Константин Паустовский. Ижод ҳақида гурунглар

“Тилла атиргул” китобидан

ар бир дақиқа, ҳар бир тасодифий сўз ёки нигоҳ, ҳар бир теран ёки кулгили фикр, инсон юрагининг сезилмас ҳар бир ҳаракати (уни теракнинг учар момиқлари ёки тун ётоғини ёритаётган юлдузлар ёғдусига қиёслаш мумкин) – буларнинг бари тилла чанг зарраларидир.
Биз, адабиётчилар уларни ўн йиллар мобайнида тўплаймиз, бу миллион-миллион қум зарраларини ўзимиз сезмаган ҳолда ўзимиз учун йиғамиз, қотишмага айлантирамиз, сўнг ана шу қотишмадан ўз “тилла атиргул”имизни – қисса, роман ёки достонимизни йўнамиз.

***

Ёзувчилик касб-ҳунар ёки машғулот эмас. Ёзувчилик – қисматдир. Баъзи сўзларни, уларнинг оҳангини илғаш баробарида сўзларнинг дастлабки маъносини топамиз…
Инсон ҳеч қачон ҳунармандчиликка чорланмайди. Бурчни ёки оғир юмушни бажариш учун чорланади.
Ёзувчини гоҳо оғриқли, лекин ҳузурбахш бундай меҳнатга нима чорлайди?
Аввало, ўз юрагининг овози. Эътиқод ва виждон овози келажакда ҳақиқий ёзувчини бачкигул сингари яшашга қўймайди, қалбини тўлдириб турган турфа хил фикр ва туйғуларни одамларга ҳотамтойлик билан улашишга мажбур этади.
Кишиларнинг кўзига озгина бўлса-да зиё улашмаган ёзувчи ёзувчи эмас.
Одам юрагининг чорлови билангина ёзувчи бўлиб қолмайди. Юрак овозини биз кўпроқ ёшлигимизда эшитамиз, бу пайтда туйғуларимизнинг покиза оламини ҳеч нарса қуритмаган, пайҳон қилмаган бўлади.
Лекин балоғат йиллари ҳам келади, юрагимиз товушидан ташқари янги ва кучли чорловни – ўз давримиз ва халқимизнинг, инсониятнинг чорловини эшитамиз.

***

Ижод ҳақида ўйлаганимда кўпинча ўзимдан сўраб қоламан: қачон бошланганди ўзи бу? Умуман, ижод қандай бошланади? Нима инсонни умрининг сўнгига қадар қўлидан қўймаслик шарти билан қалам тутишга мажбур этади?
Қачон бошланганини эслолмайман. Менимча, ёзувчилик одамда тахлам-тахлам қоғозларини қораламасидан олдин, руҳий ҳолат сифатида дунёга келади. Балки ўсмирлигида, балки болалигидадир.
Болалик ва ўсмирликда оламни катта бўлганимиздагидан кўра айрича кўрамиз. Болаликда қуёш тафтлироқ, майсалар қалин, ёмғирлар мўл-кўл, осмон мовийроқ ва ҳар бир одам фавқулодда қизиқарли туюлади.
Болалар учун катта одам борки сирли кўринади – хоҳ у ранда-теша кўтарган, кийимларидан пайраха ҳиди анқиган дурадгор бўлсин, хоҳ ўт-ўланлар нимага яшил рангда эканини биладиган олим бўлсин.
Ҳаётни, атроф-борлиқни шоирона ҳис этиш – бизга болаликдан ато этилган қобилият.
Агар одам узоқ ҳушёрлик йилларида ана шу қобилиятни бой бермаса, у ё шоир, ёки ёзувчи бўлади.
Ҳаётни мунтазам янгиланиш булоғи сифатида ҳис этиш санъат гуллаб-яшнаши ва камол топиши учун катта манба-асосдир.
Тўғриси, гимназияда ўқиб юрганимда мен ҳам шеърлар ёзганман. Жуда кўп ёзганимдан бир ойда семиз бир умумий дафтарни тўлдирардим.
Шеърларнинг аҳволи маълум – баландпарвоз, жимжимадор эди. Лекин ўша пайтда менга жуда чиройли кўринарди…

***

…Бадиий асар ғояси қандай туғилади?
Бир пайтда туғилиб, бир пайтда ўсиб-ривожланадиган икки ғоя деярли бўлмайди. Юқоридаги саволга жавобни умумий эмас, ҳар бир алоҳида ҳикоя, роман ёки қисса билан боғлиқ ҳолда излаш зарур.
Ғоя пайдо бўлиши учун нима қилиш керак ёки янада қуруқроқ тил билан айтадиган бўлсак, ғоя пайдо бўлиши учун қандай шарт-шароитлар зарур, деган саволга осон жавоб бериш мумкин. Ғояни ёзувчининг ички олами тайёрлайди ва юзага чиқаради.
Ғоя ҳосил бўлишини қиёс йўли билан яхшироқ тушунтириш мумкин. Қиёслаш баъзида энг мураккаб нарсаларга ҳам фавқулодда тушунарлилик бахш этади…
Ғоянинг пайдо бўлишини тушунишга ёрдам берадиган қиёс бирмунча содда. Асар ғояси бу – чақмоқ. Ер устида кўп кунлар мобайнида электр йиғилади. Атмосфера электр билан лиммо-лим тўлганда тўп-тўп оқ булутлар момақалдироқ солувчи даҳшатли қора булутларга айланади. Улар ичида қуюқ электр димланишидан биринчи учқун – чақмоқ пайдо бўлади.
Чақмоқ чаққан заҳотиёқ шаррос ёмғир қуя бошлайди.
Ғоя ҳам фикрлар, ҳиссиётлар ва хотиралар билан бойиган инсон онгида чақмоқдай пайдо бўлади. Буларнинг бари аста-секин йиғилиб боради ва пайти келиб тўла бўшашни тақозо этади. Сиқилган ва ҳали пала-партиш бу олам чақмоқни – ғояни дунёга келтиради.
Ғоя худди чақмоқ сингари арзимаган туртки сабаб юзага чиқади.

***

Ижод жараёни ҳақида жуда кўп тўқиб-бичилган фикрлар, хурофот гаплар бор. Баъзилари шундай бемаза, шундай тутуруқсизки, улар олдида чорасиз қоласан киши.
Ҳаммасидан ҳам илҳом масаласи ана шу бемазалик қурбони бўлган.
У деярли ҳамиша тушуниксиз завқ билан кўкка тикилган ёки қалам тишлаб турган шоир қиёфасида бўрттирилиб тақдим этилади. Нодонлар учун шундай…
…Илҳом – инсоннинг қатъий иш ҳолатидир. Қалбдаги кўтарилиш саҳнага хос ясама туришу кўтаринкилик билан ифодаланмайди. Шу билан бирга, оғиз кўпиртириб мақталадиган “ижод тўлғоғи” билан ҳам.
Пушкин илҳомга аниқ ва содда таъриф берган: “Илҳом – кўнгилнинг ҳиссиётларни жонли қабул қилишга, тушунчаларни тез фаҳмлашга бўлган рағбатидир. У юқорида саналганларни тушунтириш, англатиш имконини беради”. “Танқидчилар, – деб давом этган у, – илҳом билан завқ-шавқни чалкаштириб юборади”. Худди ўқувчилар баъзан ҳақиқат билан ҳақиқатсимон нарсани чалкаштиргани сингари…
Чайковский илҳом – қўлларни ноз билан силкитиш эмас, худди ҳўкиздек, бор куч-ғайрат билан ишлаш эканини таъкидлайди.

***

Китобхонлар ёзувчилардан асарларига қай тарзда ва қанча вақт мобайнида материал йиғишини тез-тез сўрайди. Атайлаб материал йиғилмаслиги айтилганида эса кўпинча ҳайрон қолишади.
Юқоридаги фикрлар ёзувчининг у ёки бу китоби учун зарур бўлган илмий материални ўрганишига алоқадор эмас, албатта. Гап жонли ҳаётни кузатиш ҳақида кетяпти.
Ҳаётий материал, Достоевский таъбири билан айтсак, “ҳаёт тафсилотлари” ўрганилмайди. Таъбир жоиз бўлса, ёзувчилар ана шу материал ичида яшайди – умр кечиради, қайғу чекади, ўйлайди, қувонади, катта ва кичик воқеаларда қатнашади. Шубҳасиз, ҳаётнинг ҳар бир куни уларнинг онги ва юрагида ўз изини қолдиради.
Ўқувчилар (айтганча, ёш ёзувчилар ҳам) тасаввурларини ўзгартиришлари керак: ёзувчи ёндафтарини кўтариб ҳар ерда кезиб юрувчи, ҳаётни кузатиб, қоғозга кўчириб борувчи одам эмас.
Ўзини кузатувлар йиғишга, (шунчаки унутиб қўймаслик учун) қайдлар тўплашга мажбурлаган киши, албатта, бир дунё нарса йиғади, бироқ улардан фойда йўқ, улар – ўлик. Бошқача айтганда, агар ана шу кузатишларни қайддафтардан олиб, насрнинг жонли тўқималарига кўчириб ўтказилса, деярли барча ҳолларда улар ифодалилигини йўқотади ва бегоналиги яққол сезилиб қолади.
Ҳеч қачон анави бир туп четан ёки манави оқсочли барабанчи қачондир ҳикоямга керак бўлиб қолади, шунинг учун диққат билан, ҳатто бир қадар ясамалик билан уларни кузатишим керак, деб ўйламаслик зарур. Табиий шаклда, “юрак амри билан” кузатиш даркор.
Ҳеч қачон ҳатто энг муваффақиятли кузатувларни ҳам ҳикояга мажбурлаб киритмаслик керак. Керак бўлганда улар ўзлари келади ва ўз ўрнини топади. Қачондир бўлган ва бутунлай унутилган воқеа ёки қандайдир тафсилот айнан энг зарур пайтда хаёлига лоп этиб тушганидан ёзувчининг ўзи ҳам кўпинча ҳайрон қолади.
Ёзувчиликнинг асосларидан бири – яхши хотирадир.

***

Деярли ҳар бир ёзувчининг илҳомлантирувчиси бор. Бундай ажойиб илҳомчи одатда бошқа бир ёзувчи бўлади.
Бундай адибнинг асаридан бир неча жумла ўқишнинг ўзи кифоя – ўша заҳотиёқ сенинг ҳам нимадир ёзгинг келиб қолади. Гўё бир неча китобдан маъжун-шарбат отилиб чиқади-да, бизни сархуш этиб, қўлга қалам олишга мажбурлайди.
Ҳайрон қоларлиси, кўпинча бундай меҳрибон даҳо ижодининг характери, йўсини ва мавзуларига кўра биздан узоқ бўлади.
Мен бир ёзувчини биламан – борини борича ёзадиган қатъий реалист, жиддий ва вазмин одам. Аммо унга фантаст ёзувчи Александр Грин асарлари илҳом бағиш­лайди.
Аркадий Гайдар Диккенсни илҳомчим деб атайди. Ўзимга келадиган бўлсак, Стендаль қаламига мансуб “Римдан мактублар”нинг исталган саҳифаси менда ёзиш истагини уйғотади. Бироқ мен Стендаль насридан жуда узоқ нарсалар ёзаман, бу ҳол ҳатто ўзимни ҳам ҳайратга солади. Бир куз Стендални ўқиб, Пра дарёси бўйидаги қўриқхона-ўрмонлар ҳақидаги “273-кордон” ҳикоямни ёзганман. Унда Стендалга боғлиқ бирор нарсани мутлақо топиб бўлмайди.
Тан оламан, бу ҳолат ҳақида бош қотириб кўрмаганман. Балки унга ҳам бирор изоҳ, сабаб топиш мумкиндир. Бир қараганда аҳамиятсиз кўринадиган, аммо ёзувчига ишлашида ёрдам берадиган кўплаб вазият ва кўникмалар борлигини айтиш учунгина бу ҳақда эсладим…

Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси.
«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 6-сон