Хом ғиштдан тикланган бир қаватли коммунал турар жой биноси қасабага кираверишда тикланган эди. Узоқдан қараганда, станциянинг эҳтиёт йўлагига киритиб қўйилганча эсдан чиқарилган вагонни эслатарди бу уй. Эшиги энсиз даҳлизга қараб очиладиган торгина пастқам хоналар вагон купеларидан фарқланмасди. Бу ошиёнларда умргузаронлик қилаётганлар баайни ғам-қайғудан йироқдек кўринар, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатга сабр қилиб келишар, бир-бирига ака-ука, опа-сингилдек меҳрибон эдилар.
“Жилдом” дея ном олган бу мискин қароргоҳ аҳли эртанги кунга қандайдир умид билан боқар, гўё бир кун келиб бу унутилган “вагон-уй”ни чор тарафга пишқириб чопаётган поездлар ёрқин келажак сари олиб кетадиганга ўхшарди.
Абутолиб амаки ҳам урушдан қайтганидан бери шу ерда, “жилдом” хоналарининг бирида танҳоликда кун кечирарди. Бир эшикдан кириб чиқадиган қўшнимиз эди у киши.
Азондан, паровоз пишқириғини эслатувчи бир овоз мени уйқудан уйғотарди. Деразадан мўралаганимда, Абутолиб амаки қўнжи узун этигини чўтка билан ишқалаб тозалаётган бўларди. Этиги ярқираб тургани учун бир неча ерига солинган ямоқни ҳам пайқаш қийин эди. Шу тарзда ҳар куни эрталаб Абутолиб амакининг ортидан термилганча ишга кузатардим. Тош пиллапоялар оша пастлаб тушаркан, аввал қўнжи узун этиклари, тўппонча қистирилган энли камари, елкаларидаги қизил погони, охирида ҳарбийча қора телпаги кўринмай кетар, худди ерга ботиб кетаётганга ўхшарди. Шундан кейингина ҳовли бола-бақранинг бақир-чақирига, шовқин-суронига тўлиб тошарди. Гоҳида болаларча қизиқиш билан дераза оша Абутолиб амакининг хонасига бўйланардим. Сурп парда тутилган, ним қоронғи, торгина хона менга худди айиқ яшайдиган унгурдек ваҳимали, шунингдек, аллақандай сирли ва сеҳрли кўринарди.
Энкаведе — маҳалламизда катталар касби-корига кўра унга ана шундай лақаб қўйишганди. Биз болалар орқаваротдан уни Энкаведе амаки деб атардик. Бу лақабнинг маъносини тушунмасак-да, эшитганимизда нечукдир ваҳимага тушардик.
– Келяпти, Энкаведе амаки келяпти.
Клубга олиб чиқувчи тош зинапоянинг бошида турган “соқчи”нинг хитоби ўйин билан машғул болаларнигина эмас, қари тутнинг тагида гап сотиб ўтирган хотин-халажни ҳам ин-инига киритиб юборарди.
Зинапоя ортидан аввал Абутолиб амакининг қизил юлдуз қадалган қоракўл телпаги, кейин тунд башараси, узунасига қирмизи тасма ўтган погонлари, энли камари, охирида ярқираб турган қўнжли этиклари кўринар, гўё ердан ўсиб чиқаётганга ўхшарди.
Қош-қовоқли, юзлари чўтир бу одам пайдо бўлиши билан маҳалламиздаги об-ҳаво тамомила ўзгарарди. Жимлик чўкарди. У тенги катталарнинг ҳам ундан ўзини олиб қочиши бизнинг юрагимиздаги таҳликани янада орттирарди. Мурғак тасаввуримизда бу одам уч бошли аждар тимсолида жой олганди. У уйига кириши билан болаларнинг овози тамомила ўчарди. Ўйнаётган ўйинларимиз ҳам чала қолиб кетарди. Катталар кечаси ухламай хархаша қилаётган болакайларни Абутолиб амакининг оти билан қўрқитишарди.
– Ухла, бўлмаса, Энкаведега айтаман, сени опкетади.
Назаримизда, у чиндан болаларни ўзининг — уч бошли аждар маконига олиб кетишга қодир эди. Ҳатто… бир гал олиб кетди ҳам. Кимни дейсизми? Зобута холанинг ўғли Фармон безорини. Хабар маҳаллага тезда ёйилди. Хотинлар чекка-чеккада ўзларича висирлашарди:
– Бечора мужаррадгина бола эди. Энди уни нима қилишаркин?
– Энкаведега ҳам боққан бало бордир.
– Йўғ-э, у бечораям нима қилсин. Ушла деган бўлса, ушлаб кетгандир-да!
Абутолиб амакини оқлаб гапиришганини илк марта ўшанда эшитганман. Фармон бир отлиқ чегарачининг чарм хуржунини ўғирлаб, ундан ўзига этик тиктирган экан. Яна бир-икки ножўя ишлари бўлган экан, ҳозир аниқ эсимда йўқ.
Ўша куни қари тутнинг тагида фақат Зобута хола қолганди. Абутолиб амаки зинапоя бошида пайдо бўлиши билан Зобута холанинг бомбадек портлаб, қиёмат кўтариши бир пайтга тўғри келди.
– Сен бир етимни қақшатган бўлсанг, сени Худойим қақшатсин! Отаси фронтда душманга қарши урушиб, жон берган. Сенам ўшанга ўхшаб мард, ориятли бўлганингда қайтмасдинг. Ўша ерда ўзингни панага олиб юргансан. (Биз у пайтда Абутолиб амакининг бадани душман ўқидан илма-тешик бўлганини билмасдик).
Зобита хола бисотидаги бор қарғишларини тўкиб-сочарди. Абутолиб аёлнинг дийдиёсига қулоқ солмай, беэътибор ўтиб кетолмади.
– Зобута. Тушунсанг-чи, ўғлингдаям айб бор-да! Мактабни битирганига икки йил бўлди, бир ишнинг бошини тутгани йўқ. Ўғирлик, безориликдан бошқасини билмаса. Уям бошқаларга ўхшаб…
Зобута хола унинг оғзидагисини ёқасига ёпиштирди:
– Ўв, менга қара. Энкаведемисан, гўрмисан, ермисан! Сен фарзанд нималигини қаердан билардинг? На оиланг, на бола-чақанг бор, Худо қарғаган бепушт зормандасан!
Абутолиб амаки ҳам ундан бунчалик андишасизликни кутмаганди, чамамда. У бир чайқалиб, ҳатто йиқилиб тушишига ҳам оз қолди. Аммо, ҳеч нарса демай, оғир қадамлар билан уйига кириб кетди.
Бир куни ён қўшнимиз Мурод аканинг эшиги тақиллаб қолди. Бу овоз биргина мени уйғотиб юбормаганди. Аммо, биров юрак ютиб чироқни ҳам ёқмади, ташқарига ҳам чиқмади. Мурод аканинг эшигини тақиллатган Абутолиб амаки эди. Ёнида қуролланган бир миршаб ҳам бор эди. Деразага яқин туришгани учун уларнинг овозини бемалол эшитиш мумкин эди.
– Мурод, тез кийиниб чиқ, сени чақиришяпти. Биз билан кетишинг керак.
– Ярим кечаси-я, тинчликми старшина?
Саволни бемаврид, ноўрин санагани учунми, Абутолиб амаки индамади. Бир оздан сўнг аста гап қотди:
– Устингдан чақув бўлганга ўхшайди, ошна.
– Нималар деяпсан, қанақа чақув? – Мурод аканинг овози титраб кетди. Кимдир гугурт чақиб папирос тутатди. Чамаси, Абутолиб амаки бўлса керак, бир икки марта ожиз йўталгани ҳам эшитилди.
– Замон ёмон, ошна, – афсуснамо овозини эшитдим. – Ўзинг биласан-ку. Тушунган одамсан? Балки тилингга эҳтиёт бўлмагандирсан? Оғзингдан бирор ножўя гап чиқиб кетгандир? Ё бўлмаса…
– Абутолиб, урушда бирга хизмат қилганмиз. Мени яхши биласан-ку! Алдам-қалдам ишларга аралашмаслигимни ҳам биласан, ахир.
– Биламан, ошна, биламан. Ҳаммаси эсимда. Окопда битта шинелга ўраниб тонг оттирганимиз ҳам эсимда, ҳарбий қисм орқага чекинаётганда битта ўзинг фашистларнинг йўлини кесиб чиққанингни ҳам унутганим йўқ. Ўлимдан ҳам қўрқмагансан ўшанда.
Кейин жимлик чўкди. Сукутни яна Абутолиб амаки бузди.
– Худди орадан беш йил эмас, беш кун ўтганга ўхшайди. Пайти келиб, шунақа пайтда эшигингга келишимни қаердан билай? Хизматчилик-да, ўзинг биласан-ку, мени кечир, ошна… Бўпти, биз бораверамиз. Эрталаб нарсаларингни йиғиштириб, ўзинг борарсан. Иссиқроқ кийимларингни олишни унутма.
Ўша куни тонг ҳам бошқачароқ отди. Катталар у ер-бу ерда тўпланганча пичирлашиб нималарнидир муҳокама қилишар, овозларини чиқаришга ҳам қўрқишарди. Маҳалла аҳлининг бу тушкун кайфияти бизга — болаларга ҳам таъсирини ўтказган эди. Фақатгина Зобута холанинг шовқини оламни бузарди:
– Ўз кўзларим билан кўрдим-а, тусингни ел олгур Энкаведе, тўртта қуролланган миршаб билан келди. Мурод бечоранинг қўлларини орқасига қайириб, чаккасига милтиқ тираб олиб кетишди-я, уйинг куйгурлар. Ҳаммаси ўша балога учрагур Энкаведенинг иши. Ҳали бу кетишда бутун маҳаллани сотиб, авахтага тиқади бу одамфуруш шипиён.
– Ёлғон, ёлғон бу, унақамас, Мурод аканинг қўлини қайириб кетишмади. Эрталаб ўзинг борасан, дейишди. Катта одамлар ҳам алдар экан-да, – ўзимни тутиб туролмадим… Аммо, менинг гапимга ким ҳам қулоқ соларди? Бир-иккитаси турткилаб танбеҳ берган бўлди:
– Тек ўтирсанг-чи, зумраша, катталарнинг гапига аралашма.
Кейин бир ўзим болаларни йиғиб, кеча тунда эшитганларимни уларга гапириб бердим. Ўша вақтларда кўп нарсага ақлимиз етмаса-да, шуни билардикки, Абутолиб амаки ёмон одам эмас, одамларни ушлаб келишни буюрадиган, авахтага соладиган катталар бор. Ҳаммасига айбдор ана ўшалар. Бора-бора қувлашмачоқ, бекинмачоқ, уруш-уруш ўйнаётганимизда клуб биносига олиб чиқадиган зинапоя бошида соқчи қўймайдиган бўлдик.
Бир куни футбол ўйнаётганимизда мен тепган копток тўппа-тўғри Абутолиб амакининг деразасига урилди-ю, чилпарчин қилди. Уйида экан, билмабмиз. Болалар тум-тарақай бўлишди. Мен эса турган еримда тошдек қотгандим. Борлиқ ўлик сукунатга чўмганди. Назаримда ҳозир Абутолиб амаки қўлида тўппонча билан чиқиб келадигандек, кинодаги каби қўлимни қайириб олиб кетадигандек эди. Кўзларим жиққа ёшга тўлган, аммо киприкларим орасидан қуйи оқишга улгурмаганди.
Эшик очилиб, Абутолиб амаки кўринди. Қўлида деразани синдириб кирган копток. Оҳиста менга яқинлашди ва коптокни тутқазиб, ортига қайтди. Кейин эгилганча йўлда сочилган шиша синиқларини теришга тушди. Кўз ёшларим юзларимни ювиб, қўлимдаги коптокни ҳам ивита бошлаганини кейинроқ сездим. Мен сассиз, энтика-энтика йиғладим, аммо бу йиғи асло қўрқув нишонаси эмасди.
Наврўздан уч-тўрт кун аввал шаҳардан усти ёпиқ, кумушранг, узун автодўкон келарди. Уни маҳалладаги каттаю кичик интизорлик билан кутарди. Қишлоғимизга байрамни ҳам ўша машина бошлаб келарди, гўёки. Машина келиб тўхташи билан унинг олдида Чинорқудуққа қадар узундан-узоқ навбат пайдо бўларди. Машинада ёғ, ун, қанд, гуруч, турли матолар сотиларди. Аслида бу моллар ўзимизнинг дўконларда ҳам бор эди. Аммо, катталарнинг айтишича, автодўконда келадиган хонгуручдан дамланадиган паловнинг мазаси, ҳиди бошқача бўлармиш. Ўша куни Мурод аканинг оиласидагилардан бошқа ҳамма дўкондан ул-бул харид қилди.
Шу куни бутун маҳалламиз бўйлаб хонгуруч паловининг хушбўй ҳиди таралди.
Бу йилги Наврўз маҳалламизда аввалгидек файзли, фараҳли эмас, аллақандай сўник, сокин кечди. Ер тақсимоти идорасида ишлайдиган Шомил отанинг ўғли Ориф ҳовлида чордана қуриб, тор чертиб қўшиқ айтмади, буни ҳеч ким ундан илтимос ҳам қилмади. Биз болалар турли хил байрам ўйинларини ҳам ўйнамадик.
Ҳамма байрамни ўз уйида ўзича нишонлади. Биз ҳам оиламиз билан дастурхон бошида яхши ниятлар қилиб Йилбошини қарши олаётган эдик.
Шу чоғ дераза тагидан иккита шарпа ўтиб кетди. Кўп ўтмай, эшигимиз оҳиста очилиб, хонамизга иккита қалпоқ келиб тушди. Онам кулимсираганча қалпоқларга ширинлик, қизилга бўялган тухум солиб, эгаларига қайтарди. Мурод аканинг кичкина ўғли ичкари кириб, ҳовлиққанча гапира кетди.
– Дилора хола, отамни қўйворишибди. Боягина уйимизга кириб келди.
Боланинг қувончи ичига сиғмасди. Бу хабарни эшитиб, биз ҳам севиндик, албатта.
Гарчи Мурод аканинг қайтганини бутун маҳалла эшитган бўлса-да, кеч тушгани, ҳамма байрамни нишонлаётгани учун “Карвон кўрди”ни эртага қолдиришган эди.
Ўша оқшом бутун маҳалла аҳли бир умид чироғи ёғдусида уйқуга кетди.
Зулматга бурканган сукунат пардасини ярим тундаги қичқириқ ёриб ўтди. Мурод аканинг эшиги олдида қуролланган миршаблар туришарди. Хотини, болаларининг ялиниб-ёлворишига ҳеч ким қулоқ солмади. Бечорани энсасига милтиқ тираб опкетишди. Бу сафар Зобута хола айтгандек, қўлини орқасига қайириб олишганди.
Ўша кечаси Абутолиб амаки ишда эди. Одатда навбатчиликдан тонг саҳарда қайтиб келарди. Негадир ўша куни қайтмади. Унинг йўқлигини ҳазм қилолмаётгандим. Ўйинга киришиб кетган бўлсак-да, ора-сирада зинапоя тарафга қараб қўярдим. Худди зинапоя ортидан Абутолиб амакининг юлдузли телпаги кўриниб қоладигандек эди. Кун бўйи унинг йўлидан кўз узмадим.
Катталарнинг гапларига қулоқ солиб эшитдимки, Наврўз куни кечқурун Абутолиб амаки авахтанинг эшигини очиб, Мурод акани чиқариб юборибди. Эртаси куни маҳбусларни “этап”га қўшиб жўнатишмоқчи экан. Бечора охирги кун, яъни байрамни оиласи бағрида ўтказсин, дегандир-да! Фақат шунинг учунмикан? Йўқ, албатта. У Мурод акани яхши танирди. Айби йўқлигиниям биларди. Биз болалар ўзимизча бир нарсага ойдинлик киритган эдик: агар ҳамма авахтахоналарнинг калити Абутолиб амакининг қўлида бўлганда, у бегуноҳ маҳбусларнинг ҳаммасини уйларига қўйиб юборган бўларди…
Ўшандан бери Мурод акани ҳам, Абутолиб амакини ҳам ҳеч ким кўргани йўқ. Фақат, Сталин ўлганидан кейин орадан бир неча йил ўтиб, Мурод аканинг уйига почтадан бир парча қоғоз келди. “Ишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли Мурод Козим ўғли Муродов оқлансин (ўлимидан кейин)”.
Агар Абутолиб амакининг ҳам оиласи, бирор яқин одами бўлганида, унга ҳам ана шундай бир парча қоғоз жўнатишарди, албатта. Фақат битта нарсадан тасалли топардик: биз болалар Мурод ака ва Абутолиб амакининг устидан анча йил аввал оқлов ҳукмини ўқиб бўлгандик…
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси