Жан Жак Руссо. Илм-фан ва санъат равнақи ахлоқнинг покланишига ёрдам берадими?

http://n.ziyouz.com/images/russo.jpg
“Бу ерда мен мусофирман,
Ҳеч ким мени тушунмайди”.

Овидий

ЭСЛАТМА[1]

Машҳур бўлиш одамга катта масъулият юклар экан. Мана шу машаққатли меҳнатим эвазига шон-шуҳратга эришдим. Шубҳасиз, бу асарим номимни элга танитиш билан бирга мукофот ҳам олиб берди, лекин у, нари борса, ўртачадир, тўғрироғи, нашр қилинган асарларим ичида арзигулиги, деб ҳам айтолмайман. Агар шу биринчи асарим ўз даражасида қабул қилинганда эди, мен бунчалик қийналиб юрмаган бўлардим. Ўша пайтда менга билдирилган ўринсиз хайрихоҳлик ҳадемай қаттиққўлликка дуч келишини ким ўйлабди дейсиз, бу эса ундан-да адолатсизроқ бўлди[2].

МУҚАДДИМА

Пайти келиб, кўтаришга арзийдиган катта ва жуда зўр масалалардан бири мана шу. Бу МУЛОҲАЗАЛАРда адабиётнинг барча соҳаларини тўлдириб юборган, ҳатто академик дастурлардан ҳам юқори бўлган метафизиканинг нафис томонлари ҳақида эмас, балки инсон зотининг бахтига боғлиқ бўлган ҳақ йўлларидан бири ҳақида сўз боради.

Бу баҳсда ўз хулосамни таклиф қилишга журъат этганим учун мени кечиришлари осон бўлмаслигини ҳам сезиб турибман. Гарчи бир нечта ДОНИШМАНДнинг маъқуллашларига сазовор бўлсам-да[3], ҳозирги пайтда одамлар нимадан қойил қолишларини билган ҳолда, шу нарсага тўғридан- тўғри ҳужум қилганим учун улардан фақат мени ёмонотлиққа чиқаришларини кутишим мумкин, холос. Лекин ЖАМИЯТНИНГ маъқуллашларига суянмоқчи эмасман, шунинг учун мен ўз йўлимни танладим: ақли зукколарга ҳам, турли санамларга ҳам ёқиш ниятим йўқ. Ўз даврининг маслагига, ўз МАМЛАКАТИГА ва ўз ЖАМИЯТИГА бўйсунувчи инсонлар ҳар бир замонда ҳам бўлади. Бугунги кунда айримлар ўзларини эркин фикрловчи ва файласуф деб атайдилар, шу сабабли улар (Францияда диний урушлар вақтида тузилган) Муқаддас Лига даврида албатта фидойилар бўлур эдилар (Варфаломей кечасини эсланг – тарж.). Агар ўз замонангдан узоқроқ яшамоқчи бўлсанг, бундай китобхонлар яъни, мутаассиблар учун ёзиб ўтирма.

Яна бир сўзни айтай. Менга кўрсатилган иззат-ҳурмат бунчалик даражада бўлади, деб ўйламагандим, МУЛОҲАЗАЛАРИМНИ юборганимдан сўнг ҳам унинг устида жуда кўп ишладим, кенгайтирдим, қайсидир маънода уни янги асарга айлантирдим. Энди эса бу асарим мукофотга сазовор бўлган пайтда қандай бўлса, шундайлигича қайта тиклашга ўзимда мажбурият сездим. Мен унга фақат бир неча изоҳ киритдим, икки жойда қўшимча иловаларни қолдирдим, уларни осонликча кўриш мумкин. Улар Академия томонидан, балки маъқулланмаслиги ҳам мумкин. Адолат, ҳурмат ва миннатдорлик мендан шу тарзда огоҳлантириб қўйишимни тақозо этади, деб ҳисобладим.

Илм-фан ва санъатлар равнақи ахлоқнинг покланишига ёрдам берадими? деган савол юзасидан

МУЛОҲАЗА

Биз соддадил одамлармиз,
Юзаки гапларга алданамиз

Гораций, Шеър санъати, 25.

Илм-фан ва санъатларнинг равнақи ахлоқнинг покланишига ёрдам берадими ёки унинг бузилишигами? Шу масалани кўриб чиқишимиз зарур. Бу хусусда мен қайси тарафда бўлишим керак? Ҳеч нарсадан хабари йўқ (яъни, тарафкашлик қилмайдиган ва бу билан ўз ҳурматини йўқотмаган ҳалол инсонлар тарафида бўлишим керак, жаноблар.

Бу муҳокама ҳакамлари олдида айтмоқчи бўлганларимни қаттиқ туриб ҳимоя қилишим анча қийин бўлади – мен буни сезиб турибман. Европанинг энг билимдон олимлари мажлисларининг бирида илм-фанларни ёмонлаш, машҳур Академия олдида нодон (кўринган) одамларни кўкларга кўтариш ва ҳақиқий фозилларни ҳурмат қилган ҳолда, илмий машғулотларга бўлган нафратли муносабатларни муросага келтиришга қандай ҳаддим сиғади? Мен бу барча зиддиятларни кўрдим, лекин улар бу гапларни ёзишдан тўхтатиб қололмади.

Илм-фанларни ҳақорат қилмаяпман,– дедим ўз-ўзимга – фазилатли инсонлар олдида эзгуликни ҳимоя қилаяпман, холос.

Фозил инсонлар учун билим қай даражада қимматли бўлса, ҳалол инсонлар учун ростгўйлик ундан-да қимматроқдир. Нимадан қўрқаман? Мени тинглаётган мажлис аҳли ўқимишлироқ бўлгани учунми? Ҳа, қўрққанимни тан оламан, лекин гапимдаги мулоҳазаларим учун эмас, балки нутқимдаги жумлалар ғализ чиқиб қолишидан хавотирдаман. Адолатли ҳакамлар баҳслашаётганида шубҳага борсалар, ноҳақ эканликларини иккиланмай тан оладилар; ҳақ йўлни ҳимоя қилаётганлар учун эса ҳалол ва билимдон рақиб олдида сўзлаш маъқулроқ, чунки улар ўз виждонлари ҳукмига қараб яшайдилар.

Руҳимни кўтарган бу фикрга бошқа яна бир фикр қўшилди-ю, қатъий бир қарорга келдим: табиат менга ато қилган ақлимга суяниб, ҳақиқат тарафини танладим: нимага эришмайин, битта мукофот мен учун тайин – мен уни қалбимнинг энг тубидан топаман.

БИРИНЧИ ҚИСМ

Қайсидир маънода инсон ўз куч-ғайрати билан ўзининг борлигини билдириши; табиат ўраб қўйган зулматни ўз ақли зиёси билан ёритиши; ўзлигидан ҳам юқорироқ кўтарилиши, ўз ақл-заковатида самоларгача кўтарилиши, Коинот кенгликларидан Қуёш каби улкан қадамлар билан ўтиб бориши – энг муҳими ва мушкули – ўз ички дунёсига кириши, ўзидаги инсонни ўрганиши, унинг табиатини тушуниши, унинг мажбурияти ва тақдирини билиши қанчалик улуғвор ва гўзал манзара. Бундай барча ажойиботлар яқин авлодларимиз хотирасида қайтадан жонланди.

Европа биринчи асрлардаги ёввойилик даражасига яна тушиб қолди. Дунёнинг шу қисмида яшовчи, ҳозирги пайтда энг зиёли ҳисобланмиш бу халқлар бир неча аср муқаддам ночор аҳволда яшар эдилар. Билмадим, нодонликдан ҳам жирканч бўлган сохта илм ҳақиқий илм номини ўзлаштириб олди ва унинг қайтиш йўлига ўтиб бўлмас тўсиқ қўйди. Одамларни соғлом фикрлашга қайтариш учун кескин бурилиш зарур эди ва ниҳоят у келди, лекин кутилмаган тарафдан келди. Константин тахти қулагач, Қадимий Юнонистон маданияти парчалари Италияга олиб ўтилди. Францияда ўз навбатида мана шу қимматбаҳо қолдиқлардан бойиб кетди. Тез орада адабиёт билан изма-из турли илмлар кириб келди; ёзиш санъатига фикрлаш санъати қўшилди; бу изчиллик қизиқ туюлганига қарамай табиийроқ кўринади. Ҳар ҳолда илҳом париси аксарият одамлар ўртасида яқин муносабатлар ўрнатилишига олиб келади; умум эътиборига сазовор бўлган асарлар одамларни яқинлаштиради, бир-бирларига ёқиш истаги туғилади.

Баданда бўлгани каби, руҳнинг ҳам маънавий эҳтиёжлари бор. Кейингиси жамият асосларини ташкил қилса, олдингиси ҳам ижобий ҳодиса ҳисобланади. Жамоага бирлашган одамларнинг хавфсизлиги ва фаровонлигини ҳукумат ва қонунлар таъминлайди. Илм-фан, адабиёт ва санъат эса, гарчи унчалик қаттиққўл бўлмаса-да, ҳарҳолда улардан кучлироқдир, булар кишанларни гуллар билан безаб туради, эркинлик деб аталмиш азалий ҳисиётларни бостириб туради, қуллик ҳолатидагиларни ўз аҳволларига шукур айтиб, ҳаётни севишга мажбурлайди, шу билан уларни маданийлашган халқлар қаторига қўшади. Зарурат тож-тахтни яратди, илм ва санъат уларни мустаҳкамлади. О, замон ҳукмдорлари, истеъдодларни ардоқланг, илм ва санъатни ривожлантираётганларга яхши каранглар.

Маданийлашган халқлар, истеъдодларни ривожлантиринг, бахтиёр қуллар, ўзингиз мақтаниб юрган нафис ва нозик дидингиз, бир-бирингиз билан осон муомала қилишни таъминлайдиган, оғир-босиқ хулқ-атворингиз учун улардан миннатдор бўлинг. Хуллас, истеъдод сизлардаги барча фазилатларни кўрсатишга хизмат қилади, гарчи бирорта фазилатингиз бўлмаса ҳам.

