Меҳмон Бахтий. Хубон (қисса)

Азиз ҳамқишлоқларим ҳурмати ва отамнинг ёрқин хотирасига бағишлайман

1

Офтоб ҳали қиёмга етмаган эди. Тоғ ёнбағридаги ҳайдалиб, текислаб қўйилган ер томондан ҳофизнинг якка нолиши қишлоқ осмонига аранг-аранг ўрларди. Бу тепаликдан Шолон, Қалъача ва Чашмадор қишлоқлари, экин ерлари ва ям-яшил боғлари кўзга ташла-нарди.
Бу қишлоқларни қуршаб олган тоғларни кузатган инсон қачонлардир мўъжизали табиат ўзининг бор маҳоратини ишга солиб, бу ердаги тепалик ва тоғлар атрофига улкан бир тақа қўйган дея ўйга борарди. Бу тепалик ва тоғлар ёнбағрида ҳамда дара ва сел йўл-лари ўртасида ғаллазор майдонлар сап-сариқ рангда товланарди…
Буғдойзор ёнида тўрт ҳофиз жарангли, баланд овозда қўшиқ куйларди.

Униб-ўсган буғдойни ўрамиз-ей-ўрамиз,
Ёр олисда, ҳолини сўраймиз-ей-сўраймиз.

Ўроқчилар буғдойни қабзалаганча, берилиб-берилиб ўроқ тортишарди.
Овозлари томоқларида қотиб қолдими, қўшиқ айни авжига чиққан мaҳал бир-данига ҳофизлар куйлашдан тўхташди. Катта йўлда кўринган отлиқ Шолон қишлоғига елдек кириб келди. Уч-тўрт ўроқчи елкага ўроқ ташлаб ерга ўтиришди ва яна бир неча ўроқчи, бирининг қўлида буғдой боғлами, иккинчиси буғдой тутамини тутганча турган жойида қотиб қолди. Баланддан кўзга кичик кўринаётган отлиқ қишлоқнинг қуюқ дарахтзорлари орасида бир кўриниб-бир кўринмай шитоб билан от қамчилаб борарди.
Отлиқнинг пайдо бўлиши буғдой ўраётган одамлар руҳида бир енгиллик ва қувонч уйғотди. Ўроқчиларнинг илиқ, маъноли нигоҳларида бу ҳиссиёт ифодасини сезиш қийин эмасди. Уларнинг ҳар бири отлиқнинг бир хушхабар билан келаётганига кўз тутарди. Бу ерларнинг одатига кўра чопар ҳаммадан аввал aскар оиласига хушхабар етказиши ва бу эпчиллиги, чеккан заҳмати эвазига суюнчи олиши зарур. Лекин бу қувонч, бу улуғ бахт қайси бир хонадонга насиб бўлишини ҳали ҳеч ким билмасди…
Уруш тугаганига бир ярим ой вақт ўтди. Қишлоқнинг камдан-кам йигитлари урушдан қайтиб, бобо касблари – деҳқончиликка киришиб кетишди. Тўрт йилдан кўп чўзилган уруш давомида кети кўринмаган қорахат, уйма-уй оралаб юрган мотам йиғи-сиғиси бора-бора қишлоқ одамлари кўзидаги ёшни қуритди. Урушдан бирон аскар қайтиб келган ҳовли остонасидан одамлар оёғи ҳафта-ҳафталаб узилмасди. Аскар дийдорини кўриш учун келган одамлар бу мўъжизага – унинг тирик қайтиб келганига шукроналик қилишарди. Биринчи куни дутор ва доира навоси, қўшиқ ва рақс жозибаси аскар ҳовли-сини сурурга кўмарди. Шу йўсин олдинги ғам ва аза қишлоқдан узоқлашгандай бўларди. Лекин фронтдан қайтмаган аскар ота-онаси, хотини ва фарзандлари учун ҳали уруш туга-ган эмас эди. Айрилиқ дарди ёш болаларнинг митти қалбини ҳам қаттиқ ўртарди. Болалар оналарининг қўлларини тутганча оталарини соғинганларини айтиб, унинг қачон келиши-ни сўрашарди. Бироз улғайиб, унча-мунчани тушуниб қолган болалар эса, оналарининг умид тўла аламли кўзларидан оғир азоб ҳиссини сезишарди.
Отлиқ Шолон қишлоғидан ўтиб, йўлдан четга чиқди-да, сел йўлини ёнлаб Қалъача томонга от сурди. Анчадан бери тик турганча қолган буғдой ўрувчилар қуёш кўзни қамаштирмаслиги учун қўлларини пешоналарига тутиб, чопар қайси бир эшикка Кириши-ни сабрсизлик билан кутишарди.
Отлиқ отни аёвсиз чоптирганча қишлоққа кириб келди. Бир тўда бола қийқирганча кўча чангини осмонга кўтариб унинг ортидан чопишди. Отлиқ йўл четидаги масжид ёни-дан ўтиб, от жиловини чап томонга бурди ва икки тавақали ўймакор дарвоза ёнида отдан сакраб тушди…
– Соҳиб келибди, Соҳиб раис! – ўроқчилар орасидаги озғин одам севинганича қўл-ларини осмонга кўтариб қичқирди.
– Яхши бўлди-да, бечора Салима кампир эгилиб-букилиб қолаётганди, – деди ўрта яшар аёл ҳасрат аралаш кўз ёшларини рўмоли учи билан артганча.
– Муборак бўлсин, биргад! – ҳар тарафдан овозлар эшитилди ва ҳамманинг нигоҳи йигирма тўрт-йигирма беш ёшлардаги буғдойранг аёлга йўналди.
Хубоннинг қуёшда қорайган, уринган чеҳраси одамлар томонга ўгирилди-да, сўнг Шолон қишлоғига кирадиган катта йўл томон бурилди. Йўлда ҳеч ким кўринмасди. Хубон бир зум гоҳ одамларга, гоҳ йўлга тикилар экан, бирданига ҳар ер-ҳар ерида буғдой боғ-ламлари ғарамланган буғдойлар орасидан аста қадам ташлаб пастликка эна кетди. Марзага етгач, илкис қоматини тиклаб, бор ихтиёрини илдам оёқларига берди. У тоғдан отилган тош мисол майда тошлар ва буталар устидан чопиб бориб, илонизи йўлга етгачгина секин-лашди. Анбаргулли рўмолини бошидан олди-да, худди қанот чиқарган каби учганича пастга отилди. У бир йиқилиб, бир сирғаниб, юлғун ва итбурун буталарини тутганча дара тубига қуламаслик учун интиларди.
Хубоннинг қадамлари остидан ҳавога кўтарилаётган чанг илонизи йўл ёнидаги ерга қўнмасидан бурун у дашт томон юрди. Тош устига ўтириб нафас ростламоқчи бўлди. Юрак уриши ва тез-тез нафас олишидан кўкрак қафаси ёнгандек бўларди.
Хубон йўлдан кўз уза олмасди. Қария, олдинда бир йигит қишлоқ томон келишар-ди. Хубоннинг оёқларига оғриқ кирди, тиззаси титради. У кечикмаслиги шарт. Ҳадемай, Соҳиб йўлдан ўтиб кетади. Хубон ўрнидан сачраб турганча кўйлак этаги ва лозимига ёпишган думалоқ тиканларни териб ташлаб, яна катта йўл томон чопди.
Айни шу дам баланд тоғдаги ўроқчилар қўлида анбаргулли рўмол, бошяланг Хубоннинг йўл четидаги қўрага учганча кирганини кўришди.
Қўрада ҳеч ким йўқ эди. Ўрикнинг бир шохидан иккинчи шохига учиб-қўнаётган ҳакка бирдай хунук сайрарди. Қўра этагидан ариқ сувининг майин шилдираши қулоққа чалинарди.
Хубон кўйлаги ва лозимига ёпишган чанг-тупроқни қаттиқ-қаттиқ қоқиб, юз-қўлини ювди, тўзғиган сочини қўли билан тараб, тартибга келтирди, рўмолини бошига ўраб, қамишдевор ортидаги тут тўнкасига ўтириб, йўл томон тикилди. У ҳали ўзига кел-масидан, йўлда уч отлиқ эркак кўринди.
Хубон тўнка устидан сачраб турди ва пана ерга ўтганча чўккалади. Нафас олиши тезлашиб, юрак уриши қайтадан кучайди. У наъматакнинг қалин шохларини бир томон тортиб, йўл томон диққат билан тикилди ва ўртадаги отлиқни тезда таниди: Соҳиб! У билан бирга «Зафар» колхози раиси Анвар Назаров ва вилоят вакили Равшан Ҳаким от йўрттириб келишарди.
Бир лаҳзада Хубоннинг бошидан минг фикру хаёл ўтди. «Йўлга чиқсамми, чиқма-самми? Борди-ю, Соҳиб яхши гапирмаса, нима қиламан? Ғазабланиб, бирон бўлмағур гап айтиб қўйса, аҳволимга вой кейин. Йўқ, яхшиси, сабр қиламан. Илоҳим, гап чиқарган уйга ўт тушсин. Чорасиз азобга учрасин».
Хубон Соҳибни яхшироқ кўриш учун кўз ёшларини рўмоли учига тезда артди. Отлиқлар Хубон турган ерга яқинлашишди. Хубон Соҳибнинг оппоқ, уринганмисол чеҳра-сини аниқ кўрди. «Сочлари ўзига бирам ярашибди», – кўнглидан ўтказди у. Соҳиб аскар-ликка кетганича соч қўймасди. У аскарликка бошига Хубон тикиб берган гуллик дўппи-ни кийиб кетганди.
Қуёш нурида Соҳибнинг орден-медаллари ялтирарди. Кўйлаги устидан камзул, сарғишранг галифе шим кийган, хром этикли, орден-медаллари жиринглаётган Соҳиб Хубоннинг кўзига алланечук бир важоҳатли кўринди. Хубоннинг четан ортидан ўтиб, йўлга отилишига бир баҳя қолди. Лекин ноилож нафасини ичига ютиб, жонини узгудек ҳасрат-аламда Соҳибдан кўз узолмай қолди.
Шу лаҳза Хубон ўзини севган кишисини яқиндан кўраётган, лекин бир оғизгина сўз қотиш ҳуқуқига эга бўлмаган ва унга яқин боришга журъати етмаган панжара орти-даги асир инсонга ўхшатди.
– Урушнинг шум нафаси бу ерларга ҳам таъсир кўрсатибди-да, Анваршо. Мевазор боғларимиз ҳам камайиб кетибди, унда-бунда дарахтларга кўзим тушяпти. Назаримда йўл ҳам илгариги ўрнида эмасдай. Қинғир-қийшиқми-ей, – Соҳиб шундай дея икки оёғи билан узангида тик туриб атрофни томоша қилди. Унинг бу ҳолати жанг майдонида олис-олис-ларга назар ташлаётган, янги курашлар режасини тузаётган лашкарбошига ўхшарди.
– Ўтган йил ёғингарчилик кўп бўлди. Сел қанча обод жойларни бузиб ташлаб, ялан-ғоч тошлоққа айлантирди. Сел бир офат бўлса, чанг яна бир офат, Соҳиб. Бири табиат иши бўлса, иккинчиси одамнинг касофати – фарқи шу – отини ниқталаркан Анвар Равшан Ҳакимга маъноли кўз ташлади.
Отлиқлар қўра ёнидан узоқлашиб, йўл ёқасидаги уйларга етмасларидан бир гуруҳ бола қичқириб-қийқириб кўчани тўсиб олишди. Хубон ўрнидан қўзғалиб, ўрикнинг эгик танасини қучоқлади ва бир «оҳ» тортди-да, худди йўли очилган димиқиб ётган сув ариқ қирғоқларидан тўлиб-тошиб шитоб билан оққандайин юрагидаги тугун ечилиб кетиб, у бор овози билан ўкрак тортди. У тўлиб-тўлиб йиғлар ва ҳозир қучоқлаб тургани қадди эгик ўрик дарахтидан ўзга унинг ғамига шерик бўладиган ва суянадигани йўқлигини ўй-ларди. У йиғларди ва фитначи одамларга лаънат ўқирди.

2

Қуёш ботай деганда Шолон, Чашмадор қишлоғидан бўлган одамлар кимдир бир ўзи, кимлардир гуруҳ-гуруҳ бўлиб Соҳибни кўргани борардилар. Кўпчиликнинг елкаси-да ўроқ, тўппа-тўғри буғдойзордан Қалъачага ошикарди.
Фарзандлари келиши шарофати билан чол-кампир – уста Нусрат ва Салима буви-нинг ҳовлисида келди-кетди кўпайиб, шовқин-суронга тўлди. Узум ишкоми тагидаги узун супада эркаклар давра қуриб ўтиришарди. Супа адоғида, ҳовлига кираверишда Соҳиб эркакларга қучоқ очиб кутиб оларди. Аёллар ва кампирлар енг остидан қўл узатиб, Соҳибдан ҳол-аҳвол сўрашарди.
Уй ичкарисида хушовоз аёллар баланд овозда халқ қўшиқларини куйлашар, даҳ-лизда эса, бўй етган шўх қизлар доира чалиб даврани қизитишар, навбат билан рақсга тушишарди. Севинчидан калавасининг учини йўқотган Салима буви гоҳ аёллар даврасига кириб рақсга тушар, гоҳ эркаклар қурига яқинлашиб, «хуш келибсизлар, кўзимнинг нури сизга бўлсин» дея такаллуф қиларди. Уста Нусрат Қосим қассоб билан ҳовлининг бир чек-касида янги сўйилган қўйни дарахтга осиб, терисини шилишарди. Анвар Назаров ва вилоят вакили Равшан Ҳаким одамлардан четроқда қадам ташлаб жимгина суҳбат қуришарди.
Ҳовлига Сангин полвон кириб келиши заҳоти эркак-аёл чеҳраси табассумдан яшна-ди. Бу қария етмиш ёшдан ўтган бўлса-да, бардам ва чаққон, қизиқ-қизиқ гаплар топиб кулдиришга уста эди. У ўрта бўйли, бақалоқ, қўл ва кўкрак пайлари туртиб чиққан, узун соқолли киши эди. Одамлар унинг ёлғон-яшиқ гапларига, ҳазилларига ўрганиб кетишган-ди. У ўзи тўқиган ёлғон гапларга тўн кийгазиб, бўяб-бежаб, худди бўлиб ўтган воқеадай ҳикоя қилишга уста, у билан биринчи марта учрашиб, сўзларини эшитган одам ҳам лол-ҳайрон бўлиб қоларди. Ҳамма Сангин полвоннинг кўнгли тоза, гина-кудурати йўқ инсон-лигини, ёлғон-тўқима аралаш қизиқ гаплари ҳеч кимга зарар келтирмаслигини яхши биларди.
Айтгандай, у Полвон лақабига текиндан-текин эга бўлганди.
Йигирма олтига кирган Сангинни на Шолондан, на атрофдаги қишлоқларда ҳеч ким куёв қилишни истамади. Одамларнинг таъна-маломатлари унинг нақ бўғзига келди ва Наврўз байрамидан бир кун олдин амакисининг ўғли билан бирга Ҳойит томон яёв йўлга тушди. Сангин одамлар оғзидан Наврўз байрамида Ҳойитнинг барча бўйи етган қизлари яшнаган боғ ва далаларга чиқишларини, арғимчоқда учиб, гулхан ёқишларини, ўйин-кулги қилишларини эшитганди. У бу гапни эшитгач, у ерда ўзига ёққанни танлаш ва уйланиш осон экан, деган ўйга борганди.
Амакиваччалар Ҳойит масжидида тонг оттириб, эрта саҳар нонушта қилиб, бозор томон ошиқишди. Бозор саҳнида одамлар аллақачон кураш майдонини тайёрлаб бўлиш-ганди. Аввалига даврани қизитиш учун болаларни курашга солишди ва сўнгра номи чиқ-қан полвонлар ва уларнинг курагини ерга тегизиш ниятида бўлган курашчиларга навбат беришди.
Сангин аввало бозор атрофидаги томларга кўз югуртирди ва ёш қизлар, аёлларни кўрди. Улар бир-бирларига нималардир дея, кулишар, гап маъқуллашар, кураш май-донини томоша қилишарди. Шавққа тўлган Сангин бирданига майдонга чиққиси келиб қолди ва амакиваччасига маслаҳат солган бўлди: « Мен курашга тушаман деб ўртага чиқишим билан сен қўрқиб, титрагандай бўлиб, ўзингни орқага ташла. Мен бу донғи кет-ган полвон билан кураш тушмайман, дея бақир. Бу полвоннинг рақибини боши узра кўтариб осмонга отиш одати бор, не-не курашчиларнинг белини синдирган, дегин. Бу пол-вонга Хўжа Хизр назар қилган. Шу пайтгача елкаси ерга тегмаган, дегин.»
Пичир-пичир, маслаҳатлашувлардан сўнг Сангиннинг амакиваччаси майдонга чиқ-ди ва Сангин чакмонини кийиб, белбоғини енгилгина боғлаб, унинг ортидан гердайганча ўртага қараб бораверди. Иккалалари маслаҳатлашиб олганларидай амакисининг ўғли Сангин полвоннинг бақувват билаклари, тутган ерини эзиб оладиган қўллари таърифини нақ осмонга кўтариб, у билан курашга тушишдан бош тортди. Бу гаплардан сўнг одамлар анчагача жим қолишди, ҳамон гердайганча турган Сангинни ҳайрат билан кузата бошлаш-ди. У билан кураш тушаман деган полвон чиқмади. Иши юришганидан мамнун Сангин атрофдаги томларга кўз югуртирар, қўлларини баланд кўтарганча майдон айланарди. Амакисининг ўғли ишорасига кўра Сангин майдондан четга чиқмоқчи эди, лекин одамлар орасидан озғин бўлса-да, мушаклари туртиб чиққан бир йигит майдон томон қадам таш-лаб, Сангиннинг қаршисида қоққан қозиқдай туриб олди.
Сангиннинг у йигит билан кураш тушишдан бошқа иложи қолмади. Ҳали рақиби-нинг белбоғига қўли етмасдан туриб, йигит ўнг оёғи билан унинг чап оёғини қисиб олди ва Сангинни озод кўтариб курагини ерга теккизди. Бир неча дақиқа ҳушсиз ётган Сангин кўзини очиб қараса, кураш даврасидан четда, осмонга тикилиб ётибди, одамлар ўраб олишган, амакиваччаси тез-тез бетига сув сепмоқда. Ана шу воқеадан сўнг Сангин номига «Полвон» лақаби ёпишиб олди.
 Сангин полвон Соҳиб билан учрашгунча «пўшт-пўшт, четга, қани четга»лаб болаларни тўрт томонга сурди ва кураш майдонига жой очди. Сўнг худди учишга шайланган бургут-дай қўлларини икки четга қанотдай ёзиб чопганча давра айланаверди.
 – Қани, манаман деган марди майдон борми? Кўкрагимда ёлим бор деган майдонга чиқаверсин. Эшитмадим, айтишмаган деманглар. Гирмон урушидан келган шерюраклар майдонга чиқишса, йўқ демаймиз. Халойиқ, айтиб қўяйин, ҳали менинг курагим ерга тек-кан эмас, – Сангин полвон кўйлагининг енгини виқор билан ҳимарди.
– Полвонни эҳтиёт қилинглар, тағин оёқлари бир-бирига ўралашиб қолмасин. Курагини айтмайин, манглайи ер искамасин, – узун бўйли, салобатли Мирзохўжа чавандоз кўз қисганча Сангин Полвоннинг узун ва ориқ оёғига ишора қилди. – Ҳой, Полвон, оёғингни тагига қараб юр. Бу ерга бувингни етти қават наматини тўшаб қўйишган эмас, нима сенинг-ча бу майдондан суякларингни териб олиш осонми?
 – Бундайин юришлари чиройли, теракмисол, ичакоёқ полвон онадан битта-ю битта туғилган. Шу пайтгача биронта одамнинг қўли унинг белбоғига тегмаган, ҳа, – узоқдан Анвар Назаровнинг баланд овозда гап отгани эшитилди.
 – Сангин полвоннинг дамини Ҳойитда қайтаришмаганда, билагининг кучи ҳақида-ги хабарлар Фарғона-ю қирғизларнинг Олойидан ҳам ўтиб кетарди, – ўтирганлардан бири айтган бу гап шундай ҳам тўхтамаётган кулгини авжига чиқарди.
-Раис, шаштимни қайтарма! – Сангин полвон майдонда айланди. – Шу айтганим –айтган! Отасининг мулки улушини мендан ундира олмаган ким бўлса, болалигида менинг қумғондай муштимнинг мазасини тотиб кўриб, бир қўйин ёнғоқ ва бир бош узумнинг баҳридан ўтган ким бўлса, юраги дош берса чиқаверсин, мана майдон, мана белбоғ!
Уйдан югуриб чиққан Салима хола Сангин полвоннинг елкасига оҳори кетмаган юпқа тўн ёпди. Сангин полвон шошганича тўнни эгнига кийди ва яна бир неча лаҳза номи кетган полвонларга тақлид қилиб майдонда айланди, сўнгра қучоқ очганча Соҳибга яқин-лашди.
– Олган ҳақимни ҳалолладим, бошқа бир давойим йўқ. Кўринишим ҳам, мушт туширишим ҳам зўр, рустамчасига! Кўзларининг ўти « мен – марди майдон» деганларини бошимда кўтараман, раис. Кел, кел, хуш келибсан, Худо ҳақи, йўлингни пойламоқдан кўз-ларим тўрт бўлди. Ё … қани, эсон-мон, қоматингдан куч ёғилиб, ҳалиги… онасининг кўкрагини кесган фашист лаънатининг додини бериб келдингми?
– Ташвиш тортманг, Полвон, ҳамманинг қасдини олиб келдим, – Соҳиб бу сўзларни айтаркан, Сангинни енгилгина ердан узди.
Ҳовлига ҳассасини дўқиллатганча Суман кампир кириб келди, икки-уч қадам таш- лар экан, кўзлари жавдираб Соҳибни қидирарди. Кампирни кўриши билан Соҳиб у томон интилди.
– Келдингми? Қадамларингга садқа бўлайин, болам. Шарифжонимни ўзинг билан олиб келмадингми? –тез-тез киприк қоқаётган кампирнинг изтироб тўла нигоҳи Соҳиб томон қадалди.
 – Энди ҳамма аскарлар орқама-кетин келаверишади, Суман эна, – Соҳибнинг оғиз очишига имкон бермай орқадан Ражаб саркорнинг янгроқ товуши эшитилди ва у Соҳиб томон билдирмасдан кўз қисди.
– Шарифжон, албатта келади, эна. Кимга тезроқ, кимга кейинроқ жавоб беришмоқ-да. Мана мен ўзимни айтсам, уруш тамом бўлишига бир неча кунгина қолганда оёғимга ўқ тегса бўладими, эна. Икки ой беморхонада ётиб даволандим, – Соҳиб кампирнинг елкаси-ни меҳрибонлик билан силади.
Урушдан олдин Камароб довони йўлида Суман кампирнинг эрини, бири ўн олти яшар, иккинчиси йигирма яшар икки ўғлини кўчки олиб кетганди. Бу фожиадан сўнг уч йил ўтиб уруш бошланди ва кампирнинг ёлғиз қолган тўнғич ўғли урушга кетди. Суман фарзандини соғиниб ўтда куяр, бурчак-бурчакларда хун-хун йиғларди. Бир ўзига еб қўйгудек тикилаётган девордан қўрқиб, кўчага чиқар, эшикма-эшик юриб, бошига тушган қора кунни бирозгина енгиллаштириш учун одамлар билан оғир толеи ҳақида ҳасрат-лашиб, кўз ёш тўкарди. Урушнинг иккинчи йили ўғлидан қорахат келди. Қишлоқ одам-лари минг бир илож топиб, бу мудҳиш хабарни ундан яширишди. Ҳамқишлоқлар бу оғир ғуссани кампир кўтара олмаслигини яхши билишарди. Қишлоқда катта-кичик «ўғлингиз тирик, бугун келиб қолади-эрта келиб қолади», деб кампирнинг кўнглини кўтарар, онаи-зорнинг оғриқ юраги, эзгин руҳида бироз бўлса-да, умид сўнмаслигига интиларди.
Соҳиб Суман кампирнинг қўлтиғидан тутганча етаклаб, кўрпачага ўтқазди.
 – Ҳар тола сочингга садқа бўлайин, болам. Шарифжонимнинг ҳамма билан баравар урушга кетганини биласан-ку, нима бўлди, нега ундан дарак йўқ? – кампир қувватсиз титроқ бармоқлари билан Соҳибнинг қўлидан тутганча сўзларди. – Унга нима бўлганий-кин? Нега командири инсофсизлик қилади, ҳаммага жавоб беради-ю, ўғлимни ушлаб ўтирибди. Агар оёқларим соғ, тилим бурро бўлганда, ўзим бориб командирига боламни қандайин соғинганимни тушунтирардим. Ана, онангдан сўра, болам, онангдан, фарзанд фироғи қандай оғирлигини айтади у…
Суман кампирнинг одамларга тикилган нигоҳидаги дард ва аламга чидай олмаган кўпчилик ўзини билдирмасдан четга олди. Ҳовлида қандайдир юракларга тазйиқ солаёт-ган тинчлик ҳоким эди. Кампирнинг маъюс нигоҳидан кимларнингдир мияси зирқиллади, аёлларнинг кўзида ёш ҳалқаланди.
Атрофга кўз югуртирган Анвар агар шундай давом этаверса, ғам сояси ҳовлига лангар ташлаб, унинг қаттиқ забтига олади-да, одамларнинг қадди эгилиб, оёқлари ости-даги ер чўкиб, атрофдаги бутун борлиқ нурсизланиб, карахтга айланади деган ўйга борди.
 
3

Эрта тонгда Анвар одатига кўра самантойига миниб, Шолон қишлоғи ўртасидаги тепаликка кўтарилди. Қишлоқда тонг отиши одамга ўзгача бир сурур бағишларди. Ҳам-мадан олдин мактаб ва хирмонжоларнинг оппоқ деворлари худди ой атрофидаги ҳалқадек сарғиш ранг олиб, қишлоқнинг тўрт томонидан кўзга ташланарди. Баланд тоғлар ортида шафақ гул-гул ёниб кўтариларди.
Ҳовлилар, эгри-бугри кўчаларда қишлоқ одамларининг овозлари эшитила бошлан-ди. Одамларнинг ҳаракатига назар ташлар экан, раис колхоздаги олтита бригада аъзо-ларининг ишга тараддудини сезди. Тонг саҳардан шошмаса бўлмайди-да, ғалла ўрими-нинг айни авжи палласи бўлса…
«Зафар» колхози вилоят миқёсида намуна бўлса ҳам, даладаги ишнинг бориши раисни қониқтирмаётганди. Дарёнинг нариги томонидаги «Роҳи Ленин» ва «Ҳаёти нав» колхозлари гўшт ва пилла топшириш режасини бажаришда «Зафар»дан ортда бўлсалар-да, ғалла ўриш ва топширишда борган сари унга яқинлашиб келаётган эдилар. Бу ҳолат Анварни безовта этарди.
Қуёш кўтариладиган тоғ ортида, ўнг томонда ёғочдан ясалган қўлбола мосламага буғдой ғарамини ортган киши пастга эниб борарди. Қўлбола юклагич ортидан оқ чанг устуни баланд кўтарилар, тонгги шамол чангни тўзғитиб, тор дара тубига ҳайдарди.
Анвар бир неча лаҳза тепа устида туриб, атрофга назар ташлади ва сўнгра от жиловини пастга, сувли дара томон бурди. Сувли даранинг нариги томонида колхоз фер-маси сигир соғувчиси билан бирга бораётган Хубон кўринди. Отни қамчилаган Анвар уларнинг йўлини тўсиб чиқди. Лоларанг бети кўпчиган семиз соғувчи аёл ҳурмат билан салом берди ва Хубондан четроққа ўтиб, кутиб турди. Раиснинг кутганига терс Хубон совуққина саломлашди, унинг чеҳраси алланечук сўлғин, хаёли ўзида эмасдайлиги нигоҳидан сезилиб турарди. Хубоннинг бу ҳолати Анварни ўйлантириб қўйди.
 – Хубон, сенга нима бўлди?
– Ҳамма гапдан ўзингизнинг хабарингиз бор, раис, – Хубоннинг овозидан ранжиш ва маломат сезилди. – Сўнгги умидим унинг келишидан эди. У бўлар-бўлмас гапларга ишонаверадиган, оқибатсиз экан.
– У билан гаплашишга муносиб вақт топа олмадим, синглим. Бугун албатта у билан учрашаман. Кўнглида нима борлигини билишга ҳаракат қиламан.
 – Ўзи тушунмагач, зўрликка ҳожат йўқ, раис ака! Аслида нима гап бўлганлигини ўзимдан келиб сўраса, ўлиб қолмасди.
– Бўпти, сен хафа бўлмагин. Мана кўрасан, ҳали ўзи олдингга келиб ялинади. Биз-нинг Хубонимиздек хотинни қаердан топади. Муҳими, ўтган ҳафта сенинг бригаданг ҳам-мага ибрат бўлди. Энди, сингил, иложи борича илғорликни қўлдан берма, – мулойимгина деди Анвар.
– Ҳаммасига чидадим, лекин бу қилиғига… Хайр, мен омборга бораман, – Хубон йиғлаб юбормаслик учун тезроқ кетишга интилди.
– Омборни қўйиб тур, Хубон! Хирмондаги буғдойингни тезроқ районга жўнат. Буниси муҳимроқ. Нечта арава, нечта эшак топдинг?
– Додарбек ака бригадасидаги аравани сўраб олдим. Ҳаммаси бўлиб битта арава ва ўнта эшакка юклаймиз.
 – Ёмон эмас! Бугун бор-будини ташишса, эртага ўзим хирмонларингда бўламан, –
 Анвар шундай дея отини ниқтаб, Хубондан узоқлашди.
Қуёш найза бўйи кўтарилиб, тоғ ортидаги соя-салқинни аста-секин ва билдирмай-гина тоғ томонга торта кетди, ариқлар орасидаги экинзор ерлар ҳаммадан олдин ёришиб, кўзга ташланди.
Анвар колхознинг айрим шошилинч ишларини охирига етказиб, кўнгли жойига тушиб, эски қадрдон дўсти Соҳибнинг олдига ошиқди. Ўтлар орасидаги ялтироқ қўнғиз ва чигирткалар иссиқ ҳаво таъсирида «биз-биз»лашга тушишганди.
Бундан бир йил олдин Қалъача қишлоғини Чашмадорга қўшиб «Меҳнат» колхози номини беришганди. Колхоз тўрт бригададан иборат бўлиб, тоғ ёнбағрида серҳосил ер-лари, ҳар ер-ҳар ерда олмазор, ўрикзор боғлари, токзорлари бор эди. Урушдан олдин Анварни Шолонга ва Соҳибни Чашмадорга раис қилиб сайлашганди… Сўнг Соҳибни ас-карликка чақиришди. Лекин Анварнинг нафас олиш йўли мунтазам оғриққа учрагани учун ҳарбийга олишмади. Соҳиб урушга кетганда ёш хотини Хубон билан бор-йўғи икки ярим йил яшаганди.
 Анвар йўлда бораркан, гоҳ Хубоннинг қисмати ҳақида ва гоҳ «Меҳнат» колхози-нинг қийин аҳволи борасида ўйларди. У фақатгина Хубоннинг тақдиринигина эмас, балки «Меҳнат» колхозининг обод бўлишини ҳам Соҳибга боғларди. Бири туҳмат ва миш-миш-лар сабабли оиласидан айрилган… Иккинчиси – раиси беш ойдан бери бемор, тўшакда ётгани боис ғаллазорлари қаровсиз қолиб, қор-ёмғир тагида қолиб кетиш хавфига учраган-ди.
Анвар яқиндагина районга бориб, райком котиби билан Соҳибни раисликка сайлаш ҳақида атайлаб гап очди ва энди бу борада Соҳибнинг розилигини ҳам олмоқчи эди.
От туёғи товушини эшитиши заҳоти Салима хола дарвозанинг бир тавақасини очиб, Анварни кутиб олишга чиқди. Анвар отни кўча четидаги дарахтга боғлади-да, Салима хола билан илиқ сўрашиб, ҳовлига кирди.
 – Уй эгаси қани, эна?
 – Ҳов ана, боғ этагида. Қуриган толни йиқитиб, ўтин қиляпти. Босган тупроғингга садқа бўлай, болам. Келиб яхши қилдинг-да. Соҳибжон сиқилганидан нима қилишини билмайди. Сен супага чиққин. Мен ҳозир…
 – Овора бўлманг, эна. Мен ўзим олдига бораман. Ёнида ким бор?
 – Додаржон чўпон.
Анвар ток ариқчаларини ёнлаб қадам ташлаб, боғ этагига етди. Оёғида хиром этик, галифе шим, ёқаси оқ аскар кўйлаги кийган Соҳиб Додаржон билан йўғон ғўлани арралар-ди. Додаржон Анварнинг келганини кўриб, арра тортишни секинлатиб, «раис келди» дея Соҳибга қаради. Соҳиб ишорага маҳтал бўлгандайин ғўла ўртасида қолган аррани Додар-жоннинг ихтиёрига ҳавола этиб, оёғини қўлга олгандайин Анварнинг истиқболига шошди. Иккалалари самимий кўришишди. Соҳиб терлаган бошини, бетини рўмолча билан тез-тез артар экан, Додаржонга шолча ва кўрпача келтириб, ўрик соясига жой қилишни буюрди.
Анвар Соҳибнинг кутиб олишидан ва гап оҳангидан ўзининг келишини сабрсизлик билан кутаётганини англади. Кўм-кўк майсали, юмшоқ ер устига намат тўшалиб, кўрпача-лар солингач, лўлаболишларга суяниб, у ёқ-бу ёқдан суҳбат бошлашди. Салима хола дас-турхон очиб, узум ва олма солинган лаганни қўйиб, тандирдан янги узилган арпа нонни ушатди.
 – Манови эртапишар узум сенинг ризқинг экан, Анваршо. Чуғурчуқ, чумчуқ, ари-дан аранг асраб қолдим. Қани, болам, оғзингни ширин қил.
– Мингдан-минг раҳмат, эна. Боғбонининг қўли асло дард кўрмасин.
Додаржон улардан анча нарида сопи узун оғир болта билан ғўлани майдаларди.
 – Сизлар, болаларим, иссиқ нон ва узумни еб туринглар, бирпасда шакароб тайёр-лаб келаман. – Салима хола Анварнинг елкасига меҳрибонлик билан қўл қўйди-да, гапини давом эттирди: – Биласанми, Соҳибжон, илоҳим Анваршо фарзандларининг роҳатини, ҳузур-ҳаловатини кўрсин, сенинг йўқлигингда биз чол-кампирга роса қаради, дўстлик, одамийликни қойиллатди. Ишнинг кўзини билгани учун Шолон очлик ва қаҳатчиликка нима, билмади.
– Мен тез-тез хабар ололмаганим учун сиздан хижолат эдим, сиз мени осмонга чиқариб қўйдингиз, – кулганча деди Анвар.
– Миннатдорман, барака топгин, дўстим, – Соҳибнинг кўзлари қувноқ кулди. – Гапнинг тўғриси, сен шу ерда бўлганинг учун кўнглим хотиржам эди.
Салима хола айланиб-ўргилиб, кавушини кийди-да, ошхона томон кетди. Анвар ва Соҳиб пича у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Бориб-бориб гап асосий мақсадга тақалди.
 – Шўрлик, юз-кўзи сарғайиб кетган, дард филни пашшага айлантириши рост экан, дўстим. Ҳаддан ортиқ қийналиб, озиб-тўзиб кетибди.
– Кўринишидан яқин орада ўрнидан туриши гумон. Икки марта вилоят беморхона-сига олиб бориб ётқиздим. Дард ўтиб кетганми, дори-дармон ҳам таъсир этмади. – Анвар ачиниш аралаш дардли оҳ чекди. – Ўтган куни уйига бориб хабар олгандим. Ўзимча кўнгил кўтаришга уриндим. Шўрлик нимани дейишини билмайди: ўзининг дардиними ё колхознинг ғаминими? Сенинг қайтганингдан севиняпти. Сенга қаттиқ ишоняпти, Соҳиб. Ўрнига сени раисликка сайлашсин, дея илтимос қиляпти.
Соҳиб оғриқ оёғини силай-силай нолигандай бўлди ва сўнгра бир неча лаҳза баланд тоғ томон хушҳол тикилиб қолди.
Анвар унинг юз-кўзига жиддий тус бермоқчи бўлаётганини сезиб қолди. У Соҳиб-нинг раисликка кўнгли борлигини англади. Лекин қишлоқда одамлар орасида «Соҳибни қўярда-қўймай мажбур қилишибди», қабилида гап тарқалишини ва шу тариқа обрў-эътибори яна ошишини истаётган кўринади.
 – Колхознинг аҳволи бир нав бўлганда ва раис бемор бўлмаганда, бу гапларга ҳожат йўқ эди, Соҳиб, – Анвар уннг кўзларига тиғдай нигоҳини қадади.
Анвар гапнинг дангалини айтгач, Соҳиб бирданига ўзига келди ва олдинги ҳолати-га қайтди. У кичиклигидан Анварнинг феъл-атворини яхши биларди. У лаганбардорлик, қуллуқ қилиб туриш ва иккиюзламалик каби хислатларни ёмон кўрарди, ўйлаган ўйини, фикрини, гапини ҳар доим очиқ айтарди.
– Чол-кампирнинг ҳовлисини бироз тартибга келтирай, дегандим. Бўпти, яна бир ҳужум қиламан. Ҳа-а, ҳужум кетидан ҳужум, – Соҳиб эгилиб, бир бош узум олди-да, Анварга узатди.
– Гап бундай, Соҳиб, кеча котибнинг фикрини билмоқчи бўлдим. У – рози. Ўзинг ҳамма нарсани биласан. Неча йиллик бу уруш шўрлик одамларнинг суяк-суягидан ўтиб қақшатди, гўр азобини кўрсатди. Кел, гапнинг эркакчасига ўтайлик. Ҳозир ҳосил қор-ёмғир остида қолмаслиги учун бир иш қиламиз. Унинг увол-савоби иккимизнинг бўйни-мизда. Бўлмаса, ҳашар қиламиз.
Анвар узум доналарини икки-учталаб оғзига ташлаганча, Соҳибнинг жавобини кут- ди. Соҳиб ўйга чўмди, онда-сонда юзига табассум югурарди. У ишнинг бунчалик тез пишишига умид қилмаганди. Анвар қулай вазиятдан фойдаланиб, Соҳибнинг Хубон ҳақидаги фикрини билмоқчи бўлди.
 – Соҳиб!
 – Лаббай.
 -Афтидан, меҳмоннинг иззатини жойига қўймасдан, иккаламиз уришиб қоламиз.
 -Агар бунга муносиб бўлсам, нимаям дердим, – Соҳиб Анварнинг Хубонни назарда тутиб гап очаётганини пайқади.
 – Нега Хубонга нисбатан ҳурматсизлик қиляпсан?
 – Бунинг сабабини билмайсанми нима, Анваршо? – Соҳибнинг туси ўзгариб заҳар аралаш кулди. – Кел, бу ҳақда гаплашмаймиз. Нима бўлса, бўлди.
 – Менга яхшилаб қулоқ тутиб, бир нарсани ҳисобга олишингни сўрайман, Соҳиб. Хотининг ҳақида куракда турмайдиган ёлғон миш-миш тарқатишган, туҳмат қилишган. Қасам ич десанг, ичаман, бу биронта ифлоснинг иши. Унинг ўзидан нима гаплигини сўраб кўрсанг, бирон еринг камайиб қолмайди. У сенинг кўз очиб кўрган хотининг бўлса, биринчи бахтинг…
– Холис одамлардан хат олгандим. Шамол бўлмаса, дарахтнинг шохи қимирламай-ди. Бу ерда неча кунгача суриштириб кўрдим. Бўладиган иш эмас…
 – Албатта, сенинг оилангга менинг аралашишим яхши иш эмасдир. Лекин, ишон, дўстлигимиз ҳаққи-ҳурмати индамай турсам бўлмайди. Ўша ифлос гап ўрмалагандан сўнг ҳар икковини алоҳида-алоҳида идорага чақиртирдим. Ҳаммаси ёлғон экан, туҳмат экан, Соҳиб! Рамазон қишлоқдаги қизлар ва хотинларнинг ярмига билакузук, сирға ясаб берган. Сен икки-уч ақлли, инсофли эркак-аёлдан аслида нима бўлганини сўраб кўр. Хотининг ёш, бошқалардай орзу-ҳаваси бор. Дугоналари қатори икки дўппи буғдойга сирға алмашибди. Сенинг келишингга қулоқларига ўша сирғани тақишни орзу қилган экан.
Соҳиб жўхоризор четида она товуқ ортидан емиш излаб чийиллаб эргашиб юрган жўжаларга ўйчан боқар экан, ўтган йиллардаги воқеалар кўз олдидан ўта бошлади. Май ойи охирлари эди. Ўшанда Хубон мактабда, саккизинчи синфда ўқирди, Соҳиб колхоз ишларига қарашиб юрарди. Дарсдан сўнг ўқувчилар қувноқ қийқириқ, шовқин-сурон билан қишлоқ ўртасидаги катта йўлга чиқишар, у ердан бўлиниб маҳаллаларига жўнашарди. Бир куни Соҳиб ўша йўлдан ўтар экан, Хубон додлаганча унга томон югурди. Соҳиб бундай қараса, Рамазон илонни бошидан ушлаб силтаганча, кула-кула Хубоннинг ортидан қувиб келарди. Хубон Соҳибга Рамазондан ҳимоя қилишни сўраб зорланди. Рамазон улардан икки-уч қадам четроқда турганича илонни Хубонга кўрсатиб, «Қўрқма, Хубон. Мен ҳазиллашдим,» деди.
Ўшанда Соҳиб қўлларини силтади-да, ҳеч нима демай Хубонни ташлаб кетди.
Лекин ўша учрашувдан сўнг Соҳиб ғалати воқеа юз берган йўлдан тез-тез ўтадиган, ҳар гал бир баҳона топиб Хубонга гап отадиган бўлди. Дарс тугаб, мактабдан чиқиши билан Хубоннинг нигоҳи ҳам Соҳибни излайдиган бўлиб қолди. Айниқса, подажода Соҳиб билан бўлган воқеа эсига тушса, кўнгли алланечук ўртаниб кетарди.
Одатда қишлоқ қизлари ва болалари подадан молларини олиб кетиш учун сой бўй-лаб боришарди. Бир куни кечқурун Соҳиб у ердан ўтиб борар экан, Рамазонни кўриб қолди. У кўпчиликдан четда, тош устида ўтирганча ўргатилган қарғасига буйруқ берар, қуш «қағ-қағ»лаганча елкасидан учиб, одамларни оралар ва ниманидир тумшуғига илиб, эгасига келтириб берарди. Бу манзара ва болаларнинг шўх кулгиси, шовқини Соҳибни ўзига тортди. У яқинроқ бориб қизлар ва болалар ўртасида тиззалаб ўтирган Хубонни кўрди. У бошига ёнғоқ қўяр, қарға қағиллаганча келиб ёнғоқни тумшуғига илиб, Рама-зоннинг елкасига бориб қўнарди. Хубон бошига бошқа ёнғоқ қўярди. Хубонни кўрган Соҳиб ўзини йўқотиб қўйди, қарғага тош отиб ҳайдамоқчи, Рамазоннинг қулоқ-чаккасига икки-уч мушт туширгиси келди. Лекин аранг ўзини қўлга олиб, қарға учиб ўтадиган томон юрди. Қарға Хубоннинг кафтидаги ёнғоқни олиб қайтар экан, Соҳиб бир сакраб унинг қанотидан тутиб олмоқчи бўлди. Лекин қарға тезда баланд кўтарилиб, ёнғоқни тумшуғидан ташлаб юборди-да, Рамазондан нарироқдаги тош устига бориб қўнди. Соҳиб ёнғоқни оёғи остига олиб эзиб ташлади-да, қаҳру ғазабга тўлиб подажодан чиқиб кетди.
 – Рамазон аскарликдан қачон қайтганди, – Соҳиб Анварга шубҳа билан қаради.
 – Урушнинг иккинчи йили. Бир оёғига ўқ тегибди, устига контузия бўлибди. Уста Мунаввар темирчи билан бирга ишлагин деб айтдик. Ишидан вақт орттириб заргарлиги-ни ҳам қилади. Унинг бечораҳоллигини, беозорлигини ҳамма билади.
– Сепилган сувни қайта тўплаб бўлармиди. Миш-миш тарқалиб, ўз ишини қилди, ўқ нишонга бориб тегди. Агар мен кўз юмиб кетаверсам, эркаклигим қаерда қолади? Ана, бу қилиқлари етмагандай устига бригадир бўлиб олибди, – Соҳиб оёғидаги этикка гўё ҳамма бахтсизликларга у айбдордайин ёмон қаттиқ тикилди.
 – Бригадликка тайинлаш ҳам иложсизликдан бўлди, Соҳиб. Ишга бош бўладиган эркак қолдими ҳозир.
 Анвар мўйловини буради-да, кўнгли олингансимон Додаржоннинг ғўла ёришини кузатгандай бўлди.
Дарвоза томондан «Салима эна, раис ака шу ерда эмасмилар?» деган баланд овоз эшитилди.
– Нима гап, Мирзосаид? – Анвар ўрнидан туриб сўради.
 – Вилоятдан вакил келибди.
 Анвар ва Соҳиб боғ оралаб суҳбатлашиб бориб, дарвозага яқинлашишди. Соҳиб эпчиллик қилиб отнинг арқонини ечди-да, жиловни эҳтиром билан Анварга узатди.
– Аслида йўл четида ўсган дарахт шохидаги қизил олмага ҳамма тош отади. Ражаб Исонинг гапи эсингдадир. « Отни ўзим минганимда оқсамайди». Бундайин миш-мишлар эркак учун унчалик оғир эмас. Лекин аёллар учун жуда оғир. Буёғини энди ўзинг ўйлаб кўр. Дўст ачитиб гапиради.
Анвар отни қамчилаб, Шолон томон йўл олди. Соҳиб елкаси билан эшик ортига суянганча бир неча дақиқа қулоғига етиб келган гапларни ақл ва фикр тарозисида тор-тишга уринди.
Чашмадор ва Шолон йўли бўйлаб борар экан, Анвар отнинг ихтиёрини ўзига қўй-ди-да, негадир миясида Соҳибнинг эркак орияти, номуси ҳақидаги гапи қайта-қайта ай-ланаверди. « Ор-номус…» Биз эркаклар қанчалик хом хаёлларга бериламиз. На хотини-мизнинг ор-номусини ҳимоя қила оламиз, на ўзимизнинг. Айримлар кўкрагига уриб, шу ниқоб остида эркаклик даъвосини қилишади. Хотинини бегона эркак билан ёмонотлиққа чиқаришса, ҳалол жуфтини ҳимоя қилиш ўрнига, аксинча ҳимоясиз бир инсон устига бор қаҳру ғазаб тошини ёғдирадиган эркаклар йўқми. Гўё хотин эрнинг обрў-эътиборини ер билан битта қилибди. Бундай ҳолатда тошбақа каби бошини яшириб, қулоқларини кар-ликка солиб, бирон қулай фурсатни кутадиган ва аёлини ёмонотлиқ бўлган хотинга чиқариб, ундан кечиб қўя қоладиган эркаклар озми… Гўё шу билан эркаклик ор-номусини ўрнига қўядигандай. Соҳиб ҳам ҳозир рашк ва ёмон гумонлар туфайли эмас, балки уч-тўрт ярамаснинг пок аёлга ёғдирган туҳматидан қўрқиб, хотинидан юз ўгирмоқда. Балки бу ёлғон миш-мишлар Соҳибнинг ўзига ёқиб тушаётгандир, айни кўнглидаги гаплардир…
Ана шундай хаёлларга чўмиб бораётган Анвар идора олдида отдан тушди.
 
4
 
Колхоз биносининг орқа томонида, азим чинор сояси остида четлари тошдан кўтарилган узун супа бор эди. Кўпинча меҳмонлар шу супада қабул қилинар, йиғилиш ва кенгашлар ўтказилар, колхознинг айрим муҳим масалалари ҳал этиларди. Раис келганича мактаб директори Иброҳимзода ва Сангин полвон вилоятдан келган вакилни шу супага олиб, суҳбатлашиб ўтиришарди. Вакил юм-юмалоқ, пакана одам бўлиб, сочи қизғиш, ўткир кўзи кўкиш эди. У ўзидан мартабаси пастроқ одамларга бошқачароқ, менсимасдан муомала қиларди. Маҳаллий одамлар боболари удумига кўра кўпчиликнинг исми ва отасининг исмини қўшиб айтиб чақиришарди. Шунга кўра катта-кичик вакилни Равшан Ҳаким деб атарди.
Иброҳимзода ва Равшан Ҳакимнинг кулгиси бир пасайиб, бир авжига чиқарди. Уларни кўрмаётган узоқдаги одам бирон бола радио олдида ўтириб, болаларча завқланиб кулги овозини пастлаб-баландлатмоқда, деган ўйга борарди.
 – Вилоят театридаги у масхарабоз Шолонни елкамнинг чуқури кўрсин, дейиши сабабини энди тушундим, раис, – Равшан Ҳаким ўрнидан ярим қўзғалиб Анвар билан сўрашди. – Сангин полвон бор жойда масхарабозга нима бор, ҳазилни қийиб қўярканда аммо-лекин.
– Ана шунинг учун ҳам қишлоғимиз одамлари қарисалар-да сочларига оқ орала-майди. Қувноқлик бошқача-да. Етмишга киришгандан кейингина сочлари мош-гурунч бўлади, – Иброҳимзода Сангин полвонга ишора қилиб кўз қисди.
– Худо ёмон қаришдан асрасин, раис! Бўлмаса, анови Сулаймон акага ўхшаб сак-сондан ўтдим деб икки букилиб ҳасса тутиб юриш қийин иш, – Сангин полвон дастурхон кўтариб келаётган Сулаймон бобога гап учирди.
 – Сайра, булбулим, сайра, – Сулаймон бобо Сангинга дастурхон узатди. – Сен бир гапни унутма – бир қари молнинг териси, ўнта ёш молга юк, дейдилар. Ҳали, иншооллоҳ, сенга ўхшаган ўпкаси йўқ, булдуруқ урганларни тупроққа қўйиб келамиз.

 Қариларнинг эгик қомати ўлим белгиси эмас,
 Бир камон юзта ўқни тупроқ остига жойлаб қўяр.
 
 Доно одамлар сенга ўхшаган оғзига кучи етмайдиганларга қачонлардир муносиб жавоб бериб қўйишган, билдингми, Сангин?
 – Азроилни алдаш осон эмас, Сулаймон ака. У қалин соқол ва узун таёққа ўч бўлади. – Сангин полвон Сулаймон бобонинг қўлидаги олма ва олмуруд тўла лаганни олиб, дастурхонга, раис ва вакилга яқинроққа қўйди.
Сулаймон бобо ҳассасини супага суяб қўйиб, Равшан Ҳаким ва раис билан қучоқ-лашиб кўришди. Ҳеч қанча ўтмасдан яқин-атрофдагилар иссиқ нон, қатиқ ва бир товоқ қурутоб олиб келишди.
Сангин полвон идоранинг четан девори ортида турган Заррагул кампир ва Олифта узатган бу нарсаларни олиб, дастурхонга қўйди. Равшан Ҳаким «ваҳ-ваҳ, аҳ-аҳ»ла-ганча оғзининг суви қочиб, лабларини чапиллатганча қурутобга тўйиб, товоқдан аранг кўнгил узди ва бармоқларининг учини сочиққа артар экан, Анварга ўгирилди:
 – Раис сиз келдингиз-у, Сангин полвоннинг ҳикояси оғзида қолди.
 – Айни вақтида келдим-да, йўқса, кечгача жавраб, ҳаммани ишдан қолдирарди. Сангин полвонимиз бошидан ўтган кечинмаларининг адоғи йўқ. Бунинг ҳикоялари олдида бор-ку… ҳа, Синдбод денгизчининг ва Амир Ҳамзанинг кечинмалари ҳам икки пул…
 Анвар Сангин полвоннинг ўти пасаяётган ўчоғига яна ёғ сепди.
 – Хайр, кампирнинг ўлиги нима бўлди кейин, – Равшан Ҳаким ёстиққа суянганча сўради. – Сизнинг суҳбатингиз, гапларингиз ғанимат, Сангин полвон. Кампир ҳақидаги ҳикоянинг давомини эшитмаганимча еганим ош бўлмайди.
– Шум, жон олгувчи одам бўлмасанг, жаннати кампирни дўзахийга айлантирасан-ми? – деди кулганча Иброҳимзода.
– Парво қилма, ўртоқ Иброҳимзода! Иложини қилиб Мункар Накирнинг кўнглини топдим. Буёғига Сулаймон акадан бошлаб қишлоқнинг катта-кичиги – ҳаммамиз жаннатга савол-жавобсиз кирамиз. Командировкаларга хўжайин – менинг ўзим. Шолондан тўғри жаннатга бўлган йўлланмага муҳрни ўзим босаман. Буёғига Азроилга таниш-билишчилик қиламан, деб юрманг, Сулаймон ака. Энди жаннатнинг бир бурчи қишлоғимиз одамлари-нинг ери бўлади, ҳа, – Сангин полвон бошини қимирлатиб, ўз гапини ўзи тасдиқламоқчи бўлди.
– Сулаймонбобо ҳовлисидаги икки-уч туп олма ва нок дарахтини ҳеч кўра олма-динг-да, Сангин полвон. Бахилликнинг ҳам чеки бордир, – Анвар косадаги ёғли қатиқдан икки-уч симирди. – Қасдма-қасдига келаси йили беш-олти туп олма тиккин-да, нок ула-гин. Азроил бекорхўжа одамлар билан ошно бўларкан.
– Худо ҳақи, агар у шундай ошначилик қилганда, Сангиннинг гўридаги майса бир қарич бўларди, – Сулаймон бобо раиснинг гапидан руҳланди.
– Қани, гапингни тезроқ айт, турамиз. Хола-холалаб ўтиришга вақтимиз йўқ, Сангин полвон, – Анвар Равшан Ҳакимнинг нега келганлигини тезроқ билиб олишни истарди.
Равшан Ҳаким Анварнинг гапи маъносига тушуниб етмади ёки аҳамият бермади-ми, яна Сангин полвонга юз ўгириб, қиссанинг давомини айтишни сўради. Сангин пол-вон супа четида тиззалаб, одатига кўра ранги ўчган чуст дўпписини қўлига олди-да, битта-яримта қолган оқ сочини озғин бармоқлари билан орқа-олдинга тараган бўлди ва ўз-ўзи-дан овоз чиқармасдан кулишга тушди. Кулгининг кучидан елкаси тўхтовсиз пириллаб учарди.
Анвар Равшан Ҳакимга унга халал берманг деган маънода имо қилди. Чунки Сангин полвон бирон воқеани айтиб бериш ёки эсига келтиришдан олдин ўзи аввал берилганча завқланиб кулар ва шу тариқа ҳамманинг эътиборини ўзига қаратарди.
Сангин Полвон дўпписини бошига қўндирди, бош бармоғи билан қуйи лабини мулойимгина силагач, гап бошлади.
 – Сизга ёлғон, менга чин. Ўтган йили жойинг жаннатдан бўлгур тўқсон беш ёшли Сожида кампир ўлиб қолди. Валекин, ўша куни Худонинг қудрати билан бир ҳафтадан бери ёғаётган ёмғир тўхтаб, осмон кўм-кўк тусга кирди, олам гулистон бўлди. Қуёш тик чўққисидан ортга қайтаётганмиди-йўқмиди, катта-кичик савоб олиш умидида Сожида кампирнинг мурдаси атрофида тўпланди. Энди, ўзларингдан қолар гап йўқ, ишқилиб, арвоҳи ҳозиру нозир бўлмасин, кампир гап ташийдиган, иғвогар эди. У эртадан кечгача эшиги олдида ўтириб, ўтган-кетгандан қишлоқдаги воқеалар, одамлар ҳақида ипидан-игнаси қолмайин суриштирарди. Эртасига ўша йўловчиларнинг ўзларига «биласанми, болам», «эшитдингми, ўғлим», дея кеча эшитганларига юзта ёлғонни қўшиб-чатиб, шум хабарлар тарқатарди. Гапни чўзмайин, оқибатда одамларнинг доди Азроилнинг қулоғига бориб етади. У ими-жимида келиб минг азоб бериб кампирнинг жонини узиб кетади. Тўғриси, ишқилиб арвоҳи ҳозир бўлмасин, кампирнинг шумликлари кўп эди. Мен ҳақимда ҳам бир-икки бўлмағур гап тарқатганди. Нима десангиз-денг, ана шу ҳамма ёмон-ликлари эсимга тушди-да, тириклигида қўлимдан келмаганди, ўлигидан боплаб ўчимни оламан деган ўйга бордим. Гапни чўзмайин, ўлик чиқариладиган ҳовлига кирсам, ўртада тобут «қани кўтаринглар» деган ишорага маҳтал турибди. Муса билан келишиб олиб, бўш тобутни уйга олиб кирдик. Битта қуруқ чўпни кўрпачага ўрадик-да, тобутга солиб, устини ёпдик. Кейин, умрингиз узун бўлсин, ювғувчи кампирлардан яширинча тобутни яна ҳов-лига олиб чиқдик ва «қани шерйигитлар, бўзболалар, кўтардик, омин», дедик. Бирпасда тўпланганлар « кампирнинг ўлиги табаррук, савобдан маҳрум бўлмайлик », дея бўм-бўш тобутга ёпишишди, ҳовлидан чиқмасдан нечта елка алмашди. Катта-кичик турнақатор бўлганча тобут ортидан катта йўлга чиқди. Биз қишлоқ этагига тобут ортидан бордик-да, билдирмайгина ўзимизни четга урдик. Йўл чангини осмонга кўтариб бораётган одамлар қабристонга етишмасдан қаршиларида бир отлиқ пайдо бўлиб, тобутни ортга қайтаришни буюрди. Кейин нима бўлди, дейсизми? Нима бўларди, одамларнинг қаҳру ғазаби пасай-ганча, Жаҳл отидан тушганларича, Муса икковлон Ғозиён қишлоғида яшириниб юрдик.
Сангин полвон « гапни чўзмайин, бўлган воқеа мана шу,» дея ҳикоясини охирига етказди. Равшан Ҳаким ва Иброҳимзода икковлон «ха-ха-ха»лашиб роса кулишди. Анвар бошини тиззасидан пастроққа олганча кулгандай бўлди-да, қиёфаси тез жиддийлашиб чўнтак соатига қаради.
Равшан Ҳаким лўлаболишга суянганча, узун кўрпачага оёғини узатиб, ҳузур билан керишди-да, кулгидан лабини йиғиштира олмай, Сангин полвон томон узоқ тикилди. Унинг бу ажиб тикилиши ва бемалоллигидан Анварнинг ғаши келди. «Агар иш билан келган бўлса, нега бемалол ўтирибди. Колхоз ишлари айни авжига чиққан маҳал бизни атрофига тўплаб ўтирганини сезмасмикан.»
– Э, ўлманг, кам бўлманг, Сангин полвон. Қани ўша қоғозга ўроғлик ҳикоялардан яна биттаси бўлсин. Ишонинг-ишонманг, қачондан бери бундайин ич-ичимдан ҳузур-ланиб кулмагандим. – Равшан Ҳаким қаттиқ йўталди-да, чўнтагидан рўмолча олиб кўз ёшларини артди.
 Анвар супадан сачраб тушди-да, офтобани олиб ўнг қўлига сув қуйиб, сочиқ билан артди. У буғдой ўраётганларни кўриш мақсадида чинордан нарироққа ўтди. Бу ердан Шоҳдара ерларида буғдой ўраётган Хубоннинг бригадаси кўзга ташланарди.
– Икки-учта хирмон бошига боришим зарур, Равшанбек, – ортига қайтгач деди Анвар. – Бўпти, агар менга айтадиган зарур гапингиз бўлмаса, кетдим. Бироздан кейин қайтиб келаман. Сизлар суҳбатни давом эттираверинглар.
Анвар чинорнинг пастки шохидаги новдадан қамчини олиб, кетишга тараддуд-ланди.
Равшан Ҳаким бепарвогина « ҳа, яхши», дея ўрнидан қўзғалгандай бўлди-да ва бирданига нимадир эсига тушиб кетгандай Анварга юзланди.
 – Э, айтгандайин, яна кеч қолиб кетманг, раис. Йўқ, яхшиси, обкомнинг тайин-лаганларини ҳозир айтиб қўя қолай.
 – Обком дедингизми?
 – Обком, ҳа, обком дедим, раис! Эртага соат ўн иккиларда Сталинободдан Манзар Шариф, Шогадоюф, ҳа, яна Халтурин келишаркан. Котиб «Зафар» колхози икки-уч брига-дасини аэропорт яқинидаги ерларга чиқарсин, деб буюрди. Умуман, менинг фикримча ҳам, колхоздаги ҳамма кучни у ерга сафарбар қилиш керак. Раис, буни шунинг учун…
– Обкомнинг ўзи шундай деб буюрдими? – Равшан Ҳакимга ишонмаётган Анвар унинг гапини бўлди.
– Нега сўраяпсиз, раис? Ишонмаяпсизми? Бундан ташқари, сизнинг колхозингиз ва Чашмадор колхозининг фаоллари соат ўн бирда аэропортда ҳозир бўлишсин. Бунинг ҳам-маси вилоятимиз шаъни учун, раис.
– Ўтган йилдагидек хомўроқ қиламизми, нима? – Анвар этигининг сағрисига беих-тиёр қамчи урди.
 – Биринчидан, даштдаги ғалла аллақaчон пишиб етилган, раис. Иккинчидан, обком амрини бажариш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Айтдиларми, демак, қилиш керак экан-да, энди барибир қиладиган ишимизни муҳокама қилиб ўтирсак, қандай бўларкин? – авай-лабгина олма арчаётган Равшан Ҳаким Иброҳимзода ва Сангин полвон томон қараб қўй-ди.
– Бултур Москвадан вакил келади деб, катта йўл бўйидаги ерларни хомўроқ қил-диришингизга оз қолганди. Халқнинг меҳнати увол бўлади, Равшанбек!
 – Нега увол бўларкан? Бир кун олдини нимаю, бир кун кейини нимаси?
Равшан Ҳакимнинг бу масъулиятсизлиги ва ўйламасдан сўзлаши Анварнинг жаҳл ўтини тобора кучайтирарди. Ахир, ўтган ҳафта колхоз бошқарувида худди шу Равшан Ҳакимнинг иштирокида Пастиғов ва Шодобадаги тоғ ёнбағир ерлар ғалласини тезроқ йиғиштириб олиш масаласи муҳокама қилиниб, қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўл-ганди. Чунки ўтган йиллар тажрибасидан баъзан кузнинг ўрталарида қор-ёмғир ёғиб, деҳқон пешона терига битган ҳосилни хавф остида қолдириши маълум эди. Тоғларга қор ёғиб, оппоқ совуқ рўмолини ўраб қўярди. Ёғин остида қолган буғдой ҳосилидан ёпилган нон таъми қочиб, мазаси оғизга ёқмас, қорин тўйдирмас эди. Шунинг учун раиснинг так-лифини бошқарувнинг ҳамма аъзолари маъқуллашди. Равшан Ҳакимнинг ўзи ҳам бу бора-да фикрини билдириб, бошқарув қарорини қўллаб-қувватлаганди. Нима бўлганда ҳам, даштдаги ерлардан ғаллани ўриб-йиғиб олиш осон. Устига даштга буғдой кечроқ экилган. Ғаллазор одамларнинг кўзига сарғайиб кўринса-да, лекин ҳали бошоқлар етилган эмас эди.
 – Котибнинг бизнинг мақсадимиздан, қароримиздан хабари йўқ. Сиз бу ҳақда бир оғиз айтсангиз, йўқ демасди, албатта, – Анвар бир оёғини супага қўйиб, унга билагини тиради.
 – Қандай мақсад, қандай қарор, раис?
 -Ана, холос!
 – Ахир, мен обком котибига ака бу ишингиз тўғри, буниси тўғри эмас, бу фикрин-гиз жойида, буниси жойида эмас, деб айтишим керакмиди? Бундай оғизга уришни менга ким қўйибди? Э-ҳа, бундайин маслаҳат берадиганларнинг оёғини осмондан қилиб қўйиш-ларини кўраверинг.
 – Агар маслаҳат жамият фойдасига бўлса обком ҳам, райком ҳам унга тарафдор-лик қилади. Ҳозирдан мақсаддан узоққа кетмайлик. Ўтган ҳафта Пастиғов ва Шодоба ерларида ҳашар уюштириш ҳақида гап борган бошкарувда ўзингиз қатнашгандингиз. Ҳозир Хубоннинг бригадасидан бошқа ҳамма у ерга сафарбар қилинган.
 – Мен сизга обкомнинг буйруғини етказдим, раис! Буёғи сизнинг ишингиз. Мен бошимдан соқит қилдим, – Равшан Ҳаким ўрнидан туриб, этигини киймоқчи бўлди.
– Йўқ, Равшанбек, бошдан бунақа соқит қилмайдилар. Сиз бизнинг колхозимизда расмий одамсиз. Обком сиздан сўраганда, сиз ҳақиқий ҳолни айтинг. Чунки колхоз тақ-дирини менга ишониб топширишган. Сизга эса бизни назорат этишни ишониб топшириш-ган. Халқдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди, Равшанбек! Бундай хўжакўрсин ва сохтакор-ликлар ишнинг манфаатига хизмат қилмайди. Бизнинг вазифамиз – халқ олдида обком ва райкомнинг обрў-эътиборини сақлаш. Одамларга ҳар қандай ҳолатда ҳам тўғри маълумот берайлик. Уларни қийин аҳволга солиб қўймайлик. Гап шу, Равшанбек, мен аэропорт атрофида парад ташкил этмайман. Кечқурун ўзим обкомга бораман.
 Анвар ғазабини яширмасдан шиддат билан четан эшикни очди-да, отига ўтириб Қалъаи Дашт хирмони томон кетди. У йўл-йўлакай Равшан Ҳаким каби одамларнинг ўзига бино қўйиши, масъулиятсизлиги ҳақида ўйлаб борар экан, ғазаб ўти ерга тегса ёндиргудек эди. Энди Равшан Ҳакимнинг айрим қилиқлари ва ишнинг уддасидан чиқа олмаслиги кўз олдидан ўта бошлади. Ўтган йил кўкламида пойтахтда республика кол-хозлари раҳбарлари ва фаолларининг кенгаши бўлаётганди. Равшан Ҳаким раиснинг йўқлигида колхозга бир «яхшилик» қилмоқчи, ўзининг ишбилармонлиги ва йўлбошчи-лигини кўрсатмоқчи бўлган. У ферма атрофидаги ўн гектар ерни тезда шудгорлаб, кар-тошка экишни буюрган. Айримлар ҳали экин экишга эрта, ер етилмаган, дея орага кириш-ганда, вакил уларни ялқовликда ва иш кўзини билмасликда айблаб, айтганини қилдирган. Ана шу «ишбилармонлик» натижасида ўша ер икки йилдан бери қатқалоқ босиб, шўра-зорга айланиб ётибди.
Ўз навбатида Равшан Ҳаким қулай фурсат топса, Анварнинг гўрига ғишт қаларди. Ўтган йили обком бюросида Равшан Ҳакимнинг номзоди райижроком раислигига қўйил-ганда фақат Анвар қарши чиқди. Анварнинг «Хўжалик ишларини уддалай олмайди» дейиши сабаб бўлиб, Равшан Ҳакимнинг номини рўйхатдан ўчиришди. Ўшандан буён Анварга дуч келиш нари турсин, ҳатто унинг номини эшитганда ҳам Равшан Ҳаким бўғилиб, тутаб кетарди. Қўйнида гина-адоват ўралган тош яширин эди.
 … От йўлдан четга чиқиб, кўлмак ёнида тўхтади. Шундагина Анвар хаёлга берил-ганини сезиб, от жиловини қўйиб юборди. Отнинг оғзига сув тегиши билан унинг бўйни ва танаси ҳаловатдан енгил силкина кетди.
 
5
 
Ўтган кечқурун райком котиби Рустамов ва обком вакили Равшан Ҳаким иштирокида «Меҳнат» колхозининг ҳисобот-сайлов йиғилиши бўлиб ўтди. Соҳиб Раҳматовни колхоз бошқаруви раиси этиб сайлашди. Эрта тонгда Анвар ва Соҳиб котиб ва обком вакилини Шолон қишлоғи этагигача кузатиб қўйишгач, отларини ортга қайтариб, йўл четидаги боғ ва полизлар ёнлаб суҳбатлашиб кетишди.
 Соҳиб ўқитувчидан сабоқ олгач, имтиҳондан олдин ўзини яна бир бор синаб кўрмоқчи бўлган талаба мисол Анвардан колхознинг ташкилий ишлари борасидаги масалаларини бирма-бир сўраб борарди. Отлар ҳам эгаларининг қизғин суҳбатини англагандай бош-ларини маромида қимирлатиб, пишиллаганча бараварига аста йўртиб боришарди.
Анвар Соҳибнинг саволларига жавоб бериш асносида унинг чеҳрасига билдирмас-дан синч солар ва айтаётган гапларинингҳаммаси унга маъқул келиб, жон қулоғи билан тинглаяпти деган ўйга борарди. Шу лаҳза Соҳиб қишлоғидаги катта-кичикнинг биронта-сини қолдирмасдан кўз олдидан ўтказаётганди. У ҳамқишлоқларининг ҳар бирини баҳо-лаб, нимага қодирлиги, нима қўлидан келмаслигини ўйлаганча уларнинг қай бирига қандай иш беришни режалаштирарди.
 – Соҳиб, мен картошка экилган ерларни кўрмоқчиман. Сув қўйишганми-йўқми, – Анвар шундай дея отининг жиловини бошқа томонга бурди. – Сен ҳам ишингнинг пайи-дан бўл. Вақт топсанг, кечқурун уйга кел. У ёқ-бу ёқдан чақ-чақлашиб ўтирамиз.
– Бугун шароит билан танишиб чиқайин, эртага кечкурун олдингга ўтарман. Буёғига бўларини айтсам, ўзинг сабаб бўлиб бошимни бу серташвиш, ғалвали ишга қўйдинг. Мени ярим йўлда ташлаб кетмаслигингни илтимос қиламан. Колхознинг аҳволини беш қўлингдек биласан ўзинг, – Соҳиб Анвар томонга боқиб, фикрини билмоққа уринди.
 – Қўлимдан келганини сендан аямайман, Соҳиб. Колхоз ишлари жиловини маҳкам тутгин. Одамларнинг кўнглига йўл топгин, ҳа, одамларнинг кўнглига!
 – Анваршо, ҳали кўрасан. Бир ҳужум бошласам, ишнинг чангиям, тутуниям нақ осмонга бориб ёпишади, – Соҳиб эгардан бир кўтарилиб, яна аввалгидай ўтириб олди.
 – Қани энди шундай бўлса, Соҳиб, қанийди. Лекин, жўра, эҳтиёт бўлгин, чанг ва тутун қуюқлашиб кетиб қолса, одам бир қадам олдиндаги бирон нарсани кўролмайдиган бўлиб қолади, – Анвар кулганча гапни қизиқчиликка олди.
 – Ҳеч гап эмас, Анваршо, урушда ҳужум билан ютиб чиққанмиз, бу ерда ҳам ҳужумга зўр берамиз.
 – Бўпти, омадингни берсин, жўра!
 Анвар ариқ ёқалаб картошказор томон йўл олди. Соҳиб бўлса, Чашмадор қишлоғи томон от йўрттирди.
 У Шолон қишлоғидан чиққач, ўзини от устида энди биринчи марта эгарга ўтирган киши каби ўтиргандай ва от унга унчалик бўйсунмаётгандай ҳис қилди. У эгардан қўз-ғалиб, от жиловини таранг тортди ва қайтадан маҳкам ўтириб, от биқинига товон тиради. Кутилмаган зарбадан отнинг ғаши келиб, чап томонга сакрамоқчи бўлди, лекин отлиқ жиловни таранг тортиб, уни шаштидан қайтарди ва от сертупроқ кўчада бошини бурмас-дан йўрта кетди.
Соҳиб Чашмадор атрофидаги сердарахт боғлар ва ғаллазорларга виқор билан боқ-ди. Шу лаҳза унинг хаёлида жисми терисини ёриб чиқиб катталашиб борар, улкан гавда-сини кўтара олмаётган отнинг бели букилиб қолаётганди. Унинг кўнглида қўлларини кенг ёйганча ҳали ҳосили ўриб олинмаган ҳамма ғаллазорни қучоқлаб олиб, хирмонга тўкиш ва эртанинг ўзидаёқ районга хушхабар етказиш истаги тўлқинланди.
Қуёш тоғ ортидан баландлаб борарди. Соҳибнинг оти сел ювиб кетган йўлга шун-чалик шитоб билан кирди-ю, нимадандир чўчигандай бирданига жойида тўхтаб, қулоғи диккайди. Соҳиб хавотирланиб, тўрт томонга жавдиради. Ногоҳ кўзи гулхайри бутаси ор-тида ўрнидан турган қизил либосли аёлга тушди. Соҳиб уни таниди. Хубон тепаликдан ўткир нигоҳ ташлаганча унинг йўлини тўсиб чиқиб, аста-секин яқинлашаверди. Соҳиб ҳеч бир кутмаганда хаёлида бўлмаган ерга тушиб қолган мисол турган ерида тошдек қотиб, Хубон томондан таажжуб тўла нигоҳини уза олмасди. Гулхайри бутасини айланиб ўтар экан, Хубонни қаттиқ ҳаяжон босиб, оёқларидан мадор қочди, лаблари пириллаб уча бошлади. Лекин ўзини тезда тутиб олди ва Соҳибнинг олдига индамасдан келиб, отнинг жиловини авайлаб ушлади. Соҳиб шу лаҳза оғиз очишга ҳам куч топа олмасди. Хубон отнинг ёлларини, бўйнини меҳрибонлик билан силаб-сийпади, сўнгра аёлларга хос чиройли бир ғурур ила бошини баланд кўтариб, Соҳибнинг юзига қаради.
 – Мажбур бўлдим, тоқатим қолмади, Соҳиб! Одамларнинг оғзидан – келганингни, одамларнинг оғзидан – раис бўлганингни эшитдим. Қутлуғ бўлсин!
– Ҳа, ўлганим йўқ, келдим. Бошқаларга қасдма-қасд ўлмадим, – Соҳиб бирданига уйқудан уйғонгандайин отнинг жиловини таранг тортиб, бошини буришга уринди.
 – Жиловни тортма, Соҳиб! Қўлим оғриди.
 – Энди ҳеч бир фойдаси йўқ, йўлимдан қоч!
– Соҳиб, жиловни тортма, дедим. Қўлим оғриди. Менга қулоқ тут… Мен йўлингни пойлаганим-пойлаган. Сен инсофсиз, раҳмсиз экансан. Оғзига кучи етмаганларнинг гапи-га ишондинг… Тортма, деяпман… Агар бир марта келиб мен билан суҳбатлашганингда эди, бор гапдан хабардор бўлардинг… Худо ҳақи, ҳаммаси ўзингнинг фойданг бўларди, Соҳиб, – Хубон от жиловини икки қўли билан қаттиқ тутганча сўзларди.
– Йўлимдан қоч, дедим-ку! Шаънингни ерга уриб, обрўнгни тўкдинг. Уят, айб деган гаплар ҳам бор. Минг афсус, уч-тўрт кунда ғазабимни босиб олдим, бўлмаса, биллоҳи азим, иккига бўлиб ташлардим сени. – Соҳиб отни қамчилаб, кетишга уринди.
 – Шошмагин, Соҳиб! Худо ҳозир, қип-қизил туҳмат…Агар бирон ёмон иш қилган бўлсам, онам берган сут ҳаром бўлсин. Аввал сўраб-суриштиргин, кейин чора кўр, дейди-лар.
 – Гап тарқалиб кетдими, уни одамларнинг оғзидан йиғиштириб бўпсан. Агар икковингда бир гап бўлмаганда эди, хотинсиз бир эркакнинг уйига сирға учун ёлғиз бормаган бўлардинг. Нега ҳамма темирчилик устахонасидан бориб олади-ю, сен уйига борасан? Устига у бошқалардан ясаган нарсасига пул олиб, фақат сендан олмаган. Уйига кириб-чиққанингни қўшнилари неча марта кўришган. Мен йўқлигимда сенга сирға нимага керак? Ақлингни еб қўйганинг йўқмиди? Бошида буни ўйласанг бўлмасмиди, ё Соҳиб борса-келмасга кетган, деган хаёлга бордингми? – унинг ғазаби тобора кучайиб борарди.
 – Сен ўта раҳмсиз, билганингдан қолмайдиган экансан, Соҳиб! Илтимос, жаҳл отидан тушиб, гапларимни эшит. Икки марта устахонага бордим, Мунаввар бобо унинг беморлигини айтди. Кейин Пўлатнинг қизчаси билан икки дўппи буғдой олиб бордик. Буғдойни қўлимдан олмади, мажбур бўлиб супага тўкдим. Сирғани олиб уйга келдим. У менинг йўқлигимда буғдойни онамга ташлаб кетибди. Кечқурун ишдан қайтиб, воқеани эшитгач, онамга нотўғри иш қилибсиз, дедим. Онам бечорани буғдойни олиб бориб беришга мажбур қилдим. Бўлган гап шу, – Хубон зўрға ўзини йиғлаб юборишдан тийди. – Жиловни қўйвор, биронтаси кўрса, яхши бўлмайди. Сен билан бошқа ишим йўқ, – Соҳиб бепарвогина деди.
 – Ке, отингдан туш, тепароққа бориб, анов толнинг тагида ўтирамиз. Туш, Соҳиб, тушгин! Худо ҳозир, мени эшитгин, кейин бошингни баланд кўтариб юрасан. Отингни кўздан нари ерга боғлаб қўй, – Хубон Соҳибнинг кўзларига илтижоли тикилди.
Тўрт йилдан бери Хубонни кўрмаган Соҳиб унинг офтоб урган дилкаш чеҳрасига, жозибали кўзига узоқ тикилди-да, ғурурини унутди. Соҳибнинг назарида Хубоннинг чеҳраси ўтган тўрт йилда нурга тўлган, янада ёқимли тус олганди. Унинг жозибали, назокатга тўла нигоҳи аста-секин Соҳибнинг кўнглини юмшатиб, бўлгани-бўлди дея, отининг жиловини буриб, сел йўли билан ёқалаб Хубоннинг ўзидан яна бир марта воқеа аслида қандай бўлганлигини англаш мақсадида юқори кўтарилиб бораверди. Лекин худди шу лаҳза кўзи Хубоннинг қулоғидаги ярқ этиб кўзга ташланган кумуш сирғага тушди. Сирға четидаги нозик баргчалар титраб, унинг ҳуснига ўн чандон ҳусн қўшарди.
Сирғани кўриши билан Соҳибнинг юрак уриши тезлашди. Кўз олдида Рамазон зар-гарнинг баҳайбат қомати гавдаланди. Назарида сирғанинг ҳар бир баргчасидан киноя яширинган кулги отилиб келарди. У отини қаттиқ қамчилаб Хубонни йўлидан суриб таш-лашга уринди. Лекин Хубон жиловни маҳкам тутганича, қўйиб юбормасди. Қамчи зарбига чидаёлмаётган от ер тепганча турган ерида айланар, Хубон ҳам унга қўшилиб айланаёт-ганди.
 – Қўйвор, деяпман, бўлмаса, қамчи билан бошингни ёриб ташлайман, наҳс босган суюқоёқ, – Соҳиб Хубоннинг боши устида қамчи ўйнатди.
 – Ие, мен яхши бўлсин, дегандим, ҳали шундайми?
Хубон бир қўли билан жиловни тутганча, иккинчи қўли билан Соҳибнинг камари-дан ушлаб пастга тортди. Бундай бўлишини кутмаган Соҳиб жойидан бир томонга сурил-ди-да, шошганича эгар қошига ёпишди. Лекин Хубон унга эгарга қайтадан қаттиқ ўтириш имконини бермасдан, қўли билан бўйнига ёпишди ва гавдасини орқага ташлаганча, бор кучини тўплаб пастга тортди. Соҳибнинг орден-медаллари бетига тегиб, кўз олдида ярақ-лаб, жаранглади. Соҳибнинг ҳар икки оёғи узангидан узилди ва отдан қулаб, бир ёни билан Хубоннинг этаги остига тушди.
Жилови бўшаган от камон ўқидек отилиб, сел ўтган йўлдан чопиб чиқди ва шамол-дек елиб, кўздан йўқолди.
Соҳиб сел ўтар йўлда чанг-тўзон орасида тиришиб, Хубоннинг қўлидан қийнал-ганича аранг халос бўлди ва тепага қараб интилди. У қўрққанидан тошми, бутами, нима дуч келса, ушлашга уринар ва тўрт йил урушда ҳам бундай қийин аҳволга тушмаганини ўйларди.
Хубон унинг ортидан узоқ тикилиб, қотиб-қотиб кулди ва кўйлак-лозимининг чангини қоқиб, селўтар йўлдан четга чиқди. Йўлдан четроққа ўтиб, кўздан нари бир жойга ўтирди-да, узоқ уйқудан уйғонган одам каби теварак-атрофга бепарво назар ташлади. Кўнглига ҳеч нарса сиғмасди. Унинг бу учрашувгача ҳали сўнмаган кичкина умидини шамол учириб кетди. Хубон ҳозиргина юз берган воқеани бошдан-оёқ эслашга, тақдир-нинг бу ўйинидан нимани ютиб, нимани ютқазганини ажратишга минг уринмасин, лекин, ҳайҳот…
Шу лаҳза Хубон бўм-бўш миясини новда сув озлиги боис аранг айланаётган ва дон-ни янчишга кучи етмаётган тегирмон тошига ўхшатди.
 
6
 
Сентябр ойи оёқлаб колганди. «Зафар» колхози тоғлардаги ва ёнбағирлардаги ғал-лазорлар ҳосилини ўриб олиб, кузги ёғинлар хавфидан қутулганди. Фақат қуёш кўтарила-диган тоғ ортида икки-уч кунлик ўрим қолганди, холос. Колхознинг уч бригадаси тоғ этагидаги ерларда басмабасига берилиб ғалла ўрарди. Анвар қолган бригадаларни «Меҳ-нат» колхозига ҳашарга жўнатганди.
Обком вакили Равшан Ҳаким нима сабабдандир икки ойдан буён Шолон қишлоғи-га кирмасдан, тўғри Чашмадор тарафга ўтиб кетарди. У ерда тез-тез мажлис ўтказиб, деҳ-қонларни ғалла ҳосилини тезроқ йиғиштириб олишга ундарди. У Анвар билан учрашиш-дан ўзини четга тортарди. Ўрни келганда обком йиғилишларида Анварни «қўпол, муома-ласи ёмон», дея қоралар, Соҳибни эса ишбилармон, серғайрат дея нақ осмонга кўтарарди. Албатта, ҳамма нарсанинг ўз сабаби бўлади.
Анвар кейинги пайтларда Равшан Ҳакимнинг гап-сўзига, буйруқ ва маслаҳатлари-га унча эътибор бермасди. Уларнинг муносабати ўша Манзар Шариф ва Шогадоевнинг Сталинободдан келар-келар кунларидан сўнг айниқса ёмонлашди. Котиб Анварнинг фикрини маъқуллаб, Равшан Ҳакимнинг одамларни вилоят партия қўмитаси номидан аэропорт атрофидаги ерларга сафарбар этиш ҳақидаги «ташаббуси»ни хомхаёл деди. Ўша кундан бошлаб Равшан Ҳаким ўзини Анвардан ошкора нари олиб, ортидан ёмонлагани-ёмонлаган эди.
Анварнинг назарида бугун кузги қуёш нурлари ҳар кунгидан илиқроқ ва меҳрлироқ эди. Қуёш ҳарорати Анварнинг ранги ўчиринқираган сарғиш кителидан зўрға ўтиб, елка-си ва курагини илитарди. Бугун Анвар хирмонга тезроқ етмоқчи бўлиб, йўлни яёв кесиб ўтди ва Сулаймон бобонинг қўраси ёнидан ўтмоқчи бўлди. Қўрадан бобо набираларининг ёқимли овозда куйлаганликлари қулоққа чалинарди. Анвар эшикни ёпар экан, сомон ғарами ортида Сулаймон бобонинг ғайрат билан ишлаётганини кўриб, тўғри у томон юр-ди. Ҳосили қизлар кокилидек осилиб ётган паст ишком остида бобонинг узум узиш учун қарашишга келган икки набираси челакни тескари қилганча чалишарди. Оёқ шарпасини сезиши заҳоти Сулаймон бобо бош кўтарди ва қаддини тиклаб, раиснинг кутилмаган таш-рифидан ҳайронлигини яширмади.
 – Ҳорманг, Сулаймон бобо!
 – Э, бу қандай бўлди, раис… ё, йўлдан адашиб қолдингми, десам… Тинчликми, ишқилиб? – Сулаймон бобонинг чеҳрасидан ҳайрат асарининг кетиши қийин бўлди.
 – Тинчлик, тинчлик, Сулаймон бобо. Хирмон бошига ўтаётгандим. Аллақачон узум узишни бошлаб юборибсиз-ку! Ҳали эрта эмасмикан…
 – Гапинг тўғри, раис! Бу… қушлардан, аридан сақлаш қийин. Пишган узумларни узиб, офтобда қуритиб олмоқчиман. Қани, оғзингни ширин қил, – Сулаймон бобо узум тўла челакни Анварнинг олдига қўйиб, гапида давом этди, – Бу узумни Мол буйраги деб қўйишибди, вақтида ейиш керак, раис.
– Хайр, дунёнинг ишлари шу экан-да, Сулаймон бобо. Узумларингизга ичингиз куяди, лекин колхоз узумини ўйламайсиз. Ёрдам, ҳашар деган гаплар ҳам бор-ку, -Анвар колхоз боғига ишора қилди.
 – Ахир, бу кал боғбонинг ичимдан топ одам бўлса. Ўлсам ҳам, ўзим есам бўлди дегандайин… Боғини эплай олмаяпти. Буни бугун десанг, бугун, эртага десанг, эртага узамиз. Фақат битта шарти – сен розилик берсанг, у эса…
 – Келаси ҳафта уста Маннон билан Жалолни юбораман. Атрофдаги икки боғнинг олма-ю узумини қолдирмасдан териб-узиб берасизлар.
Анвар қўрадан ўтиб, тўғри хирмон томонга бораверди. Узоқдан янги янчилган дон устида икки кишининг буғдой елпиётгани кўзга ташланди. Улардан четроқда ҳали янчил-маган дон устида қўшҳўкизни айлантириб ҳайдашарди.
Анвар буғдой янчаётганлар билан «ҳорма-бор бўл»дан сўнг аёллар томон яқин-лашди. Хубон раисни кўриб, қўлидаги ғалвирни дон уюми устига қўйди-да, ўрнидан тур-ди.
– Аёлларнинг иши баракали бўлади. Бугун манови буғдойни елпиб тугатиш сизнинг ғайратингизга боғлиқ. Шарофат опа, хўжайинингга айтгин, кечқурун идорага борсин. Раиснинг гапи боракан, де.
– Яхши, айтаман, Анваршо, – бошқаларга қараганда ёши улуғроқ кўринган, кўзлари кўкиш аёл ишдан бош кўтармай аста жавоб берди.
Бугун Хубоннинг чеҳраси олинган кўринар, лекин у ўзини одамларга ҳар доимда-гидек қувноқ, хуш кайфиятли кўрсатишга уринарди. Соҳиб иккови селўтар йўлда уч-рашиб, ораларига совуқчилик тушгач, Шолон ва Қалъача қишлоқларидаги катта-кичик-нинг оғзидан уларнинг гапи тушмай қолди. Қизиғи, саккизинчи синфда ўқийдиган икки ўқувчи боғбондан яшириниб боққа киришган, дарахтга ўралиб чиққан ток узумини ейишаётган дам ўша воқеани кўриб қолиб, бошдан-оёқ томоша қилишганди. Ўша куннинг ўзидаёқ учрашув ҳикояси оёқ чиқариб, Шолондан Чашмадорга, Чашмадордан Қалъачага ўрмалади. Гап тарқалган дастлабки кунлар Хубон уят ўтида ёнгандай одамлар кўзидан яшириниб юрди. Лекин бора-бора ўзини четга тортиб, ўй-хаёлга берилганидан алами келди ва ич-ичидан ўзига таънаю-маломат ёғдирди. «Мен Соҳиб олдида бирон гуноҳ иш қилмаган, унинг ишқини мудом юрагим тўрида сақлаб, бир лаҳза бўлса-да, унутмаган бўлсам, нега тақдирнинг оғир ўйинига тан бериб, ўзимни одамларнинг ноҳақ таъна-маломатлари домига ташлаб қўяман?!» Хубон бундан кейин бошини баланд кўтариб юришга, оёғи қолиб, оғзи билан юрадиган кимсаларнинг ҳар қандай ивир-шивирларига заррача эътибор бермасликка аҳд қилди.
– Бугун, яёв юрибсиз, раис ака? Худо ҳақи, бундай билдирмай, писиб келадиган бўлсангиз, айримларнинг юраги ёрилади. Мана мен бўлсам, бекор ўтиргандим, сизни кўриб, уятдан қочадиган жой тополмаяпман. Ажиб салобатингиз ва сиёсатингиз бор-да, раис ака, – Хубон шарақлаб кулиб, ҳаммани ўзига қаратди. Ҳатто аёллардан наридаги хўпчи икки эркак ҳам жарангли беғубор кулгини эшитиб, кўнгиллари чоғ бўлиб қўл-ларидаги санчқини буғдой ғарамига санчишди ва аёллар томонга қарашди. Анварнинг олдида ҳеч качон овозининг борича яйраб кулмаган Хубон тўсатдан бошига қайси бир ўй келиб, хижолатга тушди ва ерга тикилди.
 – Кечирасиз, раис ака! Қуриб кетгур бу кулги қаердан келиб қолди-я…
 – Худди менинг тўсатдан келганимга ўхшаш бўлибди-да, – Анвар Хубонни хижо-латликдан қутқариш мақсадида зўраки кулган бўлди-да, унинг ёнидан узоқлашди. – Хубон, кеча кечқурун мажлисга келмадинг. Бунақа қилиқларга тоқат қила олмаслигимни билмасмидинг.
– Кун буйи бутун танамдан мадор қочгандайин шалвираб юрдим. Кечқурун исси-ғим чиқиб кетди. Нима сиз мени атайлаб мажлисга бормаган деб ўйлаяпсизми? – Хубон қовоғини уйганча аёллар томон кетди. У хирмондан ғалвирга буғдойни лиммо-лим солиб, қаҳру ғазабга тўлиб, елпиб тозаланган дон уюми ёнига келди. У ён-атрофига қарамасдан тик турганча буғдойни тез елпий кетди.
Анварнинг кўнглига хижиллик югурди. У уюмдан бир кафт буғдой олиб, унга тикилар экан, кўнглида шукроналик зуҳур этди.
«Бултургига қараганда бу йил ғалла яхши бўлди. Қанийди, буёғига одамлар тўйиб-тўйиб нон ейишса. Инсоннинг тоқатига ҳам қойил қолиш зарур», – Анварнинг кўнглида шу гаплар кечди.
Шамол эса бошлаб, буғдой елпиётганларни тезроқ ишлашга шоширди. Энди улар буғдой боғларига санчқиларини чаққонроқ санчишар ва ҳавога кўтариб шопиришарди. Шамол енгил сомонни ўйнатиб кетар, буғдой шувиллаганча хирмонга тўкиларди. Анвар бу манзарага бир неча лаҳза қараб қолди-да, сўнг аёллар хирмони томонга келиб, Хубонга юзланди.
– Синглим, бу кеча ойдинда икки киши навбатлашиб буғдой елпишсин. Бир илож қилиб эртагача буғдойни тозалаб олайлик. Агар мазанг бўлмаса, эртароқ уйингга кетгин. Ражаб саркор ва Ибод икковлон буғдойни қанорларга солиб қўйишади. Саркор! – Анвар хирмон четида йиртилган қанорларни ямаётган жуссаси йирик кишини чақирди.
 – Лаббай, раис!
 – Қанорларга солинган буғдойни навбати билан яна бир марта елпиб олинглар. Буғдойга ҳушёр бўлинглар, ўтган кеча юқоридаги хирмонда биттасини ўғирлик қилаёт-ганда қўлга туширдим.
– Раис, ахир, менинг жоним ҳам тошдан эмас. Ўтган кеча, ундан олдинги тунда ҳам киприк қоққаним йўқ, – Ражаб саркор аламга тўлгандай гапирди.
 – Янганинг қучоғини соғиндим, дейверинг-да, саркор! – хирмончилардан бири бор овози билан гапирганча кулди.
 – Яна бир ҳафтагина чидагин, саркор. Колхознинг қарорини чиқариб, янгаларни бу ерга жўнатамиз. – Анвар мўйловининг учларини бураганча жилмайди.
Анвар сел йўли ёқалаб, Саринай хирмони томон одимлар экан, йиллар давомида юрагида яширин орзу ва армонлари ҳақида ўйларди. Агар бу қақшатғич уруш бўлмаганда эди, тўрт-беш йилда муродига етган бўларди. У аэропорт яқинида янги, намунали Шолон қишлоғини бунёд этишни режалаштирарди. Бир-биридан узоқ, боғ-роғлари, адир ва ён-бағирларда яшаётган одамларни даштликка кўчиришни ўйларди.
Буёғига баланд тоғларда ғалла экишни тўхтатиш зарур. Чунки ҳар йили қаттиқ ёғингарчиликлар вақтида ўша экин экилган майдонларнинг шудгорланавериб, юмшаб қолгани боис сел ерни ювиб кетиб, қуйидаги боғ ва экин майдонларига оралар ва на бир туп дарахт, на экинни қолдирмай, ҳаммаёқни тошлоққа айлантирарди. Одамлар сел йўли-дан четроққа ўтиб, колхоз боғлари, тепаликлар, ёнбағирларда бошпана қуриб олишди. Йўқ, у бундайин ташвишларга хотима қўйиши керак, одамларни бир хавфсиз ерга тўплаб, сел офатидан хотиржам яшашларини таъминлаши зарур. Шунда Шолоннинг ўзида экин-зорлар, боғлар ҳам кўпаяди. Яхши ҳосил унмайдиган, ҳар йили экинзорнинг маълум қисмини кўкламги ёғинлар ювиб кетадиган ёнбағирлар ва адирларда ўрик ва олма боғлари яратади. Йиллар ўтиб, бу боғлар колхоз даромадини оширади. Албатта, ҳали колхоз қаддини тиклаб, одамлар тўқ ва тинч яшай бошлагандан сўнггина ўзининг бу мақсадини амалга ошириш учун енг ҳимариб киришади.
Анвар нафаси етишмай қолаётганидан тез-тез қадам ташлаб бораётганини сезиб қолди. Эски нафас йўли оғриғи бор Анвар учун югуриш ва тез юриш оғир азоб эди. Тез-тез нафаси қисилар ва ранги ўчиб, ҳолсизланарди. Ўйига бир яхши фикр келиб қолса, қадамини тезлаштириб юриб кетиш одати бор эди . От устида кетаётиб худди шундай фикрлайдиган бўлса, узангидаги оёқлари таранглашар, қомати тиклашарди. Ана шундай лаҳзаларда у атрофидаги одамларни, йўлдошларини ҳам унутиб қўярди. Ҳаво етишмай, қийналиб нафас олгач, қулоқлари ҳам том битгандайин бўлиб, бир неча лаҳза фақатгина юрагининг ваҳимали тарзда гупиллаб уришини эшитарди, холос. У йўнғичқазор четидаги марзага эгилиб ўтириб, нафасини ростлади ва яна йўлида давом этди. Сел йўлидан қуйи-роққа тушиб, Қалъача томон элтадиган тор йўлга ўтмоқчи бўлди. Ортидан от туёғининг овозини эшитиб, орқага ўгирилди. У отлиқларни таниди. Йўл четида турганча Соҳиб ва Равшан Ҳакимнинг етиб келишларини кутди. Отлиқлар отларини тезлаштириб Анварнинг олдига келишди. Улар отларидан тушиб, бирин-кетин Анвар билан кўришишди.
– Яёв юрибсиз, раис? – Равшан Ҳакимнинг маъноли тикилиб туришидан сиздай донғи кетган раисга бундай юриш ҳеч бир ярашмайди демоқчилигини уқиш мумкин эди.
 – Кеча от йўлда қийналиб қолди. Оқсоқлангандай бўлди. Бирон кун дам олсин, дедим. – Анварни бу савол-жавоб эмас, балки Равшан Ҳаким ва Соҳибнинг қишлоқ этаги-даги эгри-бугри йўлдан ўтишгани ўйлантирди.
Аслида эса, обком котиби Равшан Ҳакимни Анварнинг олдида койиган вақтдан ва Соҳиб ҳамда Хубоннинг учрашуви можароси катта-кичик орасида овоза бўлган кундан сўнг уларнинг ҳар иккови ҳам бошқа Шолон қишлоғидан ўтмайдиган бўлишганди. Фақат ўтган ҳафта Соҳиб тунда Анварнинг уйига келиб, ёрдам ва ҳашар ҳақида гаплашиб кет-ганди. Анвар Соҳибнинг кам кўриниши ва хилват излашининг сабабини фақатгина иши кўплигига боғларди.
– Ҳашар иш берди. Минг раҳмат, Анваршо. Яна бир ҳафта шундай ҳужум қилсак, ўрим тамом бўлади, – Соҳиб айёр нигоҳини Анвардан олиб қочиб, Чашмадор қишлоғи томон юз бурди.
– Раис, афтидан, бугун ҳашарга одам кам чиққан. Ора-чора мўйлов бураб имо қилиб турмасангиз, бегона колхоз бўлса, бизга нима қабилида ишни ланж қилишмасин яна. Бугун иш юришмади. Гапнинг тўғриси, райком котиби «Меҳнат» колхозидаги иш-лардан ташвишда, – Равшан Ҳаким Анварга қараб сўзларкан, қошларини чимирди.
– Равшанбек, ўзингиз ғалла ўраётганлар олдига бордингизми? – Анвар овозини кўтармасдан сўради.
– Нимайди? Биз кўрган жойларнинг ҳаммасида иш зўр эди. Йўқ, шунисига ҳам ташаккур… лекин энди ташаббусни сув оқизиб кетмаса дегандим.
 – Менинг бир одатим бор, Равшанбек, кўрмасдан ё аниқламасдан туриб, ҳеч қачон ҳукм чиқармайман. Исо бобо айтганларидай « Мен тегирмондан келяпману, сен бўлсанг, дўл бўм-бўш, дейсан». Ё сенинг назарингда ҳам бугун ҳашарчилар озми, Соҳиб? – Анвар жилмайганча Соҳибга ўгрилди.
– Йўқ, гапнинг тўғриси, кеча ва ўтган кунгига қараганда ҳам бугун ҳашарчилар кўп-роқ. Балки Равшан Ҳаким боғ ортида буғдой ўраётганларни кўрмаган бўлишлари мумкин, – Соҳиб чайнала-чайнала йўлдошини оқламоққа тутинди.
– Хайр, бу гап бизнинг қизариб-бўзаришимизга арзимайди, раис. Лекин Соҳибнинг оиласи борасида мен обком вакили сифатида сиздан хафаман, ҳа, хафаман!
Равшан Ҳаким махсус тайёргарликдан сўнг баланд минбарга кўтарилиб сўзлаётган каби кесиб-кесиб таъкидлар экан, Анвар ва Соҳиб бир-бирларининг кўзлари тубига тики-либ қолишди. Равшан Ҳаким елкасини ялаётган от оғзидан нари сурилди-да, жонивор-нинг пешонасига тапиллатиб урганча оҳангини ўзгартирмасдан сўзида давом этди.
 – Раис, бу ерда гап Соҳибнинг шаъни, обрўси ҳақида боради. Бу одам фронтга бориб, қон тўкиб қайтган. Бугун вилоят ва туман ҳукумати катта хўжалик ихтиёрини унга ишониб топширган. Шундай экан, нега биз битта аёлнинг оғзини ёпа олмаймиз. Нега унга насиҳат қила олмаймиз?
 – Сизнинг фикрингизча мен нима иш қилишим керак, Равшанбек? – Анвар ўзини зўрға босиб, жавоб кутди.
 – Бўлмағур ишни қилиб қўйгандан кейин Соҳибнинг орқасидан эргашиб юришини қандай тушунса бўлади? Сиз раиссиз, у хотин сизнинг қўл остингизда ишлайди. Иложини топиб, сув йўлини тўсмоқ зарур. Мен буни зўрлик билан қилинг демайман…
 – Иқлим кампирнинг бир ажойиб мақоли бор: « Гапирсанг, тарвузлаб гапир, уни сўйишганда, ичидагини ҳамма кўрсин.» Гапни чайнашнинг нима ҳожати бор, Равшанбек. Муддаоингизни очиқчасига айтаверинг. Агар мен Хубоннинг бахтига зомин бўлсам…
 – У гапингни ерда қолдирмайди, Анваршо. Жўралик меҳру оқибати дегандай шу ишни қилсанг эди, бошимдаги ғам тоғини суриб ташлардинг. Менинг ортимдан юриб, обрўмни тўкиб нимага эришади у, – Соҳиб кўмак сўрагандайин Анварнинг кўзига тикилиб қолди.
– Гапни бошқа чўзмаймиз, раис! Уйнинг гапи кўчага чиқмайдиган бир иш қилинг. Агар жамоат раиси билан бирга ЗАГС қоғозини ҳал қилиш қўлингиздан келса, янаям яхши. У ҳам ўз йўлига-ю, бу ҳам. «У деди-бу деди»лаб юравериш кимга керак! – Равшан Ҳакимнинг юзини жиддийлик эгаллаб олди.
 – Мен бу гапни Хубоннинг кўзига қайси кўз билан қараб айтаман? У бунчалик ерга уриб, лойга қориштириб ташлашга лойиқ эмас. Соҳиб, ўйлаб кўргин. Мен илгари ҳам сен-га фикримни айтгандим. Одамларнинг ҳавойи гапларига ишонасан-у, ҳалол хотинингни гапига ишонмайсанми?
 – Айтмадимми, – Равшан Ҳаким Соҳиб томонга имо қилганча тиржайди.
 – Агар бешиги осмондан тушган бўлса ҳам, у билан бошқа яшамайман, – Соҳиб кибр аралаш ғурур билан битта тошча олиб этиги учига урди-да, узоққа ирғитди.
 – Раис икковимизнинг юлдузимиз ҳеч қачон бир-бирига тўғри келмади-да, – Равшан Ҳаким узангига оёқ қўйиб, отга ўтирар экан, Анварга маломат тошини отди.
 – Тўғри айтасиз! Бизнинг йўлимиз ҳам, ишимиз ҳам бошқа-бошқа экан.
Равшан Ҳаким отини жаҳл билан қамчилаб, йўлга тушди. Соҳиб ҳам Анвар билан истар-истамас, совуққина хайрлашиб, шошганча вакилнинг ортидан эргашди.
 
7
 
Шолондаги баланд чойхонада Маҳмадраҳим ва Шайх чалаётган қўшнай ва сур-найнинг ёқимли, қалбларни сеҳрловчи овози узоқ-яқинга тарқалиб, кўнгилларни овлар, айрим одамлар ҳатто кечки овқатни унутиб, чойхона томон шошардилар. Бугун чойхона ҳовлисидаги очиқ саҳнада вилоят театри артистлари томоша кўрсатишлари керак эди.
Ҳали қўшнай ва сурнай овози эшитилмасдан бурун Хубон чўмилди, мушк тарала-ётган сочини икки ўрим қилиб ўриб, орқасига ташлади, қошига ўсма тортди. Қизининг қувончидан ва кайфияти чоғлигидан онанинг боши осмонга етиб, Хубоннинг қуюқ сочини тараб, севинч ёши тўкарди. У анчадан буён қизини бунчалик чеҳраси очиқ ҳолда, хурсанд кўрмаганди. Хубон келинлик кавушини, ёқасига айлантириб гул тикилган оқ кўйлагини кийиб, ҳовлига чиқди. У чиройли қадам ташлар, жарангли кулгиси ҳовлини қувонч ва сурурга тўлдирарди. Она томошабин каби супа устида қотиб қолган, қизининг гўзал чеҳрасига, чиройли, тик қоматига тикилганча ўтиргани жой тополмасди.
Хубон бир-бирига гап қотиб, атрофни кулгига тўлдираётган маҳалланинг ёш аёллари ва қизлари даврасида тошариқ ёқалаб пастга эниб борарди. Йўловчилар ва булоқ-дан сув олаётган аёллар кўчани бошига кўтариб бораётган қувноқ даврада Хубонни кўришиб, кўзаларини ерга қўйишар ва улар кўздан йўқолганча ҳавас билан қараб қолишарди. Қўшнай овози тошариққа урила-урила қулоққа хуш ёқарди. Яқин-атрофдаги гузарлардан, эркаклар, аёллар гуруҳ-гуруҳ бўлишиб чойхона томон боришарди. Бирданига ўрта ёшли, лекин ҳалигача шўхлиги қуйилмаган бир аёл Хубоннинг тирсагидан олиб, булоқ томонга ишора қилди.
 – Анови хушмўйловни кўр, Хубон, кавушларингга чанг қўнмасин деб йўлингга сув сепяпти.
Хубон бундай қараса, булоқ томондан қўлида челак Рамазон оқсоқланганча йўл томон келарди. Рамазон қаддини тиклаб, ўзича ҳазиллашган аёлнинг юзига совуқ нигоҳ қадади, йўлида тўхтади, аёлнинг очиқ чеҳра, ҳазил-кулги билан Хубонга кўз қисаётгани-ни кўриб, қувноқ кулди ва кетишга тутинди.
– Оғзига кучи етмайдиган одамларни Худо кўтарсин. Аччиқ-аччиқ гапирсам, хафа бўлмагин тағин. Айтинглар, анови оқсоқ заргар қаерда-ю, бизнинг қирқкокил нозанини-миз қаерда? – аёл бу гапи билан Хубоннинг кўнглини кўтармоқчи бўлди ва елкасини учирганча қотиб-қотиб кулди.
 – Кўнглимни бундайин совутмагин, опа. Наҳотки, кўнглингга шу гаплар сиғса. Қараб тур, энди ойбалдоқ буюрмасам, нима десанг-деявер!
Хубон Рамазоннинг ёнидан қувноқ ҳазиллашганча ўтар экан, унинг ҳайрат қотиб қолган чеҳрасини кўриб, кулгиси қистади. Рамазондан беш-олти қадам нари кетмасдан, тўсатдан кўнглида ортига қайтмоқ ва Рамазоннинг бу ҳолатини яна бир бор кўрмоқ истаги пайдо бўлди. Хубон бошини бироз елкаси ортига ташлади-да, Рамазонга билдирмай нигоҳ ташлади. Рамазон ўзини зўрлаб жилмайишга уринди, лекин қўлидан келмади. У сув тўла челакни йўл четига қўйиб, тошсупача устига ўтирди-да, Хубоннинг ортидан узоқ тикилиб, хаёлга чўмди. У ҳеч қачон ўзини ҳозиргидек қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган, бўшанг ҳис қилмаганди. Хубон олдидан ўтиб кетаётганда анчагача қўл-оёғи жонсизланиб, ўзига бўйсунмай қўйди. У тош устига омонат ўрнатилган совуқ бир ҳайкалга дўнган мисол эди. Агар синчков аёллар ва шўх қизларнинг баланд кулгилари, айёр қарашлари бўлмаганда эди, балки у шу туришида йўл четида яна қанча вақт қотиб қолган бўларди. Рамазон кенг манглайини қотиб қолган қўли билан силаганча ич-ичидан ўзига таъна ёғдирарди. Ҳеч бир асоссиз, юз-кўзинг борми демасдан, номини ёмонотлиққа чиқаришган бу нозанин олдида у ким бўлибди? Рамазон анчадан буён Хубонни энди шундайин қувноқ ва чиройи очилган ҳолда кўряпти. Агар у ўзини Хубонга муносиб деб билганда унинг кўзидан қочиб юрмас-ди, шунча гап-сўзларни орадан кўтариб, унга яқин муносабатда бўларди. Бу фикр унга қаттиқ таъсир этиб, ўрнидан турди-да, челакни кўтариб йулга тушди. Уйига етганча челак суви тўкила-тўкила яримлаб қолди.
Чойхона саҳни тобора одамга, ғовур-ғувурга тўлиб борарди. Шолон қишлоғидан бўлган найчилар чойхона айвонида тик турганларича созларини бағирларига босиб Сангин полвоннинг ҳикоясини эшитиб кулишарди. Ҳар ер-ҳар ерда давра қурилган, ҳар ким ўз тенгини топган, суҳбат қўр оларди. Ҳаммадан орқада, чойхона ҳовлиси четида аёл-лар ва бўйи етган қизлар рўмолларини қошлари учигача тушириб, бир-бирларига қишлоқ-даги теша тегмаган хабарларни қўшиб-чатиб шивирлашарди. Айвон яқинига ёғоч сўри қўйилган, унинг устида Анвар, Равшан Ҳаким, вилоят театрининг хушовоз ҳофизи Баҳодир, қишлоқ қариялари ва обрўли одамларидан Аҳмад, Акобир, Азиз чавандоз, Абду-саттор, жамоа раиси Давлат ва мактаб директори Иброҳимзода ўтиришарди. Эркаклар тўпидан четроқда болалар шовқин-сурон солганча, ҳаммадан кўпроқ ўйнаб-кулишарди. Чойхонанинг узун айвонидаги икки сутун орасига ранги ўчган, у ер-бу ери йиртиқ энлик бахмални парда ўрнига осишган, унинг ортидан эшитилаётган турли соз овозларидан театр созандаларининг машқ қилишаётганини англаш мумкин эди. Қишлоқдаги энг шўх болалар – Мезбон ва Мусофир қўлбола парда йиртиқларидан тез-тез бош суқиб, санъат-корларнинг қандай тайёргарлик кўришаётгани билан қизиқишарди. Улар супа пастида ўтирган журъатсиз бошқа болаларга ўз кўзлари билан кўрган манзара ҳақида завқ-шавққа тўлиб сўзлаганча, тенгқурларини кулдиришарди.
Чойхона ҳовлисида пайдо бўлган Хубон эркак-аёлнинг диққатини ўзига тортди. Бугун озода кийиниб келган Хубон одамлар кўзига олдингидан ҳам чиройли, ёқимлироқ кўринарди. Хубон сўрида ўтирган эркакларга бир боқди-да, салом бериб, тезда аёллар томонга ўтди. Синчков аёллар гўё бир ишорага маҳтал бўлгандайин, Хубон пайдо бўлиши билан яна пичир-пичирни қизитишди, унинг «олифта» бўлиб келишига ҳар бири ўз бил-ганича маъно бера бошлади. Хубон уларнинг шивирлашларига эътибор бермасдан, шўх ҳазил бошлаб даврага жон киритди. Аёллар ундан кўз узмасдан аста-секин ҳазил-кулгига қўшилишди. Эркаклар нигоҳидан ибо қилаётган аёллар бошқа томонга ўгирилиб, кулги-ларини яширишга уринишарди.
Равшан Ҳаким аёллар даврасини яхшироқ кўриш истагида ортидаги ёстиқни олиб, кўкрагига босди-да, ўзини орқароқ ташлаб, Анварнинг ортидан ўғринча Хубонга тикилди, Соҳибнинг олтиннинг қадрига етмаганидан афсусланди.
 – Раис, одамлар йиғилиб бўлишди, бошласак бўлар? – театр вакили чўнтак соатига сабрсизлик билан тикилди.
– Яна бироз сабр қилайлик. Ҳали Чашмадордан тушишганича йўқ, – Анвар Соҳиб ва унинг колхозидаги деҳқонларнинг кечикишаётганидан ташвишда эди. У қўли билан ишора қилиб Сангин полвонни чақирди-да, ҳазил аралаш деди:
– Бугун дамингни ичингга ютибсанми? Овозинг чиқмайди?
 -Ҳой, раисжон! Сабабини билмайсанми, Худо ҳақи, хурсандлигимдлан жимгина ўтирибман.
 – Полвон, айвонга чиқиб олам ва одамдан тўрт оғиз гапир! Одамлар зерикиб қолишмасин.
 – Бўпти, раис, биздан нима кетарди.
Икки-уч киши Сангин полвонни кўтарганмисол айвонга чиқариб қўйди. Сангин полвон ҳар доимги одатидек дўпписини олиб, кафти билан бошини берилиб силади, сўнг ғала-ғовур ва кулгини тўхтатмоқ ниятида ўнг қўлини кўтариб, «жим» ишорасини қилди.
– Эшитинглар, қон-қариндошлар. Мен ваъз ўқийман. Аввалига бир нарсани айтишим зарур, мен сизларнинг ҳаммаларингдан ҳадя олганман. Менинг қиёматлик жўрам Саидбек қариганида янги фарзанд кўрди. Шердек бир бола… Ана ўша кундан бошлаб ким бизнинг оқ соқолимизга қараб тўкилиб қолибди, гўр оғзига етибди, деса номаъқулнинг бешта нонини ебди. Гапнинг очиғи, раис, эртадан бошлаб бизга ўхшаган икки-учтагина хотинсиз қолганларнинг савобини олишни ўйланглар. Ҳозир Шолонда нима арзон десанглар, бева арзон. Карнайчидан бир пуф, раис. Сиз бизнинг қарилигимизга қараманглар… Ҳа, товуққа тухум бостиринглар-да, жўжа олинглар, дейишган…
Эркак-хотиннинг баланд кулгиси Сангин полвоннинг овозини босиб кетди.
Анвар пешонасини силай-силай, бадани титраб, мириқиб кулгач, кўз қири билан Равшан Ҳаким томон боқди. У «вакил» сифатида кулгидан тийилиб, одамлар кўз ўнгида ўзини сипо тутарди. Одамлар Сангин полвоннинг кўп гапларини аввалига бир ҳазил дея қабул қилишди. Лекин айрим кишилар орага тушиб, одамларни бу хушхабар қулоқларига чалинганига ишонтиришди. Одамлар етмишга кирган Саидбек бобонинг шу ёшида ўғил-лик бўлганига шубҳа қилишарди. Саидбек бобо уч йил олдин олис бир қишлоқдан ўттиз ёшли, касалманд, ҳеч кими йўқ бир аёлни уйига олиб келганди. Чоли тушмагур у ёш аёлни дори-дармон билан даволаб, қаровини яхшилаб, роса бир йилдан сўнг ҳеч кимнинг гапига эътибор бермасдан никоҳлаб олди. Чол одамларнинг гап-сўзига қасдма-қасд ҳар кечқурун атайлаб чойхонага келар ва овозини баланд қўйиб «ҳали бел бақувват, туянинг думини узиб оламан», дея ғайрати ошиб-тошиб ётганини кўрсатмоқчи бўларди.
Сангин полвон айвондан тушаётганди, жамоа раиси Давлат унга ҳазил аралаш гап қотди:
– Биласанми, Полвон, қалъачаликларнинг келмасликларига сен гуноҳкорсан. Тўқи-ган мақолинг уларнинг қулоғига бориб етган.
– Ана, холос. Бу мақолни мен ичимдан тўқиб чиқарган бўлмасам.
– Йўқ, биллоҳи азим, вақти келса, сен сутни қатиқ деб қасам ичасан. Агар тўқима-ган бўлсанг, ҳозирнинг ўзида айтасан, – орқадан Сулаймон бобонинг овози эшитилди.
Сангин полвон бошидан дўпписини олиб, яна ўз-ўзидан елка учириб кулди-да, энсасини қашлаганча гапга тушди:
– Қизиқчиликка бурманглар, бу бўлган воқеа. Қалъачаликларнинг чойхонасида на намат, на биронта шолча йўқлигини ҳаммаларинг яхши биласизлар. Бир куни кечқурун қишлоқ аҳолиси бўйра устига тизилиб, нега Чашмадор меҳмонхонасида намат бору бизда йўқ деб ҳасрат бошлашди. Келинглар, колхозимизни ажратиб оламиз, дейишди. Шундан кейин биринчи йили давлатга юнг топшириш режасини ярмини бажариб, қолган юнгдан намат тайёрлаймиз, деган гаплар эшитилди. Наматни юқоридаги икки сутун орасига солиб қўямиз, дебди носини бўйра тагига туфларкан қалъачаликларнинг бригадири. Бу гап Носирга қаттиқ таъсир қилибди ва у йўқ, иним, наматни мана мен ўтирган ерга соламиз, нима қишлоқнинг икки-уч олифтаси наматга ўтиради-ю, биз бўйрада ўтирамизми, дебди. Хулоса, сизларга ёлғон, менга чин, қариндошларим, колхозни ажратиб олиш ва наматни қаерга солиш масаласи икки гуруҳ ўртасида жанжал келтириб чиқарибди. Агар Амин чол ўртага тушмагани-да, бу жанжал бош ёриш ва маҳкамабозлик билан тугаган бўлармиди.
Сангин полвон ҳали ҳикоясини тугатишга улгурмасдан катта йўлда Чашмадор ва Қалъача қишлоқлари одамлари кўриниб, ғала-ғовур билан чойхонага кириб келишди. Шолонликлар шошилганча меҳмонларни кутиб олиш учун ўрниларидан туриб, уларга жой беришди. Ҳеч қанча ўтмасдан Соҳиб отини йўрттириб келиб, ундан чаққонлик билан пастга тушиб, тизгинни Ҳасаннинг қўлига тутқазди ва у отни боғлаш учун қозиқ томон етаклаб кетди. Соҳиб икки-уч киши билан совуққина саломлашди-да, бошқаларга ҳатто қарамасдан сўри томон юрди.
Соҳибнинг келганини кўрган Хубоннинг қулоғи ғувиллади, ундан бир неча лаҳза узун ҳуштак овози нари кетмади, чеҳраси уят ва ҳаяжондан қизарди. Курагидан совуқ тер пастга қараб ўрмалади. У ҳаяжонини босишни истар, атрофдаги синчков кўзларга ўзини бепарво кўрсатишни истаб, бошини баланд тутар, лекин энди на кулги, на бир оғиз сўзлаш учун куч тополмасди. Хубон ноилож бошини қуйи солиб, ранги ўчган гиламга тирноғи билан хат ёзишга тушди. Фақатгина Соҳиб сўрига бориб ўтиргач, унинг кўкрагидаги орден-медалларнинг жиринг-жиринги Хубоннинг қулоқларига ёпишди. У ўзини қўлга олишни истар, шунинг учун сўри томон яширинча боқиб, Соҳибнинг сўри ёғочига суяниб, аёллар даврасига орқа ўгирганини кўрди. Хубон лабини тишлаб, шошиб бошқа томонга қаради, кўзи юзи буришган, бурни катта аёлга тушди. У Хубон томон ёмон қараганча, ёнидагиларга нималарнидир шивирларди.
 – Ҳу, кўзларинг тешилиб оқсин, – Хубоннинг қаҳрга тўла, кўплар эшитган гапи бошқа аёлларни ҳайратга солиб, ўша бурни катта аёл томон қарашди.
Эркаклар чалган қарсак аёллар диққатини чойхона айвони томон қаратди. Равшан Ҳаким саҳна ўртасига чиқиб, чап қўли билан зобитлик камарини қаттиқ тортди ва ўнг қўлини юқори кўтариб, одамларни тинчланишга, гапдан тўхташга чорлади. Унинг сўзла-ётганда ҳеч кимнинг юз-кўзига қарамайдиган одати бор эди, одамлар тепасидаги бирон нуқтани топиб олиб, кипригини заррача қоқмасдан ваъзхонлик қиларди. У «Зафар» кол-хозининг барча аъзоларини – эркак ва аёлларни йиллик режа ва мажбуриятни бажарган-ликлари билан овозининг борича табриклади.
Уруш йилларидаги қаҳатчиликлар ва қийинчиликлардан қатъий назар «Зафар» кол-хози режа ва мажбуриятларини иложини топиб бажариб келар, бу йил ҳам ўз ваъдасига вафо қилганди. Гўшт режасининг бажарилишига озгина қолган бўлса-да, сут, ғалла, юнг топширишни дўндириб қўйган, ҳар бир хўжаликка жон бошига қараб ҳўл ва қуруқ мева, озроқ бўлса-да, буғдой ва арпа, бақлажон тарқатганди. «Зафар» урушнинг оғир йилларида колхозчиларнинг иш ҳақини камроў бўлса-да бериб, қандай бўлмасин, одамларни очарчиликдан сақлаб қолгани билан вилоятда кўзга кўринган колхоз эди.
Равшан Ҳаким ҳеч кети кўринмаётган «кириш сўз»и давомида «Меҳнат» колхози-ни ҳам тилга олиб, Соҳибни осмондан сал берироққа кўтариб таърифлади. У оғзини тўл-дирган ҳолда келажакда «Меҳнат» колхози ҳам « Зафар» каби албатта вилоят миқёсида намуна бўлади, деди. «Чунки энди бу қолоқ колхозга, – Равшан Ҳаким атайлаб чертиб-чертиб сўзларди, – гитлерчиларга қарши уруш майдонининг ғолибларидан бири ўртоқ Соҳиб бошчилик қилмоқда. » Равшан Ҳакимнинг бундайин кўтар-кўтарларидан терисига сиғмай қолаётган Соҳибга ўзининг ўтириши ёқмай қолди ва ўрнидан туриб, тиззалаб ўтирди. У энди атрофга очиқ юз билан боқар, кўнглида эса, нотиққа нисбатан миннатдор-лик барқ урарди. Равшан Ҳаким уч-тўрт марта қаттиқ йўталгач, чўнтагидан тўрт буклоғ-лиқ қоғоз олиб ёйди, боши устида икки-уч орқа-олдинга олиб бориб кўрсатгач, сўзида давом этди:
– Вилоят фирқа қўмитаси ва туман партия қўмитасининг биргаликдаги қарорига кўра «Зафар» колхозининг раиси Анвар Назаров «Урал» радиоприёмниги билан мукофот-ланди. Қани, шерйигитлар!
Театрнинг икки созандаси сандиқча шаклидаги жигарранг радиоприёмникни олиб келиб, Анварнинг олдига қўйишди.
 – Раис, вилоят ва туман партия қўмиталари менга бу совғани шахсан ўз қўлим билан сизга топширишни буюришди. Марҳамат, раис! Равшан Ҳаким қўлини узатиб, Ан-варни супа устига тортиб чиқарди. Узоқ давом этаётган қарсак тўлқинини Анварнинг хотиржам қиёфаси ва миннатдор нигоҳи аста-секин тинчлантирди. Ҳатто саҳна атрофида шовқин-сурон кўтараётган шўх болалар ҳам Ражаб саркорнинг бақириши ва пўписасидан чўчиб, чойхона даҳлизига қарашди-да, ўзларини ерга ташлашди. Анвар шу туришида яна бир неча лаҳза одамларга қараб турди-да, ҳамманинг вужуди қулоққа айланиб ўзи томонга қаратилганини сезиб, чуқур нафас олди, ич-ичидан қайнаб чиқаётган ҳар бир сўзини тарозига солгач, урғулаган ҳолда гап бошлади. Одамлар бир неча йил давомида раислари-ни бошдан-оёқ ўрганиб олишганди. Ҳозир ҳам унинг авзоидан ва кўз қарашларидан ўзига хос самимият билан дардли, оғир гапиришини, урушнинг нохуш, яхши ва ёмон дамлари-ни ўйлаб, изтиробга, ҳаяжонга тушишини, одатига кўра қадоқ қўлларини мушт қилиб бир-бирига қаттиқ ураверишини ҳис қилиб туришарди.
– Бутун халқ бошига оғир кунларни солган бу офат йўқ энди. Халқимиз ўзининг жасорати, чидамли меҳнати, ишчанлиги билан ҳаммаёқни ёндириб, кулга айлантираётган уруш офатларини, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийинчиликларни енгиб чиққан экан, энди буёғига бизнинг метиндек руҳимизни ҳеч ким, ҳеч нарса синдира олмайди. Халқни тўғри йўлга сафарбар эта олган ВКП (б) Марказий Қўмитасига минг раҳмат, юз офарин! Ғалабанинг муборак дамлари етиб келди. Фронт ортида ака-укалари, эрлари, оталарининг номуси, шаънини баланд кўтарган аёлларга минг раҳмат. Кексаликларига қарамасдан, айни оёқ узатиб дам оладиган пайтлари ёшлар ўрнига қўлларига ўроқ ва кетмон олган отахон ва онахонларимизга минг раҳмат. Мен бу гапларни ўтган бир неча йил давомида минг марта такрорлагандирман. Неча марта айтган бўлсам ҳам кам, ҳа, кам, – Анвар бир неча лаҳза жим қолиб, пешонасини тириштирди ва оёғи остига тикилди.
– Илоҳи, бани одам фарзанди бошига бошқа ҳеч қачон уруш балоси даҳшатлари тушмасин. Дунёда ҳамма ишларни амалга ошириш мумкин. Қайтадан шаҳар қурасан, бузилган уйларни обод этасан, кийимдаги доғларни ювиб йўқотасан… Лекин одамлар юрагидаги уруш доғини ювиб йўқота олмайсан…
Анвар қанчалик юрак-юрагидан, аниқ-жарангли, таъсирли сўзлашга уринмасин, лекин фикрлари тарқоқ, овози ўзига бўйсунмасдан, изтиробли титрар эди. У бу сўзлари-нинг фарзандлари, эрлари, оталари, ака-укаларидан умрбод ажралган инсонлар учун асло тасалли бўла олмаслигини, куйган юраклари ярасига малҳам қўя олмаслигини яхши биларди. Анвар бу мазмунда яна бир неча оғиз гапирди-да, чеҳраси бироз очилиб, радио-приёмник томон қаради ва мавзуни ўзгартирди.
– Ўртоқлар, қон-қариндошлар! Бугун менга вилоят ва туман партия қўмиталари берган бу радиоприёмник сизнинг ҳалол меҳнатларингиз меваси бўлади. Унинг энг яхши жойи колхоз чойхонаси деб ҳисоблайман. Энди бошқа урушнинг шумхабарини эшитмай-миз… тўғрироғи, бошқа эшитмайлик.
Қарсак ва ғала-ғовур қайтадан авжига чиқди. Анварнинг ишораси билан радио-приёмникни чойхона ичкарисига олиб киришди. Равшан Ҳаким бошқаларга қўшилиб қўл учида қарсак чалган бўлди, аста эгилиб Соҳибнинг бурни остида пичирлади.
– Бу одам ҳеч қачон ўз билганидан қолмади-қолмади-да. Сенга беришдими, уйингга олиб кетавер-да. Э, бу томоша одамларни алдаш учун-да, икки-уч кун ўтгандан кейин бил-дирмайгина уйига олиб кетади, албатта. Мен одамларни билмасам экан.
 – Бировнинг кўнглини топгин-да, қанд егин, деганлар. Ҳозир мен одамларни зим-дан кузатиб ўтирдим, уни роса ҳурмат қилишаркан, – Соҳиб қўлидаги олмани иккига бўлиб, ярмини Равшан Ҳакимга узатди.
 – Ҳурмат?! Зўрлик, уни қил-буни қилма, дея ёлғон обрў топишни, сиёсатни ҳурмат деб бўладими? Бизнинг одамларимизга мана шунақалар ёқади яна, – Равшан Ҳакимнинг кўзи ногоҳ Хубоннинг нигоҳи билан тўқнашди. – Соҳиб… анови … Хубон аёллар ораси-да-ку…
– Биламан, назаримда нигоҳи бошимнинг орқасини тешиб ўтяпти. Келмоқчи эмас-дим-у,.. – Соҳиб пастки лабини норози тишлаб, безовталанди.
Анвар чойхона даҳлизидан пастга тушиши биланоқ Баҳодир ҳофиз униққан бахмал пардани четга суриб, тантанали бир овоз билан қўшиқ айтишга киришди. Одамлар ёқимли мусиқани эшитишлари заҳоти оғизларига қулф солишди ва санъаткорларнинг сеҳрли соз-лари куйини берилиб тинглай бошлашди.
Хубонга на ёқимли куй, на ҳофизларнинг ошиқона қўшиқлари таъсир қилмай қўй-ди. У тобора аламли, маҳзун ўй-хаёлларга берилганди. Равшан Ҳакимнинг ўғринча ва қан-дайдир бир ишорали нигоҳи Соҳибнинг ортидан ўтиб Хубонни изларди. Хубон унинг уят-сиз кўз ўйнатишига қарата аччиқ ва ғазабга тўла нигоҳ билан жавоб берди.
Айвонда қўлида дутор, кийимлари ўзига ярашган, юриши чиройли аёл пайдо бўлиши заҳоти кўпчилик эркаклар ҳаяжонга тушишди ва пичир-пичирлар бошланди. У ноз-ишва билан сўри устига ўтириб, унда ўтирганларга кўз қирила шўх қараб қўйди ва дуторчасини тиззасига қўйиб, нозик ҳаракатлар билан чалишга тутинди. Унинг бошидаги бирёнлама боғланган фаранг рўмоли, бўялган қош-кўзлари, чеҳраси ва соч гажаклари аввалига аёлни жозибали, чиройлидек кўрсатди. Аёл дуторда шўх куй чалганча ёқимли, лекин паст овозда куйлай бошлади. Эркаклар мўйловларини бураб, кўкракларига уриб бир-бирлари билан маъноли кўз уриштиришарди.
Аёл машҳур бир ғазал билан айтилган қўшиқни тугатгач, бир ажиб қувноқлик ила куйлаш усулини ўзгартирди. Энди одамлар орасидан «жон», « юрак-бағримни эритиб юбординг-ку» қабилидаги овозлар эшитилди. Хонанданинг овози тобора авжига чиқиб, қулоқларга хуш ёқарди.

 Эй, ишқим-а, баланд теракни ҳавас этдинг.
 Кел, ярашай, десам, аразлаб, қаён кетдинг?
 На сенда бир қарор, на менда бир ором йўқ,
 Бу оғриқ дилингга, даво – мен, баён этдим.

Кейинги пайтда оғиздан тушмай қолган миш-мишларни эслаган эркак ҳам, аёл ҳам бу тўртликни эшитгач, гўё бир ишорага маҳталдек гоҳ Соҳибга, гоҳ Хубонга қараб, пичир-пичирни қизитишди. Соҳиб одамларнинг маъноли қарашларидан хавотир тортиб, ҳозир-гина таралган қўшиқ сўзларини эслашга уринди ва қулоқлари қип-қизариб оловланди. У нима қилишини билмасдан, товоқдаги олмаларни олиб, оғирлигини салмоқлашга уринди. Анвар Соҳибнинг ҳолатини кўриб, ўзини ноқулай ҳис қилди ва қўл ювиш баҳонасида сўридан тушиб, сув оқаётган нов томон юрди.
Қўшиқ Хубоннинг юрагини тилка-тилкалаб ташлагандай бўлди, унинг сўзлари кўнглини қийнаб ётган аламларни ифода этаётгандек эди. Ҳиссиётини яширишга ортиқ кучи етмади, қўзидан ёш сизиб чиқиб, юзига томчилади. У шошганча бошини қуйи солиб, рўмолининг учида юз-кўзини артди. Ёнидаги аёллар унинг аҳволидан таъсирланиб, ачиниб тикилганларича жим қолишди.
Дуторчи аёл қўшиғини тугатиб, таъзим қилгач, саҳнадан чиқиб кетмоқчи бўлди, лекин одамлар тинмай қарсак чалиб, ҳай-ҳайлашганча яна жойига ўтирғизиб қўйишди. У илиққина табассум қилиб, яна дуторини тиззасига қўйди, сўри томонга ярим нигоҳ таш-лади. Хубоннинг назарида Соҳиб у аёлдан кўз уза олмас, эс-ҳуши дуторчида бўлиб, ат-рофдаги бошқа одамларни унутиб қўйганди. Энди дуторчи аёл юзини сўри томон ўгирди ва ҳозиргина ўзи тўқиган тўртликни айтишга киришди.

 Қилиқлари ярашган бир йигитга кўнгил қўйдим.
 Эй, орденли, алпқомат раисжоним, жон раисжон.
 Эй, беҳуда ғам чекма, индамасдан кет йўлингга,
 Шолон бир ён, Чашмадор қизлари тикар сенга жон.

Қарсаклар авжида ва «асло кам бўлмагин», «яша, барака топ», «э, қойил-е» каби ҳайқириқлар остида дуторчи аёл минг ноз-ишва, хиром ила ичкари кириб кетди. Хубон сўри устида ўтирганларнинг кулгисига Соҳиб ҳам қўшилиб, тўхтовсиз «қойил» дегандай бош тебратаётганини кўрди. Хубоннинг ёнидаги айрим аёллар ўзларига кулишни эп кўр-масдан унинг юзига синчков назар ташлашарди.
 – Уяти йўқ, номуссиз бир аёл экан. Эрсиз ўлиб қолдингми нима, буёққа келиб бош-қаларнинг эрини йўлдан урасан, – Хубон билан бирга келган шўх аёл ҳамма эшитсин, дегандай атайлаб баланд овозда гапирди.
Хубон игна устида ўтиргандайин, нима қилишини билмасди. Унинг бутун вужуди-ни аччиқ ва ҳеч бир кутилмаган ҳиссиёт қамраб олганди. Кўнглидан бу аёллар фақатгина Соҳибнинг вафосизлик қилишига йўл қўймаслик учунгина бу ерга келишган, деган ўй ўт-ди. Театр қизиқчиси саҳнага чиқиб, ҳаммани ўзига қаратди. Хубон ўрнидан туриб, одам-ларни айланиб ўтди-да, айвондан чойхонага кирди. Анвар унинг бежо авзоини кўриб, хавотирланди ва тез-тез юриб ортидан айвонга чиқди. Ичкаридан бир аёлнинг додлаши ва ғала-ғовур эшитилди. Анвар эшикни зарб билан очиб, ичкарига отилиб кирди. Бундай қараса, Хубон ўша дуторчи аёлни тагига ётқизганча, бир қўли билан томоғидан олган, иккинчи қўли унинг сочини тутамлаганча, бошини тўхтовсиз ерга урарди. Анвар уларнинг бошида тўпланган икки-уч кишини четга суриб ташлаб, Хубоннинг билагидан қаттиқ тортди.
 – Бу қандай номаъқулчилик? Хубон, жинни бўлиб қолдингми? Бўлди, деяпман1 Бас қил!
Хубон Анварни кўриши заҳоти ўзига келди ва аёлни секин қўйиб юбориб, устидан турди. У пешонасини деворга тираб, титраб-титраб йиғлашга тушди.
 
8
 
Шомга яқин райком биносидан колхозлар ва қишлоқ кенгашлари раислари ўзаро суҳбатлашиб чиқаверишди. Эрталаб бошланган йиғилиш кечгача чўзилди. Йиғилишда колхоз раисларидан ташқари, бирон колхозга мутасадди бўлган обком ва райком вакил-лари кун тартибидаги айрим масалалар ва олдинда турган кўкламги экин-тикин ишлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Айниқса, Анвар ва Равшан Ҳаким ўртасидаги баҳс-мунозара узоқ ва кескин ўтди. Равшан Ҳаким Анварни ўтган кўкламда тоғ этагидаги йигирма гектар ерга буғдой экмасдан, олма, ўрик, тут кўчатлари ўтқазишда айблади. Бу йилларда бир дўппи буғдой тонна-тонна мевадан аъло, деди у. Бунинг устига ҳайдалади-ган ерда ниҳол тикиб, боғ яратиш ҳеч бир мумкин эмаслигини айтди. Дарахтлар кўкариб кетса ҳам, беш-олти йилдан кейин ҳосил беради, лекин у ердан ҳар йили ғалла ҳосили уна-ётган эди. Тоғ шароитида ҳар бир қарич ер олтиндан қиммат туради. Анвар Назаров бўл-са, била туриб ва ўзбошимчалик билан бу ишни қилди. Менинг гумонимча, бу ер «Зафар» колхозига қараганда «Меҳнат» колхозига яқинроқ бўлгани учун у бу ишни қилган. У раҳ-барларнинг ижозатини олмасдан туриб бу ерни ўзлаштириб олиш ниятида… Охирида Рав-шан Ҳаким «Зафар» колхози бу ерга экин экишнинг уддасидан чиқа олмаса, уни «Меҳнат» колхози ихтиёрига ўтказишга ҳали ҳам кеч эмас, деди. У бундайин масъулиятсизлик ва ўзбошимчалик учун Анвар Назаровни жавобгарликка тортишни зўр бериб талаб қилди.
Анвар бир нуқтага узоқ тикилганча, жим қолди. Ҳамма ҳозир у портлаб кетиб, Рав-шан Ҳакимнинг аччиқ-тизиқ гапларига жавоб беради, деган ўйда эди. Лекин Анвар босиқ ва одоб сақлаб турарди. Лабига маъноли табассум югурди. У Равшан Ҳакимга ҳеч нарса демасдан, райком котибига юзланди.
 – Айтилаётган ўша ерда, ўртоқ Рустамов, ҳар йили ғалла ўрнига хас-хашак унади. Қилган меҳнатингизга ачинасиз. Буғдой ўраман деб чопиб юрасиз. У ерда битта, бу ерда битта буғдой. Агар, кўрган бўлсангиз, ўша ерда бир туп катта олма дарахти бор. Ҳосили кўплигидан шохлари эгилиб, синиб кетади. Менимча, у ерда мевали боғ яратиш мумкин… Бунинг учун сув ҳам, ортиқча меҳнат ҳам керак эмас. Биз бу ернинг ўрнига ғалла экиш учун тошариқ ёқасида ўн саккиз гектарлик янги ер очдик. Бу ернинг ҳосили ўша айтила-ётган ҳайдаладиган ернинг беш йиллик ҳосилига тенг…
Анвар фикрининг тасдиғини олиш мақсадида Соҳиб томонга қаради. Соҳиб ўзини билмасликка олиб, деразадан кўчани томоша қиларди.
 – Жўжани кузда санайди, дейдилар. Ёзда ўша тошариқ ёқасидаги ерда унган буғдой бошоқларини бир кўрайлик, кейин гаплашамиз. Лекин кузга келиб ўша ҳайдаладиган ерда дарахт ниҳоллари ўрнига яна ёввойи ўт-ўланларнинг қуриган тупларини санаб ўтирмай-лик, деб чўчияпман, – Рустамов қўлидаги қаламни бармоқлари орасида ўйнатди.
Райком котиби Равшан Ҳакимнинг баёнотига унчалик жиддий эътибор бермаган бўлса-да, лекин айни бир пайтда тоғ этагида боғ бунёд этиш ғоясига ҳам унчалик ишонқи-рамади. Шунинг учун у ҳар икки томон баҳсига худди шу оҳангда хотима ясади.
Соҳиб райком биносидан кўчага чиқаётганда, Равшан Ҳаким унинг елкасидан тутиб, ўзига каратди.
 – Қалай, роса бопладимми?
 – Бу гал гапини ўтказа олмади.
– Соҳиб, сен икки оғиз гапирганингда бўларди…
– Унда иккови маслаҳатлашиб олган, деган ўйга боришарди…
– Бир-икки йил ўтсин, иккала колхозни бирлаштиришади. Қулоғим қизияпти. Унга-ча аста-аста қимирлатиб, Анварнинг оёғидан мадорни қочириш керак. Сен фронтовик раиссан, орден-медалларинг бор, у-чи? Ана ундан сўнг оилавий ишларингни бир ёқлик қиласан. Э, агар у сенга дўст бўлганда, аллақачонлар Хубонни йўлга соларди. Лекин сенинг ишинг юришмаса, у мийиғида хурсанд бўлиб юраверади. Ким иссиқ жойини сову-тишни истайди? – Равшан Ҳаким Соҳибнинг елкасига тапиллатиб урди, бундан «ҳушёр бўл» маъносини чақиш мумкин эди.
Соҳибнинг эс-ҳуши «Зафар» колхозига кетиб, чеҳраси очилди, лабига табассум югурди. У бу орзуни қачонлардан буён кўнглининг бир чеккасида яшириб келарди. Энди Равшан Ҳаким унинг бу орзусига янги тўн кийгазяпти.
Қаҳратон кунлардан сўнг феврал ойи охирига бориб ҳаво бироз юмшаган бўлса-да, бир кун оралатиб қор ёғарди. Бу йилги катта қор кўкламги экиш ишларини ортга сурарди. Колхоз раислари экинзор ерлардаги қор устига тупроқ тортиб, уни тезроқ эритиш тарад-дудига тушишганди. Анвар ва Соҳиб тоғ этагидаги шамолпана йўлдан кенг Сари Пул даштига чиқишганда, шамол қор учқунларини ўйнаб-ўйнаб, уларнинг юзига урди. Отлиқ-лар йўлни кўриш учун зўрға кўз очишарди. Анвар отининг бошини орқага буриб, оқ чак-мони тагидан белбоғини олиб, қулоғи аралаш пешонасига қаттиқ боғлади. Соҳиб аскарлик телпагининг қулоғини пастга тушириб, шинелининг ёқасини баланд кўтарди. Улар анча-гача сўз қотмай кетишди. Йўл бўйи Анварни бир ўй ташвишлантирарди. «Равшан Ҳаким икковимиз баҳслашаётганимизда нега Соҳиб билдирмасликка уриниб унинг гапини тасдиқларди? Нега бирон марта гапга қўшилмади? У гап нимадалигини яхши билмасми-ди.»
– Соҳиб! – Анвар кафти билан пешонасини шамолдан тўсганча лаб жуфтлади.
 – Лаббай!
 – Равшан Ҳаким икковимизнинг жанжалимизга қўшилмадинг…
– Ҳаммаси аниқ бўлгандан сўнг нимага керак?
– Нима аниқ эди? – Анвар ғазаб билан Соҳибга қаради.
– Хайр… колхозингдаги ерлар, боғ-роғларни Равшан Ҳакимдан кўра яхшироқ биласан, – Соҳиб чайналди.
– Нега шу гапингни айтмадинг?
– Ҳожати йўқ эди…
– Йўқ, Соҳиб, нима бўлганда ҳам, чинни чин, ёлғонни ёлғон дейиш зарур. Шундай бўлганида эди, ортикча дод-войларга ҳожат қолмасди. Агар ҳар бир киши шундай иш тут-са, одамлар инсофли бўлишарди, орқа-олдига қараб гапиришарди, жиноят қилишдан қўрқишарди, – Анварнинг сўз оҳанги ғазабли эмас, балки ҳасратли тус олди.
 – Бу гапларнинг менга нима дахли бор, Анваршо?
 – Дахли бор, Соҳиб…
– Менга дахлдор жойларини ҳеч бир қўшиб-чатмасдан айтасан. Ҳеч бир нарсани унутмагин, – Соҳиб ғазабини зўрға ичига ютди.
– Мана қандай ўйларга боряпсан. Лекин гапнинг тўғрисини одамнинг юзига айта олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, Соҳиб. Ҳозир тили тўғри ва беғараз гапларни айтишдан кўра ёлғон ва туҳматни айтишга ўч одамлар йўқ эмас. Бисмиллоҳлари ёлғон ва ғийбатдан бошланади.
Соҳиб ич-ичидан ўзини янирди. Нега туман марказидан Анвар билан бирга йўлга чиқди-я. Афтидан, Анвар ундан қаттиқ хафа бўлган. Энди унинг найзали таъна-маломат-ларидан қочиб қутулиб бўпти. Лекин нима бўлгандаям, чидаши зарур. Анвар билан калла ташлашиш осон эмас. Вилоятда обрўси катта, гапи ўтади. Шу кунларда у билан «олти-етти» деб юришнинг фойдаси йўқ, ҳозир айтишиб юрса, келажакда ўзига қийин бўлади, ўйлаган ҳамма режалари бузилиб кетади. «Агар яқин орада Хубон билан ишимни ҳал қилиб олмасам, ана кейин ҳолимга вой. Бу ишни Анварнинг ёрдамисиз амалга ошира ол-майман. Агар келажакда иккала колхозни қўшиб юборишса, икковимиздан биримиз раис бўламиз. Ё у, ё мен. Ўша кунгача иложини топиб қўйиш зарур. Халқ орасида ҳам, туман ва вилоят раҳбарлари орасида ҳам мавқеимни мустаҳкамлашим, обрўйимни оширишим керак. Э, қуриб кетсин, – Соҳибнинг ичидан бир оҳ отилди. – Хубон йўлимни тўсиб турибди. У ҳамма орзу-умидларимни чиппакка чиқариши мумкин. Ё у билан муроса қил-самми? Агар одамлар кўзидан яширинча у билан ярашиб, бориб-келаверсамчи? Йўқ, яхшиликча, уни ва онасини пул-мол бериб кўндираман. Ҳозирги қимматчилик ва қаҳатчи-лик йилларида бир-иккита шоҳи-ю чит кўйлак, ярим қоп ун ва гурунч ҳамма муаммолар тугунини ечади, иш жиловини қўлимга оламан кейин».
Бу тасаллибахш ўйлардан Соҳибнинг хира кўнгли ёришгандай бўлди. У энди ичи-да хушҳол «кейинчи, кейин нима бўлади», дея эгар устида, оғирлигини ўнг оёғига таш-лаб, яна хаёл дарёсига чўкди. Бир зум ўтмасдан, у ўзини олдинги фикридан қайтарди. Энди кўз олдидан қалъачалик Нозимнинг келишган қоматли, сузук нигоҳли қизи тез-тез ўта бошлади. Онаси « покиза, уйни эплайдиган қиз», дея таърифини келтириб, икки-уч қулоғига қуйгач, бундан икки ҳафта олдин ҳеч бир кутмаганда ариқ олдида кўза кўтариб кетаётганда кўриб қолди. Унга кўзи тушгач, аввалига Соҳибнинг оёқ-қўлидан жон қоч-гандай бўлиб, ўзини йўқотиб қўйди. Ўзини тутиб олгач, отини суғориш мақсадида жони-ворнинг бошини буриб, шаршара новидан қуйироқда қизга яқин борди. Соҳибнинг нияти-ни сезиб қолган қиз унга ўткир бир нигоҳ ташлади-да, сув тўла кўзасини кўтариб уйи томон шошди. Худди ўша куни кечқурун Соҳиб Нозимнинг қизига совчиликка бора-веринглар, дея ота-онасини қувонтирди. Бир ҳафтадан кейин совчиликка борасизлар, лекин ҳеч кимга билдирмасдан, таъкидлади у. У агар бу гап Хубоннинг қулоғига етиб борса, бирон ғавғо чиқиши мумкинлигидан қаттиқ хавотирланарди. Яхшиси, ҳозирча қизнинг ота-онасидан бўлак ҳеч ким билмагани маъқул. Соҳиб Хубон билан орани очди қилишни қанчалик истамасин, бу борадаги режасини аллақачон пишириб қўйган бўлма-син, «карнайчидан бир пуф» деганларидай Анварнинг фикрини билмоқчи бўлди. У эгар устида ўзини тик тутиб, мулоҳазали, юмшоқ оҳангда сўз бошлади.
– Биласанми, жўра, шу … у ёқдан келганимдан бери чироқ ёқсаям ичим ёришмаяп-ти. Кўнглимга ҳеч нарса сиғмайди. Афтидан, ўзинг аралашмасанг, бўлмайдиганга ўхшай-ди…
– Майли аралашганим бўлсин, Соҳиб, фақат бир шарт билан! Хотининг билан ярашасан, у шўрликни одамларнинг «ундай экан, бундай экан»идан қутқарасан. Гап шу, жўра! – Анварнинг овози қатъий янгради.
 – Нега ҳамма ишни кўра-била туриб, унинг тарафини оласан?.. Ўтган гал йўлимни тўсиб чиқди, оғзига келганини қайтармади, мени ерга қориштириб ташлади. Бунисига ин-дамай кетгандим, шунча одамнинг кўзи олдида анов артист хотинни юмдалаб ташлади. Ўзинг айтчи, бунақа юзсиз хотин билан қандай яшайман? Ё бирон бошқа ниятинг бўлса… – Соҳиб гапини охирига етказмасдан жим бўлиб қолди.
Анвар анчадан буён Соҳибнинг бу гапини кутгандайин қўлларини силтаб-силтаб, қаттиқ-қаттиқ сўз бошлади. Соҳиб Анварнинг қўлидаги қамчини қаттиқ қисаётганидан ва эгар устида тебранаётганидан бор вужуди қаҳр-ғазаб алангасида ёнаётганини ҳис қилди.
– Гапингни ичингга ютма, Соҳиб! Мана шу «бошқа ният»им борлигини бир марта-гина юзимга очиқ айтганингда эди, балки билиб ишимни қилган бўлардим.
 – Э, нима, тўғри-да. Хотининг билан яраш, у ундай, бундай… Шуниси етарли. Мен одамларнинг таъна-тазйиқларига ортиқ чидаёлмайман.
 – Хубоннинг ҳеч бир айби бўлмаган ҳолда таъналар тагида қолиб кетгани-чи? Хубон бу туҳмат ва иғволарга индамасдан кўз юмиб кетавермайди. Нима қилаётган бўлса, аламидан, рашки келиб қиляпти. У сени яхши кўради. Ҳа, буни сенга айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, ўзинг яхши биласан. Лекин «менинг ниятим» масаласида кўнглинг тинч бўл-син, Соҳиб. Сенга аччиқ-тизиқ гапиришимнинг сабаби бор. Раисликка сайланганингдан сўнг кибр отига миниб олдинг, – Анвар аччиқ шамолдан оғзини кафти билан тўсиб, Соҳиб томонга ўгирилди.
– Оббо, – Соҳибнинг ғаши келиб Анвардан юз бурди.
 – Сен менинг одатимни яхши биласан. Қулоғимга бир нима чалиндими, унинг сабабини аниқламаганимча, кўнглим жойига тушмайди. Тўғрисини айт, Шолонга раис бўлиш ниятинг борми?
– Сен роса қизиқ одам экансан-ку, Анваршо. Нега қаёқдаги нотўғри хаёлларга бор-япсан? Майли, қўймадинг-қўймадинг, айтганим бўлсин, мен кимман-у, катта бир серташ-виш колхоз қаёқда? Бошимдан олтин тўкишса ҳам …
– Сен одамнинг юзига гапингни айта олмайсан, эшит, мана мен айтаман. Ўтган ҳафта туман марказида, бир маъракада нима деб қадаҳ кўтардинг?
– Одамларнинг ҳавойи гапларига ишонма. Сенинг тўғрингда ёмон сўзлаганимдан кўра, ўзимни яниганим яхши, – Соҳиб сир бой бермасдан, чеҳрасини сира ўзгартирмасдан Анварнинг кўзига тик қаради.
 – Ке, мен билан бунақа кўзга кўз қадашларингни қўй. Айтчи, мен пора бериб, урушдан қолганманми?
– Бу гапни айтган одам икковимизнинг орамизни бузиш ниятида бўлган. Битта гап-ни ушлаб олмагин-да, Анваршо, – Равшан Ҳакимнинг амакиваччаси ҳамма гапни оқиз-май-томизмай Анварга етказганлигига Соҳибнинг сира шубҳаси қолмади.
Бир ой олдин Равшан Ҳакимнинг амакиваччаси уйида зиёфат бўлар экан, вилоят вакили ва Соҳиб кайфлари тарақ бўлиб, Анвар ҳақида бўлмағур ёлғон-яшиқ гапларни ай-тишган, роса қулоғини қизитишганди. Уларнинг иғвогарликлари ва одамнинг ортидан гапиришлари уй эгасига ёқмади. У икковига ҳам бу гапларни албатта Анварга етказаман, деди. Икков бу гапни ҳазилга йўйди.
– Мен шу пайтгача сабр қилиб келдим. Аввал ўзингни оғзингдан эшитай, дедим. Анварнинг жиноятини очиб ташлаганимдан сўнг, «Зафар» колхозига раис бўламан, деганинг ёлғонми?
– Нималар, деяпсан, Анваршо? Бу гапларинг на товоққа, на товоқчага сиғади! – Соҳиб отини «чу-чу»лаб олдинга ўтиб кетмоқчи бўлди.
– Шошма, ҳали гапим тугаган эмас. Агар мен пора бериб урушдан қочган бўлсам, нега Равшан Ҳаким икковларинг прокурорга мурожаат қилмайсанлар? Миш-миш тарқа-тиб, иғвогарлик қилгандан бу яхшироқ эмасми? – Анвар жаҳл билан от сағринига қамчи уриб, Соҳибга етиб олди, – лекин бу гапларни шундайича қўймайман, ўғил бола.Ўрто-ғингга хиёнат қилишдан олдин тўрт тарафни ўйлагин, дея бу гапларни айтяпман сенга!
– Мени бунчалик гўл, ғофил деб ўйламагин. Аввал ким хиёнат қилганини кўриб турибман. Ўртоғингни хотинини бригадир қилиб қўйдинг, шундайгина ёнимга келтириб олдим, бир қўл чўзсам, етади, деб ўйлагансан-да. Хўп, шундай ҳам бўлди, дейлик. Бош-қа… – Соҳиб афтини буриштирди-да, от ёлига ёпишган қорни қамчи билан туширишга тутинди.
– Сен бунчалик асабийлашма. Мен бир кун бўлмасин, бир кун бу гапни айтишингни билардим. Хотирингни жам қилавер. Бунақа иғво-туҳматлар кетмайди. Хиёнатмиш, қойил, одам ҳам шундай инсофсиз бўладими? Лекин қулоғингга яхшилаб қуйиб ол: агар Шолонга раис бўлиш даъвойинг бор экан, мен бунга қарши чиқмайман. Тағин жаҳл усти-да ё ҳасад қилиб айтяпти, деб ўйлама. Мен бирга кўча чангитиб юрган, болалигидан сени беш қўлдек яхши билган ўртоғинг сифатида айтишим шарт! Ҳа, шундай! Нимага дейсан-ми? Сендай одамлар раҳбарлик ишида ўз ақли билан иш юритишларига ишонаман. Бу-нинг учун майдонни кенгроқ олсанг, бўлди. Ҳа, ўзининг нималарга қодирлигини айта олиш учун инсон виждонли, танти бўлиши керак. Бундан ортиғига кучим етмайди, дея айта олиш осон эмас. Гап очилдими, очиғини айтиш зарур. Сен, жўра, Чашмадор қиш-лоғини эплай олишинг мумкин. Шолонни эмас. Бу ерда сен калавани учини йўқотасан, қишлоқни обод қилиш ўрнига, вайронага айлантирасан, – Анвар Соҳибнинг юзига синч-ков тикилди.
– Оббо, роса гап билан ҳужум қилдинг-да. Бир тола сочини топиб олганинг-да, ўзингни пайғамбар эълон қилардинг. Сени вазифадор қилишдими, бошингга тушдими, ишни олиб кетаверасан-да, – Соҳиб оғзини тўлдириб гапирди.
 – Қирқ учинчи йилда райком бюроси бир одамни Куйбишев колхози раислигига тасдиқлади. Мен қарши чиқдим, кечирасизлар, бу одам эплаёлмайди, дедим. Айримлар шовқин кўтаришди, нимага экан, дейишди. Бюро вазифадор қилдими, эркак одам ишни уддалайди-да, дейишди. Янги раис роса ҳаракат қилди, эрта тонгдан кечгача жон койитиб ишлади. Лекин шунча елиб-югурмасин, иши юришмасди. Тинимсиз югурмоқ бошқа-ю, ишнинг кўзини билмоқ бошқа. Натижада бир ярим йил ишлар-ишламас аризабозлик, Жан-жал билан уни ишдан олишди. Ишнинг кўзини билиб, одамларни сафарбар эта олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди, жўра.
Улар отларни ўз ҳолига қўйиб, ҳар ким ўзининг хаёли билан борарди. Анвар бу гапнинг очилишидан хурсанд эди, ўзини енгил ҳис қилаётганди. Чунки кўнглидаги гапни Соҳибга очиқ айта олди. Балки аччиқ гаплари дўстини яхшилаб фикрлашга ундар. Ахир раҳбарлик иши қуруқ савлат ва ҳайбат билан бўлавермайди. Бу ҳақиқатни айримлар бурнидан нарини кўра олмаслик ва фаросатсизлиги туфайли сезишмаса, бошқа бировлар билиб-билмасликка олиб, ишлаб юришаверади. Қизиқ-да. Ўзларининг обрў-эътиборли бўлишларини фақатгина раҳбарлик курсисига боғлиқ деб ўйлашади. Бу тоифадаги одам-ларни отдан тушса ҳам, узангидан тушмайди, дейишади. Улар ўзларининг лаёқатсизлиги-га, бир ишни тузук эплай олмаслигига ҳеч тан беришмайди. Анвар аввалига ўзлигини таниб, сўнг одамларни таний оладиган бўлгач, ўзини гоҳ унга, гоҳ унга уриб юрадиган, лекин бирон ташаббус кўрсата олмайдиган, ғайрати йўқ, сўзининг устидан чиқа олмайди-ган, нодонлиги боис бошқалар меҳнати ва шижоатини жамият фойдасига эмас, балки кўп-роқ унинг зарарига қаратадиган, пуч фикрли, ўйламай-нетмай ўзини бирон ишлоқ, муас-саса ё колхоз бугуни ва келажаги учун байроқ деб биладиган кимсаларни кўрганида ғазаб-га тўлар, нафрати ошарди. У бу қабилдаги одамлар билан йиғилиш ё давралар бўлсин, йиғин ё учрашувлар бўлсин, баҳслашар, талашиб-тортишарди. Лекин айримлар ўзларини ҳимоя қилиш, оқлаш учун Анварнинг талашиб-тортишувларини оғирфеълликка, аччиқ тилликка боғлашарди.
Анвар отининг устма-уст кишнашидан ўзига келди ва Соҳиб томонга қаради. У неча йиллик дўстининг йўлидан адашган кемасини тўфон чангали томон ҳайдаб бораёт-ганидан афсус чекди.
 – Хайр, дунёнинг иши шу экан-да, – синовчан гап бошлади Соҳиб. – Ерни сув, одамни одам бузади. Қайси бир нияти бузуқнинг гапига лаққа ишониб, роса ҳужум қил-динг-да.
 – Соҳиб, бизнинг бир соат эрта ё кеч боришимиз ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Отингни қайтар. – Анвар жиловни таранг тортиб, отининг бошини ортга бурди. – Юр, ўша одамни сен билан юзма-юз қиламан. Агар икковимизнинг орамизга иғво солган бўлса, у бети қора, муттаҳам бўлади. Кейин на сенинг, на менинг кўнглимда заррача ғубор қол-майди.
– Ке, гапни чўзмайлик. Бугундан бошлаб ҳар ким ўз йўлига. Бўлди, етиб-ортади энди, – Соҳиб жиловни қўйиб юбориб, от сағрига икки-уч қамчи урди.
Анвар билан муносабатининг бундайин тугашини кутмаган Соҳиб ўзини алланечук ноқулай сезиб, жаҳлини босолмасдан от қамчиларди. От қалин қор босган тор йўлдан бир чиқиб кетиб, яна қайтиб кириб, Шолон қишлоғи томон чопиб борарди. Бутун фикру хаёли ҳозиргина Анвар билан кечган суҳбатдан узила олмаётган Соҳиб тез чопиб бораётган-лиги учун терга ботган отига эътибор ҳам бермасди. От қанча тез чопса, унинг юрагидаги қаҳр-ғазаб ўти пасайиб, руҳи енгиллашаётган каби эди.
Шолондан пастроқда Соҳибнинг қаршисидан Рамазон оқсоқлана-оқсоқлана келар-ди. Тер босган, оғзидан ҳовур сочилаётган от Рамазон билан юзма-юз тўхтади. Соҳиб урушдан қайтганидан буён ҳалигача Рамазон билан юзма-юз бўлмаганди. Чеҳраси ҳор-ғин, эзгин Соҳиб Рамазонга адоват ва гина аралаш нигоҳини қадади. Шу дам Рамазон от-нинг беқарор ёнаётган кўзини Соҳибнинг кўзига ўхшатди.
– Йўлимдан қоч, лаънати оқсоқ, – Соҳиб Рамазоннинг боши устида қамчи ўйнатди.
– Оғзингга қараб гапир, Соҳиб! Менга ишинг бўлмасин. Ҳавойи гапларга ишон-динг. Шундай ҳалол хотин сенга ҳайф. Сен отга миниб олдим, деб…
Соҳиб тўсатдан отнинг қорнига қамчи уриб, узангининг ёни билан Рамазоннинг елкасига туртиб, уни қорга йиқитди-да, эгилиб бошига икки-уч қамчи туширди. Рамазон қийналганча таёқчасини боши устида айлантириб, отни узоқлаштиришга уринди. Соҳиб-нинг ғазаб ўти сира пасаймасди. У отини Рамазоннинг атрофида айлантириб, яна икки-уч қамчи туширишни ўйларди. Рамазон зудлик билан ортига ўгирилиб, қўлига таянганча ўр-нидан турди, унинг қўлидаги таёқ отнинг боши томон бориб-келаверди. Рамазоннинг қўлидаги таёқ зарбидан чўчиган от ортига тисарилиб, тўсатдан икки оёғи сирпаниб кетиб, сағрисигача қорга ботди.
– Яқинлашма! Бошингни иккига ёриб ташлайман! Имонсиз, ифлос, – Соҳиб қамчи-ни баланд кўтариб, Рамазоннинг ҳужумидан нажот излади.
Рамазон ғазабидан тишини тишига қўйиб, ўтли нигоҳи билан Соҳибнинг вужудини ёндирарди. Соҳиб от устига чўзилиб, қамчини айлантирганча урмоқчи бўлиб, таҳдид сол-ганча қўрқитмоқчи бўлди. Рамазон жон аччиғида икки-уч таёқ кўтарди, лекин зарбалари Соҳибнинг қўлига етмасдан отнинг бўйнига, ёлига тегарди. От тоқатсиз, қаттиқ кишнаб, икки оёғини қордан чиқарганди, Рамазоннинг таёғи зарб билан Соҳибнинг билагига тегди, қамчи ўқ теккан қушдек учиб, қор устига тушди. Рамазон Соҳибга ёмон-ёмон қараганча, кейин у билан иши бўлмай қолди, шинелига ёпишган қор учқунларини қоққанча оқсоқ-лана-оқсоқлана пастга энди.
 
9
 
Соҳиб ариқдаги сигир елинига ўхшаш, осилиб ётган сумалакларни синдириб, совуқ сувда апил-тапил юз-қўлини ювди. Чеҳрасидан мамнунлиги ошиб-тошаётган Салима хола айвондан тушиб, ўғлига сочиқ узатди.
– Кеча алламаҳалда келдинг. Айтадиган гапим ичимда қолди, болам, – кампирнинг юзига илиқ табассум югурди.
 – Қандай гап экан?
 – Кеча Сангин полвон, Зиёда кампир билан бирга Нозимнинг уйига боргандик. Жон-жон деб рози бўлишди. Тўйни бизнинг ихтиёримизга ташлаб қўйишди.
– Уларга ҳозирдан ҳаммаёққа жар солиб юрманглар, дея тушунтирдингми? Зиёда кампирингизнинг оғзини қулф солиб ҳам ёпиб бўлмайди, дейишади. Худо кўрсатмасин, яна… – Соҳиб онасининг кўзига хавотирланиб тикилди.
– Йўқ, болам. Сангин полвон ҳаммасини тоблаб қўйди. Ташвишланма.
Соҳиб кечгача қалъачалик Нозимнинг қизи хаёлида юрди, унинг оппоқ, чиройли юзи, келишган қомати кўз олдидан кетмасди. Қуёшнинг сарғиш нури тоғ ортига яшири-ниб, кеч бўлган сари уни бошқа ғам-ташвиш қистовга олди. Бугуннинг ўзидаёқ Хубон-нинг олдига бориши, она-боланинг кўнглини юмшатиб, хотиржам қилиб қайтиши керак. Аслида бу мақсадига етиш учун Соҳиб бир неча кундан буён тайёргарлик кўрарди.
Қош қорайгандан кейин яна анча ўтиб, Соҳиб Хубонлар ҳовлисининг лиқиллаб ётган эшиги олдида турарди. У аввалига тор кўчага кўз югуртирди-да, сўнг оҳиста эшик занжирини тушириб, ҳовлига қадам қўйди. Ҳовлида тирик жон кўринмасди. Соҳиб баланд айвонга чиққанида, тиззасига титроқ кирди, юрак гупиллаши авжига чиқди. У анчагача айвон ўртасидаги сутунга суянганча туриб қолди. Ўпкасини босиб олгандай бўлиб, олдин-дан пишитиб қўйган гапларини яна бир марта эслаб, астагина эшик олдига бориб, ҳалқага қўл узатди. Ичкаридан хуррак товуши эшитилди. Соҳиб эшик ҳалқасини икки-уч марта ургач, ичкарига қулоқ тутди. Хуррак эшитилмай қолди, лекин ҳеч ким овоз бермади. У яна икки-уч марта эшик ҳалқасини ургач, ичкаридан Хубоннинг онаси товуш берди.
 – Ким?!
 – Мен, эна, – Соҳибнинг титроқ овозини зўрға эшитиш мумкин эди.
 – Ким деяпман? – бу гал кампирнинг овози баландроқ эшитилди.
 – Мен, Соҳибман. Хавотир бўлманг. Маслаҳатга келгандим, – Соҳиб ўзини тез
 қўлга олиб, шунда ҳам аранг жавоб берди.
Она шошганча қўзғалиб, Хубоннинг ўрни томон юрди, уни қимирлатиб, уйғотишга урин-ди.
 – Уйғоқман, она.
 – Соҳиб келибди, Соҳиб. Маслаҳат дей…
– Ҳамма гапини эшитдим. Чироқни ёқасизми, она.
Хубон тез ўрнидан туриб, ҳарир кўйлаги устидан ранги ўчган узун бахмал камзули-ни кийди. Она даврачироқни ёқиб, сандал устига қўйди ва ташвишини яширмасдан сўра-ди:
 – Нега у бевақт, ярим кечада келибди? Тағин бирон ёмон нияти бўлмасин, қизим. Худо ҳақи, у келмасидан олдин бир қўрқинчли туш кўрдим, – кампир титроқ қўллари билан қизининг сочини тартибга келтирарди.
 – Уялганидан ярим кечада келган. Ноҳақлигини тушунибди-да. Қани, кўрайлик-чи, – Хубон сочини қулоқлари ортига олди.
 Она уй бурчагига йиғиб қўйилган кўрпачалар устидан лўлаболишни чаққонлик билан олиб, Хубоннинг ўрни олдига келди.
 – Нима қиляпсиз, она?
 – Бисмиллоҳи раҳмонир раҳим, ўзингни ҳалол эринг. Бу ярим тунда қаерга боради, – она лўлаболишни Хубоннинг ёстиғи ёнига қўйиб, ўрин атрофида шошиб айланиб, уни кенгроқ тўшамоқчи бўлди. – Сен тез ташқарига чиқ, мен ўрнингни кенгайтириб соламан.
– Хўп қизиқ одамсиз-да, она, нима мен эрсиз ўляпманми? Ўринни йиғиштириб, кўрпача тўшанг.
Хубон токчадан кўзгу олиб, юзига, пешонасига осилиб тушган соч толаларини бармоқлари билан тараб, тартибга келтирди. Ранги униққан келинлик кавушини сандиқ ортидан олиб кийди-да, эшик олдига бепарволарча келиб, овози чиқмаслиги учун зан-жирни секин тушириб, айвон томон мўралади. Соҳиб устун олдидан Хубон томон икки-уч қадам қўйди-да, таққа тўхтади.
– Нима, янгидан чимилдиққа кирдингми? Қани, чиқ, бир дийдорингни кўрайлик. Совуқда музлаб, тўнғишимга оз қолди, – Соҳиб ҳазиллашди ва шу тариқа она-боладаги ваҳима ва қўрқувни аритмоқчи бўлди.
– Ҳозир келдингми? Уйга кир. Аёзда турма, – Хубоннинг майин овози аранг эшитилди.
Хубон Соҳибнинг имо қилиб бир неча лаҳза бўлса-да, уни ташқарига олиб чиқишини ва онасининг кўзидан нарида маҳкам бағрига босишини истарди. Ўшанда Хубон албатта қачондан буён унга айтишни ўйлаб юрган ширин сўзларини минг ноз-истиғно билан қулоғига пичирлаб, илиқ нафасидан ҳаловат оларди. Лекин Соҳиб унинг орзуларига қарама-қарши ўзи эшикни катта очиб, уйга кирди. Хубоннинг онаси остона-дан наматгача узун оқ сурп тўшаганди. Бундай илиқ кутиб олишни асло ўйламаган Соҳибнинг бирданига чеҳраси очилди, пояндоз устида дадил қадам ташлаб, Хубоннинг онаси олдига борди. Ҳар иккови очиқ юз билан кўришишди ва Соҳибнинг бармоқлари онанинг бошини силашга тутинди. Соҳиб салобат билан ҳол-аҳвол сўрай кетди. Она севинчидан кўз ёшларини енги билан артиб, Соҳибнинг пешонасидан ўпди. Хубон липил-лаб ёнаётган чироқ ёруғида Соҳибнинг ярим кўринаётган юзига боқар экан, чеҳрасидаги сўниклик юрагини ғижимлади.
 – Устунга суяниб ўтирасанми ё сандалга ўтасанми?
 Хубон Соҳибнинг чироқ ёруғига ўтишини ва унинг юзини яхшироқ кўришни истарди.
– Устун ёнида оёқ узатиб ўтираман, – Соҳиб устунга суянди ва ўзини оёғидаги яра ҳалигача азоблаётгандай кўрсатди. – Қани, ўтиринг, она. Бу одамларнинг миш-мишлари, сассиқ гапларидан кейин сизни келиб кўришга ҳеч бетлай олмадим.
– Келиб, яхши қилдинг, болам. Одамларнинг оғзида туби борми, дейсан. Қуруқ туҳ-матдан алҳазар, дейдилар. Бу ёлғон гапларни иғвогар Солиҳа ёйган экан. Рамазоннинг қўшниси бор-ку Солиҳа деган, ўша. Бахиллигидан. Рамазонда кўнгли боракан. Бировга туҳмат қилсанг, ўзингга ўн баравар уради, дейишларини билмасмикан. Менинг бу ноёб гулим қаерда-ю, у қаерда… – она Хубоннинг нималарнидир таъкидлаётган гинали қараши-ни кўриб, бирданига оғиз юмди, дастурхон баҳонасида ўрнидан туриб, даҳлизга ўтди.
Соҳиб ҳалигача безовта ўтирарди, гоҳ уй шифтига, гоҳ атрофга кўз югуртирарди, Хубоннинг нигоҳидан паноҳ изларди. Хубон сандалнинг бир четига суяниб, Соҳиб томон-га билдирмасдангина кўз қири ташлар, унинг ярим кечада келишидан юрагини изтироб қамраганди. Улар бир неча марта бир-бирларига синовчан боқиб, жим ўтиришарди. Ниҳоят, Соҳиб бошидан телпагини олиб, ич-устига тикилди ва айтмоқчи бўлган сўзлари-ни ундан топгандайин, журъатсизлик билан оғиз очди:
– Хубон, кўп ўйлаб кўрдим. Тортган азобларимни ўзим биламану, Худо билади. Хаёлимда қишлоқдаги дарахтлар, тошлар ҳам кўз чиқариб томоша қилишган, оғиз чиқа-риб, менинг устимдан кулишгани-кулишган. Майли, бўлган иш бўлди. Буёғи яхши бўл-син.
– Бўладиган ишни айтяпсанми? – бирданига қаттиқ ҳаяжондан Хубоннинг кўзлари катталашиб, ўт чақнади.
 – Эшитдингми, йўқми, у имонсиз оқсоқдан аламимни олдим. Агар иш шундай кета-верса, бирон кун бахтсизлик чангалига тушиши мумкин, – Соҳиб Хубонга хавотирланиб қаради.
 – Яхши қилмабсан. Катта-кичикка яна гап топиб берибсан. Худо ҳозир, на унинг, на менинг гуноҳим бор…
 – Менинг ўрнимда ким бўлсаям, шу ишни қиларди. Осон эмас. У атайлаб йўлимни пойлаб турганди.
Хубоннинг онаси дастурхон олиб келди, лекин Соҳиб уни очишга қўймади:
 – Ҳеч нарса керак эмас, эна. Келинг, яқинроқроқ ўтиринг. Келишимдан мақсад – маслаҳатлашиб, ярашиш. Ўтган ишга – салавот. Ҳозир Хубонга айтдим. Менинг қўядиган хотиним йўқ, – Соҳиб ўйлаб-ўйлаб пишитган гапларини айта олмаётгани учун ўзини ич-ичидан янирди.
 – Худойимнинг ўзи кўнглингга инсоф, раҳм солган бўлса, улуғ иш бўлибди, – она енгининг учида кўз ёшини артиб, кулганича Хубонга қаради.
Соҳиб жасурроқ бўлиб, мақсадини тўлиқ айта олиш учун шинели тагидан гул урил-ган қийиқчасини олиб, катта очди-да, кўз-кўз қилаётгандай намат устига қўйди. Қийиқча-га бир кийимлик ўралган эди. Соҳиб аввалига қийиқчани очмоқчи бўлди, лекин фикридан қайтиб, бир йўталди-да, она томон ўгрилди. У Хубоннинг меҳрибон, тез гапга кирадиган онаси билан тил топа олишига ишонарди. Лекин Хубонни кўндириш осон эмас. Соҳиб-нинг гапириш оҳангидан, чайналаётганидан Хубон тобора маъюслашиб, унинг ҳаракат-ларини парвосизгина кузатиб ўтирарди. У Соҳибнинг кутилмаганда келишининг сабабсиз эмаслигини тахмин қилаётганди.
 – Гапни чувалатиб, нима қиласан. Кел, ўзингни қийнамасдан нимага келганингни очиқ айтавер, – Хубон ҳаяжонини босиш учун камзулининг чўнтагидан сақич олиб оғзига солди.
 Соҳиб бир неча лаҳза зўраки жилмайиб, гоҳ Хубоннинг онасига, гоҳ Хубонга жав-диради.
 – Ҳали гапимнинг учини чиқармасимдан дарров ҳужумга ўтяпсан. Эна, аввалига биз яхши бўлсак ҳам, ёмон бўлсак хам, сизга фарзандмиз. Шундай эмасми? Орамизга совуқчилик солиш дўстдан бўлдими, душманданми, майли орқасидан қувиб юрмаймиз. Бунинг ҳаммасига одамларни ҳар хил йўлга солган қаттол уруш сабабчи, – Соҳиб бу гапи Хубоннинг иззат-нафсига қаттиқ текканини сезиб қолди. – Тўғрисини айтсам, одамлар-нинг гапига ишонганимда, аллақачонлар Хубоннинг жавобини бериб юборган бўлардим. Лекин сабр қилдим, чидадим. Биз бир-биримизга кўнгил қўйиб турмуш қурганмиз. Мана бугун ўша меҳр-муҳаббат ипи мени бу ерга тортиб келди. Э, гапга овора бўлиб, нақ эсим-дан чиқаёзибди.
Соҳиб қийиқни очди-да, бир кийимлик чит ва бир жуфт калиш олиб, Хубоннинг онаси олдига қўйди. Она ҳеч нарса демасдан, Хубонга чўчиганнамо қаради. Хубон маъно-ли кулганча, жим ўтирарди. Соҳиб ўроғлик қоғозни очиб, бир кийимлик шоҳи ва бинаф-шаранг рўмол олиб, сандал устига, Хубоннинг олдига қўйди.
– Нима бўлгандаям, мен бир неча йил йўқ эдим. Қуруқ қўл билан келишни ўзимга эп кўрмадим.
– Келишингни ўзи биз учун катта давлат. Гап нарсада эмас, болам. Зовутдан келаёт-ганинг йўқ-ку. Майли, илоҳо, икки дунёда ҳам кам бўлмагин., болам – она миннатдорчи-лик билдирганча совғани олиб, сандал устига қўйди.
Ишининг юришаётганидан кўнгли кўтарилган Соҳиб бундан кейин кампирнинг уйига ун, ёғ ва топган-тутганини келтириб туришга оғзини тўлдириб ваъда берди. Уй эга-сидек тез-тез хабар олиб тураман-да, деди. У онага юмшоқ-юмшоқ сўзлар, Хубонни ўт олдирадиган бирон бежо сўз оғзидан чиқиб кетмаслиги учун тиришарди. Ниҳоят, гапни текислагандан сўнг, мақсадга кўчди:
– Ҳамма нарсанинг иложини топдим, лекин чол-кампирни кўндириш қўлимдан кел-мади. Агар Хубонни уйга олиб келсанг, у остонадан ўтиши заҳоти ёҳу дея, бошимни олиб кетаман, дейишди. Энди буёғини энди ўзларинг ўйлаб кўринглар. Мен хотинимдан ажра-моқчи эмасман. Биллоҳи азим, нимани ўртага қўйиб қасам ич, десанглар, қасам ичаман.
 – Нималар деяпсан? Нега қасам ичасан, сен келиб уйимиз обод бўлганининг ўзи қасам эмасми, – Хубон паст овозда, лекин қатъий сўзларди. – Ҳа, болам, одамнинг ўзи ҳаром, лабзи ҳалол. Ёлғоннинг ҳам, туҳматнинг ҳам умри том устидаги қорнинг умридай қисқа бўлади. Ҳа, қор эриб кетгандек, бировнинг ҳақига қилинган туҳмат ҳам вақти келиб, сув бўлиб оқади, фақат лойқа сув бўлиб. Мана кўрасан, борди-келди қилаверсак, гина-кудурат ўртадан кўтарилади, – она Хубоннинг кўзларига қараб, бу гапларининг қанчалик таъсири, қурби борлигини аниқламоқчи бўлди.
Ҳалигача Хубоннинг хавотирли нигоҳи Соҳибдан узилмас, ҳатто онасининг гап-ларини ҳам тузук-қуруқ эшитмаётганди. Соҳибнинг ота-онаси ҳақида гап очиши Хубон-нинг шундай ҳам алам тўла юрагига қайтадан хавотирлик солди. У сақични қаттиқ Тиш-лади-да, ич-ичидан отилиб келаётган жаҳлини аранг босди. Мақсадини очиқ айта олгани-дан енгиллашган Соҳиб энди тап тортмай сўзлашга тутинди:
– Чол-кампирнинг кўнглини оғритмаслик учун… – Соҳиб йўталиб олди-да, мадад излагандай она томон жавдиради. – Яна Хубон бирон ёмон ўйга бормасин, дейман-да.
– Ке, гапингни очиқ айтавер, болам. Маслаҳатли тўн тор келмас.
– Агар шу чол-кампирнинг кўнглини топиб, тинчлантирсак, бизга сабаби бўлсаям, бўлмасаям ҳужум қилаверишмайди. Энди… қариган пайтларида уларгаям бирон дастёр керак. Нима дедингиз, эна? Ана кейин биз бу ҳовлига келиб, эгалик қилиб ўтираверамиз… Мен келажакда хуш-хурсанд яшашимизни ўйлаяпман…
– Қанақа дастёр? Тушунмадим, болам…
– Чол-кампирга қараб туриш, кўнгилларига таскин бериш учун бирон аёл ҳовлини супуриб-сидириб, қора қилиб турса бўлди. Ана шунда биз уларнинг даъволари-ю ҳужум-ларидан халос бўламиз. Шундай эмасми, эна? Агар онамнинг оғзини шундай йўл билан ёпмасак, биллоҳи азим, узиб-узиб оладиган қаттиқ гаплари қиш чилласидаги қордек бошимга ёғилаверади. Унинг зуғумидан яхши кун кўриб бўлибмиз. Ҳужум устига ҳужум қилаверса, кул бўлиб кетаман-ку.
 – Сен кулга айланмаслигинг учун мен нима қилайин? Хотин хумори тутаётган бўлса, гапни чувалаштириб ўтирганинг нимаси. Очиғини айтавер, нима истайсан? – Хубон бир титраб кетди, ич-ичидан отилиб чиқаётган ғазаб ўти юз-кўзини ёндиришидан хавотир-ланди.
– Ана, холос. Айтмадимми, она. Хубон гапнинг тагига етмасдан дарров хафа бўла-ди. Ахир, бу иш ҳар иккимизнинг фойдамизга бўлади. Уларнинг тинмай вайсашларидан, ғудуллашларидан қутуламиз. У хотин шундай, номига бўлади. Қўрқма, жамоат дафтарида сенинг номинг тургач, уни қайд қилишармиди, – Соҳибнинг ихтиёри ўзидан кетиб борар, у зорланиб, ялинишга ўтаётганди.
Хубон сандалнинг устидаги совғаларни олиб, Соҳибнинг олдига сурди. Соҳибнинг назарида чироқнинг липиллаётган хира ёруғида Хубоннинг ғазабга тўлган кўзлари ёнаёт-ган лахча ўтга ўхшарди.
– Менинг гапларимни тушунмадинг, Хубон. Мен наҳот…
 – Тушундим. Ҳавойи гаплар, иғво, туҳмат суяк-суягинггача сингиб кетибди. Сен қандай йўл билан бўлмасин, менинг пок виждонимни қийнамоқчисан, ҳалол этагимга ғубор ёпиштирмоқчисан. Сенинг буёғига оилани тиклашни ўйламаслигингни тушундим. Мен синган бўлсам, ҳам тўкилмадим. Янги хотин ҳаваси ақлингни олибди. Хавотир бўл-ма, эрта бориб, жамоат дафтаридан номимни ўчиртираман. Менинг жойимга ўша бева хотиннинг номини ёздир. Ярим тунда нимага келганинг сабабини энди тушундим. Тур ўрнингдан!
 – Тезлик қилма, Хубон, – Соҳиб гоҳ онага, гоҳ Хубонга жавдираб, нима қилишини билмасди. Тилини ичига ютиб юборгандай эди.
– Тур, деяпман! Бу ердан чиқ-да, менинг номим ўрнига ўша беванинг номини ёздир.
 – Илоҳо, оғзига кучи етмаган туҳматчиларнинг уйи ғам тутуни билан қорайсин, – она қизининг елкасини силаб, уни тинчлантиришга уринди.
Соҳиб аламидан зўрға ўрнидан қўзғалиб, эшикни астагина очди-да, ҳовлига чиқди. У бу учрашувдан фақат бир нарсага умид қилаётганди. Хубон бир сўзли аёл, айтдими, энди жамоатга бориб, дафтардан номини ўчиртиради.
Соҳиб чиқиб кетганидан сўнг бирдан ўзига келган Хубон ўрнидан сачраб туриб, кийимликлар ва намат устидаги қийиқни чангаллаб олиб ҳовлига отилди. Ҳовлининг четан девори ортидан Соҳибнинг қорни ғижирлатиб бораётгани ва итларнинг вовуллаши эшитиларди. Соҳиб ҳовлидан анча узоқлашган эди. Хубон қўлида осилиб бораётган кийимлик ва қийиқни кўча четидаги қортўда устига ирғитди-да, алам ўтини босолмасдан ҳовли томон судралди.
 
10
 
Шивалаб ёққан ёмғирдан сўнг, туш пайтига келиб булутлар қийтиғи орасидан қуёш юз очди. Ёғингарчилик кўп бўлишига қарамасдан, март, апрел ва май ойлари олдинги йиллардагига қараганда илиқ келди. Ой бошларида сел ювиб кетган шудгорланган май-донларга қайтадан экин экишга тўғри келди. Ҳавонинг бундай келишини кўрган Анвар энди фақатгина кузги экинга умид боғлашдан ўзга илож топа олмаётганди.
Сангин полвон раисни кутавериб, тоқати тоқ бўлиб, идора ҳовлисида тўхтовсиз у томон-бу томонга бориб-келарди. Юраги сиқилиб, бўшашиб бораётган қария йўл четида-ги тут томон юрди. У тўни этагини тўрт буклади-да, кунгай ерда тутга суянганча ўтирди. Қуёшнинг илиқ нури бирпасда Сангин полвонни аллалаб, уйқу қарияни енгди-қўйди. У бошини орқага ташлаганча, оғзини катта очиб, ҳамма нарсани унутди.
Анвар Сангин полвоннинг олдидан ўтар экан, нарироққа ўтди-да, атайлаб қаттиқ-қаттиқ йўталиб, уни уйғотмоқчи бўлди. Қария идорага келиб, йўлини пойлаб ўтиргани-нинг албатта бирон сабаби бордир, деб ўйлади у. Анвар иложи борича тезроқ унинг арзи-ни эшитиб, сўнг ўз иши билан машғул бўлишни ўйларди. Сангин полвон кўзларини истар-истамас очиб, бир неча лаҳза кўм-кўк осмонга тикилиб қолди ва бирдан қаерда эканлиги ва нимага келганлигини эслаб қолиб, идора айвони томон ўгрилиб, раисни кўрди. Бўша-шиб бораётган оёқларини тик туришга зўрға кўндир-ди-да, Анварнинг ортидан идорага кирди.
– Мен бир арз билан келганман, – қария сўрашганларидан сўнг салмоқланди, – шу… ажалнинг чангалидан қутулиш йўлини топа оламан, лекин Хубон ва онасидан қутулишга кўзим етмаяпти. Агар, сен бирон иложини топмасанг, мени тириклайин гўрга тиқишади… Ҳазиллашаётганим йўқ, Раис, – Сангин полвон Анварга маҳзун ва таъби олингандай тикилди.
 – Ўйламай-нетмай қилган ишингни меваси-да бу, Полвон. Муросага солиш ўрнига сен ёниб турган аланга устига мой сепгансан.
– Валекин, мен савоб оламан дея ўйлагандим. Кундузи чироқ ёқиб қидирсанг ҳам, эркак топилмайдиган бу замонда йигит деган икки-учта хотин олса яхши иш бўларди, деган ўйга борибман. Ўзинг кўриб турибсан, айрим қизлар тоғорада туравериб, ачиб кет-ган хамирдек увол бўлишяпти. Валекин, бирон эркакка кўзлари тушиб қолса, юракчалари гупиллаб кетади. Шу соддалигим қуриб кетсин-да, биров гаҳ-гаҳ деса, учиб бориб қўлига қўнавераман-да.
Анвар Сангин полвонга узундан-узоқ хомуш тикилганча ўйга чўмди. Чиндан ҳам Сангин полвонга ўхшаш одамлар соддаликлариданми, ё узоқни ўйламасликданми, яхши-лик қиламан деб, ёмонлик қилиб қўйишади, зарар келтиришади. Бу тоифадаги одамлар бир умр дунё ишини осон ҳисоблаб, ҳамма нарсага ўйламай-нетмай, кўнглида заррача оғриқ ҳис этмасдан қарашга ўрганиб қолишган. Атрофларидаги воқеаларга ҳар доим ҳазил тариқасида, енгил-елпи қарашади.
– Агар одам қачон ўлишини олдиндан билганида эди, ўйлаб иш тутган бўларди. Буни қара-я, – Сангин полвон лаб тишлаганча жим қолди.
– Қари бўлгин-у, ишнинг кўзини билгин, дейишади. Совчиликка боришдан олдин бундай бошингни ишлатсанг бўлмасмиди? Қилган ишинг яхши эмас, Полвон. Ё Хубон ва Рамазон шайтоннинг гапига киришган бўлса, мен эшитмай қолганндирман? – Анвар бил-масликка олиб, Сангин полвонга савол назари билан кўз қадади.
 – Валекин, раис, бош қотириб ўйлашга имкон топмадим. Менга фалон жойга совчиликка борасан, дейишди. Ўрнимдан туриб, ўшаёққа кетаверибман. Лекин Хубон билан Рамазонга келганда, Худо ҳақи, мен ҳеч нарса билмайман. Бир мусулмонни ноҳақ айблаб, гуноҳ орттирмоқ не керак?
Ҳар гал Хубон ва Рамазон ҳақида гап кетганда, Анвар тоқатсизланиб, асабий-лашарди. Наҳотки, ҳеч қандай бир асоси йўқ, очиқдан-очиқ туҳмат одамларга шунчалик зарур бўлса. Йўқса, нега ҳалигача товуққа ўхшаб гўнг титишгани-титишган. Бир гуноҳсиз инсон юрагига наштар санчиб, қандай роҳатланишади? Бирданига Анварнинг кўз ўнгида Соҳиб қиёфаланди, у ўта кетган жирканч ва ўзидан бошқани зиғирча ўйламайдиган одам-чадай гавдаланди. Анвар ортиқ чидаёлмасдан, ўрнидан сачраб турди-да, бор қаҳру ғазаби-ни Сангин полвонга сочди.
– Биласанми, бу нима деган гап, биласанми? Бу виждонсизлик дегани, одамгар-чилик нима эканлигини унутмоқ дегани. Уруш яралари одамларга озлик қилдими? Айт, озлик қилдими? Бу етмагандай, биз яна қора қилмишларимиз билан яра кўнгилларни қайта тирнаймиз. Биз, бошқаларга малҳам бўладиган, йўл-йўриқ ўргатадиган катталар бетамизлик , бузуқилик қилсак, шўрлик халқ нима қилсин? Э, бу…
Анвар дераза олдига бориб, Хубоннинг идорага келаётганини кўриб, жим қолди. Сангин полвон икки-уч марта «тўғри айтасан, раис», дея пичирлаб, унинг гапларини тас-диқлагандай бўлди ва билдирмасдангина ўрнидан қўзғалиб, эшикни мўлжаллади. Лекин остонада Хубонга урилиб кетаётиб, ўзини йўқотиб қўяй дея, жойига бориб ўтирди. Хубон Сангин полвон томон хунук қараш қилди-да, ғазабини босолмасдан кетишга уринди. Анвар уни йўлдан тўхтатди.
– Ке, Хубон, сенга зарур гапим бор.
– Сангин бобо чиқиб кетсин, кейин кираман.
-Майли, қизим, майли. Раис, менинг узримни унга ўзинг айтасан, – Сангин полвон ўзига ярашмаган чаққонлик билан ташқари чиқди-да, идора ҳовлисида Анварни кутиб турди.
Хубон узун тахта ўтиргичнинг бир четига ўтирганча, уй шифтига тикилди. Курсига бориб ўтирган Анвар узоқ вақтгача кўрсаткич бармоғи билан манглайини силади. Идорада анчагача еб қўйгудек сукунат ҳукмронлик қилди. Хубон бу қийин аҳволдан ўзини ҳам, раисни ҳам тезроқ қутқариш мақсадида майин-майин йўталди.
 – Онанг тузалиб қолдими? – Анвар овозини ўзи зўрға эшитди.
– Шукур, анча яхши бўлиб қолди. Иссиғи тушди, – Хубон кўзини ердан узмасдан гапирарди.
 – Кампирнинг совуқлиги ошгандир. Омборда бироз асал қолган. Қоғоз ёздиргин-да, бориб олгин, фойдаси тегиб қолар.
 – Ҳаммаси ўтиб кетди, раис ака.
 Икковлари анчагача жим қолишди. Ҳалигача ғазабини боса олмаётган Анвар ҳозир Хубонга юмшоқ гапиришга уринарди. Ишқилиб, унинг ғам-аламга тўла юрагини яна азоб-лаб қўймаса бўлгани.
– Мендан хафа бўлма, раис ака. Койиб-нетиб юрма ҳам. Бировга иш буюриш нари турсин, ҳеч кимни кўришни истамайман, – Хубон зўрға бош кўтариб Анварга парвосиз боқди.
 – Бошқаларда нима гуноҳ, Хубон. Бригада аъзоларинг сени ҳурмат қилишади. Шу бу йил чидаб берсанг, кейинги йил ўрнингга бошқа одам топармиз. Ҳозир, гапнинг тўғри-си, ишнинг кўзини яхши билган, одамлар кўнглига йўл топа оладиган бошқа биронтаси кўзимга чалинмаяпти, – Анвар қўлидаги қаламни бармоқлари орасида ўйнатиб, Хубонга синчков назар ташлади.
 – Йўқ, буёғига бригатлик қилиш истагим йўқ.
 Икки-уч кун орасида Хубоннинг ранги ўчиб, кўзлари ич-ичига ботиб кетганди. Қуёшда тобланган чеҳрасидан ва жозибали шўх кўзларидан асар ҳам қолмаганди. Унинг бу ҳолатини кўрган Анварнинг юраги эзилди. Бу латофатли аёлнинг вужудига ин қурган ғам зулук каби қонини сўриб, борган сари силласини қуритаётганди.
 – Синглим, қайси худобехабарнинг гап қармоғига илиндинг? Нега никоҳ қайдидан чиқдинг?
-Чидадим, тоқат қилдим, фойдаси бўлмади. У … шуни истарди. Итни бўйнидан боғлаб, зўрлаб овга олиб бориб бўлармиди… – Хубон остки лабларини тишлар экан, ёш отилиш ўрнига кўзлари ғазаб ўтидан ёнди.
 – Ўтган жума Соҳибни кўргандим, – Анвар босиқлик билан сўзлади. – Хабаринг бордир, балки, муносабатимиз яхши эмас. Шунга қарамай, гапини олмоқчи бўлдим. Қишда икки-уч марта Хубоннинг олдига бордим, ярашишни истамади, деди. Унинг айтишича, уйингга борган кунининг эртасига никоҳ қайдидан чиқибсан, – Анвар аслида нима бўлганлигини Хубоннинг ўзидан билишни истарди.
 – Ҳа, уйга борганди, мен билан ярашиб, устимга бошқа хотин олмоқчи экан. Мен бундай уятсизликка чидаёлмайман. Эртаси саҳар туриб жамоат идорасига бориб, Соҳибни чақириб келишларини сўрадим. Ана кейин … уни топиб келишди. Мени никоҳ қайдидан чиқаришларини талаб қилдим. Жамоат раиси аввалига «йўқ-йўқ»лаб туриб олди. Лекин ҳеч бўлмагач, иккаламизнинг розилигимизни олди…
– Яхши иш қилмадинг, Хубон. Одам дегани тақдир билан бундайин ўйнашмайди. Тўғриси, бу гал Соҳибга орган воситасида гапирмоқчи эдим. Лекин сенинг бу ишинг унинг тилини узун қилиб қўйди, – Анварнинг гап оҳанги қаттиқлашди.
Анвар Хубонни идорага чақириб, биринчидан унинг беш кундан буён ишга чиқмас-дан, бригадирлик вазифасидан бош тортаётганини , иккинчидан, унинг никоҳ қайдидан чиқиши тафсилотларини ҳар томонлама билмоқчи эди. Чунки у халқ орасида ўрмалаб қол-ган миш-мишлардан Соҳиб келаси ҳафта тўй қилиш тараддудини кўраётганини эшитган-ди. Унинг билганидан қолмаётганлиги ва юзсизларча ҳеч кимни писанд этмаслиги Анвар-ни ташвишга солганди. У Соҳибнинг бу қилиқлари билан ҳеч бир келиша олмаётганди.
 – Юзсизлигини кўринг, ўтган ой, ярим тунда яна уйга келди. Мен уйланадиган бўл-сам, сен жанжал қилмагин, шикоят қилиб юрмагин, мен сени яна никоҳимга оламан, деб ялиниб-ёлворди. Қўлимга таёқ олгандим, қочиб қолди… Яқинда у кишим хотин оларкан-лар. Қўйинг, армони қолмасин. Минг куйиб-ёнсам ҳам, ҳеч бир фойдаси йўқ. Одамнинг юрагига меҳру шафқат, инсоф киритиб бўларканми. Ҳеч гап эмас, раис ака, яқин орада бу дарду аламлар унут бўлиб кетади. Фақат орзуларимнинг куйиб, кул бўлганига афсуслана-ман.
 – Сен ўзингни бироз қўлга олгин, синглим, – ўйга толганча сўзлади Анвар. – Мана кўрасан, бир кун эмас, бир кун виждони азоб бериб, ярашиш йўлини қидиради. Лекин бу-ёғига муроса қилиб юрганим етарли, дейман. Индамагнига… Энди ўзидан гина қилавер-син.
 – Йўқ, ҳеч қачон бундай қилманг! Мажбурий турмуш аччиқ ўтади. У ўзининг тут-ганидан қолмайдиган, оқибат нималигини билмайдиган экан, раис ака. Мен… аввалига райком котибини бир кўрай дегандим. Айтайлик, котибнинг гапини ерда қолдирмас… Кейинчи? Худонинг берган куни жанжал, ғурбат, таъна- маломат! Йўқ, бундай турмушга инсон зоти чидаёлмайди, – Хубоннинг лаблари титраб, кўзларида ёш ҳалқаланди. – Ҳур-матини шунчалик ўринга қўйганим етар! Энди ортиқча ғам чекмайман, бошимни оғрит-майман. Уни деб куйишларим ҳайф…
Хубон бирдан ўрнидан турди-да, жон аччиғида оҳ тортиб, идорадан чиқди. Энди-гина отидан тушиб Сангин полвон билан ҳол-аҳвол сўрашаётган Равшан Ҳаким орқа-ол-дига қарамасдан кетиб бораётган Хубоннинг важоҳатини кўриб, чолга маъноли қаради. Хубон қаршисида Равшан Ҳакимни кўриб, ҳеч нарса бўлмагандай бошини баланд кўта-риб, тез-тез юрганча идора ҳовлисидан ўтиб кетди. Равшан Ҳаким унинг ортидан тааж-жубланганча узоқ қараб қолди-да, от жиловини Сангин полвонга тутқазиб, идорага кирди.
 – Салом алайкум, раис! Бу аёлни қайси қора босди, идорадан аза тутгандек чиқиб кетяпти?
Анвар бошини кўтариб, Равшан Ҳакимга синчков қаради.
– Ҳа, айтгандай, мен бошқа бир мақсадда… Эртага роса соат ўнда котиб ҳузурида бўлинг. Мажлис бўлади. Кўкламги экиш ишлари ҳақида ҳисоботингизни берасиз, – Рав-шан Ҳаким гапини айтаркан, Анварнинг бежо авзоига разм солди. – Бўпти, мен Чашмадор қишлоғига кетдим. Эсингиздан чиқмасин-а! Ҳисобот, кўкламги экишнинг натижаси!
Равшан Ҳаким заҳарли жилмайди, кибр билан эшикни катта очиб, кутилмаган
хабари Анварни ташвишга солиб, ўйлантириб қўйганидан ҳузур қилиб, оти томон йўнал-ди…
 
 Сангин полвон тун бўйи мижжа қоқмасдан, Анварнинг аччиқ-аччиқ «коса тагида нимкоса» гапларини ўйлаб чиқди. Бомдодга яқин қария бир бурда зоғорани тез-тез чай-наб, сопол косадаги ўрик шарбатини ҳўплади-да, бошини эгганча, оғир хаёлларни енгишга уриниб, Хубонларнинг ҳовлиси томон жўнади. Хубон сув олиб келиш учун қишлоқ ўрта-сидаги булоққа кетган эди. Онаси эса, ҳеч кутилмаганда Сангин полвонни илиқ кутиб олди. Қария узоқ узр сўради. Кампир қишдаги воқеа ва бундан бир ой олдин Соҳибнинг яна ярим кечада уйларига келиши, ораларида ўтган гаплар ҳақида оқизмай-томизмай ҳикоя қилди. Кампирнинг гаплари Сангин полвоннинг уйқусираб, ғувуллаётган миясини чайқагандай бўлиб, у тез-тез киприк қоқиб, жавдираган чарчоқ кўзлари тўрт томонга аланглаб, лаблари қимирлаб, нималарнидир ғулдуллаётганга ўхшарди. Сангин полвон кампирнинг ҳовлисидан чиқиб, тўғри Қалъача томонга жўнади. Йўлда икки-уч жойда дам олиб, ниҳоят, Нозимнинг уйига етиб борди. Сангин полвон қизнинг ота-онасига асил воқеа қандайлигини куйина-куйина тушунтирди. «Мен совчиликка келганимдан минг пушаймонман. Валекин, савоб иш қиламан деган ўйда, қоп-қоп гуноҳ орттирибман. Мен – ғофил банда Соҳиб қаноти қайрилган қизингизни Хубоннинг устига олмоқчи бўлган-лигини билмабман. Сиз гувоҳсиз, Худо гувоҳ, мен совчиликни бошимдан соқит қиламан.
Қизнинг гапуқмас, бадфеъл отаси бу гапларни эшитар экан, бўримисол увиллаган-дай бўлиб, оғзига келганини қайтармай, Соҳибни ҳақоратлаганча, тўйга юборган нарса-ларини аравага юклатди.
 
11

Ҳали ой тоғ ортидан мўраламаган эди. Шом еган ой нури тоғ чўққиларинигина ёритарди. Тун жим-жит, ҳаво ёқимли эди. Ёруғ юлдузлар ўзаро баҳслашган мисол кўк тоқидан ерга кўз қисишарди. Икки бўлак оқ булут ёришиб бораётган уфқ томон сузарди.
 Хубон осмон ва юлдузларнинг кишига ажиб бир ҳаловат бахш этаётган томоша-сидан кўнгил узиб, ётган жойидан шошиб турди ва оёқ учида онасининг ўрни томон юр-ди. Она аста-аста нафас оларди. Хубон чўккалаганча онасининг устига эгилди, ойнинг гоҳ пайдо бўлиб, гоҳ йўқолаётган нури ёруғидан нурлироқ чеҳрага узоқ-узоқ, тўйиб-тўйиб тикилди. Томоғини аччиқ йиғи тирнади. У қаттиқ ҳаяжон ва азобни енгиб, пичирлашга тушди. «Хайр, онажон. Оқ сутингга рози бўлгин». Хубон тобора ёришиб келаётган уфққа қаради-да, онасининг ёнидан шошилиб туриб, кетмоққа тутинди. У ой чиққанча ҳовлидан ва маҳалланинг эгри-бугри кўчаларидан узоқлашишни истарди. У тунги кўйлагини чақ-қонлик билан ечди-да, гул урилган оқ кўйлагини кийди. Кавушини қўлига олиб, ерга озор бермасдан юриб, кўчага чиқди…
Тун ярмидан оғганди. Рамазон яшайдиган гузарда дайди итлардан ташқари бирон жонзот кўринмасди. Хубон пастгина пахса девордан ичкарига мўралади. Қамиш билан ўралган қўрада битта сигир кўринди. Уй томини, ҳовлини ой нури ёритди. Хубон оғил-нинг паст томида оппоқ ўринни кўрди. У ҳовлида ҳеч ким йўқ деган ўйга борди, кавуши-ни ечиб, ичкарига отди ва ўзи деворга ёпишиб, устига чиқди. Лекин қаттиқ хаяжон бос-ганидан, мувозанатини йўқотиб, ҳовлига гуппа йиқилди. Том устидан Рамазоннинг йўтал-гани эшитилди. Хубон девор сояси остида бир неча лаҳза қимирламай ўтирди-да, Рамазон ўзини кўрмаганлигига ишонч ҳосил қилгач, аста ўрнидан туриб, кавушини қидириб топ-гач, оғил томига қараб юрди…
Рамазон ўша урушдан мажруҳ бўлиб қайтганидан сўнг ҳовлида ёлғиз бир ўзи яшар-ди. Отаси ўттизинчи йиллар бошларида Вахш канали қурилишида безгакка чалиниб, вафот этганди. Онаси уруш бошланганда дунёдан ўтди. Қишлоқда Рамазоннинг яқин-ларидан фақат бир амакиси қолган бўлиб, у ҳам турмуш ташвишлари ҳалқасида ўзи билан ўзи овора эди. Буни яхши билган Хубон ҳеч нарсадан қўрқмасдан оғил томига қўйилган шотидан тепага кўтарилди. Ой ёруғида Рамазоннинг устига кўрпа ёпмасдан, ярим яланғоч ётгани кўринди. Хубон юраги тез ва гупиллаб ураётганини ҳис қилди. У икки оёғини шотига қўйганча том четида омонат ўтирди ва аввалига кўнглини тинчлантириб, сўнг Рамазоннинг ўрнига яқинлашишни ўйлади. Кўз ўнгидан кейинги кунларда бўлиб ўтган ҳамма воқеа ва кечинмалар, онаси ва Соҳибнинг чеҳраси тез-тез ўтаверди. Лекин у булар-нинг ҳаммасига парво қилмасликка уринди. У шу кўйи анча ўзини тутиб олгач, том чети-дан эҳтиёт бўлганча туриб, Рамазоннинг ёстиғи ёнига келди ва уни қандай қилиб уйғо-тишни ўйлай бошлади. Хубон Рамазон ётган ўриннинг паст томонига ўтиб, кўрпанинг бир четидан тортди. Оёқларидан мадор қочиб, бўшашиб бораётганини, овози лабларидан зўрға узилаётганини сезди.
 – Рамазон ака… Рамазон… ака!
 Рамазон кўзини очиб бир атрофга қаради-да, нигоҳи оппоқ кўйлак кийган мав-жудотга тушар экан, қўрққанидан устига кўрпа тортди.
 – Ло ҳавла, вало қуввата. Бисмиллоҳи… – Қўрқма, Рамазон ака. Мен фаришта ҳам эмасман, ажина ҳам эмасман, Хубон-ман, – Хубон юмшоқ, паст овозда гапирарди, Рамазоннинг кўзларида акс этаётган қўрқув ва ваҳимани нари ҳайдашга интиларди.
 – Ло ҳавла… Йўқ, ишонмайман! Хубон? У ярим тунда бу ерга келмайди. Сен пари-сан, ё… Бисмиллоҳи раҳмони раҳим.., – Рамазон кўрпани бошигача тортиб «қулҳу-оллоҳу» деганча баралла дуо ўқишга тушди.
Хубон нима қилишини билмай қолди. Бир кўнгли Рамазоннинг устидан кўрпани тортиб олмоқчи бўлди, лекин тағин қўрққанидан юраги ёрилмасин, деган ўйга борди. У томга ўтириб, оҳиста гап бошлади.
– Рамазон ака, Худо ҳақи, мен Хубонман. Э, сен қанақа эркаксан? Мен жонимни кафтимга олиб, олдингга маслаҳат учун келсам… Намунча жонинг азиз бўлмаса, бундай тузукроқ қарасанг-чи…
Рамазон кўрпани астагина бошидан пастга тушириб, Хубонга узоқ тикилиб қолди. Лекин ҳалигача ваҳима ва қўрқувдан буткул қутулмаганди.
– Худойим-ей, ҳадемай тонг оқаради, сен ҳалигача ўзингизга келмаяпсан. Рамазон
 ака, хотинлардан ҳам ўтказиб юбординг-ку. Э, кўйлагингни кийгин-е! – Хубон Рамазон-нинг бош тарафидан кўйлагини олиб узатди.
– Ҳозир. Ҳеч ишонгим келмаяпти! Парилар, ҳа, ажиналар ҳам оқ кўйлак кийган аёл қиёфасига кириб келишади, дейишади-ку. Энди юрагим озгина тин олди-я. Одамнинг ўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан, – Рамазон кўйлагини эгнига кияр экан, тўхтовсиз гапирар-ди. – Тинчликми ўзи?
– Тинчлик, Рамазон ака, тинчлик, секинроқ гапир. Қўшниларинг уйғониб кетиш-масин.
– Пастга тушсакчи?
– Йўқ, ана-мана деганимизча, тонг отади. Шу ерда ўтирамиз. Қара, қандай чиройли ойдин кеча, – Хубон ўйлаб ўтирмасдан кўрпанинг бир четига ўтирди.
– Худо кўриб турибди, ҳалиям туш кўряпманми, хаёлимми, деган гумондаман. Қани, гапир. Хубон, агар бирон сабаби бўлмаса, ярим кечада менинг олдимга келмайсан. Уч кечадан буён томда ётяпман. Қайси бир гўрдан молўғрилар чиқибди, деб эшитган-дим…
 – Шу ётишингда мол бир ёқда турсин, оғилни кўтариб кетишсаям, билмасдинг, – Хубон кулгисини яшира олмади.
– Бугун ҳовлида тинмай ғимирладим. Э, шу арабнинг ўлигидек ухлабман-чи. Қани, гапир Хубон, кўнглим жойига тушсин. Келишингдан мақсадинг нима? – Рамазон ҳаяжон аралаш сўради.
Хубон ўн тўрт кунлик ойга, кумушранг ёрқин уфққа ва тоғнинг ваҳимали қоп-қора соясига бир неча лаҳза тикилиб, ўйга чўмди. Оппоқ кўйлаги ва ундан ҳам оқроқ юзи ой ёруғида уни Рамазонга афсонавий пари қилиб кўрсатган бўлиши мумкин эди.
Энди Хубонга ҳаммадан аламли ва вужудини ёндираётган ўй азоб берарди. У ёлғон миш-мишлар, Рамазоннинг чидаб бўлмас қилиқларига қасдма-қасд шу лаҳза танини Рама-зонга бағишлаш ва сўнгра кўнгли таскин топиб, ўзини ҳовузга ташлаб, чўкиб ўлишни ис-тарди. Майли, бундан кейин одамлар уни нопок деяверишсин. Лекин бу мақсадига қандай қилиб, қайси йўл билан эришади? – Хубон хаёлини йиғиштира олмасдан Рамазонга қараб пичирлади:
– Ёмонлар бизни ёмонотлиққа чиқариб, мақсадларига етишди, Рамазон ака. Туҳмат ва ёлғон миш-мишларни ҳаддан оширишди. Ҳаётимни куйдиришди, – Хубоннинг кўзлари-дан кетма-кет оққан ёш томчилари юзида думалади.
– Бунча ғам чекмагин, Хубон. Туҳматнинг умри қисқа, дейдилар. Нима қилсам-да, ўзимни сенга муносиб деб билмаяпман, бўлмаса, оёғинг тагидаги тупроқни юз-кўзимга суртишга тайёрман. Менга ишонгин, ҳаммаси ўтиб кетади. У … Соҳиб бўлмағур одам… – Рамазоннинг гапи оғзида қолиб, қадоқ қўллари беихтиёр Хубоннинг сочини силай бош-лади.
– Биласанми, Рамазон ака, кўп ўйладим. Гуноҳсиз ёнгандан кўра, гуноҳ қилиб ёнган яхшироқ… Буниси одамга алам қилмайди.
 – Тўғри айтасан, Хубон, – Рамазон Хубоннинг мақсадини тушунмасдан, унинг ўткир нигоҳидан лол бўлиб, қотиб қолганди.
– Менинг гуноҳимдан ўтгин, Рамазон ака. Мен шу гуноҳни… ўрнимдан турдим-да, олдингга келавердим. Қўрқма, мен тўғримда ёмон ўйларга борма. Мен яхши сўзга, бу ўксук кўнглимни кўтаришларига зорман. У менинг ишқимга зомин бўлди, – Хубон ёстиқ-ни тортиб, бош қўйди. – Уйқунгни ҳаром қилдим. Кел, сен ҳам чўзилгин.
– Хўп, ҳозир, Хубон. У имонсиз сени қай аҳволга солибди-я.
Рамазон ўрнидан туриб, Хубоннинг устига кўрпа тортди, бошини юмшоқ-юмшоқ силашга тушди. Кутилмаган бир бахт ва қаттиқ ҳаяжондан у калаванинг учини бутунлай йўқотаёзганди. У ўз кўзларига ишонмасди, ҳозирда уни ўз ёнига чорлаётган аёл Хубон эканлигига ишона олмасди. У Хубонни болалигидан бери жон-дили билан яхши кўрар, лекин бирон марта бўлсин, юрагини очишга ботина олмасди. Фақат урушдан қайтиб кел-гач, сирға ясаб бериш баҳонасида у билан икки марта гаплашди. Рамазон Хубон учун яса-ётган сирғага бутун ҳунарини, кўз нурини, меҳр-муҳаббатини бағишлади ва шу тариқа кўнглини очмоқчи бўлди. Лекин шу кунгача фикри ёди Хубонда бўлса-да, унинг қалбига йўл топа олмасди.
Хубон тоғ устида анчагина баландга кўтарилган ойга қарар экан, хавотирлана бош-лади. Қулоғига Қалъача қишлоғидан Соҳибнинг қаҳ-қаҳлаб кулаётгани ва доира гижбанги эшитилгандай бўлаверди. Икки-уч соатдан кейин тонг отади. Хубон кўрпанинг бир чети-ни кўтарди-да, Рамазонга жилмайди:
– Совқотдинг, кел, жойингга кир.
Рамазон эс-ҳушини йўқотиб, чаққонлик билан кўрпага кирди-да, пишиллаб нафас олганча Хубонни қаттиқ бағрига тортди.
– Намунча айиққа ўхшамасанг. Қочиб кетаётганим йўқ-ку. Сабр қил, мен ҳозир, – Хубон ёстиқдан бош кўтариб, кўйлагини ечди-да, ўриннинг четига қўйди.
Бундай бўлишини ҳеч бир кутмаган Рамазон кўзлари ҳайратга тўлганча Хубоннинг яланғоч елкасига боқди-да, астагина, бир сўз демасдан кўрпа остидан чиқди. Рамазон энди ўзига келган, Хубоннинг ҳолига ачинарди. Унинг бутун вужудини қаттиқ қалтироқ босган, манглайи ва куракларини совуқ тер қоплаганди.
 – Хубон, кўйлагингни кий!
 – Рамазон ака, мен ўз истагим билан, қасдма-қасдига…
 – Бундай демагин. Наҳот шунга кўнглинг йўл қўйса, наҳот қадрингни билмасанг…
 – Қадр дейсанми? Мени қандай қадрлашганини кўрмадингми?
 – Худо ҳақи, сен бошга кўтариб юришга арзийсан. Ўзингни ерга урма, Хубон. Бошингни баланд тутиб юргин, нияти ёмонлар кўриб, аламларидан кўр бўлишсин, кўр! Ой осмоннинг ўртасига етиб келганди. Ўз оёғи билан келган бахтдан масрур, топиб бўлмас дийдордан маст Рамазон кўрпа устида тиззалаб ўтирганча Хубоннинг боши-ни меҳрибонлик билан юмшоқ-юмшоқ силарди. Ойнинг ёруғ нурида анордек қизарган юзда икки томчи ёш овозсиз йиғи шиддатидан симобдек титрарди.
– Йиғлама, Хубон. Агар рози бўлсанг, қолган умримни сенинг хизматингга, сенинг бахтиёр бўлишинг учун бағишлардим. Худо кўриб турибди, сенга жонимни фидо қила-ман. Турмушимиз ширин ўтади, – Рамазон бир қийиғи, бир қадоқ қўли билан Хубоннинг кўз ёшини артарди.
Хубон бошини бошқа томонга буриб, бир неча лаҳза қовоқ уйганча хаёлга толди ва сўнгра Рамазонни биринчи марта кўраётгандек меҳрибон, очиқ чеҳрасига узоқ тикилиб қолди. Рамазон аста ундан юз бурди, ўйламай-нетмай айтган гапларим Хубоннинг кўнгли-ни оғритди, деган гумонга борди. Лекин Хубон қўлини чўзиб, яна Рамазонни ўзига қарат-ди ва унга узундан-узоқ термулиб қолди. Рамазоннинг чақноқ кўзлари ва табассумга мойил чеҳраси Хубоннинг хира парда тортилаётган кўнглини бироз очди.
 – Зоти пастларнинг гапи ортидан қувиб юрма. Фойдаси йўқлигини кўрдинг. Буёғи нима бўлишини ўйлаб кўр, Хубон, – Рамазон икки-уч оғиз ширин сўз топиб айтишга урин-ди, лекин негадир тили танглайига ёпишиб қолгандай эди.
– Юзингни ўгир, мен кетаман.
Хубон у ер-бу еридан пахтаси чиқиб ётган кўрпани бошигача тортди-да, унинг тагида кўйлагини кийиб, ўрнидан турди. Ўринни тартибга келтириб, Рамазоннинг ёнига ўтирди ва ўйга чўмганча унинг елкасига бош қўйди. Рамазон Хубон елкасидан бошини кўтаришидан чўчиб, қимир этмасдан, жимгина турарди.
– Узун кечалар уйқум келмасди, хаёлим сенда эди. Менинг номимни ёмонотлиққа чиқаришдан нимага умид қилишганди, ё биронтаси фойда кўрдими? Кимга керак эди бу, кимга?! – Хубон Рамазоннинг елкасидан бошини олмасдан паст товушда, лекин кескин сўзларди.
 – Кимга керак дейсанми? Бировнинг бахтсизлигидан йил –ўн икки ой оғзи қулоғи-да юрадиган одамлар бор. Ўзгаларнинг умрига сув қуйишади, лекин ўз умрларини ўйлаш-майди. Бўлмаса, туҳмат ва иғво қилиб, бошқа нимаям топишарди…
Тун аста-секин узун этакларини йиғиштира бошлади. Қўшнининг сувоқланиб, оқ-ланган девори, тоғ томон ўрлаб кетган илонизи йўл хирароқ бўлса-да, кўзга ташланиб борарди.
– Биласанми, сенинг олдингга аслида бошқа мақсадда келгандим. Одамларнинг гапларига қасдма-қасд, Соҳибга қасдма-қасд ўзимни нопок қилмоқчи ва ундан кейин, – Хубоннинг сўзи томоғига тиқилди, у шошганча Рамазоннинг елкасидан бош олиб, тилини тишлади.
 – Ундан кейин нима қилмоқчи эдинг, – Рамазоннинг сабри чидамади.
– Сўнг… Чинорондаги ҳовузга ўзимни ташламоқчи эдим…
– Чинорон ҳовузига?
Рамазон боши қаттиқ бир нарсага урилгандай ўрин этагига сурилди, Хубонга қат-тиқ ғазаб ва истеҳзоли тикилди. Бу нигоҳга чидаёлмаган Хубон ўзини қўярга жой излар-ди.
 – Хубон, шайтон васвасасини бошингдан чиқариб ташла! Одам дегани шунчаликка борадими? Ўз-ўзингга жабр қилганинг етмаганидай, тили билан юрадиганларнинг тегир-монига янги сув қуймоқчимидинг, – Рамазон яна Хубонга яқинроқ силжиди.
– Мени қайси жин урганини ўзим ҳам билмайман. Ҳаммаси ўтиб кетди. Хайрият, ҳозир миям тонг саҳардаги ҳаво каби тоза. Бошимни аридай талаётган оғир ўйлар тўрт томонга тарқаб кетди. Ишонавергин, Чинорон ҳовузига чўкиб, дунё ғалваларидан қуту-лиш истаги ҳов қаёқларгадир қайтмас бўлиб учиб кетди, – Хубоннинг ғамгин, йиғлаётган кўзлари тобора кулгига мойил бўлиб борарди. – Худо ҳақи, тўғрисини айтяпман, бу ерга онам билан хайрлашиб чиқиб келганман. Агар Соҳиб уйланса, бу номус юкига чидаёлмай-ман, деб ўйлагандим. Товба қилдим, шу ҳафта икки марта ҳовуз олдига бориб ўтирдим. Тинчгина ҳовуз суви тиниқ, назаримда унинг тубидан меҳрибон кўзлар менга тикилгани-ча бағрига чорларди…
– Бўпти энди, бўпти, қўй ўша ҳовузни, унинг сувини. Бу хаёл бирон ҳеч нарсада йўқ, бурнидан нарини кўрмайдиганнинг бошига ин қурса, ҳайрон бўлмасдим, – Рамазон тилини тишлаб, четга ўгрилди.
– Биласанми, ҳозир миямга нима келди? – Хубон Рамазонга ишонқирамай юз бур-ди.
– Илоҳим, яхши ўй бўлсин.
– Сенга қандай тушунтирсам экан, тилим айланмаяпти… Худо ҳозир, ҳаётга пича кўнглим илиди. Мен сени шунчалик яхши инсонлигни билмаган эканман. Қўйгин, гапим-ни айтиб олайин. Сенинг меҳрибонлигинг, чин юракдан айтган сўзларинг мени ўзимга келтирди. Тўғри айтдинг, мен энди бошимни баланд кўтариб юраман, у буни кўриб ён-син, куйиб кул бўлсин, кўр бўлсин, – Хубоннинг чеҳрасига бир қатъийлик югуриб, қош-ларини чимирди. – Фақат сендан бир илтимосим бор. Агар кўнглингда бўлса, уйимизга совчи юборасан, онамни кўндирсанг, Соҳибдан илгари тўй қиламиз. Нима дединг?
Рамазоннинг жавоби қандай бўлишини билмаган Хубон ундан юзини ўгирди.
-Бўпти, Хубон, бўпти! Сенга етишиш учун бутун ҳаётимни бағишлайман… Сен … сен мен учун бир жаҳонсан…
– Билмадим, юрагимда ундан қасос олиш ўйи пайдо бўлди. Буни сенинг ёрдаминг билан амалга ошираман. Тўй қиламиз…Дард нима, алам нималигини уям бир билиб қўй-син, – Хубон қаттиқ ғазаб ва ҳаяжондан бармоқларини бир-бир қаттиқ тортганди, қисир-лаб кетди.
– Хубон, кек сақламагин. Шу бугундан қолдирмасдан раис билан маслаҳатлашаман, тўй бошлаймиз. Сен унинг номини иккинчи марта оғзингга олма, – Рамазон Хубонга ил-тижоли тикилди.
Рамазоннинг гапларидан сўнг Хубоннинг қайғу, изтироб эгаллаб олган чеҳраси ўз-гариб, аста-секин кўзларида қувонч порлай бошлади. Жисмида ажиб бир енгиллик туйган Хубон чаққон ўрнидан туриб, Рамазоннинг ўрнини йиғиштира кетди. Таъби чоғ Рамазон турган жойида қимирламасдан Хубондан кўз уза олмасди. Шу он қўшни ҳовлидан тунука лаганнинг «даранг»лаган овози қулоққа чалинди. Рамазон ва Хубон овоз келган томон ўг-рилишди. Қўлидаги лаганни тушириб юборган қўшни аёл ҳовли ўртасида қимирламасдан турганча, ҳайрат тўла кўзларини улар томондан узмасди.
 
12
 
Равшан Ҳаким ҳали колхоз идорасига етиб бормасдан бир қариядан Анвар Назаровнинг Рамазоннинг уйидалигини, тўй тараддудида эканлигини билиб олди. У қариядан нима гаплигини ипидан игнасигача суриштириб олгач, отига минди-да, Рамазоннинг уйига қараб жўнади. Бундай бўлишини сира кутмаган Равшан Ҳаким бутунлай ҳайратда қолди. Йўл-йўлакай ўз-ўзича хулоса чиқариш учун Рамазон ва Хубоннинг олдинги муносабатлари ҳақида ўйлаб борарди.
Икки кундан буён Хубон маҳалланинг бўй етган қизларини уйига чорлаб, базм қилиб, қўшиқ айтиб, ўйнаб-кулишарди. Қошларига ўсма тортиғлик қизлар доиранинг шўх гижбангига навбатма-навбат рақсга тушишарди. Қишлоқда бу тўйга ҳар ким ўзи билган-дай, ўз ўлчовига кўра баҳо берди. Рамазон ва Хубон ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги гапларни ёлғон, туҳмат дея ҳисоблаб юрган кўпчилик бирданига бошланиб кетган тўйга нима дейишни билмасдан, ҳайрон эди. Лекин миш-мишларнинг тўғрилигига аввалдан заррача шубҳа қилмаган одамлар «кўрдингизми», «эшитдингизми», «ана, гапим тўғри эканми», дея бутун маҳаллага жар солишарди.
Икки кун олдин Рамазон ва Хубон Анварнинголдига маслаҳат учун боришганда, у ҳам қулоқларига ишонмади, нима дейишини билмай қолди. Узоқ сукут сақлаган Анвар уларга қаттиқ-қаттиқ гапириб, идорадан қувиб чиқаришига бир баҳя қолди. Анварнинг важоҳатини кўрган Хубон нега тўй қилмоқчи эканликларини тушунтиришга киришди, одамларнинг ноҳақ гап-сўзларига қасдма-қасд турмуш қурмоқчи эканликларини айтди. Раиснинг ўзи тўйларига бош бўлишини исташларини билдирди. Бу гаплардан сўнг Анвар асл мақсадни тушуниб етди ва елкасидан оғир бир тоғ ағдарилгандай бўлди. У Хубоннинг тақдири ҳақида ўйлар, лекин ҳеч бир илож тополмасди. Ана энди у Рамазон ва Хубонга қўшилиб, анчадан бери юрагини кемириб ётган оғир азобни итқитиб ташлади, уларнинг қувончига шерик бўлди.
Равшан Ҳаким алланечук бир тушуниб бўлмас ўйларга чўмган ҳолда отини сойдан четга ҳайдади-да, аста секинлатди. Хубоннинг уйи томондан доира овози эшитиларди. Хаёлидан тўйхонага бориб, Анварни кўришдан олдин Соҳиб билан кўришган яхшироқ деган фикр ўтди. Нима бўлгандаям, унинг фикрини, муносабатини билмоқ зарур. Ҳали от бошини йўлга бурмасдан, орқадан ғовур-ғувур ва Хубоннинг овози қулоққа чалинди. Рав-шан Ҳаким ортга ўгрилиб, боғдан чиқиб, ўзи томон келаётган Хубон ва икки кампирни кўрди. Бошида хамиртоғора Хубон Равшан Ҳакимнинг олдидан ўтиб кетмоқчи бўлганда, у отдан сакраб тушиб, юзма-юз туриб олди.
 – Ассалому алайкум, Хубон! Раисни қаердан топсам экан, деб бораётгандим, сиз билмайсизми?
– Биламиз, ука, биламиз. Раис Рамазоннинг уйида. Тўй қиляпмиз, тўй, ука, – Хубон-нинг онаси хурсандлигига шерик излаган бўлди.
– Тўй? Муборак бўлсин, эна! Бу қандай тўй ўзи? – Равшан Ҳаким ўзини билмаслик-ка олиб сўради.
– Тўй…
– Эртага бизнинг тўйимиз, Равшан Ҳаким, сиз ҳам келинг. Наҳотки, эшитмаган бўл-сангиз? Рамазон икковимизнинг тўйимиз, – Хубон Равшан Ҳакимга заҳарли жилмайганча жавоб берди ва хамиртоғорани бошидан олиб, онасининг бошига қўйди. – Мен шу ердан қайтаман, она. Уйда қизлар менсиз зерикиб қолишмасин.
 – Ақлли иш қилдингиз. Рамазон қобил одам, уста, биринчи навбатда у фронтовик. Энди у … анов… аламидан бошини қайси тошга урса, хотинларга ўхшаб роса ноз қилиб, ўзини бозорга солди-да, – Равшан Ҳаким Хубон ва онасидан гап олиш илинжида илмоқли гап ташлади.
 – Бошини қаерга уришини-ю, ичидаги сирини кимга айтишини сиз яхшироқ била-сиз. Энди менинг бошимга у ҳақидаги кичкина ўй ҳам сиғмайди. Хайр, она, мен кетдим. Агар бирон гап бўлса, дарров менга етказинглар, – чеҳрасига жиддийлик югурган Хубон келган йўлига қайтди.
Равшан Ҳаким унинг ортидан сурбетларча тикилиб, сўнг кампирга юз ўгирди:
 – Эна, келинг, тоғорани менга беринг. Сиз олдинга ўтинг, – у оғир жуссасини зўрға эгарга ташлаб, тоғорани олди ва ноилож Рамазоннинг уйи томон йўналди…
 
Анвар кун бўйи қишлоқ маъракаларига бош-қош бўлиб юрадиган икки-уч қария билан Рамазоннинг уйида у ёқ-бу ёқни эпақага келтиришга бош бўлишди ва тўй масла-ҳатини қилишди. Узум ишкоми остига похол ва қуруқ ўт-ўлан тўшаб, ўтиргани жой тайёр-ланди. Равшан Ҳаким «Ҳой, тўй эгаси, тўйлар муборак», дея ҳовлига кирар экан, қария-лар ва Анвар аллақачон дастурхон атрофига ўтириб, тандирдан янги узилган патир ва зоғора нон «тузини билишга» киришган эдилар.
Кечқурун Рамазон меҳмонларга товуқ қовуриб, зиёфат берди. Колхознинг Холи бригадири аллақаердан қўлбола шароб топиб келиб, дастурхонга қўйди. Анвар биринчи қадаҳни Рамазон ва Хубоннинг бахти учун кўтаришларини сўради ва бироз сукут сақла-гач, қўшимча қилди:
 – Оғайнилар, бу қишлоғимизда урушдан кейинги биринчи никоҳ тўйи. Одамлари-миз тўй, сурнай, дутор овозини соғиниб қолишган. Бу тўйни биз қизитишимиз зарур. Чунки бу тўй ҳам колхоз аҳлининг бир маъракаси. Кеча Хубон юрагидаги барча дардини, ниятини тўкиб солди. У «туҳмат, иғво юкини кўтариб юришдан кўра, Рамазон билан турмуш қураман. У кимдан кам? Уйимизни обод қиламиз. Биз бир-биримизнинг қадри-мизга етиб, рўзғоримиз ободлиги, тотув турмушимиз билан ҳасадчилар кўзини кўр қила-миз», деди. Чин инсон бўлсанг, ҳеч қачон кам бўлмайсан, дейдилар. Мен Рамазоннинг ҳам, Хубоннинг ҳам ақл-фаросатли, имонли эканлигига ҳеч бир шубҳа қилмайман. Лекин, ўртоқлар, мен бу ҳаётда бир нарсани орзу қиламан. Одамлар бир-бирларининг орқалари-дан итариб, тезроқ гўр лабига суриб боришни ўйлагандан кўра, инсон умрини узайтириш йўлини қидирганлари яхши эмасми… Бунинг учун бир-биримизга меҳрибонлик қилсак, яхши гапирсак, кўнгил кўтарсак, йиқилганда тепиб ўтмасдан, суясак, мурувватимизни аямасак бўлгани…
Анварнинг ишораси билан қўлдаги қадаҳлар бўшатилди ва кўзлар бир неча лаҳза дастурхондан узилмай, орага сукунат чўкди. Равшан Ҳаким сукунатни бузиш учун давра-ни қизитсин дея, Сангин полвонни топиш мақсадида атрофга аланглади. Уни тополмасдан кибр аралаш гердайиб ўрнидан турди-да, тиззалаб ўтириб, шароб тўла пиёлани кўтарди. У «вакил» сифатида давра аҳлидан «тўйни намунали ўтказишни» талаб қилиб, «урушдан кейинги бу тўйнинг сиёсий аҳамиятга эгалигини», таъкидлади. У ўз томонидан тўйга вилоят театри ҳофизларини юборишга ваъда берди.
Тонг саҳарда Равшан Ҳакимни элас-элас эшитилаётган доира овози уйқудан уй-ғотди. У бошини ёстиқдан кўтариб, идора айвони пастида икки-уч киши билан нималар-нидир гаплашаётган Анварни кўрди. Равшан Ҳаким тезгина кийимини, этигини кийиб, ариқдаги сувга юз-қўлини ювди ва истар-истамас идора томон бораверди. Шу лаҳза доиранинг паст овозини бир аёл айтаётган қўшиқ овози босиб кетди.
– Раис, кеча гап мавриди эмас эди. Ҳозир, тўй бошланмасдан олдин, бир йиғилиш ўтказиш зарур. Пилла қурти чиқариш маъракаси катталарни безовта қилибди…
Равшан Ҳаким ҳали гапини тугатмасдан бурун Чашмадор қишлоғи томондан калта соқолли, буғдой ранг киши пишиллаганча унинг олдига етиб келди.
– Соҳиб бир аравага кўчини ортиб аэропорт томонга қараб кетяпти.
 Нозим юборган тўйини, бор майда-чуйдасигача қолдирмай қайтариб юборган, Хубон ва Рамазоннинг тўйи бўлармиш деган гап қулоғига чалинган кундан бошлаб, Соҳибнинг кўзларидан уйқу, танидан ором қочди. У ҳовлисига қамалиб олган, тўхтовсиз бирон чора излаб топишга уринарди. Унинг назарида Чашмадор, Қалъача ва Шолондаги одамларнинг ҳаммаси унга душман, ғараз билан қарашарди. Гўё ҳамма унга қарши тил бириктирган, унинг бахтсизлигини истарди. Йўқ, қараб туришсин, бир ерни топиб кўчиб кетади, кейин ҳеч қанча ўтмасдан унинг қилган ишларини эшитиб, ҳаммаси куйиб ўлади. Хубон, албатта, ишқ ўтига чидаёлмасдан ортидан излаб боради. Анови оқсоқ билан тур-муши яхши ўтиб бўпти.
Кеча пешинга яқин Соҳиб идорага бориб, колхоз котибига муҳрни топширди. Уйига қайтиб кўч-кўронини йиғиштирди-да, Вахш водийсига бориш тараддудини кўрди. Ота-онасининг зорланиб йиғлашлари, қариялар ва яқинларининг насиҳатлари уни йўлдан қайтара олмади…
Равшан Ҳаким Соҳиб кетадиган йўлни тўсиб чиқди-да, отдан тушмасдан туравер-ди. Анча узоқда селйўли ёқалаб келаётган юк тўла арава, унинг ортидан эргашган эркак-аёллар кўринди. Равшан Ҳаким отдан тушиб, йўл четидаги тошга ўтириб, уларнинг етиб келишларини кута бошлади. Ҳаммадан ҳам бир ўй Равшан Ҳакимни безовта қиларди. Агар Соҳиб колхозни ташлаб кетса, шак-шубҳасиз Равшан Ҳакимга «вакил» сифатида гап тегади. Келажакда у бирон-бир каттароқ мартабага кўз тика олмайди. Араванинг бир ёни-да Соҳиб қовоқ уйганча, ҳеч кимга гап қотмасдан қадам ташлаб келарди. Кузатиб келаёт-ганлар орасида Соҳибнинг ота-онаси ҳам бор эди. Арава яқинлашиб келгач, Равшан Ҳаким тош устидан туриб, йўлга чиқди. Аравакаш «тисс», дея отни тўхтатди.
– Соҳиб, бу қандай номаъқулчилик? Нега колхозни ташлаб кетяпсан? Бу – жиноят! Сўраш керак эди… Қани, аравани орқага қайтар! – Равшан Ҳаким аравакаш томон икки-уч қадам ташлаб, буйруқ берди.
– Сенинг ишинг бўлмасин! Мен энди сендан сўраб ўтирмаймн. Қоч, йўлимдан! – Соҳиб олдинга чиқиб Равшан Ҳакимга ўқрайди.
– Соҳиб, болалик қилма! Аввал колхозни топшириб, ижозат олиш керак. Сенга нима етмайди? Ё бирон шайтоннинг гапига кирдингми? Ҳой, йигит, аравани қайтар! Соҳиб, бунчалик ловиллама, хаммаси ўтиб кетади. Қизиқ гап…
-Ҳаммаси ўтиб кетмас экан, ўтиб кетмас экан! – Соҳиб тиш ғижирлатганча Равшан Ҳакимга яқинлашди. – Йўлимдан қоч, иккиюзлама, имонсиз! Кеча келин-куёвнинг бахти учун арақ ичиб, устига менинг шармандла бўлишимни истаб, бугун йўлимни тўсмоқчими-сан! Энди ўзингдан кўр…
Аламига чидаёлмаган Соҳибнинг миясига бирданига ўт тепиб, нима қилаётганини билмай қолди. Бир сакраб Равшан Ҳакимнинг ёқасидан олди-да, қулоқ-чаккасига мушт туширди. Равшан Ҳаким кутилмаган зарбадан ўзини ўнгламасдан туриб, Соҳиб уни итариб юборди. Равшан Ҳаким ариққа орқаси билан йиқилди. Соҳиб ўрнидан турган Равшан Ҳакимнинг қорнига, оёқларига икки-уч тепди. Йўли тўсилган ариқ суви тошиб, Равшан Ҳакимнинг устидан оқа бошлади. Аравакаш ва кузатиб келаётганлар биргалашиб Соҳибни бир илож қилиб, арава ортига томон судрагандай ўтказишди-да, Равшан Ҳаким-ни ариқдан чиқариб олишди.
– Ҳайда! – Соҳиб бошқа ҳеч кимга қарамасдан арава олдига ўтди-да, тўхтамасдан кетаверди.
 – Падарингга лаънат, Исонинг учини Мусадан оласанми? – Равшан Ҳаким арава-нинг ортидан бақирди. – Ҳали қараб тур, менинг шикоятим сендан олдин Вахш водийсига етиб боради. Сени жавобгар қилмасам, Равшан Ҳаким номимни бошқа қўяман!
Кийимлари ивиб кетган Равшан Ҳаким тош устига омонат ўтириб, этигини ечиб, ағдариб, ичидаги сувини тўкканча Соҳибнинг ортидан ўтакетган адоват билан узоқ қараб қолди. Тўйхона томондан эса, доира ва қўшиқ айтаётган аёл овози бир-бирига ҳамоҳанг равишда тобора баландроқ янграрди.
 
 Тожик тилидан Ўринбой УСМОН таржимаси