Опа-сингил О’Рэйлилардан қай бирининг гўзалроқ эканини айтиш мушкуллигини ҳамма яхши билади. Мана, мовий кўзли Кэтлин. У ўн етти ёшидан бошлаб тикувчи бўлиб ишлади. Италияликка турмушга чиқди. Ўттиз беш ёшига қадар йил ўтказиб туғавергани боис, ўзининг болалари бўлса ҳам, ишлаб топган пули эвазига кичик сингилларини боқиб улғайтирди. Буниси қора сочли, аччиғи бурнининг устида турадиган Бриджет. Эрининг бўйи бор-йўғи бир ярим метр келади. Беш йил фарзанд кўрмади, кейин сариққина бола туғди. Болани полициячидан бўлган, деб гапиришади. Буниси – миттигина Нэтти. Унинг оёқлари қўғирчоқникидай ингичка. Черков хорида қатнашадиган эри О’Гул ҳаммага таниш пиёниста. Ундан фақат қизлар туғилган. О’Рэйлилар оиласида ҳаммадан чиройлиси, шубҳасиз, энг кичиги Делия эди. У руҳонийга турмушга чиқиб, бошқа шаҳарга кетди.
Кэтлин синглисини ҳимоя қилиб, Жон Тэйлор ирландияликка ўхшайди, деб ҳаммани ишонтиришга уринарди.
– Унинг кўзлари мовий, – дейди у Нэтти ва Бриджетга, – протестантларда бундай кўзли кишиларни кўрмаганман.
– Эҳ, бу Делияни қўявер, – дейди Бриджет, – ҳаммаси сен туфайли, Кэтлин. Уни эркалатиб юбординг, энди ўзини доимо ҳақ деб билади. Болалари нима бўлади? Сенга протестант-жиянчалар керакми?
– У болаларини чўқинтираман деб, шартномага имзо қўйган, – дейди Нэтти.
– Кимга ишонишни жуда яхши биларкансан, – дейди Бриджет. – Улар нима тўғри келса, шошиб имзолайверишади.
– Лекин у болаларни севади. Меникилар ҳам уни ақлини йўқотар даражада яхши кўришади, – дейди Кэтлин.
– Сеникиларнинг ақли оз. Қайноқ қонли эканликлари шундоққина кўриниб турибди, – дейди Бриджет. – Эҳтимол, сен ўзинг унинг мовий кўзларида чўмилгандирсан. Ундан узоқлашмай қолдинг.
– У Нора билан юмшоқ муомала қилади, – дейди Кэтлин.
Шу ерга келганида ҳатто Бриджет ҳам жим бўлиб қолади. Кэтлиннинг қизчаси Норанинг бир оёғи иккинчисига қараганда туғма калта.
– Бизнинг оиламизда ҳеч қачон бундай бўлмаган. – деганди Бриджет Норани илк марта кўрганида. – Мана шундан ке-йин ҳам чет элликка турмушга чиқиб кўр.
Жон Тэйлор Норани тиззасига ўтқазиб, унга ғарб ҳақида ҳикоя қилиб беради.
– Сиз ковбойларни кўрганмисиз? – деб сўрайди қизча чарм ғилофчадан унинг соатини суғураётиб. Қўғирчоқнинг сумкачасига ўхшаган ғилофчадан хушбўй ҳид анқийди. Бир куни Нора бу ҳақда гапириб, сумкачани қўғирчоғи учун совға сифатида олди.
– Ковбойларми? Улар қўпол, тарбия кўрмаган.
– Жаноб Дюпон-чи? – деб сўрайди Нора.
– У чинакам жентльмен. Унинг қўлида ишлаш яхши.
Жон Тэйлор Дюпоннинг ҳайдовчиси эди. У Делавэр штатида яшар ва Дюпон қўрғонидаги ғаройиб боғлар ҳақида Норага кўп гапириб берганди.
– У ёшлигида жуда ҳам камбағал бўлган, – дейди Жон Тэйлор.
– Яна боғлар ҳақида гапириб беринг. Темир қопқоғига кумуш от ўрнатилган машина ҳақида ҳам.
Делия яқин келиб, эрининг кафтига кафтини қўяди. Қўли- нинг томирлари кўзадаги сут сингари оқимтир яшил тусда бўлиб, совуққина туюлади. У ўзининг биринчи фарзандини кутмоқда эди.
– Чақалоқ туғилганда Делавэрдаги уйимизга боргин, – дейди у эри билан кўз уриштириб. Нора бу нигоҳлар бола билан боғлиқ эканини ҳис қилади. Унинг онаси ҳомиладорлик чоғида ерга қапишгандек дум-думалоқ бўлиб қоларди. Делия эса аксинча, Норанинг ака-сингиллари сингари дўмбоқ болачаларни эмас, яшил ҳавони кўтариб юргандай, енгил ва новча бўлиб қолганди.
Делия ва Жон Тэйлор у билан сайрга чиқишади. Қизча иккисининг қўлидан тутиб ўртада қадам ташлаб боради. Улар-нинг кафти бир-бирига ўхшамайди: Делияники ингичка, намроқ, Жон Тэйлорники эса катта, қуруқ ва бақувват. Туфлиси ҳам қаттиқ, доимо янгига ўхшаб кўринади. Қизча билан қандай сайр қилишни Жон ва Делиядан бошқалар яхши билишмайди. Кўпчилик ўта секин қадам ташлайди. Мени деб бундай юриш шарт эмас, дегиси келади қизчанинг. Лекин уларни ранжитиб қўйишдан хавфсирайди. Фақат Жон Тэйлор ва Делия билади, деб ўйлайди Нора.
Икки ҳафтадан кейин улар Делавэрга жўнаб кетишди.
– У қандайдир озғин, – деди Бриджет.
– Лекин чиройли, – деди Нора.
Кэтлин лабини тишлади: холанг билан тортишиш яхши эмас.
Делия хат ёзмасди. Янги йил арафасида Нора унга туғилган куни муносабати билан совға юборди. Бу қуриган атир – Нора ёзда териб, ўшандан буён шиша идиш ичида сақланган гулбарг билан тўлдирилган юрак кўринишидаги яшил тусли атлас қопча эди. У онаси билан бирга ҳиди сақланадиган турли жиҳозларни ясай оларди.
Делия «Ажойиб совға учун раҳмат. Мен уни ички кийимларим турадиган сандиққа солиб қўйдим», деб ёзилган откритка юборди.
Ички кийимлар билан… Онаси Норага келган хатни ўқиб берганида, икки холаси уларникида меҳмон бўлиб, чой ичиб ўтиришарди.
– Ёш болага ички кийим ҳақида ёзиш! – деди Бриджет. – Яна откриткада.
– Унинг ички кийимлари чиройли, – деди Нэтти.
– Нора, юқорига чиқиб укангдан хабар ол, – деди онаси.
– Улар Нью-Йоркка кўчиб ўтишганида, Жон унга биргина ички кийим ва кўйлаклар учун йигирма беш доллар берган. Делия пулнинг ҳаммасига гули қўлда тўқилган, ипак лентали сарғиш ич кийим сотиб олган, – деди Нэтти.
– Эҳтимол, шунчаки миннатдорчилик учун қандайдир ҳу- нарсиз одам тиккан кийим бўлса керак, – деди Бриджет.
Энди ички кийим деганда Делия нимани назарда тутганини Нора яхши билади. Аввалига Делия қандайдир дастурхон ҳақида ёзибди, шундай гул атрини дастурхонда қандай сақлаш мумкин экан, деб ҳеч нимани тушунмай юрганди. Нора Делиянинг кўйлаклари қандайлигини тасаввур қилиб кўрди: фаришталар сингари оппоқ, гуллар каби хушбўй. Жон Тэйлор уни шундай кийимда кўрганмикин? Кўрмаган. Йўқ, кўрган. У Делиянинг эри. Нега энди эри кўрмасин?