Афина ва Рим ҳашаматли даражада юксакликка кўтарилган пайтларида ҳам хушмуомалалик билан шундай қулай йўл тутганлар, бу билан улар мақтанишга ўрин қолдирмаганлар, бинобарин, бошқалардан ажралиб турганлар. Сўзсиз, бизнинг асримизда худди шундай йўл тутиш билан Миллатимиз барча замонларни ва халқларни қувиб ўтади. Насиҳатгўйликка йўғрилмаган фалсафа – табиий, лекин огоҳлантирувчи, айни пайтда олмон қўполлигидан ва итальян найрангбозлигидан узоқ бўлган нозик муомала маданияти барчаси зодагонларга мансуб, такомиллашган маданий муносабатлардан олинган тажрибалар маҳсулидир.

Агар ташқи қиёфамиз ҳақиқий руҳий интилишларимизни доимо акс эттириб турса эди, маъқул ишларимиз яхшилик билан тугалланиб, олий даражадаги ахлоқий ҳикматларимиз кундалик турмуш қоидалари сифатида хизмат қилса, ҳақиқий фалсафа файласуф номининг ажралмас қисмига айланса, ана шунда жамиятда бирга яшаш ёқимли бўлур эди! Лекин бундай кўп сифатларнинг бирга келиши камдан-кам учрайдиган ҳолат, яхшиликнинг бундай сифатлар билан доимо бирга бўлиши амри маҳол. Қимматбаҳо кийимлар одамнинг ўзига тўқлигидан, либосларнинг нафислиги эса унинг дидли эканлигидан далолат беради. Лекин одамнинг соғломлиги ва бақувватлиги бошқа белгиларида намоён бўлади: сарой аҳлининг зарбоф кийимлари остида эмас, балки ер ҳайдаётган деҳқоннинг эски чопони остида, яъни унинг куч-қудратга тўлган жисмида кўринади. Руҳий қувват – ясан-тусанда эмас, инсоний фазилатлардадир. Фазилатли инсон яланғоч ҳолатда кураш тушаётган полвонга ўхшайди – арзимас тақинчоқлару, ялтироқ кийим-кечаклардан у жирканади, чунки бор кучини кўрсатишга улар халақит беради, қолаверса, бундай нарсалар кўпинча, хунукликни ёпиш учун ўйлаб топилган.

Санъат одамларнинг феъл-атворини силлиқламасидан аввал, эҳтиросларини сийқа сўзлар билан билдиришни ўрганмасидан олдин уларнинг муомаласи қўполроқ, лекин табиийроқ эди. (Шу табиийлик туфайли) бир қарашдаёқ, одамларнинг муомаласидан уларнинг табиати, феъл-атворини билиб олиш мумкин эди.

Инсонларнинг хулқ-атвори, ҳозиргидан қўполроқ бўлса ҳам, бир-бирини осон тушунардилар, шу сабабли улар бехавотир, тинчроқ яшар эдилар. Бу нарсалар уларни кўпгина гуноҳ ишлардан сақлар эдилар. Биз бугунги одамлар бу қадриятларни аллақачон унута бошладик, ҳис этмай қўйдик.

Ҳозирги айёрона чапдастлигимиз, нозик дидимиз, бировга ёқишдаги устомонлигимиз маълум тамойилларга айланди. Ахлоқимизда тубан даражадаги сохталик ҳукмрон бўлди, ақлимиз эса худди бир қолипдан чиққандай: ҳушмуомалалик доимо бир нарсанинг илинжида, одоб сақлаш худди буйруқдек, урф-одатларга тинимсиз эргашамиз, ўз ақлимиз, виждонимизга эса бўйсунмай қўйдик. Одамлар ўзларининг ҳақиқий башараларини кўрсатишга журъат эта олмаяптилар, Доимо шундай мажбурият остида, жамият деб аталмиш подага бирлашган бир хил шароитдаги бундай одамлар, қудратлироқ бирор сабаб уларни бундан қайтара олмас экан, шу тарзда яшайверадилар. Ким билан мулоқот қилаётганингни ҳеч қачон билмайсан: дўстингни ким эканлигини билиш учун эса жиддийроқ ва каттароқ ҳодиса рўй бериши керак, уни кутиш учун эса вақт йўқ, ҳолбуки ўша ҳодиса туфайлигина дўстинг ким эканлигини яхшироқ билиб оласан.

Бундай ишончсизлик кетидан қанчадан-қанча ёмонликлар чувалашиб келмоқда. На чин дўстлик, на ҳақиқий ҳурмат, на комил ишонч бор. Маданиятли асримизнинг бизга туҳфа қилган бундай ҳамду санога лойиқ боадаблик ва маккор хушмуомалалиги замирида шубҳа, гумон, қўрқув, совуқлик, бефарқлик, ёмонлик каби иллатлар доимий қўним топган. Одамлар Яратган Эгамни, Парвардигорни эсламай, номини тилга олмай қўйдилар. Худобезорилар Уни ҳақорат қилсалар-да, биз бунга чидаб келамиз. Одамлар ўз хизматларини кўкларга кўтармай қўйсалар-да, бировларнинг хизматларини мақташдан тийилмадилар. Ҳеч ким ўз душманини очиқдан-очиқ тарзда ҳақорат қилмай қўйди. Лекин унга усталик билан туҳмат уюштира олади. Миллий низолар сўнди, аммо у билан бирга Ватанга меҳр ҳам сўнди. Жирканишга лойиқ билимсизлик ўрнини янада хавфлироқ пирранизм – шубҳакорлик эгаллади. Ортиқча дабдаба, беномус қилмишлар пайдо бўлмоқда: уларнинг айримлари эса эзгулик деб мукофотланмоқда; шу мукофотни эгаллашинг зарур ёки ёлғондан бўлса ҳам, шу мукофот эгасиман, деб ҳисобла ўзингни. Майли, кимлардир замонамиз донишмандларининг сабр-қаноатини кўкларга кўтарсин; мен эса бунда нафислашган бузуқликни кўраман, худди уларнинг сохта соддалигидек, мақтанишимга арзигулик эмас улар.

Мана, қандай ахлоқий покликка эришдик: мана, қандай фазилатли инсонларга айландик. Бу “Ҳалоскор” ўзгаришларда адабиёт, илм-фан ва санъатнинг ўз ҳиссаси бор ва улар лозим даражада баҳо беришларини талаб қилишга ҳақлидирлар. Мен фақат биргина фикримни қўшаман: мабодо узоқ ўзга юртлардан келган бирорта мусофир европача ахлоқ тўғрисида тасаввурга эга бўлишни истаса, мамлакатимиздаги илм-фан аҳволи, мукаммал санъатимиз, театрларимизнинг хушахлоқ томошалари, муомалаларимиздаги юмшоқлик ва гапларимиздаги сертавозелик, ёшу-қарининг эрталабдан кечгача бир-бирларига гал бермасдан, катталарга ялтоқланиб хизмат қилишдан бошқа ишлари йўқдек юришларини кўргач, ахлоқий покликнинг аксини кўрган бўлур эди.

Ҳеч қандай натижа йўқ жойда, сабабни қидириш ҳам бефойда. Лекин бу ерда антиқа аҳвол – яққол кўриниб турган бузуқлик: илм-фан, санъат ривожланган сари руҳимиз ҳам шунга яраша бузуқлашиб бормоқда. Бу бахтсизлик фақат асримизга хос дейиш мумкинми? Йўқ, жаноблар, кераксиз қизиқувчанлигимиздан пайдо бўлган бундай балолар қадимдан маълум. Илм-фан ва санъат ютуқларининг ахлоқ ва ҳалолликка таъсири, тунги ёритқичимизнинг океан суви кўтарилиб ва пасайиб туришига таъсиридан кам эмас. Бу ютуқлар қанчалик даражада уфқдан кўтарилиб, порлаб нур сочсалар, эзгулик шунчалик даражада йўқолиб бораётганлиги ва бундай ҳодисалар ҳар доим, ҳар ерда содир бўлаётганлигини кузатмоқдамиз.

Инсоният бешиги бўлмиш қадимий Мисрни олинг. Қуёш олов пуркаб турса-да, лекин ўзининг табиати, мўътадил иқлими қулай бўлган бу машҳур мамлакатдан туриб Сезострис[4] дунёни забт этиш учун юриш бошлади. Дастлаб мана шу ерда фалсафа ва нафис санъатлар дунёга келган, лекин орадан кўп ўтмай, бу мамлакатни, дастлаб Камбиз[5], сўнгра юнонлар, римликлар, араблар ва ниҳоят турклар босиб олдилар.

Бир вақтлар қаҳрамонлар ватани бўлмиш Юнонистонни олинг: улар икки марта Осиёни енгишга муваффақ бўлганлар – биринчиси Троя уруши, иккинчиси ўз остонасида (Марафон жангида. мил. ав. 497 йил). Бу ерда туғилиб келаётган адабиёт ҳали одамларни ахлоқан бузишга улгурмаганди, лекин санъат ривожаниши, ахлоқ бузилиши ва македониялик Александр истилоси бирин-кетин ёпирилиб келди. Гарчи олдингидек маърифат, шаҳватпарастлик ва истило давом этиб келаётган бўлса-да, у ерда бўлаётган тўнтаришлар натижасида Юнонистон янгидан-янги истилочи-ҳукмдорларга эга бўлаверди. (Аввал Македония, сўнг Рим, сўнг Византия, сўнг Туркия ҳукмронлиги) дабдаба ва санъатлардан ҳолсизланган Юнонистон жисмини Демосфеннинг оташин нутқлари ҳам ҳушига келтира олмади.

Чўпон Ромул асос солган ва Вергилий буколикалари – чўпоний шеърларида шуҳрати куйланган Рим Энний ва Теренций (каби шоирлар) даврига келиб, таназзулга юз тутди. Ҳатто номларини ҳам хижолатсиз тилга олиб бўлмайдиган Овидийлар, Катуллар, Марциаллар ва шуларга ўхшаш уятсиз ёзувчилар оломони туфайли бир маҳаллар эзгулик маскани бўлган Рим жиноятчилар томошагоҳига, ваҳший римликларнинг қўғирчоғига айланиб, бошқа халқларга шарманда бўлди. Жаҳон маркази бўлмиш бу шаҳар кўп халқларнинг бўйнига ўзи осган бўйинтуруқ юкидан ўзи қулаш арафасида унинг фуқароларидан бири “Нафосат ҳаками” унвонига сазовор бўлди-ю, (Руссо бу ерда Нерон давридаги журъатли адиб Петроний Арбитрни кўзда тутади –тарж.).

Балки жаҳолатдан кўра эҳтиёткорлик туфайлидир, Европанинг бошқа жойларида қувғинга учраган илм-фан ва санъатга паноҳ бўлган, эгаллаб турган ҳолати бўйича жаҳон маркази бўлиши зарур бўлган Шарқий Салтанат маркази (Константинопол – Истамбул) ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Ҳиёнат, қотиллик ва заҳарлаш, бузуқлик, шарм-ҳаёсизлик, барча жиноятларнинг асоси бўлган шафқатсизлик Константинопол тарихи пойдеворини ташкил қилади ва шу ердан сизиб чиқаётган оқава асримиздаги биз мақтаётган билимлардир.

Кўриниб турган ҳақиқатни тасдиқлаш учун узоқ ўтмишдан далил қидиришга ҳожат борми? Осиёда улкан бир мамлакат бор (Хитой). У ерда адабиёт иззат-ҳурматда ва давлатнинг энг олий мансабларига поёндоз бўлиб хизмат қилади. Агарда илм-фан ахлоқни поклаганида, одамларга қаҳрамонликни сингдириб, ўз ватани учун қон тўкишни ўргатганида Хитой халқлари доно, эркин ва енгилмас бўларди. Улар устидан ҳукмронлик қиладиган бузуқлик бўлмаса, жиноятчилик одатга айланган бўлмаса, қонунлар донолик тимсоли бўлиб, вазирлари эса билимдон бўлса, бу улкан салтанатнинг кўпсонли аҳолиси, яхши кўрган таълимотлари (даочилик ва конфуцийчилик) ҳам ёрдам беролмасдан, билимсиз ва қўпол бир мўғул (Чингиз) истилосига қарам бўлиб қолармиди? Адабиётга кўрсатилган иззат-ҳурмат жуда юзаки бўлиб, бундан мамлакатга қандай наф тегди? Аҳолининг қуллар ва ёвузларга айланганими?

Ахлоқнинг шу кўринишларига қарши оз сонли халқлар ахлоқини қўядиган бўлсак, улар кераксиз билимлардан ўзларини ҳимоя қилиб, бошқа халқларга ибрат бўларли даражада эзгу ишларни амалга ошириб бахт- саодатга эришганлар. Қадимий форслар шундай ишлар қила олган ажойиб миллат эди ва улар осонлик билан бутун Осиёни забт этдилар. Биз илм-фанни қандай ўрганган бўлсак, улар эзгуликни шундай йўл билан ўргандилар (Ксенофонт “Киропедия” асарида Эронда фарзандлар тарбияси ҳақида ёзган). Уларнинг қарор топиш тарихини фалсафий романга қиёслаш мумкин.

Скифлар ҳам шуларга ўхшаш бўлиб, улар ҳақидаги ҳайрат садолари бизгача етиб келган. Ўқимишли, бой-бадавлат ва шаҳватпараст халқнинг жиноятлари, жирканчликларини ёзавериб чарчаган қалам аҳли ҳам енгил нафас олгандек, германларнинг соддадиллиги, бегуноҳлиги ва эзгу ишлари ҳақида кўплаб ёза бошлади. (Руссо тарихчи Тацитни кўзда тутади – тарж.). Рим ҳам, бойиб кетмасдан олдин ва ниҳоят камбағаллик белини букмаган, ёмонлардан ибрат олмаган, ҳозирги кунларгача ҳам жасоратли миллат бўлган деҳқонлар (швейцарияликлар) шундай фазилатли инсонлар эдилар.

Зинҳор, улар бу фазилатларни ахмоқ бўлганликлари туфайли топмаган албатта. Улар бошқа мамлакатлардаги такаббур олифталар олий эзгуликлар ҳақида, бузукликларни ёмонлаб, яхши ишлар ҳақида оғиз кўпиртириб, ўзларини буюк, таҳсинга лойиқ одамлар деб, бошқаларни ёввойилар (варварлар) қаторига қўшиб, уларни менсимасдан, жирканиб қарашларини билар эдилар. Лекин худди ана шу ёввойилар (форслар турклар) римликларнинг ахлоқини кузатиб, уларнинг (сохта) билимдонлигидан жиркана бошладилар.

Юнонистоннинг барча ҳикматлари жамланган, қонунлари доноликнинг рамзи ва эзгуликларда инсоният етакчиси бўлган, аҳолиси одамлардан кўра кўпроқ ярим илоҳлардан ташкил топган бу шаҳар (Афина)ни эсдан чиқариб бўладими? О, Спарта, беҳосил билимдонликни мангу шарманда қилган табиий одамлар макони! Бузуқлик билан бирга нафис санъат Афинага кириб келганида, бу ерда ҳукмдор биринчи шоир (Ҳомер) асарларини тўплаётганида, сен, о, Спарта, ўз уйингдан санъатни, рассомларни, илм-фан ва олимларни ҳайдагандинг!

Воқеалар якуни қадр-қимматини кўрсатди. Афина ҳушмуомала ва нозиктабиатлилар маконига, нотиқлар ва файласуфлар мамлакатига айланди; меъморчилик нафис сўз санъатига тенглашди, қўли гул усталар тошларга жон бағишлади; асрлар оша барчага ўрнак бўладиган ажойиб асарлар яратилди. Лакедемон (яъни, Спарта) у даражада шуҳратга эришмаганди. “У ерда,– дер эди бошқа халқлар,– эзгу инсонлар туғилади, ҳавосининг ўзи шуни тақозо этади”. Уларнинг қаҳрамонона ишлари ҳақида фақат хотиралар қолган. Бу хотиралар, чиндан ҳам, Афинадан қолган мармар ёдгорликлардан кам эмас.

Тўғри, айрим донишмандлар бу бузуқлик оқимидан ўзларини сақлаб, музалар масканидан макон топдилар. Дастлабки донишмандларнинг энг бахтсизи (Суқрот) ўз давридаги санъаткорлар ҳақида айтган фикрларини эшитинг:

“Шоирларни кузатдим,– дейди у.– уларга ато қилинган исьтеъдод ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиради: улар ўзларини донишманд деб ҳисоблайдилар, бошқалар ҳам шу фикрда, лекин улар донишманд эмаслар”.

“Шоирлар қолиб, энди рассомларга ўтаман,– деб давом этади Суқрот,– Санъатда мендан кўра билимсизроғи йўқ. Мен уларни ажойиб сир эгалари эканликларига ишонардим. Ҳолбуки, рассомларнинг ҳаёти шоирларникидан яхши эмаслигини кўрдим, улар ҳам, булар ҳам бир хил хаёл оғушида, хаёлий оламларда яшаркан. Уларнинг энг иқтидорлилари мукаммалликка эришиб, ўзларини донишманд деб биларкан. Ўзларини юқори қўйишлари билимдонликларига бўлган ҳурматимни сўндирди ва мен ўзимни башоратчи ўрнига қўйиб ўзимдан сўрадим: улар билган нарсаларни билишим керакми ёки билмасдан ўзлигимча қолишим керакми? Ўзимга ўзим ва Худо олдида жавоб бердим: Ўзлигимча қолишни истайман.

Ҳақиқат, яхшилик ва гўзаллик нима ўзи – биз билмаймиз – на софистлар, на шоирлар, на нотиқлар, на рассомлар ва на мен. Лекин ўртамизда фарқимиз бор – улар ҳеч нарсани билмасалар-да, нималарнидир биламиз, деб ўйлайдилар, менинг эса ҳеч нарса билмаслигимга шубҳам йўқ. Башоратчининг менга берган афзаллиги шундан иборатки[6], менинг ҳеч нарса билмаслигимга ўзим қатъий ишонаман”. (Суқротнинг бу фикрларини Афлотун ва Арасту унчалик маъқулламаган – Тарж.)

Демак, кўриб турганингиздек, инсонларнинг энг донишманди, бутун Юнонистон тан олган, афиналикларнинг энг билимдони бўлмиш Суқрот билимсизликни афзал кўрмоқда! Агар у ҳозир орамизда бўлганида, олимларимиз, санъаткорларимиз уни фикрини ўзгартиришга мажбур қила олармиди? Йўқ, ҳурматли жаноблар: бу адолатли инсон кераксиз бўлган билимларимиздан жирканарди, ҳар томондан бостириб келаётган кераксиз асарларни кўпайтиришга йўл қўймасди; худди ўз шогирдларига ўргатганидек, бизга ва авлодларимизга ибрат бўладиган яхши ишлар ва эзгуликлар ҳақидаги хотираларни қолдирарди. Одамларни яхшиликка ўргатиш шундай бўлиши керак.

Дастлаб Суқрот Афинада, ундан кейин кекса Катон Римда ўз ватандошларининг жасоратларига путур етказиб, уларга тузоқ қўйган маккор ва айёр юнонларга қарши ҳужумга ўтдилар. Лекин шунга қарамай, илм-фан, санъат ва диалектика ғалабага эришди; Рим файласуфларга, нотиқларга тўлиб кетди; ҳарбий интизомга эътибор сусайди; деҳқонларга жирканч назар билан қарай бошладилар; одамлар турли оқимларга бўлиниб, умумий ватани борлигини эсдан чиқардилар. Эркинлик, софдиллик, қонунларга итоатгўйлик каби муқаддас сўзлар ўрнини Эпикур, Зенон, Аркесилай исмлари эгаллади. “Орамизда олимлар пайдо бўлганидан бошлаб,–дер эди уларнинг файласуфлари, фазилатли фозил инсонлар кўринмай қолди. Шу пайтгача эзгу ишларни қилиб келган римликлар, эзгулик илмини ўргана бошлаши биланоқ ҳаммаси барбод бўлди. (Бу фикрда қисман ҳақиқат бор, лекин тўлиқ эмас, чунки эзгу ишларни қилишга ахлоқ илмини ўрганиш халақит бермайди. Лекин Руссо фикрининг ҳақ тарафи шундаки, эзгу, фазилатли ишларни қилолмайдиган такаббур, худбин ва жангларда жасурлиги билан машҳур одамларга эзгулик, яхши хулқ илмини (эстетикани) юз марта ўргатсангиз ҳам яхши хулқли бўлиб қолмайди. Арасту ҳам “Ахлоқи кабир” (“Катта ахлоқ китоби”)да шу фикрни айтган. Шунга яқин фикрларни Сенека (милоднинг I асри Рим), Монтен (XVI аср, Франция) ва бошқа мутафаккирлар ҳам айтганлар. Руссо эса бу фикрни янада чуқур ва кенг талқин қилади – Тарж.).

О, Фабриций! (Плутархнинг “Қиёсий ҳаётномалар”и қаҳрамони, Рим консули) Қачонлардир сиз қутқарган, ўзи эришган ютуқлардан кўра сиз туфайли машҳур бўлган Рим ҳозир қандай ясаниб олганлигини кўрганингизда эди, буюк қалбингиз нималарни ҳис қилган бўларди? “Эй, Худойим, бу похол томли оддий хонадонлардаги соддалик ва эзгуликлар ўрнини нималар эгаллади? – деган бўлардингиз.– Римга хос соддаликни йўққа чиқарган бу қандай дабдабабозлик? Бу қандай бегона тил? Бу қанақа тегма нозик феъл-атворлар? Бу ҳайкаллар, расмлар, бинолар нимани англатади? Эй, телбалар, нима қилиб қўйдинглар? Сиз, халқларнинг (маънавий) раҳнамолари, ўзингиз тарбия қилган пасткаш, арзимас одамларнинг қулларига айланиб қолибсиз! Эй, ҳукмдорлар, Сизлар меъморлар, рассомлар, ҳайкалтарошлар ва масхарабозларни бойитиш учун Юнонистон ва Осиёни ўз қонингиз билан суғордингиз! Карфаген вайроналарини найчи эгаллапти! Рим императори Нерон най чалар ва шеър ёзар эди. Эй, римликлар, бу амфитеатрларни тездан йўқ қилинглар, мармар ҳайкалларни синдиринглар, расмларни ёқиб юборинглар! Сизларни бўйсундираётган, ўз санъатлари билан сизни бузуқлик ботқоғига тортаётган қулларни ҳайданглар! Бу кераксиз истеъдодлардан бошқалар шуҳрат қозонаверишсин. Римга муносиб бўлган истеъдод – дунёни забт этиш ва эзгулик салтанатини ўрнатишдир. (Демосфеннинг шогирди), Эпир шоҳи Пирнинг элчиси Киней Рим сенатини подшолар мажлиси, деб ўйлаганида ортиқча дабдабадан, нафис назокатдан кўзи қамашмаганди; бекорчи одамларга ҳузур бағишловчи кераксиз нотиқлик санъатини эшитмаганди ҳам. Хўш, Киней қандай буюкликни кўрганди? Ҳеч қандай бойлик, ҳеч қандай санъат бера олмайдиган, дунёда ҳали ҳеч ким кўрмаган гўзалликни кўрганди у; Рим ва унга тегишли ерларни бошқаришга муносиб бўлган эзгу инсонлар мажлисини кўрганди у”. (Бу ерда давлатни халқ номидан бошқарувчи республика тузумига хос олий кенгаш – икки юз вакил, депутат ҳақида сўз боради – тарж.).

Келинглар, замонлар ва маконлар оша яна ўз давримизга қайтайлик ва ҳиссиётларимизга ёмон таъсир қилаётган ёқимсиз манзараларни четга улоқтириб, ўтган нарсаларни қайтаравермасдан, кўз ўнгимизда нималар содир бўлаётганлигини кўрайлик. Фабриций руҳини бекорга чақирганим йўқ; Людовик XII ёки Генрих IV тилидан эшитмоқчи бўлганларимни унинг тилидан эшитмоқчи эмасман. (Руссо буларни адолатли раҳбар деб ўйларди –тарж.). Тўғри, бизнинг давримизда давлат Суқротга цикута шарбати (заҳар)ни ичирмаган бўларди, лекин агар ҳозир Суқрот бўлса, бундан ҳам аччиқ ва ёқимсиз бўлган заҳар – масхаралашлар, жирканишларни татиб кўрган бўларди – бу ўлимдан ҳам юз марта баттар. Шу тариқа, абадий Донолик бизга раво кўрган бахтли билимсизликдан чиқишга уринишларнинг натижаси бўлган манманлик, дабдаба, бузуқлик ва қуллик барча замонларда (маданият учун) жазо бўлиб хизмат қилди. Эндиликда донолик ўз қилмишларини парда ортига яширган бўлса-да, у бизни кераксиз ва хаёлий нарсаларни қидириб овора бўлишга мажбур қилмас эди, у бизни етарли даражада огоҳлантирган эди. Биз шу имкониятдан фойдалана олдикми ёки уларнинг сабоқларидан, ўзимизга зиён етказмаган ҳолда, хулоса чиқара олдикми? Табиат биздан сир-асрорларини, худди она боласидан хавфли ўйинчоқларни яширгандек, яшириб, мурувват кўрсатди – шу нарсани узил-кесил билиб олинглар. Биздан яширилган барча сир-асрорлар – фалокатлар эди. (Юнон мифи Пандора сандиғини эсланг – тарж.). Табиат бизни шундай асраб келади; илм олиш машаққатлари эса бизга кўрсатилган ҳимматдан кам эмас. Одамлар бузилиб кетди: агар улар билимдон бўлиб туғилганларида бундан ҳам ёмон бўларди.(Одобсизга билим бериш хавфлидир – Тарж.)

Шу тариқа фикр юритишнинг ўзи инсоният учун нақдар хўрлик! Нақадар ғуруримиз поймол бўлди! Нима! Ростгўйлик билимсизликнинг фарзандими? Илм-фан ва эзгулик бир-бири билан чиқишолмайдими? Булардан қанчалик хулоса чиқариб олиш мумкин? Илм-фан ва санъатни ўз ҳолича кўриб чиқайлик: уларнинг ютуқлари нималарга олиб келишини кўрайлик; мулоҳазаларимиздан келиб чиқиб берган хулосаларимиз тарих чиқарган хулосаларга мувофиқ келса, ҳеч иккиланмай қабул қиламиз.

ИККИНЧИ ҚИСМ

Мисрдан Юнонистонга ўтган қадимий ривоятда айтилишича, илм-фан ихтирочиси, инсон ҳаловатини бузган маъбуд (Гермес, Хурмуз Хирмис), ҳисобланади. Мисрликлар ўзлари бу ҳақда қандай фикрда эдилар? Гап шундаки, илм-фан асослари уларнинг кўз ўнгида содир бўлаётган нарса ва ҳодисалар натижасидан келиб чиққан. Дарҳақиқат, дунёдаги барча қўлёзмаларга кўз ташласак, ҳатто турли фалсафий қарашлар билан бирга қўшиб кўрилганда ҳам, пойма-пой тузилган йилномалар саҳифаларини варақлаганимизда ҳам, инсоният билимларининг келиб чиқишига асосий сабабларни, топа олмаймиз. Астрономия – бидъат ва хурофотдан; нотиқлик санъати – шуҳратпарастлик, нафратланиш, хушомад ва ёлғончиликдан; хандаса – хасисликдан; физика – бекорчилик, қизиқувчандан, уларнинг барчаси – ахлоқ илмини ҳам қўшиб ҳисоблаганда – инсон такаббурлигидан келиб чиққан. Демак, илм-фан ва санъатнинг келиб чиқиши инсон кибру ҳавосига бориб тақалади; эзгуликка бориб тақалганда эди, уларнинг қадр-қимматли эканлигига шубҳа қилмасдик.

Илм-фанларнинг келиб чиқиши инсон ҳою-ҳавасига асослангани сабабли, нимага хизмат қилишлари яққол кўриниб турган нарса. Дабдабага мойил бўлган бундай илм ва санъатларнинг бизга нима кераги бор эди? Инсоният адолатсизлиги бўлмаганда эди, ҳуқуқшуносликнинг кераги бормиди? Золимлар, урушлар ва фитналар бўлмаганда эди, тарихни нима қилардик? Бир сўз билан айтганда, ким ҳам вақтини (илм-фанларни) бесамар ўрганишга маҳлиё бўлиб ўтказарди? Бунинг ўрнига инсонлар табиат қонунларига суянган ҳолда ўз одамийлик мажбуриятларини бажариб, бор вақтини ватанига, бахтсизларга, ўз дўстларига сарфламасмиди? Наҳотки биз умримизни ҳақиқат чўкиб кетган қудуқ четига боғланиб ўтказсак? Шу фикрнинг ўзигина фалсафани жиддий тарзда ўрганиб, билим олишга бел боғлаган ҳар бир одамни чўчитиб юборса керак.

Илмий изланишларда бизга қанча хатарли ва алдамчи йўллар хавф солмоқда! Ҳақиқатга етишиш йўлида бизни фойдадан кўра минглаб марта кўпроқ зарарлар ва хатоларни бошдан кечиришимизга тўғри келар? Сарф-ҳаражатларимиз натижаларни оқламаслиги аён: чунки ёлғон чексиз даражада, турли-туман кўринишда бўлса, ҳақиқат ягона кўринишдадир. Дарвоқе, ким ҳам уни чин дилдан қидирарди? Енгиб бўлмас истак бўлганида ҳам, қайси белгиларига асосланиб ҳақиқатни таниб оламиз? Турли фикрлар аралашмасидан қайси ўлчовга асосланиб тўғрисини аниқлаймиз? Энг қийини – бахтимиз чопиб ўша ўлчовни (масалан, мантиқни) топиб олсак – қайси биримиз уни тўғри қўллай оламиз?

Агар илм-фанимиз ўз олдига қўйган вазифаларни еча олишга ожизлик қилса, у ҳолда эришилган натижалар янада хавфлироқ бўларди. Бекорчиликдан туғилган илм-фан яна бекорчиликка хизмат қилиши ёмон, яъни бекорга сарфланган вақт ўрнини тўлдириб бўлмайди ва бу энг аввало, жамиятга жиддий зарар етказиши муқаррар. Сиёсатда, худди ахлоқдаги каби, эзгу ишлар қилмаслик – катта ёвузлик; фойда келтирмайдиган фуқаро зарарли инсон сифатида баҳоланади. Нима сабабдан бўшлиқдаги жисмлар ўзаро тортишиш кучига эга, бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилаётган сайёраларнинг фазодаги масофа нисбати қандай? Эгри чизиқларнинг умумий оғиш ва эгилиш нуқталари қандай бўлади? Худода ҳамма нарса мужассамлигини инсон қандай кўра олади? Гарчи икки жойда турган иккита соатдек алоқа боғламасдан турган бўлсалар-да. Қандай қилиб руҳ ва тана бири учун бири жавоб бера олади? “Қандай осмон жисмларида ердагидек ҳаёт бўлиши мумкин? Қайси ҳашаротлар ғайриоддий тарзда кўпаяди?”– деган саволларга жавоб топиб, ажойиб янгиликлар кашф қилган, эй машҳур файласуфлар, менга жавоб беринг, агар юқоридаги масалаларга жавоб топа олмаганингизда ҳаёт ёмонлашиб қолармиди? Биз ҳозиргига қараганда оз сонли бўлиб қолармидик? Бизни бошқариш қийинлашармиди? Душманга хавфсизроқ бўлиб қолармидик? Бунчалик гуллаб-яшнамасмидик? Иллатларимиз озайиб қолармиди?

Асарларингизнинг аҳамияти ҳақида яна бир бор ўйлаб кўринг, эй олимлар! Энг яхши фуқароларимизнинг маърифатли ишлари айтарли фойда бермаса, у ҳолда ҳеч қандай фойда келтирмасдан давлатни кемириб ётган нотаниш ёзувчилар ва такасалтанг саводхонлар оломони ҳақида нима дейиш мумкин?

Такасалтанглар дедимми? Қани эди, Худога хуш келиб, шундай бўла қолса! У ҳолда ахлоқимиз соғлом, жамиятимиз тинчроқ бўларди. Аммо бу фойдасиз, арзимас ва такасалтанг сўзамоллар ҳар томондан қуршовга олиб ғайримантиқий зараркунандаликлари билан қуролланган ҳолда динимиз илдизига болта уриб, эзгуликни яксон қилмоқдалар. Улар “Ватан”, “дин” каби қадрли сўзларни эшитгач, заҳархандалик билан тиржайиб, барча қобилиятлари ва фалсафасини ишга солиб, муқаддас нарсаларимизни топташ ва иснод келтириш билан овора. Эзгуликларимиз ва таълимотларимизни ёмон кўришлари етмагандек, улар жамоатчилик фикрининг душманлари ҳамдир. Уларни ибодатхоналарга қайтаришдан кўра худосизлар, деб қўя қолган маъқул. Оммадан ажралиб туриш, уларга насиб этмаган бўлса-да, айримлари учун бу енгиб бўлмас истакдир.

Вақтни бекорга бой бериш – аслида кўнгилсиз воқеа. (Ватан, миллат, халқ учун жон куйдирмайдиган) адабиёт ва санъат бундан ҳам баттар ёмонликни бошлаб келади. Бу ёмонлик – зеб-зийнат, дабдаба – у ҳам бекорчиликдан ва шуҳратпарастликдан келиб чиқади. Камдан-кам ҳолларда зеб-зийнат, дабдаба илм-фан ва санъатни ниқоб қилади, аммо илм эса кўпинча дабдабасиз кўрина олмайди. Майли, зебу зийнат бойлик аломати бўла қолсин; майли, керак бўлса, бойлик кўпайишига хизмат ҳам қилсин; лекин бу келишмовчиликдан ҳозирги кунимизга муносиб хулоса чиқариб бўлармикан? Агар одамлар нима қилиб бўлса ҳам, бойиб кетишни мақсад қилсалар, у ҳолда фазилатнинг ҳоли нима кечади?

Қадимги сиёсатчилар ахлоқ ва фазилат ҳақида тинмасдан гапирардилар, ҳозиргилар эса фақат савдо ва пул ҳақида вайсайдилар. Бири фалон мамлакатда одамнинг баҳоси шунча экан, агар уни Жазоирга сотсам, қанчага оларкин, деса, бошқаси ҳисоб-китобни давом эттириб, одамнинг баҳоси ҳеч қанча турмайдиган мамлакатларни ва ундан ҳам арзонроқ бўлган мамлакатларни айтади. Одамларни, худди сотиладиган ҳайвонлар подасига тенглаштирадилар. Уларнинг фикрича, одамнинг ўзи яшаётган давлатдаги баҳоси, истеъмол қилганига қараб белгиланади; шундай қилиб, бир сибарислик одам баҳоси лакедемонияликнинг ўттизтасига тенг. Қани топинг-чи, бир ҳовуч римлик деҳқонлар шу республикалардан қай бирини бўйсундирган – Спартаними ёки Сибарисними? Қайси бири Осиёни титроққа солди?

Кир салтанатини Форс шоҳлари ичидаги энг камбағалларидан ҳам камбағалроқ бўлган бир ҳукмдор – македониялик Александр ўттиз мингтача аскари билан босиб олган; халқлар ичида энг қашшоғи бўлган скифлар оламда энг қудратли бўлган ҳукмдорларга қарши турганлар. Икки машҳур республика (Рим ва Карфаген) дунёга ҳокимликни даъво қилганлар; улардан бири жуда бой, иккинчисида эса ҳеч вақо бўлмаган, айнан мана шуниси биринчисини вайрон қилган. Дунё бойликларига эга бўлган Рим империяси, бойлик нима эканлигини билмаган одамларнинг қурбони бўлди. Жасорат ва камбағалликдан бошқа нарсаси бўлмаган франклар – Галлияни, сакслар – Англияни босиб олишган. Бисотида бир нечта қўй терисидан бошқа ҳеч вақоси бўлмаган фақир тоғликлар оломони, австрияликларнинг ғурурини поймол қилиб, бадавлат ва даҳшатли Бургунд сулоласини йўқ қилиб, Европа ҳукмдорларини титроққа солди. Ва ниҳоят, Ҳиндистоннинг беҳисоб хазинасидан янада дадиллашган, қудратли ва доно Карл V нинг вориси (Филипп II) бир ҳовуч балиқчиларга (голландияликларга) тўқнаш келиб мағлуб бўлди. Майли, сиёсатчиларимиз бизни маъзур тутсинлар ва беҳуда ҳисоб-китобларни йиғиштириб, яхшилаб ўйлаб кўрсинлар; яхши хулқ-атвор, одоб-ахлоқ ва урф-одатга эга бўлган фуқаролардан бошқа барча нарсаларни сотиб олиш мумкин.

Жиддийроқ айтадиган бўлсак, зеб-зийнатни муҳокама қилганимизда гап нима ҳақида эди? Гап шу ҳақда эдики, ҳукмдорлар учун муҳимроқ нарса нима – узоққа бормасдан парчаланиб кетадиган ялтироқ салтанатми ёки эзгулик қарор топган юртми? Ялтироқ деяпман, лекин қандай ялтироқлик? Тантанабозлик ростгўй қалбда яшай олмайди. Майда-чуйда, арзимас нарсалар билан ўралашиб қолган ақл ҳеч қачон юксакликка кўтарила олмайди, гарчи бунга куч етган тақдирда ҳам, жасорат етишмайди.

Ҳар бир санъаткор олқишларга ўч. Мукофотларнинг энг қимматлиси – замондошларнинг мақтовидир. Номи чиққан олимлар енгилтак ёшларга шундай йўналиш бериб қўйган бўлсалар; эркаклар ўз эркининг золимларига (чиройли аёлларга) ёқиш учун нозик дидларини қурбон қилсалар; бир жинс вакили иккинчисининг қўрқоқлигига мос равишда фаросати етмайдиганларни ҳам мақтайверса, шунинг учун юксак поэзия[7] дурдоналари касодга учраб, ажойиб мўъжизакор уйғунликдан воз кечилаётган бўлса[8]; шундай халқ орасида, шундай замонда туғилган у бечоралар (Мольер, Рамо) мақтовларга эришиш учун нима ҳам қилсин? Санъаткор нима ҳам қиларди, жаноблар? Юксак даҳоликдан ўз замонаси даражасига тушиб, ўртача асарлар яратгани маъқулроқ, токи замондошлари у ҳаётлик пайтида ҳайратга тушсин. У ўтиб кетгач, асрлар оша ажойиб санъат асарларидан ҳайратга тушишларидан фойда йўқ. Айтинг-чи, бизга, атоқли Аруэ (Вольтер) сохта хушмуомалалик учун қанча самимий ва таъсирчан гўзалликни қурбон қилдингиз? Тақинчоқларга айланган хушмуомалалик учун қанча буюк бунёдкорликни сарфладингиз?

Ахлоқ бузуқлиги зеб-зийнатнинг муқаррар оқибатидир, ўз навбатида хулқ бузуқлиги – дидлар бузуқлигига етаклайди. Мабодо, буюк, истеъдодли одамлар орасидан тасодифан қатъиятлироғи чиқиб, ўз даврининг руҳига мос – арзимас асарлар яратишни ўзига ор деб билса, у одамнинг ҳолига вой! У хор-зор бўлиб, забунликда ўлади. Бу башорат эмас, аччиқ тажрибанинг мевасидир! Карл, Пьер, (истеъдодли рассомлар Карл Ван-Коол билан Жан-Батист Пьер – тарж.) мўйқаламингиз ибодатхоналар, улуғвор даргоҳларимизни юксак ва муқаддас авлиёлар тасвирлари билан безаш ўрнига, файтун араваларнинг эшикларини уятсиз расмлар билан безашга хизмат қилиб (санъатни) булғади. Энди эса мўйқаламни ташлаб юборадиган вақт келди. Сен-чи, эй бетакрор Пигаль (ҳайкалтарош) – Пракситель ва Фидийнинг рақобатчиси, тошкескичлар ёрдамида қадимгилар сиғиниш учун тошсанамлар яратиб, бутпарастликни кўз олдимизда оқлаган бўларди, энди эса ўша асбобинг бадбашара тасқараларнинг, мешқоринларини йўнишга хизмат қилади, акс ҳолда у ишсиз қолади.

Ахлоқ ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, ибтидоий даврнинг содда одатларини роҳатланиб эсламаслик мумкин эмас. Бу – табиатнинг ўзи безаган ажойиб соҳиллар манзараси – улардан кўз узиб бўлмайди, тикилиб тўймайсан. У пайтда одамлар беғубор, эзгу ишларга мойил, табиат билан ҳамнафас бўлиб, Худога хуш келадиган ишлар билан машғул бўлганлар. Кейинчалик одамлар эзгу ишлардан қочиб, гуноҳга ботганлар ва уларга ибодатхоналар раво кўрилган. Бора-бора улар бу муқаддас даргоҳларни ҳам булғагач, уй нима, ибодатхона нима – фарқи йўқолган. Бу эса ахлоқнинг таназзулга юз тутиши бўлиб, бузуқлик ҳеч қачон бунчалик даражада муқаддас даргоҳларнинг пештоқларигача кириб бормаганди.

Ҳаётдаги қулайликлар кўпайган сари, санъат такомиллашиб, дабдаба, зеб-зийнат кенгайган сари, ҳақиқий жасорат заифлашиб, ҳарбий қудрат йўқолиб борди; булар барчаси сокин ишхоналарида ривожланаётган илм-фан ва санъатнинг таъсирида содир бўлмоқда. Готлар Юнонистонни шип-шийдам қилиб кетганларида, талончилардан бири барча кутубхоналарни ёнғиндан асраб қолишга сабабчи бўлган; чунки у ўйлагандек, ҳарбий машқлардан чалғитган ва ўтириб олиб ишлашга, ялқовликка ўрганган душманнинг бу мулкини ўзларига қолдириши керак бўлган. Карл VIII деярли қиличини яланғочламасдан Тосканага ҳукмдор бўлиб олди, сарой аҳли бу кутилмаган осонгина ғалабани Италиянинг ҳукмдорлари ва аслзодалари машқлар ўтказиб, ҳарбий куч-қудратини ривожлантириш ўрнига аскиябозлик ва илм-фанга ружу қўйганликларидан деб ҳисоблади. Юқоридаги икки воқеани мисол қилиб келтирган, соғлом фикрловчи бир одам (Мишель Монтенр) ўзига сабоқ бўладиган бу воқеалардан хулоса чиқариб олди: (илм-фанни бундай тарзда ўрганиш мардлик ва жасоратни руҳлантирмайди, аксинча, бу ҳиссиётларини сусайтиради, ҳарбий тартибларга путур еткизади.

Римликлар орасида тасвирий санъатни, олтин ва кумушдан ясалган ўймакорлик буюмларини, нафис санъат асарларини тушунадиганлар кўпайиб борган сари, ҳарбий жасорат йўқолиб бораётганлигига иқрорлик ҳам кўпайгнан. Ҳар доим бошқа халқларга ўрнак бўлиш мабодо бу мамлакат тақдирига ёзилганида эди, Медичилар хонадони ва санъатнинг ривожланиши, эҳтимол, Италиянинг бир неча аср илгари қозонган ҳарбий шуҳратини қайтадан бадном қилган бўларди.

Маънавий барқарорликни барвақт сўндирадиган, вужудни тез қаритадиган, тинч ҳолатда ўтириб ишлайдиган касб-корлар қоидаларини Қадимий юнон давлатлари ўз фуқароларига тақиқлаб қўйган эди. Дарвоқе, сиз қандай деб ўйлайсиз, бирозгина муҳтожлик ва қийинчиликни енга олмаган одамлар очликка, ташналикка, чарчоққа ва ўлимдек даҳшатли хавф-хатарга қарши бора оладими? Аскарлар шу қийинчиликларга ўрганмаган бўлса, чидай олмаса, мардликни қаёқдан олсин? Эгарда базўр ўтирган аскарда, буйруқни бажариш учун, шижоат қаердан пайдо бўлсин? Ҳозирги аскарларнинг ўта бардошли эканликларини, жангда кўрсатган жасоратлари, қаҳрамонликлари ва мардликларини менга мақтамай қўяқолишсин. Аммо улар ҳар бир фаслнинг қийинчиликлари, об-ҳаво инжиқликларини қандай кўтараётганликлари менга маълум эмас. Қуёш бироз қиздирса ёки қор ёғса, жангчиларни қулайликлардан бироз чекласа, армиямизнинг энг яхшилари парокандаликка учраб, енгилишлари учун бир неча кун кифоя.

Эй, мардонавор жангчилар, бир нафас тоқат қилиб, камдан-кам айтиладиган ҳақиқатни эшитинглар! Сизлар довюрак эканлигингизни биламан: Ҳаннибал даврида яшаганингизда Канн ва Тразимен остоналаридаги жангларда ғалаба қозонган бўлардингиз; Цезарь сизлар билан Рубиконни кечиб ўтиб, ўз мамлакатини бўйсундирарди; аммо Ҳаннибал Альп тоғларини сизлар билан ошиб ўтолмаган, Цезарь эса сизлар билан аждодларингиз устидан ғалаба қозонолмаган бўларди.

Уруш натижасини ҳар доим ҳам жанг ҳал қилавермайди ва омадли натижага эришиш санъати ҳар бир саркарда учун жанг омадидан кўра юксакроқ санъатдир. Кўксини ўққа тутиб, ҳаётини қурбон қилишдаги жасоратдан кўра, куч-қувватини авайлаб, бардошли бўлиб, ўлимдан сақланиш муҳимроқ. Жангчиларнинг қай тарзда ўлиши: безгакданми, шамоллашданми ёки душман ўқиданми – давлат учун аҳамияти йўқ.

Илм-фан ривожланишининг ҳарбий ишларга таъсири ёмон бўлар экан, ахлоққа таъсири бундан-да ёмон. Ҳаётимизнинг дастлабки йилларидаёқ ўйламасдан берилган ёмон тарбия ақлимизни бузиб, фикрларимизни айнитишга сабабчи бўлади. Жуда катта маблағ сарфланиб, беҳисоб тарбия муассасалари бор ва уларда ўтказилаётган машғулотларда ёшларга кўп нарсаларни ўргатадилар, аммо уларга бевосита зарур бўлган билимларни, (соф виждонли ва мард бўлишни) ўргатмайдилар. Болаларингиз ўз она тилларини эмас, балки бошқа, бирор жойда қўлланмайдиган тилларни ўрганадилар; ўзлари ҳам яхши тушуниб етмайдиган, ҳақни ноҳақликдан, яхшини ёмондан ажрата олмайдиган, яхшилик ниқоби остига яширинган санъатни эгаллайдилар. Ёшларимиз олижаноблик, адолат, ёмонликдан тийилиш, одамийлик каби сўзлар маъносига тушуниб етмайдилар; “ватан” сўзининг асл маъноси уларга етиб бормайди, уларга Худои таоло тўғрисида, фақат қўрқитиш учун гапирадилар. Бир донишманд (М.Монтен), агар шогирдларим копток ўйнаса ҳам хурсанд бўлардим, ҳар ҳолда ҳаракатчан бўларди-ку, деган. Болалар нима биландир шуғулланишлари зарур, бекор қолдириш хавфли эканлигини биламан. Хўш, улар нималарни ўрганишлари зарур? Мана бу ҳақиқатан ҳам ажойиб савол! Вояга етганларида нима ишлар билан шуғуллансалар, шунга ўргансинлар, унутишлари керак бўлган нарсаларга эмас.

Истироҳат боғларимиз ҳайкаллар билан, галереяларимиз расмлар билан безатилган. Сизнингча, бу оммавий томоша учун қўйилган санъат асарларида кимлар тасвирланган? Ватан ҳимоячиларими ёки буюк ишлари билан ҳаётимизни бойитган инсонларми? Йўқ. Бу расмлар қадимий афсоналардан танлаб олинган, сарсон-саргардон қалблар ва адашган ақл-идрокни ифодаловчи рамзий сиймолар (дабдабали, ҳашаматли Рококо санъати, Бушенинг мифологик, эротик манзаралари бўлиб, шубҳасиз, фарзандларимиз ёшлик чоғлариданоқ, ўқиш-ёзишни ўрганмаслариданоқ шу кўз ўнгидагилардан ёмон ўрнак олишлари учун, уларнинг онгига ахлоқсизликни сингдириш учун қўйилган.

Одамларнинг имкониятлари ва истеъдодларидаги фарқлардан, эзгу ишларнинг камситилишидан келиб чиққан ҳалокатли тенгсизлик туфайли пайдо бўлмаганми бу адашишлар? Барча машғулотларимизнинг меваси – энг хавфли натижаси мана шу. Инсон ҳақида энди унинг ростгўйлиги эмас – истеъдоди; китоб ҳақида эса унинг фойдалилиги эмас – яхши ёзилганлиги сўраладиган бўлиб қолди. Сўзамолликка саховат билан мукофотлар тарқатилмоқда, эзгулик эса эътиборсиз қолмоқда. Нотиқлик минглаб мукофотларга сазовор, ажойиб ишларга эса мукофот йўқ. Ҳар ҳолда менга айтишсин, академияда энг яхши фикр учун бериладиган мукофот шуҳратини, шу мукофот таъсисчисининг хизматлари билан тенглаштириш мумкинми?

Донишманд ҳеч қачон бойлик кетидан қувмайди, лекин у шон-шуҳратга бефарқ эмас; бу борадаги адолатсизликни кўргач, унда мусобақа руҳи уйғониб, жамият учун фойдали бўлган эзгу ниятлари барбод бўлади, ўзи эса азоб чекиб, сўниб боради, муҳтожликда унутилиб, ҳароб бўлади. Муносиб тарзда мукофот беришдан кўра ўртачаларга мукофот тарқатишни афзал кўриш охир-оқибатда, мана, нималарга олиб келади – ҳозирги пайтда илм-фан ва санъатнинг янгиланиш тажрибаси буни яққол кўрсатиб турипти. Табиатшунос, муҳандис, кимёгар, фалакиётшунос олимларимиз, шоирлар, машшоқлар ва рассомларимиз бор – лекин фидокор фуқароларимиз йўқ. Агар чекка қишлоқларимизда тарқоқ ҳолда қолган бўлсалар-да, улар унутилиб, қашшоқликда, забунликда ҳалок бўлмоқдалар. Бизга ва болаларимизга ризқ-рўз бераётганларнинг шу аҳволга тушиб қолишларига ўзимиз сабабчимиз.

Ёвузлик бундан ҳам кучайиб кетмаслигига ишонаман. Тангри таолонинг донолигидан зараркунанда ўт-ўланлар ёнида шифобахш ўсимликлар ҳам ўсади, заҳарли жондорлар танасида давоси ҳам бор, ҳукмдорлар дилида донолик уруғи кўкаради. Шуҳрати асрлар оша юксалиб боришга лойиқ бўлган буюк шоҳ яратгандан ўрнак олиб минглаб муаммолар манбаи бўлмиш илм-фан ва санъатга бағишланган машҳур (илмий) жамиятларни юзага чиқарди. (Францияда кардинал Ришелье даврида қирққа яқин турли илмий жамиятлар ва фан, санъат академиялари ташкил этилган – тарж.). Бу жамиятлар инсоният тўплаган билимларнинг залворли ва хавфли юкини, айни замонда ахлоқнинг муқаддас бурчини кўтариб, ҳам ўзларидан, ҳам бошқалардан ахлоқ поклигини сақлаш талабини қўйганликлари билан шуҳрат топмоқдалар.

Донолик билан ўрнатилган бу тартиблар тахт вориси (Людовик XV) томонидан янада мустаҳкамланиб, Европа қироллари учун намуна бўлиб хизмат қилди. (Франциядан ўрнак олиб, Германияда, Россияда, Италияда шундай илм-фан ва санъат академиялари ташкил этилди – тарж.). Адиблар учун эса бу бир мезон бўлиб, уларнинг ҳар бири бу жамиятга аъзо бўлишни шараф деб ҳисоблайдиган, бунинг учун эса доимо имкон қадар фойдали ишлар билан шуғулланишга, яхши хулқ-атворга эга бўлишга ҳаракат қилишлари лозим бўлиб қолди. Адабиёт соҳасида мукофот берувчи ҳайъат аъзоларида мавзу танлаш, асарнинг қадр-қимматига, инсонлар қалбига эзгуликлар олиб кириш фазилатларига қараб баҳо бериш имконияти пайдо бўлди, танлов қатнашчиларини эса шуларга риоя қилган ҳолда инсон зотига нафақат ёқимли, балки уларни яхшиликка етакловчи асарлар ижод қилишга чорлади.

Фақат булар, гўёки менинг ҳақлигимни исботлаш учунгина далил бўлиб хизмат қилади, деб менга эътироз билдирмасинлар. Биз асло йўқ касалликларга дори изламаяпмиз. Унда нимани излаяпмиз? Балки олимларимиз фойдаси учун ташкил қилинаётган бу жамиятлар омма эътиборини илм-фанга ва уларни ўрганишга жалб қилиши учундир? Кўрилаётган эҳтиёткорликка қараганда деҳқонлар жуда кўпчиликни ташкил қилиб, файласуфлар озайиб қолармикан, деган хавотирга тушиб қолишди, деб ўйлаш мумкин. Деҳқонлар билан файласуфларни таққослашдек хатарли ишга қўл урмоқчи эмасман – буни ҳеч ким қиёсламаган бўларди. Мен фақат сўрамоқчиман – фалсафа нима ўзи? Машҳур файласуфларнинг ёзганлари нималардан иборат? Бу донолик дўстларидан қандай сабоқ олиш мумкин? Агар уларнинг минбардан туриб бир-бирларига гал бермасдан, фақат менгина янглишмайман, менинг олдимга келинглар деб бақиришларини эшитсангиз, уларни лўттибозлар тўдаси деб қабул қилиш мумкиндир? Биттаси табиатда жисм деган нарсанинг ўзи йўқ – бу менинг тасаввуримдаги нарсалар холос, деса (Беркли), бошқаси материядан бошқа ҳеч нарса йўқ, коинотда бор нарсадан ташқарида худо йўқ, деб таъкидлайди. (Ламетри, “Жоннинг табиий тарихи” асари муаллифи – тарж.). Буниси, эзгулик ҳам, ёмонлик ҳам йўқ нарса, аҳлоқдаги ёвузлик ва эзгу ишлар – уйдирма деса, (Вольтер), униси – инсон моҳиятдан бўри, виждони қийналмасдан бир-бирининг гўштини ейиши мумкин, дейди. (Т.Гоббс). Эй, буюк файласуфлар! Нега дўстларингиз ва фарзандларингизга фойдали сабоқларингизни мерос қолдирмадингиз? Бу билан мукофотларга сазовор бўлардингиз, биз эса тарафдорларингизни топган бўлардик!

Мана шунақа бу ажойиб одамлар, ҳаёт чоғларидаёқ замондошлари уларга сахийлик билан назокат улашган, вафотидан сўнг эса (шон-шуҳрат билан) боқийликка йўл очиб беришган. Авлодлардан-авлодларга қоладиган доно васиятномалар мана шулар!

Наҳотки мажусийлик (маданияти) инсоният онгини тўғри йўлдан оздиришдан бошқа авлодларга бирор нарса қолдирмаган бўлса? Йўқ, ҳатто Инжил ҳукмронлик қилган даврда кашф қилинган, китоб босиш санъати маҳсули бўлган асарларда ҳам уятсиз ёдгорликлардан бошқа нарсани кўрмаймиз. Атомчи, моддиюнчи, даҳрий Левкипп ва Диагорларнинг беҳаё битиклари ўзлари билан бирга йўқ бўлди; инсон онгининг ғалати тентакликларини абадийлаштирувчи Гоббс ва Спинозаларнинг хатарли янгилишишлари босмахона ҳарфларини қўллашимиз туфайли абадий сақланади.

Шонли битиклар ёзишга қобилиятсиз, билимсиз ва қўпол оталаримизнинг асарлари билан бирга ҳозирги авлодларимиз ёзган замондошларимизнинг бузуқ ахлоқи уфуриб турган хавфли асарларни, илм-фан ва санъатимиз ривожининг ҳақиқий тарихини, “ютуқларини” асрлар оша келажак авлодларимизга етказсак, авлодларимиз уларни ўқиса ва биздан кўра ақллироқ бўлса, биз кўтарган масалалар юзасидан, шубҳасиз, тўғрироқ хулосага келадилар ва қўлларини осмонга кўтариб,– “Эй, Қодир Худо, Сен бизнинг ақл-онгимиз ҳукмдорисан, оталаримизнинг бу ҳалокатли билимлари ва санъатларидан бизни халос эт, бизнинг ягона неъматимиз ва бахтимиз бўлган, Сенинг олдингда энг қимматбаҳо бўлган билимсизлигимиз, гуноҳсизлигимиз ва камбағаллигимизни бизга қайтар”,– деб илтижо қилган бўлардилар.

Агар илм-фан ва санъат ютуқлари ҳақиқий бахтимизни юксалтирмас экан, агар улар ахлоқимиз, покиза дидимизга зиён етказар экан, у ҳолда соддадил ёзувчилар тўдаси ҳақида нима деб ўйлаймиз? Билимга қизиқиб қолганларнинг кучларини синаш мақсадида, табиат томонидан, илҳом парисининг маконига кириш йўлларини ҳимоялаш учун қўйилган тўсиқларни шулар олиб ташладилар-ку! Илм-фан эшикларини беандишалик билан бузиб, муқаддас даргоҳга нолойиқ маданиятсизлар учун йўл очиб берган кўчирмачилар ҳақида нима деб ўйлаймиз? Адабиёт соҳасида узоққа бора олмайдиганларни бу муқаддас даргоҳ остонасидан қувиб, жамият учун бошқа бирор фойдалироқ касб-ҳунарга жалб қилинса бўлармиди? У ҳолда умр бўйи ярамас қофиябоз ёки ўртамиёна мутахассис бўлган одам мато тўқишда устаси фаранг бўлармиди?

Табиат томонидан мактаб яратиш ато этилган инсонга ҳеч қанақа ўқитувчи зарур бўлмайди. Инсон зотининг устозлари – Бэконлар, Декартлар ва Ньютонларнинг устозлари бўлмаган – қайси муаллимлар уларни шу даражага олиб чиқа оларди? Оддий ўқитувчилар нари борса ўзларининг тор билимлари доирасида ўрганиш билан чегараланган бўларди[9]. Айнан, йўлларида учраган дастлабки тўсиқлар даҳоларни бор кучларини сарфлаб, уларни бартараф қилишга, улкан масофаларни босиб ўтишга ўргатди. Агар қандайдир одамларга ўз ҳаётини илм-фан ва санъатни ўрганишга бағишлаш учун имконият бериладиган бўлса, шундай одамлар бўлишлари керакки, токи улар мустақил тарзда даҳолар изидан бориб, улардан ҳам ўтиб кетсин; озчиликни ташкил қиладиган ана шундайларгина инсон заковатини кўкларга кўтарганликлари учун ёдгорлик қўйишга сазовордирлар. Уларга тенглашмоқчи бўлган заковат эгалари, ушбу даҳолар кутган даражадан кам бўлмасликлари керак – бу улар учун ягона мукофотдир.

Қалбимизни нима эгалласа руҳимиз аста-секин шунга мослашади; буюк воқеалар фақат буюк инсонларни яратади. Қадимда нотиқ (Цицерон) Рим консули бўлган, файласуфларнинг бири Англиянинг канцлери эди (Ф. Бэкон). Агар улардан бири қайсидир университетнинг кафедра мудири, бошқаси эса атиги академия таъминотидаги оддийгина ходим бўлганда, уларнинг асарларида жамиятда тутган мавқеларининг таъсири бўлармиди, деб сўрайман сизлардан? Яхши маслаҳатчи бўлишга қобилияти бор одамлардан маслаҳат олишга қиролларимиз жирканиб юришмасин; бу эскидан қолган хато фикрлардан қайтсинлар. Халқларни бошқариш санъати уларни маърифатли қилишдан кўра қийинроқ деган тушунча амалдорларнинг такаббурлигидан пайдо бўлган. Одамларга ўз хоҳиш-истаклари билан яхшиликка интилишни ўргатгандан кўра, уларни шунга мажбурлаш осонроқ, деган тушунчадан воз кечсинлар; майли, аъло даражадаги олимлар саройдан фахрий жой эгалласинлар, майли, улар ўзлари учун муносиб мукофотга сазовор бўлсинлар; халқларнинг бахт-саодати учун уларни доноликка ўргатишга ёрдам берсинлар. Ана ўшанда олийҳиммат мусобақа руҳи билан суғорилган эзгу ишлар, илм-фан ва ҳокимият инсон зотининг фаровонлиги йўлида нималарга қодир эканлигини одамлар кўради. Токи ҳокимият бир томонда, билимлар ва донишмандлар бошқа томонда бўлар экан, олимлар юксак нарсалар ҳақида кам ўйлайдилар, ҳукмдорлар яхши ишларни ундан-да камроқ қиладилар, халқлар эса ахлоқсиз, бузуқ ва бахтсиз бўлиб қолаверадилар.

Бизга ўхшаган оддий одамларга келсак, табиат юксак қобилият бермаганлиги туфайли, шон-шуҳратга даъво қилмасдан, илгаригидек сояда юраверайлик. Машҳурлик кетидан қувмайлик – унга етиша олмаймиз, чунки бизнинг ҳақиқий ҳолатимиз, гарчи бизга ҳуқуқ берилганда ҳам, буни кўтара олмайди. Бахтимизни ўзимиздан топишимиз мумкин бўлган ҳолда, уни ўзгалардан қидиришга ҳожат йўқ. Биз ўз бурчимизни қойил-мақом қилиб бажарайлик-да, халқлар бурчини бажаришга ўргатиш ташвишини бошқаларга берақолайлик, бундан бошқа билимга эга бўлишнинг зарурияти йўқ.

Эй, фазилатли, содда қалбларнинг юксак сабоғи! Сени англамоқ учун шунчалик зўр бериш, мослашиш керакми? Моҳиятинг қалбларга муҳрланган эмасмиди? Қонун-қоидаларингни билиш учун эҳтирослар сукут сақлаганда ўзлигимизга кириб, виждонимизга қулоқ тутиш етарли эмасмиди?

Ҳақиқий фалсафа мана шу – у билан қаноатланишга ўрганишимиз керак. Машҳур инсонларнинг унутилмас шон-шуҳратларига ҳасад қилмасдан, улар билан орамизда бўлган иззат-ҳурматдаги фарқни белгилаб олмоғимиз керак, зеро, бир замонлар икки буюк халқ (Афина ва Спарта халқлари) ўртасидаги бундай фарқни сезар эдилар – улардан бири яхши гапиришни, бошқаси эса яхши иш қилишни билган.

Абдунаби Абдуқодиров ва Маҳкам Маҳмудов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 6-сон.

 

ЖЕНЕВАЛИК ДОНИШМАНДНИНГ СЕВИНЧ ВА ҚАЙҒУЛАРИ

Барча тараққийпарвар одамларнинг ҳурмат-эъзозини қозонган Жан Жак Руссо “Дил изҳори” асарида ёзишича, ёшлик чоғларида маърифатли камбағаллар оиласидан чиққани учун, одатда бойларнинг кўпчилиги маърифатсиз бўлиб, маърифатли яхши одамларни қул қилиб ишлатишни ўз бошида англаб етган. Отаси уни ҳунар ўрганиши учун золим устага шогирд қилиб берган. Золим устани эса зодагонлар ва буржуазия – янги бойлар эзиб ишлатар эдилар. Кўпчиликнинг камбағалликда кун кечириши, бир тўда бойлар, зодагонларнинг зеб-зийнат ва ҳашаматда яшаши, яъни жамият фуқаролари ўртасидаги тенгсизлик, шахс эркинлиги йўқола бориб, меҳнат аҳлига жабр-зулм кучайиши Руссони изтиробга солган. Бу тенгсизлик Европанинг маънавий устозлари бўлмиш, зодагонлардан чиққан халқ ҳимоячилари Мишель Монтен (“Тажрибалар”), Ларошфуко (“Максималар”), “Лабрюйер (“Характерлар”), Шарль де Монтескье (“Қонунлар руҳи”) каби моралист-насиҳатчи донишмандларни ҳам ташвишга солган эди. Руссо буларни ўқиб, улғайган.

Жан-Жак Руссога булардан ҳам аввал, Рим империяси қўл остидаги херонеялик юнон донишманди Плутархнинг “”Қиёсий ҳаётномалар” асарида тасвирланган ватанга беғараз хизмат қилган Перикл, Демосфен, Солон, Фалес каби қаҳрамонларнинг истибдодга қарши қаҳрамонларча курашлари илҳомбахш таъсир кўрсатган.

Золим подшоҳларга, қирол Людовикка, Россия императори маликаси Екатеринага устозлиги билан мақтанувчи, зеб-зийнатда, нодир санъат асарлари орасида яшашни хуш кўрувчи, мусулмонларнинг севимли пайғамбарини масхара қилиб, драма ёзган Франсуа Вольтер ижтимоий тенглик учун, шахс эркинлиги идеаллари учун оташин курашчи Руссони ёқтирмаслиги табиий эди. У, турли иғволар йўли билан Руссонинг Франциядан қувғин қилинишига эришди. Вольтер “Кандид”, “Зодиг ёҳуд қисмат” каби фалсафий қиссаларида Руссо каби софдил қаҳрамонларни тентак деб, масхара қилди.

Лекин, Жан-Жак Руссони севган, эъзозловчи одамлар орасида Пол Гольбах, Монтескье, Бюффон, Мабли, Мариво, Дидро Ламетри, Фонтенель каби буюк маърифатчилар бор эди. Хусусан, энциклопедиячилар гуруҳи етакчиси Дени Дидро женевалик эркпарвар Руссонинг илк асари, Дижон академияси мукофоти олган “Илм-фан ва санъатлар равнақи ахлоқнинг покланишига ёрдам берадими?” рисоласини қизғин кутиб олди ва уни нашр этишга ҳисса қўшди. Бу асарида Руссо умуман илм-фанларга ва санъатларга қарши эмас, балки ахлоқни, табиийликни бузувчи илм ва санъатларга қарши эди.

Жан Жакнинг ёшлик йиллари Франциянинг чекка мустамлакаларидан бўлмиш Савояда ўтди, кўп ўқиш, маърифат таҳсили билан шуғулланди. Католик мазҳабига берилган, ҳар бир шахснинг истеъдодига йўл очишга интилган Луиза де Варран хоним ўз меҳмонхонаси – салонида кўпчилик зодагонлар ва оддий халқдан чиққан олимлар, санъаткорлар қаторида Руссога ҳам ҳомийлик қилди. Унинг илм-фанларни ўрганишига ва ижод қилишига қулай шароитлар ҳозирлади.

Лекин бой, зодагонлар муҳитида бойликка очкўзлик, ёлғон, риёкорлик, кибру ҳаво авж олганини ёқтирмаган Жан Жак улар даврасини тарк этиб, Франсиянинг Венециядаги элчиси бўлган бир “маърифатли” зодагонга котиблик хизматига кирди. У қаттиқ ишласа ҳам инжиқ бошлиғидан бир оғиз раҳмат эшитмай, фақат сўкиш эшитавергач, бу ишни ташлаб, Парижга қайтди. Бу ерда машҳур файласуф Дени Дидро машҳур “Энциклопедия” нинг мусиқа санъатлари бўлимига доир мақолалар тайёрлашни Жан-Жакка топширди.

Лекин кўп ўтмай, Дидро “Кўрлар ҳақида мактублар” асарида Франция ҳукумати раҳбарларини кўрларга ўхшатгани учун вақтинча қамоққа ташланди. Руссо дўстини кўришга Париж яқинидаги Венсен қамоқхонасига борганида у ерда маҳбус ўқиётган журналлардан бирида (“Француз Меркурийси”) Дижон Академиясининг конкурси – танлови ҳақида эълонни ўқиб қолди. Дижон Академияси ўз устави – низомига кўра, зодагонлар ва мансабдорларнинг ишларини қабул қилмас, асосан камбағал истеъдодларга ёрдам берарди. Бу танлов мавзуи Руссонинг кўнглида йиғилиб қолган кўпгина муаммолар ҳақида фикр билдиришга имкон берарди. Бу имконият Руссога жўшқин илҳом бахш этди. Ва у танлов мақола-рисоласида маърифатчилик даврининг ечими топилиши мушкул, зиддиятли муаммоларини, илм-фанлар ва санъатлар инсонларга маърифат беришдан кўра, улардаги табиий туғма инсоний фазилатларнинг йўқолишига, одамларнинг илм-фанларга яқинлашуви инсонликдан узоқлашувга олиб бораётганини кўрсатиб берди. Кейинчалик Руссо бу фикрларини қисман ўзгартирган ҳам.

Жан Жак Руссо илм-фанлар ва санъатларнинг равнақ топиши, меҳнат унумини оширувчи турли дастгоҳлар, усуллар, зеб-зийнатга ишқибоз бойларнинг эҳтиёжларини қондириш учун ҳосил қилинаётган тилла буюмлар, турли наққошлик зийнатларини ясовчи усталарга иш топиб бериши мумкин, лекин миллионлаб камбағалларнинг ҳаёти оғирлашгани, уларнинг инсонлик қадр-қиммати оёқости қилинаётгани, жамият ахлоқида табиийлик, самимийлик, ўзаро хайрихоҳлик, ҳамдардлик йўқолиб, алдов, мунофиқлик, кибру ҳаво, порахўрлик авж олаётгани ҳақида жамият ва давлат ўйлаши ва меҳнат аҳлига ҳурмат билдириш, ғамхўрлик қилиши зарурлигини айтади. Жан Жак Руссонинг «Ижтимоий келишув”, “Тенгсизликнинг келиб чиқиши” асарларида ёзган, тараққий этган давлатлар ва жамиятларда ижтимоий, синфий тафовутларидан қатъи назар, барча фуқароларнинг инсон сифатида тенглиги, биродарлигини қарор топтириш зарурлиги ҳақидаги ғоялари катта аҳамиятга эга.

Жан Жак Руссо “Эмаль ёҳуд тарбия ҳақида”, “Юлия ёхуд Янги Элоиза” романларида ҳам илм-фанлар ва санъатлардан кўра табиийлик, самимийлик, мискин, муҳтожларга хайриҳоҳлик, дарёдиллик, мардлик, гўзалликни эъзозлаш муҳимроқ эканлигини кўрсатади. Мунофиқликни ёмон кўрувчи, шахс эркинлиги, қадрини ҳимоя қилувчи Байрон “Чайльд Ҳарольд” достонида, Россияда Радишчев, Карамзин, Пушкин, Белинский, Герцен, Достоевский, Лев Толстой ўз асарларида Руссога ва унинг ғояларига қизғин ҳурмат-эҳтиром билдирганлар.

Маҳкам Маҳмуд

———————

[1] Асар 1749 йилда ёзилиб, 1750 йилда Дидро ёрдамида нашр этилган. Мазкур билдириш эса 1763 йилги нашр учун ёзилган.

[2] Бу ерда Руссонинг “Эмил ёхуд тарбия” романи Франсия ва Швейцарияда қораланишига ишора бор. (Тарж.).

[3] Дидро ва д’Аламбер кўзда тутилган.(Тарж.)

[4] Сезастрис – Миср фиръавни.

[5] Камбиз – Эрон шоҳи.

[6] Дельфа ибодатхонаси башоратчиси Суқротнинг буюклигини, келгусидаги шуҳратини эътироф қилган.

[7] Мольернинг “Мизантроп” (“Одам севмас”), Жан Расиннинг “Федра” драмаларини енгилтак аслзодалар кўрмай чиқиб кетганларига ишора.

[8] Бастакор Жан Рамонинг “Зардушт” операси.

[9] Жан Жакнинг устозларни инкор этувчи бу фикри тўғри эмас, чунки унинг ўзи маънавий устозлари – Плутарх, Монтен, Ларошфуко асарларини ўқиб вояга етган – (тарж.)