Бундан бир неча ой муқаддам мустақиллар партияси буюк Нью-Йорк штати губернатори лавозимига менинг номзодимни кўрсатишди. Бошқа икки партия мистер Стюарт А. Вудфорд ва мистер Жон Т. Гофман номзодини кўрсатишди. Бироқ бу жанобларга қараганда менда муҳим устунлик — доғ тушмаган обрў борлигини билардим. Иккаласининг ҳам бир пайтлари андишали одам бўлган даври аллақачон ўтиб кетган, бунга ишонч ҳосил қилиш учун газеталарни варақлашнинг ўзи кифоя қилади. Кейинги йилларда уларнинг турли хил иллатларга ботиб кетгани шундоққина кўриниб турибди.
Мен бу номзодларга нисбатан ўз афзаллигимдан ҳузур қилиб ич-ичимдан қувонардим-у, аммо аллақандай нохуш фикр худди лойқа сув кабн тиниқ бахтимни булғаётгандек бўларди, чунки менинг номимни ана шу муттаҳамлар номи билан бирга ёзиб қўйишади-да! Бу фикр менга тинчлик бермай қўйди. Уйлаб-ўйлаб ана шулар тўғрисида бувимга хат ёздим. Бувим тезда жавоб ёза қолдилар. Мана, унинг мактуби:
«Сен умринг бино бўлиб бирор марта ҳам виждонсизлик қилмагансан. Бирор марта ҳам! Ваҳоланки, газеталарни шундоққина варақласанг мистер Вудфорд билан мистер Гофманнинг қанақа одам эканлигини билиб оласан. Ўзинг ўйлаб кўр, улар билан ошкора кураш олиб бориш билан ўз обрўйингни ерга уришинг мумкинми?»
Худди шу нарса менга тинчлик бермасди. Туни билан ўйлаб чиқдим. Ниҳоят энди аҳдимдан қайтмасликка аҳд қилдим. Нонушта қилиб ўтириб газеталарни кўздан кечирар эканман, тўғрисини айтганда мени довдиратиб қўйган қуйидаги мақолани ўқиб қолдим:
«Сохта гувоҳлик. — Мистер Марк Твен энди губернаторликка номзод сифатида халқ олдида сўзга чиқиб, 1863 йилда Вакавака шаҳрида (Кохинхин области) қандай қилиб ўттиз тўртта гувоҳ томонидан қасамини бузганликда айбланганини балки айтиб берса керак? Миш-мишларга қараганда, маҳаллий камбағал бева аёл ва унинг ҳимоясиз болаларидан ғарибона кун кечиришга яраб турган яғона нарсаси — бир неча банан дарахти бўлган бир парча ерини тортиб олиш мақсадида сохта гувоҳлик берган. Ўз манфаати ва шунингдек, мистер Твен ўзига овоз беришига шунчалик умид боғлаётган сайловчилари манфаати учун бу воқеани тушунтириб бериши керак. Бунга юраги дов берармикан?»
Буни ўқиб эсим оғиб қолди. Қўпол, шармандали бўҳтон! Умрим бино бўлиб Кохинхинда бўлмаганман! Вакавака қаерда эканини умуман билмайман. Банан дарахтини кенгурудан фарқ қилсам ўлай агар! Нима қилишни билмай қолдим. Ғазабим жунбушга келса ҳам, бари бир, мутлақо ожиз эдим.
Орадан бир кун вақт ўтиб кетибди-ю, мен ҳеч нима қилолмадим. Эртаси куни эрталаб ўша газетада мана бундай сатрлар пайдо бўлиб қолди.
«Жуда қизиқ! — Шуни айтиш керакки, мистер Марк Твен Кохинхиндаги ўзининг сохта гувоҳлиги масаласида ғинг демаяпти!»
(Бу газета бутун сайлов кампанияси мобайнида менинг номимни «Разил Қасамхўр жиноятчи Твен», деб юритди.)
Кейин бошқа газетада мана бундай мақола пайдо бўлди:
«Билишни истар эдик! — Губернаторликка янги номзод ўзи учун овоз беришга юраги дов берган ўз ҳамшаҳарларига битта кичкинагина масалани тушунтириб бермасмикан: Монтандаги баракдош ўртоқларининг кўпинча ҳар хил майда-чуйда буюмлари йўқолиб тургани, булар дам мистер Твеннинг чўнтагидан, дам унинг «чамадон»идан (лаш-лушлар ўралган газета) топилгани тўғрими? Ўртоқлари ниҳоят мистер Твеннинг фойдасини кўзлаб унга насиҳат қилишганини, аъзои баданига қора мой суртиб парга ағанашга ва шу йўсинда ёғочга миниб кўчада юришга мажбур этишгани, кейин тезроқ бу ердан туёғини шиқиллатиб қолишни маслаҳат беришгани ростми? Мистер Марк Твен бунга нима деб жавоб беради?»
