Кўчадан «Кечки ширмой кулчалар!» деган товуш эшитилди. Қиморбоз ижарада яшайдиган уйнинг соҳибаси можор миллатига мансуб сатанг ва танноз кекса аёл, устига эски ҳамда йиртиқ чойшаб ёпилган стол устида ушланаверганидан увададек ҳолга келиб қолган қарталар билан фол очиб ўтирарди.
Ўрнидан туриб чироқни ёқди.
Кўчадан яна товушлар эшитилди:
– Кечки ширмой кулчалар! Кечки ширмой кулчалар!
Сатанг бека ижарачисининг хонасини ҳамиша айнан шу маҳалда тартибга келтириб қўярди. Қиморбоз эса ҳар куни кундузи то кечга қадар ухлар, қоронғу тушгач уйғониб, чиқиб кетарди.
Бека фартуги чўнтагидан хона эшигининг иккинчи калитини чиқарди, йўлакдан ўтди ва эшик ёнида тўхтади.
Ажаб!
Калит буралаётган бўлса-да, эшик очилмасди. Демак, ичкаридан танбаланган. Яъни, қиморбоз ичкарида. Ҳақиқатан ҳам ғалати.
Бундай пайтда у ҳеч қачон уйда бўлмасди.
Уй бекаси эшикни бир неча бор урди, жавоб йўқ…
Қулоқ солди: ичкаридан ғўнғир-ғўнғир овоз эшитилди. Лекин сираям одамникига ўхшамасди…
Бир лаҳза туриб қолди. Сўнгра эшикни кетма-кет зарб билан ура бошлади. Аммо ҳеч қандай жавоб бўлмади. Бека ниҳоят аллақандай товуш — товада овқат тагига олганда чиқадиган овозни эслатувчи ғалати бир чисир-чисирни эшитди…
Дарҳол ортига қайтиб, йўлакнинг ҳовли томонга қараган деразасини очди-да, пастга энгашиб бақирди:
– Дурмуш афанди! Дурмуш афанди!
Пастдан баланд овоз янгради:
– Нима гап, тинчликми?
– Сеники боради, бу ёққа?
– Боради, боради!
Бека яна қиморбознинг эшигини кетма-кет муштлай бошлади. Сўнг бир нафас қулоғини эшикка тутди.
Шу пайт ичкаридан қаттиқ овоз янгради. Бу соат бонги бўлиб, у радиодан тараларди! Бонг кечки соат етти бўлганини билдирмоқда эди. Радио эса қиморбознинг хонасида. У радиони ўчиришни унутганди.
Сатанг бақириб юборди:
– Радио!.. Радио ёқиб қолдирди!
Энди қиморбознинг ичкарида ва ўзига ўзи гапириб ётган радиодан бахабар аҳволда экани шубҳасиз…
Бека эшикни муштлаб турсин. Шу пайт кўча эшик қўнғироғи чалинди. Дурмуш афанди келган эди.
Аёл югуриб бориб эшикни очди. Йиғламсираган кўйи:
– Дурмуш афанди! Радио ўчирмади! Радио ўқиди! – деди.
– Бу нима деганинг?
Можор аёли бузуқ туркча талаффуз билан чала-чулпа тушунтиришга уринди.
Дурмуш афанди бошини қашиди.
– Полицияга хабар берамизми, йўқса, эшикни бузиб кирамизми?
Сўнгра ўзига ғалати қараб турган сатангга кўз ташлаб, аниқ бир қарорга келди:
– Балки, касалдир, ҳушидан кетгандир. Яхшиси, эшикни очиб, ичкарига кирайлик!
Сўнг юриб, эшикнинг олдида тўхтади. Чап қўли билан тутқичдан ушлаб, ўнг елкасини тираб, эшикни итарди. Эшик лиқиллаб турган тиш каби бир пасда қўпорилиб тушди. Ичкарига кирдилар.
Қиморбоз тўшагида эди. Чап қўли билан кўрпани бошига тортиб олган ҳолда ётибди. Ўнг қўли эса кўрпадан ташқарида… Ўнг қўлида ўчиб қолган сигарет қолдиғи… Сигарет бармоғига қадар ёниб келгач, ўчиб қолгани, бармоқнинг куйган жойидан ва ерга тушган кулидан кўриниб турибди.
Сатанг бека югуриб бориб, радиони ўчирди. Дурмуш афанди эса кўрпани тортди.
