан, нечоғлиқ қатъий ишонч билан, нечоғлиқ кўзёшлари билан пешвоз чиқишини сўз билан ифода этолмайман! Қайси эшик унга очилмас экан? Ким унга бўйсунмас экан? Унинг йўлини кимнинг ҳасади тўсишга уринаркин? Қайси италиялик уни бошига кўтармас экан? Варварларнинг ҳукмрон чиркин бўйини барча сезмоқда. Келинг, ҳақиқат ишларига мос жасорат билан, ишонч билан шу бурчни зиммангизга олинг, шавкатли хонадонингиз туғи остида она юртимиз қаддини ростлаб, улуғворлигига қайтсин, Петрарканинг айтганлари амалга ошсин:

Мардлик ёвузликка қарши отланар,
Қисқа жанг чек қўяр зўравонликка.
Италия юрагида ҳали ўлмаган —
Жасорат ул дамда туради тикка.

Зоҳир Аълам таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 9-сон