АРСЛОН ВА ҚЎЗИЧОҚ
Бир куни қафасда ётган оч арслоннинг олдига энди оёқланган тирик қўзичоқни ташлашди. Кичкинтой шунақа гўл ва оқкўнгил эдики, ҳайвонлар подшоҳидан ҳайиқиш унинг хаёлига ҳам келмади. Уни ўзининг онаси тасаввур қилди, шекилли, фаҳмсиз ишонч билан даҳшатли жунбош тарафга юрди ва катта очилган ёруғ кўзларида меҳр-муҳаббат ва ҳайрат ва беозор бир ювошлик билан унинг пинжига кириб, мўйловларини искаб эркаланди.
Шер бундай оқкўнгил ишончдан қуролсизланди ва уни тилка-пора қилишдан тийилди. У норози пўнғиллай-пўнғиллай биринчи марта оч ухлаб қолди.
ҚУМУРСҚА ВА БУҒДОЙ ДОНИ
Ўримдан сўнг далада қолиб кетган буғдой дони сабрсизлик билан ёмғирни кутарди. Эшик қоқиб келадиган қора қишга қолмай тупроққа чуқурроқ кириб олишни ўйларди. Шошиб ўтаётган қумурсқа уни кўриб қолди. Топилмадан қувониб, ўйлаб ҳам ўтирмай, оғир юкни кўтариб олиб ини тарафга кета бошлади. Юкнинг оғирлигидан қийналса ҳам, кун ёруғида уйга етиб улгуриши учун тўхтовсиз ҳаракат қиларди.
— Нима учун бунча зўр берасан? Мени шу ерга ташлаб кет, — деди буғдой.
— Агар сени ташласам, қишда тамаддисиз қоламиз, — деди қумурсқа, оғир нафас олиб. — Биз кўпмиз, ҳар биримизнинг уйимиздаги заҳирани кўпайтириш мажбуриятимиз бор.
Дон ўйлаб шундай деди:
— Мен сенинг ҳалол меҳнатларингни тушунаман, аммо сен менинг ҳолатимниям тушун-да, ақлли қумурсқасан, мени диққат билан бир эшит!
Бу гапдан кўнглида бир мамнунлик туйган қумурсқа бир муддат нафасни ростлаб олиш учун юкини ерга ташлаб ўтирди.
— Агар билсанг, — деди дон, — менинг вужудимга ҳаётбахш бир куч қамалган ва менинг вазифам — янги ҳаётни пайдо қилиш. Кел, икковимиз дўстларча келишиб бир шартнома тузайлик.
— У қандай шартнома?
— У шундай, сен мени инингга олиб кетмайсан, шу ерга, қадрдон даламга ташлаб кетасан, — деб тушунтирди дон. — Роппа-роса бир йилдан кейин мен сени мукофотлайман.
Қумурсқа ажабланиб ишонқирамай бош чайқади.
— Қадрдон қумурсқа, менга ишон, ҳақ ростни гапиряпман. Ҳозир мендан воз кечиб, айтган муддатгача қолдирсанг, эвазига бир дон эмас, юз дон оласан.
Қумурсқа чаккасини қашлаб: “Бир донга юз дон. Бу эртакларда бўладиган мўъжиза-ку,” — деб мулоҳаза қилди.
— Сен уни қандай қиласан? — деди у кўтаринки бир қизиқиш билан ишонқирамай.
— Менга ишон, — деди дон. — Бу ҳаётнинг сири. Энди эса кичкина чуқурча ковла-да, мени кўм… Ёзда шу жойга қайтиб кел…
Шартлашилган муддатда қумурсқа далага келди. Буғдой дони ўз ваъдасининг устидан чиқди.
ҚОҒОЗ ВА СИЁҲДОН
Ёзув столи устида бир уюм бир хил тоза қоғоз варақлари ётарди. Бир куни улардан бири илмоқли, айлана ва чизиқчали, гажакли ва нуқтали турли жимжимали шакллар билан қопланибди. Кимдир перони олган-да, уни сиёҳ билан ҳўллаб, варақни сўзлар ва расмлар билан тўлдирган, шекилли.
— Мени бундай қулоқ эшитмаган мислсиз хўрлаш сенга нима учун керак бўлди? — деб сўради стол устида турган сиёҳдондан дилабгор ўпкалаб варақ. — Сенинг ювилмас рангинг менинг оқлигимга ҳам, поклигимга ҳам доғ, қоғозлигимга абадий иснод! Бу аҳволда мен энди кимга керакман?
— Хафа бўлма, — деди меҳр билан сиёҳдон. — Сени умуман камситишни ҳам доғ қилишни ҳам исташмаган, фақат керакли битик битишган. Энди сен оддий уюмдаги қоғоз эмас, ёзиқли мактубсан. Шу дамдан эътиборан сен инсон фикрини муҳофаза қиласан ва сенинг асосий вазифанг ҳам, улуғ қудратинг ҳам мана шунда.
Меҳрибон сиёҳдон ҳақ экан. Аллақайси кун ёзув столини йиғиштираётган одам вақт измидан сарғайган, бетартиб сочилиб ётган варақларни кўрди. У уларни ёниб турган каминга ташлаш истагида йиғиштираётганда, бирдан ўша “бағри доғ” варақни пайқаб қолди. Одам заруратсиз чанг босган қоғозларни ташлаб юборди-да, ёзиб тўлдирилган ўша варақни тафаккур номаси сифатида авайлаб, эҳтиёт қилиб стол тортмасига жойлаб қўйди.
ОҚҚУШ
Оққуш эгилувчан бўйнини яна энгаштириб ўзининг сув кўзгусидаги шаклу шамойилига узоқ разм солди… У чарчоғини ва бутун вужудини қақшатаётган қалтироқ боисини энди тушунди. Хайрлашиш фурсати келган эди.
Унинг қалби олис ёшлик йилларидагидай ҳамон гўзал ва қордай оппоқ эди. У ўзининг ўзлик сурати ва сийратини ҳаётнинг ҳамма қийинчиликлари ва синовларидан бедоғ ва покиза сақлаб яшашни уддалади.
Энди алвидо кунини хотиржам ва муносиб кутиб олишга тайёр эди.
У чиройли бўйнини қайириб, оҳиста ва улуғворлик билан бир вақтлар ёз жазирамаси ўтишини пойлайдиган, тагига кириб соялашни хуш кўрадиган соҳилдаги қари мажнунтол сари сузиб кетди.
Кеч кирди, кунботар шафағи сокин кўл сувини алвон рангга бўяди.
Атрофга чўккан чуқур оқшом сукунатида оққуш қўшиғи таралди.
Оққуш ҳеч қачон аввал бундай юракдан армонли ва ўта оғриқли соғинч билан куйламаган эди.
У ўзининг табиатга, осмонга, сувга ва ерга бўлган муҳаббатини улуғ илҳом билан куйларди.
— Оққуш куйлаяпти, — дея шивирлашди алвидо ноласидан сеҳрланган балиқлар, қушлар ва жами даштлар, ўтлоқлар ва ўрмон жонзотлари. — Бу ўлаётган оққуш қўшиғи.
Бутун борлиққа таралган бу дилбар ва ғамнок қўшиқ қуёшнинг сўнгги нури билан бирга сўнди…
ҚАҚНУС
Бепоён саҳро устида, сўнгсиз юксакликда учаркан, қақнус олис лашкаргоҳ хилватида ёнаётган гулханни илғади. У буюк ҳаёт синови етганлигини ва тақдир амрига мардона бўйсуниш лозимлигини тушунди.
Қақнус дунёда яшайдиган жами бургутларнинг улуғи, гўзаллик ва патларининг ёрқинлигида ҳам унга тенг келадиган парранда зоти йўқ эди.
У қанотларини кенг ёзиб, тунги осмон қаърида улуғвор парвоз қиларкан, сўнг у оҳиста доира ясаб ерга, олов сари пастлай бошлади.
Гулхан устида у олов тили патларини ямлаётганини, оёқ панжалари чарсиллаб куяётганини ҳис қилди. Азалий бурчга содиқ ва азобларга бардошли қақнус қўрқмасдан гулхан ичига қулади.
Олов вишиллаб, чирсиллаб, узоқ бурқсиб ёнди ва ниҳоят ўчди. Бироқ, кўп ўтмай, уюм кул қўрини тешиб чиққан зангор олов тилчаси шамолда тебраниб, тўғри юксакка ўрлади ва унинг зангор олов ранг қанотлари бор эди.
Бу кулда янгидан туғилган, осмони фалакда яна беш юз йил яшайдиган қақнус боласи эди…
Русчадан Шафоат Раҳматулло Термизий таржимаси
ҚОҒОЗ ВА СИЁҲ
Ёзув столи устида бир даста тоза ва оппоқ қоғоз турарди. Кунлардан бирида шу қоғозлардан бири батамом доғ-дуғга тўлиб кетди. Унинг бўй-басти бетартиб ёзилган, қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан бириккан сўзларга тўла эди. Кейин ҳар жойида сиёҳ томчиларига ҳам дуч келиш мумкин эди. Кимдир сиёҳга перони ботириб, бу қоғознинг юзига ажи-бужи сўзларни ёзиб ташлаган, бўлар-бўлмас, қин-ғир-қийшиқ расмларни чизганди.
-Мени бу абгор ҳолга солишдан нима маъни топдинг. Хўрлашдан мурод нима эди,-деди ғуссага ботган қоғоз ёнида турган сиёҳга,-менинг оппоқ тоза юзларимни энди кетказиб бўлмас доғ босди. Жуда ҳам хунуклашдим. Бу ҳолда кимга ҳам керакман? Кимнинг ҳам мушкулини осон қила оламан?
-Подадан олдин чанг чиқармасангчи? Бунча куйинмасанг! -унга мулойимлик билан деди сиёҳ,-Сени хўрлашни ҳеч ким хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Юзингга ёзилган сўзларни назарда тутаётган бўлсанг, у доғ-дуғ эмас. Керакли фикр. Кўп нарсага етган ақлинг, шунга келганда оқсадими? Бугундан бошлаб сен шунчаки оддий қоғозмассан! Инсон фикри битилган энг нодир қоғоз парчасига айландинг. Сени парчалаб, йиртиб ташлашга ё оловда ёқиб, кулингни кўкак совуришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди. Чунки муҳим фикр ёзиб қўйилган.
Сиёҳ ҳақиқатдан ҳам рост сўзлаётганди. Шу дам хонага кириб келган бир одам ёзув столига яқинлашиб, унинг устидаги сочилиб ётган қоғозларни тартибга келиб, сарғайиб қолган, аммо бирор сўз ҳам ёзилмаган, белги ҳам қўйилмаган юзи тоза варақларни олиб, гуриллаб ёнаётган печ ичига ташлади. Боягина ўзининг «тасқара»лигидан озорланаётган ёзувли қоғозни эса стол тортмачасини олиб, аллақандай ғилоф иичга жойлаштирди-да, сўнг чиқиб кетди.
ИПАК ҚУРТИ
Бир япроққа ёпишиб олган кичкинагина қурт атрофни кузатар экан, худди ўзи каби нафас олиб-чиқараётган даррандаю паррандаларнинг ғимирлаб юрганини, айримларининг сакраб ё югураётганини, айримларининг эса қанот қоқиб, кўкак парвоз қилаётганини кўриб, хўрсинди. У фақат ўзинигина камситилган санаб, на югура олиши, на уча олиши мумкинлигини ўйлаб, сиқила бошлади. У машақат билан бир баргдан иккинчисига ўрмалаб боргунига қадар ҳам кўп вақт керак бўларди. У тукдан иборат жуда ҳам мўрт, ожиз оёқларини ҳаракатга келиб, у баргдан бу барга ўрмаларкан, дунё шу экан-да деб йларди. Шу кўйи тақдиридан зорланмас, бошқаларга ҳам ҳавас қилмасди. Ҳар бир жонзот ўз ишини бажарган маъқул, дерди. Шунинг учун у уззукун ингичка, ипак ип йигиравериб, ўзига пишиқ уйча-пилла ясаб олди. У ўз фикрига таяниб, ишини давом эттираверди, маълум вақт келгунига довур иссиқина уйчасидан ташқарига чиқмади.
– Кейин-чи?-ўз-ўзига савол берди бир куни у.-кейин нима қиламан?
-Сабр қил, ўзинг гувоҳи бўласан,-жавоб эшитилди аллақаердан.
Ипак қурти бунга ажабланса-да, сабр қилишга қарор қилди. Бир куни эса уйқудан уйғонганида эса тамоман ўзгарганини, қуртлигидан асар ҳам қолмаганига амин бўлди. Бош-оёқ «ичак» ўрнида энди елкаларидан силлиқ, чиройли қанот ўсиб чиққан, бошида узун шохлар пайдо бўлган, оёқлари ҳам бор эди. У «уйча»сини осонгина иккига айириб, ёруғ дунёга юзланди-ю, пилла ичидан чиқди ва куч тўплаб, қанотларини парвозга шайлади.
«Сабр қилганнинг мукофоти бу»-ўйлади ўзича хурсанд бўлиб.
ИНСОНГА ҲАММАСИДАН ҲАМ ЭНГ МУҲИМИ НИМА?
Бир куни Ақл билан Эзгулик ўзларидан қайси бирлари инсонга энг муҳимлиги тўғрисида тортишиб қолишибди. Улар бир қарорга кела олмай, охири ака-ука бирга яшайдиган бир уйга келишибди. Ака-ука меҳнаткаш, шу билан бирга аҳил, тотув яшар экан. Ақл тўнғич акани, Эзгулик эса укани танлабди. Шундан сўнг аканинг фикри ўзгариб, дебди:
-Энди ҳар биримиз алоҳида яшашимиз керак.
Ука ўйланиб қолибдию, аммо акасига қарши чиқса, унинг ранжишини ўйлаб, рози бўлибди.
Ойлар кетидан йиллар ўтибди. Ака давлат орттирибди, аммо ҳамон ёлғиз яшар эмиш. У бойлик йиғишга қизиқиб, одамларга ҳам қўшилмай қолган экан. Шунинг учун на дўст, на таниш-билиши бор эмиш. Ука эса аксинча, камбағал бўлса-да, дўсту биродарларининг ҳисоби сон-саноқсиз экан. Улар ҳар кун Укани йўқлаб, олдига келар, ўз навбатида у ҳам дўсту ёрларидан ёрдамини аямас экан.
Ақл ва Эзгулик ака-ука ҳаётига аралашиб, нотўғри иш қилишганини тушунибди. Аммо бу қай тарзда содир бўлганини билмай, сабабини аниқлаш учун Донишманд олдига боришибди ва бўлган воқеани гапириб беришибди.
-Ақл Эзгуликдан айро бўлса, бош танасиз қолгандай гап. Эзгулик Ақлдан йироқлашса, тана бошсиз қолди дегани. -тушунтирди Донишманд. Шундан сўнг Ақл ва Эзгулик ака-укаларнинг олдига бориб, қайтадан бирга яшашларини, бир-бирларига ёрдам беришларини ўтиниб сўрашибди. Шундан сўнг ҳамма Ака-Укани ҳурмат қиладиган бўлишибди. Улар ҳақида бирор даврада гап кетгудай бўлса, одамлар шундай дейишаркан: «Бахтли яшашни Ака-Укалардан ўрганиш керак, улар ҳам ақлли, ҳам чексиз эзгу хислатга эга».
Рус тилидан Умид Али таржимаси
ҚОПЛОН
– Ойи! – деди дарахтнинг учига чиқиб олган маймун боласи, ҳансираб қичқирганча. – Анови она шерни кўряпсизми? У бағоят гўзал экан!
Она маймун ўлжасини пойлаётган йиртқични кўздан пана қилаётган новдани секин суриб, унга разм солди.
– Бу шер эмас, қоплон-ку, – изоҳ берди она. – Терисининг ранггига қара.
– Ажабо, жудаям чиройли экан! Кўз узолмайсан-а, – хитоб қилди маймун боласи. – худди қора атиргуллар сочилганга ўхшайди.
Чиндан ҳам олисдан жазирама офтоб тиғида сарғайган ўт орасида кутилмаганда ажиб пахмоқ гуллар ўсиб чиққандай туюларди.
– Қоплон ўзининг қанчалар мафтункорлигини билади ва бундан тузоқ сифатида фойдаланади, – давом этди она маймун. – Нотаниш жониворнинг ёрқин териси жилосини кўрганлар унинг ортидан эргашадилар ва йиртқичнинг ўлжасига айланадилар.
Гўзаллик баъзида ёвузлик учун хизмат қилади.
АЙИҚЧА ВА АРИЛАР
Она айиқ ишига андармон бўлиб, орқасини ўгиришга улгурмаган маҳал жонсарак ўғли, волидаси томонидан бетайин шўхлиги учун жазо тариқасида уйда ўтиришга маҳкум қилинганини унутиб, ён-верига қарамасдан ўрмонга отилди. Бу ерда ўзига тортувчи ифорлар бор! Ҳарқалай, табиат қўйни диққинафас кулба эмас. Қувончдан терисига сиғмай кетаётган айиқчанинг ғайрати жўшиб, то бурунни қитиқлайдиган ёқимли ҳид анқиб турган дарахт ковагига дуч келмагунга қадар капалаклар ортидан қувиб юраверди.
Атрофга олазарак нигоҳ ташлаган айиқча кўз илғар-илғамас учиб юрган ариларга диққат қилди. Баъзилари ковак атрофида юракка ғулғула соладиган овоз билан худди соат милидай ғўнғиллаб айланар, баъзилари инларига тўлиб-тошиб қайтар, лип этиб, ковакка кириб кетарди-да, тағин ортга қайтиб ўрмон томон ошиқардилар. Бу манзарага мафтун айиқчанинг қизиқиши устунлик қилиб, ўзини гуноҳдан тийиб туролмади. Тезроқ ковак ичкарисида нималар юз бераётганини ўз кўзи билан кўрмоқликка шошди. Аввалига айиқча бурнини суқиб ҳидлади, сўнг қўлини узатиб, иссиқ ва ёпишқоқ нарсани ҳис қилди. У қўлини тортиб олганида панжалари асалга бўкканди.
Қўлидаги ширин болни ялаб, ҳузурланишга улгурмаган ҳам эди, қутурган арилар галаси бурни, оғзи, қулоғи демай ёпирилишди… чидаб бўлмас оғриқдан дарғазаб айиқча панжалари билан ариларни ҳайдаб, ноилож ўзини ҳимоя қилмоқликка уринди. Бундан уларнинг баттар важоҳати қўзиб, айиқчага аямай, найза санчишди. Азоблаётган дард дастидан бечорагина нима қиларини билмай, ерга думалади ва оғриқдан халос бўлмоқликка интилди, бироқ бу ёрдам бермади.
Қўрқувдан буткул ўзини унутиб, уйи томон тум-тарақай қочди. У йиғлаганча она бағрига отилди. Она айиқ қулоқсиз боласини шўхлиги учун тартибга чақириб, хўжакўрсинга бир койиган бўлди-ю, тағин оналик меҳри ийиб, ари чаққанидан шишиб, ачишаётган жойларига лой суртиб қўйди.
Ўшандан берики, айиқча ширин болнинг аччиқ бадали борлигини яхши билади.
ДАҲШАТЛИ ҲАЙВОН
Ўрмондаги ҳатто энг жасур ва дадил жониворлар тушкунликка тушиб, анчадан бери кенг қулоч ёйган қалин, қари дарахт ёнидан ўтганларнинг бари нега ақл бовар қилмас балоларга гирифтор бўлаётгани ҳақида ўйлаб-ўйлаб ўйларига етолмас ва бу жумбоқни ечолмай гаранг эдилар.
Бир-биридан даҳшатли миш-мишлар ўрмалаб қолганди. Айтишларича, ўрмонда бутун жониворларга қирон келтирадиган махлуқ пайдо бўлганмиш.
Бутун ўрмон аҳли машваратга йиғилиб, тулкига мурожаат этди:
– Тулкижон, орамизда энг айёри ва эпчили ўзингсан. Илтимос, бунда қандай синоат яширин? Сендан ўзгаси қари дарахтда ким ин қуриб олганини билишни удда қилолмайди.
Бундай ҳурмат-эътибордан боши кўкка етган тулкихон кўп ялинтириб ўтирмади. Гарчанд таклифга бажонидил кўнган бўлса-да, эл манфаати учун ўз жонини қурбон қилмоқликни асло хоҳламасди.
Бироз бош қотирган малла муттаҳам машъум дарахт ёнига қадрдон дугонаси тиниб-тинчимас қарғани юборишга қарор қилди.
Дарахт гирдидан айланган қарға қалин барглар орасидан икки алангани, ора-орада тез-тез қанотларини қоқиб қўяётган махлуқни илғади.
Тулки ўша ондаёқ барчани йиғиб, янгиликни эълон қилди:
– Бошимизга кулфат ёғилибди, дўстларим. Бу махлуқнинг номи аждаҳо деб аталади. Ҳали ҳеч ким унинг сўйлоқ тишларини кўрмаган ва ёввойи чинқириғини эшитмаган. Бу аччиқ қисматни мен татиб кўришни истамасдим, сизга ҳам маслаҳат бермайман, – дея қўшни ўрмонга яшагани кетибди. Унинг ортидан индамай бошқалар ҳам эргашибди.
Азим дарахтнинг қалин шохлари орасига сингиб кетган катта кўзли укки гўё барча жониворлар қирилиб кетгандай, ўрмоннинг нега жим-жит бўлиб қолганига ҳеч ақли етмай қунишиб ўтирарди.
Ҳа, қўрққанга қўша кўринар, деб тўғри айтган экан.
ОНА ШЕР
Ўткир учли найзаларини маҳкам ушлаганча оёқ учида илдамлаётган овчилар тўдаси тобора ўлжага яқинлашиб келарди. Болаларини эмизаётган она шер нотаниш исни дарҳол олди ва хатар яқинлигини сезди. Бироқ кеч бўлганди. Овчилар аллақачон уни ўраб олишганди.
Қуролланган одамларни кўрган она шер шошиб қолди. Қочиб қолмоқчи бўлди-ю, бироқ бу ниятидан қайтди: гўдакларининг овчиларга осон ўлжа бўлишини ўйлаб, уларни кўзи қиймади.
Она болаларини ўз ҳаёти эвазига қутқариб бўлса-да, асраб қолишга қарор қилди. Жонивор ўзига қараб отилган ўткир найзалардан довдирамаслик учун бошини эгди ва одамлар томон дадил сакради, гўё ўзини қочаётган қилиб кўрсатиб, овчиларни боплаб чалғитди.
Пировардида, ожиз шерваччаларнинг жони омон қолди.
Рус тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси