Константин Паустовский. Эртакчи (ҳикоя)

Христиан Андерсен ҳақида ҳикоя

Ёзувчи Христиан Андерсен билан учрашганимда ёшим атиги еттида эди.
Бу ажойиб воқеа қиш кечаларининг бирида, ХХ асрнинг бошланишига бир неча соат қолганида рўй берди. Қувноқ болалар эртакчиси мени Янги аср остонасида кутиб олди.
У аввал менга узоқ тикилиб турди-да, сўнгра ҳазиломуз бир кўзини қисиб жилмайганича, чўнтагидан оппоқ рўмолчасини олиб ҳавода елпитган эди, оппоқ атиргул пайдо бўлди ва атрофга хушбўй таратиб, оҳиста ерга тушди. Ўша пайтлар биз оиламиз билан истиқомат қилаётган ертўланинг ғиштин полига келиб тушган атиргулдан жаранглаб майин оҳанг таралди ва унинг сирли оғушида хонам кумуш рангда товлана бошлади.
Кейинчалик билсам, ўшанда Андерсен билан бўлиб ўтган воқеа эски ёзувчилар тили билан айтганда ўнг аралаш тушда кечган ажиб бир ҳолат, яъни ғаройиб учрашув юз берган экан.
Ёдимда, ўша кеч оппоқ қор ёғаётган эди. Уйимизда эса арча безатилаётганди. Арча безаб бўлингунига қадар ҳаяжондан юрагим ҳапқириб кетмаслиги учун уйимиздагилар мени кўчага чиқариб юборишди. Мен эса ҳанузгача нима учун уларнинг айнан белгиганган вақтдан олдин қувониб кетишимни истамаганликларини тушуниб етолмайман. Балким, ўша қувонч дегани бизнинг оиламизга жуда кам ташриф буюрадиган, оиламиз аъзолари интиқиб кутадиган азиз меҳмондек бўлгани учун, унинг ногоҳ кириб келиши эса биз болаларни хурсанд этиб, ҳаддан ташқари ҳовлиқтириб юбориши мумкинлигини ўйлаб, шундай қилишгандир. Қайдам, нима бўлганда ҳам ўша куни уйдагилар мени ташқарига чиқариб юборишган эди.
Ҳар доим шом аралаш қоронғу туша бошлаган кезлари, кўчалар, уйлар ва баъзи биноларнинг чироқлари бирданига чарақлаб ёниши қалбимни алланечук ҳаяжонга солиб юборар эди. Айни шу чоғда ажойиб яшил рангли шуъла таратиб ёришувчи дўконнинг ойнали пештахтаси тубида турли-туман ғаройиб нарсалар пайдо бўлар, улар “қорқиз” номли конкилар, турфа рангда товланиб ёниб турувчи ҳар хил “бурама шамлар”, майда оппоқ тсилиндрларга жойлаштирилган қизиқчилар ниқоблари, қалайдан қуйиб тайёрланган тўриқ от минган чавандозлар, пақилдоқлар ва турли рангдаги ялтироқ қоғоздан ясалган занжирчалар эди.
Ўшанда ХИХ асрнинг охирги кечаси нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини катталарнинг сўзларидан билиб олгандим. Чунки, инсон бундай кечанинг қайта гувоҳи бўлиши учун яна юз йил умр кўриши, бу эса ҳар кимга ҳам насиб этмаслиги муқаррар эди.
Дарҳақиқат, назаримда ўша кунги оқшом ҳам ўзгача бир сирли тароват билан кириб келганди. Ташқарида оҳиста оппоқ қор ёғарди. Қор парчалари шунчалар йирик эдики, бамисоли осмонни тўлдириб даста-даста гул ёғарди гўё. Кўчаларни эса, извош отларга тақилган қўнғироқларнинг ёқимли садолари тутиб кетганди.
Арча безаб бўлинганлиги ёдимга тушиб, уйимизга қараб югурдим. Хонага киришим билан мени кутиб турган уйимиздаги катталар арчанинг чироқларини ёқиб юборишди. Шу чоғ кўз ўнгимда ранг-баранг чироқлар бирин-кетин ёниб, хонамиз чарақлаб ёришиб кетди. Алмашиб ёнаётган чироқлардан эса худди акатсия дарахтининг қуриган шохлари қисирлаб синаётгандек овоз чиқарди гўё. Ногаҳон, арчанинг тагида турган катта қалин китобга кўзим тушиб қолди. Англадимки, бу онамнинг менга Янги йил совғаси, яъни Христиан Андерсеннинг эртаклар китоби эди. Шу пайт қувончим ичимга сиғмай, ҳаяжон билан шошилгунча арчанинг ёнида ўтириб олиб китобни варақлай бошладим. Унинг варақлари нафис қоғоз билан ёпиб қўйилган ажойиб суратларга тўла эди. Суратларни томоша қилиш учун ёпиштириб қўйилган ўша қоғозни оҳиста ажратиб олиш кифоя эди. Суратларда эса қор қасрининг деворлари узра мушаклар ярқирар, оппоқ булутлар сузиб юрган денгиз устида ёввойи оққушлар учиб юрар, кумушранг аскарчалар узун қуролларини ушлаб бир оёқда қоровуллик қилиб саф тортиб туришар ва бошқа шу каби ажойиб мў‘жизавий манзаралар акс эттирилган эди.
Китобга шу қадар шўнғиб кетибманки, ҳатто катталарнинг мени безалган арчани томоша қилишга ундаётганликларини ҳам сезмабман.
Ўшанда дастлаб ўқиган эртакларим ғаройиб матонатли жанг, жажжи гўзал раққоса ҳамда қор маликаси ҳақидаги эртак бўлди.
Ҳамон ёдимда, китобни варақлаб ўқир эканман, гўё унинг саҳифаларидан турфа гулларнинг хуш бўйлари уфуриб, қаҳрамонларининг сахий чеҳралари шундоқ кўз ўнгимда жонланиб, намоён бўлганлигидан ҳайратлангандим. Бир оздан сўнг толиққанимдан арчанинг тагида кўзим илиниб, пинакка кетиб қолибман. Шу чоғ арча шохларини безаб турган чироқлардан таралаётган ёқимли илиқлик ҳамда ширин мудроқлик ичра оппоқ атиргуллар баргини тўкаётган Андерсеннинг сиймоси намоён бўлди. Ўшандан бери у ҳақдаги тасаввуримга ўша ажиб, тушимда кўрган манзара муҳрланиб қолган.
Мен у пайтлар жуда ёш эдим. Эртаклардаги, жумладан Андерсен эртакларига ҳам яширинган, катталарга тушунарли бўлган иккинчи томони, яъни иккинчи ғояси борлигини билмас эдим, албатта.
Буни анча кеч англадим. Кейин билсам, ХИХ асрнинг ўзига яраша оғир ва оламшумул якуни арафасида менга омад кулиб боққан ва айни шу кечада ғаройиб мў‘жизавий шоир Андерсен менга учраб, мурғак қалбимда ёруғликнинг зулматдан ҳамда инсонларнинг сахий юраги ёвузлик устидан ғалаба қозонишига ишонч уйғотган экан. Ўша пайтлар Пушкиннинг “Яшасин қуёш, йўқолсин зулмат!” деган сўзларини эшитган эдим. Негадир менинг назаримда Пушкин билан Андерсен ўзаро қадрдон дўст бўлишгандек, улар ҳар гал учрашганларида бир-бирларининг елкаларига қоқишиб, завқланиб қувонишаётгандек туюлар эди гўё.
Андерсеннинг таржимаи ҳолини анча кеч ўргандим. Унгача менинг тасаввуримда унинг ҳаёти ҳам худди ўзининг эртакларидаги каби ғаройиб ва гўзал, суратлари каби қувноқ ва бахтиёр бўлиб туюлар эди.
Андерсеннинг ҳаёти болалик чоғлариданоқ жуда оғир шароитда кечди. Аммо у умри давомида ҳаётдан, ёруғ оламдан эзгулик қидириб, завқланиб яшашга интилди.
Христиан Наполеон уруши даврида Оденза деб номланган данияликлар шаҳрида камбағал этикдўз оиласида дунёга келди. Оденза Фюн оролининг пастак адирларида жойлашган бўлиб, унинг атрофини баланд тоғлар ўраб турарди. Адирлар этагида арчалар гуллаб ётар, осмонини эса доимо туман қоплаб турар эди. Одензанинг умумий кўринишини тасаввур қилиб кўрилса, у қорайган эман дарахтидан йўнилган каттакон ўйинчоқни эслатарди.
Ҳа, Оденза бекорга ўзининг ёғоч ўймакорлик санъати билан шуҳрат қозонмаган эди. Ўрта асрларда яшаб ўтган ёғоч ўймакор усталаридан бири Клаус Берг қора дарахтдан Оденза бош черковининг ибодат қиладиган жойидаги улкан қисмини йўниб тайёрлади. Унинг ажойиб ижод намунаси бўлган ушбу меҳроб маҳобати ва ҳайбати билан фақат болаларнинггина эмас, балки катталарнинг ҳам ҳайратини оширар эди. Даниялик ўймакор усталар фақат меҳроблар ўйибгина қолмай, турли илоҳий манзаралар акс эттирилган ҳайкалчалар ҳам тайёрлар эдилар. Дарахтларнинг улкан бўлакларидан моҳирона йўнилган ҳайкалларда қўпол, аммо ўзига хос рамзий маънолар касб этувчи илоҳий мабудалар, денгиз худоси Нептун, делфинлар, гоҳо эгилиб юрувчи денгиз отлари каби ҳар хил нарсалар акс этар эди. Бундай ҳайкалчалар денгизчилар удумига кўра елканли кемаларнинг олд тумшуғига жойлаб қўйилар эди. Ҳайкалчалар баъзан тилла суви ёки ҳар хил махсус тўқ рангли бўёқлар билан бўялар эди. Узоқ йиллар давомида денгиз тўлқинлари уларга путур етказиб, бузиб, рангларини ювиб кетмаслиги учун махсус бўёқлар жуда қуюқ қилиб сурилар эди.
Кемаларга ҳайкалчалар ясовчи ўймакор усталар ўзларининг бетакрор моҳирона санъатлари туфайли гўё денгиз ижодкорлари – шоирлари эдилар. Андерсеннинг дўсти даниялик Алберт Торвалдсен ҳам ана шундай ўймакорлар оиласининг бирида вояга етган, ХИХ асрнинг буюк ҳайкалтароши эди.
Андерсен болалигидан бошлаб ўймакорларнинг хаёлни мафтун этувчи ажойиб ижодий ишларини фақат кемалардагина эмас, балки Оденза уйларининг безакларида ҳам кўп учратган. Даставвал у Одензадаги эскирган бир уйнинг кенг ёғоч ромига ўйилган ажиб лолалар ва атиргулларни кўрган эди. Ижодкор уста томонидан нақшлар ёнига бир мисра шеър ҳам ўйиб ёзилган эди. Болалар жам бўлишиб, ўша шеърни ёдлаб олишгани ҳамон унинг ёдида.
Этикдўзлар эшиги устига осиб қўйилган икки каллали бургут тасвири ҳам унинг хаёлига муҳрланиб қолган. Бу тасвир гўё оёқ кийимлар доимо бир жуфт қилиб тикилишининг рамзий маъносини англатиб турар эди.
Андерсеннинг отаси ҳам этикдўз эди. Аммо уларнинг эшиги устида икки каллали бургутнинг сурати йўқ эди. Бундай сурат фақат этикдўз ҳунармандлар тсехига аъзо бўлган усталарнинг эшигига илинишига рухсат этиларди. Андерсеннинг отаси эса жуда камбағал бўлганлиги туфайли этикдўз ҳунармандлар тсехига белгиланган аъзолик бадалини тўлолмас, шунинг учун ҳам бу тсехнинг аъзоси эмас эди.
Андерсен ўта ночор ва қашшоқликда вояга етди. У яшаган оиланинг бирдан-бир фахрланадиган нарсаси уларнинг жуда озодалиги эди. Уйнинг ичида яшикка жойланган тупроқда қалин бўлиб пиёз кўкариб турарди. Токчадаги гултувакларда эса турли гуллар қийғос очилиб ётарди. Гулларнинг хуш бўйлари отасининг қўлидаги косиблар болғачасидан таралаётган акс-садо билан бирлашиб, барабанчилар казармасидан эшитилиб турувчи вазмин товуш, дайди мусиқачилар флейтаси (найсимон мусиқа асбоби)нинг ҳуштаги ҳамда дарё бўйлаб қўшни қирғоққа юк ташийдиган бесўнақай кемалардаги матросларнинг ҳорғин бўғиқ овозда айтаётган қўшиқларига қўшилиб кетар эди гўё.
Бу каби турли-туман манзаралар, одамлар, ҳодисалар ва ундаги ранглар, овозлар ўзига хос ажойиб хаёлпараст Христианнинг шуурида айланиб, унинг шодланиб, завқланиши ва ҳар хил ғаройиб воқеалар ўйлаб топишига замин яратар эди.
Айниқса, уларнинг уйида ҳар қандай ҳолатда ҳам уни ёлғиз тингловчи, Карл лақабли мушукнинг борлигидан болакай жуда мамнун эди. Аммо Карлнинг ҳам бир камчилиги бор эди. У ҳам бўлса бола айтаётган бирор-бир қизиқ эртакни охиригача диққат билан тинглай олмас, эртак ниҳоясига етмасидан олдин хуриллаб ухлаб қолар эди. Болакай эса қари мушук Карлнинг бу қилиғидан асло ранжимас, чунки мушук унинг эртакларидаги сеҳргарлар, Клум-пе-Думпе номли айёрлар, ақлли трубачилар, сўзлашувчи гуллар ҳамда бошида олмос тожи бор қурбақалар каби ғаройиб нарсалар борлигидан ҳеч қачон ажабланмай, жимгина уни тингларди.
Андерсен илк эртакни ўзининг отасидан эшитганди. Кейин эса у ушбу эртакни қўшни мусофирхонада турувчи аёлларга айтиб берган эди. Бу ерда яшовчи аёллар куни бўйи эгилиб олиб, кулранг жун йигирар, бир-бирларига эса ўзларининг ҳар хил соддагина ҳикояларини сўзлаб ўтиришарди. Болакай эса уларнинг ҳар бир ҳикоясини қизиқиб тинглаб, эртаси куни айнан шу ҳикояларнинг ўзини бошдан оёқ ўз тасаввури билан бойитиб, ўзга ранглар билан бўяб, безаб уларнинг ўзига янгича талқин билан ўз номидан қайта бошдан сўзлаб берарди.
Аёллар жажжи Христианнинг қобилияти ва зеҳнига қойил қолиб: “Қандай ажойиб бола-я, бундай хислатли инсонлар дунёда ҳаёт кечириши жуда қийин бўлади”, дея афсусланиб, ўзаро шивирлашиб қўйишарди.
Ҳикояни давом эттиришдан олдин унинг юқорида тилга олинган ажойиб хислатларига тўхталиб ўтсак. Андерсен ён атрофимизни ўраб, кўзга ташланиб турган табиат, ёруғ оламда ҳар биримиз ҳар қадамда дуч келиб, кундалик ҳаётимизда юз бераётган оддий воқеа, ҳодисаларда ҳам ажойиб борлиқ, ўзгача ажиб дунёни кўра биларди. Ҳар қандай, кўпчиликка шунчаки туюлган кўз илғамас нарсалардан яхшилик, бир дунё эзгулик топиб, қалбдан қувониб, шодланарди.
Унинг бу каби хислатларини қобилият, деб атасак тўғрироқ бўлар эди.
Биз замин бўйлаб одимлар эканмиз, оёғимиз остида ётган ҳар бир нарсага эътибор бермаймиз. Ёки атрофимизни ўраб турган борлиқ, ерга тушган япроқ, майсаларни бир дам тинглаб кўриш ёки мисол учун, оддий бир сиқим тупроқни қўлимизга олиб, диққат билан разм солиш ҳар биримизнинг ҳам хаёлимизга келавермайди. Агар биз ҳам заминга яқинроқ энгашиб ёки унинг бағрида ёнбошлаб олиб, диққат билан разм солиб кузатсак, унинг ҳар бир қаричида кўплаб қизиқарли, ажойиб мў‘жизаларга дуч келган бўлар эдик.
Қани айтинг-чи, сизнингча нопармон-яшил тусли аскарга ўхшаш баргизуб гулининг қуруқ кўзачаси оғзидан зумрад заррасини сочиб туриши қанчалар гўзал ва ажабланарли эмасми? Ёки ҳар бир намчил гиёҳ, майсалар-чи, ёки маккажўхори поясида етилиб, тўкилиб тушадиган донлар-чи, бир дона майда уруғчадан ўсиб чиқувчи улкан дарахтлар-чи? Ана шундай, у ҳар бир қадамда олам-олам антиқа нарсаларга дуч келар, уларни кузатар ва ҳар бири ҳақида жуда қизиқарли ҳикоялар, эртаклар тўқирдики, одамлар уларнинг қай бирини тингламасин, унинг қобилияти, санъатига қойил қолиб, ҳайратдан бош чайқаб:
– Бу Одензалик этикдўзнинг дароз ўғлига қайдан бунчалик ажойиб илоҳий неъмат ато этилган экан-а, балким у сеҳргардир, – дейишарди.
Одензанинг ўз театри бор эди. У ерда Андерсен илк бор “Дунай қизи” деб номланган песани томоша қилиб, жуда ҳайратланган эди. Ўшандан то умрининг охиригача ашаддий театр ишқибозига айланди.
Болаларни нафақат халқ оғзаки ижоди, балки театр орқали ҳам эртаклар оламига олиб кириш мумкин. Улар спектаклларни ҳам ҳайратланиб, худди эртакдек қабул қилиб, севадилар.
Ёрқин саҳна безаклари, ранг-баранг чироқлар, аскарларнинг турли-туман қадимги қурол-яроғлари, мусиқа садолари остида бошланувчи даҳшатли жанглар, маликаларнинг ҳаворанг узун киприкларидан тўкилиб турувчи кўз ёшлари, ўткир, ялтироқ қилич тутган малларанг соқолли ёвуз бадкирдорлар, ҳавода учиб айланиб, рақсга тушувчи гўзал қизлар, буларнинг барча-барчаси фақат эртаклардагина рўй бериши мумкин.
Аммо Андерсеннинг театрга тушиб туришга пули йўқ эди. Бир куни у шаҳарлик афиша ёпиштиргич Петер билан дўстлашиб қолди. Андерсен унга спектаклларнинг афишаларини ёпиштиришга ёрдам берар, Петер эса бунинг эвазига янги спектаклнинг битта афишасини совға қилар эди. Христиан уни хонасининг бурчагига ёпиштириб, песанинг номланиши ва унда ижро этувчилар билан хаёлан танишиб, ана шу афишада турган номлар билан ўз фантазияси орқали песанинг қалбларни забт этувчи янгича руҳи ҳақида ўйлар, ҳар бир спектакл воқеасини ўзининг тасаввуридаги тасвирлар билан алмаштирарди. Шундай қилиб, кунларнинг бирида болакайнинг хаёлида сирли ва ғаройиб болалар театрининг янги репертуари пайдо бўлди. Унда болакайнинг ўзи муаллиф, ўзи актёр, мусиқачи, ўзи рассом, ҳам саҳнанинг ёритувчиси, ҳам хонандаси эди.
Андерсен ўзи ўсган камбағал оиланинг ёлғиз, энг хотиржам ва эркин аъзоси эди. Оиласида уни ҳеч ким, ҳеч қачон койимасди. Болалигидан унинг хаёли ўзининг ажойиб, узундан-узоқ орзу-ўйлари билан банд эди. Бу ҳолат ҳаттоки унинг савод чиқариши учун ўқиш пайтида ҳам халал берарди. У ёзишни тенгқурларига қараганда анча кеч ўрганди. Ҳаттоки, кексайган чоғида ҳам хатолар билан ёзар, ўзига унчалик ишонмас эди.
Андерсен кўп вақтини Оденза бўйидаги эски тегирмон ёнида ўтказишни ёқтирарди. Тегирмон эскириб кетганлигидан ундан қисирлаган овоз чиқарди. Тарновидан ям-яшил сувўтлари осилиб, унга келиб қуйиладиган сув ён атрофга сачраб турар, тўғоннинг қирғоғида эса балиқчалар жимирлашиб, сузиб юрганлиги кўриниб турар эди.
Болакайга кимдир ёшлигида айни шу тегирмон остида, ер шарининг нариги томонида Хитой деган мамлакат борлигини, хитойликлар эса бир пасда ерости йўлини қазиб, у орқали Одензага кириб келиши ва кутилмаганда қўлларида нафис елпиғич тутган, тилла аждар сурати тикилган қирмизи шойи халатларда Дания шаҳарларининг моғор босган намчил кўчаларида пайдо бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берган эди.
Болакай бу мў‘жизани узоқ кутди, аммо бу воқеа содир бўлмади.
Одензада эски тегирмондан ташқари яна бир жой болакайнинг эътиборини тортар эди. У истеъфога чиққан кекса денгизчининг канал бўйида жойлашган қўрғончаси эди. Денгизчи боғининг ўртасидаги кўзга яққол ташланиб турадиган жойида бир неча ёғоч замбараклар ва унинг ёнида ёғочдан ясалган аскар ҳайкалини ўрнатган эди. Канал бўйлаб кемалар сузиб ўтаётганида у ясаган замбараклардан ҳавога ўқсиз зарядлар отилар, ёғоч аскар эса осмонга қараб қуролини сермар эди. Кекса денгизчи шу алпозда ўзининг истеъфога чиқмаган омадли капитан ўртоқларига салют берарди.
Кекса денгизчининг ушбу ажойиб қўрғонига Андерсен бир неча йилдан сўнг, талаба бўлган чоғида киришга мушарраф бўлди. У келган чоғида денгизчи ҳаётдан кўз юмган, аммо ёш шоирни гир айлана гулзор ичида бир тўда гўзал ва шўх қизлар галаси – кекса капитаннинг қизлари кутиб олишди. Андерсен кейинчалик у қизларнинг бирига нисбаттан қалбида ишқ-муҳаббат уйғонганини сезиб қолди. Аммо унинг муҳаббати гўёки туман ичра жавобсиз қолиб кетди.
Унинг тинимсиз ҳаёти давомидаги аёлларга нисбатан пайдо бўлган қалбидаги ҳис-туйғуларининг барчаси ҳам шу алпозда якун топди.
Христиан жуда кўп хаёл сурар, хаёлига келган кўп нарсаларни орзу қиларди. Ёшлигида унинг ота-онаси яхши тикувчи-бичувчи бўлишини исташган эди. Шу мақсадда онаси унга тикиш-бичишни ўргатди. Аммо бола ўрганиб, нимаики тиккан бўлса, фақат ўзининг театридаги қўғирчоқлари учун тайёрлади. Ўша пайтлар Андерсеннинг уйида кичик театри бор эди.
Бичишнинг ўрнига эса моҳирона тарзда қоғоздан ҳаёлига келган турли нақшлар, бир оёғида айланиб рақсга тушадиган жажжи раққосалар шаклини кесиб ясар эди. Ўзининг ушбу ажойиб қобилияти орқали барчани кексайган чоғида ҳам ҳайратда қолдирарди.
Тикувчилик ҳунарини ўрганганлиги унинг ёзувчилигида ҳам қўл келди. У қўлёзмани жуда тез ва зич ёзардики, ҳатто тўғрилашга ҳам жой қолмасди. Шундай пайтлар қўлёзманинг ўзгартирилган жойини қоғозга ёзиб олиб, орқасидан таглик қўйиб, ип билан текислаб тикиб ёпиштирар эди.
Андерсен ўн тўрт ёшга кирганида унинг отаси вафот этди. Кечаси билан отасининг бошида йиғлаб, мижжа қоқмай чиқди. Ўша куни отасининг бошида у билан бирга бир чигиртка ҳам туни бўйи хониш қилганини сўзлаб берди.
Шундай қилиб, ўша куни умри давомида биргина шоир ва эртакчи ўғилни дунёга совға қилишдан бўлак ҳеч нарса қилолмаган, бирор нарсаси билан ҳеч кимни қойил қолдиролмаган ва ҳеч нарсаси бўлмаган тортинчоқ этикдўз чигиртканинг сирли хониши остида ҳаёт билан видолашди.
Андерсен отасининг ўлимидан бир оз ўтгач, онасининг розилиги билан уйларида асраб қўйилган арзимаган чой-чақани олиб Одензадан ўз омади, бахтини қидириб пойтахти Копенгагенга жўнаб кетди. У ерда эса нима кутаётганлигини ҳеч ким билмас эди.
Унинг хотираси ёшлигидан сирли воқеаларга тўлиб-тошган, аммо буларнинг барчаси шунчаки бефойда сақланиб турган эди. Андерсен катта бўлганида ким бўлиши ҳақида узоқ ўйларди. Қўшиқчи, раққосми, шоир ёки бадиий асарларни ифодали қилиб ўқиб берувчи – сухандон, сатирик, драматургми, хуллас, эртакчилик эса хаёлига ҳам келмаган эди. Шунга қарамай қалбининг олис манзилларидан эртакларнинг мў‘жизавий оҳанги дам у, дам бу ижод торлари орқали садо бериб турарди.
Эртаклар оламига Андерсенни аслида нима етаклаган эди?
Табиатнинг мафтункор бағрида ёлғиз қолиб, унинг овозига қулоқ тутиб, эртак ёзишдан ҳам завқлироқ ва осонроқ нарса йўқ, деб айтган эди у.
Айниқса Зеландия ўрмонларида дам олган кезлари унинг бу фикри янада ойдинлашди. Ажойиб, мафтункор осмонида юлдузлар ғира-шира милдираб, қарийб доимо енгил туман остида ўй суриб турувчи Зеландия ўрмонлари. Ўрмон бўйлаб денгизнинг узун ястаниб туриши эса унга янада ўзгача тароват бахш этар эди.
Андерсен эртакларининг кўп қисмини қиш пайтида ёзганидан хабаримиз бор. Аммо сиз болакайларнинг арча байрамини гўёки бир ғаройиб мў‘жиза каби ҳаяжон билан интиқиб кутишларини, арчанинг ўзига хос кўркам тусга кириб, турли-туман товланиб турувчи бетакрор ўйинчоқлар билан чарақлаб безатилишини бир тасаввур қилиб кўринг-а!
Денгиз бўйида қиш қандай ўтишини биласизми? Бутун борлиқ оппоқ кумушранг қорга беланган. Ойдин қиш кечасининг ёғдуланиб, уйларнинг печларида ёғоч ўтиннинг чарсиллаб ёниб туриши буларнинг ҳамма-ҳаммаси андерсенча тасаввуру ифода билан унинг эртакларига жой бўларди.
Балким Андерсеннинг эртакчи бўлишига Копенгаген кўчасидаги мана бу воқеа сабаб бўлгандир?..
Бир болакай эски Копенгаген уйларининг бирида токчада ўйнаб ўтирар эди. Унинг ўйинчоқлари унчалик кўп эмас, улар бир неча кубикчалар, папе-машедан тайёрланган эски думсиз от ва қалайдан ясалган синиқ аскарча эди. Болакайнинг онаси – ёшгина жувон дераза ёнида кашта тикиб ўтирарди. Шу пайт эски денгиз порти томондан, кўчанинг пастак қиялигидан кўтарилгунча қора либос кийган, жуда озғин ва дароз бўйли бир одам пайдо бўлди. Узун қўлларини осилиб турган гавдаси у ён, бу ён қалқиб, ўзи билан ўзи гаплашиб, болакайнинг уйи томонга яқинлашиб келмоқда эди. У одам шляпасини қўлига ушлаб олган, шунинг учун ҳам кенг қия пешонаси, бургутникига ўхшаш ингичка бурни ва кул ранг қисиқ кўзлари аниқ кўзга ташланиб турарди. Унинг чеҳраси деярли кўримсиз бўлиб, аммо қадди-қомати жуда келишган, нимаси биландир чет элликларни эслатиб турарди. Эгнидаги калта камзулининг тугма қадайдиган жойига хушбўй ялпиз шохчасини тақиб олган эди.
Агар шу нотаниш кишининг ўзига ўзи ғудраниб келаётган сўзларига қулоқ тутиш жоиз бўлса, унинг салкам хиргойи тарзда қуйидаги шеърни ўқиётганининг гувоҳи бўлар эдик:

Мен сени кўксимда асрадим,
Орзу-умидларимнинг нозик ғунчаси…

Болакайнинг онаси тикаётган каштасидан бошини кўтариб, ўғлига қаради ва:
– Ана, бизнинг шоиримиз жаноби Андерсен келяптилар. Агар у хиргойи қилаётган аллалар хонишига қулоқ тутсанг, ширин уйқуга кетиб қолишинг мумкин, – деди.
Шу дам болакай қора кийимдаги нотаниш одамга бир пас тикилиб турди-да, сўнг ўйнаб ўтирган ягона оқсоқ аскар ўйинчоғини қўлига олиб, кўчага, Андерсен келаётган томонга югуриб кетди. Ёнига етиб келгач, ўйинчоқни унинг қўлига тутди-ю, зудлик билан орқасига қайтиб, уйига қараб югуриб кетди.
Бу болакайнинг энг қимматбаҳо совғаси эди. Андерсен ҳаяжон билан албатта буни тушунди ва болакайнинг берган совғаси – ўйинчоқ аскарчани шундай кўксига қадаб қўйилган ялпиз шохчасининг ёнига худди кўкрак нишонидек тақиб олди. Бунга ҳам қаноатланмай, ўйинчоқни меҳр билан кўксига босиб, янада кўзга равшанроқ ташланиб туриши учун бироз чиқариб қўйди. Болакай томонидан кўрсатилган бу ҳолат Андерсенни шу даражада тўлқинлантириб юбордики, бекорига уни яқин дўстлари ҳис-ҳаяжонга ўта берилувчанликда айбламаслиги қайта ёдига тушди.
Аёл эса кашта тикишдан бир оз тин олиб, агар шу шоирни севиб қолганимда, у билан кечган ҳаётим ўта мароқли ва шунга кўра мураккаб ҳам бўлиши мумкин эди, дея хаёлидан ўтказди. Андерсен ҳаттоки ёш хонанда Женнини севиб қолганида ҳам, уни деб ўзининг шоирона одатлари, беқарор орзу-хаёлларидан воз кечмаганлиги ҳақида эшитган эди. Ҳа, шоирнинг ўзига хос ўй-хаёллари, орзуларининг чеки-чегараси йўқ эди.
Бир куни у ҳатто ғамгин-ҳувиллаб Данияга қараб шимоли-ғарб томондан эсиб турувчи шамолнинг йўлига, балиқчилар кемасининг мачтасига мусиқа асбоби – арфани қистириб қўйиб, шамол таъсирида унинг торларидан тараладиган мунгли садони тинглагиси келиб кетди. Бу албатта фақат Андерсенгагина хос бўлган орзу-хаёлларнинг бир кўриниши эди.
Андерсен ўз ҳаёти ҳақида сўзлаганида, унинг соз ва шодон ўтганлигини таърифлаб, болаларча шодланиб қувонарди. Ҳаётга бу қадар беғубор, софдиллик билан қараш фақатгина Андерсен каби қалби тоза, маънавий денёси бой бўлган инсонларгагина хос бўлган фазилатдир. У каби инсонлар турмушда учрайдиган ҳар қандай майда-чуйда ҳодисаларга ўралашиб, нолиб, вақтини бекорга бой беришдан кўра ён-атрофда борлиқни ўраб, ярқираб турган табиат поэзияси билан завқланиб яшашни афзал биладилар. Қани айтинг-чи, тароватли ва гўзал кўклам нафаси ҳар бир дарахт куртакларидан бўса олаётган дилбар лаҳзаларни бой бермасдан кузатиш, икир-чикир ташвишу ғамларга эътибор бермай яшаш нақадар завқли! Ахир, бу кундалик майда-чуйда нарсалар гўзал ва дилрабо, хушбўй кўкламнинг олдида нечоғлик арзимас эканлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а!
Ҳа, Андерсен шундай кенг дунёқараш билан ширин орзулар оғушида ҳаёт кечиришни истар эди.
Аммо Копенгагенга келган чоғларида у анча ташвишларга дуч келди. Ўша кезлар мамлакатда қашшоқлик авж олган, ижод аҳли, жумладан шоир, ёзувчи ва мусиқачиларга нисбатан менсимай қарашлар кўпчилик қаторида унинг ҳам кўнглини эзарди.
Андерсенга ҳаттоки кексалик чоғларида ҳам унга қарата Дания адабиётининг “қашшоқ намояндаси”, бу каби этикдўз оиласидан чиққан камбағал боласининг ҳар бир жойда, айниқса раҳбар, уламолар ўртасида ўз ўрнини билиб юриши лозимлигини бот-бот уқтириб туришарди. Ҳар дамда унинг устидан кулишиб, ҳар қадамда изза қилишга ҳаракат қилишарди. Шундай ҳаракатлардан сўнг у доим ўз-ўзига “нима учун шундай?” дея савол берарди.
Бунинг сабаби балким унинг томирларида кабағал, камтарин одамлар қони оқаётганлигидадир. Балким у ҳам бошқаларга ўхшаб данияликларнинг назарича яшашни билмаганлигида, ўзини ҳеч қачон катта тутиб, гўёки ҳаётда омади чопган калтафаҳм, калондимоғлар каби гердайиб юрмаганлигидадир. Балким Оллоҳнинг марҳамати билан ҳақиқий шоир бўлиб яралганлигидадир.
Ўша пайтлар тор фикрли данияликлар назаридагидек яшашни билмаслик жамоа орасида энг оғир иллат деб қараларди. Андерсенга эса бундай одамлар ўртасида уларга ўхшаб яшаш оддий сўз билан айтганда ўта ноқулай эди. Донишманд Киркегор айтганидек, у беғубор хушчақчақ қалб эгаси, тенги йўқ, бебаҳо шоиртабиат шахс эди. Худди бир пайтлар шеърият китобига битилиб, кутилмаганда пайдо бўлган-у, унутилган ва қайта дунёга келган сирли мў‘жизавий китоб каби ҳеч қачон кутубхонанинг чанг токчаларига қайтиб кетиши мумкин эмасди.
– Менинг барча яхши хислатларимни лойга қориб ташлашмоқчи бўлишди, – дея ўзининг ҳолатини болалар шунчалик вақтихушлик қилиш учун тошбўрон қилиб, азоблаётган кучукка ўхшатарди гоҳо Андерсен.
Аммо ўзингиз айтинг-чи, узун ойдин кечаларнинг ёруғида наъматак гулларидан таралиб турувчи оппоқ шуълаларнинг гувоҳи бўлган ёки ўрмон ичидаги оддий тўнканинг нималардир деб жавраб турганини тинглаёлган ёки шу каби кўплаб ғаройиб ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиб, кузатувчи инсоннинг ҳаёт йўлини майда сипириндилар билан ёпиб бўлармиди ахир!
Аммо Андерсен ҳаёти давомида қанчалар озор чекмасин, изтироб чекмасин, ҳар қандай мушкул шароитда ҳам инсонларга доимо яхшилик, эзгулик истаб яшади. Бундай инсоннинг иродаси олдида фақат таъзим қилиш мумкин.
У ўзининг камбағал, фақир инсонларга яқинлигидан фахрланарди. Даниялик ёзувчилар ташкил этган “Ишчилар уюшмаси”га биринчилар қаторида аъзо бўлиб, жону дили билан ишчи, камбағал, деҳқонлар ўртасида ўзининг ижодий намуналаридан ўқиб берарди. Мабодо оддий инсонларга нисбатан менсимаслик, адолатсизлик ва ёлғон туҳматлар қилинаётган ҳолатларга дуч келиб қолса, бунга асло чидолмас ва аёвсиз инсонга айланарди. Унинг қалбида болаларча беғубор хислатлари билан бирга ноҳақликларга қарши аччиқ аламлари, изтироблари ҳам ёнма-ён яшарди. Бу ҳолатни “Яланғоч қирол” номли эртагида кенг, равшан қилиб тасвирлади.
Камбағал оила фарзанди, унинг дўсти ҳайкалтарош Товалдсен оламдан ўтганида буюк ижодкорнинг вафотидан хабар топиб, унинг тобути олдида данияликларга хос бўлган намойишкорона, тантанавор кўринишда гердайганча тизилиб турувчи уламоларнинг йиғилиб келиб туриши Андерсеннинг кўз ўнгига келди.
У Торвалдсеннинг вафотига бағишлаб ўзининг катта контатаси – йирик мусиқий асарини ёзди. Унинг дафн маросимига бутун Амстердамдан камбағал, қашшоқларнинг фарзандларини йиғди. Болалар занжир шаклида тизилиб, қўл ушлашиб бутун маросим давомида Андерсеннинг контатасини жўр бўлиб куйлашди. Контата шундай сўзлар билан бошланарди:

Йўл беринг бечоралар тобутига –
Уларнинг орасида кетмоқдаман ўзим ҳам…

Андерсен шоир дўсти Ингеман ҳақида “у шеърият уруғини камбағал деҳқонлар даласидан излади”, деб ёзган эди. Унинг бу таърифи ўзининг ижодига ҳам кўпроқ таъллуқлидир. Чунки Андерсен ҳам поэзия уруғини камбағал деҳқонлар даласидан териб, қалб қўрида қиздириб, уларнинг пастак хароба кулбаларига сочарди. Унда эса поэзиянинг ғаройиб дарахтлари униб чиқар, турфа гуллари эса барқ уриб, мазлумлар қалбига қувонч бахш этарди.
Андерсен учун мактабда ўзидан анча ёш болалар билан бир партада ўтириб ўқиган йиллари ҳам жуда оғир кечди, қалби хўрланди. Ўзининг ҳақиқий ҳаёт йўлини қидириш мақсадида кечган умрининг ўша дамлари ҳам унинг учун энг чигал ва руҳий азобланиш йиллари бўлди. У ўзидаги ижодий қобилиятни санъатнинг қайси турига тегишли эканлигини узоқ вақтгача англай олмади.
“Худди тоғликлар улкан қоялар тошини зарралаб, зинапоялар ясаб юқори кўтарилгани каби, мен ҳам шу қадар машаққат ва сабр-қаноат билан одимлаб, адабиётда ўз ўрнимни топдим”, – деган эди Андерсен кексалик чоғларида.
Бир куни шоир Ингамен:
– Сиз ҳар қандай оқаётган сув тагидан ҳам қимматбаҳо дуру жавоҳирлар топа оладиган бебаҳо қобилият соҳибисиз, – деган эди.
Шоирнинг бу сўзлари Андерсеннинг ўзидаги қобилиятни англашига сабаб бўлди.
Ва ниҳоят унинг йигирма уч ёшида “Амагер ороли бўйлаб саёҳат”, деб номланган ҳақиқий андерсенча китоби босилиб чиқди. Андерсеннинг ушбу китоби “ғаройиб, ранг-баранг хаёллари осмонини” дунёга намойиш этишига имкон берди.
Андерсен Дания бўйлаб кезар экан, доимо қалбида аллақандай мафтункорлик завқининг ажиб титроғини сезиб яшади. Келгусидаги ҳаёт йўли ойдинлашди. Китобидан тушган озгина қалам ҳақини Европа бўйлаб саёҳатга сарфлашга жазм қилди.
Андерсеннинг ушбу илк саёҳатини дунё бўйлаб эмас, балки ўзининг буюк замондошлари бўйлаб қилинган саёҳати, деб аташ мумкин. Қаэрга борган бўлмасин, ўша жойдаги ўзи севган буюк ёзувчилар, шоирлар, мусиқачи, рассомлар билан танишди.
Албатта, у бундай учрашувларни ўта муҳим деб билди ва учрашувлар давомида унинг истеъдодига нисбатан буюк замондошлар томонидан билдирган фикрлар унинг қобилиятини янада мустаҳкамлашга ёрдам берди.
Андерсеннинг бутун ҳаёти доимий алмашиниб турувчи мамлакатлар, шаҳарлар ва унда яшовчи халқлар, узун йўллар давомида ҳамроҳ бўлган йўловчилар, уларнинг турли-туман ажойиб ҳикоялари, фикр–мулоҳазалари, улардан олган тассуротлари асосида ҳаяжонли лаҳзаларни ўзида мужассам этган ҳақиқий “йўл поэзияси” оғушида ўтди. У қаэрда ёзгиси келса, ўша жойда ёзди. Рим, Париж, Афина, Константинопол, Лондон, Амстердам меҳмонхоналарида қирмизи сиёҳдонларда унинг ўткир пероси қанчалар кўп из қолдирганлигини ҳеч ким санаб адо қилолмайди.
Андерсен жуда тез ёзар эди. Аммо қўлёзмаларни ишлаш даврида ўта талабчанлик ва диққат билан тўғриларди.
Тез ёзишининг асосий сабаби унинг ҳақиқий импровизаторлик қобилиятидан дарак берарди.
Импровизатсия – бу ижодкорларнинг ён-атрофда содир бўлаётган воқеликларга бефарқ бўлмай, улар тўғрисидаги фикрларга ўз муносабатларини изҳор қилиш, билдириш қобилиятидир.
Бундай қобилият эса узоқ кузатувлар жараёни ва ажойиб хотира, яъни эслаб қолиш хусусиятига эга бўлган инсонлардагина учрайди.
Андерсен Италия тўғрисидаги қиссасини ҳақиқий импровизаторлик нуқтаи назаридан яратди. Шунинг учун ҳам бу асарини “Импровизатор” деб номлади.
Келинг, энди яна унинг саёҳатлари тўғрисидаги ҳикоямизга қайтамиз.
У илк саёҳатини юзлаб кемалар сузиб юрган Каттегат* бўйлаб амалга оширди. Бу сафари ҳам жуда қизиқарли ва завқли кечди.
Ўша пайтлар Каттегат бўғози узра “Дания” ва “Каледония” деб номланувчи пароходлар пайдо бўлган эди. Улар елканли кема капитанларининг худди денгиз довули каби ғазабини қўзғатарди.
Чунки пароходлар бўғозни тутунга тўлдириб елканли кемалар орасидан сузиб ўтаётганида хижолат тортиб, гўё ўзларини масхара бўлаётгандек сезарди. Шу сабабдан кема бошлиқлари карнай орқали уларга қараб бисотидаги энг сараланган, энг уятсиз сўкишларини изҳор қилиб қолар эдилар. Пароходларни “мўри тозаловчи”, “дудланган думлар”, “бадбўй мағзава”, деб ерга уришга ҳаракат қилар эдилар.
Пароход ва кемалар ўртасида бўлиб ўтадиган бу каби жанжаллардан Андерсен завқланиб, вақти чоғ бўларди ва мириқиб кулар эди.
Каттегат бўғози бўйлаб қилган сафаридан сўнг Андерсеннинг “ҳақиқий саёҳатлари” бошланди. У кўп марталаб бутун Европани айланиб чиқди. Кичик Осиё, ҳаттоки Африкада ҳам бўлди.
Парижда Виктор Гюго ва буюк артист Рашел билан танишиб, Балзак билан яқиндан суҳбатлашди. Гейне эса уни ўз уйига меҳмонга таклиф этди. Андерсен Гейнени унинг уйида парижлик ёш гўзал аёли ва бир қучоқ қувноқ фарзандлари қуршовида учратди. Болаларни кўриб, шошиб қолган Андерсенга қараб Гейне:
– Ҳайрон бўлманг, буларнинг барчаси ўзимизнинг болаларимиз, биз уларни қўшнилардан сўраб олганмиз, – дея ҳазиллашди.
Дюма Андерсенни Парижнинг арзон театрларидан бирига олиб кирди. Бир куни эса Дюманинг навбатдаги романини ёзиб ўтирганини кўриб қолди. Ўз асари устида ишлаётган Дюма романидаги қаҳрамонлар билан баланд овозда жанжаллашиб сўкишар, гоҳ эса думалаб-думалаб қотиб кулар эди.
Андерсенга Вагнер, Шуман, Менделсон, Россини ва Лист каби буюк ижодкорлар ўзларининг мусиқий асарларини чалиб бердилар. Андерсен Листнинг асарларини тинглар экан, унинг ижодини “торлар бўйлаб кўтарилган бўронлар руҳи” дея таърифлади.
Андерсен Лондонда Диккенс билан учрашди. Улар бир-бирига рўпарў келишганида Диккенс Андерсеннинг кўзига маъноли тикилиб турарди. Андерсен ҳам унга қарашга ҳаракат қилди, аммо буюк қалб соҳиби Диккенснинг нигоҳларига дош беролмай, ҳаяжондан йиғлаб юборди.
Андерсен Диккенснинг денгиз бўйидаги шинамгина уйида меҳмонда бўлди. Ҳовли ташқарисида италиялик шарманка чалувчи тинмай хониш қилар эди. Дераза ортида туша бошлаган ғира-ширалик ичра машъала ялтирар, денгиз бўйлаб шундоққина уйнинг ёнидан эса Темзадан йўлга чиққан бесўнақай кемалар сузиб юрарди. Дарёнинг қирғоқлари узра чироқлар худди торф ёнаётгандек товланар, дам Лондон заводлари, дам кемалар тузатиладиган корхоналар мўрисидан тутун бурқсиб турар эди.
– Бизнинг уйимиз болаларга тўла, – деди Диккенс Андерсенга. Сўнгра чапак чалган эди, буни кутиб турган ва Андерсеннинг ташрифидан қувончга тўлган унинг ўғил-қизлари хонага югуриб киришди. Болалар севимли эртакчининг ажойиб ҳикоялари учун миннатдорчилик сифатида уни ачомлаб, ўпиб, атрофини ўраб олишди.
Андерсен ҳаётининг асосий қисмини Италияда ўтказди.
Рим кўплаб чет эллик ёзувчи ва рассомлар каби унинг ҳам иккинчи ватанига айланиб қолди.
Бир куни Андерсен дилижанс – йўловчи ташийдиган арава билан Италиянинг кўчалари бўйлаб кетиб борарди. Осмон чарақлаган юлдузларга тўла, баҳор оқшоми эди. Дилижансга йўлдан бир тўда қишлоқ қизлари ҳам чиқиб олишди. Қоронғулик оғушида аравадагилар бир-бирларининг юзларини кўролмасдилар. Аммо шунга қарамай, бир пасдан кейин улар ўртасида қизғин суҳбат бошланиб кетди. Тун шунчалик қоронғу эдики, суҳбат давомида Андерсен қизларга қанчалар тикилмасин, уларнинг ҳар замон оппоқ бўлиб ялтираган тишларини кўролди холос.
Қизларга уларнинг ўзлари ҳақида ҳикоя сўзлай бошлади. Унинг ҳикоясида қизларнинг ҳар бири гўё ғаройиб эртаклардаги маликалар эдилар. Андерсеннинг таърифи бўйича қизларнинг ҳар бири ўзгача бир олам, гўзаллик ва латофат соҳибаси ҳамда ўз-ўзича бахтиёр эдилар. Уларга сирли мовий кўзлари, хушбўй майин сочлари, қуюқ киприклари ҳамда қирмизи, ғунча лабларини тасвирлаб, ажойиб эртак айтиб берди.
Қоронғулик оғушида қизлар тортинишиб кулишар, ажойиб ҳамроҳнинг кўнгилни кўтарувчи ҳикоялари учун миннатдорчилик сифатида баъзиларининг кўз ёшлари ялтираганлиги ҳам сезилиб турарди.
Шу чоғ қизларнинг бири Андерсендан унинг ўзи ҳақида ҳам сўзлаб беришини сўраб қолди.
Андерсен ўзининг чиройли эмаслигини биларди. Аммо айни дамда қизларга ўзини хушсурат, истараси иссиқ, қадди-қомати келишган ва навқирон бир йигит этиб тасвирлай кетди.
Ва ниҳоят, оқшом янада қоронғулик бағрига чўмган бир дамда йўл давомидаги бу ажойиб учрашув ҳам ниҳоясига етди. Арава шаҳарнинг сокин бир жойида, қизлар тушиши керак бўлган манзилда тўхтади. Улар аравадан тушишар экан, мў‘жизавий нотаниш йўловчи билан ҳаяжон ичра хайрлашишди.
Дилижанс яна йўлида давом этди. Арава ортида шувиллаган ўрмон, отларнинг пишқириғи, Италия осмони бағридан шундоққина пастда, боши узра ёйилиб, ёғду сочиб турган юлдузлар манзарасидан Андерсен жуда бахтиёр эди. Ҳаёти давомида эса бундайин бахтли ва завқли онларни ҳис қилганлигини эслолмади. У йўл давомидаги кутилмаган бу каби ажойиб ҳодисалар ва бир лаҳзалик бўлса-да, ёқимли учрашувлар учун дилдан шукроналар келтирди.
Италия Андерсеннинг қалбини бутунлай забт этган эди. Тошлардан ясалган кўприклар, хароба уйларнинг мармар фасадлари, уйлар атрофи, хиёбонлардаги бир-бирига чирмашиб ўсаётган бетакрор манзарали кўм-кўк буталар, шуурингизни яна такрор гўзалликнинг сирли оламига тортиб, мафтун этувчи сув юзида барқ уриб очилиб ётган Венетсия нилуфарлари, Латеран ҳайкали, куз ҳавоси узра Рим устидаги совуққон, сархуш жимирлаб турувчи гумбазларни эркаловчи қуёшнинг илиқ нурлари, буларнинг барчаси Андерсеннинг қалбида Италияни гўё қайтадан яратган эди.
Андерсен 1875 йилда оламдан ўтди. Мен бу ҳикоям орқали унинг ёзган асарлари ёки унинг шоир ва эртакчи эканлигидан бошқа сифатларини санаб ўтирмадим.
Буюк эртакчи Андерсеннинг ҳаёти асосан қийинчиликлар исканжасида ўтган бўлса-да, аммо у умрининг сўнгги лаҳзаларигача болалаларга хос бўлган беғубор кўнгли билан ҳамоҳанг яшади. Бетакрор бадиҳагўйлиги, эртаклари орқали каттаю кичикнинг қалбини забт этиб, уларнинг қалбини ҳис-туйғуларга тўлдириб, гўзал орзу-умидлар бахш этганлиги туфайли тақдир унга ўз халқининг чинакам меҳру муҳаббатига эришиш, севимли инсонига айланиш саодатини насиб этди.
Ҳа, Андерсен камбағал оддий оиладан етишиб чиққан ижодкор бўлгани билан ҳатто қироллар ҳам уни шарафлаб олқишлар, қуруқшаган қўлларини сиқиб қўйишар эди.
У оддий халқнинг куйловчиси эди. Бутун ҳаёти давомида ўлмас, умрибоқий санъатнинг ҳақиқий хазинаси, ҳақиқий манбаи фақат халқ шуурида эканлигини ва бошқа ҳеч жойда топилмаслигини исбот этди. Қалбидаги буюк поэзияни эса ватанига бўлган чексиз муҳаббати рамзи сифатида, худди бошқа жойларда учрамайдиган, Дания осмони бағрида ёйиладиган кенг, ёрқин камалаклар сингари рангин суратларда намоён этолди.
Андерсеннинг қабри узра доимо у севган оппоқ атиргулллар ястаниб, ранг-баранг камалаклар кенг осмон бағрига очилган зафар дарвозалари каби ярақлаб турсин.

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон қизи таржимаси
“Ёшлик” журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.

_____________
* Ютландия ярим оролининг шарқий қирғоғи билан Скандинавия оролининг жануби-ғарбий томонининг қуйилиш жойидаги бўғоз.