Эллик еттига кирса-да, ҳамон тетик, бардам Фёдор Дементьевич, қишлоқдошлари тили билан айтганда, Лапа, куёвининг янгигина уйидан чиқаверишда, усти ёпиқ зинапоянинг кенг, текис рандаланган тахталарига бақувват оёқларини тираганча деразаларнинг чиройли ўйма часпакларини нечанчи мартадир томоша қиларди.
Эшик очилди, отасига жуда ўхшаб кетадиган миқти Наталья хохолаганча ичкаридан чиқиб келди, ортидан чайир куёви кўринди.
– Дада, бўлди энди, қатрон суртишни бас қил. Уйга юр, совқотасан, – бидирлади у.
– Мен борай энди, Натаха, – деди Лапа қора булутлар орасида қолиб, мажақлангандек қип-қизарган қуёшга ишора қилиб. Кейин оёқларини тахтага бир муддат тапиллатиб уриб турди-да, шошилмай зиналардан яйдоқ ҳовлига тушди.
– Бароқ, – дея ҳукмона овозда чақирди у итини ва совуқдан тоқатсизланиб, оёқларини дамо-дам кўтариб-босиб турган Гнедкога қараб кетди. Отнинг бақувват сағрисига эркалаб шапатилаб қўйди. Абзални тўғрилади. Чанадаги пичанни уриб-уриб қаппайтирди. Пўстинни елкасига ташлаб, япалоқ чанага қулайроқ ўрнашиб ўтирди-да, брезент ёпилган бир қоп унга суянди.
– Соғ бўлинглар! Меҳмонга келинглар, – деб қичқирди у, бошини ортга буриб.
Атрофда айланиб юрган йирик, яғрини дағал жун билан қопланган бароқ кўппак қорни ғирчиллатиб сирпанган чана ортидан илдам қўзғалди-да, бир текис йўртиб кетган ахтани зум ўтмай қувиб ўтди. Посёлкадан чиқиб, қуюқ қарағай кўчатларини ортда қолдиргач, қайин ва ансол аралаш ўрмонга киришди. Қуёш учлари ҳурпайган дарахтлар билан қопланган қир ортига яширинди. Қош қорайди.
“Ҳар ҳолда августда уй тўйига келмаганим яхши бўлган экан, – деб ўйлади Лапа. – Сабр қилганим учун, мана, бирйўла икки қуённи тутдим: ҳам келин-куёвни кўрдим, ҳам гўштни сотдим. Лекин ақлим дуруст”, – қониқиш билан илжайди у соқолини силаркан.
Йўл тоғдан пастига энди ва узун тепаликлар сиқиб қўйган эгри-бугри ирмоқ қирғоқлари бўйлаб чўзилди. Чана ўнқир-чўнқир қияликлар бўйлаб худди аллалагандек бир маромда чайқалиб борарди. Лапа жиловни қўлдан чиқармай, қаддини тиклади-да, хаёлан даромадини чўтлаб, уни нималарга сарфлашни ҳузурланиб ўйлай бошлади.
У пул топишни билмайдиган одамларни ёқтирмасди. “Дангаса ёки анқов”, – дерди у бунақалар ҳақида. “Куёв ҳам ажойиб! Бурғуловчи устамиш! Цемент тўғрилаб беролмаса… Буни қара-я, ҳалолмиш! Тфу!” – дея тупурди у.
Гнедко чўчиб пишқирди-ю, ўйлари тўзиди.
От қулоқларини хавотир билан диккайтирди-да, бурун катаклари кенгайиб, яна пишқирди. Олдинда чопиб кетаётган Бароқ чанага яқинлашиб олди. Лапа ўгирилиб, кўзлари билан атрофни тимирскилаб, тепаликлар ёнида нималардир ғимирлаётганини сезиб қолди. Қоп-қора соялар тепаликлар устидан яширинмасдан, очиқдан-очиқ сирғалиб келарди. Бўрилар!!!
Бармоқлари ёқимсиз увишди, кўкрагининг пасти ачишди.
