Мана, сизлар, одам нима яхшию нима ёмонлигини билмайди, ҳамма гап муҳитда, муҳит емиради, дейсизлар. Мен ўйлайманки, бутун гaп тасодифда. Мана, мен ўзим тўғримда гапириб берай.
Барчамизнинг ҳурматимизга сазовор Иван Васильевич, шахсий камолотга эришиш учун аввало одамлар яшаб турган шароитни ўзгартириш зарур, деган мавзуда орамизда бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг ана шундай гaп бошлади. Аслида, ҳеч қайсимиз, нима яхшию нима ёмонлигини одам ўзи билмайди, деганимиз йўқ, аммо Иван Васильевичнинг суҳбат оқибатида туғиладиган фикрларга шу тариқа жавоб бериш ва ана шу фикрлар баҳонасида ўз ҳаётида содир бўлган воқеаларни ҳикоя қилиш одати бор эди. Кўпинча ҳикояга берилиб кетиб, ҳикоя қила бошлашига тypтки бўлган сабабни унутиб қўяр, зотан, самимият билан ҳаққоний ҳикоя қилар эди.
У ҳозир ҳам шундай қилди.
– Мен ўзим ҳақимда сўзлайман. Бутун ҳаётим, муҳит туфайли эмас, мутлақо бошқа нарса туфайли, ўзгача эмас, худди шундай бир йўсин касб этди.
– Нима сабабдан? – деб сўрадик биз.
– Бу узундан-узоқ қисса. Тушуниб олишларингиз учун, жуда кўп нарсани гапириб беришим керак бўлади.
– Бўлмаса гапириб бера қолинг-да.
Иван Васильевич ўйга толиб, бош чайқади.
– Ҳа, – деди у. – Бутун ҳаётим бир кеча ёки тўғрироғи, бир тонг оқибатида ўзгариб кетди.
– Нима бўлган эди ўзи?
– Гап шуки, мен бировни қаттиқ севиб қолган эдим.
Кўп марталаб севиб қолганман-у, аммо буниси энг кучли севги эди. Ўтиб кетган гaп; унинг қизларигача аллақачон узатилган. Бу Б… эди, ҳа, Варенька Б… – Иван Васильевич унинг фамилиясини айтди. У эллик ёшида ҳам ғоятда барно эди. Аммо ёшлигида, ўн саккиз яшарлигида латофатли: бўйдор, хушқомат, назокатли, салобатли, айниқса, савлатли эди. Бошини сал орқага ташлаган кўйи, ўзини гўё бошқача кўрсатиши мумкин эмасдек, қоматини ҳамиша одатдан ташқари тик тутар, бу эса озғинлигига, ҳатто суяклари кўриниб туришига қарамай, хушқомат, кўркам бу қизга қандайдир шоҳона қиёфа бахш этардики, мафтункор шўх кўзлари ҳам, дудоқлари ҳам ҳамиша хушчақчақ, ёқимтой жилмайиб турмаса, бутун вужудининг малоҳати бўлмаса, ана шу важоҳати кишини ҳайиқтириши мумкин эди.
– Иван Васильевич таъриф-тавсифини келтиришини қаранглар-а.
– Қанчалик таърифлаб-тавсифлаган билан, сизлар унинг қандай эканлигини тасаввур эта олишларингиз мумкин бўлган даражада тавсифлаб бериш қийин. Aммо гaп бунда эмас: мен гапириб бермоқчи бўлган нарса қирқинчи йилларда юз берган эди. Ўша вақтларда мен вилоят университетининг студенти эдим. Билмадим, бу яхшими, ёмонми, ўша вақтларда бизнинг университетда ҳеч қандай тўгараклар йўқ, ҳеч қандай назариялар бўлмас, биз шунчаки ёш-яланглар эдик, ёшликка хос ҳаёт кечирардик: ўқирдик, хушчақчақлик қилардик. Мен жуда қувноқ, шўх йигит эдим, бадавлат ҳам эдим. Учқур йўрғам бор эди, ойимқизлар билан тепаликдан яхмалак отардим (ҳали коньки расм бўлмаган эди), ўртоқларим билан айш қилардим (биз у вақтларда шампанскоедан бошқа нарса ичмасдик; пулимиз бўлмаса – ҳеч нарса ичмай қўя қолар, аммо ҳозиргиларга ўхшаб арақ ичмасдик). Кўнглимни хушлайдиган асосий нарсаларим – кечалар ва баллар эди. Яхшигина рақсга тушардим, қиёфам ҳам бадбуруш эмас эди.
– Бе, камтарликни қўйсангиз-чи, – дея унинг гапини бўлди ҳамсуҳбат аёллардан бири. – Ахир биз сизнинг портретингизни кўрганмиз-ку, сиз кўркам киши бўлгансиз.
– Кўркам бўлсам бўлгандирман, бироқ гaп бунда эмас. Гап шундаки, ўша қизни қаттиқ севиб қолган кунларим масленица[1]нинг охирги куни, хушфеъл, меҳмоннавоз бадавлат камергер чол – губерния пешвосининг[2] уйида ўтказилган балда бўлган эдим. Меҳмонларни унинг ўзига ўхшаган хушфеъл, сочига брильянт фероньерка таққан, духоба кўйлакли, худди Елизавета Петровнанинг портретларидагидек оппоқ, лўппи, қаримсиқ елкалари ва кўкси очиқ хотини қабул қилмоқда эди. Бал жуда ғаройиб: айлана болохонали зал ажойиб, мусиқачилар – ишқибоз помешчикнинг ўша вақтда таърифи кетган крепостнойлари кутарди, буфетда шампанское деганингиз дарё бўлиб оқиб турибди. Зотан, шампанскоега ўч бўлсам ҳам ичмадим, негаки, шаробсиз ҳам ишқдан маст эдим, аммо йиқилиб қолгудек бўлиб рақсга тушдим – кадрилга ҳам, вальсга ҳам, полькага ҳам, албатта, энди барчасига имкони борича Варенька билан бирга тушдим. У пушти белбоғли оқ кўйлакда, нафис оқ қўлқоп кийган, қўлқопи туртиб чиққан озғин тирсакларига етиб бораёзган, оёқларига оқ селон шиппак кийган эди. Мендан мазуркани илиб кетишди: қилиғи совуқ инженер Анисимов – бу ишини ҳалигача ҳам кечира олмайман – уни кириб келиши биланоқ таклиф қилиб қўйган экан, мен эса қўлқопимни олиб чиқиш учун сартарошхонага кириб, кечикиброқ келган эдим. Хуллас, мен мазуркага у билан эмас, илгари унча-мунча мулозамат қилиб юрганим бир немис қиз билан тушдим. Аммо ўша кеча унга нисбатан анча такаллуфсизлик қилдим, деб қўрқаман, у билан гаплашмадим, унга қарамадим, мен пушти белбоғли оқ кўйлакдаги бўйдор, хушқомат кимсанинг қаддини, унинг нимпушти тус олиб порлаб турган, кулгичли юзи ва ёқимтой, масъум кўзларинигина кўрардим. Ёлғиз менгина эмас, унга ҳамма ҳам қарар, ҳамма ҳавас билан боқар эди, буларнинг барчасини йўлда қолдириб кетган бўлса-да, эркаклар ҳам, аёллар ҳам унга суқланиб боқар эдилар. Суқланмаслик мумкин эмасди.
Мазуркага, чунончи, расман у билан тушмаган бўлсам-да, аммо аслида доимо қарийб у билан рақсга тушдим. У тортинмасдан бутун зал орқали тўппа-тўғри менга қараб келарди, мен унинг таклиф қилишини кутиб ўлтирмасдан сапчиб ўрнимдан турардим, фаҳмлилигим учун у табассум билан миннатдорчилик билдирарди. Бизларни унинг олдига олиб борганларида у менинг салоҳиятимни идрок этмаса, қўлини бошқага узатиб, озғин елкаларини қисган кўйи ўкинч ва таскинини изҳор этгандек менга жилмайиб қўярди. Мазурка муқомлари вальс йўсинида ижро этиладиган кезларда мен у билан узоқ вальсга тушардим, у эса ҳансирай-ҳансирай жилмайган кўйи менга: Encove[3], – дерди. Мен ҳам қайта-қайта вальсга тушардим, танамнинг оғирлигини ҳам сезмасдим.
– Ия, нега сезмас экансиз, ўйлайманки, белидан қучганингизда ўзингизнинг танангизни эмас, унинг танасини ҳам жуда яхши ҳис қилган бўлишингиз керак.
Иван Васильевич бирдан дув қизариб, жаҳл билан қичқириб юбораёзди:
– Ҳа, сиз, ҳозирги ёшлар шундайсизлар-да. Сизлар танадан бошқа ҳеч нарсани кўрмайсизлар. Бизнинг замонамизда бундай эмасди. Уни нечоғли қаттиқ севсам, у мен учун шу қадар ҳавойи бўлиб борарди. Ҳозир сизлар оёқ, тўпиқ ва яна нималарнидир кўрасизлар, севиб қолган аёлларингизни фикран ечинтириб кўрасизлар; мен учун эса, Alphonse Karr айтганидек – яхши ёзувчи эди – маҳбубамнинг узорида ҳамиша либос бўлар эди. Биз, ечинтириш у ёқда турсин, Нуҳнинг қобил фарзандига ўхшаб, яланғоч танни кўздан яширишга тиришардик. Бе, сиз тушунармидингиз…
– Унинг гапига қулоқ солманг. Шундан кейин нима бўлди? – дедик биримиз.
– Ҳа. Шу тариқа яккаш у билан рақсга тушиб, вақт ўтиб кетганини ҳам пайқамабман. Мусиқачилар энди, биласизлар, базмнинг охирига борганда шундай бўлади, ҳорғинликка хос аллақандай зўр билан ҳамон ўша мазурка оҳангини давом эттирмоқда, меҳмонхоналарда қарта столларида ўлтирган отахонлар ва онахонлар кечки овқатни кутиб ўринларидан турмоқда, малайлар нималардир кўтарган ҳолда ўқтин-ўқтин чопиб ўтмоқда эдилар. Соат иккидан ошган. Ғанимат дақиқалардан фойдаланиб қолиш керак эди. Мен яна уни танладим-да, биз юзинчи марта зал бўйлаб айлана кетдик.
– Шундай қилиб, овқатдан кейинги кадрил меники-я? – дедим мен, уни жойига кузатиб кўярканман.
– Албатта, агар мени олиб кетиб қолишмаса, – деди у жилмайиб.
– Мен йўл қўймайман, – дедим.
– Елпиғичимни беринг, – деди у.
– Бергани кўзим қиймаётибди, – дедим мен, арзонгина оқ елпиғични узатарканман.
– Мана олинг, ачиниб юрмаслигингиз учун, – деди у, елпиғичдан патча юлиб олиб менга бераркан.
Мен патни олдим, бутун завқ-шавқим ва миннатдорчилигимни нигоҳим билангина изҳор қилишим мумкин эди. Мен хурсандгина, мамнунгина эмас, бахтиёр, девонавор, хушкўнгил эдим, мен – мен эмас, ёмонликдан бехабар ва яхшиликкагина қодир аллақандай самовий жон эгаси эдим. Патни қўлқопимга яшириб, ундан узоқлашишга ожиз ҳолда туриб қолдим.
– Қаранг, отамдан paқсгa тушишни сўраётибдилар, – деди, остонада мезбон бека ва бошқа хонимлар билан турган бўйдор, хушқомат, кумуш эполетли полковник отасини кўрсатиб.
– Вареньика, бу ёққа келинг, – деган баланд овозини эшитдик брильянт фероньеркали, елизаветавор елкали мезбон беканинг.
Варенька эшик томон борди, орқасидан мен ҳам бордим.
– Отангизни ўзингиз билан бир айланиб келишга кўндиринг, ma chere[4]. Қани, мумкин бўлса, Пётр Владиславич.
Вареньканинг отаси жуда кўркам, бўйдор, тароватини йўқотмаган чол эди. Юзи ўта қизғиш, a la Nicolas оқиш мўйлаби буралган, бакенбардлари ҳам мўйлабига туташа келган, чакка сочлари олдинга таралган, худди қизига ўхшаб унинг ҳам чақноқ кўзлари ва лабларида ўшандай ёқимтой хушчақчақ табассум ўйнаб турар эди. Қадди-қомати хушбичим, ҳарбийчасига қалқиб турган, бир нечагина орден безаган кенг кўкси ўмровдор, яғриндор, оёқлари тик, узун эди. У николайча таомилдаги хизматига ихлосманд эски ҳарбий бошлиқлардан эди.
Биз эшикка яқинлашганимизда, полковник рақс тушиш эсидан чиқиб кетганини айтиб, кўнмади-ю, аммо ҳарқалай жилмайганча, қўлини чап томонга ёзиб, қиличини камарбандидан чиқарди-да, сертавозе йигитга берди, ўнг қўлига ағдарма қўлқопини кийиб: – Ҳаммаси қоидага биноан бўлиши керак, – деди жилмайиб, сўнг қизининг қўлини тугиб, ним бурилганча зарб янграшини кутиб турди.
Мазурка оҳанги бошланган ондаёқ бир oёғи билан шўх депсиниб, иккинчисини кўтарди-да, бўйдор, вазмин гавдаси гоҳ оҳиста ва мулойим, гоҳ сершовқин ва жўшқин тарзда, оёқларини бир-бирига урган, тапир-тупир тепинган ҳолда зал бўйлаб айлана кетди. Қадди жозибали Варенька унинг ёнида сезилар-сезилмас сузиб борар, оқ селон шиппак кийган жажжи оёқлари айни вақтда одимларини узайтирар ёки қисқартирар эди. Бутун зал икковларининг ҳаракатларини кузатарди. Мен уларга ҳавас билан боқибгина қолмасдан, завқ-шавқдан меҳрим товланиб борарди. Менга, айниқса, отасининг тагидан тасма тортилган этиги, бузоқ терисидан тикилган, янги расм бўлгандек тумшуғи учли эмас, эскича – тумшуғи чорбурчак, пошнасиз этиги ёқарди. Афтидан, этикни батальон этикдўзи тикиб берган. “Севикли қизини ясантириш ва киборлар оламига олиб чиқиш учун у янгича этик сотиб олмай, қўлбола этик кийиб юраркан”, деб ўйлардим мен, шу тариқа этигининг ўша чорбурчак тумшуқлари менга жуда ҳам ёқарди. Унинг бир вақтлар ажойиб тарзда рақсга тушганлиги кўриниб турар, аммо энди вазминлашиб қолган, оёқлари ижро этишга уринган ўша барча чиройли ва шахдам қадамларга унча қовушиб кела қолмас эди. Аммо у ҳарқалай икки карра айланиб келди. Оёқларини чаққонлик билан кериб, яна жуфтлаштиргач, гарчанд залворлироқ бўлса-да, бир тиззаси билан чўккалаганидан сўнг, қизи унга илашиб қолган кўйлагини тузата-тузата жилмайган кўйи атрофидан хиром билан айланаркан, ҳамма баралла қарсак чалиб юборди. Отаси ўрнидан базўр туриб, қизини меҳрибон, мулойим йўсинда қўллари билан қулоқларидан босиб тутганча пешанасидан ўпди-да, уни мен билан рақсга тушаётибди, деб ўйлаб, мен томонга етаклаб келди. Унинг кавалери мен эмаслигимни айтдим.
