Шарқий штатлардан менга хат йўллаган ошнамнинг илтимоси билан мен Саймон Уилер деган очиқкўнгил бир эзма чолни кўргани бордим-да, мендан ошнамнинг ошнаси Леонидас. У. Смайли ҳақида бирон янгилик олиб келишимни сўраганини айтиб, уни гапга солдим ва бу қандай натижа берганини қуйироқда айтаман. Кўнглимнинг аллақаерида ҳеч қандай Леонидас У. Смайли йўқ, бу бир афсона, дўстим бундай нусха билан ҳеч қачон таниш бўлмаган, мен Уилер чолдан у ҳақда сўрай бошлаганимда, бечора чол ўзининг бошқа бир таниши, худо урган Жим Уилерини эслаб кетиши ва узундан-узун, миянинг қатиғини чиқариб юборадиган, кераксиз эзма-чурук хотираларини ипидан игнасигача ҳикоя қилиб жонимни олишидан умид қилгандир, деган ғира-шира гумон бор эди. Агар унинг мақсади шу бўлса, очиғини айтай, у ниятига етди.
Мен Сулаймон Уилерни Фаришта деган хароб бир конлар шаҳрининг путури кетган қовоқхонасида печка ёнида мудраб ўтирган ҳолда учратдим ва семириб оғирлашганини, тепакаллигини, беозор афтидаги кўнгилчанлиги ва соддалиги одамни ўзига оғдиришини пайқаб улгурдим. У уйғониб, мен билан саломлашди. Мен унга дўстларимдан бири яхши кўрган болалик ўртоғи Леонидас У. Смайли тўғрисида бир хабар топиб келишни топширганини айтдим, Худо каломининг ёш ваъзхони, руҳоний ҳазрати олийлари Леонидас У.Смайли, миш-мишларга қараганда, бир вақтлар Калавераснинг Фаришта деган шаҳрида яшаган экан. Агар Леонидас У. Смайли ҳазрати олийлари ҳақида бирон билган гапларингиз бўлса, менга айтиб берсангиз, мен, сиз, мистер Уилердан, ғоят миннатдор бўлардим, деб қўшиб қўйдим яна.
Саймон Уилер мени шоша-пиша қовоқхонанинг бурчагига ўтқазди, сўнг курси билан олдимни тўсди ва унга ўтириб олди-да, ўта зерикарли ҳикоясини бошлаб юбордики, мен уни қуйида келтираман. У бирон марта ҳам кулмади, бирон марта ҳам хўмраймади, энг биринчи жумласини қай йўсин бошлаган бўлса, ўшандай майин оҳангини бирон марта ҳам ўзгартирмади, бирон марта бўлса-да, ҳаяжонга берилмади; унинг битмас-туганмас ҳикояси бошдан-охиригача одамни ҳайрон қолдирар даражада жиддийлик ва самимийлик руҳи билан суғорилган эди, шундан билдимки, у бу воқеада ҳеч қандай кулгили ё қизиқ нарса кўрмас, унга асло ҳазил аралаш қарамасди, ўз қаҳрамонларини юлдузни бенарвон урадиган олғирлар деб ҳисобларди. Мен у қандай хоҳласа, шундай ҳикоя қилишга қўйиб бердим, ҳеч гапини бўлмадим.
— Ҳазрати олийлари Леониде У…ҳм… ҳазрати олийлари… Ле… Ҳа, бу ерда шундай бир одам бўлган эди, Жим Смайли эди оти. Қирқ тўққизинчи йилнинг қишида, эҳтимол, эллигинчи йилнинг баҳорида бўлиши ҳам мумкин, негадир аниқ эслолмаяпман, лекин нимагадир бу воқеа қишда ё баҳорда бўлган деб ўйлашимга сабаб,— ёдимда, шаҳримизда Смайли пайдо бўлган пайтларда ҳали катта тарнов қуриб битказилмаган эди; ҳар неки бўлмасин, кўринишда ақллироқ бўлса ҳам аслида сал ғалатироқ эди: қачон қарасанг кўзига кўринган нарсадан гаров ўйнайверар, у билан гаров ўйнашга қизиққан одам топилса бас, шундай одам топилди дегунча, ўзи унга қарши ўйнарди. Нимадан бўлса бўлсин, бирон киши гаров ўйнашга рози бўлса бўлди, шартта унинг қаршисига ўтирарди; кўнгли хоҳлаганини қилсин, фақат баҳслашса бўлди, у ҳаммасига рози эди. Лекин ўзи жуда омадли эди, ўтакетган омадли, деярли доим ютарди. У ҳар доим ўйинга шай ва қулай пайтни пойлаб турарди; қаерда қандай гап-сўз чиқса, Смайли шу ерда ҳозиру нозир, дарров гаров ўйнашни таклиф қилар, у тарафми, қарши тарафми, бундан қатъи назар, хоҳлаганингизга рози бўларди. Пойга бўлса ҳам охир-оқибат, у тузуккина пул ишлаб олар ёки дабдала бўлиб ютқазарди; ит уриштиришса ҳам, мушук уриштиришса ҳам хўроз уриштиришса ҳам гаров ўйнарди; буларни ҳам қўяверинг, деворга икки қуш қўнса ҳам қайсиниси олдин учиб кетади деб дарров гаров ўйнарди; ибодатга одамлар йиғилса ҳам яна у ҳозиру нозир, бизнинг тарафларда Уокердан яхши ваъзгўй йўқ, деб баҳсини бошларди. Тан олиш керакки, унинг бу гапида ҳам жон бор эди, чунки ўша ваъзгўй чиндан ҳам яхши одам эди; э, буниси ҳали ҳолва, биронта қўнғиз қаёққадир судралиб кетаётганини кўриб қолса ҳам, шу ондаёқ, шу қўнғиз кетаётган манзилига тез етиб борадими-йўқми, деб гаров ўйнарди; агар гаров ўйнашга рози бўлсангиз, у керак бўлса, Мексикагача борар, қаерга боргани, йўлда қанча вақт бўлганини аниқламай қўймасди. Бу ерда ўша Смайлини биладиган болалар кўп ва улар анча-мунча воқеаларни айтиб беришлари мумкин. Унинг учун ҳаммаси оппа-осон, истаган нарсангиздан гаров ўйнаш йўлини топа оларди — шунақанги таптортмас таваккалчи эди. Бир ора ваъзгўй Уокернинг хотини хасталаниб, ётиб қолди, жуда узоқ ётди. Энди оёққа турмаслиги аён эди; нимаям бўлди-ю, бир куни ваъзгўй бу ерга қадам ранжида қилиб қолди, Смайли бўлса шу ондаёқ унга пешвоз келиб, хотинининг соғлиги қалай, деб сўради; у: “худога шукур, ҳозир анча яхши, беадоқ карами учун Тангри таолога шукроналар айтаман, — соғлиғи яхшиликка қараб кетди, Унинг марҳамати билан хотиним тез орада тузалиб кетади”, деди; Смайли бўлса гапнинг орқа-олдини ўйлаб ўтирмай: “Буни қаранг-а, бирга икки ярим қўйиб гаров бойлашаманки, у ўлади”, деб юборса бўладими қўрслик билан.
Ўша Смайлининг бир байтали бор эди. Бизнинг болалар уни “Секин юрсанг — кўп юрасан” дейишарди, турган гапки, бу ҳазиллашиб қўйилган лақаб, аслида у яхши от эди, жуда чопқир бўлмаса ҳам, кўпинча Жимга совринлар олиб берар, лекин касалдан чиқмасди, бир бўғма бўлса, бир ўпкаси шамоллар, гоҳо ит ўлатига учраса, гоҳо яна нимадир бўларди. Мусобақа чоғларида олдинига уни икки юз-уч юз қадам бўш қўйиб, кейин бошқа отларни қувиб ўтиб кетар, аммо пойга ниҳояланай, деб қолганда, шундай қизишиб кетардики, уни тутиб бўлмай қолар, у ҳам пишқирар, ҳам орқа оёқларда тикка турар, туёқларини дупурлатар, олд оёқларини бир чалиштириб, бир олдинга, бир ўнгга, бир чапга силкитар, сўнгра ҳаммаёқни чангга ботириб, шундай шовқин кўтарардики, қўяверасиз. Маррага ҳар доим, деярли бир бош олдин бўлса ҳам биринчи бўлиб етиб келар эди.
Яна унинг бир булдог кучуги бор эди, мундоқ диққат билан қарасанг бир чақага ҳам арзимайдиган, фақат сандироқлаб, бўлар-бўлмасга ҳар балони искаб юришгагина ярайдиган, итдайин бир ит. Аммо ўртага пул қўйишлари билан, бирдан ёнингда ҳеч аввалгисига ўхшамайдиган бошқа кўппак пайдо бўлиб қолади: пастки жағи кеманинг қуйруғига ўхшаб олдинга туртиб чиқади, ирлаганда тишлари ўтхонанинг чўғларига ўхшаб ялтирайди. Бошқа ит Эндрю Жексоннинг (ўша лайчанинг оти шунақа эди) ҳар қанча жиғига тегса, тирнаса, тишласа ҳам, лоақал қулоғини қимирлатиб қўймас, худди шуни тилаб тургандай, мамнун ўтирарди. Қарши томон пулни икки баравар, тўрт баравар оширса ҳам қимир этмас, аммо ҳамма пул ўртага тикилди дегунча, бир зумда анави итнинг орқа оёғига чанг соларди-да, таққа тўхтаб қоларди — биласизми, ғажимасди, фақат чанг солганча, ҳатто бир йил ўтса ҳам, таслим бўлмагунча шундай тишлаб тураверарди. Смайли доим шу итини жангга солар ва қиморда ютарди. Аммо бир сафар орқа оёқлари йўқ итга дуч келди, бу итнинг оёқлари ғилдирак арра билан кесиб ташланган эди. Ўйин узоқ чўзилди, ҳамма пуллар ўртага қўйилганда, Эндрю Жексон ўзи ўрганган жойига чанг солмоқчи бўлганди, қараса алданибди, анови ит мўлжаллаб туриб, унинг тумшуғидан тишлаб торта бошлади; у олдинига ҳайрон бўлди, кейин эса бутунлай руҳи тушди, ҳатто у итни енгишга ҳаракат ҳам қилмади, шундай қилиб обдон тепки еди. У Смайлига бир қараб қўйди, юрак-бағри вайрон бўлганини, бу ютқизиқда айб Жимнинг ўзида эканлигини айтмоқчига ўхшарди: ахир нима учун унга бундай орқа оёғи йўқ итни рўпара қилади, орқа оёғи бўлмаса қаерига чанг солсин, у ахир урушда фақат шунга ўрганган! Кейин у чўлоқланиб, ўзини бир чеккага олиб, ерга ётди-да, ўлди-қўйди. Яхши лайча эди, ўша Эндро Жексон, агарда ўлмаса, катта шуҳрат қозонган бўларди, насли тоза, ақлли кўппак эди у. Мен буни яхши биламан, ўзини кўрсатиши учун унга лойиқ тузукроқ бир воқеа бўлмади-да! Агар истеъдоди бўлмаса, бундай қийин вазиятларда жанг қилишни бошқа биронта ит эплай олмайди. Мен бу сўнгги олишувни ва у нима билан тугаганини эсласам, ҳар доим хафа бўлиб кетаман.
Энди мен сизга айтсам, ўша Смайлининг каламуш овлайдиган този итлари ҳам, хўрозлари ҳам, мушуклари ва бошқа ҳар турли махлуқлари ҳам беҳисоб эди — сиз нимадан гаров бойлашсангиз, у буларнинг ҳаммасини сизга бериб туриши мумкин эди.
Кунлардан бир кун у бир қурбақани тутиб олиб, уйига олиб келди ва ҳаммага мен буни тарбиялайман, деб айтди; роса уч ой ўзининг орқа ҳовлисида қурбақага сакрашни ўргатишдан бошқа иш қилмади. Буни қаранг-а, у ростдан ҳам ўргатишни эплади. Орқасига енгилгина чертса, қараб турсангиз — худди товадаги қуймоқнондай, қурбақа ҳавода ағдариларди, гоҳо бир марта, агар яхши тезлик олса, икки марта умбалоқ ошарди, сўнгра ҳеч нима бўлмагандай яна тўрт чангалида турар, бу ишда у мушукдан қолишмасди.
Яна у қурбақага зўр эпчиллик билан пашша тутишни ҳам ўргатди — у қурбақани бу машқни такрорлашга шунчалик кўп мажбур қилдики, эндиликда пашша тутиш унга арзимаган иш бўлиб қолди: ғинғиллаб учаётганини кўрган заҳоти тутиб оларди. Смайли, қурбақаларга маълумот бермаймиз, йўқса улар ҳар нарсага қодирдирлар, дер эди; мен бунга ишонаман. Неча бора ўз кўзим билан кўрганман, у Даниэл Уэбстерни (қурбақага шундай от қўйганди) полга, худди мана шу ерга қўяр ва: “Пашша, Даниэл, пашша” деб қичқирарди ва у сен киприк қоқиб улгурмасингдан бир сакраб устунга қўниб турган пашшани тили билан тутиб олар, кейин яна полга бир парча лойдай шап этиб тушарди, сўнг худди ҳеч нима бўлмагандай турар ва худди ҳеч нима қилмагандай ҳамма қурбақалар қиладиган ишни қиларди — орқа оёғининг панжалари билан бошини қашиб ўтирарди. Шунча кўп қобилияти бор бўлишига қарамай, ниҳоятда ақлли ва камтар эди, дунёда бошқа бундай қурбақани топиш амри маҳол. Яна тағин текис йўлда узоққа сакрашларини айтинг: унинг туридаги бошқа биронта махлуқ унга тенглашолмайди. Узоққа сакрашдан, одатда айтилганидай, чемпион эди, Смайли, гап узоққа сакрашга келганда, дарров қурбақасини гаровга қўйиб сўнгги центигача ўртага тикарди. Смайли ўз қурбақаси билан ўлгудай фахрланарди,— ва бунга тўла ҳаққи ҳам бор эди, чунки кўпни кўрган-билган одамлар, биз дунёда бошқа бундай қурбақани кўрмаганмиз, дейишарди.
Смайли бу қурбақани кичкина қафасга ўтқазиб, қўлида кўтарганча гаров ўйнаш учун шаҳарда олиб юрарди. Бир куни шаҳримизда илгари ҳеч ким кўрмаган бир келгинди киши унинг қафас кўтариб юрганини кўриб, гапга тутди:
— Қафасингиздаги нима у?
Смайли эса парвойи фалак шундай жавоб қайтарди:
— Балки тўти, балки, саъва бўлиши мумкин, аммо бу тўти ҳам, саъва ҳам эмас, бор-йўғи, оддийгина қурбақа.
Нотаниш киши ундан қафасни олиб, унақаси-бунақаси айлантириб кўрди.
— Гапингиз рост экан, гап йўқ. Аммо бу бирон нимага ярайдими?
— Нима десам экан, менимча, битта ишга жуда асқотади,— дейди Смайли хотиржам, вақтичоғлиқ билан, — у Калаверасдаги ҳар қандай қурбақадан олдинга сакраб кетади.
Нотаниш киши яна қафасни қўлига олиб, унга разм солиб қаради, сўнгра Смайлига қайтариб берди ва назар-писанд қилмай одобсизларча:
— Нима қиласиз бўлмаган гапни гапириб,— дейди,— бу қурбақанинг ҳеч қандай афзаллик жойи йўқ, бирор бир қурбақадан устунлигини кўрмаяпман.
— Балки, сиз кўрмаётгандирсиз,— дейди Смайли,— Балки, қурбақаларни фарқлай олмассиз, балки, умуман билмассиз ҳамдир; балки, ҳақиқий қурбақавоздирсиз, балки, одамлар айтганидай, оддий ишқибоздирсиз. Лекин, ҳарҳолда, менинг бу қурбақа ҳақида ўз фикрим бор ва мен қирқ доллардан гаров бойлашаман, у Калаверасдаги ҳар қандай қурбақани орқада қолдириб кетади.
Нотаниш киши бир зум ўйланиб, сўнг маъюс тортиб хўрсинади-да:
— Бўпти, мен бу ерда янги одамман ва менинг ўз қурбақам йўқ, агар қурбақам бўлганда сиз билан гаров ўйнардим,— дейди.
Шунда Смайли:— Бунинг ҳеч зарари йўқ, тирноқчаям. Қафасни бирпас ушлаб турсангиз, мен сизга бир қурбақа тутиб келтириб бераман,— дейди.
Мана шундай қилиб нотаниш киши Жимнинг пулига қирқ доллар қўяди, қафасни олади ва уни кутиб ўтиради.
У анчагина кутиб ўтиради ва ўйлайди, кейин қурбақани олиб, оғзини очди ва кичик чой қошиқ билан томоғига тиқилгунча толқон солди ва ерга ўтқазиб қўйди. Смайли бўлса ботқоқликка чопиб бориб, қулоғигача лой бўлгунга қадар типирлай-типирлай, ахир битта қурбақани тутиб келтирди, нотаниш кишига берди ва: — Мана сизга қурбақа, хоҳласангиз уни Даниэлнинг ёнига қўйинг, олд панжалари бир текисда турсин, кейин мен буйруқ бераман,— деди. Кейин буйруқ берди:— Бир, икки, уч — сакранглар!
Шунда ҳар ким ўз қурбақасини орқасидан туртиб юборди, янгиси эпчиллик билан сакраб-сакраб жўнаб қолди, Даниэл бўлса бир силкинди, елкаларини сал кўтарди, французча услубда қаддини кўтарди, аммо бундан бир иш чиқмайди, у жойидан қўзғалолмасди, тошдай ерга қапишиб олди, лангарга боғлангандай у ёққа ҳам, бу ёққа ҳам силжиёлмасди. Смайли ҳайрон бўлди, кайфияти бузилди, нима бўлганини билолмай гаранг эди.
Нотаниш киши пулни олиб кетишга чоғланди, кетаркан, елкаси оша Даниэлга ўртанча бармоғи билан ишора қилиб — мана бундай — сурлик билан:
— Ҳар қалай бу қурбақанинг бошқа қурбақалардан устунлигини кўрмадим, унинг ҳеч қандай афзаллик жойи йўқ,— деб қўйди..
Смайли гарданини қашиб, Даниэлга энгашиб қараркан деди:
— Ҳайронман, нима бало бўлиб бу қурбақа орқада қолди, унга бир нима бўлдимикин? Назаримда, шамоллаб қолган-ов… У Даниэлни бўйнидан тутиб баланд кўтарди ва: — Гапим ёлғон бўлса, мени ит қопсин агар, бунинг оғирлиги беш фунтга етиб қолибди-ку,— қурбақани оёғидан кўтариб бир-икки силкитган эди, ҳамма толқонни қусиб ташлади — бир қисимча келарди толқон… Шунда у гап нимадалигини англади, кўзи тиниб, боши айланди…
Шу пайт Саймон Уилер, ҳовли томонда кимдир ўзини чақираётганини эшитди ва кимга керак бўлиб қолдим, дея ўрнидан турди, кетатуриб, у менга ўгирилди ва:
Шу ерда дам олиб ўтира туринг, мен дарров қайтаман,—деди.
Аммо мен, рухсатингиз билан, тадбиркор дайди Жим Смайлининг бундан кейинги тарихидан Леонидас У.Смайли ҳазратлари ҳақида бирор янги гап эшитишим амри маҳол деган хулосага келиб, уни кутиб ўтирмадим.
Эшик олдида мен эзма Уилер билан тўқнаш келдим, шунда у ёқамдан чангаллаб, яна гапини давом эттирди:
— Сизга айтсам, ўша Смайлининг бир тарғил сигири бор эди, сигирининг думи йўқ эди, бананнинг кесилган бутоғига ўхшаб кетарди, ўша…
Аммо шўринг қурғур сигирнинг тарихини эшитишга менинг хоҳишим ҳам, вақтим ҳам йўқ эди, шунинг учун хайр-хўшни насия қилиб, жўнаб қолдим.
Русчадан Миразиз Аъзам таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 11-сон