Мори Огай. Раққоса (қисса)

Кўмир ортилган. Иккинчи тоифали кают-компания бўм-бўш, электр чироғи беҳуда чарақлаб ёниб турибди. Одатда кечқурунлари бу ерда қартабозлар йиғилишарди, бугун эса ҳаммаси меҳмонхонада, қирғоқда тунашади, кемада ёлғиз ўзим қолдим.
Эзгу ниятим ушалгандан буён беш йил ўтди: мен Европага хизмат сафарига юборилган эдим. Эсимда ўшанда кемамиз Сайгонда тўхтаган эди, мен кўрган ва эшитганларимдан бағоят ҳайратланардим. Менинг кундалигим кун сайин узундан-узоқ, янги-янги ёзувлар билан тўлиб борарди, улар ҳатто кейинчалик газетада босилиб чиққан ва ўқувчиларга манзур бўлган эди. Менинг болаларча ёзилган тумтароқ очерким турфа жиҳатдан хабардор оммада фавқулодда таассурот қолдирганини эсласам, ҳали-ҳамон баданим увишиб кетади. Ўшанда менга ҳамма нарса: ўсимликлар ва ҳайвонлар, меъморлик ёдгорликлари ва маҳаллий урф-одатлар ғаройиб туюларди. Лекин ҳозир кундаликлар учун мўлжалланган дафтаримга ҳеч нарса ёзилмаган, топ-тозалигича қолаяпти. Маълум бўлишича, Германияда ўтказилган йилларим мени ҳеч нарсадан ҳайратланмасликка ўргатган экан. Балки raп умуман бунда эмасдир.
Гап шундаки, бундан беш йил муқаддам у ҳакда ҳеч нарса маълум бўлмаган Ғарбга жўнатилган, энди эса тағин Шарққа, ўз ватанига қайтаётган киши ҳеч аввалгига ўхшамасди. Фанларни етарли даражада ўзлаштирмаган бўлсам-да, азоб-уқубатнинг нелигини бошдан кечирдим. Инсон туйғуларининг нақадар омонат эканлигини, бу жиҳатдан ўзим ҳам мустасно эмаслигимни англадим. Бизнинг оний ва бир лаҳзалик таассуротларимиз кимни ҳам қизиқтира оларди дейсиз? Кеча сизга нимаси биландир ўта мароқли туюлган нарсани бугун унутиб юборасиз. Кундаликлар тутганимнинг сабаби шу эмасмикан? Ҳа, бунинг боиси ҳеч шубҳасиз, шунда деб ўйлайман.
Бриндизини тарк этганимизга йигирма кундан ошган эди.
Йўловчилар одатдагидек бир-бири билан танишишга улгуришган, улар иложи борича ушбу оғир ва тинкани қуритадиган саёҳатнинг енгил кечишини ўйлашаркан, бир-бирига далда беришарди. Мен эса тобим йўқлигини баҳона қилиб, каютамга бекиниб олдим. Қалбим изтироб чекаётганлиги кўпчиликка аралашишга монелик қиларди. Кўнглимни чулғаган ғашлик менга на Швецариянинг тоғ манзараларини, на Италиянинг диққатга сазовор жойларини кўриш имконини берарди. Мен бутун дунёдан, ҳатто ўзимдан ҳам нафратланардим, шу боис муттасил тоқат қилиб бўлмайдиган машаққатлар чангалида эзилардим. Лекин оғриқ аста-секин кўнгил тубига чўккандай, эза бошларди. Барибир, нима билан банд бўлмайин, ўқийманми ёки қандайдир осори атиқани кўздан кечираманми, вужудимда бот-бот ойнадаги хира тасвир ёки узоқдан қайтаётган акс-садо янглиғ ўтмиш ҳасрати қалқиб чиқарди.
Менга ушбу азоб-уқубатлардан халос бўлиш насиб этармикан? Айтишларича, шеър ўқиш қалб жароҳатига малҳам бўлармиш, аммо менинг дардимга унинг даво бўлиши гумон, чунки жароҳатим ўта янги ва ўта чуқур. Бугун кемада сукунат ҳукмрон, катта стюарди1 чироқни учиргунча бирмунча вақтим бор. Ўз ҳаётий қиссамни қоғозга туширишга уриниб кўраман.
Менга жуда ёшлигимданоқ жиддий тарбия беришарди. Отам вафот этгандан кейин ҳам мени эркалашган эмас. Туғилиб ўсган вилоятимизда бошланғич мактабда, кейинчалик Токиодаги тайёрлов курсларида ва ниҳоят, университетнинг ҳуқуқшунослик факультетида — ҳамма ерда Ота Тоётаро илғор ўқувчилар қаторида эди. Онам мени, ўзининг энг азиз жигаргўшасини ҳаётининг мазмуни деб биларди, бинобарин, тамоман табиийки, менинг ютуқларим унга тасалли берарди.
Ўн тўққиз ёшимда бакалавр дипломини олдим, менгача шу университет мавжуд бўлгандан буён ҳеч ким бундай шарафга муяссар бўлолмаганди.
Мени вазирлик хизматига қабул қилишди. Токиода жойлашиб олгач, онамни ҳам вилоятдан ўз хонамга кўчириб келтирдим, бизлар уч йил бирга яхши яшадик. Раҳбарият қадримга етарди, шунинг учун ходимлардан кимнидир Европага юбориш зарурияти туғилганда бундай танлов менинг чекимга тушганди.
Ўз хизмат мавқеимни ва моддий аҳволни яхшилаш, мустаҳкамлаш менга қанот бағишлади. Шу боисдан ўша пайтда ёши эндигина элликдан ўтган онамдан узоқда яшаш ҳам қалбимга унча қутқу солмади. Шундай қилиб, жонажон уйимни қолдириб, узоқ Берлинга жўнаб кетдим.
Мен шуҳратпарастликка чулғанган чексиз хаёллар, меҳнатга ҳамиша шайлик туйғуси билан бирмунча тараққий этган Европа давлатларидан бирининг пойтахтида пайдо бўлдим. Унинг шукуҳи мени ҳайратга солди. Шунда суронли воқеалар гирдобида гангиб қолган эдим.
Унтер ден Линден – «Жўкалар кўланкасида» дейилганда киши хаёлида сокин, тинч гўша жонлангандай бўлади. Лекин камон ўқидай текис ушбу шоҳ кўчага чиқиб кўринг-чи!
Ундаги хиёбонларнинг ҳар иккала томонида кезаётган хонимлар ўз хушторлари билан тараллабедод қилиб юрганини кўрсангиз! Вильҳельм давридаги жасур зобитларнинг аскарий башанг кийимларга, аёлларнинг парижча либосларга бурканиб юришлари киши нигоҳини сеҳрларди. Асфальтланган тош йўлларда эса турфа енгил аравалар шовқин солмай ўтиб турарди. Гумбазли уйларнинг пештоқларига етгулик сачраётган фавворалар тўсатдан севалаган ёмғир томчиларидек баландга ўрларди. Узоқда, Бранденбург дарвозалари манзарида ям-яшил боққа кираверишдаги Ғалаба Илоҳаси ҳайкали қад кўтариб турарди. Ҳар қадамда нигоҳим ғаройиб суратларга қадалар, уларни илк бор томоша қилаётган киши қалбига қандайдир қутқу соларди. Мен ушбу тилсимлар ҳукмига берилмасликка жазм этдим.