Холаларининг бу ҳақда гаплашгани яхши бўлди. Энди у ички кийим қандай бўлишини билади. Гулли лентаси бор, деди Нэтти. Делиянинг қорни қаппайган, лекин Норанинг онасиникига ўхшаб катта эмас. Аслида онаси май ойида туғиши керак, Делия эса ундан аввалроқ. Мартда, деб айтишди. Унинг қорни ҳаво шари сингари енгил ва мулойим. Онасиники эса шалғам сингари оғир ва қаттиқ. Қизиқ, нега бундай экан, деб ўйлади Нора. Онасининг беш нафар боласи бор, Делия эса биринчисини туғяпти, эҳтимол, шунинг учундир.
Онаси Делияга хат ёзаётганида, Нора ундан баъзи гапларни қўшишни илтимос қилди. Жон Тэйлорнинг туғилган куни қачон бўлишини сўради. Эҳтимол, ёздадир. Агар чиндан ҳам ёзда бўлса, унга игнабарг солинган ёстиқча тикиб жўнатади. Уларнинг оиласи июл ойида шаҳар ташқарисига бир ҳафталик дам олиш учун чиққанида, игнабарглардан териб, онаси берган халтачага солиб, совға тариқасида юборади.
Март ойи келди, лекин Делия тўғрисида ҳам, унинг ча- қалоғи ҳақида ҳам хабар келмади. Унга ҳамма – Норанинг онаси, Нэтти, ҳатто Бриджет ҳам хат ёзди, лекин ҳеч қандай жавоб олишмади.
– У биздан тамоман ажралиб кетди, – деди Бриджет, – Шуниси аниқки, бола чўқинтирилмаган. Шунинг учун бизга хабар юборишдан чўчияпти.
– Биринчи бола доимо кечикади, – деди Кэтлин. – Фурсати етганидан кейин ҳам мен Норани тағин бир ой кўтариб юрганман.
– Эҳтимол, боласига бирор нима бўлгандир, балки ўзи бемор бўлиб қолгандир. Шунинг учун Делия бизни ташвишга солмоқчи эмасга ўхшайди, – деди Нэтти.
– Бизнинг оилада ҳеч қачон бундай бўлмаган, – деди Бриджет қаҳрланиб. – Биз томонларда бундай ҳодисалар бўлганини эшитмаганмиз.
– Том Хоган-чи? Уччала боласининг ҳам ақли расо эмас. Миссис Келлининг ўғли эса кўр, – деди Нэтти.
– Сен, Бриджет О’Рэйли, ҳаётингда бир марта бўлса ҳам синглимиз ҳақида илиқ гапириб, уни дуо қил! Қаерда яхшилик бўлса, дарров маломат тошини отишга тайёрсан, – деди Кэтлин.
– Биласанми, нима? – деди Бриджет. – Менга қулоқ тутганида, ибодатсиз ҳам бинойидек юрарди.
– Худо асрасин, ким ибодат қилмай иш битирибди? – деди Кэтлин чўқиниб.
– Делавэрда об-ҳаво қандай? – деб сўради Нэтти.
– У ерда намгарчилик, – деди Бриджет. – Ёмғир.
– Улар шундоққина қўрғоннинг ўзида яшашади, – деди Кэтлин. – Жаноб Дюпон нимани тановул қилса, улар ҳам ўшандан истеъмол қилишади.
– Шундайликка шундай, лекин бир столда эмас, – деди Бриджет, – Хизматкорлар пастда овқатланишади. Мен ўзимнинг уйимда таом еганим яхши. Хизматкорларга ажратилган столда овқатланишга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди.
– Хўш, биз унга бошқа ёзмайми? – деди Нэтти Кэтлинга мурожаат қилиб.
– Қўявер, аввал ўзи ёзсин. Бирор сабаб топилиб қолар, – деди Кэтлин.
– Ахир, у биздан кетган, – деди Бриджет.
– Бирор ҳодиса юз берганида, биз билган бўлардик. Ёмон иш тез билинади. Эҳтимол, унинг юмуши кўпдир? Ёки Дюпонлар уни жуда эркалаб юборишган, – деди Кэтлин.
Нора миссис Дюпоннинг туғилган куни қандай нишонлангани ҳақида Жон Тэйлордан эшитганларини эслади. Дастурхонга оққуш кўринишидаги торт қўйилган. Ноябрнинг ўртасида – чинакам қулупнайли музқаймоқ! Аёллар эса, деганди Делия, товуслар каби қанот танғиб олишади. Аёллар чиройли эди, деганди Жон Тэйлор. Сен яхшироқ биласан, деганди Делия. Ахир, сен уларни машинага ўтирғизгансан, белбоғларини танғиб қўйгансан, уларнинг ҳузурида дакан хўрозга ўхшаб бир оёғингда тик тургансан. Мен вақтида ёнингга етиб бормаганимда, сен ҳозир қаерда турардинг? Сен мени муқаррар ўлимдан сақлаб қолгансан, деганди Жон Тэйлор мўйловини бураб.
Нора уларни табассум билан эслайди. У иккиси баравар куладиган Жон ва Делиядан бошқа эру хотинни билмайди.
– Биз энди Делия ва Жонни бошқа ҳеч қачон кўрмаймизми? – деб сўради Нора онасидан.
– Ҳеч қачон «ҳеч қачон» дема, бу яхшиликка олиб бормайди. – Жавоб берди Кэтлин белини ушлаб. – Белим оғрияпти, яқинда туғруқ бошланади, – деди у, – ўша пайтда сен эътироз билдирмай, Бриджет холангга қулоқ солишинг керак.
– Яхши, мэм, – деди Нора. Аслида, Норанинг ҳеч қачон эътироз билдирмай, холасига қулоқ солишини онаси билади. Фақат ўшанда Делия ҳақида гап боргани учун Нора ўзини тутолмай қолганди.
Норанинг онаси туғруқдан аввал ётоғига жойлашгач, кичик болаларини Нэттиникига юбориб, уйда фақат Норани олиб қолди. «Отангни ёнида бўл, – деди онаси унга, – сенсиз ёлғизланиб қолади, бундан ташқари, уйга бегона одамлар келиши мумкин».
Лекин Нора борлигида отаси кимгадир халақит бериб қўядигандай, хонада ишончсизлик ва журъатсизлик билан юради. Иссиқ кунлар бошлангани учун ҳар оқшом қизи билан бурчакдаги музқаймоққа боради. Одатда улар оз учрашишар, деярли ҳеч нима тўғрисида гаплашишмасди. Нора отасини ғазабланган чоғида ҳам, ҳориган пайтида ҳам кўп кўрган. Ота-си одатдагидан ташқари беўхшов қадам ташлаб, Норани уйга кузатиб келгач, кун ботмай уйқуга кетиб, қизи ухлаб ётганида чиқиб кетади.
Ниҳоят, Кэтлиннинг туғруғи бошланди. Бриджет кун бўйи Норани ҳовлига чиқиб туришга мажбур қилди. У янги туғилган чақалоқнинг овози ёки бирор-бир хавф-хатар тўғрисида эшитмай қолишдан чўчиб, узоққа кетмай, ҳовли чеккасида ўтирди. Болалар югуриб келиб, уни ўйинга чақиришди, лекин Нора рози бўлмагач, нари кетишди. Қизча аввал ўзининг қўлига, ке-йин бири иккинчисидан катта бўлган оқ туфлисига назар ташлади. Онасининг айтишича, худо унинг ҳақида алоҳида фикр- да эмиш. Бу қандай фикр? Эҳтимол, худо аллақачон бошқача ўйлаб кўргандир? Балки уни унутгандир? Нора панжара бетонидаги қизғиш тошчаларни санайди. Онасининг бақираётгани эшитилиб туради. Дераза очиқ бўлгани учун уни бутун маҳалла эшитаётган бўлса, ажаб эмас.
Бирдан қаршисида жигар тусдаги эркаклар туфлиси намоён бўлди. Аввалига чўчиди, лекин шу заҳоти уларни таниди. Юзига боқмай туриб ҳам билиши мумкин, бу дунёдаги энг яхши туфли – Жон Тэйлорнинг туфлиси.
– Салом, Нора, – деди у ташрифи қизчани умуман ҳайратга солиши мумкин эмасдай.
– Салом, – деди ўша оҳангда, Жон унинг ҳайрон қолишини истамаётганини сезиб.
– Онанг уйдами?
– У юқори қаватда ётибди.
– Нима, касал бўлиб қолдими?
– Йўқ. Яна битта бола туғяпти.
Жоннинг нафаси тиқилди. Гапнинг ярмидаёқ титраб, тишини-тишига босиб, чуқур нафас олди. Унинг атрофидаги ҳаво ойнадай ялтиради. Ён-верига қараб, кетмоқчи бўлди.
– Делия қандай яшаяпти? – деди Нора, онаси шундай деб сўраши мумкинлигини ўйлаб.
– У ўлди, – деди Жон четга қараб.
– Боласи-чи? Ўғилми ёки қиз?
– Ўлди. Ўлик туғилди.
– Сиз машинада Дюпонни олиб юрасизми? – деди Жоннинг айтганларини тушуниб етмоқчи бўлиб. Ўлик туғилди. Бу қанақаси? Делия ҳам ўлибди. Деразадан онасининг чинқириғи эшитилди.
– Мен таътилдаман, – деди Жон қўлини чўнтагига тиқиб.
Нора уни кўпроқ ушлаб туришни истарди. У билан бирга сайрга чиқиш, боғлар ва машиналар тўғрисида эшитиш учун ниманидир ўйлаб топиши зарур.
– Сиз қандай яшаяпсиз? – сўради Нора.
– Яхши, – деди Жон Тэйлор.
Катта одам бўлгани учун ҳеч нима демаса ҳам, ҳаммаси тушунарли эди: у бу ерда қолмоқчи эмас.
– Нора, – деди у қизчага эгилиб, – кел, иккимизнинг ўртамизда сир бўлсин. Хўп десанг, сенга нимадир совға қиламан.
– Яхши, – деди Нора. Жон ҳозир кетади. Уни тўхтатиб бўлмайди. Лекин ундан қандайдир совға олишни жуда ҳам истаяпти. Нора сир сақлайди, Жон эса совға беради.
Жон чўнтагидан кумуш доллар олиб, Норанинг кафтига қўйгач, унинг бармоқларини букиб қўйди.
– Бу ерда бўлганимни ҳеч кимга айтма. Делия тўғрисида ҳам, чақалоқ ҳақида ҳам гапирма.
Буниси ғалати бўлди! У ҳаммасини айтмоқчи бўлиб келди, энди эса бу ҳақда оғиз очмасликни сўраяпти, ўйлади у. Эҳтимол, Жон бу гапларни фақат Норанинг ўзига айтмоқчи бўлгандир. Демак, у ўзининг сирини айтиб, совға бериш учун Делавэрдан келган.
– Мен ҳеч нима демайман, – деди қизча ва унга тикилди. Ҳаётида биринчи марта катта кишининг кўзига тик боқиши. Ҳаяжонланганидан баданида чумоли ўрмалагандай бўлди.
– Демак, келишдик, – деди Жон ва ерга тикилганча тез-тез юриб кетди.
Нора уйга кирди. Юқоридан Бриджет ва азоб чекаётган онасининг овози эшитилди, лекин чақалоқники эмас. Нора кўйлагини кўтариб, ўзининг долларини иштончасининг резинаси остидан қорнига босди. Танга қорнига муздай тегди, лекин кўп ўтмай танасининг ҳарорати билан илий бошлади.
Рус тилидан Авлиёхон Эшон таржимаси