(Ўшандан бери бу газета менинг номимни «Твен, Монтан ўғриси» деб юритди.)
Энди мен худди тўшакнинг аллақаерида гўё заҳарли илон яшириниб олган, деган шубҳа билан адёлни оҳисга кўтаргандек газетани очадиган бўлиб қолдим.
Кунларнинг бирида кўзим қуйидаги мақолага тушиб қолди:
«Бўҳтончи фош этилди! — Файз-Пойнтлик Майкл О’Фланаган, уотерстритлик мистер Кит Борнс билан мистер Жон Алленнинг қасам ичиб берган гувоҳлигига қараганда муносиб номзодимиз Жон Т. Гофманнинг марҳум бобоси гўё катта йўлда қароқчилик қилгани учун осиб ўлдирилганлиги ҳақидаги мистер Твеннинг сурбетларча даъвоси ҳеч нима билан асосланмаган қабиҳ бўҳтон бўлиб чиқди. Айрим одамларнинг ўз сиёсий ютуғига эришиш йўлида исталган қабиҳона найранг ишлатиши, марҳумларни булғаши, уларнинг номига доғ тушириши ҳар бир виждонли кишини ғазаблантиради. Бу қабиҳ бўҳтон марҳумнинг ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган қариндош-уруғлари ва дўстларига қанчалик озор етказганини ўйлаганингда таҳқирланган ва жаҳл отига минган халойиққа шу оннинг ўзида бўҳтончини ур-калтак қилишни маслаҳат бергинг келади. Айтгандек, буниси унчалик маъқул эмас! Виждонан азоб чексин! (Агар ғазабга тўлган ҳамшаҳарларимиз жаҳл устида уни мажруҳ қилиб қўйганларида ҳам ҳар қандай суд маслаҳатчилари, ҳар қандай суд ҳам ур-калтак иштирокчиларини айбламаган ва жазога ҳукм қилмаган бўларди.)»
Афтидан энг сўнгги жумла халойиққа ўз таъсирини ўтказган бўлса керак, ўша куни кечаси ётган ўрнимдан ирғиб туриб орқа эшикдан қочишга тўғри келиб қолди. «Таҳқирланган ва жаҳл отига минган халойиқ» эса кўча эшикдан уйимга бостириб кириб дераза ва мебелларимни синдиришди, айрим буюмларимни ўғирлаб ҳам кетишди. Бари бир, барча азиз-авлиёлар номини тилга олиб қасам ичиб айтаманки, мен ҳеч қачон мистер Гофманнинг бобосига туҳмат қилмаганман. Буниси етмагандек, унинг бор-йўқлигини билмаганман ва ҳеч қачон номини ҳам эшитмаганман.
(Дарвоқе, шуни айтиш керакки, юқорида тилга олинган газета ўшандан бери номимни «Твен, Мақбаралар Мурдори» деб юрита бошлади.)
Орадан кўп ўтмай яна бир мақола эътиборимни жалб этиб қолди:
«Машҳур номзод! — Кеча кечқурун мустақиллар митингида ғазабли нутқ сўзламоқчи бўлган мистер Марк Твен у ерга ўз вақтида етиб боролмади. Мистер Твеннинг врачидан олинган телеграммада уни йўлда елиб бораётган от уриб юборгани, икки жойи майиб бўлгани, у ниҳоят даражада азоб чекаётгани ва шу каби уйдирмалар ёзилган. Мустақиллар бу разил, сохта баҳонани рўкач қилиб ўзлари номзодликка сайлаган ўтакетган муттаҳамнинг келолмаганлиги сабабини гўё билмасликка оляптилар. Аммо кеча кечқурун ўлардай ғирт маст бир кимсанинг мистер Марк Твен истиқомат қилаётган меҳмонхонага эмаклаб кириб кетганини кўрган одамлар бор. Мустақиллар ҳар қандай йўл билан ўша ҳайвон Марк Твен эмаслигини исботлашлари керак. Ниҳоят қўлга тушди! Энди ҳар қанақа найранг ҳам унга ёрдам беролмайди. Бутун халқ баралла: «Бу қанақа одам? — деб сўраяпти».
Кўзларимга ишонмай қолдим! Менинг номим шунчалик жирканч шубҳага олинганига ишонмайман! Уч йилдан бери огзимга на пиво, на вино, умуман ҳеч қандай спиртли ичимлик олмаганман.
(Афтидан вақт ўтиши билан буларга кўника бошладим, чунки шу газетанинг навбатдаги сонида ўзимнинг сайлов кампанняси охиригача қоладиган «Мистер Твен, ароқхўр», деган янги лақабимни ушчалик куюнмай ўқидим.)
