I
Ҳеч ким унинг ўтмишини билмас, Хунта* одамлари эса буни мутлaқo билмасдилар. Бу бола уларнинг «кичкина сири», «улуғ ватанпарвар» эди, у ҳам яқинлашиб келаётган Мексика инқилобига қўлидан келганча ҳисса қўшиш учун худди хунтачилар сингари астойдил ишларди. Буни анча кейин эътироф қилдилар, чунки Хунтадагилар уни ёқтирмасдилар. У хунтачиларнинг тор ва одам тўла уйига биринчи мapтa кириб келганда, уни Диаснинг* сотқин ва махфий агентларидан бири деб шубҳа қилдилар.
Ахир Ғўшма Штатларнинг турли жойларидаги граждан ва ҳарбий қамоқхоналарида қамалиб ётган ўртоқлар озмиди! Кўпгина ўртоқларнинг оёқ-қўлларига кишан урдилар, уларни ҳатто кишанланган ҳолда ҳам чегарадан олиб ўтишар ва девор тагига тизиб, бир чеккадан отиб ташлашарди.
Биринчи қарашда бола ёмон таассурот қолдирди. У ростдан ҳам ёш бола, энди ўн саккизга кирган бўлиб, жуссаси ёшига нисбатан кичикроқ эди. У отим Фелипе Ривера, инқилоб фойдасига хизмат қилмоқчиман, деди. Унинг айтгани фақат шу бўлди, бошқа бир оғиз сўз ҳам, изоҳ ҳам бермади. У кутиб тураверди. На лабларида табассум, на қарашларида бирор ифода бор эди. Қизиққон, новчадан келган Паулино Вэранинг аъзойи бадани жимирлаб, сесканиб кетди. Бу йигитча унга аллақандай жирканч, қўрқинчли, сирли кўринди. Унинг қора кўзлари жуда совуқ боқар, назари аллақандай заҳарли эди. Бу кўзларда поёнсиз ғазаб, чексиз кек ўти ёниб турарди. Йигитча кўзларини қўзғолон бошлиқларидан олиб, машинкада хунта қоғозларини тиқирлатиб ёзиб ўтирган жажжигина миссис Сэтбига қаради. У хотинга бир қараб қўйди, миссис Сэтби буни кўриб қолди-ю, алланечук бир ҳолга тушиб, ишлай олмай қолди. Хотин ишини давом эттириш учун ёзаётган хатни бошқадан ўқиб чиқишга мажбур бўлди.
Паулино Вэра савол назари билан унга, кейин Ареллано ва Ромосга қаради, улар ҳам йигитчага савол назари билан қараб олдилар-да, кейин бир-бирларига қарадилар. Бу ориққина бола тушуниб бўлмас бир муаммо эди, муаммо бўлганда ҳам жуда чигал муаммо эди. Мана шу оддий, виждонли инқилобчилар, ғазабли, ўткир нафрати фақат Диас ва унинг истибдодига қарши қаратилган, оддий ва софдил ватанпарварлар тушунолмайдиган бир бола эди. Бу ерда қандайдир бир сир бор эди, лекин бу сир уларга қоронғу қолди. Пировардида бошқаларга қараганда серғайрат ва ҳаракатчан бўлган Вэра жимликни бузди:
– Жуда соз, – деди совуққина қилиб у. – Инқилоб учун хизмат қилмоқчиман дегин? Камзулингни еч, мана бу ерга осиб қуй. Бери кел, кўрсатаман. Челак билан латта қани? Бу ер ифлос. Сен ўз ишингни мана шу хоналарнинг полини ювиб тозалашдан бошлайсан. Туфдонларни тозалаш керак, сўнгра деразаларни ювасан.
– Инқилоб учунми бу? – деб сўради бола.
– Ҳа, инқилоб учун, – деб жавоб берди Вэра.
Ривера совуқ, шубҳали назар билан ўтирганларнинг ҳаммасини бир-бир кўздан кечирди-да, камзулини еча туриб:
– Яхши, – деб қўйди.
Бошқа ҳеч нарса демади. Ҳар кун ишга келиб, хоналарни супурди, қирди, ювди, тозалади. У печкадаги кулларни олди, кўмир ва тутантириқ келтирди. Инқилобчиларнинг энг фаоллари келиб, ўз жойларига ўтирмасдан анча илгари печка ёқиб, уйни иситиб қўярди.
– Мен шу ерда ётиб қолсам майлими? – деб сўради бир кун y.
Ҳa-a! Шундайми ҳали, мана бу Диаснинг қўли энди Хунта биносида тунаб қолиш, унинг сирлари, одамларнинг рўйхати, Мексика территориясида бўлган ўртоқларнинг манзилгоҳларини билиб олиш демакдир. Унинг илтимоси рад қилинди; бу илтимосини ортиқ такрорламади. Риверанинг қаерда тунашини, овқатни қаердан топиб ейишини улар билмас эдилар. Бир куни Ареллано унга бир неча доллар берди, Ривера бош чайқаб, пулни олмади. Вэра ол деб қистайвергач у:
– Мен инқилоб учун ишлаётирман, – деб жавоб берди.
Яна инқилоб кўтариш учун кўп пул керак. Хунта ҳамма вақт пулга муҳтож эди. Ташкилот аъзолари кўп вақт оч қолишар, лекин иш деганда ўз кучларини аямас эдилар; энг узун кунлар ҳам улар назарида жуда қисқа бўлиб кўринарди. Баъзан инқилобнинг тақдири бир неча долларга қapaб қолгандек туюларди. Бир куни бино хўжайини, ижара пули икки ойдан бери тўланмади, уйни бўшатасизлар, деб туриб олган эди, эски кийимли хизматкор Фелипе Ривера олтмиш доллар келтириб, Сэтби столига қўйди. Шундан кейин у тез-тез пул олиб келадиган бўлди. Машинисткалар томонидан ташкилотга ёрдам кўрсатиш ҳақида ёзилган илтимосномалар, газеталарнинг ёлғон ва туҳматларига қарши ёзилган норозилик хатлари, Қўшма Штатлардаги судларнинг инқилобчиларга нисбатан қилган қабиҳ муносабатларига қарши ёзилган хитобномалар марка бўлмагани сабабли жой-жойига юборилмай ётарди. Вэранинг отасидан қолган эски олтин соати сотилиб кетди. Мэй Сэтбининг ўрта бармоғидаги олтин узуги ҳам ғойиб бўлиб қолди. Аҳвол оғир эди. Рамос билан Ареллано умидсизланиб, ўзларининг ўсиқ мўйловларини юлқар эдилар. Хатлар жўнатилиши керак, почта эса қарзга марка бермайди. Шунда Ривера шляпасини кийиб чиқиб кетди. Қайтиб келиб, Мэй Сэтби столига мингта икки сентли марка қўйди.
– Бу яна Диаснинг лаънати олтинларига келган бўлмасин? – деди Вэра ўртоқларига.
Улар қошларини чимирдилару, жавоб бермадилар. Инқилоб фойдасига хизмат қилаётган Фелипе Ривера зарур бўлиб қолганда, Хунта эҳтиёжи учун олтин, кумуш келтириб бераверди.
Шундай бўлса ҳам, улар Риверани яхши кўрмас эдилар. Унга ҳеч тушуниб бўлмайди, ўзи очилиб гапирмайди. Қилиқлари бошқаларникига ўхшамайди. У билан яхшироқ танишиб олиш мақсадида берилган саволлар жавобсиз қолади. Ундан ҳадеб сўрайверишга эса ботинолмайдилар.
– Эҳтимол, буюк ва ёлғиз бир руҳдир… билмайман, билмайман, – деб Ареллано қўлларини ёзар эди.
– Унда инсонга хос ҳеч нарса йўқ, – деб қўйди Рамос.
– Вужудидаги барча сезги аъзолари ўтмаслашган, – деди Мэй Сэтби. – Ундаги эзгу ҳислар ва кулги худди куйдириб ташлангандек. У худди мурдадек совуқ, шу билан бирга унда қандайдир мудҳиш ҳаёт кучи бор.
– Ривера жаҳаннам оловларидан ўтиб келган, – деди Паулина. – Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотимаган, азоб-уқубатли йўлларни босиб ўтмаган одам бундай бўлмайди. У ҳали ёш бола-я тағин.
Шунга қарамай, улар Риверани ҳамон севмас эдилар. У ҳеч гаплашмайди, ҳеч нарса сўрамайди, дилидагини очиб айтмайди. Улар ҳаяжон ва баланд руҳ билан инқилоб ҳақида гапирганларида, совуқ боқиб турган кўзларини ҳисобга олмаганда, худди жонсиз буюмдай қимир этмай тик туриб қоларди. Бу кўзлар худди тобланган буровга ўхшаб санчилади ва кишини довдиратиб, безовта қилади.
– У жосус эмас, – деди Вэра Мэй Сэтбига, – у ватанпарвар. Хўп деяверинг, у биздан кўра ўткирроқ ватанпарвар. Мен бунга ишонаман. Мен буни ўз онгим билан ўқиб, юрагим билан сезиб турибман. Лекин мен бу йигитга ҳеч тушунолмай доғдаман.
– Унинг характери ёмон, – деди Мэй Сэтби.
– Гапингиз тўғри, – деди Вэра, – у бугун менга бир қараш қилди денг. Бундай назари оғир одамнинг қалбида севги ҳисси бўлмайди. Бу кўзлар қўрқинчли, йўлбарс кўзлари каби даҳшатли. Борди-ю, мен хоинлик қилгундай бўлсам, y мени албатта ўлдиради, мен буни яхши биламан. Унда шафқат деган нарсадан асар йўқ. У пўлат каби аёвсиз, муз каби совуқ. У худди одам ёлғиз ўзи тоғ чўққисида қолиб совуққа қотаётган пайтда, қиш кечасини ёритиб турган ой шуъласига ўхшайди. Мен Диасдан ҳам, унинг барча жаллодларидан ҳам қўрқмайман. Аммо бу боладан қўрқаман. Гапнинг тўғрисини айтаётирман. Ундан қўрқаман. У худди ўлим фариштасига ўхшайди.
Шунга қарамай, Риверага биринчи масъулиятли вазифа топширишга бошқаларни Вэранинг ўзи кўндирди.
Лос-Анжелос билан қуйи Калифорния орасидаги алоқa узилган. Ўртоқлардан уч киши ўзлари қазиган гўр ёқасига келтирилиб, отиб ташланган эди. Бошқа иккитаси Америка Қўшма Штатларининг асирлари сифатида Лос-Анжелосда қамоқда ётишибди. Федераль қўшинларининг бош қўмондони Хуан Альварадо разил одам бўлиб чиқди. У инқилобчиларнинг барча режаларини барбод қилди. Улар қуйи Калифорниядаги маслакдошлари билан ортиқ хабарлашолмай қолдилар.
Ёш Ривера тегишли кўрсатмаларни олиб, жанубга жўнади. У қайтиб келганда, алоқа ўрнатилди, Хуан Альварадо эса ўлдирилган эди. Уни ўз ётоғида кўкрагига то сопига қадар ханжар тиқилган ҳолда топибдилар. Риверага бундай вазифа топширилгани йўқ эди. Лекин Риверанинг барча ҳаракатлари, ҳар бир босган қадами Хунта аъзоларига аниқ маълум эди. Улар Риверадан ҳеч нарса сўрамадилар. У ҳам ҳеч нарса демади. Улар бир-бирларига қарашдилару, масалага тушундилар.
– Айтдим-ку сизга, – деди Вэра, – Диас ҳаммамиздан кўра мана шу йигитчадан ҳайиқиши керак. У — шафқатсиз, жазо берувчи қудратли куч.
Риверанинг Мэй Сэтби шубҳаланган ва кейинроқ бошқалар ҳам сезган ёмон характери энди амалда, яъни жисмоний далиллар билан исбот қилина берди. Йигитча гоҳ лаблари ёрилган, пешонаси ғyppa бўлган, гоҳ қулоқлари, юз-кўзлари шишган ҳолда келар эди. Маълум бўлар эдики, у еб-ичиб ва ухлаб юрган, пул топадиган ва уларга номаълум бўлган йўлларда тентираб юрадиган ўша ташқи дунёда муштлашар, жанжаллашар эди. Аста-секин у ҳафтада бир марта чиқадиган инқилобий варақа босишни, ҳарф теришни ўрганиб олди. Ҳарф теришга ҳоли-қудрати келмайдиган вақтлари ҳам бўларди: баъзан унинг қўллари шишган, катта бармоқлари яраланган, унинг ўнг ёки чап қўли майиб бўлиб шалвираб қолган вақтлар ҳам бўларди. Бундай вақтларда унинг юзлари кучли алам чекаётганлигини ифода қилиб турар эди.
– Дайди, – дер эди Ареллано.
– Ёмон жойларда санқиб юради, – дер эди Рамос.
– Ажаб, пулни у қаёқдан олади? – деб тушуна олмас эди Вэра.
– У худди шу бугун қоғоз учун ҳисоб-китоб бўйича бир юз қирқ доллар пул тўлабди, мен буни ҳозиргина билдим.
– Бу унинг йўқ бўлиб кетиши натижаси, – деди Мэй Сэтби. – Бу ҳақда у ҳеч нарса гапирмайди.
– Унинг орқасидан пойлаш керак, – деб таклиф қилди Рамос.
– Унинг орқасидан жосуслик қилишни мен асло истамас элим, – деди Вэра. – Шундай қилсам, мени тобутда ётганимда кўрмасангиз, бу дунёда тирик кўролмассиз деб ўйлайман. Менинг фикримча, унинг номаълум бўлган сирли бир мақсади бор. Бу сирни билишга интилганларни ўзига ҳеч ҳам яқинлаштирмайди.
– Унинг қаршисида мен ўзимни кичкина боладек ҳис қиламан, – деб бўйнига олди Рамос.
– Менимча, бу болада қандайдир ибтидоий куч бор. У ҳужумга отланган йўлбарс, аждаҳо, заҳарли мингоёқ! – деди Ареллано.
– Унга қараб туриб, йиғлаб юборай дейсан киши, – деди Мэй Сэтби, – унинг ошна-оғайниси йўқ. У ҳаммани ёмон кўради. Истаги, мақсадига шерик бўлганимиз учун ҳам бизга ёмон кўз билан қарамайди. У ёлғиз, ёппа-ёлғиз. – Хотиннинг ўпкаси тўлиб, овози кесилди, назари хиралашди.
Риверанинг вақт ўтказиши ҳақиқатан ҳам сирли эди. Бир ҳафталаб йўқолиб кетган вақтлари ҳам бўларди. Бир марта у бутун бир ой йўқолиб кетди, лекин қайтиб келгандан кейин ҳеч гап-сўз қилмасдан, Мэй Сэтби столига албатта пул келтириб қўярди. Ундан кейин узоқ вақт Хунта ихтиёрида қоларди. Яна бир неча вақтдан кейин кун бўйи йўқ бўлиб кетар ва Хунта идорасига фақат эрта азонда бир, кечқурун бир келарди. Бир гал Ареллано ярим кечада унинг ҳарф териб ўтирганини кўриб қолди. Унинг бармоқлари шишган, ёрилиб кетган лабларидан қон сизиб турарди.
II
Ҳал қилувчи пайт яқинлашмоқда эди. Қандай бўлса ҳам инқилоб Хунтага боғлиқ, Хунта эса маблағ жиҳатдан сиқилиб қолган эди. Пулга бўлган эҳтиёж бошқа вақтдагига қараганда ҳозир кучлироқ, пул топиш эса жуда ҳам қийин эди.
Ватанпарварлар ўзларининг энг охирги центларигача қоқиб бердилар, беришга энди ҳеч нарса қолмади. Мексикадан қочиб келган ишчилар арзимаган ойликларининг ярмисини келтириб бериб турдилар. Бироқ яна пул, яна ҳам кўпроқ пул керак эди. Кўп йиллик оғир меҳнат, яширин ташкилотда ишлаш энди ўз мевасини бериш олдида. Вақт етиб келди. Инқилобнинг тақдири тарози палласига қўйилган. Яна бир туртки, яна бир қаҳрамонона интилиш бўлса, тарози палласи ғалаба томонга босиб кетади. Хунта ўз Мексикасини билади. Инқилоб бошланиб кетса, у ўз-ўзини таъмин қила олади. Диас томонидан қурилган сиёсий машина худди пайрахадан ясалган уйдек парча-парча бўлиб кетади. Чегара қўзғолонга тайёр. «Жаҳон индустриал ишчилари» ташкилотидан юзлаб ишчилар бир янки бошчилигида Жанубий Калифорния учун жанг бошлашга тайёр ҳолда чегарада буйруқ кутиб турибди. Лекин қуролга муҳтож. Ҳамма қуролга муҳтож — социалистлар, анархистлар, умидсизланган касаба союз аъзолари, Мексикадан қувғин қилинганлар, қулликдан қутилиб қочган батраклар, шиддат билан олишувни чин кўнгилдан истаган Кер д’Ален ва Колорадо кон ишчилари, ниҳоят, бахт изловчи ўта авантюристлар, бандитлар — ғоят мураккаб дунёнинг барча хор-зорлари ва муртадлари — ҳамма қуролга муҳтож. Хунта шуларнинг ҳаммаси билан алоқа боғлаб иш кўради. Милтиқ ва ўқ-дори, ўқ-дори ва милтиқ, деган тўхтовсиз ва муттасил қичқириқ Атлантик океани соҳилларидан келаётган фарёд овозлари эди.
Қасос истаги билан ёнаётган мана шу кучлар чегарадан ўтса борми — инқилоб бошланган ҳисоб; божхона, Мексика портлари қўлга олинади. Қаршилик кўрсатишга Диаснинг қурби етмайди. У ўз армиясининг асосий кучларини буларга қарши қўйишга ботинолмайди. У жанубни ҳимоя қилишга мажбур, лекин шунга қарамай, аланга жанубга ҳам тарқалади. Халқ қўзғолон кўтаради, шаҳарлар мудофааси ёриб ўтилади, шаҳар орқасидан шаҳар, штат орқасидан штат қўзғолончиларнинг қўлига ўтади. Пировардида инқилобнинг ғолиб армияси Диаснинг сўнгги таянчи бўлган Мексика пойтахтини қуршаб олади.
Аммо пулни қаердан олиш керак? Инқилоб ихтиёрида курашга интилаётган ва қуролни ишлата биладиган одамлар кўп. Хунта бошлиқлари қурол сотадиган ва уни етказиб берадиган савдогарларни билади. Лекин инқилобга тайёргарлик кўриш Хунтанинг мадорини қуритиб қўйди. Энг охирги доллар сарфланди, энг охирги манба қуриди, энг охирги ватанпарвар ҳам қоқланди. Буюк инқилоб иши тарози палласида муаллақ турибди. Милтиқ ва ўқ-дори! Қашшоқ батальонлар қуролланиши керак, ахир. Лекин қандай қилиб? Рамос мусодара қилинган ўз бойликларини ўйлайди, Ареллано ўз ёшлигида бойликни ўринсиз сарф қилганидан хафа бўлади. Мэй Сэтби эса, Хунта аъзолари бошда иқтисод қилиш — тежашни ўйлаганларида, яхшироқ бўлмасми эди деб куйинади.
– Ўйлаб кўринг, Мексиканинг озодлиги лаънати бир неча минг долларга қараб қолса-я! – деди Паулино Вэра.
Уларнинг юзларидан, қарашларидан умидсизлик ифодасини ўқиш мумкин эди. Уларнинг энг сўнгги умиди Хосе Амарильода. Бу одам яқинда инқилоб томонига ўтиб, пул беришга ваъда қилган эди. Амарильо ўз уйи олдида қамоққа олиниб, ўз уйи олдида отиб ташланди. Бу ҳақдаги хабар ҳозиргина келиб етди. Тиз чўкиб пол юваётган Ривера бошини кўтарди, унинг шимарилган қўлларидан кир сув томчилари оқиб турарди.
– Беш минг бўлса етадими? – деб сўради у.
Ҳамма таажжубланиб, унга қаради. Вэра бош ирғитиб, тасдиқ ишорасини берди. Унинг нафаси тиқилар эди. Бир сўз айтишга ҳам мадори қолмаганди. Бирдан унда умид учқуни пайдо бўлди.
– Ундай бўлса, милтиқларни буюртираверинглар, – деди Ривера, умрида узоқ нутқ сўзлагани шу бўлди. – Baқт танг, уч ҳафтадан кейин мен сизга беш мингни келтириб бераман: ўшанда яхши бўлади,об-ҳаво қулай бўлади. Уруш учун қулайроқ. Бундан ортиқ мен ҳеч нарса қилолмайман.
Вэра ўзида уйғонган умид учқунини босишга тиришди. Бу умид ҳақиқатга зиддай туюлди. У инқилобий ўйинни бошлагандан бери жуда кўп орзу-умидлар кул бўлиб, кўкка совурилиб кетди. У мана шу инқилоб учун пол юваётган ва жулдур кийинган болага ишонар, шу билан бирга ишонишга қўрқap эди.
– Жинни бўлиб қолибсан! – деди у.
– Уч ҳафтадан кейин, – деди Ривера бепарво. – Милтиқларни буюртираверинг.
У ўрнидан туриб, шимарилган енгларини туширди ва камзулини кия туриб:
– Милтиқ буюртираверинг, – деб такрорлади. – Мен кетдим.
III
Бир қанча ур-сур, тўполон, саноқсиз телефон қоқиш ва сўкишлардан кейин Кэллининг конторасида тунги кенгаш бўлмоқда эди. Кэллининг иши бошидан ошиб ётибди; бунинг устига иши ўнг келмади. Бундан уч ҳафта илгари у Нью-Йоркдан Денни Уордни чақириб олган, у билан Вилли Карти ўртасида бокс матчи ўтказмоқчи эди. Лекин мана икки кун бўлди, Карти қўли синиб ётибди. Буни газеталардан махфий сақламоқдалар, лекин унинг ўрнини босадиган ҳеч ким йўқ. Кэйли енгил вазнли барча боксёрларга телеграммалар юборди. Лекин уларнинг ҳаммасидан ҳам умид узилди, қай бирлари матч билан банд, қай бирлари эса шартнома қилиб қўйганлар.
Шундай бир пайтда умид шуъласи хира нур сочгандай бўлди.
– Юрагингга балли, – деди Кэлли Риверага қия боқиб.
Риверанинг кўзларида ғазаб ва нафрат ўти ёниб турар, лекин юзи эскича ҳеч нарса ифода қилмасди.
– Мен Уордни енгаман. – Унинг айтган гапи шу бўлди.
– Сен қаёқдан биласан буни? Унинг бокс тушганини бирор марта кўрганмисан ўзинг?
Ривера жавоб бермади.
– У кўзини юмиб туриб, ағдариб ташлайди сени.
Ривера елкасини қисиб қўйди.
– Нима бало, тилинг йўқми? – деб минғиллади импрессарио.
– Мен уни енгаман.
– Илгари бирорта киши билан олишганмисан? – деб сўради Майкл Кэлли.
Майкл импрессарионинг акаси бўлиб, Иеллоустоундаги бир татализаторнинг хўжайини эди. Ўша ерда у бокс жангларини ташкил қилиб, катта-катта пул ишларди. Ривера унга жавобан бир ғазабли қараш қилиб қўйди.
Кўринишда спортчига ўхшаган бир йигит — импрессарионинг секретари «пиқ» этиб кулиб юборди.
– Хўп, Робертсни биласанми? – деб нохуш жимликни биринчи бўлиб бузди Кэлли. – Мен унга одам юбордим, кутиб ўтир. Лекин енгиб чиқишингга ҳеч ҳам кўзим етмайди. Мен томошабинларга масхарабозлик кўрсатмоқчи эмасман. Биринчи қатордаги жойлар ўн беш доллардан сотилаётир ахир.
Робертс ширакайф ҳолда кириб келди. У новчадан келган, ориқ, қадамларини санаб босадиган, териб-териб гапирадиган бир одам эди.
Кэлли тўппа-тўғри ишга киришди.
– Қулоқ беринг, Робертс, сиз мана шу мексикаликни топдим деб мақтанган эдингиз. Ўзингизга маълум, Карти майиб бўлиб ётибди. Энди мана шу мексикалик итвачча Картининг ўрнига мен чиқаман деб безбетлик қилаётир. Сиз бунга нима дейсиз?
– Жуда соз, Кэлли, – деб жавоб берди Робертс битта-битта қилиб, – у Денни билан бемалол олишади.
– Эҳтимол, сиз ҳали Деннини енгиб чиқади ҳам дерсиз, – деб кесатди Кэлли.
Робертс бир оз ўйланиб қолди.
– Йўқ, мен бундай демайман. Уорд тажрибали жангчи, марди майдон йигит. Бироқ у Риверани тезда енголмайди. Мен бу мексикаликни биламан. У асабсиз одам. Унинг икки қўли ҳам баб-баравар ишлайди. У ҳар қандай позициядан туриб ҳам сизни ағдариб ташлайди.
– Бунинг ҳаммаси бекор гап. Бироқ у томошабинларнинг талабига жавоб бера оладими, масала шунда. Сиз ўз умрингизда жуда кўп боксёр тарбияладингиз. Сизнинг фикрингиз мен учун жуда қимматли. Лекин ўз пуллари эвазига одамлар томоша кўришни истайди. Томошабинларга ҳеч қандай завқ бера оладими бу?
– Албатта беради. Бундан ташқари, кўрарсиз ҳали, у Деннини тоза тинкасини қуритади. Бу йигитни билмайсизлар, мен бўлсам яхши биламан. Уни кашф қилган одам мен бўламан. Унинг заиф жойи йўқ. У девдек олишади. Мана кўрасиз. У билан учрашгандан кейин Уорд ҳайрон қолади ҳали, ҳаммангиз ҳам ҳайрон қоласиз. Мен Уордни албатта енгиб чиқади демайман, лекин бу бола ўзини кўрсатади. Бу боланинг донғи чиқади ҳали.
– Жуда соз, – деди Кэлли ва котибига қараб деди. – Уордга телефон қилинг. Мен унга керак бўлсангиз, чақириб олармиз деган эдим. У узоқда эмас, Иеллоустоунда. Денни ўша ерда томошабинлар орасида олифталик қилиб, шуҳрат орттириб юрибди.
– Ичасизми? – деб мурожаат қилди у Робертсга.
Робертс вискидан бир оз ичди-да, сўзлаб кетди:
– Мен бу болани қандай топганлигимни ҳикоя қилиб бермадим шекилли? Бундан бир неча йил илгари бу бола машқ залларида пайдо бўлди. Ўша вақтларда мен Прэйн Дилэнига қарши тайёрлаш билан машғул эдим. Прэйн ёвуз одам, унда шафқат деган нарсанинг уруғи ҳам йўқ. У машқ пайтида ўзига қарши чиққан одамни калтаклаб, сулайтириб ташлайди. Мен ўз ихтиёри билан унга қарши чиқадиган одамни тополмадим. Аҳвол оғир эди. Мен одам қидириб, айланиб юрган эдим, от остида ивирсиб юрган мана шу мексикалик болани кўриб қолдим. Дарров унга ёпишдим, қўлига қўлқоп кийдириб, ишга солдим. У худди ийланган теридек, лекин кучи камроқ эди.
Бошда у ҳатто бокснинг нималигидан мутлақо бехабар эди. Прэйн уни сулайтириб ташлади. Зўрға оёқда босиб турса ҳам, икки раундга чидаб берди. Кейин ҳушидан кетиб қолди. Унинг шу қадар дабдаласи чиққан эдики, шу ҳолда кўрса меҳрибон онаси ҳам таниёлмасди. Кейин билсам, у оч экан. Мен унга ярим доллар пул бериб, қорнини туйдирдим. Вой-бу-уй, унинг овқат ейишини кўрсангиз! Икки кундан бери туз тотимаган экан. Мен энди бола бу ерларга ҳеч келмас дея ўйлаган эдим. Йўқ, қайда дейсиз, эртасига эрталаб y ёғочдек қотган, аъзойи бадани моматалоқ бўлиб кетган ҳолда кириб келди. У яна бир марта ярим доллар ва яхши овқат ишлашга қатъий қарор қилган экан. Бора-бора у ўзини ушлаб олди. У туғма боксёр, ғоят шафқатсиз. Унда раҳмдиллик деган нарса йўқ. У бир парча муз. У билан танишганимдан бери ўнта сўзни бирга қўшиб айтганини эслай олмайман.
– Мен уни биламан, – деди котиб, – у сизга кўп пул ишлаб берди.
– Машҳур боксёрларнинг ҳаммаси унда ўз кучини бир синаб кўрган, – деб тасдиқ қилди Робертс. – Бу бола улардан таълим олди. Кўпгина боксёрларни уриб ташлаши мумкин эди ҳам. Лекин бу йигит нима учундир боксни яхши кўрмайди. У бизнинг касбимизни ёмон кўради деб ўйлайман.
– Сўнгги ойлар ичида у кўпгина кичик клубларда олишиб юрди, – деди Кэлли.
– Тўғри, лекин бунга уни нима мажбур қилди экан, билмадим. Ёки ғурури қўзғаб қолдимикан? Мана шу вақт ичида у кўпгина боксёрларни уриб ташлади. Пулга муҳтож бўлса керак; анчагина пул ишлаб олди ҳам. Лекин унинг устидаги кийимини кўриб, ҳеч ким уни пулдор одам демайди. У ғалати бола. Унинг нима иш қилишини, қандай вақт ўтказишини ҳеч ким билмайди. Иш билан банд бўлганда ҳам, иш тугаши биланоқ дарров ғойиб бўлади. Онда-сонда ҳафталаб йўқ бўлиб кетади. У ҳеч кимнинг маслаҳатига қулоқ солмайди. Уни ким йўлга сололса, катта пул ишлайди. Лекин у бунга ҳеч эътибор бермайди. Ҳали қараб туринг, шартнома тузганда, нақд пул устида тортишади.