Қиморбоз ўнг томонига бурилганча ётар, очиқ қолган кўзлари ердаги оёқ кийимига михланган кўйи қотиб қолган…
Сатанг хоним оқартирилиб, отнинг думига ўхшаб қолган сочларини қўллари билан юлганча додлаб юборди:
– Ўлди!!!
Иккиси ҳам бир лаҳза қотиб қолишди.
Электр чироқлари ўчгач қиморбоз ёққан шам, тугаш нуқтасигача келган бўлиб, кичкина шамдон ичида, радионинг устида турарди.
Бир соатдан сўнг сатанг хонимнинг фол очадиган рангсиз ва йиртиқ чойшаби устида эски ёзув машинкаси, стол атрофида эса иккита полициячи ўтирарди.
Полициячилардан бири қўлида далолатнома билан шеригидан сўради:
– Қўшимчалар ичида яна нималар бор?
– Шифокорнинг юрак тўхтагани ҳақидаги ҳисоботи билан тасдиқланган ашёлар рўйхати…
– Ундай бўлса, ёз!.. Ёзяпсанми?
– Ҳа.
Полициячи айтиб турди:
– Воқеага боғлиқ ашё рўйхатига, эгалик васиқаларига ва шоҳидларнинг гувоҳлик беришига кўра, «Касал» қиморбоз» лақаби билан машҳур бўлган ўликнинг, ўлкамизда мавжуд бўлган барча қиморхоналарнинг аъзоси, шунингдек, қиморни ўзига касб қилиб олган «касал» бир шахс экани аниқланди.
– Ёзяпсанми?
– Ёзяпман!
Баён қилаётган полициячи машинканинг «шақ-шуқ»и тингач яна давом этди:
– Ҳужжатларга киритилган нарсалар орасида ўликка тегишли ён дафтарнинг тушуниб бўлмайдиган ёзувлар билан тўла эканига гувоҳ бўлдик. Бу иборалар орасида полиция текширувига биноан муҳим деб қаралган сатрлар ушбулар:
«Барча мени қиморни қимор бўлгани учун ўйнайди, деб ҳисоблайди. Улар мени бир пайтлар ашаддий мухлиси бўлганим санъат ва адабиётдан қимор туфайли юз ўгирган деб ўйлашади. Ҳолбуки, мен қиморни ўйламаслик ва ўзимни чалғитиш учун ўйнайман.
Қиморни руҳиятимда ғужғон ўйнаган барқарор тушунчалар ҳамда мия ҳужайраларимни ларзага соладиган ваҳималардан қутилишнинг ягона чораси ўлароқ кўрдим. У мен учун доридир. Аммо мана шу ўзим дори деб билган нарса менинг ҳаётимни дўзахга айлантириб қўйганини ҳаммадан кўпроқ ўзим биламан…
Илк бор қимор ўйнаган маҳалим бу кўчанинг боши берк экани, унга ўйламай кириб қолган киши қайтиб чиқолмаслигини билганимда кошки эди!..
Қимор ўйнаёлмайдиган ҳолга тушган куним ўзимни ўлдиришдан бошқа чорам қолмайди. Аллоҳнинг бу имтиҳони қаршисида ҳар гал мағлубиятга учраган менингдек кимсани омонатга хиёнат — жонимга қасд қилишдек гуноҳдан ким қутқаради?.. Бунга ҳолимдан хабардор бўлган шу можор аёлининг томиримга санчилажак кичкина игнаси кифоя!»
Ёздираётган полициячи охирги жумланинг ёзиб бўлинишини кутгандан сўнг бошини кўтариб, сатанг хотинга қарата хитоб қилди:
– Ҳеч қандай қўрқинчли ери йўқ! Прокурорга тергов топшириб, қиморбоз сизнинг уколингиздан эмас, балки юраги тўхтаб қолгани учун ўлганини айтасиз.
Тиббий экспертиза жасадни ёриб, ҳамма нарсага ойдинлик киритади ва қиморбознинг нима учун, қандай қилиб ўлганини аниқлайди. Сизнинг кўрсатмаларингиз ўз исботини топади.
Можор хотин қўллари билан яна сочини юлиб, бақиришга тушди:
– Мен ўлдирди? Эмас! Мен ўлдирди йўқ!
Сўнгра столнинг бир четида аралаш-қуралаш ҳолда сочилиб ётган қоғозларнинг устидаги можор қироли суратини кўрсатиб телбанамо қичқирди:
– Шу ўлдирди, шу ўлдирди! Кеча хонасида кирди, ўлдирди!
Машинкада ёзув ёзаётган полициячи кулди:
– Биз энди қотилни қаердан топсак экан-а?..
Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси