Михаэл Крюгер. Олти фарзандим менинг (ҳикоя)

Болаларим улғаяркан, бу кимга тортди экан, қанақа бўларкин деб уларга синчиклаб тикилган пайтларимиз кўп бўлган. Шунда уларнинг яқин сифатларини тез топган, шунингдек, мана бу феъли қай бирига уланаркин деб узоқ ўйлаганмиз. Болаларимиз ана шунақа кузатувлар остида ўсган. Ҳаётимиз ҳам ўтаверган. Мана шундай гоҳ яқин, гоҳ йироқ бўлиб, яъни яшашимизга ортиқча халақит қилмай ўсишганки, бу биздан кўрган меҳрибончиликнинг ўзимизга қайтаришлари керак деган гап. Шубҳасиз, эр-хотин иккимизга туққанларимиздан ирсий бир нимарсалар ўтган, биздан эса болаларимизга-да юққан. Бунга қарши фикр билдириб бўлмайди. Аммо бизнинг хотинга бу гап ёқмайди. Баъзи-баъзидаги ваҳимага тушувчи кайфият, сир тутишга мойиллик, даъватчиликка хос кўтаринки гаплар буларнинг бари, хотинимнинг фикрича фақат мендан ўтган эмиш, чунки унинг аждодлари бу камчиликлардан бир неча авлод бурун қутулиб кетганмишлар.
Бироқ, бирмунча вақтдан бери эр-хотинни ташвишга солган ўзгаришлар юз бера бошлади. Бир бўғинли исм қўйилган ўғилларим (Фриц, Франц, Макс) ҳам, икки бўғинли номга эга (Анка, Ханна, Улла) қизларим ҳам: “Сизларнинг маданият деган анъанавий тушунчаларингизни биз инкор этамиз, бундан кейинги ҳаётимизда ундан фойдаланмаймиз”, деб ҳеч иккиланмай, ишонч билан баёнот бердилар. Аввалига бу оддий майнавозчилик, ота-она уйидаги рамзий кутубхона ва рояль бўлган мумтоз маданиятнинг кучлилигига қарши норозилик қилиғи сифатида туюлди бизларга. Аммо кейин, ҳатто университетни муваффақиятли тугаллаган кенжамиз Макс китоб сотувчига айланиб, газеталардаги адабиётшунослик мавзуларини инкор этиб, фақат олди-сотди хабарларига муккасидан кетганда, сўнгра, китобларга эстетик эмас, сотилиш рақобати ва маркетинг нуқтаи назаридангина баҳо бера бошлаганда, сухандонлигида китоб савдосининг стратегияси биринчи ўринга чиққач, биз унга қўл силтадик- қўйдик.
Энг биринчи бўлиб болаларимиздаги ўзгариш тўнғич қизимиз Анкада сезила бошлади. Илгари у рақс театрининг юз фоизли шайдоси, мухлиси эди. Рақс-театрининг премьералари қўйиладиган Вена, Вуппертал ёки Эссен шаҳарларига бориб келиш учун неча кунлаб дарсларини қолдирарди. Биз мухлиси бўлган анъанавий драма театрининг “Ҳамлет”дан Хорватнинг пьесаларигача қамраган репертуарига рақс театрини қарама-қарши қўйиб баҳс этар, жон-жаҳди билан уни ҳимоя қиларди. Синглиси Ханка янги саҳналаштирилган “Торквато Тассо”га мақтов айтса, Анка заҳарли қаҳ-қаҳа билан мазах қиларди. Тўғрисини айтиш керак, хотиним иккимиз “Торквато тассо”дан антракт пайтида қочиб қолгандик. Бу воқеадан сўнг Анкага ҳамхона бўлиб яшовчи Ханка, рақс театри шаънига айтилаётган мақтовлар жонига тегиб кетганини рўкач қилиб, Уллининг хонасига кўчиб ўтишга рухсат сўради. Синглисининг хонани бўшатиши эса Анкани хурсанд қилди. Чунки майдон кенгайганди. Энди мактабдан келибоқ ўз гавдасида рақс театрининг алмойи-алжойи, тасқара ҳолатларини жонлантиришига ҳеч ким халақит қилмасди. Унинг бу машғулотлари оиламизга янгидан янги можаролар тайёрлаши тайиндек эди. Йўқ, бир неча ой ичида қизимизнинг рақс театрига қизиқиши совиди-да, маданият соҳасининг иқтисоди ва менежменти хусусида қайнай бошлади. Гапларида рақс театри мавзуси йўқолиб, мабодо чиқиб қолса ҳам доимо ўтган замон феълида айтиларди.
Хотинимнинг фикрича, қизимизнинг рақс театрига бутун вужуди билан берилганлик даври ўтганди. Тўғрисини айтсам, илгари Анканинг ғайриоддий силтанишлари, полда ётиб қийшанглаши, нотаниш одамлар ёнида туриб ҳам ваҳшиёна қичқириб юборишларидан қутулганимга хурсанд бўлдим. Ўшанақа вақтларда қизимнинг театр ва рақс-нинг бу ғайриоддий қоришувига бутунлай берилиб кетса-я, деб даҳшатга тушардим. Лекин ҳозир, батамом диққат бўлиб, маданий-менежмент дарсига боргунча битириши лозим бўлган бизнес-режалар устида қийналиб ўтиришларини кўриб, ўша ваҳшиёна қилиқлари ҳам тузук эди шекилли, деб ўйлаб ҳам қоламан. Нима бўлгандаям ҳозир у, росмана маданият менежментига санъат билан бевосита алоқада бўлиш зарарлидир деган гапларни ишонч билан айтиб, рақс театрисиз яшаб юрибди. Санъатсиз яшаш мумкинлиги хусусида Макс ҳам у билан ҳамжиҳат. Иккови маданий-менежмент лойиҳалари агентлигини тузиб, икки-уч йил ичида уни агентлик акциядорлик жамиятига айлантириб, уни биржага киргизиб, ўзлари умрларининг қолган қисмини Ўрта денгизнинг биронта оролида роҳат фароғатда ўтказмоқчилар. Эрфуртда уч юзта шоир. Зульцбахда хор конкурси, Тюбингенда “Бадан ва маданият” кўргазмаси. Маданият ҳақида анъанавий тасаввурларга эга хотинимни уларнинг бу каби лойиҳаларию гаплари даҳшатга солади. Нега энди орол? Нимага оролларга интилишади?– деб сўрайди мендан.– Каттакон қитъада жимгина ўтирсалар бўлмайдими?
Хонамиздаги драматик театрга бўлган муҳаббат ҳам ҳавога учиб кетди. Яқингинада бутун оламда Ҳамлет, Тассо, Ричард, Лир гапларидаги эҳтирослар, пафослар, саҳна нутқининг маданияти, ахлоқ, хомхаёл орзулар, чироқ режиссураси, актёрларнинг саҳнада худбинлик билан ўзларини тиқиштириш, кўрпани ўзларига тортиш ҳолларига қарши курашдан бошқа нарса йўқ эди. Унинг аҳволига қараб қизимизни актриса бўлмоқчи деб хотиним саросимага тушганди. Ханканинг косметика, грим анжомларини ишлата туриб ҳиринглаб кулишлари, Виннига* ўхшатиб пешонасидаги соч тутамини силкиб қўйишлари, овқатланиб бўлиб талинкани суриб қўйишлари, хуллас, барча-барчаси тез орада қизимизни саҳнада кўриб қолишимиз мумкинлигидан далолат берарди. Эҳтимол яланғоч Дездемона** бўлиб чиқар ҳали, деб пўнғилларди хотин.
Бироқ, бир неча ойдан сўнг Ханка учун театр ўлди. Гапига қараганда, театрнинг ривожланиш кучлари сўнган эмиш. Энди Ханка рекрутёр, яъни ишга кираётган кишиларга маслаҳатчилик қилармиш. Ўлиб бўлган санъат, яъни театр билан умрни боғлашнинг зарурати йўқ эмиш. Энг муҳими ўз ролингни яхши бажариб, ўзингни яхши кўрсатиб, яхши сотиш эмиш. Хуллас, Ханка жуда келажаги равнақли иш берадиган “Касблар менежменти” билим юртига ўқиш-га кирди. Хотиним рекрутёр нималигини яхши тушунмаса-да, сал кўнгли жойига тушди: ҳеч бўлмаса ечинмаса керак бу ишида, деб ўйлади у.
Кенжатойимиз Улла оиламизда илгаритдан машмашали бир аъзо эди. Кўп ўйлайдиган, индамас бир қиз бўлиб, овқатни кам ер, кам ухлар, аммо негадир кўп сув ичарди. Мактаб унинг учун деярли йўқ нарса эди. Соатлаб расм чизар, уларни томоша қилар ҳамда узоқ термилиб ўтирарди. Сюрреализмнинг алмойи-алжойи эротикаси қизиқтирарди уни. Қизимнинг акварелларидаги мавжудотларни оёғи осмондан келиб ишлашганига қарамай, хотинимга у тасвирларда жинсий алоқа кўринишлари бордек туюларди. Расмларни гоҳ остин, гоҳ устин қилиб кўришимизга қарамай, ўзимиз чиқарган мазмунларга ўзимизнинг ишончсизлигимиз ортиб бораверарди. Қизимнинг “Туғилаётган ва лаънатланган” деб аталган бир тасвири менга айниқса ёқарди. Нима чизилганлигини англамасак-да, ҳозиргача ўша сурат назаримда жуда антиқа туюларди. Бунинг нималиги ҳақида сўраганимизда қизимиз: “Кўриб турган нарсангиз тасвирланган” деб жавоб берди. Хотиним унинг жавобини сурбетлик деб атади.
Улла тарбияси оғир бола эди-ю, одамлар билан тил топишиши осон кечарди. Ўтган йил баҳорининг бошларида уни гимназиядан ҳайдашди. Аммо май ойидаёқ уни бадиий академияга қабул қилишди. Сабаби, унга устозлик қиладиган профессор Каршга қизимнинг эротик аквареллари маъқул тушган экан. “Худди шу руҳда давом этавер” деган маслаҳати ноябрь ойигача давом этди. Сабаби шундаки, профессор ўз ишларининг кўргазмаларини ташкил қилишдан вақт орттиролмасди. Декабрь ойининг бошларида Улла профессорнинг Регенсбургда ўтказилаётган кўргазмасини ташкил этишда ёрдам бериш шарафига муяссар бўлди. Унинг ёрдамида атай олиб келинган қизил қумни Галереянинг бурчакларига чиройли тўп-тўп қилиб қўйиб чиқишди. Бу қизил қум Перунинг сейсмик жиҳатдан хавфли ерларидан келтирилган эди. Регенсбургга етиб келгунича қумоқ-қумоқ қотиб қолгани учун уни майдалаш ва элаклашга тўғри келди. Кўргазманинг каталогида Улланинг номи тилга олиниб, миннатдорчилик билдирилганди. Бироқ, Исонинг туғилиш байрамига етмай, Улла бадиий академиядан кетиб бир аслзода аёлнинг Санъат Менежерлиги агентлигига ишга кириб олди. Бу агентлик йирик-йирик фирмаларга офисларининг деворларини безаш учун санъат асарлари сотаркан. Ҳозир қизимнинг маоши меникидан икки баравар ошиқ. Хотиним хурсанд, қизим Регенсбург кўргазмасида ишлатилган қумни машина ишлаб чиқарувчи йирик бизнесменга сотворишни эплади. Бизнесмен қумни ўз мажлислар залининг бурчакларига сепиб, келувчиларнинг уни ушлаб кўриш истакларидан эҳтиётлаб чегаралаб қўйган. Давримиз ишбилармонларининг замонавий санъатга бўлган ҳурматларини кўриб қойил қолади киши. Улла эса худди мана шу соҳада одамларга ёрдам беради, лекин бу ёрдамида қўлини совуқ сувга урмайди.
Хўш, бу ёқда энди Фриц билан Франц қолдими? Икковиям маданият деса бурнини жийириб, Фриц фалсафа билан, Франц эса мусиқа билан шуғулланарди. Фриц ўзи аслида ҳам оиламизда даҳо ҳисобланарди. Синфдошлари Микки-Маусларни томоша қилиб юрганда у “Руҳ феноменологияси”ни ўқияпман деб айтарди. Гим-назияни аъло баҳолар билан битирди. Эвазига унга “Немис халқи фонди” ва “Фраусенгоф номидаги немис жамияти”нинг стипен-диялари берилди. Сўнгра талабалар алмашуви шартномасига тушиб, Гарвард университетида ўқиб келди. Фалсафа журналларида мақолалари, тақризлари босилди. Шунча муваффақиятларга қарамай Фрицнинг бир ишкали борлиги сезилиб турарди. Буни хотиним биринчи бўлиб сезиб, далил сифатида Фриц ўзининг тугалланмаган “Фалсафа тарихининг тугаши” номли докторлик диссертацияси қоғозларининг орқасини қора ишлар ёзувига ишлатилаётганини айтди. Ниҳоят бир куни емакхонада йиғилиб ўтирганимизда Фриц келиб, “Лингвистик бурилишни”*** қўлдан чиқарганини эълон қилди.
“Қандай қилиб бунга йўл қўйдинг?” деб куюнарди хотиним. Бироқ бўлар иш бўлиб, бўёғи синганди. Яна ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ дегандек, Фриц Интернетда ўзига шахсий сайт очиб олиб, у орқали одамларга ҳаётий масалаларда маслаҳатлар бермоқда. “Ҳеч қанақа назария-пазария йўқ. Лўнда аниқ иш”, деб қўйди хотиним кўнгли жойига тушиб. Бу ёғини айтсам, Фриц университетда “Лингвистик бурилиш” хусусида ишлаётган профессорнинг учта ойлигига тенг маош олади. У, яшашининг мазмуни нималигини йўқотган одамларга кечасию кундузи маслаҳат бериш билан шуғул-ланади. Биз уни деярли кўрмаймиз. Компьютер тугмаларининг шиқирлаб туришидан унинг ҳали ҳам тириклигидан хабардор бўламиз, холос. Кечалари баъзан бақириб, ҳайқириб овоз чиқаради. Бунисига кўникиб кетармиз, деган умидимиз бор.
Франц ўғлимиз эса ўзининг узун сочлари, қотма қомати, ўткир кўзлари, доимо киядиган қора пальтоси билан ҳамиша кўзимизга санъат оламининг типик вакили бўлиб кўринарди. Карнай ва икки фортепьяно учун ёзилган мусиқа асари Барида мукофот олган, “I – XII композиция”сининг премьераси Лейпцигда бўлиб ўтган, сўнгра эса Нюрнбергда ўйналганди. Дирижёрлик супасида Францнинг ўзи турганди. “IX Композиция”сида дўл устида бураб юргизиладиган ўйинчоқ – ўрдакни сакратиб қўйгани учун уни енгил-елпи самара кетига тушишда айблашди. Аммо у ўз ижодий топилдиғидан қайтишни истамади. Хуллас, у санъат билан яшарди. Айтишича, англаб етиб бўлмас нарсаларни эшиттира оладиган ягона нарса – мусиқа санъати эди. Ҳар бир нота – сукунатнинг совғасидир. Бу каби баёнотлари бизни ҳайратга соларди. Бироқ, бир ярим ой бурун ҳақиқатан ҳам тунушиб бўлмайдиган воқеа юз берди. Нонушта пайтида “Кимда-ким биттагина бўлса ҳам мусиқа нотаси яратган бўлса уни жинни деб ҳисоблаш керак”, деб “баёнот” берди. Хотиним юм-юм оқаётган ёшини ютиб, ўзига келгунча ўғил емак-хонадан чиқиб кетди. Ҳамма мусиқа асбобларини пуллади, сочларини кестирди, “Армани”дан костюм, сўнгра “ролекс” соат сотиб олди. Кейин хусусий телевизион каналга мусиқа таҳри-риятининг раҳбари бўлиб ишга кирди. ”Мусиқа консерва”ларини бошқаради. Ҳозир мен ушбу сатрларни ёзарканман, телевизорда ўғлимнинг “Жаҳон овози” деган дастури кетаётир, унда тўрт яшар болакай, духоба айиқчасини ушлаганча “Аё, Марям”ни куйламоқда. Хотинимнинг оғзи қулоғида.
Исонинг туғилиш байрамига Фрицдан бўлак барчамиз йиғилганмиз. Фрицда айни шу кунларда сайтига боғлиқлиги кўпайиб қолганди. Дастурхонга тортилган ғозни тугатганимиздан кейин ҳаммаси ўзининг кичкина компьютерига ёпишиб олди. Бири электрон почта орқали таниш-билишлари ила хат ёзиша бошлади, иккинчиси майда-чуйда нарсаларни харид қилишга тушиб кетди. Ҳаёт давом этарди. Исонинг туғилиш байрами билан янги йил орасида, хотиним иккимиз ўттиз йилдан бери адабиётдаги янгиликлар билан қувонтириб келадиган китоб клубига бир марта кириб чиқдик, холос. Болаларимизнинг фикрига кўра, ҳозир “books on demand” тизими билан ҳамкорлик қилиш фойдалироқ эмиш: китобларни уйга келтириб бериш текин экан. Франц бизга компьютер орқали мусиқаларни “кўчириб олишни” ўргатиб қўйгач эса, филармония концертларига оладиган абонентлардан воз кечдик.
Театрни умуман унутиш керак, деб тинмай уқтирарди Ханка қизимиз. Рақс театридаги янгиликларни билиб қўйсак бўларди, деган фикримизни айтгандик, Анкамизни кулги жиниси тутиб босиб анчагача қўйвормади. Улла эса уйимиз деворларини Базелиц расмларидан кўчирма қилинган видеопроекция билан безатишни маслаҳат берди. Ёқмаса истаган пайтда ўчириб қўйиш мумкинлиги билан қулай экан. Оилавий зиёфатимизнинг охиридаги ширинлик-кагина чиққан, озиб ранглари оқариб кетган Фриц эса, оддий маданий маънавият етишмовчилигидан туғилажак эҳтимоли бор танглик келса маслаҳат учун унга мурожаат қилишимиз мумкинлигини айтди.
Хуллас, болаларимиз ғамхўр, ҳар нарсани таъминлаб туришади. Шунга қарамай, хотиним унга нимадир етишмаётганлигидан шикоятланиб туради. Кечқурунлари мен пианино чалишга ўтираман, хотиним найда жўр бўлади. Иккаламиз болаларимиз ҳақида узоқ-узоқ мириқиб суҳбатлашамиз.

Рус тилидан Зоҳир Аълам таржимаси
_______________
* В и н н и – афтидан гап театр, кино, телесериалларда кўп ролларни ўйнаган атоқли ва таниқли актриса Винни Маркус (1921–2001)ҳақида бормоқда.
** Берлиндаги “Фрайе фольксброне” театрида жанжал ва баҳсларга сабаб бўлган “Отелло”нинг саҳналаштирилишига (1977 й.) шама.
*** Гап янги фалсафий оламга асос солган Америка файласуфи Ричард Рортининг “Лингвистик бурилиш” асари ҳақида кетмоқда.