– Мана мен катта ва иссиқ олтита одеял, катта ва пишиқ олтита арра, Гудзон компанияси ишлаган ўткир ва узун олтита пичоқ; буюк уста Могума ишлаган иккита қайиқ; чанага қўшадиган унта кучли, чидамли ит ва учта милтиқ бераман, биттасининг тепкиси синиб қолган, лекин жуда яхши милтиқ, тузатса бўлади.
Киш жим бўлди ва диққат билан унга тикилиб ўтирган одамларга кўз ташлади. Буюк балиқ ови пайти келганди, шунда у Гнобдан қизи Су-Суни ўзига хотинликка сўради. Бу илтимосни у Юкондаги муқаддас Георгий миссиясида қилди, бу ерга ўшанда юз миллаб узоқликда яшайдиган қабила одамлари тўпланганди. Улар шимолдан, жанубдан, шарқдан ва ғарбдан, ҳатто Тоцикакатдан ва узоқ тана-наудан келганлар.
– Сўзимга қулоқ бер, эй, Гноб! Сен тана-нау қабиласининг бошлиғисан, мен Киш ўғли Киш бўлсам, тлунгетлар қабиласининг бошлиғиман. Шунинг учун ҳам қизинг менга хотин бўлиб, бола туғса, қабилаларимиз ўртасида дўстлик пайдо бўлади, тана-наулар билан тлунгетлар узоқ йилларгача қон-қардош бўладилар. Мен гапимни айтдим, айтганимни албатта бажараман. Сен нима дейсан, эй Гноб?
Гноб гердайиб бошини ирғатиб қўйди. Ёноқ суяклари чиққан, ажин босган юзида ҳеч қандай фикр ифодаси кўринмади, лекин у дўриллаган йўғон овоз билан:
– Бy билан ҳали гап тамом бўлмайди, – деганда кўзлари чўғдек чақнаб кетди.
– Яна нима керак? – деб сўради Киш. – Наҳотки мен яхши қалин бермаган бўлсам? Наҳотки тана-нау қабиласида бирон қизга бундан ҳам кўпроқ қалин берилган бўлса? Ўшандай қиз бўлса, номини айт менга!
Даврани масхарали шивир-шивир босиб кетди-ю, Киш кўпчилик олдида шарманда бўлганлигини сезди.
– Йўқ, йўқ, дўстим Киш, гапимни бошқача тушундинг, – деб Гноб мулойимлик билан қўлини кўтарди. – Яхши ҳақ бердинг. Ҳақиқий баҳоси шу. Мен ҳатто тепкиси синиқ милтиққа ҳам розиман. Лекин гап бунда эмас. Куёвнинг ўзи қандай одам?
– Ҳа-ҳa, ўзи қандай одам? – деб ғазаб билан такрорладилар даврада ўтирган кишилар.
– Айтишларига қараганда, – деб яна хириллаган овоз билан гап бошлади Гноб, – айтишларига қараганда, Киш ота-боболарининг йўлидан кетмаётган эмиш. Айтишларича, у эътиқодини йўқотиб, зулматда адашиб юрганмиш, у қўрқоқ бўлиб қолганмиш.
Кишнинг ранги ўчди.
– Ёлғон! – деб қичқирди у, – Киш ҳеч кимдан қўрқмайди.
– Айтишларича, – деб давом этди кекса Гноб, – Киш Катта уйдаги оқ танли одамнинг гапига кирармиш, оқ танли одамнинг тангрисига бош эгармиш, оқ одамнинг тангриси эса қонни ёмон кўрармиш.
Киш бошини қуйи солди, жаҳлдан унинг қўллари мушт бўлди. Даврада ўтирганлар уни масхара қилиб хахолаб кулиб юбордилар, қабиланинг фолбини, буюк коҳини шаман Мадван Гнобнинг қулоғига бир нарсалар деб пичирлади. Кейин у гулхан ёритиб турган жойдан қоронғуликка шўнғиди-да, у ердан хушбичим бир болани етаклаб чиқди, уни Кишнинг ёнига олиб келиб, Кишнинг қўлига пичоқ тутқазди.
Гноб олдинга эгилди.
– Киш! Эй Киш! Сен одам ўлдиришга журъат қила оласанми? Бунга қара, бу бола Киц-Ну, менинг қулим. Ўлдир уни. Кучли қўлларинг билан бу боланинг қонини тўк.
Киц-Ну унинг пичоқ уришини кутиб, дир-дир титрар эди. Киш болага қараб турди, мистер Брауннинг олижаноб таълимлари эсига тушди-да, мистер Браун айтган дўзахида аланга уриб турган оловни очиқ кўрди. Пичоқ қўлидан тушиб кетди. Бола енгил тин олиб, гулхан ёритиб турган даврадан чиқди, бечоранинг тиззалари букилиб-букилиб кетарди. Гнобнинг олдида катта бир ит ётарди, бy ит тишларини иржайтириб болага ташланмоқчи бўлди. Лекин шаман уни тепиб юборди, буни кўриб турган Гнобнинг миясига янги фикр келди.
– Менга қара, эй Киш! Сен билан мана бундай муомала қилсалар, нима қилардинг? – деди-да, Гноб итга бир парча балиқ тутди, ит овқатга оғиз очган эди, Гноб тумшуғига калтак билан бир солди. – Шундан кейин, эй Киш, сен мана бундай қилардингми?
Ит ерга чўзилиб, Гнобнинг қўлини ялади.
– Менга қapa! – Гноб Мадваннинг қўлига суяниб, ўрнидан турди. – Мен жуда қариб қолдим. Жуда қари бўлганлигимдан сенга шундай демоқчиман: отанг Киш буюк одам эди, у ёйдан отилган ўқларнинг куйини яхши кўрарди, унинг қандай найза отишини, душманларининг калласини узганларини ўз кўзим билан кўрганман. Сен отангга ўхшамабсан. Сен Қapғa йўлидан қайтиб, Бўрига сажда қила бошлаганингдан бери қондан қўрқадиган бўлиб қолдинг, халқим ҳам қондан қўрқсин, дейсан. Бу яхши эмас. Мен Киц-Нудек бола чоғимда бизнинг тупроғимизда бирорта ҳам оқ танли одам йўқ эди. Лекин улар, oқ танли одамлар, бирин-кетин келавердилар, ҳозир кўпайиб кетишди, улар тиниб-тинчимаган одамлар.
Улар қоринлари тўйгандан кейин эртанги кунни уйламай, гулхан олдида ётмайдилар. Худди қарғиш теккандек, доим заҳмат чекадилар, ўзларини азоб-уқубатга гирифтор қилиб юрадилар.
Киш эсанкираб қолди. У мистер Брауннинг бир вақтлар яшаган Одам деган киши ҳақидаги ҳикоясини сал-пал эслади. Демак, мистер Браун ҳақ гапни айтган экан-да.
– Бу оқ танлилар ҳамма ерга суқилаверадилар, нимани кўрсалар, шунга чангал соладилар, кўзлари эса кўп нарсаларни кўради. Борган сари кўпайиб кетяпти улар; биз индамай қараб ўтираверсак, улар ватанимизни босиб оладилар, бу тупроқда Қарға қабиласига жой қолмайди. Ана шунинг учун улардан бирортаси ҳам қолмагунча, уларга қарши курашмоғимиз керак. Шундагина барча йўллар, ерлар бизники бўлади, ана шунда, эҳтимол, бизнинг болаларимиз, болаларимизнинг болалари фаровонликда яшайдилар, уларнинг суяклари ёғ билан қопланар. Ўша пайт келганда Бўри билан Қapғa куч синашиб кўради, буюк ғарб-зарб бўлади, лекин Киш ҳамма билан бирга жангга чиқмайди, ўз қабиласини жангга олиб кирмайди. Шунинг учун қизимни унга беролмайман. Гнобнинг, тана-нау қабиласининг бошлиғининг сўзи шу.
– Лекин оқ танлилар мурувватли ва қудратлилар, – деб жавоб берди Киш. – Оқ танли одамлар бизни кўп нарсага ўргатдилар. Оқ танлилар бизга одеяллар, пичоқлар ва милтиқлар бердилар, илгари бу нарсаларни ўзимиз қилолмасдик. Улар келмасдан илгари қандай яшаганимиз эсимда. Мен у вақтларда ҳали туғилмаган эдим, буни отам сўзлаб берган. Овда найза билан буғу ови қилиш учун унга яқин ўрмалаб борардик. Энди қўлимизда оқ танлилар милтиғи бор, биз энди овни шундай узоқдан туриб ўлдира оламизки, бундай масофадан чақалоқнинг чинқириб йиғлагани ҳам эшитилмайди. Балиқ гўшти ва ҳар хил ўсимликлар мевасини ердик, бошқа егулик нарса йўқ эди, овқатни тузсиз ердик. Энди орангизда хоҳ балиқни, хоҳ гўштни тузсиз ейдиган биронта одам борми?
Орага жимлик чўкмасиданоқ Мадван ирғиб ўрнидан турмаганда, бу сўзларга кўп одамлар ишониши мумкин эди.
– Аввал бир саволга жавоб бер, Киш. Катта уйда яшайдиган оқ танли сенга одам ўлдириб бўлмайди деган. Оқ танлилар қон тўкаётганини билмаймизми? Наҳотки Койокукедаги ёки Нуклукайтодаги буюк жангни эсимиздан чиқарсак! Нуклукайтодаги жангда учта оқ танли Тоцикакат қабиласидан йигирма кишини ўлдирмаганмиди? Оқ танли Мэклрот тана-нау қабиласининг уч одамини ўлдиргани наҳотки ёдимиздан кўтарилган деб ўйласанг! Энди айт, эй Киш, нима учун шаман Браун одам ўлдириб бўлмайди деб таълим беради-ю, унинг биродарлари қон тўкадилар?
Киш бу мушкул саволга қандай жавоб бериш тўғрисида ўйлар экан, Гноб чийиллаб қолди:
– Йўқ, йўқ, жавоб бермай ҳам қўя қол, бунинг ҳеч даркори йўқ, бошқалар патини юлиб тамом қилгунча, Браунинг Қарғани қўлида маҳкам тутиб турмоқчи. – Гнобнинг овози кўтарила борди. – Тана-нау қабиласида қурол кўтаришга қобил бирорта одам қолгунча ёки ўғил туғиб беришга қобил бирорта қиз қолгунча, Қарғанинг битта ҳам пати юлинмайди.
Гноб гулхан олдида ўтирган баланд бўйли, бақувват йигитга юз ўгирди.
– Су-Сунинг акаси Макамук, сен нима дейсан?
Макамук ўрнидан турди. Унинг юзида узунасига тушган яра ўрни бор эди, юқори лаби буришиб, доим иржайиб турарди, бу эса кўзларининг ваҳшиёна чақнаб турганига сира мос тушмас эди.
У қувлик қилиб, очиқ жавоб беришдан ўзини олиб қочди:
– Бугун, – деди у, – савдогар Мэклротнинг уйи олдидан ўтиб қолдим. Эшигида қуёшга қараб кулиб турган бир болани кўрдим. Бола менга худди Мэклротникига ўхшаган кўзлари билан қаради-да, қўрқиб кетди. Онаси югуриб келиб, болани овута бошлади. Унинг онаси — Зиска, тлунгетлар қабиласининг қизи.
Унинг сўзларини кўпчиликнинг ғувури босиб кетди. Лекин Макамук қўлини кўтариб, ҳаммани жим қилди-да, кўрсаткич бармоғи билан Кишни кўрсатди.
– Кунингиз шунга қолдими! Сиз тлунгетлар ўз қизларингизни бошқаларга бериб, хотин олиш учун Тана-нау қабиласига, бизнинг олдимизга келасизларми? Қизларимиз ўзимизга керак, Киш, Қapғa Бўри билан жангга чиқадиган кунгача ўзимиз жуда кўп йигитларни ўстиришимиз керак.
Ҳамманинг маъқуллаган овози орасида Гнобнинг чинқириғи эшитилди.
– Сен нима дейсан Су-Сунинг севган акаси, Носсабок?
Носсабок баланд бўйли, хушбичим йигит, тоза қонли ҳинду эди, унинг бурни чўзиқ, пешонаси кенг, лекин худди кўз қисаётгандек, бир кўзи доим учиб турарди. Ўрнидан турганда ҳозир ҳам қовоғи туртиб, кўзини ёпиб қўйди. Бироқ бу гал Носсабокка қараб ҳеч ким кулмади, ҳамма жиддий вазиятда ўтирарди.
– Мен ҳам савдогар Мэклротнинг уйи олдидан ўтдим, – деди у, синглисининг товушига ўхшаган ингичка ёқимли овоз билан. — Ўша ерда ҳиндуларни кўрдим. Юзларидан тер оқар, чарчаганларидан оёқлари титрарди, такрор айтай: мен ҳиндуларни кўрдим; елкаларидаги ходаларнинг оғирлигидан улар инграр эдилар. Бу ходалардан савдогар Мэклрот ўзига омбор қурдиряпти. Ўз кўзим билан кўрдим буни, уларнинг ўтин ёраётганларини ҳам кўрдим, шаман Браун бу ўтинларни узун қиш кечалари ёқиб, ўзининг Катта уйини иситади. Бу хотинлар иши, тана-нау қабиласининг эркаклари ҳеч вақт бундай ишларни қилмайдилар. Биз эркаклар билан қариндош бўлишга тайёрмиз, лекин тлунгетлар эркакми, хотин-ку улар.
Орага оғир сукунат чўкди. Ҳамманинг кўзи Кишда эди. У теварак-атрофига қаради, даврадагиларнинг ҳар биттаси юзига узоқ тикилди.
– Хўп, – деди у пинагини бузмай. – Хўп, – деб такрорлади у яна. Кейин шарт орқасига бурилди-ю, бошқа ҳеч нарса демай қоронғуликда ғойиб бўлди.
Киш ерда ўрмалаб юрган болалар ва ириллаб ётган итлар орасидан ўтиб, манзилнинг бир бошидан иккинчи бошигача кезиб чиқди, шунда гулхан олдида ишлаб ўтирган бир аёлни кўрди. У ёввойи ток томиридан шилиб олинган толадан қармоқ ипи эшмоқда эди. Киш чигил толаларни тартибга тушираётган эпчил қўлларнинг ишига узоқ қараб турди. Бақувват, кўкракдор, қадди-қомати келишган ва серфарзанд бўла оладиган қизнинг ишлаб ўтиришини кўриш кишига завқ берарди. Энди унинг қорача юзи сўнаётган гулханнинг хира ёруғида олтин каби ялтирарди, унинг сочлари қарға қанотларига ўхшаб кетар, кўзлари эса худди ҳақиқ каби чарақлаб турарди.
– Эй, Cy-Cy! – деди у ниҳоят. – Бир вақтлар менга кулиб қapap эдинг, бунга кўп бўлгани йўқ, яқиндагина эди…
– Шунинг учун кулиб қapap эдимки, у вақтларда сен тулунгетлар қабиласининг бошлиғи эдинг, – деб тез жавоб берди қиз, – у вақтларда азамат ва кучли йигит эдинг…
– Ҳозир-чи?
– Бунга анча бўлди, у балиқ овининг биринчи кунларида эди, – деди шошиб Су-Су. – Шаман Браун ёмон йўлга бошламасдан олдин эди.
– Ахир айтдим-ку сенга…
Су-Су бас дегандек қўлини кўтарди, бу ишора Кишга Су-Сунинг отасини эслатди.
– Нима дейишингни билиб турибман, эй Киш! Жавоб ҳам қиляпман. Сувдаги балиқ ҳам, ўрмондаги ҳайвон ҳам ўзига ўхшатиб бола туғиши одат. Бу яхши. Хотинлар ҳам шундай. Улар ҳам ўзига ўхшатиб туғиши керак, аёллар ҳали қизлик чоғиданоқ оналик азобини, кўкракларининг оғриғини сезади, митти қўллар унинг бўйнини қучаётганини туяди. Мана шу сезги уни енгган вақтда, қиз ўз болаларининг отаси бўла оладиган бирор йигитни махфий танлайди. Сени кўрганимда, азамат ва кучли йигит эканингни кўрганимда, мен ҳам ўзимни шундай сезган эдим. Икки киши учун овқат топиб беришга қобил овчи ва ожизлик пайтларимда мени ҳимоя қила оладиган жангчи эканлигингни билардим. Лекин шаман Браун ўлкамизга келмасдан ва сени ёмон йўлга бошламасдан олдин шундай эдинг…
– Бу тўғри эмас-ку, axиp Сy-Cy! Мен ундан фақат яхши нарсалар ўргандим…
– Одам ўлдириб бўлмаслигиними? Шундай дейишингни билардим. У вақтда ўзингга ўхшаган қон тўкмайдиганларни туғдиравер, лекин бундай гаплар билан тана-наулар олдига келиб юрма, кўп ўтмай Қарға Бўрига қарши жангга отланадиган кун келиши аён. Бунинг қачон бўлишини мен билмайман, бу эркаклар иши, лекин шу кунгача мен жангчиларни туғиб ўстиришим кераклигини биламан.
– Су-Су, – деб яна гап бошлади Киш. – Сўзимга қулоқ сол…
– Йигит киши мени таёқ билан уриб бўлса ҳам гапига қулоқ солдирган бўларди, – деб уни масхара қилиб кулди Су-Су. – Сен бўлсанг… мa, мана буни ол, – деб Су-Су бир сиқим толани унинг қўлига тутқазди. – Мен ўзимни Кишга бахшида қилолмайман, лекин у мана буни ола қолсин. Бу унга мос келади. Бу хотинлар иши.
Киш толаларни улоқтириб юборди, ғазабдан қорача юзига қон қуйилди, қорайиб кетди.
– Яна бир гапни ҳам айтиб қўяй, – деб давом этди Су-Су. – Эскилардан қолган бир одат бор, сенинг отанг ҳам, менинг отам ҳам шундай қилиб келганлар. Жангда ким ўлса, ғолиб унинг скальпини* шилиб оларди.
Бу жуда яхши. Лекин сен Қарғадан юз ўгирганинг учун бундан ҳам зиёдроқ қилишинг керак: менга скальп эмас, одамнинг бошини, икки кишининг бошини олиб келасан, ана ўшанда қўлингга тола эмас, гулдор камар билан қин бераман, узун рус пичоғи ҳам совға қиламан. Шунда сенга яна кулиб қарайдиган бўламан, кейин ишларимиз юришиб кетади.
– Хў-ўп, – деди ўйланиб Киш. – Хў-ўп…
Кейин ўгирилди-ю, қоронғулик ичига кириб ғойиб бўлди.
– Йўқ, Киш, – деб қичқирди Су-Су, унинг орқасидан. – Иккита эмас, камида учта калла олиб келасан.
Лекин Киш ўз ақидасидан қайтмади; янги йўлидан чиқмади, ўз қабила одамларини руҳоний Жексон Браун таълим берган йўлдан юришга мажбур қилди. Балиқ ови давом этаркан, у тана-нау қабиласи одамларига ҳеч эътибор бермади, ҳақоратларга қулоқ солмади, бошқa қабила хотинларининг масхара қилиб кулишларини писанд қилмади. Балиқ ови тугагач, Гноб куйдирилган ва қотирилган балиқдан захира қилиб, ўз қабиласи билан Тана-нау дарёсининг юқори оқими томон овга жўнади. Киш уларнинг йўлга отланишини кузатиб юрди, лекин миссияда бирорта ҳам ибодатни тарк қилмади, бу ерда Киш доим ибодат қилар ва йўқон, жарангли овози билан хорга қушилар эди.
Унинг йўғон товуши ҳам, бошқа бир қатор фазилатлари ҳам Жексон Браун ҳазратларини жуда қувонтирарди, у янги динга кирганлар ичида Кишни энг ишончли киши деб ҳисобларди. Мэклрот эса бунга шубҳа қиларди; у маъжусийларнинг янги динга кирганлигига ишонмас ва буни яшириб ўтирмас ҳам эди. Лекин мистер Браун масалага кенг қарарди. Бир кун, кузнинг узоқ тунларидан бирида у ўзининг ҳақли эканлигини шундай қизғинлик билан исбот қила бошладики, нима дейишини билолмай қолган савдогар:
– Худо ҳақи, Браун, агар Киш яна икки йил шу диндан қайтмаса, мен ҳам ҳақиқий христиан бўлиб кетаман, – деди.
Пайтдан фойдаланиб, мистер Браун суҳбатдошининг қўлини маҳкам қисди, энди ўлгандан кейин Мэклротнинг жони қаёққа кетиши Кишнинг хатти-ҳаракатига боғлиқ бўлиб қолди.
Кунлардан бир кун, биринчи қop ёққанда муқаддас Георгий миссиясига бир хабар келди. Тана-нау қабиласидан ўқ-дорига келган бир киши, Су-Су кўнглини жасур, ёш овчи Ни-Куга берди деган хабарни келтирди. Бу йигит қари Гнобга катта қалин берибди. Худди ўша кун Жексон Браун ҳазратлари дарё тарафга олиб борадиган сўқмоқ йўлда Кишни учратди. Кишнинг чанасига унинг энг яхши итлари қўшилган, чанада бир жуфт энг катта ва чиройли чанғи турарди.
– Йўл бўлсин, эй Киш? Овга эмасми? – деб сўради мистер Браун, ҳиндулар нутқига тақлид қилиб.
Киш анчагача унинг кўзларига тикилиб турди, кейин итларини ҳайдади. Лекин бир неча қадам босгандан кейин, у орқасига қайрилиб, миссионерга яна тикилиб қаради-да:
– Йўқ, овга эмас, тўппа-тўғри жаҳаннамга кетяпман! – деди.
Ўрмон ичидаги кичик бир майдончада учта ғариб вигвам кўзга ташланади, улар гўё бир хилдаги, ёқимсиз манзарадан яширинмоқчи бўлгандек қop ичига кўмилиб олган. Майдонча атрофи қалин ўрмон билан ўралган. Уларнинг устидан очиқ мовий кўк юзини тўсиб, қуюқ туман пардаси босиб ётади. Қop ва сокинликдан ўзга на ғир этган шамол бор, на тиқ этган товуш. Бу манзилда ҳатто одатдагича ивирсиб юрган одамлар ҳам кўринмайди, чунки овчилар бир гала буғунинг изидан тушиб, яхши ов қилиб келдилар. Анча вақтгача чўзилган муҳтожлик ўрнини фаровонлик эгаллади, овчилар буғу терисидан ёпилган ўз вигвамларида куппа-кундуз куни уйқуни уриб ётардилар.
Вигвамлардан бири олдидаги гулхан ёнида беш жуфт чанғи турибди. Мана шу гулхан олдида Су-Су ўтиради. Бошида олмахон терисидан тикилган қулоқчин, қулоқчиннинг боғичи бўйнидан айлантириб маҳкам боғланган. Лекин қиз қўлқопсиз, чевар қўллари билан игна санчмоқда; Су-Су оч-қизил ҳошияли қайиш камарга чизилган нақшнинг сўнгги гулларини тикиб тугатмоқда.
Қаердадир, вигвамлар орқасидан итларнинг қаттиқ ҳургани эшитилди-да, яна дарров жимлик чўкди. Су-Су ўтирган жойга яқин турган вигвам ичида, отасининг уйқусираб хириллаб қўйгани эшитилди. «Ёмон туш кўряпти», деб ўйлади Су-Су ва кулиб қўйди. – Отам қариб қоляпти, унга буғунинг кейинги курагини бермаслик керак эди, шундай ҳам жуда кўп овқат еганди.
У камарга яна битта мунчоқ қадади, ипнинг учини тугди-да, гулханга шох ташлади. Кейин анчагача гулханга қараб ўтирди, бирдан аллакимнинг қорни ғарч-ғурч босиб келаётганини эшитиб, бошини кутарди.
Қаршисида оғир юк кўтарганидан сал эгилиб, Киш турарди. Юк ошланган буғу терисидан тикилган қопга солинган эди. Елкасидаги юкни тап этиб қор устига ташлади-да, гулхан олдига ўтирди. Улар бир-бирларига қараб, анчагача жим ўтирдилар.
– Узоқ йўлдан келдингми, эй Киш! – деди Су-Су ниҳоят. – Юкондаги муқаддас Георгий миссиясидан келдингми-а?
– Ҳа, – деб паришонлик билан жавоб берди Киш, камарга кўз ташлаб, унинг катта-кичиклигини чамалаб кўpap экан. – Пичоқ қани? – деб сўради у.
– Мана, – деб Су-Су пичоқни қўйнидан олиб кўрсатди, пичоқнинг тиғи ўт ёруғида ярақлаб кетди. – Яхши пичоқ.
– Бер бу ёққа, – деди Киш амирона.
– Йўқ, эй Киш, – деб кулиб юборди Су-Су. – Бу пичоқни тақиб юриш сенга қисмат қилмагандир, эҳтимол.
– Бер бу ёққа, – деди яна боягидек Киш. – Менга қисмат қилган.
Су-Су кўзларини сузиб, буғу терисидан тикилган қoпгa қаради-ю, унинг остидаги қop аста қизараётганини кўриб қолди.
– Бу нима, қонми, Киш? – деб сўради Су-Су.
– Ҳа, қон. Камар билан рус пичоғини бу ёққа бер.
Киш унинг қўлидан пичоқни шартта тортиб олганда, бирдан Су-Суни қўрқув, шу билан бирга аллақандай ширин ҳаяжон босди. Қиз унга меҳр билан қаради ва бирдан кўкраги оғриб кетгандек, митти қўллар бўйнини қучиб олгандек бўлди.
– Камар ориқ одамга аталган экан, – деди қовоғини солиб Киш, қорнини ичига тортиб, камарни белига боғлар экан, камар унинг қорнига зўрға учма-уч келди.
Су-Су илжайди, кўзларида яна ҳам кўпроқ меҳр кўринди. Яна жажжи қўллар бўйнидан қучаётганини сезгандек бўлди. Киш чиройли йигит эди, камар эса калталик қилди, ахир у анча озғин одамга аталган эди-да. Эй, барибир эмасми. Су-Су ҳали кўп камар тикиб бериши мумкин.
– Қон-чи? – деб сўради y борган сари умидвор бўлиб. – Қон-чи, Киш? Бу, ахир… булар… каллами?
– Ҳа.
– Бу каллалар ҳозир танидан жудо қилинганга ўхшайди-ку, а? Бўлмаса қон қотиб қолган бўларди.
– Ҳозир совуқ эмас, қон иссиқ, янги оқизилган қон.
– Эй, Киш! – деди севинчга тўлиб Су-Су. – Буларни менга олиб келдингми?
– Ҳа, сенга.
Киш буғу терисининг бир четидан тутиб, уни очиб юборди, кесилган бошлар қop устида думалаб кетди.
– Учтами? – деб шивирлади зўр ҳаяжонда у. – Йўқ, камида тўртта.
Су-Су донг қотиб қолди. Мана оёғи остида каллалар ётибди. Бири чиройли Ни-Кунинг калласи, бири юзини ажин босган кекса Гнобнинг, яна бири юқори лаби қийшайиб қолган Макамукнинг калласи, энг кейингиси доим кўзини қисиб турадиган Носсабокники. Мана улар гулхан ёруғида ерда ётибди, ҳар бири атрофидаги қop эса тобора қизариб борарди.
Гнобнинг калласи остидаги қop гулхан иссиғида эриб кетди-да, отасининг боши Су-Сунинг оёғи остига думалаб келди. Лекин қиз қимирламади, Киш ҳам кўзларини қиздан узмасдан қимир этмай ўтирарди.
Ўрмон ичида аллақаерда дарахтдан тўп этиб ерга қop тушди, дарага акс-садо тарқалди. Лекин улар ҳали ҳам жим ўтирардилар. Бир тутам кун тез тугаб борарди, манзилни аста-секин қоронғулик босиб борди. Шу вақт Гнобнинг ити гулхан олдига ўрмалаб келди. У ҳайдаб юборишмасмикан деб нарироқда тўхтади, кейин яқин келди. Итнинг бурун тешиклари керилди, юнглари тиккайди. У ҳид келаётган тарафга бехато борди ва хўжайиннинг калласи олдида тўхтаб, уни эҳтиётлик билан ҳидлаб кўрди-да, қип-қизил узун тили билан яланди. Кейин ерга ётиб, тумшуғини осмонга кўтарди-да, бўрига ўхшаб узоқ увуллади.
Шунда Су-Су ўзига келди. У рус пичоғини яланғочлаб, диққат билан қизга тикилиб турган Кишга қаради. Кишнинг юзида жиддият ва қатъият ифодалари бор эди, унга қараб Су-Су тақдири ҳал бўлганлигини англади. Су-Су қулоқчинни ечиб ташлади-да бўйнини очиб, ўрнидан турди. Кейин атрофга: ўрмонга, осмонда милтираб турган юлдузларга, манзилгоҳга, қорда турган чанғигa — умрида ҳар кун кўриб келган мана шу қадрдон нарсаларга бир-бир назар ташлади. Енгил шамол қизнинг сочларини тўзитди, у оғиp тин олди ва юзини шамолга тутди.
Кейин Су-Су энди ҳеч вақт туғилмайдиган болалари ҳақида ўйлади-да, Киш олдига келиб:
– Мен тайёрман! – деди.
_____________
* Скальп — америка ҳиндуларининг ўзи ўлдирган одам бошидан сочи билан терисини шилиб олиш одати бўлган. Сочи билан бирга шилиб олинган бош терисини скальп дейишарди.
Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси