Кабутар сокин парвоз қилиб, қуйига шўнғиди ва анжир дарахтидаги уясига қўнди. Даладан топган бир жуфт донни тумшуғида маҳкам тутиб олган, кўзлари ялтиллаб ёнар ва уясидаги тухумларга етиб олишга талпинарди.
Дарахт шохлари орасига кирганида чапга қиялаб учиб қанотларини кенг ёйди ва гўё осмон гумбазига қўнмоқчи бўлгандек ҳавода озод парвоз қилди. Кўзларидан аниқ бир мақсадга интилаётгани — юраги уясига тортаётгани аён эди. Қуёш нури бўйнига тушиб, гўё табассум ҳадя этаётгандек жилваланарди.
Унинг рўпарасида анжир дарахтининг узун шохлари кўндаланг турар, бироз аввал у ана шу шохлардаги барглар орасидан ҳавога кўтарилганди. Шунда барглар негадир ўзгача, бегонадек туюлди. Кабутар шаҳд билан қанот қоқиб учганида ёниқ кўзларидан қаршисида эсаётган шамолни кесиб ўтишга шижоат барқ урарди.
Туйқусдан уясига яқинлашаётган қарғанинг хавфини пайқади. Қарға кабутар қўйган тухумларга ўч эди. Бу бераҳм бузғунчи икки марта тухумларини, палапон очмасидан олдин еб қўйган эди. Қарға мудом дарахтнинг тепасидан чарх уриб учиб келарди. Бу бежиз эмас, чунки нар кабутар дарахтнинг ўртароғида ковакдаги уясида бамайлихотир ухларди.
Кабутар ҳар гал ҳавода мувозанат сақлаб қуйига синчков тикилар ва уясини кўрарди. Кейин шаҳдам қанот қоқиб, оналик меҳри жўшиб, топган-тутганини уясига ташиб келар эди. Бу гал ҳам оҳиста шўнғиб, эҳтиёткорлик билан дарахтнинг шохига қўнди.
Қаттиқ новдага ўтиргач, қанотларини йиғди ва ўзини тутиб олишга уринди. У ўзини қанчалик дадил тутишга уринмасин, кўзларида бироз қўрқув аломати акс этарди. Ҳар гал кутилмаган хатарни пайқаганида иродаси бир қадар сусайиб, танаси бўшашиб, одатий хотиржамлигига путур етар ва ўзининг нега бундай ҳолатга тушаётганини ҳеч тушуна олмас эди.
Кабутар беихтиёр “қув-қув”лади.
Шу пайт бехосдан қуйидан душмани қарғанинг қақиллаган товуши эшитилди. Бу ярамас кабутар қўйган тухумларнинг кушандаси эди.
Кабутар қанотларини илкис силкитиб “қув-қув”лади. Қарға қақиллаб турган шохда сакрай бошлади. Уядаги бир жуфт оч-яшил тухумга кўзи тушиб кабутар: “Балки тухумлар нобуд бўлмагандир. Вақтида етиб келгандирман”, деган ўйга борди.
Энди кутишга бир нафас ҳам вақт йўқ. Кабутар “қув-қув”лаб сабрсизлик билан, гўё жигаргўшаларини соғ-омон ҳолда топиб олган она каби талпинди. Душмани уни палапонлардан жудо қилмоқчи. У “қув-қув”лаганча тухумларга бағрини босиб ўтирар, жойидан жилмас, гўё тухум ичидаги палапонлари қафасдан чиқиб унинг овозини эшитаётгандек.
Кабутарнинг “қув-қув”ига жавобан қарға ҳам тинимсиз қақиллар, кабутарни чўчитиб урушмоқчидек хезланарди. “Ҳа, ҳали тухумларинг сингани йўқ, лекин мен агар хоҳласам уларни тортиб олишим мумкин; менинг кучли тумшуғим бор, менинг панжам ҳам калхатникидек кучли”, дер эди.
Она кабутар бу гал чуқур хўрсиниб “қув-қув”лади. У уйқучи, дангаса, шундай хатарли вазиятда ҳам анжир дарахтининг ковагидаги уясида ухлаб ётган нар кабутарни чақирди. Лекин ундан жавоб бўлмади. Кабутар яна товушини баландлатиб “қув-қув”лади.
Қарға ҳам унга басма-бас товушига зўр бериб қақиллади. Кабутар ёрдамчисиз эканини сезди. Бироқ тухумлари бутун эканини кўриб дадилланди, қанотларини ёйиб атрофга аланглаб нар кабутар етиб келгунча, ваҳимага тушмай қарға билан олишишга чоғланди.
Қарға дабдурустдан ҳужум қила олмаслигини пайқади, чунки у имкониятни бой берган эди. Эҳтимол, нар кабутар учиб келгунча она кабутарни енгиб, тухумларни синдириб, бир чимдим донни эгаллаб уяни бузиб ташлашга улгурар. Агар нар кабутар уйғониб қолса, бошқа қушларни ёрдамга чақирса, у мағлуб бўлиши мумкин.
Кабутар “қув-қув”лади. Тумшуғини санчишга журъати етмаётган юраксиз қарға яқинроқ сакраб кабутарга ҳужум қилмоқчи бўлди. Она кабутар қаттиқ “қув-қув”лаб, қанотларини асабий силкитиб ҳимояланди, шу зайл қарғанинг товушини ўчиришга уринди.
Дарахтнинг пастки шохларидаги чумчуқлар она кабутарнинг хавотирли “қув-қув”лашидан сергак тортишди. Ҳатто нар кабутар ҳам уйғониб кетди. Чумчуқлар галаси гувиллаб тепага кўтарилиб, тинимсиз чирқиллай бошлади.
Қарға кабутарга аёвсиз ташланиб, унинг қанотларини узиб ташлашга ҳаракат қилди, лекин машъум ниятини амалга ошира олмади. Кабутар дадил туриб, қанотларини силкитиб қарғанинг ҳужумини қайтарди. Унинг қаноти остидаги оқ патлар қарғанинг кўз олдида хавфли товланар эди.
Нар кабутар учиб келиб, чумчуқлар галасига қўшилди. Қарға қақиллаб четлашди, дарахтнинг энг четидаги шохга бориб қўнди. Она кабутар бироз ранжиган бўлса-да, нар кабутарнинг кўмакка интилаётганидан умидвор бўлиб “қув-қув”лаб уни чорлади. Чумчуқлар галаси чирқиллаб қарғани талаб, масхара қилишга тушди.
Бундан руҳланган нар кабутар журъат билан қанотларини кериб қарғага ташланди. Бу пайт қарға тумшуғи билан патларидаги қон доғларини тозалар эди.
Она кабутар энди хотиржам “қув-қув”лади. Жуфти унинг ёнига келиб, тумшуғини унинг тумшуғига тегизди. Меҳр ва оқибат тафтидан вужудига илиқлик югурган она кабутар энди хушнуд сайрар эди.
Айтишларича, Панжобда кабутарлар душман қарғанинг ҳужумини ана шу зайл —“қув-қув”лаб даф этаркан. Бундай сайраш кабутарнинг ўз палапонларига беқиёс меҳри, муҳаббатини ифодаларкан. Аксинча, қарғанинг хунук қақиллаши, кўзи қизариб ғазаб билан қора булутдек ёпирилиб ҳужум қилиши, юрагидаги кин-адоват, кўролмаслик охир-оқибат унинг ўзини заволга гирифтор этаркан.
Инглиз тилидан Абдузуҳур Абдуазизов таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 20-сонидан олинди.