Қишнинг изғиринли туни. Дўкондор дўкон деразасининг ташқи панжараларини туширар экан, тўсатдан ойнадан дўкон ичидаги кимсага кўзи тушди. Дўконда ҳали одам борлигини пайқамаган ҳам экан. У нотаниш кишининг дўкон пештахтасида турган бир неча бўлак сариёғни чаққонлик билан шляпаси ичига яширганини кўриб қолди.
“Ғаройиб иш бўлди-ку”, деди дўкондор ойнадан ташқарига чиқишга шошилган ўғрини кузатаркан. Айни пайтда унга қандай жазо бериш йўлларини қидирарди. Дўкондор ичкарига қадам қўяркан, чиқиб кетишга тараддудланган нотаниш кимсанинг қўллари аллақачон эшик тутқичида эди.
– О, жаноб, кетяпсизми? Совуқ жуда забтига олди-ку! Кўринишингиздан сиз ҳам жуда совқотган кўринасиз. Қани, орқамдан юринг-чи!
Нотаниш одам дўкондорга олазарак қаради. Кўзларида безовталик акс этди. У нима қилишни, нима дейишни билмасди, тезроқ дўконни тарк этишни хоҳларди. Ахир шляпасининг ичидаги сариёғ… Лекин ноилож магазинчининг орқасидан юрди. Дўкон эгаси унинг елкасига қўлини қўйиб хона бурчагидаги печ ёқинига ўтқазди.
– Биласизми, – деди у меҳрибонлик билан. – Агар бундай совуқ тунда бироз исиниб олмасангиз, музлаб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Дўкондор печга ўтинлардан кетма-кет ташлай бошлади. Нотаниш одам ўтирган жойида сариёғнинг эриб бораётганини ҳис қиларди. Бирдан у сакраб ўрнидан турди ва кетиши зарурлигини айтди.
– Қаёққа шошасиз, яна бироз ўтиринг, яхшилаб исиниб олинг! Мен ҳам ўзим зерикиб ўтиргандим. Яхшиси, мен сизга қизиқарли бир ҳикоя айтиб бераман.
– Йўқ, йўқ! Кетмасам бўлмайди. Молларимга қарашим керак. Улар ҳойнаҳой оч қолишган бўлса керак.
Нотаниш киши тоқатсизланди.
– Қўйсангиз-чи, иссиққина хонада бирпас гурунглашамиз, борасиз-да…
Бечора киши бу вақтда ўзини қўйгани жой тополмай қолганди. Чунки шляпасининг ичидан юз-кўзларига сариёғ оқиб туша бошлаган эди. Дўкондор эса бу ҳолни кўрмаганга олиб, печкага ўтин ташлашда давом этарди.
– Бугун яхши тун бўлди, – деди дўкондор гапида давом этиб. – Шляпангизни ечиб қўйсангиз бўларди. Ахир хона жуда иссиқ.
– Йўқ! – қичқирди бечора ниҳоят. – Мен кетишим керак! Рухсат беринг! Тобим қочяпти!
Бу пайтда сариёғ унинг бўйинларидан кийимига, пойабзалининг ичигача оқиб борарди. У худди ёғли ваннага тушиб қолгандек эди.
– Хайрли тун унда, жаноб, – деди сотувчи жилмайганча. – Агар сиз ҳақиқатдан ҳам кетишни хоҳлаётган бўлсангиз.
Нотаниш одам дўкондан чиқиб кетаётганда дўкондор яна қўшиб қўйди:
– Мен тўққиз пенсни жуда қадрлайман, лекин шляпангиз ичидаги бир фунт сариёғ учун сизни айблай олмайман!
Инглиз тилидан Моҳинур Муҳаммаджон қизи таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 4-сон.