Марк Твен. У ўлганми ё тирик? (ҳикоя)

1882 йил март ойида мен Мантонадаги Ривьерада яшаб турардим. Монте-Карло ёки Нитсада бўлгани каби одамлар соясида эмас, балки шаҳар чеккасидаги бу жойда танҳоликдан роҳатланасиз. Яна мен айтмоқчиманки, қуёшнинг ёрқин нурлари, ҳаётбахш ҳаво ва тип-тиниқ зангори денгиз тиниб-тинчимаган одамларнинг шовқин-суронлари ҳамда ғала-ғовурлари билан хиралашмайди. Мантона — дабдабавозликка сира даъво қилмайдиган сокин, тинч шаҳар. Бадавлат ва аслзода кишилар, одатда, бу шаҳарни назарга илмасдилар. Шундай бўлса ҳам баъзи-баъзида бу ерда бир-икки давлатманд пайдо бўлиб қолади. Яқинда мен ана шундай бир одам билан танишиб қолдим. Унинг яширин исмини ошкора қилмаслик учун Смит деб атадим. Бир куни иккаламиз Инглиз меҳмонхонасида нонушта қилиб ўтирганимизда Смит менга:
— Тезроқ, эшикдан чиқиб кетаётган анови одамга қаранг, — деди ҳовлиқиб. — Унинг ташқи қиёфасини иложи борича эслаб қолинг!
— Нима учун?
— Унинг кимлигини биласизми?
— Ҳа. У сиздан бир-икки кун аввал шу меҳмонхонага қўнган. Айтишларича, бу лионлик шойи саноат корхонасининг бадавлат эгаси бўлиб, ишидан четлашган. У кўринишдан бу дунёда якка-ёлғизга ўхшайди. Қиёфаси доим ғамгин, хаёлчан, ҳеч ким билан гаплашмайди ҳам. Унинг исми, Теофиль Маньян.
Мен Смит нима учун мосье Маньянга қизиқиб қолганини изоҳлаб берар деб ўйловдим, бироқ бунинг ўрнига у чуқур хаёлга чўмди ва назаримда шу дамда нафақат мени, балки дунёдаги барча нарсани унутгандек эди. У тинмай ипакдек оқ сочларини пайпаслар, столдаги нонушта эса совуб қолган эди.
— Йўқ, ҳеч эслай олмаяпман, — деди у ниҳоят.
— Нимани?
— Андерсеннинг ажойиб бир эртаги бор, лекин у хаёлимдан фаромуш бўлибди. Унда ўзининг қушчаси бўлган бир бола таърифланади. Бола қушчани жуда яхши кўради-ю, бироқ ҳадеганда қушча борлигини унутиб қўяверади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган қушча кун бўйи қафасда ўтириб, сайрагани-сайраган эди. Бу орада вақт ўтиб борар, бечора қушча эса тез кунда очлик ва чанқоқликдан азоб чекиб, қўшиғи ҳам борган сари ғамгинлашиб, пасайиб борар, охир-оқибатда тиниб қолади. Қушча ўлади. Бола келиб бу аҳволни кўради-ю, чуқур изтиробга тушиб, аччиқ кўз ёшларини тўкканича ўртоқларини йиғади. Улар бечора қушни чуқур қайғу билан дафн этишади…
Бироқ шу пайт бизнинг суҳбатимизни бўлиб қўйишди. Кечқурун соат ўнларда мен Смит билан учрашдим. У мени чекишиб, бир шиша шотланд вискисини ичишга таклиф этди. Шинамгина хонада қулай оромкурсилар қўйилган, фонус ёруқ нур сочиб турар, каминда зайтун дарахтининг қуруқ тарашалари чарсиллаб ёнар эди. Тинчлик ва осойишталик ҳиссини дераза ортидаги денгиз тўлқинларининг шовқини бузарди. Биз бирмунча вақт суҳбатлашиб ўтирдик. Иккинчи қадаҳдан сўнг Смит жонланди:
— Мана энди мен сизга ғаройиб бир воқеани сўзлаб бераман. Биз ўртоғим билан буни узоқ вақтгача сир сақлаб келардик, Смит менга қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Анча йиллар бурун, мен ҳали ёш, жуда ёш рассом эдим. Франция қишлоқларида дайдиб, этюдлар чизиб юрардим. Кўп ўтмай иккита ёқимтой ёш француз йигити қаторимга қўшилди — улар ҳам этюд чизар экан. Биз қанчалар бахтиёр бўлсак, шунчалик фақир ёинки қай даражада фақир бўлсак, шунчалик бахтиёр эдик — хоҳлаган томонини танлайверинг. Йигитчаларни Клод Фрер ва Карл Буланже дейишарди. Улар ажойиб болалар эди. Доим дилкаш ва хушчақчақ. Улар қашшоқлик устидан кулишар, ҳар қандай об-ҳавода ҳам кайфиятлари бузилмасди.
Охир-оқибатда Бретон шаҳарчаларининг бирида биз жуда ночор аҳволга тушиб қолдик. Биз каби камбағал маҳаллий бир рассом бизга ўз уйидан жой берди ва тўғриси, очлик ўлимидан сақлаб қолди. Франсуа Милле…
— Наҳот ўша буюк Франсуа Милле бўлса?
— Буюк? Ўша пайтдаги буюклиги биздан ортиқ эмасди. Унинг ҳатто ўзининг қадрдон шаҳрида ҳам донғи чиқмаган ва шу даражада ночор эдики, бизни фақат шолғом билан боқар эди, ўша ҳам доим етишмасди. Биз тўртовимиз қадрдон, ажралмас дўст бўлиб қолдик. Туну кун тинмай жонимизни жабборга бериб расм чизар эдик. Уйимиз расмларга тўлиб-тошиб кетган, биз эса улардан биронтасини жуда камдан-кам ҳолларда сота олардик. Вақтимизни шод-хурсанд ўтказдиг-у, лекин худо асрасин, биз кўрган муҳтожликдан!
Икки йил шу алфозда ўтди. Ниҳоят, ажойиб кунлардан бирида Клод:
— Болалар, биз сўнгги нуқтага етиб келдик, — дея эълон қилди. — Сўнгги нуқта. Ҳамма бизга қарши келишиб олган. Мен бутун шаҳарни айланиб чиқдим. Худди шундай ҳам бўлган — ҳаммаси келишиб олишган, чунки токи биз барча қарзларимизни тўламагунимизча бир сантим ҳам қарз бермаймиз, деб пўписа қилишмоқда.
Устимиздан совуқ сув қуйгандек бўлди. Ҳамманинг юзида даҳшат акс этиб турарди. Биз умидсизлик гирдобига тушдик. Орага узоқ сукут чўкди. Ниҳоят, Милле оғир хўрсиниб деди:
—Нима қилишниям билмайман, тўғрисиям билмайман. Болалар, бирон нарса ўйлаб топинг.
Унга жавобан орага маъюс сукунат чўкди — агар сукутни жавоб ўрнига ўтади деб ҳисобланса. Карл ўрнидан турди-да, бир дам хонада у ёқдан-бу ёққа ҳаяжон билан юра бошлади. Сўнгра:
— Қандай шармандалик — деди у. — Манави полотноларга қаранг — ажойиб расмлар тах-тах бўлиб ётибди, ваҳолонки, булар ҳар қандай европалик усталарнинг асарларидан ҳеч кам жойи йўқ. Ҳа, ҳа, сандирақлаб юрган кўплаб бекорчи чет элликлар худди шундай деб тасдиқлашган — ҳарҳолда шунга ўхшаш гап айтишган.
— Лекин биронтасини ҳам сотиб олишмаган, — деб қўшиб қўйди Милле.
— Нима фарқи бор, ахир шундай дейишган ва энг муҳими бу ҳақиқат. Ҳеч бўлмаганда ўзингнинг “Оқшом ифорлари”нгга қара. Айтинглар…
— “Оқшом ифорлари” бўлса нима қипти! Бунинг учун менга беш франк таклиф этишган.
— Қачон?
— Ким?
— Қаерда у?
— Нега рози бўлмадинг?
— Бас қилинг, баравар бақирманглар. Мен у кўпроқ беради, деб ўйловдим, бунга ишончим комил эди — кўриниши ҳам шунга тортар эди — қиёфасига қараб, мен саккиз дедим.
— Хўш, кейин-чи?
— У кейинги сафар кирарман, деди.
— Даҳшат бу, даҳшат! Менга қара, Франсуа…
— Биламан! Биламан! Хато қилдим, ўтакетган аҳмоқлик қилдим. Болалар, ишонинг, ниятларим жуда бошқача эди менинг…
— Бўлмасам-чи, биз сенга ишонамиз, оғайничалиш! Лекин кейинги сафар бундай аҳмоқликка йўл қўймасликка ҳаракат қил.
— Менми? Энди биронтаси олдимга келиб, бир бош карам таклиф қилса ҳам рози бўламан. Ўшанда кўрасиз!
— Бир бош карам! Олдимда бунақа сўзларни айта кўрма, оғзимдан сўлакларим оқиб кетади. Одамнинг ҳавасини камроқ келтирадиган бошқа мавзуга ўтайлик.
— Болалар!— хитоб қилди Карл. — Айтинг-чи, мана шу расмлар эътиборга лойиқ эмасми, ахир?
— Лойиқ.
— Айтинг-чи, булар эътиборга лойиқлиги билан ажралиб турмайдими?
— Ажралиб туради.
— Шунчалик эътиборга лойиқ бўлиши мумкин, қачонки, уларнинг устида машҳур исм турса, шундагина уларни юқори нархга сота оламиз. Ҳа ёки йўқ денглар?
— Албатта — ҳа. Бунга ҳеч ким шубҳа қилмайди.
— Ҳазиллашмаяпман — шундайми ёки йўқми?
— Албатта, шундай. Биз ҳам ҳазил қилаётганимиз йўқ. Лекин бу билан нима ўзгаради? Нима? Бунга бизнинг қандай алоқамиз бор?
— Алоқамиз шундан иборатки, уларга машҳур исмни ёзамиз.
Қизғин суҳбат тиниб, ҳамма Карлга тикилиб қолди. Бу қандай жумбоқ бўлди? Машҳур исмни қаердан топамиз? Уни бизга ким беради?
Карл ўтирди-да, деди:
— Сизга айтадиган жиддий таклифим бор. Ғарибхонадан қутулишнинг ягона йўли, менимча — шу, назаримда энг тўғри йўл ҳам — шу. Бу фикр дунё тарихида кўплаб ва аллақачон маълум ва машҳур далилларга асосланган. Ишончим комилки, менинг режам барчамизга бойлик келтиради.
— Бойлик! Эсингни еб қўйибсан.
— Ҳечам бундай эмас.
— Йўғ-е, сен, шубҳасиз, жинни бўлиб қолибсан. Бойлик деб нимани назарда тутмоқчисан?
— Ҳар бошга юз минг франкдан.
— Ақлдан озганинг аниқ. Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим.
— Ҳа, шунақага ўхшайди. Бечора Карл, сен йўқчиликни кўтара олмай…
— Карл, сен аччиқ дори ичгин-да, дарҳол ўрингга ёт.
— Аввал унга малҳам қўйиш лозим. Келинг, бошини боғлаймиз, сўнг…
— Йўқ, яхшиси оёғини боғлаймиз — мен унинг боши ишламаслигини аллақачон пайқагандим, лекин оёқларига келсак…
— Овозларинг ўчсин! — дўқ урди Милле ғазаби қўзиб. — Мақсадини айтишга имкон беринг, ахир. Карл, гапир, режаларингни ўртага ташла! Индаллоси нимада?
— Хўш, гапнинг даромади ўрнида эътиборингизни қуйидагиларга қаратай: бу нарса дунё тарихида кенг ўрин олган нарса. Кўплаб буюк рассомларнинг қадр-қиммати токи улар очликдан ўлмагунча тан олинмаган. Бу кўп марта қайтарилиб келганини ҳисобга олган ҳолда мен умумий бир қонун ишлаб чиқишга журъат этдим. Қонун шундан иборат: ҳар бир номаълум ва эътиборсиз қолган мусаввир тан олиниши керак ва тан олинади ҳам, бинобарин, улар чизган расмлари фақат вафотларидан кейингина жуда катта маблағ келтиради. Менинг режам қуйидагича: биз ўртага қуръа ташлаймиз — орамиздан бир киши ўлиши керак.
Сўнгги жумла ниҳоятда хотиржам ва бехос янградики, биз ҳатто ўрнимиздан сапчиб туришга ҳам улгурмадик. Сўнгра палапартиш овозлар эшитила бошлади: ҳамма бири олиб, бири қўйиб Карлнинг касал миясини қандай даволаш тўғрисида турли таклифлар бера бошлашди. Карл нашъали шавқ тингунга қадар сабр қилиб кутиб турди-да, ўз режасини тобига етказишда давом этди:
— Ҳа, биттамиз ўлишимиз керак, қолганлар ва ўзини ҳам қутқариш учун ўлиши лозим. Қуръа ташлаймиз. Кимни кўрсатса, ўша машҳур бўлади. Шундагина бойиб кетамиз. Жим, жим бўлинг, халақит берманг, нима деяётганимни ўзим биламан, ғоя шундай: ўлиши лозим бўлган одам ўз асарлари иложи борича кўпайгунга қадар расм чизиши керак бўлади, лекин шарти шуки расм эмас, йўқ, булар юзаки чизгилар, эскизу этюдлар, этюдлардан лавҳалар — ҳар бирида ўндан ортиқ бўёқ чизгиси бўлмасин — турган гапки чизгилар ҳеч қандай маънони англатмайди, аммо расм уники ва остида унинг имзоси туради. У кунига камида элликта расм чизиши ва ҳар бир расм бир-биридан таниб олиши қулай бўлган фақат чизган одамга хос, алоҳида хусусияти билан ажралиб турадиган бўлиши керак. Худди шундайлар қадрланиши барчангизга маълум, айниқса, буюк инсоннинг вафотидан кейин дунёдаги барча музейлар уларни ақл бовар қилмайдиган нархда сотиб олади. Биз бундай расмларни энг камида бир тоннасини тайёрлаймиз! Бу вақтда қолган уч киши ўлаётган одамни боқиб туради ва Париж ҳамда савдогарларни яқин келажакда содир бўладиган воқеага тайёрлаш борасида ташвиқот ишларини олиб боришади. Иш битиши ҳамоноқ рассомнинг тўсатдан вафот этганлиги билан ҳаммани эсанкиратиб қўямиз. Кейин дабдабали дафн маросимини ўтказамиз. Ишимизнинг асл моҳиятини энди тушунгандирсиз?
— Йў-ў-ў-қ, яъни унча…
— Унчалик эмасми? Наҳот англаб олмаган бўлсангиз? Рассом ҳеч ҳам ўлмайди. У шунчаки исмини ўзгартиради, холос, сўнгра ғойиб бўлади. Биз эса қўғирчоқни дафн этамиз. Мен…
Бироқ шу паллада сўзини бўлишди. Ҳамма завқ-шавққа тўлиб, қийқириб чапак чалиб юборди. Ўрниларидан туриб, хонада рақсга тушар, қувонч билан бир-бирларининг қучоқларига отилар эдилар. Очлигимизни ҳам унутиб қўйиб, Карлнинг ажойиб режасини муҳокама этардик. Барча тафсилотларни пухта ўйлаб кўрганимиздан кейин қуръа ташладик. Қуръа Миллега тушди, энди у “ўлиши” керак. Сўнгра одам фақат бойиб кетиши арафасида воз кечиши мумкин бўлган барча буюмларимизни — эсдалик совғалару, ҳар турли майда-чуйдаларимизни йиғиштирдик-да, олиб бориб гаровга қўйдик. Эвазига камтарона кечки хайрлашув дастурхони, эрталабки нонуштага етадиган ва ҳатто йўлкира, Милле ейиши учун шолғом ва бироз озиқ-овқат ғамлашга етадиган пул олдик.
Эрта билан нонуштадан кейиноқ учовимиз, турган гапки, пиёда йўлга тушдик. Сотиш учун ҳар биримиз Милле чизган расмларини ўнта-ўнтадан оливолдик. Карл белгиланган вақтгача Милленинг шуҳратини таъминлаш мақсадида Парижга жўнаб кетди. Биз Клод икковимиз шаҳар атрофидаги маҳаллаларни айланиш учун бошқа-бошқа томонга равона бўлдик.
Омадимиз қанчалар юришганига ишонмайсиз. Икки кун дайдиб, катта бир шаҳарнинг чеккасидаги вилланинг расмини чиза бошладим. Юқори қават айвонида турган вилла эгасига кўзим тушиб қолди. Ўйлаганимдек, у хабар олиш мақсадида пастга тушиб келди. Мен у зерикиб қолмасин деб тезроқ ишлашга ҳаракат қилдим. Гоҳ-гоҳида у ишимни маъқуллаб қўярди, сўнгра расмимга қойил қола бошлади ва мени ҳақиқий уста деб мақтади.
Мен мўйқаламни четга қўйдим-да, Милленинг этюдларидан бирини олдим, сурат бурчагидаги унинг имзосини кўрсатиб, фахр билан дедим:
— Уни танисангиз керак? У менинг устозим. Ўз ишимни уддалашим бежиздан эмас!
Вилла эгаси хижолатга тушиб жим турарди.
— Наҳот, Франсуа Миллени танимайман демоқчи бўлсангиз? — дедим надомат билан.
Турган гапки, имзо унга нотаниш, бироқ қийин аҳволдан осонгина олиб чиққаним учун у чуқур миннатдорчилик ҳиссига тўлиб деди:
— Йўғ-е, қўйсангиз-чи! Албатта, бу Милле! Милле эканини нега дарров фаҳмлай олмаганимга ўзим ҳам ҳайронман. Албатта, бу Милленинг имзоси!
Сўнгра у этюдни сотиб олишга ихтиёр билдирди. Лекин унчалик бой бўлмасам-да, у даражада ночор эмасман, деди. Охир-оқибатда мен сурат нархини саккиз юз франкка тушириб беришга рози бўлдим.
— Саккиз юз франк!
Милле расмни чўчқа гўштидан қилинган котлетга ҳам алмашган бўларди. Мен эса шу арзимас сурат учун саккиз юз франк олдим. Ҳозир мен уни жон деб саксон мингга қайта сотиб олган бўлардим. Аммо у даврлар аллақачон ўтиб кетди… Унинг кошонасини жуда чиройли акс эттирганим бу сурат учун бор-йўғи ўн франк сўрамоқчи эдим. Лекин буюк устознинг шогирди чизган суратни шу даражада паст баҳолаш ноқулай бўларди ва мен уни юз франкка сотдим. Саккиз юз франкни шу заҳотиёқ Миллега жўнатиб юбордим. Эртасига йўлимда давом этдим.
Энди мен пиёда юрмай қўйдим. Транспортда юра бошладим. Ҳар куни биттадан сурат сотдим. Ҳеч қачон кунига иккитадан сурат сотишга интилмасдим. Мен харидоримга доимо шундай дердим:
— Умуман олганда, мен Франсуа Милленинг суратларини сотиб аҳмоқона иш қилаяпман. Унинг уч ойлик умри қолган, Милленинг вафотидан кейин суратларининг баҳоси бўлмайди.
Мен нима қилиб бўлса ҳам бу овозанинг тарқашига ҳаракат қилардим, зеро халқни яқинда бўладиган воқеага тайёрлаш лозим эди.
Суратларни сотиш режаси менга тегишли эди. Шу боис буни ҳаққоний равишда менинг хизматим деб билардим. Мен бу режани бўлажак тадбирни муҳокама қилаётган ўша оқшомда таклиф этдим. Учовимиз бошқа режа тузиш ўрнига бунисини яхшилаб синовдан ўтказиш керак, деган қарорга келдик. Ҳаммамизнинг омадимиз юришди. Мен бор-йўғи икки кун пиёда юрдим, холос. Клод ҳам шундай. Икковимиз ҳам уйимиз атрофида Милленинг донғини чиқаришдан қўрқар эдик.
Биз баъзан биронта чекка вилоят газетасининг муҳаррири билан келишиб, кичик-кичик мақолалар ёзиб берардик. Ушбу мақолаларда ҳеч қачон биз янги рассомни кашф этдик дейилмас — аксинча, биз Франсуа Миллени гўёки аллақачон ҳаммага маълум ва машҳурдек кўрсатар эдик. Мақолада ҳеч қандай мақтов бўлмасди, фақат “буюк устознинг” ҳол-аҳволи ҳақида бир-икки оғиз сўз айтилар — баъзида умид учқунлари акс этар, лекин сатрлар остида оқибати жуда ёмон бўлиши мумкинлигига шама сезилар эди. Барча мақолаларни чизги билан ажратиб биздан сурат сотиб олганларга жўнатардик.
Карл бу орада Парижга етиб борди ва бу ишни кенг кўламда бошлаб юборди. У чет эл мухбирлари билан танишиб олди ва Милленинг хасталиги ҳақидаги хабар бутун Европа, Америка, дунёнинг бошқа давлатларига тарқалишини таъминлади.
Бир ярим ойдан кейин учовимиз Парижда учрашиб, энди бизга суратларни жўнатиш керак эмаслиги ҳақида Миллега хабар беришга қарор қилдик. Шундай шовқин-сурон кўтарилдики, оқибатда ишга нуқта қўйиб, кечиктирмай ҳаракат қилиш кераклиги бизга аён бўлди. Биз Миллега ўринга ётиб олиб, ўн кундан кечикмай вафот этиши кераклигини буюрдик.
Сўнгра ҳисоб-китоб қилиб, амин бўлдикки, учовлон саксон бешта чизги ҳамда этюдларни сотиб, олтмиш тўққиз минг франк даромад олибмиз. Карл энг сўнгги ва ажойиб битимни амалга оширди. У “Оқшом ифорлари”ни икки минг икки юз франкка сотди. Уни роса мақтадик! Биз шундай кун келиб, шу сурат учун бутун Франция талашади, оқибатда қандайдир чет эллик беш юз эллик мингни нақд тўлаб, суратга эга чиқишини олдиндан била олмас эдик.
Ўша оқшом шампан виноси билан зиёфат уюштирдик, эртаси куни эса Клод икковимиз йиққан-терганларимизни йиғиштириб, Милленинг ўлим тўшаги олдида ўтириб, шилқим зиёратчиларни хонага яқинлаштирмаслик мақсадида жўнаб кетдик. Бундан ташқари биз Карл бешта қитъа газеталарига беморнинг аҳволи ҳақида хабар юбориб туриши учун ахборотларни ҳар куни жўнатиб турдик. Ниҳоят, қайғули воқеа содир бўлди. Карл дафн маросимини ташкил этишга ўз вақтида етиб келди.
Сиз дабдабали дафн маросими ва бутун дунёга тарқаган шов-шувдан бохабар бўлсангиз керак. Эсингиздами, кўҳна ва янги дунёнинг донгдор кишилари ўз қайғуларини изҳор этиш учун маросимда қатнашган эдилар. Биз — ҳар доимгидек ажралмас тўртовлон ҳеч кимни ёрдамга йўлатмасдан тобутни ўзимиз кўтариб бордик. Яхши қилдик — ахир тобутда мумдан ясалган одам шаклидан бошқа нарса йўқ эди-да, зотан бошқа биров тобут жуда енгил эканини сезиб қоларди. Дарҳақиқат, оғир кунларимизда бир жон, бир тан бўлиб мангуликка ғарқ бўлган қийинчиликларимизни баҳам кўрган тўртовлон тобутни кўтариб олгандик…
— Қанақасига тўртовлон бўласиз?
— Ҳаммамиз! Ахир Милле ҳам ўз тобутини кўтариб борган. У ўзини қариндошдек кўрсатди — эсингиздами, узоқ қариндош.
— Ақл бовар қилмайди!
— Лекин шундай бўлса ҳам бу ҳақиқат. Албатта, ёдингизда бўлса керак, суратларнинг нархи ниҳоят даражада ошиб кетди. Пуллар-чи? Уларни қўйишга жой тополмасдик. Париждаги бир одамда Милленинг етмишта сурати бор. У суратлар учун бизга икки миллион франк тўлади. Францияни кезиб юрганимиз ўша бир ярим ой давомида Милле бизга қоплаб юбориб турган чизгилар ва этюдларга келсак,— оҳ, агар уларни неча пулдан сотаётганимизни билсангиз эди, ҳайратга тушардингиз, авваламбор, бизда улардан ажралиш истаги пайдо бўлиши керак!
— Ажаб, ғайритабиий тарих!
— Эҳтимол, шундайдир.
— Хўш, Миллега нима бўлди?
— Сиз сир сақлай оласизми?
— Ҳа, албатта.
— Эсингиздами, емакхонада мен эътиборингизни бир одамга қаратган эдим? Франсуа Милле — ўша.
— Буюк…
— Тавба! Ҳа, бу — одамлар буюк истеъдодни дастлаб очликдан ўлдира олмай, сўнгра унга насиб этилган олтинлар билан бировнинг чўнтакларини тўлдирган ягона воқеа. Биз ўз ҳасратларини сайраб бўшатиб олган, охир-оқибатда мукофотига совуқ ва дабдабали дафн тантанасига муносиб топилган қушча танҳоликдан ўлиб қолмаслик ғамини еб қўйганмиз.

Русчадан Шоир Усмонхўжаев таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 11-сон