“…Озодлик деганлари шуми? Турган-битгани қўрқув ва таҳлика-ку!” Бу сўзларни кўнглидан кечирган новча, қотмадан келган одам адоқсиз қишлоқ йўлида кетиб бораркан, бутун борлиғини қамраб олган ваҳимадан халос бўлмоққа ошиқарди. Бир оз аввал миясидан бошқача ўйлар кечаётганди. Ҳаммаси қабристон тарафга бурилганидан кейин бошланди. Ногоҳ кимдир уни орқадан чақиргандек бўлди. Ўгирилиб қаради. Ҳеч зоғ кўринмасди. Яна ўша овоз. Бу сафар жуда яқиндан эшитилди. Яна одам қорасини кўрмади. Юришини секинлатган пайти ортидан қадам товушларини эшитди. Кескин ҳаракат билан қайрилиб боқди ва…
Худо ҳаққи, нимадир кўрдими-кўрмадими, худди юрагининг ичига биров бир парча муз тиқиб қўйгандек бўлди. Кейин эса қўрқувдан ўзини йўқотди.
Турмадан чиққанлар озодликда юрганлардан кўра жасурроқ бўлишади, қўрқув, ваҳима каби ҳисларга ўринсиз нарсалардек қарайдилар. Илгари у ҳам шунақа деб ўйларди… Шу оқшомга қадар. Аввалига орқадан овоз эшитганида қарагиси ҳам келмаганди. Чунки бу паллада кимдир у билан ҳазиллашишга журъат этолмаслигига амин эди. Аммо, сўнгги маротаба орқасига ўгирилиб, изма-из келаётган фариштасифат, ўзидан икки баравар узун, оппоқ либосга бурканган қанотли мавжудот унга етай-етай деб турганини кўрди-ю, оёқларига титроқ кирди, баданини совуқ тер босди. Шундан кейин орқасига қайрилмади ва қочишга тушди. Таҳлика ичида паст овозда сўкинганини ҳам сезмай қолди. Ҳибсдалигида ҳам бунақа қўрққан пайтини эслолмайди. Қамоқда кечган ўн беш йиллик умри давомида биров унинг изига тушишга журъат қилолмаганди. Бироқ, шу муддат ичида бунақа баҳайбат ва антиқа, қанотли одамга дуч ҳам келмаган эди. Ўзи бу махлуқ қаердан пайдо бўлиб қолди ва нима учун унинг пайига тушдийкин?
Қишлоқ йўли унча узоқ эмасди. Аммо, қоронғи бўлгани учунми, жуда чўзилиб кетгандек туюлди. Бахтга қарши уч кундирки қишлоқда чироқ йўқ эди. Кеча кечқурун турмадан чиқиб, киракаш машинага ўтирганида ҳам қишлоққа тун ярмидан оққанда кириб боришни кўзлаганди. Одамларнинг кўзига кўринмагани маъқул. Бирортаси кўриб қолгудек бўлса, “Мирзаматнинг ўғли бор-ку, Заҳиманинг нишонлиси Ёварни пичоқлаган йигит, ўша турмадан қайтибди” деган овоза бир зумда бутун қишлоққа тарқалади. Ҳар хил гап сўзлар кўпаяди: “Нега қайтибди? Қайси юз билан қайтибди?” Ахир роппа-роса ўн беш йил олдин судда ҳам қариндош-уруғлари унга роса маломат қилишганди-ку: “Бизни шарманда қилдинг, юзимизни ерга қаратдинг, битта қизни деб одам ўз амакиваччасини ҳам ўлдирадими?”
Рост, Заҳиманинг унда кўнгли бор эди, аммо Ёвар орага тушди-ю, иш бузилди. Ота-онаси қизини Ёварга берадиган бўлди. Қизнинг кўнгли билан эса ҳеч ким ҳисоблашиб ўтирмади. Ёварнинг катта акаси Илёс, онаси Куброхоним шу қизни келин қилмасак қўймаймиз, деб икки оёқларини бир этикка тиқиб олишди. Шундан кейин эса… орада хунрезлик юз берди. Қариндошлар орасида қон даъвоси тушишига унинг ўзи сабабчи бўлди. Суд пайтида қизнинг, Ёварнинг акалари унга “Турмадан чиқсанг, қишлоққа қайтиб ўтирма, бу ерда сени тирик қўймаймиз”, дейишган эди.
Йўл-йўлакай ҳаммасини ўйлаб келди. Бироқ, қишлоққа кеч қайтишининг ўн беш йил аввалги суд залидаги таҳдидларга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. У энди ҳеч бир бандадан қўрқмайди. Қамоқ унга қўрқмасликни, жасурликни ўргатди. Дийдасини қотирди. Турмадаги сафдошлари унга бежиз “Темир одам” деган лақаб қўйишмаганди. Чунки асаблари темирдек мустаҳкам эди. Темир одамни маҳв этишга кимнинг қуввати етарди? У биринчи навбатда Заҳимани кўрмоқчи эди. Ахир севгисини ўн беш йилки, юрагида ардоқлаб, сақлаб келарди. Энди ўша тутқун муҳаббат ҳам эркинликка чиқмоқни истайди. “Менинг қалбимда ҳам, миямда ҳам фақат эркин, озод севги яшайди. Мен қишлоққа ўша севгини деб келяпман”.
Боя қабристонга етгунича ана шундай ширин, сирли ҳислар қуршовида қушдек учиб келди. Қишлоқда фақат бирров онаси билан кўришади, холос. Заҳимани олиб, шу оқшомнинг ўзида Россияга жўнайди. Ёнида билети ҳам бор. Бўлмаса, бу ерларга қайтиб келмасди ҳам. Уни қишлоққа судраган ҳам ана шу севги. Озодликдан ҳам ширинроқ бўлган севги. Қизиқ, ҳозир Заҳима нима қилаётган экан? Баъзан миясига турли нохуш ўйлар келар, шунда юраги ғазаб ва нафратга қоришган рашк билан тўлиб тошар, кимдир айни чоғда Заҳима ҳақида бирор ёмон гап етказгудек бўлса, уни пичоқлашга ҳам тайёр эди. У ўз муҳаббатини бир йўла ўлдириш ёки қайта тирилтириш шавқида ёнарди, вассалом.
Йўл ҳам тугай демасди. Ғалати. Худди чирилдоқлар ҳам ухлаётгандек, итлар, мушуклар, шоқоллар ҳам кўзга кўринмайди. Тиқ этган садо йўқ. Ҳаммаёқ соқов сукунат, басир зулмат қўйнида. Қишлоқ ҳам шунақа ўлимтик бўладими?
Шу фурсатда бояги қўрқинчли кўланка уни чақирди:
– Шу пайтгача биров мендан қочиб қутулмаган. Тўхта!
Темир одам яна қўрқиб ортига боқди. Ҳеч ким кўринмасди. Қоронғи, кимсасиз йўлнинг қўрқуви янада шиддатли тус олди. Қадамлари бир оз секинлашди. Йўқ, орқадан кимдир келаётганди. Кимнингдир залворли қадам излари уни зимдан кузатиб келарди.
“Бу нимаси? Мен алаҳсираяпманми ёки кимдир мени таъқиб қиляптими? Ёварнинг қасосини олмоқчими?”
– Сенга айтяпман, тўхта! Мендан қочолмайсан!
Яна ўша овоз. Кўринмас овоз! Ё Раббий! Бу овоз қаердан келяпти, ўзи?
У дафъатан қадамини тезлатди. Оғзидан учаётган сўкишлар ҳам қалтислашди.
– Вой энангни… Мендан нима истайсан ўзи, лаънати? Менга топшириб қўйганинг бормиди, даюс? Сенга айтяпман, мени тинч қўймайдиган бўлсанг фалон-пистондақа қиламан, – дея гўёки ўзига таскин бермоқчидай сўкинди.
Қара-я! Ўн беш йил турмада “авторитет” бўлган одам, келиб-келиб қишлоқ йўлида бир кўланкадан қўрқиб ўтирса-я? Ким ўзи бу кўланка? Кундуз бўлганида-ку, нақ энасини кўзига кўрсатиб қўярди-я! Башарасини эзғилаб, ичагини бошига салла қилмасмиди?
Мана, ўз ҳовлисининг дарвозасига ҳам етиб келди. Дарвозани бир зарбада очиб, ўзини ичкарига олди. Бу уларнинг ҳовлиси, бу ерга ҳеч қанақа кўланка-пўланка келолмайди. Ҳар қалай ўз уйинг — ўлан тўшагинг-да! Темир одам хом ғиштдан тикланган пастак уйнинг чап тарафидаги тутнинг бир шохини синдириб олди-да, орқасига ўгирилди. Йўл бўйи унинг кетидан қолмай келган қўрқинчли кўланкадан ном-нишон йўқ.