Ўша кунлари менга жуда кўп имзосиз хатлар келиб турди. Одатда бундай хатларнинг мазмуни қуйидагича эди:
«Сизникига садақа сўраб қелган қашшоқ кампирни тепиб ҳайдаганингиз сабабини қандай тушунтириб берасиз?»
Ёки:
«Сизнинг айрим найрангларингиз ҳозирча фақат менгагина маълум.
Сизга бир неча долларга саҳийлик қилишга тўғри келади, акс ҳолда газеталар сизнинг содиқ қулингиздан кўп нарсаларни билиб олиши мумкин деб,
Xэнди Энди».
Қолган хатлар ҳам шу каби мазмунга эга эди. Мен бундай мисолларни кўплаб келтиришим мумкин эди-ю, лекин шуларнинг ўзи ҳам китобхонга ортиқчалик қилади, деб қўрқаман.
Шу орада республикачилар партиясининг асосий газетаси мени сайловчиларни сотиб олмоқчи бўлганимни «ошкор қилди», демократларнинг марказий газетаси эса жинояткорона таъмагирлик билан пора олганимни «фош этди».
(Шундай қилиб мен яна иккита: «Твен, сайловчиларни сотиб олувчи ифлос фирибгар» ва «Твен, Қабиҳ Товламачи», деган лаҳабга эга бўлдим.)
Кейин барча газеталар зиммамга тушган ҳамма даҳшатли айбномаларга «жавоб» талаб эта бошлагач, менинг партиям редактор ва раҳбарлари бундан кейинги сусткашлик ва сукут сақлашим сиёсий мартабамга путур етказишни айтишди. Эртаси куни худди шуни исботлаш ва мени ҳистовга олиш мақсадида газеталарнинг бирида мана бундай мақола пайдо бўлди:
«Мана бу одамга бир қаранг-а! — Мустақилларнинг номзоди қатъият билан сукут сақлашда давом этяпти. Албатта, у ғинг деб оғиз очолмайди. Сермаъно сукут сақлаши унга юкланган айбноманинг нақадар тўғри эканини исботлаб турибди. Эндиликда у бир умрга шарманда бўлиб қолди! Мана бу Разил Қасамхўр жиноятчини, Монтан ўғрисини, Мақбаралар Мурдорини бир томоша қилинг-а! Ўзларингизнинг «Арақхўр, Ифлос Фирибгар ва Қабиҳ Товламачиларингизга бир қаранг-а! Яхшилаб кўриб олинг-да, ўзининг жиноятлари билан шунча лақабни орттирган ва айбномаларнинг лоақал биттасини ҳам рад этиш учуп оғиз очишга журъат этолмаган шу аблаҳ учун овоз бериш-бермаслигингизни айтинг!»
Энди афтидан бўйин товлаш мумкин эмасди, шунинг учун ҳам ўзимни хўрланган сезиб ана шу ҳамма бемаъни туҳматларга «жавоб» ёзишга ўтирдим. Бироқ бу ишни тугатолмадим, чунки эртасига газеталардан бирида яна даҳшатли, қаҳр-ғазабли бўҳтон пайдо бўлиб ҳолди. Унда гўё уйимнинг деразасидан қараганда манзарани бузиб тургани учун жиннихонани барча телбалар билан бирга ёқиб юборганим ёзилганди. Ваҳимага тушиб қолдим. Кейин амакимнинг бойлигини ўзлаштириб олиш мақсадида унга заҳар бериб ўлдирганликда айблашиб, қабрни очиб кўришни талаб этишди. Ақлдан озиб қоламанми, деб роса қўрқдим. Лекин, бу ҳам камлик қилди: мени яна ташландиқ болалар етимхонасининг мутаваллиси бўлган пайтимда ақлдан озган ва тишлари тўкилган қариндош-уруғларимни етимхона овқати билан
боққанликда айблашди. Шундан кейин бир сатр ҳам «жавоб» ёзишга қўлим бормади.
Ниҳоят, менга душман партиянинг шармандали ғаламислиги ўзининг энг чўққисига чиқди: сайловолди йиғилиши ўтказилаётган пайтда кимнингдир ғийбати билан ранглари турлича бўлган тўққизта чувринди бола минбарга чиқиб оёқларимга ёпишиб олишди-да, бараварига: «Дада!» — деб бақиришди.
Чидаш беролмадим. Байроқни тушириб таслим бўлдим. Нью-Йорк штати губернатори лавозимига сайлов кампаниясида қатнашишга ожизлик қилдим. Мен ўз номзодимни рўйхатдан чиқариб ташлашни ёзиб жаҳл устида мана бундай имзо чекдим:
«Сизга ҳурмат билан, бир пайтлари соф виждонли киши бўлган ва эндиликда:
Разил Қасамхўр Жиноятчи, Монтан ўғриси, Мақбаралар Мурдори, Арақхўр ва Ифлос Фирибгар —
Марк Твен».
Русчадан Абдуворис Абдумажидов таржимаси