Бизнинг ҳовлимизда ёшини яшаб, ошини ошаган, мункиллаган бир чол умргузаронлик қиларди. Қариянинг исми Пимен Тимофеич бўлиб, афтидан, тўқсонни қоралаган эди. Чол неварасининг уйида истиқомат қилар, ёши бир жойга бориб қолгани боис қўлидан ҳеч бир иш келмасди. Қариянинг гавдаси бироз олдинга эгилган, у ҳассасига таяниб, ўзига бир умр беминнат хизмат қилган оёқларини зўрға босиб юрарди. Тишлари буткул тўкилган, юзларини қўнғир-қорамтир ажинлар батамом қоплаганди.
Чол юраётганда пастки лаблари тамшаниб титрар, гапираётганида ниманидир ғўлдирар, нима деяётганини ҳеч ким англаб етмасди. Бизнинг оиламизда тўрт ўғил яшар, ҳаммамиз ҳам ўғил бўлганимиз учун отда сайр қилишни хуш кўрардик. Лекин отхонамизда бизбоп ювош тўриқ йўқ эди. Биз, болакайлар фақат битта от – Қари йўрғага минишимиз мумкин. Бир куни онам бизга ўша Қари йўрғада сайр қилишга ижозат берди. Хурсанд бўлиб, тоғам бошчилигида отхонага йўл олдик. Отбоқар отни эгарлаб берди, Қари йўрғага биринчи бўлиб катта акам ўтирди.
Акам отда узоқ сайр қилди, дон омбори ёнидан ўтиб, чорбоғимизни айланиб чиқди ва бизнинг ёнимизга яқинлашди. Ўшанда биз, болакайлар бирваракайига қийқирдик:
– Энди мен, энди мен!
Катта акам от жониворни беаёв қамчилар, оёқлари билан биқинига ниқтарди. От бечора оғриқлар зарбидан йўрғалаб, ёнимиздан илдам ўтиб кетди. Катта акамдан сўнг отга иккинчи акам ўтирди, у ҳам отни роса қийнади. Йўрғани қамчилаб, тепага ҳайдаб чиқди. У отни яна бироз ҳайдаш илинжида эди, аммо кенжа акам бунга кўнмади. У отни йўрғалатиб, аввал дон омбори атрофида, кейин боғда ва сўнгра қишлоқда роса сайр қилди. Акам бизга яқинлашганида бечора тўриқ роса пишқирар, бўйни ва ўмрови қора терга ботган эди.
Отда сайр қилиш гали менга келганда, мен акаларимни ҳайратга солиш, эпчил чавандозлигимни кўрсатиш илинжида Қари йўрғани бор кучим билан савалай кетдим. Лекин қирчанғи чарчаганидан зўрға қадам босар, тез-тез ортига қараб қўярди. Отнинг бу қилиғидан жаҳлим чиқиб, уни янаям қаттиқроқ савалардим. Отни тинимсиз қамчилар, айниқса, жониворнинг оғрийдиган жойларига кўпроқ туширардим, ҳатто унинг боши ҳам бу зарблардан қуруқ қолмади.
Қари йўрға менга ҳеч бўйсунмас, оёқларида зўрға турарди. Шунда мен отни ортга буриб, тоғамнинг ёнига келдим ва ундан қаттиқроқ хипчин беришини талаб қилдим. Тоғам бўлса:
– Энди сайрни бас қилсак ҳам бўлади, тақсир! Қани, марҳамат қилиб отдан тушсинлар. Ахир, от бечорани бунча қийнаманг-да! – деди.
Мен эса ўзимни хафа бўлган кўрсатиб:
– Ахир, мен ҳали отда сайр қилмадим-ку! Қаранг, тоға, мен ҳозир отни чоптираман. Менга бақувватроқ хипчин берсангиз бўлди. Бу отни шундай чоптирайки! – дедим қизишиб.
Тоғам бошини чайқаб жавоб берди:
– Эҳ, тақсир, сизда раҳм-шафқат йўқ! Бу отнинг нимасини чоптирасиз? Унинг ёши йигирмада бўлса! От бечора чарчаган, зўрға нафас олаяпти. Бу от қўшнимиз Пимен Тимофеичдай қартайган бўлса, яхшиси, чолни миниб, хипчин билан савалай қолинг, тақсир. Нима, чолга раҳмингиз келмайдими?
Ҳамсоямиз Пимен Тимофеични эсладим, тоғамнинг юракдан айтилган сўзлари мени чуқур ўйга толдирди.
Қари йўрғадан тушиб, отга қарадим. Отнинг биқинлари роса терлаган, ўзи бўлса ҳарсиллаб нафас олаётган эди. Ўша дамда отга жуда раҳмим келиб кетди. Мен Қари йўрғанинг терлаган бўйни ва пешонасидан ўпиб, уни қамчилаганим учун жонивордан кечирим сўрадим.
Ўша воқеадан буён кўп сувлар оқиб ўтди. Мен доимо Қари йўрға ва Пимен Тимофеични эслаб тураман. Айниқса, отларни қийнаётган инсонларни кўрганимда, ўша от ва қария кўз олдимда бутун бўй-басти билан намоён бўлади.
Рус тилидан Раҳмат Тўла таржимаси