Темир одамни совуқ тер босди. “Мен яхшигина алаҳсирадим, чоғи”, дея ўйлади. Уйнинг тоғ томонга қараган (тоғ сарисидаги) деразадан заифгина шуъла кўзга ташланарди. Темир одам ёш боладек қувониб кетди. “Онам ҳали ухламабди”.
Эшикни очиб, ичкари кирди. Онаси бурчакдаги сандиқ ёнида, эски чорпояда ётган эди.
– Ойи, мен келдим. Ойи деяпман, туринг ўрниздан.
Онаизор устидаги адёлни жаҳд билан улоқтириб, турмоққа чоғланди. Темир одам тиз чўкиб, онасининг оёқларидан қучди.
– Ойижон, мен қамоқдан чиқдим.
– Айланиб кетай болагинамдан. Онагинанг ўргилсин, бир оғиз хабар қилмапсан-да, а? Ўн беш йилдан бери йўлингга кўз тикаман-а, қўзичоғим. Бу қоронғи зимистонда қандай келдинг, ўғлим. Уч кундан бери тўкни узиб қўйишган. Гўристондаги гўрчўп бўли-иб ўтирибмиз-да, болам. Кундузгинада кемапсан-да, онагинанг қоқиндиқ.
– Ойи-и, нимадан қўрқаман? Ёш боламанми? Айтганча, Заҳима яхшими? Қаерда ҳозир?
– …
– Нега жимсиз ойи? Нима… эрга тегиб кетдими? Кимга?..
– …
– Ҳозир ёриламан, ойижон, гапирсангиз-чи?
– Заҳима… қўшни қишлоқда, – деди онаизор аранг ўзини қўлга олиб.
– Демак… тегиб кетибди-да! Кимга тегди? – Темир одам ғазабдан ўзини босолмай ер муштлади.
– Анави… раҳматли амакиваччанг…. Ёварнинг акасига… Илёсга! – онанинг овози титраб кетди.
– Оҳ ярамаслар, беномуслар! Мен ҳали у итваччага кўрсатиб қўяман. – Шундай дея уйдан ўқдек учиб чиқди.
– Онанг ўлсин болам, қаёққа? Худодан қўрққин, жон болам. Яна бир балони бошламагин, жон ўғлим. Тўхтасанг-чи, вақти бемаҳал қаёққа кетдинг?
Темир одамнинг қулоғига бу гаплар етиб бормади. Ошхонада осиғлиқ турган гўшт чопадиган болтани олиб, шартта кўздан йўқолди. Бояги қўрқувдан урвоқ ҳам қолмаганди. Унинг кўзлари йўлбарсникидек ваҳшиёна чақнаб зулмат бағрига санчилди. Шу лаҳзада ўша беномуслардан бирига дуч келгани ҳамоно чопиб ташлашга аҳд қилганди.
Номус туфайли қамоққа тушганларга турмада айрича муносабатда бўлишади. Онаси, синглиси ёхуд хотинини оёқости қилганларнинг адабини бериб, панжара ортига тушганларга ҳамиша алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишади. Турманинг ана шундай ёзилмаган қонунлари кишига ўзгача куч-қувват бағишлайди. Бемалол нафас оласан, ҳатто ўзингни қамоқда эканингни ҳам унутиб қўясан, иззат-ҳурматинг жойида бўлади, дахлсизлик ҳуқуқинг таъминланади. Темир одамнинг жинояти бошқача хусусиятга эга эди. Очиғи, унга аввалига қандай мақом беришга ҳам иккиланиб қолишди. Темир одамни нимага қамашганди ўзи? Бир қарашда унинг жинояти номус категориясига тўғри келмасди. Бу ҳолатни шунчаки қотиллик дейиш мумкин эди, холос. Қамоқдаги дастлабки ойлар Темир одам учун бир оз қийин кечди. У қотилликни нима учун, ким учун содир этганини ҳам аниқ-тиниқ изоҳлаб беролмаганди.
“Разборка” узоққа чўзилди ва ниҳоят, Темир одамнинг иродаси ва кучи соясида турма ҳаётининг ёзилмаган қонунлари қаторига қўшимчалар киритилди: севги туфайли содир этилган жиноятлар ҳам номус категориясига киритилсин. Заҳимага бўлган телбавор муҳаббати уни ўн беш йил муддатда озодликдан маҳрум этди. Ўн беш йил. Валлоҳ-биллоҳ, бу ўн беш йилда дунё ва ундаги нарсалар бир неча бор турланди, аммо унинг Заҳимага бўлган севгиси бир мисқол ҳам озайгани йўқ. Унинг қалбида биргина ният бор: уни қидириб топиш ва у билан қўшилиб Россияга қочиш. Тўғри, бир неча марта қишлоққа хат ёзди (гарчи, хат ёзишни жини суймаса-да), аммо жавоб қайтмади. Ё хатлар етиб бормаган, ёхуд унга етказишмаган. Нима қипти? Кутиш лозим. Унинг назарида Заҳима ҳам худди шундай фикрда бўлиши, эрга тегмаслиги, уни кутиши лозим эди. Унга “ҳа” деганди, севгисини қабул қилганди, “севаман” деганди. Лекин ота-онаси Темир одамдан кўра бойроқ, саводлироқ бўлгани учун қизни зўрлаб Ёварга унаштирдилар. Ёварни ўлдирди, эҳтимол, бошқа одам бўлганида ўлдирмасмиди? Ёвар кўра-била туриб ўз амакиваччасига нисбатан номардлик қилгани учун жазосини олди.
Энди унинг акаси номардлик қипти. Темир одамнинг лаблари титрарди. Тун зулматида кўзига Заҳимадан бўлак ҳеч ким кўринмасди.
Илёсларнинг уйи қишлоққа кираверишда, тегирмоннинг ўнг тарафида эди. Тегирмондан бир неча юз метр нарида кичкина бир емакхона бор эди. Емакхона ҳовлисидаги манқал ўчирилган бўлса-да, у ердан тутун буруқсиб турар, аллақандай бадбўй ис куйган гўшт ҳидига қўшилиб атрофга тараларди. Афтидан, бир оз аввал бу ерда кимлардир ўтириб овқатланган, суяк-савоқларни ён-атрофга ирғитишганди. Яқин-орадаги қишлоқ чиқиндихонасидан келаётган нохуш ислар кўнгилни оздиргудек бўларди. Бу ис емакхонанинг ёнидан ўтиб кетаётган Темир одамнинг асаб торларини таранглаштириб юборди. Керакли ҳовлини топиб боргач, эшикни зарб билан тепиб очди. Айвонга қанчалик шиддат билан отилиб чиққан бўлса, кутилмаган шовқиндан ичкари уйда ухлаётганлар шунчалик тез оёққа туришди. Илёс ич кийимда бир қўлида мойчироқ билан эшикни очар-очмас, бир мушт билан ерга думалади. Темир одам эса қичқириб юборди.
– Ҳароми, ҳозироқ сени бурдалаб ташлайман.
Мойчироқ ерга тушиб чил-чил синди. Уй ичидаги палос ёна бошлади. Уйда бир зумда қиёмат қўпди. Заҳима нима ҳодиса юз берганини тушунолмай қолди. Уйга бемаврид бостириб кирган бегона одамнинг нияти эрини ўлдириш эканини пайқаб, қўрқув ва даҳшат ичида жойидан сапчиб турди. Аввалига болаларини ўйлаб, ўзини уларнинг устига отди. Бу одам ким бўлишидан қатъи назар уларни ўлдириш учун келгани аниқ эди. Бемаҳалда бошқа ким ҳам бировнинг эшигини бузиб кирарди?
Илёс Темир одамнинг болта ушлаган қўлидан маҳкам чангаллаб олганди. Темир одам яна бор овозида бўкирди:
– Беномус итвачча! Сени ўлдираман!
– Заҳима шундагина бу овоз эгасини таниди ва олдинга отилди, кучи борича қичқирди:
– Уни ўлдирма! Қонсираган бўлсанг, мана, мени чоп!
– Сен болаларни олиб қочсанг-чи! Аждарни чақир, бу ит ҳаммамизни ўлдирмоқчи!
Хонада яккама-якка олишув бошланди. Заҳима яна чинқирди:
– Бизга раҳминг келсин, эримни ўлдирма!
Шу тобда атроф ярақлаб кетди. Чироқ ёнганди. Ҳамма турган ерида бир зумгина қотиб қолди. Заҳима Темир одамнинг кўзларига тик боқди:
– Мана мен! Шу керакмиди сенга? Ўлдирма уни!
Темир одамни, гўё ток ургандек бўлди. У чап тиззасини ҳушсиз, юзтубан ётган Илёснинг елкасига босганча, болтани унинг боши узра кўтариб турарди. Қўлидаги қуролни эндигина мўлжалга уришга чоғланган пайти чироқлар ёнди-ю, дафъатан Заҳиманинг очиқ сийнасига кўзи тушди. Юрагига кимдир игна қадагандек бўлди. Аввалига Заҳимани танимади, бошқа уйга келиб қолдиммикин, деган хаёлга ҳам борди. Аммо, рўпарадаги аёл Заҳима эди. Ўн беш йил аввалги соҳибжамол, кокили тўпиғини ўпган, хипчабел, офатижон малак эмас, жин чалгандек кўримсиз бир аёл турарди қаршисида. Фақат унинг овозигина ўзгармай қолганди. Ана шу овоз уни тўхтатиб қолди.
Аёлнинг қоқсуяк елкалари, маъносиз, ич-ичига ботиб кетган кўзлари атрофидаги сон-саноқсиз ажинлар, юзларини тўсиб турган паришон сочларидаги оқ толалар қўққисдан ёниб қолган чироқ нурида унинг бутун вужудини илма-тешик қилиб юборди. Ерга тўшалган палоснинг ловуллаб ёнаётгани, олов болалари тарафга сурилиб бораётганини кўрган Заҳима бирдан ҳамма нарсани унутиб, чинқириб йиғлаётган болаларини ташқарига олиб чиқмоққа ошиқди, аммо кучи етмади. Олов эса худди оч бўридай, бу торгина кулбада боягина дунёнинг ишларидан бехабар ётган, кейин олатасирдан уйғониб, кўз олдиларидаги даҳшатли саҳна қаршисида дир-дир титраётган болаларни ютмоққа чоғланган эди. Эрини беҳуш, болаларини ночор аҳволда кўрган Заҳиманинг боши айланиб кетди ва уйнинг ўртасида мувозанатни йўқотиб, йиқилиб тушди.
Темир одам шу аснода мумдай эрий бошлади, қўллари бўшашди. Заҳиманинг пахмоқ, оқ оралаган сочлари суяклари чиқиб турган очиқ елкаларини бекитмоқчидек беҳол тўлғанарди. Пешонасидаги ажинлар, юз-кўзларидаги ғам-ғусса, сўлғинлик унинг ўтган ўн беш йил давомида муддатидан анча аввал қарий бошлаганини кўрсатарди. Темир одамнинг ўн беш йил аввалги муҳаббати ҳам бирданига кексая бошлади ва унинг ичида ўзига ҳам маълум бўлмаган ғалати бир туйғу бош кўтарди.
Ахир, шу севги эмасмиди, умрининг энг гуллаган ўн беш йилини панжара ортида кечиришга мажбур қилган куч? Ё Раб, у гўзал, парирухсор Заҳимадан асар ҳам қолмабди-ку? Бу не бало эди? Ахир, инсоннинг ақлдан озиши ҳеч гап эмас экан. Наҳотки, шу таъвия довруғи етти иқлимга достон бўлган малаксиймо Заҳима бўлса?
Заҳима ҳозиргина унга нима деди? “Севгимиз ҳаққи ҳурмати, уни кечир, дедими? Ё Аллоҳ, энди нима қилмоқ керак?”
Бирдан ҳамма-ҳаммаси бошқача тус олди. Парвардигорнинг ҳикматини кўринг! Темир одам кўз очиб юмгунча Заҳимани қўлида кўтариб, ҳовлига тушди. Уни астагина қудуқ ёнига ётқизиб, яна осмонга ўрлаётган аланга ичига ўзини урди. Болаларнинг юракни ларзага келтиргувчи қичқириқлари қудуқ ёнидаги тарашалар устида абгор ётган Заҳимани ҳушига келтирди. Аёл жон ҳолатда ўрнидан туриб, ихтиёрсиз фарёд солди:
– Вой до-од, мусулмонлар, болаларим куйиб кул бўлде-е-е! Ёрдам беринглар! Болалари-и-м!
Аммо, шу аснода кўрдики, Темир одам ҳар икки боласини қўлтиғига қистирганча уйдан чиқиб келяпти. Салгина илгари бу хонадонга қотил қиёфасида келган бу одам энди халоскорга айланган эди. У тўппа-тўғри қудуқ тепасига келиб, болаларни Заҳиманинг қаршисига ўтқизиб қўйди. Аёл икки жигарбандини бағрига босганча, пайдар-пай ялаб-юлқашга тушди. Бу манзарани кузатиб турган Темир одамнинг қовоқларига кўз ёш қадалиб ачиштира бошлади ва индамай дарвоза тарафга одимлади. Аммо, Заҳиманинг ногаҳоний ноласи уни тўхтатиб қолди.
– Вой до-од! Болаларим етим қолди! Ким бор, қутқаринглар! Дадаси-и-и-и!
У бир лаҳза тараддудланиб қолди. Кейин бир оз ўйланиб тургач, илкис ортига қайтди ва яна тўппа-тўғри оташ бағрига ўзини урди. Ҳамон беҳуш ётган Илёсни кўтариб, ташқарига олиб чиқди ва Заҳиманинг оёқлари остига ирғитганча, ўзини лаънатлаб кўчага отилди.
Илёснинг уйи ўт ичида қолганди. Сал бўлмаса, олов нариги хонага ҳам ўтаёзганди. Қишлоқ аҳлининг деярли тенг ярми шу ҳовлига тўпланган, ҳеч ким нималар юз бераётганини англолмасди. Эркаклар ёнғинни ўчиришга уринишар, аёллар Заҳимага тасалли бериб, болаларни овутишар, баъзилар эса Илёсни ўзига келтириш учун юзига шапатилашарди. Қўққисдан Илёс ҳушига келди. Сакраб турди-да, ҳали олов туташмаган нариги хонага ўзини урди. Кўп ўтмай қўшотар милтиқни кўтариб чиқди. Одамлар унинг нима қилмоқчи экани тушунолмай туришарди, бошқалар эса ҳамон ўт ўчириш билан машғул эдилар. Заҳима эрининг мақсадини пайқаб, унинг йўлини тўсди. Ялинчоқ овозда пичирлади:
– Нима қиляпсиз, у бизни қутқариб қолди-ку!
– Йўлимдан қоч, қанжиқ, – қора қузғундек ҳурпайиб олган Илёс милтиқ қўндоғи билан хотинининг елкасига айлантириб урганида, шўрлик аёл орқаси билан йиқилди.
Ёнаётган уйдан шиддат ила узоқлашаётган Темир одамнинг бўғзидан кутилмаган ҳайқириқ отилиб чиқди. Ҳўнграганча йиғлаб юборди. Қаёққа бораётганини ўзи ҳам билмасди. Дунё ва ундаги бор нарсаларни бўралаб сўкар, орқасига қарамасдан тез-тез юриб борарди. Севги йўқ нарса экан! Ёлғон экан! Ҳамма нарса қўрққулик экан. У фақатгина севгидан қўрқмасди. Ё Рабки, у ҳам мудҳиш ва қўрқинчли нарса экан. Демак, дунёда озодликдан ҳам қўрқинчли нарса бор экан-да? У севги, ҳа севгининг ўзгинаси…
Кутилмаганда… Темир одамнинг кулгиси келди. Ўз-ўзидан кула бошлади.
Боя қишлоққа келаётганида уни изма-из таъқиб қилган шарпа яна ортида пайдо бўлганини ҳис қилди. Аммо, бунга аҳамият бермади. Бир мартагина орқасига қараб қўймадиям. У кулар, уятсиз сўзлар билан сўкинарди.
Кел, келавер, қани қўлингдан нима келаркин, Шайтон! Мен сендан қўрқадиганлардан эмасман. Энди мен учун ҳамма нарса кексайган, ўз маъносини, гўзаллигини, тароватини йўқотган. Севги ҳам қариркан-да, севги ҳам ўларкан-да? Севги ҳам қўрқинчли тус оларкан-а? Темир одам худди ўз-ўзига гапираётгандек ғалати овозда ғўлдираб борарди.
Буни қара-я! Шайтоннинг кўланкаси! Хеҳ, одамни жа қўрқитиб юбординг-ку? Оладиганимни олиб бўлдим бу дунёдан, энди мени нима қилмоқчисан?
Худди шу аснода орқадаги кўланка тарафдан иккита ўқ овози эшитилди. Темир одам юзтубан ерга қулади ва қайтиб ўрнидан турмади.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси