Марио Варгас Льоса. Шумтакалар (қисса)

I

Куэльяр Шампанья мактабига келган йили биз – ўжар, ўта шўх, серғайрат, мўйлаби сабза урмаган, ҳамма нарсага қизиқувчан болалар эдик. Унда ҳали чекмас ва бошланғич синф ўқувчилари орасида урф бўлган калта иштонда юрар ҳамда эндигина тўлқинлар остига шўнғиб кириш ва “Террас”да энди-энди иккинчи даражали баландликдаги трамплиндан сакрай бошлаган кезлар эди. Биз, табиийки, ундан ташқари, футболни ҳам беҳад яхши кўрар эдик.
Сеньор Леонсио, янги бола келаётганмиш, шу ростми? Учинчи “А”гами, Сеньор Леонсио манглайига тушган сочини қўли билан юқорига тараб – рост, рост, энди жим!
Куэльярни отаси қўлидан ушлаб, тўғри эрталабки йиғин чоғида етак­лаб келди, сеньор Леонсио эса уни биринчи қаторда турган ўқувчилар орасига қўшиб қўйди, чунки унинг бўй-басти ўзимизнинг ушоқдай Рохасдан ҳам кичкина эди. Синфга кирганда сеньор Леонсио уни орқага, биз билан бирга ўтқазди. – Мана шу ерда ўтирасиз, ўғлим, бу парта сизники энди. Ҳой, бола, исминг нима? Куэльяр, ўзингники-чи? Каллахум, сеники-чи? Чиллак, сеники-чи? Манъуко, сеники-чи? Лоло. Сен Мирафлоресданмисан? Ҳа, ўтган ой кўчиб келишди Колин театрининг ёнидаги Маршал Кастилья кўчасига. Илгари Авлиё Антоний кўчасида туришарди.
У тиришқоқ (лекин қироатхон эмас) бола эди, бир ҳафтадан кейиноқ бешинчи ўринга кўтарилди, иккинчи ҳафтада эса учинчи ўринни эгаллади, сўнгра, ўша фалокат юз бермасдан илгарироқ, пешқадам ўқувчи бўлиб олди. Кейинчалик эса, табиийки, ўқиши орқага кетиб, ёмон баҳолар ола бошлади.
Қани, Куэльяр, ўн тўртта инк императорларини ном-баном айтиб бер-чи, дейди сеньор Леонсио, у эса, ёддан бидирлаб айтиб беради; энди ўнта муқаддас каломни, давлатимиз мадҳиясининг учта бандини, Лопес Альбухарнинг “Менинг байроғим” шеърини айт. Куэльяр буларни ҳам лаби-лабига тегмай ёдлаб беради. Қойил-ей санъатингга, ота ўғил, дейди унга Лало. Сеньор Леонсио эса – тасанно хотирангга бўтам, бизга эса – ўрнак олинг ундан, галварслар! Куэльяр бўлса худди кўз-кўз қилгандек камзулининг қайтарма ёқасини бармоқлари билан силаб қўяди, гердайиб болаларга назар ташлайди, аслида у ҳеч қачон ўзини кўз-кўз қилмасди, хаёлига ҳам келтирмасди, шунчаки жиннилик қиларди, қип-қизил артист… Лекин, очиғи, ўртоқмисан ўртоқ эди: имтиҳонлар пайтида ҳамиша шипшитиб айтиб турар, катта танаффусда, болаларга крем суртилган вафли олиб берарди. Жуда бахтлисан-да, дерди унга Каллахум, пул беҳисоб, оғзингдан чиққанини муҳайё қиладиган ота-онанг бор, тўрталамизга беришганини қўшса, сеникига етмайди, жин урсин. У – булар баҳоларим учун, биз эса – лоақал, шунақа калланг бори – яхши-ку, умуман, қандингни ур, шу уни кўп нарсалардан сақларди.
Қуйи синфларда дарслар роппа-роса соат тўртда тугарди, тўртдан беш дақиқа ўтганда сеньор Леонсио болаларга жавоб бериб юборарди, тўртдан ўн беш дақиқа ўтганда эса улар футбол майдонида ҳозир бўлишарди. Осма сумкалар, камзуллар, галстуклар – ҳаммаси чимга отиларди; бўлақол, Чиллак, бўл тез, ҳеч ким йўғида дарвозага туриб ол, қафасга қамаб қўйилган Иуда эса қутургудек – ввов-в – думини тикрайтириб олганча – вов-в, вов-в – сўйлоқ тишларини иржайтириб – вов-в – вов-в – вов-в – шифтга қадар ўзини отади – ввов-в, ввов-в, ввов-в, ввов-в – қафас симларига ўзини уради. Қара аблаҳни, бирдан чиқиб кетса борми, ярамас, деди Чиллак, Маньуко эса, агар чиқиб кетса, қочмаслик керак; итлар қўрққанларни тишлайди фақат. Сен қаердан биласан? Дадам шундай деганди. Каллахум эса, мен ўша заҳоти дарвоза тепасига чиқиб олардим, энди кечирасан, сакрайсанми-сакрамайсанми, фарқи йўқ: етолмайсан, Куэльяр эса қаламтарошни чиқарди – фитч, фитч – айлантиради ҳавода ва бир неча марта очиб ёпади; аа-йау-у-ааа-йаа-у-у! яна бир марта, қаттиқроқ – йаа-а – уу-у-ооо-ууу! – бошини баланд кўтариб – уу-йаа-ооо-ваа-ууу-ааа! кафтини карнай қилиб – ваа-ууу-воо-ааа-уу-йаа! Худди Тарзаннинг ўзи!
Биз узоқ ўйнолмадик: соат бешда иккинчи босқичда ўқийдиган болалар келиб, бизни футбол майдонидан ҳайдаб чиқаришди.
Терга ботган, сочлари ҳурпайганча биз бир зумда китобларимиз, камзулларимиз ва галстукларни йиғиштириб олдик-да, хоҳласанг-хоҳламасанг борадиган жойинг – уй-уйига, тўппа-тўғрига! Диагональ кўчасидан тушиб, паркка етгач, биз портфелларимизни бамисли баскетбол тўпидай отиб ўйнай бошлардик, ма, ушла, онагинам, ушла! – паркни кесиб ўтиб, “Эрмак” қаҳвахонаси ёнидан чиқа туриб – хўш, бопладимми, отагинам? –“Д’Онофрио” қандолат дўконидан вафлили музқаймоқ сотиб олишади – ваниллими? Қатламалими? Кўзингни оч, чоло, ғирром қилмасдан кўпроқ сол, қизғанма, лимон билан қулупнайдан сол яна! Сўнгра, яна йўлга тушамиз, то “Лўлилар скрипкаси” ресторанигача индамай борамиз, Порто кўчаси бўйлаб яна чурқ этмаймиз: муҳими, музқаймоқ исроф бўлмасин, фупб, фуупб, оқиб кетяпти, номард… Шу алфозда светофоргача, кейин ҳаккалаб Авлиё Никола ибодатхонасигача, ана ўша ерда Куэльяр биз билан хайрлашарди.
Борасан-да оғайни, ҳали вақтли-ку жудаям, уйга боргандан кўра юр биз билан, “Террас”нинг спорт залига борамиз, улар хитойликнинг дўкончасидан копток сотиб олишади. Нега у, синф терма жамоасида ўйнамаяпти, очиғи. Ахир таклиф қилишларини кутиб ўтирмай, озгина машқ қилиб турса бўлмайдими? Ҳе, юрсанг-чи, олтигача ўйнаймиз, бўлди, ундан кеч қолиш йўқ. Куэльяр ҳеч қанақасига кўнмайди: отам йўл қўймайди, дарсим ҳам кўп бу ёқда. Болалар уни уйигача кузатиб қўйишарди. Тўғри-да, бизнинг терма командамизда бирга машқ қилмасдан туриб қанақасига ўйнайди? Охири усиз, ўзимиз клубга қараб чопамиз.
Ўзи яхши бола, лекин ўқишга берилиб кетди, футболдан кўра дарс муҳимроқ унга, деди Каллахум, Лало – унинг айби йўқ, менимча, отаси палид одам, йўл қўймайди, Чиллак эса – тўғри, лекин ўзиям латта, кўриниб турибди, бизга қўшилиб секин, билдирмасдан бораверса бўларди, Маньуко – бизнинг командада ўйнашига эртароқ ҳали: кўп югуролмайди, зарб билан теполмайди, салга чарчаб қолади. Лекин калла қўйишга зўр, деди Каллахум, биз учун доим жон куйдиради, қисқаси, уни командамизга олсак, ёмон булмайди, Чиллак – тўғри, доим биз билан бирга, Маньуко эса – бўпти, гап бўлиши мумкин эмас! Нима бўлган тақдирда ҳам олиш керакми – оламиз!
Аслида Куэльярнинг ўзи терма жамоа таркибида ўйнашни шунақаям хоҳлар эдики, асти қўяверинг, у ўта тиришқоқ эди, ёзда шунча машқ қилганидан отасига раҳмат, кейинги йили чап ярим ҳимоячи ўрнини эгаллади. Mane sana in corpora sano? деди мураббий Агустин, кўрдингларми, зўр спортчи бўлган ҳолда яхши ўқиш мумкин экан-ку! Ундан ўрнак олинг! Қаердан ўрганди бирпасда, деди Лало, тўп оширишини қаранг, бурчакдан тепишини айтмайсизми, тан бердим, биродар. Куэльяр лабларини йиғиштиролмайди, бўлди қилинглар, одамни уялтирманглар! Нима қилибди, амакиси билан машқ қилди, отаси уни доим стадионга олиб борди, ўша ерда ҳақиқий ўйинни кўрди, баъзи нарсаларни ўрганди, тушунарлими? Умуман, уч ой ҳеч қаерга бормади – на кинога, на чўмилишга! Фақат эртадан-кечгача футбол – ўйнадим, ўргандим, ишонмасангиз болдиримни ушлаб кўринг, тошдек қаттиқ!
Уни мутлақо таниб бўлмай қопти! – деди Каллахум мураббийлари сеньор Леонсиога. – Қойилман! Лало эса – ҳужумчи дегани мана шунақа бўлса-да, югуришда отни орқада қолдиради, Чиллак эса – кечаги ҳужумини кўрдиларинг-ку, юксак маҳорат, қойил қолиш керак, у ҳам майли, яна қоидани бузмасдан, шунда Маньуко – тўп билан тўппа-тўғри дарвозага ўқ бўлиб учгани-чи, рақибларимиз роса сиқиб келаётганда яна, эсингиздами, сеньор Леонсио? Бўпти, уни жамоамизга оламиз! Куэльяр қувонганидан қийқириб юборди, сўнг, астагина тирноқларига куҳлаб, майкасини сийпалаб чиқди (тўртинча “А”нинг майкаси зўр эди – енги оқ, олди кўм-кўк). Бўлди, Куэльяр, ҳаммаси жойида, сени ўзимизга олдик, фақат бурнинг кўтарилиб кетмасин.
Июль ойида барча синфлар мактаб биринчилигига тайёрланишни бошлаб юборишди ва мураббий Агустин ҳафтада икки кун – сешанба ва жума кунлари расм билан мусиқа дарси ўрнига тўртинчи “А”га футбол майдонида шуғулланиш учун рухсат берди, иккинчи танаффусдан сўнг севалаб ўтган ёмғирда ҳўл бўлган ҳовли бўм-бўш ва янги копток сингари ялтираб ётганида тўртинчи “А” синфининг ўн битта ўйинчиси футбол майдонига қараб югуришди. Ўша ердаги хоначада спорт кийимлари билан қора бутсиларини кийиб олишди ва йўлка бўйлаб саф тортиб туришди, сўнг шахдам одимлар билан – капитан Лало олдинда – майдон марказига чиқишди. Барча деразалардан ўйинимизга ҳавас билан қарайдиган ўқувчилар – бассейн сатҳи енгил шабадада мавжланарди, (балки чўмилармиз, вой-бў, сув совуқ-ку жуда, яхшиси, ўйиндан кейин чўмиламиз!) – уларнинг бурчакдан тўп тепишларини – мактабнинг сарғиш девори ортида саф тортган эвкалиптларнинг энг юқорисидаги япроқлар шитирларди, – тўпни майдонга қандай улоқтиришларини томоша қилиб туришарди.
Тонг кўз очиб-юмгунча бирпасда ўтиб кетди. Яхшигина терладик, деди Куэльяр, бизникилар ғалаба қилади – мана кўрасизлар! Бир соатдан сўнг сеньор Лусио қўнғироқ чалди ва то ҳамма синф чиқиб ҳовлида сафлангунча, тўртинчи “А” терма жамоаси аъзолари илгарироқ уйга кетиш учун кийинишга шошилишарди. Куэльяр эса, доимгидек бизни кутиб туришга мажбур қилди (сен ўша крэкларнинг қилиғини ўрганиб олгансан, шекилли), у машқлардан кейин бошидан сув қуйиб чўмилишни яхши кўрарди. Баъзида эса улар душга бараварига ёпирилишарди. Ўша машъум куни – ввав-в, ввав-в – ечиниш хонасининг остонасида Иуда пайдо бўлган пайтда – вваав, вваав, вваав – фақат Лало билан Куэльяр ўша ерда эди – вва-ав, вва-ав, вва-ав, вва-ав – Каллахум, Чиллак ва Маньуко – ўша заҳоти деразадан ошиб тушиб қочиб қолишди. Лало чинқириб юборди – қоч, Куэльяр! – ва эшикка отилди-да, хонанинг эшигини нақ итнинг тумшуғига ургудек қарсиллатиб ёпди.
Ўша ерда, чўмилиш хоначасида жон сақлаган (оқ кошин, нақшинкор плита, тизиллаб отилаётган сув) ва қўрққанидан ғужанак бўлиб олган Лало ҳаммасини эшитди: Иуданинг вовиллагани, йиғи, ваҳшиёна ўкириш… Кейин қандайдир тўс-тўполон бошланди, нимадир гурсиллаб полга тушди, шалоплаган овоз келди… Сўнг бир марта увиллаган товуш эшитилди, қанчадир вақт ўтгач эса сеньор Леонсионинг қулоқни тешиб юборгудек бақиргани янгради, (орада қанча ўтди, Лало, икки дақиқами? Ё кўпроқми?.. Беш дақиқами? Кўп, анча кўп), ортидан сеньор Лусио бақирди, у оғзига келганини қайтармай сўкаверди, (испан тилидами? Ҳа. Француз тилида ҳам. Сен тушунасанми, Лало? Нимасини тушуниш керак, тентак, ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган бўлса), улар биров пичоқ тортиб юборгандек дод-вой солишган бўлса, – жин урсин, уни нари ҳайданг, кет, эй Худойим-ей, ўзинг раҳм қил, нақадар даҳшат! – мен бўлсам ўтакам ёрилганидан ўлиб қолаёздим.
У Куэльярни кўтариб кетишаётганда эшикчани очди. Уни руҳонийларнинг қора либоси орасида аранг кўриб қолдим. Ҳушсизмиди? Ҳа, шунақайди. Яланғочмиди? Ҳа, дедим-ку! Худо ҳаққи, қон водопроводдан оқаяптими, дейсан, ҳаммаёқ қон – кўриб, тилим айланмай қолди! Бироқ Лалонинг билгиси келарди, у кийинаётганида нима бўлди… Шунда Чиллак – сеньор Агустин билан сеньор Лусио Куэльярни директорга қарашли пикапда олиб кетишди, биз зинапоядан қараб турардик, Каллахум эса – ғизиллатиб, саксонга қўйганча, (Маньуко: юз деявер!) ўт ўчирувчилар ёки “Тез ёрдам” дейсан, сигнални варанглатиб босганча олиб кетишди. Сеньор Леонсио Иудани тутиб олиш учун қувиб кетди, ит эса ҳовлида у ёқдан-бу ёққа югуради, сапчийди, тутқич бермайди. Охири ушлаб олди, барибир, газандани, қафасга ҳайдаб кириши биланоқ симлар орасидан калтак билан ура кетса денг (у Иудани ўлдиргудек эди, деди Каллахум, нима бўлганини кўрганингда эди, ўтаканг ёриларди), унинг юзи қип-қизариб, сочлари ҳурпайиб кетганди – даҳшат! Ўша ҳафта якшанба кунги ибодат ибтидосида ҳам, охирида ҳам Куэльярнинг соғайиб кетишини дуо қилиб Худодан сўраш билан ўтди, лекин бошқа пайт ўқувчилар орасида нима воқеа бўлгани ҳақида гап очилса, сеньорлар ўша заҳоти оғзиларига уришарди: жим бўлинглар, бу нима алжираш, бармоқларининг бўғини билан столни тақиллатишади: соат олтигача шу ерда қоласизлар. Биз эса – барча танаффусда, дарс чоғида ҳам фақат шу ҳақда гаплашардик, келгуси ҳафтанинг душанбасида “Америка касалхонаси”га Куэльярни кўргани бордик, кўриб, тўғриси, чин юракдан қувондик: қўл-оёғи бутун, ҳеч нарса қилмаганди гўё, у шинамгина палатада ётарди, – салом, Куэльяр, – деворлари оппоқ, қаймоқ ранг дарпардалар, – хўш, қалай, яхши бўлиб қолдингми, оғайни? – дераза ортида гулзор, яланглик ва баланд-баланд дарахтлар, – биз унинг таъзирини берамиз ҳали, мени айтди дерсан, ҳар танаффусда тош билан уриб жонини оляпмиз, соғ ери қолмади. Ранги девордек оппоқ, озиб-тўзиган Куэльяр эса – боплабсизлар! Касалхонадан чиқсин, кечаси, томдан ошиб тушиб бўлса ҳам ўша ернинг ўзида… ғарч, ғарч, яшасин бургуткўз, пақ, пақ! Ўша аблаҳ Иудани ундан кўра баттарроқ жазосини бермасак, отимизни бошқа қўямиз!
Куэльярнинг бош томонида иккита сеньора ўтирарди: улар болаларни шоколад билан меҳмон қилишди, сўнгра боққа чиқиб кетишди. Оппоғим, ўртоқларинг билан гаплашиб ўтиргин, чекиб олайлик, ҳозир келамиз. Куэльяр оғзи қулоғида, унинг кайфияти яхши эди. Анови оқ кийимдагиси онам, наригиси эса – холам. Қани, азамат, гапир, нима бўлди ўзи? Роса оғридими? Тавба! Қаерингни тишлади газанда? Қаерингни? – Нима десам экан… у ёғини айтолмай чайналди. Булбулингними? Ҳа. Шундай деди-ю қизариб кетди ва ҳиринглаб кулди, унга қўшилиб биз ҳам ҳиринг-ҳиринг кулдик, шунда иккала сеньора деразадан – хайр, дўмбоққинам. Бизга эса – олдида узоқ ўтирманглар, чарчатиб қўясизлар, хўпми?! Куэльяр эса кўзини қисди – фақат жим-м, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очманглар, чол-кампир ҳеч кимнинг билишини истамаяпти. Менга қара, дўмбоққинам, сен ҳам ҳеч кимга гапириб юрма, шунчаки оёғимни тишлаб олди, дегин, хўпми, чолито? Операция икки соатча давом этиб, ўн кундан кейин эса жавоб беришаркан – докторнинг гапига қараганда омади бор экан: кўрдингми, яна ўн кун дам олиб ётасан.
Биз кетдик, синфга борганимизда, табиийки, Куэльярга нима бўлганини ҳамма сўраб билгиси келарди. Унинг қорнини тикиб қўйишибдими? Нима билан? Ип-игна биланми? Чиллак эса – балки бу ҳақда гапириш керакмасдир, ахир у сўраганимизда жим бўлиб қолдию, уялди, шекилли. Ўзинг ўйлаб кўр, деди Лало унга, ҳар куни кечқурун уйда миясига қуйишса: ўғлим, тишингни ювиш эсингдан чиқмадими, ҳожатга киришни унутмадингми? Маньуко – бечора Куэльяр, чидашга-ку чидаяпти, лекин ўша ерингга копток тегиб кетса додлаб юборади одам, ит тишлаб олса-чи, яна қанақа, қозиқдек-қозиқдек тишлари билан – кетдик, тош териб, майдонга борамиз. Бир, икки, уч! – рррр, ввав, ввав – ҳа, мараз, ёқмаяптими? Мана сенга! Мана!
Шўрлик Куэльяр, деди Каллахум, эртага мусобақа бошланганда ўзини кўз-кўз қилиб юролмайди, Маньуко бўлса – шунча машқ қилгани зое кетса-я, шунда Лало – эсизгина, жамоамизнинг кучи қирқилди энди, кучли ўйинчи эди, бу ёғига зўр бериш керак, акс ҳолда – шарманда бўламиз. Шарманда бўлмаймиз, Лало, мана кўрасан!

II

Куэльяр байрамдан кейингина мактабга келди, тавба: футболни ташлаб, уни ёмон кўриш ўрнига (қай даражададир футбол, деб юз берди-ю ҳаммаси) спортга муккасидан кетди. Ўқишга бўлган қизиқиши эса тобора сусая бошлади. У жуда тез англаб етдики, (хайрият ақл-ҳуши жойида) дарс тайёрлайман деб ўлиб-тирилиши шарт эмас экан: имтиҳонларга шундоқ ҳам, қарзи бўлган тақдирда ҳам, олган икки баҳоларига қарамай киргизишса! Ҳеч қачон имтиҳондан йиқитишмаса. Нотўғри жавоб бердими – аҳамияти йўқ. Амал-тақал қилиб бир балоларни ёзиб бердими, иншода – беш баҳо нақд!
Энди сенинг кўнглингга қарашади, дердик биз, каср сонларга оид ҳеч нарса билмайсан, лекин қўявер – бу ёғи ўз қўлимизда. Ибодат чоғида асосий хизматни унга топширишарди – Куэльяр, катехизисни овоз чиқариб ўқи; маросим пайтида табаррук нишонни кўтариб боради – Куэльяр, тахтадагини ўчир, дўстим; хорда ашула айтарди – дафтарларни тарқат, азизим; биринчи жума маросимида қатнашмаган бўлса ҳам бемалол нонуштага келар эди. Мен сенга айтсам, деб гап бошлади Каллахум, бу ёғига маза қилиб юрасан, афсуски, Иуда сенга қўшиб бизни ҳам тишламабди-да, у бўлса – буларнинг ҳаммаси бўлмағур гаплар, иззат-икромда юрибди отаси туфайли, сеньорлар ундан ўлгудек қўрқишади. Аблаҳлар, ўғлимни нима қилиб қўйдиларинг, мактабларингга ўт қўяман, биттангни аямай қамоққа тиқаман, ким билан ўйнашаётганингни билмас экансанлар! У ўша ярамас Иуда қолиб, директорни ўлдиришига сал қолди. Ҳамма унга – тинчланинг, сеньор, ўзингизни қўлга олинг, у бўлса – шартта директорнинг ёқасидан олса бўладими. Ростдан ҳам шунақа бўлган, Худо урсин, деди Куэльяр, ҳали клиникада отам билан онам ўзаро шивирлаб гаплашаётганида эшитганман. Шунинг учун мактабда кўнглига қарашади, фақат шунинг учун.
Лало – наҳотки ёқасидан олган бўлса, қойил-э! Чиллак эса – балки чиндан ҳам шундайдир, бўлмаса бу ярамас ит қаёққа йўқолди… Эҳтимол, уни сотиб юборишгандир ёки қочиб кетгандир, балки битта-яримтасига совға қилиб бериб юборишдими? Куэльяр эса – йўқ-йўқ, унақа эмас: Иудани отам отиб ўлдирган бўлса керак, у бекорга гапирмайди. Кунларнинг бирида, қафас бўшаб қолганининг сабаби бу ёқда экан-да, Иуданинг ўрнида тўртта оппоққина қуёнча пайдо бўлди. Уларга кўкатларни элтиб бер, Куэльяр, ол кўпроқ, ол яна, дўстим, ўнта сабзи нима бўлади, – унинг атрофида шундай гирдикапалак бўлардик, – сувини янгилаб қўй, – унинг эса бундан боши осмонга етарди.
Энди нафақат муаллимлар, ҳатто ота-оналар ҳам унинг атрофида парвона бўлишар эди. Куэльяр ҳар куни биз билан бирга футбол ўйнагани “Террас”га борарди. Отангнинг бошқа жаҳли чиқмаяптими? Йўқ, аксинча, қайтага ким ютди, деб қизиқиб қўяди. Менинг жамоам, сен нечта гол урдинг? Учта, – баракалла, ўғлим! Яқинда қимматбаҳо кўйлагимни йиртиб келувдим, дарров онамга бериб, – жаҳлингиз чиқмасин, тасодифан шундай бўлди, у эса – бош-кўзингдан садақа, битта кўйлак экан-у, ташвиш чекма, дўмбоғим, хизматкорга айтаман, тикиб қўяди, уй ичида кийиб юрарсан, ундан кўра онангни бир ўпиб қўйгин, кейин биз “Эксельсиор” ёки “Рикардо Пальма”га ёинки “Леуро” кинотеатрларига биронта ковбойлар ҳақидаги ёки қандайдир “Фақат катталар учун” деган фильмга ёки Кантинфлас Тин Тан ўйнаган комедияни кўриш учун борадиган бўлдик.
Куэльярга ҳар кунги майда-чуйда харажатлар учун бир дунё пул беришарди, – улар мендан ҳеч нарсани аяшмайди, оғзимдан чиққанини олиб беришади, тўғрисини айтсам, мен учун уларнинг кармони ўзимнинг чўнтагимдек гап, улар мени дуо қилишгани-қилишган, кўнглимни оламан, деб жонлари ҳалак бўлади. Ичимизда биринчи бўлиб унга коньки, велосипед, мотороллер олиб беришди. Куэльяр, отангга айт, мусобақа ғолиблари учун кубок олиб берсин, сув спорти саройига ўйинларни томоша қилгани олиб борсин, кинодан кейин бизни олиб кетгани келсин, отаси эса – бемалол, – уларнинг илтимосини бажо келтириб, ўғлим хурсанд бўлади, дея кап-катта одам машинасида уларни у ёқдан-бу ёққа ташир эди.
Ана ўшанда (касалхонадан чиққач бир ой ҳам ўтмай) уни Зумраша деб атай бошлашди. Бу лақаб синфда дунёга келди, уни шумтака Гумусио ўйлаб топди, шекилли? Тўппа-тўғри, яна кимнинг хаёлига келиши мумкин? Куэльяр бошида дийдиё қилди – сеньор Агустино, улар мени майна қилишяпти, қайси биттаси, нима деяпти? Кўнгилга тегадиган гап, айтишга ҳам уялади одам – дудуқланади, “ҳиқ-ҳиқ” йиғлашга тушади, кўз ёшлари ҳам тайёр тургандек шашқатор оқади, танаффусда эса бошқа синфдаги болалар – қалай ишлар, Зумраша? Нима янгиликлар, Зумраша? У эса кўз ёшини оқизиб сеньор Агустино ва сеньор Леонсио, муаллим Каньон Переснинг ёнига югуради: манави, манави, мана буям жиғимга тегяпти.
Куэльяр шикоят қилгани билан ҳаддан ташқари ғазабланар ҳам эди – сен нима дединг? қани қайтар! Ранги оппоқ, жаҳлдан бўзариб кетган, қўллари қалтираб, овози хириллайди… Қани, яна бир марта қайтар! Қўрқади деб ўйлаяпсанми, қайтараман ҳам – Зумраша! Боёқиш кўзлари қисилиб кетади ва отасининг гапларини эслайди: муҳими, саросимага тушма, тумшуғига бир тушир – дилозорга мушт кўтариб ташланади, оёғидан чалиб йиқит, тамом бўлади – дўқиллатиб уради, тасира-тусур дўппослайди, пақиллатиб тумшуғига, қорнига, қулоқ-чаккасига, дуч келган ерига уриб-тепади – уни ерга йиқитиб ол, бўлди – ҳамма ерда ишкал чиқаради: футбол майдонидаям, дарс пайтида ҳам, ҳатто черковда ҳам – бошқа масхара қилиб бўпти!
У аччиқланган сари баттарроқ безор қилишарди, оқибат, кунлардан-бир кун бу катта жанжалга айланди: отаси мактабга келиб директор хонасида қилди тўполонни – ўғлимнинг устидан кулишаётганмишми, бунга йўл қўймайман, онамиз бизни эркак қилиб туққан, билиб қўйишсин, бу мишиқиларнинг таъзирини бериб қўйинглар, акс ҳолда ўзим жазолайман, мана кўрасиз, суллоҳлик ҳам эви билан-да! – “тарақ” этиб столга уради – қандай бемаънигарчилик! – яна “тақ” этиб столга уради!
Шунга қарамай, бу гап оғиздан-оғизга ўтиб тарқалиб кетди. Кўча-кўйга чиқди, кўп ўтмай муаллимларнинг уринишларига қарамасдан – одам боласисиз-ку, озгина виждонларинг борми, директорнинг панд-насиҳатлари, жазолашлари, пўписа қилишларига қарамай – инсоф билан-да энди, Куэльярнинг кўз ёшлари, муштини дўлайтиришлари, пўписаларига қарамай кўп ўтмай бутун Мирафлоресга тарқалди. Шу-шу дарахт барги нам ерга ёпишгани каби бу лақаб унга бир умрга ёпишди-қолди.
Ошир, Зумраша, менга, нега қизғанчиқлик қиласан, Зумраша, алгебрадан неччи олдинг? Алиштирасанми, Зумраша: мендан гиламча, сендан сомсача! Эсингдан чиқарма, Зумраша, эртага Чосикога борамиз, чўмилишга! Муаллимлар қўлқоп олишади, ана ўша ерда рингда Гумусиодан аламингни олишинг мумкин, этигинг борми, Зумраша? Тоққа чиқамиз-ку, ахир, қайтишда қаҳвахонага киргани улгурамиз… Хўш, қалай, бўладими, Зумраша?
Бошида улар инсофга келгандек эҳтиёт бўлиб юришди, бироқ тил бесуяк, Худонинг ўзи асрасин, йўқ, бир марта ҳам тиллари туфайли панд ейишмади, лекин афсуски, бир куни кимнингдир оғзидан чиқиб кетди-ю, бошқаларга юқдими, нима бало, яна бошланди. Биз унга – қўйсанг-чи, Куэльяр, жўрттага эмас-ку, оғайни, бўлди қил энди, афанди, бехосдан оғзимиздан чиқиб кетди, пақ этиб – яна ўша лақаб… Унинг ранги-қути ўчади, – нима, нима дединг? Ёки аксинча, қип-қизил лавлагиси чиқиб – сен ҳамми, Чиллак, ахир дўст бўлатуриб-а! Кўзларини ола-кула қилади, ўқраяди. – Куэльяр, кечирасан, мен шунчаки, кўнглимда сенга нисбатан ёмонлик йўқ, ўртоқ, у эса – бундан чиқди, дўст бўлатуриб бошқалар ҳам шунақа қилар экан-да, ўзларингдан кўрларинг! Қўйсанг-чи энди, оғайни, жаҳлинг чиқмасин, ҳар куни эшитавериб, индамас эдинг, яна ўша эски қилиғингни бошлаяпсанми… Сен ҳамми, Каллахум? У эса – тўғриси, билмай қолдим, оғзимдан чиқиб кетганини. Сен-чи, Маньуко, сен ҳамми? Бундан чиқди, ҳаммангиз орқамдан шундай деб гапираркансиз-да, тўғрими? Олдиларингдан кетди, дегунча бошланаркан-да, Зумраша. Зумраша, шунақами?
Нима бўлди сенга? Қаердан олдинг бунақа гапларни? – биз уни қучоқлаб, тасалли берамиз – Худо урсин, бўлди, яна айтган – хотин, сен ҳам бекорга жаҳл қилаверма, бор-йўғи битта лақаб бўлса, вақти келса ўзинг ҳам ҳеч тортинмай дудуқланадиган Риверани “Нотиқ”, бир оёғи ногирон Родригес Виролони “Маймоқ”, гапираётганда оғзи бир томонга қийшайиб кетадиган ўзимизнинг Пересни “Эснобод” деб майна қиласан-у! Уни Каллахум дейсан ёки йўқми, буни эса Чиллак, уни Маньуко, буни Лало деб чақирасан-у, ҳамманинг олдида, бекорга жаҳлинг чиқаяпти, яхшиси, ўйинингни ўйна, оғайни, сенинг навбатинг.
У секин-секин ўзининг лақабига кўникди ва олтинчи синфга ўтганимизда бутунлай арилламайдиган бўлди, ҳаттоки шунақа пайтда сир бой бермас, баъзан эса яна ҳазиллашиб ҳам қўярди: йўқ, мен сизга айтсам, Зумраша эмас, Тирранча деяверинг, хо-хо-хо-хо! Кейин эса, бир-икки йилдан сўнг, у Зумраша дейишларига шунчалик ўрганиб кетдики, битта-яримта Куэльяр, деб чақириб қолса, сергак тортар, ўша одамга тушунолмай, ҳайрон бўлиб қарар, худди таниш-билишларидан биронтаси панд бериш учун шундай деяётгандай олазарак бўларди… Ҳатто янги танишган болаларга у ўзини бағоят хурсандман, Зумраша Куэльяр, деб таништирарди.
Қизларга ўзини лақаби билан таништирмасди, албатта, фақат болаларга. Нафсиламрини айтганда, ўша кезлари бизнинг қизларга ишқибозчилигимиз бошланганди, синфимизда ҳар хил гаплар, ҳазиллар кўпайиб кетди: нима эмиш, кеча ўзимизнинг Лаликани бир жонон билан кўриб қолдим – танаффус пайти эди – улар қўлтиқлашиб анҳор бўйида сайр қилиб юришарди, бирдан у қизни “чўлп” этиб лабларидан ўпиб олса бўладими, қўнғироқдан кейин эса – тўғри лабиданми? Албатта, улар Худо билади, қачондан бери ўпишиб юришганини!
Кўп ўтмай бундай гаплар суҳбатларнинг асосий мавзуси бўлиб қолди: Кика – Рохаснинг юрган қизи ўзидан катта экан, малласоч, кўзлари яшил экан, Маньуко уларни қоқ туш пайтида “Рикардо Пальма” кинотеатрига кетаётганларида кўриб қолибди, кинодан кейин эса ўша қиз одамларга бошини кўтариб қарай олмас эмиш, уларнинг қоронғи залда нималар билан шуғулланишгани равшан, хотиржам бўл: вақтни бекор ўтказишмаган, ишқилиб. Бошқа куни Каллахум бешинчи синфдаги венесуэлалик болани, анови лаблари дўрдайган бола бор-ку (уни Сумалак деб аташарди) аллақаерда эмас, машинада қандайдир бўянган, пардоз-андоз қилиб олган танноз хоним билан кўриб қолибди, ўз-ўзидан аён, улар бир-бирини яхши кўриб қолган, сен-чи, Лалик, яхши кўрганинг борми? Сенинг-чи, Зумраша, хо-хо-хо! Бизнинг Маньуокога эса Парикос Саенсанинг синглиси бўлса, бас, Каллахум эса яқиндан бери музқаймоққа пул тўплайдиган бўлиб қолдилар, сабаби нима, топ-чи – портфели тап этиб тушиб кетди-ю, бундай қарасак, байрамда қизил шапкача ролини ўйнаган қиз бор-у, ўшанинг сурати отилиб кетди, хо-хо, Лало, ўзингни жинниликка солма, жуда яхши биламиз, шу Рохасни айлантириб юрганингни. Сен-чи, Зумраша, яхши кўрганинг борми? У қизариб-бўзариб – йўқ, ҳозирча четроқдамиз бунақа гаплардан ёки ранги оқариб – нима дейишга ҳам ҳайронсан, хо-хо; сен-чи, сен-чи…
Башарти мактабдан роппа-роса бешда чиқиб, Прадо кўчаси бўйлаб жонинг борича югурсанг, “Ла Репарасьон”да дарсларнинг тугашига етиб борасан. Биз муюлишда тўхтар эдик-да, қаранглар, ҳов, ана автобус, орқада учинчи “А”нинг қизлари ўтирибди, ана у ойнанинг ёнида, ҳатто, қаранг, муаллима Канепи ўтирибди, қўлингни кўтариб саломлашиб қўй, “чао” деб қўйсанг-чи, у эса кулиб қўйди, кулиб қўйди-ю, анови дўмбоқ қизча бунга жавобан хайрлашяпти – кўришгунча хайр, вой, тентаг-ей, сенга ҳеч ким қўлини силкитмаяпти, ановинга, ановинга…
Баъзан биз чўнтагимизга бир парчагина хат солиб олардик ва уни худди қоғоз қушга ўхшаб учирардик: “Сен гўзалсан бунчалар, санам, сочларингнинг асириман, жон, кийимларинг бунча ярашган, севгинома – Лало дўстингдан”. Ҳазир бўл, оғайни, роҳиба бизни сезиб қолиб, қимматга тушиб юрмасин уларга, тушундингми? Исминг нима? Менинг исмим Маньуко, якшанба куни кинога борамизми, эртага мана шунақа қисқа қилиб жавоб ёзиб берсин ёки ҳозир, автобусдан тушмасаям боши билан ишора қилиб қўйсин, бўптими, кутаман. Сенга-чи, Куэльяр, биронтаси ёқдими? Ҳа, анави орқада ўтирган бор-ку! Кўзойнаклими? Йўқ, йўқ, ёнидагиси. Нега унда ёзмаяпсан? У – нима деб ёзаман? Нима бўлсаям. Майли, ёзсам ёзай – “мен билан ўртоқ бўласанми?” Э, йўғ-э, яхшиси, бошқача ёзганим маъқул – “сен билан яқин дўст бўлишни истайман, ғойибона ўпиб…” Мана бу бошқа гап, оғайни, фақат қисқароқ бўлди, бирон-бир кўнглини оладиган гап айтиш керак эди. Марҳамат, мана, хо-хо-хо, сени эркалаб ўпаман ва бутун умидларимни оёқларинг остига пойандоз қиламан, хо-хо-хо! Зўр! Энди исм-фамилиянгни ёзгин-да, бирон ниманинг расмини чизиб қўй. Ниманинг расмини? Хоҳлаган нарсангни, лоақал, бузоқнинг расмини ёки гул чизиб қўйсанг ҳам бўлади, хоҳла… гул тақилган жўмрак расмини.
Хуллас, Ла Репарасьонга борадиган автобусларни кўздан кечириб, кетидан югурар, дарсдан кейинги вақтимизни ўтказар, баъзан эса “Вилья Мария”да ўқийдиган оқ либос кийган қизларни кўргани Арекипа шоҳкўчасига келардик – Сизлар нима, причашение тугагандан кейин келяпсизми? Баъзан эса тезюрарга ўтириб, Авлиё Исидора ёки Авлиё Урсула ёинки Масиҳо мактабининг қизларини томоша қилгани борардик. Футбол уларнинг юрагида илгаридек қизиқиш уйғотолмасди.
Туғилган кунларга қиз болаларни таклиф этиш одати бошланган кезлар биз боғда ивирсиб юрсак ҳам, ўзимизни “бекинмачоқ” ёки “боғбон-боғбон”, “ариқбўйи”, “Бир, икки, уч, учдан қолган – пуч” ўйнаётгандек тутсак ҳам аслида меҳмонхонада нималар бўлаётганини билиш, қизлар катта ёшдаги болалар билан нима қилаётганини бирровгина кўриш илинжида эдик. Рақсга тушишаяптими? Қанийди, бизга ҳам шунақаси насиб қилса!
Ажойиб кунларнинг бирида биз ҳам рақс тушишни ўрганишга қарор қилдик ва ўша кундан эътиборан ҳар шанба ва якшанба кунлари бир-биримиз билан рақс тушардик. Лалоникига йиғиламизми? Бизникига кела қолинглар – уйимиз кенггина, Каллахум эса – бизникида зўр пластинкалар бор, янгиларидан, Маньуко – менинг эса рақс тўгарагига қатнашаётган синглим бор, у бизга жон-жон деб ўргатади, лекин Куэльяр – йўқ, бизникига, ота-онамнинг хабари бор, яқинда уйга келсам, стол устида магнитофон турибди, бу сенга, дўмбоғим, онангдан эсдалик, бир ўзимгами? ҳа, азизим, хонангга қўйиб, хоҳлаган пайтда ўртоқларинг билан эшитиб юрарсизлар?! Бу ёғи рақс тушишни ўргансангиз ёмон бўлмасди, ўғлим, “Аср қўшиқлари”га бориб ҳар хил пластинкалар сотиб ол. Биз, турган гап, қанот чиқариб, бутун оғайнилар билан дўконга қараб чопардик, у ердан талай пластинкалар сотиб олардик, ҳар хил – мамбо, вальслар, уарачи, болеролар танлаб, ҳисобини эса, ўзининг гапи бўйича отасига юборардик – Маршал Кастилья кўчаси, 285, сеньор Куэльярга ва нуқта.
Вальс билан болеро жуда оддийгина экан: санашни эсдан чиқармасанг бўлгани – сен бу ёққа, шеригинг у ёққа, мусиқа эса – ўз йўлига. Уарачини олсанг, у анча қийинроқ, бир неча оёқ ҳаракатларини ўрганиш керак, жинни қилиб қўяди, деди Куэльяр. Ҳа, мамбо ҳам ғайритабиий ҳаракатлари туфайли мураккаб – гоҳ айланишинг керак, гоҳ шеригингни қўйворасан, гоҳ яна ушлаб оласан, орада ўзингни ҳам намойиш этишни унутмаслигинг керак. Улар деярли бир пайтнинг ўзида ҳам рақс тушишни, ҳам сигарет чекишни ўрганиб олишди, бир-бирларининг оёқларини босиб олишар, “Lacky” билан “Viceroy” тамакилари тутунларидан бўғилиб, гир айланишарди – уфф, бўлди қил, оғайни – йўталишарди, дам-бадам тупуришарди – қимирла тезроқ – бошлари чўяндек оғирлашиб, гир-гир айланарди – алдоқчилар, тили остида тутун йиғиб олган, Зумраша эса – нима қипти, ҳечқиси йўқ, ёлғон бўлсаям кўрдиларинг-ку? Саккиз, тўққиз, ўн – энди эса ҳалқа қилиб, ҳа, ана шундай, энди бурундан чиқар, энди, мана бундай қилиб айланасан, яна бир марта, энди турасан, кўрдинг, оҳангдан ҳам адашиб кетмадинг.
Илгари улар спорт билан кино деса ўзларини томдан ташлашарди. Битта футбол ўйинини, деб мингта нарсадан воз кечишга тайёр эдилар.
Энди бўлса бутун фикру зикрлари қизлар билан рақсларда эди, энди Перес Прадонинг қўшиқларини эшитиб ўтириш мумкин бўлган зиёфат учун, бунинг устига яна чекишга рухсат берадиган уйда оқшомни ўтказиш учун дунёдаги бор нарсалардан воз кечиш мумкин эди. Умуман олганда, бунақа йиғилишлар ҳар шанба куни ўтказилар ва бизни таклиф қилишган бўлса-бўлмаса ҳам бораверардик. Агар таклиф этишмаса, бориб, уй эгасини лол қолдиришдан аввал улар, албатта, хитойликнинг ертўласига кириб ўтишарди ва у ерда ўша заҳоти – пештахтага “тарақ” этиб уришарди: беш стакан “Капитан”! Тўғри томирга етиб борсин, дерди Зумраша, мана бундай – қулт-қулт-қулт қилмаса ҳисобмас, эркаклар ичадиганидан бўлсин фақат.
Лимага Перес Прадо ўзининг оркестри билан ташриф буюрганида, улар, табиийки, хонандани Корпасда кутиб олиш учун чиқишди, шунда Зумраша – қани, ким охири? – оломон орасидан ўтиб бориб, Перес Прадонинг ёнига яқинлашди-да, унинг камзули енгидан ушлаб жон-жаҳди билан қичқирди: “Яшасин мамбо қироли!”
Перес Прадо менга жилмайиб қўйди, чин сўзим, қўлимни қаттиқ қисди ва альбомимга дастхат ёзиб берди, ишонмасанглар, мана, қаранглар!
Улар, ихлосмандлар издиҳомига қўшилиб Перес Прадо ортидан юришди, Боби Лосано уларни машинада Сан Мартин майдонига элтиб қўйди, ана ундан кейин бир амаллаб, ҳарқалай, Қуёш трибунасига чиқиб олишди, маълум бўлишича, мамбо фестивали очилиш маросими экан, ҳатто архиепископ билан сеньор Леонсио ҳамда сеньор Лусиоларнинг тақиқлари-ю, таҳдидлари эсларига ҳам келмади.
Ҳар куни кечқурун Куэльярларникида радио орқали “Эль Соль” дас­турини топиб, эс-ҳушимизни йўқотгудек, жазавага тушиб, эшитардик – мана буни труба деса бўлади, оҳангини қара, дўстим, кимсан Перес Прадонинг концерти-я, ана овозу мана овоз!
Бу даврга келиб улар эр етиб қолишди, шим кийиб, ҳурпайган сочларини темир тароқ билан тарайдиган бўлишди, қисқаси, улғайиб, айниқса, ораларида Куэльяр кўзга ташланиб қолди. Илгари беш кишининг орасида энг қилтириғи, энг кўримсизи бўлса, ҳозир энг бақуввати ва энг дарози эди. Менга қара, Зумраша, кўз тегмасин, лекин томоша қилиш учун кўргазмага қўйишли бўпсан, қуйиб қўйгандек ҳақиқий Тарзаннинг ўзисан!

III

Биринчи бўлиб кўнглига муҳаббат қуши уя қурган бола – унда биз иккинчи босқичнинг учинчи синфида ўқирдик – Лало эди. Кунлардан-бир кун, кечки пайт мана шу Лало “Gream Rica”га шунақаям гул-гул ёниб, пилдираб кирдики, биз ўша заҳоти – намунча оғзинг қулоғингда? У товусдек товланиб, олифта қилиқлар билан: болалар, мен Чабуко Молинага ошиқу беқарор бўлиб қолдим, у – рози! Бир тўда болалар шундай воқеани ювиш учун “Часки”га йўл олдик, икки стакан пиводан кейин Куэльярнинг қулфи-дили очилди – Лало, у қизга севишингни қанақа қилиб айтдинг? Чабука нима деди? Унинг қўлидан ушладингми? Чабука қаршилик қилмадими? Чиппа ёпишди-қўйди – уни ҳеч ўпдингми? Лало бамисли мис самовардек ялтирайди, бамисли қиёми ичидаги шафтоли, ҳар қандай саволларга жон-жон деб жавоб беришга тайёр. Энди ўзларингдан қоладиган гап йўқ, эрга навбат – шерга навбат, гал сизларники, нима кўп – қиз кўп. Куэльяр эса стаканни столга тақ этиб қўяди-да, кар эшитганини қўймагандек – бошидан айтиб бер, сен нима қилдингу у нима деди, бунга жавобан у нима қилди-ю сен нима дединг?
Менга қара, Зумраша, худди бизнинг руҳонийга ўхшайсан-а, деб кулди Лало, Куэльяр эса – гапир, гапиравер, чўзма резинка қилиб. Улар учта “Хрусталь”ни тинчитишди ва ярим кечага бориб Зумраша учиб қолди. У шаҳар касалхонасининг ёнидаги симёғочга суянганча қайт қила бошлади. Эҳ, мияси айниган бола, дер эдик биз, танимаган одамларингга ҳам пиво олиб бераверасан, пулингни кўкка совурасан – мана оқибати! Аммо Куэльяр ўша пайтда ҳазилни тушунадими – сен бизга хиёнат қилдинг! Нима деяётганини билмайди – Лало, сен хоинсан! Оғзи кўпириб кетган – писмиқларча бизга билдирмай, ўша қиз билан юрибсанми! Кўкрагига уради – бу тўғрисида гапирмайсан, сўраса, жавоб бергинг ҳам келмайди.
Ҳей, Зумраша, бўлди қил энди, ундан кўра энгаш кўпроқ, ҳаммаёғингни расво қиляпсан, у эса ўзиникидан қолмайди – хоин, ўртоқ дегани бунақа бўлмайди, қўявер, расво қилсам қилибман, сенга нима? Унинг ҳаммаёғини артиб, кийимларини тозалаб, бинойидек қилиб қўйишганида ўзига келди, у бирдан ғамгин бўлиб қолди, нима десанг, хўп дейди – энди Лалони кўриб бўпмиз, энди у якшанба куни чопади Чабуканинг олдига, бизни мутлақо эсдан чиқариб юборади, номард! Лало бўлса – қўйсанг-чи, Зумраша, бекорга аралаштириб юборяпсан, қиз бола ўз йўлига, биз ўртоқлигимизча қолаверамиз, ҳайронман, нега жаҳлинг чиқаяпти? Болалар эса – бўлди қилинглар, етар, ярашинглар, қўлингни бер унга; Куэльяр эса гапга кирай демайди – йўқолсин ўша Чабукасининг олдига! Биз Куэльярни дарвозаси олдигача элтиб қўйдик, ўзиям кела-келгунча қулоқ-миямизни еди, – оғайни, чакагингни ўчирсанг-чи, – бир нарсалар, деб ғўлдирайди, – ўпкангни бос, шовқин кўтарма, уйинггаям секингина кир, оёғингнинг учида зинадан чиқ, акс ҳолда, ота-онанг уйғониб кетишади, қўлга тушасан худди! Аммо Куэльяр жўрттага қилгандек бақира бошлайди, эшикни қўли билан гурсиллатиб уради, оёғи билан тепади – э-э-э, уйғонса уйғонишибди-да, сезиб қолишса нима, ҳаммасига тупураман, мен ота-онасидан қўрқадиган сўтак эмасман, сизлар эса – тўрталовинг – қўрқоқсанлар, қочгандан кўра шу ерда туриб, бир томоша қилсаларинг-чи!
Қаранг-а, роса алам ўтибди-да, деди Маньуко Диагонал кўчасини кесиб ўтаётганимизда, Чабука ҳақида гап очганинг заҳоти гезариб, бирдан кайфияти тушиб кетди. Каллахум эса – кўролмаяпти, аламидан ичди. Чиллак бўлса – отасидан роса таъзирини ейдиган бўлди.
Бироқ отаси таъзирини бермади. Ким эшикни очди? Ойим, нима қилди ойинг? Уришдими? Йўқ, йиғлаб юборди, қўзичоғим, нега ундай қилдинг, сенинг ёшингда отанг спиртли ичимликни оғзига олиш тугул қўлида ушлаб кўрмаган. Кейин отаси чиқиб йўлига уришиб қўйди: бошқа такрорланмайдими? Йўқ, дада, наҳотки шу ишни қилганингга ўзинг пушаймон бўлмасанг? Пушаймонман, дада. Уни ювинтириб, каравотга ётқизиб қўйишди. Эрталаб эса Куэльяр ота-онасидан кечирим сўради. Лалодан ҳам – хафа бўлма, ўртоқ, пиводан маст бўлиб қолдим, ростини айтсам, агар сўккан, қўл кўтарган бўлсам, юзимга айтавер. Йўғ-э, мастликда бўлади-да, сиқилма арзимаган нарсага, бешни ташла – мана ярашдик, биз ўртоқлигимизча қолаверамиз, Зумраша, илгари қанақайдик, шундоқ қолсин.
Лекин энди илгаригидек эмасди: Куэльяр ҳар хил қилиқлар чиқара бошлади, тентаклик қила бошлади: ҳамманинг эътиборини ўзига қаратмоқчи бўларди. Улар эса уни гиж-гижлашар, тезлашар, оловга ёғ пуркашарди – отамнинг машинасини олиб чиқсам, нима дейсизлар? Қани, опчиқ-чи. У гараждан отасининг “Шевроле”сини ҳайдаб чиқарди ва ҳаммалари Костанеранинг айланма йўлларида сайр қилишга жўнаб кетишарди. Бобби Ласанонинг рекордини орқада қолдириб кетолмайманми? Қани, ҳайдаб кўр-чи, Зумраша. Ва у – ғув-в-в – соҳил бўйлаб, – ғув-в-в – Бенавидесдан Кибрадогача, – ғув-в-в – икки ярим дақиқа ичида, – хўш, қалай, қойилмисизлар? Маньуко ҳатто чўқиниб ҳам олди – ҳа, зўрликка зўрсан. Ичинг ўтиб кетдими дейман, чумчуқ. “Тотли таомлар” қаҳвахонасига олиб боролмайманми, пули мендан? Қани, олиб бор, кўрайлик-чи. Улар ўша қаҳвахонага бориб Гамбург бутербродлари еб, сутли коктейллар ичиб, қоринлари тўйгач, битта-битта чиқиб кетишди, Авлиё Мария черковининг олдига боргачгина нафасларини ростлаб ўша ерда Куэльярни кутиб туришди; у эса официант билан нима ҳақдадир гаплашди-гаплашди-да, кейин, “банг” этиб қорнига калла қўйиб, бизнинг олдимизга ҳаллослаганча югуриб келди.
Хўш, қалай, бопладимми? Дадамнинг милтиғини олиб чиқиб, мана шу уйнинг ҳамма деразаларини чил-чил қилолмайманми? Қани, кўрайлик-чи, қўлингдан келармикан! Ҳамма ойналар чил-чил синарди! У ўртоқларини қойил қолдириш, улардан ажралиб туриш учун ҳар қандай ишга қўл урарди – хўш, қойил қолдингми? Лалони ранжитиб – сен қўрқасан, мен эса ҳеч қачон! Уни Чабука учун кечиролмас, ёмон кўриб қолганди.
Тўртинчи синфда ўқиётганда Каллахум Фина Саласни айлантира бошлади ва тез орада қиз унинг “севгилиси”га айланди. Маньуко эса Пуси Ланьянсни ёқтириб қолди ва у ҳам ниятига эришди, қиз уни рад қилмади. Куэльяр бир ой уйда ўтирди, кўчага чиқмади, мактабда ҳам улар билан ўлганининг кунидан саломлашиб юрди. – Менга қара, нима бўлди сенга? Ҳеч нарса. Нега кўринмайсан, нима, биздан қочиб юрибсанми, биз билан ҳеч қаёққа бормайдиган бўлиб қолдинг? Куэльяр қандайдир одамови, ғалати, аразлагандек юрар, бу ҳам етмагандек жиззаки бўлиб қолди, деб мулоҳаза қилардик. Аммо у юрди-юрди-да, охир-оқибат барибир болалардан бутунлай узилиб кетолмади. Якшанба кунлари Чиллак иккови эрталабки сеансда намойиш этилаётган фильмни кўргани кинотеатрга боришар, (шўрлик яккамоховлар), кейин эса вақтни қандай ўтказишни билмай кўча-кўйда қўлларини чўнтакларига суқиб олганча лақиллаб юришарди – бу ёққа борамизми, балки бу ёққадир? Куэльярнинг уйида мусиқа тинглашар, эски латифаларни эслашар, қарта ўйнашар, кечқурун соат тўққизларда эса болалар йиғиладиган паркка келишар эди, ёлғиз ўзлари, ҳеч қанақа қизларсиз. Хўш, шунқорлар, қалай, жойидами ҳаммаси? – Биз энди камзулларимизни ечиб, галстугимизни бўшатиб, енгларимизни шимариб, ўйинни бошлаганимизда Куэльяр ишшайганча бильярдхонага кириб келарди. Маза қилиб келдингларми, азизлар? Овози ҳиссиз, ҳасаддан ёрилиб кетай, дегандек алам билан, авзойи ёмон, кайфияти йўқ. Улар эса – ашулангни ўзгартир, қўй ҳазилингни, у эса – лаблару қўлчалар ва бошқалар! Худди кўзига тутун киргандек ёки чироқ нуридан қамашаётгандек кўзларини пирпиратади. Бизнинг эса зардамиз қайнайди – нега жаҳл қиляпсан, Зумраша? Валдираб юргандан кўра сен ҳам битта-яримта қиз топиб олсанг бўларди, у бўлса – лабларидан сўриб, кўкартириб ташладиларингми? Ўзи бўлса йўталади, мастга ўхшаб дам-бадам туфлайди – юбкасини қайириб қўйдиларингми, маза қилгандирсанлар? Ўзи бўлса пошнаси билан полни дўқиллатиб у ёқдан-бу ёққа юради. Болалар эса – Зумраша ҳасаддан ёрилиб кетади ҳозир, – мана қаерда қаймоғи, мазахўрак бўлиб қолдиларинг-а! – эси оғиб қолдими, тилини тийса бўларди ундан кўра. У эса худди мурвати бураб қўйиб юборилган парракдек тўхтамайди, лекин энди жиддий қиёфада – хўш, уларни нима қилдик? Қизлар индамай тураверишдими ўпаётганларингда? Қаерларидан ўпдиларинг? Қанақа қилиб? Ўчир овозингни, жонга тегиб кетдинг-ку! Бир сафар Лалонинг росмана жаҳли чиқди – эй, итдан баттар-а аблаҳ, бир уриб башарасини тескари қилиб юборайми ҳозир? Бизнинг қизларимиз ҳақида бунақа гапларни айтишга қандай тили боряпти? Нима, улар шунақа бузуқи қизларми? Уларни аранг ажратиб қўйишди, кейин ярашиб олинглар, деб кўндирмоқчи бўлишди, лекин Куэльяр аламидан сира ўзини қўлга ололмас, энг ёмони ҳар якшанбада шу нарса такрорланарди – хўш, ким нимага улгурди? Кимга омад кулиб боқди? Ким лапашанглик қиляпти?
Иккинчи босқичнинг бешинчи синфида ўқишаётганда Чиллак Бебу Ромерога кўз тикди, лекин қиз у билан гаплашгандан сўнг “тошини терадиган” бўлди, кейин Тулу Ромиресдан умидвор бўлиб, ўшанга илакишди – яна омади чопмади, охири “японка” Сальдиварнинг этагига ёпишди, бу гал ҳаракати зое кетмади. Учинчи юришда мот қилдим, деди кула-кула Чиллак, ишим ўнгидан келди.
Биз унинг бу “ўнгидан келган иши”ни Сан-Мартин кўчасида жойлашган “Самбочилар бари”да нишонладик.
Ҳамма яйраб ўтирди, Куэльяр эса бир чеккада, индамай, руҳсиз бир аҳволда пиво ичарди. Бўлди, куйинаверма, ўртоқ, эндиги навбат сеники. Ўзингга муносиб бир қиз топ, секин қўйнига қўл солиб кўр, биз, дўстларинг кўз-қулоқ бўлиб турамиз, қисқаси, ҳамма ёрдамга тайёр, қизлар ҳам. Бўпти, бўпти, шундай қилади – “Капитан” кетидан “Капитан” буюради, сўнг бирдан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўрнидан ирғиб туради – чао, мен энди борай: бугун эртароқ ётиб ухламоқчи эдим. Агар, Куэльяр яна бир лаҳза шу ерда қолса, додлаб юборарди, деди Маньуко, Каллахум эса – аранг ўзини босиб ўтирди, Чиллак – агар йиғламаса, ўтган галдагига ўхшаб ишкални бошларди, Лало – унга ёрдам бермаса бўлмайди, жиддий айтяпман, бир қиз топиб бериш керак, хунуккина бўлса ҳам – фарқи йўқ – ана шунда ҳаммаси жойига тушади. Тўғри айтяпти, улар қараб туришмайди – у аслида ёмон йигит эмас, тўғри, баъзан қип-қизил жинни бўлади, унинг ўрнида ҳар қандай одам… кўриниб турибди-ку, кундай равшан, Куэльярга одам ачинади, унинг айби йўқ, Куэльярни ҳаммамиз яхши кўрамиз, унинг саломатлиги учун кўтарайлик, қани, Зумраша, сен учун.
Ўшандан буён Куэльяр якшанбада ва байрам кунларида битта ўзи кинотеатрга борадиган бўлди (унинг охирги қаторда, кетма-кет сигарет чекиб, қоронғи залда бир-бирига сингиб кетгудек бўлиб, бунинг устига кинони ҳам кўраётган ошиқ-маъшуқлардан кўз узмай ўтирганини кўрганлар ҳам бор эди), болалар билан эса фақат кечқурун бильярдхонада ёки “Бранс” ёки “Cream Rica”да кўришар эди. Кўриниши ғамгин – қалай, ўтдими бугунги якшанбаларинг? – овози истеҳзоли – шахсан меники зўр ўтди, сизларники, тушунишимча, аъло даражада бўлса керак.
Ёзга бориб Куэльяр ўзига келиб қолди, бизни кўрганда жаҳл қилмайдиган бўлди: биз унга отаси Исо таваллуди кунига совға қилган машинасида пляжга – фақат Мирофлоресга эмас, Подковага борардик. У “Форд” кабриолетининг шовқинни пасайтирувчи мосламасини ўчириб йўловчиларни қўрқитганча ўқдек учиб борарди: ҳеч қанақа светофорга қарамас, жуда катта тезликда ҳайдар ва керак бўлса-бўлмаса сигнал чаларди.
Нима бўлган тақдирда ҳам у бизнинг қизларимиз билан дўстлашиб, гарчи ҳадеса унга қитмирлик қилиб, саволларга тутишларига қарамай, улар билан эски қадрдонлардек бўлиб кетди – Куэльяр, намунча нозланмасанг, битта-яримтасини топсанг бўларди, бир ўзинг яккакифт бўлиб юрасанми, ҳаммамиз бир тўкис бўлардик ё биронта дугонамизни чақириб келайликми, деб ҳоли-жонига қўйишмасди. Куэльяр эса ҳазил билан жавоб қайтарарди уларга – менинг машинам резинкадан эмас, ўн киши сиғмайди, биттамиз пиёда кетишимиз керак бўлади, ўзи шундоқ ҳам тиқилишиб қолдик. Ҳазиллашаётганимиз йўқ, жиддий айтяпмиз, деди Пуси, сендан бошқа ҳамманинг ёнида жуфти бор, жонингга тегмадими, чўзиб юраверасанми, шартта қилтириқ Грамиога севги изҳор қилса бўларди, бечора уни, деб куйиб адо бўлди, яқинда қизлар “боғбон-боғбон” ўйнаётганда ўз оғзи билан айтди, бўшашма, Куэльяр. У эса – бошимга ураманми бунақа яхши кўришни, тараллабедод юрганимга нима етсин, – у қизларга гердайгандек қараб мийиғида кулади – битта ўзим маза қилиб юрибман! Ҳамма билан ишкал қилиб юришинг маза, гердайишлар учун юрасан битта ўзинг, шуми маза, дерди Японка билан Чабука икковлашиб – ўша бузуқ уачаларга илакишиб юришинг-чи, шуми тараллабедод юришинг? Куэльяр эса алланечук сирли, суллоҳона, тўғрироғи, ҳаёсизларча ишшаяди – эҳтимол, эҳтимол…
Нега бизга қўшилмаяпсан, рақс тушгани боргинг ҳам келмаяптими? – деб сўради Фина – бир пайтлар биронта оқшомни ўтказиб юбормасдинг, доим хушчақчақ юрардинг, бинойидек рақс тушардинг? Нима бўлди сенга, Куэльяр? Чабука эса – бунақа дилгир бўлиб юрмай бемалол келаверсин, шунда битта-яримта қизни кўриб яхши кўриб қолар, ораларида яқинлик пайдо бўлар! Бироқ Куэльярга гапирдинг нима, гапирмадинг нима – қулоғига тамбур чертган билан баробар, нима эмиш – сизларнинг байрамингиз ғирт зерикишдан иборат, бошқа нарса эмас, – ўзини аллаким деб биляптими-ей, – ҳақиқий маънода қаерда вақтичоғлик қилишни ўзи билади. Ҳамма бало шундаки, деди Фина, одобли қизлар унга керакмас экан, у эса – бўлмаган гап, яхши қизлар билан, қани, дўстлашсанг, улар – вақт ўтказишга эса фақат чолиталар ёки “Худо кечирсин”лар билан юрган яхшими? Ўша арзонгаров қизлар билан? Зумраша эса – б-бўлмаган гап, о-одобли қизлар ё-ёқади, лекин бу ч-чиллакоёқ Грамиоларингни бошимга ураманми. Улар эса – ана холос, энди орқага қайтасанми, у эса – м-менинг и-имтиҳонларим б-бор, в-вақтим йўқ, б-бунақа иш-шларга. Шунда биз, болалар уни ҳимоя қилишга ўтдик – бўлди-ей, тинч қўйинглар уни, ёпишиб олганларинг нимаси; унинг ҳам ишлари бор, бир нималарни режалаштиргандир, биронтаси билан юрар. Тезроқ ҳайдасанг-чи, Зумраша, қара, қуёшнинг куйдиришини, Подковада бундан бешбаттар бўлса керак, бос газни: “Форд” самолёт билан баробар, учади, бос газни…
Улар “Чайки” қаршисида чўмилишди, тўртала жуфт қумда тобланиб ётганларида Куэльяр тўлқинлар бағрида ўктам ва чаққонлик билан сузиб юрарди: қаранглар, биларканманми!
Ҳов, анови баҳайбатини кўраяпсанми, ўшандан ўта оласанми, қўлингдан келадими? – деди Чабука. Зумраша тобланиб ётган ерида сак­раб ўрнидан турди – худди шуни ундан сўрашларини кутиб тургандек, чунки билади бу бобда унга тенг келадигани йўқ – хўп, бир оғиз сўзинг, қараб тур, Чабукита, ҳозир кўрасан! У югурганча ўзини сувга отди; боши баланд кўтарилган, кўкраги олдинда – шалоп! Кейин эса қулоч отиб, рўпарасига келиб қолган тўлқин томон суза кетди. Роса зўр сузар экан-а, деди Пуси. Куэльяр эса тўлқинга, тўғрироғи, ёпирилиб келаётган улкан сув тоғига яқинлашди ва энг юқори нуқтасига кўтарила бошлади. Қаранглар, қаранглар, – қичқирарди Японка, ҳозир у энг юқорисига кўтарилади. Куэльяр битта қўли билан сузарди (иккинчи қўли танасига ёпишган эди), ўша сувдан ҳосил бўлган “тепалик”нинг чўққисига чиқиб олди-да, унга қўшилиб ўша лаҳзадаёқ пастга шўнғиди ва кўпиклар гирдобида кўринмай кетди. Қаранглар, қаранглар, қичқирди Фина, ҳозир уни айлантириб, ағдариб ташлайди. Бироқ бир зум ўтиб, ёнбошдан келаётган баҳайбат пўртана Куэльярни олд томонга оқизиб кетди. Энди у яққол кўзга ташланди – гавдаси ёйдек эгилган, оёқлари юқорида чатишиб кетган, боши сувдан бироз чиқиб турарди.
Ниҳоят, у шаштидан қайтган тўлқиннинг кучи билан бемалол қирғоққа сузиб келди.
Бирам яхши сузадики! – қойил қолишарди қизлар, қўл силкитиб, тўлқинларга рўпара бўлиш учун яна ортига бурилган Куэльярдан кўз узмай.
Қара, шунақа келишган, шунақа довюрак бўлатуриб юрадиган қизи бўлмаса! Негайкин-а? Болалар бир-бирларига қараб олишди. Лало томоғини қириб қўйди, Фина эса – нега илжаясиз, ундан кўра сабабини тушунтириб беринглар. Каллахум қизаринқираб – нима деяпсан ўзингдан-ўзинг, ҳеч ким кулаётгани йўқ, қаёқдан олдинг бунақа гапни? У эса – бошимни айлантирма, бизни лақиллатолмайсан, Каллахум бўлса – ким айлантиряпти, Худо ҳаққи, ростини айтяпман, ҳаммасини ўзингиз тўқиб чиқаряпсизлар. Унинг қизлар билан юришга юраги бетламайди, холос, деди Чиллак. Пуси эса – юраги бетламасмиш, шуям баҳона бўлди-ю, у бўш-баёвларнинг яқинига йўламайдиган бола бўлса. Чабука – унақада гап нимада? Шунда Лало – Куэльяр кўнглига ёқадиган қизни сираям учратолмаяпти, вақти келади, кўрасан, топади барибир. Японка эса – бекорларни айтибсан, у ҳеч қачон қидирмаган, қидирмайдиям, рақс тушганиям, бошқасигаям бормайди. Чабука эса яна – унақада гап нимада?
Улар ҳаммасини билишади, деди Лало, бошимни кундага қўяман, билишади. Билиб туриб ўзларини овсарликка солишяпти, йўқ дегин? Негайкин? Биздан кўпроқ гап олиш учунми, ҳайронман. Уларнинг кўзидан, ҳийла-найрангларидан, овозларидан сезилиб турибди. Каллахум эса – бўлмаган гап, қизларимиз ҳеч нарсани билишмайди, ҳеч қанақа ўйин қилишмаяпти, шунчаки сўрашяпти, билгилари келяпти-да, шу пайтгача биронта қиз билан яқин бўлмаганига ҳайрон бўлишяпти, холос. Мана шу сабабли унга ачинишяпти, ёрдам бергилари келяпти. Балки билишмас ҳам, лекин бир кунмас-бир кун сезиб қолишади, деди Чиллак, ана унда ўзидан кўрсин. Қийинми, гап-сўзга қолгандан кўра биронта қиз билан шартта танишиб олиш! Чабука эса – тўппа-тўғри! Демак, бу ерда бир сир бор! Маньуко эса – нима ишинг бор сенинг, ўладими-қоладими, сенга нима, бир кун келар, Куэльяр ипакдек юмшаб, биттасини яхши кўриб қолар, ҳозир эса дамингизни чиқарманг: ана ўзи келяпти.
Кун сайин Куэльяр қизларнинг олдида баттар ўшшайиб, дамдуз бўлиб борарди. Жинни-жинни ишлар қиларди, жанжалдан боши чиқмасди: Пусининг туғилган куни ҳамма мушакларни деразадан улоқтириб юборган эди, қиз бечора, турган гапки, чинқириб йиғлади. Тутақиб кетган Маньуко мушт дўлайтириб унга ташланди, у эса Маньуконинг қулоғи тагига тарсаки тортиб юборди. Бир ҳафтадан кейингина уларни аранг яраштириб қўйдик. Узр, Маньуко, бехосдан шундай бўлиб қолди, ўзим ҳам билмай қолдим. Ҳечқиси йўқ, оғайни, ўзи мендан чиқди бу жиннилик, ана, Пуси ҳам шу ерда, эсидан чиқиб кетди униям, уйига чақиряпти бизни. Кунларнинг бирида диний маросим пайти Куэльяр ғирт маст ҳолда келди; Лало билан Каллахум уни опичлаб зўрға боққа олиб чиқишди. Қўйворинглар, бақирарди у қулоқни қоматга келтириб, тупурдим ҳаммасига – ўчакишиб – ҳозир қўлимда тўппонча бўлганда борми! Нима қилардинг, оғайни? Бизни отармидинг? – оёқларини типирлатади. – Ҳа, ҳа! Анови, биз томонга судралиб келаётганни ҳам, сени ҳам, биратўла ўзимни ҳам, пақ, пақ, отардим! Якшанба куни эса ўзининг “Форд”ида – ғув-в – тўғри отчопардаги ўтлоққа ёриб кирди-да, одамларни қўрқита бошлади – ғув-в – биров тўсиқдан сакраб ўтган, биров чинқирган, қиёмат-қойим бўлиб кетди! Карнавал куни ҳамма қизлар ўлатдан қочгандек ундан нари қочишарди, нималарни отмади уларга ўзиям: сассиқ пақилдоқлар, пўчоқлар, ириган олмалар, ҳатто пешоб тўла пуфаклар дейсизми, хуллас, зарари тегмаган одам қолмади: кўзига кўринган кимса борки, балчиқ, мағзава, ун, этик мойи билан “сийлади”. Улар эса бунга жавобан – чўчқа, мияси айниган, ҳайвон, зараркунанда… Байрам кунлари “Террас”да, боғдаги рақс майдонида, “Lawn Tennis” клубида санқиб юрарди – нақ безорининг ўзи, уст-боши ғижим, кир-чир, сочлари ҳурпайган, иккала қўлида эфир солинган шиша идиш – пақ-пуқ, тарарақ-тақ! Нақ кўзини мўлжаллаб сепдим – ҳа-ҳа, шалоп, шалоп! – тамом, у ҳеч нарсани кўрмаслигига мен кафил. Қоқилиб йиқилиши учун рақс тушаётганлар орасида узун таёқни оёқлари орасига қўйиб турарди – йиқилган одамнинг тепасига бориб: ҳеч қаерингиз оғримадими, йиқилганда! Қаерда жанжал чиқса, ўша ерда бўларди, уни дўппослашарди, биз эса унинг ёнини олардик, кучимиз етганча, албатта. Бизни айтди, дерсан, Куэльяр, бир куни таъзирингни ейсан, деб унга ёзғирардик, бугун бўлмаса эртага тавбангга таянасан!
Куэльяр ҳақида ёмон гаплар тарқалди, Чиллак – оғайни, ҳамманинг жонига тегдинг, Каллахум эса – сенга қараб ачиниб кетяпман, Маньуко – қизлар сенинг башарангни ҳам кўришни истамайди, сени қандайдир эсипаст, ўлгудек қайсар, қисқаси, бир газанда, деб ўйлашяпти. Куэльяр эса гоҳ ғамгин, худди тушуниб ўкингандек – бошқа такрорланмайди, ўзим ҳам уялиб юрибман, тўғриси! Баъзан эса ғазаб билан, ёниб – газанда эканманми-а? Ўша чийилдоқлар, мени шундай дейишяптими, тупурдим ўшаларингга, кўрмай ҳам, куймай ҳам ўшаларингни…
Битирувчиларнинг тантанали оқшомида – раҳбарият, иккита оркестр, “Сountry Club” – Куэльярдан бошқа бутун синф йиғилди. Жинни бўлма, уни қайтармоқчи бўлдик, сен биз билан бирга бўлишинг керак, сенга атаб битта қушчани танлаб қўйганмиз. Пуси Марго билан гаплашиб қўйган, Фина Илсега шипшитган, Японка Элена билан, Чабука Флора билан, ҳаммаси сенинг номингни эшитса, ўлиб қолишади; хоҳлаганингни танлаб оласан, келсанг, бас. Куэльяр эса гожлик қилиб туриб олди – бунақа, масхарабозларнинг шойи ёқали камзулини кийишга мажбур қилишадиган ерга бораман деб ўлиб турганим йўқ, яхшиси, кейинроқ, ўзимиз йиғиламиз, бегоналар бўлмайди. Ҳа, майли, хоҳишинг, ўзингга ўзинг душманлик қиляпсан. Унақада бизни соат иккида “Чайки” ёнида кутиб тур. Қизларни кузатиб қўйгач, борамиз. Мактабни битиришимиз шарафига бир стакандан отмасак уят бўлади. У эса бир ғамгин, қайғули оҳангда – тўғри, албатта, керак…

IV

Келаси йили Чиллак билан Маньуко муҳандислик факультетининг биринчи курсида ўқишаётганда, Лало – тиббиёт университетининг тайёргарлик факультетида, Каллахум эса “Wiese” фирмасида иш бошлаганда Чабука билан Лалонинг ўрнига Чиллак, Японканинг атрофида Чиллакнинг ўрнига Лало гирдикапалак бўлиб юрганида, Мирафлоресга Тересита Аррарте келди. Куэльяр уни кўргач, ўша заҳоти, таъбир жоиз бўлса, бир суткада бутунлай бошқа одамга айланди-қолди. Безориликни ташлади, кўчага чиқаётганда ўзига оро берадиган бўлди: башанг камзулини кийиб, галстугини дазмоллаб, сочларини Эльвис Преслига ўхшатиб тараб, пойабзалини ялтиратиб чиқарди. Сенга нима бўлди, Зумраша? Таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетибсан, ювошгина, мулойимгина бўлиб қолибсан? У эса лаб-лунжини йиғиштириб ололмасди – ҳеч нарса бўлгани йўқ, камзулининг қайтарма ёқасини бармоқлари билан силаб қўяди, худди бир пайтлари кўз-кўз қилгандек – бўлар экан-ку, одамга ўхшаб юрса! Оббо ўртоғ-ей, жуда очилиб кетибсан, қойилман, куёвболага ўхшаб қолибсан! Тинчликми, бирон нима бўлдими, у эса оғзи қулоғида – бўлса бордир. Тересита сабаб эмасми, ишқилиб? У эса сариёғдек эрий бошлайди – эҳтимол. Уни ёқтириб қолдингми? Балки…
Куэльяр – ўша қуйи синфда ўқиётганимизда ҳамма биладиган Куэльярга айланганди яна. Якшанба кунлари черковдаги маросимга қатнар (биз бир неча марта вино билан нонни табаррук қилаётганини кўрган эдик), ҳар доим маросимдан сўнг бизнинг мавзеда истиқомат қиладиган қизлар билан гаплашиб турарди. – Қалай ишлар? Нима янгиликлар? Паркка борамизми, Тересита! Кел, манави ўриндиққа ўтирамиз, салқингина экан! Қош қорайганда яхмалакка борарди, у ерда дам йиқилиб, дам туриб хохолаганча кулар, тинмай ҳазиллашарди – кел, бу ёққа кел, Тересита, ўзим ўргатаман сенга! Агар у йиқилиб тушса-чи? Йиқилмайди, у қўлидан ушлаб туради. Қани, бўлақол, яна бир марта! Шунда Тересита – хўп яхши, яна бир марта! Ўзи эса қизариб кетади, унга кўзларини сузади, қўғирчоқ дейсан, малласоч, дўмбоққина, майда, садафдек тишларини кўрсатиб жилмаяди. Бу пайтда Куэльяр “Регатас” клубига тез-тез бориб юрарди – дада, мени шу клубга аъзо қилиб қўйинг, ўртоқларимнинг ҳаммаси ўша ерга боради. Отаси – яхши, ўғлим, акция сотиб оламиз, нима, у ерда пойга бўладими?
Якшанба кунлари кечки пайт Куэльярнинг оғзи қулоғида, мамнун қиёфада “Саласар” паркида сайр қиларди. Доимо битта янги латифани ҳар эҳтимолга қарши хаёлида асраб юрарди – Тересита, ҳаворий Исо билан итоаткор фил ўртасида қанақа умумийлик бор? – Тересита, менинг кўзойнагимни тақиб ол, қуёшда кўзларинг қамашиб кетяпти – доим тинмай гапиради – Тересита, уйда нима янгиликлар? – доим ғамхўр – Тересита, музқаймоқ олайми ёки hot-dog, балки бутерброд хоҳларсан, балки milk shake?
Ана кўрдингизми, деди Фина, вақти келди чоғи, Куэльяр – ошиқ. Чабуко эса – нимасини айтасан: Тереситани кўрди дегунча сарёғдек эриб кетади. Кечки пайт бильярд ўйнаётган болалар – наҳотки шу қизга кўнгил қўйса! Каллахум – наҳотки журъати етса? Чиллак – Тересита ҳамма гапдан хабардор бўлса-чи? Лекин очиқчасига ҳеч нима сўрашмади, агарда ишора қилишса ҳам у ўзича ҳеч нарсани тушунмаганга олди. Тереситани кўрдингми? Ҳа. Кинога тушдиларингми? Ҳа. Кундузи тушдик: Ава Гарднер ўйнаган фильмга. Хўш, қалай экан? Зўр, сизлар ҳам албатта тушинглар. Куэльяр камзулини ечди, енгини шимарди-да, бильярд таёғини қўлига олди, сўнг ҳаммаларига пиво чақирди, ўша куни улар ярим кечага қадар ўйнаб зерикишмади. Иттифоқо, бир куни ўйин пайтида, кўзларини яшириб, шивирлагудек бўлиб – мени касалхонага ётқизишмоқчи, – бўр билан йиққан очкосини ёзиб қўйди, – операция қилишар экан. Улар эса – Зумраша, демак, шифохонага ётқизишаркан-да? Қачон, қаерга, қизиқ биз учун. У эса лоқайд бир қиёфада – хўп, айтаман, лекин нимаси қизиқ бунинг? Операция қилишади, лекин бу ерда эмас, Нью-Йоркда, дадам ҳам бирга борадилар. Биз бир овозда – э, ҳайрият, мана буни янгилик деса бўлади! Яқин орада кетасизларми? Куэльяр – яқинда, бир ойдан кейин, улар эса – омадинг келгани шу-да! У эса – ҳали эртароқ, аввал шифокорнинг жавобини кутиш керак, кеча дадам унга хат ёзиб юбордилар. У оддий шифокор эмас, донғи кетган шифокор! Фақат чет элда бўлади бунақаси. Кунлар кетидан кунлар ўтди, Куэльяр – дада, нима бўлди, жавоб келдими? Эртасига – хат келдими, ойи? Йўқ, ўғлим, ташвишланма, бугун-эрта албатта жавоб келади. Ниҳоят, у орзиқиб кутган мактуб келди, дадаси очиб ўқиди-да, Куэльярнинг елкасидан тутиб – ўғлим, минг афсуслар бўлсинки, иложи йўқ экан, бардошли бўл. Нақадар аламли жавоб, Зумраша, дейишди улар, у эса – балки бошқа мамлакатларда – Германиядами, Париждами, Лондондами иложи топилар, дадам сўраб-суриштираман, ҳамма ерга хат юбораман, деди. Отаси ҳеч қанақа харажатлардан қочмайди. Сўз бердими, албатта бажаради. Биз – тўғри, оғайни, биламиз, гап бўлиши мумкин эмас дадангга, Куэльяр кетгандан кейин эса – бечора, одам ачинади. Каллахум эса – Тереситанинг қадами хосиятсиз келди, Чиллак эса – у кўникиб қолганди, энди бўлса, яраси янгиланиб, ўзини қўярга жой тополмаяпти, Маньуко – балки тиббиёт бирон нарса ўйлаб топар? Шунда Лало – йўқ, менинг шифокор амакимнинг айтишича, фойдаси йўқ экан, ҳеч иложи йўқ эмиш.
Куэльяр эса – нима бўлди, дада? Ҳозирча жимжит, Париждан хабар борми, ойи? Римдан-чи? Германиядан-чи?
У гап-сўзлардан узоқроқ бўлиш ва тагли-тугли хонадон эгаларининг ишончини оқлаш учун яна барча оқшомларга кела бошлади, у ерда нима бўлган тақдирда ҳам, туғилган кунми, сайилми, фарқи йўқ, у ўз вақтида борар, ичкиликни оғзига олмас, совға-салом кўтариб боришни ҳеч қачон унутмасди – Чабукита, мана бу сенга, табриклайман, мана бу гуллар онангга, Тересита келганми? Эски замонларда чоллар рақсга тушгани каби улуғвор бир қиёфада, шеригидан хиёл узоқлашиб рақсга тушар эди; зерикаётган қизларни таклиф этарди – қани, дўндиқча, рақс тушамизми, оналарга икки оғиз ширин сўз, оталарга ҳам тилак билдирайлик, амма-холаларимиз хурсанд бўлади, жилмайиб қўяйлик – бир стакан кетадими, жиллақурса, бир қултум. Хонадоннинг қариндош-уруғларига табассум билан хушомад қиларди – марваридингиз бунча чиройли, балдоғингиз ялтирашини айтинг, зарур бўлган пайтда воқеага монанд суҳбатлар – охирги пойгада бор эдингизми, сеньор, асосий ютуқ кимда кетди? Манзур бўларли мулозамат – сиз, сеньора, асл европаликлар авлоди экансиз, ҳуснда беназир, ўз қадрини билишда тенгсиз, мана шу айланишни менга ўргатсангиз яхши бўларди, дон Хоакин, сизга ўхшаб рақс туша олганимда эди!
Биз бирон нима ҳақида (паркдами, “Gream Rica” ёки кўчадами, фарқи йўқ) гаплашиб турганимизда бирдан Тересита ёнимизга келиб қолардию, дўстимиз Куэльяр бир зумда ўзгарарди-қўярди. У ўша қизнинг эътиборини ўзига қаратиш учун ўлиб-тирилар, бир нимасини кўз-кўз қилмоқчи бўлар, охири, мана, кўриб қўйинглар, менинг ҳамма нарсага ақлим етади, деб қойил қолдирмоқчи бўларди. Сўнг кутилмаганда, биз яхши тушунмайдиган мураккаб нарсалар: диний тушунчалар ҳақида (абадий мавжуд бўлувчи қудрат соҳиби – Тангри охир-оқибат ҳалок бўлиши мумкинми?) сиёсат ҳақида (Гитлер, ёзишларича, фақатгина телба бўлган эмас, балки қисқа вақт ичида Германиянинг ўта ривожланган мамлакатга айланишини таъминлаган шахс), спиритизм хусусида (бу тутуриқсиз гап эмас, илмий асосланган факт! Франциядаги бир дорилфунунда шунақа фолбинлар борки, улар нафақат ўлганларнинг руҳини чақириб олади, балки уларни суратга туширишга ҳам қодир. Буни китобда ўз кўзи билан кўрган. Агар Тересита хоҳласа шу китобни унга келтириб беради) гапиради, ўзининг католик университетига кириш режалари билан ўртоқлашади. Тересита эса ишва билан жилмайиб – нақадар гўзал! ким бўлиб чиқади у ердан? – қўйиб берса оппоқ қўли билан унинг иягини силайди, – адвокатми? – бармоқлари дўмбоқ, тирноқлари узун-узун, – уҳ, шуям ишми? – сиртига бадан рангидаги лак суртилган – юзини буриштиради. Куэльяр эса – йўқ, у лўттибоз ёки сафсата сотиш учун ўқимайди у ерда, бу нарса Torre Tegleга кириш учун зарур, дипломат бўлмоқчи. Тересита қойил қолади: оппоқ қўллар, сузилган кўзлар, қайрилма киприклар… У эса – ҳа, шунақа! Отаси министр билан яқин, бу ҳақда гаплашиб ҳам қўйишган. Демак, дипломат – чиройли лаблар жилмаяди, – о-о, нақадар ажойиб! У энтикканча – албатта, ахир дипломатга чиқарган дунёни кўриш. Қиз эса – секин айтасанми, ундан ташқари, деярли ҳар куни ё тантанали зиёфат, ё қабул маросими!
Севги мўъжизакор, деди Пуси, бунча қобилгина, итоаткорга айланмаса! бирдан! Японка эса – уларнинг севгисига сира тушунолмайман. Агар у Тереситани шунчалик яхши кўриб қолган бўлса – чўзиб ўтирадими, аллақачон кўнглини очиши керак эди. Чабука эса – ҳамма гап шунда, икки ойдан ошди ортидан бир қадам қолмай юрганига, ҳалигача юрибди. Болалар ўзаро – билишадими ёки ўзларини билмаганга солиб юришибдими? Бироқ қизларнинг олдида иложи борича унинг ёнини олишади: бировдан олдин, бировдан кейин. Ғурури йўл қўймайди, деди Чиллак, Тереситанинг рози бўлишига кўзи етмагунча таваккал қилмайди. Қанақа таваккал, деди Фина, қиз бечора ўлай деб турибди-ку! Тересита кўзларини шунақаям сузадики, чидолмайсан! Японка – чунонам тикилиб қарайдики, жилмайишлари-чи: нима эмиш, сен конькида зўр учар экансан, иссиққина бўлса керак, сен билан бирга учамиз, майлими?
Ҳамма гап шунда-да, деди Маньуко, Тереситага ўхшаган ойимчаларга ишониб бўлмайди: бугун хўп дегани билан эртага айниб қолиши мумкин. Фина билан Пуси эса – бўлмаган гап, ўзимиз сўрадик ундан, кўнглидагини айтди, ўз оғзи билан – ҳа, деди. Чабука эса – очиқ-ойдин кўриниб турибди-ку, Куэльяр қаерда бўлса, Тересита ўша ерда! Фақат у билан рақсга тушса! Кинода фақат у билан ёнма-ён ўтирса! Жинниям билади бечора қизнинг қаттиқ яхши кўриб қолганини! Японка – унинг журъат қилишини кутиб юриш жонига тегса-чи, унга тушунтириш керак, чўзиб ўтирмай ҳаракатини қилсин, шанба куни бизникида ё Чабуканикида ё Финанинг уйида рақс кечаси уюштирамиз, йўлини топиб икковларини ёлғиз қолдирамиз. Бильярдхонада эса болалар, вой тентак қизлар-ей, ҳеч нарсани тушунишмайди-я, балки тушуниб туриб атай қилишяптимикан…
Бу шундай давом этиши мумкин эмас, деди иттифоқо Лало, Зумраша жинни бўлиб қолиши мумкин, муҳаббат деб эсидан оғиб қолса, нима қиламиз, тезроқ нимадир қилиш керак. Болалар – гапинг тўғри, лекин нима қилиш керак? Маньуко – келинглар, текшириб кўрамиз, Тересита чиндан ҳам ўртоғимизни яхши кўрадими ёки шунчаки лақиллатиб юрибдими?
Улар қизнинг уйига келишди, кўнглида нима гап, нима қилмоқчи, саволга тутишди, у эса (анойи эмас экан у!) ўзини овсарликка солиб, тўртовларини довдиратиб қўйди, чин сўзим. Куэльярми? – балкондаги арғимчоққа ўтириб олди, – ахир исми билан чақирмай, бемаънидан-бемаъни лақаб қўйиб олгансиз-ку, ўша болани айтяпсизларми? – арғимчоқда секин уча бошлайди, оёқларини кўтариб олди, – ўша мени яхши кўрармишми? – оёқлари чакки эмас, – сизлар қаердан биласизлар? Каллахум нима дейишини билмай қолди – ўзингни жинниликка сол­япсанми, ҳамма билади-ку: сен ҳам, бизнинг қизларимиз ҳам, бутун Мирафлорес билади. У бўлса киприкларини қоқиб, яна ҳайрон бўлади, бурнини жийиради – наҳотки? – уларга қарайди, худди болалар ойдан тушгандек, – йўғ-э, биринчи эшитишим. Маньуко – қўйсанг-чи, Тересита, тўғрисини айтавер, кўриб турибсан-ку аҳволини? Тересита эса – бай-бай-бай! Кўзларини пириллатади, қўлларини икки ёнга ёяди, тишлари ярақлайди, туфлилари бежирим. Худди мана мен, қаранглар, маъқулми, лекин барибир ҳеч қанақасига тутолмайсиз, деган қушга ўхшаб ўтиради.
Хўп, шундай бўла қолсин, лекин бу яқинлик дўстликдан бошқа нарса эмас, агарда гапнинг пўсткалласини айтсам – келишгангина, бармоқчалар, тирноқчалар, овози-чи, – одамни иккилантириб қўйдиларинг-ку, Куэльяр менга бир нарса дейиш тугул, ҳатто бирон ишора ҳам қилмаган. Болалар – э-э, чўпчагингни бошқа ерда айтасан, нимадир деган бўлса керак, жиллақурса, хушомад қилгандир. Қасам ичаманки, йўқ, йўқ, ҳеч қандай ишора ҳам қилмаган, балки боғида ўра қазиб бутун дарду ҳасратини ўша ерга кўмиб қўйгандир – гажаклар, дудоқлар, солинчак, – хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, менга бир оғиз гапирмаган. Чиллак – Куэльяр ортингдан дум бўлиб юрганини ҳам билмайсанми? Тересита – эҳтимол шунақадир, лекин дўст сифатида, бирга юргиси келганидандир, бай-бай-бай! Туфлиси билан­ тақиллатиб қўйди, қўлчалари муштумча бўлиб тугилган, кўкраклари диккайган, мўрчамиён, маккор, уларни аҳмоқ қиляпти ўзича. Биз гапни айлантириб кўрамиз, ўзимизча биз ҳам қармоқ ташлаймиз – билагингдан бир марта ҳам ушламаганми? Йўқ. Тегмаганми ҳатто? Йўқ. (Ҳали шошмай тур, шундай боплаймизки!) Яхши кўраман, деб ҳам айтмаганми? Йўқ. (Бўпти, яхши, айланиб ўтамиз!) Куэльяр тортинчоқ бола, деди Лало, лекин мана кўрасан, у шу кунларда ўзини тутиб олсин, сени ҳозирча дурустроқ билмайди-да. Нимамни билиши керак? – пешонаси тиришади, – мени тергов қиляпсизларми? – кулгичлари ўйнайди, мужгонлар, қайрилма қошлар, – Кимни айтяпсизлар? Ҳалиям ўша Куэльярними? Маньуко – кимни бўларди яна, ахир ҳар куни ўзинг билан бирга юради-ку! Ҳозирча бир нима деёлмайман, менга ҳеч нарса демаган.
Каллахум шунда – айлантирма, у сенга ёқади, ҳар хил ишораю ишвалар билан ўзингга қаратиб олгансан. Тересита эса – мен ҳеч қанақа ишора қилмаганман, ишва қилишга бало борми, бир сабабу баҳона ҳам бўлмаган, бўлиши ҳам даргумон. Улар эса – бўлган, бўлган, бир мартадан кўп. Лало – хўп, сенингча, у келишган йигитми? У – кимни айтяпсан, Куэльярними? – тирсаклар, думалоқ тиззаларининг кўзи, – ҳа, шунақа, шекилли. Биз шунда – ана кўрдингми, у сенга ёқади! Тересита – мен бундай демаганман, бекорга йўқ ердаги гапларни менга тўнкаяпсиз, ундан кўра, яхшиси, қаранг, гулзорга қанақа капалак учиб кирди, ҳов анави, ёронгул ўсаётган ерда, эҳтимол, у капалак эмасдир! – дик этиб ўрнидан турди, бармоқларини нуқтади, пошнаси оппоқ, – лақаби нега бунақа хунук? Сизлар-чи, намунча тарбиясиз, қўполсизлар? Бошқа лақаб қуриб қоптими, бошқа чиройлироқ бир сўз топмайсизларми, айтайлик, “Супермен”, “Тарзан”, “Боби” десангиз бўлмасмиди? Ана кўрдинг, сен унга бефарқ эмассан. Бундан чиқди, ўша лақабни кўнглингга оғир оляпсанми, демак, унга бефарқ эмассан! Тересита – унга ачинади одам, шунақа лақаб билан яшаб кўргин-чи ўзинг? Демак, уни севар экансан-да? Севаман? Сал-пал – сузилган кўзлар, ним табассум, – фақат дўст сифатида!
Тересита йўқ, деб алдаяпти, аслини олганда икки карра икки тўртдек равшан. Биз шундай қарорга келдик… Зумраша, отни қамчилашинг керак, ўша отни қайси йўлдан йўрттириб борган маъқул, мана гап қаерда!
Куэльяр эса ҳамон пайсалга соларди – Тересита Аррарте ортидан юргани юрган, нима деркан, дегандек унга мўлт-мўлт тикилади, кўнглини нима билан олишни ўйлайди, шекилли. Ҳали ҳеч нарсадан бехабар мирафлореслик болалар уни ошкора аския қила бошлашди – туршак, латта, лайча, қизлар эса уни уялтириш, жаҳлини чиқариш учун кетидан ашула айтишади – “Қачон ахир, қачон ахир”. Бир куни кечки пайт келишганимиз бўйича “Дара” кинотеатрига бордик, йўл-йўлакай эса – менга қара, Зумраша, яхшиси, “Форд”ингда Подковага сурамиз, нима дейсан? У эса – о’кей! У ерда пиво ичишади, футбол ўйнашади, унинг “Форд”и кишнаб турган отнинг ўзи, бир зумда элтиб қўяди. Биз ўша “от”га ўтирдик, фақатгина муюлишда шиналарнинг ғижирлагани эшитилади, холос, соҳилда эса турган гапки, йўл ҳаракатини назорат қилувчи тўхтатди – наҳотки, юздан кўп бўлса, сеньор, “Эҳ, жонгинам, унутайлик буткул, ҳаётда сира қилмайлик зулм!” У ҳайдовчилик гувоҳномасини сўради, Куэльяр унга иккита қоғоз узатди. Сеньор, бизнинг саломатлигимиз учун юзта оларсиз… “Эҳ, жонгинам, унутайлик буткул, ҳаётда сира қилмайлик зулм!” Улар Подковага жуда тез етиб келишди ва тўғри “Насиональ” рес­торанига йўл олишди, бу ерда одам гавжум, деярли ҳаммаси чоло, мана бу уачита чакки эмас, бу ердагилар зўр рақс тушиб қўйишади-да, лекин! Куэльяр ҳазил, аския қилишдан чарчамайди, хушчақчақ, биз эса ҳатто икки қадаҳ “Хрустал”дан кейин ҳам тилимизга чипқон чиққандек индамай ўтирибмиз. Тўрт қадаҳдан кейин ҳам аҳвол шу. Олтинчи қадаҳдан кейин Лалога жон кирди – мен сенинг дўстингманми, Зумраша? У эса кулади – тўйдингми дейман, а? Маньуко эса – биз ҳаммамиз сени яхши кўрамиз, оғайни, Куэльяр эса – оббо, бошланди-ю талтайиш, намунча тез, Маньуко эса – биз сен билан гаплашиб олмоқчимиз, Зумраша, сенга бир нималарни маслаҳат бермоқчимиз. Буни эшитиб Куэльярнинг ранги ўзгариб, юзи оқариб кетди ва битта кўтаришда пивосини охиригача ичди. Иккаласининг муносабати ғалати-я жуда, тўғрими, болалар? Биринчиси жуда бўшанг, иккинчиси баҳарнав, кўҳликкина. Лало – гапни айлантиришдан фойда йўқ, оғайни! Сен Тереситани яхши кўрасан-ку, тўғрими? Куэльяр йўталиб қўйди, зум ўтмай аксира бошлади. Маньуко эса – Зумраша, айлантириб ўтирмай тўғрисини айт: ё ҳа, ё йўқ. Куэльяр аввалига ишшайди, лекин ўша заҳоти ўчди, қалтираб, руҳи тушиб кетди ва базўр, деярли эшитиб бўлмайдиган товушда шивирлади – ҳ-ҳа, ж-жжудаям я-яхши к-к-кўриб қ-қолганман. Яна иккита “Хрусталь”, Куэльяр яна – лекин н-нима қ-қилишимни б-билмаяпман, Каллахум эса – қанақасига билмайсан? Куэльяр – нима қилай, Чиллак, нима? Чиллак эса – қўйсанг-чи, нима қилай эмиш, ҳамма нима қилади бунақа пайтда, дастлаб ундан сўра, яхши кўрадими сени, йўқми, ишончинг комил бўлсин, Тересита хўп дейди. Кейин нима бўлади, Маньуко? Айтайлик, у мен билан юришга рози, кейин нима бўлади? Кейинни кейинга қолдирасан, деди Лало, ҳозир эса резинка қилиб чўзмай унга севаман, деб айт, балки операция қилгандан кейин тузалиб кетарсан, Куэльяр эса шивирлагудек – Каллахум, ўртоқ, борди-ю, Тересита билиб қолса-чи, битта-яримта айтиб қўйган бўлса-чи. Шунда биримиз олиб-биримиз қўйиб – ҳеч нарсани билмайди, у билан астойдил гаплашдик, Тере устингда ўлиб қолади. Зумрашанинг овози ўзига келиб қолди – менинг устимда-я? Бўлмаса кимнинг? Балки ростдан ҳам тузалиб кетарман-а? Албатта тузалиб кетасан, гап бўлиши мумкин эмас. Фақат дадилроқ бўл, ўзингни қийнама, бўлди энди, бўшашма, акс ҳолда газак олиб кетади. Лало ҳам – Тересита “гаҳ” деса қўлингга қўнадиган бўлиб турибди; ниҳоят, ўртоғимизнинг ҳам бошига қиз битаркан-да! Куэльяр эса – хўп, кейин-чи, кейин? Каллахум – кейин ҳамма нима қилган бўлса, ўшани қиласан. Маньуко шартта – бошида қўлидан ушлайсан, Чиллак давом эттиради – бир-икки ўпасан, Лало эса – у ер-бу ерини пийпалаб қўясан. Куэльяр эса – кейин-чи? – деярли эшитилмайдиган қилиб – кейин-чи? Болалар – кейинми? Ҳа, кейин, улар улғайиб, уйланадиган вақт келганда, нима дейсанлар, Лало, Чиллак, сен-чи, Маньуко? Лало эса – оббо, топган гапини қаранг, шуям муаммоми? Вақти келиб, бирон баҳона топиб ҳаммасига барҳам берарсан, ажрашиб кетасан-қўясан, ота гўри қозихонами шунгаям? Куэльяр эса истар-истамас, хижолат чекаётганини яшириб – номардлик эмасми, ахир у… Тересита жудаям яхши қиз, уни жонимдан ҳам ортиқ кўраман-ку! – аммо сал ўтиб (ўнта “Хрустал”дан кейин!) – болалар, гапингиз тўғри! Мен унга ёпишиб оламан, хоҳлаганча юриб, кейин ташлаб кетаман!
Бироқ ҳафталар кетидан ҳафталар ўтди – ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Қачон энди, Зумраша, у эса – эртага. Эртага ҳам шу аҳвол давом этадими? Эртага дедим-ку, сўзим – сўз. Уни бу қадар хўрланган, қайғули аҳволда ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаганди. Қизлар эса унинг ортидан машҳур қўшиқни хиргойи қилиб қолишарди – “Балки, балки, балки!”
Ана ўшандан кейин Куэльярнинг жиннилиги хуруж қилиб қоладиган бўлди. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ бильярд таёқчасини отиб юборади (бўлмайсанми, оғайни!), бирдан бутилкаларни синдира бошлайди, сигарет қолдиқларини отади, ҳаммага тегажоғлик қилишга тушади. Ёки бўлмаса бирдан ўтириб йиғлайди – мана кўрасиз, қасам ичиб айтаман, эртага кўнглимдаги бор гапнинг ҳаммасини тўкиб соламан, агар айтмасам тил тортмай ўлай. Ёки бўлмаса кино кўраётган маҳал кутилмаганда кинотеатрдан қочиб чиқади-да, (“кунлар ўтмоқда ахир, юрак-бағринг қон”) жазавага тушгандек Ларко проспекти бўйлаб югуриб қолади, биз эса унинг ортидан қолмай чопамиз. Мени тинч қўйинглар, мен бир ўзим қолишни истайман. Болалар – ўзингни қўлга ол, Зумраша, ёпишиб ол унга, қўрқма, қўрқма, бўла қол энди, ҳаракатингни қил, “балки, балки, балки”.
Баъзан эса “Чайки”да учиб қолгунча ўтиради. Ўзимдан ҳазар қиладигандек бўлиб қолдим, Лало, жоним азобда, Чиллак, битта-яримтасининг қонини ичайми! Биз уни оёғини ерга теккизмай уйига элтиб қўямиз – Зумраша, ўзингни қўлга ол, бўлди-да энди! Қизлар эса унга тинчлик беришмасди – “Ўша ҳаммадан қадрли қизга, қачон, айт-чи, нима бўлди?” Яхши эмас, дердик биз, бу кетишда адойи тамом – пиёниста бўлиб қолиши ҳеч гапмас, безорига айланади…
Бутун қиш мана шу тахлит ўтди, яна ёз келди, қуёшнинг нурафшон нурлари порлаган кунларда Мирафлоресга Качито Арнилья келди. У архитектура факультетида ўқир, ўзининг шахсий “Понтиаг”ида юрарди. Яхши сузувчи ҳам эди. Мана шу Качито келганидан бошлаб бизнинг гуруҳимизга қўшилди. Бошида биз унга рўйхуш бермадик, қизлар ҳам бизни қўллаб-қувватлашди – нима керак сенга бу ерда, ким таклиф қилди сени? Аммо Тересита уни ҳимоя қилди – бас қилинглар! Нега унга ёпишиб олдингиз? Уни мен таклиф қилганман, ўзим билан ўтирақолсин, – бошида матросча шапка, blue jeans.
Болалар эса – хўш, оғайни, кўрмаяпсанми? Куэльяр – йўқ, ҳаммасини кўриб турибман. Улар эса – тентак, Качито уни ўзига оғдириб оляпти-ку, мана кўрасан, уни ўзига осонгина ром қилиб олади, имилласанг – тамомсан. Куэльяр эса – нима экан депман, оғдириб олса олаверсин! Қизғанмайсанми сира? Куэльяр – нега қ-қ-қизғанар эканман? Уни ортиқ яхши кўрмайман, демоқчимисан? – Куэльяр эса – н-нимасини яяхши к-кўришим к-керак?
Январнинг охирларига бориб Качито Терситани “ўзиники” қилиб олди ва энди қиз уникига айланди. Бечора Зумраша, дердик биз, шунча гапдан кейин бўлган ишни қара! Ана шу қизни деб, ўша ойимтилла, виждонсизни деб шу кўйга тушиб юрганмиди. Бу пасткашликдан бошқа нарса эмас! Аммо қизлар уни ҳимоя қилишарди – тўғри қилди, ҳаммасига ўша Зумрашаларингнинг ўзи айбдор. Чабука бўлса – боёқиш қачонгача чидаши керак! Японка – бу пасткашлик Зумрашангнинг иши, Тереситада айб йўқ! Шунча пайтдан бери қийналиб кетди, бечора! Кутиб чарчади. Пуси – Качито келишган йигит, Фина – жудаям бамаъни, одобли, ҳар жиҳатдан тўкис йигит! Чабука эса – ўша Куэльярингиз латта экан! Шунда Японка – эркак ҳам шунақа лаллайган бўладими!

V

Шу-шу Зумраша Куэльяр яна ўша эски ҳунарини бошлади. Ана холос, деди Лало, демак, муқаддас ҳафта бошида у тўлқинларда сузибди-да? Чиллак – тўлқинлар? Оддий эмас, беш, ҳатто ўн метр келадиган баҳайбат пўртаналар эди! Каллахум – жуда ваҳимали бўлди, эсинг оғиб қолади, ечиниш хонаси бор-ку, бутунлай сув тагида қолди. Чабука – ҳатто соҳилдаги машиналарнинг ҳаммасини сув босди. Зумрашадан бошқа биронта одам чўмилгани йўқ ўша куни.
У яна ўша Тересита Аррартенинг олдида ўзини кўрсатмоқчи бўлгандир-да! Албатта! Атайин шундай қилди, уни бир куйиб-ёнсин, деган. Албатта! Кўриб қўй, мен қанақаман! Ўша сен топган Качитонг менинг олдимда бир сўтак, яна сузувчиман, деб мақтанишига ўлайми! Қилт этмай турибди-ю, қиз болага ўхшаб! Қанақа йигитдан қуруқ қолганини кўриб қўйсин!
Нега бунақа, ҳайронман, муқаддас ҳафтада денгиз бунақа қутуряпти, деди Фина. Японка – денгиз Исо Масиҳни ҳалок қилган жуҳудларга қарши қутуряпти. Каллахум эса – уни, менимча, римликлар хочга тортган, ­шекилли, тентак?
Биз дамбада ўтирардик, Фина – чўмилиш кийимида, Каллахум – оёғини осилтириб, Маньуко – бизга сув томчилари сачрарди, Японка – қирғоққа урилаётган тўлқинлардан, Чабука – сув ҳаддан ташқари совуқ, Пуси – қорамтир ҳам эди, бўтана бўлиб қайнаганидан, Чиллак – кўпиклар ҳам қорайиб кетган эди, Тересита – ўт-ўлан, йўсинлар туфайли, ҳар балолардан, – деди Качито Арнилья.
Ва бирдан, жи-им, жим-м, қаранглар, ҳов ана, Куэльярнинг ўзи келяпти. Нима дейсан, Тересита, ёнингга келадими ёки ўзини кўрмаганга оладими? Куэльяр машинасини жаз-клуб қаршисида қолдирди-да, пляжга тушди, “Қалдирғочлар” кийим алмаштириш хонасига кириб, у ердан чўмилиш кийимида чиқди. Янги, деди Чиллак, менимча, Америкадан келтирилган, Каллахум эса – ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиш учун олдиндан ўйлаб қўйган. Сочиққа ўраниб, қуёш нуридан сақланиш учун замонавий қора кўзойнак тақиб олганини-чи. – Лало! Куэльяр панжарага суяниб олган кўйи иккиланаётган чўмилувчиларга мийиғида кулиб қаради-да, қум тўзонини учириб юбораётган даҳшатли тўлқинларга назар солди ва бизга қўл силкиб, шу томонга кела бошлади. Салом, Куэльяр! Қалай, тўс-тўполон? Салом, салом – чеҳрасида эса гарангсиган ифода, – нимани назарда тутяпсиз? Бундан кўра бассейнга борган маъқулмиди, нима дединг, Куэльяр? Нега энди, фарқи йўқ. Унинг саволомуз нигоҳида тушунмагани зуҳур этарди. Сўнгра ҳайрон бўлиб турганида бирдан тушуниб қолгандек – тўлқинларни дебми? Қўйсангиз-чи, шуям баҳонами? Ўзи нима бўлди сизга? (вой-вой-ей, ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатмоқчи бўляпти-ю, тўлқинларни кўриб юраги товонига тушиб кетди, менимча, деб кулиб қўйди Пуси.) Бугун денгиз зўр-у жудаям. Тересита эса кўзини пириллатди – жиддий айтяпсанми? Бўлмаса-чи, бунақа тўлқинда сузишга нима етсин! Ҳазиллашяпсанми? – қўлчалар, ғунчалаб. Качито эса – наҳотки денгиз қутурганда сузишга таваккал қилмоқчисан? Албатта, чалқанча ётиб, балки тўшакча олволиш керакдир-а? Бекорга куляпсиз! Ёки қўрқаяпсизми? Тересита бўлса – ўзинг қўрқмаяпсанми? Йўқ. Во-ой-вой-й, барибир чўмилади. Ҳа, қайтмайди, чўмилиши аниқ.
Унинг бўйнига ўралган сочиқни ечиб олгани, (Тересита Аррартега қараб қўйгани уларнинг назаридан четда қолмади. Қиз лоақал хижолат чеккандек озгина қизардими – сўради Лало, Каллахум эса – зарур кептими? Качито-чи? У ўша заҳоти жуфтакни ростлади), қирғоқдаги зиналардан чопиб чиқиб, юқорига чиққани ва сальто қилиб сувга сакраганини ҳамма кўрди. Бир лаҳзада у ўн метрча сузиб борди ва кўпиклар гирдобида пайдо бўлди. Куэльяр бостириб келаётган тўлқинлар етиб келмасидан шўнғиди ва тўлқинлар тепасига чиқиб олди, яна шўнғиб, яна олдинга сузди. У нимага ўхшарди шу топда? Балиққами, дельфингами? Қани ўзи у? Ана – қўллар, қийқириқлар, оҳ тортишлар, – у ёқда эмас, анови ерда! Зумраша соҳилдан тобора узоқлашиб борарди, охири у аранг илғаш мумкин бўлган оқиш доғга айланди ва ниҳоят, тоғдек кўтарилган тўлқинларнинг остига етиб борди.
Вой, Лало, тасаввур қилолмайсан, тўлқинлар ваҳима билан осмонга сапчийди, худди қайтиб тушмайдигандек, жаҳаннам дейсан, (оҳ-воҳлар, қўлчалар, кўзлар – ҳов анави оқиш доғми?) Юрагиям бақувват экан, қойил-э! Тўлқинлар гоҳ олдинга итқитади, гоҳ орқага, гоҳ кўпиклар гирдобига ғарқ бўлади, гоҳ яна олдинга талпинади. Нимага ўхшайди? Қоғоз кемачагами, балки денгиз қушигадир?
Уни яхшироқ кўриш учун аввал Тересита, сўнгра унинг ортидан бошқалар ҳам – Чабука, Чиллак, ҳатто Каллахум ҳам дўнглик тепасига чиқиб олишди. Нимани кутяпти у? Нега чўзяпти? Ниҳоят, энг асосийси бошланди. У бизни кўриш учун бошини соҳил томонга бурди ва қўлини баланд кўтарганча силкитиб қўйди, бунга жавобан биз ҳам, омон бўл, жигар, кўришгунча.
Биринчи пўртана кўтарилди, ортидан иккинчиси, устма-уст учинчи долға тепага сапчиди, хиёл олдинроқ унинг қулай ўрнашиб олиш учун қўлини кўтариб олгани ва бор куч-қувватини оёқларига бериш учун жон-жаҳди билан кучанаётганини улар англаб қолишди. Кейин эса Куэльяр тўлқиннинг ўркачига учиб чиқди (Баландлиги қанча келади, саккиз метр борми – сўради Лало. Кўп. Анови том билан бараварми? Ундан баланд. Ниагара шаршарасидан ҳам баландми, нима бало? Ундан ҳам баландроқ!) ва бош томондан чўққиси кесиб ташлангандек туюлган тўлқинга қўшилиб бир лаҳзада тоғдек кўтарилган пўртана остида ғойиб бўлди. (Қани у? Қани у?) Зум ўтмай яна баҳайбат тўлқиннинг чўққисида пайдо бўлди. Бу сафар самолёт сингари гувиллаб, лахта-лахта кўпиклар сочаётган (Ана у, ана у!) ва секин-аста шиддати сусаяётган тўлқин ичра олдинга елиб кетди. Шу баҳона Куэльярни ҳаммалари кўрди, ўша тўлқин лошида, ҳаммаёғига йўсин ва сув ўланлари ёпишиб ҳеч нарса бўлмагандек шу тўлқин узра чалқанча ётиб олганча сузарди. Шунча вақт сув остида қолган бўлса, ўпкасиям китнинг ойқулоғидай экан-да! У итдек чарчаган бўлишига қарамай ҳаммани лол қолдиришга эришди. Лало, бунақаси ҳар кимнинг қўлидан келмайди! Ўша кундан эътиборан Куэльяр дўстимиз, эски ҳунарини бошлади.
Йилнинг ўрталарида, Миллий байрамдан кейиноқ, Куэльяр отасининг заводида иш бошлади, энди ақли киради, дейишди улар, одам бўлади. Ҳечам-да! Қайтанга бешбаттар кўйга тушди, Куэльяр ишдан олтида чиқар, еттида эса Мирафлоресга келса, етти яримда тирсакларини пештахтага тираганча (“битта “Хрусталь”, биродар, яна битта “Капитан”) қимор ўйнаш учун биронта танишим келиб қолар, деб “Чайки”да ўтирган бўларди. У ерда сигаретлар эзилган кулдонлар, каззобу ўғрилар, тирриқ қартабозлар орасида ёхуд сирти терлаган пиво бутилкаларига термилиб вақтни ўтказар, туннинг қолган қисмида эса яримяланғоч актрисани томоша қилиб, ёмон от чиқарган, иккинчи даражали кабареларнинг бирида ўтирарди, пулсиз қолган пайтларда эса, аллақандай овлоқ жойларни топиб олар ва хурмачасини тўлдириб ичарди-да, ё Паркер ручкаси, ё Омега соати, ё тилла тугмасини гаровга қолдириб кетарди. Уч пулга қиммат, дердик биз, ҳар хил ярамас, безори, қаланғи-қасанғилар, ҳезалаклар билан юрар, топиб олган қизларини кўрсанг, ачиниб кетасан, ота-оналарига иснод келтираяпти-ю булар деб. Аммо-лекин Куэльяр шанба куни фақат биз билан бирга бўларди. У нонуштадан кейин келар, агар отчопарга ёки дейлик, стадионга боришдан бош тортсак, у ҳолда Чиллакларникига ёки Маньуконинг олдига бориб, у ерда тушликка қадар покер ўйнардик. Кейин эса тарқалар эдик, ҳамма ўзининг уйида чўмилиб, ўзига оро берар ва Куэльяр “Форд”ида эмас, аъло даражали “Нэше”сида (отам ҳеч кутилмаганда туғилган кунимга шуни совға қилиб қолса денг!) бизни олиб кетгани келар эди.
Ўғлим, ёшинг йигирма бирга чиқди, Каллахум бўлиб қолдинг, сен энди сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эгасан, дерди, онаси эса – кўзимнинг нури, бунақа тез ҳайдашга одатланма, Худо кўрсатмасин-у, бирор фалокат орттириб юрма тағин! Муюлишда, биз ертўла, деб атайдиган ерда, одатда, бир рюмкадан ичиб, “иммунитет” ҳосил қилиб олардик-да, – “Хитой ресторан”игами? – қаерга боришни маслаҳат қилиб, – йўқ, яхшиси, Капон кўчасидан ўтаверсин! – янги латифалар топиб, айтишга тушардик, – балки “Кўприк ости” қаҳвахонасига борармиз; антикучосни зўр тайёрлашади-да – Зумраша латифа айтишни қотириб қўяди, – ё пиццерияга сурамизми? – эшитганмисиз, мана бунисини, қурбақа билан генерал? Мана бу-чи, кесиш керак бўлганни қирқмаслик керак, деганини!
Вино ва латифалар билан қизғин ўтган тушликдан сўнг улар ҳар хил жойларга боришар, баъзан “Embаssy“ ёки “Ambassader”да узоқ ўтириб қолишар, шунда ҳам томошаларнинг фақат бир қисмини кўришарди. Ва ўз “саёҳатлари”ни одатдагидек Грау шаҳарчасида жойлашган “Нанета” клубига бориш билан якунлашар эди.
Ол-а! Мирафлоресликлар йўқлашибди-ю бизни (бизни бу ердагилар яхши танирди). Салом, йигитлар, салом, Зумраша (исм тугул, лақабларимизни ҳам билишарди), қалай? Ишлар яхшими? Келдик, қушларнинг сайрашини эшитиб қолайлик, деб! У эса – жуда яхши-да, хуш кўрдик, келинглар. Баъзида Куэльярники тутиб қоларди-ю, жанжал чиқарар, сўнг “тарақ” этиб эшикни ёпарди-да, бизни чақирарди – кетдик, елкамнинг чуқури кўрсин-а, иккинчи қадам босмайман бу ерга! Лекин кўпинча ҳазил-ҳузул билан уларни аския қилар, ўйнаб-кулар, сўнгра рақс тушар ёки мусиқа аппарати ёнида Нанетанинг суҳбатини олиб, муздек пиво ичиб ўтирарди. Биз эса қизларга тегажоғлик қилиб, рақсга тушиб, то кетгунимизча ўйнаб-кулардик. Мана шундай маишат давом этаётган кунларнинг бирида, кутилмаганда Куэльяр йўқ бўлиб қолди, Лало – қани у, қаёққа кетди? – Нанета елкасини қисади – пивонинг пулини тўлади-да, бирдан туриб чиқиб кетди, хайр-маъзур ҳам насия бўлди. Кўчага чиқишса, машинада ўтирибди: рулга бошини қўйиб олган, аъзойи бадани титрайди. Нима бўлди сенга, оғайни? – У юм-юм йиғлаяпти-ю! – Биронтаси ёмон гапирмадими? Ким кайфиятингни бузди? Ҳозироқ қайтиб кирамиз-да, ким бўлсаям уриб дабдала қиламиз. Ё қизлар хафа қилишдими? Маньуко – бир тийинга қиммат ҳаммаси, шулардан ҳам хафа бўласанми, арзимайди, кўз ёшларингни артиб ол. Куэльяр эса, бошини кўтармайди, овози сўник – ҳеч ким хафа қилгани йўқ! – ҳўнграб юборади – йўқ, мени хафа қиладиган ҳали онасидан туғилмаган, кўрсатиб қўяман худди! – дастрўмоли билан кўз ёшларини артади. Бўлди энди, оғайни, ўзингни қўлга ол! Бирон нима бўлдими, гапир! Ё кўпайиб кетдими? Йўқ. Бирон еринг оғрияптими? Йўқ, ҳеч қаерим оғримаяпти.
Улар унинг елкасига қоқиб қўйишади – бўлди энди, бас, тинчлан. Юпатиш пайида бўлишади – қани, бўлди қилақол энди, Зумраша, оғайни! Ўйнаб кулсанг-чи ундан кўра, “Нэше”да бизни айлантириб кел, кетдик, бу ерда бекор ўтиргандан кўра, “Турбильон”га қайтиб борамиз, томошанинг иккинчи қисмига улгурамиз ҳали, қани, Зумраша, газни бос!
Охир-оқибат Куэльяр тинчланди, “18 июль” кўчасига чиққанимизда ҳеч нарса бўлмагандек, ҳазил-ҳузулларга қўшилиб, кулишга ўтди – эҳ, оғайни, нега боя бирдан бунақа кўйга тушдинг, ҳеч бўлмаса бизга айт, нима гап? У эса – ҳеч гап бўлгани йўқ, ўзи шунчаки, юрагим сиқилиб кетди бирдан. Улар – нима сабабдан, ҳаётинг зўр, камчилигинг йўқ, ёғнинг ичидаги буйракдек юрибсан-ку! У эса – ҳаётда ҳамма нарса бўлар экан, Маньуко – нима бўлиши мумкин, нима, гапир, Куэльяр – айтаман-да, одамлар, масалан, Худони ҳам эсдан чиқариб қўйишади, Лало – шунга сиқилиб ўтирибсанми? Каллахум эса – одамлар гуноҳкор, ҳаром-харишдан ҳазар қилмайди, демоқчимисан, у эса – ҳа, ҳа, умуман, ҳаёт шу даражада ифлоски, минг лаънат ҳаммасига! Чиллак эса – қўшилмайман гапингга, ҳаёт ўз йўлида давом этмоқда, гўзал, ҳаммаси жойида. У эса – лоф урма, мана, ўзинг ўйлаб кўр, одам боласи тер тўкиб ишлайди, оила қуради, пул топади ёки ейди-ичади, савлат тўкиб юради-ю, бирдан қараса – қариб қолибди, ҳали нималигини тушунмай туриб ўлиб кетади. Шуми ҳаётнинг гўзаллиги, турган-битгани азоб-ку! Нанетанинг олдида ана шулар ҳақида ўйлаб ўтиргандим. Шу ерда кайф-сафо қилишга ўзим олиб келдим, тўғрими? Ҳа. Шунга йиғлаб ўтирганмидинг? Ҳа, яна муштипар, қашшоқ, касалманд, кўзи ожизлар, тиланчилар, майиб-мажруҳлар хаёлимдан ўтди, улар Худога нима ёзибди? Мана шу чумолидек тиним билмайдиган болаларни қаранг, газета кўтариб, ҳар куни тонг отар-отмас чопишади кўчага, (тўғри, ўзим аҳмоқман!) ҳали она сути оғзидан кетмаган, пойабзал тозалаб Сан-Мартин майдонида ўтирадиган чололар, (тентак, тўғрими?) оч, яланғоч, биз эса – албатта, тентаклик, айб ўзингда, шунақа бемаъни хаёллар суриш шартми сенга? Демак, бояги кайфиятинг ўтиб кетди, шунақами? Нима ҳақда гапиряпсан? Қани бир жилмайгин-чи, бўлмаса ишонмаймиз. Ҳа-ҳа-ҳа! Бос газни, Зумраша, охиригача бос, улгуролмай қолмайлик яна, иккинчи қисми бошланяпти. Ким билади, бугун анави қорамағиз қиз ўйнармикан? Ўйнайди. Исми нимайди унинг? Ана! Куэльярнинг фикри қанақа ўзи у ҳақда? Олов-ку олов! Хўп, Зумраша, ростданам ҳаммаси ўтиб кетган бўлса, бир кулиб қўй-чи. У эса – ҳа-ҳа-ҳа!

VI

Лало Чабукога уйланиб, Маньуко билан Чиллак эса муҳандислик дипломини олишганда Куэльярнинг машинаси кўп аварияга учраганидан дабдаласи чиққан, деярли ҳаммаёғи ўйдим-чуқур, орқасидан ҳам, олдидан ҳам қараб бўлмайдиган ҳолда кўчаларда кўриниб қоларди. Болажоним, бунақа ҳайдамагин, деб кўп айтаман-а, бирор фалокат келмасин бошингга, отаси эса – ҳамма нарсанинг чегараси бор, йигитча, эсингизни йиғиб олинг; агарда яна бир марта такрорланса, бир сентавоям бермайман, жилла қурса, онангизга раҳмингиз келсин, сиз ҳақингизда ташвиш чекавериб адо бўлди-ку… Биз эса – энди ёш эмассан, Зумраша, бу мишиқиларни бошингга урасанми?
Сабаби, у аллақандай бир пулга қиммат қаланғи-қасанғилар билан ўртоқ бўлиб қолганди. Ҳар куни кечқурун “Чайки” ёки “Д’Онофрио”да исқирт пиёнисталар билан қарта ўйнашдан ортмас, “Гаити”да турли-туман разил одамлар даврасида бетўхтов ичар, хулласи калом уриб ҳам, сўкиб ҳам қайтириб бўлмас эди. (Қачон ишга борасан? Ёки ишга кирдим, деб ёлғон гаплар тарқатиб юрибсанми?) Кечқурун Жеймс Динга ўхшаб – тор кўк жинси, оқ этакли, учлари киндик устида тугун қилиб боғланган гулдор кўйлак кийиб, сариқ жун ўса бошлаган кўксига тушиб турган тилла занжир осиб олганча Мирафлорес кўчасида дайдиб юрар, “кокаколалар”га қўшилиб ошиқ, гаражларда ёш болалар билан сакраш ўйнар, лабда чалинадиган гармошкалар сотиб оларди…
Унинг улкан “Вольво”си доим ўн тўрт, ўн беш, баъзан ўн уч яшар ўсмирлар билан тўла бўларди. Якшанба кунлари (дада, мен ўша клубга аъзо бўлмоқчиман, у ерда Гавайя тахта соллари бор – зўр нарса, семириб кетмаслик учун кексалар ҳам, ҳаво яхши бўлиб турганда, денгиз устига қурилган ўша ресторанда овқатланишга боришади) мишиқи болалар билан, гўё мен шулар билан биргаман, кўриб қўйинг дегандек “Вайкики”га кириб келарди, вой, масхарабоз-ей, топган ўртоқларингдан ўргилдим.
Куэльяр уларга “Вольво” ҳайдашни ўргатарди, қирғоқ бўйлаб кетаётганда иккита ғилдиракда эпчиллик билан қайилтирар, болалар ҳанг-манг бўлиб қолишар эди. Томоша қилиш учун уларни стадионга, буқалар жангига, пойга, бокс, сув тўпи, самбога олиб борарди. Ҳаммаси равшан, у ҳезалак бўлиб қолган, шекилли, дердик биз. Бошқа нимаям бўлиши мумкин, нимасига ҳавас қиласан, лекин, ҳарқалай, одамлар орасида у билан бирга юрмаслигимиз керак энди! Куэльярнинг устидан ҳамма очиқдан-очиқ куларди, уни бармоқларини нуқиб кўрсатишар эди. Каллахум – сизларга ҳар хил беҳуда гапларни тарқатадиган ғийбатчиларнинг гапига қулоқ солиш зарурми? Маньуко – уни сира тинч қўйишмайди, Лало эса – агар бизнинг бирга юрганимизни кўриб қолишса… Чиллак шунда – сениям ўша заҳоти ҳезалакка чиқариб қўйишадими?
Қанақадир вақт Куэльяр спорт билан шуғуллана бошлади. Улар – хўжакўрсинга шундай қиляпти; мана, Зумраша Куэльяр ҳақиқий пойгачи, сузишдан кўра шунда зўр, дейишлари учун фақат. У Атакондада бўлиб ўтган мусобақада учинчи ўринни эгаллади. Ҳатто “Хроника” билан “Комерсио”да биринчи ўринни олган Арнольдо Альварадони табрик­лаётган суратини эълон қилишди. Албатта, унга етишимга анча бор, деганди ўша газетада.
Эҳ-ҳе, Зумрашанинг Кико Ганосо билан пойга ўйнагани қанақа шов-шувга сабаб бўлди! Гаровнинг шартига кўра, улар барвақт, эрталаб ўзларининг машиналарида Сан-Мартин майдонидан Салосар паркигача бориб келишлари керак эди. Зумраша қоидани бузган ҳолда йўл ҳаракатига қарши тарафдан, Кика эса қоидани бузмай. Полиция патрули Хавиер Прадо кўчасида Куэльярнинг ортидан шунақаям қувдики, фақатгина Иккинчи май кўчасида унга етиб олди, қанақа тезликда юргани шундан ҳам маълум. Кун бўйи уни полиция идорасида ушлаб туришди. Тамом, энди ўзини босиб олади, ақли киради. Лекин икки ҳафта ўтмай, ундан ҳам даҳшатлироқ ҳунар кўрсатди: кўзини чорси шарф билан, қўлларини эса руль чамбарагига боғлаб Анчамос шоҳкўчасида машинасини чунонам учириб ҳайдадики, турган гап, автомобиль ҳалокатига учради.
Иккинчи гал, Лалонинг тўйидан олдин, куёв зиёфатини уюштирганимизда фалокатдан қочиб қутулолмади. Бас, йиғиштир бунақа тентак­ликни, деди Чиллак, тўхтат машинангни, ёш болага ўхшайсан-а! Улар машинадан тушиб қолмоқчи бўлишганди, у эса гапларини инобатга олиш тугул, мутлақо аҳамият ҳам бермади. Нима бўлди сизга, ўртоғингизга ишонмаяпсизми? Гавдангизни қаранг, ит ҳуркади, эви билан-да қўрқиш! Қанийди, асфальт ҳўл, бунинг устига муюлишда қайрилаётган бўлсак! У эсини йўқотиб қўйганга ўхшар, ҳеч қанақа гап-сўз кор қилмасди. Куэльяр, оғайни, бўлди энди, бас қил, уйга эсон-омон бориб олайлик: эртага Лалонинг тўйи, бирон кориҳол юз бермасин яна, тўйни аза қилиб юрмайлик, эсингни йиғ, тротуарга чиқиб нима қиласан, қизил чироқда ўтишинг нимаси, жинни бўлиб қолдингми, чорраҳага етмасдан тўхтат! Альканфорес кўчасида барибир таксини тарақлатиб урди. Лалога ҳеч нарса қилмади, ҳайрият. Маньуко билан Каллахум юз-кўзларининг шиши қайтгунча салкам бир ой қийналиб юришди, Куэльярнинг эса учта қовурғаси лат еди. Улар уришиб қолишди-ю, икки ҳафтадан сўнг Куэльяр қўнғироқ қилиб, уларни қаҳвахонага таклиф этди. Ярашишга ярашишди, бироқ шу-шу Куэльярдан кўнгиллари совиб, илгаридек яқинлашиб кетолмадилар.
У билан биз кам кўришардик, Маньуко уйланаётганда, Куэльярга хабар бергани билан тўйга айтмади, у ҳам аразлагандек куёв зиёфатига келмади. Аксига олиб, Чиллак чиройли хотини ва испан тилида аранг сўзлашадиган иккита боласи билан Қўшма Штатлардан қайтиб келганида, у Тинга Мария тоғида эди, ўша ерда, отасининг қаҳва плантациясида ишлаяпти, деган овозалар тарқалди. Лимага келган чоғида, уни кўчада учратиб қолдик, у билан икки оғизгина гаплашдик, холос – салом Каллахум, қалай ишлар, ёмонмас, Зумраша, бўпти, яхши бор, хайр, чао. Кейин эса, бир куни тўсатдан Мирафлоресга келиб қолди ва шунақа бир иш қилдики, эсласанг, капалагинг учиб кетади. Шимолга кетгач эса, ўша ерда фалокат юз бериб, ўлиб кетди. Қандай қилиб? Авария бўлиб. Қаерда? Пасамайодаги қўрқинчли бурилиш бор-ку, ўша ерда! Бечора, дея унга ачинишди дафн маросимида, бола бир умр қийналди-да ўзиям, ҳаётидан жуда норози эди, дами ичида юрарди, ўзига ажал рўпара келишини кутиб юрарди, охири ниятига эришди, у дунёга равона бўлди!
Биз эса аллақачон савлатли кишиларга айланган эдик: ҳар биримизнинг хотинимиз, машинамиз, Шампаньяда ёки Покиза Ҳомила ё Авлиё Мария мактабларида ўқиётган болаларимиз бор, Анконедами Санта Росадами ёки Жанубий пляжда дала ҳовли қурганмиз, секин-аста семириб, хомсемиз одамлар сингари қорин қўйиб, нима қилсак, билинмайди, дея ташвиш чекканимиз етмай, овқат ёки винодан ичимиз қотиб, газета ва китоб ўқишга мос кўзойнакка ўрганолмай юрар, сочимизда биринчи оқарган толалар, теримизда доғ-дуғлар тугул, салгина ажинчалар, чуқур ажинлар пайдо бўлиб, уларга кўниколмай яшардик.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 3-сон