Қизиқ.
Икки минг ўн биринчи йилнинг ноябрида ер куррасида етти миллиардинчи инсон туғилди.
Рўйхатга олинди. “Кўксандиқ” худди шундай хабарлади. Еттинчи ноябрда. Етти миллиард деди. Кейин “кўксандиқ”дан “Қўнғир” гуруҳининг қўшиғи берилди. Узун, хушқомат қиз: “Дунё…дунё… дунё-эй. Дунёга ким эга-эй?..” дея хониш қилди. Икки йигит унга жўр бўлишди. Ғалати қўшиқ. Мунгли, қўшиқ.
Беш йил муқаддам, эри мазкур музофотга ҳоким этиб тайинланганида, унга тегишли аймоқда миллионинчи чақалоқ дунёга ингалаб келиб, тантанали тарзда рўйхатга олинганди. Мана шу, Ойпара аймоғида.
Халқ буни яхшиликка йўйган. Эри ҳалиги чақалоқнинг тутинган отаси, у тутинган онаси бўлганди.
Айримлар бу лаганбардор ва елпатаклар томонидан атайлаб уюштирилган, деган олди-қочди гап қилган.
Ўшандан бери ўтган вақт ичида бутун мамлакат қаторида мазкур музофотда иқтисодий юксалиш бўлди. Музофот билан ҳамжиҳатликда уларники ҳам беқиёс ўсди.
Эрининг жиззакилигини билдирмасди. Ҳушёрлигини сездирмасди.
Аммо ўзиям хушомадгўйлар қуршовида қолди.
Манов Ойпара музофотида ҳоким бўлгандан кўра, ҳокимнинг аёли бўлиш ўта машаққатли эканлигини англади. Булар тадбиркорликдан чиққан амалдорлардан. Эри азалдан шу лавозимга интиларди. Бизнесдан орттирилган сармоянинг катта бўлаги шу мақсад йўлига сарфланган. Қолган салмоқли қисми олисдаги давлат банкида сақланмоқда.
Ойпарадаги дастлабки йилнинг илк ойлари оғир кечди. Келгуси йилга келиб, эсини йиғиб олишди. Ҳоким чигал тугунларни ечишни, узилган ришталарни улашни ўрганди. Ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам аямади. Қатъият билан ишлади. Қўполлашмади. Бизнесменларга ўхшаб кибрланмади. Омма ичига кирди. Фаолияти шаффофлигидан ойпараликлар унинг нималарни ямаб, нималарни ясаганини кўриб ўтиришди.
Баднафсланмади. Лаганбардорларни ҳайдамади. Кадрларни саралагандай, уларнинг ҳам манглайларига чертиб-чертиб, усталик билан фойдаланадиган бўлди. Аёли эса тўпори малайларни яқинига йўлатмади. Садоқатига, ўлса ҳам сотмаслигига ишонгач, минг турли синовлардан кейин ўзи турган соҳилга аста-секин сузиб чиқишига изн берди.
Эр-хотин бир-бирининг исмини деярли айтмайди. Эр томоқ қирса, хотин йўталади. Ишора билан чекланишади. Бир-бирини қийнамайди.
Омад кулди. Тепадан ажратилган, маҳаллий ишлаб-чиқаришдан олинадиган даромадлар юз ҳиссага кўпайди. Ойпара аймоғида триллион тенга дейдиган тушунчалар, миллиондан ошган тендерлик тушумлар оддий ҳолга айланди.
Ўлчамлар ўзгарди. Имкониятлар кенгайди.
Хушомадгўйлар кўпайди. Қариндошлар сафи кенгайди.
Ўлчамларнинг ўзгариши туфайли уфқлар ҳам ўзгаргани сезилди. Албатта, ҳокимнинг аёли бўлганидан қаршисида имкониятлар чексизланаётганини, турли-турли жойлардан бойлик, ақчалар оқими кутилмаган даражада тўлиб-тошиб, бетўхтов оқиб келаётганини ҳис қилди.
Бироқ, пул деганнинг ҳисобини йўқотган завқли лаҳзаларда раҳматли онасининг қаноатли қиёфаси кўз ўнгида гавдаланди. Марҳум отаси туман фирқасининг учинчи котиби эди. Қайта қуриш авж олган йиллар. Хизмат улови йўқ эди. Пойи-пиёда юрарди. Кунларнинг бирида борадиган ерига етолмай, йўл чеккасида сарғайиб, асабийлашиб турганида, биринчи котибнинг аёли эрининг оқиш “Волга”сида у ёққа ўтипти, бу ёққа ўтипти. Кечқурун уйига куйиниб кирган ота: “Падарига лаънат, туманнинг учинчиси бўлгунча, биринчи котибнинг хотини бўлганим минг марта афзал!” – деди. Кейинроқ онаси жилмайганича: “Отангнинг ҳалиги гапини қулоғингдан чиқариб ташла”, – деганди.
Ўшанда, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўртасида, ўн уч ёшида отасининг аччиқ устида айтган гапи қулоғига қўрғошиндай қуюлиб, хотирасига муҳрланиб қолди. Бу гап фаришталарнинг қулоғига чалингандирки, ёлғиз қиз бугун вилоят ҳокимининг аёли.
Новлардан оқиб келаётган пул оқими кўплигидан, бора-бора уни санашни бас қилишди. Тадбиркорлик даврларида туққан-туғишганларни моддий жиҳатдан қўллаб турарди. Тўйларида қизғанмасдан мўмай тўёналар беришарди. Эри ҳоким бўлганидан кейин ҳам бу одатни канда қилишмади. Ойпарага ўтишлари билан аёл ўзиникилару қайин юртига аямай ёрдам пули бериб турди. Аммо, қанча берганинг билан қадрлашмас экан. Тушунишмас экан. Ўйлашмас экан. Ўзлариям тўйдим дейишмас экан, баттар очкўзлашиб кетаверар экан. Юз марта ёрдамлашиб, юз биринчисида бермасанг, шартта юз ўгириб, қон душманга айланишаркан. Оқиб келаётган пуллар саналмаса-да, туғаётган устама фоизлар ҳисобланмаса-да, уларни қисиб-қимтишга ўтишди. Туққан-туғишганлару, ошна-оғайниларга кўмак бериш тақа-тақ тўхтатилди. Маблағнинг асосий қисми яна бизнесга йўналтирилди.
Ҳокимият раҳбарлари, давлат хизматидагилар бизнес билан шуғулланишлари ман қилинади, деган фармон чиқди. Кулгили, албатта. Ҳамма каттаконларнинг айби очиларкан-да. Такаббурлик ошиб кетган. Менсимаслик авж олган. Бутун мамлакатда. Шунингдек, Ойпара музофотида ҳам.
Пуллардан завқ туйиш бора-бора аёлнинг меъдасига тега бошлади. Сабабини тушунмади. Ишлар тўқсон йўналишда юришиб ётган бўлса. Зувиллаб. Катта тезликда шувиллаб. Юраверсин-чи. Бироқ, қандайдир зерикарлими-ей? Нохушликка ўхшаш… Ундай эмасдир-ов. Зерикиш ҳам эмас. Унда нима? Ақчага ҳам иштиёқсиз, бошқа нарсалардан ҳам совиб кетган одам бўладими? Ҳокимнинг аёли бўла туриб-а? Қизиқ.
Тўртинчи йил якунида Худо қўшган ёстиқдоши: “Азизам, эҳтиёт бўлайлик. Пешонамизга бир миллиондан ошиқ аҳоли яшайдиган ҳудудни бошқариш ёзилипти. Туғилгандаги илк ингадан сўнгги лаҳзадаги нидогача бўлган оралиқда бандаси нималарни кўрмайди? Нималар қилмайди? Биз, Худога шукр, фақат рўшнолик кўряпмиз. Ёшимиз энди қирқнинг қирғоғига етибди. Эҳтиёт бўлайлик…”
“Азизам”ни доим айтган. Одатдаги сўз. “Эҳтиёт бўлайлик”ни эса илк бор айтиши. Бу сўзни онаси кўп такрорларди. Эрига ажабланиб қаради. Узун-узун киприклари пирпиради. “Болани кўриб қайтасанми?” – деди эр тушки оромдан кейин жаннатнинг бир бурчидай оромбахш тўшакларидан тураётиб.
Кейинги пайтларда аёлнинг чет элдаги нуфузли ўқув масканида таълим олаётган ёлғиз ўғлидан хабар олиш баҳонасида серқатнов бўлиб қолишганди. АҚШдаги саховатли банкларнинг ҳолатини ўрганиб, тўрва-халталарини ниқлаб қайтадиган бўлди. Дастлабки жамғармалар билан кейинги тушумларнинг миқдоридан лаззат туярди. Бора-бора бу лаззат ҳам сўнгандай, совугандай сезила бошлади. Кўнгилга ургандайми-ей… Ёки бу лаззат, ҳаловат ёт бўлган лоқайдликмиди? Ҳайтовур мужмал бир нима.
Устига устак, АҚШда ўқиётган ёлғиз ўғли ҳам ўзгача. Босиқлиги шубҳалантиради. Билимга чанқоқлигидан ҳайратланади. Кўз тегмасин, илоё. Бу кетишда, шубҳасиз, ҳоким отадан тез илгарилаб кетади. Йўлдан адашади дея, ваҳима қилишга асос йўқ. Бундай фарзанд бошидан маълум, ёмон йўлдан юриши мумкин эмас.
Ҳокимнинг аёли бўлганидан бери чет элларга кўп қатнади. Эри бизнес билан шуғулланганида ҳам кўп тентиради. Чет элга кезишни эр-хотин иккалови Тайландга боришдан бошлади. Алоҳида-алоҳида ҳам кетишди. Нуфузли тадбиркорларнинг синашта сулувлари билан.Ўшалар билан биргалашиб, тиззалашиб, томошалашди. Ўзга юртларни ўрганишди. Мафтункор бўлишга интилишди. Ўша томонларда “Долче Габана”, “Армани” каби услублар билан мафтункор бўлиш осонлигини билишди. Мафтункор бўлиш учун минг-минглаб аёллар озиб-тўзиб, соғлиқларини йўқотишади. Атайин ёғини олдираман деб ўлиб кетганлар ҳам сон мингта. Липоксацияда. Тўрт миллиарддан ошиқ қурмағур аёлларнинг сафида қийиқ кўзларни торттира-торттира, ухлаётганида ҳам кўзлари юмилмай ётадиганлари миллионлардан ошиб кетган. У чет элларда орттирган тажрибадан оқилона фойдаланадиган даражага эришди. Мафтункор бўлиш осон эмаслигини тушунди. Бунга эришишдан толиқмади, чекинмади. Натижада, Ойпара музофотининг энг мафтункор, сулув аёлига айланди.
“Ўзимизда яшаш ва даволаниш хатарли”, дейишди қадрдонлари.
“Юртимизда, Ойпарада туғиш хавфли”, дейишди сирдош дугоналари.
“Мамлакатимизда ўғил-қизни ўқитиш бефойда”, дейишди дўстлари.
Уддабурон ёш тадбиркорлар билан тажрибали мутахассисларнинг аёллари, қарияларнинг келинлари чет эл туғуруқхоналарида туғадиган бўлишди.
Ўзлари ва оила аъзолари билан ривожланган давлатларнинг шифохоналарида даволанишди.
Ўғил-қизлари, неваралари нуфузли, бир неча асрлик тарихга эга чет эл университетларда таълим олишди.
Ҳоким аёлининг бора-бора чет эл сафарларидан ҳам кўнгли қолди. Ўша, боягидаги толиқишмиди? Ёки зерикишмиди?
Гавдани хушбичим қилиш учун узоққа бориш шарт эмас, уч қаватли коттежининг тагидаги бассейнда машқ зали замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Ҳокимликнинг бешинчи йилида аёлнинг кўнглини тушуниксиз бир ваҳима кемира бошлади. Онаси раҳматли тушларига тез-тез кирадиган бўлиб қолди. Аввалгидай онасига хос бўлган вазминлик, илиқлик йўқ. Нигоҳи совуқ, киприк қоқмайди. Ўзининг меҳрибон, туққан онаси. Бир гал худди ўнгидагидай унга кўрсаткич бармоғини нуқиб, жеркиди: “Ҳой, ҳокимнинг аёли! Кўзингга қара! Бойларга тақлид қилиб, уларга тенглашаман демасдан, йўқсилларга қайишиб, мурувват кўрсатиб яшасаларинг бўлмайдими?!” деди.
У бу тушмиди, ўнгими, билолмади. Буни аниқлаш учун, ҳатто баданининг у ер-бу ерини чимчилаб кўрди. Ўнгги шекилли . “Ойи, – деди у ўз овозини аниқ эшитиб. – Ойи, олам бойларнигина тан олади. Биз дунё миқёсида бўлмаса-да, мамлакат миқёсидаги бойларданмиз. Бу – замон талаби. Ойпарадай улкан музофотни қудратли бўлмасдан бошқариб бўладими? Замон билан ҳамқадам бўлмасак, ортда қолиб кетамиз”.
Онасига расмий гапирганидан ўнғайсизланди. Онаси: “Эй, ҳокимнинг аёли! Менга маъруза ўқима, аҳмоқ! Бизнинг дунёда маъруза эмас, юракдан чиққан дуогина эътироф этилади. Мен нима дейман, қўбизим нима дейди?!”
Онаси шундай деб шартта тескари ўгирилиб кетди. “Онажоним-эй, жами йўқсил, яланғочларни тўйдириб бўларканми? Энг ривожланган, илғор деб тан олинган японларда ҳам йўқсиллар тўлиб тошиб ётибди. Ўз кўзим билан кўрганман. Ўргилиб кетай, содда онажоним-эй!” деди у. Ўнгидагидай сўзлади. Онаси эса, ўша-ўша тескари қараганча, баттар аччиқланиб, гап қотди: “Япон элида нимани англадинг, ҳокимнинг аёли!? Уларда бойларнинг ортиқча керилмаслигини, юпунларнинг куйинмаслигини пайқамадингми, эҳ-ҳ?!”.
У йиғлаб уйғонди. Умрида биринчи бор… Эри ҳоким бўлганининг бешинчи йилида. Ўшандан бери кўнглидан ғашлик аримай қолди.
Қуръон ўқитди.
Қайта-қайта.
Тушини унутгандай бўлди. Эрига меҳмон чақиргиси келганини билдирди. Кўпдан бери меҳмон кутмапти. Шуни ўйлаб, икковлон рўйхат тузди. Осон бўлмади. Рўйхат тузиш кадр танлашдан ҳам қийинроқ экан.
Унга биринчи бўлиб олигархнинг номи ёзилди. Шу вилоятнинг олигархи. Такаббургина. Буни эътиборга олишмади. Унчалик ҳаддидан ошмайди, деб ўйлашди. Иккинчи – заминдор бой. Серҳиммат. Сипо. Учинчи. Тўртинчи. Бешинчилар ёзилди. Ялтироқ қоғозга. Аввалдан аралашиб юрган нуфузли тадбиркорлар. Аёллари аёлига синашта, сирдош, ишончли. Олтинчи – маслаҳат котиби. Еттинчи – ўринбосар. Ҳоким ўринбосари. Шулар етарли, дейишди. Янгилик бўлсин дея, музофотдаги таниқли олимнинг ҳам номини рўйхатга киритишди. Зиёфат зиёлинамо бўлсин, деган мақсадда.
Таклиф қилинганлар битта қолмай тўпланишди. Олимнинг аёлигина келмади. Кийими юпун экан.
Зиёфат ўрталарида олигарх қизишиб қолди. Такаббурлигига бориб, олимни ёқтирмаётганини сездириб қўйди. Мазах қилишни бошлаб юборди. Иккаловини тинчлантириб, кўз-қулоқ бўлиш ҳокимнинг ўринбосари билан маслаҳат котибига топширилди. Бошқалар боғни айлангани чиқишди.
Кираверишда кенг бўлма бўлиб, ундаги диванларга олигарх, ҳоким ўринбосари, маслаҳат котиби, шунингдек, олим жойлашишди.
– Қани, аллома! Фалсафа сўқишни бошла! – деди олигарх масхаромуз оҳангда.
– Баднафслик, очофатлик авж олмоқда! Сенлар халқни пода деб ўйласанлар. Ё бу гапим ёлғонми? – деди олим.
– Авайлаб, ортингга қараб сўйла! – деди олигарх устарада ялтиратиб қирилган думалоқ бошини ҳузурланиб силар экан.
– Олимларнинг орти тоза, қизталоқ!– деди аллома.
– Сиз қизиб қопсиз. Ташқарига чиқайлик-чи,– деди куюнчаклик билан ҳоким ўринбосари суҳбат тезоблашганидан хавотирланиб.
–Шундай қилинглар. Аёлингиз ҳам келмапти, – деди маслаҳат қотиби титроқ овозда. –Ҳокимимизнинг уйидамиз. Уят. Ишқилиб аёллар эшитиб қолишмасин…
Бироқ ҳоким аёлининг қулоғи динг, ким нима деганию, нимани еганини назардан қочирмасди.
– Эй, маслаҳатчи! Бу билан менга кет, демоқчимисан? Мени маст деб ўйлама. Ҳақиқатни айтдим, холос. Билиб қўй, мен сенинг депутатинг эмасман, – деди олим энсаси қотиб.
– Яқинда ўзингдай бир олим, яъни ҳамкасбинг ёзганини ўқидим. “Бизда даҳолар йўқ. Бор деганлари ёлғон. Миллатнинг сони чорак миллиарддан ошмагунча ундан даҳолар чиқмайди”, дебди ва бу фикрини далиллапти. Ҳамкасбинг. Сенинг илмий кашфиётларинг оқимга тушиб, ҳаётга татбиқ этилгунича миллатинг тўзиб битади. Жуда бўлмаса, мана, бизга ўхшаб беш хотин олиб, ҳар қайсинисидан учтадан бола туғдириб, миллатингни тўзишдан асраб, қозоғингни кўпайтирмайсанми? – деди олигарх ундан баттар хезланиб. – Бизники ўн беш. Бугунги тонгда. Билиб қўй!
– Сендай тўнғиздан туғилган қўнғизларнинг сапосига жавоб беролмайман. Етти миллионга етмайдиган яҳудийлардан неча минглаб даҳолар чиқмаганмиди?
– Қўйсанглар-чи. Уят-ку! – дейди ҳокимнинг ўринбосари юраги олиниб.
– Кимнинг шанғароғида ўтирганларингни унутмаларинг, – деди маслаҳатчи манглайидаги терни артиб.
– Ўзимга ҳам увол керак. Кета қолай, – деб ўрнидан гандираклаб қўзғалди аллома.
– “Ҳукмдорнинг ақллиси, уламога ўзи бориб, салом бериб тураркан, уламонинг ақлсизи, ҳукмдорга ўзи келиб, шундай Худо ураркан”, деган рубоий кимники эди? – деб қўрсайди олигарх.
Боғнинг ажойиботларини томошалаб қайтганлар ўтиришни бундан буёғига қиздириб юборишди.
Вилоят олимининг кетганига ҳеч ким эътибор бермади.
Фақат ҳокимнинг саволомуз нигоҳига аёли жилмайибгина, ловуллаган оловдай ол рангли лабларига нозик кўрсаткич бармоғини босиб, тинчлантирди.
Навбатдаги танаффусда эркаклар ер остидаги махсус залда алвон хил ёпинчиқларга ўралиб, кўнгилнинг чигилини ёзишди. Ёппасига тошсоққа суришди. Аёллар қавми учинчи қаватдаги ширин чой бўлмасига сирлашгани тўпланишди.
Ҳазил-ҳазил билан улар тақинчоқ мусобақасини бошлаб юборишди. Олигархнинг аёли кумуш бандли, гавҳар тошли узукларни хуш кўрар экан. Узукларнинг бири – беш карат, иккинчиси тўрт карат чиқди. Заминдорнинг эгачиси узук мусобақасида ғолиб бўлди. Унинг узукларидаги гавҳар кўзларнинг ранги кўкимтир каптарнинг қийилган томоғидан томган илк қон томчисига ўхшаб, ҳар бир кўз ўн каратдан ошарди.
Учинчи, тўртинчи, бешинчи тадбиркорлар хонимчаларининг узуклари ҳам мусобақада юқори поғонани эгаллашди. Ўринбосар билан маслаҳат котиби хонимларининг бармоқларидаги узуклардаги кўзлар етти-саккиз карат атрофида эканлиги аниқланди.
Иккинчи босқичда – болдоқ-узуклар намойиши бошланди. Лаъл, ёқутлардан таралган ёғдулар гўёки ҳокимнинг меҳмонхонасидан кўтарилиб, бутун шаҳарга сочиладигандай. Болдоқ-узуклардан кейин билакузукларга ўтишди. Маслаҳатчи хонимнинг билагидаги билакзукнинг йўғонлигию, ёқут тошлари барчанинг кўзларини қамаштириб, лол қилди. Тақинчоқларнинг қиймати миллионлик чегарадан ошиб ўтди. АҚШнинг кўкиш пули билан ҳисоблаганда, албатта.
Ҳоким ўринбосарининг хонишойими олигархнинг бешинчи тўқолидан ўзди.
– Вой, ўлмасак, маст бўлиб қолмадикми? – деди аёллардан бири.
– Хосиятли хонадоннинг шарофати билан эмин-эркин, яйраб ўтирибмиз-да! – деди иккинчи аёл.
– Тақинчоқ намойишининг завқи ўзгача бўларкан, – деди учинчиси.
– Ўйлаб кўрсак, ҳар биримиз қиймати фалон миллион долларни кўтариб юрар эканмиз!
Овози пасайтирилган кўксандиқда “Қўнғир” гуруҳи пайдо бўлди.
– Мана шу “Қўнғир”ни яхши кўраман. Овози хуш ёқади, – деди тўртинчи хоним. – Анов уп-узун, ингичка бел қизга ҳавасим келади.
“Қўнғир”нинг уп-узун, ингичка бел қизи “Дунё…дунё…дунё-ей. Дунёга ким эга-ей?” деб хониш қилди. Унга икки йигит жўр бўлди.
Тақинчоқлар танлови якунланди.
– Хонанда қизнинг бели қанча сантиметр экан-а? – деди аёлларнинг бешинчиси.
– Келинглар, кимнинг бели толмароқ, қомати адроқлигини аниқлаш учун танлов ўтказамиз, – деди аёллардан бири.
Қомат танлови жуда қизғин таъсирли ўтди. Зеро, ўзга музофотларни билмадигу, Ойпара музофотида, айниқса, унинг марказида фитнес клублар кўпайган, махсус элита учун очилган эди. Шу боисдан ҳам меҳмон аёллар бири-биридан хушқоматлиги аён бўлди. Аммо, ҳамманикидан ҳам уй соҳибасининг қомати жозибали деб топилди. Ҳокимнинг аёли бўлганлигидан эмас, албатта. Чиндан шундай. У Ойпара аймоғининг энг соҳибжамол гўзал фариштаси эди-да.
– Энг хушқомат ғолибамизга соврин берамиз! – деди олигархнинг аёли уй соҳибасининг кўркам қаддига ҳавасланиб тикилганича. – Ойпара музофотининг қамар рухсорли гўзалига барчамиз бир-бир энг қиммат тақинчоғимизни тортиқ қиламиз!
– Бир овоздан қўллаймиз! Қувватлаймиз! – дейишди қолганлар. Бири билагини, иккинчиси узугини, учинчиси зирагини энг хушқомат, мафтункор хонимга тортиқ қилиш учун сузилишиб, навбатга туришди.
Қозоқ тилидан Меҳмонқул Исломқул таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 5-сон