– Чуҳ! Чуҳ! Кетдик! – хириллади Лапа шусиз ҳам ела бошлаган ахтага қулочкашлаб қамчи ураркан. От ёли ва думини ҳилпиратганча жон ҳалпида заранг йўлдан учиб кетди, қулоқ остида шамол ҳуштак чалди. Дарахтлар қоронғилик қўйнидан шиддат билан чиқиб келиб, шу заҳоти ортда ғойиб бўлишарди. Чана ортидан шамолда шишган узун тўрсимон этак мисол қор тўзони эргашди.
Бўрилар зулматда эригандек йўқ бўлишди. Йўл ирмоқ ёқалаб чўзилган баланд, узун тепаликни айланиб ўтарди. Атрофни яхши биладиган тўда етакчиси тепадан шошилмасдан ошиб ўтди-да, тўдани чана йўлига, Гнедко жон-жаҳди билан интилаётган ерга олиб чиқди.
Лапа, отни қамчиларкан, саросима ичра нима қилишни ўйларди, чунки тўда уни осонликча қўйиб юбормасди. У сиртмоқ ўлим хавфини олиб келаётганини сезиб турарди, лекин ортга қайтишга чўчирди, боиси посёлок анча олисда қолган эди.
– Балки қутулиб кетарман, – дея ўзини юпатди Лапа. Ва жиловни бир қўли билан ушлаб, иккинчи қўли билан пичан орасини пайпаслаб, болтани топди.
Тўсатдан ахта ғайритабиий бир товуш билан пишқирди-да, қорни тўзитиб, четга сапчиди – тўда чананинг йўлини тўсиб чиққан эди. Бақувват етакчи югура туриб Гнедконинг бўйнига қараб сакради. Бечора от бир лаҳза ичида бўйни узилиб йиқилиши мумкин эди, яхшиям шоти бўрининг кўксига урилди-ю, у қорга қулади. Лапа ҳушини йиғди-ю, қопдаги унни бор кучи билан бўрилар томонга улоқтирди.
Чипта қоп ерга тушиб ҳам улгурмади, бўрилар тўлқин мисол ёпирилиб, уни ёриб ташлашди. Атрофга оппоқ тўзон тарқади. Бу вақт ичида Лапа чанани тўғри йўлга солиб олди.
– Қани! Бўлақол! Тез! – қутуриб бўкириб юборди у ахтани аямай қамчиларкан. Қўрқув ва оғриқдан эсини йўқотган от туёқлари тагидан парча-пурча қор сачратганча елар эди.
Шу асно у чопиб олдинга ўтиб бораётган Бароқни қувиб етди.
“Қутулиб оламизми, а?” хаёлида умид ярқ этди.
Чана паст-баланд ерлардан бир тушиб, бир чиқиб сирпаниб борар, бурилишларда Лапа у томондан бу томонга бориб-келарди. Орқадан эса шафқатсиз оч тўда бостириб келар, Фёдор Дементьевич буни ҳар бир ҳужайраси билан ҳис этиб борарди. Мана, етакчи тишларини шақиллатганча чанадан орқада қолаётган Бароқни тишлашга уринди, лекин ит жон ҳалпида илгарилаб, чана устига сакради-ю, ҳолдан тойиб пичанга йиқилди.
Тўда арава ғилдираклари солган тор из бўйлаб чўзилганча эркин, товушсиз, худди қор устида сирпанаётгандек енгил чопиб борар, отни муқаррар равишда ҳолдан тойдириб йиқитишга қасд қилган эди.
Лапа уларнинг узуқ-юлуқ нафасларини эшита бошлади. Сал кечикса, бўрилар қайноқ қондан маст бўлиб, узоқ кутилган ўлжани бўлаклаб, ғажиб ташлашади. У елкасидаги қўй тери пўстинни юлиб олиб, йўлга ташлади. Ваҳшийлар пўстинга ташланишди, аммо алданганларини сезгач, олдингидан ҳам кучлироқ ғазаб билан чанани қува кетишди.
