Узун июнь туни ниҳояланиб, тонги шафақ кўрина бошлади. Дублинда атроф ҳали қоронғу бўлса ҳам осмонни қоплаган қалин булутлар орасидаги ойнинг хира нурлари кўчаларни ёритиб турарди. Атрофни милтиқлардан отилаётган ўқ товушлари тутиб кетганди. Шаҳарнинг у бошидан бу бошигача эшитилаётган милтиқ ва пулемотларнинг товуши ҳаммаёқни бузарди. Республикачилар ва Эркин Давлат тарафдорлари фуқаролар урушини бошлашганди.
О’ Коннелл кўприги яқинидаги бинонинг томида Республикачилар снайпери пойлаб ётарди. Олдида милтиғи ётарди. Елкасига дала дурбини осилганди. Унинг озғин юзи тарки дунё қилган талабанинг юзини эслатар, кўзлари билан атрофга совуқ назар ташларди. Бу теран ва ўйчан кўзлар ажалга тик боқадиган одамнинг кўзларига ўхшарди.
Снайпер иштаха сендвич ерди. У эрталаб буён ҳеч нарса емаганди. Сендвичини еб бўлгач, чўнтагидан ароқ солинган идишни чиқариб ароқдан бир хўплам ичди. Кейин ароқ идишини яна чўнтагига солди. Бир оздан сўнг сигарета чеккиси келиб қолди. Бу хавфли эди. Қоронғуда гугурт чақса душманлар пайқаб қоларди. Аммо у таваккал қилди.
Снайпер гугуртни ёқиши билан атроф бир зумга ёруғлашди. Шу пайт унинг олдидаги ҳимоя тўсиғига яшин тезлигида бир ўқ келиб тегди. У эмаклаб чап томонга ўтди-да эҳтиёткорлик билан ўрнидан турди. Учқун чақнаб бошининг тепасидан ўқ учиб ўтди. Снайпер тезлик билан бошини эгди. Учқун чақнаган томонга қаради. Ўқ қарама қарши томондаги бинонинг томидан отилаётган эди. Снайпер бир думалаб орқа томондаги мўрининг олдига борди ва секин унинг орқасига бекинди. Қарама қарши томондаги томда ҳеч нарса кўринмади. Душман ғойиб бўлди.
Бир неча дақиқа ўтиб кўприкдан бир зирҳли машина кесиб ўтди ва кўчага қараб юрди. Машина снайпер турган бинонинг қаршига келиб тўхтади. Бу душман машинаси эди. Снайпер уни отмоқчи бўлди лекин буни фойдасиз эканини англаб фикридан қайтди. Унинг ўқлари бари бир зирҳни тешиб ўтолмасди.
Кўчанинг бир бурчагидан бошига жулдур рўмол ўраган бир кампир чиқиб келди. У зирҳли машинадагилар билан бир нималарни гаплаша бошлади. Кампир снайпер ётган томга қўли билан ишора қилди.
Зирли машинанинг эшиги очилди ва ундан бир эркак боши ва елкасини чиқариб снайпер томонга қаради. Снайпер милтиғини олиб ўқ узди. Эркакнинг боши машина эшигига қаттиқ урилди. Кампир кўчанинг ичкарисига қараб қочди. Снайпер яна ўқ узди. Кампир додлаганича ариқ ичига йиқилди. Бирдан қарама қарши томондаги томдан ўқ овози эшитилди ва снайпер сўкиниб милтиғини ташлаб юборди. Милтиқ тарақлаб томга тушди. Снайпер ўқ узган кимса бир оз аввал ғойиб бўлган душман эканини фахмлади. Милтиғини олмоқчи бўлиб эгилди аммо уни кўтара олмади. У билагидан ўқ еганди. – Яраландим – деб минғирлади.
Снайпер тезда чўнтагидан пичоғини чиқариб енгини кесди. Ўқ суякка қадалиб қолган экан. Анжомлари орасидан тиббиёт халтачасини олди. Пичоқ билан ўқни олиб ташлади ва халтачадан йодни олиб жарохатига сурди. Бутун вужуди титраб дахшатли оғриқни ҳис қилди. Кейин жарохати устига пахта қўйиб бинт билан маҳкам боғлади. Ерга чўзилди ва оғриқни бироз бўлсада енгиш учун кўзларини юмди. Пастдаги кўчада жим житлик ҳукм сурарди. Зирҳли машина аллақачон халок бўлган аскарининг бошини осилтириб тезлик билан жўнаб қолганди. Кампир эса ҳануз ариқ ичида ётарди.
Снайпер узоқ вақт қўлини муолажа қилди. У бу ердан тезроқ қочишни режалаштирди. Қарама қарши бинода уни душман снайпери пойлаб турибди. Душман снайперини қандай бўлмасин йўқ қилиши керак. Лекин қўли яралангани учун мерганлик милтиғидан фойдалана олмайди. Бу ишни фақат тўппонча билан амалга ошириши мумкин. Снайпер бир режа тузди.
Бош кийимини ечиб, милтиғининг учига кийдирди. Кейин бош кийими қарама қарши бино томонга кўринмагунича милтиғини секигина кўтарди. Бош кийимнинг марказига тезлик билан ўқ келиб тегди. Снайпер милтиғини пастга қараб эгди. Бош кийим пастга тушиб кетди. Бир оз ўтиб милтиғини ҳам томдан ташлаб юборди. Эмаклаб томнинг бошқа бурчагига борди.
Унинг ҳийласи иш берди. Бош кийим ва милтиқнинг пастга тушиб кетганини кўрган душман снайпери рақибини ўлдирдим деб ўйлади. У энди хотиржамлик билан ҳимоя тўсиғининг олдида турарди. Республикачи снайпер тиржайиб тўппончасини унга ўқталди.Масофа таҳминан эллик метр эди. У ишонч билан нишонга олди. Қўллари хаяжондан қалтирарди. Лабларини махкам бир бирига босиб, бурни билан нафас олди-да душманга қараб ўқ узди.
Тўппончадан чиққан тутун тарқалгач снайпер қарама қарши томонга термилди ва ғолибона қичқирди. Ўқ душманга бориб текканди. Душман олдидаги ҳимоя тўсиғи атрофида гандиракларди. У ўзини тутиб қолмоқчи бўлди бироқ бари бир пастга қулади. Қўлидаги милтиғи пастдаги дўкон устунига урилиб йўлакка тарақлаб тушди. Милтиғининг ортидан ўзи ҳам томдан гурс этиб ерга тушди.
Снайпер душманининг қулашини кузатиб турди. Уни ўлдиргани учун виждони қийналди. Пешанасидан совуқ тер қуйилди. Урушни, ўзини, ҳаммани лаьнатлади. Қўлидаги учидан тутун чиқиб турган тўппончасига қаради ва нафрат билан уни оёғини остига ташлаб юборди. Ерга урилган тўппончадан ўқ отилиб кетиб йигитнинг боши олдидан “шув” этиб ўтиб кетди. У чўчиб кетиб орқага тисарилди.Вужудини вахима босди. Чўнтагидан ароқ идишини чиқарди. Ароқни ичиб идишди бўшатди. Кейин томдан тушмоқчи ва ахборот бериш учун қўмондонини топмоқчи бўлди. Атрофда ҳамма ёқ жим-жит, кўчаларда энди хавф йўқ эди. Снайпер тўппончасини олиб чўнтагига солди. Пастдаги уйнинг тарновига тирмашиб томдан тушди.
Йўлакка тушиб олгач кўчанинг нариги томонидаги қарама қарши бинонинг олдида юз тубан бўлиб ётган бояги душман снайперига қаради. Бу снайпер унинг кўзига жуда таниш кўринди. Эҳтимол бу кимса билан уруш бошланиб армия иккига бўлинмасидан аввал бир сафда хизмат қилгандир. Снайпер унга яқинроқ бориб қарамоқчи бўлди. У О’ Коннелл кўчасига қаради. Кўчанинг бошида қаттиқ отишма кетаётган бўлса-да бу ер тинч эди. Снайпер югириб кўчани кесиб ўтди. Ерга кўмилган пулемотлар уни ўққа тута бошлади. Йигит ўқларга чап бериб ўзини қарама қарши бино олдида ётган жасаднинг олдига ташлади. Пулемотлар отишдан тўхтади.
Снайпер жасаднинг юзини ўзига қаратди. Унинг юзини кўриб дахшатдан қотиб қолди. Ўз қўли билан отиб ўлдирган бу душман снайпери унинг ўз акаси эди…
Инглиз тилидан Феруз Зиёдуллаев таржимаси
“7X7” газетаси, 2015 йил, 26 ноябрь сони