Адабиёт надир? Модомики, ёзувчи тўғрисида гапира бошлаганларидан аввал, унинг оламдан ўтиб кетгани маъқулроқ экан, бир нарсани келишиб олганимиз маъқул — муаллифи ҳаёт экан, унинг асарини ҳали адабиёт деб ҳисобламаймиз. Аммо бундай қилмаганимиз тақдирда ҳам китоблар бениҳоя кўп бўлганидан ва улар тўғрисидаги қарашлар доимий равишда ўзгариб турадиган бўлгани учун адабиётга тузукроқ таърифни қидириб топишнинг ўзи қийин. Бу залда икки дақиқадан кўпроқ вақт мобайнида адабиёт деганда нимани назарда тутиш керак деган масалада келишиб ола биладиган иккита одам борлигини тасаввур қилиш қийин. Ҳаммамиз, албатта, Шекспирни тан олсак керак. Бироқ ундан ташқари яна кимни тилга олсак бўлади? Ахир, биз тухумларга “янги” деб белги қўйиб чиққандек, шоирларимиз ҳам узоқ муддатга шу сифатларини сақлаб қолсинлар деб уларга белги қўйиб чиқмаймиз-ку? Йўқ, ёзувчилар туғилган фурсатларини ўзлари белгилайдилар.
Шахсан мен ҳеч қандай асосга эга бўлмасам-да, ўзим ўқишга улгурган китобларнигина адабиёт деб ҳисоблашга мойилман. Ана шу куфрона қараш менга кўпгина катта номларни истисно қилишга ёрдам беради. Бироқ шахсий дидни бир четга қўйиб турганда ҳам айтмоқ керакки, Адабиётни моддаларга ажратиб чиқиш жуда қийин. Саҳналаштирувчи режиссёр ўз театрининг саҳнаси учун Халойиқ кутаётган пьесани танлашга қанчалик қийналса, Адабиётни моддама-модда ажратиб чиқиш ҳам шунча қийин. Бунинг фарқи фақат шундаки, режиссёр асарни Халойиқ ўз хоҳишини баён қилишидан аввал танламоғи керак, биз эса бу ишни китобни ўқиб бўлганимиздан кейин амалга оширамиз. Шунинг ўзи жуда катта тасалли эмасми! Бироқ бошқа томондан оладиган бўлсак, таассуфлар бўлсинки, театр шинавандалари фақат бугунги кунга таяниб иш юритади, китобхон Халойиқ эса кўпдан-кўп авлодлардан ташкил топади. 1600 йилда ҳамманинг эс-ҳушини банд этган китоб 1800 йилда мутлақо одамларнинг хотирасидан ўчиб кетган бўлиши мумкин. 1830 йилда бирор номни кўкларга кўтариб мақташган бўлса, 1930 йилда уни фақат сўкиб тилга оладилар.
Адабиёт замин устида из қолдирмайди, балки Вақтнинг билқиллама қумлоқлари устида из қолдиради ва қочоқни шу изларга қараб топмоғи керак бўлган изқуварга раҳмларим келади. Шундоқ бўлгандан кейин, менинг назаримда адабиётга берилган ҳар қандай таъриф ҳам тўлақонли бўлмайди. Бироқ мен яқинда ўзимга таниш бир ёзувчи билан суҳбатлашиб қолдим. У эски пьесаларни ўрганар экан, нима сабабдан адабий асарлар ўзларининг умрбоқийликларини сақлаб қоладилар, деган масалага ҳам қизиқипти. У бунинг бош сабаби характерларнинг ҳаётийлигида деган хулосага келипти. Ўйлайманки, агар пьесалар ва романлар тўғрисида гап борадиган бўлса, менинг танишим ҳақиқатдан унчалик узоқ эмас. Тўғри, яна шундай бир нарсани ҳам топиш керакки, у поэзияга ҳам тўғри келсин. Афтидан, бундай дейиш мумкинга ўхшайди — катта ҳарф билан бошланадиган Адабиёт бўлмоқ учун асар ўзида чинакам индивидуаллик муҳрига эга бўлмоғи керак. Моҳият эътибори билан бундай асар ўзидан аввал яратилган биронта асарга ўхшамаслиги керак.
Сизга бирон марта ер юзидаги махлуқлар ичида энг ажойиби ва энг нафиси бўлмиш илоннинг скелетини кўриш насиб этганми? Кўрмаган бўлсангиз айтай: адабиётни адоқсиз илоннинг скелети билан таққослаш мумкин: умуртқанинг ҳар бир бўлаги нимаси биландир аввалги бўлагидан ажралиб туради ва шунга қарамай, алланечук сирли равишда аввалгисига бирлашган. Ёки менга ижозат беринг — табиат тарихи билан боғлиқ бошқа бир мисол келтирай: Бир неча йил муқаддам Нью-Йоркда бўлган вақтимда мен диплодокни кўрган эдим. Бу баҳайбат жонворнинг суяклари йўғон-йўғон бўлиб, ажиб тарзда гажакдор думи ҳам бор эди, лекин оғзи жуда кичкина эди. Йўқ, у мутлақо тирик диплодокка ўхшамасди, ҳолбуки, оғзи уникидан ҳам кичикроқ бўлган ажойиб махлуқлар учраб туради. Бизга музейни кўрсатаётган профессордан сўрадим: “Айтинг-чи, профессор, бу баҳайбат махлуқ шу қадар кичкина оғзи билан қандай қилиб қорнини тўйғазган?” У менга энсаси қотиб қаради, унинг нигоҳида “мен ўзим айтиб бермоққа оғиз жуфтлаган нарсани сўрадингиз” деган маъно бор эди. Мен айтмоқчи бўлаётган гап шуки, Адабиёт ўзига хос бир диплодокдир. Унинг ҳам баҳайбат гавдаси, йўғон скелети, узундан-узун думи бор, лекин оғзи ҳаддан ташқари кичкина ва шу кичкина оғзи билан у муттасил равишда Ҳаётни тишлаб туради. Мен бу сўзни атайин қўллаяпман — сезиб турибман, бир оз шошмашошарлик қиляпман: биламан, баъзи бир одамлар гўё Адабиёт Ҳаёт билан совуқроқ муомалада бўлса ҳам бўлаверади, у Ҳаёт билан учрашганда унга бир бош ирғаб қўйиб, жойига бориб ўтиравериши керак деб ҳисоблайдилар. Бошқалар эса Адабиёт Ҳаётнинг ўзидан кўра ҳаётийроқ бўлмоғи керак, деб ҳисоблайдилар. Адабиёт имкони борича тезроқ гапирадиганини гапириб қолмоғи керак, асарнинг равонлиги, материал танлаш, шакл ёки Ҳаётдан бирон-бир ахлоқий хулоса (агар сийқаси чиқиб кетган бу сўзни қўллаш жоиз бўлса) каби беҳуда нарсаларга чалғимаслиги керак. Адабиёт моҳиятан бихевиоризм деб аталмиш қоидаларга амал қилмоғи керак бўлади. Бихевиоризмнинг маъноси шуки, баъзи бир ўта модернистик композиторлар “Эй худойим, яратаётган асаримдан бирон куй чиқиб қолмасин-да!” деган илтижо билан ижод қилишга ўтирар эканлар. Бундай қарашлар менга таниш, лекин мен тузатиб бўлмайдиган даражада эскипарастман — мен учун Адабиёт — Ҳаёт санъаткор темпераментидан учқун сачратгандан кейин бошланади. Бу ўринда мен полиция ҳисоботидан ёки газета мақоласидан учқун чақнатадиган Ҳаётни айтаётганим йўқ, мутлақо ундай эмас. Бу ўринда мен жуда улкан, доимо қайнаб-жўшиб турадиган, шовқин-суронлар билан ҳаракат қиладиган, турфа хил рангларга ва бўйларга теранликлар ва зулматларга эга бўлган Ҳаётни назарда тутмоқдаман. Шуниси ҳам борки, бизнинг ҳар қайсисимиз шу ҳаётнинг алоҳида-алоҳида кўз илғамас парчаларимиз ва ҳар қайсимиз ўзимизнинг йўлимиз орқали ҳаётнинг қолган барча парчалари билан ўзаро алоқага киришамиз. Қачонки ана шу ўзаро алоқа етарли даражада аён бўлиб қолганида, бирон-бир омади юришганнинг тасаввурида хаёлий кўринишлар майдонга келада ва кейинчалик бу манзаралар сўзда ўз тажассумини топади — айни ана шунда адабий асар туғилади. Ана шу янги, муштдаккина, ярқираб турган умуртқа бўлаги, эҳтимол, аввал бошда тан олинмаган ҳам бўлиши мумкин, лекин вақт-соати келиб, белгиланган муддатда Адабиётнинг адоқсиз умуртқа суягида ўз ўрнини эгаллайди. Адабиёт — қимматбаҳо тошлардан таркиб топган маржон шодасига ўхшаган нарса — бу тошларнинг ҳеч қайсиси бир-бирига ўхшамайди. Яна таъкидлайман — Адабиёт тик умуртқага эга — мен тўлалигича унга ишонаман ва унга бирон азият етиб, қинғайиб қолишидан жуда қўрқаман. Орқага — ўтмишга ўгирилиб қараб, сира қийналмасдан Адабиётнинг орқа умуртқасини аниқлаб олиш мумкин. Бу умуртқани синдириб ташлаб, ҳамма нарсани бошидан бошлашга уринадиганлар эса ўз вақтларини ҳам, уларнинг қийшанглашларини томоша қилишга мажбур бўлганларнинг ҳам вақтини зое кетказадилар. Ҳозир роман борасида кўп тажрибалар ўтказишяпти. Аммо бу тажрибалар ҳар қанча қизиқарли бўлмасин, уларнинг истиқболи порлоқ деб айта олмайман. Бу тажрибалар оқибатида баъзи бир ёш муаллифлар романни турфа хил ҳодисалар омборига айлантириб юборди, Марсель Прустга ўхшаганлар романдан оилавий ҳаёт қомусини излашаяпти, Эдгар Уоллесда роман бир-бири билан боғланмаган туйғулар қуюнидан иборат бўлиб қолди, яна қай бир ёзувчини айтсамикин, билмадим, психологик макроанализ бўйича ёзилган рисолага айланиб кетди. Имоним комилки, ўттиз йиллар ўтгандан сўнг бу тажрибалар буткул унут бўлиб кетади ва фақат характерлари бор, сюжети мавжуд романларгина яшаб қоладилар.
