Тасодиф ва атрофдаги бутун ўлкаларга ёйилган ҳасад, ғаламислик туйғуси сабаб Жильоне ва Буттиче воқеаси юз бердики, улар ўн бир йилдан буён Ла Газенадаги эски хўжаликни ўзаро шерикликда бошқариб келишаётганди. Бегоналарни-ку қўятуринг, ота-бола ёки ака-укаларнинг ҳам ижара ерга устидаги бундай шерикчилиги ҳеч вақт бунчалик узоқ давом этмаган. Бироқ шу ўн бир йиллик ҳамкорлик давомида бу икковлоннинг ўртасида на манфаат юзасидан, на бошқа нарса важидан заррача низо чиққан эмас.
Икковининг ҳам бола-чақаси ферма ҳовлисида, эски хўжайинлар замонида мўл-кўл ҳосил бериб турган ердаги ҳайҳотдай кенг уйларда ёнма-ён ўсиб-улғайди. Ҳар икки уйнинг ҳам ташқи деразаси йўқ эди. Ичкарига фақат ҳовлидаги эшик орқалигина ёруғлик тушар, ҳовлининг ўзи эса каттагина бўлиб, ўртасида ҳовузи бор тошйўлдан иборат эди. Унинг чор тарафини қуёшда товланувчи шиша синиқларидан ясалган қалин тож тасвири туширилиб безалган баланд девор ўраб олганди. Ҳовли тепасидаги осмон гумбазининг ёрқин, оловдай ял-ял ёнгувчи зангори туси кўзни олар даражадаги бу оппоқ девор олдида хира тортиб қолгандек туюларди. Гарчи ертўладаги қўйлар қўтони кўпдан бери бўшаб қолган, ўтхона ортидаги бостирма остида эса сигир ўрнига бор-йўғи икки хачиру бир хўтик турган бўлса-да, бу ерларда ҳали ҳам кўҳна ҳамда бой хўжаликнинг анча-мунча товуқ ва куркалар, ахта хўрозу чўчқа болаларидан тўйинган ҳавоси анқирди.
Офтоб қақратган ерлардан теварак-атрофга бир неча йилдан буён ялангликда сочилиб, қуриб ётган талайгина экин-тикиннинг эски ҳидлари пардек таралиб, илиқ гўнг тафти, ғалланинг қуруқ бадбўй иси-ю ўтхонадаги намиққан куйинди похолнинг димоғни ёрувчи бўйи билан қоришиб кетганди… Узоқдаги хирмон томонлардан келаётган хўроз қичқириғи эса дала сукунатини бузиб турар, унга ҳовлидаги хўрозлар ҳам олдинма-кетин ёки баъзан биргаликда жўровоз бўлиб жавоб қайтарарди. Пашшаларнинг ғувиллаши, хўрозлар хонишию дарахтлар шитир-шитири бир зум ҳам тинмас, балки аксинча, мароми одамлар, турмуш юмушларию қорамоллар билан ўлчангувчи одатдан ташқари, у қадар сокин кечмайдиган, омонат эврилишларга қарамай, табиат тароватига тароват қўшарди.
Шу ўн бир йил мобайнида ер ҳам тортган машаққатларига яраша икки шерикни ҳеч бир истисносиз тақдирлаб келди. Ва ҳатто рафиқалари ҳам худди ер билан ҳосилдорлик борасида беллашгандек, кетма-кет фарзанд кўришар, ҳар икки эрнинг-да фикри-ёди ўғилли бўлишда эдики, дала ишлари учун улар айнан эркак кучига муҳтожлик сезишарди. Ҳар сафар кўз ёриш чоғида бунақанги нарсаларга ажратиш учун ортиқча вақти бўлмаган эрларини ташвишга қўймаслик, безовта қилмаслик учун хотинларнинг ўзлари бир-бирига меҳрибонлик билан ёрдам беришардики, охири иккаловининг ҳам турмуш ўртоқларига туҳфа этган фарзандлари сони беш нафарга етди. Эрлари эса тушлик қилгани ё бўлмаса кечлик овқат егани қайтиб келишаркан, ўғил фарзанд илинжида дарҳол “Ўғилми?” деб сўрашарди. Аёллар бўлса бунга жавобан бир сўз демай, бош силкиб қўя қолишарди.
Бу икки ўртоқдан Жильоне дегани одатда ҳеч нарса демас, лозим топса ер эгаси ёки шаҳарлик савдогарлар билан мулоқот чоғи ҳам музокарани шеригининг ўзига қўйиб берарди. Хотиржам, оғир-босиқ, қуёшда қорайган, сип-силлиқ кулча юз бу одам сўл қулоғи солинчагини ушлаган кўйи уларнинг гапини тинглаганча ўйланиб турарди. Сўнг, лозим топса, ўзи ҳам икки оғизгина сўз қотиб қўярди ё йўқ. Сочлари потила, тиниб-тинчимас Буттиче эса жонсарак, қувлик, айёрлик акс этган мовий кўзларидан адоқсиз равишда ёғилиб тургувчи ёниқ бир табассум билан, такаллуфу кўз қисишлар билан ўртоғидаги бу жиддиятни юмшатишга уринар, аммо хўжайин ёки савдогар дамдуз бир одамнинг бефарқ, ҳиссиз кўзларига тикилганча унинг шериги Буттиче бу тариқа хушомадомуз муомаладан нимани кўзлаганини тушунолмас, ҳатто уларнинг бундан андак ғаши ҳам келарди.
Жильоне мисоли чуқур илдиз отган, мустаҳкам бир дарахт эди. Ўз навбатида Буттиче шу дарахтнинг шохлари бўйлаб париллаб учиб юрган сайроқи қушга ўхшарди. Ўша қушнинг хонишию жонсараклиги дарахтга маъқулми ё йўқ, буни тушуниб бўлмас, агар биров Жильонедан “Ўзи бунга нима дейсиз?” деб сўраса, бош бармоғини солинчагига, кўрсаткич бармоғини эса қулоқ супрасига теккизган кўйи қулоғига ишора қилардики, бу унинг мени тинглашга чиқарган, гаплашиш бўлса ўртоғимнинг иши, дегани эди.
Уларнинг ўзаро аҳил эканлиги сири ҳеч қачон бир-биридан ўзиб кетишга уринмаслик борасида келишилган аҳдномада эди. Посёлкадаги бошқа ёшларга ўхшаб Америкага кетиб қолмаслиги учун оталари уларни ҳарбий хизматдан қайтишган заҳотиёқ уйлантириб қўйган кунга қадар Монтаперто ортидаги Галлоттиларнинг олис тепаликларида бирга туғилиб ўсган бу йигитлар бир-бирига ашаддий рақиб эди. Эгачи опа-сингил бўлмиш хотинлари боис ярашиб олган бу кишилар ўртасида бир-бирларига зиён етмаслиги учун оила қурган дақиқаларидан эътиборан эски рақобат ўрнини шунчаки бир мусобақа эгалладики, шу сабаб улар орасида ўзаро яқинлик пайдо бўлди. Ҳар қандай қийинчиликка ҳамиша тайёр тургувчи бу йигитларнинг иккаласи ҳам ўз шеригига мадад беришга ошиқар, бунинг ажру мукофоти эса бир-бирингга муносиб эканлигингни туйишдан келиб чиққувчи мамнуният ҳиссида эди.
Яқинда Буттиченинг хотини олтинчи боласига бошқоронғи бўлган, энди кунлар бу ёғига туғилажак чақалоқни кутиш-ла ўтаётганди. Икки ойча аввал эса Жильоне қиз кўрганди. Кунлардан бир кун кечқурун ҳовлида иккала аёл мой чироқ ёруғида ўғиллари шўрва ичиб қолдирган одмигина сопол косаларни йиғиштириб олаётган маҳал шу Жильоне бирров нариги аёлнинг дўппайган қорнига шубҳа аралаш ўғринча назар ташладики, эҳтимол, айнан шу нарса икки эгиз қисмат ўртасидаги мувозанатга дахл этган бўлиши мумкин.
Ниҳоят, бир куни эрта саҳар ҳали кўкдан шафақ аримасдан аёлни тўлғоқ тутиб қолди. Шунда Буттиче рўпарадаги эшикка қараб чопди. Доя – ошнасининг хотиниям бунга тайёр турган эканми, ўша заҳоти ёрдамга ошиқди. Ана шундан кейингина ҳали юлдузи ўчмаган осмон остида икки оғайни елкаларига чопқиларини қўйганча одатдагидай соҳил томон йўлга тушиб, кўзланган манзилга ҳам етиб боришди.
Орадан бир соат ҳам вақт ўтмаган эдики, Жильонега ҳовли тарафдан тўнғичининг овози келаётгандек туюлди. Сал нарида ишлаётган Буттиче ҳам бир зум тўхтаб, “Эшитдингми, чақиришяпти?”, деб сўради. Жильоне бунга жавобан “Эшитдим” дедию қўлларини кувача қилганча “Ҳе-ҳе-ҳе-ҳей” дея қичқирди. Буттиче бўлса қўлидаги кетмонини ташладию қиялик бўйлаб жон ҳолатда югура кетди. Жильоне ҳам унинг ортидан чопаркан, шеригига аранг етишиб борарди.
Улар ҳовлига қайтишганда каттагина ур-сурнинг устидан чиқишди: Буттичеларнинг қия ёпиқ эшиги ортида болалар ғижим чойшабу дастурхон, юбкаю кўйлак аралаш ҳар турли латта-путта уюмини зўр бериб тортиб, ерда судраганча уймалашиб юришарди. Бу нарсаларни тўзғиган сочларию қонга беланган, қалтироқ қўллари кўзга ташланиб турган Жильоненинг хотини талваса ичида юлқиб-йиртиб ташлаганди.
Бунгача бола туғилганди. Ўғил бола! Аммо она кўп қон йўқотган, йўқотганда ҳам даҳшатли даражада кўп қон йўқотгандики, энди уни сақлаб қолишнинг деярли имкони йўқ эди. Бирон табиб топиб келиш учун дарҳол Фавара қишлоғига қараб оёқни қўлга олиб югуриш керак эди.
Буттиче афтодаҳол хотинига боқаркан, маҳзун қиёфадан ҳам кўра кўпроқ тажанг алпозда тўхтаб қолди. Жильоне уни ташқарига судраб, қўлида даст кўтарганча хачирга миндириб қўйдию ўртоғининг қўлига жиловни тутқизаркан, ваҳшат-ла “Жўна!” дея бақирди. Бунга жавобан Буттиче жойидан жилмай, бўзарган рафтори-ла “Ўзинг борсанг-чи?” деб сўради. Шунда Жильоне “Бу нима деганинг, худо ҳаққи, кета қолсанг-чи!” деди ва хачирни иккала қўли билан ушлаб, шартта орқага тортди-да, ўхшатиб бир тепди…
Уч соатдан кейин Буттиче бир табибни эргаштирган ҳолда қайтиб келди. Ҳовлига қадам қўяр экан, уни кута-кута тилдан қолган, ғамдан чўкиб кетган ўртоғию янгасининг, бола-бақраларнинг ўша сиёқига боқа туриб масала ҳал бўлганини тушунди. Бу нарса унинг онгу шуурида айнан шундай шаклда гавдаланган, у шу ҳолни – ўзининг қайтиш саҳнасини олдиндан айнан шундай тасаввур қилганди. Буттиче хўрлигу ўкинч аралаш аччиқ бир ғазабни туяркан, кўзлари телбаларча чақнади. Сўнгра “Турқингизга бир қаранг, нима жин урди сизларни!” деди-да, хачирдан сакраб тушиб, серрайганча уйи остонасида тўхтаб қолди. Каравотда эса ранги докадай оқариб, тарашадек қотиб қолган хотини ётар, унинг бу рафторидан вужудида бир томчи ҳам қон қолмаган эди гўё. Аёл шунчалар чўзилиб, шунчалар бўзариб кетган эдики, бир боқишда эри уни ҳатто таниёлмадиям. Сўнг Буттиче остона ҳатлаб, жасадга яқин келди-да, унга қарата истеҳзо аралаш бир оҳангда “Нима қилиб қўйдинг-а?!” деди. Хотинию шифокор билан хонага сассизгина кирган Жильоне ҳамдардлик изҳори сифатида қўлини ўртоғининг елкасига қўйган эди, бироқ вужудида ҳайвоний бир титроқ уйғонган Буттиче талваса ичида “Тегма менга!” дея бўкирди-ю, силтанганча ташқарига отилиб чиқди.
Чиққан заҳоти ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаётган ўғиллари қуршовига тушиб қолган ота эгилган кўйи уларни бирров бағрига босди-ю, туйқус барини қучоғидан силтаб ташлади-да, “Бу ерда нима қилиб ўтирибсанлар, ҳалиям тирикмисанлар?” дея алжиради. Остонада турган Жильоне бўлса ошнасини юпатаркан, шундай сўз қотди:
– Буларни ўйлаб ташвиш тортма. Энди хотинимнинг олти эмас, нақ ўн икки боласи бор. Кичкинтойингни ҳам у эмизади. Сенгаям ғамхўрлик қилади.
Буттиче эса яна жужуқлари томон эгиларкан, пичоқ тиғи мисол ялт этган бир нигоҳ-ла уларга бошдан то оёқ кўз югуртириб чиқди. Қисматнинг бу янглиғ ҳақсиз ҳукми остида қолган ана шу лаҳзада Буттичега ўртоғи гўё уни ўз марҳамати орқасида хўрламоқчидай, эзиб-топтамоқчидай туюлди. Шунда у марҳума билан видолашиб ҳам ўтирмай, бола-чақасини ташлаб, умуман, ҳаммани ташлаб, қишлоқ ёқалаб пастга томон ўқдек отилди. У шу кетганича ўлар даражада яраланган йиртқичга ўхшаб йироқ бир ерга, цератония дарахти ортига бекинди…
Орадан икки кечаю икки кундуз ўтди. Иккинчи кун тун қоронғисида ўртоғининг узоқдан, тепадан келган чақириғи алламаҳалгача эшитилиб турди. Кейин эса бу овоз сўқмоқ йўллар бўйлаб, дарахтлар оралаб тобора ёвуқлашиб келаверди. У ошнасининг қадамини ҳам, шунингдек, ўзга қадам товушларини (Болаларининг одим товуши бўлса керак!) ҳам эшитди. Буттиче дамини ичига ютди-ю, қадамлар сасию кишилар овози узоқлаша бораркан, яширинишга ортиқ чоғланмади. У дарахт япроқлари орасидан кўк юзида муаллақ турган ойни ғира-шира пайқади. Дилига дарди-дунёсини остин-устун қилар даражада сим-сиёҳлик тушган кўйи шу топда ой ҳам ўзи томон боқиб турганини ранж-аламу таҳлика ичида туйди.
Шунда у қўрғонга қайтишни ўйлаб қолди. Албатта, бу пайтга келиб аёлининг жасади чиқарилган бўлади. Ошнаси эса ўз рафиқаси чақалоққа кўкрак тутганию қолган етимчаларга қандай оналик қилаётганини Буттичега кўрсатиш пайида юради (Буни меҳр-оқибат дейдилар). Сўнг, ҳар оқшом ҳовлида мой чироқ нури остида шўрва ичишгач, “Соғ бўл, ўртоқ, биз ухлагани кетдик” деганча хотини ва бус-бутун оиласи билан уйига кириб кетади. Буттиче бўлса онадан айрилган болалари қуршовида кўчада бир ўзи, ёлғиз ўзи қолаверади. Э, йўқ! Худо ҳаққи, у эски рақибига бундай ҳузур-ҳаловатни асло раво кўрмайди!
Каллаи саҳарлаб Буттиче уйга қайтиб келди-ю, ўша заҳоти ич-ичига ботиб кетган юзлари, мурданикидек кўкарган кўз косаси, жиннинамо кўзлари бир бўлиб дағал бир алпозда ўғилларини уйғотди. Каттароқ болаларига буюмларни тўплаб, хачирга юклашга ёрдамлашишни буюрди.
Бу шовқинни эшитиб, рўпарадаги уйдан чиққан Жильоне анчагача қараб турди-да, ундан сўради
– Нима қиляпсан?
Шу пайтда матоларни қалин тугун қилиб боғлаётган Буттиче оёққа қалқди. Шеригининг юзига кўзларини тикканча жавоб қайтарди:
– Мен кетяпман.
– Қаёққа кетмоқчисан? Нима, ақлдан оздингми?
Буттиче индамай, ерга ўтирди-да, тугун тугишда давом этди. Жильоне эса гапиришдан тўхтамасди:
– Нима учун, ахир? Биламан, қийналиб кетдинг, ҳеч ким сенга буни тиламасди ҳам. Лекин, қолаверса,… сен ва ўғилларинг бу ерда…
Буттиче қайтиб ўрнидан турди ва бармоғини лабига босиб деди:
– Жим. Мен кетишим керак.
– Лекин нима сабаб?
– Сабаби йўқ. Кетишим керак, вассалом.
– Шу туриш-а? Ҳисоб-китоб қилмасдан-а?
– Буни-ку қиламиз. Ҳозир эса кетишим керак.
Бор бисотини ўзига тегишли хачир ва эшакка юклагач, Буттиче шеригига сўз қотди:
– Бориб чақалоқни олиб кел.
Ўз навбатида Жильоне қўлларини жуфт қилганча деди:
– Наҳотки, шунчалар ақлдан озган бўлсанг? Болангни хотиним эмизяпти. Унинг ўлишини истайсанми, нима бало?
– У барибир ўлади. Мен бу ердан кетишим керак.
Ана шунда Жильоне югуриб бориб яқиндагина туғилган чақалоқни олиб келди-да, юзини терс бурган ҳолда уни эгасига тутқазди.
– Ушла. Энди эса қорангни ўчир! Қайтиб сени кўришни хоҳламайман!
– Сен-а? – деди заҳархандалик билан Буттиче. – Ҳе, ўргилдим сендан!
У шундай деди-ю жониворларни олдинга ниқтади ҳамда орқасидан бешов боласини эргаштирган кўйи кенжатойини бағрига босганча йўлга тушдики, бу вақтда ҳали чақалоқнинг тўқ қизил оғизчасида бир томчи сут ялтирар эди.
Италян тилидан Рустам Иброҳимов таржимаси
«Китоб дунёси» газетасидан олинди.