Артист Бенда иккинчи сентябр куни дом-дараксиз ғойиб бўлди. Театр санъатининг чўққисига ҳайратомуз шиддат билан кўтарилган бу артистни маэстро Ян Бенда деб атай бошлаган эдилар. Сирасини айтганда, иккинчи сентябрда ҳеч қандай воқеа содир бўлгани йўқ: уй ходимаси Марешова хола эрталаб соат тўққизда артистнинг уйини йиғиштиргани келганида, хона ҳар доимгидай билиқсиб, айқаш-уйқаш бўлиб ётган экан. Тўшак мижғалоқ-у, аммо уй эгаси уйда йўқ экан. Бу ажабланарли ҳол бўлмагани сабабли, ходима хонани супириб-сидириб, йиғиштирган-да уйига қайтиб кетган. Маъқул. Лекин ўша пайтдан бошлаб Бенда дом-дараксиз ғойиб бўлди.
Марешова хола артистнинг уйида йўқлигидан ҳайрон бўлмаган. Сабабки, артистлар лўлиларга ўхшашади. Ким билсин, бирон ёққа кетгандир ўз санъатини кўрсатгани ёки маишат қилгани. Лекин Бенда ўнинчи сентябр куни театрда бўлиши керак эди. Шу куни “Қирол Лир” нинг репетицияси бошланиши мўлжалланган эди. Аммо артист на биринчи, на иккинчи, на учинчи репетицияга келди. Ана шундан кейин театрдагилар хавотирланиб, Бенданинг дўсти доктор Гольдбергга қўнғироқ қилишди ва: “Бендага нима бўлди — хабарингиз йўқми?” — деб сўрашди.
Доктор Гольдберг жарроҳ эди ва кўричакларни ташриҳ қилиш билан катта пул топарди — ахир бу яҳудийларнинг асл касби-ку. Тўладан келган, кўзига тилла гардишли, шишалари қалин кўзойнак таққан бу одамнинг қалби ғоятда пок эди. У санъат мухлиси эди, уйининг ҳамма деворларига суратлар осилган эди. Бендани-ку бошига кўтариб юришга ҳам рози эди. Лекин Бенда докторга дўстона бепарволик билан қарар ва ресторанларда унинг учун ҳақ тўлашига лутфан розилик билдирардики, бу ҳақлар арзимас майда пуллар эмас эди, албатта. Маишатбозлик авжга минган чоғларда кўпинча Бенданинг трагедия ниқобини эслатувчи юзи билан сувдан ўзга ҳеч нима ичмайдиган доктор Гольдбернинг мудом кулиб турувчи чеҳрасини ёнма-ён учратиш мумкин эдики, бундай айшу ишратлар буюк артист шуҳратининг орқа томони эди.
Шундай қилиб, докторга театрдан қўнғироқ қилишиб, Бендани сўрашди. У, Бенданинг қаердалигини билмайман, лекин қидириб кўраман, деб жавоб қилди. Ҳолбуки, доктор, дўстидан хавотирланиб, бир ҳафтадан бери қовоқхонама-қовоқхона изғиб, шаҳар ташқарисидаги отелларга бориб уни қидириб юргани ҳақида оғиз очмади. У қаттиқ изтиробда эди, чунки, Бенда бирон фалокатга учраган бўлмасин тағин, деб хавотир ола бошлаган эди. Маълум бўлишича, Бендани энг кейин кўрган одам доктор Гольдбергнинг ўзи экан. У шундай тахмин қилди. Чунки август ойининг охирида улар иккови Прага қовоқхоналарини тунда тантанавор кезиб чиқишни режалаштирган эдилар-у, лекин тайин қилинган кунда Бенда учрашув ерига келмаган эди. Доктор Гольдберг, балки тоби қочиб қолгандир, деб ўйлаб, бир кун кечқурун Бендани кўргани келди. Бу кун биринчи сентябр эди. Гарчи ичкаридан қандайдир ғижирлаган, тақиллаган товушлар эшитилаётган бўлса ҳам, шунча қўнғироқ қилингани билан ҳеч ким эшикни очмади. Доктор беш дақиқагача пайдарпай қўнғироқ тугмасини босиб турди. Ниҳоят, ичкаридан оёқ товуши эшитилди ва остонада эгнига халат кийган Бенда кўринди. У шундай қўрқинчли қиёфада (ўзини анча олдириб қўйган, исқирт, сочлари ҳурпайган, соқол-мўйлаби камида бир ҳафтадан бери устара кўрмаган) эдики, доктор уни кўриб кайфи учиб кетди.
— А-а, сизмидингиз? — деди Бенда совуққина қилиб. — Нега келдингиз?
— Ё тангрим, нима бўлди сизга?! — деди доктор ҳайратда.
— Ҳеч нима! — деб тўнғиллади Бенда. — Мен ҳеч қаёққа бормайман, тушундингизми? Мени тинч қўйинг.
Шундай деб у Гольдбергнинг кўзи олдида “қарс” этиб эшикни ёпиб олди. Эртаси куни у ғойиб бўлди.
Доктор Гольдберг кўзойнагининг қалин шишалари ортидан хона эшигига маъюс тикилиб қолди. Унга бир нима бўлган. Доктор Бенда яшаб турган уйнинг қоровулидан баъзи нарсаларни билиб олди: бир куни кечаси (эҳтимол бу иккинчи сентябрда бўлгандир) соат учларда уй олдида бир автомобил тўхтабди. Ундан ҳеч ким тушмабди-ю, лекин унинг клаксони овози эшитилибди — чамаси, шу уйда яшовчилардан кимнидир чақираётган сигнал бўлса керак. Кейин йўлакда оёқ товуши эшитилган — кимдир ташқарига чиқиб, кўча эшикни ёпган. Сўнг машина жўнаб кетган. “У қанақа автомобил эди?” — деган саволга қоровул: “Мен қаёқдан билай? Кимам шунақа бемаҳалда, нақ тунги соат учда, бўлар-бўлмасга иссиқ ўрнини тарк этарди, дейсиз? Лекин ўша автомобилдагилар шошаётган бўлишса керак, устма-уст сигнал беришаверишди”, — деди.
Марешова хола маэстронинг бутун ҳафта давомида уйдан чиқмагани ҳақида гапирди.
— Чиққан бўлса ҳам, — деди у, — фақат кечаси чиққандир. Соқол-мўйловини олмади. Эҳтимол ювинмаган ҳам бўлса керак. Тушлик ва кечликни уйига обкелтириб турди. Кун-уззукун коньяк ичиб, диванда ағанаб ётаверди. Билганларим шу, шекилли.
Мана, энди Бенда воқеаси элга ошкор бўлганидан кейин, Гольдберг Марешова хола билан гаплашгани кирди.
— Менга қаранг, она, — деди у, — эслолмайсизми, Бенда уйдан чиқиб кетаётганида устига нима кийган бўлиши мумкин?
— Ҳеч нима! — деди Марешова хола. — Мана шу нарса ёқмай турибди, тақсир. У ҳеч нима киймаган. Мен унинг ҳамма кийимларини ёддан биламан, ҳаммаси гардеробда осиғлиқ турибди. Биттасиям каммас.
— Наҳотки, у ички кийимда кетган бўлса? — деб ҳайрон бўлди доктор.
— Ички кийимдаяммас, — деди Марешова хола. — Яна ботинкаям киймаган. Бу ерда бир ишкаллик бор-ов. Мен унинг ички кийимлари саноғини биламан. Менда ҳаммаси ёзиғлиқ, ахир унинг ички кийимларини кирхонага ўзим олиб борардим-да. Мана, шу бугун ювдиргани олиб борганим ички кийимларни олиб келдим, ҳаммасини тахлаб санаб чиқдим. Ўн саккизта — ҳаммаси шу ерда. Биронтаси ҳам йўқолмаган, ҳатто дастрўмолларгача, ҳаммаси бут. Фақат кичкина жомадонча йўқ — биласиз, дўстингиз уни доим ўзи билан олиб юрарди. Агар у ўз ихтиёри билан кетган бўлса, бояқиш қўлида жомадонча билан қип-яланғоч жўнаб кетган…
Доктор Гольдбергнинг ташвиши яна ортди.
— Она, — деб юзланди у ходимага, — сиз иккинчи сентябр куни унинг уйига борганингизда кўзга ташланадиган қандайдир бир тартибсизликни пайқамадингизми? Бирон нима ағдарилган ё баъзи буюмлар синдирилган, эшик бузилган эмасмиди?..
— Тартибсизлик, дейсизми? — деди Марешова хола. — Тартибсизлик ҳар доимгидай эди. Биласизми, агар дунёда иккита ислиқи бўлса, биттаси шу жаноб Бенда. Аммо кўзга ташланадиган бошқача бирон-бир тартибсизликни кўрмадим… Айтинг-чи, доктор, агар у эгнига ҳеч вақо киймаган экан, шу алпозда қаёққа бориши мумкин?
Доктор Гольдберг ҳам ходима билган нарсадан ортиқ ҳеч нима билмасди, шунга кўра, у ғоятда нохуш кайфиятда полиция маҳкамасига йўл олди.
— Бўпти, — деди полиция амалдори Гольдбергнинг арзини тинглаб бўлиб, — биз қидирувни бошлаймиз. Лекин айтган гапингизга қараганда, ҳамонки у бутун ҳафта давомида уйдан чиқмай, соқол-муртини ўстириб, ювуқсиз ҳолда диванда ётиб олиб, паққос коньяк отиш билан машғул бўлган, кейин уйидан худди ёввойи одамдек қип-яланғоч ҳолда қочиб кетган экан, бу…
— Руҳий касаллик, демоқчимисиз? — деди доктор Гольдберг.
— Ҳа, — деб жавоб қилди амалдор. — Буни ғайришуурий ҳолатда ўз жонига қасд қилиш, деб таърифлаш ҳам мумкин. Мен бунга ажабланмаган бўлардим.
— Унда жасади топилган бўларди-ку, — деб ишонқирамай эътироз билдирди доктор. — Қолаверса, қип-яланғоч ҳолда қаёққаям бора оларди? Кейин, нима учун у жомадончани ўзи билан олиб кетган? Унга келган автомобил-чи? Йўқ, бу кўпроқ уйдан қочишга ўхшаб кетяпти.
— У ҳеч кимдан қарз эмасмиди? — деб сўраб қолди бирдан амалдор.
— Йўқ, — деб дарҳол жавоб қилди доктор. — Тўғри, Бенда ҳамиша қулоғигача қарзга ботган бўларди-ю, лекин парвойи фалак юраверарди.
— Ёки, масалан, бирон-бир шахсий фожиа… севгиси барбод бўлган, ё захм касаллигини юқтирган, ёки одамни жонидан кечдиришга қодир бирон кор-ҳол юз бергандир, эҳтимол?
— Менга маълум эмас бундай ҳолатлар, — деб жавоб қилди доктор ҳеч иккиланмай. Тўғри, у бир-икки ҳодисаларни эслади, лекин уларнинг биронтаси ҳам Бенданинг шубҳали ғойиб бўлишига дахлдор эмас эди.
Шунга қарамай, доктор “полиция қўлидан келган ҳамма ишни қилади”, деган ваъдага ишониб уйига қайтаркан, ғойиб бўлган дўстининг ҳаётида юз берган ва ўзи шоҳид бўлган воқеаларни бир-бир эслай бошлади. Маълумотлар йўқ даражада эди:
1. Бенданинг қаердадир, чет элда никоҳдан ўтган қонуний хотини бор эди, аммо Бенда, турган гапки, у хотинига ҳеч ёрдам қилмасди.
2. Бенда Холешовицада турувчи бир қизни пул билан таъминлаб турарди.
3. Бенда йирик фабрика хўжайини Корбелнинг хотини Грета билан алоқа қиларди. Бу Гретанинг фикри-зикри артист бўлиш эди, шу сабабли Корбел хотини бош ролни ижро этган аллақандай фильмларга маблағ ажратар эди. Умуман, Бенда — Гретанинг ўйнаши эканлиги кўпчиликка маълум эди. Бу аёл эҳтиёт бўлишни хаёлига ҳам келтирмай, Бенданинг уйига келиб турарди. Лекин Бенда ҳеч қачон ҳеч кимга бу учрашувлар ҳақида оғиз очмаган эди. У аёлларга нисбатан гоҳ рицарона олижаноблик билан, гоҳ ўта бетакаллуфлик билан муомала қилардики, унинг бу кейинги муомаласи докторнинг ғашини келтирарди.
— Йўқ, — ноумид қўл силтади Гольдберг, — Бенданинг шахсий ҳаётини тангрининг ўзи тушунмаса, бандаси тушунмайди. Нима бўлгандаям, мен жонимни тикиб онт ичаманки, бунинг тагида қандайдир бир ёвуз сир бор. Ҳа, майли, энди бу ёғига полиция шуғулланадиган бўлди-ку.
Лекин, турган гапки, Гольдберг полициянинг қандай тадбир кўришини ҳам, қандай натижага эришиши мумкинлигини ҳам билолмасди. У фақат ҳаяжони ошгандан ошиб полициядан хабар келишини кутарди. Лекин орадан бир ой ўтса ҳам ҳеч қандай янгилик эшитмади ва Ян Бенда ҳақида ҳамма энди ўтган замон феъли билан гапира бошлади.
Бир куни кечқурун доктор Гольдберг кўчада кекса артист Лебдушкани учратиб қолди. Улар у ёқ-бу ёқдан гаплашиб туриб, суҳбат орасида Бендани ҳам тилга олишди.
— Оҳ, у қандай зўр артист эди-я! — деб эслади кекса Лебдушка. — Мен уни йигирма ёшлик чоғидан биламан. Освальд ролини шундай дўндириб ижро этган эдики у бола! Биласизми, медик-талабалар фалаж дардига йўлиққан одамнинг қандай бўлишини кўриш учун театримизга ёпирилиб келишарди. Унинг ўша ёшлик чоғида ижро этган Қирол Лирини айтмайсизми! Мен ҳалигача билолмайман унинг қандай ўйнаганини, чунки бутун спектакл давомида мен унинг қўлларидан кўзимни уза олмаганман. Қўллари саксон ёшли чолнинг қўлига ўхшарди — чўп-устухон, қовжираган, совуқдан дийдираган аянчли қўллар… Буни у қандай қилганлигини ҳалигача тушунолмайман… Бу фақат Бенданинг қўлидан келиши мумкин эди! Унинг бу маҳоратини фақат артист одам баҳолаши мумкин.
Доктор Гольдберг бу касбий таъзияномани маҳзун мамнуният билан эшитди.
— Ҳа, у ўзига талабчан артист эди, — деб хўрсиниб қўйди Лебдушка. — У сохта бутафорияни ёқтирмасди. Эсимда, бир марта: “Бунақа эскирган тўр ёқа билан қирол ролини ўйнамайман. Янгисини топинг!” — деб театр тикувчисини зир югуртирган эди. Отелло ролини ўйнашга киришганда эса, шаҳардаги барча антиквар (антиқий моллар билан савдо қилувчи) дўконларни кезиб чиқиб, ўша Отелло замонига хос узукни топганди ва рол ижро этганида ҳамиша уни саҳнага тақиб чиқар эди. “Мен ҳақиқий кийим, ҳақиқий буюм билан ролимни яхшироқ ўйнайман” дерди у доим. Йўқ, бу ўйин эмас, бошқа қиёфада гавдаланиш эди. Антракт (танаффус) пайтида у япалоққушдек тумшайиб олар ва образдан чиқиб кетмаслик учун ўз гримхонасига кириб олиб ҳеч кимни ёнига яқин йўлатмасди. У ролларни мудом асабий ҳолатда ўйнагани учун ҳам кўп ичарди, — деб илова қилиб қўйди Лебдушка ўйчан кайфиятда. — Хўп, бўлмаса, мен кинога кирмоқчи эдим, — деди у хайрлашар экан.
— Мен ҳам сиз билан бораман, — деди бекорчиликдан безор бўлган Гольдберг.
Кинода денгизчилар ҳақида қандайдир фильм намойиш қилинаётган эди. Лекин доктор деярли экранга қарамади. У кўзларида ёш билан Лебдушканинг Бенда ҳақидаги жоврашларини тингларди.
— Тўғри, доктор, у чўчқа мисол кун кечирди. Аммо саҳнага чиққанида ҳақиқий қирол ёки чинакам ялангоёқ дайди бўлиб кетарди. У гўё бир умр тахтда ўтириб, фармон бериш билан машғул бўлган қиролдай, улуғвор қиёфада тутарди ўзини. Ҳолбуки у сайёр бир чархчининг ўғли эди. Экранга қаранг: кема ҳалокатига учраган одам ҳам шунақа бўларканми? Киши қадами етмаган оролда яшаяпти-ю, силлиқ қилиб олинган тирноқлари остида кир йўқ. Аҳмоқ! Соқоли-чи? Ёпиштирилгани яққол сезилиб турибди. Йўқ, бу ролни агар Бенда ўйнаганида, ўзининг ҳақиқий соқолини ўстирган бўларди, тирноқлари остида эса ҳақиқий кир бўларди… Сизга нима бўлди, доктор?
— Кечирасиз, — деб ғўлдиради доктор Гольдберг дик этиб ўрнидан тураркан, — бир беморим эсимга тушди. Раҳмат сизга, биродар.
“Бенда ҳақиқий соқолини ўстирган бўларди, — деб такрорлади ичида у кино залидан шоша-пиша чиқиб бораркан. — Албатта, шундай қилган бўларди! Нега илгарироқ миямга келмабди-я?”
— Полиция маҳкамасига! — деб қичқирди у биринчи дуч келган таксига ўтираркан.
Гольдберг навбатчи офицер ҳузурига кириб бориб, азза-базза унга ёлбора бошлади:
— Худо хайрингизни берсин, нима қилиб бўлса ҳам ҳозирнинг ўзида, шошилинч равишда билиб берсангиз — иккинчи сентябр куни ё ундан кейинроқ бирон ерда — қаерда бўлса ҳам бари бир, — биронта номаълум дайди одамнинг жасади топилмадимикин…
Навбатчи офицер шу заҳотиёқ текширгани ёки сўрагани қаёққадир кириб кетди. Доктор бундай ҳозиржавобликни асло кутмаган эди. Гольдберг офицернинг қайтишини даҳшатли шубҳалардан совуқ терга ботиб кута бошлади.
— Марҳамат, эшитинг, — деди қайтиб келган офицер, — иккинчи сентябр куни эрталаб Кршивоклат ўрмони нозири қирқ ёшлар чамасидаги номаълум бир дайдининг жасадини топган. Учинчи сентябрда Литомержица яқинида Лаба дарёсидан ўттиз ёшлар чамасидаги номаълум эркакнинг жасадини тортиб олишган — у сувда камида икки ҳафта ётган деб тахмин қилинади. Ўнинчи сентябр куни Немис кечуви яқинида ўзини осган одам топилган, унинг шахси аниқланмаган. Бу ўзини осган одам олтмиш ёшлар атрофида бўлган…
— Жасади ўрмондан топилган дайди ҳақида бирон-бир маълумот борми? — деб сўради Гольдберг нафасини ичига ютганча.
— Қотиллик, — деди навбатчи тобора ҳаяжони ортиб бораётган докторга тикилиб қарар экан. — Полиция пости ёзган рапортга қараганда, марҳумнинг бош чаноғи тўмтоқ қурол билан уриб мажақланган. Жасад ёриб текширилганда шундай хулосага келинган: у алкоголик бўлган, мияси шикастлангани оқибатида ўлган. Мана унинг фотосурати. Роса бежашган ўзиям! — деб қўшиб қўйди навбатчи.
Суратда дағал каноп мато кўйлаги ёқавайрон, жулдур кийимли мурда фақат белигача тасвирланган эди. Унинг кўзи ва пешонасига қон чапланганидан одамзот эканлигини билиб бўлмасди. Фақат тиккайган туклар билан қопланган иягида ва ярим очиқ қолган лабларида одамга хос қандайдир аломатлар мавжуд эди. Гольдберг худди безгак хуруж қилаётгандек қалт-қалт титрарди. Наҳотки, шу Бенда бўлса?
— Биронта алоҳида белгиси аниқланибдими? — базўр қийналиб сўради у.
Офицер қоғозга қаради.
— Ҳм… Бўйи юз етмиш саккиз сантиметр, сочларига оқ оралаган, тишлари чириган…
Доктор Гольдберг пишқириб енгил нафас олди.
— Демак, бу у эмас. Бенданинг тишлари худди шерникидек бақувват эди. Бу у эмас! Мени авф этинг, сизни анча овора қилдим, лекин бу мурда у бўлиши мумкин эмас…
“Мумкин эмас! — деб таъкидларди у уйига қайтаркан анча енгил тортиб. — Бенда, эҳтимол, тирикдир. Балки у ҳозир “Олимпия” қаҳвахонасидами ё “Қора ўрдак” қовоқхонасидами маишат қилиб ўтиргандир”.
Шу куни тунда доктор Гольдберг яна бир марта Прагани айланиб чиқди. У бир пайтлар Бенда ишрат қилган ҳамма қовоқхоналарга, ишратхоналарга кириб чиқди, аммо Бенда ҳеч ерда йўқ эди. Тонг отай деб қолган эди. Бирдан докторнинг ранги қув ўчиб кетди ва ўзига ўзи: “Ғирт аҳмоқ эканман”, деди-да, гаражига югурди. Орадан кўп вақт ўтмай, у Прага районларидан бирининг бошқармасига кириб бориб, бошлиқни уйғотишларини талаб қилди. Бахтига — бу бошлиқ илгари Гольдбергнинг пациенти бўлган экан: бир пайтлар доктор унинг кўричагини кесиб олиб, унинг қўлига спиртли банкада тутқазган экан. Мана шу қадрдонлик туфайли доктор шу заҳтиёқ мурдани гўрдан ковлаб чиқаришга рухсат олди ва орадан икки соат ўтар-ўтмас, бундай қилишга қарши бўлган район врачининг иштирокида номаълум дайдининг жасади қабрдан ковлаб чиқарилди.
— Айтдим-ку, сизга, ҳамкасаба, — деб тўнғиллади район врачи, — бу мурдага Прага полицияси ҳам қизиққан эди. Бу мутлақо одамгарчиликдан чиққан, исқирт дайди Бенда бўлиши асло мумкин эмас.
— У битлаганмиди? — деб суриштирди доктор Гольдберг.
— Билмайман, — деди врач жаҳл билан. — Орадан шунча вақт ўтди, энди уни таниб бўлармиди, биродар? Бир ойдан бери ерга кўмилиб ётибди…
Мана, гўр очилди. Гольдберг дарров бир одамни арақ олиб келгани юборди. Чунки гўрковларни қопга тиқилган бу ўта мудҳиш мурдани қабрдан тортиб олиб ўликхонага олиб боришга кўндириш арақсиз осон эмас эди.
— Ана, бориб кўринг ўзингиз, — деди район врачи Гольдбергга ва ўзи кўчада қолиб аччиғи ўткир сигара тутатди.
Бир дақиқа ўтар-ўтмас ранги мурданикидек оқариб кетган Гольдберг ўликхонадан гандираклаб чиқиб келди.
— Юринг, ўзингиз кўринг! — деди у хирқироқ овоз билан ва яна мурда томон йўл олди.
У врачга бир вақтлар калла бўлган жойни кўрсатди-да, қўлидаги пинцет билан лабнинг қолдиғини тортди. Икковларининг кўзига чириган қоп-қора тишлар кўринди.
— Яхшилаб қаранг! — деди Гольдберг мурданинг тишлари орасидаги қора қатламни қўлидаги пинцет билан чимдиб-чимдиб оларкан. Ниҳоят, иккита бақувват курак тиш ярақлаб кўринди. Гольдберг ортиқ бардош қилолмади ва бошини икки қўли билан чангаллаганча ўликхонадан отилиб чиқиб кетди.
Лекин салдан кейин яна қайтиб кирди. Унинг ранги докадек оқариб кетганди, руҳи тушган эди.
— Ана сизга ўша “чириган тишлар”, — деди у маҳзун овозда. — Артистлар қари чол ёки ялангоёқ дайдиларнинг ролини ўйнашганда тишларига шунақа қора қатрон ёпиштиришади. Бу жулдурвоқи, ҳамкасаба, артист эди… Буюк актёр эди! — деб қўшиб қўйди у ва умидлари пучга чиққанидан қўл силтаб қўйди.
Доктор Гольдберг шу куниёқ фабрика хўжайини Корбелнинг олдига борди.
— Афандим, — деди у бу ғўлабирдан келган бағбақадор одамга кўзойнагининг қалин шишалари ортидан қаттиқ тикиларкан. — Мен ҳузурингизга артист Бенданинг иши бўйича келувдим…
— Ие! — деди фабрика хўжайини қўлларини энсасида чалиштираркан. — Демак топилибди-да?
— Қисман. Менимча сизни бу қизиқтириши мумкин, зеро сиз унинг иштирокида фильм олмоқчи бўлган экансиз… аниқроғи, ўша фильм учун маблағ ажратган экансиз.
— Қанақа фильм? — бепарволик билан сўради бу барзанги одам. — Мен бундан бехабарман.
— Мен, — деди густоҳлик билан Гольдберг, — Бенда дайди ролини… сизнинг хотинингиз эса, бош аёл ролини ижро этиши лозим бўлган фильм ҳақида гапиряпман. Сирасини олганда, бу уринишларнинг ҳаммаси Корбелова хонимнинг инжиқликлари самараси эди, — деб илова қилди у соддадиллик билан.
— Сиз бунга аралашманг! — дея пўнғиллади Корбел. — Бу гапни Бенда ўйлаб топган бўлса керак… Ҳаммаси қуруқ сафсата. Шунга ўхшаган бир ният тахмин қилинган эди… Буни сизга Бенда айтган бўлса керак-а?
— Йўқ, ахир сиз унга бу ҳақда оғиз очмасликни буюргансиз-ку. Лекин гап шундаки, Бенда умрининг охирги ҳафтасида, ҳақиқий дайди қиёфасига кириш учун, соч-соқолини ўстирган эди. Чунки у энг майда икир-чикирларга нисбатан ҳам жуда талабчан артист эди, шундай эмасми?
— Билмайман, — деди хўжайин чўрт кесиб. — Хўш, яна нима гапингиз бор менда?
— Гапим шуки, фильмни иккинчи сентябр куни суратга олмоқчи бўлгансиз, тўғрими? Фильмнинг дастлабки кадрларини Кршивоклат ўрмонида тонг чоғида суратга олиш мўлжалланган. Ялангоёқ дайди эрталабки туман чоғида… ўрмон ёқасида уйқудан уйғонади… жулдур кийимларига тўкилган баргларни қоқади… О, бу ролни Бенда қандай зўр маҳорат билан ижро этган бўларди. Ҳа, у эгнига чордоқда чанг босиб ётган увадаси чиқиб кетган рўдапо кийиб олган. Ана шунинг учун ҳам Бенда ғойиб бўлганидан кейин, унинг барча кийим-бошлари шкафда тўла-тўкис сақланиб қолган. Ҳайронман, нима учун ҳеч ким бунга эътибор бермабди-я? Ҳа, образга кириб кийинишда ҳеч ким унинг олдига тушолмасди.
— Хўш, кейин-чи? — деди бу барзанги одам чироқ шуъласи тушмаган қоронғи томонга суриларкан. — Бу гапларни менга айтишдан ниятингиз нима — тушунмадим?
— Айтмоқчиманки, иккинчи сентябр куни кечаси соат учларда сиз Бендани олиб кетгани машинада келгансиз, — қайсарлик билан гапини давом эттирди доктор Гольдберг, — эҳтимол, у сизнинг шахсий машинангиз эмас, ижарага олинган машина бўлгандир ва албатта лимузиндир. Уни, ўйлашимча, укангиз ҳайдаган, у спортчи ва ишончли шерик. Сиз уй олдига етиб келиб, Бенданинг хонасига кўтарилмагансиз, балки клаксонни ду-дулатиб хабар бергансиз. Уйдан Бенда… аниқроғи, соч-соқоли ўсган, ҳаммаёғи қасмоқ бир ялангоёқ чиққан. “Чиқинг тезроқ, — дегансиз унга, — оператор кутиб қолган бўлса керак”. Шундан кейин сиз уни Кршивоклат ўрмонига олиб кетгансиз.
— Машина рақами сизга маълум бўлмаса керак, албатта? — киноя билан сўради ўзини қоронғига олган шахс.
— Маълум бўлганида, сизни аллақачон ҳибсга олган бўлишарди, — деди доктор Гольдберг ҳар бир сўзни дона-дона қилиб айтиб. — Ўшанда сиз тонг чоғида кўзланган ерга етиб боргансиз. У ер кинога олиш учун энг ажойиб натура — ўрмон ёқаси, асрий эманлар. Укангиз, менимча, машина олдида қолиб, унинг моторини кавлаштира бошлаган, сиз бўлсангиз Бендани катта йўлдан четга бошлагансиз, тўрт юз қадамча ичкарига юргач, сиз: “мана шу ер”, — дегансиз. “Оператор қани?” — деб сўраган Бенда. Ана шу пайт сиз унга биринчи зарбани бергансиз.
— Нима билан? — деган овоз эшитилди қоронғидан.
— Қандайдир темир таёқ билан, — деди Гольдберг. — Машинанинг универсал ключи ёришга қодир эмас бундай бош чаноқни. Айни пайтда, унинг башарасини таниб бўлмайдиган қилиб “бежашингиз” ҳам керак эди. Сиз уни гумдон қилиб машина олдига қайтгансиз. “Иш пишдими?” — деб сўраган сиздан укангиз, лекин сиз чурқ этиб ҳам оғиз очмаган бўлсангиз керак, ахир одам ўлдириш осон эмас-ку.
— Сиз телба бўлибсиз, — деди қоронғида ўтирган одам.
— Йўқ, мен фақат ўз тахминларимни айтяпман. Сиз Бендани хотинингизнинг қинғир ишлари туфайли гумдон қилмоқчи бўлгансиз. Чунки хотинингиз унга очиқдан-очиқ илакиша бошлаган эди…
— Эй, мараз яҳудий, — деб ириллади фабрика хўжайини, — қандай ҳаддингиз сиғди?..
— Мен сиздан қўрқмайман, — деди Гольдберг, ўзини жиддийроқ қиёфада кўрсатиш учун кўзойнагини тўғрилаб тақаркан. — Сиз менга хўжайинлик қилолмайсиз, бойлигингиз ошиб-тошиб ётган бўлса ҳам. Қани, менга нима ёмонлик қила оласиз? Ташриҳ қилдиргани менга бормайсизми? Очиғи, мен сизга буни маслаҳат бермаган бўлардим.
Қоронғида ўтирган одам ҳиринглаб кулиб қўйди.
— Менга қаранг, ҳей, — деди у ғалати бир қувноқ оҳангда, — агар сиз ҳозир бу ерда жовраган гапларингизнинг ўндан бирини исботлай олганингизда эди, менинг олдимда эмас, полиция маҳкамасига борган бўлардингиз, шундай эмасми?
— Ҳа, шундай, — деди жуда жиддий оҳангда Гольдберг. — Агар шу айтганларимнинг ўндан бирини исботлай олганимда ҳозир бу ерда бўлмаган бўлардим. Буларнинг ҳеч бирини ҳеч қачон исботлаб бўлмаса керак. Ҳатто ўша жасади чириб ётган ялангоёқни Бенда деб исботлаб ҳам бўлмайди энди. Шунинг учун ҳам сизнинг олдингизга келдим.
— Шантаж қилганими? — деб сўради креслода ўтирган одам ва қўнғироқ тугмасини босгани қўлини чўзди.
— Йўқ, юрагингизга ғулғула солгани. Сиздаги виждон, афандим, шуурсиз. Чунки сиз жуда бадавлатсиз. Лекин бу мудҳиш сирингиздан яна кимдир огоҳ эканлиги, яъни сиз билан укангизнинг актёр Бендани — сайёр чархчининг ўғли бўлган актёр Бендани ўлдирган қотиллар эканингизни биладиган одам борлиги ҳақида ўйлаб яшашингизнинг ўзи — умрбод оромингизни бузади. Мен тирик эканман, икковингизга тинчлик йўқ. О, қанийди сизларнинг дорга осилганингизни ўз кўзим билан кўрсам! Лекин ҳамонки бунинг иложи йўқ экан, мен мудом ҳар бир кечирган кунингизни заҳарлайвераман. Бенда табиати мураккаб инсон эди, биламан. У кўпинча баджаҳл, мутакаббир, суллоҳ, беҳаё бўларди. Лекин у санъаткор эди. Сиздаги миллионларнинг ҳаммаси ҳам бу жудоликни қоплашга етмайди. Сизнинг жамики миллионларингиз унинг одамзодни улуғловчи шоҳона бир қўл ҳаракатига ҳам арзимайди, — деб доктор Гольдберг ўкинч билан қўлларини бир-бирига уриб қўйди. — Қандай қўлингиз борди-а? Ҳеч қачон кўнглингиз ҳаловат кўрмайди энди, ҳеч қачон. Бу қилган жиноятингизни унутишингизга мен йўл қўймайман. То тирик эканман ҳамиша сизга: “Бендани, актёр Бендани унутмадингизми? Буюк санъаткор Бенда ёдингиздами?” — деб эслатиб туравераман.
Қодир Мирмуҳамедов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 12-сон.