Мен яна шунга аминманки, шеърлардан ҳам тушуниб бўлмайдиган қай бир тарзда бизнинг туйғуларимизга таъсир қиладиганларигина яшаб қолади. Рассомлик тўғрисида-ку мен ўзим истаган гапларнинг бирортасини айтишга журъат қилолмайман, чунки шуни сездимки, рассом халқи ёзувчилардан кўра ҳам гинахонроқ бўлар эканлар. Бир воқеани сира унутолмайман. Берлиндаги расмлар галереясида бир суврат бор экан — Унда почта маркалари, бўр билан чизилган чизиқлар, муайян тартибда жойлаштирилган михлар ва эски автобус билетлари аралаш-қуралаш тасвирланипти. Рассомлик санъатини биламан деган бир доно шу сувратни “Сикет мадоннаси”дан кўра зўрроқ ва таъсирчанроқ, деди. Мен унинг фикрига қўшилмадим. У шунақа хафа бўлдики, қўяверинг. Музика масаласига келсак, ҳеч қанақа куч мени эътиқодимдан қайтара олмайди: ўттиз йилдан кейин ҳам одамлар оҳангдор куйларга талпинадилар ва ҳар хил қишлоқ хўжалиги шовқинларидан, саноат ғовур-ғувуридан ташкил топган, ижодкорларининг ўзига ёқадиган, лекин ҳазм қилиш қийин бўлган музикани бутунлай унутиб юборадилар. Қолаверса, махфий тарзда қулоғингизга яна бир гапни айтиб қўяй — у пайтларга борганда саксофон ҳам ўтмишдаги арфа, псалтерион ва цинбалларга ўхшаш баъзи бир жаз асбоблари музейлардан ўз ўринларини эгаллайди ва уларни чалган одамлар қонун бўйича жазоланадиган бўлади, бу ҳатто Конституцияга ҳам киради.
Бу гапларнинг ҳаммасидан, эҳтимол, сиз “бу одам роса уччига чиққан реакцион экан-ку! Ҳар қандай тажрибаларга беписанд қарар экан-ку!” деб хулоса чиқармоғингиз мумкин. Йўқ, бундай қилсангиз, жуда адашасиз! Санъатда ҳам тажриба худди илм-фандагидек жуда зарур нарса. У олдинга ҳаракат қилишга ёрдам беради ва баъзан яхши самаралар келтиради. Аммо аён кўриниб турган битта нарсани эсдан чиқариш ярамайди: ёзувчидан мавзунинг ўзи қатъий равишда тажриба қилишни талаб этган тақдирдагина ёзувчи умрбоқий асар яратиши мумкин, халос. Фақат ҳар қандай қилиб бўлса-да “оригинал бўламан” деган иштиёқ билан тажриба қиладиганлар эса бир неча муддатга ўзларининг унча талабчан бўлмаган мухлисларининг диққат-эътиборини қозонишлари мумкин, гулдан-гулга кўчиб юрадиган капалакларни жалб қилишлари мумкин, лекин уларнинг ёзганлари жуда қисқа фурсатда қуёш нурида буғланиб кетган шабнамдек ёхуд ҳозирги замон шеъриятининг тили билан айтадиган бўлсак, бўса туфайли лаблардан ариган бўёқдек йўқ бўлиб кетади.
Чамаси ўн беш йиллар аввал Лондонда бир ҳайкалтарош асарларининг кўргазмаси бўлган эди. Унда кўпгина жуда яхши нормал асарлар намойиш қилинган эди. Бироқ бир куни залга иккита ёшгина нозанин сузиб киргандек бўлди, улар бир неча муддат бурунларини жийириб, гулдан-гулга кўчиб юрдилар, ниҳоят ўтирган одамнинг улкан ҳайкалини кўриб қолишди. Бу ҳайкал эллипссимон шакллардан ясалган бўлиб, унга Венера деб ном берилган ва ҳайкал шуниси билан томошабинларнинг эътиборини тортмоқда эди. Агар капалак бир жойда тўхташи мумкин деб ҳисобланса, ана шу ашаддий янгича ҳайкал қаршисида бизнинг қизалоғимиз бир зум тўхтади-да, дугонасини чақирди: “Азизим. Мана, Венера!” Кейин бошини бир томонга қийшайтириб, илова қилди: “Нақадар мафтункор! Шундай эмасми?” Бунақа капалаклар ҳозир ҳам бор ва улар оригинал бўлсин учунгина оригинал қилиб яратилган асарларга жон-жаҳдлари билан ёпишадилар, чунки ҳар хил бақироқлар уларнинг қулоқ-миясини еб битирганлар. Бундай бақироқларга жавобан эса ҳар қандай қилиб бўлса-да, “оригинал” асар берсанг бўлгани.
Аммо Адабиётга қайтайлик. Ҳозир биз шундай даврда яшамоқдамизки, бу даврда ҳар хил тажрибалар жуда кўп ва шунинг учун биз ёзувчиларга осон бўлмаётир. Сирасини айтганда, бизни ҳозирги пайтда поэзиянинг прозага айланиб қолгани ёки, аксинча, прозанинг поэзияга айланиб қолгани кўп ҳам ташвишга солавермайди. Бизни ҳозир ҳамма нарсадан ортиқ ташвишлантираётган масала — юзага келган вазиятларда, умуман, ҳам наср, ҳам шеър ёзиш керакми-йўқми деган масаладир. Эндиликда биз нимаики пайдо бўлса, ҳаммасини шодиёна хитоблар билан хурсанд бўлиб кутиб олаверадиган бўлиб қолдик, шекилли. Пайдо бўлаётган китоблар теварагида шов-шув кўтарилади, натижада шўрлик китоблар кашфиёт рекламаларига қараганда жиндай ортиқроқ умр кўрса кўради, бўлмаса — йўқ. Камдан-кам китобни, “дурдона асар”, “улуғ асар” деб аташмайди. Қарабсизки, “дурдона” асарлар, “истеъдодли асарлар” маймунжон янглиғ гуркираб ўсиб кетаверади, кейин эса улар компотдан бошқа нарсага ярамаслиги маълум бўлади. Майли, бугун-эрта бўлмасин, бироқ вақти келарки, ноширлар ҳам, тақризчилар ҳам “улуғ”, “истеъдодли”, “ёрқин” каби таъриф-у сифатларни энг холис ва энг зийрак ҳакам — Вақтнинг ихтиёрига қолдирган маъқул эканини англаб етадилар. Вақт ҳаддан ташқари зийрак ва уддабуррон солиқ йиғувчига ўхшайди — даромадларингни ҳар қанча яширишга уринма, уни алдаёлмайсан!
Лекин тўғри, ана шу шов-шуву ноғоралар садосининг яна бир жиҳатини ҳам айтиш керак — китоблар дарҳол машҳур бўлиб кетади. Бундай ҳоллар ёш ёзувчилар учун хатарли бўлса-да, умуман, фойдадан холи эмас. Бир вақтлар билағон одамлар Мередит, Конрад ёхуд Стивен Крейнга ўхшаш ёш ёзувчиларни мақташга тушишганда комил ишонч билан айтиш мумкин эдики, уларнинг китоблари сотилмайди. Ҳозирги кунларда ёзувчини мақтай бошлашса, дарҳол унинг асарлари ўн беш марталаб қайта нашр қилинади-ю, қўлма-қўл бўлиб кетади, муаллифнинг ўзини эса мухбирлар ичкиликни буткул ман қиладиган қонун тўғрисида, тоғ — одам ҳақида, болаларнинг туғилиши устидан назорат ўрнатиш масаласида ва шунга ўхшаш бошқа ғаройиб янгиликлар тўғрисида фикр айтишларини илтимос қилиб роса ҳолдан тойдирадилар. Бундай шароитда бизнинг муаллифимизнинг калласи унча пишиқ бўлмаса, у хоҳ эркакдир, хоҳ аёлдир унинг кўз ўнгида бир зумда ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетади.
Шунинг учун ҳам фуқароларимизнинг кўпчилиги ёзувчиларни жиндай ақлдан озганроқ деб ҳисоблашади. Одамлар китобларимизни харид қилишга қилишади-ю, лекин кўнгилларида эшиттирибми-эшиттирмайми — “Ҳаҳ, бу ёзувчилар-а!” деб қўйишади. Улар гўё шунга аминларки, биз ҳамма нарсани чалкаштириб юборамиз ва бизнинг қадриятларимизнинг кўпи ёлғондир! Бизнинг кўпчилигимизга нисбатан бу гаплар тўғри ва афсуски, бу ғоятда ачинарли ҳолдир. Негаки, ёзувчининг бурчи ҳамма нарсани лоақал тўла даражада бўлмаса ҳамки, тўғри тушуниш, ўткир нигоҳга эга бўлиш, ўзимиз кўриб турган, ҳис қилаётган, ўйлаётган нарсаларимизни бошқаларга қараганда теранроқ ҳис қилмоқ, мулоҳаза юритмоқ ва ифодалаб бермоқдир. Еяётган нонимиз ҳалол бўлсин учун биз сабр-бардошли бўлмоғимиз, етарли даражада камтар, камсуқум ва мустақил бўлмоғимиз, ҳаммавақт юмор туйғусини сақлаб қолмоғимиз, қалбимизнинг тафтини сақлаб қолмоғимиз, меъёрни унутмаслигимиз керак.
Эндиликда бизда қобилиятли ёш ёзувчилар кўпайиб қолди. Ўйлайманки, бадиий тасвир даражаси ҳамма вақтдагидан кўра юксакдир. Демак, гап фақат истеъдодда ёки фақат техник маҳоратда эмас, гап фикрий босиқликни сақлаб қолишда, қалбимизда ҳам муайян сифатларни сақлаб қолиш лозим. Бу сифатлар тўғрисида жиндай гапириб берса бўлади: гап шундаки, болаларча бир хоҳиш бор — бу, албатта, китобхонни лол қолдириш хоҳишидир. Ана шу хоҳишга берилиб кетиш керак эмас — фикрбозлик ва мураккаблашган услубнинг пўпанак босган сувларига шўнғиш керак эмас.
Ҳаёт тўғрисида гапиришга ўтишдан аввал яна бир фикрни айтиб ўтишга изн бергайсиз. Истаган санъаткор, рассом, музикачи ёки ёзувчи — зиёратчидир. У қайси муқаддас жойларга бориб сиғинади? У сувсиз саҳроларда ўз истеъдодининг салбини кўтарганча сарсари кезиб юрар экан, қайси авлиёнинг чеҳрасини кўрмоқ истайди? Гўзаллик чеҳрасини ёхуд Ҳақиқат ҳуснини кўрмоқчими ёхуд от суриб бораётган Сапирнинг ва олтин бузоқнинг бадбашара юзини кўрмоқчими? Санъатнинг мақсади ва вазифаси надир? Қўналғаларда яна бу масала билан шуғулланишнинг фурсати келди. Ўнлаб йиллар мобайнида бу саволнинг жавоби кундай равшан туюларди, лекин бизнинг ўн йиллигимиз бунақа эмас. Чор теварагимиздан бизни сароблар ўзига чорлайди. Улар ярқираб кўринишади, титрашади, силкинишади, ғойиб бўлишади. Ва бу — ёмондир. Ахир, санъаткор — музикачими, рассомми, ҳайкалтарошми ёки ёзувчими барибир, кўпгина авлодларнинг фарзандидир. Бу авлодлар чинакамига динга ишонган, улар бошларини баланд кўтарган ҳолда, йўлчи юлдуздан кўзларини узмай олға босганлар. Бизлар учун эса эндиликда бу юлдуз гоҳида зўрға милтиллаб қўяди ёки бир лаҳза кўкда оловли из қолдириб учиб ўтади, баъзан эса бутунлай сўниб қолади. Аммо шундай бўлишига қарамай, орамиздан лоақал биттамиз топилармики — гулхан ёниб битганида, гурунглар охирига етганида, трубкаларда тамаки тамом бўлганида ўша юлдузни кўрмасин ва саволнинг жавобини билмасин? Нима учун биз бутун жону жаҳонимизни санъатга бахшида этамиз деган саволга фақат битта тўғри жавоб бор.
Инсоннинг фаровонлиги ва улуғворлиги учун!
Эди Ҳаёт тўғрисида сўзлашайлик. Бу ўринда бирон-бир таърифу тавсифни қидириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Ҳаёт деб аталган мамлакатни фақат бир мартагина кесиб ўтамиз. Шунда биз йўлда нима билан банд бўламиз, ана шу узоқми-яқинми давом этадиган сафаримиз мобайнида қандай ишларни амалга оширамиз, буларнинг бари характеримизнинг майлларига боғлиқдир.
Кўплар, афтидан, ўйлайдики, биз қўполдан-қўпол бир асрда яшаймиз. Бу аср сенсациялар асри, бурнини осмонга чўзган пешлавҳалар, газеталардаги бақириб-чақирган сарлавҳалар, рекламалар ва ҳамма нарсани бир қолипга тиқиштириш асри. Аммо шундай бўлса-да, бизнинг асримиз ҳозирча инсоният тарихидаги энг маърифатли асрдир. Амалда ҳамма ўқишни билади. Эътироз билдиришлари мумкин: “Хўп, тўғри, лекин нима ўқишяпти? Ўқиганлари детектив романлар, ғалвалар ҳақидаги ахборотномалар ва спорт янгиликлари”. Тушунаман, “Шоҳ Эдип”, “Ҳамлет” ва “Фауст” якшанбалик иловалардан ва жосуслар ҳақидаги бўлар-бўлмас китоблардан беқиёс юқори турадилар. Бироқ, барибир, ғарб мамлакатларида босилаётган китобларнинг миқдори доимий равишда аҳолининг сонига яқинлашиб бормоқда. Ҳар бир ҳодиса ва ҳар бир муаммо кенг халқ оммасининг мулкига айланмоқда. Театрлар бу жараёнга ёрдам беради. Лекин улар китоб ўқишнинг ўрнини боса олмайдилар ва босмасликлари ҳам керак, негаки, китоб ўқиётганда биз ўйлаш учун тўхтай оламиз, ҳолбуки тинглаб турганимизда ва ҳатто кўзимиз билан кўриб турганимизда, биз бу ишимиздан тўхтаб, бир оз ўйлаб тура олмаймиз. Бунга, албатта, кимдир муқаррар равишда халақит беради. Асримизнинг хатарли томони бизнинг нодон бўлиб қолишимизда эмас, балки бизнинг ўзимиз ўйлаш-ўйланиш қобилиятини йўқотиб бораётганимизда. Бизнинг олдимизда борган сари турли-туман вазифалар кўпроқ кўндаланг бўлиб бормоқда, лекин биз кроссвордларга ёки детектив романлардаги жумбоқларга топган жавоблардан ташқари, ҳаёт олдимизга қўйган саволларга жавоб бера оламизми? Жавоб берсак ҳам, жавобларимиз борган сари камайиб кетмоқда. Биз борган сари осонроқ ва жўнроқ нарсаларга кўпроқ мойиллик билдирамиз. Аммо, билимга олиб борадиган енгил йўл ҳамиша энг олис йўл бўлиб чиқади. Ўзимиз мустақил равишда эришадиган билимимиз ҳар нарсадан қадрлироқ ва мустаҳкамроқ бўлади.
Китобхонлик — бизнинг бениҳоя юксак даражада машиналашган замонамизда стандартлаштириш ва жўнлаштиришга қарши энг яхши воситадир. Ўқиш — бизнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурларимизни кенгайтиради, бошқа одамларнинг феъл-атворлари ва эҳтиёжлари тўғрисидаги тушунчаларимизни кенгайтиради, китоб одамга ўзининг “мен”и ҳудудидан ташқарига чиқишга ҳаддан ташқари ёрдам беради.
Мен бу ўринда фалсафанинг ёки тузукроқ қилиб айтганда, бахт илмининг жуда муҳим бир қоидасига яқин келиб қолдим.
Одамларнинг кўпчилиги бахт деганда ўзининг ўз иши билан, туйғулари ёки фикрлари билан доимий бандлигини тушунади. Биз бирон нарсага ёки ишга бутун вужудимиз, бутун жон-танимиз билан берила билмасак, ўзимизни чинакамига бахтли деб ҳисоблай олмаймиз. Мен ўзимиз ўзимиз билан андармон бўлиб, ўзимизга ўзимиз маҳлиё бўлиб ётганимизда жуда ҳам бахтсиз бўлиб кетамиз демоқчи эмасман, лекин бунақа пайтларда биз ярим даражада тирикмиз, холос-да! Толстой айтган экан — инсон кўзгуда ўзини-ўзи тамоша қилаётганда аслида боричалик чиройли кўринмайди. Биз Толстойнинг кишини ларзага солувчи бу кашфиётни қандай қилганини ҳали чуқурроқ ўйлаб кўрмоғимиз керак. Толстойнинг кўпгина бошқа фалсафий мулоҳазалари каби бу фикри ҳам бир қарашда кўринганчалик жўн эмас. Ҳарҳолда, нима бўлганда ҳам, ўз-ўзини эсдан чиқариш фидойилик — ҳақиқий бахтга элтувчи калитдир. Ўзининг “мен”ини унутишнинг ҳам ҳар хил йўллари бор. Менга таниш бир машҳур жарроҳ ишни шундан бошлаган эканки, болалигида синфдош ўртоқларига ҳар битта тишларини суғуртирганлари учун ўн центдан ҳақ тўлаган экан. Ҳамиша маълумдирки, сиёсатчилар ҳам бахтиёрдирлар.
Ҳа, ўз-ўзини унутишнинг ёхуд фидойиликнинг усуллари ҳаддан ташқари хилма-хилдир ва шулардан бири гўзалликни томоша қилишдир. Мен Аризонада Гранд-Качсонни суқланиб томоша қилганимда, Айсидора Дункан шогирдларининг рақсини ҳузур қилиб кўрганимда, Вашингтондаги Рок-Крик қабристонида Сент-Годенснинг “Нирвана”сини кўрганимда ёхуд Мисрда ой нурига чўмган саҳро ўртасида турганимда оламдаги ҳамма нарсани паққос унутиб юборган эдим.
Бироқ мен бошимдан зар қуйганларида ҳам ўз-ўзини унутиш ёхуд фидойилик ножўя оқибатларга ҳам олиб келишини зинҳор-базинҳор рад этмаган бўлардим. Менинг бир таниш рассомим бир гал рус раққосасининг портретини ишлади. Ўшанда у ишга шу қадар берилиб кетган эдики, натижада раққосанинг белидан юқорисини ўзига қараб турган ҳолда, белидан пастини эса ўзига тескари турган қилиб ишлаган ва расмни шу аҳволда кўргазмага юборган. Рост, у пайтларда у ўзини экспрессионист деб ҳисоблаб юрарди.
Изн берсангиз, мен Ҳаёт тўғрисидаги суҳбатимизга қайтсам.
“Ҳаёт нимадир?” деган савол ҳеч кимнинг эсига ҳам келмайди. Коинотнинг пайдо бўлишига нечоғлик ақл бовар қилмаса, Ҳаётнинг пайдо бўлишини ҳам ақл билан идрок этиш шу қадар қийин. Биз борлиқ ҳақида кети-охири кўринмайдиган даражада мулоҳаза юритишимиз мумкин, ақлимизни ишга солиб турлича хулосалар чиқаришимиз ҳам мумкин, фақат бу хулосалар ва мулоҳазаларнинг муайян чегараси бор: ҳеч қандай мулоҳазалар ва хулосалар бизни Ҳаётни кенг кўламда тушуниш масаласига олиб келмайди. Бу бирдан-бир чинакам билимдир. Лекин бунинг бошқача бўлишини ким истайди? Номаълумлик унсури бўлмаса, ҳаётийлик ўйини маъносини йўқотади. Мангу жумбоқни ҳал қилинг — ҳамма нарса тўхтайди, Коинот ҳам бўлмайди, на сиз, на мен бўламиз, ҳеч нарса бўлмайди. Имон — фақат муайян диний таълимотларнинг маҳрига тушган фавқулодда бойлик эмас. Энг яхши имон — бўлиб ўтган, ҳозир мавжуд ва энди бўладиган нарсаларнинг ҳаммасида Камолотга интилувчи бир ирода мужассам эканига қатъий ишончдир. Кимда-ким шу эътиқодга эга бўлса, у мукаммаллашиш жараёнида иштирок этади. Гўзалликни кузатишга қодир одам ўзи Ҳаётга гўзаллик олиб киришга эҳтиёж сезади: у меъёр туйғусига эга бўлгани учун шу туйғуга мувофиқ тарзда иш юритишга эҳтиёж сезади. Гўзаллик ва меъёр туйғуси бизни қандай йўллардан олиб юрмасин, бу ҳамиша бутун инсоният жамиятининг фойдасига хизмат қилади, чунки улар бизни очкўзлик ва зўравонлик ботқоғидан ажратиб туради. Ҳозирги пайтда гўзаллик ва мувофиқликка муҳаббат нақадар муҳим эканини кўрсатмоқ учун Ҳаётнинг истаган томонини олиб қарамоқ мумкин. Менга тинчлик масаласини олиб кўришга ижозат бергайсиз. Масалан? Шундай саволнинг берилиши мумкинлигининг ўзиёқ — кўнглида гўзалликка ва мувофиқликка муҳаббат туйғуси бўлган ҳар бир одамнинг назарида мудҳиш бир бемаъниликдир. Жаҳон уруши вақтида биз кўрган шунча фожеани ҳали дунё кўрган эмасди. Аммо авиация ривожланиб боряпти, заҳарли моддалар мукаммаллашяпти. Бундай шароитда келажакда улуғ давлатлар ўртасида бўлажак уруш бошимизга соладиган ҳалокат қаршисида бу кўрганларимиз болаларнинг ўйинчоғидай бир гап бўлиб қолади. Бундай уруш шароитида унда иштирок этган, тўғрироғи, унда омон қолган ҳар қайси мамлакатнинг аҳолиси, афтидан, худди каламушлардек ер тагига кириб, нажосатлар оқадиган қувурларга биқиниб олишга ёхуд қуёнлардек қўрқувдан эс-ҳушларини йўқотиб, тоғу тошларга бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Келажакдаги урушларда (агар улар бошланиб кетса) мамлакат асабларининг маркази бўлмиш йирик шаҳарларга дарҳол осмондан шунақа зарбалар бериладики, ҳали бундай зарбаларга қарши ҳимоя чоралари топилгани йўқ ва топилмаса ҳам керак. Осмондан ёғилган фугас бомбалари йирик шаҳарларни вайрон қилади, кимёвий бомбалар улардаги ҳаётни карахт қилиб қўяди. Ана унда қарабсизки, туриш-турмуши тўлалигича ана шу асаб марказларига боғлиқ бўлган қуруқликдаги қўшинлар ва флот, умуман, ҳаракатга киришмай ҳам қўя қолиши мумкин. Бунақа урушда фидокорлик ва қаҳрамонликка ўрин қолмайди, номус ва шарафга ўрин қолмайди, ҳеч нарсага, ҳатто дафн маросимларига ҳам, ўтган уруш туғдирган жунбушга ҳам эҳтиёж қолмайди. Қари билан ёш ўртасида, эркак, аёл билан болалар ўртасида, хасталар билан соғлом одамлар ўртасида ҳеч қанақа фарқ қолмайди, одамларни на диний эътиқоди, на юксак маданияти қутқариб қолади, кўзга кўринмайдиган учар буюмлардан бошқа, осмондан ёпириладиган куллардан бошқа, хонавайронликлар, касалликлар, ўлимдан бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Цивилизацияли деб аталмиш улуғ миллатлар ўртасида тинчлик ўрнатилмаса, ҳеч қандай муболағасиз тахмин қилиш мумкинки, ҳамманинг бошига бир хил фожеали қисмат тушади, урушда иштирок этган ҳар бир мамлакат мангулик қаърига сингиб, йўқ бўлиб кетади, ундан фақат аянчли соягина қолади.
Бу ваҳима қилаётган одамнинг ҳайқириғи эмас, ақл-идрокнинг соғлом овозидир. Баъзиларнинг тасдиқлашига кўра, инсон табиати ўзгаргандагина урушлар йўқ бўлар эмиш. Аммо инсон табиати ўзгармайдиган нарса. Мижози совуқ, режа билан иш юритадиган одамлар ҳамиша ўз мақсадларини кўзлаб иш юритадилар, ҳамиша сўқирлар, бефаросат фанатиклар, миллатчилар бўлади, ҳамиша ожиз, нотавон одамлар бўлади ва улар доим тўйдан кейин ноғора чалиб юришади, ҳамиша оломон бўлади, пода психологияси бўлади. Бизнинг бахтимизга урушнинг олдини оладиган таъсирчан воситалар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, уруш масаласида ҳам умидбахш ўзгаришлар бор. 1914 йилда мулоҳазакор ва соғлом одамлар уруш уларнинг мамлакатларига фойда келтириши мумкин деб ўйладилар. Бироқ кейинчалик уларнинг бу тахминлари тасдиқланмади. Энди эса — 1930 йилда биронта ҳам мулоҳазакор ва соғлом фикрли одам ўзини бунақа хомхаёллар билан овитаётгани йўқ. Самолётдан ташланган бир неча юзта кимёвий бомба миллион-миллион одам яшайдиган улкан шаҳарни ер билан яксон қилар экан, соғлом фикрлайдиган биронта ҳам инсон урушни ёқлаб овоз бермайди. 1941 йилга қадар тинчликнинг зарур эканига ишониш довдир одамларнинггина иши деб ҳисобланарди. Аммо 1930 йилда тинчликнинг зарур нарса эканига ишонмайдиган одамлар энг калтафаҳм ва бефаросат одамлар экани маълум бўлиб қолди. Яна таъкидлайман — бу аламли фиғон эмас, соғлом ақлнинг нидосидир.
Инсоният бағоят ғалати, уқубутли даврни бошидан кечиряпти. Бизга ўтмишдаги энг қўрқинчли даврларда ҳам кўринмаган жуда даҳшатли ва ўта аёвсиз хавф таҳдид солиб турипти. Аммо шунга қарамай, ғайришуурий тарзда инсонийликка интилиши жиҳатидан, одамларга тенгсиз азоб-уқубатлар келтираётган иллатлар ва кулфатларни таг-томири билан юлиб ташлашга бўлган самимий иштиёқи жиҳатидан бизнинг асримизга тенг келадиган бошқа бирон асрни топиб бўлмайди. Биз ҳар қачон бўлганидан кўра ортиқроқ даражада билим, иқтидор ва инсонпарварлик билан хасталикларни даволамоқдамиз, гарчи ўзимиз хоҳлаганча етарли даражада бўлмаса ҳамки, жиноятчиларга ва жонворларга илмий асосда, адолат юзасидан, меҳр-шафқат билан муносабатда бўлмоқдамиз, биз ҳар қачонгидан ҳам ортиқроқ даражада ижтимоий ва иқтисодий иллатлардан халос бўлиш йўлида ташвиш чекмоқдамиз. Агар биз тинчликни таъминлай олганимизда эди, бошимиз узра парвоз қилиб юрган қирғин шарпасини бартараф қилолганимизда эди, тарихдаги энг инсонпарвар асрга — адолат ва фаровонлик асрига яқинлаб қолган бўлар эдик. Цивилизациялашган миллатлар ўртасидаги уруш ўтмишнинг қонли меросига айланиб қолганига ишонч бизнинг ҳаммамиз учун нақадар буюк неъмат бўлур эди. Менинг фикри ожизонамга кўра бирон кун ҳам ўтмаслиги керакки, биз ўз-ўзимизга “Дунёдаги жамики муқаддас нарсалар ҳаққи — урушнинг мутлақо кераги йўқ!” дея такрорламайлик.
Энди ихтиёримизда қолган бир неча дақиқа вақтимизни гўзаллик ҳақидаги баъзи бир фикрларга бағишлашимга рухсат бергайсиз. Афтидан, гўзаллик деганда бир одам бир нарсани, иккинчи одам бошқа нарсани англайди, шекилли. Шундай эканига қарамай, ҳар биримиз ўзига гўзал бўлиб туюлган нарсани кўрганида, эшитганида ёки ўқиганида, бошқалар нимаики ҳис қилса, шунинг ўзини, яъни бениҳоя қимматли ва кўтаринки туйғуни ҳис қилади. Унинг ҳис қилгани билан бошқаларнинг ҳиссиётлари ўртасидаги фарқ бу ҳисларнинг даражасидагина бўлади. Хорда янграган бола товуши, тўлқинларни ёриб сузиб бораётган елканли кема, гул ёзаётган ғунча, тун қўйнидаги шаҳар, тўрғайнинг хониши, яхши шеър, япроқнинг сояси, ёқимтой гўдак, юлдузли осмон, ибодатхона, баҳорда гуллаган олма, адирлар қўйнида ўтлаб юрган қўй-қўзиларнинг бўйнидаги қўнғироқ оҳанги, ариқчанинг жилдираши, капалак, ҳилол, яна бошқа минглаб нарсалар, товушлар, сўзлар, хуллас, бизда гўзаллик ҳақида фикр уйғотадиган нарсаларнинг ҳаммаси — қалбимизни қурғоқчиликдан асрайдиган неъмат ёмғирининг томчиларидир. Балки биз бу сокин, кишининг баҳри-дилини очувчи, руҳини енгиллатувчи неъматни пайқамасмиз, лекин у ҳамиша биз билан. Уруш ўзи билан бирга санъатдаги, адабиётдаги ва рассомчиликдаги гўзалликка қарши исён олиб келади. Аммо бу исён ҳозир тиняпти ва мен аминманки, ҳадемай буткул тинади. Биз ўзимиз англаганимиз ҳолда гўзалликни нақадар қадрлашимизни англасак ва бу гўзалликсиз ҳаётда қувонч ва шодлик нақадар оз эканини тушуниб етсак, роса ҳайрон қолган бўлардик. Гўзаллик — курраи заминнинг чеҳрасидаги табассумдир, ҳаммага аталган табассумдир ва уни кўрмоқ учун фақат кўзга эга бўлмоқ керак, ҳис қилмоқ учун кайфият зарур, холос!
Мен Ҳаёт ҳақидаги суҳбатимизни бошлаганда айтган сўзларимни такрорлайман. Биз умримизда атиги бир мартагина Номаълумлик бекатига чипта сотиб оламиз. Бошқача айтганда, ҳаддан зиёд машиналашган бу асрда машинасиз кун кўрмоқ учун фақат бир мартагина шаррос ёғиб турган жала ёхуд Қуёшнинг қиздирувчи нурлари остида Ҳаёт бўйлаб сафарга чиқамиз.
Агар ўйлаб кўрилса, биз ҳаммамиз саргардону саргашта дайдилармиз, ҳеч қайсимиз бугунги кун бизга нима олиб келишини ва тун қора пардасини ёйганда қаердан паноҳ топишимизни билмаймиз. Бироқ агар биз ўз яқинларимизга кўмаклашишни ўрганиб олсак, мардлигимизни йўқотмасак, бутун қалбимиз билан берилиб, ўзимизни унутиб, ўз ишимизни яхши адо этсак, агар биз Ҳаётдан лаззат ола билсаг-у, лоақал шунинг ўзи билан унинг чиройига чирой қўшсак, агар биз тинчликка интилсак ва уни таъминлашни ўрганиб олсак, агар биз тафт тортмай Сирнинг юзига тик қарашни ўрганиб олсак ва айни чоқда бу ёруғ дунёда Руҳнинг мангу ҳаракатини ҳис қилишни ўрганиб олсак, билингки, унда бизнинг Ҳаётимиз зое кетмапти. Ҳа, унда бизнинг ҳаётимиз чиндан ҳам зое кетмапти.
Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 9-сон