Шу вақт савлат ва тантана билан, қувноқлик ва хушчақчақлик билан Денни Уорд кириб келди. Унинг opқaсидан менеджер ва тренер кириб келишди. Денни ҳамма билан саломлашар, ҳазил-мутойиба қилар, ўткир, қочириқ сўзлар айтар, табассуми эса барчага баравар эди. Бу қилиқлар жуда ҳам самимий бўлмай, кўпи сохта эди. Уорд уста актёр, шунинг учун ҳам очиқ чеҳрали бўлиш муваффақият қозонишнинг энг зарур усулларидан деб ҳисобларди. Тўғрисини айтганда, у эҳтиёт билан иш кўрувчи боксёр ва бизнесмен эди. Қолганларининг ҳаммаси ниқоб эди. Уни билган ёки у билан пул муносабатида бўлган кишилар иш ҳисоб-китобга келганда, у жуда хасис дердилар. Барча ишларда унинг ўзи шахсан қатнашади, унинг менеджери эса қўғирчоқдек гап дейишарди.
Риверанинг феъл-атвори бутунлай бошқача эди. Унинг баданида ҳинду қони оқарди. У бурчакда қимирламай жим ўтирар, фақат қopa кўзлари бир кишининг юзидан иккинчисига ўтиб, ҳамма нарсани кўриб турарди.
– Э-э, мана шу киши экан-да, – деди Денни, рақибини бошдан-оёқ кўздан кечириб. – Аҳволингиз қалай, йигитча?
Риверанинг кўзлари ғазаб билан чақнаб кетди. Деннининг саломига ҳатто жавоб ҳам бермади. Гринголарнинг ҳаммасини жуда ёмон кўрарди. Деннини эса ўлгудай ёмон кўриб қолди.
– Ана холос! – деди Денни ҳазиломуз матч бошлиғига қараб. – Мени, нима, соқов билан олишади деб ўйлаганмидингиз? – деб кулги тўхтагандан кейин, у душманини яна чақиб олмоқчи бўлди. – Нима бало, Лос-Анжелос шунақанги камбағал бўлиб қолганми? Қидириб топганларинг шуми ҳали? Буни қайси болалар боғчасидан топиб келдинглар?
– У яхши йигит. Денни, ишонавер менга!… – деб Робертс Риверани ёқлаб чиқди. – Сен ўйлаганча, уни осонлик билан енгиш қийин.
– Бундан ташқари, билетларнинг ярмиси сотилиб бўлди, – деди ялиниш оҳанги билан Кэлли. – Энди нима ҳам қиласиз, шу йигит билан олишасиз-да. Бошқа иложимиз йўқ, Денни. Топганимиз шу бўлди.
Денни Риверага яна бир масхарали қараш қилди-да, оғиp тин олди.
– Ўйлашимча, мен у билан узоқ олишиб ўтирмайман. Агар у бирор айёрлик ишлатиб қўймаса.
Робертс пиқ этиб кулиб юборди.
– Сиз унга эҳтиёт бўлинг, – деб танбеҳ берди менеджер Деннига. – Номаълум рақиб бирор ҳунар кўрсатиб қўйиши мумкин.
– Хайр, майли, эҳтиёт бўламан, – деб илжайди Денни. – Мен муҳтарам томошабинларни мамнун қилиш учун у билан майнавозчилик қила тураман. Ўн беш раундга чўзсам бўладими? Кейин поқ этиб нокаут қиламиз, қалай бўлади, Кэлли?
– Жуда соз, – деб жавоб берди Кэлли. – Лекин томошабинлар буни сезмаслиги шарт.
– Ундай бўлса, ишга ўтайлик, – деди Денни ва ўзича ҳисоб қилиб, бир оз ўйлаб қолди. – Ўз-ўзидан маълумки, Карти билан қилган шартномамизда кўрсатилганидек, даромаднинг олтмиш беш фоизини мен оламан. Лекин бўлишни бошқача қиламиз. Саксон фоизини мен олсам бас. Тўғри келадими? – деб сўради у, менеджердан.
У тасдиқ ишорасини қилди.
– Гапга тушундингми? – деб сўради Кэлли Риверага мурожаат қилиб.
Ривера бош чайқади.
– Мана шундай, қулоқ сол, – деди Кэлли. – Даромаднинг олтмиш беш фоизи иккингизники. Сен ҳали янгисан, сени ҳеч ким билмайди. Сен билан Денни бу пулни бўлиб оласизлар. Саксон фоизи унга, йигирма фоизи сенга. Шундай қилсак адолатли бўлади, шундай эмасми, Робертс?
– Жуда яхши, Ривера, – деб унинг фикрига қўшилди Робертс, – ҳали сенинг номинг чиқмаган.
– Даромаднинг олтмиш беш фоизи қанча бўлади? – деб сўради Ривера.
– Эҳтимол беш минг, балки саккиз минг ҳам бўлар. – Ёки шунга яқин, – деб тушунтирди Денни. – Сенга тахминан бир минг ёки бир минг олти юз тегади. Менга ўхшаган уста боксёрдан енгилиб, шунча пул олсанг, ёмон эмас, ахир. Нима дейсан?
Шунда Ривера ҳаммани шошириб қўйди.
– Енгиб чиққан ҳаммасини олади, – деди Ривера қатъий қилиб.
Ҳамма бир зумга жим қолди.
– Бу ахир муттаҳамлик-ку, – деди менеджер сокинликни бузиб.
Денни бош чайқади.
– Ҳаммангиз биласизки, мен бокснинг пириман. Мен судьядан ҳам, бу ердагилардан ҳам шубҳаланаётганим йўқ. Баъзан учраб қоладиган ҳар хил шантаж ва қўрқитишлар ҳақида гапирмайман. Бирдан-бир айтадиган сўзим шуки, бу шарт мени қаноатлантирмайди. Мен кучимга ишонганим ҳолда жангга кираман. Ким билади, тўсатдан қўлим синиб қолар? Ёки бирортаси мени заҳарлаб қўяр, унда нима бўлади? Ютишми ёки ютқизишми — барибир, менинг ҳақим саксон фоиз. Мексикалик нима дер экан бунга?
Ривера бош чайқади. Деннинг жиғибийрони чиқиб, гапни бошқа томондан олди.
– Хўп, мексикалик итвачча! Сен ҳали қараб тур, тумшуғингни бир ерга ишқаб қўяй.
Робертс оҳиста ўрнидан туриб, иккисининг орасига тушди.
– Енгган ҳаммасини олади, – деб такрорлади Ривера қовоғини солиб.
– Нега бундай деяпсан? – деб сўради Денни.
– Мен сизни енгаман.
Денни пальтосини ечмоқчи бўлди. Лекин менеджер бу ҳаракат хўжакўрсинга қилинаётганлигини биларди. Пальто нима учундир ечилавермади ва Денни лутф айлаб, ўзини тинчлантиришга ижозат берди. Ҳамма унинг тарафдори эди, лекин Ривера четроқда турган эди.
– Менга қapa, аҳмоқ бола, – деб унга гап уқтирмоқчи бўлди Кэлли. – Сен кимсан ўзинг? Ҳеч Ким! Сўнгги вақтларда нима иш қилиб юрганингни биламиз — майда маҳаллий боксёрларни уриб юрдинг. Лекин Денни машҳур боксёр. У бундан кейин чемпионликни олиш учун жанг қилади. Сени эса томошабин билмайди. Лос-Анжелосдан ташқарида ҳеч ким номингни ҳам эшитмаган.
– Эшитиб қолар, – деб елкасини қисди Ривера. – Шу матчдан кейин эшитар.
– Наҳотки бир зумга бўлса ҳам мени енгаман деб хаёл қилсанг? – деб бақириб юборди Денни ўзини тутолмай.
Ривера бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилди.
– Ҳай йигитча, ўйлаб кўрсанг-чи ўзинг, – деб уни кўндиришга уринарди Кэлли. – Довруғинг кетишини бир ўйлаб кўрсанг-чи!
– Менга пул керак, – деб жавоб берди Ривера.
– Мени минг йилда ҳам енголмайсан, – деди ишонч билан Денни.
– Ундай бўлса, нега тортишиб ўтирибсиз? – деб сўради Ривера. – Aгap пул: «Мана, мени олинг» деб турган бўлса, нега уни рад қиласиз?
– Яхши, мен розиман, – деб қолди бирдан қатъий қилиб Денни. – Мен сени рингда ўлгудек калтаклайман, қароғим. Ҳазил қиладиган одамингии топибсан-ку роса. Шартномани ёзинг, Келли. Енгиб чиққан, пулнинг ҳаммасини олади. Буни спорт газеталарида эълон қилинг. Шунингдек, бу ерда шахсий ғаразгўйлик ҳам бор деб айтинг. Мен бу боланинг адабини бериб қўяман.
Кэллининг котиби ёза бошлаган эди, Денни уни тўхтатди.
– Тўхта! – деб y Риверага ўгирилди. – Оғирликни қачон ўлчаймиз?
– Олишувдан олдин, – деб жавоб берди Ривера.
– Ҳеч-да, безбет бола. Агар енгиб чиққан ҳаммасини оладиган бўлса, оғирликни эрталаб соат ўнда ўлчаймиз.
– Шунда енгган ҳаммасини оладими? – деб сўради Ривера.
Денни бош ирғаб, тасдиқ ишорасини берди. Масала ҳал. У бутун куч-қувватини йиққан ҳолда рингга чиқади.
– Оғирлик шу ерда соат ўнда ўлчанади, – деб шарт қилди Ривера.
Котибнинг қалами яна қоғоз устида юриб кетди.
– Бy беш қадоқ ошиқча оғирлик демакдир, – деб норозилик билдирди Робертс Риверага қараб. – Бунда ютқизасан. Бой бердим деявер. Денни ҳукиздай бақувват бўлади. Жинни бўлибсан. Бўлса-бўлмаса у сени енгиб чиқади. Ютиб чиқиш учун сенда ҳеч қандай умид йўқ.