– Бе, барибир, энди у билан сиз айланиб келинг, – деди отаси мулойимгина жилмайиб, қиличини камарбандига тақаркан.
Одатда шишадан тушган биринчи томчидан сўнг ундаги суюқлик шариллаб қуйилгани каби қалбимдаги Варенькага бўлган севгим дилимдаги сева олишдек пинҳоний салоҳиятимга бус-бутун эрк бахш этди. Мен ўшанда ўз севгим билан бор жаҳонни қучган эдим. Мен елизаветавор қоматли, фероньеркали мезбон бекани ҳам, унинг эрини ҳам, меҳмонларини ҳам, малайларини ҳам, ҳaтто менга ўшшаяётган инженер Анисимовни ҳам севардим. Хонаки этик кийган, қизига ўхшаб ёқимтой жилмаядиган отасига нисбатан ўшанда кўнглимда қандайдир шавқли, самимий туйғу туғилган эди.
Мазурка тугади, мезбонлар меҳмонларни овқатга таклиф қилдилар, аммо полковник Б. кўнмай, эртага барвақт туриши кераклигини айтиб, мезбонлар билан хайрлашди. Мен, қизини олиб кетиб қолса-я, деб қўрққан эдим, аммо у онаси билан қолди.
Овқатдан сўнг мен у билан ваъда қилинган кадрилга тушдим, ўзимни беҳад бахтиёр сезаётгандек бўлишимга қарамай, бахтиёрлигим ошгандан-ошиб борарди. Биз севги тўғрисида ҳеч бир гаплашмас эдик. Мен на ундан, ҳатто на ўзимдан у мени севиш-севмаслигини сўрардим. Менга уни севишимнинг ўзи кифоя эди. Мен бир нарсадангина – нимадир бахтимга рахна солиб қўймасин, деб қўрқардим.
Уйга қайтиб келиб, ечингач, ётиб ухлашни ўйларканман, бу нарсанинг мутлақо имкони йўқ эканлигини кўрдим. Қўлимда унинг елпиғичидан олинган пат ва бутун бошли қўлқопи қолган эди. Буни у жўнаб кетаётганида, мен аввал онасини, кейин уни каретага чиқариб қўяётганимда берган эди. Мен бу буюмларга қараб, кўзимни юммасданоқ, унинг икки кавалердан бирини танлаб, менинг салоҳиятимни пайқагач, “Ғурур дерсиз, а?” деган ёқимли овозини эшитган пайтимни ва у қувонч билан менга қўлини узатган онни ёки кечки овқат вақтида шампанское қуйилган бокални лабларига тегизаркан, менга ер остидан эркаловчи назар ташлаган дақиқаларини кўз ўнгимда аён тасаввур этаман. Бироқ ҳаммадан кўпроқ уни отаси билан бирга, унинг атрофида хиром қилиб, ўзидан ҳам, отасидан ҳам фахрланган ва қувонган кўйи, ҳавас билан боқаётган томошабинларга тикилган кезларини тасаввур этаман. Менда беихтиёр равишда отаси ва қизига нисбатан баб-баробар меҳрибон, самимий туйғу пайдо бўлди.
У вақтларда марҳум акам билан ёлғиз турардик. Акам умуман киборлар дунёсини ёқтирмас, балларга бормас, худди шу пайтда эса номзодлик имтиҳонига тайёрланмоқда, жуда тўғри ҳаёт кечирмоқда эди. У ухлаётган экан. Юзини ёстиққа қўйганча, пахмоқ кўрпадан боши ярим очиқ ҳолда ётганини кўрарканман, унга меҳрим товланиб ачиндим, мен баҳраманд бўлган улкан бахтдан бехабарлигидан ва маҳрум қолаётганлигидан ачиндим. Қўлида шам билан кутиб олган крепостной малайимиз мени ечинтириб қўймоқчи эди, унга жавоб бериб юбордим. Тўзғиган пахмоқ сочи билан уйқу босган юзи менга ёқимли таъсир қилди. Шовқин кўтармасликка тиришиб, оёқ учида хонамга ўтиб бордим-да, ўрнимга ўлтирдим. Йўқ, мен беҳад бахтиёр эдим, ухлай олмас эдим.
Қолаверса, ўт ёқилган хоналарда иссиқлаб кетдим, мундиримни ечмай даҳлизга ўтиб шинелимни кийдим, ташқари эшикни очдим-да, кўчага чиқдим.
Балдан соат тўртлардан ошганда чиққан бўлсам, то уйга етиб келиб ўлтирган кўйим яна икки соат вақт ўтганки, хуллас, ташқарига чиққанимда тонг оқариб қолган эди. Об-ҳаво масленицага жуда боп, туман тушган, йўлларда пилчиллаб қолган қор эримоқда, ҳамма томлардан чакиллаб сув томмоқда эди. Б. лар ўша кезлари шаҳар ёқасидаги бир томонида сайргоҳ, иккинчи томонида қизлар институти жойлашган катта яланглик яқинида яшар эдилар. Мен ҳувиллаган тор кўчамиздан ўтиб, катта кўчага чиқиб бордим; у ерда пиёда ўткинчилар, ўтин ортилган чаналари кўчанинг тошигача ботиб бораётган киракашлар учрай бошлади. Ялтироқ дўға остида нам бошларини бир маромда чайқаб кетаётган отлар ҳам, чипта ёпинган кўйи чаналари ёнида баҳайбат этиклари билан шалп-шулп одимлаб бораётган киракашлар ҳам, кўча бўйлаб туман қўйнида жуда баланд кўринаётган уйлар ҳам – барчаси менга жуда ёқимли ва маънодор туюларди.
Уларнинг уйлари жойлашган ялангликка чиқиб борганимда этакда сайргоҳ томон кетаётган қандайдир каттакон қора шарпани кўрдим ва ўша ёқдан келаётган флейта ҳамда барабан товушларини эшитдим. Қалбим узлуксиз куйлаб турар, аҳён-аҳёнда қулоғимга мазурка оҳанги эшитилиб қоларди. Аммо бу аллақандай ўзгача, қаҳрли, нохуш мусиқа эди.
“Бу нима бўлди экан?” деб ўйладим мен ва яланглик ўртасидан тушган сирғанчиқ йўл бўйлаб товуш келаётган томон қараб кетдим. Юз қадамча юргач, туман оша кўпдан-кўп одамларнинг қора шарпаларини илғай бошладим. Солдатлар бўлиши керак. “Машқ шекилли”, деб ўйладим ва олдимда нимадир кўтариб кетаётган яғир калта пўстинли, фартукли темирчи билан бирга яқинроқ бордим. Бир-бирларига юзма-юз қатор сафга тизилган қора мундирли солдатлар милтиқларини оёқлари ёнига қўйганча қимирламай турардилар. Уларнинг орқасида турган барабанчи билан флейтачи яккаш ўша ёқимсиз, чинқириқ куйни такрорларди.
– Улар нима қилишяпти? – деб сўрадим темирчидан.
– Қочган татарни тирқиратишяпти, – деди жаҳл билан темирчи сафнинг этак томонига тиқиларкан.
Мен ҳам ўша тарафга қараб, саф ўртасидан мен томонга қараб келаётган қандайдир даҳшатли нарсани кўрдим. Мен томонга яқинлашаётган – белигача яланғочланиб, икки солдатнинг милтиғига боғланган вa улар олиб келаётган одам эди. Унинг ёнида келаётган шинель ва фуражка кийган бўйдор ҳарбийнинг қадди-қомати менга танишдек кўринди. Жазоланувчи пилчиллаган қорни шалп-шулп босганча икки томондан тушаётган калтаклар зарбидан бутун танаси силтанган кўйи мен томон келмоқда; гоҳ чалқанчасига кетар – бунда милтиққа боғлаб олиб келаётган унтер-офицерлар уни олға қараб ниқташар, гоҳ мункиб кетар – бунда эса унтер-офицерлар уни йиқилиб тушмаслиги учун орқага силташар эди. Ундан бир қадам ҳам ортда қолмай, солланиб, қатъий одимлаганча бўйдор ҳарбий келмоқда эди. Бу – қизнинг отаси, ўша қизғиш юзли, оқиш мўйлабли ва бакенбардли киши эди.
Ҳар бир калтак тушганда жазоланувчи худди таажжубланаётгандек изтиробдан бужмайган юзини зарба тушаётган томонга бурар, оппоқ тишлари тиржайганча, яккаш, аллақандай сўзларни такрорлар эди. Мен бу сўзларни у жуда яқинлашиб келганидагина эшитдим. У гапириб эмас, пиқиллаб: “Биродарлар, шафқат қилинглар”, – дерди. Аммо биродарлари шафқат қилмас эдилар, келаётганлар худди рўпарамга етганда, қаршимда турган солдатнинг шахд билан олдинга бир қадам ташлаб, калтакни ғизиллатиб туширганча татарнинг яғринига шалпиллатиб аччиқ урганини кўрдим. Татар олдинга қараб силтанди, аммо унтер-офицерлар уни тутиб қолдилар, худди шундай зарба яғринига бериги томондан бориб тушди, яна нариги томондан келиб, яна бериги томондан бориб тушди. Полковник унинг ёнгинасида келмоқда, гоҳ оёқлари остига, гоҳ жазоланувчига кўз ташлаб, лунжларини кўпчитганча нафас олар, сўнг дўрдайган лабларидан acтa-секин нафасини бўшатар эди. Келаётганлар мен турган жойдан ўтиб кетгач, саф оша жазоланувчининг яғринини кўриб қолдим. Бу шу қадар олачипор, яшил, қип-қизил, ғайритабиий нарса эдики, у одам боласининг яғрини эканлигига ишонгим келмади.
– Ё парвардигор, – деб юборди ёнимда турган темирчи.
Сазойи йироқлаша бошлади, қоқилиб-суриниб, ғужанак бўлиб кетаётган одамга ҳамон ўша-ўша кўйи икки томондан зарба тушар, ҳамон ўша-ўша кўйи барабан дупурлар, флейта чийиллар, ҳамон ўша-ўша кўйи бўйдор, хушқомат полковник жазоланувчининг ёнида кескин одимлаб борар эди. Бирдан полковник тўхтаб, шахд билан солдатлардан бирига яқин келди.
– Мен сенга чалғитишни кўрсатиб қўяман, – деган қаҳрли овозини эшитдим унинг. – Яна чалғитасанми? Чалғитасанми?
Мен татарнинг яғринига калтакни залворсизроқ туширгани учун у паст бўйли, ирвоққина ҳуркак солдатни ағдарма қўлқопли бақувват қўли билан урганини кўрдим.
– Янги хивичлардан келтиринглар! – дея қичқирди у аланглаганча ва мени кўриб қолди. Гўё мени танимайдигандек шиддат ва ғазаб билан шумшайиб, шартта бурилиб олди. Мен шу қадар изза бўлиб кетдимки, худди ғоятда бир yятли қилғилиқ устида қўлга тушиб қолгандек ерга қараб, уйга жўнашга ошиқдим. Бутун йўл бўйи гоҳ қулоқларим остида барабаннинг дупурлаши ва флейтанинг чийиллаши янгради, гоҳ: “Биродарлар, шафқат қилинглар”, деган сўзлар эшитилиб турди, гоҳ: “Яна чалғитасанми? Чалғитасанми?” деб қичқираётган полковникнинг кибрли, қаҳрли овози келаётгандек бўлди. Бу орада юрагимда қарийб аён-ошкор, ўқчитиб юборгудек ҳасрат пайдо бўлган эдики, кета туриб бир неча марта тўхтаб қолдим, назаримда, ана ўша кўрганларим оқибатида кўнглимни чулғаган ўша барча даҳшатни қайтариб ташлай-қайтариб ташлай дегудек бўлмоқда эдим. Уйга қандай етиб бориб, ётиб қолганимни ҳам эслолмайман. Аммо кўзим илиниши билан яна барчаси қулоғимга кириб, кўзимга кўриниб, сапчиганча ўрнимдан туриб кетардим.
“Афтидан, у мен билмайдиган бир нарсани билади, шекилли, – деб ўйладим мен полковник тўғрисида. – Агар мен у билган нарсани билганимда, кўрган нарсамни тушунган бўлардим, бу нарса мени қийнамаган бўларди”. Аммо нечоғли ўйламай, полковник биладиган нарсани ҳеч тушунолмадим, фақат кечга яқин, шунда ҳам, ошнамникига бориб, у билан ўлардек ичиб маст бўлиб келганимдан кейингина уйқуга кетдим.
Хўш, мени ўшанда кўрганларини ёмон иш деб топган, дея ўйларсизлар? Мутлақо ундай эмас. “Модомики, бу иш шу қадар ишонч билан амалга оширилган, уни барча зарур деб билган экан, бинобарин, улар мен билмайдиган қандайдир нарсани билганлар”, деб ўйлардим мен ва бу нарсани билиб олишга уринардим. Аммо нечоғли уринмай – бу нарса нималигини кейинчалик ҳам билиб ололмадим. Билиб ололмаганимдан кейин илгари орзу қилганим ҳарбий хизматга киролмадим, ҳарбийдагина эмас, ҳеч қаерда хизмат қилмадим, кўриб турганларингиздек, ҳеч қаерга ярамадим.
– Ҳе, сизнинг қай тариқа ҳеч қаерга ярамаганингизни яхши биламиз, – дедик биримиз. – Яхшиси, айтинг-чи: агар сиз бўлмаганингизда қанчадан-қанча одам ҳеч қаерга ярамаган бўларди?
– Бе, буниси энди мутлақо бемаъни гап, – деди самимий ўкинч билан Иван Васильевич.
– Хўш, севгингиз нима бўлди? – деб сўрадик биз.
– Севгимми? Севгим шу кундан эътиборан заволга юз тутди. Кўпинча қиз одатдагидек юзида табассум билан ўйга толгудек бўлса, дарҳол полковникнинг майдонда юрганини эслардим-да, қандайдир ноқулай ва нохуш аҳволга тушардим, шу тариқа у билан кам-кам учрашадиган бўлиб қолдим. Севгим ҳам шу тариқа барҳам топди. Ана, дунёда шундай ишлар бўладики, бунинг оқибатида одамнинг ҳаёти ўзгариб, бошқа йўриққа тушиб кетади. Ҳолбуки, сизлар бўлсаларингиз… – дея ҳикоясини тугатди у.
Рус тилидан Ваҳоб Рўзиматов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 11-сон
[1] Қишни кузатиш байрами.
[2] Дворянлар ўртасида сайлаб қўйиладиган етакчи вакил.
[3] Encove – яна (франц.).
[4] Мa chere – азизим, жоним (франц.).
* * * * * * * *
БАЛДАН СЎНГ
— Сиз, киши ўзи яхши-ёмонни ажрата олмайди, ҳамма гап муҳитда, кишини муҳит хароб қилади, дейсиз. Мен эсам, ҳамма гап тасодифда деб ўйлайман. Мана мен ўзим ҳақимда гапирсам…
Ҳамма иззат-ҳурмат қиладиган Иван Васильевич билан иккимизнинг орамизда кишининг камолга етиши учун энг аввал одамлар яшайдиган муҳитни ўзгартиш кераклиги тўғрисида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг у киши ҳалигидек гап бошлади. Яхши-ёмонни одамнинг ўзи ажратолмайди, деб ҳеч ким айтгани ҳам йўқ, аммо Иван Васильевичда гап вақтида эсига келиб қолган ўз фикрларига ўзи жавоб бериш ва шу фикрлар муносабати билан ўз саргузаштларидан гапириб бериш каби одат бор эди. Аксари ҳикоя айтишга шундай берилиб кетардики, жон-дилидан чиқариб рост сўзлашга қизиқиб кетиб, нима муносабат билан гап бошлаганини ҳам бутунлай унутиб қўярди.
Ҳозир ҳам у ана шу одатни қилди.
— Менинг ўзимга келсангиз… бутун ҳаётим муҳитдан эмас. балки бутунлай бошқа бир нарсадан шу тарзда бўлиб кетди.
— Нима сабабдан шундай бўлди? — деб сўрадик.
— Бунинг воқеаси узоқ. Буни тушунтирмоқ учун гапириб беришга тўғри келади.
— Жуда соз, гапириб беринг…
Иван Васильевич ўйга толиб, бошини ирғади.
— Шундай, — деб қўйди у. — Бир кеча ёки тўғриророғи, бир эрта бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди.
— Хўш, нима воқеа бўлган эди?
— Шундай бўлган эдики, мен ошиқу беқарор бўлиб қолган эдим. Мен жуда кўп марта ошиқ бўлганман, аммо бу сафаргиси қаттиқ эди. Ўтган гаплар. Унинг ҳозир эрга теккан қизлари бор. Бу Б… ҳа, Б… Варенька эди, — Иван Васильевич унинг фамилиясини ҳам айтди. — У эллик ёшида ҳам ажойиб жонон эди. Аммо ёшлигида, ўн саккиз ёшида ғоятда сулув эди: қадди-қомати келишган, латофатли, савлатли эди. Бошини салгина орқасига ташлаброқ, гўё бошқача юра олмайдигандек доимо ғоз юрарди. Ўзи хипча, ҳатто суяклари туртиб чиққан бўлишига қарамай, гўзаллиги ва қадди-қомати келишганлигидан, бу юриши ўзига аллақандай бир савлат бахш этар эди. Агар ҳамиша табассум қилиб кулиб турган оғзи ва порлаб турган ажойиб шаҳло кўзлари, бутун ёш вужудидаги дилбарлик бўлмаса, савлати кишини чўчитар эди ҳам.
— Иван Васильевичнинг мақташига қойил-э!
— Қанчалик таърифини қилсам ҳам барибир уни сиз тушунадигандай қилиб таърифлаб беришнинг иложи йўқ. Аммо гап бунда эмас: менинг айтадиган воқеам қирқинчи йилларда бўлиб ўтган. У вақтларда мен ўз провинциямиздаги университетда ўқир эдим. Яхшими-ёмонми, ҳар ҳолда, университетимизда ўша вақтда ҳеч қандай тўгарак ва ҳеч қандай назария деган гаплар йўқ эди, бизлар ёш эдик, ёшларга хос яшардик, ўқиш ва ўйин-кулгидан бошқани билмасдик. Мен жуда қувноқ ва шўх бола эдим, бунинг устига, давлатим ҳам бор эди. Ўйноқи йўрға отим бор эди, қизлар билан минишиб тепаликдан пастга чопишар эдик (у маҳалда коньки расм бўлмаган эди), ўртоқларим билан кайф-сафо қилар эдик. (У вақтларда шампанскоедан бошқасини ичмас эдик, пулимиз бўлмаса ҳеч нарса ичмас эдик, эндигидек ароқ ичмасдик.) Менинг энг яхши кўрган нарсам базму зиёфат эди. Яхши танца қилар, хунук ҳам эмас эдим.
Ҳамсуҳбат хотинлардан бири унинг гапини бўлиб:
— Ўзингизни шунчалик камситмасангиз ҳам бўлади. Биз сизнинг эски сернақш суратингизни кўрганмиз. Хунук эмас, аксинча, чиройли эдингиз.
— Чиройликка чиройли эдим-а, лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, унга ошиқу беқарор бўлиб юрган чоқларимда, масленица байрамининг охирги кунида, губерниямизнинг оқсоқоли очиқкўнгил, меҳмондўст, кексайиб қолган, бадавлат бир камергернинг уйида зиёфатда бўлдим. Меҳмонларни кутиб олган хотини ҳам эрига ўхшаш очиқкўнгил эди. Хотини жигарранг бахмал кўйлак кийиб, бошини инжу қадалган жияк билан танғиб олган. Елка ва кўкраклари ёшларникига ўхшамаса-да, Елизавета Петровнанинг сурати сингари очиқ, оппоқ момиқдай эди. Базм жуда жойида бўлди: ҳашаматли зал, ўша замондаги ҳаваскор помешчикнинг машҳур музикачи ва ашулачилари келган, дастурхон ясатилган, шампанский дарё бўлиб оқмоқда. Жон-дилим шампанское бўлса-да, лекин ичмадим, чунки май ичмасам ҳам ишқ ўтида маст эдим, лекин беармон танца тушдим, кадрилга ҳам, вальсга ҳам, полькага ҳам тушдим, албатта, мумкин қадар Варенька билан тушишга ҳаракат қилдим. У оқ кўйлак кийган, белида пушти камар, қўлида нозик ва ингичка тирсакларига етар-етмас оқ чарм қўлқоп, оёғида эса оқ атласдан бошмоқ бор эди. Мазурка ўйини бошланганда бадбахт инженер Анисимов уни таклиф этиб, мендан олиб кетди. Ҳалига довур бунинг алами мендан сира чиқмайди. Мен қўлқоп олай деб сартарошхонага кириб, андак кечикиб қолибман. Шундай қилиб, мазуркага у билан тушмасдан, аввал бир оз яхши кўриб юрганим бир немка билан тушдим. Аммо бу кеча унга камроқ илтифот қилдимми, деб қўрқаман, у билан гаплашмадим, унга қарамадим: кўзимга фақат оқ кўйлакли, қомати келишган, баланд бўйли, юзлари кулдиргичли ва қип-қизарган, ҳусндор, кўзлари ёқимли қиз кўринади, холос. Бир менгина эмас, ҳамма ҳам унга қарарди, ҳамманинг ҳаваси келарди, ҳусни ҳамма хотинларникидан ўткир бўлса ҳам эркагу хотин — ҳамма баравар унга тикилар эди. Ҳавасинг келмасдан иложи ҳам йўқ эди.
Хуллас, мазуркага у билан тушмадим, аммо ҳақиқатда эса бошқа ўйинларнинг ҳаммасига у билан тушдим. У ҳам уялиб-нетиб турмасдан, залдан ўтиб тўғри менинг олдимга келарди, мен ҳам унинг таклиф қилишини кутиб ўтирмай, сакраб ўрнимдан турардим, шунда у ҳушёрлик қилганим учун кулимсираб ташаккур изҳор қиларди. Бизларни бир-биримизга тақдим қилганларида у менинг кўнглимдагини била олмай, қўлини менга эмас, бошқага узатиб, нафис елкаларини қисар ва ачинганини ҳамда менга тасалли бермоқчи эканини изҳор қилмоқчи бўлиб жилмайиб қўярди. Мазуркага тушиб айланганимизда мен уни анчагача пириллатиб айлантириб кетсам, у нафасини ростлаёлмай ҳарсиллаб қоларди-да, жилмайиб, менга «Encore»[1], дерди. Мен эсам борган сари чирпирак бўлиб ўз танамни ҳам сезмай қолардим.
Меҳмонлардан бири:
— Жуда ҳам сезмай қолмагандирсиз, ўз белингизнигина эмас, балки унинг белини ҳам қучганингизда хўп яхши сезган чиқарсиз, деб ўйлайман, — деб сўз қотиб қўйди.
Иван Васильевич бирданига қизариб кетиб, зарда билан айтди: — Сизлар, эндиги ёшлар шундай қиласизлар. Сизлар бадандан бошқасини билмайсизлар. Бизнинг замонамизда бундай эмас эди. Шайдо бўлган сарим, мен унинг танасини камроқ ўйлайдиган бўлиб қолдим. Сизлар оёқларни, тўпиқларни ва яна аллақаерларнигина биласиз, сиз яхши кўриб қолган хотинингизни ечинтирасиз, менинг учун эса Alphonse Karr2 айтгандек, — кўп яхши ёзувчи эди-да, — маҳбубамнинг эгнида доим бронза рангда тикилган кийимлар бўларди. Бизлар ечинтириш у ёқда турсин, балки Нуҳнинг номусли ўғлидек овротини бекитишга ҳаракат қилар эдик. Гапириб ҳам нима қилдим, барибир тушунмайсизлар…
Ичимиздан кимдир:
— Унинг гапига қулоқ солманг. Хўш, сўнгра нима бўлди? — деди.
— Шундай қилиб, кўпроқ у билан танца тушиб вақтнинг ўтганини ҳам билмасдим. Музикачилар чарчаганликдан, билсангиз, базм охирида бўладигандек, зўр бериб мазурка куйига чалмоқдалар. Меҳмонхонада карта ўннаб ўтирган кексалар ҳам кечки овқатни қилишга чиқдилар, хизматкорлар ҳам у-бу ташиб югуриб-елиб қолдилар. Соат иккидан ошган: ғанимат дамлардан фойдаланиб қолмоқ керак. Мен уни яна топиб олдим, назаримда зални юз марта айланиб чиқдик-да. Уни жойига обориб ўтқазиб қўярканман:
— Овқатдан сўнг кадрилга тушамиз-а? — дедим.
— Башарти мени «илиб» кетмасалар, албатта тушамиз, — деди у ҳам кулимсираб.
— Ҳеч кимни йўлатмайман, — дедим мен.
— Елпиғични беринг, ахир, — деди у. Арзонгина оқ елпиғични унга узатиб:
— Бергим келмаяпти, — дедим.
— Беришга қизғансангиз мана сизга, —деди-да, елпиғичдан бир пат юлиб олиб менга берди.
Мен патни олдим. Аммо хурсандлигим ва ташаккуримни қараш билангина билдира олдим, холос. Шу дамда мен хурсанд ва мамнун бўлиш бир ёқда турсин, ҳимматим ошган, ўзимда йўқ эдим. Ўзимни ёмонликни сира билмайдиган, фақат яхшилик қиладиган аллақандай самовий бир вужуд деб фаҳмлардим. Патни қўлқопим ичига яшириб қўйдим, уни ташлаб кетишга мадорим етмай, ёнида туриб қолдим. У хўжайка ва бошқа хонимлар билан эшик олдида турган баланд бўйли, қомати келишган, елкасида заррин попуклари бор полковник отаси томонга қўллари билан ишорат қилиб:
— Анов ёққа қаранг, дадам танца қил, деб сўраяптилар, — деди. Шу вақт бошини инжу жияк билан танғиган, елкалари Елизаветаникига ўхшаш хўжайканинг:
— Варенька, бу ёққа келинг, — деган овозини эшитиб қолдик.
Варенька эшик олдига келди, унинг кетидан мен ҳам бордим.
— Ma chere[2], отангизга айтинг, сиз билан танца тушсинлар, — деди-да, сўнгра полковникка қараб. — Қани, Пётр Владиславич, марҳамат қилинг, — деди хўжайка.
Вареньканинг дадаси чиройли, узун бўйли, басавлат ва тетик бир чол эди. Юзи оч қизил, a la Nicolas I[3] оппоқ, хушмўйлов, оппоқ бакенбарди мўйловигача туташиб келган, чаккасидаги сочлари олдинга қаратиб таралган. Чақнаб турган кўзлари билан лаблари худди қизиникига ўхшаб майин кулиб турарди. Жуссаси келишган, ҳарбий кишиларникидек кўтарилиб турган кенг кўкрагида бир-иккита нишон. Яғрини кенг, оёқлари узун ва тўғри. Бу киши Николай замонасида машқ кўрган эски сипоҳларга ўхшаш аскар бошлиғи эди.
Биз эшик олдига келганимизда полковник, танца тушиш эсимдан чиқиб кетган, деб кўнмасдан туриб эди, аммо ҳар қалай, қўлини чап томонига ташлаб кичкина қиличчасини қинидан суғуриб олиб, ёнидаги ёшгина мулозимига берди-да, ўнг қўлидаги чарм қўлқопни таранг қилиб тортаркан, кулимсираб, «Қоидасини ўрнига қўймоқ керак», деди ва қизининг қўлидан ушлаб, сал қайириб музика мақомини кутиб турди.
Мазурка куйи бошланиши билан бир оёғини шахдам тепиб, иккинчи оёғини эса ёнига ташлаб, танца тушиб кетди. Унинг баланд, савлатли гавдаси гоҳо секин ва равон сузиб, гоҳо оёқларини бир-бирига уриштириб, ер тепиниб зални айлана бошлади. Вареньканинг хушқомати унинг олдида гириллаб айланар, унинг мўъжаз оппоқ ва майин оёқлари дам катта, дам майда қадам ташлаб, елдек учарди. Залдагиларнинг ҳаммаси иккаласининг ҳар бир ҳаракатини томоша қилиб турарди. Хусусан, мен завқланганимдан ҳайрон бўлиб томоша қилдим. Айниқса отасининг бетлик этиги, — яхши укуфа этик, лекин учи чўзинчоқ мода этик эмас, балки учи тўмтоқ, ўкчаси паст эски замон этиги, менга жуда ёқди. Афтидан, уни батальондаги этикдўз тиккан бўлса керак. «Арзанда қизини ясантирмоқ ва тўй-томошаларга бирга олиб юрмоқ учун мода этик киймасдан, балки хонакисини кияр экан», — деб ўйловдим мен, аммо тўмтоқ учли этиги менга жуда ёқди. Унинг бир маҳаллари жуда яхши танца қилганлиги кўриниб турибди, аммо энди эса вазминлашиб қолган, чаққонлик билан қилмоқчи бўлган чиройли, илдам ҳаракатларига энди оёқлари қовушмай турарди. Лекин шундай бўлса ҳам у икки марта жуда яхши айланиб чиқди. Оёқларини жуда эпчиллик билан икки ёққа кериб ташлаб, сўнгра яна жуфтлаштириб, гарчи сал қўполлик билан бўлса ҳам бир тиззаси билан чўккалаб ўтиргач, қиз эса отасига илашиб қолган юбкасини ростлаб, майин жилмайиб, унинг атрофидан айланиб чиққач, ҳамма бараварига қарсак уриб юборди. Отаси бир оз қийналиброқ ўрнидан турди-да, қизининг бошидан мулойим ва ёқимли қучоқлаб пешонасидан ўпгач, мен билан танца тушар, деган хаёл билан уни олдимга олиб келди. Шунда мен, бу кишининг жуфти мен эмас, дедим.
У ёқимли жилмайиб туриб қиличчасини қинига соларкан:
— Майли, ҳечқиси йўқ, энди сиз тушиб кўринг, — деди.
Шишадан тушган бир томчи кетидан ичидагининг ҳаммаси шариллаб тўкилиб кетганидек, менинг кўнглимда ҳам Варенькага бўлган муҳаббат қалбимдаги пинҳона ошиқлик иқтидорини ечиб юборди. Шу чоқ мен бутун дунёга муҳаббат қўйдим. Инжу жияк танғиган хўжайкани, унинг Елизаветаники сингари кўкрагини ҳам суйиб қолдим, унинг эрини ҳам, хизматкорларини ҳам, ҳатто мендан койиган инженер Анисимовни ҳам суйиб қолдим. Хонаки этик кийган, қизига ўхшаб мулойим кулган отасидан эса шу он қандайдир майин завқ олар эдим.
Мазурка тугади, мезбонлар меҳмонларни кечки овқатга таклиф қилдилар, аммо полковник Б. эртага вақтлик туришим керак, деб хайрлашиб чиқиб кетди. Мен қизни ҳам олиб чиқиб кетар, деб қўрқиб тургандим, лекин қизча онаси билан қолди.
Кечки овқатдан сўнг, ваъдалашган кадрилимизга тушдик, бахтиёрлигимнинг поёни йўқдай кўринса-да, бахтим борган сари очилаётгандай бўлар эди. Бизлар муҳаббатдан сира оғиз очмадик. Мени севадими, йўқми деб ўзимдан ҳам, ундан ҳам сўрамадим. Ўзимнинг уни севганим кифоя эди. Мен бирон воқеа бўлиб, бахтимни қора қилмасайди, деб хавотир олардим, холос.
Уйимга қайтиб келгач, ечиниб ухламоқчи бўлдим, лекин кўзларга сира уйқу келмади. Қўлимда елпиғичдан юлиб олинган пат билан қўлқопи қолган эди: жўнаб кетаётганида мен аввал онасини, сўнгра эса, ўзини аравага ўтқазаётганимда қўлқопини менга берган эди. Мен бу нарсаларга қараб кўзимни юммасдан хаёлимда уни кўрардим. Гоҳо икки йигитдан бирини танлаб менинг ниятимни билмоқчи бўлиб ўйланиб турган чоғи кўзимга кўринарди ва «Мағрурликми? Ҳали шундайми», — деган товушлари қулоғимга киради. Қувониб қўлини менга узатган чоғи, кечки овқат устида гоҳо шампанское қадаҳини лабларига теккизиб, меҳрибон кўзлари билан менга ер остидан қараб турган чоғлари кўзимга кўринар эди. Лекин кўпроқ отаси билан танцага тушган чоғи, отасининг олдида хиромон юриши, ўзига ҳам, отасига ҳам маҳлиё бўлиб томоша қилиб турганларга виқор билан қараб турган чоғлари кўз ўнгимдан кетмасди. Шунда мен нозик ва майин бир хаёл билан ота-болани беихтиёр бир тан, бир жон деб ҳис қилардим.
У вақтда марҳум акам билан бирга турардик. Акам киборлар суҳбатини ёмон кўрар ва базмларга бормас, кандидатлик имтиҳонига тайёрланаётганлигидан тинч умр кечирмоқда эди. Акам уйқуда эди. Мен унинг ёстиққа мукка тушган ва ярмиси жун одеялга бурканган бошига қараб жуда ачиндим. Кўнглимдаги хурсандлигимни, мендаги бахтиёрликни сезмаганлигига, менга ҳамдамлашмаганлигига ачиндим. Хизматкоримиз крепостной Петруша қўлида шам билан мени кутиб олди. Кийимимни ечиб қўймоқчи бўлган эди, мен унга ижозат бериб, чиқариб юбордим. Уйқудан шишган юз-кўзлари, пахмайган сочларини кўриб кўнглим бузилиб кетди. Товуш чиқармай, деб оёқ учида юриб ўз хонамга кириб, тўшакка ётдим. Йўқ, мен ҳаддан ташқари бахтиёр бўлганлигимдан ухлаёлмадим. Бунинг устига, уйнинг печкаси ёқилган экан, уй жуда исиб кетди. Мундиримни ечмасдан, аста юриб даҳлизга чиқдимда, шинелимни кийиб, ташқари эшикни очиб, кўчага чиқиб кетдим.
Зиёфатдан соат бешга яқин кетган эдим. Уйимга келиб бирпас ўтиргунимча яна бир соат вақт ўтди. Шундай қилиб, кўчага чиққанимда кун ёришиб қолган эди. Ҳаво ҳам байрам ҳавоси, ҳамма ёқни туман босган. Қорга ёмғир аралашиб, кўчалар шилта бўлган, барча томлардан томчи чакиллайди. У маҳалда Б. лар шаҳарнинг бир чеккасида туришар эди. Ялангликнинг бир томони сайилгоҳ, бир томонида қизлар мактаби бор эди.
Мен хилват тор кўчамиздан юриб бориб, катта кўчага чиқдим. Қўчада менга пиёдалар, ерга тегиб бораётған чанага ўтин ортган аравакашлар учрай бошлади. Сирланган дўға остида ҳўл бошларини солинтириб, салмоқлаб бораётган отлардан тортиб, бошига чипта ёпиниб, арава ёнида катта этикда шалоплаб кетаётган аравакашлар, туман ичида баланд бўлиб кўринган уйлар ҳам менга жуда ёқимли ва маънодор бўлиб кўринар эди.
Уларнинг уйлари олдидаги ялангликка чиққач, ялангликнинг охиридаги сайилгоҳ томонда қандайдир улкан қора бир нарсани кўрдим, шу пайт қулоғимга най билан ноғора овози эшитилди. Юрагим ҳамон хониш қилмоқда, қулоғимга гоҳо мазурка куйи киради. Лекин бу аллақандай раҳмсиз, нохуш музика овози эди.
«Нима бўлса экан!» — деб ўйладим ва ялангликнинг ўртасига тушган сирғанчиқ йўлдан овоз келган томонга қараб юрдим. Юз қадамча юргач, туман орасидан қора кийинган бир талай одамни кўрдим. Солдатларга ўхшайди. Машқ қилаётгандирлар, —деб ўйладим. Мой босган нимча пўстин устидан фартук тутган ва олдимда бир нима кўтариб келаётган темирчи икковимиз уларга яқин келдик. Қора мундир кийган солдатлар икки саф бўлиб, милтиқларини ёнларига қилиб, икки ёқда қимирламай турибдилар. Буларнинг орқасида ноғорачилар билан найчилар ҳамон ўша ёқимсиз ва хунук машқларини чалмоқдалар.
Ёнимга келиб тўхтаган темирчидан:
— Улар нима қилаётирлар? — деб сўрадим. Темирчи кўзларини сафнинг охиридан узмай:
— Қочгани учун бир татарни сазойи қиляптилар, — деди.
Мен ҳам темирчи қараган томонга қараб саф орасида менга яқинлашиб келаётган аллақандай даҳшатли бир нарсани кўрдим. Менга томон келаётган нарса белигача қип-яланғоч ва уни етаклаб келаётган икки солдатнинг милтиқларига боғланган бир кимса экан. Унинг ёнида шинель ва шапка кийган узун бўйли ҳарбий бир одам келарди. Бу кишининг қиёфаси танишдек кўринди. Сазойи қилинган бечора эриган қорни шилп-шилп босиб, ҳар икки тарафдан тушган калтак зарбидан гандираклаб, менга қараб келмоқда. У калтак зарбидан ўзини орқага ташласа, уни милтиққа боғлаб етаклаб келаётган унтер-офицерлар олдинга итарардилар, олдинга ташланса, йиқилгани қўймасдан орқага тортар эдилар. Узун бўйли, ҳарбий киши кейинда қолмасдан гурс-гурс қадам ташлаб бормоқда. Қизил юзли, оқ мўйловли ва оқ бакенбардли бу одам унинг отаси экан.
Ҳар калтак тушганда сазойи қилинган татар гўё ҳайрон бўлгандек, азобдан қийналиб буришган юзини калтак тушган томонга бурар ва оппоқ тишларини ғижирлатар, ҳадеб бир нарсалар деб ғўлдирар эди. Унинг нима деяётганини яқин келганидагина пайқадим. У гапирмас, балки пиқиллаб йиғлаб: «Оғалар, раҳм қилинглар, оғалар, раҳмингиз келсин», дерди. Аммо оғалар раҳм қилмасдилар, сазойи қилинган менинг рўпарамга келганда қаршимда турган солдат олдинга шаҳдам қадам ташлаб чиқиб, калтакни шиғиллатиб татарнинг орқасига шундай солдики, татар олдинга мункиб кетди, лекин унтер-офицерлар уни ушлаб қолдилар. Сўнгра шундай калтак ҳар тарафдан туша берди… Ёнда кетаётган полковник гоҳ оёғи остига, гоҳ сазойи қилинганга қараб, лунжларини шишириб пишиллаб бормоқда. Сазойи мен турган жойдан ўтиб кетганидан кейин, сафлар орасидан унинг елкасига кўзим тушиб қолди. Бу аллақандай ола-була, ҳўл, қип-қизил ғайри табиий бир нарса эди. Бунинг одам танаси эканлигига ишонмадим. Ёнимда турган темирчи:
— Ё, парвардигор! —деб юборди.
Улар биздан узоқлашиб кетди. Букчайиб, гандираклаб кетаётган одамнинг устига ҳамон икки томондан калтак ёғилмоқда. Ноғора билан най ҳали ҳам машқ қилишини қўйгани йўқ, баланд бўйли, гердайган полковник ҳамон сазойи қилинганнинг ёнида бормоқда. Полковник бирдан тўхтаб, (солдатлардан бирининг олдига яқин келди, шунда унинг:
— Ҳа, ҳа, ҳали аяб урадиган сенми? — деган ғазабли сўзлари қулоғимга кирди.
Паст бўйли, қути ўчган, дармонсиз солдат татарнинг кўкариб кетган орқасига секинроқ калтак ургани учун қўлқоп кийган бақувват қўли билан унинг юзига тарсаки туширганини ўз кўзим билан кўрдим.
Полковник:
— Бошқа таёқ келтиринг! — деб бақирди-да, атрофига аланглаб менга кўзи тушиб қолди. Мени танимагандек бўлиб, даҳшат ва ғазаб билан хўмрайиб, дарров юзини мендан тескари ўгирди. Мен эсам, жуда уят бир иш қилиб қўйгандай, ўсал бўлиб, нима қиларимни билмай, ерга қарадим-да, тезроқ уйга қайтдим. Йўл-йўлакай қулоғимга гоҳо ноғоранинг тарақлаган овози, найнинг чийиллаган товуши эшитилгандек бўлар эди, гоҳо: «Оғалар, раҳм қилинглар!» деган сўзлар эшитилиб, гоҳо эса полковникнинг: «Ҳа, ҳа, ҳали аяб урадиган сенми?!» деб ғазаб билан бақирган сўзлари қулоғим остида шанғиллар эди. Юрагим эзилиб, шундай ғаш бўлдики, юролмай бир неча марта тўхтаб қолдим. Назаримда бу манзарадан кўнгилга ўрнашган даҳшатлар ҳали замон мени йўқ қилиб юборадиганга ўхшарди. Уйимга қандай етиб бориб, тўшакка қандай чўзилганимни ҳам билмайман. Бироқ кўзимни юмишим билан, кўрганларим кўз олдимга келиб, эшитган гапларим қулоғим тагида жаранглаб, сакраб ўрнимдан турдим.
Полковник тўғрисида мен: «У мен билмаган бир нарсани биладиганга ўхшайди, — деб ўйладим. — Агар у билганни мен ҳам билсам, у нарсани тушунган бўлар эдим, кўрганларим эса мени бунчалик қийнамаган бўлар эди». Аммо мен ҳар қанча ўйламайин, полковникнинг билганларини билолмадим, ошнамникига бориб, хўп ичишиб, маст бўлиб кечқурунгина андак ухладим.
Хўш, сизлар нима деб ўйлайсизлар, кўрган воқеасини ярамас бир иш деб ҳукм қилгандир, деб ўйлайсизми? Ҳеч ундай эмас. «Модомики, бу иш шунчалик ишонч билан қилиниб, ҳамма уни зарур деб топар экан, бас, улар мен билмаган бир сирни билсалар керак» деб ўйлаб, бу сирни билишга уриндим. Аммо қанчалик уринмайин, кейин ҳам ҳеч била олмадим. Буни билмай туриб истагим бўлган ҳарбий хизматга киролмас эдим, балки ҳарбий хизматгина эмас, ҳатто ҳеч қанақа хизматга киролмадим, мана энди ҳеч нарсага ярамаслигимни кўриб турибсиз.
— Қўйсангиз-чи, яраш-ярамаслигингизни биламиз, — деди ҳамсуҳбатларимиздан бири, — яхшиси, агар сиз бўлмасангиз қанча одам ҳеч нарсага ярамай қоларди, шуни айтинг, — деди.
Иван Васильевич бу гапдан қаттиқ хафа бўлиб:
— Бу гаплар бориб турган аҳмоқлик, — деди.
— Хўш, ошиқлик масаласи нима бўлди? — деб сўрадик.
— Муҳаббатми? Муҳаббат шу кундан бошлаб сусая бошлади. Маъшуқам ҳар вақтдагидек илжайиб хаёлга чўмган чоқларида, ялангликдаги полковник дарров ёдимга тушиб аллақандай бўлиб кетардим, у билан камдан-кам учрашадиган бўлиб қолдим. Муҳаббат ҳам шундай қилиб барҳам топди. Ана шунақа гаплар бўлади, одамнинг бутун ҳаёти ҳам шунақа қилиб ўзгариб бошқа йўлга тушиб кетади. Сиз дейсизки… — деди-да, шу билан гапини тамом қилди.
Ясная Поляна, 1903 йил, 20 август.
Русчадан Н.Алимуҳамедов таржимаси
[1] Французча, тағин, дегани.
[2] Азизим (французча).
[3] Николай I никига ўхшаш (французча).