Балиқчи кулбасидаги чироқ ёнида Жанна эски елканни ямаб ўтирибди. Ташқарида шамол гувиллайди, ўкиради, тўлқинлар чайқалиб соҳилга келиб урилади, пишқиради. Ҳовли қоронғи ва совуқ, денгизда бўрон ўкиради, аммо балиқчи кулбаси иссиқ ва тинч. Кулба яхшилаб супурилган: печда олов ҳали ўчмаган; токчада идиш-товоқлар ялтирайди. Оқ чодир тортилган каравотда беш бола денгиз ҳайқириғи остида ухлаб ётишибди. Балиқчининг ўзи эса эрталаб қайиғида денгизга чиқиб кетганича қайтиб келгани йўқ. Тўлқинларнинг гувиллаши-ю, шамолнинг ўкириши балиқчининг хотини қулоғидан кетмайди. Жаннанинг бутун вужудини ваҳима чулғаган.
Эски ёғоч соат ҳирқироқ товуш чиқариб ўнга, ўн бирга занг урди… Эридан ҳамон дарак йўқ. Жанна ўйланиб қолди. Эри жонини жабборга бериб ишлайди, совуқ демай, бўрон демай балиқ овлайди. Жанна ҳам эрталабдан кечгача ишдан бош кўтармайди, лекин на фойда? Тирикчилик зўрға ўтади. Болаларнинг ҳаммаси ҳам юпун: ёзин-қишин бирдай ялангоёқ юришади; буғдой нонини кўриш қаёқда – жавдар нонининг етиб тургани ҳам катта гап. Ҳамма овқатлари — балиқ. “Худога шукур, болаларим соғ-саломат, — деб ўйлайди Жанна ва яна бўронга қулоқ солади. — Ҳозир қаерларда экан-а? Худоё-худовандо, ўз паноҳингда сақла!”, дейди у.
Ётай деса, ҳали вақт эрта. Аёл ўрнидан туради. Бошига қалин рўмолини ташлаб, фонарни ёқади-да, денгиз тинчидимикан, маёқнинг чироғи ўчиб қолмадикан, эримнинг қайиғи кўринмаётганмикан, дея кўчага чиқади. Лекин денгизда ҳеч нима кўринмайди. Шамол бошидаги рўмолни юлқилайди, аллақандай нарса билан қўшни кулбанинг эшигини тарақлатади ва боягина бемор қўшнисини кўриб чиқмоқчи бўлганини эслайди. “Бечоранинг қарайдиган ҳеч кими йўқ”, деб ўйлайди Жанна ва эшикни тақиллатиб қулоқ солади… Жавоб бўлмайди.
“Бевалик қурсин, — деб ўйлайди Жанна остона ёниб туриб. — Боласи кўп эмас, иккитагина, лекин ҳаммасига ёлғиз ўзи балогардон. Устига-устак хасталик! Эҳ, бевалик қурсин, бевалик. Кириб кўриб чиқай-чи”.
Жанна эшикни қайта-қайта тақиллатади. Лекин жавоб бўлмайди.
— Ҳой қўшни! — деб қичқирди Жанна. “Бир нима бўлган бўлмасин тағин” деб ўйлади ва эшикни итарди. Эшик ланг очилиб кетди ва Жанна ичкари кирди.
Кулба зах ва совуқ эди. Жанна беморнинг қаерда ётганини кўриш учун фонарни кўтарди. Кўзига энг аввал ташланган нарса, эшикнинг рўпарасидаги тўшакда ётган бемор бўлди. Қўшниси чалқанча тушиб, мурда сингари қимир этмай ётарди. Жанна фонарини яқинроқ тутди. Ҳа, бу ўша эди. Боши орқага ташланган; совуқ, кўкариб кетган юзида ўлим сокинлиги. Сарғиш, жонсиз қўл алланарсага узатилиб, тушиб кетгандек похолда осилиб ётарди. Шу ернинг ўзида, мурда онанинг ёнгинасида эски кўйлакка ўралган жингалак соч, дўмбоқ икки гўдак малла бошларини бир-бирига суқишиб ухлаб ётишарди. Онаси жон бераётиб уларнинг оёғини эски рўмол билан ўраб, устларига кўйлагини тортиб қўйишга улгургани кўриниб турарди. Гўдаклар бир меъёрда равон нафас олар, ширин ва қаттиқ уйқуда эдилар.