Жавоб бериш ўрнига Ривера унга совуқ ва нафратли қараш қилди. Бошқаларга қараганда дурустроқ деб билган мана шу грингодан ҳам у жирканарди.
IV
Риверанинг рингда пайдо бўлиши назар — эътибордан деярли четда қолди. Уни у ер-бу ердан чапак билан қapши олдилар. Томошабинлар унга ишонмадилар. У буюк Денни олдига луқма қилиш учун ташланган қўзичоқ эди. Шунингдек, томошабинларнинг ҳафсаласи пир бўлиб қолди. Улар Денни Уорд билан Билли Карти ўртасидаги ажойиб жангни кутган эдилар, энди бўлса, мана шу аянчли ёш боланинг олишувини томоша қилиш билан қаноатланишлари керак. Улар ўзларининг норозиликларини ўйнаган гаровлари билан ҳам ифода қилдилар: Деннига бирга қарши икки, ҳатто уч ҳисса пул қўйдилар. Гаров ўйнаган пулни қайси томонга қўйган бўлса, унинг юраги ҳам шy томонда бўлади.
Ёш мексикалик ўз бурчагида ўтириб кутмоқда эди. Дақиқалар оҳиста ўтмоқда. Денни куттириб қўйди. Бу эски қувлик, лекин бу усул ёш боксёрларга сўзсиз таъсир кўрсатган бўларди. Тажрибасиз ёш боксёрлар тоқатсизланиб, борган сари хавфлари ортади, папирос тутунига кўмилиб бепарво ўтирган томошабинларга қарши юзма-юз туриб, ўзларидаги ишончни йўқотиб қўядилар. Лекин бу гал синалган қувлик ўзини oқлай олмади. Робертс ҳақли эди: Ривера қўpқиш нима эканлигини билмасди. Шу ердагиларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ ўзини қўлга ола биладиган, асабийроқ ва таъсирчанроқ бўлган Ривера учун қўрқиш ҳисси ёт эди. Илгаридан тайёрлаб қўйилган мағлубият атмосфераси унга таъсир кўрсатмади. Унинг секундантлари ярамас кишилар, мана шу қонли ўйиннинг ифлос супуриндилари бўлган виждонсиз гиринголар эди. Уларнинг ўзлари ҳам Риверанинг енгилишига ишонар эдилар.
– Эҳтиёт бўл, – деб огоҳлантирди Риверани, унинг бош секунданти Спайдер Хагерти. – Олишувни кучинг борича кўпроққа чўз. Кэлли шундай деб буюрди. Акс ҳолда газеталар бу олишувни майнавозчилик деб бутун Лос-Анжелосга жар соладилар.
Буларнинг ҳаммаси руҳни кўтаришга ёрдам бермасди, албатта. Лекин Ривера ҳеч нарсага эътибор бермай ўтираверди. У боксни жуда ёмон кўрарди. Бу лаънати гринголарнинг бемаъни ўйини. Ривера бу ўйинни очдан ўлмаслик учун жанг майдончаларида нишон вазифасини адо этишдан бошлади. У худди бокс учун дунёга келгандай, лекин унинг учун бу аҳамиятсиз бир нарса эди. Ривера Хунтага келмасдан бурун пул учун жанг қилган эмас, кейин бокс пул топишнинг осон йўли эканлигини англади. Ўз истагига қарши жирканч касб билан шуғулланувчи одам фақат угина эмас, ахир.
Тўғриси, Ривера бу масала устида бош қотириб ўтирмади. У мана шу жангда ғолиб чиқиши кераклигини яхши биларди. Бошқа йўл йўқ. Мана шу залда лиқ тўлиб ўтирганлар Риверани қандай қудратли куч ишга солаётганини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Денни Уорд пул учун олишади, ҳаётда унга мамнунлик, осойишталик туғдириб берувчи пул учун бокс тушади. Ривера ҳам пул учун олишаётир, аммо асл мақсад бошқа; бу мақсад унинг бутун вужудини қоплаб олган. У кураш майдонида ўтириб, ўз рақибини кутар экан, унинг катта очилган кўзлари олдидан кўз қамаштирувчи ва даҳшатли манзаралар ўта бошлади.
У Рио-Бланкодаги гидростанция биносининг оқ деворларини кўрди. Очлик ва жаҳаннам азобида яшаётган олти минг ишчи ва кунига ўн сент олиб, кун бўйи ишлаётган 7-8 яшар болаларни, ранглари заъфарон бўлган тирик мурдаларни — буёқхонада ишловчи ишчиларни кўз олдига келтирди. Унинг отаси бу буёқхоналарни «ўлим камераси» деб атагани эсида, чунки бу ерда бир йил ишлаш ўлим билан баравар эди. У ўзларининг кичкина ҳовличаларини, доим уй ишлари билан ивирсиб, тирикчилик кетидан тинмай югуриб юрадиган онасини эслади. Онаси шу қадар банд бўлишига қарамай, ўғлини эркалатиб, суйишга вақт топарди. Унинг кўз олдида отаси гавдаланади. Отаси чорпахил, шопмўйлов, мулойим табиатли бир киши эди. У шу қадар оқкўнгил, меҳри дарё каби шу қадар кенг эдики, унинг меҳридан она ҳам, ҳовличанинг бир бурчида ўйнаб юрган ўғилчаси ҳам баҳраманд бўлардилар. Ўша замонларда унинг оти Фелипе Ривера бўлмай, Фернандес эди; у ўз отаси ва онасининг фамилиясида юрарди. Унинг оти Хуан эди. Кейин ўз отини ҳам, фамилиясинн ҳам ўзгартирди. Фернандес деган фамилия полиция префектлари ва жандармлар учун нафратли ном эди.
Азамат гавдали, мулойим табиатли Хуакин Фернандес! Риверанинг фикру хаёли кўп вақт отаси билан банд бўлар эди. У замонларда бола ҳеч нарсани тушунмасди. Ҳозир эса у ўзи босиб ўтган ҳаёт йўлига қараб, ҳаммасини тушуниб олган. Отасининг кичик бир матбаада ҳарф тераётганини ёки қўлёзмалар уйилиб ётган стол олдида шошилиб нималарнидир ёзаётганини кўз олдига келтирди. Тун қоронғулигида ишчиларнинг худди ёвуз кишилардек яширинча келганлари ва унинг отаси билан учрашиб, узоқ вақт суҳбатлашиб ўтирганлари яна қайтиб унинг хаёлидан ўта бошлади. Шунда у кичкина бола бўлиб, ўз бурчагида ухламай ётарди.
Унинг қулоғига қаердандир — узоқлардан Хагертининг овози эшитилгандай бўлди.
– Зинҳор дарров ерга ётиб олмайсан. Йўриқномада шундай. Пул оладиган бўлганингдан кейин, калтагини ҳам емоғинг керак.
Ўн дақиқа ўтиб кетди, Ривера эса ҳамон ўз бурчагида ўтирарди. Деннидан дарак йўқ. Найрангбозликни то охиригача олиб боришга қapop берган бўлса керак.
Риверанинг кўз олдидан янги манзаралар ўта бошлади. Иш ташлаш ёки тўғриси, локаут натижасида, Рио-Бланкодаги ишчилар Пуэблода иш ташлаган биродарларига ёрдам берганлари учун ҳаммалари ишсиз қолиб, кўчага ҳайдалган эдилар. Оч қолдилар, мева ва ўсимлик томирларини ахтариб тоққa чиқдилар, ўсимлик томирларини еганлари учун ичбуруғ касалига гирифтор бўлдилар. Ундан кейин даҳшатли манзара: компания дўкони олдидаги майдон; минглаб оч қолган ишчилар; генерал Росальо Мартинес ва Порфирио Диаснинг аскарлари; ўлим пурковчи милтиқлар. Отилаётган милтиқ овозлари то ишчилар қилган гуноҳларини ўз қонлари билан ювиб, тозаланмагунча тўхтамайдигандек кўринар эди. Араваларга уйиб ортилган ўликлар — кўрфаздаги акулаларга овқат сифатида Вэра Крусга жўнатилмоқдалар. Ҳозир ҳам у мана шу даҳшатли жойларда эмаклаб, ўз ота-онасини ахтариб юрибди. Энг охири уларни қийма-қийма қилиб ташланган ҳолда топиб олди. У айниқса онасини унутолмайди. Онасининг фақат юзи кўринади, гавдаси эса бошқа гавдалар орасига кўмилган. Порфирио Диас аскарларининг милтиқлари янгидан отила бошлади, янгидан бола ерга ётиб олиб, худди овчилар қувган қуёндек эмаклаб кочди.
Денгиз шовқинига ўхшаган гувуллаган овоз Риверанинг қулоғига кирди. У Деннини кўрди. Денни бир қанча тренер ва секундантлар билан бирга келмоқда эди. Томошабинлар қий-чув кўтариб, машҳур боксёрни олқишладилар. Денни арғамчи остига чаққонлик билан шўнғиб, майдонга чиққанда, ҳатто Риверанинг секундантлари ҳам хурсанд бўлиб кетдилар. Денни илжаяр, илжайганда юзининг ҳар бир чизиғи, ҳатто кўзлари четидаги ажинлари, кўз ичларигача табассум сочар эди. Бундай боксёрни ҳеч ким ҳеч қаерда ва ҳеч қачон кўрган эмас. Унинг юзи яхши реклама хизматини ўташи, соғломлик, самимият ва хушчақчақлик намунаси бўлиб хизмат қилиши мумкин эди. У ҳаммани танийди. У ҳазиллашар, табассум сочар ва чегара қилиб қўйилган арғамчи ичида туриб, танишлари билан саломлашарди. Орқароқда ўтирганлар, ўз қувончларини изҳор қилиш имкониятини тополмай, «Алло, Денни», – деб қичқирар эдилар. Умумий хурсандлик ва олқишлар беш дақиқача давом этди.
Риверага ҳеч ким эътибор бермади. Томошабин-лар учун у йўқдек гап эди. Спайдер Хагерти Ривера олдига келди.
– Қўрқма, – деб далда берди Спайдер. – Йўриқномани эсда тут: бирдан ётиб олма. Агар ётиб оладиган бўлсанг, нариги ёққа чиққанингда ўлгунча дўппослаймиз. Жанг қиласан, вассалом!
Зални қарсаклар босиб кетди, Денни ўз рақиби томон келмоқда эди. У энгашди, икки қўли билан Риверанинг ўнг қўлини ушлаб, чин юракдан маҳкам сиққан бўлди. Денни кулиб турган юзини унинг юзига жуда яқин олиб борди. Томошабинлар Деннининг мард боксёр эканлигига қойил қолиб, унга таҳсин ўқидилар: у ўз рақиби билан худди ўз укасидай кўришаётир. Деннининг лаблари қимирлади. Томошабинлар ўзлари эшитмаган бу гапни иссиқ саломлашув деб ўйладилар. Шовқин яна кучайди. Денни айтган сўзларни фақат Ривера эшитди:
– Ҳазир бўл, мексикалик итвачча, – деб шивирлади Денни ҳамон юзидан кулги аримай. – Ҳозир бутун томирларингни суғуриб оламан!
Ривера қимир этмади. Ўрнидан турмади. Унинг қapaшида нафрат ўти ёнарди.
– Тур ўрнингдан, лаънати! – деб қичқириб юборди кимдир орқадан.
Ўтирганлар унинг беодоблигини қоралаб, ҳуштак чала бошладилар, лекин у ҳамон қимирламай ўтирар эди. Денни орқасига қайтганда, яна уни қаттиқ чапаклар билан табрикладилар.
Денни ечинган эди ҳамки, «О-о-о, э-эҳ» деган қувончли овозлар янгради. Деннининг бадани ихчам, соғлом ва кучдан дарак бериб турарди. Унинг териси хотинларникидек оппоқ ва силлиқ. Унда латофат, ихчамлик ва зўр қувват бирлашган эди. У кўпгина курашларда буни исбот қилди. Унинг суратлари барча спорт журналларида босилган.
Спайдер Хагерти Ривера устига ёпилган яктакни олганда, залда инграш овозига ўхшаган кучли товуш кўтарилди. Мексикаликнинг бадани буғдойранг бўлгани учун у яна ҳам ориқроқ бўлиб кўринди. Унда мускул бор, лекин Денниники сингари бўртиб чиқмаган. Томошабинлар Риверанинг кўкрак қафаси кенглигини эътибордан четда қолдирган эдилар. Шунингдек, залда ўтирганлар унинг чайирлигини, мускул ҳужайраларидаги тез ҳаракатни, баданини жанговар механизмга айлантириб юборган нерв тизимининг пишиқ эканлигини ҳам ҳисобга ола билмаган эдилар. Томошабинлар фақат жажжи бир ўсмирнинг буғдойранг баданини, ўн саккиз яшар боланинг гавдасини кўрдилар, холос. Денни эса бутунлай бошқа гап. Денни йигирма тўрт ёшли йигит. Унинг бадани ҳақиқий эркак бадани. Улар майдон ўртасига чиқиб, судьянинг сўнгги йўриқномасини эшитиб турганларида, иккиси ўртасидаги фарқ айниқса кўзга ташланиб турди. Ривера Робертснинг судьялар орасида ўтирганини кўрди. У одатдагидан ҳам мастроқ, шунга кўра унинг гаплари ҳам дона-дона эди.
– Қўрқма, Ривера, – деб чўзиб гапирди Робертс. – У сени ўлдириб қўймайди, шуни эсингда тут. У сенга бирдан ташланади, аммо қўрқма. Ўзингни ҳимоя қил, кейин клинч усулини ишлат. У сени жуда ҳам чалпак қилиб ташламайди. Бу ерни машқ зали деб фараз қилавер.
Ривера унинг сўзларини эшитмасликка солди.
– Ўжар шайтон! – деб шивирлади Робертс ёнида ўтирган қўшнисининг қулоғига. – У ҳамма вақт шундай.
Риверанинг қарашида одатдаги ғазаб-нафрат белгиси йўқ эди. Қаторлашиб турган сон-саноқсиз милтиқлар кўзига кўриниб, назари хиралашди. Энг олдинги қаторда ўтирганлардан тортиб, то орқа томонда бир долларлик ўринларда ўтирган ҳар бир томошабин унга милтиқ бўлиб кўринди. У қуёшдан жизғанаги чиққан унумсиз Мексика чегараларини кўз олдига келтирди, бу чегара бўйлаб милтиқ топиш умидида ҳаракат қилаётган ярим яланғоч одамлар гавдаланди.
Ривера ўрнидан туриб, кутмоқда эди. Унинг секундантлари арғамчи остидан ўрмалаб кириб, майдондан Ривера ўтирган брезент курсини олиб чиқиб кетдилар. Унинг қаршисида Денни Уорд қараб турарди.
Гонг чалинди-да, бокс бошланиб кетди. Томошабинлар завқ билан қичқириб юбордилар. Улар ҳеч қачон бокснинг бундай бошланганлигини кўрмаганлар. Газеталар ҳақли эдилар. Бу курашга шахсий ғараз ҳам аралашган. Денни ўзи билан рақиб ўртасидаги оралиқнинг тўртдан уч қисмини бир сакрашда босиб ўтди. Унда мексикалик йигитни тириклайин еб қўйиш истаги борлиги очиқ кўриниб турарди. Унинг ҳужуми бир, икки, ўн мушт тушириш билан чекланмади! Бу ҳужум аллақандай қуюн ёки гирдобни эслатарди. Ривера кўздан ғойиб бўлиб кетди. Тушаётган сон-саноқсиз мушт зарби остида у бамисоли кўмилиб кетгандай эди. Ўз ҳунарининг ажойиб устаси Денни унга ҳаммаёғидан ва турли позициядан туриб ҳужум қилаверди. Ривера калтак зарбидан арқон ёнига улоқтириб ташланди. Судья уларни ажратиб қўйди, шу ондаёқ у яна арқон ёнига улоқтирилди.
Буни ҳеч ким жанг деб айта олмас эди. Бу калтаклаш, дўппослаш эди. Бокс жангини томоша қилувчилардан бошқа ҳap қандай томошабин ҳам биринчи дақиқадаёқ бундай манзарани кўраркан энтикиб, нафасини ололмай қолар эди. Денни қўлидан нима келишини ажойиб усталик билан кўрсатиб берди. Томошабинларнинг жанг нима билан тугашига бўлган чуқур ишончи, Деннига тарафдорлик ҳисси шу қадар кучли эдики, улар мексикаликнинг ҳамон оёққа босиб турганлигини эътибордан четда қолдирдилар. Томошабинлар Риверани эсдан чиқариб қўйдилар. Улар Деннининг мушти зарби остида қолган Риверани деярли кўрмасдилар. Бир-икки дақиқа ўтди. Сўнг рақиблар бир нафасга ажралганларида, ҳамма мексикаликни кўрди. Унинг лаблари ёрилган, бурнидан қон оқмоқда эди. У орқасини ўгириб клинч қилганида, арқонга урилиш натижасида ҳосил бўлган қонли чизиқлар очиқ кўзга ташланиб турарди. Лекин бир нарсани томошабинлар сезмадилар: унинг кўкраги нафас олишда тез-тез кўтарилмас, кўзлари эса эскича ўт бўлиб ёниб турибди. Чемпион унвонини оламан деб юрган жуда кўп боксёрлар уни мана шундай даҳшатли ҳужумларга бардош беришга ўргатиб қўйганлар. Аввал у бир марта муштлашгани учун ярим доллар, ҳафтасига ўн беш доллар олиб, бундай қақшатқич зарбаларга бардош беришга ўрганди. Бу оғир мактаб эди, лекин бу мактаб унга катта, жуда катта фойда берди.
Кейин ҳайратда қоларли бир ҳодиса рўй берди. Қуюнга ўхшаган мушт зарблари бирдан тўхтади. Рингда Риверанинг ёлғиз ўзи турарди. Денни, баҳайбат Денни чалқанча тушиб ерда чўзилиб ётарди. У гандиракламади, ерга секин йиқилмади, балки гумбурлаб тушди. Ўнг мушт билан ёндан туриб туширилган қисқа зарб уни худди ўлим каби ағдариб ташлади. Судья Риверани бир қўли билан итариб юборди ва йиқилган гладиатор устида туриб секундларни битта-битта санай бошлади. Деннининг ҳуши ўзига кела бошлаганда, унинг бадани дир-дир титради. Томошабинлар одатда қойил қилиб туширилган мушт натижасида рақиб ерга ағдарилса, ғолибни олқишлар билан табриклар эдилар, лекин бу гал чапак чалинмади. Ҳодиса бир зумда, қўққисдан рўй берди. Томошабинлар жиддий вазиятни сақлаб, сонияларнинг саналишига қулоқ солар эдилар. Мана шу сокинликда Робертснинг:
– Унинг икки қўли ҳам баравар ишлайди деб айтмаганмидим, – деган мағрур овози эшитилди.
Бешинчи секундда Денни мукка тушди; судья етти деганда, у бир тиззаси билан туриб дам ола бошлади, тўққизга борганда у туришга тайёр эди. Агар унинг тиззаси «тўққиз» деганда ердан узилмаган бўлса, у енгилган ва чиппакка чиққан ҳисобланади. Унинг тиззаси ердан кўтарилиб келаётганда «ўн» дейилса, у турган ҳисобланади. Мана шу пайтда Ривера уни яна ағдариб ташлашга ҳaққи бор. Лекин Ривера таваккал билан иш кўришни истамади. Деннининг тиззаси кўтарилиб келаётганда, мексикалик уни яна бопламоқчи бўлди. У Деннининг атрофида айланиб юрди, у билан бирга судья ҳам айланиб, рақибларнинг ўртасида туриб олди. Ривера секундларнинг жуда секин, чўзиб саналаётганини аниқ эшитди. Гринголарнинг ҳаммаси, ҳатто судья ҳам унга қарши эди.
«Тўққиз» дейилганда судья Риверани итариб ташлади. Бу қоидага хилоф эди. Судьянинг бу ҳаракати Деннининг туриб олишига имкон берди. Унинг лабларида яна табассум пайдо бўлди. Денни икки букилиб, қўллари билан юзи ва қорнини ҳимоя қилиб, Риверанинг пинжига тиқилиб олди. Қоидага мувофиқ судья уни дарров тўхтатиши керак эди, лекин ундоқ бўлиб чиқмади. Денни Риверага ёпишиб олди. У секунд сайин ўз кучини қайтармоқда эди. Раунднинг сўнгги дақиқалари тугаб бормоқда. Агар Денни раунднинг охиригача туриб беролса, бир дақиқали танаффусда ўзига келиб олади. У ўз аҳволининг нақадар аянчли бўлишига қарамай, раунд охиригача чидаб берди, шу билан бирга илжайишни ҳам тарк қилмади.
– Ҳали ҳам кулади-я! – дея қичқирди кимдир, орқадан. Томошабинлар енгил тортиб кулиб юбордилар.
– Бу мексикаликнинг зарби ёмон экан! – деб шивирлади Денни ўз тренерига. Секундантлар зўр бериб уни елпир эдилар.
Иккинчи ва учинчи раунд унча қизиқ бўлмади. Бокс жангининг тажрибали устаси айёр Денни маневр қилар, биринчи даврада еган зарбдан тугал ўзига келиш учун интилиб, ҳийла ишлатар эди. Тўртинчи раундда у тугал ўзига келди. Қаттиқ зарб еб ҳар жиҳатдан ҳaм эзилишига қарамай, соғлом бадандаги куч-қувват туфайли кучини йиғиб олди. Лекин илгаригидек ёвуз тактикасини ишлатмай қўйди. Мексикалик ҳимоя қилишнинг ажойиб санъатига эга экан. Энди Денни ўзининг бой тажрибасини ишга солди. Зўр уста, чаққон ва ишчан жангчи рақибга ҳал қилувчи зарба беришга қурби етмай, аста-секин унинг қувватини емириш пайига тушди. Риверанинг ҳар бир зарбига у уч зарб билан жавоб берар, лекин бу зарблар рақибни чипакка чиқарувчи кучли зарб бўлмай, ўч олиш учун туширилаётган муштлар эди. Хавф туширилаётган зарбларнинг миқдорида эди. Энди Денни, ёнидан туриб икки қўли билан бараварига қисқа зарб туширишда ажойиб қобилиятга эга бўлган мана шу болага қарши жуда эҳтиёткорлик билан иш кўра бошлади.
Мудофаада Ривера рақибини эсанкиратиб, чап қўл билан қайта зарб бериш усулини қўллади. Деннининг бурни ва лаби учун хавфли бўлган бу усулни Ривера қайта-қайта такрорлади. Лекин Денни турли-туман усул ишлатишга уста эди. Мана шунинг учун ҳам уни чемпион бўлади деб айтар эдилар. У жанг қилаётиб, усулдан иккинчисига ўтаверар эди. Энди у душман билан яқин туриб олишувга қарор берди. Айниқса, мана шу услубни қўллашда у жуда уста бўлиб, бу услуб Риверанинг қақшатқич зарбасидан қочишга ёрдам берди. У бир неча марта қуйидан жаққа зарб тушириш усулини қўллаб мексикаликни осмонга кўтариб ерга ағдарди, мана шундай пайтларда томошабинлар завқланиб, қаттиқ қарсаклар билан Деннини табрикладилар. Ривера бир тиззасида туриб, судьянинг саноғини тинглаб, дам оларди. Унга келганда судья секундларни жуда тез санашини яхши билар эди.
Еттинчи раундда Денни мана шу даҳшатли усулини яна такрорлади. Лекин Ривера гандираклаб кетди, холос; шу ондаёқ Денни рақибнинг ўзига келишига имкон бермай, қақшатқич зарб билан уни арғамчидан четга уриб ташлади. Ривера пастда ўтирган репортёрлар устига чалпак бўлиб тушди, улар эса ўз қаторида уни доиранинг четига улоқтирдилар. Судья секундларни санагунчa, Ривера шу ерда дам олиб турди. У энди энгашиб арқоннинг остидан ўтиши керак, доира ичида эса уни Денни кутиб турибди. Лекин судья аралашмади, Деннини орқасига итариб ташламади. Томошабинлар завқдан терисига сиғмас эди.
– Ур уни, Денни, ур! – деб бирдан бақириб юборди кимдир.
Юзлаб овозлар, худди бўри галасидек, бу қичқириққа эргашди.
Денни қўлидан келган бутун чораларни кўрди, лекин Ривера «тўққиз»ни кутиб ўтирмай, «саккиз»даёқ лип этиб арқон остидан ўтди-да, Деннини қучоқлаб олди. Судья яна ишга киришди ва Деннининг зарб беришига қулай бўлсин учун уни ажратиб олди. Судья Денни томонини олгани учун унга барча имкониятларни туғдириб беришга интиларди.
Ривера илгаригидек хотиржам эди. Унинг кўз олдидаги туман тарқалиб кетди. Бу ярамас гринголарнинг ҳаммаси виждонсиз. Таниш хаёлий манзаралар яна унинг кўз олдидан ўта бошлади; саҳродаги темир йўл рельслари; жандармлар ва Америка полисменлари; қамоқхоналар ва карцерлар; водокачка олдидаги дайдилар — ҳаммаси Рио-Бланко ва иш ташлашдан кейинги даҳшатли ва ифлос эпизодлар унинг кўз олдидан бир-бир ўтди. Унинг кўзига нур бераётган ва ватан бўйлаб тантана билан қулоч отаётган қизил инқилоб кўринди. Милтиқлар! Мана, унинг олдида сон-саноқсиз милтиқлар ётибди! Ўтирган лаънатиларнинг ҳар бири бир милтиқ. У милтиқ учун оғир жангга киради. Унинг ўзи милтиқ! Унинг ўзи инқилоб! У Бутун Мексика учун курашмоқда!
Риверанинг хатти-ҳаракати томошабинларнинг жиғига тега бошлади. Нима учун у енгилиб қўя қолмайди? Барибир енгилади-ку, лекин нега бунчалик ўжарлик қиляпти? Ўтирганларнинг жуда оз қисми Ривера томонида. Улар Денни енгиб чиқишига шубҳа қилмасалар ҳам, Риверанинг томонини олиб гаров ўйнадилар. Тўққизга қарши тўрт, учга қарши бир. Уларнинг кўпчилиги Ривера неча даврагача бардош бера олади деб гаров қўйганлар. У олтинчи ёки еттинчи раундгача бардош беролмайди деб гаровга катта-катта пул қўйдилар. Энди бу гаровни ютиб олганлар, ўзларининг қалтис ўйинлари муваффақият билан тугаллангач, хурсандликдан Деннини олқишлар эдилар.
Ривера енгилишни истамас эди. Саккизинчи даврада унинг рақиби апперкот усулини яна такрорлайман деб кўп ҳаракат қилди. Тўққизинчи даврада Ривера томошабинларни яна довдиратиб қўйди. Клинч пайтида у енгил, ихчам ҳаракат қилиб Деннидан ажралди-да, ўнг қўли билан қақшатқич зарба берди. Денни ерга юмалаб тушди. Томошабинлар ақлдан озаёздилар. Денни ўз қуроли билан ўзи жазоланган эди. Унинг машҳур «пастдан ўнг томонга» зарба бериш усули ўзига қарши ишлатилди. У «тўққиз» деганда ўрнидан туриб келаётган эди, Ривера унга зарб туширишга қасд қилмади. Денни кўтариларкан, судья очиқдан-очиқ ўртада ғов бўлиб туриб олди. Лекин Ривера йиқилганда, у аралашмай четда турган эди.
Тўққизинчи раундда Ривера икки марта апперкот усулини, яъни Деннининг жағига пастдан зарб бериш усулини қўллади. Деннининг эси оғиб қолаёзди. Ҳамон унинг юзидан табассум аримас эди. У яна ўзининг даҳшатли ҳужумини бошлади. Лекин қуюн каби қилинган бу ҳужумлар Риверани сафдан чиқаролмади. Ривера бўлса ана шу қизғин олишув ва чир айланиш пайтида Деннини бирин-кетин уч марта ерга ағдарди. Денни энди илгаригидек тез ўзига келолмай қолди. Ўн биринчи раундга келиб унинг аҳволи анча жиддийлашди. Лекин то ўн тўртинчи раундгача у ўз техникасини жуда усталик билан ишлатиб борди ва ўз кучини авайлаб сарфлашга ҳаракат қилди. Бундан ташқари у шундай разил усулларни ишга солдики, бундай усуллар фақат тажрибали боксёрларгагина маълум эди. У барча ҳийла-найрангларини то охиригача ишлатди: гоҳ рақибнинг бошига тирсагини ботирар, нафас олишини қийинлаштириш учун унинг оғзини бекитар; клинч усулини қўллаганда, тилиниб кетган, лекин табассум сочиб турган лабларини қимирлатиб, ёмон сўзлар билан Риверани ҳақорат қилар эди. Ҳамма, судьядан тортиб томошабинларгача Денни томонида; Деннининг мақсадини яхши билганлари ҳолда, унга ёрдам берардилар.
Бундай кутилмаган рақибга yчpaгaн Денни энди ўзининг бутун кучини энг сўнгги, ҳал қилувчи зарба беришга сафарбар қилди. У ён берар, чанг солар ва ўз рақибига қатъий зарба бериш учун пайт пойлар эди. Шу билан у тақдир ғилдирагини буриб юбормоқчи эди. Бир вақтлар ундан ҳам машҳурроқ бўлган бир боксёр ишлатган усулни қўллаб, ҳам ўнгдан, ҳам чапдан — мия билан қуйи жаққа бир вақтда зарба тушириши керак эди. Денни мана шу усулни ишлатиши мумкин, чунки у ҳали оёққа босиб турибди, қўлларида ҳали куч бор.
Риверанинг секундантлари парвойипалак раундлар оралиғида ўтирар эдилар. Улар сочиқни хўжакўрсинга елпитиб-елпитиб қўяр ва зўрға нафас олаётган Риверанинг ўпкасига кўпроқ ҳаво киришига ёрдам бepмacдилар. Спайдер Хагерти унга маслаҳат беришни қўймас, Ривера эса бу маслаҳатларнинг бир пулга қиммат эканлигини билиб, унга қулоқ солмасди. Ҳамма унга қарши. У хоинлар орасига тушиб қолган. Ўн тўртинчи раундда у Деннини яна ағдариб ташлади ва секундларни санаб бўлгунларича қўлларини икки ёнига кучсиз равишда осилтириб дам олиб турди. Қарши томонда у шубҳали шивир-шивир қилаётганларини сезиб қолди. Майкл Кэлли Робертснинг ёнига келиб, унинг қулоғига бир нарсалар деб пичирлаётганини кўрди. Риверанинг эшитиш қобилияти худди ёввойи мушукникидек ўткир эди. Гапнинг бир учи унинг қулоғига чалинди. У кўпроқ эшитиб олишни истарди. Денни ўрнидан турганда, олишув арқонга яқин, четроқда бўлсин учун рақибини ўша томонга қараб судради. У Майклнинг:
– Енгиши керак, – деган овозини эшитиб қолди. Робертс бош ирғаб тасдиқ ишорасини берди. – Денни енгиб чиқиши керак, акс ҳолда мен хонавайрон бўламан… Мен бунга бутун бойлигимни тикканман. Агар мексикалик ўн бешинчи раундгача туриб берса, менинг уйим куйди, хароб бўлдим деяверинг. Бола сизга қулоқ солади. Қандай бўлмасин, бир аралашиб кўринг. – Бундан кейин Риверанинг миясини хаёлий фикрлар чулғамади. Уни тириклайин сўймоқчилар. У яна бир марта Деннини ерга ағдариб, қўлларини икки ёнига ташлаган ҳолда дам оларкан, Робертс ўрнидан турди.
– Тамом, – деди Робертс, – ўз жойингга бор.
У Риверага машқ майдонидаги сингари оҳанг билан сўз қотди. Лекин Ривера Деннининг ўрнидан туришини кутаркан, нафрат билан Робертсга қараб қўйди. Ундан кейин бир дақиқалик танаффус вақтида Ривера ўз ўрнига келиб ўтирди. Шу пайт Кэлли Риверанинг олдига келиб, сўзлай кетди:
– Ҳазилингни ташла, аҳмоқ бола! – деб шивирлади у. – Енгилиб қўя қол, Ривера. Менинг сўзимга кир, мен сени бой қилиб юбораман. Келаси учрашувда Деннини енгишга имкон туғдириб бераман. Бугун сен енгилишинг керак.
Риверанинг кўзлари гапга қулоқ солганини билдирса-да, «ҳа» ҳам демади, «йўқ» ҳам.
– Нега жавоб бермайсан? – деди жаҳли чиқиб Кэлли.
– Барибир сен ютқизасан, – деб қўшиб қўйди Спайдер Хагерти. – Денни ғалабани сенинг қўлингга бериб қўймайди. Кэллига қулоқ бер, йиқилиб қўя қол.
– Йиқилиб қўя қол, йигитча, – деб қистар эди Кэлли. – Мен сенга чемпион бўлишга ёрдам бераман.
Ривера жавоб бермади.
– Худо ҳаққи, ўз сўзимда тураман! Ҳозир эса сен менга ёрдам бер.
Занг чалиниши Ривера қулоғига машъум бир садодек эшитилди. Томошабинлар ҳеч нарсани сезмас эдилар. Хавф нимадан иборат эканини Риверанинг ўзи ҳам билмасди, бу хавф мана шу залнинг ўзида эканлигини биларди. Лекин бу хавф яқинлашиб келаётганини очиқ сезди. Деннининг илгариги ишончи қайтиб келгандек бўлиб кўринди. Риверани қўрқитиб юборган нарса шу бўлди. Унга қарши қандайдир ҳийла ишлатмоқчилар.
Денни унга ташланди, лекин Ривера чаққонлик билан чап берди. Унинг рақиби клинч усулини қўлламоқчи. Ўйлаб қўйилган ҳийлани ишлатиш учун бу усул нима учундир керак. Ривера чекинар, чаққонлик билан чап берар, лекин ҳозирми, кейинроқми, рақибнинг клинчидан ҳам, ҳийласидан ҳам қутула олмаслигини биларди. У мана шу ҳийлани тезроқ ишлатишга Деннини мажбур қилмоқчи бўлди. Денни унга ташланган эди, Ривера олишмоқчидай бўлиб турди, лекин энг сўнгги дақиқада, уларнинг баданлари бир-бирларига тегай деганда, Ривера жуда чаққонлик билан тисарилди; шу ондаёқ Денни тарафдорлари: «Нотўғри» деб қичқириб юборишди. Ривера уларни аҳмоқ қилди. Судья иккиланиб тўхтади. Унинг айтмоқчи бўлган сўзлари оғзида қолди, чунки бир боланинг: «Ғирромлик бўлмасин!» деган ҳайқириғи жаранглади.
Денни эшитиладиган қилиб Риверани сўкди-да, унга қарши ҳужумга отилди. Ривера тисарила бошлади. У ўзича, энди ён томонга зарб урмаслик керак деб ўйлаб қўйди. Тўғри, бу билан ғалабанинг ярмиси бой берилади. Лекин ғалаба қозониш учун рақибдан ажралиб зарб бериш кераклигини Ривера билар эди. Барибир, сал нарсага улар Риверани ғирромликда айблайверадилар. Денни энди ҳар қандай эҳтиётни ҳам бир томонга йиғиштириб қўйди. У билан яқин туриб олишувдан қочаётган мана шу болани икки раундгача тоза калтаклади.
Ривера ҳалокатли клинчдан қочиб, зарб устига зарб ер эди. Деннининг бу калтаклашидан завқланган томошабинлар ўринларидан туриб кетдилар. Ҳамма ақлдан озди деб ўйлаш мумкин эди. Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмасди. Улар фақат бир нарсани — Деннилари енгаётганлигини кўрардилар, холос.
– Жангдан қочма, – деб Риверага қутуриб гапира бошладилар. – Қўpқoқ итвачча! Ур уни, Денни. Тушир тумшуғига! Ошиғинг олчи, Денни!
Томошабинлар залида биргина Ривера бепарво. У ўз мажози, табиати билан шу ўтирган одамларнинг ичида энг тез қизиб кетадиган, энг эҳтиросли киши эди, лекин у шундай жаҳон оловларидан ўтиб келганки, ўн минглаб одам бўғзидан отилиб чиқаётган ғазабли овозлар денгиз тўлқинлари сингари кўтарилиб келаётган бўлса ҳам, у ўзини ёз оқшомларида эсган салқин шабадада тургандек енгил ҳис қилар эди.
Ўн еттинчи раундда Денни ўз ўйинини ишлатди. Ривера мушт зарбидан букулиб қолди. Унинг қўллари сусайиб, осилиб тушди. Денни ҳал қилувчи пайт келди деб ўйлади. Бола энди унинг ихтиёрида. Лекин Ривера бу билан рақибнинг сезгирлигини бўшаштирди ва боплаб туриб унинг жағига қақшатқич зарба туширди. Денни ағдарилиб тушди. Ривера бу зарбни уч марта қайтарди. Ҳар қандай судья ҳам бу зарбаларни нотўғри деб айта олмас эди.
– Вой, Билл, Билл! – деб зорланди Кэлли, судьяга мурожаат қилиб.
– Менинг қўлимдан нима келарди? – деб жавоб берди у. – Баҳона қилишга ҳеч қандай сабаб йўқ.
Денни тоза калтак еди. Лекин ҳар гал ҳам дадил ўрнидан турарди. Кэлли ва майдонга яқин ўтирган бошқа одамлар бу дўппослашни тўхтатмоқ учун полицияни чақира бошладилар. Аммо Деннининг секундантлари ҳали ҳам сочиқларини елкаларига ташлаб турар эдилар. Ривера, семиз бир полисмен, арғамчи остидан энгашиб ўтишга ҳозир турганини кўриб қолди. Бу нима гап ўзи? Бу гринголар қандай айёрликларни ишлатмайдилар! Ўрнидан турган Денни худди маст кишидай чайқалиб, аянчли бир вазиятда турарди. Судья билан полисмен бараварига Риверанинг олдига югуриб келдилар, аммо шу онда у охирги зарбани туширган эди. Энди курашни тўхтатиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди, чунки Денни ортиқ ўрнидан турмади.
– Сана! – деб бўғиқ товуш билан қичқирди Ривера.
Саноқ тамом бўлганда, секундантлар Деннини кўтариб, ўз бурчагига олиб кетдилар.
– Ким ғолиб? – деб сўради Ривера.
Судья истар-истамас унинг қўлқоп кийган қўлини ушлаб, юқори кўтарди.
Риверани ҳеч ким табрикламади. У ёлғиз ўзи ўз бурчагига борди. Ҳалигача унинг секундантлари ҳатто стул ҳам қўймаган эдилар. У арқонга суяниб, нафрат билан секундантларига қаради, кейин назарини узоқларга, мана шу ўн минглаб грингони қамраб олгунча узоқларга қaрай берди. Унинг тиззалари қалтирар, ўзи эса ҳолсизликдан ўпкаси тўлиб, азоб чекар эди. Унинг кўз олдида жирканч башаралар сузар ва тебранар эди. Бирдан Ривера буларнинг ҳаммаси милтиқ эканлигини эслади. Бу милтиқларнинг ҳаммаси уники. Инқилоб давом этади.
_____________
* Хунта — Испания ва Лотин Америкасида ижтимоий-сиёсий ташкилотнинг номи.
* Диас, Порфирио (1830—1915). Мексиканинг реакцион ҳукмдори. Халқ оммасининг инқилобий ҳаракати натижасида 1911 йилда Диас диктатураси ағдарилди.
Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси