— Ҳамонки комиссар Бартошек ҳақида гап очилган экан, — деди пан Кратохвил, — унинг бошидан кечган, аммо матбуотда унча ёритилмаган бир воқеа эсимга тушиб кетди; мен чақалоқ воқеасини айтмоқчиман. Хуллас, воқеа бундай бўлган эди. Бир куни полиция маҳкамасига, комиссар Бартошекнинг олдига бир жувон зор қақшаб йиғлаганча кириб келди. Бу аёл давлат амлоклари бошқармасида маслаҳатчи бўлиб ишловчи пан Ланданинг хотини эди. Жувоннинг кўзлари жиққа ёш, энтикиб-энтикиб нафас оларди. Кўп йиғлаганидан қовоқлари шишиб кетган, яноқларида хол-хол доғлар пайдо бўлган эди. Бартошекнинг аёлга раҳми келади ва бу қари бўйдоқ полиция амалдорига хос усулда баҳолиқудрат унга тасалли бера бошлайди:
— Қўйинг, бўлди, нима, эрингиз каллангизни олармиди, азбаройи худо? Ҳали ухлаб турсин, апоқ-чапоқ бўлиб кетасизлар: мабодо яна ғалва кўтарадиган бўлса, ёнингизга пан Гохманни қўшиб юбораман, бир зумда эрингизнинг эсини киритиб қўяди. Энди, ўзингиз ҳам, тасаддуқ, эрингизнинг рашкини келтирадиган иш қилманг-да!
— Полиция маҳкамаларида, маълумингиз бўлсинким, оилавий можароларни кўпинча шу тарзда бартараф қилишга одатланишган.
Лекин бу хоним бошини сарак-сарак қилиб, шундай ўксиб-ўксиб йиғлардики, кўрган одамнинг юраги эзилиб кетарди.
— Эҳ, жин урсин. — Пан Бартошек масалага бошқа томондан ёндошмоқчи бўлади. — Ҳа-а, ҳали у сизни ташлаб қочиб кетдими? Гапимга ишонинг, бари бир қайтиб келади касофат, э, садқайи кўз ёшингиз кетсин-е ўша аблаҳ!
— Па-аан… комиссар, — деди йиғи аралаш жувон, — менинг болам… кўчада… Ўғирлаб кетишди… менинг боламни!
— Бе, қўйсангиз-чи, — дейди комиссар ишонқирамай. — Ўғрилар нима қилади болани? Ўзи қочиб кетгандир бирон ёққа…
— Йў-ўқ, қочмаган… У қоча олмайди ахир!.. — деб юм-юм йиғлайди бетаскин она. — Менинг Руженкам атиги уч ойлик чақалоқ.
— Ҳали шунақа денг, — дейди болаларнинг қай вақтдан юра бошлаши ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган пан Бартошек. — Унда менга айтинг-чи, қандай ўғирлаган бўлишлари мумкин уни?
Пан Бартошек, болангиз топилади, деб азза-базза, қайта-қайта қасам ичавериб терлаб кетди ва ниҳоят бу ёш онадан воқеа қандай бўлганлигини бир амаллаб билиб олди.
Воқеа бундай бўлган экан: пан Ланда ўз назоратидаги амлокларни кўздан кечириш учун жўнаб кетган экан. Уйда ёлғиз қолган пани Ландова қизалоғи Руженка учун чиройли ошхўрак тикмоқчи бўлибди-ю бунинг учун шоҳи мато танлагани магазинга йўл олибди; Руженка ётган аравачани кўчада қолдириб дўконга кирибди, харид қилиб қайтиб чиқса, аравачаям, Руженкаям йўқмиш. Пан Бартошекнинг ярим соат куйиб-пишиб суриштириб билгани фақат шу бўлибди.
— Гапингизга қараганда, пани Ландова, — деб хулоса чиқарди пан Бартошек, — бунинг учун хафа бўладиган томони йўқ; ўзингиз ўйлаб кўринг, чақалоқни ўғирлашга кимнинг ҳам кўзи учиб турибди? Одатда бунақа гўдакларни бировларнинг эшиги тагига ташлаб кетишади. Менинг иш тажрибамда ҳам шундай бир ҳодиса бўлган эди; аксар пайт чақалоқни пуллаш қийин бўлади; лекин аравача учун бирон нима ундириш мумкин; партўшакча учун ҳам — партўшакчаси бўлгандир, албатта? Фақат шу деб ўғирлик қилган бўлишлари мумкин. Тахминимча, кимгадир аравача билан партўшакча керак бўлиб қолган. Менимча, бу аёл кишининг иши. Негаки, чақалоқ солинган аравачани итариб юрган эркак одам дарров ҳамманинг эътиборини тортади. Ўша ўғри аёл чақалоқни бирон ерга ташлаб кетган бўлиши мумкин, — деб пан Бартошек ёш онани юпатмоқчи бўлди, — ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, эмизикли чақалоқни бошига урадими? Кўнглим сезиб турибди, биз шу бугуноқ ўша қушчангизни топиб қўлингизга топширамиз.
— Менинг Руженкагинам очқаб қолса нима бўлади? — дерди онаизор зор қақшаб. — Уни боқадиган пайт ўтиб кетди…
— Ўзимиз уни боқамиз, — деб сўз берди комиссар, — сиз бемалол уйингизга бораверинг.
Пан Бартошек фуқаро кийимидаги бир айғоқчини чақириб, унга аёлни уйига кузатиб қўйишни буюрди.
Шу куни тушдан кейин комиссарнинг ўзи пани Ландованинг уйига келди.
— Хуллас, гап бундай, муҳтарама пани, — деди у, — аравача топилди. Энди фақат чақалоқни топиш қолди. Бўш аравачани биз бир уйнинг дарвозахонасидан топдик, у уйда ҳеч қанақа чақалоқ йўқ экан. Тўғри, бир аёл фаррош хотиннинг олдига келиб, рухсат берсангиз, шу ерда боламни эмизиб олсам, дебди, ҳм… м… шундай дейишга дебди-ю дарров жўнаб қолибди… Жин урсин, — деди у бирдан бошини сарак-сарак қилиб, — ахир у аёл аравачани эмас, айнан чақалоқни ўғирлаган бўлиб чиқади-ку. Демак, азизим пани, ҳамонки бола ўша ўғри хотинга керак экан, у чақалоғингизга зиён етказмайди, уни еб ҳам қўймайди; хулласи калом, қайғурмасангиз ҳам бўлади.
— Лекин мен ўз Руженкамни қайтариб олишни истайман, — деди пани Ландова аянч билан.
— Ундай бўлса, пани, бизга болангизнинг фотосурати керак ё бўлмаса, унинг алоҳида белгилари ҳақида гапириб беринг, — деди комиссар энди овозига расмий тус бериб.
— Вой, қизиқ экансиз-у, пан комиссар, — деб йиғлаб юборди пани Ландова, — болаларни бир ёшга тўлмагунча суратга олиш мумкин эмаслигини наҳотки билмасангиз? Бунинг хосияти ёмон бўлармиш — кейин бола ўсмай қолармиш…
— Ҳм, — деб тўнғиллаб қўйди комиссар, — унда, ҳеч бўлмаса, чақалоғингизни аниқроқ таърифлаб беринг.
Онанинг таърифи жуда муфассал бўлди: Руженкагинамнинг сочлари ипакдек майин, бурунчаси — тугмачадек, кўзлари бирам чиройли-бирам чиройлики! Оғирлиғи тўрт кило-ю тўрт юз тўқсон грамм. Қизғиш рангли думбачаларида кулдиргичлари бор, оёқчаларидаги бўғинларини айтмайсизми…
— Қанақа бўғинлар? — деди комиссар ҳушёр тортиб.
— Шунақанги ширин бўғинларки, ўпиб-ўпиб олгинг келади! — деди она пиқ-пиқ йиғлаганча. — Бармоқчалариям шунақа ширин-ширин. Ойижонисига қандай кулиб боқишини кўрсангиз эди!..
— Мени кечирасиз, хоним, — дея эътироз билдирди пан Бартошек, — бунақа таъриф бўйича биз болани топа олмаймиз ахир! Алоҳида белгилари йўқми унинг?
— Бошидаги чепчиги пуштиранг лента билан боғланган, — деб ҳўнграб йиғлаб юборди она. — Қизалоқларнинг чепчигига доим пуштиранг лента тикишади! Худо хайрингизни берсин, комиссар, Руженкамни қидириб топинг!
— Тишлари қанақа унинг? — деб яна аниқламоқчи бўлди пан Бартошек.
— Вой, қанақа тиш? Ахир у энди уч ойли бўлди-ку! Вой, унинг ойижонисига қандай кулиб боқишини кўрсангиз эди! — Пани Ландова тиз чўкди: — пан комиссар, қизчамни топиб берасиз-а? Сўз беринг!
— Ҳаракат қиламиз, — дея ғўлдиради ўзини ўнғайсиз ҳис қилган пан Бартошек, — илтимос, туринг ўрнингиздан. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, ўша хотин нима қиларкан уни ўғирлаб? Битта мурғак чақалоқдан нима наф кўриш мумкин?
Бу гапдан ҳайрон қолган пани Ландованинг оғзи очилиб қолди.
— Вой, ахир боладан ширинроқ, боладан гўзалроқ нарса йўқ-ку бу дунёда! Наҳотки сизда, пан комиссар, оналик меҳридан асар ҳам бўлмаса?
Пан Бартошек ўзидаги бу камчилик ҳақида гапиришни лозим топмади ва шоша-пиша гапни бошқа ёққа бурди:
— Назаримда, бундай ўғирликка фақат ўз боласидан айрилиб қолган, аммо болали бўлишни жудаям хоҳлаган аёлгина жазм қилиши мумкин. Буни, биласизми, баъзида қовоқхоналарда юз берадиган воқеага қиёс қилиш мумкин: агар бирон хўранда адашиб сизнинг қалпоғингизни кийиб кетса, сиз ҳам бировнинг қалпоғини кийиб олиб уйингизга жўнайсиз. Лекин мен бу соҳада баъзи чораларни кўриб қўйдим: одамларимга Праганинг қаерида кимнинг уч ойли чақалоғи нобуд бўлганини суриштириб билишни ва бориб текшириб кўришни буюрдим. Аммо сиз берган таърифлар бўйича чақалоқни таниб олишимиз жуда мушкул бўлади.
— Лекин мен танийман-ку уни, — деб пиқиллай бошлади яна пани Ландова.
Пан комиссар елкасини учириб қўйди.
— Майли, шундай бўлса ҳам, — деди у ўй суриб, — жонимни тикиб гаров ўйнайманки, ўша хотин бирон манфаатни кўзлаб ўғирлаган болани. Меҳр ё муҳаббат туфайли бола ўғирлаш, муҳтарама пани, жуда сийрак учрайдиган ҳол; асосан — пул деб ўғирлик қилишади. Бўлди-да, энди, кўп обидийда қилаверманг, жин урсин! Биз қўлимиздан келган ҳамма ишни қилиб кўрамиз.
Пан Бартошек полиция маҳкамасига қайтгач, ўз ходимларига деди:
— Қани, айтинглар-чи, қай бирингизнинг уч ойли жинқарчаси бор? Бўлса, менга олиб келиб кўрсатинглар.
Бир полициячининг хотини ўзининг чақалоғини олиб келиб комиссарга кўрсатди. Пан Бартошек боланинг йўргагини ечиб кўрсатишни буюрди ва деди:
— Вой бў-ў, ҳамма ёғи шиптир-ку! Ҳа, мана — бошида сочи бор, бўғинлари ҳам… Мана бу бурунча бўлса керак-а? Тишларига келсак — биттаям йўқ… Айтинг-чи, азизам, бир чақалоқни иккинчисидан қандай фарқ қилиб бўлади?
Полициячининг хотини боласини бағрига маҳкам босганча фахр билан деди:
— Ахир бу менинг Маничкагинам-ку! Кўрмаяпсизми, пан комиссар, қизимиз худди қуйиб қўйгандек отасининг ўзгинаси?
Пан комиссар полициячи Гохман томонга ишонқирамай кўз қирини ташлади; Гохман мўйлабини диккайтириб, ажин қоплаган сўлғин лунжларини шишириб, дилбандини ўқловсифат бармоқларини ўйнатиб эркалар ва кучук бўлиб вовулларди.
— Йўқ, мен бир нарса деёлмайман, — ғўлдиради комиссар, — менимча, бурни ҳам сира ўхшамайди, балки кейинчалик катталашар… Яхшиси, мен сайлгоҳга бориб, у ердаги жинқарчаларни кўздан кечираман… Сирасини олганда, йигитларимиз ҳар қандай безори ва ялангоёқ дайдиларни бир қарашдаёқ таниб олади. Аммо лекин мана бунақа йўргакланган жимитларни, билмадим, қандоқ таниса бўларкин.
Бартошек тахминан бир соатдан кейин мутлақо ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келди.
— Менга қаранг, Гохман, — деди у ўз ёрдамчисига юзланиб. — Ахир бу ғирт бемаънилик-ку — ҳамма гўдакларнинг башараси бир хил! Чақалоқнинг ташқи қиёфасини тасвирловчи сўзлардан ҳеч бир наф йўқ. Нима, “Аёл зотидаги уч ойли чақалоқ қидирилмоқда, бошидаги сочлари ипакдек майин, бурни тугмачадек, кўзлари чиройли, думбасида кулдиргичлари бор, вазни тўрт кило-ю тўрт юз тўқсон грамм”, деб эълон берамизми? Шунинг ўзи кифоя қилармикин?
— Пан комиссар, менга қолса, чақалоқнинг вазни ҳақида эслатмаган бўлардим, — деб жиддий тарзда маслаҳат берди Гохман, — нега десангиз, бу жинқарчалар, ичи келишига ёки онасини эмишига қараб, дам оғирроқ, дам енгилроқ бўлиши мумкин.
— Ё Исо алайҳиссалом, — деб юборди комиссар, — мен қаёқдан билибман буларни? Ахир бизнинг соҳамиз эмас-ку эмизикли болалар! Менга қаранг, — деди у бирдан кўнгли ёришиб, — нима дейсиз, агар бу ишни биронта бошқа органга, масалан, “Она ва болани ҳимоя қилиш” бўлимига ошириб юборсак, қандоқ бўларкин-а?
— Лекин ўғирлик содир бўлгани аниқ-ку, — деб эътироз билдирди Гохман.
— Ҳа, ўғирлик содир бўлган, — деб тўнғиллаб қўйди комиссар. — Э худо, агар бирон кишининг соатини ё бошқа қандайдир фойдали нарсасини ўғирлашганда эди — нима қилиш кераклигини билардим; лекин ўғирланган чақалоқни қандай қидириш мумкин — ақлим бовар қилмайди!
Шу пайт эшик очилиб, бир полициячи пани Ландовани хонага бошлаб кирди. У йиғларди.
— Пан комиссар, — деб мурожаат қилди полициячи, — мана бу хоним кўчада бир аёлнинг боласини қўлидан тортиб олмоқчи бўлиб жанжал кўтарди, сал бўлмаса, юмма талашиб уришиб кетай деди. Шунинг учун уни бу ёққа бошлаб келдим.
— Бу нима қилганингиз, пани Ландова? — деб Бартошек қонунни бузган аёлга танбеҳ бера бошлади, — бизни қийнаб юбордингиз-ку!
— Ахир у менинг Руженкам эди! — деб ҳўнграб юборди жувон.
— Ҳеч ҳам Руженка эмас! — деди полициячи. — У аёлнинг фамилияси Роубалова, Будечская кўчасида тураркан, қўлидаги чақалоқ уч ойли ўғил бола эди.
— Ана, кўрдингизми, нодон аёл! — деди аччиғланиб пан Бартошек. — Агар яна бизнинг ишимизга аралашадиган бўлсангиз, биз болангизни қидиришдан воз кечамиз, билдингизми? Шошманг-чи, — деди у бир нимани эслаб. — Қизчангиз нима деб чақирганингизда қулоқ соларди?
— Биз уни Руженка деб чақирардик, — деб бир инграб қўйди ёш она. — Яна шакарим, оппоғим, олтиним, фариштам, қўзичоғим, офтобим, жажжигинам… деб чақирардик уни.
— Шу сўзларнинг ҳаммасига у қулоқ солармиди? — деди ҳайрон қолган комиссар.
— У ҳамма-ҳамма гапни тушунади! — деб ишонтирмоқчи бўлди она кўзёшларини тиёлмай йиғларкан. — Биз унга бармоқларимизни ўйнатиб, кучукча бўлиб акилласак, мушукча бўлиб миёвласак ёки уни қитиқласак, шунақанги қиқирлаб куладики…
— Сизга шуни айтишим керакки, пани Ландова, ҳамма уринишларимиз зое кетганидан афсусланаман. Чақалоғи ўлган оилаларда сизнинг Руженкангиз топилмади; одамларим ҳаммаёқни кезиб чиқишди.
Пани Ландова бир нуқтага тикилганча қотиб қолди. Кейин бирдан кўнгли ёришиб гапира бошлади:
— Пан комиссар, мен Руженкамни топиб берган одамга ўн минг крона бераман. Ҳаммаёққа овоза қилинг… қизчамнинг дарагини топган одам ўн минг олади…
— Мен буни сизга маслаҳат бермасдим, муҳтарама пани, — деди пан Бартошек ишонқирамай.
— Сиз бемеҳр одам экансиз! — деди ёш жувон мунгли оҳангда. — Мен Руженкам учун ўз жонимни тикишга ҳам тайёрман!
— Ихтиёрингиз, — деб ғўлдираб қўйди пан Бартошек. — Майли, эълон қилишим мумкин, фақат, худо ҳаққи, ўтиниб сўрайман сиздан, бошқа халақит қила кўрманг бизга!
— Жуда оғир иш, — деб хўрсиниб қўйди у пани Ландова хонадан чиқиб кетганидан кейин. — Мана, кўрасиз, роса машмаша бошланади энди.
Дарҳақиқат, машмаша бошланди: эртаси куни учта айғоқчи агент ҳар қайсиси биттадан биғ-биғ йиғлаётган уч ойли қизалоқни кўтариб келди, яна бир айғоқчи — бизга таниш бўлган Пиштора эса, эшикдан бошини кабинетга тиқиб иршайганча деди:
— Пан комиссар, ўғил бола керак эмасми? Арзонроққа топиб берардим.
— Ҳамма бало шу мукофот пулида, жин урсин, — деб сўкинди пан Бартошек. — Бунақада ҳали маҳкамамиз қошида етимхона очишимизга тўғри келади… Падарига лаънат!
“Падарига лаънат! — деб ижирғанарди у ўзининг бўйдоқлик ҳаёти ўтадиган маконига йўл оларкан. — Ҳайронман, энди қандоқ топаркинмиз у жинқарчани?”
Уйда уни ходимаси қарши олди. У суюнчи сўрамоқчи бўлгандай, оғзи қулоғида, шақиллаб гапира бошлади:
— Пан комиссар, — деди у салом бериш ўрнига, — сиз бир кириб кўринг Бойвуччангизни.
Китобхонга маълум бўлсинким, Бойвучча — бу Боксёр зотли урғочи ит бўлиб, у қайсиям бир немис бўрибосари билан зино иш қилиб қўйган эди. Кези келганда, шуни айтишим керакки, бу турли тоифадаги итлар қандай қилиб бир-бирини таниркин, деб ҳайрон қоламан; масалан, този ит такса зотидан бўлган итнинг ит эканлигини қайси белгиларига қараб билиб оларкин — асло тушунолмайман. Биз одамлар бир-биримиздан тилимиз ва динимиз билан фарқ қиламиз-у, аммо бир-биримизни еб қўйишга тайёрмиз. Хулласи калом, бу Бойвучча тушмагурнинг кўзи ёрибди — у немис бўрибосаридан нақ тўққизта кучук бола туғиб, энди думини ликиллатиб масъуд кайфиятда узала тушиб ётган эди.
— Анавини қаранг! — деб лаби лабига тегмай тинимсиз бижилларди уй ходимаси, — шунча фарзанд кўрганидан гердайиб ётишини кўринг. Вой тавба! Рост-да, нега гердаймасин? Она-ку ахир!
Пан Бартошек ўйланиб қолди ва:
— Она дейсизми? — деб сўради. — Нима, ҳамма оналар ҳам ўзларини шундай тутишадими?
— Вой, бўлмасам-чи! — деди бундай саволдан ажабланган уй ходимаси. — Сиз биронта онанинг олдига бориб, унинг боласини бир мақтаб кўринг — биласиз!
— Қизиқ! — деб қўйди пан Бартошек. — Бўпти, мен синаб кўраман.
Икки кундан кейин Катта Прагада яшовчи ҳамма болали оналарнинг дили яйраб, кўнгли тоғдек кўтарилиб кетди. Улар болаларини аравачага солиб ё қўлда кўтариб кўчага чиққанларида шу заҳотиёқ олдиларига башанг кийинган полициячи ёки бошига қора котелок кийган ғоят сертакаллуф одам келиб, уларнинг ширин-шакар болаларига кулиб боқар ва уни эркалаб, аста иягини қитиқлаганча мақтов сўзлар айтарди:
— Вуй, мунча ширин бола экан-а! Қанчали бўлди?
Қисқаси, бундай мулозаматлар барча оналар учун ҳақиқий байрам бўлганди.
Шу куниёқ соат ўн бирларда агентлардан бири комиссар Бартошекнинг ҳузурига ранги қув ўчиб, дағ-дағ титраётган бир аёлни бошлаб келди.
— Бу ўша, пан комиссар, — деди у Бартошекка, — у болани аравачада сайр қилдириб юрган экан; олдига бориб: “Вой-бў-ў, болангиз қўғирчоққа ўхшайди-я, қанчали бўлди?” — деган эдим, бу аёл менга ўқрайиб қаради-да, дарров боланинг юзини парда билан тўсиб қўйди. Шунинг учун ҳам, қани, мен билан юринг-чи, дедим-да, бу ёққа бошлаб келавердим.
— Дарров бориб пани Ландовани чақириб келинг, — деб буюрди комиссар. — Энди сиз, ойимқиз, қани, худо ҳаққи, менга айтинг-чи, ўғирланган бола нега керак бўлиб қолди сизга?
Ойимқиз кўп тихирлик қилмади, икки оғиз гап айтмасдан тилидан илинди. Бу ҳали турмушга чиқмаган аёл қайсиям бир жанобдан қизалоқ туғибди. Бола сўнгги икки кун давомида тоби қочган бўлса керак, кеча-ю кундуз муттасил биғиллаб йиғлайверибди — қорни оғриган-да. Учинчи кеча она боласини бағрига олиб, унга кўкрагини берган-у, ўзи ухлаб қолган; уйғонса, бола ўлиб қолганмиш.
— Бир нарса дейиш қийин, — деди пан Кратохвил шубҳалангандай бўлиб. — Шундай бўлиши мумкинмикин?
— Нега мумкин бўлмас экан, — деб суҳбатга аралашди доктор Витасек. — Биринчидан, она икки кеча деярли мижжа қоқмаган, иккинчидан, бола ошқозон катари дарди билан оғриган ва бир неча кунгача онасини эммаган. Бунинг натижасида, она кўкраги жуда оғирлашган; шунга кўра, маст уйқуда бўлган она бехосдан кўкраги билан болани босиб қўйган ва гўдак нафас ололмай ўлиб қолган бўлиши мумкин. Бунақа ҳолат юз бериши мумкин, албатта. Хўш, кейин нима бўлибди?
— Хуллас, боя мен айтгандай бўлган, — деб ҳикоясини давом эттирди пан Кратохвил. — Бу аёл боласининг ўлиб қолганини кўргач, бу ҳақда черковга хабар қилгани кўчага чиққан, лекин йўлда кетатуриб, пани Ландованинг қизчаси ётган аравачани кўрган-у черковга бориш ниятидан қайтган: унинг кўнглига, ўйнашим бўлган жаноб бегона бола учун ҳам бояги-боягидай алимент тўлайверади, деган фикр келган. Яна, айтишларича, бу аёлнинг кўкраклари қаттиқ оғрий бошлабди, сути кўпайиб кетганидан.
— Бу ҳам тўғри, — деди пан Витасек бош ирғаб.
— Биласизми, пан Витасек, — деди пан Кратохвил, — мен бунақа ишларни унча тушунмайман. Гапнинг пўскалласи, у пани Ландованинг аравачасини ўғирлаган-у, кейин аравачани бегона бир уйнинг дарвозахонасига ташлаб кетган. Руженкани эса ўзининг марҳума Зденочкаси ўрнига қиз қилиб олган. Афтидан, бу аёл сал телбанамо бўлса керак: ўлиб қолган қизчасини холодилникка қўйиб қўйибди — кечаси қоронғида бир ерга олиб бориб кўмаман, деган хаёл билан.
Бу орада пани Ландова ҳам етиб келди.
— Мана, ойижониси, — деди унга пан Бартошек. — Олинг, ана, ширин-шакарингизни.
Пани Ландованинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.
— Вой, бу менинг Руженкам эмас! — деб ҳўнграб йиғлаб юборди у. — Руженкамнинг чепчиги бошқача эди!
— Жин урсин! — деб бақириб берди комиссар. — Олдин йўргагини ечиб қарасангиз-чи!
Болани ёзув столига ётқизиб, йўргагини ечишди: шунда пан Бартошек чақалоқнинг оёқчаларини кўтариб туриб деди:
— Энди қаранг-чи, думбачасида кулдиргичлари бормикин…
Пани Ландова эса, аллақачон тиз чўкиб олиб, жигарпорасининг бошидан то товонигача ялаб-юлқаркан, юм-юм йиғлаганча дерди:
— Вой, ўргилай сендан, Руженочкагинам, вой ойижонинг айлансин сендан, олтиним, оппоғим, ўзим гиргиттонинг бўлай, попук қизим…
— Ўтинаман, пани Ландова, — деди бундай манзарани унча хуш кўрмаган пан Бартошек, — бас қилинг йиғини, бўлмаса, азбаройи шифо, мен бўйдоқлик ҳаётимга хотима ясаб юбораман. Энди ваъда қилганингиз ўн минг крона масаласига келсак, хоним, сиз у пулни ёлғиз оналарга ёрдам фондига беринг, келишдикми?
— Пан комиссар, — деб юзланди унга қалби шавқу завққа тўлган пани Ландова. — Руженкамни қўлингизга олиб, унга оқ фотиҳа беринг!
— Шу шартмикин? — деб тўнғиллади пан Бартошек. — Қанақа қилиб қўлга олиш керак ўзи буни? Ҳа, бундай денг. О, қаранг, ҳозир у йиғлаб юборади. Ушланг, олинг уни тезроқ! Руженкангиз ўзингизга буюрсин!
Чақалоқ воқеаси шундай тугаган эди.
Қодир Мирмуҳамедов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 12-сон.