Жанна болалар ётган беланчакни олди, устларига рўмолни ёпиб уйига олиб кетди. Унинг юраги дук-дук урар, нега ва қандай қилиб бундай қилганини ўзи ҳам билмас, лекин бошқача йўл тутолмаслигини яхши биларди.
Уйга келгач, Жанна ухлаб ётган гўдакларни ўз болалари ёнига ётқизди-да, чодирни тортди. Унинг ранги қум ўчган, ҳаяжонланган эди. Уни виждон азоби қийнаётган эди. “Эрим нима деркан?.. — дерди ўзига-ўзи… Унгаям осон эмас, ўзимизнинг беш боламизнинг ташвиши ошиб-тошиб ётибди. Ана, келиб қолди!… Йўқ-йўқ, у эмас. Нима қилиб қўйдим-а? Роса савалайди мени. Шундай қилғиликни қилганимдан кейин ураверсин… Ана у! Йўқ!… хайрият, у эмас экан!
Эшик биров киргандек ғижирлади. Жанна сесканиб кетиб, ўрнидан қўзғалди.
“Йўқ. Яна ҳеч ким йўқ! Э худойим-е, нима қилардим олиб келиб? Энди унинг кўзига қандай қарайман?”. Жанна ўйланиб қолади ва анча пайтгача каравот ёнида жим ўтиради.
Ёмғир тиниб, тонг ёришади, аммо шамол ҳамон увиллайди, денгиз аввалгидай қутуради.
Тўсатдан эшик ланг очилади, кулбага денгиз ҳавоси ёпирилиб киради, баланд бўйли, қорачадан кеган балиқчи дабдаласи чиққан, ҳўл тўрни судраб, хонага қадам қўяркан:
— Мана, Жанна, мен келдим! — дейди.
— Вой ўлмасам, келдингми! — дейди Жанна ва эрининг кўзига қарашга ботина олмай.
— Расво тун бўлди-да. Даҳшат!
— Ҳа, ҳаво ёмон айниди! Хўш, ов қалай?
— Расво, асти қўявер! Ҳеч нима тутолмадим. Тўрни йиртганим қолди. Иш пачава, жуда пачава!… Сенга нимасини айтай, жудаям расво ҳаво, жудаям расво бўлди-да! Бунақа тунни ҳеч кўрмаганман десам бўлади. Овниям қўявер! Эсон-омон келганимга шукур қил… Хўш, ўзинг қалай, нималар қилдинг?
Балиқчи тўрни хонага тортиб киритди-да, печь ёнига ўтирди.
— Менми? — деди Жанна ранги қув ўчиб. — нимаям қилардим… Ямоқчилик қилдим… Шамол шундай гувилладики, юрагим орқамга тортиб кетди. Сендан хавотир олдим.
— Ҳа, ҳа, — деб ғўлдиради эр. — жуда ёмон ҳаво. Нима ҳам қилардик! Икковлари ҳам жим бўлиб қолишди.
— Хабаринг йўқдир, — дейди Жанна, — қўшнимиз Симон ўлиб қолибди-я.
— Йўғ-е?
— Қачон ўлганини ҳам билмайман, кеча ўлган бўлса керак. Ўлим олдидан ҳам тоза эзилгандир, шўрлик. Болаларига юраги ачишиб, ўзини қўярга жой тополмагандир! Иккала боласиям ҳали гўдак… Бирларининг ҳали тили ҳам чиқмаган, иккинчиси энди эмаклай деяпти.
Жанна жим бўлиб қолди. Балиқчининг қовоғи солинди, чеҳраси жиддий, ташвишли тус олди.
— Эҳ дунё!… — деб ғўлдиради у чаккасини қашиб. — нима ҳам қилардик энди! Бориб уларни олиб келишга тўғри келади, уйғониб қолишса борми, мурда ёнида ҳоллари нима кечади? Ҳай, бир кунимизни кўриб кетармиз! Бор, дарров.
Лекин Жанна жойидан қимирламади.
— Ҳа, нима дейсан? Хоҳламайсанми, сенга нима бўлди, Жанна?
— Мана улар — Жанна шундай деди-да, чодирни очди.
Холида Аҳророва таржимаси