Кўп бор Мозамбик тунларида
бирга бўлган боқий дўстим
Симон Кимга бағишланади.
Адмирал Анисето де Медейрос мана неча кунки ресторан эшигини қоқади, – зал кўзига хотираларида гавдалангандан кўра кичикроқ бўлиб кўринди. Столлар йиғиштирилган, стуллар тўнтариб қўйилган, пол хлорли эритма билан артилган, тинчлик ва осойишталик.
Зал ичкарисидан: – Ресторан ёпиқ, – деган овоз эшитилди.
Ўн беш ёшлардаги йигитча залнинг полини артарди. Адмирал ресторан ёпиқлигини билиши ва айнан шу сабабли ҳам бу ерда эканлигига ишора қилиб қўлини кўтарди. Унда ресторанга мижозлар йўқлигида назар ташлаш истаги бор эди, бироқ буни овоз чиқариб айтмади. Ҳали тўнтариб қўйилмаган стулни кўриб, бамайлихотир ўтирди.
– Жаноб?
Ресторан ёпилганлиги тушунарли, аниқ қилиб айтилганига қарамай, залнинг ўртасида ястаниб ўтириб олган чақирилмаган меҳмоннинг сурбетлигидан очиқчасига жаҳли чиққан йигитча, ифлос латтага қўлини артар экан, унинг ёнига келди.
– Фернандога Адмирал Медейрос келди деб айт…
Бу сўзлар хотиржам ва ним табассум билан айтилганига қарамай, йигитчанинг муомаласи туйқусдан ўзгарди. Эҳтимол, адмираллик унвони ўз таъсирини ўтказгандир. Йигитча челагини ағдариб юборишига сал қолди, ҳовлиққанича залдан югуриб чиқиб кетди.
Адмирал ёлғиз қолди. Атрофни кўздан кечирди, унинг нигоҳида қувонч билан қайғу қўшилиб кетган эди. Йилда ё икки йилда бир, балки икки марта келиб турган бу залда қанча вақтини ўтказган экан-а … Доимо ўтиришлар тонггача чўзилиб кетар, аммо бу бир зумда ўтгандай туюларди.
Шунга қарамай, бу жой нима учундир, унга ўз уйидан ҳам қадрлироқ туюларди. Балки мовий фаянс қопланган мана шу деворлар бу ерда жаранглаган кулгилар, суҳбатлар, дил изҳорлари ҳақидаги хотираларни ўзида сақлагани учундир? Албатта, у бундай эмаслигини биларди ва бу ишонч унга ҳаддан ташқари шафқатсизликдек туюлиб кетди.
– Адмирал…
Эллик ёшлар атрофидаги бу одамнинг овозидан кўпдан таниш бўлган самимий оҳанглар эшитилди. У Медейроснинг олдида турар, аввалгидан сал тўлишган, юзида қувонч акс этарди. У ёш буқадай бақувват, зуваласи пишиқ, бўйни йўғон, қўл-оёқлари калта, фавқулодда чаққон ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Кириб келган кишининг исми Фернандо Пимента бўлиб, умрининг илк дамларидан ҳаётга бахтиёр нигоҳ билан қарарди. У хусусий ресторанига эга бўлиб, ишларини йўлга қўйиб олганди. Ўз мижозларини ва ошхонасида пишириладиган таомларни хуш кўрарди, оқшомлари остонада ўтириб олиб, сигарета чекишни ёқтирарди.
– Бирор нима ейсизми, адмирал? Дорада креветкалардан қолган…
Медейрос рад қилди. Овқатланишни хоҳламаётганди. Айниқса, бу ерда. Бу хоинликдек туюлди. Афтидан, Фернандо ҳам шу ҳақида ўйлади шекилли, адмирал ишора билан таклифини рад этишидан олдинроқ, қўл ҳаракати билан афсусда эканлигини билдирди.
– Ҳа. Йўқ. Албатта. Балки қаҳвадир. Ҳа, қаҳва. Ҳар иккимизга, – ўйланиб туриб, бир қарорга келди адмирал.
У ҳали гапини тугатишга улгурмай, Фернандо ғойиб бўлди. Йигитчанинг ошхонадан кетишига рухсат бераётгани, ресторанни ўзим беркитаман, дегани эшитилиб турарди. Идиш-товоқларнинг жаранги эшитилди, қаҳва автомати вишиллаб буғ чиқарди. Анисето де Медейрос қаҳванинг ҳидини сезиб жилмайди. У келганидан хурсанд эди.
Фернандо столга қаҳва қуйилган финжонларни қўйиб ўтирди, адмирал унга нигоҳ ташлаб:
– Мозамбикни соғиниб кетдим, – деди.
– Мен ҳам, – жавоб қайтарди ресторан хўжайини.
Уларнинг ҳеч бири ҳеч қачон Мозамбикда бўлмаган ва шунга қарамай, ҳар иккиси ҳам ҳақиқатни гапирарди. Баҳам кўрилган туйғудан ертўлада сақланган яхши майни майдалаб ичгандай лаззатланишиб, бир муддат сукутга чўмдилар.
– У ёққа қайтишимизга кўзим етмайди, – деди адмирал.
– Менинг ҳам, – жавоб қайтарди Фернандо ва меҳмонга болаларча нигоҳ ташлаб қўйди, – у бутунлай кетди, деб ўйлайсизми? – деб сўради.
Адмирал юзини буриштирди – гўёки, ҳеч нарса аниқ эмас, бироқ ҳеч нимани инкор қилиб ҳам бўлмайди. Кейин нигоҳини қаҳвали финжонга қаратиб, қўшиб қўйди.
– Мана Фернандо, Да Коста ўтган йили вафот этгандан кейин, биз ҳам етим бўлиб қолдик.
– Адмирал, биласизми, менга энг муҳими нима етишмаётганини?
Адмирал дўстига тикилиб, гапини охиригача етказишини сўраб, бош ирғаб қўйди.
– Янги воқеалар! Ким уларни бизга айтиб беради?
Адмирал сал бўлмаса йиғлаб юборишини ҳис қилди. Мана шунақа гаплар. Айнан шу нарса уни Фернандонинг ёнига, унинг ресторанига бошлаб келди. Унинг ўзи унга ҳеч ҳам тинчлик бермаётган нарсани ифода қила олмаётган эди, ниҳоят бу гап айтилгач, бўғзига бир нима тиқилганини сезди. Ким энди уларга янги воқеаларни айтиб беради? Мозамбик ҳақидаги ҳикояни ким якунлайди? Анисето де Медейрос маъюс турарди.
– Биламан, Фернандо, – пичирлаб деди у ва йиғлаб юбормаслик учун шаҳд билан қаҳвани ичиб тугатди.
Маънисиз, ҳеч нарсани англатмайдиган нигоҳлар билан анча вақтгача жим ўтирдилар. Кўз олдиларида бир хил манзаралар намоён бўларди. Хотираларида бир хил товуш янграрди. Мозамбик яна улар билан бирга, уларнинг ёнгинасида эди.
Икковлон унинг қайтишига ва уларни маҳв этишга изн бердилар. Улар гўёки вафот этган икки дўстларини камтарона дастурхон атрофига таклиф қилган эдилар. Дўстлар, ўтмишдаги байрам ноз-неъматларининг ёқимли ҳидлари залга аста-секин тарқалаётган пайтдаги дамларини бузиб қўйишдан чўчиб узоқ вақт сукут сақладилар. О, ўтмишнинг баҳри-дилингни очадиган илиқлигидан роҳатланиб, шу алфозда ўтириш ва сукут сақлаш қанчалар завқли!
Улар ҳар доим Фернандоникида, хўжайин саранжон-саришталик билан узун қоғоз дастурхонлар тўшайдиган, ёғоч столлардан бири атрофида тўпланар эдилар. Ҳеч қачон тунги соат ўндан аввал келмасдилар. Олдиндан махсус келишишмаган, бироқ кечки пайт бежиз танланмаган – бу вақтга келиб ресторан бўшаб қолар, кейинроқ ёпилар ва қош қорайган сари бу жой фақат бизники, деган туйғу пайдо бўларди. Бунинг устига, кечани Фернандосиз тасаввур қилиб бўлмасди, у эса фақат шу пайтга келиб бўшарди.
Ошхона эшиги ҳар доим ланг очиқ турадиган бу эски ресторан уларга ёқарди – денгиз маҳсулотларидан тайёрланадиган таомларнинг илиқ, ёқимли ҳидлари залга кириб борар, май шишалари очилаётганда узоқ хўрсинишлардай товуш чиқарарди.
Улар бу ерда йилига бир ёки икки мартадан кўп учрашмасдилар. Ҳеч қандай аниқ сана белгиланган эмас эди, барчалари бўш бўлганларида тўпланаверардилар. Айтиш жоизки, тўртовлон бир вақтнинг ўзида жонажон шаҳарларида бўлишлари камдан-кам учрарди.
Фақат учрашув куни белгиланса бас, қолгани ўрнатилган тартибда кетаверарди. Адмирал Медейрос қўнғироқ қилиб, столга буюртма берарди. Бу унинг зиммасидаги мажбурият эди. Шу дақиқадан бошлаб Фернандо фақат белгиланган учрашув қувончи билан роҳатланиб яшарди. Мазали балиқларни ғамлаб, дўстларини қандай газак ва таомлар билан ҳайратга солишни ўйларди. Улар келганларида эшикни хўжайиннинг ўзи очар ва устки кийимларини ечишга ёрдам берарди. Қўлларини сиқиб, сўнгги марта қачон тўпланишгани, қандай таомлар билан меҳмон қилинганлари, қандай май ичганларини эслашга ҳаракат қилар эди. Чарм қопланган зил-замбил ва бесўнақай стулларга ўтиришлари ҳамоноқ, Фернандо қадаҳчаларга бирор бир ўткир ичимлик қуяр ва ёнғоқлар келтирарди. Улар қадаҳларни уруштиришар, буюртма беришарди, сўнг хўжайин чиқиб кетар, улар эса кечки овқатга ўтирар эдилар.
Фернандо уларга кейинроқ, иш куни тугагач, қўшиларди. Унингсиз суҳбат қовушмас, иккиламчи мавзулар тилга олинар, асосан у тайёрлаган таомларга муносиб баҳо бериларди.
Адмирал Анисето де Медейрос, контр-адмирал Да Коста ва капитан Мануэль Пассеолар денгиз мактабида танишгандилар. У пайтларда улар ёш денгиз зобитлари эдилар – оқ қўлқоплар кийиб, ҳарбийларга хос қаддиларини ростлар, кўзлари чақнар, ўзини денгизга тўлиқ бағишлашга доим тайёр турардилар. Ҳаёт уларнинг ҳар бирига кутилмаган совғаларни тайёрлаган эди. Биринчи бўлиб ғолибона нигоҳ капитан Мануэль Пассеода сўнди. Субординацияга риоя қилмаслик билан боғлиқ қандайдир ҳодиса. Ўзидан катта лавозимдаги кимса билан тортишув. Мактабни тамомлашга бир йилдан ортиқроқ вақт қолган эди, ҳарбий денгиз флоти билан хайрлашишга тўғри келди, лекин денгиз билан эмас – бундай қарорга келишига жасорати етишмади. “Савдо флоти” – бу сўзларни у олдинига нафратланиб айтиб юрди – кейинчалик у бор кучини сарфлайдиган жойга айланди. Ўртоқлари, устидан кулиб, “сув транспорти ходими” деб аташарди. Контр-адмирал Да Коста уйланди. Бир неча йилдан кейин хотини асаб касаллигининг кам учрайдиган тури билан оғриб қолди. Эри ёнида бўлиши керак эди. Да Коста борган сайин денгизга камроқ чиқа бошлади, кейин уни бутунлай қуруқликка ўтказишларини сўради. Уни Лиссабон аслаҳахонасидаги лавозимга тайинлашди, яъни у ҳақиқий “денгиз бўрилари”нинг тушунчаси бўйича, қумга кўмилиб олган балиққа айланди. Фақат адмирал де Медейросгина ўз вазифасига, денгиз ўтлари-ю денгиз кўпигига бўлган енгиб бўлмас майлига содиқ қолди. Бироқ ажаблантирадиган жойи шунда эдики, саёҳату сафарларга тўла ҳаётининг сўнгида у омадсизроқ дўстларидан ортиқроқ бирор нарсани билмаслигини аҳён-аҳёнда ҳис қилиб турарди.
Шундай қилиб, уларда, Фернандонинг ресторанига тўпланганларида, кимдир сўз олиши ва бирор-бир воқеани гапириб бериши одат тусига кирган эди. Бу худди тунда денгизга чиқишга ўхшарди, ҳаммалари биргаликда, махсус уст-бошсиз, унвонларсиз, бир тўлқинда чайқалишар, саёҳатларнинг маст қилувчи ҳавосидан тўйиб нафас олишар эди. Бир сўз билан айтганда, ҳаётда хаёлингга ҳам келмайдиган нарсалар бўларди.
Охирги марта улар икки йил бурун – 1978-йилнинг ажойиб июнь оқшомларидан бирида йиғилишган эди. Контр-адмирал Да Костада, бир йилдан кейин уни олиб кетган хасталик аломатлари сезилиб турарди, ранги зафарон тус олган ва силласи қуриган, жон таслим қилаётган митти жониворга ўхшаб қолган эди.
У ичкарига кирганида юзида муҳрланган чуқур чарчоқ излари дўстларини лол қолдирди, бироқ у касаллиги тўғрисида лом-мим демади ва ҳеч ким уни саволлар билан безовта қилмади.
Ўша кеча улар Фернандо тайёрлаган таомлардан ҳузур қилиб тотиб кўрдилар. Ресторан ёпилгандан кейин эса, стулларни стол атрофидан сурдилар, Фернандо қаҳва ва бир шиша олча шароби келтирди, ўтирганларга болаларча қизиқувчанлик билан боқиб: “Хўш, ким бошлайди?” – деб сўради.
Контр-адмирал Да Коста кўзларини бир оз қисиб, ишора билан дўстларининг диққатини ўзига тортди.
– Умуман олганда, бу ҳеч қандай воқеа ҳам эмас, шунчаки сизларга муҳокама учун тақдим қилмоқчи бўлган саволим, – гўё ўрнатилган тартибга риоя қилмагани учун ўзини айбдордек сезиб, деди у.
– Агар фалсафа сўқиладиган бўлса, ичкилик камлик қилса кераг-ов, – деди кулиб Медейрос.
Фернандо пештахтадан шишани олди ва қадаҳларни тўлдирди. Орага жимлик чўкди: ҳамма ҳузур қилишни олдиндан сезиб, жимиб қолди.
– Шундай қилиб, сизларга бундан беш ой бурун амакиваччаларимдан бири билан содир бўлган кичикроқ бир воқеани айтиб беришимга ижозат бергайсизлар. Олтмиш икки ёшида у кенжа қизини турмушга узатаётган эди. Биз тоғдаги қишлоқ – Магадурога тўйга таклиф қилинган эдик. Келин кун санар, сўнгги ҳозирликлар давом этарди.
Контр-адмирал жимиб қолди; сўлғин юзлари уни кампирга ўхшатиб турарди.
– Тўй куни, – яна гап бошлади у, – мен тонг саҳарда амакиваччамникига келдим. Биз биргалашиб қаҳва ичдик. У куёвнинг оиласи ҳақидаги таассуротлари оғушида эди – бу оила уникидан каттароқ, бадавлатроқ бўлиб, Лиссабондан тўлиқ таркибда келишганди. Тайинланган вақт яқинлашганда, биз ҳаммамиз никоҳ маросими ўтадиган шаҳарнинг юқори қисмида жойлашган черковга йўл олдик. Биз кўтарилаётган ёнбағир тик эди. Кун жуда иссиқ, қуёш аёвсиз қиздирарди. Тоққа олиб борадиган йўлда амакиваччам ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Унинг оёқлари дармонсизликдан чалишиб кетди. Мен уни ушлаб қолишга улгурмадим. У ерга қулаб тушди ва байрамона кийинган кўп сонли қариндошлари орасида менинг қўлимда юрак хуружидан вафот этди.
Контр-адмирал яна жимиб қолди, эҳтиёткорлик билан майдан ҳўплади – унинг худди ёввойилардек бир нечта шишани бўшатишга кўникиб қолган дўстлари, – юз берган бундай ўзгаришни пайқамасликлари мумкин эмас эди.
– Тасаввур қилинглар-а, байрам мотамга айланди. Бундай бўлиши мумкинлигига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Куёв билан келиннинг кўзларидан аламли ёшлар тўкиларди. Тўй базми бекор қилинди, созандаларга жавоб берилди. Ўша куни кўпчилигимиз, одамлар устидан бундай ёвуз ҳазил қилгани учун фалакка лаънатлар ўқидик
– Ҳа, бундан баттари бўлмайди, – тўнғиллади капитан Пассео.
– Даҳшатнинг ўзи, – пичирлади Фернандо.
– Хўш, қандай масалани биз билан муҳокама қилмоқчи эдинг? – қизиқиб сўради Медейрос.
Контр-адмирал кўзларини сал қисди ва суҳбатнинг бошида ташланган хўрак ёдларида эканлигидан қувонди.
– Мен буларнинг ҳаммаси тўғрисида кўп ўйладим. Ўша куннинг иккинчи яримидаги воқеалар, менинг назаримда тўғри бўлмади. Ўша кунни бундай ўтказмаслигимиз керак эди. Биз ҳамма нарсани бекор қилдик ва ғамга ботдик. Шундайликка шундайку-я. Бироқ менинг саволим бундай, нима учун инсон қалби икки қарама-қарши туйғуларни ўзига сиғдира олмайди, нима учун уларнинг ёнма-ён мавжуд бўлишига йўл қўймайди?
– Ҳеч нарсани тушунмаяпман, – таажжубланди Фернандо.
– Ҳозир тушунтираман. Тўй давом эттирилса тўғрироқ бўлмасмиди? Ёшларни никоҳлаб, шу куннинг ўзида оталарини дафн этса бўлмасмиди?
– Бироқ бу қандай байрам бўлар эди? – гап қистирди Медейрос.
– Мен ҳам шу ҳақида айтаяпман-да, – қизишиб гапни илиб кетди контр-адмирал. – Нима учун инсон бунга қодир эмас? Ахир, ҳаёт бунга қодир-ку. У бизни кўп марталаб синайди, ўтдан оловга ташлайди, яна ҳеч қандай мақсад ва раҳм-шафқатсиз. Мана шунинг учун мен бу ақлсизликни енга олишга қурби етадиган одам ҳақида ўйлаб қолдим. Қувончда йиғлаш ва ғамда кулиш. Биз ҳам ўша кунни шундай ўтказишимиз керак эди. Тўйни давом эттириш, рақсга тушиш, ёшларга оқ фотиҳа бериш ва ўша куннинг ўзида ўтганга аза тутиш. Тақдир шуни раво кўрган бўлса, нима ҳам қилиб бўларди?
Дўстлар бирданига жавоб бермадилар. Ҳар бири бундай тўйни тасаввур қилишга ўзича ҳаракат қиларди – кўз ёшлари ва мушакбозликнинг ғайриоддий омухтаси.
– Сен ҳақсан, – деди, ниҳоят Медейрос, – шундай қилинса яхши бўларди.
Гапи тугаганини ва бошқа айтадигани қолмагани ишораси сифатида, контр-адмирал бир стакан сув ичди.
Фернандо кремли ширинликни олиб келиш учун бир зумга ошхонага чиқиб келди.
– Ширинлик “қиёмат” деб номланади, – эълон қилди у, ўз меҳнати самарасини дўстлари ҳукмига ҳавола қилар экан.
– Номини зап танлабсанми?! – кулиб юборди Пассео.
– Бундай фикр каллангга қаердан кела қолди? – қизиқиб сўради Да Коста.
– Ҳозир тушунтириб бераман, – қувлик билан деди Фернандо, – Бу менинг бугунги кечага қўшган ҳиссам бўлади. Аввал татиб кўринглар-чи…
Ширинликлар устига апельсин пўстининг хушбўй ҳиди келадиган қиём суртилган эди. Дастлаб тахирроқ таъм сезиларди. Аста-секин, ичимликнинг қўшимча таъми устунлик қила бошларди.
– Лекин бу ажойиб десерт билан қиёматнинг қандай алоқаси бор? – деди ҳайрати аримаган ва яна ширинликдан тотгиси келиб турган Да Коста.
– Қиёмат куни Лиссабонда нима бўлиши сизларга маълумми? – қувлик билан сўради Фернандо.
Меҳмонлар йўқ, деган маънода бош чайқадилар.
– Ҳеч нарса, мутлақо ҳеч нарса бўлмайди. Португалия ҳар доим орқада юради. Дунё жаҳаннамга қулаб, осмон ёрилиб кетадиган ва оташ оқимлари барча тирик мавжудотларни йўқ қилиб юборадиган, қолган дунё вайрон бўлаётган куни ҳам Лиссабонда ҳамма нарса ўз жойида қолади. Ҳатто шунда ҳам биз кеч қоламиз, бир неча кун бизда одатий ҳаёт давом этади, ваҳоланки дунёнинг қолган қисми вайронага айланади.
Пассео ва Медейрос жилмайишди, бунга ширинликнинг нима алоқаси борлигини ҳали ҳам тушуна олмаётган Да Коста қовоғини уйди.
– Хўш, нима бўлибди? – сўради у.
– Хеч нима, – Фернандо томошабинлар юзидаги ҳайратни мамнунлик билан сезиб турган сеҳргардек қувлик билан жавоб берди – Қиёмат бошланмаганлигини биз қаердан биламиз? У аллақачон бизнинг атрофимизда-ку. Бахт лаззатини тотиб кўриш учун бир неча кун қолди. Улардан имкон қадар фойдаланинг. Роҳатланинг.
Меҳмонлар кулимсираб, яна биттадан ширинлик олдилар ва гўёки Фернандо тўғри сўзлаганини, Нью-Йорк, Лондон, Париж ва Токио олов ичида қолганини ҳазилга олиб, тасаввур қилдилар.
Шу билан суҳбат секин-аста ўз поёнига етиши ва учрашув якунланиши мумкин эди, бироқ ҳали Пассеога сўз навбати келмаганди.
Гапириш навбати унга келди; унинг ҳамтовоқлари, ўз шахсий ҳаёти билан боғлиқ машаққат ва армонларни, барча-барча нарсаларни унутиб, ҳафсала билан сигареталарини тутатдилар ва бутун вужудлари қулоққа айланди, уларнинг кўзларида болаларча бетоқатликни уқиш мумкин эди. Капитан Пассео гапиришни бошлаганда, унинг ҳикояси узоқ давом этиши маълум бўлди. Муҳими, шу эди. Қолгани ҳисобга ўтмайди. Лиссабон уйқуда эди. Пассеонинг сўзлари тамаки тутуни ва дўстларининг табассуми билан аралашиб, ресторан зали бўйлаб сузиб борарди.
– Мени узоқ вақт денгиз билан яқинлашиб, бойидикми ёки қашшоқлашдикми, деган савол қийнади. Дўстлар, сизларга ростини айтадиган бўлсам, мен узоқ вақт, оламни бунчалик кўп кезиш, барча денгиз ва океанларда сузиш, одамни фақат қашшоқликка олиб боради, деб ҳисоблаганман. Қалбимиз тубида сиз ҳам, мен ҳам саёҳатлар сўнгида қўлларимизда бир ҳовуч денгиз сувидан бошқа ҳеч вақо қолмаганини англаб етамиз. Бизнинг қатъият ва ўжарлик билан денгизда сузишга бўлган интилишимиз ортида, балки қашшоқлашишнинг биргина саркаш истаги яширингандир. Ахир денгизда олтин бўлмайди-ку. На сиз, на мен денгиздан уни топганмиз. Мен оддий савдогарман. Кемам очиқ денгизда сузишга мослаштирилмагани боис, қанчалик чўчиб, қирғоққа яқин сузишимга, пуллаш мумкин бўлган барча нарсаларни трюмда ташиганимга қарамай, бойимадим, қўлимда қандай тангаларни ушламадим, дейсиз – дунёда мавжуд бўлган барча туридан! – ҳатто шунда ҳам жонажон қишлоғимдан чиқиб кетган кунимдан кўра ҳам қашшоқроқман. Ўттиз йил ичида мен топган ва тўплаган пуллар қандай келган бўлса шундайлигича кетди. Бироқ ҳаётимда барча интилишларимни оқлайдиган шундай нарса бўлган эди-ки… Ўттиз йил савдо-сотиқ қилиш, югуриб-елиш ва пора беришга арзийдиган бир воқеанинг қиймати… Менинг кемамдан ҳам қимматроқ бўлган. Агарда бугун мендан кимлигимни сўрасангиз, мен сизларга ўз исмимни, ёшим нечадалигини, миллатим ва касбимни ҳам айтмайман ва шундай жавоб бераман: мен Тигирка қизи тарихидан воқиф кишиман. Мана шунинг ўзи етарли.
Капитан жимиб қолди. Бир қултум ичиб, қадаҳни столга қўйди ва тингловчиларга қаради. Улардан ҳеч бири ҳикоя айтилаётган пайтда гап қўшмади. Улар кутишар ва ҳайрат тўла кўзларида сабрсизликни уқиш мумкин эди. На вақтнинг кеч бўлганини, на чарчаганларини ҳис этардилар. Улар тингладилар.
– Тирикчилик учун қандай йўл билан пул топишим сизларга маълум, – давом этди Пассео. – Сизлар ҳар доим менга нисбатан меҳрибон ва марҳаматли бўлгансизлар, мени ўзларингга яқин билгансизлар, ваҳоланки, сизнинг ўзингиз мамлакат денгиз флоти аъзоларисиз. Мен савдогарман. Сотаман, сотиб оламан, пул ишлайман. Ўттиз йилдан ортиқроқ бирорта бандаргоҳни қолдирмасдан Мозамбик қирғоқлари бўйлаб сузиб юраман. Кемамнинг трюмлари бўшайди ва яна тўлдирилади. Юклаш, тушириш. Бунинг учун менга тўлайдилар ва мен йўлимда давом этаман.
Мен бу мамлакатни яхши биламан, буни эшитиш сизга қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, уни севаман. Уни ҳолдан тойдираётган қашшоқлик, коррупция, яширин урушга қарамай барибир яхши кўраман. Мустақилликнинг эълон қилиниши мен учун ҳеч нарсани ўзгартирмади. Мен бор-йўғи савдогарман ва ҳеч қачон бу мамлакат фуқароси бўлишга даъво қилмаганман. Истиқлол шакарқамиш далаларини ёқиб юбормади, кешью ёнғоғи заҳираларини пайҳон қилмади. Савдо кемаларини тўлдирса бўладиган нарсалар ҳали бисёр ва бу менга жуда қўл келади. Шакар, чой, ёнғоқ. Бейрадан Мапутугача, Мозамбикдан Жанубий Африкагача. Шакар, чой, ёнғоқ – у ёқдан-бу ёққа олиб борилади. Фақатгина бу эмаслигини сезиб турган бўлсангиз керак. Қурол ҳам ташийман, бунинг учун бриллиант билан ҳисоб-китоб қилишади. Жанубий Африка замини олтину қимматбаҳо тошлар билан тўлиб-тошиб ётган бўлса, қандай қилиб унинг бойликларига бефарқ қараш мумкин. Кўряпсизми дўстлар, мен ҳам бошқа осий бандалар каби қароқчи бўлмасам ҳам, бир мунча фирибгарман. Буларнинг барчаси ноқонуний, лекин Мозамбикда қонуний нарса борми ўзи? Бундан ташқари, кема трюмида ташиладиган йўловчилар ҳам бор. Мамлакатда йўллар йўқ. Поездлар зўр-базур ҳаракатланади. Бўлганда ҳам унда кетишни Мапутудан иш топиш илинжида Замбези соҳилларини тарк этаётган деҳқонларнинг ҳамёни кўтармайди. Сув йўли ҳали-ҳамон энг арзон ва ишончли ҳаракатланиш воситаси бўлиб келмоқда. Мен ҳам барча қилган ишни қиламан: Бейрадан бир неча камбағалларни кемага оламан. Ҳукумат бунга кўз юмади. Сирасини айтганда, мен трюмларда нима борлигига ортиқча эътибор қаратмаслиги учун ҳокимятнинг оғзини ёпаман. Бейрада капитан Пассео шундай хизмат кўрсатиши ҳақида яшин тезлигида миш-мишлар тарқалди. Шундан бери бортга бир неча нолегални оламан. Очиғини айтаман, бу менга ёқади. Бу орқали мен ўзимнинг шунчаки савдогар эмаслигимни ҳис қиламан. Ўзинг бор-йўғи майда савдогар бўла туриб, фалончиман деб гердайишинг аҳмоқлик эканлигини тушунаман, бироқ шундай бўлса ҳам… Хуллас, ўз қийматига эга бўлганларнинг барини – эркаклар, аёллар, қурол, бриллиантлар, пишириқлар, шакарқамиш поясини ўз манзилига етказишни зиммамга олганман.
Анисето де Медейрос Пассеодан кўзини узмасди. Пассео унга қадалган нигоҳлар найзасига дош беролмаётгандай беихтиёр бармоқларини қалин сочлари орасидан юргизди, бўйнини қашлади.
Адмирал дўсти нимадан хабардор бўлганига тушуна олмасдан, уни нима ҳайратга солгани, нега юзида дунёнинг нариги четига бориб келган кимсадай чарчоқ излари муҳланганига ақли етмасди. Пассео яна сўзлай бошлаганида саволларига жавоб олишга шайланиб, нафасини ичига ютди.
…Мен ўша тунда содир бўлган барча нарсани эслайман. Биз Бейра соҳилида тўхтадик. Кема Мапутуга йўл олганди. Трюмдан пишириқларнинг ўткир ҳиди тараларди. Ноқонуний йўловчилар одатдагидан кўпроқ – йигирмага яқин эркак ва аёл эди. Уларнинг барчаси Мапутуда – шаҳар тегирмонида ўз бахтини синаб кўрмоқчи бўлган, ердан тирикчилигини ўтказа олмаган бечора омадсиз деҳқонлар. Эркаклар нари борса сон- саноқсиз қурилишларда иш топиши мумкин. Аёлларга эса ҳеч нарсадан умидвор бўла олмас эдилар. Буни билсалар-да, ўз илоҳларига уларни жуда тез янчиб ташламасликларини илтижо қилган ҳолда эрларига эргашадилар.
Бейра анча ортда қолди ва мен ёрдамчимга трюмни очишни буюрдим. Бечора одамларнинг шўр босган трюмда қамалиб ўтиришларига йўл қўя олмасдим. Уларни шаҳарда кутаётган азоб-уқубатлар, олатасир шовқин-сурон олдидан сўнгги тунда баҳра олсинлар. Улар қўрқа-писа палубага кўтарилар эканлар, ҳашаматли салонга кириб қолган чувриндиларга ўхшаб кетардилар.
Механикдан барча нарса жойидалигини билгач, ўз каютамга кириб ётдим. Ушбу тун менга кутилмаган совға тайёрлашини қаердан ҳам билибман дейсиз?
Бир-икки соатлардан сўнг қичқириқлардан уйғониб кетдим. Палубада жанжал бошланганди. Бундай ҳолатлар баъзан ноқонуний йўловчилар ва улардан яна озроқ чой-чақа ундирмоқчи бўлган команда аъзолари ўртасида бўлиб турарди. Шошиб кийиндим.
Юқоридан қичқириқ овозлари янада баландроқ кела бошлади. Зиналардан ҳатлаб юқорига чопиб борар эканман, аёл кишининг юракни ларзага солувчи кучли чинқириғидан сал бўлмаса қулоғим тешилаёзди. Мен икки хатлаб палубага чиқдим ва тўпланган оломонни ёриб кириб ҳамма четга чиқишини, бу олатасир нимани англатишини тушунтиришларини талаб қилдим, лекин кеч бўлганди.
Палубада бир аёл киши юзтубан ҳолда ётарди. Лабларим титраб кетди. Мен аёлни ўраб олганларнинг маънисиз, ҳиссиз юзларига қараб ҳеч нимани тушунмадим. Сўраб-суриштирдим. Матрослардан бири кўрган-билганларини гапира кетди.
Пассео ўз ҳикоясида давом этаркан, бир оз тин олиб чека бошлади, тингловчилар жонланиб қолдилар, Фернандо эса ўрнидан туриб кетди. Ким сув ичади? Кимга яна қавҳа? Ширинликлар-чи? Медейрос ва Пассео стулларни столдан узоқлаштириб оёқларини узатдилар. Да Коста ҳожатхонага йўл олди. Лекин бир оздан сўнг уларнинг барчаси яна стол атрофида жам бўлишиб, жон қулоқлари билан тинглашга тутиндилар, Пассео эса ўз ҳикоясини давом эттирди.
– Мана, у менга нималарни сўзлаб берди. Ярим тунда аёл эркак кишига нима учун ташланди? – мен барибир сабабини аниқлай олмадим. Жанжал босилгандан сўнг англаб бўлмайдиган воқеа содир бўлди: эркаклар ҳаммаси унга ташландилар ва дўппослай бошладилар. Денгизчиларим бирон бир чора кўришга улгуришмаган, саноқли сонияларда улар аёлни ўлакса қилиб дўппослай бошладилар. Гўёки уларнинг барчасини бирдан нафрат чулғаб олгандай. Воқеа қандай бўлганини сўзлаб беришни тўрт марталаб сўрадим. Жанжал нимадан келиб чиққанлигининг ажабланарли жойи йўқ эди: рашк, қасос, хиёнат, яна нима ҳам сабаб бўлиши мумкин …
Бироқ барчасидан сўнг қўрқоқларча, қабиҳ, аҳмоқона ва шафқатсизларча бўлиб ўтган Линч суди… бу бутунлай бошқа гап. Мен лол қолган эдим, бироқ чекинишни истамасдим. Барча нолегал йўловчиларни йиғиб таъзирини бердим, агар гап нимадалигини айтишмаса, уларни ҳукуматга топшираман, деб қўрқитдим. Ҳатто уларнинг барчасини кемадан улоқтириб юбораман, деб пўписа ҳам қилдим. Ҳеч нарса таъсир қилмади. Баъзи ашаддий сурбетлари менга ҳатто кўз қирини ташлашни ҳам лозим кўрмадилар, бошқалари эса ортиқча безовталанишга ўрин йўқлиги, марҳума бор-йўғи Тигирканинг қизи эканлиги ҳақида астагина ғўлдирашди. Кун келиб менинг кемам сузувчи тобутга айланиб қолишини тасаввуримга ҳам келтира олмаган бўлардим. Бу аёл бошқалар қатори тирикчилик важидан ишлаш учун Мапутуга кетаётганди, менга ишониб моллар жойлашган ифлос қоплар орасида кетишга рози бўлган эди. Мен бўлсам биргина аёлни ҳам Африканинг қоқ марказида атиги бир тун давомида ҳимоя қила олмайдиган оддий савдогар бўлиб чиқдим.
Ресторан эшиги тақиллади. Буйруқ берилгандай тўртовлон бирдан чўчиб тушдилар. Икки севишган ичкарига қўйишларини сўраб, ойнаванд эшикни зўр бериб тақиллатар эдилар. Фернандо ўрнидан сапчиб турди ва имо-ишора билан ресторан ёпиқлигини билдирди. Йигитча улар учун истисно қилишлари ҳақида ёлвориб сўраганда, хўжайин:
– Йўқ, йўқ, йўқ. Ёпиқ! – деб қичқирди.
– Ўз сўзларини тасдиқлаш учун темир пардани тушириб қўйди. Севишганлар кўздан ғойиб бўлишди. Фернандо одамларга тинчлик бермайдиган сурбетлар ҳақида нималарнидир жавраб ўз ўрнига келиб ўтирди.
Атрофни сукунат қоплади ва Пассео ҳикоясини давом эттирди.
– Аҳволим ниҳоятда оғир эди. Мапуту ҳукумати одамларига бу жасад билан кўринишим ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Жасадни кемадан улоқтириб юборишга журъат қила олмадим. Лекин бу энг оқилона йўл бўлиб, бундай вазиятда кўплаб капитанлар айнан шундай йўл тутар эдилар: ҳеч нарсани кўрмадим, ҳеч нимани билмайман, кема сузишда давом этаверади. Қопни сувга ташлайсан – тамом-вассалом. Теварак-атрофдаги одамлар бечора аёлга нисбатан шу қадар нафрат билан ёнмаганларида балки мен ҳам шундай қилган бўлармидим. Аёлдан энг оддий йўл билан қутулиш учун уларнинг фикрига қўшилишим лозим эди, у бор-йўғи Тигирканинг қизи эканига розилигимни билдирган бўлар эдим. Фикримча, ҳамма худди шуни кутар, балки уларнинг кўпчилиги жасадни денгизга улоқтиришда менга бажонидил ёрдам ҳам берган бўлардилар.
Бундай жанжал Мапуту кўчаларида содир бўлганда эди, мен унга маст-аластлар жанжалига эътибор бермагандай қарардим, бироқ бу менинг кемамда содир бўлди. Двигателнинг бир маромдаги овози остида бирмунча тинчландим. Наздимда, тун чўзилиб кетгандай бўлди.
Ёрдамчим Зонгадан кўмак сўрадим. Биз катта оқ чойшаб топиб унга мурдани ўрадик ва бирон сўз демай, уни машина бўлимига туширдик.
Ушбу тун белгиланган жадвал бўйича, Мозамбикнинг “бадбўй бриллианти” деб таърифланувчи Мапутудаги исқирт қаҳвахонанинг денгизга қараган айвонида ўтириб, ҳаётимнинг сўнгги кунларини ўтказишни истаган масканим – инсонлар пешона тери билан озиқланиб, эвазига шовқин-сурон ва ичимликдан бошқа ҳеч вақо таклиф эта олмайдиган маст-аласт шаҳарга етиб келдик.
Порт идорасига кирдим, ҳужжатларни расмийлаштирдим ва аввал келишилган вақтда денгизга чиқа олмаслигимни билдирдим. Сўнг кемага қайтиб йўловчиларни қўйиб юбордик. Уларнинг аянчли шарпалари тун қўйнида бутунлай йўқ бўлиб кетди. Исмларини ўзларидан бошқа ҳеч ким билмайдиган қиёфасиз нолегаллар аввалгилари каби шовқин-сурон шаҳар қўйнига сингиб кетдилар, еб тўймас Мапуту орзу-умидларига эришмоқчи бўлган деҳқонлар сафидан янгидан янги қурбонликларни талаб қилмоқда эди.
Анча вақтгача трюмга тушишга юрагим бетламади. У пастда ётарди. Нима учундир бу аёл бошимга бало бўлишини ич-ичимдан ҳис қилардим.
– Тигирканинг қизи дегани нимани англатади? – Ҳикоячининг гапини бўлди Фернандо. Бошқа тингловчилар ҳам шуни билишни истар.
– У пайтларда бу ҳақида ҳеч қандай тушунчам йўқ эди. Лекин аниқлашга қатъий қарор қилдим. Ёрдамчим Зонга менга сигарета узатди ва гап орасида йўловчилардан бири марҳуманинг акаси Грекда ошпаз бўлиб ишлаши ҳақида оғиз очганлигини айтиб қолди.
Грекнинг ким эканлигини таърифлашга ҳожат йўқ эди. Бу жой Мапутунинг ўпкаси, ҳа, ифлос ва димиққан бўлса ҳам барибир нафас олиш жойи, бошқача қилиб айтганда, доимо одамлар билан лиқ тўла бўлишига қарамай, барибир ўзига тортувчи қуйи тоифадаги қаҳвахона. Ҳар сафар Мапутуга келганимда барча денгизчилар сингари у ерга кираман.
На бордель, на казино дейиш мумкин бўлган бу муассасада ҳар болога дуч келиш мумкин. Грекнинг ўзи шоп мўйловли барзанги эди. Мозамбик мустақилликни қўлга киритгандан сўнг у ҳам бу ердан кетишни истамади. Бу ерларга меҳри тушиб қолган бўлса керак. Мапуту ҳам усиз Мапуту эмасди. Пастак столлар атрофида қанчадан-қанча келишувлар, иш юзасидан учрашувлар бўлиб ўтар эдики, Грекка аллақачон Мозамбикнинг фахрий фуқароси унвонини бериш вақти келганди.
Мен ҳар қандай оқ танли сингари, қора терга ботиб файзсиз тунги тиқилинчни кузатган кўйи борар эдим. Гуёки қурилишларнинг биридан иш бошқарувчи келади-ю, ушбу исмсиз, ўтмиш ва келажаксиз, бир-биридан фақат терисининг ранги билан фарқланувчи ва шаҳар оҳанрабоси тортган бу одамларни ишга қабул қила бошлайди.
Мен Грекнинг олдига кирдим. Хўжайин мени баланд овозда “Капитанга салом!” дея қувонч билан қарши олди. Унинг қўлини қисдим, менга португал роми қуйилган стаканни узатди. Бир қўтаришда ичдим. Унинг мен билан гурунглашгиси борлигини сезиб турардим. Айтиш керакки, бизнинг у билан баъзи бир ишларимиз бор эди, афтидан келтириб берадиган товарларимнинг нархи хусусида яна гаплашмоқчига ўхшарди. Суҳбатдан ўзимни олиб қочиб, қайта келишимни айтдим ва ошпазни чақириб беришини сўрадим. Грек ажабланди, шундай бўлса ҳам мени стол ёнига ўтқизди, бир шиша пиво, иккита стакан олиб келди ва ошпазни чақиришларини буюрди.
Олдимга ёш йигит келди. Унга ўтиришни таклиф қилдим, ўтирди. Ўзимни таништириб Бейра, Мапуту ва Жанубий Африка оралиғида савдо кемасида қатнашимни айтдим. Ушбу тунда Мапутуга етиб келганимизни ва кемамизда унинг синглиси борлигини айтдим. Шу пайт у сўзимни бўлиб, бу унинг туғишган синглиси эмаслиги, чунки оналари бошқа эканлигини айтиб, аниқлик киритди. – Шундай ҳам дейлик, – рози бўлдим мен лекин унинг қондош синглиси ҳозирда тирик эмаслигини, уни менинг кемамда ўлдиришганини айтдим. Йигит лом-лим демади. Мен яна такрорладим: ўлдиришди. У менга тикилиб қолди ва пиводан ҳўплади.
– Бу воқеа қандай содир бўлгани сизни қизиқтирмайдими?
У ҳамон жим эди. Мен бўлиб ўтган воқеа ҳақида гапира бошладим. Қотиллик ҳақида лом-мим демасди. Линч суди тўғрисида ҳам. Кўплаб одамлар унга бирдан ташлангани, уларнинг ғазаб отига мингани ҳақида сўзладим. У жим эди. Охир-оқибат, ҳаммасини гапириб берганимдан сўнг бу қадар хотиржам эканлигига тушунолмай, унга тикилиб қолдим. Шунда у менга тикилиб, секингина гап бошлади:
– Соз бўпти. Ҳа, у Тигирканинг қизи эди, – унинг оғзи нафратомуз қийшайди. Томиримда ўша қон оқмаганида мен ўзим ҳам шундай қилган бўлардим.
Ичим қизиб бораётганлигини ҳис этдим. Тишларимни ғижирлатиб, қўлларимни мушт қилган ҳолда унинг кўзига тик боқдим. Уни ҳақоратлагим, ҳайдаб солгим, унга қичқиргим келди, бироқ мен ҳеч нарсага улгурмаёқ, у ўрнидан турди ва аввалгидай жим, ҳатто хайрлашмай, қўлини ифлос ва увадаси чиқиб кетган латтага артиб бўлгач, чиқиб кетди.
– Хўш, сен нима қилдинг? – деди шошилиб адмирал.
– Наҳотки у ҳеч нарса демаган бўлса? Синглиси ҳақида-я? – Фернандо ҳам ўзини тута олмади.
– Шу пайт бу ишга нуқта қўйишга қарор қилдим, – давом этди Пассео. – Жасадни соҳилга олиб чиқаман ва Мапутуда дафн этаман. Мен охир-оқибат нима бўлишини тасаввур ҳам қила олмас эдим. Худди ушбу тун қанчалик узоқ ва ғаройиб бўлишини билмаганимдек. Бироқ мен Тигирка қизи ким эканлигини билишим керак эди. Нима бўлишидан қатъи назар.
– Сен нима қилдинг? – сўради Медейрос.
Пассео жавоб бермади. Дўстлари у бироз тин олиши керак деб ўйлашди, бироқ сукут анчага чўзилиб кетганлиги учун безовталана бошладилар.
– Хўш, кейин-чи, кейин нима бўлди ? – деди сабри чидамай Фернандо.
Пассео жилмайди ва оғзига ширинлик бўлагини солди.
– Келаси сафар айтиб бераман, – деди у қатъий оҳангда.
Бу гапдан сўнг шундай тўполон бошландики, асти қўяверасиз! Бу ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас! Уни нима жин урди ўзи! Қанақасига келаси сафар бўлар экан? Ҳозироқ гапирасан! Ақлга сиғадиган ишми бу: ҳикояни шундай, ўртасида, энг қизиқ жойида тўхтатиш! Пассео қатъий туриб олди. Ҳикояни кейинги сафар якунлашини, ҳозир эса кеч бўлганлигини такрорлади. Ундаги қатъиятини кўрган дўстлари чекинишга мажбур бўлдилар.
– Сен у ерга қайтасанми? – қизиқиб сўради Медейрос.
– Эртадан кейин йўлга чиқаман, – жавоб берди Пассео.
– Сен билган, кўрган ёки ўша тунда бошдан кечирганларингнинг қайтишингга алоқаси борми?
– Ҳа. Ўша тундан сўнг энди Мозамбиксиз яшай олмайман. Шу ерда Да Костанинг сабри чидамади ва байрамнинг қоқ ўртасида ётиб ухлашга юборилаётган боладай зорлана бошлади.
– Ким билади, ўша худо урган мамлакатдан қайтасанми-йўқми? Воқеа якунини қаердан биламиз, ахир?
– Унда бу Мозамбик мени ютиб юборганлигини англатади ва орангиздан кимдир воқеа якунини билиш учун у ёққа равона бўлишига тўғри келади.
– Сиз даҳшатли нусхасиз! – деди Фернандо хафа бўлган бола сингари тумшайиб, – бу ҳам етмагандай, бешафқатсиз. Сизларни бўктириб маст қилиш керак, ана шунда гап бошлаган бўлармидиларинг.
Ҳамма кулиб юборди ва қадаҳларни охирги марта уруштирдилар. Барчалари қаттиқ чарчаган эдилар, гурунгдагилар уй-уйларига тарқаб, ухлаш учун йўл олишга қарши эмас эдилар. Ўрниларидан тураётиб, ҳар бири хаёлан Мозамбик билан учрашув тайинладилар. Ярим-бир йилдан кейин улар, албатта, тўпланишади ва ушбу ҳикоя давомини эшитишади.
Столдан сигарета қутиларини олар эканлар, барчалари улар ҳар доимгидек Фернандодан қанча тўлаш кераклигини сўрадилар, лекин у ҳар доимгидек ҳеч нарса керакмас деди, уларнинг жаҳли чиқа бошлади, шундан сўнг улар бундай бўлса, бошқа келмасликларини билдирдилар, бироқ у ҳеч нарсани эшитишни ҳам истамади. Улар дўстига қуюқ миннатдорчилик билдириб, кийинишди ва кўчага чиқишди. Лиссабон кўчалари бўм-бўш эди. Атлантика томондан шамол эсди. Уйларнинг чироқлари ўчди, шаҳар қоронғулик оғушига чўмди.
Деворлар бўйлаб мушуклар пусиб юрардилар. Ёмғир майдалаб ёға бошлади. Учта шарпа турли томонга тарқалиб кетди. Фернандо рестораннинг пардаларини охиригача туширди.
– У яна қайтади деб ўйлайсизми?
Фернандонинг овози адмирал Медейросни хаёл оғушидан олиб чиқди.
– Вақт қанчалик ўтса, мен шунчалик камроқ ишонаман бунга, – жавоб берди адмирал.
Фернандо бош ирғади. У ҳам Пассеони Мапутуга етиб борган ва уни бошқа кўрмайман, деб ўйларди. Дўстлар давраси тарқаб кетди. Ажал Да Костани олиб кетди. Пассеони ҳаёт ўз гирдобига тортиб кетди. Энди улар икки киши эди. Аммо энди улар нима қилиши мумкин? Навбат билан бир-бирига воқеаларни сўзлашадими? Бироқ қандай ҳикояларни? Фернандо фақатгина ўзининг мавзесида бўлаётган воқеаларни биларди, холос. Улар икки киши қолганликларига ва Мозамбик ҳақида кўпроқ билиш истакларини рўёбга чиқара оладиган одам йўқлигига кўникишларига тўғри келади.
– Фернандо, буларнинг баридан нима қолди, ўзи? – деб сўради туйқусдан Анисето де Медейрос маҳзун кайфиятда.
– Нимадан? – тушунмади Фернандо.
– Учрашувларимиздан-да. Биз бир-биримизга айтиб берган воқеалардан. Бизнинг гурунгларимиздан. Мен нафақат сўнгги учрашувни, Пассео гапириб берган ўша Мозамбик тунини назарда тутмаяпман. Охиргиси, балки хотирамизда узоқ вақт сақланиб қолар. Лекин бошқа учрашувлар-чи? Умуман, бу ерда кечирган барча лаҳзаларимиз-чи? Бугун эрталаб, ўша лаҳзалар менга қанчалар етишмаётганини ҳис қилганлим учун бу ерга қайтиб келдим. Келаётиб, барчамиз ҳақимизда ўйладим. Фернандо, балки кулгили туюлар, бироқ сизлар билан ўтказган онлар – мен учун ҳаётим давомидаги энг қадрлиларидан биридир. Албатта, фақат уларгина эмас, лекин улар ҳам. Агар мен учун энг муҳим нарсани айтиш лозим бўлганда, мен ўша лаҳзалар ҳақида сўз очмай тура олмасдим. Тушуняпсанми?
Фернандо бош ирғади. У ҳам худди шундай ҳислар оғушида эди. Бироқ у жавоб беришга ҳам улгурмай, адмирал аввалгидан ҳам қайғулироқ оҳангда гап бошлаб қолди:
– Хўш, буларнинг барчасидан нима қолади ўзи? Ҳеч нарса, Фернандо, умуман ҳеч нарса.
Туйқусдан Фернандонинг юзи қувончдан ёришиб кетди. Буни кўриб адмирал ҳайрон бўлди:
– Нимага хурсандсан?
– Пассеони қайтариш қўлимдан келмайди, – жавоб берди Фернандо. – Биз энди ҳеч қачон тўртовлон тўплана олмаслигимизни билганимиз учун қайғудамиз. Тақдир ҳукмини ўзгартириб бўлмайди. Лекин барибир, сиз адашяпсиз, адмирал. Бизнинг учрашувларимиздан нима қолади? Ҳеч нарса, деб ўйлайсизми? Бундай эмас. Менинг ҳам арзимас кичик сирларим бор. Шошмай туринг. Мен сизга бир нарса кўрсатаман.
У ўрнидан турди ва ошхонага кириб, йўқ бўлиб кетди. Нимадир гумбурлади, қулаб тушди, силжитилаётган яшикларнинг шовқини эшитилди, шундан сўнг яна Фернандо пайдо бўлди. У топографик харита ёки суратлар сақланадиган катта картон ғилофларни қўлтиқлаб олган эди. У адмиралга яқинроқ келишини сўраб, ишора қилди, ғилофлардан бирини очди ва ундан бир ўрам қоғозларни чиқарди.
– Мен дастурхонларни сақлаб қўйганман, – деди у ўрамни очиб текислар экан.
– Дастурхонлар? – тушунмади адмирал.
– Ўша кечалари биз фойдаланган қоғоз дастурхонлар. Буни қаранг. Уларнинг бари шу ерда. Мен уларга ҳатто саналарини ҳам ёзиб чиққанман. Масалан, “1969 йил, 8 август”. Ёки мана яна “1978 йил, 3 июнь”. Бу охиргиси. Кўп эмас, албатта, лекин барибир нимадир бор.
Адмирал лол қолди. Аввалига, Фернандо дастурхонларни тўшай бошлаганда, асраб бўлмайдиган нарсани сақлаш истаги унга кулгили туюлди. Лекин кейин дастурхонлар устида энгашди, бармоқларини улар устидан юргазиб, томоша қила бошлади. Бу улар ўртасидаги дўстликнинг ўзига хос харитаси эди. Шаробдан қолган доғлар. Тақсимчалар ва анжомларнинг қўйилган жойлари. Унга кўра хатто улфатларнинг ҳар бири қаерда ўтирганлигини аниқлаш мумкин эди. Ҳатто унинг кўзига дўстлари ва ўша оқшомларда бўлиб ўтган воқеалар кўрина бошлади. Ана, кимдир бокалдаги майни ағдариб юборди, ҳикоя бир муддатга узилди. Мана, кимдир бармоқлари билан эзғилаб юмалоқлаган ва қоғозга ёпишиб қолган нон ушоқлари. Бир уюм дастурхонлар – бу учрашувлардан қолиши мумкин бўлган энг ҳаяжонли излар-ку, ахир.
У охирги дастурхонни аввалгиларидан узоқроқ кўриб чиқди. Унга 1978 йил деб ёзилган эди. Фернандонинг ёрдамида қаерда ким ўтирганини аниқлади. Биргаликда капитан Пассео жойини синчиклаб ўргандилар, буни майдан қолган доғ бехато кўрсатиб турар эди. Бу доғни туширган киши бу ерга бошқа қайтмаслигини билганмикан, деб ўйлаб қолди адмирал. Улар дўстлигининг ашёвий далили кундай равшан эди. Уларнинг барча гурунглари ҳақидаги хотиралар шу ерда, ушбу уриниб қолган қоғоз бўлакларида муҳрланган эди. Адмиралдаги қайғу ўрнини осойишталик эгаллади. Ҳа, бу жуда соз. Улар учрашдилар, гурунглашишди, галма-гал воқеаларни ҳикоя қилишди. Ҳаёт изларини дастурхонларга муҳрладилар. Бор-йўғи шу, холос.
Рус тилидан Абдуғафур Қосимов, Сиддиқжон Хўжаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон