Мигель де Каррьон. Маъсума (ҳикоя)

Ҳар сафар ўша, бир замонлар ҳаётимнинг энг гўзал лавҳасини ташкил этган севги-муҳаббат ҳақида ўйласам, юрагимни ажиб бир ҳис-туйғу чулғаб олади ва ўша ондаёқ жону жаҳоним гўё ёришгандек, дилимга аллақандай юксакликда нурга йўғрилган бахт нашидаси уфургандек бўлади. Нимаям қила олардим? Юрак амрига итоат этмай бўладими? Унинг ўзига яраша тушуниб бўлмас қонуниятлари мавжуд. Мен ўтмиш ҳаётимни мунаввар этган дамларни эслашни хуш кўрардим, зеро, турмушда рўй берувчи қийинчиликлар изтиробга солганда хотиралар силсиласи жонга оро киради.
Ўшанда йигирма икки яшар йигитча эдим, мени жон-дили билан севган бир париваш қизнинг ишқида ёнардим. Наздимда, жумлаи жаҳон менга, ҳа, менинг хоҳиш-истакларимга мунтазир эди, десам янглишмаган бўламан! Орамиздаги севги-муҳаббат қачон, қай пайтда бошланди – айтолмасам керак; балки бу ажиб туйғу бир воқеа ёки ҳодиса билан боғлиқ эмасдир, балки диллар хушнуд бўлган, олам гулга тўлган айни бир пайтда қўққисдан инкишоф этмагандирман уни; очиғини айтганда, биз шундайин учрашиб юрар ва ширин суҳбатлар қурардик. Бу яқинлик кўнглимизда нималар уйғотаётганини билиш у ёқда турсин, балки бу муносабат таъсирида бир-бирига талпинган қушлар сайроғи янграган ва ўзимиз сезмаган тарзда қўлларимиз чирмашиб кетган чоғда сезиб қолгандик, холос. Мен у пайтда қувғинда яшардим. Шуям айтишга арзигулик ташвишми? Йигирма ёшида одам боласи оёғи етган тупроқдаги бир парча ерни ватанга айлантира олади.
Ўша кезлари менинг энг яхши кўрган машғулотим – шикор эди. Бу машғулот менинг завқли ва зерикарли кунларимни безарди. Мен ўрмонлари оз бўлгани билан ягона бойлигини ташкил этган Флориданинг канораларида ўсаётган гўзал қарағайлар ичра ўтган қумлоқ йўлкалар бўйлаб узоқ санқиб юрардим. Ёнимда доимо аждодларининг кўркини намойиш этишни хуш кўрадиган, маҳобатли ва наслдор Азорка лақабли кучугим бўларди. Бу ерларнинг манзараси файзсиз эди, деярли дашту саҳролар каби ҳувиллаб ётарди; кета-кетганча қарағайлар қад ростлаган, сувсизликдан ҳансираган қумликда оёқлар тиззага қадар ботиб кетарди. Вақти-вақти билан қарағайлар кесилган кенг майдонларда бир текисда қирқилган пўртахол ўрмончалари кўзга ташланар, уларнинг янгигина гуллаган шохчаларида тўқ яшил япроқларини ўраб олган ғуж-ғуж гуллари кўзларни яшнатиб юборарди. Сўнг, яна ўша манзара намоён бўларди: учлари булутга санчилгудек ўсган қарағайлар, қақраган, беҳосил ерлар, тинимсиз қулоқларингни қоматга келтирадиган шамолнинг ёқимсиз гувиллаши…
Мен ана шундай ёввойи табиат қўйнида ўсиб-улғайганим учун барчасига кўникиб кетган эдим. Милтиғимни елкамга осганча кимсасиз кенгликларнинг улуғворлигини ҳис этиб, кун-уззукун шу маконда дайдиб юрардим, эсимни танибманки, доимо Азорка олдимда елиб-югурар, жонивор чакамуғлар ва қичитқи ўтлар устидан сакраб ўтганча шитоб ила (худди қулоқлари қаноту уни бетиним силтаб учаётгандек) елиб борарди. Ғафлатда қолган ўлжалар ўзларининг кишибилмас уяларидан баногоҳ югуриб чиқар ва ўқнинг янграган товуши шамолнинг аллаловчи ҳуштаги остида ухлаётган қарағайзорни дабдурустдан уйғотиб юборарди.
Мен бу осойишта ва сокин кенгликлар бағрида ўзимга ўхшаш, қалби қайноқ, тирик жон излаб топиш илинжида юрган тонгларнинг бирида у билан танишиб қолдим. Юрагимда алланечук номаълум ва унутилаёзган ҳаёт ҳақидаги фикр-ўйларимни кимгадир тўкиб солиш истаги жўш ураётган пайтлар эди. Ана шунда, мен камтарона нонуштадан қолган бир парча нонга фаромуш тикилганча сайҳонликда узала тушиб ётганимда бошимни бурдиму, уялибгина менга тикилиб турган қизга кўзим тушди. У – эндигина ўн олти ёшга тўлган новдадеккина, гўзал, малоҳатли қиз бамисли эътиборни ўзига жалб этувчи сершарбат, авжи етилган ва тотли мевага ўхшарди. Унинг ҳарир ва рангдор кўйлаги мафтункор қизлик белгиларини яширолмас, аксинча, бўрттириб кўрсатар эди. Биз ногоҳ бир-биримизга узоқ тикилиб қолдик, бир сўз ҳам айтмай баравар бир-биримига табассум ҳадя этдик. Ўша ондан эътиборан дўстлашиб кетдик.
Биз кун бўйи узоқ айрилиқдан сўнг учрашиб қолган дўстлар каби бирга ўйнаб-кулиб юрдик. Милтиғим отишдан тўхтади, Азорка ялқовлик билан мендан кўзини узмасди. Кечга бориб, биз кун бўйи туз тотмаганимизни эслаб қолдик, исмларимизни сўраш хаёлимизга ҳам келмай, хайрлашиб кетдик.
– Эртага кўришамиз-а, тўғрими?
– Ҳа, эртагача… Хайр!
Эртаси куни тонг отмасданоқ қандайдир ҳаяжон, безовталикдан уйқум ўчиб кетди, ўрнимдан турдиму ўрмон сари элтувчи йўл томон ошиқдим. Учрашувга қадар вақтни ўтказишим керак, эҳ, қани энди вақт ўтса… Ўйлаб-ўйлаб, бир кун аввал учрашиб қолган еримизга олиб борувчи энг узоқ йўлни танладим. Йўлда оёқларим остидан лоп этиб қуёнлар чиқиб қолар, улар мўлжалга олмаётган милтиғим ҳамда овчи ҳисобланмиш каминанинг устидан кулаётгандай турли нағмалар кўрсатиб, жуфтакни ростлашарди. Узоқдан кечаги учрашган ялангликни таниб қолиб, ўша ерга оёқни қўлга олганча югурганларим ҳамон эсимда… бироқ менинг дилбар танишим у ерда кўринмас эди! Эвоҳ!..
Атрофга аланглаб чиқдим, худди ўрмонда нимадир етишмаётгандек бўлар, бу гўшалар илк бора ниҳоятда зерикарли ва диққинафас туюлар эди менга. Бу дамлар ҳеч қачон эсимдан чиқмаса кераг-ов. Алҳол, мен у кеча кечқурун хайрлашиб кетган тарафга ҳовлиққанча йўл олдим. Ҳар қадамда қиз шу ерда, деб шивирлаётгандек туюлаётган бутазор орасини ва гўё ўша ерда яшириниб пойлаб ўтиргандек, дарахтларнинг юқори қисмларини қоплаган япроқларини кўздан кечирардим. Қаршимда бутун водий бўйлаб чўзилган минг-минглаб қарағайлар танаси оралаб поёнсиз уфқ кўзга ташланарди. Дафъатан мана шу дарахтлардан бирининг ортидан қўнғироқдек кулги янгради ва таниш қоматли қиз истиқболимга югуриб чиқди.
Бу ўша қиз эди. Унинг ёноқлари лоларанг эди, кўзлари чарақларди. Уни мана шу қилмиши учун жазолаш мақсадида, ҳеч кимни сезмаган, пайқамагандек ортимга ўгирилдиму, ҳозиргина узоқ ва беҳуда излаган ўша сайҳонлик сари йўл олдим. Қиз индамай ортимдан эргашди. Бироз ўтгач, тўхтади, мен унга ҳарислик билан тикилдим. У ҳам индамайгина мени кузатиб турарди.
– Исминг нима? – деб сўрадим қўққисдан.
– Хакоба! Сеники-чи?
– Исмим Родольфо.
Шу зайл танишиб олдик. Гўё эски танишлардек эдик.
Тўсатдан бошланган бу яқинликнинг сабаби нимада эканлигини ва инсон боласи ўйлаб топган бемаъни ва шафқатсиз қонунларга бўйсунмайдиган, бироқ вақт қонунлари олдида забун бўлиб қоладиган – ўзини-ўзи қийнаш қоидасини топган инсонни ким айтиб беролади? Бироқ ўша дамларда мен бундай мулоҳазалар юритишга ожиз эдим, шунинг учунми беихтиёр, ўйлаб ҳам ўтирмасдан юрагимда уйғона бошлаган ҳаяжон измига бўйсунмасдан ўзга йўл топа олмадим.
– Исминг меникидан кўра чиройлироқ экан, – деди Хакоба.
– Ҳа, ҳа, чиройлироқ, лекин шу бугундан эътиборан, йўқ-йўқ, шу лаҳзадан эътиборан, – дедим кутилмаганда илҳомбахш туйғулардан жўшиб, – сен Хакоба эмас, Маъсумасан; бу сенинг янги исминг бўлади. Агар сув бўлганида эди, мен сени қайтадан чўқинтириб қўйган бўлар эдим!
Сув бўлмагани билан менинг сувдонимда вино бор эди, биз уни овқат билан маза қилиб ичдик. Унинг кунларини беғам-бепарво ўтказиши мени ҳайратга солганди, шу сабабли оиласи ҳақида билгим келиб, бир-иккита савол бердим. Жавоб ўрнига Хакоба қийқириб куларди.
“Шу яқин ўртада яшайман”, деди у ва ўрмон сайҳонлиги узра тутун тикка кўтарилаётган тарафни қўли билан кўрсатди. У ерда – дарахтлар ва қалин бутазор ортида кичкина қишлоқча ясланиб ётарди. Уларнинг оиласи беш кишидан иборат экан: ота-онаси, иккита укаси ва у. Ота-онаси кубалик муҳожир экан, отаси кичкина пўртахол бутазоридан иборат боққа қарар, шу билан бирга шаҳарда ўтин сотар экан; болаларини бошлаб эртадан-кечгача қарағайзорга қатнар, онаси эса бир ўзи уй ишлари билан банд бўлар экан. Укалари камдан-кам ҳолларда опаси билан бирга бўлар, кўпроқ ўзларига тегишли дарахтзорда юришаркан.
Ўрмонни опа-укалар тақсимлаб олишган экан. Айни пайтда мен ўрмоннинг унга тегишли қисмида эдим.
Ўшандан буён Хакоба билан деярли ҳар куни учрашар эдик. Бу, ишонтириб айтаманки, мусаффо кўнгилларда юз бериши мумкин бўлган роҳат-фароғатдан бошқа нарса эмасди, ҳа, ҳеч қандай ножўя ишлар ва қора ўйлар бизнинг яқинлигимизга раҳна сололмас эди. Мен уни гўё тополмай елкамда милтиқ, қовоқ уйганча, ердан кўз узмай ўтиб кетаётганимда, у бекиниб олган еридан худди жайрондек сакраб чиқиб қоларди. Қиз қарағайлар зич ўсган ўрмондаги яшириниш мумкин бўлган махфий ерларни менга нисбатан кўпроқ билар ва у мен сира кутмаган жойда дабдурустдан пайдо бўлиб қоларди. Хакоба илгари овга чиққан пайтларимда мен беҳуда излаган, орзу қилган шу кимсасиз қарағайзорнинг қалби эди гўё, наздимда серзавқлиги, эпчил ва чиройли ҳаракатлари шу қарағайзорга муносиб, унинг муаттар иси-ю баркамоллигига уйғун эди. Ич-ичимда заррача бўлсин уни аёл сифатида кўриш хаёли, майли яшармиди? У-чи, йигитлар ҳақида ўйлармиди? Такрор ва такрор айтаман: йўқ, унинг ўйлашига ҳеч қачон ишонмайман. Азорка, Хакоба ва мен мафтункор учликни ташкил этардик ва эҳтимол, менинг итим орамизда пайдо бўлган яқинликни биринчилардан сезган бўлса керак. Ахир шу жониворнинг боши ва бўйнини силаётган чоғда илк бора бармоқларимиз бир-бирига тегиб кетмаганмиди?! Эҳтимол, ўрмоннинг сеҳрли жозибаси бизни маҳлиё этиб, уйғонаётган болаликкагина хос хоҳиш-истаклар риштаси билан ўша чоғларда бизни сездирмайгина боғлаб қўйгандир?! Бир куни, қизга маҳлиё бўлганча термилиб қараётган чоғимда биз ногаҳон ажиб туйғулар измидан чиқиб кетолмай қолдик ва узоқ вақт бир-биримиздан бўса ола бошладик. Мусаффо тонг чоғи эди, илиққина ҳавода қарағай танасидан сизаётган ширанинг ҳиди анқир, бошимиз узра мусаффо осмон жилва қилар, дарахтлар тагида қулф урган майсалар орасида турли ҳашаротлар ғўнғиллар эди.
Ўшандан кейин сайрларимиз ўзгача тус ола бошлади. Маъсума жиддий бўлиб қолди. У баъзан ўзининг катта-катта мовий кўзлари билан менга узоқ тикилиб қолар, сирли бир хаёллар оғушига ғарқ бўлиб, анча вақт чурқ этмасди. Бир куни ҳазил аралаш ғайритабиий қилиқлар ила, ҳозир еб қўяман, деб кулганча лабларидан бўса олмоқчи эдим, у қўпол ва кескин ҳаракатлар билан кўксимдан итариб юборди.
– Йўқ, керакмас! – дея қичқираёзди у . – Ёдингда бўлсин, биз энди ёш бола эмасмиз!
Мен хохолаб кулиб юбордим, у эса аччиқланиб юзини кафтлари билан тўсиб олди. Очиғини айтганда, у ўзини чин кўнгилдан севишларини истарди. Нега мен уни у хоҳлагандек севолмайман? Ўзидан нимани хоҳлайсан деб сўраганимда – аниқ жавоб айтолмади: Хакобанинг ўзи билмасди буни! Баъзан у йиғлаб бўйнимга осилиб оларди, шунда унинг заиф ва нозик бадани қалтираб ларзага тушар, кўксида номаълум хоҳиш-истаклар жўш ургани билан жавоб беришга қийналар эди.
– Йўқ, йўқ, сен… мени озгина яхши кўрасан… мен тушунтира олмайман… лекин ҳис қиляпман, сен мени мен истаган даражада севмайсан.
Қарағайзорнинг дилрабо сукунати бутунлай бирга бўлолмаган зада кўнгилнинг нолаларини тингламасди! Шундай дилгир, диққинафас дақиқаларда биз зил кетган юрак хоҳишларидан холи бўлиш мақсадида энг сўнгги қувватимизни сарфлаб, ҳолдан тойгунга қадар сайр қилардик. Беҳуда уриниш! Мен ҳар гал Маъсума олдинда кетаётган пайт унинг озғин ва маҳзун қадди эгри-бугри шохлар остида нафис эгилиб, эркин ростланганига кўзим тушар ва бутун вужудим алангаи-оташ ичра қоларди.
Унинг кўйлаги балоғатга етган баданининг гўзаллигини аранг яширарди. Гўё ўрмон бизсиз яшолмайдигандек туюларди. Бу маконда ҳукм сурган сукунат юрагимни ларзага солар, асабларимни қақшатар, анор каби эзар ва пировардида, кўпинча бошим айланиб, кўзларимни беҳол юмиб олардим.
Оқшомлари меҳмонхонага қайтиб келгач, ўзимни тўшакка таппа отардим. Ана шунда кўзларимни юмсам, турли манзаралар кўриниб, ҳаяжонланар ва юрагим оғриқли ҳиссиётни кўтаролмай ҳаприқарди.
Баъзан айқаш-уйқаш хаёллар, тушуниксиз қийноқлардан чарчаган пайтларимизда ўрмон бўйлаб ёш болалардек елиб-югуриб юрардик. Менинг бу ёқимтой, нозик шеригим гўдак, маъсум бўлгани билан унинг шўхлигидан сира қутулолмас эдим. Худди мана шу унутилмас кунларда унинг нафосатга бой, жўшқин қалби буткул намоён бўлди ва мен унинг гулдек очилиб келаётган ҳусни жамолидан алоҳида роҳат туя бошладим. Ушбу тортинчоқлик ва журъат, уятчанлик ва заифлик, шўхлик ва жўшқинликнинг ажиб тарзда қизнинг феъл-атворида бирлашиб кетганлиги, ҳиссиётга берилиши, очиғини айтсам, бошқа қиз-жувонлар ҳеч қачон уйғотолмаган хоҳиш-истакларимни қўзғатиб юборарди. Табиат қўйнида эмин-эркин ўсган бу беназир хилқат бамисли мана шу табиатга монанд равишда феъл-атвори зиддиятлар ва жодулар билан лиммо-лим эди. Маъсума гоҳида шафқатсиз эди ва асосийси, ҳеч нарсадан қўрқмасди. Бу ҳаётда деярли барча аёллар ўзларининг ожизликларини яшириш мақсадида усталик билан фойдаланадиган ноз-истиғнолар Маъсумага ёт эканини билдирмасмикан?! Унинг бутун мафтункорлиги, жозибаси мана шу табиий туғма хотиржамликда намоён бўларди. Азорка ҳали баргдек қалтираб турган ўлжани кўтариб келганида, унинг титраб-қақшашларига қиз синчковлик ва ҳайрат тўла кўзлари ила тикилар, ўлжанинг яраларидан оқаётган қонга нозик бармоқ учларини теккизар ва ҳаяжонланганидан қийқириб юборарди. Шундай пайтларда унинг юрагида раҳм-шафқатдан асар ҳам бўлмасди.
– Дунёда қондан гўзалроқ нарса йўқ! Тўғрими? – деган эди у кунларнинг бирида менга кафтида қуёш нурларида жимирлаб турган қип-қизил қон томчиларини кўрсатиб.
Орадан бир неча кун ўтди ва бир воқеа сабабли унинг томирларида оқаётган қон томчиларини кўришга муяссар бўлдим. Ўша куни эрталаб Хакоба билан одатдагидек саломлашиб бўлгач, мен чиройли, кулранг қуённи отишга муваффақ бўлдим. Ўқ жониворнинг орқа оёғига текканди. Маъсума уясига судралиб бораётган ярадор қуённи тутиш учун қувиб борар, ўзининг бу қилиғи Азоркага халал бераётганини сезмас эди. Ит ўзининг устунлигини сезгандек қиздан анча илгарилаб кетганди. Бу томошадан завқланиб, мен овчиларнинг ҳуштагини олдим-да, итни ўлжасини таъқиб этишдан тўхтатиб, ёнимга чорладим. Маъсума бу ёғи ўзига қолганига шубҳа ҳам қилмай шитоб-ла қуён ортидан бир ўзи қува кетди. Бир пайт у жароҳатланган жонивор кириб кетган буталар орасида юзтубан йиқилди. Унга ёрдам беришга ошиқдим, бироқ у ўрнидан турди-да, оқсоқланганча қуённи узун қулоқларидан ушлаб ғолибона ҳавода ўйнатди. Қизнинг оёқларидаги қонни кўриб мен қўрқиб кетдим, унинг қуймичига яқин ери тирналган эди.
– Аҳамият берма, ҳечқиси йўқ, ростдан айтяпман, ҳеч нарса бўлгани йўқ менга. Арзимаган нарса, мутлақо оғримаяпти, – дея таъкидлади Хакоба менга яраланган қуённи узатар экан, мен қуённи, ов пичоғининг дастаси билан калласини чақиб, сумкамга солиб қўйдим.
Қиз оғримаяпти, деб тушунтиргани билан юрганида оқсоқланарди, унинг яраланган ерига қўлимни босган эдим, кўйлаги устига қон сизиб чиқди. Ҳаяжондан бармоқларим титради ва Маъсума кўзларини катта-катта очиб хохолаб кулиб юборди.
– Вой, Маъсума, азизам, юришга қийналяпсану, – дедим ёлворгудек бўлиб. – Нима бўлганини бир кўрай, хотиржам бўламан, ўзинг кўрсат бўлмаса, нима қилганини кўрсам бўлди. Кейин истаганингча кулаверасан. – Мен аъзойи баданим қалтираганча энгашдим-да, кўйлагининг этагини кўтармоқчи бўлдим.
Бир лаҳза иккиланган Маъсума кула-кула чим устига ўтирди-да, оёғини узатди. Унинг ярасини очишга ўзимда аранг куч топдим…
Очиғини айтганда, бу ваҳима қиладиган жароҳат эмасди, шунчаки, нимадир чуқурроқ тилиб юборган эди, нари борса, тўрт энлик. Мен унинг оппоқ оёқларини силарканман, аъзойи баданимдан тер чиқиб кетди.
– Тикан зирапчаси қолиб кетган, шекилли, бир амаллаб олсанг-чи, – деди Маъсума пинагини бузмай.
Мен ёнига ўтирдим-да, бармоқларим ўзимга бўйсунмагани учун кафтим билан сийпалаб зирапчани излашга тушдим, чунки ғалати туйғулардан бошим айланиб кетди. Маъсуманинг сабри чидамаганидан аччиғи чиқди.
– Қўрқоқ! – дея қичқирди у ва кўксимдан итариб юборди. – Қоч, ўзим оламан. Шу зирапчани олишгаям ярамадинг-а!
Маъсума зирапча кирган ерни пайпаслади ва тиканни топиб, пичоқнинг учи билан кесиб тортиб олди-да, дастрўмоли билан танғиб боғлади… Сўнгра ўрнидан сакраб туриб, елкамга қарсиллатиб урди ва бояги гапини такрорлади:
– Қўрқоқ экансан! Урушга бормаганинг яхши бўлибди. Сени Қизил ярим ой жамиятига ҳам олиб бўлмайди!
У анчагача шу воқеани эслатиб, мени масхара қилиб юрди. Устимдан кулишини кўрсангиз эди?! Нима деб тушуниш керак буни? Наҳотки юракдан яхши кўрган қизнинг оёғидан оқаётган қонни кўриб шунчаликка борсам?!
Бугун ҳаммаси ортда қолди: Маъсума, ҳудудсиз қумлик, зангори осмон остида қимир этмай хўмрайиб турган қарағайлар, улкан муҳаббат, сўлиёзган ва айни чоқда ёрқин ранглар безаган табиат – ҳамма-ҳаммаси ортда қолди. Давр, тўғрироғи, шу даврда орттирилган ҳаётий тажрибалар, инсон қалбида қулф урган не-не олийжаноб орзу-умидларнинг умрига зомин бўлиб, қанча улуғвор интилишларга раҳна солар экан!
Куз келди. Мен қисқа ва замҳарир кунлар, ниҳоясиз давом этгувчи диққинафас тунлар ҳақида ўйласам, юрагим ортига тортиб кетарди. Агар қарағайзор ўрмон бахтиёр ва сурурбахш дамларни ҳадя қилмаганда эди, истиқболда ўзимни кутаётган зерикарли ҳаётга, айниқса, Маъсума билан танишгандан кейин бошланган жўшқин ва эҳтиросли ҳаётнинг адо бўлганига тоқат қилолмасдим. Мен истасам-истамасам ҳар куни кўришишимиз ва узоқ вақт бирга сайр қилишимиз учун тўсқинлик қиладиган ёғингарчилик ҳақида ўйламасдан иложим йўқ эди. Эртанги кун бегона юртларда менга қандай кутилмаган воқеаларни ҳозирлаб қўйди экан?! Қандай тасодифлару қувонч ва мусибатлар кутмоқда?! Кечалари Маъсума билан хайрлашгач, руҳан эзилиб меҳмонхонага қайтар эканман, беихтиёр қийналар эдим; хонамга кириб, ўтган кунларни яна бир карра майда-чуйда тафсилотларигача қайта-қайта хаёлимдан ўтказишим учун ҳеч ким халал бермасин, деб эшикни ичкаридан қулфлаб олардим.
Фаслларнинг алмашуви менинг таъсирчан, дилтанг қалбимда қандайдир тўнтариш ясар, ҳеч қачон тушунтириб беролмайдиган ҳиссиётлар уйғотарди: эҳтимол, менинг юрагим, онгим, бор вужудим ўта таъсирчанлиги, серҳаяжонлиги сабабли ички оламимга ўрнатилган алоҳида нозик барометр вазифасини ўтар!
Куз беқиёс фасл! Чамаси, мана шу улғайиш палласида яримяланғоч ҳолда қолиб либосини ўзгартириш чоғида ўзи яхши кўрган энг ёрқин ва таъсирланарли рангларни танлашдан ортмас! Япроқлар ҳеч қачон кузда нафис адолар ила нобуд бўлмаса кераг-ов. Бу япроқларнинг дарахт шохлари билан видолашувини кўрганмисиз?! Видолашув чоғида улар жон-жон деб ўзлари севган тантанали онлар учун сақлаб қўйган байрамона либосга ўранадилар, бу қиёфада чинданам тантанавор, эътиборни жалб этувчи, юракларга таъсир қилиб, одамни маҳлиё этадиган бир жоду яшайди. Бизнинг куз оқшомлари ҳашамига бурканган фақирона кулбамиз сеҳрли салтанатга ўхшаб қоларди. Шамоллар дайдиганча пўртахолнинг япроқлари чанг-тўзон, қайноқ, кўзларга санчилувчи майда қумлар орасида чир айланиб учар, теварак-атрофга тўкилар эди.
– Улар қаерга учиб бораркин? – маҳзун савол берарди менга Маъсума.
Унинг юрагида ҳам нозик ва ғамгин туйғулар туғён урарди, у бамисли табиат қўйнида юз бераётган айрилиқда истиқболда бизни муқаррар кутаётган жудолик рамзини пайқаётгандек бўларди. Шундай пайтларда Маъсума бошини қуйи солганча узоқ ўйга толарди. Баъзан миясига ўтириб қолган фикрдан туғилган ғалати инжиқликни амалга оширмоқчи бўларди. Тавба, у кечаси ўрмонда тунашни истаб қоларди, буни қандай изоҳлашни билмасдим.
– Биз вақтдан ютишимиз керак! – дерди у. – Ким билади бир ойдан кейин нима бўлишини? Сен шу ерда туратур, мен уйга кириб хабар олай-чи, нима гап экан, ҳамма ухлагандан кейин аста чиқиб, сени ўзим излаб топаман. Мени айтди дейсан, кечаси бу ерлар кундузгидан кўра гўзалроқ бўлади.
Бироқ мен хавотирга тушганим учунми ёки нимадандир қўрқдимми, унинг ҳарчанд ундашига қарамай, кечаси ўрмонда қолишга рози бўлмадим.
Охирги марта Маъсумани бизнинг севгимиз туғён урган пайт – шўх-шодон ҳолда кўрганим ноябрь ойининг ўрталарида, якшанба куни эди. Ўша кунги хотирамда ўчмас из қолдирган учрашувга олти ой бўлибди.
Тонг эндигина бўзариб отмоқда эди. Эсимда, қаергадир отланган эдим, йўлимни тўсган девор синчи орасини кенгайтириб қўйиш учун энгашганимни биламан, туйқус қаршимдан Хакоба югуриб чиқди. Бир ўзи эмасди, ёнида ўзи билан деярли тенгдош, ёқимтой бир қиз ҳам бўлиб, унинг қўлидан маҳкам ушлаб олган эди. Маълум бўлишича, эшигимизнинг икки тарафида чўзилиб кетган ғов ортида ярим соатдан буён мени кутишаётган экан. Тавба, мен шу чоққача бирон марта бу йўлдан юрмагандим, ўша куни эрталаб тасодифан шу тарафга бурилган эдим.
– Менинг бу томондан юришимни қаердан билдинг? – ҳайрон бўлиб сўрадим, қизлар ажабланганимни кўриб устимдан роса кулишди.
– Қойил қолдингми топганимизга? – дея мағрурона қийқирди Хакоба.
Ана шундан сўнг у мени дугонаси билан таништирди. Бу холасининг қизи бўлиб, бир ҳафтага меҳмонга келган экан.
– Хаёлингга ҳам келтирмаганмидинг, тўғрисини айт, кутмагандинг-а? Бир ўзини қолдиргим келмагани учун уни ҳам таклиф этдим. Яхши қипманми?
Маъсума ўзининг топқирлигидан жилмайиб, менга навозиш-ла қаради-да: “Учовимиз вақтни дилхушлик билан ўтказсак, нима дейсан?” – деб сўради.
Бу уятчан, иффатли, хижолатдан бир-бирининг пинжига кириб кетгудек турган қизларнинг қадди-қомати бир-биридан шунчалар фарқ қилардики, беихтиёр уларга тикилиб қолдим. Маъсума малла сочли бўлиб, холаваччаси қорамағиздан келган қиз эди. Қуёш нурлари бир-бирига ёпишиб турган қизларнинг малла ва қора сочларини ёритарди. Холаваччасининг юз-кўзида барқ урган ёшлик нафосати ва келишган қоматига қарамай, Маъсума мени кўпроқ ўзига тортарди. Мен унинг гўзал қадди-қоматини бот-бот жайронларга ўхшатганларимни эсладим; кўнглимда уйғонган бу истак-хоҳиш ширин бир оғу каби бутун вужудимга таралмоқда эди.
– Биз нима қилмоқчимиз, биласанми? Маёқнинг ёнида сайр қилмоқчимиз… Буни Габриэла ўйлаб топди. Сенга маъқулми?
Қаерга қараманг, текис сув сатҳи. Қумлоқ соҳилда ҳеч нарса ўсмасди. Қумлоқ нишаб бўлиб, тинч оқаётган сув остига ғарқ бўлгандек туюлар эди. Уфққача кулранг текислик чўзилиб кетган, дам у ерда-дам бу ерда денгизнинг устига чиқиб қолган саёзлик кўзга чалинар, ундан нарида эса ҳамма нарса туманлик қўйнида қолган эди. На одамлар, на қайиқлар, на-да балиқчилар кулбаси кўринарди; бу билан энг хавфли ери икки метрча чуқур бўлган денгиз ўзининг бағрида худди қирғоққа ўхшаб тирик жон бўлишини мутлақо истамаётгандек туюларди. Чек-чегараси кўринмаётган кимсасиз дашт-биёбонни кўрган кишининг юраги қўрқувдан орқасига тортиб кетарди. Соҳилнинг доимий равишда оқариб туриши кўзларни қамаштирар, осойишта ҳаво қўйнида балиқчи қушлар сассиз учиб юрарди.
Биз бораётган манзаранинг бир текислигини ёлғиз маёқ бузиб турарди. У қирғоқдан бир мил нарида қад ростлаган, унинг кичкина, яшил рангга бўялган гумбази кулранг океан фонида деярли кўзга чалинмасди. У ерда ёлғиз бир одам яшар, лекин у ҳеч кимнинг кўзига кўринмасди. Билмадим, ким қанақа, лекин мен ҳар сафар мана шу денгиздаги темир иншоотга қарасам, юрагим сиқиларди. Шунга қарамай, инсон қўли билан яратилган иншоотнинг ўзиёқ чўлу саҳро ҳақидаги оғир таассуротларни бир қадар енгиллаштирар эди. У ёғи яна юзлаб чақирим чўзилиб кетган жимжит ва нохуш пляж, қуёшнинг қайноқ нурлари остида ястаниб ётган бепоён кенглик – бошқа ҳеч нарса кўзга кўринмасди.
Биз маёққа етмай охирги қисмларини сув кўмиб турган энсиз қумлоққа келиб жойлашдик. Бу ер сув кўтарилган пайтда оролча ҳосил қиларди. Маъсума қувонганидан чапак чалаёзди: майин, текис қумлоқ бамисли тукли гилам сингари товонимизга ҳуш ёқар, юрганимизда думалоқ тешикчалар ҳосил бўлар ва оёқларимиз остидан майда қисқичбақалар мўр-малахдек югуриб қоларди. Қизлар жим, дегандек бошларини эгиб, нимагадир диққат билан қулоқ солишарди.
– Қўнғироқ чалаяпти! – деди бирдан Габриэла қаддини ростлаб қўллари билан йироқларни кўрсатар экан. Олисдан қўнғироқнинг заифгина, деярли сўнаёзган садолари эшитилди. Биз турган ердан тахминан етти миллар чамаси нарида жойлашган хавф-хатардан огоҳ этувчи – бакенда осилган қўнғироқ бонг урарди. Унинг садолари бизгача, теварак-атрофни беқиёс сукунат чулғагани учунгина етиб келарди. Кимсасиз ва поёни йўқ денгиз қаъридан келаётган бу даъват шунчалар қадарий, мубҳам ва тушкун оҳанглардан иборат эдики, тинглаб туриб, беихтиёр юрагим орқага тортиб кетарди. Маъсума эса, аксинча, мароқ билан тинглар, энгашиб олганча ҳовучида сув олиб, оёқларига сепар эди. У ўзини ўраб турган табиат бағишлаётган куч-қувват ва уйғунликдан баҳраманд бўлаётган нафис дарахтга ўхшар, бамисли юрак-юрагига қадар кескин ва эҳтиёткорлик туйғулари билан жўшқинлик ва ғайрат улашаётган оқимга сомеъ эди. У қизариб, яшнаб менга ўгирилган эди, мен ҳайратдан қичқириб юбораёздим. Бу ғаройиб хилқат зоҳиран бирдан ўзгариш салоҳиятига эга эди. Унинг вужуди ғира-шира қоронғилик қўйнида бамисли турли рангда товланарди: бир ранг ҳали тарқалмасдан иккинчи рангга ўрнини бўшатиб берарди гўё. Айни чоқда унинг бутун жисми уммон буғланишини ўзида акс эттираётган эди, сочлари шўр сувда рутубат касб этар, қиз бамисли денгиз тубида ўсган сув ўтлари, ҳўл қум ва денгиз чиғаноқлари тароватини ўзида мужассам қилиб олгандек гўзал, ҳусн-тароватда бенуқсон кўринар, уни ўраб олган аянчли табиатнинг бир парчаси, балки бир бўлагига айланиб қолганга ўхшарди. Атлантика океани Маъсумага янгича бир малоҳат бағишларди.
Мен уни бағримга босиб, лабларидан тинмай ўпгим келарди. У кулгидан ўзини тўхтатолмай, қучоғимдан юлқиниб чиқди-да, юбкасини йиғиштириб, қумда жимгина ўтирган Габриэлага ишора қилди:
– Йўқ, мутлақо йўқ, бунақаси бугун кетмайди! Жиддийроқ бўлишимиз керак. Ўзингни қўлга ол!
Мен унга ташландим. У офтобда тобланган, бақувват оёқларини кўрсатиб, хохолаб кулганча, синглиси томон қочиб борди. Шу маҳал Габриэла ногаҳон қўлини узатган эди, Маъсума қоқилиб, қумлоққа йиқилди ва думалаб кетди. Мен ўлжасига отилган йиртқичдек унга отилдим. Маъсума аламидан йиғлаб юборгудек қичқирарди:
– Қўйвор мени! Бу ноинсофлик-ку! Кўзимга қум кириб кетди. Қўйвор, тушлик қиламиз энди.
Астагина мавжланаётган денгиз тўлқинлари иштаҳамизни очиб юборгани учунми, унинг таклифини жон-дилдан қабул қилдик. Азорка қувноқлик билан думини ликиллатиб, атрофимизда айланиб юрарди. Қизлар биргалашиб қумлоқ ерда дастурхон тузашди. Мен ўзим билан келтирган нарсаларимни бердим. Борлиқ олам юрагимизни сиқиб юборганига қарамай, мен Маъсума билан ўртамиздаги муҳаббат дунёси ўзгараётганидан бахтиёр ва осуда дамлар бизни кутиб олаётганини ўйлаб, ич-ичимдан қувонардим. Назаримда эртанги куннинг ёғдуси бутун атрофни ёритаётгандек, ястаниб ётган бепоён кенгликларни, қадрдон қарағайларни эртанги кун ёғдуси ўзининг ёрқин нурларига чулғар эди. Шу ерда, денгиз бўйида бағрини очиб ётган кенгликлар орасида менинг бахтим денгиз сувлари қирғоқдан тошгани каби юрагимдан тошиб чиқмоқда эди.
– Бу ерларда соя-салқин ерлар йўқ экан-да? – деди Габриэла.
– Шунисиям маъқул, – жавоб қилдим мен, – бошимизга урамизми соя-салқинни?!
Маъсума қийналганча пичоқ билан пишлоқ кесарди, унинг соч турмаклари орасидаги итоатсиз кокиллари аро тобланган бўйин ва энсаси кўриниб қоларди.
Бирдан у соҳилни кўрсатиб, қийқириб юборди:
– Ана энди бу ердан бир қадам жилолмаймиз, сув бизни ўраб келяпти! Қайиқ бўлмаса ишимиз чатоқ!
Дарҳақиқат, сув тобора юқори кўтарилар, ҳар дақиқа биз дам олишга чиққан бўйинча торайиб, заминдан ажралиб борар эди. Бундай кутилмаган вазият қизларнинг кўнглига олам-олам шод-хуррамлик бахш этарди.
– Вой, қурғур-е!.. Қани, овқатга! Биз кимсасиз оролга келиб қолган Робинзонмиз. Пишлоқ билан гўшт тугагач, бир-биримизни ғажиймиз. Кимдан бошлаймиз?
Биз гўё телбалардек қувониб, тушлик қилишга ўтирдик, бундай ажо­йиб кайфият вақтида одамзод ҳаёт деб аталмиш заминдан олислаб, ҳар қандай ташвишни унутиб, яна беихтиёр ўзининг болалигига қайтади.
Узоқдан кўзга чалинаётган кичкина оролларни сув кўмиб юборди. Ҳатто маёқ улкан текисликка қўшилиб оҳиста тебранарди.
Маъсума, Габриэла ва мен иштаҳа билан овқатландик.
– Робинзон бир ўзи эди, биз эса уч кишимиз. Иккита қизалоғу битта эркак. Оила қурамиз, фарзандларни дунёга келтирамиз, – дедим мен жиддий оҳангда. Фақат битта нарса, шу чоққача яшаб келган оламдан нари борса беш юз метр нарида жойлашганимиз алам қиларди. Бу ҳаёт, гарчи шафқатсиз табиат қўйнида бўлса ҳам, нурафшон ва гўзаллиги билан бизни мафтун этарди.
– Тўғри, биз эр-хотин бўламиз! – дея қийқирди Маъсума болаларча қувониб. – Ҳа, шундай, лекин биз уч кишимизу!.. Габриэла кимга турмушга чиқади?
У гўё синглисининг тақдирига бефарқ эмаслигини намойиш этмоқчи бўларди. Унинг дўнг пешонасида нохуш ажинлар пайдо бўлди, мийиқлари маккорона кўтарилди. Охири ғалати бир оҳангда кулиб юборди ва хитоб қилди:
– Бўлди, билдим! Габриэла Азоркага турмушга чиқади, ана шунда икки жуфт бўлиб яшаймиз! Азорка, бу ёққа кел! Сенга сеньора рафиқангни таништиришдек шарафли ишга муяссар бўлаяпман.
Биз озгина кулишган бўлдик, кейин ҳаммамиз бир неча дақиқа жим бўлиб қолдик, ҳар ким ўз хаёллари билан банд эди. Қўнғироқнинг олис даъвати аниқ-равшан, йироқларда ярқираётган сув сатҳининг кўтарилиб боришига монанд равишда янграр эди. Қуёш қиздириб, безовта қила бошлади. Эркимиз, истакларимиз аста эриб бораётгандек аллақандай ташвишли, нохуш ҳорғинлик бизни қамраб олаётган эди. Оқ чорлоқлар бошимиз узра айланар, уларнинг сассиз парвозлари туфайли қилт этмаётган кенглик янада сокин туюларди. Юксакликда учиб юрган баъзи балиқчи қушлар ўлжа умидида бизнинг ёнимизга шундай яқинлашиб келар эдики, уларнинг кумуш патларининг шуъласини аниқ-тиниқ ажрата олардик.
Мен Маъсуманинг белидан қучиб, ўзимга тортдим ва бўйинлари билан дудоқларини бўсаларга кўмиб ташладим. У энди қаршилик кўрсатмади, раъйимни қайтармади, эркалашларим остида мумдек эриб борарди. Чап ёнимда ўтирган Габриэла хижолат чекканидан қовоқларини уйиб олди.
Биз чурқ этмай бир-биримизга тикилар эдик. Бирдан Маъсума чуқур “уф” тортди-да, бошини кўксимга қўйди. Афтидан, мавж ураётган туйғуларини идора этишга ҳоли қолмаган эди. Мен унинг лабларини излаб топдим ва узоқ пайт қўйиб юбормадим. Бизнинг вужудларимиз бир-бирига чирмашиб кетган, Маъсуманинг кўзлари юмуқ – у севги-муҳаббатнинг тотли хаёлотига берилган эди.
Маъсума ўзига келганида, анча вақтгача кўз қорачиқларидан шу фурсат ичида пайдо бўлган бахт-саодатнинг масрур чақинлари ўчмади, бамисли шундан чўчигандек, у ўрнидан туриб кетди ва беихтиёр синглисига қаради. Габриэланинг ёноқларидан марварид доналаридек йирик-йирик кўз ёшлари оқарди. Унинг ёнида эркаловчи кимса йўқ эди! Габриэла бир ўзи эди! Маъсума мана шу ошкор қилинмаган ғамни, қониқмаган алам-андуҳни чуқур туйди ва ўзининг бахтиёрлиги учун, худбинлиги учун уялди: унинг ловуллаган юзларида ҳамдардлик, бировнинг ғамига шерик бўлишнинг теран ифодаси акс этарди.
– Уни ҳам ўп! Бечора! – дея шивирлади у ва бошимдан ушлаб Габриэла сари тортди: – Фақат бир марта, хўпми? Бор-йўғи бир марта, кўп эмас…
Кейинчалик эшитишимча, Маъсума вафот этганига анча йиллар бўлган экан.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2016 йил, 1-сон