Берлинга етиб келганимдаёқ, керакли манзилларга отландим, эшиклардаги қўнғироқчаларни босарканман, прусс амалдорларига тавсияномаларни узатарканман, ушбу мамлакатга келишдан мақсадим нима эканлигини умумий тарзда англатардим. Мени улар самимий кутиб олишар, ортиқча сарсонгарчиликка ўрин қолдиришмас, ёрдам кўрсатишга ваъда беришарди. Бахтимга ватанимдаёқ немис ва француз тилларини ўрганган эдим, мен ўзимни уларга таништиришга улгурмасдан мендан немис тилини қаерда ва қачон, унда шундай яхши гапиришни қандай ўрганганимни сўрашарди.
Расмий рухсатномага эга бўлгач, хизмат бурчларимдан бўш вақтда маҳаллий дорилфунунда сиёсатшунослик бўйича маърузаларга қатнайдиган бўлдим.
Орадан икки ой ўтгач, узил-кесил Берлинда жойлашиб олдим ва бутун вужудим билан ишга шўнғиб кетдим. Биринчи даражали аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳисоботлар тузар ва уларни ватанимга юборардим. Қолган юмушларнинг барчасини синчиклаб қоғозга туширардим, унақа ёзувларнинг сон-саноғи йўқ эди. Мен гўлларча дорилфунунда маърузалар тинглаб, сиёсатчига айланиб кетсам керак, деб тахмин қилардим. Лекин сиёсатшунослик курсини битиргач, ўйлаб қарасам, маълумот олишни яна давом эттиришим керак экан. Кўнглимни хуноб қиладиган ўй-хаёллардан сўнг мен ҳуқуқшуносликка доир икки-учта дастурни танладим, ўқиш ҳақини тўлаб қўйгач, машғулотларга қатнай бошладим.
Уч йил худди тушдагидай ўтиб кетди. Лекин эртами-кечми, кишининг бошига қандайдир синовлар тушиши муқаррар. Ёшлигимдаёқ отамнинг ўгит-насиҳатларига оғишмасдан риоя қилардим, айни замонда онамнинг хоҳиш-иродасига ҳам бўйин эгар эдим. Тириш-қоқлик билан ўқирдим, мени ғоят қобилиятли бола деб мақтаганларида ўзимни бахтиёр ҳис этардим. Бундан ташқари, мени департамент (маҳаллий маъмурият) бошлиғи мақтаганда ҳам қувониб кетардим. Бироқ у холда ҳам, бу ҳолда ҳам мен юқоридан белгиланган кўрсатмаларни беихтиёр ижро этадиган итоаткор бир кимса сифатида қолардим.
Лекин буни қарангки, йигирма беш ёшга кирибман, дорилфунун муҳити, айниқса, ундаги ҳурфикрлилик таъсиридан бўлса керак, менда дафъатан қандайдир ботиний норозилик туғила бошлади. Борган сайин аввалига мурдадек қотиб қолган ҳақиқий Меним зуҳур этиш асносида ушбу Мен илгариги хотиржамлик кайфиятимни кунпаякун қила бошлади. Мендан на дунё тақдирини ҳал этишга қодир сиёсатчи, на қонунни миридан-сиригача биладиган, уни ҳурмат қиладиган ҳуқуқшунос чиқишини тамоман англадим. Онамнинг менинг жонли қомус бўлишимни истагани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, на чора, департамент бошлиғи мендан ибрат олса арзийдиган қонуншунос чиқишига интилар эди. Биринчисида балки ўзим ҳам жозибали бирор нарсани фаҳмлагандирман, бироқ иккинчисини тамоман бемаъни деб ҳисоблардим.
Шу пайтгача мен ҳатто энг арзимас топшириқларни ҳам зўр ҳафсала билан бажарардим, лекин энди-чи, бошлиғим учун ҳужжатлар тайёрларканман, уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан нозиклигини ҳисобга олмасдан ишларни ғаров бутоғини қилич билан чопгандай палапартиш юритишарди. Дорилфунунда адабиёт ва тарих дарсларида ўзгача мазмун борлигини кўриб, ҳуқуқшуносликдан тинглаётган маърузалардан ҳафсалам пир бўлди.
Бироқ бошлиқ мени ҳар қандай куйни бемалол ижро этса бўладиган чолғу асбоби деб биларди. Менинг янгича фикр тарзим ва мустақил ўйларим унинг учун муҳим эмас эди. Мана шунақа қалтис йўлга кирган эдим. Энди эса ундан чиқиб бўлмасди.
Берлинда ватандошларимнинг хийла катта бир гуруҳи таҳсил оларди, лекин мен улар билан муносабат ўрнатмагандим, улар қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида йўл тутиб, менинг шаънимга бўҳтонлар ёғдиришга ўтишди, балки улар мантиқан шундай қилишга ҳақлидирлар. Улар мени манман деб ўйлашарди. Ахир мен улар билан пиво ичмас, бильярд ўйнамас эдим, шу боис мендан нафратланишар, устимдан кулар эдилар. Гапнинг нафсиламрини айтганда, улар менинг ҳақимда мутлақо тасаввурга эга эмасди. Мен ҳали ўз-ўзимни тушунмай гарангман, уларнинг мени тушунишига йўл бўлсин! Қалбим нэму1 япроқларига монанд бўлиб, унга салгина тегиб кетилса бас, дарҳол ўз қобиғимга ўралиб қоламан. Мени болалагимдаёқ катталарнинг кўрсатмаларига риоя қилишга ўргатишганди. Ўқишдаги муваффақиятларим ҳам хизмат соҳасида олға силжишим ҳам алоҳида иродага моликлигим оқибати эмасди. Сабр-тоқат ва тиришқоқлигим фақат атрофдагиларни эмас, балки ўзимни ҳам чалғитарди. Шунчаки бошқалар мен учун танлаган йўлдан борардим.
Менда буйруқларни инкор этиш ва қатъият кўрсатиш учун жасорат етишмасди. Мен мудом ташқи дунё билан тўқнашишдан даҳшатга тушардим. Хаёлимда гўё оёқ-қўлларим боғлаб қўйилгандай. Уйда доимо менга фавқулодда қобилиятга эгалигимни уқтиришарди, шундай қилиб, ўзимнинг фавқулодда қобилият эгаси эканлигимга ишонардим. Аммо пароход Иокогама бандаргоҳини тарк этди дегунча бундай ишончдан асар ҳам қолмаган эди. Кўзларимда ёш тирқирарди, бу ҳол мен учун тамоман тасодиф эканлигини сезиб турардим. Фақат кейинчалик бутун борлиғимнинг шу зайл зуҳур этганини англадим.
Мен аслида шундай эдимми ёки фақат онажоним берган тарбиянинг самарасимикан? Шуниси борки, бу унча муҳим эмас, муҳими шундаки, мен ҳамиша кулги остида қолар эдим, дарвоқе, ожиз ва аянчли кишилар устидан кулиш одобданмикан!
Мен қаҳвахонада афту-ангори бўялган, муштарийларни устамонлик билан жалб қилаётган ўта башанг кийинган хотинларни кузатардим. Лекин уларнинг бирортасига ҳам ёрдамлашишга юрагим дов бермасди. Бошига цилиндрсимон шляпа кийган, пенснэ тақиб, олифталик қилаётган, сўзларни аслзода пруссакларга ўхшаб назокат билан талаффуз этаётган ишратпараст аёлларнинг бирортасига ҳам оғиз очолмаганман. Ҳаттоки ўзимнинг довюрак ватандошларим билан муносабат ўрната олмадим, бинобарин, уларнинг заҳархандалари ва дилсиёҳликларига тоқат қилардим. Энди билсам, бунинг ҳаммаси кейинчалик бошимдан ўтган бир қиссага замин тайёрлаган экан.
Бир куни кечқурун Тиргартенда сайр қилгим келиб қолди. Боғдан чиқиб, жўкалар кўланкаси бўйлаб кетдим. Ўзим яшаётган Монбижу кўчасига ўтиш учун эски черков олдидан Клостерштрассега чиқишим керак эди. Чироқлар уммонига чўмган жўкалар кўланкасидан сўнг айвонларида ювилган кийимлар осилган, иккала томонида уйлар чўзилиб кетган тор ва қоронғи кўчаларга кириб қолдим. Эшиги олдида пахмоқ соқолли яҳудий спиртли ичимликлар сотадиган жойдан ўтгач, икки зинапояли улкан бино олдидан чиқиб қолдим, улардан бири баландга, бошқаси қуйига, темирчининг ертўласига олиб борарди. Ҳар гал ушбу уч юз йиллик тарихга эга ғаройиб бинони кўздан кечирарканман, қандайдир вужудимни эзувчи туйғу пайдо бўларди.
Дафъатан, черковнинг қопқалари олдида ҳўнграб йиғлаётган қизни кўриб қолдим. Унинг қиёфаси ўн олти-ўн етти ёшли қизни эслатарди. Бошига ташлаб қўйган шарф тагидан олтинсимон сочлари чиқиб турарди. У жуда одми, аммо тоза кийинган эди. Қадам ташлаб товушини эшитиб, орқасига ўгирилди, унинг гўзал чеҳрасини фақат шоирлар таърифлай олиши мумкин. Ёрқин, кўм-кўк кўзларида хазинлик акс этарди, узун киприкларидан бетиним йирик ёш томчилари тирқирар эди. Бутун вужудимни ларзага келтириш учун унинг биргина нигоҳи кифоя эди.
Ажабо, шундай бемаҳалда уни шу ерга келиш ва ҳўнграб йиғлашга қандай ғам-андуҳ мажбур этдийкан? Мендаги беқиёс шафқат ҳисси одатий қўрқоқлигимни енгишга ва унинг ёнига боришга ундади.
— Нега йиғлаяпсиз? Кечирасиз, мен хорижликман, аммо сизга қандайдир ёрдам кўрсатишим мумкиндир балки? – дея сўрадим ўзимнинг жасоратимдан ҳайратланиб.
У менга ажабтовур қараб қўяркан, нигоҳимдан самимий ачинишни уқиб олгандай бўлди.
– Сиз яхши одамга ўхшайсиз. Менинг онамдай бераҳм эмассиз. – У бир зум йиғлашдан тўхтади, лекин дам ўтмай, яна чиройли чеҳрасида кўз ёшлари милтирай бошлади.
— Илтимос, менга ёрдамлашинг! Шармандаликдан халос бўлишга ёрдам беринг! Онам мени унинг инжиқликларига қаршилик кўрсатаётганим учун уради… Отам ўлди. Эртага уни дафн этиш керак, бисотимизда пул йўқ. – Қиз йиғлаётгани туфайли сўзлари ўқтин-ўқтин узилиб турарди. Унинг аламли қиёфаси менда чексиз шафқат уйғотди.
– Мен сизни уйингизга кузатиб қўяман. Илтимос, фақат тинчланинг. Биз кўчадамиз ахир, кишиларнинг диққатини тортмаслигимиз лозим.
Менга қулоқ осаркан, у соддаларча бошини елкамга қўйди. Кейин, бирдан нимадир ёдига тушди-ю, хижолат тортиб, сапчиб тушди, ёт кўзлардан хавфсираб, илгарилаб кетди.
Мен унинг ортидан борардим. Бизлар каттакон уйнинг қопқасидан ичкарига кирдик, тўртинчи қаватга чиқиладиган уйдим-чуқур зинапоя орқали кўтарилдик ва бошни эгибгина кирса бўладиган эшик олдида тўхтаб қолдик. Қиз занглаган қўнғироқ дастасини бураган эди, шу заҳотиёқ эшик ортидан кекса кампирнинг хириллаган овози эшитилди.
– Ким у?
– Бу мен, Элизаман.
У жавоб беришга улгурмасдан эшик ланг очилди-ю, кўз ўнгимда кампир пайдо бўлди. Оппоқ сочлари, қачонлардир ёқимтой бўлган чеҳрасидаги ажинлар унинг уқубатли ҳаёт кечирганидан далолат берарди. Эгнида нимдош пахмоқ кўйлак, оёғида йиртилган шиппак. Элиза менга бош ирғаб қўяркан, хонадон бўсағасидан ҳатлади. Кампир эса шундайгина кўз олдимда эшикни тақиллатиб ёпди.
Мен тамоман довдираган алпозда эшик олдида турардим. Керосин чироқнинг хира ёруғида эшик лавҳасидаги «Эрнст Вайгерт, тикувчи» деган ёзувни ўқишга муваффақ бўлдим. Бу, афтидан, марҳум отасининг номи эди. Орадан кўп ўтмай, ичкарида кампирнинг серзарда товуши эшитилди, кейин овоз босилиб, эшик очилди. Илтифотсизлиги учун кечирим сўраркан, мени ичкарига киришга таклиф этди.
Мен ошхонага кириб қолгандим. Ўнг томонда пастдаккина дераза бўлиб, унга оқ читдан парда тортилган эди. Чап томонда эса қандайдир ношуд одамнинг қўли билан қурилган беўхшов каттакон ғиштин печка жойлашганди. Ярим очиқ эшикдан оппоқ чойшабга ўралган марҳумнинг жасади ётган каравот кўзга ташланарди. Мени ошхонада у билан ёнма-ён жойлашган қия шипли ошхонага бошлаб келишди. Унинг шипи йўқ ҳисоби бўлиб, тўсинларга зич қилиб елимланган варақлар шип ўрнини босарди, мансарданинг бир бурчакда каравот турарди. Ўртада устига чиройли мовут дастурхон ёпилган стол, унинг устида эса шундай вазиятда бирмунча ноўрин туйилган бир қанча китоблар, суратли альбомлар, гуллар солинган тувак бор эди.
Хижолатда қолган қизгина стол ёнида қотиб турарди. У жозибанинг ўзгинаси эди. Унинг беҳад оппоқ чеҳраси чироқ ёруғида оқ-қизғиш аломат касб этарди. Нозик билаклари оддий кишилар тоифасидан чиққан қизникига ўхшамасди. Кампир хонадан чиққанда қизгина тилга кираркан, талаффузидан ўзининг оддий тоифага мансублигини намоён этди.
– Сизни бу ерга бошлаб келганлигим балки ноқулайдир. Сизнинг яхши одам эканлигингизни сездим, буни ёмонликка йўймасангиз керак деб ўйлайман. Ахир сиз эртага отамни дафн этиш билан боғлиқ барча ташвишни Шаумберг ўз зиммасига олганини билмайсиз. У мен икки йилдан буён хизмат қиладиган «Виктория» театрининг хўжайини, шунинг учун мен унга ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Лекин маълум бўлишича, у бировнинг ғам-аламидан фойдаланиш пайида экан. Илтимос, менга ёрдам беринг. Қарзингизни ўзимни овқатдан қиссам ҳам, камтаргина маошимдан қайтараман. Акс ҳолда эса онам… – У йиғлаб юборди, унинг нигоҳи рад қилиб бўлмайдиган ялинишни ифодаларди… У ўзининг жозибадорлигини билиши гумон эди.
Чўнтагимда бир неча кумуш марка қолган эди. Шунинг учун қўлимдаги соатни ечиб, стол устига қўйдим.
– Дастлабки харажат учун бу аҳволингизни бирмунча енгиллаштиради. Судхўрга Монбижу кўчаси, учинчи уйда яшовчи Ота деган исмни айтиб қўйинг, мен уни сотиб оламан.
Қизнинг кўзлари чексиз ташаккурни ифодаларди. Хайрлашаётиб, мен унга қўлимни узатгандим, у уни лабларига босаркан, аламли кўз ёшлари тирқирар эди.
Эҳ, орадан кўп ўтмай қандайдир шум тақдир уни ҳузуримга ташаккур изҳор этгани бошлаб келди! У мен кун бўйи ёнида ўтириб, Шопенгауэр ва Шиллерни ўқийдиган дераза тахтасига олиб келган ҳашаматли гулчамбарни қўйди. Бу ташриф муносабатларимизнинг ибтидоси эди, бундан ватандошларим огоҳ бўлишди. Ўша ондаёқ менинг раққосалар билан дилхушлик қилаётганлигим хусусида миш-мишлар тарқалган эди. Ҳолбуки, ўртамизда беғубор меҳр бор эди, холос.
Улардан бири, машҳур фитначи, номини айтмайман, раҳбариятга менинг театрларга танда қўйиб қолганлигим ҳақида хабар берган эди. Шусиз ҳам кўпларнинг ақли етмайдиган баъзи нарсаларни синчиклаб ўрганаётганлигимдан зардаси қайнаб турган бошлиқ сира ҳаялламай элчихонани огоҳлантиришга улгурган эди, оқибатда менга лавозим беришни рад этишди. Элчи мени бу ҳақда хабардор қиларкан, агар ватанимга қайтишни истасам, менга йўл ҳақи тўлашлари мумкинлигини айтди. Бордию, бу ерда қолсам, бундан буён қандайдир ёрдам беришлари амри маҳол эди.
Ўйлаб олишга бир ҳафта муддат беришларини илтимос қилдим. Мулоҳазаларга бериларканман, шу аснода мени чуқур ғамга ботирадиган иккита мактуб келди. Уларнинг иккаласи ҳам қарийб бир пайтда юборилган эди. Биттаси онамнинг қўли билан, иккинчиси эса унинг, қадрдон онамнинг ўлими тўғрисида қариндошимнинг қўли билан ёзилган эди. Онамнинг мактубини ҳикоя қилиб беришга мадорим йўқ, кўзимдан селдай оқаётган ёшлар ҳалал беради.
Шу вақтгача Элиза иккаламиз ўртамиздаги муносабатлар ёт-бегоналар тасаввуридагидан кўра хийла беғубор эди. Отасининг қашшоқлиги туфайли Элиза яхши тарбия ололмаганди. Ўн беш ёшида кам эътибор бериладиган рақс тўгарагига қабул қилинган. Кейинчалик иккинчи даражали ролларни ижро этадиган «Виктория» театрига ишга кирган эди.
Раққосаларнинг қисмати аччиқ бўлади. Шоир Хакмндер уларни «замонавий чўрилар» деб атаган эди. Тинкани қуритадиган меҳнати эвазига арзимаган чойчақа олади, кундузи репетиция, кечқурун саҳнада. Спектакллар учун ҳашаматли либосларга бурканадилар, кундалик ҳаётда аянчли аҳволда яшашади, айниқса, ота-она, ака-ука ёки сингилларига ғамхўрлик улар зиммасига тушганда, уларнинг аксарияти алалоқибат ўта тубанлашиб кетишади.
Элиза табиатан хокисорлиги ва отасининг жиддийлиги туфайли бундай қисматдан йироқ эди. У болалигидан ўқишга меҳр қўйганди. Лекин таассуфки, унинг қўлига чакана китобфурушлар сотадиган ўртамиёна романлар тушади. Бизлар танишганимиздан кейин мен унинг китоб ўқишини кузатиб турадиган бўлдим, ўшандан сўнг унинг шу соҳадаги диди тобора ўзгара бошлади, нутқи сайқал топа борди. Ҳатто менга ёзадиган мактубларида хатолар анча камайди. Айтиш жоизки, бизнинг ўртамизда даставвал ўқитувчи ва талаба муносабатлари ўрнатилган эди. Мени хизмат жойимдан бўшатганларини билиб олгач, унинг чеҳрасида ўзгариш юз берди. Мен албатта, бунга қандайдир даражада у ҳам сабабчи бўлганини юзига солишдан ўзимни тийгандим. Шунга қарамасдан, менинг молиявий жиҳатдан қашшоқлашганимни билиб қолса, мурувват кўрсатмай қўйишидан хавфсираб, бу ҳақда онасига ҳеч нарса демасликни илтимос қилди.
Тафсилотларга берилиб ўтирмайман. Лекин айнан шу пайтдан бошлаб Элизага нисбатан туйғуларим муҳаббатга айлана борди-ю, муносабатларимиз жиддий тус олди. Бу ҳол айни келажакдаги тақдиримни аниқлаб олай деган энг қалтис пайтда содир бўлди.
Эҳтимол, бировлар мени енгилтак деб хаёл қилишар, лекин мен муносабатларимизга жиддий ёндашардим. Элиза ҳам менга нисбатан шундай ҳолатда бўлиб, юз бериши мумкин бўлган айрилиқ хусусида оғиз очмасди. Эҳ, у қандай сулув эди, унинг ёқимли чеҳрасида қандай саросима акс этаётганини кўрсангиз эди! Мен эса ҳушимдан жудо бўлиб турардим.
Мен элчига ўз қароримни билдиришим керак бўлган кун келган эди. Агар мен ҳозир, мени лавозимимдан четлаштирганларида ватанимга кайтсам, шармандалигим хаммага аён булиб, ҳеч қачон қаддимни кўтариб юролмайдиган бўламан. Лекин яшаш учун маблағим йўқлиги туфайли бу ерда қолишнинг ҳам имкони йўқ эди.
Айнан шундай пайтда азалий дўстим, ватанга бирга қайтаётган ўртоғим Аидзава Кэнкити мададкор бўлди. У граф Амакатанинг шахсий котиби эди, у менинг лавозимимдан бўшатилганимни билиб олгач, Токио газеталаридан бирининг ноширини мендан газетанинг хорижий мухбири сифатида фойдаланишга кўндирган эди. Бу менга Берлинда қолиб, сиёсий ва маданий ҳаёт мавзуларидаги репортажлар билан яшаш учун маблағ топиш имконини беради.
Менга арзимаган маош белгилашди, бирмунча арзонгаров қаҳвахонага яқин хонадонга кўчиб ўтдим, маошдан маошга зўрға етардим. Мен янги ҳаётга кўникаётиб, чор-ночор юрганимда Элиза ҳаққоний раҳмдиллик намоён этиб, ёрдам қўлини чўзди.
У онасини қандай кўндирганини билмайман, кўп ўтмай мен уларнинг уйида ижарада тура бошладим. Элиза иккаламиз топган-тутганимизни бирга баҳам кўриб, ҳаёт гаштини суриб яшардик.
Эрталабки нонуштадан сўнг Элиза одатда машқ қилишга отланарди, баъзан театрда бўладиган бўш кунларигина уйда қоларди. Мен Кёнигштрасседаги ўзининг тор айвони ва узунасига чўзилган зали билан машҳур қаҳвахонага бориб турардим. Шифтда осилган чироқ ёруғида у ердаги газеталарни қараб чиқардим ва мени қизиқтирган ахборотни ёзиб олардим. Ушбу қаҳвахонага муайян бирор машғулоти бўлмаган ёшлар, ўзининг арзимас сармоясини фойдаси билан қарзга берган чоллар, ишларини битириб, бир оз дам олиш учун кирган саррофлар ҳам қатнарди.
Бу ерда совуқ мармар стол ёнида узоқ ўтириб, нималарнидир ён дафтарига кўчираётган японнинг пайдо бўлганлиги уларга ғалати туюларди. Официант аёл келтирган бир финжон қаҳва шундайлигича қолиб кетар, мен эса ҳадеб узун ёғоч тахтачага осиб қўйилган кўпчиликнинг диққатини тортадиган газеталарга нигоҳимни қадаб турардим.
Гоҳида Элиза мени излаб қаҳвахонага кирарди. Шундай ҳолларда бизлар кундуз соат бирга яқин мен ва ўша жажжи, нозиккина қиз иккаламиз биргаликда уйга қайтардик. Гоҳо ортимиздан ғаразли қараб қўйишарди.
Университетдаги маърузаларга бормай қўйгандим. Энди бўлса шифтдаги чироқнинг хира ёғдусида газета учун кичик-кичик мақолалар ёзардим, Элиза эса театрдан кайтгач, ёнгинамда ўтириб олар ва менга ҳавас билан қараб турарди. Менинг ҳозирги ишим билан қадимги қонун ва низомлар ҳақида ҳикоя қилган рефератлар ўртасида ҳеч қандай муштараклик йўқ эди.
Газета мендан сиёсий янгилик ҳақида ёрқин шарҳлар, шунингдек, адабиёт ва санъат соҳасидаги янги фикрларни кутарди. Буни нечоғлик уддалаганимни айтишим қийин, аммо ўзимнинг публицистик мақолаларимда Бёрнс ва Ҳейнега, албатта, кўпроқ Ҳейнега тақлид қилишга интилардим.
Орадан бироз муддат ўтгач, бирин-кетин Вильҳелим I ва Фридрих III вафот этди. Мен Японияга янги императорнинг тахтга ўтириши, Бисмаркнинг ағдарилиши хусусида батафсил ахборот юборишим керак эди, қиссаси, ишларим даставвал фараз қилганимдан кўра кўп эди. Шу боисдан ихтисосим бўйича мўлжалланган китобларни ўқиб чиқишга ҳам бўш вақт тополмасдим. Курслар тингловчиси сифатида рўйхатда бўлсам ҳам, маърузаларга бормасдим. Зотан улар учун тўланадиган пулим ҳам йўқ эди.
Машғулотлар орқага суриларди. Лекин мен Германияда бошқа Европа мамлакатларидагига нисбатан анча яхши йўлга қўйилган халқ маорифи соҳасидаги билимларни хийла теранлаштирдим. Мухбир бўлгандан буён ҳар куни бир талай мақола ва лавҳалар, кўчирмалар олар эдим. Талабалик йилларида орттирган малакаларим қўл келарди. Менинг бизни ўраб олган дунё ҳақида аввалги, тамоман чекланган тасаввурларим мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Мен бу билан немис газеталаридаги бош мақолаларнигина қараб чиқишдан нари ўтмаган ватандошларимнинг кўпчилигидан хийла фарқ қилардим.
Мэйдзи даври (1868-1911 йиллар, ўша даврда табақалар тенглиги ҳақида қонун қабул қилинган)нинг йигирма биринчи йили қиши келди. Марказий кўчаларнинг хиёбонларини қордан тозалаб, қум сепишарди, йўлларнинг чеккаларида қортепалар қад кўтарган эди. Лекин Клостерштрассе мавзеидаги кўчалар қордан халос бўлмаган эди, муз парчалари билан қопланган ўпқонларни тозалашга тўғри келарди. Эрталаб уйдан чиқарканмиз, қор устида музлаб, қотиб қолган чумчуқларни кўрардик. Печкамиз ловуллаб ёниб турган бўлса-да, аммо тош деворлардан совуқ кирарди. Кўчада эса изғирин суяк-суякларимиздан ўтиб кетарди.
Яқинда Элиза шундайгина саҳнада ҳушидан кетиб йиқилган экан, уни ҳамроҳлари уйга олиб келишди. Ўшандан буён танида дармони қолмай, ҳар қандай емакдан кўнгли айнирди. Онаси бундай ҳолат сабабларини сира адашмасдан аниқлади. Наҳотки, Элиза чинданам ҳомиладор бўлса? Менинг шундай омонатгина ҳолатимда-я!
Якшанба куни эрталаб ҳаммамиз уйда эдик. Элиза ўйчан қиёфада печка ёнидаги оромкурсида ўтирарди. Гўё ҳамма нарса одатдагидай, аммо аллақандай ғам-андуҳдан унинг қалби алағда эди.
Тўсатдан хонадонга кираверишда нотаниш овоз эшитилди, шу он Элизанинг онаси менга келган хатни қўлимга тутқазди. Гарчи унда прусс маркаси ва муҳр узра Берлин деб ёзилган бўлса-да, мен Аидзаванинг хатини дарҳол танидим. Конвертни ҳаяжон билан очиб, ўқидим: «Кеча кечқурун вазир Амаката билан келдим. У сени кўрмоқчи, дарҳол етиб кел. Борди-ю, ишларингни ўнглаш мумкин бўлса, ана шу энг қўлай фурсат. Мухтасарлик учун кечир, ўта шошиб турибман».
Мен хатни саросимага тушган ҳолда кўздан кечирдим.
– Японияданми? – сўради Элиза. – Аминманки, хунук хабар эмас. – Афтидан, у хат газетадан бўлиб, менинг ҳозирги хизматим билан боғлиқ бўлса керак деб ўйлади.
– Йўқ, ҳаммаси жойида, – жавоб бердим мен. – Сенга Аидзава ҳақида айтганим эсингдами? У бу ерга вазир билан келибди. Вазир мени қандайдир иш юзасидан кўрмоқчи экан. Демак, боришим керак.
Элиза менга худди она ўзининг якка-ю ягона боласига қандай ғамхўрлик қилса, ўшандай ғамхўрлик қиларди. Гап вазир билан учрашувга тақалгани учун у дармонсизликни енгиб, ўрнидан турди, энг яхши оқ кўйлакни танлади, ўзи авайлаб сақлаган икки қатор тугма қадалган фракни олиб чиқди, галстукни ўз қўли билан боғлади.
– Мана, энди кўринишинг ўзгача. Қани, ойнага бир қараб қўй-чи. Негадир ўта маъюссан, сен билан бирга боришимни хоҳлайсанми? – У фракимдан тортиб қўяркан, илова қилди:
— Ҳозир сенга қараб турибман, аммо бу менинг Тоётаром эканига ишонгим келмаяпти. Сен бой ва аслзода одам бўлганингда ҳам барибир мени ташлаб кетмайсан, шундаймасми? Ҳатто онамнинг таклифлари ушалмаганда ҳам.
– Қанақа бойлик ва аслзодалик? – жилмайдим мен. – Сиёсий мансабдан мосуво бўлганим қачон эди. Вазир билан учрашувдан ҳам фойда йўқ, шунчаки кўпдан буён кўрмаган азалий дўстим билан кўришаман.
Элизанинг онаси мен учун дабдабали извош чақиртирган экан, у қорни ғирчиллатиб эшик олдига келганда мен қўлқопларимни кийиб, унча янги бўлмаган пальтомни елкамга ташлаб, шляпамни олиб, хайрлашув олдидан Элизани ўпдим. Мен извошга ўтириб олганимда у қиров босган деразани ланг очиб юборди, унинг тузиган сочлари шиддатли шамолда ҳилпирарди.
Мен «Кайзерхоф» меҳмонхонаси олдида извошдан тушгач, қоровулдан жаноб Аидзаванинг қайси хонада истиқомат қилаётганини билиб олдим-да, мармар зина орқали керакли қаватга кўтарила бошладим. Бунақа жойларда кўпдан бери бўлмаган эдим. Ҳашаматли устунлар, барқут диванлар ва кўзгулар билан безатилган кенг залда пальтомни ечиб, йўлак бўйлаб Аидзаванинг хонасига йўналдим. Эшиклар олдида бироз қадамимни секинлатдим, наҳотки бизлар учрашсак? Университетда ўқиб юрган пайтимизда у менинг истеъдодлигимни эътироф этарди.
Мана бизлар бақамти бўлиб турибмиз. Сўнгги учрашган вақтимиздагидан кўра у бироз тўлишган, салобат касб этганди. Лекин ҳар доимгидек тетик ва самимий эди. Тафсилотларга берилишга вақт йўқ эди, бизни вазир кутарди.
Вазир менга бир қанча ҳужжатларни таржима қилишни топширди. Мен уларни олдиму хайрлашдим. Орқамдан келаётган Аидваза менга бирга нонушта қилишни таклиф этди.
Нонушта чоғида асосан у савол берар, мен эса жавоб қайтарардим. У ўз мартабасини анча мустаҳкамлаган эди, бироқ бу жиҳатдан мен ҳадеб қусурларга йўл қўярдим. Мен унга ҳаётимда юз берган машаққатлар ҳақида миридан-сиригача сўзлаб бердим. У мени тингларкан, ҳайратланар, аммо ҳечам айбга йўймасди. Ватандошларимизнинг риёкорлиги уни ғазаблантирар эди. Лекин мен ҳикоямни тугатгач, у жиддий тортди ва бирпасдан кейин мени туғма иродасизлигим учун койий бошлади: мендай ўқимишли, истеъдодли одам муккасидан ўша қизга берилиб кетганмишман, ўзимни вақтни беҳуда ўтказишга маҳкум этган эмишман.
Ҳолбуки, айни чоғда граф Амакатага менинг немис тилини билишимдан бошқа ҳеч нарса керак эмасди. Ишдан бўшатилишимнинг сабаби унга маълум эди, бинобарин, Аидзава мен учун илтимос қилишга уринмасди ҳам. Унинг тахминича, бордию, граф ўзини чалғитишга уринаётганларини билиб олса, бу яхшиликка олиб келмайди, агар мен ўз ишим билан унинг ишончини қозонсам, ўз қобилиятимни намоён этолсам, ўшанда унга мақбул бўлишим мумкин, raп аёлларга тақалганда, шуниси равшанки, бордию, ўртамизда самимий севги мавжуд бўлганда ҳам, барибир бутун ҳаётингни қиморга тикиб бўлмади. Оддий ҳаётий ҳақиқат шундаки, мен журъат этиб, ҳаммасига чек куйишим лозим, вассалом. У менга ана шундай ҳаракат дастурини таклиф этган эди.
Унга қулоқ солиб ўтирарканман, мени шундай туйғу чўлғаб оларди: гўё мен тўлқинларга ишониб узоқ уфқдаги тоғларга етишга уриниб, океанда сузаётгандай, аммо ўша тоғлар қалин туман билан қопланган, уларни кўришни орзу қилмаса ҳам бўлади. Уларга етган тақдирда ҳам интилаётган нарсага эриша оласанми?
Ҳарчанд қашшоқ яшасакда, Элиза билан кечаётган ҳаёт менга ажойиб туюларди, унинг муҳаббатини рад этолмасдим. Табиатан кўнгил бўшлигим туфайли бирор қарорга келмасликни афзал билардим. Шунга қарамасдан, бир пайт дўстимнинг маслаҳатларига қулоқ осиб, ўтмишимга чек қўйишга ваъда бердим. Умуман айтганда, жиддий йўқотишлар таҳдиди натижасида рақибимга қаршилик кўрсатишим мумкин, бироқ дўстим учун нимадандир воз кечолмайман. Ромлари икки қават деразали ва ловуллаб ёниб турган каминлик ресторан иссиқ ва шинам эди. Лекин кўчага чиқдим дегунча совуқ шамол юзга тикандек урилар, изғирин юпқа пальтомдан ўтиб, юрагимни жунжиктириб юборар эди. Ҳужжатлар таржимасини бир кечадаёқ ниҳоясига етказдим. Шундан сўнг мен «Кайзерхоф»га танда қўйиб қолдим. Даставвал граф мен билан нуқул ишларим хусусида гаплашди, лекин кейинчалик, бир куни ватанимизда содир бўлган айрим ҳодисалар тўғрисида raп очилди, у бу жиҳатдан менинг фикрларим билан қизиқди. Шуниси борки, у бошқа бир гал ёт мамлакатда вақти-вақти билан юз бериб турадиган чигал воқеалар ҳақида гапираркан, қаттиқ кулиб юборди.
Тахминан бир соатдан сўнг граф менга кутилмаган бир таклиф билан мурожаат қилди:
– Эртага мен Россияга жўнаб кетаяпман. Менга шерик бўлишни хоҳламайсизми?
Кейинги пайтларда Аидзава банд бўлганлиги учун биринчи кун кўришолмадик. Шу боисдан бу таклиф тасодифан менинг чекимга тушган эди. Шу ерда ҳам ҳар доимгидек иснод келтирадиган ожизлигим тутиб кетди: «Наҳотки рад қилиш мумкин бўлса!» Ваҳоланки, борди-ю, мен ҳурмат қилган киши менга қандайдир илтимос билан мурожаат қилса бас, шу заҳотиёқ, розилик билдираман. Оқибатини ўйлаб ҳам ўтирмайман. Бундан ташқари, мен шошқалоқларча бирор қарорга келган бўлсам, айбимни ювиш учун ҳар қандай қийинчиликка қарамай, ҳеч шубҳасиз, берилган ваъдамнинг устидан чиқаман.
Ўша куни мен таржима ҳақини ҳам, хизмат сафари пулини ҳам олдим. Пулнинг бир қисмини мен Россиядан қайтгунимча яшаб тургин деб Элизага бердим. У эрталаб ҳаким ҳузурида бўлган экан, ўзининг одатий камқонлиги сабабли бунга ишонмаган бўлса-да, ҳаким унинг ҳомиладорлигини исботлаган эди. Бунинг устига, театрдан хабар келди: Элизани кўпдан буён театрга бормаганлиги учун вазифасидан бўшатишган эди. У бор-йуғи бир ойгина касал бўлган эди, бундай бешафқат қарорга келганда бошқа сабабни назарда тутишган бўлса ажаб эмас.
Менинг сафарим Элизада ғайритабиий хавотир уйғотгани йўқ, у менинг туйғуларимнинг самимийлигига мутлақо шубҳаланмасди.
Темирйўл орқали мўлжалланган сафар унча узоқ эмасди, шунинг учун кўп нарса олиш талаб қилинмасди. Ижарага олинган қора костюм-шимни, луғат ва «Гота альманахи»нинг сўнгги сонини жойлаштирдим, холос. Элизанинг аҳволини инобатга олган ҳолда сафарим соғлиғига таъсир этишидан хавфсираб, уни барвақт онаси билан танишлариникига бориш иложини қилдим. Ўзим эса, хонадоннинг эшигини қулфлаб, калитни кираверишдаги этикдўзга бериб қўйдим Хўш, Россия сафари ҳақида нима десам экан? Таржимон вазифасида дафъатан гуноҳларга макон ердан ажралиб, булутлар сари парвоз этибман. Вазирнинг мулозимлари билан Петербургга келиб, воқеалар гирдобига шўнғиб кетибман. Саройнинг ҳашаматли қиёфаси музлар ва қорлар салтанатига кўчирилган Парижга хос дабдабани эслатарди. Сон-саноқсиз шамларнинг ёғдуси заррин погонлар ва юлдузларнинг ҳалқаларида чарақларди. Жимжимадор қилиб ясатилган каминлар ёнида ўтириб олган сарой хонимлари ташқаридаги изғириндан бехабардай, дабдабали елпинишарди. Вазирнинг мулозимлари орасида француз тилини бирмунча биладиган мен эканман, бинобарин, меҳмон ва мезбонларнинг ўзаро суҳбатини таъминлашим учун бетиним нари-бери ивирсиб юришга тўғри келди.
Элизани ёдимдан чиқармасдим. Ҳа, бордию, унутмоқчи бўлсам ҳам унутолмасдим, ундан ҳар куни хат олардим! Унинг ёзишича, мен кетган куни ёлғизлик ва ҳасратдан фориғ бўлиш учун кеч тунгача танишлариникида ўтирипти, уйга келганида дармонсизликдан тўшакка ағдарилипти ва ухлаб қолипти. Эрталаб уйғониб, тушига кирган даҳшатларни ўйларкан, ўрнидан турай деганда унга шундай ғам-алам ва саросимадан воз кечиш ҳам ўрлапти. Унинг биринчи мактуби умумий тарзда шундай битилганди. Кейинги хатлари ҳам мусибат аломатлари сингари жаранглар, нуқул «оҳ-воҳ»дан бошланарди.
«Оҳ, сенга муҳаббатимнинг теранлигини энди тушуниб етибман! Сен ватанимда яқин қариндошим қолмади дегандинг, шундай экан, нега энди бутунлай бизникига кўчиб келишинг мумкин эмас экан, пайти келиб аҳволимиз яхшиланар. Мен сенга шундай меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишга интилардимки, сен ўзингни бу ерда ўз уйингдагидек ҳис этардинг. Борди-ю, ватанингга қайтишингга тўғри келса, онам ва мен сенинг ортингдан борардик. Лекин йўл пулини қаердан оламиз? Илгари хизмат ишларинг юришиб кетса, шу ерда қолсак ҳам бўлаверади деб ўйлардим. Аммо ҳозирги, йигирма кунлик айрилиқ шуни кўрсатдики, сенсиз ҳаёт мен учун ўта мушкул экан… Аҳволим атрофдагиларга маълум, онам билан ёлғиз қолиш менга ҳечам мумкин эмас, иккаламиз бот-бот жанжаллашиб коламиз. У менинг қатъиятлилигим олдида таслим бўлади. Сен билан мен Шарққа кетсак, онам ўзининг узоқ қариндошлари яшайдиган Штеттин деган жойга кўчиб кетиш нияти бор. Сўнгги хатингда вазирнинг муҳим ишлари билан банд эканлигингни ёзибсан, шу юмушларинг бизга йўл пули йиғишга ёрдам беролмайдими? Берлинга қайтишингга муштоқу мунтазирман».
Ушбу мактуб биринчи бор мени юз берган вазият ҳақида жиддий ўйлашга мажбур этди. Менинг дастлабки енгилтаклигим заррача бўлсин мурувватга арзимайди.
Мен энди ўзимнинг муаммоларимни бегоналар аралашувига йўл қўймасдан ҳал этишга қаътий қарор қилдим. Иккинчи даражали масалалар хусусида raп борганда мустақило қарорга келиш қийинчилик туғдирмасди. Гап Элиза билан менинг ўзаро муносабатларимизга тақалганда бор журъатим қаергадир ғойиб бўларди.
Шу аснода вазир менга борган сайин катта эътибор бера бошлади. Ахир ҳозир мен узоқни кўролмаганим туфайли зарур ишларни амалга оширишдан нари ўтолмасдим. Ҳар бир сония менинг келажагим учун қандай таъсир кўрсатиши худонинг ўзигагина аён, мен унинг хоҳиш-иродасига бўйин эгишга қодирман, холос. Элизага бўлган туйғуларим совиб қолдимикан ё?
Мени биринчи бор вазирга таништиришганларида унинг ишончини қозониш мушкул бўлса керак деб ўйлаган эдим. Лекин вақт ўтиши билан мен бунга эришдим. Аидзава «Японияга қайтгач, бизлар бирга ишлаймиз» деган гапни бир неча бор такрорлаган эди. Бу вазир тузган режага ишора эдими, билмасдим, нечоғлик қалин дўст бўлмайлик, лавозим ахлоқи юзасидан Аидзава менга бу ҳақда очиғини айтолмаганди. Мен обдон ўйлаб оларканман, ўз-ўзимга Аидзава менинг Элиза билан алоқани узаман деб ўйламасдан берган ваъдам ҳақида вазирга айтдимикан, дея савол бердим.
Даставвал, эндигина Германияга қадам қўйганимда ўз шахсиятимда қандайдир уйғониш ҳис этгандай бўлдим. Ўшанда мен ҳар қандай ҳолда ҳеч қачон бегоналар қўлида ўйинчоқ бўлмаслигим керак дея онт ичгандим. Кўриб турганингиздек бу оёқлари боғланган, аммо қанот қоқиш имкони берилган, ўзига бино қўйган қушчанинг ҳолатини эслатарди. Шу боис бундай кишанлардан халос бўлишга умидим йўқ эди. Аввалига департамент бошлиғининг, энди эса вазирнинг қўғирчоғига айланган эдим.
Ваколатхона билан биргаликда амалга оширилган миссиямиз Янги Йил арафасида ниҳоясига етди.
Вокзалда ҳамроҳларим билан хайрлашиб, извошга ўтириб уйга жўнадим. Янги йилда одатда берлинликлар ухламайди, келгуси кун эрталаб камини тўлдиришади. Кўчаларда сукунат ва изғирин ҳукмрон, қотиб қолган қор ярақлаб турибди. Извош Клостерштрассега бурилиб, киравериш олдида тўхтади. Деразанинг қандай очилганини эшитдим, бироқ уни извошда туриб кўриб бўлмасди. Извошчи сафар халтамни олиб, йўлак томон йўналди. Шу он Элиза истиқболимга югуриб чиқди. У шодон қичқираркан, ҳайратланган извошчининг кўз ўнгида оғушимга ташланди. У ўзича мийиғида тўнғиллаб қўйди, лекин нима деганини эшитмадим.
– Оҳ, ниҳоят! Агар келмаганингда нақ ўлардим!
Шу дақиқагача мен иккиланиб юрардим. Гоҳо Японияга, гоҳо муваффақиятга бўлган ташналик севгидан устун туюларди. Лекин ҳозир унинг мени ўз оғушига олиши барча шубҳалар туманини тарқатиб юборди. Бошини елкамга қўйиб йиғларди, кўзларидан қувонч ёшлари тирқирарди.
– Қайси қаватга? – сўради извошчи зина орқали кўтариларкан.
Эшик олдида бизни Элизанинг онаси қарши олди, извошчи билан ҳисоблашсин дея унга кумуш танга бердим. Элиза мени қўлтиқлаб хонага бошлаб келди. Кўзимга стол устига тўшалган оқ мато ташланди. Уни жилмайиб кўрсатаркан, Элиза деди:
– Кўрдингми, қандай тайёрланаяпмиз!..
У қўлига бир бўлак матони олганда унинг йўргак эканлигини
тушундим.
– Эҳ, нақадар бахтли эканлигимни тасаввур этолмайсан!
Боламизнинг кўзлари сеникидек қора бўлади. Унинг кўзлари сеникидек бўлишини орзу қиламан. Кел, унга сенинг номингни берайлик! Бу сенга кулгили туюлиши мумкин, албатта, аммо мен сен билан черковга борадиган ўша саодатли сонияни кўришга муштоқу мунтазирман. – У жиққа ёш кўзларини менга қаратди.
Сафардан сўнг дам олаётган бўлса керак деб бир неча кун графникига бормадим. Ундан бирор кун мени таклиф қилган мактуб келишини ўйлаб, ҳеч қаерга жилмасдан уйда ўтирардим. У мени очиқ чеҳра билан кутиб олди, Россияда қилинган ишлар учун ташаккур изҳор этди. Кейин туйқусдан мендан ўзи билан бирга Японияга қайтиш истагим борми-йўқлигини сўради. Менинг саводхонлигимни мақтаркан, тилларни билиш фавқулодда бебаҳо бойлик эканлигини эътироф этди. Менинг кўпдан буён Германияда эканлигимни билган ҳолда бу ерда муайян мажбуриятларим бўлиши мумкинлигидан хавфсирарди, лекин бунақа тўсиқларнинг мавжуд эмаслигини Аидзава орқали билиб олган экан.
Унинг режаларига қарши боришга менинг қурбим етмасди. Мени титроқ босди, бироқ Аидзава айтган нарсани рад қилишга журъатим етмади. Бундай имкониятни бой бериш менга умрбод ватандан жудо бўлишни англатарди ва айни замонда мен учун пок номимни қайтариш имкониятига баравар эди. Мен бир дақиқа шу ерда, улкан ғарб пойтахтида одамлар гирдобида ўлишимни тасаввур қилиб кўрдим. Бундай истиқболдан юрагим орқага тортиб кетди. Маънавий тийнатимга хос барча мулоҳазалар ғойиб бўлди. Мен розиман деб юбордим.
Бу менинг пасткашлигим эди, албатта. Уйга қайтгач, Элизага нима дейман? Графнинг ҳузуридан чиққанимда бутун вужудимни аллақандай ғулғула чулғади. Ўй-хаёлларим чувалиб, тундагидай йўлдан адашиб, оёғимни зўрға судраб бораётгандим. Яхшиямки, извошчи ортимдан қичқиришга улгурди, акс ҳолда, нақ ғилдираклар тагида қолиб кетардим. Қандай қилиб, Тиргартенга келиб қолганимни, мисли кўрилмаган дармонсизлик ва бош оғриғи хуруж қилиб, тердан жиққа ҳўл бўлиб, ўриндиққа чўкиб ухлаб қолганимни эслай олмайман. Мен даҳшатли совуқдан уйғониб кетдим. Атрофга қоронғулик чўккан, пальтом ва шляпамни қалин қор босган эди.
Соат ўн иккини кўрсатмоқда эди. Моабит райони Клостерштрассе кўчасидаги кўнка1 йўлини қалин қор қоплаган эди.
Бранденбург дарвозалари ёнидаги газ фонуслари кўчани хира ёритарди. Мен ўрнимдан туришга ўриниб кўрдим, аммо оёқларим акашак бўлиб туришга имкон бермасди. Уларни обдон ишқалашга тўғри келди.
Клостерштрассега қандай етиб келганимни эслолмайман. Тун ярим кечадан ўтган эди. Жўкалар кўланкасидаги қаҳвахона ва ошхоналар очилган бўлса керак, аммо мен ҳеч нарсани пайқамасдим. Қилинган хиёнатни ҳис этиш мен учун дунёни зулматга чўмдирган эди.
Элиза ҳали уйғоқ эди, шекилли. Тўртинчи қаватдаги чироқ тун осмони манзарида юлдуз мисол чарақларди. Мен зинадан қарийб эмаклаб кўтарилдим, оёқларим зирқирарди, ошхона орқали ўтиб, хона эшигини ланг очиб юбордим. Элиза болалар кийимини тикиш билан овора эди. Мен уйга кириб келганда у қийқириб юборди:
– Сенга нима бўлди? Афт-ангоринг абгор бўпти-ку!
Ҳақиқатан ҳам мени кўрган киши даҳшатга тушадиган аҳволда эди! Уйга келаётиб, йўлда тинимсиз қоқилар ва гандираклаб йиқилардим, шу боис усти-бошим лойга ботганди. Шляпам йўқолган, бошимда сочларим ҳурпайиб кетганди.
Элизага ниманидир тушунтиришга уринганим эсимда. Оёғимда зўрға турардим, йиқилмайин дея столга ёпишардим, лекин гандираклаб, ерга ағдарилдим.
Бир неча кун тўшакка михланишга тўғри келди. Алаҳсираб, гоҳ у ёнимга, гоҳ бу ёнимга ағдарилдим, Элиза ёнимда, ҳеч қаерга жилмай ўтирарди.
Энди тузала бошлаганимда Аидзава келиб қолди. Мен ундан нимани пинҳон тутаётганимни ўз кўзи билан кўрди. Лекин вазирга фақат менинг касаллигимни билдирган эди.
Биринчи бор Элизага иқрор бўлган ҳолда қараганимда унинг чеҳрасида юз берган ўзгариш мени ҳайратга солган эди. Мен касал бўлиб ётганимда хийла ҳолдан тойган, уйқусизликдан кўзлари қизариб, киртайиб кетганди, юзида қон қолмаган эди. Аидзаванинг ёрдами туфайли кундалик харажатлар учун пулга муҳтож эмасдик, лекин унинг ёрдамига таяниш Элизани хуноб қиларди.
Кейинчалик у менга сўзлаб берганидек, мен ўша машъум кеча вазирнинг таклифини қабул қилганлигимни Элизага етказган экан. У бу ҳақда унга айтганида ранги-қути учиб, ўриндиқдан сакраб: «Менинг Тоётарам, хиёнат қилишга қандай журъат этолдинг?» деб хитоб қилган ва беҳуш йиқилган. Аидзава ва онаси уни каравотга ётқизишган. Аидзаванинг менга ҳикоя қилишича, у бир муддатдан сўнг ўзига келиб, нигоҳини узоқларга қадаганича жойида қотиб турган. У фақат менинг исмимни айтиб қичқирар ва лаънатларкан, сочларини юлар ва кўрпани ғажир экан. Аҳён-аҳёнда ўзига келиб, нималарнидир излаган. У онасининг қўлидан ҳеч нарсани олмаган. Фақат йўргакни опичлаб, уни юзига босиб, йиғларкан.
Элизанинг жазаваси борган сайин сусайди. Лекин айни дамда онг-шуури учқунлари йўқола борди, унинг ақли гўдакникига тенглашиб қолганди. Кўрикдан ўтказган ҳаким, унинг тузалиши амримаҳол, ногаҳоний таъсир натижасида руҳий касалликка йўлиққанлигини эътироф этди. Ҳаким уни Дальдорфдаги асаб касалликлари шифохонасига ётқизишни тавсия этди, лекин Элиза бунга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатар, фақат ўша йўргакни кўкрагига босиб, қўллари билан авайлаб силаркан, ўзини хотиржам ҳис этарди. Мен касалга чалиниб ётганимда у ёнимдан жилган эмас, лекин ҳаракатлари бежо, ўзи бесаранжом эди. Гоҳо ниманидир сезгандай «дори, дори …» дея ғудраниб қўярди.
Мен орадан кўп ўтмай узил-кесил тузалиб кетдим. Мен «жони узилган» аёлни қучган ҳолда дард-алам ичра ҳўнграб йиғлардим. Вазир билан Японияга қайтиш олдидан Аидзаванинг маслаҳати билан Элизанинг кундалик сарф-харажати ва ақлдан озган бадбахт аёлдан туғиладиган бола учун алоҳида миқдорда пул бериб қўйдим.
Ҳа, Аидзава Кенкити — камдан-кам учрайдиган дўст, аммо мен ҳали ҳамон ундан нафратланаман.

Русчадан Пошали Усмон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон