Нажиб Маҳфуз. Имконият (ҳикоя)

Ҳувиллаб ётган бу иморатга мен тез-тез келиб турардим. Бу иморат ҳали яп-янги эди – ҳатто ҳали ундаги бўёқларнинг ҳиди ҳам шундоққина уфуриб турарди. У чорбурчак ерда ўрнашган эди. Бир неча муддатдан кейин унинг пештоқида бизнинг фирмамиз номи ёзилган лавҳа пайдо бўлиши керак. Бошқармамиз бу иморатни ижарага олаётган экан, бунда менинг ҳам ҳиссам кам бўлмаган десам муболаға бўлмас. Мен архивда хизмат қиладиган, ҳамманинг эсидан чиқиб кетган бир ходим эдим. Мени фирма бошқарувига янги иморат қидириб топиш мақсадида атайин махсус тузилган қўмитага аъзо қилиб сайлашди. Бошқарувда бўлимлар жуда кўпайиб кетган эди – улар эски бинога сиғишмай қолди. Уларни катта шаҳарнинг бир-биридан анча олис турган кварталларида жойлаштиришга тўғри кела бошлади. Мен ҳар куни эрталаб ишга кетаётиб, ана шу кимсасиз иморатнинг ёнидан ўтардим. Охирида қўмитага шу уйни бир кўришни таклиф қилдим. Ниҳоят, тез орада зарур бўлган расмиятчиликлар бажо келтирилди ва унинг кетидан уйнинг эгаси билан битим тузилди.
Кўч-кўч билан боғлиқ бўлган оворагарчиликлар ҳали бошланганча йўқ эди, эрталаблар мен, одатдагидек, аввалги йўлдан эски идорага қатнашда давом этардим, лекин ички бир ғурур ҳамда “бу мулкка мен ҳам дахлдорман” деган туйғу мени бу янги уйга қайта-қайта кириб чиқишга ундарди – гўё мен уни расман кўздан ўтказиб турмасам бўлмайдигандай туюларди. Қоровул мени таниб қолган эди. Бу гал ҳам у менга эҳтиром билан эшик очди. Бу содда ва самимий одам билмайдики, мен бор-йўғи арзимайдиган майда бир мансабдор бўлганим учун ҳамиша ўзимни таҳқирланган ҳисоблаб эзилиб юраман. Бундан ташқари, кўп болали катта оиланинг бошлиғи эканимни ва бу оиланинг қозонига фақат байрам кунларидагина гўшт тушишини айтмаёқ қўяқолай.
Иморатнинг ҳовлисида қаёқдан пайдо бўлиб қолгани номаълум бир жаноб билан тўқнаш келдим. Ҳаммадан ҳам кўра менинг ғашимни келтирган нарса шу бўлдики, у иморат ичида худди хўжайиндек бақувват оёқларини гурс-гурс ташлаб комил ишонч билан одимлаб юриши бўлди. Мен унинг авзойидан бу ерга уй ижара қилиш иштиёқида келган деб ўйладим ва мен билан саломлашишини кута бошладим. Бироқ у менга парво ҳам қилгани йўқ, аксинча, у теварак-атрофига такаббурона нигоҳлар ташлаб юришда давом этаверди. Унинг нигоҳлари ҳатто менингдек бир камсуқум мансабдорнинг ҳам ғазабини келтириши мумкин эди. Ҳолбуки, мен ўзимни бу иморатнинг биринчи кашфиётчиси деб ҳисоблар эдим ва ҳозир бу ерга давлатнинг вакилидай келиб юргандим. Ахир, бир неча кунлардан кейин бу давлат бу ерларнинг тўлақонли ҳукмдори бўлиб қолади-да! Шунинг учун мен яхшилаб унинг таъзирини бериб қўйишга шайландим. Лекин унинг бақувват гавдасига яна бир қур назар ташлаб, шунчаки енгил бир танбеҳ билан чекланишга қарор қилдим. Аммо у мендан олдин, саломлашмай, гап бошлаб қолди.
– Сиз бу иморатнинг эгаларидан эмасмисиз?
– Иморатни ижарага олган фирма қўмитасининг аъзоси бўлиш шарафига ноилман, – деб жавоб бердим ғурур билан.
– Жуда соз экан-да! – деди салмоқлаб у. – Мен иморат ичидаги хоналарни бир кўриб чиқсам, дегандим.
– Ўзлари ким бўладилар, жаноб?
– Фирма директориман, – деб жавоб берди у жўнгина.
Унинг сўзларини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим, оёқ-қўлларим бўшашиб кетди, бутун вужудим бужмайиб қолгандай бўлди, бирдан кутилмаганда бу одамнинг гавдасидан электр қуввати чиқиб, менинг нимжон танамга урилгандай бўлди. Мен бир амаллаб минғирладим:
– Мени кечиринг, ҳазрати олийлари!
– Қани, мени бошла-чи… – деди у бепарволик билан.
Назаримда, само дарвозалари ланг очилиб кетгандай бўлди. Бу дарвозалар орқали менга Оллоҳнинг раҳм-шафқатлари ва меҳрибончилиги ёғилаётгандай туюлди. Оллоҳ ўз неъматларини менга ҳазрати олийлари орқали инъом этгандай эди. Мен шу заҳотиёқ директорга хоналарни бирма-бир кўрсата бошладим. Йўл-йўлакай, иморатни кўкларга кўтариб мақтадим, фазилатларига қўшиб, олқишладим. Меҳмоннинг диққат-эътиборини кабинетларга, залларга, вестибюлларга қаратдим. Шунингдек, иморатнинг пардози ҳам дид билан қилинганини, ҳашамати ҳам зўр эканини уқдирдим. Кейин негадир дадилроқ бўлиб қолдим ва тафсилотларини ҳам бемалол гапира бошладим:
–Ишонтириб айтаманки, жаноби олийлари, учинчи қават сизнинг ишлашингиз учун энг қулай қават. Унинг баландлиги ҳам соз, кўча шовқинларидан яхши иҳоталанган, айни чоғда, агар лифт бузилиб-нетиб қолса, сизнинг чиқиб-тушишингиз ҳам бемалол бўлади.
Бир лаҳза ўтмай, иморатнинг бошқа сифатларини мақтай кетдим:
– Иморатнинг шимолий қаноти жўғрофий афзалликларга эга – уларни назардан соқит қилишнинг иложи йўқ: унинг икки томони кўча. учинчи томонида чоғроқ бензоколонка, бу қанот – кунгай, ҳавоси ҳам ҳамиша тоза бўлади.
Мен унга энг катта хонани кўрсатиб, дедим:
– Бу хона сизнинг кабинетингиз бўлади. Уни ёнидаги хона билан жуда осон бирлаштириш мумкин. Ўртадаги манави деворни олиб ташласа, жуда кенг хона бўлиши мумкин. Унда ҳар хил кенгашлар ва мажлисларни ўтказиш мумкин бўлади. Манави ердан ва қаршидаги девордан эшик очилса, бемалол котибиятга ўтиш ҳам мумкин бўлади.
Сира кутилмаганда омадим кулиб боқди – жуда ноёб воқеа. Бахтли тасодиф рўй берди – шахсан директорнинг ўзларидай одам билан танишиш бахтига ноил бўлдим. Шуни ўйлар эканман, оллоҳ менинг кўнглимга илҳом солаётгандай эди. Шу тарзда биз иморат бўйлаб қилган ёқимли саёҳатимизни охирига етказиб ҳовлига қайтиб чиққанимизда, унинг чеҳрасида мамнуният ифодалари зуҳур этарди.
– Сен қайси бўлимда ишлайсан? – деб сўради у мендан.
–Мен архивда ишлайман, ҳазрати олийлари. Мен кичкина одамман. Ўзим ҳам кўпдан бери сиздан…
– Кейин, кейин… – деб гапимни бўлди у.
Лекин мен шошма-шошарлигимдан ўзим ҳам чўчиб кетган эдим.
– Мени авф этгайсиз, ҳазрати олийлари. Илтимосимни бошқа вақтда айтаман.
Директор кўчага чиқди. Мен унинг ортидан эргашдим. Кўчага чиқишимиз билан газетафурушга рўпара келдик. Ҳазрати олийлари ундан журнал билан китоб харид қилдилар. Журнал билан китобнинг пули йигирма беш пиастр бўлди. Қарасам, буни тўлаш учун директорнинг ёнларида майда пуллари йўқ экан, йирик пулга эса газетафурушнинг қайтими йўқ экан. Ҳазрати олийлари китоб билан журнални қайтариб бермоқчи бўлдилар, бироқ мен чаққонлик билан бунинг олдини олиб қолдим – дарҳол ёнимдан керакли миқдордаги майда пулни чиқариб, шоҳона валломатлик билан газетафурушга узатдим. Директор аввалига жиндай иккилангандай бўлди, кейин бу ишга кўнди, шекилли, шундай деди:
– Имкониятинг бўлиши ҳамон пулни олгани менинг кабинетимга кир.
Алланималар деб миннатдорлик билдиргандай бўлиб, директор кетди, мен ёлғиз қолдим. Лекин мен қалбларни ҳаяжонга солувчи янги орзу-умидлар қуюнида эдим. Қандайдир ноаниқ бир бахтга муяссар бўлишимни кутиб, ҳузурланмоқдайдим. Мен шунақа ҳолатда эдимки, биронта машина туртиб-нетиб юбориши ҳеч гап эмасди. Ахир, хотиралар ва хаёллар денгизига бутун вужудим билан шўнғиб кетган эдим-да! Ҳаётим тарихида янги, порлоқ бир саҳифа очилаётгани менга мутлақо равшан бўлганди. Шу пайтгача ўтган ҳаётим машаққатларга ва муҳтожликларга тўла бўлди. Мана энди бош директорнинг ўзи билан танишиб олдим. Мен унга иморатни айланиб, кўриб чиқишга ёрдам бердим, аҳволимнинг ночорлигидан шикоят қилдим ва у илтимосимни инобатга олишга ваъда берди. Фаришталар нафаси тегиб муборак бўлган анави дақиқани айтмайсизми? Мен унга йигирма беш пиастр бериб туриш бахтига ноил бўлдим-а! Худо асрасин, илло-билло, мен бу пулни қайтариб олишни зинҳор-базинҳор хаёлимга ҳам келтирмайман, бирор кимсага бу тўғрида лом-мим деб оғиз ҳам очмайман. Мен амин эдим – бу харажатим бекор кетмайди, унинг эвазига бош директор жаноби олийлари мендан илтифотларини аямайдиган бўладилар. Оқибатда, оғир дақиқаларда қаршимда ҳар қандай эшиклар ҳам очилади. Албатта, йигирма беш пиастр кичкина пул эмас – путури кетган ҳамёнимдаги мувозанатни тиклаб, рўзғорни яна эпақага келтириб олгунимча, кўпроқ тежамкорлик билан иш юритишимга тўғри келади. Лекин нима бўпти, буларнинг ҳаммасига чидайман, ҳар ҳолда ҳазрати олийлари билан менинг ўртамда пайдо бўлган яқинлик ипларини ўз қўлим билан узиб ташламасам бўлгани!
Янги иморатга кўчиб ўтишимиз ҳам ниҳоясига етди ва ҳар доимгидек бизга – архив ходимларига иморат ертўласидаги хоналардан жой беришди. Мен ҳазрати олийлари билан мени боғлаб турган сирли муборак ришталар тўғрисида ўйлашдан тўхтаганим йўқ эди. У менга ҳузурига кириб, пулни қайтариб олишни буюрган эди. Албатта, мен унинг кабинетига киришни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ, лекин у ҳам котибиятдаги бирор одамдан пулни бериб юборгани йўқ. Шунисига шукур қиламан! Кунлар шу тарзда бирин-кетин ўтиб борарди. Шу аҳволда бирдан юрагимга ваҳима ва ҳадик ўрнаша бошлади – директорнинг бошида сон-мингта иши бор – шу ташвишлар билан бўлиб, мени эсидан чиқариб юборган бўлса-я! Мен бутун ҳаётимни тузатиб олишга йўл очадиган имкониятимни қўлдан чиқариб қўйган бўлсам-а?
Оллоҳдан мадад ва ҳимоя тилаб, бош директорнинг қабулига ёзилишга аҳд қилдим. Бироқ унинг шахсий котибининг кабинетига йўл олганимда, унинг югурдаги йўлимни тўсди – у котибнинг жуда банд эканини айтди ва бирор илтимосингиз бўлса, менга айта беринг, мен унга етказаман, деди.
– Мен бош директор қабулига кириш шарафига ноил бўладиган кунни тайин қилсалар дегандим, – дедим мен.
Югурдак менинг оҳори тўкилиб, уриниб қолган уст-бошимга бир назар солди-да, ичкарига кириб кетди, бир дақиқа ўтар-ўтмас, қайтиб чиқиб, нима қилишим кераклигини айтди.
– Илтимосингни аризалар ёзиладиган махсус қоғозда баён этиб, одатдаги йўл билан жўнатиб юбор.
У билан баҳслашиб, тортишиб ўтиришнинг фойдаси йўқлигини дарров тушундим – у ўзи пойлоқчилик қилиб ўтирган эшик каби мустаҳкам ва беписанд эди. Мен ўзимни ўзбошимчаликнинг қурбони ҳис қилиб, бўлимимга қайтдим, лекин олдимга қўйган мақсадга эришиш иштиёқи сўнгани йўқ. Ўйлаб-нетиб ўтирмай, ёрдам сўраб архивимизнинг бошлиғига мурожаат қилдим. У жуда яхши одам эди, ёши ўтинқираб қолган эди, бизнинг бошимизга тушадиган машаққатлар ва таҳқирларни биз билан баравар баҳам кўрар, агар кексалигини айтмаса, орамизда ҳеч нарсаси билан ажралиб турмас эди. Мен шу одамдан менга мадад бўладиган сўзларни эшитишни тиладим. Мен бош директор билан учрашиш ниятида эканимни билдирдим ва ундан маслаҳат сўрадим.
– Нега бунча шу учрашувга иштиёқманд бўлмасанг? – деб сўради у.
– Маошимни оширишини сўраб илтимос қилмоқчиман.
– Ҳаммамиз ҳам сенга ўхшаб, тишимизнинг кирини сўриб юрибмиз-ку!
– Ахир, мени шундай қилишга унинг ўзи рағбатлантирди-ку!
– Ростданми? Қачон, қандай қилиб?
Мен унга янги бинодаги учрашувимизни гапириб бердим. Бироз ўйланиб туриб, у деди:
– Бу гаплар шунчаки айтилган гаплар. Уларга кўп ҳам эътибор беравермаслик керак. Бир айтган-қўйган-да…
Шу гапдан кейин мен қизишиб кетиб, бунақа тасодифдан воз кечиб бўлмаслигини қаттиқ исбот қилишга киришдим. Бунақа имконият яна қайтиб бўладими-йўқми? Ахир, бу менинг ҳаётимдаги яккаю ягона умидим-ку! Бироқ бўлим бошлиғимиз мени шаҳдимдан қайтаришда давом этаверди. Бошини сарак-сарак қилиб, бунақа ишдан қайтишни маслаҳат берди у. Мен эса ортиқ ўзимни тўхтатиб туролмадим ва унинг қулоғига шивирлаб, сўнгги далилимни айтдим.
– Мен сизга бир сирни айтиб қўймоқчиман. Негаки, мен биламан – сиз тўғри ва ҳалол одамсиз, оғзингизда гап туради, бировга айтиб қўймайсиз. Ҳазрати олийлари мендан йигирма беш пиастр қарздорлар!
Қария ишонқирамай менга қаради, мен эса яна қизишиб, гапимни тасдиқладим:
– Гапимга ишонавер, жинни-пинни бўлиб қолганим йўқ.
Директорга қанақа қилиб пул берганимни ҳамма тафсилотлари билан гапириб бердим.
– Авваллари ҳам бош директорни учратганинг бормиди? – деб сўради бўлимимиз бошлиғи гумонсираган оҳангда.
– Йўқ.
– Бу одамнинг директор эканини сен қаёқдан билақолдинг?
– Унинг директор эканига менинг заррача шубҳам йўқ.
– Сенинг содда-гўллигингдан фойдаланиб бирор одам устингдан кулмадимикан ҳазиллашиб?
– Бундай бўлиши мумкин эмас. Истасангиз, мен сизга унинг шаклу-шамойилини айтиб берай.
Бироқ у менинг гапимни бўлди.
– Нима фойдаси бор? Мен уни бир неча йил аввал кўрган эдим. Ўшанда ҳам узоқдан, бирровгина кўриб қолгандим, холос.
– Ҳар нима бўлганда ҳам, унинг бош директор эканига ишончим комил.
– Хўп қизиқ бўлган экан-ку!
– Менинг ҳам аҳволимни тушунинг-да! – дедим мен баҳсимизга чек қўйиб. – Маошга қўшиб беришни илтимос қилиб, бош директорга аризани қандай ёзиш кераклиги тўғрисида бирон маслаҳат беринг.
– Хўп, майли. Аризангни махсус қоғозга ёз-да, бевосита бошлиғинг сифатида менга топшир. Мен уни тасдиқлаб, имзо чекиб бераман, кейин уни девонхона бошлиғига олиб борасан. У ҳам аризангни тасдиқлаб, имзо чекиб беради. Сўнгра уни Бош инспекторга топширасан, у ҳам тасдиқлаб бергандан кейин, аризани бош директорнинг девонхонасига жўнатасан. Лекин сенга бир маслаҳатим бор – худо ҳаққи, йигирма беш пиастр ҳақида биронта одамга оғзингдан чиқара кўрма.
Мен ҳафсала билан аризани ёздим ва уни ўзимнинг бевосита бошлиғимга тутқаздим. У менга хайрихоҳлигини намойиш этиб, дарров қўл қўйиб берди. Кейин аризани девонхона бошлиғининг котибига элтдим. У аризамни столи устида бир уюм бўлиб тўпланиб ётган бошқа аризалар ичига қўшиб қўйди-да, яна ўз иши билан шуғулланаверди.
– Аризамни девонхона бошлиғига топширишни қачон ихтиёр этасиз? – деб сўрадим мен.
– Бунинг сенга дахли йўқ, – деб жавоб берди у кўзларини қоғозлардан олмай.
– Менга қаранг, бу ариза одатдаги аризалардан эмас. У бошқача ариза. Айтмоқчиманки, мен уни айни жаноб бош директор ҳазрати олийларининг кўрсатмаси билан ёзганман.
У менга ғалати қараш билан қаради-да, масхараомуз оҳангда сўради:
– Ҳазрати олийлари сенинг қариндошингми?
– Рост гапиряпман, ҳазиллашаётганим йўқ.
– Ариза у кишига тегишли вақтда топширилади, бу сенга маъқул бўлмаса, аризангни олиб кетавер.
– Худо хайрингизни берсин, жаҳлингиз чиқмасин. Жавобига қачон келиб учрай?
– Аризанг топширилгандан кейин келасан.
– Худо хоҳласа, аризам қачон топширилар экан?
– Аризанг вақти-соати билан тегишли фурсатда топширилади.
“Ишинг битди, туёғингни шиқиллат” деган маънода у менга орқасини ўгирди, мен ичимда ҳамма бюрократларни чангитиб сўкиб, ўз бўлимимга қайтиб кетдим. Бу бюрократларни ишга тайинлайдиган ҳам сўкишларимдан бенасиб қолишгани йўқ. Лекин, албатта, бош директор ҳазрати олийлари бундан мустасно эдилар. Мен ўзимизнинг бўлим бошлиғига мен тўғримда девонхона бошлиғининг котибига бир оғиз илтимос қилиб, айтиб қўйишини сўраганимда, у рози бўлмади. Бу йигитнинг мутакаббирлигини ва тарбия кўрмаганлигини баҳона қилди. Кунлар ўтиб борар. Мен эса сабр-тоқат билан кутишда давом этардим.
Бир куни эрталаб бир ходимимиз билан аллақандай қоғозни тўлдираётганимизда, у мендан шивирлаб сўраб қолди:
– Бош директор сендан йигирма беш пиастр қарз эмиш. Шу ростми?
Юрагим орқага тортиб кетди, дарҳол бу гапни унга ким айтганини сўрадим. У кейинги пайтда архивда миш-мишлар оралаб қолганини, бу миш-мишлар унинг ҳам қулоғига етиб келганини айтди. Ё Оллоҳ, ўзинг шафқат қил! Мен, даставвал, бошлиғимиздан гумон қилдим, бироқ у болаларини ўртага қўйиб, бу тўғрида бирор кимсага оғиз очмагани тўғрисида қасам ичди. Шундан кейин хотинимдан гумон қила бошладим – мен билан бирга ишлайдиган ходимларнинг хотинлари орасида унинг дугоналари бор. Лекин хотиним ҳам ҳаммасини рад этди – билмадим – рост гапирдими ёки қўрққанидан шунақа дедими? Юрагим оғу тушгандек хавотирликдан санчиб оғрий бошлади ва нечукдир истеҳзоли нигоҳлар ҳайрат билан мени таъқиб қилаётгандай туюлди. Шунинг учун бу ишлар ёмон оқибатларга олиб келмасидан олдин, мен отимни қамчилаб қолмасам бўлмайди. Мен девонхона бошлиғининг котиби ҳузурига бордим. У менинг саломимга алик ҳам олмай, ранжиган кайфиятда бармоғи билан менинг аризамга ишора қилди, мен хурсанд бўлиб, аризани олдим-да, шу заҳоти бош инспекторнинг котиби ҳузурига югурдим. Мен унинг қўлига аризани тутқазиб, унинг муҳимлигини тушунтириб беришга оғиз жуфтлаган эдим ҳамки, у мендан олдин айтадиганини айтишга улгурди.
– Аризангни қолдириб кетавер.
Унинг жаҳлини чиқармаслик учун мен эшик томон йўл олдим ва, барибир, эшикка етиб бормай сўрадим:
– Жавобига қачон келай?
– Келмай қўя қолсанг ҳам бўлаверади.
Ночорликдан дадиллашгандай бўлдим ва яна сўрадим:
– Нечук? Қандай қилиб келмай қўяқолай? Унда аризам нима бўлади?
Шунда у гўё менинг сурбетлигимга Оллоҳни гувоҳ қилмоқчи бўлгандай, кўзларини шифтга тикди, бу орада хонага тўпланган одамларнинг кўпчилиги менга “хўп” деб ишимга боришимни маслаҳат бера бошлади. Қўрқув мени аллақачон ўз асоратига олган эди. Бироқ шу пайт югурдак бола ёнимга келди-да, ўзини менга жуда хайрихоҳ кўрсатиб, аста қўлтиғимдан олиб, ташқарига бошлади ва эшикдан чиқишимиз ҳамоно бош испекторнинг девонхонаси ўз почтасини тўғридан-тўғри бош директор девонхонасига жўнатишини тушунтирди.
– Хат жўнатилганини мен қаёқдан билсам бўлади?
– Ўн кунлардан кейин келиб, хабар ол, – бош инспектор идорасига хатларни жўнатиш билан шуғулланадиган амалдор ҳаммасини айтиб беради. У сенга хатнинг қачон ва қайси рақам билан жўнатилганини маълум қилади. Ўшаларга қараб, бош директор идорасига юборган аризангнинг тақдирини билиб оласан.
Ўзимнинг ожизлигимни яшириш мақсадида мен жиндай мақтандим:
– Хотиржам бўлаверинг, бош директор идорасида мени шунақа иззат-икром билан қарши олишадики, бунақаси сизнинг ҳузурингизга келадиганларнинг ҳали етти ухлаб тушига ҳам кирмаган.
–Оллоҳ сенинг қувватингга қувват қўшсин, илоҳим! – деб дуо қилди мени дастёр йигит.
Мен “Бўшашма! Ишнинг хотимаси яқинлаб қолди. Бу кунларда тортган азобларинг бекор кетмайди. Улар туфайли сенга жаннат йўли очилади. Зулматдан кейин ҳамиша ёруғлик келади. Эртами-кечми менинг қалбим парвардигорнинг зиёларидан мунаввар бўлғай!” деган сўзлар билан бўлимимга қайтдим.
Аммо истеҳзоли нигоҳлар аввалгидай шафқатсизлик билан мени таъқиб қиларди. Энди улар аввалгидай яширинча эмас, очиқдан-очиқ қарар эдилар. Бир хизматдошим мендан сўради:
– Қачон? Қаерда? Қандай ажаб шароитда сен бош директорга йигирма беш пиастр қарз беришни уддалагансан?
Бошқаси яна ҳам эзади:
– Бош директор ҳали қарзини бергани йўқми?
Бир куни қулоғимга шундай гап чалинди:
– Бу ўша бош директорга қарз берган гадоми?
Мен сабр-тоқат беришини тилаб, Оллоҳга илтижолар қилдим – менинг худонинг меҳр-муҳаббатига ишончим ҳали метиндай мустаҳкам эди. Нуҳ пайғамбарнинг ота-оналаридан эшитган беҳисоб таҳқирлари эсимга тушди. Орадан икки ҳафта ўтгач, мен бош император идорасига – хатларни жўнатиш билан шуғулланадиган амалдорнинг олдига бордим. Менга аризам бош директорнинг идорасига қачон ва қайси рақамлар билан жўнатилганини маълум қилди. Мен мулойимлик билан сўрадим:
– Бош директор идорасидан жавобни қачон олсам бўларкин?
У тушуниб бўлмайдиган даражада энсаси қотиб жавоб берди:
–Бу фақат парвардигорнинг ўзига маълум.
Ҳар нима деганимизда ҳам, аризам бош директорнинг идорасига етиб борди-ку, демак, ҳадемай у мени эсига олади,қабулига чақириб қолиши ҳам мумкин ёки лоақал илтимосимни бажо келтирар. Яна орзу-хаёлларнинг қудратли тўлқини устимга ёпирилди: ҳадемай мени хизматда бир поғона кўтарадилар, маошимга қўшиб бериладиган ҳақ, ниҳоят, бола чақамни бемалолроқ боқишимга имкон беради.
Мен бўлимимизга келадиган почтани кўтариб архивга қайтиб келаётган эдим, қўққисдан аллақандай амалдор саволга тутди:
– Ростдан ҳам сен ўша…
Бунақа ҳазил-мазахлар аллақачон жонимдан тўйдириб юборган эди, шунинг учун унга гапини тугатишига қарамай, ўшқирдим:
– Унингни ўчир, нодон.
У ҳанг-манг бўлганича, ғўлдираб тинди:
– Сен росмана жинни бўлиб қолибсан-ку, оғайни.
–Кўзимдан йўқол, аблаҳ, бўлмаса, оёғимдаги ботинка билан бошингни уриб ёраман! – деб бақириб бердим унга.
Шу заҳоти одамлар бизни ажратиб қўйишди. Уларнинг ичида яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам бор эди. Бир кундан кейин мени интизом судига чақиришди. Раис менга деди:
– Сен ревизорни ҳақорат қилишда ва унга қўл кўтаришда айбланасан.
Мен камсуқумлик билан жавоб бердим:
–Мен ўзим камбағалгина одамман, у бўлса менинг устимдан кулмоқчи бўлди. Мен уни қувиб солдим. Бор гап шу, бошқа ҳеч нарса бўлгани йўқ.
Амалдор “мен ундан юборган мактубингга жавоб олдингми-йўқми?” деб сўрамоқчи эдим, холос” деб изоҳ берди, унинг айнан шундоқ қилмоқчи бўлганини бирга ишлайдиган ўртоқлари ва архивда ишлайдиган яна икки киши тасдиқлаб, гувоҳлик берди. Охир-пировардида мен ҳам унинг гаплари тўғри эканига ишониб қолдим. Унинг гапларини нотўғри тушунганим ва ўзимни нотўғри тутганим ўзимга ҳам аён бўлди.
– Менинг устимдан кўплар кулади. Мен у ҳам мени масхаралаб, кулмоқчи деб ўйлабман, – дея ўзимни оқламоққа тиришдим. Шунда раис мендан сўради:
– Нима сабабдан сенинг устингдан кулишади?
Саволни эшитиб, дамим ичимга тушиб кетди. Бир нечта гувоҳ бўлса, бир-бирларига гап бермай, оғиз кўпиртириб, қарз воқеасини ҳикоя қила кетишди. Ниҳоят, ортиқ чидаёлмай, ўшқириб бердим:
– Ёлғон! Ҳаммаси ёлғон! Буларнинг ҳаммасини улар ўзлари тўқиб чиқаришган. Ҳаммаси – бўҳтон.
Бошқалар ҳам бақириб-чақира бошлади, бир-бирлари билан тортишиб кетишди. Муштлашув бошланиб кетишига сал қолди. Ниҳоят, мен таъбим тирриқ бўлиб, суд залидан чиқиб кетдим. Орадан бир неча кун ўтгач, бўлим бошлиғи мени ҳузурига чақириб, маъюс оҳангда деди:
– Суд сенга иш ҳақингдан беш кунлик ишлаган пулинг миқдорида жарима солишга қарор қилди.
– Шунақа ҳам адолатсизлик бўладими? – деб зорландим мен. – Ахир, шундоқ ҳам рўзғоримни зўрға учма-уч эплаб турибман.
– Янаги гал кўзингга қараб муомала қилгин.
– Хўп, мен хато қилган ҳам бўлай, лекин хатони кечириш мумкин-ку? Сиз нима деб ўйлайсиз – қарз воқеаси ҳазрати олийларининг қулоқларига етиб бормаганмикин? Бизнинг бошқармамизда ҳеч ким бунақа гапни унга етказишга журъат қила олмайди, – дея менга таскин берди бошлиғим.
Бошимга тушган шунча ғаму кулфатларга қарамай, Оллоҳга бўлган ишончим заррача камайгани йўқ. Ўзимга ўзим дердим: “Эгамнинг қудрати зўр! Худди Юсуф алайҳиссаломни зиндондан олиб чиққандай, у мени ҳам бу кулфатлардан фориғ қилади”. Бу кўргиликлар бошимга ёпирилгани сари менинг қалбимда бахт ҳақидаги орзуларим мустаҳкамлана борди, мен унинг яқинлигига астойдил ишонар эдим. Мен анча кутганимдан кейин, ҳазрати олийларининг идораларида почтани қабул қилиб оладиган амалдорнинг ҳузурига аризамнинг оқибатини билиш учун бордим. У менга жуда қўрс жавоб берди – нима учун бунчалик қўрслик қилаётганига ақлим етмади.
– Мен маълумотларни пайшанба куни бераман.
Бугун душанба эди – интизом судида кўрадиганимни кўргандан кейин анча юввош тортиб қолгандим, шунинг учун лом-мим демай, унинг олдидан чиқиб кетдим. Ишимга қайтиб бориб, қўлимдан келгани шу бўлдики, бўлим бошлиғимизга дардимни айтиб зорландим. У мени архивимиз тафтишчисининг олдига олиб борди. Тафтишчи идорада ишлайдиган ўша амалдорнинг қариндоши бўлар экан. У қариндошига қўнғироқ қилиб, аризамни суриштириб беришга рози бўлди. У бир неча муддат гўшакни қулоғига тутиб, жавобни эшитиб турди – қариндоши нималар деяётгани бизга эшитилмасди – кейин гўшакни қўйиб, бизга юзланди.
– Афсуслар бўлғайким, илтимосинг қайтарилипти.
Бу янгилик менга орқамдан берилган қақшатғич зарбадай бўлиб туюлди – у бир лаҳзада менинг ҳамма орзу-умидларимни чилпарчин қилиб, чиппакка чиқарган эди. Мен орзу-умидларим харобаси остига кўмилган жасаддай эдим. Лекин шундоқ бўлса-да, сўрадим:
– Бош директор ҳазрати олийларига аризам кўрсатилганмикин?
– Албатта-да! Айни бош директорнинг ўзлари рад жавоби беришни буюрганлар.
– Бўлиши мумкин эмас! У киши мени ўз ҳузурларига чақиради деб жуда кутган эдим-а!
Тафтишчи ғалати нигоҳ билан менга бақрайиб қараб қолди. Мен бошлиғим билан бирга бўлимга қайтиб келдим. Қайтар эканман, тўхтовсиз равишда бир гапни такрорлардим:
– Ишонмайман! Ишонмайман!
– Ҳамма илтимосларнинг ҳам қисмати муқаррар тарзда шунақа бўлади, – деб тасалли берарди қария.
– Ахир, унга ариза ёзишимни унинг ўзи буюрган эди-ку?
– Сен бирон-бир ҳазилкаш одамнинг макрига учрагансан. Мен сенга айтиб эдим-ку!
– Йўғ-е, ундоқ эмас.
– Ундоқ бўлса, эсидан чиқиб кетган бўлса керак. Директорнинг ташвиши кўп бўлади…
– Энди нима қиламан?
– Нима қилардинг? Худога тавалло қиласан-да…
Аммо менинг ўжарлигим яна қўзиб қолганди. Мен директорнинг кун тартибини – қачон ишга келиш, қачон ишдан кетишини ва умуман, унинг ҳамма одатларини синчиклаб ўргана бошладим. Мен қатъий аҳд қилдим – на бировнинг дағдағасидан қўрқаман, на идоралардаги кўр-кўрона тўсиқларни тан оламан…

Директорнинг машинаси бошқарма биноси олдида тўхтади. Швейцар ва дастёрлар полициячи қўриқчилар билан бирга икки қатор бўлиб саф тортишди.Мен бинонинг эшиги ёнидаги кимошди савдосига қатнашишга таклиф қилувчи катта эълоннинг ортига яшириниб олган эдим. Бино томондан ғала-ғовур эшитилди ва директор ўз аъёнлари қуршовида пайдо бўлди. Улар менга яқинлашишлари ҳамоно мен “Бисмиллоҳу раҳмонир раҳим…” дея хитоб қилдим-да, директор қаршисида тиз чўкиб, ундан хайр-эҳсон тиламоқ учун яшириниб турган жойимдан сакраб чиқдим.
Кимдир қичқирди:
– Бу – телба… Эҳтиёт бўлинг, ҳазрати олийлари!
Бирдан ҳамма саросимага тушиб қолди. Шовқин-сурон кўтарилди. Нима бўлганини мен ҳатто англамай ҳам қолдим. Оёғим остидаги замин бир томонга қийшайиб кетгандай бўлди – мен ўнлаб бақувват қўллар чангалида қолдим.
Шу воқеалардан кейин мен нима ҳам дея олардим? Менинг ишим бўйича жиддий тергов олиб борилди. Терговда менга сиёсий жиноятчи сифатида қарашди. Бу қарашнинг нотўғрилиги терговда аён бўлиб қолгандан кейин мени ойликни ошириш тўғрисидаги илтимосимни рад этгани учун ўч олиш мақсадида директорга ҳужум қилишда айблашди.
Турмада мен дурадгорлик касбини ўргандим. Энди шўрлик болаларимни боқиб катта қилиш учун дурадгорлик қилиб юрибман.

Русчадан Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 5-сон