Эркак тўда томонга ҳали қулоқчин телпагини, ҳали қўлқопини ота бошлади, лекин бир марта лақиллатилган бўрилар энди бу ҳийлага эътибор қилмасдилар. Таъқибдан қизишган тўда энди қонга ташна, оралиқ масофани шафқатсизларча қисқартириб борар, шиддатли, ҳолдан тойдирувчи пойга интиҳосига етиб борарди.
Фёдор Дементьевич даҳшат ичра тинмай бақирар, оғзидан тупук сачратганча бир отга қарата: “Тезроқ, Гнедко, тезроқ!” – деб қичқирса, бир ортига ўгирилиб, болтасини силкитганча тўдага таҳдид қилиб: “Чопиб ташлайман! Ҳаммангни чопаман!” – дея ҳайқирар эди.
Яна бир неча сония ўтса, бўлди, етакчи бўри сакраб қўлларига тишини ботирадигандек, қолган учтаси унинг жон таслим қилишга улгурмаган танасини ғажийдигандек туюлди…
Эркак атрофга жонсаракланиб аланглади. Шу пайт оёқларига Бароқ ёпишди.
Лапанинг кўзларида иблисона олов ёнди – ит! Тирик жонзот, қон – тўдага ҳозир шу керак! У кўппакни оёқлари билан туртиб, ўлим қаршисига итариб юборди, лекин бечора Бароқ панжаларини кенг ёзиб, ўзини тутиб қолди. Ит талмовсираганча, эгасига ранж ила боқди.
– Йўқол, ифлос! – ғазабидан овози чийиллаб кетди Лапанинг ва этиги билан қаттиқ тепди.
Бароқ ёнига оғиб йиқилди ва жағларини жипслаганча чана четини маҳкам тишлаб олди.
Бўрилар жудаям яқинлашиб қолган эди. Эркак яғринини чананинг олдига тираб, оёғини йиғди-да, бор кучи билан итнинг кенг пешонасига тепди. Тепки шу қадар куч билан тушдики, ит силлиқ рандаланган тахталарда тирноқларидан оппоқ из қолдирганча чана устидан қияламасига учиб тушди, кейин ҳавода умбалоқ ошиб, йўл устига йиқилди. Аянчли ангиллаш, бўғиқ ўкириш қулоқ пардасини тилиб юборди.
“Бўлди, тамом”, – ўйлади Лапа, баданлари жимирлаб. Бешафқат хотирасига итининг гинали қараши ўрнашиб қолди.
Чана ольха дарахтлари оралаб учиб ўтди-да, сойликдан қор босган қирга чиқиб борди, бу ердан қишлоқ уйларининг яккам-дуккам чироқлари кўриниб турарди. Силласи қуриган Гнедко қадамини секинлатди.
Шундагина Лапа эгнида биргина кўйлак қолганини, бутун вужуди даҳшат ва совуқдан қалтираб бораётганини сезди. Пичан орасига кириб олди-да, устига брезент бўлагини тортди, кейин узоқлашиб бораётган зим-зиё ўрмонга безовталаниб тикилди. Қўрқув аста-секин қўйиб юборди, ич-ичига чўкиб йўқ бўлди. Бўлиб ўтган воқеани хотирасида жонлантираркан, Лапа беихтиёр сесканар эди.
Қишлоқ чеккасига кираётиб, қизиб кетган отининг жиловидан тортди: “Отим дуруст, лекин. Бошқаси бунақанги чопишни уддаламас эди”.
Бўм-бўш, туссиз кўча бўйлаб ўзининг бир текис бўялган ёғоч девор билан ўралган кўркам уйига қараб келаркан, кўнгли бузилиб кетди: “Қайтиб кўролмаслигим мумкин эди-я”.
Дераза тўсиқлари зичлаб ёпилган, чироқ ўчиқ эди.
“Ухлаяпти, муғомбир. Унга нима”, – чанадан тушаркан, зардаси қайнаб ўйлади Фёдор Дементьевич. Дарвозани очди, эшикни этиги билан гумбурлатиб тепди.
Уй ичида кимдир товушсиз ғивирлай бошлади, шошилиб пилдиради. Зулфин шарақлаб сурилди. Эшик қия очилди. Лапа, даҳлизда кўринган озғин гавдага қарамасдан ичкари кирди. Девордаги тугмани шиқиллатиб босди, чироқ ёнмади.
– Лампочка куйиб қолди, Федя, – секингина деди хотини.
Лапа ғижиниб, иссиқ хона тўридаги чит парда ортига ўтиб кетди.
– Тез келасан деб ўйламовдим. Эртага келсанг керак, дебман, – ўзини оқлай бошлади бека.
– Дастурхон ёз, совқотдим, – буюрди эр, курсига чўкаётиб. – Эҳ, жин урсин, Гнедко кўчада қолди-ку, – дея бошига қулоқчинни қўндириб, шошилиб чиқиб кетди.
Ахтани чанадан ажратиб, илиқ бостирмага олиб кирди. Кўпик босган, қалтираётган биқинларини жул билан ёпди. Охурга бир қучоқ қуруқ, хушбўй пичан солди.
– Е! Бу сенга беками кўст хизматинг учун, – Лапа ахтанинг парвариш қилинган ёлини силаш учун қўлини узатди, лекин от негадир бошини бурди.
– Сенга нима бўлди?.. Нима бўлди сенга? Э, йўқ, бекор қиляпсан! Агар Бароқ бўлмаганда, тамом бўлардик! Тушундингми, ҳаммаси тамом бўларди! Мен қутқариб қолдим сени… Қутқардим! – шивирлаганча ўзини оқлай бошлади эгаси. Гнедко эса оғир пишқириб, қайсарлик билан бошини ўгирганча тураверди.
“Балки ўлмасмидик? – кутилмаганда кимдир ич-ичидан Лапани фош қилгандек бўлди. – Болта билан биттасини туширсанг, бу, қарабсанки, бошқаларига пўписа бўларди, ажабмас, чопиб ташланган шеригига ташланиб қолишса…”
Миясига келган шу оддий фикрдан Фёдор Дементьевичнинг руҳи тушиб кетди. “Роса мазам қочибди-ку. Намунча бошимни қотирмасам… Бўлар иш бўлди… не бўлса, тўғри бўлди”.
Итнинг катаги ёнидан ўтаётиб, занжирга қоқилиб кетди. Занжир етимона жиринглаб, юрагини симиллатиб юборди. Тўсатдан ёпирилган ланжликни енгишга уриниб, уйга кирди.
Хотини уни тузоғлиқ дастурхон ёнида кутиб ўтирарди. Даҳлизда ювиниб олгач, эр иссиқ печга елкасини тираб ўтирди-ю, сукутга толди.
– Яхши бориб келдингми, Федя? Келин-куёвни кўрдингми?
– Кўрдим… Иккови соғ-саломат. Уйлари зўр, ҳамма қулайликлари бор. Газ ёқишади. Бир ҳафтага келамиз, дейишди… Хўжаликка ёрдам бергани.
– Ўзларининг уйларида ҳам иши кам эмасдир, – журъатсизлик билан эътироз қилди аёл.
– Ҳеч қиси йўқ, ўзининг ишига доим улгуради.
– Гўштни-чи, сотдингми?
– Бўлмаса-чи! Гўшт – шолғом эмас, овоза қилсанг бас… – Лапа кишини маст қиларлик даражада семиз пул боғламини пайпаслаб кўрди, шу асно совғаси эсига тушиб, иккинчи чўнтагидан қоғоз ўрам чиқарди.
– Ушла, – дея гулдор рўмолни ёзиб юборди.
– Вой, раҳмат, Федя раҳмат!.. Мунча чиройли-а!
– Бўлди энди, бас, бас, – хотинининг сўзини дағаллик билан кесди эр, хўриллатиб карам шўрва ичаркан.
Рўмолни кўзгу қаршисида ўраб кўраркан, аёл янада жонланди. Лабларида тортинчоқ табассум ўйнади. Стол устини йиғаркан:
– Бароққа суяк ташлаб келай, – деб қўйди.
Лапа томоғига бир нима тиқилгандек ўқчиб юборди.
– Яхшиси ёт, унга ўзим қарайман. Бирйўла уйқу олдидан чекиб ҳам келаман, – шошилиб эътироз қилди у. – Гнедкони ҳам суғориш керак.
Товоқни олиб, ташқарига чиқди. Чекди. Отни суғорди. Яна чекди. Фёдор Дементьевич бўлиб ўтган воқеани муқаррар ва ўринли деб билишга қанчалик уринмасин, Бароқнинг ҳалокати миясига тикандек санчилаверар, олов бўлиб ёндираверар эди.
Лапа тўшакда ҳам у ёнидан бу ёнига бетиним ағдарилаверди. Кўз олдига ўша битта манзара қайта-қайта келаверарди: қор тўзони оралаб қора шарпа тепага учиб, ҳавода умбалоқ ошади-да, оч, қутурган тўда ўртасига тушиб, ғойиб бўлади. Тепага учиб, умбалоқ ошади-да…
Дераза ортидан аҳён-аҳёнда қўрқинчли, тушунарсиз хўрсиниш товуши келарди. Бу товушларга диққат билан қулоқ сола-сола ўзи сезмаган ҳолда пинакка кетди. Яна тўда уни қувиб етди, қуршаб олди, жонли сиртмоқ шафқатсизларча тораяверди, тораяверди.
– А-а-а! – тўлғанди Лапа.
– Федя, сенга нима бўлди? Мазанг қочдими? – елкасидан тутиб силкиди хотини.
Лапа ҳуши оғиб аёлига қараб қолди, у қаердалигини англай олмас, ҳали ҳам тушидаги воқеа ичида юргандек эди. Атрофга аланглаб, ниҳоят, уйини, хотинини таниди.
– Уҳ, сенмисан, – енгил тортиб хўрсинди у.
– Нега мунчалик бақирдинг, Федя? – хавотирланиб сўради хотини.
– Гўштни кўп евордим, шекилли. Кўнглимни айнитяпти. Яхши пиширмаганга ўхшайсан… Ухла…
Хотини раҳмдиллик билан эрининг кулранг тусга кирган итоатсиз сочларини силай бошлади. Охири кичкина, дағал кафтини эрининг бошига қўйганча ухлаб қолди. Лапа хотинининг қўлини эҳтиётлик билан ёстиққа олиб қўйди. Уйқуси келмас эди. Хаёлини чалғитишга қанчалик уринмасин, ёқимли нарсалар ҳақида ўйлашга қанчалик тиришмасин, Бароқ ҳақидаги хаёллар миясига шунчалик хиралашиб ёпишаверар эди.
Юраги сирқиллаганча уни, ҳали лақаб берилмаган лайчани уйига кўтариб келган пайтини эслади. У кучли, қўрғонига бегоналарни йўлатмайдиган қўриқчи ўсаётганига хурсанд эди. Эгаси ишдан келганда итнинг кўзлари садоқат билан порлаб, бахтиёр акиллашдан энтикиб, ҳовлиқиб, қувониб сакрагани, хўжайинининг ҳар бир истагини жон деб бажаргани…
Лапа деярли тонггача азобланди, охири эҳтиётлик билан ўрнидан турди, кийиниб, даҳлизга чиқди. Эшикни очди.
Шу он тонголди зулматини ёриб жуни ҳурпайган даҳшатли бир махлуқ зинапоя олдига чиқиб келди. Тумшуғининг териси йиртилган, қулоғи узилиб, кемирчагида осилиб қолган, тутам-тутам жунларига қон ёпишган, оғзи ёвуз иржайиш ила қотган…
– Бароқ?! Сенми? Бўлиши мумкин эмас…
Довдираб қолган Лапа беихтиёр ортга чекинди, остонага қоқилиб йиқилди…
Миясида шовқин… ўлим шовқини пайдо бўлиб, борган сайин кучаяверди…
Рус тилидан Рисолат Ҳайдарова таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 11-сон