Мигьени. Чумчуқнинг ҳалокати (ҳикоя)

Охири чумчуқ ҳам дилгирлик касалига мубтало бўлди. Бу ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Аммо-лекин унинг ўзига маълум эди.
Ўша чумчуқ назардан қолган юртда дунёга келди. Баҳор фасли бу заминда ям-яшил гиёҳлар, ўт-ўлан ўрнига итқўноқ, чақиртиканак, дарахтлар ўрнига даққиюнус давридаги ваҳший ҳайвонларнинг мугузлари ўсиб чиқар эди… Айтинг-чи, табиати мана шунақа заминда (табиат дейишга одамнинг тили бормайди-я!) ким дилгирлик касалига йўлиқмайди?
Ўзингизга маълум, чумчуқ деган паррандага кўп нарса керак эмас, бироқ табиат чинданам – чинданам тили бормайди кишининг шундай дейишга – шу беозоргина, жимитдай қушчаларга ана шу озгина нарсани ҳам раво кўрмаганига нима дейсиз?!
Мендан, боёқиш чумчуқ бу томонларга қаёқдан келиб қолди, деб асти сўраманг, бу худди одамзод нега коинотнинг айнан шу нуқтасида пайдо бўлган, деб сўраш билан баробар – ахир биз ҳамма нарсани билавермаймиз-ку… Билганларимиз нари борса тахмин ва хомхаёл.
Шунинг учун айтяпман-да: бу чумчуқвой майсалар ўрнига чақиртикан, дарахтлар ўрнига алмисоқдан қолган ваҳший даррандаларнинг мугузлари ўсиб чиққан юртда яшашга кўниксин.
Лекин кунларнинг бирида мана шу чумчуқ шунақа мугузда ўтирган экан, чақиртиканакларга тикилавериш жонига тегибди, мугуздан мугузга учиб ўтаверишдан безор бўлибди. Охири аламига чидаёлмай, кўрмай ҳам, куймай ҳам, дегандек кўзларини чирт юмиб олибди. Алоҳа… пақ этиб дилгирлик касалига йўлиққан қушга айланиб қопти. Дилгир одамни нима учундир интеллигент деб аташ расм бўлган. Бундан чиқди дилгир чумчуқ ҳам интеллигент бўлади-да! Одамларнинг тушунчасидаги интеллигентлик хусусияти шу чоққача битта-яримтасига бахт келтирганини билмайман… Мана шу тариқа мугуз тепасида ўтирган шайдойи дилгир чумчуқ кўнглига “лоп” этиб ўзини ўлдириш фикри келган. У донишмандларга хос истеҳзо билан теварак-атрофга назар ташлабди, унинг митти кўзларида қатъий қарор ифодаси зуҳур этиб турарди. У уч-тўрт бор чирқиллабди, сўнг бир нафас ўтгач, яна сўнгги бор, худди бир нимани илтижо қилаётгандек зорланиб, узоқ чирқирабди. Бамисли бу охирги илтижоси билан қайғу-ҳасратларини ифода этмоқчи бўлаётгандек… сўнг, қанотларини ёйиб, бирдан юқорига отилибди ва ўша юксакликдан ўткир ва чайир чақиртиканаклар устига ўзини ташлабдию, тўппа-тўғри ханжар тиғидек тиканга кўкси билан санчилибди.
Қисқаси, чумчуқ чақиртиканакка санчилганча тураверибди. Унинг беҳол ва момиқ қанотлари билан ипакдек патларини шамол юлқилаб, санчилиб қолган наштар теграсида парракдек чир айлантириб ўйнайди. Шамолнинг кучини биласиз-ку!
“Бу бемаза воқеадан нима фойда?” – дея менга қичқиради кимдир. Ў, қадрли соддадил китобхон дўстим! Биз яшаётган дунёда ҳаётий, ахлоқий ва маҳдудона бемазагарчилик камми? Ҳар қадамда юз бермайдими, янглишмасам?! Эртакдан нима кутмоқчи бўлаяпсан? Ҳеч кимга зарра қадар зарар келтирмайдиган аллақандай ғайритабиий нарсалар деб менга жаҳл билан иддао қилишинг шартми?

ЧУМЧУҚ АРМОНЛАРИ

…Шохда ўтирган тақдиридан норози, ҳорғин чумчуқ парранда зотини яратаётганда бор санъатини ишга солмаган табиатга нафрат билан тикилади. У булбулдан ҳазар қилади. Нарсаларни кўр-кўрона яратиш оқибати менинг азоб-уқубатларим сабабчисидир, деб ўйлайди чумчуқ ва бу фикрдан озгина енгил тортади. Онгининг теран қатламларидаги файласуф уйғонмоқда. (Бунинг ҳеч ажабланарли ери йўқ: ўз тақдиридан норози бўлиш даражасига етган жон борки, том маънодаги файласуфга айланмаслигининг иложи йўқ.)
Ақл-идрокининг теранлигидан ҳайратланаётган чумчуқ булбулдек хониш қила олмаслигидан шунчалар норози эдики, азбаройи, ўзини яратган табиатга қарши исён кўтаришга ҳам тайёр эди! Бироқ файласуф чумчуқ исёнкор чумчуқни енгишга қодир! Беҳолгина “чиқ-чириқ” қилганча у шохдан уй пештоқига учиб ўтади. Ўша ердан туриб орсиз файласуф яйраб-яйраб сайрайди: “Чиқ-чириқ, чиқ-чириқ, чиқ-чириқ”.
Чумчуқлар онги ривожланиб, инсон онгининг ҳозирги даражасига етмагунича бу қуш шунақа бетайин, ғалати кайфиятда миллион йил яшаши ҳам мумкин. Бу томонларда яшаётган башар фарзандлари, унгача ўзаро нифоқ, ҳасад (чумчуқнинг булбулга бўлган ҳасадига ўхшаш) ва ичиқоралик иллатларидан халос бўларсиз балки, миллион йил бинойидек муддат… Нима дедингиз? Тўғри, абадият олдида бу миллион йил нима деган гап?!.

ПАШША

Юли кап-катта бўлиб қолди энди, унга пашша ўлдираман деб хонама-хона югуриб-елиш ярашмайди. Биров кўрса, эсини еб қўйибди, дейиши турган гап. Ярамас қўшнилар шуни кутиб юришибди, шартта черковга топшириб юборишади. Эсимдан чиқмайди сира, учинчи синфда ўқиётган маҳал, муаллима эрта кўкламда битта пашшани ўлдирсанг ёзгача ўшандан тарқаладиган мингта зараркунанданинг олдини оласан, деганди. Битта ўқувчи бола – у синфда ҳаммамиздан катта эди – муаллимадан қанақасини, эркагиними урғочисиними, деб савол берганида боёқиш нима дейишини билмай, тили калимага келмай қолган ва охири ажратиб ўтирмасдан ҳаммасини қириш керак деган эди аранг. Ўша баҳор стол, стул, девор, қути ва жавонларга пашша ургичларнинг шақиллаб урилиши билан ўтганди: муаллиманинг топшириғи билан болалар пашшаларга қарши уруш эълон қилишганди. Ҳар бир ўқувчи эрталаб мактабга келганидан бошланарди мақтанчоқлик: қаерда, нечта, қандай қилиб ўлдирганини айтиб чарчамасди. Ўша қирғин-барот “жанг”ларда қатнашган Юли бошқа “жангчи”лардан сира фарқ қилмасди. Синфдаги болалардан фақат биттаси талофат кўрганди: у пашшани ўлдиришга ўлдиргандию, лекин билмасдан стаканни тушириб юборгани учун бир шапалоқ еганди.
Оромкурсида китоб ўқиб ўтирган Юли бошини кўтариб шифтда ғинғиллаб учаётган пашшани кузатади, бир пайтлардагидек сакраб туриб унинг ортидан югуришдан ўзини аранг тияди. Ниҳоят, у кўнглида жўш ураётган ёввойи истакни бутунлай енгадию, ўзини қўлга олиб, пашша ҳақида дўстона ҳайрихоҳлик билан мулоҳаза юрита бошлайди.
– Уни ёз фаслининг элчиси деб атайман бундан буён, – дея хаёлидан ўтказади у, – ваҳоланки, кўклам хабарчисини ҳалигача кўрганим йўқ. Ҳай, майли, бўпти, биламан. Қалдирғоч бор-ку… Қизиқ, мана шу пашша қаерлардан учиб келган экан-а?! Э, шу яқин атрофда гўнг уюми бўлса керак.
Қўшниларининг ҳовлисида кеча гўнг тўплаб қўйилгани эсига тушди.
– Ҳа, албатта, пашша жон қўшнимизнинг ҳовлисидан учиб чиққан.
Юли пашшани илк бор хайрихоҳлик билан кузатди, дераза пардаларининг тепасида учаётган ҳашарот унга ёқа бошлади. Пашша, гўнг уюми, дилбар қўшни, баҳор оқшомидаги шафақ – ҳаммаси май ойидаги шаҳар ҳаётининг тантанавор оҳанглари бағрига сингиб кетди.
Аммо туйқус пашша юксак тоғлардек туюлаётган шифтдан пастлай бошладию, Юлининг нафаси ичига тушиб кетди. Тўғри қаҳвага келиб тушса-я! У қаҳвага қўшиб пашшани ҳам ичиб юбораётганини кўз олдига келтириб зардаси қайнади. Пашшани ёмон кўриб кетди. Бирпасда таъби тирриқ бўлиб одатдагидек феъли айниди. “Кимга керак бу пашша?.. Ёруғ оламга келиб нима қилиши мумкин – ҳеч нарса, – дея фикр юритади у. – Агар улар бўлмаганда эди, мактаб ўқувчилари билан устанинг ишсиз қолган шогирдлари биронта фойдали иш билан шуғулланишган бўларди… Шопенгауэр “Бахт – қийинчилик ва уқубатлардан қисқа муддатга бўлсин қутулмоқ”, демаганми… Жилла қурса таъсирчан одамларнинг кўнгли учун Худо шу пашшани яратмаса эди. Мўр-малахлигини айтинг яна! Чиппа ёпишиб олса – тамом, то шапалоқлаб башарангга туширмагунингча кетмайди. Хира, шилқим.
Пашша – пашша-да, мақсадига эришиш учун бошқаларга халал бераётгани билан мутлақо иши йўқ. Ановини қаранг, қаҳва тепасида ерости бойликларини изловчидек айланишини-чи!.. Пашшалардан одамларни халос қилувчилар қай гўрга кетди? Ахир маош олишади-ку бунга! Депутатлар қаёққа қараяпти? Шаҳарларимиздаги ягона диққатга сазовор нарса бўлиб қолди-ку пашшалар. Дарҳақиқат, чет элликларнинг томоша қилишига арзийди…”
Бу тахлит фикр-мулоҳазалардан Юлининг асаби бузилади, беихтиёр қаҳва пиёласи узра “шап” этиб қўли билан ҳамла қилади, кафтини оҳиста очади: йўқ, тутолмабди, қани яна бир марта – ўппа! Дафъатан, шу лаҳзада остонада пашшаларга уруш очилган пайтдаги собиқ сафдоши, ҳозир дорилфунунда ўқийдиган курсдоши кўринади.
– Нима қилаяпсан, Юли? Пашша тутаяпсанми?
– Ҳеч нима қилаётганим йўқ. Шундай, ўзим ўтирибман. Нима учун яшаяпмиз ўзи, деб ўйлаяпман, – жавоб қилади Юли одати бўйича.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 11-сон