ЧУМОЛИ
Бу галварслар айнан бизнинг йўлимиздан бошқа ерга уй қуришга жой топишолмаган, шекилли.
ШИЛЛИҚУРТ
Чумолилар — қаланғи-қасанғи. Буни қарангки, улар дунёни Буюк шиллиқурт бошқараётганига ҳатто ишонишмайди.
ХЎРОЗ
Ҳали тонг отмаган, чунки мен ҳали хабар берганим йўқ-да.
ЧУМЧУҚ
Булбул — буюк қуш. Аммо биз чумчуқлар хийлагина кўпмиз.
ТЎНКА
Нима учун мени “Муҳтарам зот тўнка” демайдилар?!
ТУЛКИ
Жамики махлуқлар уч тоифага бўлинади: душманлар, рақиблар ва ўлжа.
БАҚА
Тараққиётми? Ҳа, биламан, биламан. Мана, масалан, мен бори-йўғи итбалиқ эдим.
ҲУКМРОН
Менга ҳақ тўлашингиз учун сизларни бошқараман, сизлар эса фармойиш беришим учун менга ҳақ тўлайсизлар.
ГУГУРТ
Қаранглар, мен мангу оловман.
СУВДАГИ ЧЎП
Аллақаёқдаги гулмоҳ балиқ мени сузишга ўргатмоқчи! Ўзи эса нодон — оқимга қарши сузаётибди.
ПАШША
Суратнинг рамкасидаги доғларни кўраётибсизми? Бу менинг ишим, мен ҳам рассомман.
ҚЎШНИ
Бу Архимед дегани қўрқоқ ва сотқин. Бизнинг шаҳарга душман бостириб келаётибди-ю, у бўлса чизма-чизиғи билан овора.
НЕРОН
Насронийларни таъқиб қилишяпти деган гап — уйдирма. Биз фақат уларнинг ақидасини инкор этамиз.
АТИЛЛА
Биз ҳам дунёни сақлаб қолиш учун келганмиз.
САРКАРДА
Менинг қаҳрамонларим, овозингизни ўчиринг!
АХБОРОТ
Аҳоли қирилган, тўла-тўкис тартиб ва интизом сақланган ҳолда шаҳар ёндириб юборилган.
ҒИШТ
Тўғри тўртбурчак нима эканини фақат мен биламан.
ОЙНА
Гап мана бундай: дунё бизнинг тасаввуримизда яшайди. Мендан сиртда ҳеч нарса йўқ.
БУГУНГИ КУН
Қачонлардир мен ҳам шонли ўтмиш бўламан.
МАДАНИЙЛАШГАН КАЛАМУШ
Қишлоқда мен нима ҳам қилардим? У ерда ҳатто мағзава оқадиган обрав ҳам йўқ.
ЯНГИ АВЛОД
— Ёшларга йўл беринг!
— Неча йилга?
— Салкам эллик йил кифоя қилади.
ҚЎЙ
Сўйишса сўяверишсин, бўри дахл қилмаса бўлгани.
САРҒИШ ЧУМОЛИ
Чумолиларга озодлик берилсин!
Жаҳон — чумолиларники!
Табиийки, қора чумолиларники эмас.
ИХТИЛОФ
Ш о ф ё р. Анави пиёда қўйдек типирчилаётибди.
П и ё д а. Анави довдир шофёр жиннига ўхшаб бостириб келаётибди.
ҚУЁН БОҚУВЧИ
Ҳайронман, қандай қилиб каптарбоз бўлиш мумкин?
САХОВАТ
Қашшоқлик ҳақидаги сафсаталарни бас қилинглар! Мен ҳозиргина бир тиланчига ўн геллер пул бердим.
ЖАЛЛОД
Мени ҳеч ким қаҳрамон демайди.
ЧЎЧҚА ВА МАРВАРИД
Бр-р! Ювиндига нима балоларни қўшиб беришди? Бу нима чўчқачилик?!
МИКРОБ
Мен кўзга ташланмайдиган хизматкорман.
ИСКАНДАРИ РУМИЙ
Мен мақсадимга эришдим: энди Ҳиндистон ҳам Македониянинг вилояти бўлиб қолади.
ЛАШКАРБОШИ
Қаршилик кўрсатганларга нисбатан қурол ишлатинглар, қаршилик кўрсатмаганларга ҳам.
МАЪЛУМОТ
Ҳужумни авж олдириб, биз яна бир неча қишлоқни ёндириб юбордик. Тирик қолган аҳоли аскарларимизни завқ-шавқ билан кутиб олди.
ДИПЛОМАТИЯ
Биз, албатта, зўравонликни қоралаймиз, аммо қурол-яроғ етказиб беришга тайёрмиз.
МУСТАМЛАКАЧИЛИК
Энди омон қолганларга оталарча ғамхўрлик қиламиз.
МАРС
Босқинчилик уруши тақиқлансинми? Фақат шу шарт биланки, мудофаа урушлари ва жазо экспедициялари ман этилмайди.
ЎЛИМ
Ҳой, эсипастлар, бу менинг ғалабам-ку!
ТИНЧЛИК
Энди биз яна хотиржам қуроллана оламиз.
ТЎҚЛИК
Қашшоқлик ҳақидаги гаплар муболағага айланиб кетаётибди. Аслида аҳвол унчалик ёмон эмас.
ЖУРНАЛИСТ
Мен беҳуда умр ўтказмадим. Масалан, қанчадан-қанча одамларда нафрат уйғотишга эришдим.
ВАТАНПАРВАР
Сиз уни ватан учун жанг қилади, деяпсизми? Ахир, унинг чўнтагида сариқ чақа ҳам йўқ-ку!
ҚИЧИТҚОН
Картошка ҳам бегона ўт.
ХАЛҚАРО БИТИМ
Биз, қуёнлар товуқлар билан бир-биримизни емаймиз, деб шартнома туздик. Кўрайлик-чи, қарчиғай бунга нима дер экан?
ЭЧКИ
Бўрилар билан тинч-тотув яшасак, дунёда осойишталик бўларди.
БЎРИ
Қўчқорнинг нияти ёмон эди — у мендан яширинмоқчи бўлди.
СИЧҚОН
Мушук чумчуқни ушлаб олибди. Энди биз қўрқмасак ҳам бўлади.
ЖУВОН
Ер остида айвонимиз бўлади, мен у ерда вазаларда замбуруғ билан моғор ўстираман.
ҚЎШНИЛАР
Қийин бўлди: ҳаво яна қимматлашиб кетди.
БОЛА
— Дада, олам дегани нима?
— Билмадим. Бундай тутуриқсиз нарсаларни сўраб бошимни қотирма.
БИТСИН УРУШ
Чиндан ҳам урушни хоҳламаслигимизнинг исботи шуки, биз уруш эълон қилмасдан урушамиз.
БЎРИ БИЛАН ЭЧКИ
Иқтисодий асосда келишиб олайлик: мен сенинг ўт-ўланларингни емайман, сен эса мени ихтиёрий равишда ўз гўштинг билан таъминлаб турасан.
БЎРИ
Мен тўйдим. Юксак ахлоқий адолат яна бир бор тантана қилди.
ЎҒРИ
У мени ёллади, мен эса ўз манфаатимни қимоя қилдим.
ГУЛ
Мени, гуллаб бўлди, дейишлари ёлғон. Мен ўсаётибман.
САССИҚ ҚЎНҒИЗ
Ҳаёт бир қонун асосида давом этмоқда. Дунёдаги ҳикмат битта. Донишмандлик ҳам битта: қаттиқ бўлиш.
ГУЛТУВАК
Сиз мени сопол идиш дейсизми, а? Мендан нима ўсиб чиққанини кўриб қўйинг.
ЗАНГЛАГАН МИХ
Ҳа-а! Мен унинг товонига кирдим! Ваҳоланки, мени ҳеч нарсага ярамайди, дейишади!
ДАРАХТ
Теварак-атрофни узоқдан кўриш учун бўй қўйиб ўсиш керак.
ҚАРЧИҒАЙ
Қаҳри қаттиқлик нима? Яшаш учун кураш, жаноблар, бу эса доимо қонуний.
ПАШША
Ҳа, оғир замонлар келди. Ахир, уруш вақтида қанчадан-қанча ажойиб мурдалар бўларди!
БУТОҚДАГИ СЎНГГИ ЯПРОҚ
Яшасин ҳаёт!
БИР КУНЛИК КАПАЛАК
Юз ёшли тошбақа! Қандай қилиб бу қадар қолоқ бўлиш мумкин?!
ҚИЧИТҚОН
Боғ қаровсиз ҳолга тушиб қолдими? Мен бундай демас эдим.
ХАБАРДОР ҚУРТ
Ботаниками? Бу энди менинг ихтисосим.
ХАЗОН
Замоннинг талабими? Биламиз: елда пилдираш керак.
ЯНА БИР ДИКТАТОР
Мен уларнинг озодлигини олиб қўйдим, аммо уларга ўзларига ишонишни ўргатдим.
ҲЎКИЗ
Мен айтаётибман-ку, кийикларни бошингизга урасизми?!
ЧУМЧУҚ ВА ОЛАМШУМУЛ МАСАЛА
Ақалли бир тўпгина от гўнги бўлса эди! Дунё қаёққа қараб кетаётибди ўзи?
БОҒЛАБ ҚЎЙИЛГАН ЭЧКИ
Дунё шунча ҳам тор бўладими?
ДЕРАЗА ОЙНАСИДАГИ ПАШША
Ҳаётнинг чегараси қаерда эканини энди билиб олдим.
БИР КУНЛИК КАПАЛАК
Тарихми? Бу мен учун қоронғи.
ҚУРИБ ҚОЛГАН ШОХ
Ниҳоят, ихтиёрим ўзимга тегди.
МУСТАБИД ВА ФАЙЛАСУФЛАР
Мен иш кўраман, сизлар менинг ҳаракатим учун асос қидирасизлар.
ХОН
Аҳолини битта қўймай қиришларингиз мумкин. Мен ўзимни уларнинг султони деб эълон қилмоқчиман.
ЎТМИШНИНГ ГУВОҲИ
Ахир мен ярим аср бурун айтган эдим-ку, биз жарга қараб кетаётибмиз, деб.
ДИПЛОМАТИЯ
Хайрият, тинчлик аҳди тузилди. Келинглар, энди уни қандай бузишни ўйлайлик.
ҚУЛАГАН ДАРАХТ
Бу менинг куч йиғаётганим. Ҳали қад ростлайман.
ЧУМЧУҚ
Кўряпсизми, баҳор келиши учун қанча чирқиллашга тўғри келаётибди?!
2200 ЙИЛ
Аср кашфиёти — зангламайдиган тош замбараклар!
ХАЛҚАРО БИТИМЛАР
…Ҳа, албатта, биз ҳеч ким билан урушмаймиз — бу бизнинг ички ишимиз.
ЧАНГАЛЗОРДАГИ ИККИ ЙЎЛБАРС
Биз тинчлик манфаати учун учрашдик ва шундай битимга келишдикки, энди биргаликда ов қиламиз.
Ваҳоб Рўзиматов таржимаси
“Тафаккур” журнали, 2004 йил, 1-сон