Физиолог доктор Б. ўз ҳамкасблари орасида катта мавқега эга эди. Тадқиқотларининг пухталиги ва хулосаларининг беғаразлигини билганлар томонидан айниқса жуда қадрланарди, бундан қувонган Б. кўнгли қанчалик суст кетмасин, эришган натижаларини синчковлик билан қайта-қайта текшириб, назаридан ўтказишни қўймасди. Ҳар қандай бошқа одам бундай иқтидор ва меҳнат билан катта амалдор бўлиб кетарди. У эса камтаргина лавозимда, кўпдан бери университетнинг кичик бир кафедрасини бошқарарди. Бунинг асосий сабаби эса олимнинг игнадек санчиладиган, ёқимсиз, инжиқ феълида эди. Индамас, ичимдагини топ атвори сув ичган чашмаларни унинг зерикарли-заҳарханда, ажабтовур қиёфасидан излаш жоиздир, балки. Қизиқ-да, ожизгина кичик гавдадан каттакон соқолли калла кўзларини лўқ қилиб тикилиб турса. Ҳамкасблари ҳам кўпинча у билан юзма-юз мулоқотдан қочарди. Доктор совуқ муомаласи билан, баъзан уларни хуш кўрмаслигини ўзи англамаган ҳолда, очиқ билинтириб қўярди. Одатда улар билан фақат касбга алоқадор мавзуларда суҳбатлашар, агар бирор фикр билдирадиган бўлса ҳам, у қатъий оёқ тираб олиб ўзиникини маъқулларди.
Б. сочига оқ оралаб, ёши ўтинқираб қолганда, авом халқдан чиққан ресторан хизматчиси бўлган аёлга уйланди ва маърузалар оралиғида аёлнинг ҳузурида бирор егуликни шоша-пиша тамадди қилишга кўникди. Эътироф этиш керакки, у ҳурматли кишилар муҳитига нисбатан, хизматчи аёлининг ҳузурида ўзини эркинроқ ҳис қилишини ҳеч кимдан яширмасди. Б. шу тарзда тинчгина эллик ёшга тўлиб, ундан ошди ҳам. Қолган умрини ҳам энди одамлар кўзидан панада беташвиш яшаш ва охират сафарига ҳам шу тарзда равона бўлиш, сермулоҳаза Б.нинг эзгу орзуси бўлиши керакдек туюларди назарида.
Ногаҳон тарқалган миш-мишдан одамлар ҳайрон бўлди, гўёки профессор курраи замин ҳаётига таъсир эта олувчи оламшумул кашфиёт яратганмиш… Бу овоза қаердан пайдо бўлди ўзи? Аниқлаш қийин. Оғзи метин олим яратаётган кашфиёти ҳақида қўл остидагиларга бирор нарса дейиши ёки ишора қилиш эҳтимоли хаёлга ҳам келмасди. Аммо ҳатто нохолис муҳибларининг тан олишича, унинг томонидан кичик ишора ҳам, кибрга берилган баъзи бир эркак олимларнинг академик хабарнома ёки шу каби илмий нашрлардаги мақтанчоқ иддаоларидан ҳам ишончлироқ эмиш. Агар миш-мишларга қулоқ солинса, профессор Б. тирик инсон мия фаолиятини назорат қилишга имкон берувчи ускуна ясаган ва одамнинг ақлий қобилиятини тажриба орқали ўлчаш имкониятини топган, асбобининг номини интеллектофотометр деб атаган эмиш.
Доктор Б.нинг кашфиёти ҳақида аввал тиббий, сўнгра эса бошқа соҳаларнинг турли рангдаги газеталари ёза бошлади. Кўпгина таниқли сиёсий арбоблар, саноатчи ва илм пешволари интеллектофотометр ҳақидаги матбуот хабарларини хавотир билан ўқидилар. Ёзувчи, рассом ва артист каби бошқа ижод аҳли бу хабарларни бепарволик билан кузатишди, чунки ўша даврнинг одатига кўра, улардан фақат “ижодий ибтидо” деб номланувчи қандайдир сирли хаёлий туйғу талаб этиларди холос. Бу туйғу эса аниқки, ҳеч бир таърифга бўйсунмайди ёки умуман ақлий фаолият билан боғлиқлиги шубҳалига ўхшайди.
Ўжар профессор сукут сақлаб вазиятни зийраклик билан кузатди. Балки ушбу жимлик сабабли интеллектофотометр ҳақидаги миш-мишлар болалаб, унинг атрофидаги қизғин баҳсларга баҳона бўлгандир. Ва, ниҳоят улар қўнғизмўйловнинг қулоғигача етиб борди.
Қўнғизмўйлов Б.ни ҳузурига чақирди. Олим уни ўзича истеъдодли, лекин нодон одам деб ҳисоблар, зеҳни амал ўриндиғида кўп ўтиргани сабабли азият чеккан деб ўйларди. Файласуфларнинг мутлақ ҳокимият инсон ақлини хира торттириб қўяди деган ақидасига профессор астойдил ишонарди. Мана жуссаси ушоқдек, ҳар доимгидек соқол қўйган одми олим, қиёфаси мамлакатнинг рамзига айланиб улгурган амалдорнинг тобланиб қорайган чеҳраси қаршисида турибди. Қўнғизмўйлов одамлар билан мулоқотда ўзини улуғвор расмиятчилик билан тутишга ўрганиб қолган. Аммо ҳозир у бадқовоқ бу паканага нисбатан бундай ёндашув нотўғри эканлигини дарров англади. Чунки унда суҳбатдошнинг нозик руҳиятини англаш ва ўзига мойил қилиш иқтидори бор эди ва у доимо одамлар даврасида ўзини камтар ва самимий тута оларди. Тўғри, шу онда, у бунга қанчалик эриша олди, лекин пакана мамнуният билан бу интилишни сезиб ичидан қувонди.
– Одамлар ишоняптиларми, – киноясиз гап бошлади мўйлов, – сиз ростдан ҳам ускуна ёрдамида инсоннинг ақлий қобилиятини аниқлаб, даражасини ўлчай оласизми? – Улкан ёзув столи атрофида ўтирган серсавлат жанобнинг ёқимли жилмайиши акс этган лабларидан сўзлар қушдек енгил учарди. – Ростдан ҳам шундайми? – шунчаки сўради у.
Профессор Б. ҳам шунчаки жавоб берди:
– Ҳа, шундай.
Табиийки, бошиданоқ мўйловнинг шуурини олимга нисбатан ишончсизлик қамраб олганди. Мутахассисларнинг унинг иш столида ётган хулосалари, гарчи эзмалик билан тушунарсиз тилда мужмал ёзилган бўлса ҳам, бирор нарсани на тасдиқларди ёки инкор этарди. Худди шунинг учун ҳам Б.нинг совуққон, ёқимсиз оҳанги унинг шубҳаларини тумандек тарқатиб юборди.
– Сизнинг кашфиётингиз, – деди у таъкидлаб, – давлат ва айниқса, миллатнинг гуллаб яшнаши учун улкан аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Профессор индамади, афтидан, бу эътирофни ўта сийқаси чиққан ҳисоблаб, унга аҳамият беришни лозим топмади. Мўйлов бу денгиз типратикани билан суҳбатлашиш осон эмаслигини сезди ва тезроқ мақсадга кўча қолди:
– Мен сизга юборадиган одамларнинг ақлий даражаси ҳақида, барчага тушунарли шаклда хулоса қилиб бера оласизми? – деди бепарволик билан қуруққина қилиб.
– Бера оламан, – деб жавоб берди профессор.
– Аввалдан айтмоқчи эдимки, – давом этди мўйлов, – англашилмовчилик бўлмаслиги учун мен масалани қандай тушунишимни сизга етказмоқчи эдим.
– Марҳамат, – деди профессор.
– Ақл-заковат деганда шуни тушунаманки, – деди мўйлов. Шу тобда у, зарур сўзларни тополмай, фикридан адашиб сукутда қийналаётган мактаб ўқувчисига ўхшарди. – Ақл-заковат деганда, мен сабаб-оқибат аломатига кўра воқеликни баҳолаш қобилиятини тушунаман, – фикрини тугатди ясама сиполик билан.
– Бу энг маъқул таъриф, – деди профессор. Мақтовдан билағон қўнғизмўйлов оғзининг суви қочди. Икковлон кўнгиллари бир-бирларидан ўзаро тўлишиб хайрлашдилар.
Лекин шу палладан бошлаб профессор қаерда ҳозир бўлмасин, унинг яқинида қозонқалпоқ кийган ғалати шахслар пайдо бўларди. Улар мавжудликларини тиришқоқлик билан қанчалик яширишга уринмасинлар, ҳатто мурғак болалар ҳам уларни “Хайрли кун, жаноб махфий агент” деб олқишлай бошлардилар. Профессор учун бу кишилар эрмакдек гап, уни овунтирарди. Хотинидан бошқа, яна мана шуларгина профессорнинг уларга қай даражада хайрихоҳлик билан муносабатда бўлганини тасдиқлашлари мумкин, холос.
Мўйловнинг истагига кўра, тез орада профессорнинг лабораториясида текширувдан ўтиши лозим бўлган жаноблар пайдо бўла бошлади. Амалиётнинг ўзи қисқа ва оғриқсиз бўлса-да, ҳеч кимга хавотирдан бошқа туйғу келтирмасди. Икки ҳафта мобайнида мўйлов профессор олдига етти кишини жўнатди. Профессор хотиржамлик билан ўз вазифасини бажарди, формулалар ва уларга қисқа ва аниқ изоҳлар ёзди. Олти таҳлилнинг хулосалари тўғри тузилди, аммо еттинчиси профессор томонидан атайлаб ўзгартирилди. Бир ой ўтгач қўнғизмўйлов ҳузурига профессорни иккинчи маротаба чақирди. Бу гал расмий қабул дабдабали ўтди. Қовоғи солиқ пакана саройнинг асосий зинасидан қўнғизмўйлов гвардиячиларининг тантанавор олқишлари остида кўтарилди. Кўплаб кинооператорлар профессорнинг ҳар бир қадамини диққат билан суратга оларди. Маълум вақт мўйлов ва профессор ўзаро ёлғиз қолдилар. Суратчилардан ҳеч ким уларни безовта қилмади. Мўйловнинг кўнгли шод эди. У ҳузурланиб баланд овозда, муғомбирлик билан сўради:
– Профессор! Еттинчи рақамли таҳлил натижалари билан мени алдаш сизга нима учун зарур бўлиб қолди? – у шундай деб мамнун кулди. Профессорнинг ҳам лабларида табассум аломатлари мужассам эди.
Газеталар қабул маросимини матбуотда дабдаба билан кенг ёритдилар. Уларда шахсан қўнғизмўйловнинг профессор Б.нинг тадқиқотларига катта қизиқиш билдираётганлиги эълон қилинди ва буюк олим фаолиятини давлат монополияси деб эълон қилиш ҳақида ҳукумат қарори чиқди. Чунки у давлат учун улкан амалий қимматга эга эди.
Физиолог пойтахтда шинамгина уй ва мукаммал жиҳозланган лаборатория билан таъминланди. Маориф вазири ўзининг энг зўр мақтовларидан сўнг, Б.нинг фаолияти давлат учун қай даражада муҳимлигини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, уни вазирликнинг рухсатисиз пойтахтдан чиқармаслик зарур, деб жар солди. Профессорнинг атрофидаги қозонқалпоқларнинг сони яна икки ҳисса ошди. Аслида унинг меҳнати машаққатли эмасди. Мўйловнинг топшириғига кўра, вақти-вақти билан ақл-идроки текширилиши керак бўлган шахслар келиб қоларди. Таҳлиллардан қандай фойдаланилиши на профессорга ва на бошқасига маълум эди. “Профессор Б.га жўнатиш” – мамлакатда севимли иборага айланиб қолди. Истакка кўра ундан баъзан ҳазил, баъзан огоҳлантириш маъносида фойдаланадиган бўлдилар.
Бирин-кетин икки йил ўтди. Қўнғизнинг давлат ишларида борган сари уқуви ошди, белги ва аломатларни маҳорат билан бошқаришга ўрганиб, курраи заминда бу вазифани моҳир бажарувчи икки кишидан бирига айланди. У мукаммал қуролли кучларни ташкил этди. Аъло даражадаги полиция ва бошқа муҳим маъмурий лавозимларни йиллар мобайнида садоқатини намойиш этган тарафдорлари билан тўлдирилди. Энди у эришилган ютуқларга қараб, бурчимни яхши бажардим деб ўзини хотиржам ҳис қила оларди. Аммо у тунлари ёмон ухлар, чунки ҳаммаси ҳали ўзи орзу қилганидек ташкил этилмаганини ўйларди. Фақат тарафдорларигина фаровон турмуш кечираётганидан қийналарди. У эса авваламбор, мамлакатнинг бутун аҳолисига яхши бўлишини истаганди.
Мўйлов олимни яна ҳам тез-тез йўқлайдиган бўлди. Гарчи ўзига осон бўлмаса-да, у билан самимий мулоқот қилишга интилди. Кўпинча у профессор ҳузуридагина бемалол куларди. Амал тоблаган қиёфасини биладиганларни истисно қилганда, ҳеч ким бу одамнинг бундай гўзал кула олишини тасаввур эта олмасди. Профессор ҳам унга қўшилиб куларди. Балки баъзан суҳбатларига яширинча қулоқ солувчи қозонқалпоқ жаноблар ҳам шундай дамларда қаердадир мазза қилиб кулишгандир.
Иккинчи йилнинг охиридаги кунларнинг бирида, хонадонидаги тушлик чоғи, профессор бироз сукунатдан сўнг ғамгин истеҳзо ва ярим ҳазил аралаш мўйловдан сўраб қолди:
– Тўғрисини айтинг-чи, сизга мендан нима керак ўзи? Мана икки йилдирки ҳаммангиз атрофимда айланасиз.
Бу гап мўйловга ёқмай хўмрайди… Бирор бошқа мулозими бўлсами, жаҳлдан қорайган қиёфасидан не кўйга тушарди… Аммо мўйлов ўзини тутди, сир бой бермай яна аслига қайтди. Учинчи йили, профессор аёлини узоқ курортга жўнатган ёз оқшомларидан бирида, мўйлов сўраб қолди:
– Менинг ҳам ақл-идрокимни таҳлил қилиб кўрмайсизми?
Профессорнинг юзи матодек оқариб кетди.
– Демак, иш шу даражагача етиб келибди-да? – деди у ўйчан.
– Ёки таҳлилнинг натижасини кўришни хоҳламайсизми? – сўради қўнғиз.
– Йўқ, истамайман, – жавоб берди профессор.
Мўйлов олимга аввал уни ҳеч қачон кўрмаган ва у билан юракдан суҳбатлашмагандек, узоқ ва самимий тикилди…
– Сиз бироз фирибгарлик билан натижаларни сохталаштиришингиз мумкин, – дея кулди. Кўзлари эса профессорга кўтаринки оҳангда, ишонч билан боқарди.
– Ўйлайманки, бу гап ортиқча, жаноб, сохталаштиришга ҳожат йўқ. Мени осонгина фош қилишингиз мумкин, – кулимсираб эътироз билдирди олим, йирик сариқ тишларини кўрсатиб.
Ниҳоят, профессор мўйловнинг ўзи жуда хоҳлаган таҳлилни амалга оширди. Бу тадбир кўп вақт талаб қилмади ва эгасини ҳам узоқ толиқтирмади. Аммо олим кейин хотирлар экан, жараён унга узоқ давом этгандек, аслида инсон умрига татигудек сонияларда вужуди бир неча бор ёшариб, яна қайта кексайгандек туюлганини айтди. Профессор ўлчовни ўтказаркан, энг асосий мезонлар ҳақида хаёлларга берилди. Рақамли ифодаларни қоғоз варағига ўз қўли билан тез-тез ёзди. Мўйлов бу формулаларни кўп маротаба кўрган. Уларни яхши танийди, жами йигирма учта ва уларни майда ҳарф ва рақамлар билан тушунарли тилда ёзилишини билади.
Профессор охирги ифодани ёзиб варақни мўйловга узатди. У: “Раҳмат сизга” дея, варақни буклаб конвертга солди ва елимлади-да, олимнинг қўлини самимий сиқиб кетди. Қўнғизмўйлов кетгач, профессор ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Худди тушкунлик дардига мубтало бўлган бемордек, зилдек оёқларини ердан узолмади, уларнинг титрашини айтмайсизми. Аммо бир жойда ўтира олмади ҳам. Лабораторияда айланди, кўнгли ёмон бир нарсани сезгандек, асбоб-ускуналарини силади, уй ва боғини гир айланиб чиқди. Қабулига келган мижозларидан тезроқ қутилишга интилган одатдаги инжиқ феъл одамга сира ҳам ўхшамасди. Негаки уйи ҳам, боғи ҳам ниҳоятда улкан ва энг қизиғи, бўм-бўш туюлди. У хотини, ёрдамчиларига қўнғироқ қилишга уриниб кўрди. Аммо ҳеч ким билан телефонда улана олмади. Аслида шундай бўлишини ўзи ҳам кутганди. Шу дамда қозонқалпоқ жаноблардан бири билан бўлса ҳам дилдан суҳбатлашишга рози эди. Аммо, гўё атай қилгандек улардан бирортасининг бугун қораси кўринмади. Ниҳоят, у ўзининг собиқ илмий хизматчисини излаб топди. Профессорга қўли остида йигирма йил ишлаган қадрдонига оид барча тафсилотлар: унинг қон таркиби, буйрак ва ҳатто юрагининг аҳволигача маълум эди. Лекин бугун у биринчи маротаба қария ёрдамчисининг ички дунёси билан қизиқди. Унинг руҳий олами: худо, охират ҳақидаги фикрларини сўради. Маълум бўлдики, лаборатория хизматчиси буларга катта аҳамият берар экан.
– Мен эътиқод учун яратилган инсонман, – деди у ўзи ҳақида. Бу сўзлар профессорга ёқди ва уларнинг оқилона ва самимий эканлигига ишонди.
У пастга, боғга олиб тушувчи айвонда ўтирарди. Кўнгилдаги безовталик бирпасда ўтиб кетди. “Кўчани яна бир марта сайр қилиб, айлансам яхши бўларди, – хаёлидан ўтди, – аммо зумда қозонқалпоқлилар пайдо бўлади-да”, – бу дамда уларнинг совуқ башараларини кўриш истаги йўқ эди ва жойидан жилмади. У кейинги пайтларда ўзининг ёнида бўлганлар – хотини, ёрдамчилари ҳақида кўп ўйлар ва барчасидан рози, ҳамфикр эди. У ҳатто мўйловнинг фаолиятини ҳам маъқулларди. Инсон вазиятнинг қули ва шу сабабли у турлича ҳаракатлар қилишга мажбур бўлади. Эҳтимол, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида менинг ёрдамимдан фойдалангани ортиқча бўлгандир, деб ўйлади профессор.
У хотини уйига қайтишга, ёрдамчилари билан гаплашишга ҳам улгурмаган ўша оқшомда мазаси қочиб касал бўлиб қолди. Тонгги газеталар жиддий касаллик ҳақида, кундузгилари эса ўта оғир аҳволдан хабар бердилар. Кейинги куни эрталаб, хотинининг курортдан қайтишини кутмасданоқ профессор бандаликни бажо келтирди. Мўйлов беморнинг ҳолидан хабар олиб, ҳар соатда аҳволини тез-тез суриштириб турганди. Буюк олимнинг дафн маросими тадбирлари ҳукумат ҳисобидан катта дабдаба билан амалга оширилди. Орадан икки ҳафта ўтгач, бутун мамлакат қўнғизмўйлов ҳокимият тепасига келганининг ўн йиллигини нишонлади.
Бу кун қўнғизмўйлов учун буюк ифтихор куни эди. Лекин ғанимлари ҳақли равишда ундан қаттиқ нафратландилар. Чунки у душманларининг ўз мақсадларига етишларига ҳеч қандай умид қолдирмаганди. Кўплар эса бугун унинг тарафдори бўла олиш имконини узил-кесил йўқотганликлари учунгина ундан нафратланардилар. Чунки мўйлов ўз тарафдорларининг кўпайиш йўлларини тўсди. Акс ҳолда бундай улкан оқимга ғамхўрлик қилишни ҳатто у ҳам эплолмай қоларди.
Илгари қўнғиз бундай дабдабали тантаналарни жуда севарди. Байрамлар унга далда берар, ўзига бўлган ишончини янада оширарди. Бугун эса бундан фақат енгил бетоқатлик ҳис этди холос, тантаналар унинг учун сиёсий воситага айланган ва қалбида кечаётган туғёнларга ҳеч қандай эрк беролмасди. Тушликдан кейинги қисқа дам олиш дақиқаларигина унга хуш ёқар, чунки бу дамларда ўзи билан ўзи ёлғиз қоларди. Бу вақтнинг ҳам бир қисмини у мураббийи билан гимнастикага бағишларди. Массаждан сўнг эса, бор анжоми кушетка, ёзув столи ва креслодан иборат, остонасини котибидан бошқа ҳеч ким ҳатлаб ўтолмайдиган кичик салқин хонада ётиб, бироз дам оларди.
Кушеткада унинг ҳорғин вужуди оғир ақлий меҳнатдан бўшашгандек ширин ором олар, танасидаги ёқимли жисмоний оғриқлар руҳий зўриқишдан юз марта афзалдек асабларини тинчлантирарди. Узоқдан қулоғига улкан майдонда аскарларни қасамёд учун сафга тизаётган зобитларнинг бўғиқ буйруқ овозлари чалинди. Йигирма икки дақиқадан сўнг у балкондан нутқ сўзлаши керак. Лекин нима ҳақида гапиришини ўзи ҳам ҳали аниқ билмайди, фақат маҳорат билан сўзлай олишини ва халқ радиокарнай остида нафасини ичига ютиб уни тинглашини билади, холос.
Ўрнидан туриб, ҳаммом халатида стол яқинига келди. Қулфли тортмада фақат ўзи учун аҳамиятли бўлган минг хил майда-чуйда, сувенир, бир нечта хат, эски фотосурат ва мундирдан ўқ юлиб ўтган тугма ётарди. Бу осори-атиқаларни у жуда авайлар, қўлига олиб лаззатланарди, ўтмиш билан боғлаб турган соғинчдан ўзини руҳан янада кучлироқ сезарди. У калитни олиб столнинг ғаладонини очди. Ичидан яширин калитни олиб, иккинчисини очди ва сўнгги тортмадан елимлаб сўрғичланган, ўн тўрт кундан бери эгасини кутиб чарчаган конвертни олди. Унинг ичидаги қоғозда нима ёзилганини тахмин қилди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам оёқлари уни стол олдига олиб келгандир. Бир неча дақиқа марҳум профессорнинг хулосалари банди қилинган конвертни ушлаб турди. Кейин қайчини қўлига олди. Конвертда нима ёзилган экан-а, жуда кўргиси келди. Донолик ва манфаат, бу тўғрида қандайдир назариялар бор эди шекилли. Марҳум профессор бу ҳақда нималарнидир биларди. Бир неча бор ўзига ишоралар қилганини эслади. Балки марҳум Б. ҳаёт бўлганида уни мажбурлаб бўлса ҳам, бу ҳақда кўпроқ нарса билиб олиш мумкин бўларди. Қўнғизмўйлов ақлсиз одам эмасди, профессор ҳам уни иқтидорсиз деб ўйламасди. Фақат тарихий заруриятгина унинг бўйнига йўлбошчилик ташвишларини юклаб қўйганди холос. Амал эса одамни аҳмоққа айлантиради. Агар ҳокимият кишиси бўлмаганда, балки у буюк инсон бўлармиди. Пастдан оломоннинг бесабр шовқини эшитилди. Мўйлов кийиниши лозим, ўн тўрт дақиқадан сўнг халққа мурожаат қилади. Агар конвертдаги ҳақиқатни билса, кайфияти бузилади, яхши нутқ сўзлолмайди. У қайчини четга суриб қўйди, конвертни ҳам очмай, ичидаги ёзувлари билан бирга бурда-бурда қилиб ташлади ва катта қабуллар зали оша балконга ўтиб нутққа ҳозирланди.
Рус тилидан Ёрқин Иноғомов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон